Ernest Xeminguey. Maestro bilan muloqot & Chol va dengiz. Qissa.

089
Саҳифа Нобель мукофоти соҳиби, таниқли адиб Эрнест Хемингуэй таваллуд топган куннинг 115 йиллигига бағишланади

Эрнст Хемингуэй (инг. Ernest Miller Hemingway; 1899 — 1961) — Америкалик ёзувчи. Нобел мукофоти лауреати (1954). Бугун сизга Эрнест Хемингуэйнинг “Маэстро билан мулоқот” эссесини  ва  «Чол ва денгиз» қиссаси тақдим этмоқдамиз. Жаҳон адабиёти хазинаси бўлса, Эрнст Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссаси ана шу хазинадаги энг ноёб дурдоналардан биридир.

021
ЭРНЕСТ ХЕМИНГУЭЙ ВА МАЭСТРО
ёхуд башарий касбларнинг энг мушкули борасида суҳбатлар
Рус тилидан Илҳом Ҳафизов таржимаси
08

Миннеаполис университети журналистика факултети битирувчиси, йигирма икки ёшли Арнолд Самуэлсон машҳур адиб Хемингуэй билан учрашиш истагига тушади. У олис Мичиган штатидан йўлга чиқиб, Флоридагача бўлган салкам икки минг чақиримли масофани гоҳ пиёда, гоҳ тўғри келган уловларда босиб ўтади.

Йигитча орзусидаги машҳур адибга рўпара бўларкан, тили сўзга келмай бир зум довдирайди. Кейин:
— Мистер Хемингуэй, менга ёзувчиликни ўргатсангиз, — дейди дабдурустдан.
— Бўпти, ўргатамиз, — дейди адиб мийиғида кулиб.

Сўнгра омади келганига ишонқирамай турган йигитчани ўзининг машҳур “Пилар” яхтасига соқчи қилиб олиб, кунига бир доллардан мояна тайинлайди.

Шундан сўнг Арнолд Самуэлсон роса бир йил давомида Хемингуэй билан бирга бўлади. У билан дамба-дам балиқ овига чиқиб кетиб, очиқ денгизда бир неча кунлаб суҳбатидан баҳраманд бўлади. Бўш вақтларида скрипкада куйлар чалиб бериб, Маэстро лақабини орттиради. Ва ҳар гал денгиз сафаридан қайтаркан, уйчасига қамалиб олиб, устозидан эшитганларини батафсил қоғозга тушириб боради. Айни чоқда ўзининг қисса ва ҳикояларини газета, журналларга тўхтовсиз юбориб турар, ёзганлари ҳадеганда ёруғлик кўрмаётган бўлса-да, ниятидан қайтмасди.

Ниҳоят, “Мотор-боатинг” номли овчилар журнали унинг илк ҳикоясини босади. Ҳикоя Хемингуэйга маъқул бўлади.
— Ана энди сен ҳам ёзувчи бўлдинг, Маэстро! — дейди у тиришқоқ шогирдини елкасига қоқиб.
Орадан йиллар ўтиб, “Дарбадарлар Мексикаси” романини чиқаришга муваффақ бўлган Арнолдни яна биринчи бўлиб Хемингуэй қутлайди: “Сиз билан фахрланаман, Маэстро!” дея телеграмма йўллайди.
“Эрнест Хемингуэй билан ёнма-ён” номли навбатдаги йирик асари босмадан чиққанида эса Маэстро, яъни Арнолд Самуэлсоннинг ўзи ҳам, устози ҳам дунёдан ўтган эди…

Қуйида Эрнест Хемингуэйнинг “Маэстро билан мулоқот” асари жузъий қисқартишлар билан босиляпти. Муаллиф шогирди Арнолд Самуэлсонга маслаҳатлар тарзида яратган мазкур асарини биринчи марта “Эсквайр” журналининг 1935 йил октябр сонида эълон қилган эди…


07
Эрнест Хемингуэй

МАЭСТРО БИЛАН МУЛОҚОТ
08

— Унутманг, Маэстро, бир ўтиришда ҳаддан кўп ёзиб юбормаслик ёзувчиликнинг устувор қоидасидир. Кўнглингизда йиғилиб қолган гапларни бирваракайига тўкиб солманг. Ҳатто қиссангизнинг энг қизиқ жойига келиб қолсангиз-у, давомида нима бўлишини билиб, кўриб турган бўлсангиз ҳам, ёзишдан тийила олинг. Қоғоз, қаламни четга суриб қўйиб, ўзингизга дам беринг. Кечаси мириқиб ухлаб, эртасига ўзингизни тиниққан ҳис этсангиз, столга ўтиринг. Бироқ ишни кеча тўхтаб қолган жойидан эмас, қайта бошидан кўчириш билан бошланг. Ҳар куни шундай қилинг. Асарингиз ҳажми каттариб қолгач эса, унинг охирги икки фаслини диққат билан ўқиб чиқиб, асар руҳига киргач, уларни ҳафсала билан қайта оққа кўчиринг. Ҳафтада кам деганда бир марта қўлёзмангизнинг муқаддимасига қайтинг. Ҳаммасини бир бошидан ёзиб чиқинг. Ана шундагина сизда яхлит асар пайдо бўлади. Қисса битгач, матндан олиб ташланиши керак бўлган жумлаларни, сўзларни қидириб топинг. Энг асосийси айнан нималарнинг кераксиз эканлигини англаб етишда.
Ҳа, ёзувчилик дегани кўтара оғир меҳнат. Бироқ, руҳингизни туширманг. Оғирликка оғир, лекин илож қанча. Мен, масалан, “Алвидо, қурол!”нинг биринчи қисмини сал кам эллик марта қайта кўчирганман. Бунинг учун қанча сабр-тоқат кераклигини тасаввур қилаверинг…
Яна муҳим бир гап, ҳеч қачон ўзингиз яхши билмаган мавзуга қўл урманг. Мутлақо хаёлотни назм кўтаради, наср эмас. Насрда тасвирлаётган жойингиз, одамларингизни яхши билмасангиз, фош бўлишингиз муқаррар.

* * *

— Айтайлик, қиссангизнинг бир қисмини ёзиб тугатдингиз. Эртага нималар қоғозга тушишини биласиз. Лекин, эртадан кейин нималарни ёзишингиз сиз учун қоронғу… Бундан чўчиманг. Индин ёзилажак нарсалар эртанги ишингиздан кейин ойдинлашади.
Энди мутолаа ҳақида… Қайси адибларни севиб ўқийсиз?
— Стивенсонни, Торони… Ҳаммасини бирдан айтиб беролмайман-ку…
— “Уруш ва тинчлик”ни ўқиганмисиз?
— Йўқ…
— Жуда яхши роман. Албатта ўқинг. Ҳозир мен хонамга ўтиб, биринчи навбатда ўқиб чиқишингиз шарт бўлган китоблар рўйхатини тузиб бераман… Кишида меҳнаткашликдан бурун салоҳият ҳам бўлиши шарт. Мабодо, сиз ўзингизда истеъдод йўқлигини пайқаб қолсангиз, қандай йўл тутган бўлардингиз?
— Қайдам? Киши ўзида қобилият борми, йўқлигини билиши мумкинми?
— Асло. Иқтидор кутилмаганда чақмоқдек ярқ этиб чақнаши учун ёзувчи тинмасдан меҳнат қилиши керак. Зеро, истеъдодингиз бўлса, эртами, кечми ўзини намоён этади. Гарчи ёзувчилик барқарор даромад манбаи бўлмаса-да, сизга мунтазам ижод қилиб туришликни маслаҳат бераман.
— Ўтган йили мен бир қанча штатларда дарбадар кездим. Оғир юк уловларини бошқардим. Бунақа ҳаёт тарзи ижодкор учун яхши тажриба мактаби бўлиши мумкинми?
— Мумкин. Бу менинг ҳам бошимдан кечган. Ҳозир эса оиламга боғланиб қолганман. Бундан ташқари ўз шахсиятингизни ўрганмоқчи, ўзингизни синаб кўрмоқчи бўлсангиз, бирор ерда муқим қўним топиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўришингиз, ўзлигингизни англаб етишингиз керак. Оддий шарт-шароитлардан-да маҳрум дайдиларнинг кулбаларидан ҳам ёзишга арзигулик нималардир топа билиш керак. “Геклберри Финнинг саргузаштлари”ни ўқиганмисиз?
— Жудаям илгари.
— Яна қайта ўқинг. Бу ажойиб роман Америка адабиётининг ибтидосидир. Стивен Крейннинг “Мовийранг меҳмонхона”сини ўқиган чиқарсиз?
— Ўқимаганман.
— Мана сизга рўйхат. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган ёзувчи мутолаа қилиши шарт бўлган асарлар.

Стивен Крейн — “Мовийранг меҳмонхона”, “Очиқ китоб”.
Гюстав Флобер — “Бовари хоним”.
Жеймс Жойс — “Дублинликлар”.
Стендаль — “Қизил ва қора”.
Сомерсет Моэм — “Башарий эҳтирослар юки”.
Лев Толстой — “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”.
Томас Манн — “Будденброклар”.
Жорж Мур — “Идеализмнинг инкор этилиши”.
Ф.М.Достоевский — “Ака-ука Карамазовлар”.
Эдуард Камминго — “Маҳобатли хона”.
Шарлотте Бронте — “Жэн Эйр”.
Генри Жеймс — “Америкалик”.

Мабодо ушбу асарларни ўқимаган бўлсангиз, бадиий савиянгиз ҳаминқадар экан. Бу асарларда ёзувчилик санъатининг турли услублари мужассам. Улар шундай маҳорат билан яратилганки, романнавислик бундан кейин эришиб бўлмайдиган чўққидек туюлади.
— Романни бошлашдан аввал унинг сюжет режасини тузиб олиш, шу режа асосида боблар, фаслларга ажратиш кераклиги тўғрисида ўқиганман…
— Бекор гап. Башарти режа асосида ёзар бўлсангиз, китобхон сизни бир зумдаёқ фош этиб қўяди. Қаламингизни режа эмас, мантиқ бошқарса бошқа гап. Баъзида асарингиз хотимаси сизга олдиндан маълумдек туюлади. Лекин қўлга қалам олишингиз билан ҳаммаси бошқа томонга кетиб қолиши ҳеч гапмас…
— Ёзувчи ўз фаолиятини газеталардан, арзон-гаров нашрлардан бошлаши керак, дейишади.
— Бу сафсатага ишонманг. Ёзувчи бўлишга аҳд қилдингизми, пул топишни бошқа бир касб-кордан ахтаришингизга тўғри келади. Дарвоқе, бой бўлишни истаган каслар ёзувчиликни ҳавас қилмай қўяқолсин.
…Ҳар куни машқ қилиб туриш лозим. Кўрган-кечирганларингизни қоғозга батафсил тушириб боришга интилинг. Масалан, Флобер Мопассанга шундай маслаҳат беради. Бирон нарсани, айтайлик, бандаргоҳдаги юк вагонини, денгиз бўғозида гувиллаётган қасирғани, безовта мавжланаётган денгиз сувларини қаламга олинг. Буларнинг барига руҳий таассуротларингизни сингдиринг. Агар ҳар куни мана шундай ёзиб боришни одат қилсангиз, уларни жон деб ўқиб чиққан бўлардим.
— Бир кунда нечтагача сўз ёза оласиз?
— Ҳар хил. Баъзан бир ўтиришда анча-мунча қоғоз қоралаб қўяман. Баъзида бир неча кунлаб қўлим келмай, қийналиб юраман.
— Бернард Шоу, ёзувчи ўзини ҳар куни кам деганда мингта сўз ёзишга мажбурлаши керак, дейди.
— Йўқ, бу жудаям кўп. Башарти шу зайлда ишласангиз, кўп ўтмай ийиғингиз чиқиб кетиб, бўлар-бўлмас нарсаларни ёза бошлайсиз. Бир кунда беш юзта сўз ёза билсангиз ҳам, бу бир йилда юз саксон минг сўз, яъни иккита катта роман деган гап бўлади.
— Нима бўлгандаям ёзувчиликка иштиёқим баланд. Лекин, ҳар сафар ёзишга ўтирарканман, ўзимни ғоятда ночор, ношуд ҳис қила бошлайман.
— Бу ҳали ҳеч гапмас. Мен ҳар гал қўлимга қалам олсам, лоақал икки сатр хат битишгаям ожиз кимсанинг ҳолига тушаман. Ёзувчилик нақадар заҳматли иш. Башарий касбларнинг энг мушкули!
— Ҳикоя ўқишли чиқиши учун нима қилиш керак?
— Қизиқ бир воқеани қоғозга тушириб, уни таъсирчан баён этишни кўплар эплай олади. Ҳамма гап ҳадеганда кўзга ташланмайдиган осуда, жўн воқеалардан қизиқарли, сермазмун, ҳиссиётли ҳикоя ярата олишда.
— Асарларингиз шахсий ҳаётингиздан олиб ёзилганми?
— Йўқ. Мен уларни ўйлаб топганман… Бирор танишимнинг ёши, исми, насл-насабини ўзгартириб, уни умрида кўрмаган мамлакат фуқароси қилиб, иложи борича ишонарли персонажга айлантираман. Уни мураккаб воқеа-ҳодисалар гирдобига ташлайман. Қолгани қаҳрамонимнинг табиатидан келиб чиқиб давом этаверади. Агар ўйлаб топиш, кашф этиш ҳадисини эгаллаб олсангиз, кўнглингизга сиққанча ёзаверишингиз мумкин.
— Мендаям шундай иқтидор пайдо бўлармикан?
— Бу фақат ўзингизга боғлиқ. Меҳнатидан қочмасангиз ва яна энг муҳими кўпчилигимизга теккан касаллик — буюк ёзувчилик даъвосини ўзингизга яқинлаштирмай, адабиёт заҳматидан роҳатланиб изланаверсангиз, кам бўлмайсиз.
— Киши тўғри йўл танлаганини олдиндан билиши мумкинми?
— Мумкин. Кўпинча ич-ичидан сезиб туради.
— Биласизми, мен кўпинча чиройли сўз излаб қийналаман.
— Бу ҳам кўпчиликка теккан касаллик… Сиз ҳамиша атрофингиздаги одамлар, таниш-билишларингиз сўз бойлигидан ўз луғатингизни яратиб олишингиз керак.
Оддий, жўн сўзлар энг мақбул сўзлардир…

04

045   Эрнст Хемингуэй (инг. Ernest Miller Hemingway; 1899 — 1961) — Америкалик ёзувчи. Нобел мукофоти лауреати (1954). 1917 йилдан Канзас-Ситида журналист-репортёр сифатида иш бошлаган. 1-жаҳон уруши қатнашчиси (1914-18). Хемингуей 1928 йилгача Парижда, 1939-60 йилларда Кубада яшади. Дастлабки ҳикоялар китоби — «Бизнинг замонда» (1924). «Қуёш чиқади» (1926, инглизча нашрларда «Фиеста» номи билан чоп этилган),
«Алвидо, қурол!» (1929) романларида урушнинг бемисл мантиқсизликлари, инсон ҳақҳуқуқлари, эркига тажовуз, айни пайтда, инсоний мардлик, қадрқиммат ва мухаббатнинг ҳар қандай ёвуз кучлардан устунлиги ёрқин ифодаланган.
1930-йилларнинг 1-ярмида Хемингуей ижодида тушкунликни кузатиш мумкин. Шу даврда ёзувчи ҳаёт йўлини қайта мулоҳаза қилиб кўришга, ўз ижодининг муайян йўналишларини аниқлашга интилади. Натижада «Пешиндан кейинги ўлим» (1932), «Африканинг яшил тепаликлари» (1935), «Ғолибга байроқ берилмайди» (1933) ҳикоялар тўплами дунё юзини кўради. «Ҳўкизнинг шохи», «Френсис Макомбернинг бахти», «Килиманжаро қорлари» (1936) ҳикоялари, «Тўқчилик ва йўқчилик» (1937) романида Хемингуей ижодий юксалиши кўзга ташланади. Хемингуей асарларида дастлабки журналистик кузатув ўрнини таҳлилий, қиёсий мулоҳаза ва мушоҳадалар эгаллайди. У ҳар қандай урушни қоралайди, шу туфайли инсоният азият чекаётганига эътибор қаратади. Инсон ҳуқуқлари йўлида, озодлик курашида ёлғиз майдонга тушишнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келишини оддий кишилар образи орқали ифодалайди.
Хемингуей 1931—39 -йиллари испан халқининг миллий озодлик курашида ҳарбий мухбир сифатида қатнашади. Шу йилларда унинг бир неча очерк ва репортажлари, «Мотам қўнғироғи» (1940) романи чоп этилади. Бу асарлардаги қаҳрамонлар халқ озодлиги йўлида фашизмга қарши курашадилар, инсоният тақдири учун ўзларининг масъул эканликларини қалбан ҳис этадилар, кишилар билан бирга изтиробга тушадилар, хавф-хатардан қутулиш чораларини излайдилар.
2-жаҳон урушидан кейин Хемингуей ижодида янги давр бошланган. Бироқ бу даврда юзага келган «Хавфли ёз» ва «Океандаги ороллар» романлари аввалгиларига қараганда бадиий жиҳатдан анча бўш асарлар саналади. Лекин маълум муддат ўтиб, Хемингуей инсоннинг руҳий ҳолатини тадқиқ этиш билан жамиятдаги мавжуд вазиятни очиб беришга қодир асарларни яратди. Бадиий жиҳатдан анча юксак бўлган «Дарёнинг нарёғида, дарахтлар соясида» (1950) романи, «Чол ва денгиз» (1952) қиссаси Хемингуейга катта шуҳрат келтирди. Хемингуей 20-асрда ўзигагина хос бўлган қатий холисликка асосланган характерли услубни яратдики, кейинчалик Америка қитъасидан етишиб чиққан ёзувчилар бу услубга тезтез мурожаат қиладиган бўлишди. «Чол ва денгиз», «Алвидо, қурол!» ва бошқа асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

04

06
Эрнест Хемингуэй
ЧОЛ ВА ДЕНГИЗ
Иброҳим ҒОФУРОВ таржимаси
054

077   Чол қайиқда ёлғиз ўзи Гольфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ. У билан қирқ кун бола бирга бўлди. Ҳадеганда қўли қуруқ қайтавергач, ота-онаси унга энди чолнинг ўта-кетган Sаlао, яъни «ўлгудай омади юришмаган одам» эканини айтиб, бундан буён бошқа қайиқда денгизга чиқиш кераклигини қулоғига қуйдилар. Ҳақиқатан ҳам биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ бу қайиқда балиқ деса арзигудай учта балиқ тутиб келишди. Деярли ҳар куни чолнинг денгиздан қуруқ қайтаётганлигини кўриб бола ич-ичидан эзилар эди. У чолнинг ускуналари, чангак, гарпун ва мачтага ўралган елканларини ташишга ёрдамлашгани қирғоққа келарди. Дағал матодан тўқилган елкан ямалавериб, ола-қуроқ бўлиб кетган, ўроғлиқ ҳолда яксони чиққан полкнинг яловига ўхшарди.
Чол ориқ ва ҳолдан тойган, энсасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, бетлари эса қуёш нурининг тропик денгиз юзидан акс этиб чиқишидан пайдо бўладиган беозор тери ракининг жигар ранг доғлари билан қопланган эди.
Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқ-ларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат ден- гиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди.
— Сантьяго,— деди бола боғлоғлиқ қайиқ турган қирғоқдан юқорилаб кетган йўл оша кўтарилишаркан,— энди яна сен билан денгизга чнқишим мумкин. Ҳозир бир оз пул ишлаб қўйдик.
Чол болани балиқ овига ўргатган, шунинг учуи ҳам бола уни яхши кўрарди.
— Йўқ,— деди чол,— сен бахти чопган қайиқда ов қиляпсан. Ўшанда қолганинг маъқул.
— Эсингда борми, бир вақтлар роса саксон етти кун денгизга чиқиб, қуп-қуруқ қайтувдинг,
кейин иккаламиз кетма-кет уч ҳафта кунига катта-катта балиқ ушлаб келтирганмиз.
— Эсимда,— деди чол,— сен менга ишонмаганингдан кетганинг йўқ, биламан.
— Отам мажбур қилди. Ўзим бўлсам, ҳали кичкинаман, шунинг учун уларнинг айтганини қилишим керак.
— Биламан,— деди чол.— Ўзи ҳам шундай бўлиши керак.
— Отам бўлса, унча ишонқирамайди.
— Ҳа,— деди чол.— Биз эса ишонамиз. Тўғрими?
— Бўлмаса-чи. Истасанг, юр, сени Террасда пиво билан меҳмон қиламан. Кейин асбобларни олиб кетамиз.
— Ҳай, майли,— деди чол.— Балиқчи балиқчини сийламоқчи экан, демак…

