Erkin A’zam. O’zbek kinosi haqida ikki suhbat.

011
10 август – Таниқли адиб Эркин Аъзам таваллуд топган кун. Чин дилдан қутлаймиз!

   Тўрт йил олдин «Ишонч»да Эркин ака билан суҳбатимиз чоп этилганди. Материални диктафондан қоғозга туширганимда 8 бет бўлди. Ташвишим кўпмиди ё эриндимми, устидан ўқимай, «Тафаккур»га олиб бордим. Икки-уч соат бирга ўтириб, ўқидик. Ака бўямаган бирор абзац қолмади. Бир қути сигарет чекдик, икки чойнак чой ичдик. Ўзимни сўкиб, жиққа терга ботдим.
Тугагач, менга қараб «Қандай бўлди, жиян», деди. Мен «Тавба қилдим», дедим. «Йўқ, дарров тавба қилма, бу бир қора меҳнат-да, бундай ялқов бўлманглар», деди.
Шунда… Эркин Аъзам чиндан ҳам Қаттол Муҳаррир эканига амин бўлдим.
Бу суҳбат, ўша вақтда, ўзбек киносини «Боғий»лар бошқараётган, санъат саноатга айлантирилаётган вақти Аканинг бир исёни бўлиб газета юзини кўрган эди.

097

ЎЗБЕК КИНОСИ ҲАҚИДА ИККИ СУҲБАТ
Таниқли адиб ва кинодраматург Эруин Аъзам билан суҳбатлар

02

ЎЗБЕК КИНОСИ: САНЪАТ ЗЎРМИ,САНОАТ?!.
011
Умид Яъқуб суҳбатлашди.

Тўрт йил олдин «Ишонч»да Эркин ака билан суҳбатимиз чоп этилганди.
Материални диктафондан қоғозга туширганимда 8 бет бўлди. Ташвишим кўпмиди ё эриндимми, устидан ўқимай, «Тафаккур»га олиб бордим. Икки-уч соат бирга ўтириб, ўқидик. Ака бўямаган бирор абзац қолмади. Бир қути сигарет чекдик, икки чойнак чой ичдик. Ўзимни сўкиб, жиққа терга ботдим.
Тугагач, менга қараб «Қандай бўлди, жиян», деди. Мен «Тавба қилдим», дедим. «Йўқ, дарров тавба қилма, бу бир қора меҳнат-да, бундай ялқов бўлманглар», деди.
Шунда… Эркин Аъзам чиндан ҳам Қаттол Муҳаррир эканига амин бўлдим.
Бу суҳбат, ўша вақтда, ўзбек киносини «Боғий»лар бошқараётган, санъат саноатга айлантирилаётган вақти Аканинг бир исёни бўлиб газета юзини кўрган эди.
Кеча «Паризод»нинг АҚШ ва Франциядаги навбатдаги ютуқлари ҳақида ўқиб, шулар эсимга тушди.
Эркин Аъзам ўзбеклар бахтига соғ бўлсин.

* * *

«Кўргим келяпти, ҳа-а! Олдингизга борай, майлими? Шундоқ эшикдан бир қарайману кетаман, хўпми? Нима? Энди нима қиламан? Э, ҳаммасидан бездим! Шу шаҳрингиздан ҳам! Мана, мендан ҳам ҳамма безор-ку! Бошимни олиб кетсамми деб қолдим. Қишлоққа. Аммамникига. Биргина ўша кампир тушунади мени! Бошқа ҳеч кимга керак эмас эканман! Билдим – ҳе-е-ч кимга! Бўпти, қайтиб сизга телефон қилмаганим бўлсин! Ҳа-а, Забаржад сўзим!».
Эсингизга тушди-я? Ёмғир. «Йиғлаётган» телефон будкаси. Ва унда ўз эркини, изтиробини, умуман, Бору Йўғини ягона Дўстига улашаётган қиз…
Гапнинг ўғилболаси: бугун томошабин эс-хаёлини чирмовуқдай қоплаган хом-хатала фильмлар орасида бу қадар теран, самимий изтиробни учратиш амримаҳол. Боиси, асар самимий чиқиши учун дард тийран бўлиши керак! Йўқса, у ҳар қанча ялтироқ либосга ўраб-чирмалмасин, барибир, сунъийлигича қолади.
Таниқли ёзувчи ва кинодраматург Эркин АЪЗАМнинг қаҳрамонлари – чинакам ўзбек: бор дунёси – ўзбекона!
«Чантриморэ», «Дилхирож», «Эркак», «Забаржад», «Сув ёқалаб» сингари фильмларнинг, эҳтимол, юрагимизга жиз этиб текканининг боиси ҳам шудир.
Кинодраматург билан суҳбатимиз-да айнан ўзбек киносининг бугуни ва эртасига бағишланди.