Улар Террасга келиб ўтиришди. Кўпгина балиқчилар чолни мазах қилишар, аммо у буни кўнглига оғир олмас эди. ёши улғайиброқ қолган балиқчилар эса унга қараб хафа бўлиб кетишар, бироқ сир бой бермас ва оқим ҳақида, қармоқни қанча чуқурликка ташлашлари, оби- ҳаво, ниҳоят, денгизда нималар кўришгани тўғрисида беозор гурунглашиб ўтиришарди. Бугун иши ўнгидан келганлар овдан аллақачон қайтишган ва ўлжа марлинларини тозалаб, бир жуфт тахта устига кўндаланг қўйишганча тўртовлашиб уларни балиқ омборига элтиб топширишган эди. Бу ердан балиқларни рефрижераторда Гавана бозорига келтириб сотардилар.
Акула овлаб келган балиқчилар эса, уларни кўрфазнинг нариги қирғоғидаги заводга топширишарди. У ерда акулаларни блокларга осиб қўйиб, жигарларини суғуриб олишар, қанотларини кесиб, терисини шилишгандан сўнг, гўштини тузлашга паррак-паррак қилиб кесишарди.
Шамол шарқдан эсди дегунча, ўзи билан акула корхонасининг қўланса ҳидини олиб келарди; аммо бугун ҳид деярли сезилмас, чунки шамол шимолдан эса бошлаб, кўп ўтмай бутунлай тинган эди. Шунинг учун ҳам Террас серқуёш ва сўлим эди.
— Сантьяго,— деди бола.
— Хўш?— жавоб берди чол. У стаканидаги пивога тикилиб ўтираркан, узоқ ўтган кунларни эсларди.
— Эртага сенга сардин тутиб келтирсам, майлими?
— Овора бўлма. Яхшиси, бориб бейсбол ўйна. Ҳали эшкак уришга кучим етади. Роджелио бор — тўр ташлаб туради.
— Йўқ, хўп дея қолгин. Рост, сен билан бирга балиқ овлашим мумкин эмас экан, ул-
булингга ёрдамим тегса дейман.
— Ахир, сен мени пиво билан сийлаяпсан-ку, — деди чол.— Энди катта йигит бўлиб қолдинг.
— Биринчи марта мени денгизга олиб чиққанингда ёшим нечада эди?
— Бешда. Қайиққа тирик балиқни тортиб олганимда, у сағал бўлмаса ҳамма нарсани чилпарчин қилиб юбораёзган ва сен ҳам базўр жон сақлаб қолган эдинг, эсингдами?
— Эсимда. У қуйруғи билан уриб банкани синдирган, сен бўлсанг, уни тўқмоғинг билан роса дўппослаган эдинг. Мени қайиқнинг майда-чуйдалар ётган бурнига итқитиб юборгансан, Қайиқ зириллаб қалтировди, худди ўтин чопгандай тўқмоғингни тўқ-тўқ овози эшитилиб турувди. Ҳамма ёқни чучмал қон ҳиди босиб кетган эди. Буларнинг бари эсимда.
— Ростдан ҳам буларнинг ҳаммаси эсингдами, ёки кейин сенга айтиб берганмидим?
— Мени ўзинг билан денгизга олиб чиққан кунингдан тортиб, ҳаммаси эсимда.
Чол офтобда қизариб кетган, инонувчан ва меҳрибон кўзлари билан унга қаради.
— Агар ўз ўғлим бўлганингда, ҳозир ҳам сени ўйлаб-нетиб ўтирмай, денгизга олиб чиқардим. Амма ўз ота-онанг бор, боз устига бахти чопган қайиқда ов қиляпсан.
— Кел энди, сенга сардин тутиб келтирай, йўқ демагин. Иннайкейин, тўрт дона хўрак топиб келамаи. Қаердан топишни ўзим биламан.
— Менда ҳали бугунгилари шундоқ турибди. Уларни тузлик яшикка солиб қўйдим.
— Сенга тўртта янгисини тутиб келаман.
— Биттаси ҳам етади,— эътироз билдирди чол.
У, шундай ҳам келажакка на ишончини ва на орзу-омолини йўқотмаган бўлса-да, ҳозир бу ҳислар унинг қалбида, гўё денгиздан кишининг қулфи-дилини оча-диган шаббода эсгандагидек, мустаҳкамлана борарди,
— Иккита,— деди бола.
— Майли, иккита,— таслим бўлди чол.— Мабодо, сен уларни ўғирлаб олмаганмисан?
— Керак бўлса, ўғирлардим ҳам. Аммо уларни сотиб олганман.
— Раҳмат,— деди чол.
Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди.
— Агар оқим ўзгармаса, эртага кун яхши бўлади,— деди чол.
— Қаерда ов қилмоқчисан?
— Қирғоқдан узоқроқ жойда. Шамол ўзгарганда қайтаман. Тонг отмасдан чиқаман.
— Шеригимни ҳам узоқроқда ов қилишга кўндириш керак бўлади. Агар қармоғингга жуда катта балиқ илиниб қолса, биз ёрдамлашиб юборамиз.
— Унинг қирғоқдан кўпроқ узоқлашишга тоби-поби йўқ.
— Шунақа,— деди бола.— Аммо мен унинг кўзи ўтмайдиган бирон нарсани топишга ҳаракат қиламан. Жуда бўлмаса, чайкалар бор-ку ўшанда уни тилла макрель тутамиз деб узоқроққа боришга кўндириш мумкин.
— Наҳотки унинг кўзлари шу қадар ожиз бўлиб қолган бўлса?
— Нимасини айтасан, кўр деса ҳам бўлади.
— Қизиқ. У, ахир, ҳеч вақт тошбақа овламас эди, шекилли. Ўзи шу тошбақа ови ҳаммадан ҳам кўзни ўтмас қилиб қўяди.
— Лекин сен шунча йил тошбақа деб, Москит қирғоғига борсанг ҳам, кўзларинг барибир,
жойида-ку.
— Менми? Менинг зувалам ўзи бошқача узилган.
— Агар жуда ҳам каттакон балиқ дуч келиб қолса кучинг етармикин?
— Етса керак деб ўйлайман. Ҳамма гап — эпчилликда.
— Асбобларни уйга элтиб қўяйлик-а. Кейин мен тўрни олиб, сардин тутишга бораман.
Улар асбобларни қайиқдан туширишди. Чол елкасига мачтани олди, бола эса, жигарранг калава ипдан чамбарчас тўқилган қармоқ чилвирлари солинган яшик, чангак ва дастали гарпунни кўтарди. Қайиқда хўраклар солинган яшик ҳамда йирик балиқларни сув бетига тортиб чиқарилганда, уларни гаранг қнлиш учун ишлатиладиган тўқмоқ қолди. Чолнинг асбоб- ускуналарини ўғирлаб кетиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса керак эди, аммо елкан ва оғир анжомлар тун шабнамидан нам тортиб қолмаслиги учун уларни уйга олиб бориб қўйган маъқул эди. Гарчи чол ўз нарсаларига шу ерлик одамлардан биронтаси ҳам кўз олайтирмаслигига амин бўлса-да, ҳарқалай, чангак ва гарпуннни ёмон кўздан холироқ тутишга ҳаракат қиларди.
Улар йўлдан чолнинг кулбасига кўтарилдилар ва ланг очиқ эшикдан ичкарига киришди. Чол мачта ва унга ўралган елканини деворга суяди, бола эса, қўлидаги нарсаларни унинг ёнига қўйди. Мачтанинг узунлиги бу ерда ougua деб аталадиган қирол пальмаларининг япроқларидаи қурилган кулбанинг бўйига тенг эди. Кулбада каравот, стол, стул ва қуруқ саҳнга пистакўмир билан оби ёвғон тайёрлаш учун ўйилган ўчоқ бор эди. Унинг текислаб қуритилган толасимон япроқлардан бўлган жигар ранг деворларини Тангри қалби ва Santa Maria del Cobre нинг рангдор олеаграфия билан ишланган тасвири безаб турар эди. Булар унга марҳум хотинидан қолган эди. Қачонлардир деворда хотинининг рангдор сурати ҳам осиғлиқ турарди, аммо, кейин чол уни бекитиб қўйди, чунки кўзи тушса жуда-жуда эзилиб кетарди. Энди сурат бурчакдаги токчада, тоза кўйлак остида ётарди.
— Кечки овқатга ниманг бор?—сўради бола.
— Бир товоқ сариқ гуруч билан балиқ. Ейсанми?
— Йўқ, мен уйда овқатланаман. Сенга ўт ёқиб берайми?
— Керакмас. Кейинроқ ўзим ёқаман. Балки, гуручни совуқлигича ерман.
— Тўрни олсам майлмми? — Бемалол.
Тўр-пўр деган нарсадан аллақачоноқ ном-нишон қолмаган — уни қай маҳал пуллаб юборишгани боланинг ёдида эди. Шундай бўлса ҳам, ҳар икковлари буни билмаганга солишар ва ўзларини гўё чолда тўр бордай тутишар эди. Мис товоқда сариқ гуруч билан балиқ ҳам йўқ эди, бола буни ҳам биларди.

— Саксон беш — бахт келтирувчи рақам,— деди чол,— Қалай, эртага минг қадоқли балиқ тутишимга кўзинг етадими?
— Мен тўр топиб сардин тутгани бораман. Ҳозирча остонада ўтириб тур, бу ерга офтоб тушиб турибди.
— Майли. Менда кечаги газета бор. Бейсбол ҳақида ўқиб тураман.
Чолда ҳақиқатан ҳам газета бормиди, ёки бу ҳам елғон гапмиди, бола билмасди. Лекин чол каравот тагидаи чини билан ҳам газета олди.
— Менга буни вино дўконида Перико берди,—деб тушунтирди чол.
— Мен сардин тутаману қайтаман. Ўзимннкини ҳам, сеникини ҳам бирга музга қўяман,
эрталаб бўлишиб оламиз. Қайтиб келганимда, бейсбол ҳақида гапириб берасан.
— «Янки»нинг ютқазиши мумкин эмас.
— Кливленд «Ҳиндилари» уларни боплаб қўймаса деб қўрқаман.
— Қўрқма, ўғлим. Улуғ Ди Маджиони бир эслагин-а.
— Мен фақат «Ҳиндилар»дангина эмас, Детройт «Йўлбарслари»дан ҳам қўрқаман.
— Худо кўрсатмасин, сен ҳали цинцинатилик «Қизилтанлар»дан ҳам, Чикаго «Оқ пайпоқлари»дан ҳам қўрқиб ўтирарсан.
— Газетани ўқиб тур, мен қайтгач, гапириб берасан.
— Менга қара, саксон беш рақамли лотерея билетини сотиб олсак-чи, нима дейсан? Ахир,
эртага саксон бешинчи кун-ку!
— Олсак, олаверамиз-да,— деди бола,— Балки саксон етти рақамлиги яхшидир? Ахир,
ўтган гал саксон етти кун бўлган эди-ку.
— Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди. Сен саксон беш рақамли билетни топа оласаими?
— Қидириб кўраман.
— Бир дона. Икки доллару эллик центлигидан. Буни қаердан қарз олсак экан?
— Бундан осони йўқ. Мен икки доллару эллик центни хоҳлаган вақтимда қарз олишим мумкин.
— Оламан десам, мен ҳам иложини қилардиму, бироқ мен қарз олмасликка ҳаракат қиламан. Олдин қарз оласан, кейин садақа сўрайсан.
— Эҳтиёт бўл, қария, тағин шамоллаб қолмагин. Сентябрь эканлигини унутма.
— Сентябрда йирик балиқ кўпаяди. Май ойида балиқ овлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади.
— Хўп, бўлмаса, мен сардинни тўғрилаб келай, — деди бола.
Бола қайтиб келганда, кун ботган, чол эса курсида ўтирганича, уйқуга кетган эди. Бола каравотдан эски солдат одеялини олиб, курси суянчиғи аралаш чолнинг елкасини ёпиб қўйди. Бу елкалар чолнинг кексайиб қолганига қарамасдан забардаст, бўйни ҳам, ундан қолишмайдиган даражада бақувват ва ҳозир, чол бо-шини кўкрагига солинтириб ухлаган тобда, ажинлари ҳам у қадар кўзга ташланмас эди. Унинг кўйлаги ҳам худди елканидай қирқ ямоқ бўлиб кетган, ямоқлар қуёш тафтидан ола-була тусга кирган эди. Аммо чолнинг юзи ҳарқалай анча қаримсиқ бўлиб қолган ва ҳозир кўзлари юмилиб уйқуга кетганда, худди жонсизга ўхшаб кўринарди. Чолнинг тиззасида, учиб кетмасин деб, тирсак билан босиб олинган газета ётарди. У оёқ яланг эди.
Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб кёлганда, чол ҳамон уйқуда эди.
— Тур!—уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди.
Кейин у жилмайди.
— Нима олиб келдинг?
— Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.

— Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
— Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
— Баъзан шундай ҳам бўлган,— деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг у одеялини йиғиштира бошлади.
— Одеялни йиғиштирма, — деди бола. — Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб, сени балиқ овлашга қўймайман.
— Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин,— деди чол.— Қани, нима еймиз.
— Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У вилка, пичоқ ва қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида қоғоз салфеткаларга ўралган эди.
— Шунча нарсани сенга ким берди?
— Ресторан хўжайини, Мартин.
— Унга раҳмат деб қўйиш керак.
— Хотиржам бўл, мен уни рози қилдим,— деди бола.
— Мен унга катта балиқнинг энг сергўшт жойидан бераман,— деди чол.— Ахир, бу унинг бизга қилаётган биринчи ёрдами эмас-ку.
— Йўқ, биринчи эмас.
— Ундай бўлса, бир бўлак гўшт озлик қилади. У бизга кўп яхшилик қилган.
— Бугун-чи, пиво ҳам берди.
— Мен ҳаммадан ҳам консерваланган пивони яхши кўраман.
— Биламан. Лекин бугун у шишада пиво берди. Шишасини қайтариб бераман.
— Хўп, раҳмат сенга,— деди чол,— кел, овқатланайлик.
— Мен сенга қачондан бери овқатланайлик деяпман,— деди меҳрибонлик билан бола.— Овқат совуб қолмасин деб, идишнинг оғзини очмай, кутиб туриб-ман.
— Ҳай майли, ювиниб олсам бўларди-да. «Қаерда ҳам ювинардинг?»— ўйлади бола. Бу ердан колонкагача икки квартал бор эди. «Унга совун ва яхши сочиқ олиб бериш зарур, сувнинг ҳам кетини узмаслик керак. Бу тўғрида нега аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Унга янги кўйлак, қишки куртка, бирон этик-петик ва яна бир одеял ҳам лозим».
— Лаззатли гўшт экан,— мақтади чол.
— Бейсбол ҳақида гапириб бер,— сўради ундан бола.
— Америка лигасида, мен айтганимдек «Янки» ютяпти, — мамнуният билан сўзлай бошлади чол.
— Шундайку-я, лекин бугун уларнинг тозаям тит-питини чиқариб юборишди.
— Бу ҳеч гап эмас. Яна улуғ Ди Маджио ўйиннинг пайховасини олган.
— Командада унинг бир ўзи эмас-да.
— Тўғри-ю. Лекин ҳамои ўйиннинг натижаси унга боғлиқ.— Бруклинликлар билан филадельфияликлар ўйнайдиган иккинчи лигада эса ютишга фақат брук-линликларда имконият бор. Дик Сайзлер қандай ўйнаганлигини сен ҳар ҳолда эсласанг керак? Эски паркда бўлган ўйиндаги унинг зарбаларини айтмайсанми? Бай-бай.
— Жуда зўр-э, қурғур! У ҳаммадан узоққа отади.
— Унинг Террасга келгани эсингдами? Мен уни ўзим билан бирга балиқ овига таклиф қилмоқчи бўлдим-у, лекин иймандим. Сенга таклиф қил десам, сен ҳам уялдинг.
— Эсимда. Мен қўрқиб тентаклик қилдим. Ким билади, балки, рози бўлармиди? Ўла-
ўлгунча эсдан чиқмайдиган иш бўларди-да.
— Қани энди улуғ Ди Маджиони ўзимиз билан бирга денгизга олиб чиқолсак, а?— деди чол.— Отаси балиқчи бўлган дейишади. Ким билади, балки унинг ўзи ҳам бир вақтлар бизга ўхшаган камбағал бўлгандир. Айтганимизда, келишга ор қилиб ўтирмасдими балки.

— Улуғ Сайзлернинг отаси ҳеч қачон камбағал бўлган эмас. Менинг ёшимда у чинакам командада ўйнар экан.
— Мен бўлсам сенинг ёшингда елканли кемада юнга бўлиб, Африка қирғоқларига сузиб борганман. Кечқурунлари йўлбарсларнинг қирғоққа чиқишини кўрганман.
— Бир гапириб берувдинг.
— Хўш, биз нима ҳақда гаплашмоқчимиз ўзи — Африка тўғрисидами ёки бейсбол ҳақидами?
— Яхшиси бейсбол ҳақида. Менга буюк Джон Мак-Гроу ҳақида гапириб бер.
— У ҳам авваллари бизнинг Террасимизга келиб турарди. Аммо ичиб олса, тамом, унга ҳеч ҳам бас келиб бўлмасди. У фақат бейсболгина эмас, от жинниси ҳам эди. Ҳар доим чўнтагида мусобақа программасини олиб юрар ва телефон орқали отларнинг номини атаб, уларга пул тикарди.
— У улуғ тренер эди,— деди бола.— Отам, у бутун дунёда энг улуғ тренер бўлган дейди.
— Уни бошқалардан кўпроқ кўргани учун шундай дейди. Агар Дюроше ҳам биз томонларга ҳар йили келиб турганда, отанг уни ҳам дунёда энг улуғ тренер, деб мақтаган бўларди.
— Сенингча, энг улуғ тренер ким? Люкми ёки Майк Гонсалесми?
— Менимча, улар бир-бирларидан қолишмайди.
— Дунёда энг чапдаст балиқчи бўлса — сенсан.
— Ундай эмас. Мендан ҳам зўр балиқчиларни кўрганман.
— Qu e Va!1 — деди бола.— Дунёда яхши балиқчилар кам эмас, жуда ажойиблари ҳам бор.
Лекин сенинг олдингга тушадигани йўқ.
— Раҳмат. Сен шундай деб ўйласанг, хурсандман. Менга жудаям катта балиқ тушмайди, деб умид қиламан, акс ҳолда, ишни дўндиролмай қолиб ҳафсалангнн пир қилиб қўймасам, деб қўрқаман.
— Ҳақиқатан ҳам аввалги кучинг бўлса, дунёда сен эплолмайдиган балиқ топилмаса керак.
— Балки, илгариги кучим қолмагандир. Лекин менда ғайрат бор, чидамим ҳам етарли.
— Энди сен ётиб ухла, эрталаб тетик бўлиб туришинг керак. Мен бўлсам идишларни олиб бориб бераман.
— Майли. Хайрли кеч. Эрталаб мен сени уйғотаман.
— Сен мен учун нақ қўнғироқ соатнинг ўзисан,— деди бола.
— Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а?
Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?
— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади.
— Бошимдан ўтган, биламан,— деди чол.— Мен сени вақтида уйғотаман.
— Негадир мени анови уйғотганини ёқтирмайман. Худди мен ундан қолишадигандек.
— Тушундим.
— Хайрли кеч, Сантьяго.

Бола кетди. Улар чироқ ёқмасдан овқатланишганидан, чол қоронғида ечиниб ётди. У кийимларига газетани ҳам қўшиб ўраб, ёстиқ ўрнига бошига қўйди. Чол одеялига бурканиб, каравотнинг қуруқ пружиналарига ташлаб қўйилган эски газеталар устига чўзилди.
У ётди-ю, ухлаб қолди. Уйқусида ёшлик чоғлари ўтган Африка, унинг узун, олтин қирғоқлари ва кўзни қамаштиргудек оппоқ саёзликлар, юксак қоя ва ҳай-батли қўнғир тоғлар тушига кирди. Энди у яна ҳар кеча уйқусида шу қирғоқларга қўнар, уввос билан отилган тўлқинларнинг шовқинини эшитар ва ерлилар тушган қайиқни тўлқин қирғоққа қандай суриб бораётганини кўриб турарди. Тушида у ҳамон палубадан чиқаётган лос ва смола исини туяр, димоғига эрталабки шамол қирғоқдан олиб келган Африка нафаси уриларди.

1Қўйсанг-чи!

Одатда шу бўй димоғига кирди дегунча, чол уйғониб кетар ва кийиниб, болани уйғотгани жўнарди. Аммо бугун ўша қирғоқ ҳиди жуда эрта димоғига урилди ва бу тушида бўлаётганини билгач, денгиздан туртиб чиққан қояларнинг оқ чўққиларини, Канар оролларининг гавань ва кўрфазларини яна бир бор кўриш учун уйқусидан бош кўтаргиси келмади.
Сўнгги пайтларда унинг тушига на тўфонлар, на хотинлар ва на буюк воқеалар, на улкан балиқлар ва на жанжал-суронлар, на куч синаш мусобақалари ва на ўз хотини кирарди. Энди тушида узоқ ўлкалар ва қирғоққа чиқаётган шер болаларинигина кўрарди, холос. Улар худди мушукчалар сингари ғира-шира тун қўйнида ғужғон ўйнашар ва чол болага қанчалик муҳаббат қўйган бўлса, буларни ҳам шунчалик севар эди. Аммо бола ҳеч қачон тушига кирмасди.
Чол уйғониб кетди, очиқ қолган эшикдан ойга назар ташлади ва кийиниб ташқарига чиқди, ёзилди, болани уйғотиш учун йўлдан юқорига қараб кетди. Тонгги салқиндан жунжикди. Аммо бу вақтинча эканини ва тезда қайиққа ўтириб, эшкак эша бошлаши билан исиб кетажагини чол билар эди.
Бола яшайдиган уйнинг эшиги очиқ эди, чол оёқ учида ичкари кирди. Бола олд хонадаги каравотда.ухлаб ётар, ойнинг синиқ нурида чол уни таниб ола биларди. У боланинг оёғидан оҳиста ушлади ва у то уйғониб, елкасига ағдарилиб ўзига қарамагунча, тутиб турди. Чол унга имо қилди; бола каравот ёнидаги курсидан чолворини олиб, ўтирганича кийиб олди.
Чол уйдан чиқди, бола ҳам унга эргашди. У ҳамон чала уйқуда эди ва чол унинг елкасидан қучиб, деди:
— Мени кечир.
— Qu e Va! — деди бола. — Биз эркакларнинг қисматимиз шунақа ўзи. Нима ҳам қилию бўларди.
Улар чолнинг кулбасига тушиб боришди. Бутун йўл бўйлаб, қоронғида ўз қайиқларининг мачталарини кўтариб олган оёқ яланг кишилар боришарди.
Кулбага келишгач, бола қармоқ калавалари солинан сават, чангак ва гарпунни кўтарди, чол эса, мачта ва унга ўралган елканни елкасига ортди.
— Қаҳва ичасанми? — сўради бола.
— Аввал мана буларни қайиққа элтиб қўяйлик, кейин қаҳва ичамиз.
Улар балиқчилар учун жуда эрта очиладиган тамаддихонада консерва банкада қаҳва ичишди.
— Яхши ухлаб турдингми, қария? — сўради бола; унинг иссиқ ўринни саҳару мардон бўлмасдан тарк қилганидан қийналаётгани кўриниб турса ҳам, ҳар қалай, у, боягига қараганда анча тетик тортган эди.
— Жуда яхши, Манолин. Бугун омадимиз келишига ишонаман.
— Мен ҳам, — деди бола. — Энди мен сардинларимизни ва сенинг ҳўракларингни келтирай. Менинг шеригим майда-чуйдасини ўзи ташийди. Нарсаларига бошқаларнинг қўл уришини ёқтирмайди.
— Сен билан биз бўлсак, ундай эмасмиз. Ёшинг бешларда эканлигидаёқ, сенга у-буни ташитиб ўргатганман.
— Биламан, — деди бола. — Тўхтаб тур, ҳозир қайтаман. Қаҳва ичиб ўтир. Бу ерда бизга қарз беришади.
У маржон рифлари устидан яланг оёқлари билан шилп-шилп одим ташлаб, хўраклар сақланадиган совуқхона томонга кетди.
Чол майдалаб оҳиста қаҳва ҳўплади. Ҳозир қониб қаҳва ичиб олиш кераклиги, чунки шу билан энди уззу-кун туз тотмаслиги чолга аён эди. Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди. Қайиқнинг бурнида сув тўлдирилган шиша сақланар — чолга кечгача шунинг ўзи кифоя эди.
Бола сардинлар ва газетага ўралган хўракларни кўтариб қайтиб келди.