* * *

– Кино – санъатга тегишли тушунчами ё саноатга?.. Агар у санъатга тегишли бўлса, саноатдан бир қарич баланд турмоғи лозимми ёки, аксинча, саноатга дахлдор эса… санъатни тинч қўйиши керакми?..

– Санъат тушунчаси бўлмаса, кино деган гап ҳам бўлмас эди. Аввалида у, албатта, санъат тарзида, борлиқ, одам(лар) ва ҳодисаларнинг ҳаракатдаги тасвири сифатида, ҳаваскорлик иши бўлиб дунёга келган. Қизиқ-қизиқ воқеаларни тасвирга олиб, одамларнинг ўзига кўрсатиш дастлаб мўъжиза сифатида баҳоланган-да. Кейинчалик ушбу санъат турини ривожлантириш воситаси сифатида кино саноати юзага келган. Саноат – ишлаб чиқариш дегани. Шунинг учун ҳам дастлабки киностудиялар «кино фабрикаси» деб номланган, яъники – корхона! Фабрика эса, маълумки, бир хил маҳсулот ишлаб чиқаради. Санъат – ноёб ҳодиса экани назарда тутилса, бир хил маҳсулотга айлангач, у оммалашади, оммалашган нарсанинг эса… ноёблиги қолмайди.
Санъатми ё саноат? Гарчи бу икки тушунча шаклан оҳангдош бўлса-да, шубҳасиз, санъат бирламчидир. Чунки санъат бўлмаса, саноат юзага келмас эди. Фақат кинодагина эмас, ҳар қандай саноат маҳсулотининг яратилишида, асл негизида биринчи навбатда… санъат, кашфиёт, ижод – демакки, тасаввур ва тафаккур ётади. Кейин эса ўша ижод намунаси ёппасига ишлаб чиқарила бошлайди. Боиси маълум: саноат ишлаб чиқаришсиз ўз маъносини йўқотади. Шаблонга кўчиш эса санъатнинг камёб ҳодиса сифатидаги кўркига путур етказади. Қолаверса, ишлаб чиқарилган маҳсулотни албатта бозорга олиб чиқиш керак. Бинобарин, бу ўринда барчаси талаб ва таклиф қонуниятига бўйсунади. Аммо санъат, барибир, эстетик ҳодиса. У, аввало, дид ҳароратини тақозо этади. Тасаввур қилинг: гулни мошинада ўриб, тахлаб, бозорга олиб чиқилса, у гўзаллик намунасидан кўра, оддий бир маҳсулот кўринишига киради. У ёғи эса маълум…
Кинонинг тижоратга айланиш ҳодисаси даставвал Ҳолливуд ва Болливудга ўхшаган йирик кино саноати марказларида авжига чиққан бўлса, мана, бугун «Ўзбеквуд»га ҳам етиб келди. Бизда ҳам шу кунда кўп маҳсулот чиқяпти. Албатта, уларнинг барчасини ҳам профессионал кино деб бўлмайди. Чинакам кино плёнкада суратга олинади. Плёнкада олинган фильмни асрлар мобайнида сақлаш мумкин: бузилмасдан тураверади. Масалан, «Дилхирож» фильмимизни Япония кино музейи сотиб олган. Кунчиқар юртга борганимизда «бу энди қанча вақт сақланади?» деб сўрасак, «икки юз йил» деб жавоб беришди. Шунда «яхши, икки юз йилдан кейин келиб хабар оламиз» деб ҳазиллашувдик, улар плёнкани абадий сақлаш имконини берадиган технология яратишни ваъда қилишди.
Гарчи бугун фильмни рақамли видеокамера воситасида суратга олиш арзон ва ўнғайроқ саналса-да, бунда техник сифат масаласида чатоқлик бор. Эстетик сифатни-ку аллақачон ерга уриб бўлдик. Бугун тузук-қуруқ китоб ўқимаган, ҳатто диктантни ҳам бехато ёзолмайдиган, лекин кино олишга ва роль ўйнаб «юлдуз» бўлишга ишқибоз бир тўда йигит-қиз зўр ғайрат билан «эъжод» қилмоқда. Нимаям дердингиз: демократия! Таассуфки, бундай «эъжод» намуналарини одамлар ҳам гуррас-гуррас ёпирилиб келиб кўрмоқда.
Албатта, санъат саноатдан бир қарич эмас, осмон қадар баланд турмоғи лозим. Чунки санъат қалб ҳароратидан яралади, саноат эса – машиналашув демак. Энди, хомтама бўлманг, бозор шароитида саноат санъатни барибир тинч қўймайди. Чунки унинг асосий «емиш»и санъат…
Энг қизиғи, бугун шу тур саноат маҳсулотини ишлаб чиқараётган ўша, киночиларнинг ўзи истеҳзо аралаш «хонтахта» деб атайдиган фильмлар «эъжодкор»лари ростакам санъаткорликка даъво ҳам қилаётгани йўқ-да! Санъат саройида сурункали намойиш қилинаётган шундай фильмларни олган «кепкали»лардан бирортасини чақириб, «санъат асарими бу?» деб сўрасангиз, «ака, бизнинг санъат-панъат билан ишимиз йўқ, сиз айтаётган кинолар фестивалга ярашади, ундан одамлар зерикяпти, бизникини эса, мана, маза қилиб кўришяпти» дейди. Шу ўринда қирғиз эпосидаги ғалати бир ҳолат эсимга тушиб кетди: Манасни лашкаридаги кўпчилик танимас экан. Энди, аскар кўп бўлганидан кейин саркардасидан узоқлашиб кетган-да. Шундайин, ёмон қовуннинг уруғидай болалаб кетган бу фильмларнинг «эъжодкор»лари ҳам дастлаб ишни санъат деб бошлаган бўлса-да, бугун САНЪАТдан а-ан-ча нари кетиб қолишган…