Балиқчилар сўқмоқ бўйлаб майда тошларни шовдирата-шовдирата сув бўйига тушиб келишди. Улар қайиқнинг тагидан кўтариб, сувга силжитишди.
— Ишинг ўнгидан келсин, қария.
— Сеники ҳам.
Чол эшкакларнинг арқондан қилинган халқасини қайиқнинг икки четидаги қозиқларга ўрнитиб маҳкамлади-да, олдинга энкайиб, қайиқни қоронғида гавандан олиб чиқа бошлади. Бошқа ерлардаги қайиқлар ҳам денгизга қараб йўл олган, ой тепаликлар ортига ўтиб кетганидан чол уларни кўрмас, аммо эшкакларнинг сувга урилган овозини баралла эшитарди.
Ўқтин-ўқтин қулоққа кишиларнинг гоҳ у қайиқдан, гоҳ бу қайиқдан чиқаётган товуши чалинарди. Аммо аксар қайиқларда сукунат ҳукм сурар ва ўша ёқдан фақат эшкакларнинг чўпиллагани эшитиларди. Кўрфаздан чиққач, қайиқлар турли томонга тарқаб кетди, қайси балиқчи қаердан балиқ топишга умид боғлаган бўлса, ўша ёққа йўл тутди.

Чол қирғоқдан анча олисга кетишни аввалданоқ ўйлаб қўйган эди; у ернинг анвойи бўйини ортда қолдириб, тўғри салқин тонгги океан қучоғи сари эшкак ура бошлади. Океаннинг балиқчилар «буюк қудуқ» деб аташган еридан ўтиб кета туриб, чол океан қаърида ялтираб турган сув ўсимликларини кўрди. Бу ерда чуқурлик деярли етти юз денгиз саржини2 миқдорида тиккасига тушиб борар ва бундай оқим океан тубининг ўткир дўнгларига урилиб, айлана ҳосил қилганидан турли-туман балиқлар тўпланишар, хусусан, криветка ва майда балиқларнинг беқиёс тўдалари йиғилиб қоларди, жуда катта чуқурликларда эса, гоҳо кўпдан-кўп каракатицалар ғужғон ўйнашади: улар тунда океан юзига чиқишади ва дайди балиқларга ем
бўлишади.
Чол қоронғида тонг яқинлашаётганини сезди, эшкак ураркан, қулоғига титроқ товуш чалинди — учар балиқлар сувдан чиқар ва темирдек қанотлари билан ҳавони кесиб аллақаёқларга ғойиб бўларди. Чол учар балиқларга меҳр қўйган, улар бу ерда, океанда унга энг яхши ҳамроҳ бўлиб қолган эдилар. Чол қушлар ва айниқса, бетиним озиқ ахтариб учган, аммо деярли ҳеч қачон уни тополмайдиган жимит ва нозик денгиз қалдирғочларига ачиниб кетар ва  «Қушлар турмуши, қиринқора ва катта, кучли қушларни ҳисобга олмаганда, бизнинг кун кечиришимизга қараганда ҳам жуда оғир. Океан гоҳида шу қадар ҳам бераҳм бўлар экан, нима учун қушларни мана бу денгиз қалдирғочлари сингари нозик ва шикаста қилиб яратганлар. Океан сахий ва гўзал, аммо у гоҳо тўсатдан шундай шафқатсиз бўлиб кетадики, унинг устида озиқ илинжида чарх уриб шўнғиб, ожиз ва мунгли овоз билан бир-бирларига жўр бўлиб учган бу қушлар унга нисбатан бениҳоя заиф ва мўрт кўринади», деб ўйларди.
У ҳар доим денгизни, унга муҳаббат қўйган ҳамма кишилар каби хаёлидан испанчасига la mar деб атарди. Айрим пайтларда денгизга меҳр қўйган одамлар, у ҳақда бадхазм гаплар айтишади, аммо доимо бу гаплар денгиз эмас, гўё аёл устида бораётганга ўхшайди. Акула жигарининг нархи ошиб бораётган кунларда сотиб олинган моторли қайиқларда юриб, қармоқларига пўпак ўрнига буй3 ишлатадиганлар хилидан бўлган ёшроқ балиқчилар эса денгизни Vel mar деб атайдиган ва унга эр кишига қарагандай қарайдилар. Уларнинг наздида денгиз гўё, ҳудудсиз бир сайҳон, гўё бир рақиб, гоҳида эса, ҳатто бир душман бўлиб кўринади.
Чол бўлса, доимо денгиз тийилганда, гоҳ тенги йўқ саховатлар инъом этиб, гоҳ тумтайиб туриб олувчи хотин кишини кўз ўнгига келтиради. Агар у енгилтак ёки хунук ишлар қилиб қўйса, нима ҳам қилиб бўларди, табиати ўзи шунақа демоқликдан бошқа иложи йўқ. «Ой хотин кишининг қитиғига тегиб, жўштириб юборгандай, денгизни ҳам жавлон урдиради», деб ўйларди чол.
У кучанмасдан, бир меъёрда эшкак урар, чунки оқим гирдоб ҳосил қилмаган жойлардан ташқари, океан сирти теп-текис, силлиқ эди. Чол ўзи бажариши керак бўлган ишнинг учдан бир қисмини оқимга қўйиб берган ва кун ёришганда, у худди шу маҳалда етишни мўлжаллаган ердан ҳам анча олисга кетиб қолганини кўрди.

2 С а ж е н ь – саржин – 2,13 м га тенг узунлик ўлчови (тарж).
3 Б у й – бакен (тарж).

«Жуда чуқур жойларда бутун бир ҳафта ов қилиб, ҳеч нарса тутганим йўқ, — деб ўйлади чол, — бугун мен бонито ва альбакоре тўдалари қаерда бўлса, ўша ерда бахтимни синаб кўраман. Худодан бўлиб, йирик балиқ учраб қолса-я?»
Ҳали тонг оқармасдан, хўрак қистирилган қармоқларини сувга ташлади ва қайиқни оқимда оҳиста бошқариб борди. Хўраклардан бири қирқ денгиз саржинича чуқурликда эди, бошқаси етмиш беш саржин пастга тушди, учинчи ва тўртинчилари эса юз ва юз йигирма беш саржин чуқурликка чўмди. Хўракларнинг бош қисми пастга осилиб турар, қармоқнинг ўқи хўрак-балиқ ичидан ўтказилиб, мустаҳкам қилиб қўйилган, қармоқнинг ўзи — букламаси ва суйриси янги сардинлар билан қопланган эди. Сардинлар қармоққа иккала кўзидан ўтказилган ва улар пўлат букламада маржондек тизилиб турарди. Йирик балиқ қармоққа яқинлашганда, унинг ҳар бир луқмаси нечоғлиқ тотли ва иштаҳа қўзғайдиган даражада мазали эканлигини сезарди-қўярди.
Чол, бола бериб юборган иккита янги тутилган йиртқич балиқ — тунецни энг узун чилвирларга хўрак қилди, қолган икки чилвирга эса, каттакон зангори макрель билан сариқ умбрицани илди. Булардан аввалги овда фойдаларган бўлса-да, улар ҳали ҳам янгидек турар, ажойиб сардинлар эса, уларни хуштаъм қилар, балиқларнинг нафсини қитиқларди. Йўғонлиги катта қаламдай бўлган ҳар бир чилвир пишиқ, эгилувчан чивиққа тортилган эдики, балиқнинг емга сал бўлса ҳам тегиб ўтишидан чивиқ сувга эгиларди. Бундан ташқари, чилвирлар ҳар бири қирқ саржин узунликда бўлган навбатдаги калава учларига уланган, бу калавалар яна бошқа эҳтийт шарт калаваларга уланиши мумкин эди. Керак бўлганда, илинган балиқни уч юз саржин узоқликка қўйиб юборилса ҳам бўлаверади.
Энди чол кўк чивиқлар бортга эгилмасмикин, деб кузатиб ўтирар ва чилвирнинг сувга тик ҳамда лозим бўлган чуқурликка тушишига эътибор бериб, оҳиста сузарди. Ҳаммаёқ ёришиб кетди, қуёш мана-мана чиқаман дерди.
Қуёш денгиздан билинар-билинмас кўтарилди ва бошқа қайиқлар ҳам чолнинг кўзига ташланди, улар қирғоққа анча яқин бўлиб, бутунлай оқим бағрида сувга паст чўккан ҳолда турар эдилар. Кейин офтоб шуъласи ўткирлашди, сувда унинг ёлқини акс этди, қуёш уфқдан батамом кўтарилганда, денгизнинг сип-силлиқ сирти ёлқин нурларини тўғри кўзга келтириб урди-ю, қаттиқ азоб бера бошлади: чол сувга қарамасдан, эшкак тортишга ҳаракат қилди. У ўз чилвирлари чўзилиб кетган сим-сиёҳ денгиз тубига тикилиб ўтирарди. Унинг чилвирлари сувга бошқа балиқчиларникига қараганда тикроқ тушар ва емишлар ҳар хил чуқурликларнинг тайин бир ўрнида ўз ўлжасини кутарди. Бошқа балиқчилар ўз қармоқларини оқимга бепарво қўйиб беришар, натижада юз саржинга ташладим деб ўйлаган қармоқлари айрим пайтларда олтмиш саржин чуқурликка зўрға етган бўларди.
«Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман,— деб ўйлади чол.— Ўзи ишим ўнгидан келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юрашиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман, Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман».
Қуёш кўтарилгандан бери икки соат атрофида вақт ўтди, энди шарқ томонга бемалолроқ қараш мумкин эди. Узоқда ҳозир фақат учтагина қайиқ кўзга ташла-нарди. Бу ердан қараганда, улар сувдан зўрға кўтарилиб тургандай туюлар, қирғоқдан ҳеч бир узоқлашмаганга ўхшарди.
«Кўзларимни бир умр тонг ёғдуси қамаштириб келади,— деб ўйлади чол.— Аммо улар ҳали ҳам ўткир. Кунботарда қуёшга бемалол қарай оламан, бироқ шун-да ҳам кўзим жимирлашиб кетмайди. Кечқурун бўлса, қуёш кучлироқ нур сочади. Аммо эрталаблари у менга азоб беради».
Шу пайт у қаршисида узун қора қанотларини ёзиб, кўкда чарх урган думдор қуш — фрегатни кўрди. Қуш қанотларини йиғиб, ўзини ўқдек сувга урди, кейин яна гир айланиб уча бошлади.

— Ўлжа сезганга ўхшайди,— деди чол ўзига ўзи.— Бекорга айланмаяпти.
Чол қайиқни қуш кезаётган томонга қараб оҳиста ва бир меьёрда бошқариб борарди. У чилвирлар сувга тиккасига тушиб борсин деб, шошмасдан уларни кузатиб келарди. Шундай бўлса ҳам қайиқ, ҳарқалай оқимдан кўра пича тезроқ борар ва чол ҳамон расамади билан ов қилаётганига қарамасдан хатти-ҳаракатлари қуш кўрингунга қадар бўлгандан кўра, бирмунча тезлашган эди.
Фрегат баландроққа кўтарилди ва қанотларини муаллақ ташлаб, яна чир айлана бошлади. Бирдан у шўнғиди ва чол учар балиқнинг сувдан отилиб чиққанини, денгиз сирти бўйлаб жон- жаҳди билан қанот шопириб уча кетганини кўриб қолди.
— Макрель,— деди чол баланд овоз билан.— Йирик тилла макрель.
У эшкакларни сувдан кўтариб қўйди ва қайиқ бурнидаги тахта кат остидан чилвир олди. Чилвир учига ингичка сим билан маҳкамланган майдароқ қармоққа у сардинлардан бирини илди. Чол чилвирни сувга ташлаб, бир учини қайиқнинг қуйруғига бўраб ўрнатилган ҳалқага боғлаб қўйди. Кейин у бошқа чилвирга ҳам хўрак ўрнатди-да, калавани ёймасдан катнинг соясига ташлади. Эшкакни қўлга олди ва сув устида энди паст учиб ов қилаётган узун қанот, қора қушни кузатишда давом этди. Қуш қанотларини йиғиб яна сувга шўнғиди. Сўнг учар балиқ ортидан қуваркан, ожиз ва уқувсиз қанот қоқди. Чол сув сал-пал тўзғиётганини кўрди,— тилла макрель ўзидан қочаётган балиқни таъқиб этарди. Балиқ сувга тушадиган онда, худди унинг остида пайдо бўлмоқлик учун, макрель шиддат бнлан сузиб, балиқ қаршисидан кесиб чиқишга интиларди
«У ерда жуда катта макрель тўдаси борга ўхшайди,—ўйлади чол.— Улар бир-бирларидан анча нарида сузишади, балиқнинг қочиб қутулиши амри маҳол. Қушнинг бўлса, уни чангалга олишга ҳеч қандай умиди йўқ. Учар балиқ фрегатга ҳаддан ташқари йириклик қилади. У қушни ўзига етказиб бўпти».
Чол учар балиқнинг сувдан қайта-қайта отилиб чиқаётганини, қуш эса уни тутиш учуп ношуд ва ўнғайсиз ҳаракатлар қилаётганини кузатиб борарди. «Мак-рель қўлдан чиқди,—деб ўйлади чол.—У жуда ҳам узоққа жуда ҳам тез сузиб кетади. Аммо, балки менга тўдасидан айрилиб қолган макрель дуч келиб қолар, ажаб эмас, яна унинг яқинида менга аталган катта балиқ ҳам сузаёттан бўлса! У қаердадир бўлиши керак-ку, ахир».
Ер устида булутлар энди худди тоғ тизмалари каби юксалиб кўринар, қирғоқ эса узун яшил қийқага ўхшар, унинг ортида оч зангори тепалар чўзилиб кетган эди. Сув тўқ кўкимтир, деярли бинафша ранг тусга кирди. Чол сувга қараган кезларда, у зим-зиё океан қаърида планктонларнинг қизғимтир жилвалари, ҳамда қуёш нурларининг ажиб товланишларини кўрарди. У чилвирлар сувга тик кириб бораётибдими, йўқми деб кузатиб турар ва атрофида планктоннинг кўплигидан, бу эса балиқ иноят қилиши мумкинлигидан шодланар эди. Ҳозир, шу тобда, кун кўтарилиб қолганда, нурнинг сувдан аксланиб чиқаётган ажиб товланишлари ҳам худди қирғоқ тарафда осилиб турган булут авзойи каби яхши ҳаво бўлишидан дарак берарди. Айтгандай, қуш аллақачон узоқлаб кетган, сув бетида эса, офтобда куйиб кетган саргасс сув йўсинларининг сап-сариқ тутамлари, ҳамда қайиқдан пича нарида сузиб юрган нофармон, жилвагуй шилимшиқ ҳубоб — португал физалиясидан бошқа ҳеч вақо кўринмасди. Физалия ён томонига ағдарилди, кейин яна ўзининг авввалги ҳолатини тиклади ва ўз ортидан деярли бир метрча масофада ажал ташувчи узун сиёҳ ранг панжаларини судраб келаверди.
— Вой, қанжиғ-ей!—деди чол
Енгилгина эшкак эша туриб, у денгиз тубига қаради ва у ерда жуда ҳам майда, сувда судралиб юрган мана шу қисқичпанжалар қандай рангда бўлса, шундай тус олган балиқларни кўрди; улар панжалар орасида ва сув оқизаётган хубоб соясида сузиб юришарди. Буларга панжалардан чиқадиган заҳар таъсир қилмас эди. Одамларга бўлса, бошқа гап: худди мана шунга ўхшаган шилимшиқ ва нофармон панжалар чилвирга ёпишиб олган маҳалларда, чол

балиқни чиқариб олгунча, қўллари то тирсагигача, худди заҳарли чирмовуқдан ҳосил бўлган жароҳатлар сингари яралар билап қопланарди. Заҳарланиш жуда тез рўй берар ва худди қамчи билан ургандек баданда қаттиқ сирқироқ оғриқ уйғотарди.
Анвойи жилолар билан товланувчи хубоблар беқиёс рангин кўринади. Бироқ улар денгиз махлуқлари орасида энг ашаддийси ҳисобланар эдики, чол улкан денгиз тошбақаларининг уларни ямлаб ютишидан завқланар эди. Физалиялар кўринган замоноқ, тошбақалар кўзларини юмиб, ҳар қандай хавф-хатардан холи бўлган ҳолда уларга қаршидан яқинлаб боришар ва зум ўтмай, физалияларни чангал-пангаллари билан қўшиб ютиб юборар эдилар. Тошбақаларнинг физалияларни ғипиллатиб туширишларини томоша қилиш чолга жуда ёқар эди. Унинг ўзи ҳам тўфондан сўнг, қирғоқда улар устидан юриб, қадоқ товонлари билан мижиғлаб ўтаркан, пуфакларнинг ёрилишига қулоқ солишни яхши кўрарди.
У яшил тошбақаларни кўркам ва эпчил бўлгани, қолаверса, савдода қадрга эга эканлиги боисидан ёқтирар ва сап-сариқ қалқон косасига бурканиб олган, ишқий можароларда инжиқ, португал физалияларини кўз юмиб ютадиган ланж ва ландавур, қалбаки кареттларга бир қадар нафрат билан қарарди.
Жуда кўп йиллар давомида тошбақа овловчилар билан бирга эшкак тортишган бўлса-да, ўзида бу жониворларга нисбатан хурофий бир қўрқинч сезмас эди. Чол уларга ачинар ва ҳатто, териси қалин, узунлиги қайиқ бўйича келадиган, бир тонна чамаси оғирликдаги лут деб аталувчи улкан тошбақаларга ҳам раҳми келар эди.

Кўпчилик одамлар тошбақаларга бераҳм муносабатда бўладилар. Ахир, бу жониворни  ўлдириб, нимта-нимта қилганларидан кейин ҳам, унинг юраги анчагача уришдан тўхтамай туради-ку. «Аммо лекин,— деб ўйлади чол,— юрагим юрагидан фарқ қилмайди, қўл-оёқларим бўлса, унинг панжаларига жуда ҳам ўхшаб кетади». У ўзига қувват бўлсин деб, оппоқ тошбақа тухумидан ерди. Ҳақиқий йирик балиқлар кўпаядиган сентябрь ва октябрь ойларида бардам бўлиш учун бутун май ойи шуни истеъмол қиларди.
Чол ҳар куни кўпчилик балиқчилар ўз асбоб-ускуналарини асраб қўядиган саройдаги каттакон бочкада сақланувчи акуланинг жигар мойидан ҳам керагича ичиб олар эди. Мойдан кимлигидан қатъий назар, истаган балиқчи фойдаланиши мумкин эди. Аксар балиқчилар бу мойнинг тамини ўлгудай қўланса деб топишар, бироқ уни ичиш каллаи саҳарлаб туришга қараганда ёқимсиз эмасди, устига устак у шамоллаб қолинганда қўл келар, кўзга ҳам фойдали эди.
Чол кўкка қаради ва яна денгиз устида фрегат айланиб учаётганини кўрди.
— Балиқ топибди,— деди у овоз чиқариб.
На бирон учар балиқ сокин сув бетини безовта қилар ва на атрофда майда чавақлар кўринар эди. Аммо чол шу онда унча катта бўлмаган тунец ҳавога сапчиб кўтарилиб, бир ўмбалоқ ошганча, яна денгизга калла уриб ғойиб бўлганини кўрди.
Тунец офтобда кумушдай ярқираб кетди, унинг кетидан майда балиқларга сапчиб-сапчиб отилиб, бошқа тунецлар ҳам чор атрофда сувни мавжлантириб ди-кирлаша бошладилар. Улар майда балиқлар ёнида чир айланишар, олдиларига солиб қувлашар эди.
Тунецларнинг сувни кўпиклантириб чарх уришию, фрегатнинг тунецлар даҳшати юзага чиқишга мажбур қилган балиқчаларни тута туриб, шўнғиганини кузатар экан: «Агар улар жуда тез сузиб кетишмаса, мен бутун тўдани қувиб етаман»,— деб дилидан ўтказди. — Қуш балиқчининг садоқатли кўмакчиси,— деди чол.
Шу пайт қуйруқдан туширилган бир ўрами оёғи остида бўлган калта чилвир таранг тортилди. Чол эшкакларни ташлади ва калаванинг учидан маҳкам ушлаб олди-да, жон аччиғида қармоқни тортқилаётган ўрта миёна тунецнинг залворини ҳис қилган ҳолда, уни йиғиштира бошлади. Чилвир қўлида борган сари кучлироқ юлқинарди. У ўлжани қайиққа чиқариб олиб, бортдан ошириб ташламасиданоқ, балиқнинг зангори сирти ва олтинсимон жилва қилган  биқинларини кўрди.
Миқтидан келган, худди қуйиб қўйилган ўқдек тунец қайиқнинг кунгай саҳнида ётар ва маънисиз катта кўзларини ола-кула қилиб, сип-силлиқ, серҳаракат қуйруғини жонҳолатда биланглата-биланглата ҳаёт билан видолашарди. Раҳми келиб кетган чол унинг бошига уриб ўлдирди ва ҳали жони тамом чиқиб ул-гурмаган балиқни катнинг тагига, сояга оёғи билан итқитиб юборди.
— Албакоре,— деди у овоз чиқариб,— ундан ажойиб хўрак чиқади. Ўзиям ўлдим деганда, ўн қадоқдан кам эмас.
Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда, у хиргойи қиларди. Катта
елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари ҳам қўшиқ айтарди. Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина галлашар эдилар. Гаплашганда ҳам кўпинча кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар. Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.
— Агар ўзим билан ўзим гаплашётганимни битта-яримта эшитиб қолганда, у мени жинни- пиннига чиқариб қўярди,—деди чол. Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.
«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақтимас,— деди чол ўзига.— Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол, қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб менинг улкан балиғим ҳам дайдиётгандир. Ахир, мен бор-йўғи биргина албакоре ушладим, у ҳам тўдасидан айрилиб  қолгани. Улар бўлса соҳилдан анча йироқда ов қилишади, яна жуда ҳам тез сузишларини айтмайсизми. Бугун денгизда нима учраётган бўлса, ҳаммаси ҳам жуда тез сузиб, шимоли шарққа қараб боряпти ёки куннинг мана шу пайтида доимо шундай бўлармикин? Балки, бу ҳавонинг ўзгаришидандир ва мен унинг белгисини билмасман».
Кўм-кўк соҳил сатҳи чолга аллақачон кўринмай қолган эди; узоқда бу ердан худди қор билан қоплангандек оппоқ бўлиб кўринувчи зангори тепаликларнинг бошларигина кўзга ташланар эди. Уларнинг устида турган булутлар ҳам юксак қорли тоғларга ўхшаб кўринарди.
Денгиз қоп-қора тусга кириб, қуёш нурлари сувда сина бошлади. Энди планктоннинг сон- саноқсиз жилвалари тиккага келган қуёш туфайли сўниб қолган, чол ҳозир фақат қорамтир сувда синиб қайтаётган қуёш нурларидан ҳосил бўлган йирик ва рангин доғлару, пастга қараб типпа-тик кетган чилвирларнигина кўрарди. Чуқурлик эса бу ерда бир милга етиб қоларди.
Тунецлар (балиқчилар бу туркумга кирувчи ҳамма балиқларни тунец деб аташар ва уларнинг асл номларини бозорга сотиш учун олиб борган ёки хўрак ўрнида пуллаган пайтларидагина фарқ қила бошлардилар) яна денгиз тубига тушиб кетишди. Қиздиргандан қиздириб бораётган қуёш энсасини куйдириб ўтаётганини чол сезиб турарди. У эшкак тортаётганда, тер елкасидан дувиллаб оқарди.
«Қайиқни оқимга қўйиб беришим, вақтида уйғониш учун эса чилвирни оёғимнинг бошмалдоғига боғлаб қўйиб, мизғиб олишим мумкин эди,— деб ўйлади чол.— Аммо бугун — саксон бешинчи кун, шунинг учун ҳам ҳушёр бўлиш керак».
Шу пайт у яшил қармоқлардан бирининг қимирлаб кетиб, сувга эгилиб тушганини пайпқаб қолди.

— Ана холос,— деди у.— Айтмовдимми!—ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб,  эшкакларни сувдан тортиб олди.
Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан авайлаб тутди. У балиқнинг зўр бериб кучанмаётганинн сезиб турар, шун-дан бўлса керак чилвирни сиқимламай, енгилгина ушлаб олган эди. Бироқ чилвир мана яна қалтираб кетди. Бу сафарги силтов олдингисига қараганда эҳтиёткорона ва заифроқ эдики, чол бунинг нима маъно англатишини аниқ билар эди. Яъни, юз денгиз саржинича тубанда марлин қармоқ илгагининг учи билан букламасига тизилган сардинларни ямламай туширар, қўлбола қилиб ясалган қармоқ илгагининг ўзи эса майдароқ тунец калласидан тешиб ўтказилган эди.
Чол калавани енгилгина тутиб туриб, чап қўли билан уни қармоқ дастасидан ечиб олди.
Энди калава бармоқлари орасидан балиқни сескантирмай сирғалиб чиқа олар эди.
«Қирғоқдан шунчалик олисда, яна йилнинг мана бу фаслида, балиқ жуда ҳам катта бўлса керак. Еявер. Егин энди, ол, егин. Сардинлар бирам мазали, сен бўл-санг жуда совқотгансан, олти юз фут чуқурликда сув жуда ҳам совуқ ва қоп-қоронғи бўлади. Қоронғида яна бир марта айланиб кел, орқангга қайт ва ол, е, еявер!» У енгил, сергак силтов сезди, сал ўтмай бу кучлироқ бўлиб такрорланди — битта-яримта сардинни қармоқдан юлиб олиш мушкулроқ бўлаётгани кўриниб турарди. Кейин жимжит бўлиб қолди.
— Бўла қолсанг-чи,— деди чол овоз чиқариб,—яна бир бурилиб кел. Ҳидини қара, ҳидини. Қандай ажойиб-а, тўгри эмасми? Тўйиб-тўйиб еб ол! Кейин қараб-санки, тунецни тотиб кўриш гали келади! Ахир у шундай ҳам сўлқиллаган, муздаккина, бир ширинки, қўяверасан. Қисиниб- қимтиниб ўтирма, балиқ. Егин, ол, есанг-чи, ўтинаман сендан.
У, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан калавани тутиб, балиқнинг жойдан-жойга сузиб ўтиш эҳтимоли борлигидан бир пайтнинг ўзида бошқа чилвирлардан ҳам кўз узмай кутарди. Бирдан у яна қармоқ ипининг енгил, билинар-билинмас тортқиланганини пайқади.
— Чўқийди — деди чол овоз чиқариб.— Чўқийди, худоё дард кўрмагур!
Аммо у чўқигани йўқ. Кетиб қолди. Чилвир ҳам қимир этмасди.
— Унинг бутунлай кетиши мумкин эмас,— деди чол.— Худо шоҳид, унинг кетиши мумкин эмас. У бор-йўғи қайрилиб келяпти. Эҳтимол, у бирон марта қар-моққа тушиб чиққан ва бу ҳали хаёлидан кўтарилмагандир.
Шунда у яна қармоқ ипининг оҳиста тортқиланганини сезди ва дили таскин топди.
— Айтмовдимми, у фақат қайрилиб келяпти деб… — деди чол.— Мана энди чўқийди!
У балиқнинг ҳуркиб-ҳуркиб чилвир тортқилашидан ўзини қўярга жой топмасди. Тўсиндан, чол қандайдир, фавқулода бир зилу замбил оғирлик сезди. Сезди-ю, чилвирни бўшатиб, эҳтиётдаги калавалардан бирини чуватганча, унинг борган сари қуйи, қуйи, қуйига тушиб бориши учун имкон берди. Чилвир бармоқлардан осонгина сирғалиб чиқиб пастга кетиб борар, уни ушлар-ушламас тутиб турганига қарамасдан, чол ўрамни ямлаб кетаётган ғоят зўр оғирликни ҳис қилиб турарди.
— Асти қандай бало балиқ бўлди ўзи!—деди у овоз чиқариб.— Қармоқни ямлаб олиб, энди узоқроққа жуфтакни урмоқчи.
«У барибир орқасига қайрилади, қармоқни ҳам ютиб юборади»,— деб ўйлади чол. Бироқ бир кори ҳол бўлиб ўтирмасин, деб чўчиди шекилли, овоз чиқармади. Чол бу балиқнинг қанчалик тотли эканини билар, хаёлан унинг лунжида кўндаланг тиқилган тунец билан қоронғида борган сари узоқроққа кетаётганини кўз ўнгига келтирарди. Қандайдир бир муддат ичида ҳаракат тўхтади, аммо чол ҳали ҳам балиқ вазнини ҳис қилиб турарди. Кейин тортиш авжга чиқди, чол яна ўрамни бўшатди. У бир нафас чилвирни тўхтатиб кўрди, тортим бирдан кучайиб кетди ва ўрам тиккасига пастга юлқинди.
— Чўқиди,— деди чол.— Энди бир бурнидан чиққунча тўйиб еб олсин-чи.
У чилвирни ўз ҳолига қўйиб берди-да, чап қўли билан икки эҳтиёт калаванинг бўш учини,

бошқа қармоқнинг икки эҳтиёт калавасига улади. Шу билан ҳаммаси тахт бўлди. Ҳозир қўлидагидан ташқари, унда яна ҳар бирининг узунлиги қирқ саржиндан келадигаи учта эҳтиёт шарт калава ипи ҳам бор эди.
— Яна пича есанг-чи,— деди у.— Еявер, уялма. «Шундай егинки, токи қармоқ илгаги нақ юрагингга бориб етсину, тил тортқизмай гумдон қилсин сени,— деб ўйлади у.— Ўзинг ёнимга чиққин, бу ёғига гарпун санчишни менга қўйиб бер. Шундоқ бўлсин. Қалай, тайёрмисан? Роса тўйиб олдингми?»
— Бошладик!— деди у овоз чиқариб ва чилвирни қаттиқ юлқиб, бир ярдча4 тортиб чиқарди, кейин эса қайта-қайта юлқиб, ҳар юлқишда қўллари ва жисмининг бор қувват- мадорини ишга солиб, ўрамни сигир соққандай, гоҳ у қўли, гоҳ бу қўли билан тортиб чиқара бошлади.
Ҳамма уринишлари зое кетди. Балиқ эринмайгина илгарилаб борар, чол уни ўзига бир дюйм ҳам яқин келтира олмасди. Унинг чилвири катта балиқларга мўлжалланган, пишиқ эди. Чол уни елкасига олиб, шундай ҳам таранг тортдики, ҳатто сув зарралари сачраб-сакрашиб кетди. Кейин чилвир сувда заиф вишиллади, чол бўлса, ўриндиққа тираниб, ҳамон уни бўшатмас эди. Қайиқ бирмунча шимоли-ғарб томонга оға бошлади. Балиқ сузгандан сузиб борар, улар зилол сув бўйлаб оҳиста узоқлаб кетишарди. Бошқа хўраклар денгизга қандай ташланган бўлса, ҳамон шундайлигича турар, чол уларни нима қилишни билмасди.
— Қани энди, ёнгинамда бола бўлса!—деди у.— Балиқ мени шатакка олди, ўзим-ку буксир битенгига5 ўхшаб қоляпман. Ўрамни асли қайиққа боғлаб қўяверса ҳам бўлаверарди. Аммо бунақада балиқ, худо кўрсатмасин, узиб қочиши мумкин. Мен уни маҳкам ушлашим ва керагича бўшатиб туришим керак. Худойимдан ўргилайки, у чуқурликка кетмайгина сузиб юрибди. Мабодо у чуқурроқ тушишни хоҳлаб қолса, мен нима қилдим? Агар у тош бўлиб денгиз қаърига кетса, ўша ерда ўлиб қолса, нима қиламан? Билмайман. Ўшанда маълум бўлар.
Нималар қилмаслигим мумкин менинг!
У ўрамга елкаси билан тиркалиб тураркан унинг сувга қандай оғаётгани-ю, қайиқнинг шимоли-ғарбга томон оҳиста жилиб боришини кузатар эди.
«У кўп ўтмай ўлади,— ўйларди чол.— Доимо сузиб юравериш мумкин эмас».
Бироқ тўрт соат ўтса ҳамки, балиқ ҳамон қайиқни ўз ортидан судраганча, тиним билмай, очиқ денгизга кетиб борарди, чол эса, ўша-ўша, елкасида сиртилган чилвир, оёғи банкага тироғлиқ ўтирарди.
— Уни ушлаганимда, айни пешин эди,— деди чол.— Шу пайтга довур ҳам ўзини кўрганимча йўқ.
Балиқни ушлаш олдидан пешонасига бостириб кийиб олган сомон шляпаси манглайини қийиб юборганидан, оғриқ турган эди. Чол ташна бўлган, сув ичкиси келарди. У ўрамни тортқилаб юбормаслик учун, оҳиста тиззалаб, қайиқ бурнига иложи борича яқин борди ва бир қўли билан шишани олди. Унинг оғзини очиб, бир неча қултум ютди. Сўнг шу ерга ёнбошлаб, нафас ростлади. У елкан ўралган мачтага ўтириб, ҳеч нарсани ўйламасликка ва ҳуда-беҳуда куч сарф қилмасликка ҳаракат қилиб дам оларди.
Кейин чол келган йўлига назар ташлади ва ер аллақачон кўринмай кетганини кўрди.
«Ҳечқиси йўқ,— деб ўйлади у.— Мен ўзим истаган маҳалда, Гавана чироқ-ларини қора қилиб, орқага қайтишим мумкин. Кун ботишига иккн соат қолди, у шу пайт ичида сузиб чиқса, ажаб эмас. Агар чиқмаса, ойдинда юқорига кўтарилар. Бу ҳам бўлмаса, балким, тонг билан чиқар. Қўлим ҳам айилиб кетаётгани йўқ, бардам-бақувватман. Қармоқни мен эмас, у ютган-ку. Аммо тортиши шунчалик бўлса, ўзи қандай балиқ бўлдийкин! Афтидан, чилвирни ҳам маҳкам қисиб олганга ўхшайди. Унга шундай бир қараб ололсам эди, ўшанда у билан қандай муомала қилишни ўзим билардим».

4 Я р д – (узунлик ўлчови) – 0,95 м га баробар.
5 Б и т е н г – кеманинг олд қисмига ўрнатилган пўлат ёки чўян ғўла. Кема шатакка олинганда арқон шунга юоғланади.

Чолнинг юлдузларга қараб қилган тахминига кўра, балиқ ўз йўлини ўзгартирмасдан тун бўйи сузиб чиқди. Қуёш ботгандан сўнг совуқ турди, бутун орқаси, елкалари, кексалик асар қилган оёқларида тер қотиб қолди, у совқотди. Кундузи чол хўракли яшик устига ташлаб қўйилган қопни олиб, қуритиш учун офтобга ёйиб қўйган эди. Кун ботгач, у қопни бўйни атрофига ўради-да, ўрам ипи остидан оҳиста ўтказиб, орқасига туширди. Энди ўрам залворидан елкаси аввалгидек қийилиб-қирчилмас, қайиқ бурнига ёнбошлаганча, қулайгина ўрнашиб олганидан, анчайин енгиллик туғилган эди. Тўғрисини айтганда, бу енгиллик номигагина ади. Аммо у ўзини буларнинг бари гўё шоҳона бир қулайлик деб ишонтирарди.
«Мен уни бир ёқли қилолмайман,— лекин у ҳам мени бир ёқли қилолмайди,— деди чол ўзига.— У бошқача бирон лўттибозлик ўйлаб чиқармагунча, шундай бўлади».
У бир марта ўрнидан турди, бортоша ёзилди, юлдузларга қараб, қайиқнинг қаёққа йўл тутаётганлигини белгилади. Чилвир унинг елкасидан тўппа-тўғри сувга тушиб турган нозиккина нур бўлиб кўринарди. Қайиқнинг ҳаракати энди секинлашган, Гавана чироқлари ҳам пилпиллаб хира кўринар эди, оқим уларни шарқ томонга суриб кетаётганга ўхшарди. «Гавана чироқлари кўринмай кетяптими, бас, демак биз борган сари шарққа қараб боряпмиз,— деб ўйлади чол.— Агар балиқ йўлини ўзгартирмаган бўлганда, мен уларни ҳали яна бир неча соат кўриб турган бўлардим. Қизиқ, бугунги ўйинларнинг натижаси қандай бўлдийкин? Қани энди қайиғингда радио бўлса!» Аммо ўз ўйини ўзи бўлди: «Ҳадеб алаҳсийверма! Қилаётган ишингни ўйла. Қовун тушириб қўймаслик учун, ўйла».
Кейин овоз чиқариб деди:
— Боланинг ёнимда йўқлиги ёмон бўлди. Ҳарна мадад эди. Ҳам буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган бўларди.
«Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан,—деб ўйларди у.— Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди. Тунец ҳидланиб қолмасдан бурун еб олишни унутмасам бўлгани, ахир, мен кучдан қолмаслигим керак. Унчалик очиқмаган тақдиримда ҳам, уни эрта билан еб олиш хотирамдан кўтарилмаса бас. Ишқилиб, нима бўлганда ҳам унутмай-да, унутмай»,— деб такрорларди у.
Тунда қайиқ ёнига икки денгиз чўчқаси сузиб келди. Чол нар чўчқанинг пишқирганини,  модасининг гўё ҳомуза тортгандай, эшитилар-эшитилмас, пишиллаётганини эшитди.
— Қурғурлар-э,— деди чол.— Ўйнашади, шўхлик қилишади ва бир-бирларини яхши кўришади. Улар бизга худди учар балиқлар сингари яқин.
Кейин у қармоғига тушган катта балиққа жуда ҳам ачиниб кетди. «Турган-битгани мўъжиза- ку бу балиқнинг. Унинг дунёда неча йил умр сурганини худойим-нинг ўзи билади. Менинг қўлимга ҳеч қачон бунақанги кучли балиқ тушмаган. Ўзини тутишини қаранг, ақл бовар қилмайдия бунга. Эҳтимол, унинг сакраб чиқ-маётгани ҳам бениҳоя ақлли бўлганидандир. Агарда у бор кучи билан олдинга интилса ёки сапчий қолса борми, тирик қўймасди мени, ахир. Аммо, балки бу унинг қармоққа биринчи марта тушиши эмасдир ва у жонини сақлаш учун мана шу алпозда курашмоқни аъло билар. Ўз мухолифи ёлғиз бир киши, у ҳам бўлса, чол эканини қаердан билсин. Лекин бу балойи азим балиқ экан, агар унинг гўшти мазали бўлса, қанчадан- қанча пул келтиради! У хўракка ҳам нордай ташланди, нор-дай судраяпти, бунинг устига мен билан қўрқув нима билмасдан олишяпти. Қизиқ, у ўзининг нима қилиши кераклигини билармикин ёки худди менга ўхшаб, бош-кетига қарамай сузяптими?»
У, бир сафар қармоқда мода марлин тутганини эслади. Нор балиқ доимо модасини емишга биринчи бўлиб қўяди. Қармоққа тушган мода даҳшат ичида жон-жаҳди билан зўр бериб олиша бошлади, бу уни ҳаш-паш дегунча ҳолдан тойдириб қўйди, нор балиқ бўлса, ундан бир қадам ҳам орқада қолмасдан, денгиз юзида ёнма-ён сузар, чарх айланар эди. У шундай яқин келиб сузардики, чол, балиқ худди ўроқ каби ўткир, кўриниши ҳам деярли ўроқникидан