– Бир пайтнинг ўзида ҳам эътироф, ҳам инкор этувчи ҳодисалар сирасига кирадиган санъат асарини Альбер Камю воқелик ва хаёлот кесишган нуқтада кўради.
Аммо бугунги аксарият ўзбек фильмлари қуруқ сюжетдан нари ўтолмаётгандек, назаримизда. Ахир, рамз билан фикр айтиш, тасаввурнинг кишибилмас сарҳадларига кириб бориш… кинога ҳам дахлдор бўлса керак, нима дейсиз?

– Жавобни ҳам ўзингиз айтиб турганингиздан кейин мен нима дейин? Рамз ва тасаввур дунёси, албатта, кинога ҳам дахлдор. Лекин бугун қуруқ воқеанавислик, баёнчилик иллати адабиётдан кинога ҳам кўчган. Мана, «бозор адабиёти», «бозорбоп кино» деган тушунчалар пайдо бўлди. Ўзбек томошабинининг ана шундай «ялтироқ», «хонтахта», умуман, хом-хатала фильмларга берилиб… жиддий, ўйлатадиган, бадиий мукаммал киноларга тиши ўтмай қолаётгани мени ташвишлантиради. Бугун халқаро эътирофларга сазовор бўлган санъат асарларидан, дейлик, рус ижодкорлари яратган «Возвращение», «Изгнание», «Остров», «Двенадцать» сингари фильмлар роса реклама қилиниб, кейин намойиш этилса, ўн-ўн беш дақиқадан сўнг залда йигирмалар томошабин қолса кераг-ов. Сўрасангиз, кўпчилиги ё ёзувчи-шоир, ёки журналистми санъатшуносми, қисқаси, зиёлилар вакили бўлиб чиқади. Ана шу аҳволга тушиб қолдик: тилло билан миснинг фарқига боролмаяпмиз. Лекин ўша мисни тақдим этаётганлар унга шундай ишлов берадики, билмаган одамнинг кўзига у тиллога ўхшаб кўринади. Анови фильмлардаги манзаралар, декорациялар, мусиқалар, сулув қизлар, хушбичим йигитчалар… ҳамма-ҳаммаси чиройли-да. Албатта, тасвир бирор-бир бойваччанинг дабдабали хонадонида олинади. Ва албатта, «иномарка» миниб юрган ёш-яланг ҳақидаги, оврупоча ҳашаматли офисларда кечадиган воқеа-ҳодисалар мураккаб ва шафқатсиз ҳаётнинг турли қийинчиликларидан безган оммага жозибали туюлади. «Қоғоз барчасига бардошли» деган гап бор эди, буёғига камера ҳам ҳаммасини олавераркан-да, а.
Худди ҳинд томошабинлари сингари бугунги ўзбек киномухлислари ҳам «бош оғритмайдиган» фильмларга ўч бўлиб боришаётир. Нима эмиш, кинога дам олиш учун келишармиш. Дам олгинг келса, ана, циркка, зоопаркка ё концертга бор, дейдиган мард йўқ. Нима, Навоий ёки Достоевский асарларини дам олиш мақсадидагина ўқиймизми? Инсоният бундай даҳоларсиз яшолмайди-ку!
Ўқигандирсиз, Чеховнинг «Степь» («Дашт») деган ҳикояси бор, тахминан юз бетлар-ов. Унда деярли бирор-бир тайинли воқеа содир бўлмайди. Онаси болани тоғасига қўшиб, олис бир шаҳардаги дугонасининг уйига жўнатади. Асар фақат тасвирдан иборат: дашт, ташландиқ қишлоғу, турли йўловчилар… Аммо мен ҳануз шу ҳикояни маза қилиб мутолаа қиламан. Асл санъат асари юракка таъсир кўрсатади, чунки у қалб ҳароратидан яралади-да.

– «Одамнинг маънавий эҳтиёжига дахл қилиш эвазига келган ютуқни санъатнинг муваффақияти деб бўлмайди», дейди Пьер Лагерквест. Негадир сўнгги йилларда юртдошларимиз орасида фикрлашдан қочиш ҳолати кўзга ташланмоқда. Эҳтимол, бугун ёмғирдан кейинги қўзиқориндай потирлаб чиқаётган «бир марталик» (одноразовый) фильмларнинг беармон урчишига шу ҳолат ҳам сабаб бўлаётгандир?

– Ўша Пьер Лагерквест жуда тўғри гапни айтган экан. Ҳақиқатан ҳам, бу ҳолат санъатнинг эмас, саноатнинг ютуғи бўлиб чиқаётир. Бугун бутун дунёда шу икки қутбнинг кураши кўзга ташланмоқда.
Тараққиёт одамзотни фикран танбаллаштириб қўйдими дейман. Бугун баъзилар пул чиқмайдиган нарса ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмайди. Кино кўргани, уни кўриб изтиробга тушгани (агар юракни «ишлатиш»га рози бўлса, албатта) учун унга биров бир тийин ҳам бермайди-да.
Чинакам санъат асари ҳамиша янги бўлади. Янги қараш, янги услуб, янги нафас… бўлмаган асар санъатга дахлдор эмас. Мухлис бундай янгиликни дафъатан ҳазм қила олмайди. Оммабоп асарлар эса ҳаммабоп бўлади. Бугун «бозор матбуоти»да роса харидоргир бўлаётган беллетристика сингари «ялла» фильмлар ҳам қуруқ воқеанависликка асосланаётир. Уларда на қаҳрамон ички дунёсининг теран таҳлили, на рамзлар воситасида фикр айтиш, умуман, тасаввур ва тафаккурдан дарак ҳам йўқ. Лекин томошабинга ҳам, айтайлик, «Йўл бўлсин» ё «Чашма»даги бирор бир рамзнинг мағзини чақишдан кўра, жўн бир воқеа қизиқроқ-да. Шу йигит шу қизга уйланадими ё яна битта янгисини топадими, ёки қиз уни бутунлай ташлаб кетадими – мана, аксарият томошабинни бугун нима қизиқтиради! Биз томонларда «Шу аммамга шу язнам» деган бир гап бор. Шундайин, дидсиз томошабинга ҳам хом-хатала кино-да!..
Мана, ўзингиз бундай киноларни «бир марталик» деяпсиз? Одноразовый! Демак, би-и-р марталик экан-да. Бир кўринади-ю, даф бўлади: хайр, алвидо! Лекин шундай «бир марталик»ка ўрганиб қолган томошабин-чи? Унинг диди-чи? Савияси-чи? Шу ёғини ҳам ўйламоқ керак-да.

– Модомики, ижтимоий воқеликка мурожаат қилиш публицистикага дахлдор экан, бугун бирор-бир ҳукмрон мафкуравий метод бўлмаса ҳам аксарият бадиий асар ёки кинофильм сифатида тақдим этилаётган «эъжод» намуналарида ҳануз соф санъаткорона нигоҳ ўрнига публицист қарашлари кўзга ташланмоқда. Ахир, САНЪАТ муайян бир доирадаги одамларга эмас, бутун башариятга тегишли ҳодиса-ку?..