қолишмайдиган думи билан чилвирни қирқиб юборадими, деб қўрқарди. Чол мода балиқни чангак билан санчиб олиб, худди қилич сингари кескир, ғадир-будур оғзидан ушлаб туриб, тўқмоқ билан миясига туширган пайтида ҳам, то унинг ранги ўзгариб, кўзгулар тошига суртиладиган амальгама тусига кирмагунча савалаган чоғларида ҳам ва ниҳоят, бола ёрдамида уни қайиққа тортиб чиқарган кезларида ҳам нор балиқ шу ерда эди. Кейин, чол чилвирни ўраб, гарпун тайёрлаётганда, нор балиқ ўз йўлдошига нима бўлганини кўриш учун қайиқ ёнида ҳавога баланд сакраб кўтарилди, шундан сўнг, тиниқ сафсар ранг кўкрак қанотларини ёйиб, умуртқаси узра чўзилиб кетган кенг оч пушти, йўл-йўл тасмалари равшан кўринганича, денгизга чуқур шўнғиб кетди. У қандай фусункор бўлганини чол сира унутолмасди. Бунинг устига ўз йўлдошини то сўнгги дамгача ташлаб кетмаган эди.
«Денгизда мен бунчалик қайғули бўлган бошқа ҳеч нарсани кўрмаганман,— деб ўйлади чол.— Бола ҳам маъюс бўлиб қолганди ва биз мода балиқдан кечирим сўраб, кўз очиб юмгунча сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган эдик».
— Афсуски, ёнимда бола йўқ,— деди у овоз чиқариб ва елкаларини босиб тушган ўрам орқали ўзининг қандайдир нуқтаси сари оғишмай бораётган улкан балиқнинг қудратли кучини муттасил ҳис қилган ҳолда, қайиқ бурнининг думалоқ тахталарига қулайроқ ўрнашиб олди.
— Менинг ҳийлам туфайли у ўз фикрини ўзгартишга мажбур бўлди, ақл ҳам бовар қилмайди бунга!
«Унинг пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган эди. Менга эса, ёлғиз бошим билан унинг кетидан тушиб, ҳали ҳеч ким келиб етмаган жойда топиш насиб бўлди. Ҳа, ҳеч зот келиб етмаган жойда. Энди бўлса ҳар икковимиз тушдан бери бир-биримизга боғланиб қолдик. Шундай. На унга ва на менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўза олмайди».
«Эҳтимол, мен балиқчи бўлмаслигим керак эди,— деб ўйларди у.— Лекин худди шу касб учун туғилганман-ку, ахир. Тонг отиши билан тунецни еб олиш ёдимдан чиқмаса бўлгани».
Қуёш кўтарилмасдан сал бурун орқа томондаги қармоқлардан бирига балиқ илинди. У қармоқ дастасининг синган товушини ва чилвирнинг қайиқ зийи оша сирғалиб тушаётганини эшитди. Қоронғи ичида у пичоғини ғилофидан суғуриб олди ва балиқнинг бутун оғирлигини чап елкасига туширган ҳолда, орқасига эн-кайди-ю, зийдаги чилвирни кесиб юборди. Кейин у ёнидаги чилвирни қирқди ва эҳтиёт калаваларнинг учларини тусмоллаб топиб бир-бирига маҳкам боғлаб қўйди. Чол тугунларни ечиб бўлмайдиган қилиш учун калаваларни оёқлари билан тутиб турганча, бир қўллаб чаққон ишларди. Энди унинг ихтиёрида олти эҳтиёт чилвир ўрами бор эди — ҳар бир кесилган чилвирдан иккитадан тўртта ва балиқ илинганидан иккита, ҳар бир ўрам бир-бирига уланиб кетар эди.
«Тонг ёриша бошлаши билан,— деб ўйларди чол,— қирқ саржинча ташланган чилвирни олишга ҳаракат қиламан-да, уни ҳам кесиб, эҳтиёт калаваларига улаб қўяман. Тўғри, бундай қилганда, икки юз саржинча пишиқ каталон арқонидан маҳрум бўламан. Илмоқлару, чўктиргичларни ҳисоблаб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳечқиси йўқ, бу нарсаларни қайта топиш мумкин. Аммо агарда қармоққа бошқа қандайдир балиқ илиниб, мана бунисидан бенасиб қилса, ким менга яна худди шунақасини топиб бера оларди? Ҳозир чўқигани қандай балиқ экан, билмайман. Балки, марлиндир, балки найза балиқ ёки акуладир. Нима бўлганини ҳатто пайқамай қолдим. Ундан тезроқ қутулиш керак эди».
Овоз чиқариб деди:
— Эҳ, ёнгинамда бола бўлсайди!
«Аммо ёнингда бола йўқ,— деб ўйларди у.— Сен фақат ўзинггагина ишонишинг мумкин. Шундай зкан, ҳозирнинг ўзидаёқ қоронғи бўлса ҳам, анави охирги чилвирни олиб, кесишинг керак-да, икки эҳтиёт ўрамини улаб қўйганинг маъқул».
У шундай ҳам қилди. Қоронғида ишлаш оғир эди, Бир гал балиқ шундай силталадики, у юз тубан йиқилиб тушди ва кўз остини ёриб олди. Қон ёноғидан оқиб туша бошлади, аммо ҳали иягига етиб улгурмасдан қуюлиб тўхтади ва қотиб қолди. Ўзи бўлса, нафас ростламоқ учун қайиқ бурнига қараб сургалди ва етиб келиб ёнбошлаб олди. Чол қопни ўрнаштириброқ қўйди, чилвирни эҳтиёт билан елкасинннг ҳали лат емаган қисмига ўтказиб, бутун оғирликни елкасига туширди-ю, балиқнинг қанчалик куч билан тортаётганини аниқлашга уринди, сўнгра, қўлини сувга тушириб, қайиқ тезлигини билишга ҳаракат қилди.
«Нега у бунчалик силтандийкин, қизиқ,— деб ўйлади у.— Ҳар нечук чилвир елкасидаги катта ўркачдан сирғалиб тушган бўлса ажаб эмас. Унинг елкаси ме-никичалик оғримайди, албатта. Аммо у қанчалик йирик бўлмасин, қайиқни бир умр тортиб юролмайди-ку, ахир. Энди халақит бериши мумкин бўлган нарсаларнинг баридан қутулдим. Бундан ташқари, чилвирни ҳам керагича ғамлаб қўйдим, кишига шундан бошқа яна нима керак ўзи?»
— Балиқ,— деб чақирди у секингина,— ўлсам ўламанки, сендан ажралмайман.
«У ҳам, ҳар ҳолда мендан айрилмаса керак»,— деб ўйлади чол ва тонг ёришини кута бошлади. Бу азон палласи ҳаво совуқ эди ва у сал бўлса ҳам исиниш учун қайиқ тахталарига бағрини бериб қаттиқроқ ёпишди. «У чидаётибдими, мен ҳам чидайман».
Кўп ўтмай тонг шафағи денгиз қаърига кетган таранг чилвирни ёритди. Қайиқ тўхтовсиз илгари силжирди: қуёш ҳам уфқ бетида тирноғини кўрсатди-да, чолнинг ўнг елкасига нур тўкди.
— Шимолга қараб сузяпти,— деди чол.— Оқим-ку, бизни анча шарқ томонга суриб кетганга ўхшайди. У оқимга қараб бурилса қанийди. Унинг ҳолдан тойга-нини шундан билса бўлади.
Аммо қуёш яна ҳам юқори кўтарилганда, балиқ чарчашнн ҳатто хаёлига ҳам келтирмаётганлиги чолга аён бўлди. Кўнглига фақат бир нарса таскин бериб ту-рар, у ҳам бўлса, балиқнинг энди анчагина юзада сузаётганлиги эди, буни чилвирнинг сувга қандай қияликда кетаётгани аниқ кўрсатиб турарди. Аммо бу — балиқ, албатта сув, юзига қалқиб чиқади деган гап эмас эди. Бироқ, ҳар қалай у чиқиб қолиши ҳам мумкин.
— Э худо ўзинг уни бу ёққа чиқиш мажбур қил!— деди чол.—Суробини тўғрилаш учун эса, худога шукур, етарли калавам бор.
«Ёки чилвирни андак тарангроқ тортсаммикин, оғриқ жонидан ўтса, отилиб чиқиб қолармиди дейман-да,— деб ўйлади чол.— Мабодо чиқадиган бўлса, кун ёруғлигида чиқиб қўя қолсин. Ўшанда умуртқаси ёқалаб кетган пуфаклари ҳаво билан тўлиб қолади. Кейин у денгиз остида ўлиш учун ҳеч қачон у ерга тушол-майдиган бўлади».
У чилвирни яна ҳам тарангроқ тортишга уриниб кўрди, аммо чилвир бусиз ҳам аввал бошдан шундай таранглашган эдики, ҳозир уни тортай деб, ўзини орқага ташлаши билан елкасини чунонам ўйиб юборди-ки, бунақада чол ҳеч вақо чиқара олмаслигинн билди. «Силтаб тортиш мумкин бўлмаса, бу фалокатни,— деб ўйлади чол.— Ҳар силтовда қармоқ тишлаган жой кенгайиб бўшашаверади, мабодо балиқ юзага чиқиб қолса, қармоқ ҳам айилиб кетиши мумкин. Ҳар ҳолда ўзимни ҳозир, қуёш чиқиб турганда, яхши ҳис қиляпман. Бу сафар офтоб ҳам кўзимга тушмаяпти».
Чилвирларни сариқ сув ўтлари чирмаб олди. Аммо чол шунга ҳам хурсанд эди, чунки улар қайиқ ҳаракатини секинлаштириб туришарди. Бу ўша, тунда ялтираб кўринадиган сариқ сув ўтларининг ўзгинаси эди.
— Балиқ,— деди у,— сени жуда ҳам яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Аммо билиб қўй, кун ботмасдан сени гумдон қиламан.
«Ҳар ҳолда, мен бунинг уддасидан чиқсам керак»,— деб ўйлади у.
Тирноқдаккина қуш шимол томондан қайиққа яқинлашди. У сув бетида пасайиб учарди.
Чол унинг ниҳоятда ҳолдан тойганини кўрди.
Қуш нафас ростлаш учун қайиқнинг қуйруғига қўнди. Кейин у чолнинг боши устида айланиб учди-да, ўзи учун қулайроқ бўлган чилвир устига қўниб олди.

— Ёшинг нечада?—деб ундан сўради чол.—Ҳойна-ҳой, бу сенинг биринчи саёҳатингдир?
Қуш жавоб ўрнига чолга қаради. У жуда ҳам чарчаган эди, ҳатто чилвир ўзини кўтарадими, йўқми, шунга ҳам қараб ўтирмади, мурғак панжалари билан уни чангаллаб олганча, чайқалибгина турарди, холос.
— Қўрқма, калава маҳкам тортилган,—деб уни юпатди чол.—Ҳатто ҳаддан зиёд маҳкам.
Сокин тунда сен бу қадар ҳолдан тоймаслигинг керак эди. Эҳ, эндиги қушлар, эндиги қушлар!
«Лочинлар бўлса-чи,— деб ўйлади у,— денгизнинг ҳар қаричида сизларнинг тумшуғингиз тагидан чиқиб қолиши мумкин». Аммо буни қушга айтиб ўтирмади, айтганда ҳам, у барибир тушуниб етармиди. Ҳечқиси йўқ, ўзи тезда лочиннинг нималигини билиб олади.
— Яхшилаб дам олгин, митти қуш,— деди у.— Кейин соҳилга қараб учгин, ҳар бир одам, қуш ва балиқ сингари сен ҳам чинакамига ҳаёт учун қаттиқ туриб курашгин.
Қуш билан бўлган бу суҳбат ўзига андак мадад бергандай бўлди. Чунки туни билан елкасининг акашаги чиққан ва у энди росмана зирқираб оғриб турарди.
— Агар хоҳишинг бўлса, қуш, мен билан яна пича бирга бўл,— деди у.— Нима қилайки, шабада ғимирлаб қолган бўлса ҳам, елкан ўрнатиб, сени қирғоққа олиб бориб қўёлмайман. Бу ерда эса дўстим ҳам бор. Уни ташлаб кетолмайман.
Худди шу онда балиқ тўсатдан қаттиқ юлқинди ва чолни қайиқ қуйруғига юмалатди; агар у қўли билан бортга таянаб қолмаганда, чилвирни бўшатмаганда, балиқ уни илаштириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди.
Чилвир юлқинган пайтда қуш учиб кетган эди. Унинг қандай ғойиб бўлганини чол ҳатто пайқамай қолди. У калавани ўнг қўли билан пайпаслаб кўрганида, қўлидан қон оқаётганини кўрди.
— Балиқнинг ҳам жони роса қийналгандир,— деди у ўзига-ўзи ва балиқни бошқа томонга буриб бўлмасмикин деган ниятда, чилвирни алдаб тортди. Охирига-ча тортиб бўлгач, аввалги ҳолатида тек қотди.
— Мазанг қочяптими, балиқ?— деб сўради у.— Худойим кўриб турибди, менга ҳам осон эмас.
Ким билан бўлмасин жуда ҳам гаплашгиси келди. Атрофга аланглаб қушни излади. Аммо ундан ном-нишон ҳам қолмаган эди.
«Дарров кетиб ҳам қолибсан,— деб ўйлади чол. Аммо сен кетган ёқда шамол хийлагина кучлироқ ва у то соҳилга довур эсиб боради. Бир силташда балиққа ўзимни ярадор қилишга йўл қўйиб берганимни қара-я? Ростдан ҳам, жуда меров бўлиб қопман. Ёки бўлмаса, шундай ўзим, қушга маҳлиё бўлиб, фақат у тўғрида ўйлаб қолгандирман? Энди мен мана бу ҳақда ўйлайман ва мадор бўлсин деб, тунецни тамадди қилиб оламан».
— Афсус, ёнимда бола ҳам йўқ, туз ҳам йўқ,—деди ў ўзига-ўзи.
У балиқнинг оғирлигини чап елкасига олиб, оҳиста чўккалади-да, қўлини ювди, уни бир муддат сув ичида тутиб тураркан, ёйилиб бораётган қон изи ҳамда ўткин-чи оқимнинг қўлни ялаб, айланиб ўтишини кузатди.
— Балиқ боягидан хийла секин сузяпти,— деди у. Чол шўр сувда қўлини узоқроқ тутиб туришни истарди-ю, аммо балиқ яна тортқилаб қоладими, деб қўрқди: шунинг учун ҳам у ўрнидан туриб, чилвирни елкаси билан тортиброқ қўйди ва қўлини офтобга тутди. Чилвир қўлнинг бор-йўғи биргина, аммо худди ишга энг асқатадиган юмшоқ жойини тилиб кетган эди. Иш долзарбга келишда қўли ҳали тоза ҳам керак бўлишини чол тушунар, келиб-келиб, бошданоқ унинг дардисар бўлиб қолганлигидан ғижинарди.
— Энди,— деди у қўли қуригач,— тунецни еб олишим керак.— Уни бу ёққа чангак билан тортиб ололаман, кифтини келтириб қорин тўйдириш ҳам қўлимдаи келади.

Чол яна чўкка тушди ва қуйруқ тагини чангак билан тимирскилаб, тунецни топди. Чилвир ўрамини авайлаб тутганча, тунецни ўзига томон сурди. Балиқнинг бутун оғирлигини яна чап  елкасига олиб, сўл қўли билан қайиқ четига таянди-да, тунецни қармоқдан ажратиб олди ва чангакни ўз ўрнига қўйди. Балиқни тиззасига сиқиб олди ва унинг қорамтир қизил тусли гўштини бўйнидан тортиб то думигача узунасига тилимлаб чиқди. Тилим-тилим қилиб олти бўлак кесиб олгач, уларни қайиқ бурнининг тахталарига териб қўйди, пичоқни почасига суртди, тунец склетини думидан ушлаб олиб денгизга итқитди.
— Ҳойнаҳой, бутун бир бўлакни ея олмасман — деди у ва бўлаклардан бирини иккига бўлди.
Чол улкан балиқнинг тин олмасдан, кучдан қолмай тортиб бораётганини, чап қўли эса тамомила айилиб кетаётганийи сезиб турарди. Бу қўли оғир арқонни титраб-қақшаб тутамлар эди. Чол унга ижирғаниш билан сарасоф солди.
— Худо ҳақи, шу ҳам қўл бўлдию!— деди у.— Кўнглинг суст кетаётган бўлса майли, айилиб тушавер! Менга деса, қушпанжасидай бўлиб қолмайсанми, барибир бунинг сенга нафи тегмайди.
«Бироз тотиниб ол,— деб ўйлади у қоп-қора сув ва унга қиялаб кетган ўрамга назар солар экан,— билагинг бақувватроқ бўлади. Бу қўлда нима гуноҳ бор? Ахир, сен қаторасига неча соатдан бери балиқни ушлаб турибсан ўзинг. Аммо барибир охиригача ундан айрилмайсан. Ҳозирча тотиниб ол».
У балиқнинг бир бўлагини олиб, оғзига солди, ва оҳиста чайнай бошлади. Мазаси у қадар кўнгил айнитар даражада эмас эди.
«Ҳатто увоғининг ҳам тамини йўқотмаслик учун яхшилаб чайна,— деб ўйларди у.— Қани энди буни лимон ёки жуда бўлмаса, туз билан қўшиб туширсанг, додига ким етсин».
— Хўш, қалай, ўзингни яхши сезяпсанми?—деб сўради у худди мурданики сингари тарашага айланиб кетган қўлидан.— Сени деб, яна бир бўлакни ейман.
Чол боя ўртасидан бўлинган тилимнинг иккинчи бўлагини оғзига солди. Эринмай чайнаб, кейин пўстини тупуриб ташлади.
— Хўш, нечук, енгил тортдингми? ёки ҳали ҳам ҳеч нима сезмаяпсанми?
У яна бир бўлакни олиб, уни ҳам еб олди.
«Ажойиб, этли балиқ экан, — деб ўйлади у.— Яхшиямки, қўлимга макрель эмас, тунец тушди. Макрель ўлгидай чучмал бўлади. Бу балиқда бўлса, шира деярли йўқ ва бунинг устига таом сифатида бақувват. Айтгандай, бекорчи хаёллар билан мия чалғитишнинг нима ҳожати бор,— деб ўйлади у.— Қиттаккина бўлса ҳам тузнинг бўлмагани чатоқ бўлдида. Бу қолган бўлаклар офтобда нима бало бўлади — қоқланадими, ёқи ҳидланиб қоладими, билмайман. Шунинг учун, оч бўлмасам ҳам, яхшиси уни еб қўя қолай. Улканвой ҳам ўзини мулойим ва мўмин тутяпти. Мен тунецни охиригача еб тугатаману, сўнг бошга тушганини кўришга ҳозир бўламан».
— Сабр қил, қўл,— деди у.— Кўряпсанми сени деб, ўлар-тириларимга қарамай ҳаракат қиляпман.
«Катта баликни ҳам меҳмон қилишим керак эди аслида,— деб ўйлади у.— Ахир, у менга йўлдош бўлиб қолди. Аммо мен уни ўлдиришим керак. Бунинг учун эса куч-қувват лозим бўлади».
Чол тунецнинг ҳамма тилимларини оҳиста ва пок-покиза еб битирди. Қўлини иштонига сурта-сурта, қаддини ростлади.
— Хўш, энди, қўл,— деди у,— сен чилвирни қўйиб юборсанг ҳам бўлар. Майнавозчилигинг тугамагунча, ўнг қўлим билан эвини қилиб тураман.
Олдин сўл қўли билан ушлаб турган йўғон ўрамни, энди чол чап оёғи билан қисиб олди ва балиқнинг оғирлигини елкасига оларкан, ўзини орқага ташлади.
— Худоё, ишқилиб, бу томир тортиш ўтиб кетса бўлгани!—деди у.— Ким билади, ҳали бу балиқнинг бошига нима хаёллар келмайди.

«Кўринишдан ҳозирча ипакдай,— деб ўйлади у,— бамайлихотир ҳаракат қиляпти. Аммо хаёлида нима бор? Ва мен нима қилишим керак? У шунчалик улкан-ки, мен ўз режамни унинг режасига мувофиқлаштирмасам бўлмайди, ахир. Агар у сузиб чиқса, мен уни ўлдира оламан. Мабодо у бутунлай чиқмай қолса-чи? Унда мен ҳам у билан бирга қоламан».
У томир тортишишдан чангак бўлиб қолган қўлини иштонига суртиб, бармоқларини ёзишга уринди. Аммо қўл очилмас эди. «Эҳтимол, у офтобдан ёзилиб кетар,— деб ўйлади чол.— Эҳтимол, хом тунец ҳазм бўлгандан кейин ёзилиб кетар. Агар у менга керак бўлиб қолса, қандай бўлмасин уни ишга соламан, вассалом. Бироқ, ҳозир мен бунга куч сарф қилиб ўтиришни истамайман. Майли, у ўзи очилсин, ўз ихтиёри билан жонланиб кетсин. Нима бўлганда ҳам, кечаси жамийки калаваларни кесиб, бир-бирига улаш керак бўлганда, у шўрли мендан кўп азият чекди».
Чол олис-олисларга боқиб, энди ўзининг нақадар ёп-ёлғиз эканлигини тушунди. Аммо бу тубсиз сим-сиёда синиб аксланган рангин қуёш нурлари, пастга кетган таранг чилвир ва денгиз сатҳининг ажабтовур тўлғоқларини кўриб турарди. Пассат бўлишидан хабар бериб булутлар тўдаланарди. Чол олдинга қараб, осмон бетида яққол кўзга ташланиб учган ёввойи ўрдаклар тўдасини кўрди; ана тўда хираланиб ёйилди, кейин яна аввалгидан ҳам тиниқ бўлиб кўзга ташлаиди ва чол денгизда киши ҳеч қачон ёлғиз ўзигина қолмаслигини тушунди.
Баъзи одамларга кичкина қайиқ билан очиқ денгизда қолиш жуда ҳам қўрқинчли кўринади.

Чол шу ҳақда ўйлар экан, уларнинг бу қўрқинчлари ҳаво тўсатдан айниб қоладиган ойлардагина асосли деган фикрга келди. Аммо, ҳозир довуллар уввос тортадиган фасл киргану, довулнинг ўзидан дарак йўқ экан, демак йилнинг энг сара вақти ҳам худди шунинг ўзи бўлади.
Довул яқинлашганда, унинг ҳаводаги белгиларини денгизда туриб ҳар доим бир неча кун олдиндан кўриш мумкин. Қуруқликда эса уни пайқамай қоладилар, деб ўйларди чол, чунки нимага қараш кераклигини ўзлари ҳам билишмайди. Бундан ташқари қуруқликдаги булутнинг кўриниши ҳам тамомила бошқача. Нима бўлганда ҳам ҳозир довул туриб қолади, деб кутишга ҳожат йўқ.
Осмонга қараб, у оппоқ тубсиз сентябрь кўкида ўзи суйиб ейдиган мороженоега ўхшаш укпар булутларнинг ҳарир пардаларини кўрди.
— Тезда енгил эпкин туради,—деди чол.— У бўлса, балиқ, сенга қараганда, менга кўпроқ қулайлик туғдиради.
Унинг чап қўли ҳали ҳамон тарашадай қотганча турар, аммо энди сал-пал қимирлатса бўладиган эди.
«Қўлимнинг томир тортишини шундай ёмон кўраманки,— деб ўйлади чол.— Тана  ўзингники бўлса-да, яна мана бундай дард устига чипқон бўлиб турса! Балиқ еб заҳарлансанг- да, одамлар ичида ҳадеб бурнинг оқиб кетаверса ё қайт қилгинг келаверса, қанчалик шарманда бўласан киши. Аммо томир тортиши (буни у хаёлида calambre деб атарди) ундан ҳам ёмон шарманда қилади ва яна, айниқса, бир ўзинг бўлсанг».
«Агар ёнимда бола бўлганда,— деб ўйлади чол, — қўлимни тирсакдан бошлаб уқалаб қўйган бўларди. Майли, ҳечқиси йўқ, шундай ҳам яхши бўлиб кетади». Қўққисдан чол ҳали сувга тушган чилвирнинг қиялиги ўзгариб қолганини пайқаб улгурмасдан, унинг ўнг қўли тортиш кучи сусайганини сезди. У ўзини орқага ташлади, кучи борича чап қўли билан сонига тушира бошлади ва шунда чилвирнинг аста-секин юқорига кўтарила бошлаганини кўрди.
— Кўтариляпти,— деди у.— Қани, қўл, бўла қол, қимирла! Ўтинаман сендан!