– Тўғри, бизда адабиёт билан журналистика қоришиброқ кетган. Даврни, замон одамларини акс эттириш керак деган талабни ҳам адабиётга, ҳам журналистикага баравар қўяверамиз. Агар бадиий асар кўчадаги манзарага мос келмаса, дарров аюҳаннос солинади: туҳмат, воқелигимизга мос келмайди!
Аммо адабиёт, умуман санъат аввало тасаввур меваси эканини унутиб қўямиз. Асосий қуроли образ бўлган санъат ҳаётнинг айнан нусхаси эмас, балки бадиий инъикосидир. Албатта, тасвирланаётган воқелик маълум бир замон ва маконга асосланади. Бироқ ҳужжатли фильмга тортадиган бу юкни кинофильмга юклаш, очерк ёки фельетонда ҳам ифодаласа бўладиган ҳодиса учун бадиий адабиётни «овора қилиш» шарт эмас-ку! Соф санъаткорона нигоҳ марказида ҳамиша Инсон (унинг кўнгил дунёси, кечинмалари, қайғу ва қувончлари) туради. Уни маълум бир ғоявий йўналишга буриш йўлидаги ҳуда-беҳуда уринишлар эса кечаги кунларнинг оқавасидир.
Кино – санъатнинг энг оммабоп ва ҳозиржавоб соҳаларидан. Шундай экан, унинг воситасида инсоний туйғуларни тарбиялаш самаралироқдир. Ҳукуматимиз, биринчи навбатда, ўзбек кино санъатини ривожлантириш ҳақида фармон чиқарган, кино саноатини эмас! Бундай ғамхўрликка муносиб бўла олмасак нонкўрлик қилган бўламиз.
Яна бир муҳим жиҳат: санъат гарчи умуминсоний ҳодиса бўлса-да, у ҳар доим ҳам миллий ва диний… қобиқларга сиғавермаса-да, барибир, санъаткорнинг муайян миллатга мансублигини унутишга ҳаққи йўқ. Эсдан чиқарманг: биз, аввало, ўзбекмиз! Бу – қисмат! Дунёга ўзбек-ёзувчи, ўзбек-актёр, ўзбек-ҳофиз… сифатидагина чиқа оламиз, холос. Бу – қобиқ эмас, балки ўз қуршовимиз, теграмиз, доирамиз… сарҳадидаги эркин бир кенгликдир.

– Забаржадингиз – жуда мураккаб образ: эрк ва догма ўртасидаги саргардон аёл. Гарчанд айрим қилмишлари (масалан, беникоҳ бола орттириши) тасаввурдаги Шарқ аёлига хос бўлмаса-да, негадир, томошабин уни ҳеч ҳам ёмон кўра олмайди, ёзғирмайди. Умуман, мен «Эркак», «Жаннат қайдадир», «Забаржад» фильмларида бугунги ўзбек аёли танла(ёт)ган ўрин борасида жуда чуқур, беҳаловат бир хавотирни кўргандай бўламан…

– Асарга маълум бир ахлоқий мезонлар, ўша сиз айтган догмалар асосидагина эмас, балки мураккаб ҳаёт ҳақиқати, бадиий эстетик идея нуқтаи назаридан ҳам қараш керак.
Забаржаднинг тақдирини назарда тутиб, атрофга боқинг: у ягона ҳодисами? Теварагимизда минглаб Забаржад! Адабий Забаржад эса уларнинг айнан нусхаси эмас, балки «ишлов берилган» бир кўринишидир. У догмалар доирасида қолмай, кўнглига қараб яшайди. Забаржаднинг мен учун энг қадрли жиҳати – у ҳеч қачон кўнглига қарши бормайди. Бугун унча-мунчага хиёнат қилиш ҳам гўёки бир таомилга айланиб қолаётгандек. Кўнгил дегани билан-ку биров ҳисоблашмай қўйди. Забаржад эса яккаш кўнгли буюрганини қилади. Унинг жонлилиги, жозибаси ҳам шунда. Забаржад отасининг ўлимида ҳамиша ўзини айбдор санайди. Асарнинг дастлабки номи «Мулк» эди. Эсингизда бўлса, Забаржаднинг бир гапи бор: «мулк сотилмайди»! Кўнгил мулкини савдога қўйиб бўлмайди! У одатдаги турмуш тарзини танласа ҳам бўларди. Аммо умр бўйи отасини эслатадиган одамни излаб яшайди. Ундан фарзанд кўриб –идеалидаги одамни ҳаётга қайтариб, шу йўл билан гўё «айб»ини ювмоқчи бўлади. Бунда айрим мутахассислар Зигмунд Фрейд назариясини ҳам эслашди. Тўғриси, мен Фрейдни ўқиб шундай асар ёзаман деганим йўқ. Қолаверса, Забаржаднинг отасига бўлган меҳри тамоман бошқача. Уни фақат айбдорлик ҳисси қийнайди. Гарчи баъзи қилиқлари кўча қизларига ўхшаб кетса-да, у отасини эслатадиган ўша одамга ҳеч бир таъмасиз кўнгил қўяди. «Сизни ҳар-ҳар замон узоқдан бир кўриб турсам бас» дейди…

– Шу ўринда қизиқ бир жиҳатни сўрасам: фильмда нега Забаржад севган одамнинг юзи кўрсатилмайди?