Чилвир узунасига борган сари чўзилгандан чўзилиб борар ва ниҳоят, қайиқ қаршисидаги денгиз сатҳи бўртиб кетди, балиқ сувдан чиқди. У чиққандан чиқиб борар, чиққандан чиқиб борар, гўёки бош-кети йўққа ўхшар, сув эса унинг ёнларидан дув-дув оқиб тушарди, Балиқ бутун борлиғи билан қуёшда товланиб ёнар, боши ва усти тўқ бинафша рангда, энли ён  тасмалари эса, тиниқ шуълаларда майин сафсар рангда кўринар эди. Унинг тумшуғи ўрнида худди бейсбол чавғонидай узун ва учи рапира сингари ўткир тиғ турар эди. У сувдан бор бўйи билан кўтарилди, кейин худди моҳир сузувчидек жим шўнғиди, унинг ўроқ тиғига ўхшаш ҳайбатли қуйруғи сувга ботиб улгурмасдан, калава шитоб билан бўшала бошлади.
— У менинг қайиғимга қараганда, икки футча узунроқ,— деди чол.
Чилвир денгизга тез, аммо бир меъёрда кетиб борар, балиқнинг ҳеч бир нарсадан чўчимаганлиги яққол кўриниб турарди. Чол чилвирни икки қўллаб охиригача тортишга уринар эди. Агар балиқнннг ҳаракатнни бир меъёрдаги қаршилик билан секинлатишга муваффақ бўлмаса, у ҳолда балиқ бор-йўқ калавасини тортиб, узиб-юлқиб кетажагини чол биларди.
«Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман,— деб ўйларди у.— Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла  шукурки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам энчил, ҳам олижаноброқдирлар».
Чол ўз умрида жуда кўп катта балиқларга дуч келган эди. Вазни минг қадоқдан ҳам оғирроқ келган балиқлардан талайини кўрган, ўзи ҳам бир маҳал шундай хилидан иккисини тутган, аммо ҳеч қачон бундай ишни бир ўзи қилишига тўғри келмаган эди. Мана энди умрида кўзи билан кўрмаган, қулоғи билан эшитмаган бу қадар катта балиққа очиқ денгизда, ёлгнз ўзи чамбарчас боғланиб ўтирибди, чап қўли эса бояги бояги, акашак. Гўё бургутнннг юмуқ  панжаларига ўхшайди.
«Бе, қўлим ёзилиб кетади ҳали,— деб ўйлади у.— Жилла қурса, ўнг қўлимга кўмаклашиш учун, албатта ёзилиб кетади. Бор эканда, йўқ экан, кўк денгиздан нарида уч оға-ини: бир балиқ ва менинг икки қўлим: бўлган экан… Албатта ёзилиб кетади. Лўқ бўлиб туриши шармандалик- ку, ахир».
Балиқ секинлашди, энди у аввалги тезликда борарди.
«Қизиқ, нима сабабдан у кутилмаганда юқорига чиқиб қолди,— фикрлай бошлади чол.— Ё ўзини қандай эканлигини менга кўрсатгани чиқдими. Ҳай, бу ҳам ёмон эмас, энди уни биламан. Аттанг, унга мен ўзимнинг қандай одам эканлигимни кўрсата олмайман. Айтайлик, бунда у менинг мана бу расвойи олам бўлган қўлимни кўрган бўларди. У мен ҳақимда аслида ўзим арзимасам ҳам яхшироқ фикрда бўлишини истайман. Ўшанда мен чиндан ҳам яхши бўламан. Мен балиқ бўлишни, унинг нхтиёрида нимаики бўлса, менда ҳам бўлишини, ёлғиз чидам ва калла билан чекланиб қолмасликни хоҳлардим».
Қайиқнинг тахта қопламаснга суяниб, чол ўзини бетўхтов қийнаган оғриққа ғинг демай дош бернб, жимгина, хотиржам ўтириб олай, балиқ бўлса, бояги-бояги, ҳеч тўхтамай олға сузиб борар, қайиқ ҳам қорамтир сувда аста ҳаракат қнларди. Шарқдан эсган шамол пича йирик тўлқин кўтарди.
Тушга келиб чолнинг чап қўли асл ҳолига қайтди.
— Шўринг қуриди энди, балиқ,—деди у ва елкасидаги чилвирни бир оз суриб қўйди.
Оғриқ ўша-ўша, жондан ўтиб турганига қарамай чол ўзини яхши ҳис қиларди; фақат оғриқдан қанчалик азият чекаётганлигини хаёлига келтирмас, тан олмасди.
— Мен худога ишонмайман.— деди у.— Аммо бу балиқни тутиш учун ўн қайта «ё падар»ни ва яна шунча маротаба «Биби Марям» дуосини тиловат қилишга тайёрман. Агар уни чини билан тутсам, онт ичаманки, бир кўп табаррук жойларга топинмоққа бораман. Сўз бераман.
Чол дуо ўқий бошлади. Айрим ўринларда у ўзини шундай ҳам ҳорғин сезар эдики, айтиладиган сўзларни унутиб қўяр, шунда улар ўз-ўзидан, қироат ичида ай-тилиб кетсин учун, иложи борича тез ўқишга ҳаракат қиларди. «Ё падар»га қараганда «Биби Марям»ни қайтариш осонроқ,— деб ўйлади у.

— Муфаррах ўл, ё тангри онаси биби Марям, тангри сенга ёр бўлсин. Ўзинг иффатли завжаи муҳтаррама, зурёдинг бошимизга халоскор ўзинг яратгансан, ўзинг посбон бўлгайсан. Омин.— Кейин қўшиб қўйди:— ё мукаррам Биби Марям она, дуо қил, балиқ ўлсин. Тенги йўқ, топилмас бўлса ҳам дуо қил, ўлсин.
Дуодан чол ўзини бир қадар яхши сеза бошлади, бироқ оғриқ қиттаккина бўлсин пасаймади, балки баттарроқ азоб бера бошлади. У қуйруқ қопламасига суя-ниб олди-да, чап қўлининг бармоқларини беихтиёр машқ қилиб ўқалай бошлади. Қуёш қиздиргандан қиздирар, шабада аста-секин кучайиб борарди.
— Хўп, энди майда қармоққа хўрак жойлаб қўйсак ҳам бўлар,— деди чол.— Балиқ бу кеча ҳам юзага чиқмаса, мен яна тотиниб олишим керак бўлади. Сув бўлсаку, шишанинг тагидагина қолган. Бу ерда макрелдан бошқа бирон нарсани тутиб бўлмаса ҳам керак дейман. Аммо уни дарров ейилса, унчалик ёқимсиз туюлмайди. Қани энди тунда учар балиқ тушиб қолса. Аммо уни жалб қилишга менда чироқ йўқ. Ажойиб таомда бу учар балиғи, уни тозалаб ўтиришнинг  ҳам ҳожати йўқ. Мен бўлсам, куч асрашим керак. Э худо-вандо, ахир мен унинг бунақа каттакон бўлишини қайдан билай!.. Аммо барибир мен уни енгаман,— деди у.— Нечоғли улкан, нечоғли буюк бўлмасин, барибир.
«Гарчи адолатдан бўлмасада,— фикран давом этди у,— мен одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва ҳамда нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўяман».
— Менинг зувалам бошқача узилган деб болага айтмовдимми, ахир,— деди у.— Буни амалда исбот қилишнинг пайти келди.
У аллақачон буни юз карра, минг карра амалда исбот қилган эди. Нима бўлибди энди? Яна қайтадан исбот қилиш керак бўлса, исбот қилаверади. Бунинг саноғи ҳар сафар янгидан бошланади: шу сабабдан ҳам у бирон нарсани қилаётганда, ҳеч қачон ўтиб кетган нарсаларни эслаб ўтирмас эди.
«Қани энди уйқуга кета қолса, кейин мен ҳам мизғиб олардим ва тушимда шерларни кўрган бўлардим,— деб ўйлади у.— Нима учун шерлар менинг ҳаётимда қолган нарсаларнинг энг яхшисийкин?»
— Хаёл сурмаслик керак, қария,— деди у ўзига, — Тахталарга суянгин-да, осойишта бўл, дам ол, ҳеч нарса тўғрисида ўйлама. У ҳозир уриниб ётибди. Сен-чи, сен иложи борича камроқ урингин.
Қуёш уфққа оғиб қолган, қайиқ бўлса, секин, аммо бетўхтов сузгандан сузиб борар, сузгандан сузиб борарди. Уни шарқдан эсаётган шамол оҳиста ҳайдамоқда, чол елкасини ўйиб тушган арқон етказаётган оғриқни енгилгина, билинтирмай ўтказиб беозор тўлқинларда аста- аста чайқалиб борарди.
Нима бўлдию, тушдан кейин чилвир яна кўтарила бошлади. Бироқ айтарли ҳеч нарса юз бермади. Балиқ сал юзароқда суза бошлаган эди. Қуёш чолнинг орқаси, чап қўли ва елкасини қиздирар эди. У бундан балиқнинг шимоли-шарққа томон бурилганини билди. Энди у, балиққа бир назар солгандан кейин унинг сув остида бинафша ранг кўкрак қанотларини чарх урган қушдек кенг ёйиб, қудратли қуйруғи билан қоронғиликни тила-тила сузиб боришини кўз ўнгига келтира оларди. «Қизиқ, бунақанги чуқурликда у нимани ҳам кўра оларди?—деб ўйлади чол.— Кўзлари жуда йирик-йирик, лекин отнинг кўзи, уннкидан неча ҳисса кичигу, аммо қоронғида  кўради. Мен ҳам қачонлардир кечаси яхши кўрардим. Тўғри, зим-зиё тун бўлса, унда бошқа гап, аммо бир ҳисобга кўзимнинг ўткирлиги мушукникидан қолишмас эди».

Чангак бўлиб қолган чап қўл тўхтовсиз машқ ҳам қуёш туфайли ўз ҳолига қайта бошлади, чол арқондан тортаётган азобини бир озгина бўлса ҳам енгиллатиш учун елка мушакларини ишга солиб, бутун оғирликни аста-секин сўл қўлига ўтказишга киришди.
— Агар сен ҳали ҳам чарчамаган бўлсанг,— деди у овоз чиқариб,— гапнинг ўғил боласи шуки, мислсиз балиқ экансан.

Энди у ўзини бениҳоя ҳорғин сезар, бунинг устига тезда қоронғи тушажаги юрагини тимдалар, шу сабабдан бошқа бир чет нарсалар устида ўйлашга ҳаракат қилар эди. У ўзи учун Gran Ligas бўлиб қолган машҳур бейсбол лигалари ҳамда Нью-Йорк «Янки»си билан Детройт  «Йўлбарс»и ўртасида бўладиган бугунги ўйин устида ўйларди.
«juegos»6 натижалари ҳақида мана икки вундан бери ҳали ҳеч нарсани билмайман,—деб ўйлади у.— Аммо мен ўз куч-қувватимга ишонишим ва нима ишга қўл урмайин, барини  қотириб ташлайдиган, бунда ҳатто товонидаги суяк қадоғи берадиган азобга ҳам қараб ўтирмайдиган буюк Ди Маджиога лойиқ бўлишим керак. Суяк қадоғининг ўзи нима? Un espulia de hueso.
Биз, балиқчиларда бу нарса бўлмайди. Наҳотки бунинг оғриғи уришқоқ хўроз пихи билан товонга тепганчалик бўлса? Мен эҳтимол, на бу каби тепкига ва на бир ёки ҳар икки кўздан айрилишга тоби тоқат қилган ва на уришқоқ хўрозлар сингари жангни давом эттира олган бўлардим. Кишини бениҳоя ҳайратга соладиган ажойиб қушлар ва ҳайвонлар олдида одам  боласи — нима деган гап ўзи. Мен ҳозир шу тобда, ҳув ўша денгиз тубида сузаётган махлуқ бўлиб қолишни истар эдим».
— Ҳа, фақат акулалар босқин ясамасагина, бу яхши,— деди у овоз чиқариб.— Акулалар ҳужум қилиб қолса-чи, унда менга ҳам унга ҳам ўзинг раҳм қил, худо!
«Наҳотки, буюк Ди Маджио балиқни ҳозир сен ушлаб турганчалик матонат билан ушлаб тура оларди, деб ўйлайсан?—деб сўради у ўзидан.— Ҳа, аминманки у ҳам худди шундай қилган бўларди ва эҳтимол, менга қараганда навқирон ҳам забардаст бўлганлиги учун, авлороқ қилиши  ҳам мумкин эди. Устига устак отаси балиқчи ўтган… Суяк қадоғи жуда кўп азоб берармикин унга?»
— Қайдам,— деди у ўзига ўзи.— Мен умрим бино бўлиб суяк қадоғининг нималигини билмайман.
Қуёш ботгандан кейин чол ўзига далда бериш учун бир маҳаллари Касабланка тавернасида бутун портда энг кучли одам ҳисобланган сьенфуэгослик барзанги негр билан куч синашганлигини эслай бошлади. Улар стол устига бўр билан чизилган чизиққа тирсакларини  тираганларича, билакларини эгмай, панжаларини чамбарчас сиққан ҳолда бир сутка қимир этмай, ўтириб чиққан эдилар. Ҳар иккови ҳам бир-бирларининг қўлларини столга ётқизишга уринар эди. Атрофдаги одамлар гаров ўйнашар, керосин лампа ғира-шира ёритган хонага кириб чиқишар, у бўлса негрнинг қўли, тирсаги, башарасидан кўз узмас эди. Саккиз соат ўтгандан кейин, судьялар ухлаб олиш мақсадида, ҳар тўрт соатда алмашадиган бўлди. Ҳар икки рақибнинг ҳам тирноғи остидан қон силжий бошлади, ўзлари бўлса, ҳамон бир-бировларининг кўзлари, қўллари ва тирсакларидан кўз олмас эдилар. Баҳс бойлашганлар хонага киришар, чиқишарди; улар девор ёқалаб қўйилган баланд стулларга ўтириб олиб, мусобақанинг нима натижа билан тамом бўлишини кутишарди. ёғоч деворлар тўқ зангори бўёқ билан бўялган, лампалардан уларга соялар ташланарди. Негрнннг сояси жуда ҳам баҳайбат бўлиб, шамол лампаларни тебратган пайтларда деворда лопиллар эди.
Бутун кеча давомида гоҳ унинг, гоҳ бунинг қўли балаид келиб турди, негрга ром қуйиб тутишар ва сигареталарини тутатиб беришарди. Ромни ичиб олгандан сўнг негр шундай ҳам зўр берардики, ҳатто бир сафар чолнинг қўлини (чол у пайтларда чол эмасди, уни Сантьяго EL Campeon7, деб аташар эди) деярли уч дюймга букиб ҳам қўйди. Аммо чол билагини қайта тўғрилаб олди. Шундан кейин у ўзи яхшигина йигит ва обрўли полвонлардан бўлган бу негрни енгишига шубҳа қилмади. Ниҳоят, тонгда одамлар судьядан дуранг талаб қила бошлаган, судья эса нима қиларини билмай, фақат елка қисганда, чол бутун кучини бир ерга тўплади ва то негрнинг қўли столга қапишмагунча букиб тушаверди.

6 Спорт ўйинлари (исп.).
7 Чемпион (исп.).

Олишув дам олиш куни эрталаб бошланиб, душанба куни саҳарда тамом бўлди. Баҳс бойлашгаклардан кўпчилиги дуранг бўлсин, деб талаб қила бошладилар, чунки уларнинг портга ишга чиқиш вақтлари бўлиб, бу ерда Гавана кўмир компаниясн учун кўмир ёки қопланган шакар юклашарди. Шу бўлмаса, ҳаммаси ҳам мусобақани охирига етказишнинг тарафдори эди. Аммо чол енгди, енгганда ҳам юк ташувчиларнинг иш вақти бошланмасдан бурун енгди.
Кейин уни узоқ вақт Чемпион деб атаб юришди, баҳор чиққанда эса у негр билан яна олишди. Бироқ бу сафар гаровлар оз пулга ўйналди ва чол иккинчи марта ҳам осон ғалаба қозонди, чунки сьенфуэгослик негрнинг ўз кучига бўлган ишончи биринчи ўйиндаёқ шикаст топган эди. Кейин Сантьяго яна бир қанча му-собақаларда қатнашди, аммо кўп ўтмай бу ишни ташлади. Чунки астойдил хоҳласа, ҳар қандай одамни ҳам енгажагига амин бўлди ва энди бундай мусобақалар балиқ овлаш учун керак бўладиган, ўнг қўлига зарар келтириши мумкинлигини англади. Бир неча маротаба у чап қули билан куч синашмоққа ҳаракат қилиб кўрди. Аммо бу қўли уни доимо уялтириб қўяр, эгасига бўйсунишни истамас ва чол ҳам унга ишонмас эди.
«Энди уни қуёш яхшилаб қиздиради,— деб ўйлади чол.— Агар кечаси жуда ҳам совуқ бўлмаса, бундан кейин жўрттага, менга аччиқ қилиб увушиб ўтиргани журъат қилмайди. Қани, кўрайлик-чи, бу тун бизга нималарни раво кўраркин?»
Унинг тепасидан Майамига учган самолёт ўтиб кетди, чол самолётнинг сояси -ҳуркитиб учирган учар балиқларнинг тўдасини кўрди.
— Бу ерда учар балиқ шунчалик кўп экан, демак, шу яқин ўртада макрель ҳам бўлиши керак,— деди у ва балиқни салгина бўлса-да, яқинроқ силжитишнинг иложи йўқмикин деб,елкаси билан чилвирга қаттиқроқ тиркалди. Аммо бунинг мумкин эмаслиги тезда англашилди, чунки чилвир худди тор каби уйилиб кетай деб, яна зириллаб қалтиллади, ундан сув зарралари сакраб отила бошлади. Қайиқ олдинга оҳиста сузиб борарди. Чол то самолёт кўздан йўқолгунча, уни кузатиб турди. «Самолётдан ҳамма нарса жуда ғалати бўлиб кўринса керак,—деб ўйлади у.—Қизиқ, шунча баландликдан денгиз қандай кўринаркин? Агар улар бунчалик юқорида учмаганларида ўша ердан менинг балиғимни ап-аниқ кўрган бўлишарди. Ўз балиғимга
юқоридан бир назар ташлаш учун икки юз саржин баландликда се-кин-секин учиб ўтишни хоҳлардим. Бир пайтлар тошбақа овига чиққан кезларим, мачта учига чиқиб, ўша ердан ҳам жуда кўп нарсаларни бир-биридан ажрата олардим! Макрель юқоридан кўкимтирроқ бўлиб кўринади ва ҳатто унинг бинафша ранг йўл-йўл чизиқлари-ю, доғларини ажратиб олиш, бутун тўда қай йўсинда сузаётганлигини ҳам кўриш мумкин. Қоронғи чуқурликларда сузувчи барча учқур балиқларнинг усти, кўпинча, йўл-йўл тасмалари ола-була доғлари ҳам нима сабабдандир, бинафша рангида бўлади. Нега энди шунақа бўларкин? Макрель кўринишдан кўкимтир бўлса  ҳам, аслида ранги тиллага ўхшайди. Аммо у роса ҳам  очиқиб бирон нарсанинг кетидан қувганда, биқинлари-да худди марлинники сингари бинафша ранг йўл-йўл чизиқлар пайдо бўлади. Наҳотки бу қаҳрдан бўлса? Балки, одатдагидан тез ҳаракат қилганидандир?»

Қоронғи тушмасдан сал олдин, енгил тўлқинлар қўйнида гўё сариқ одеял остида океан ким биландир қучоқлашаётгандек чайқалган ва тўлғонган саргасс сув ўсимликларининг каттагина ороли ёнидан ўтиб кетаётганларида, кичик қармоққа макрель илинди. Балиқ қуёшнинг сўнгги нурларида мусаффо олтин жилолар билан турланиб, қўрқувдан ярим букилган ҳолда, қанотларини ҳавода жонҳолатда силкита-силкита юқорига сапчиганда, чол уни кўриб қолди. Макрель шоввоз акробатдек қайта-қайта сапчиб кўтариларди. Чол бўлса қуйруққа ўтиб олди, чўнқайди, йирик чилвирни ўнг қўли ва тирсаги билан тутганича, балиқ тушган дастани яланг сўл оёғида босиб туриб, макрелни чап қўли билан чиқариб олди. Макрель қайиқнинг шундоқ ёнгинасига келиб, жон аччиқ талваса ичида ўзини ҳар томонга урганда, чол қуйруқ оша энгашди ва қайиққа мисли олтиндек лов-лов ёнган, бинафша ранг тасмали балиқни кўтариб олди. Макрель изтироб ичида оғзини очиб ёпар, жонҳолатда қармоқни тишларди, Унинг узунчоқ ясси танаси, боши ҳам думи то чол тилла ранг тусда товланиб турган калласига уриб тинчитмагунча, қайиқ тубига урилиб турди, кейин бир оз титраб-қақшади-да, қимир этмай қолди.
Чол балиқни қармоқдан чиқариб олди, унга яна қайтадан хўрак илди-да, денгизга ташлади. Қейин у оҳиста қуйруққа ўтиб олди. Чап қўлини чайиб, ишто-нига суртди, чилвирни ўнг елкасидан чап елкасига ўтказди ва қуёшнинг океанга ботиб бориши билан чилвирнинг сувга қандай қияликда кетаётганини кузатган ҳолда, ўнг қўлини ювди.
— Ҳаммаси бояги-боягича,— деди у.
Аммо, сувга қўл тиқиб, чол қайиқнинг ҳаракати анча сусайиб қолганини сезди.
— Кечаси ҳаракатни пича сусайтириш учун ҳар иккала эшкакни бир-бирига боғлаб, қайиққа кўндаланг қилиб маҳкамлайман,— деди у.— Бу балиқнинг кучи ҳали бутун кечага етиб ортади. Мен ҳам ундан қолишмайман, албатта.
«Макрелни яна бир оз туриб, кейин тозаласам, маъқул бўладиганга ўхшаб қолди,— деб ўйлади у,— шунда ҳамма қони оқиб кетмайди, мен буни салдан кейин қиламан ва бирваракай эшкакларни ҳам боғлаб қўяман. Унгача, яна айниқса кун ботар чоғида балиқни безовта қилмаганим дуруст. Қуёшнинг ботиши ҳар қандай балиққа ҳам ёмон таъсир қилади».
У қўлини шамолда қуритиб олди, кейин чилвирни тутди-да, балиққа бирмунча эрк берди. Балиқ уни тахта қоплама томон яқинроқ суриб келди ва чол шу билан оғирликни ўз гавдасидаи қайнққа кўчирди. «Қўлимдан унча-мунча иш келадиган бўлиб қолиб-ди,— деб ўйлади у.— Ҳозирча мен балиқни уддалайман. Бунинг устига у хўракни ютиб юборганидан бери ҳали ҳеч нарса тотимаганини ҳам унутиш керак эмас, ўзи каттакон бўлса, унга жуда кўп озиқ керак. Менку, бутун бошли бир тунецни еб олдима. Эртага макрелни ейман.— Чол макрелни dorado деб атарди.— Эҳтимол, уни тозалаётганимда, бир бўлакчасини еб оларман. Макрелни ейиш тунецни ейишдан оғирроқ. Аммо дунёда осонлик билан битадиган ишнинг ўзи йўқ».
— Аҳволларинг қалай энди, балиқ?— баланд овоз билан сўради у.
— Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сўл қўлимнинг оғриғи пасайди, озиқ ҳам бутун бир кечаю, яиа бир кунга етади. Майли, балиқ, қайиқни тортавер.
Чол ўзини, айтганидай, жуда яхши ҳис қилаётгани йўқ эди. Чунки елкасига арқон бераётган азоб энди шунчаки оғриқдан ўтиб, зирқ-зирқ лўқиллашга айлан-ган, бу эса чолни хавотирга солаётган эди. «Бундан баттарроқ нарсаларни ҳам кўрганмиз,— деб юпатарди у ўзини.— Бир қўлим сал-пал шикастланган, иккинчиси бўлса, энди томири тортишаётгани йўқ. Оёқларим бардам. Озиқ-позиқ масаласида ҳам мен балиққа қараганда ўзимни пошшо деб ҳис қилсам бўлади».
Қоронғи тушди, сентябрь ойида тун доимо бирдан, қуёш ботиши биланоқ киради. У, туздан ейилиб кетган тахталарга ёнбошлаб ётар ва бор кучи билан дам олишга ҳаракат қиларди. Осмонда илк юлдузлар кўринди. У Ражул юлдузининг номини билмасада, аммо унга кўзи тушиши биланоқ тезда барча қолганларн ҳам чиқишини ва шунда, бу олис ҳамроҳлар яиа ўзига эш бўлишини тушунди.
— Балиқ ҳам менга ошна,— деди у.— Мен бундай балиқни ҳеч қачон кўрган эмасман,
шундайлари бўлишини эшитмаганман ҳам. Аммо мен уни гумдон қили-шим керак. Яхшиямки, юлдузларни ҳам гумдон қилишга зарурат йўқ!
«Тасаввур қилиб кўргин-а, одам узун кун ойни бўғизлашга ҳаракат қилиб юрса! Ой бўлса, ундан қочиб кетади. Бу ҳам майли-я, агар одамга ҳар куни қуёшни овлашга тўғри келиб қолганда, нима бўларди? Йўқ, нима десанг ҳам бизнинг толеимиз бор», деб ўйлади у.
Кейин у тотиниб олишга имкони бўлмаган катта балиққа ачиниб кетди. Аммо бу қайғуриш, унинг балиқни ўлдириш ҳақидаги қатъий қарорига ҳеч қандай монелик қилмас эди. Қанчадан- қанча одамларни тўйдиради у! Бироқ кишилар у билан қорин қаппайтиришга арзишармикин?