– Бадиий кенгашда ҳам шу масала кўтарилган. Мен айтганманки, ахир у – Забаржаднинг идеали! Агар унинг юзини кўрсатсак, ўша идеалга путур етади. Қиз шу ҚИЁФА йўлида ҳаммасидан воз кечяпти-да. Лекин эвазига у ҳеч нарса сўрамайди, гап шунда.
Яна бир талқиним: биз эркаклар бундай мардона аёллардан уялишимиз керак. Шунинг учун ҳам «дўст»и уялди, юзини биздан яширди; мен ҳам Забаржаддан уяламан.
Бир вақтлар таниш қиз-жувонлар менга «Нима, аёлларни шу даражада ёмон кўрасизмики, ёзганларингизда ҳамиша уларнинг нобопроқ жиҳатларини тасвирлайсиз?» дея таъна қилишарди. «Отойининг туғилган йили»ни ўқиб шундай фикрга боришган бўлса керак-да. Бугун ўйлаб кўрсам, мен шунчаки бир соддалик билан аёллардан идеал қидирган эканман, холос. Аёлларнинг ёмони учун ҳам аслида биз эркаклар айбдор эканмиз. Яна бир гапни айтсам, кулмайсиз: менинг дунёдаги энг бахтиёр аёлга ҳам, негадир, раҳмим келади. Бу туйғу ҳам аёл зотидан юққанига шубҳам йўқ…

– Охирги савол: ўзбек киносининг яқин келажагини қандай тасаввур қиласиз?..

– Башоратчилик қўлимдан келмайди. Лекин, шуниси аниқки, таомнинг таъми қозонга тушган масаллиққа боқлиқ. Кино атрофида юрган одамлар қандай бўлса, кино ҳам шундайдир. Бир рус кинорежиссёри «какой народ – такое кино» деган экан.
Кино, бошда ҳам айтдик, санъатлар орасида энг ҳозиржавоби, оммабопидир. Биз кино воситасида кўп нарсага эришсак бўлади. Бунинг учун икки томон ҳам… томошабин диди ва кино асарлар асл санъат нафасини ҳамиша димоғида туйиб туриши лозим.
Дейлик, бирор яхши фильм кўрсак, уни қайси миллат вакили ишлаганига ҳам қараймиз, албатта. Кино миллат руҳини ифодалайди. Бугун эса на ўзбек киночилари ва на томошабинлари раҳматга муносиб. Афсуски, манзара шундай.
Назаримда, ўзбек киноси раҳбарияти чинакам санъат йўлида эмас, балки бошқа мақсадлар билан яшаётгандек. Бугунги мавжуд аҳвол шу хулосага олиб келмоқда. Ахир, улар асл санъат тарафдори бўлса, бундай енгил-елпи, хом-хатала фильмларга йўл бермас эди. Шунинг учун, бугун кинонинг бошида турган раҳбарларга Худодан инсоф, биз томошабинларга эса сабр тилаб суҳбатни якунласак.

2009 йил май.

02

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТИДАН ҚОЧМАЙЛИК.
011
Дилдора Тоирова суҳбатлашди

Эркин Аъзам: Бугунги кунда ноширлардан аҳвол сўрасангиз, қоғознинг танқислигидан шикоят қилади, киночилар — яхши сценарий, театрда эса яхши пьесанинг йўқлигидан нолиб гапирадилар. Лекин шунга қарамай, китоб ва газета нашрлари ёки кино ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани йўқ. Аммо, ҳар қандай маҳсулотнинг сифати унинг хомашёсига бевосита боғлиқ бўлади. Киноасарнинг дунёга келишидаги илк асос унинг адабий негизи – сценарий ҳисобланади. «Опамнинг овқатини ширин қилган — поччамнинг масаллиғи» деган гап бор. Лекин, яхши ёзилган, адабий жиҳатдан пухта сценарийдан — ўртамиёна кино, бундайроқ сценарийдан эса (албатта, режиссёр истеъдодли бўлса) яхшигина киноасар дунёга келиши ҳам мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, яхши киноасарнинг дунёга келишида сценарий муаллифи билан режиссёрнинг ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим. Агар улар ҳамкорликда ишламаса, режиссёр муаллифнинг фикрларига беписанд қараса, унда яхши натижа кутиш қийин. Бундай ҳол менинг ҳам бошимдан кечган. 90-йилларда «Пиёда» деган ҳикоям асосида бир фильм суратга олинди. Сценарийни Юсуф Розиқов билан ҳамкорликда ёздик. Бироқ фильмда ҳикоянинг асосий мақсади яхши очиб берилмади. Фильм менга ёқмагани учун титрдан фамилиямни олдириб ташладим. Яна бир бор амин бўлдимки, муаллиф билан режиссёр ҳамфикр бўлмас экан, аҳвол шунга олиб боради. Тўғри, сценарийдаги баъзи ўринларни техник жиҳатдан суратга олиш қийин кечар. Бундай ҳолларда режиссёр муаллифга бир оғиз бўлса ҳам айтиши лозим.