Йўқ, албатта. Дунёда ҳеч ким уни оғзига олишга лойиқ эмас; ахир, унга бир қаранг, ўзини қандай тутяпти, қандай шарофат кўрсатяпти.
«Мен жуда кўп нарсаларни тушунмайман,— деб ўйлади у.—Аммо бизга қуёш, ой ва юлдузларни ўлдиришга тўғри келмаганлиги қандай яхши. Денгиздан бор йўқ ризқи рўзимизни қоқиштириб олаётганимиз ва яна ўз биродарларимизни ўлдираётганимиз ҳам етиб ортади.
Энди мен эшкаклардан бўладиган тормоз ҳақида ўйлаб кўришим зарур. Бунинг ҳам яхши, ҳам ёмон томони бор. Мен анча-мунча калавадан айрилиб қолишим мумкин, кейин, балиқ силтаниб қолса, тамом, уни ҳам қўлдан чиқариб қўяман, тормоз бўлса, қайиқни тез ҳаракат қилишдан маҳрум қилиб қўяди! Қайиқнинг ен-гиллиги эса ҳам балиқнинг, ҳам ўзимнинг азоб- уқубатларимни оширади, аммо бу уқубатдан халос бўлишимнинг гарови ҳам шунда. Ахир, бу балиқ, агар истагудай бўлса, бундан ҳам тез сузиши мумкин. Ҳай, нима бўлса бўлар, ҳозир, ҳидланиб қолмасдан бурун макрелни тозалаб қўйиш ва пича тотиниш керак. Қувват бўлади.
Энди яна бирор соат дам оламан, кейин агар балиқ ўзини тинч тутадиган бўлса, қуйруқ томонга ўтиб, лозим бўлган ишларни қиламан ва эшкаклар тўғрисида бир фикрга келаман. Унгача балиқнинг ўзини қандай тутишини қузатиб бораман. Эшкак билан бўладиган ҳангома яхши ўйлаб топилди, бироқ ҳозир бўлса-бўлмаса ишга қатъий киришиш керак. Балиқ ҳали кучга тўлиқ. Мен қармоқ балиқ лунжининг худди ўзгинасида санчилиб турганини, оғзи эса маҳкам қисиб олин-ганини пайқаган эдим. Қармоқнинг унга бераётган азобини азоб дсмаса ҳам бўлади. Уни кўпроқ очлик ва ўзи нималигини аниқ билиб етмайдиган хавф-хатар сезгиси қийнайди. Ҳордиқ олавер-чи, чол. Сенга навбаг келгунча, балиқ захмат тортаверсин».
Унинг назарида, ўзи икки соатга яқин дам олган эди. Ой энди кеч кўтарила бошлаганидан, у вақтни аниқ белгилай олмади. Тўғрисини айтганда, унинг дам олиши шунчаки, хўжа кўрсинга бўлган дам олиш эди. У балиқнинг оғирлигини ўз елкасида бояги-бояги ҳис қилар, шундай бўлса ҳам чап қўли билан қуйруқ план-ширига таянган ҳолда оғирликни имкони борича қайиққа солишга уринарди.
«Чилвирни қайиққа боғлаб қўйишим мумкин бўлганида, ҳамма нарса оппа-осон ҳал бўлган бўларди-қўярди,— деб ўйлади у.— Аммо у салгина силтана қолса борми, тамом, чилвир чирт узилади кетади. Мен чилвирга тушадиган кучни ўз гавдам билан бетўхтов қирқиб, ҳар дақиқада калавани икки қўллаб бўшатишга тайёр туришим керак».
— Аммо сен, ахир, ҳали ухлаганинг йўқ-ку чол,— деди у овоз чиқариб.— Ярим кун ва бир кеча, кейин яна бир кундуз ўтса ҳамки, сен ҳамон ухлаганингча йўқ, ҳа. У тўполон кўтармай, хотиржам тўрган маҳалда, сен нима қилиб бўлса ҳам озгина ухлаб олишнинг ғамини е. Бўлмаса, каловланиб қоласан.
«Ҳозир миям жуда яхши ишлаяпти,— деб ўйлади у.— Ҳатто жуда ҳам равшан. Шунчалик  равшанки, гўё ҳамшираларим бўлган юлдузларга ўхшайди. Аммо нима бўлганда ҳам, мен ухлаб олишим керак. Юлдузлар ҳам ухлайди, ой ҳам ухлайди, қуёш ҳам ухлайди ва ҳатто оқим бўлмаган, жимжит сукунат чўккан кезлари океан ҳам ухлайди.
— Ухлаб олишни ёдингдан чиқарма,— деб уқтиради ўзига ўзи чол. — Ухлашга ўзингни мажбур қил. Калавадан бир амаллаб холи бўлишнинг осон ва тўғри йўлини ахтар. Энди қуйруққа ўтиб, макрелни тозалаб қўй. Эшкакдан қилинган тормоз эса, худо кўрсатмасин ухлаб қолгудай бўлсанг, ниҳоятда хатарли бўлади.
— Аммо мен уйқудан воз кечишим ҳам мумкин, — деди у ўзига.— Ҳа, мумкин, бироқ бу ҳам ўлгудай хавфли.
У балиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эмаклаб қуйруқ томонга силжий бошлади.
«У ҳам эҳтимол, пинакка кетаётган бўлса ажабмас,— деб ўйлади у — Аммо мен унинг нафас ростлаб олишини истамайман. У то жон бергунча қайиқни тортиб бориши керак».
Қуйруққа етиб олгач, у айланиб балиқнинг бутун оғирлигини чап қўлига ўтказди, ўнг қўли билан эса пичоқни ғилофдан суғуриб олди. Юлдузлар бодраб-бодраб нурланар, макрель уларнинг шуъласида яққол кўзга ташланар эди. Чол унинг калласига пичоқ санчиб, қуйруқнинг тахта кати остидан тортиб олди-да, оёғи билан босиб туриб, думидан то остки жағининг тагигача чаққон тилиб чиқди. Сўнг пичоқни қўйди. Ўнг қўли билан балиқнинг ичак-чавоғию, жабрасини суғуриб олди. Унинг қорин қопчиғи оғир ва шилимшиқ эди. Тилинганда, ичидан икки учар балиқ чиқди. Улар ҳали бузилмаган, қаттиққина эди, чол ҳар икковини ҳам қайиқ тубига ёнма-ён қўйди, ичак-чавоқларни эса денгизга улоқтирди. Улар чўккан жойда ялтиллаган из қолди. Юлдузларнинг рангсиз шуъласида макрель ифлос бўз тусига кирган эдн. Чол балиқ бошини оёғи билан босиб туриб, унинг бир ёнидан терисини шилиб олди. Кейин макрелни ағдариб қўйди ва иккинчи ёнининг терисини шилди. Гўштини бошидан то думигача тилиб чиқди.
Макрель скелетини денгизга улоқтиргач, сувда доиралар пайдо бўладими, йўқми деб, қараб турди, аммо секин-секин чўкиб бораётган балиқ ашқол-дашқоли-нинг ялтироқ изидан бошқа ҳеч вақо кўринмади. Чол ўгирилиб олди, ҳар иккала учар балиқни макрель бўлаклари орасига қўйди ва пичоқни ғилофига солиб, яна қайта қайиқ бурнига томон оҳиста ўтиб олди. Унинг елкаси чилвир залворидан эгилган, ўнг қўли билан эса балиқни тутиб борарди.
Жойига қайтиб келгач, макрель бўлакларини тахталар устига терди, буларнинг қаторига учар балиқларни қўйди. Шундан кейин чилвирни елкасининг ҳали лат емаган жойига суриб олди ва яна оғирликни планширга таянган чап қўлига ўтказди. Борт оша энгашиб, учар балиқни денгизда чайиб олди. Бу орада қўли остида сувнинг қандай оқаётганига ҳам эътибор берди. У макрель пўстини шилганида, ялтираб қолган қўли атрофида сувнинг доира ясаб ўтишига маҳлиё бўлиб турди. Ҳозир у аввалгидан секипроқ оқарди. Чол кафтининг четинн қайиқ зийига ишқаб туриб, қуйруқ тарафга оҳиста сузиб кетаётган фосфор зарраларини кўрди.
— У ё толди, ё нафас ростлаяпти,— деди чол. — Тезроқ овқатланиб, озгина ухлаб олиш керак.
У гўшт бўлакларидан бирининг ярмини ва юлдузлар ёруғида тозалаб қўйилган учар балиқлардан бирини еб олди. Овқатланар экан, чол тун ҳавоси борган сари совуқлашаётганини сеза бошлади.
— Агар қовуриб ейилса борми, макрелдан кўра лаззатлироқ нарса йўқ,— деди у.— Аммо хомлигида нақадар бемаза бу. Денгизга баний тузсиз ва лимонсиз чиқ-маганим бўлсин.
«Менда калла деган нарса бўлганда,— деб ўйлади у,— кун бўйи қайиқ бурнига сув қуйиб, селгитиб турмасмидим,— кеч кирганда, қўлимда тузим бўларди. Айтмоқчи, макрелни кун ботиш олдидангина тутган эдим-а. Шундай бўлса ҳам мен жуда кўп нарсаларни назардан қочириб қўйибман. Қаранг-а, бутун бир бўлакни чайнаб бўлибман-ку, аммо кўнглимни айнитаётгани йўқ».
Шарқ томонда осмон бети булутларга бурканмоқда эди ва таниш юлдузлар бирин-сирин ўча бошлади. У гўё булутлар дарасига кириб бораётгандай кўринарди. Шамол тинди.
— Уч ёки тўрт кундан кейин ҳаво айнийди,— деди у.—Аммо бу ҳали на бугун бўлади, на эртага. Балиқ ўзини осойишта тутаётган экан, мизғиб ол, қария.
У чилвирни ўнг қўлига олди ва бор гавдаси билан бортга ёнбошлаган ҳолда, қўлини думғазаси билан босиб тушди. Кейин елкасидаги чилвирни сал қуйироққа силжитди ва уни чап қўли билан ушлаб олди.
«Бармоқларим бўшашиб кетмагунча, ўнг қўлим чилвирни қўйиб юбормайди. Мабодо уйқуда бармоқлар чилвирни қўйиб юборса, унинг денгизга қараб силжи-шини чап қўлим сезади-да, мени уйғотади. Албатта ўнг қўлга осон бўлмайди. Аммо у қийинчиликка бардош беравериб, ўрганиб қолган. Жуда бўлмаганда йигирма минут ёки ярим соат ухлаб олсам, шу ҳам катта гап».
У бортга ёнбошлади, балиқнинг оғирлигини ўнг қўлига ўтказди ва ухлаб қолди.

Бу сафар тушига арслонлар эмас, саккиз ёки ўн милга чўзилиб кетган денгиз чўчқаларининг ҳудудсиз тўдалари кириб чиқди. Ҳозир ҳирс фаслига кирганлари-дан, улар ҳавога баланд сакрашар, кейин ўзлари чиқиб келган сув ўйиғига шўнғишар эди.
Кейин тушида кўрса қишлоқда ўз каравотида ётибди. Кулбасида шимолдан эсган шамол ғувиллар эмиш. Чол жуда совқотибди. Бошига ёстиқ ўрнига қўйган ўнг қўли бўлса, увушиб қолибди.
Ва ниҳоят, унинг тушига чўзиқ зардоб ранг соҳил кирди ва ғира-ширада бу ерга чиққан биринчи арслонни кўрди, унинг кетидан бошқалари ҳам чиқиб келарди. Чол лангар ташлаб турган кеманинг бортига иягини тираб қарармиш, қирғоқдан эсган кечки шамол уни елпиб ўтармиш, ўзи бошқа арслонлар пайдо бўлмасмикин деб кутаётганмиш ва бахтиёр эмиш.
Ой бўлса аллақачон чиққан, у эса ҳамон уйқудан бош кўтармас, ухлар, балиқ бўлса қайиқни булутлар дараси томон сокин судраб борарди.
У силтовдан уйғониб кетди, ўнг қўли мушт бўлиб юзига келиб урилди, чилвир қўлни қиздиргандан қиздириб, шитоб билан денгизга кетиб борарди. Чап қўли ҳеч нарсани ҳис қилмаганидан, у чилвирни ўнг қўли билан тўхтатишга уринди, аммо чилвир аллақапдай кучли бир суръат билан денгизга кетиб борарди. Ниҳоят чап қўл ҳам чилвирни сеза бошлади, чол чилвирга елкаси билан тиркалди, энди чилвир орқаси билан балиқнинг бутун оғирлигини ўзига олган чап қўлини жизиллатиб ўта бошлади. Чол эҳтиёт калаваларга ўгирилиб қаради ва уларнинг жуда тез бўшалаётганини кўрди. Шу он балиқ океан сиртини ўпириб, отилиб чиқди ва яна денгизга залвор билан тушиб кетди. Кейин бу яна такрорланди, ундан сўнг яна ва яна. Чилвирнинг денгизга тўхтовсиз кетиб боришига қарамай, қайиқ олға босарди, чол чилвирни бор кучи билан тортишга ҳаракат қилар, гоҳ бир зумгина бўш қўйиб берар, гоҳ яна узилиб кетадими деб қўрқа-қўрқа ўзига тортарди. Унинг ўзи ҳам қайиқ бурнига ёпиштириб ташланган эди. Юзи бир бўлак макрель гўштига тир-калганча ётар чолнинг қимирлашга имкони йўқ эди.
«Бизга худди мана шу нарса керак эди,—деб ўйлади у.— Энди маҳкам бўл… Чилвирни қандай суғуриб кетишни кўрсатиб қўяман унга! Ҳа, кўрсатиб қўяман ҳали!»
Унга балиқнинг ирғиб чиқишлари кўринмас эди. У, океан бағрининг шов-шув сурон билан қўпорилганию, балиқ қайтиб сувга тушаётганда, қулоқни батанг қи-либ шалоплаганини  эшитарди, холос. Бортдан ошиб бораётган чилвир қўлни аёвсиз тилиб ўтар, аммо чол шундай бўлишини аввалдан билар ва кафти ё панжалари яраланмасин учун чилвир йўлига қўлининг қадоқли ерини тўғрилашга ҳаракат қиларди.
«Бола ёнимда бўлганда,— деб ўйлади чол,— чилвирни ҳўллаб берган бўларди. Эҳ, бола ёнимда бўлганда-я! Қанийди у шу ерда бўлса! Қанийди!»
Чилвир кетгандан кетиб борар, кетгандан кетиб борар, аммо боягига қараганда суръати сусайинқираб қолган ва чол балиқни чилвирнинг ҳар тутамини машаққат билан юлиб олишга мажбур қиларди. У бошини кўтариб юзини парчинланиб кетган макрель гўштидан четга олишга муваффақ бўлди. У аввал тиззасига турди, сўнг оҳиста оёққа босди. Чол чилвирни ҳамон бўшатиб турар, лекин борган сари ўлармонлик билан оз-оздан бўшатарди. У калава ўрамлари туриши керак бўлган жойга сурилди-да, оёғи бичан пайпаслаб ҳали ўрамда чилвирнинг кўплигига қаноат ҳосил қилди. Сувга эса, шунчалик кўп чилвир кетган эдики, ҳали балиқ шунинг ўзини эплаб улгурса ҳам хўп гап эди.
«Мана энди,— деб ўйлади у.— Балиқ ўн маротабадан ҳам кўп ирғишлаб чиқиб пуфакларини  ҳаво билан тўлдирди. Энди унинг борса келмасга қочиб қутулиши ва у ерда ўлиб кетиши мумкин эмас. У тезда доира ясаб, чир айлана бошлайди, ана ўшанда қўл-қўлга тегмай ишлашга тўғри келади. Қизиқ, нима сабаб-дан у бунчалик безовта бўлдийкин? Очлик жонидан ўтдими ёки қоронғида бирон нарса ҳуркитдими? Балки у тўсиндан даҳшатга тушгандир. Аммо бу вазмин ва кучли балиқ эди-ку. У менга жуда дов ва ўзига амин бўлиб кўринган эди. Тавба!»
— Менга қара, чол, яхшиси қўрқиб-пўрқиб ўтнришни бир ёққа йиғиштириб қўй-да, кўпроқ ўз кучингга ишон,— деди у.— Сен уни қўлингда ушлаб турган бўлсанг ҳам, бир қаричгина чилвирни ўзингга тортиб ололмайсан. Аммо у тезда айлана бошлайди.

Чол энди чилвирни чап қўли ва елкалари билан тўхтатиб турарди; юзидан макрель гўштининг парчаларнни ювиб ташлаш учун эгилиб ўнг қўлида сув олди. У кўнгли беҳузур бўлиб, қайт қилишдан, натижа-да, мадорсизланиб қолишдан қўрқарди. Юзини ювиб бўлгач, чол субҳи содиқ уйғониб келаётган кўкка тер-милганча, ўнг қўлини бортдан ошириб, шўр сувда тутиб турди. «Ҳозир у айтарли оғишмай, тўғри шарққа қараб сузяпти,— деб ўйлади у.— Бу унинг чарчаб қолиб, оқим бўйлаб бораётганини кўрсатади. Унга ҳали замон доира қилишга тўғри келиб қолади. Ўлиб-тириладиган пайт ана ўшанда бошланади».
Қўлини шўр сувда бир неча муддат тутиб тургач, чол уни кўздан кечирди.
— Унчаям хавфли эмас экан,— деди у.— Оғриқ бўлса эр киши учун бир гапи, холос.
Чол чилвирни қўлининг янги қирқилиб кетган ерларига текизиб юбормасликка ҳаракат қилиб, авайлабгина ушлади ва чап қўлини ҳам иккннчи бортдан ошириб сувга солиш учун гавдасини қулай ўрнаштириб олди.
— Ўлгудай тирик нотавон бўла туриб ҳам, ҳар ҳолда, ўзингни ёмон тутганинг йўқ,— деди у чап қўлига.— Аммо мени чув тушириб қўяй деган пайтинг ҳам бўлди.
«Нимага ҳам мен тоғни урса талқон қиладнган икки забардаст қўл билан туғилмадим?—деб ўйларди у.— Балки чап қўлимнинг мана шу кўйга тушишига ўзим айбдордирман? Уни аччиқ- чучукка бардош беришга ўз вақтида ўргатиш керак эди. Аммо бандаси бўлмаса, худойимнинг ўзи кўриб тургандир, бу нарсаларни унинг ўзи ҳам ўрганиб олса бўларди. Ростини айтганда, бугун кечаси у менга ёмон хизмат қилмади; бор-йўғи бир марта томир тортишди, холос. Лекин, мабодо, бу яна қайтариладиган бўлса, яхшиси чилвир уни чўрт қирқиб кета қолсин!»
Шуни ўйлагандан сўнг, чол боши айланиб кетаётганлигини сезиб қолди. Аслида яна бир бўлак макрель гўштини еб олиш керак эди-я. «Йўқ, ея олмайман,— деди у ўзига.— Кўнгил озиб, беҳол бўлгандан кўра, бош айланиб тургани маъқул. Бундан ташқари, юзи мижиғлаган гўштни оғзимга сололмайман. Бу гўштни то бузилмагунча, ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўяман. Барибир ҳозир у-бу тотиб олишнинг вақти ўтди. Каллаварам чол!—деб койинди у.— Ахир, қолган бир учар балиқни ейишинг мумкин-ку».
— Мана у мени е деб, тозалаб қўйилганча ётибди,— чол уни чап қўлига олди-да, суякларигача қўймай мижиб, пақ-паққос еб битирди.
«У бошқа ҳар қандай балиққа қараганда ҳам тўқ тутади,— деб ўйлади у.— Ҳарқалай унда менга керакли бўлган нарса бор… Мана энди қўлимдан нима келса шуни қилиб бўлдим. Қани, у айланаверсин-чи, беллашиб кўрамиз ҳали».
У денгизга чиққандан бери қуёш мана учинчи марта бош кўтариб чиқяпти, худди шуни кутиб тургандай балиқ ҳам доира чизишни бошлаб юборди.
Чилвирнинг денгизга қандай қияликда тушиб боришига қараб балиқ айланаётибдими ёки йўқми, чол билолмасди. Билишнинг ҳали фурсати ҳам етмаган эди. У чилвирнинг пича бўшашганлигини сезди холос ва ўнг қўли билан уни оҳиста ўзига торта бошлади. Чилвир бояги- бояги яна қаттиқ тортилди, аммо чол, ана энди узилиб кетади деб турганда, у тўсиндан бўшашиб қолди. Шунда чол энкайиб елкаларини эзиб турган чилвирдан бўшатди ва шошмасдан, мароми билан уни ўзига тортмоққа киришди.
У бутун эркини қўлларига бериб ишларди. Ёшлик куч-қувватини йўқотган оёқлари билан елкалари уларга кўмак бериб турарди.
— У жуда ҳам олислаб айланяпти, аммо нима бўлса ҳам ишқилиб айланяпти-ку.
Тўсатдан чилвир силжишдан тўхтаб қолди. Аммо чол чилвирни то ундан қуёшда товланиб порлаган сув кукунлари сачраб чиқмагунча ўзига тортаверди. Кейин чилвир орқага тортилиб кета бошлади. Чол чўккалаб олганча, хушламайгина, аста-секин яна сим-сиё сувга бўшатмоққа кирди.
— Энди балиқ ўз доирасининг энг олис қисмнни ўтаяпти,—деди у.