Қаҳрамонлар характерини очиб беришда, сценарийнинг бадиий жиҳатдан мукаммал бўлишида сценарий муаллифи ҳал қилувчи томон ҳисобланади. Сценарийдаги реплика, диалоглар Бадиий ҳайъат томонидан тасдиқлангандан сўнг унга ҳадеб ўзгартириш киритмаган маъқул. Лекин, сўнгги йилларда режиссёрлик фильмлари олдинги ўринга чиқиб кетди. Бундай киноларни кўпинча «бир-бирига ўхшаш дугоналар» деб атагингиз келади. Чунки, режиссёрлар енгил-елпи ёзилган сценарийлар асосида фильм олишни урф қилишди. Хусусий студиялар кўпайиб кетганини айтинг! Афсуски, улардан чиқаётган аксарият маҳсулотлар ҳинд фильмлари андозаларига мослаб ишланмоқда…

С.М: Эркин Аъзам шу фикрларни айта туриб , ўйланиб қолди ва мендан «Ўзингиз тез-тез кино кўриб турасизми?» деб сўради.

Мен иложи борича кўришга ҳаракат қилишимни айтдим. Суҳбатдошимнинг чеҳраси янада жиддийлашди: кинодраматургияда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, юрагида анчагина дард борлигини сезиш қийин эмас эди.

Эркин Аъзам: «Дугоналар» мақомидаги фильмлар кинопрокатни босиб кетган. Режиссёрлар шундай фильмларни суратга олишни яхши кўришар экан. Гоҳо қўлларига тайёр сценарийни берсангиз, ундан фақат қаҳрамонларнинг исм ва фамилияси қолади, холос. Асарнинг мавзуси ҳам бутунлай ўзгариб кетади. Режиссёр ўз хаёлидан кечган ва ўзи билган воқеа-ҳодисаларни «бўтқа» қилиб томошабинга етказишга уринади. Айб фақат ўзбошимча режиссёрларда эмас, балки ўз сўзига меҳри йўқ муаллифларда ҳам. «Кино бўлса — бўлди», деб юрадиган муаллифлар ҳам кўпайиб кетган. Натижада эса «мўрт кинодраматургия» бозори вужудга келди. Севишган икки қаҳрамон тақдири ва гўзал қилиб олинган манзаралар , таниқли «юлдуз»лар ижросидаги қўшиқлар… Бундай фильмларни яна «хонтахта» деб аташ ҳам расм бўлган. Тўғри, зўр видеокамера ва бошқа замонавий техника воситалари ёрдамида суратга олинган бундай фильмлардан оддий томошабин «маза» қилиши мумкиндир. Аммо, кино кўригидан кейин у ҳақидаги таассуротини сўрасангиз, фақат ўша бош ролдаги «юлдуз»нинг исмию ижро этилган қўшиқларни айта олади, холос.

С.М: Дарҳақиқат, кинохазинамиздан жой олган, кекса ва ўртаяшар томошабинлар қалбига муҳрланиб қолган «Ўткан кунлар», «Маҳаллада дув-дув гап», «Ёр-ёр», «Мафтунингман», «Тоҳир ва Зуҳра» сингари фильмларга ўхшаш санъат асарлари яратиш вақти келмадимикин? Наҳотки, яхши сценарийнавис ва муаллифнинг фикрини тўла-тўкис англаб, пухтароқ талқин эта оладиган режиссёрларимиз кам? Сўнгги пайтларда, ёзувчимиз таъкидлагандек, экранларимиз асосан тижорат фильмлари билан банд бўлмоқда…

Э.А. Мен профессионал кино тарафдориман. Бундай фильмларга катта маблағ талаб этилгани учун давлат буюртмаси асосида суратга олинади. Бунда тасвир кинотасмага туширилади. Тасмада суратга олинган фильмлар жонли , умрбоқийроқдир. Албатта, буларни ҳам бир мезон билан ўлчаб бўлмайди.

Кечагина Марказий Осиё киночиларининг форуми бўлиб ўтди. Бундай анжуманлар кино санъатининг юксалиши , ривожланишига катта ҳисса қўшади. Мен ана шу форум доирасидаги миллий фильмлар танлови хайъатига раис эдим. Биз турли студияларда суратга туширилган 17 та картинани томоша қилдик. Хусусий киностудиялар асосан тижорат фильмлари билан қатнашди. Албатта, бундай фильмларнинг «бозори чаққон» бўлади. Чунки, улар кўпинча томошабиннинг дам олишига «хизмат қилади». Бу ҳам керак, албатта. Лекин санъат деган гап ҳам бор-да…

Янгича руҳ , янги фикр, янги характерларни тижорат фильмларида деярли учратмайсиз. Уларнинг ҳаммаси бир хил, кўнгилни аллалайдиган, «ширин сақич»га ўхшаш…

Жиддий, инсонга маънавий озиқ берадиган, кишини ўйга толдирадиган, чинакам тарбиявий аҳамиятга эга фильмларимиз, афсуски, кам. Кинофорумларда, албатта, сценарийси мукаммал, ҳаётнинг ҳаққоний тасвирлари акс этган, истеъдодли актёрлар иштирок қилган фильмлар тақдирланади. Лўнда қилиб айтганда, жиддий фильмлар барибир ғолиб бўлиб қолаверади.

С.М.: Эркин Аъзам сўнгги йилларда ҳамкор кинодраматург сифатида баракали ижод қилди. ««Чантриморэ», «Пиёда», ««Эркак», «Дилхирож», «Забаржад», «Жаннат қайдадир» ва келаси йил бошида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинадиган «Сув ёқалаб» фильмлари шулар жумласидандир.

Суҳбатимиз сўнгида Эркин акадан кино санъатимиз, шу жумладан, ўзи муаллиф сифатида қатнашган фильмлар ҳақида ҳам сўзлаб ўтишини сўрадик.

Эркин Аъзам: Ўзимга тегишли фильмлар ҳақида гапириш ноқулайроқ. Майли, «Дилхирож» фильми ҳақида бир-икки оғиз. Бу фильмнинг нусхаси Япониянинг Фукуоко шаҳридаги киномузейда сақланади. Фильм Халқаро кинофестивалда намойиш этилганда уларга маъқул келган экан. Уни ҳақиқий миллий фильм сифатида эътироф этишди. Бу таъриф ўзбек кино санъатига берилган юксак баҳодир. Улардан, ҳазиллашиб, «Кинонинг нусхаси кейинги кинофестивалгача сақланадими?» деб сўраганимизда, жиддий оҳангда: «Фильмингизни киномузейимизда 200 йилгача худди шундай сақлаймиз», дея жавоб беришди…

Биласизми, мени қийнаётган нарса нима? Сўнгги вақтларда «хонтахта», «тижорат», «ялтироқ» фильмларга ружу қўйиляпти. Мен пул, манфаат аралашган санъатни санъат дея олмайман. Санъат — тоза нарса, покиза нарса, пул, ғараз аралашдими, унга путур етади. Баъзилар кинодан кино ясаяпти. Бировларнинг дарди гўё «қарз»га олиняпти. Чинакам бадиий асар дарддан туғилади, вассалом.

Мен сценарийнавислар орасида Шароф Бошбековни чин истеъдод эгаси деб биламан, унинг ижодини ҳурмат қиламан. Яна Ёлқин Тўйчиев, Абдуқаюм Йўлдошев, Ғафур Шермуҳаммадларни ҳам умидли киноижодкорлар деб айтиш мумкин. Уларнинг қалами яхши, кино тилини яхши ҳис қилишади.

Театр драматургияси кинодраматургиядан бирмунча фарқ қилади. Кинода бирон асар суратга олаётганда баъзи жойлари «ташлаб кетилади». Масалан, «Ўткан кунлар» фильмини эсланг. Чунги кинодраматургия — мустақил соҳа. Жўшқин ҳаёт акс этган, ўзбекнинг ўйларини, қалб дардини, интилишларини ҳаққоний акс эттирган фильмларнигина қўллаб- қувватлашимиз керак.

Юсуф Розиқов, Жаҳонгир Қосимов, Зулфиқор Мусоқов, Баҳодир Одилов каби режиссёрларнинг фильмлари теран фикрлар билан йўғрилганини тан олиш даркор.

«Ялтироқ», «хонтахта», «тижорат» фильмларнинг ижодкорлари ҳам, томошабинлари ҳам бир кун келиб чарчайди, зерикади. Мен ана шу кунни кутяпман…

С.М.Суҳбатингиз учун раҳмат!

(Tashriflar: umumiy 149, bugungi 1)

Izoh qoldiring