«Уни иложи борича қаттиқ ушлаш керак. Таранг тортилган чилвир доирани ҳар сафар торайтираверади. Эҳтимол, бирор соатдан кейин у кўриниб ҳам қолар. Мен уни аввал ўз кучимга ишонтиришим керак, кейин тушовлаб оламан».
Бироқ икки соат ўтибди ҳамки, балиқ ҳамон қайиқ атрофида имиллаб айлангани айланган эди. Чол қора терга ботган, чарчаганидан бурни ерга теккудай бўлган эди. Тўғри, балиқ айланаётган доира анчайин қисқариб қолган, бундан ташқари, чилвирнинг сувга тушиб боришидан балиқнинг борган сари юқорига кўтарилиб келаётганлиги кўриниб турарди.
Бир соатдан бери чолнинг кўз ўнги қоронғилашиб борар, сел бўлиб оққан тер кўзини ҳам, кўзи устидаги жароҳатни ҳам, ва яна манглайидаги бошқа бир ярани ҳам ачиштиргандан ачиштирарди. Кўз ўнгининг қоронғилашиб бораётгани уни қўрқитмас эди. Чилвирни шунчалик зўриқиш билан тортаётгани олдида бу унча-лик ҳайрон қоларли иш эмасди. Лекин икки сафар унга жисми гўё сочилиб кетаётгандай бўлиб туюлди, бу эса уни ҳазилакам ташвишга солмай қўймади.
«Наҳотки мен повилғонилик қилиб қўйсам ва худо бехабар бир балиқ деб ўлиб кетсам?— ўз-ўзига савол берарди у.— Келиб-келиб, ҳозир — ҳамма нарса кўн-гилдагидай бўлаётган маҳалда-я. ё раббий, ўзинг менга чидам бер! Мен юз бор, «Ё падар» билан яна юз бор «Биби Марям»ни ўқиганим бўлсин. Фақат ҳозир эмас. Ҳозир ўқий олмайман».
«Ҳозирча уларни гўё ўқигандай бўла қолай,— деб ўйлади у.— Кейинроқ ўқиб қўяман».
Шу дам у икки қўллаб ушлаб тургани чилвирга зарб тушаётгани, ҳамда силтаниш рўй берганини сезиб қолди. Силтов жуда ҳам кескин ва бениҳоя кучли эди.
«У қармоқ уланган симга қилич тумшуғи билан уряпти,— деб ўйлади чол.— Худди ўзи. Унинг шундай қилиши ҳам керак эди. Бироқ бу уни сакраб чиқишга мажбур қилиб қўйиши мумкин, мен бўлсам унинг ҳозир айлана тургани маъқул деб билардим. Боя унга ҳаво олиш учун юзага сакраб чиқиш керак бўлган эди, аммо энди ҳар бир янги сакраш қармоқ илиниб турган жойни кенгайтириб қўйиши, оқибат натижада балиқ қўлдан чиқиши мумкин».
— Балиқ, сакрамагин,— илтимос қиларди у.— Ўтинаман, сакрама!
Балиқ қайта-қайта симга зарб урар ва ҳар гал чол бош чайқаб, чилвир бўшатар эди.
«Мен унга қуюшқондан ташқари азоб бермаслигим керак,— деб ўйларди у.— Менинг дардим — ўзимда. Уни енгиб ўтишим мумкин. Аммо балиқ оғриқдан эси-ни йўқотиб қўйиши ҳеч гапмас».
Бирмунча муддатдан сўнг балиқ симга уришдан тўхтади ва яна оҳиста айлана бошлади. Чол мароми билан чилвирни ўзига тортиб йиғиштирарди. Аммо у яна ўзини лоҳас сеза бошлади. Чол денгиз сувидан ҳовучлаб олиб бошидан қуйди. Кейин яна бир оз сув олиб бошига қуйгач, энсасини уқалаб қўйди.
— Шукурки, ҳартугул томир тортишмаяпти,— деди у.— Балиқ тезда юзага чиқади, мен бўлсам ҳали туриб бераман. Сен туриб беришинг керак, чол. Чидамим етмайди деб, ҳатто хаёлингга ҳам келтира кўрма.
У тиззалаб ўтириб олди ва омонатгина бўлса ҳам чилвирни яна елкасига олди. «Балиқ айланиб тургунча, мен нафас ростлаб оламан, кейин ўрнимдан тураман-да, у яқинлаб келиши билан чилвирни ўзимга торта бошлайман».
Чол қайиқ бурнида туриб кўпроқ дам олгиси, чилвирни ўз ҳолига ташлаб, ортиқча бир айланиб чиқиш учун балиққа йўл қўйиб бергиси келарди. Аммо тор-тиш маромидан балиқнинг бурилиб, яна қайиқ томонга қайтаётганлиги маълум бўлган замон чол ўрнидан турди ва қўлга иложи борича кўпроқ чилвир киритай деб, гавдасини дам у томонга, дам бу томонга ўгирганча қулочлаб чилвир торта бошлади.
«Шундай чарчабманки, умрим бино бўлиб бунақанги аҳволга тушмаганман,— деб ўйлади чол,— мана шамол ҳам кучайиб боряпти. Нафсиламрга балиқни уйга олиб бораётганимда, бу шамол асқатади. Ҳа, жуда, жуда асқатади бу шамол».

— У янгидан айлана бошлаши билан мен дам оламан,— деди у.— Ўзимни ҳам боягидан кўра анча яхши ҳис қиляпман. Ўлдим деганда, яна икки-уч айланишдан кейин балиқ меники бўлади-қўяди.
Унинг похол шляпаси энсасига сурилиб тушган эди. Балиқ олдинга қараб яна судраб кета бошлаши билан чол бутунлай ҳолдан тойиб, ўзини қайиқ бурнига ташлади.
«Мана энди сен чигилингни ёз, балиқ,— деб ўйлади у.— Сен орқага қайтдинг дегунча, мен ишимни бошлайман».
Денгиз бўйлаб йирик долға сирпана бошлади. Аммо сувни очиқ ҳавонинг йўлдоши бўлган хайрли шамол ҳайдаб келмоқда эди. У чолнинг уйга етиб олиши-да ҳали ҳам мадор, ҳам мадад бўлади.
— Қайиқни жануб ва ғарбга томон бошқариб бораман,— деди у. — Вассалом. Денгизда ҳам адашиб бўлармишми? Оролимизку, кичкина эмас, чўзилгандан чўзилиб кетган.
Чол балиқни учинчи айланиш вақтида кўрди.
Назари аввало қайиғи остидан ҳадеса бош-кети кўринмай чўзилиб ўтган тимқора сояга тушди. Ўз кўзларининг кўрганига ўзи ишонмай қолди.
— Йўқ,— деди у.— Унинг бунақанги ботмондахсар бўлиши мутлақо мумкин эмас.
Аммо балиқ чиндан ҳам улкан эди. Учинчи айланиш охирлаб қолганида, у қайиқдан ўттиз ярдча нарида юзага сузиб чиқди. Унинг қуйруғи денгиздан қан-чалик кўтарилиб чиққанини чол ўз кўзлари билан кўрди. У энг катта ўроқдаи ҳам каттароқ бўлиб, қорамтир-мовий сув бетидан нимсафсар тусга киргандек кўринарди. Балиқ яна бошқатдан шўнғиб кетди, аммо бу гал у қадар чуқур тушмади. Унинг бутун алп сиёсат гавдасини чирмаб олган бинафша ранг тасмалари чолга яп-яққол кўриниб турарди. Балиқнинг умуртқа қаноти шалпайиб тушган, жуда ҳам улкан кўкрак сузғичлари бўлса кенг ёйилган эди.
Балиқ айланар экан, чол унинг кўзларини, шу кўзлар атрофида сузиб юрган икки кул ранг елим балиқни кўрди. Ўқтин-ўқтин улар балиқнинг баданига зу-лукдек ёпишар, кейин жонҳолатда ура қочишарди. Гоҳида эса йирик балиқнинг соясида ўйноқлаб сузишарди. Елим балиқлардан ҳар бирининг бўйи уч футдан ошиқроқ келар эди. Улар сузаётганларида худди илон балиққа ўхшаб, бор бўйлари билан биланглаб кетишарди.
Чолнинг юзидан энди фақат қуёш тафтидангина эмас, азбаройи зўриққанликдан ҳам тер реза-реза бўлиб оқарди. Кўринишдан жуда сокин ва бамайлихотир доира ясаётган балиқнинг ҳар янги айланишида чол борган сари кўпроқ чилвир йиғиб олар, яна икки айланишдан кейин балиқ кўксига гарпун уражагига энди у амин бўлиб қолган эди.
«Аммо мен уни бундан ҳам яқинроқ олиб келишим керак, ҳа, яқинроқ,— деб ўйларди у.— Мўлжалга ҳам бошини олмасдан, нақ юрагига уриш керак».
«Ўзингни бос, бардам бўл, чол»,— деди у ўзига ўзи.
Кейинги айланиш вақтида балиқнинг сирти сув юзасида кўринди, аммо у ҳали ҳам қайиқдан анча нарида сузиб борарди. Балиқ яна бир марта айланиб чиқди, бироқ сув бетига боягидан кўра сезиларлироқ чиқиб қолган бўлса-да, ҳамон ўша-ўша қайиқдан анча олисда эди. Чол чилвирни яна бир оз тортқилаб олганида, ҳозир балиқни нақ бортнинг ёнгинасига келтириб қўйган бўлишини биларди.
У гарпунни аллақачон шай қилиб қўйган эди; ингичка трос ўрами кажава саватда ётар, унинг бир учи қайиқ бурнидаги илгакка маҳкамланган эди.
Беқиёс вазмин ва сулув бўлган бу балиқ доирасини ясаб, улкан қуйруғини билинар- билинмас қимирлатиб яқинлашиб келарди. Чол уни қайиққа мумкин қа-дар яқинроқ олиб келиш учун куйиб-пишиб чилвир тортарди. Бир муддат балиқ ёнбошига ағдарилиб қолди. Кейин у ўзини ростлаб олди ва янгидан айланишга ўтди.
— Мен уни ўрнидан жилдирдим,— деди чол.— Нима бўлганда ҳам мен уни ағдарилишга мажбур қилдим.

Унинг яна боши айланиб кетди, шунга қарамасдан чилвирни ўлиб-тирилиб тортишдан тўхтамади. «Ахир, бўлса-бўлмаса, уни ёнига тўнтариб қўйиш қўлимдан келадику,— деб ўйлади у.— Ажаб эмас, уни бу сафар чалқанчасига ағдариб олсам. Торт хооо, торт!— Ўз қўлларига буюрди у.— Қани, ҳа-ҳа, оёқлар, бардам-бардам! Калла, бўла қол, анқайма! Иш кўрсат! Ахир, сен ҳеч қачон мени ерга қаратмагансан-ку. Бу сафар мен уни чархпалак қилиб ташлайман!»
Ҳали балиқ қайиққа яқин келиб улгурмасданоқ, у бор кучини йиғиб, ўлар-тириларига қарамай торта бошлади. Бироқ балиқ ёнбошига ағдарилди, холос. Кейин яна ўзини ўнглаб олди- ю, олислаб кетди.
— Менга қарагин, балиқ!— деди чол унга.— Сен барибир ўласан.— Шундай бўлгач, мени ҳам ўзингга қўшмозор қилишдан бир маъно борми?
«Бунақада икки қўлимни бурнимга тиқиб қолаверишим ҳам ҳеч гап эмас»,— кўнглидан ўтказди у. Оғзи шундай ҳам қақраб кетган эдики, ҳатто лабини лабига қовуштиришга мажоли етмас, сув солинган шишани чўзилиб олиш учун эса мадори йўқ эди. «Бу гал мен энди уни қайиққа судраб келтирмасам бўлмайди,— деб ўйлади у.— Кунинг битиб қолганга ўхшайди, чол». «Йўқ,— деб чўрт кесди у ўзини,— битиб қолгани йўқ. Умринг ҳали юз йилларга етади, чол».
Кейинги айланиш пайтида чол сал бўлмаса балиқни қўлга киритай деди-ю, бироқ у яна ўзини ростлаб олиб, оҳиста узоқлаб кетди.
«Мени хароб қиляпсан, балиқ,— ўйларди чол.— Бу, албатта, сенинг ишинг. Умрим бино бўлиб ҳали бирон мартаба сенчалик улкан, сенчалик сулув, осуда ва олижаноб махлуқни кўрмаганман. Майли, истасанг мени ўлдир. Ким-кимни ҳалок қилади — энди менга барибир».
«Яна миянг айнияпти, қария! Ўзинг биласан-ку, бошинг равшан бўлиши шарт. Эсингни йиғиб ол. Уқубатни инсонларча… ё бўлмаса, худди мана бу балиқчалик енгиб ўтишга ҳаракат қил»,— деб хаёлан қўшиб қўйди у.
Сўнг ўз-ўзига:
— Қани, бўл-чи, каллани ишлат,— деди. Овози шундай ожиз чиқдики, уни ҳатто ўзи базўр эшитди.— Ишлат, деяпман сенга.
Яна икки айланиш давомида ҳам ҳеч нарса ўзгармади.
«Нима қилсам бўларкин?—ўйлаб ўйига етолмасди чол. Ҳар гал балиқ олислай бошлаши билан унга гўё ўзи ҳушдан кетаётгандай бўлиб туюларди.— Нима қи-лиш керак? Яна бир уннаб кўраман».
У яна бир уриниб кўриб, ҳушдан ажралаётганини сезди. Аммо шундай бўлса ҳам балиқни чалқанча ағдаришга муваффақ бўлди. Кейин балиқ қайтадан ўзини ростлаб олди ва баҳайбат думини ҳавода биланглата-биланглата йироқлаб кетди.
Қўллари жонсиздай бўлиб қолгани ва кўз олди хиралашиб, туман босганига қарамай чол:
«Яна бир уриниб кўраман»,— деб аҳд қилди.
Шундай қилди ҳам, бироқ балиқ яна чап бериб кетди. «Э, ҳали шундайми?—деб ўйлади у.
Уйладию, ўзини музлаб кетаётгандек ҳис қилди.— Мен яна бир уриниб кўраман».
У ўзининг бутун азоб-уқубати, қолган-қутган куч-қуввати ва аллақачонлардан буён йўқолиб кетган ғурур, ориятини бир ерга тўпладию, уларни балиқ чекаётган абгорликлар билан яккама- якка олишувга ташлади. Шунда балиқ ёнбошига ағдарилиб тушди ва шу кўйича оҳиста, қайиқ қопламасига қилич тумшуғи билан тегай-тегай деб сузиб ўта бошлади; узун дегандан узун, энли дегандан энли, кумушдайин товланган, бинафша ранг тасмалардан камар боғлаган, боши ҳў атта, кети ҳў батта бўлиб туюлган бу балиқ сал бўлмаса қайиқ ёнидан қилпиллаб ўтиб кетай деди.
Чол чилвирни ташлаб, уни оёғи билан босиб олди, гарпунни қурби етганча баланд кўтариб, шу онда йиққан бор кучи билан балиқнинг денгиз сиртидан одам кўкрагича кўтарилиб турган тўш қанотларининг худди орқасига урди. У темирнинг юмшоқ гўштга қандай кириб  бораётганини туйди ва бутун оғирлигини гарпунга солиб, уни борган сари чуқур суқа борди.
Шунда балиқ ўлим билан ҳамнишин бўлиб қолганига қарамай ҳаракатга кирди, гўё ўзининг тенги йўқ бўй-басти, бор гўзаллиги ва қудратини намойиш қилгандай денгиздан баланд кўтарилиб чиқди. Гўё у чол билан қайиқ устида муаллақ осилиб қолди. Кейин у чол ва чолнинг бутун қайиғига кўлоб-кўлоб сув ёғдириб денгизга гумбурлаб тушди.
Чолни беҳоллик ва беҳузурлик ўз комига олди, кўзлари деярли ҳеч нарсани илғамай қўйди. Бироқ гарпун арқонини бўш қўйиб, уни тилимланиб кетган қўллари-да оҳиста тутамлай бошлади. Кўзлари яна равшан тортганда эса, у балиқнинг кумуш ранг қорнини осмонга қаратиб тўнтарилиб ётганини кўрди. Орқасидан гарпун дастаси қиялаб чиқиб турар, денгиз теграси эса унинг қора қонига бўялган эди. Бошда гўё бутун бир чақирим келадиган мовий сувни ғиж-ғиж балиқлар тўдаси қоплаб юборгандай қора доғ босди. Кейин бу доғ ёйилиб кетди ва паға-паға булутга ўхшаб қолди. Кумушсимон балиқ тўлқинларда оҳиста тебраниб турарди.
Чол то кўзи яна тиниб кетмагунча, балиқдан кўз узмай турди. Сўнгра у гарпун арқонини битенгга устма-уст икки марта ўраб боғлади ва қўллари билан икки чаккасини ушлаб мункайди.
«Нима бало бўла қолди-я, бу бошимга ўзи?—деди (у юзини қуйруқ қопламасига босаркан.— Мен кексайиб қолган одамман. Қаттиқ чарчадим. Аммо мен нима бўлганда ҳам мана бу балиқни ўлдирдим. У менга туғишган биродаримдан ҳам ортиқроқ. Энди бўлса майда-чуйда ишни бир ёқлик қилишгина қолди.
Ҳозир балиқни қайиққа қантариб олишим учун арқонни тахт тутиб, уни сиртмоқ-сиртмоқ қилиб қўйишим керак. Мабодо биз икковлашиб балиқни қайиққа ортган бўлдиго, уни сувга лиқ  тўлдириб қўйдиго, борингки, кейин челаклаб бўшатдиго, барибир, қайиқ бунақанги юкка дош беролмайди. Мен нима лозим бўлса ҳаммасини таппа-тахт қилиб қўйишим керак. Кейин балиқни бортга тортиб келтиришиму, чандиб ташлашим, елканни кўтариб, куч-кўрон билан жуфтак ростлашим керак бўлади».
Чол арқонни балиқ жабраси ва жағларидан ўтказиб, бошини қуйруққа тирбанд қилиш мақсадида уни бортга тортиб келтира бошлади.
«Уни кўргим келяпти,— деб ўйлади у,— ўз қўлларим билан ушлагим, қандай балиқ  эканлигини бир билиб қўйгим келяпти. Ахир у — менинг бойлигим. Лекин, фақат шунинг ўзи учунгина уни ушлаб кўргим келаётгани йўқ. Мен аллақачон, ҳў ўшанда, гарпунни сопига довур урганимда, унинг юрагига қўл текизиб кўргандай бўлдим,— деб ўйларди у.— Ҳай, майли, энди уни яқинроқ олиб кел, бойла, думига сиртмоқ ташла, қайиққа ёпишиб турсин десанг, танасини ҳам сиртмоқлаб ол».
— Қани, қария, ҳаракатингни қил,—деди у ўзига ва бир қултум сув ютинди.— Энди жанг тамом бўлди, аммо ҳали майда-чуйда иш бошдан ошиб ётибди.
Чол аввал зилол осмонга, кейин улкан балиққа назар солди. Айрича диққат билан қуёшга қаради, «Ҳозир кун пешиндан сал оғибди. Пассат бўлса, авжига миняпти. Шу тобда чилвирни улаб-чатиб қўяй десам, бундан наф йўқ. Буни бола билан уйда дўндириб қўямиз».
— Қани, бери кел-чи, балиқ!
Аммо балиқ бери келишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмас, тўлқинлар оғушида сокин чайқалар эди. Чолнинг ўзига қайиқни унга томон олиб боришга тўғри келди.

Чол унга шундоқ ёнма-ён келиб, балиқнинг боши қайиқ қуйруғига учма-уч келганда, яна бир карра унинг азим ҳайбатидан данг қолди. Кейин гарпун ар-қонини битенгдан ечиб олиб, уни балиқ жабраларидан ўтказди, бир учини жағидан тортиб чиқарди, балиқнинг қилич тумшуғига айлантириб ўради, кейин арқонни яна жабралардан ўтказди, яна балиқ тумшуғига ўради ва устма-уст битенгга чандиб ташлади. Қолган арқонни кесиб олиб, балиқ думини сиртмоқлаш учун қуйруққа ўтди. Балиқнинг туси заррин бинафша рангдан соф кумуш рангга ўтди, тасмалари бўлса, худди қуйруғи каби синиқ сафсар тусини олди. Бу тасмалар эркак кишининг керилган қўлларидан энлироқ эди, балиқнинг кўзлари эса, худди перископ ойнаклари  сингари лўқ бўлиб қолган, айни чоқда салб чопқинлари вақтидаги авлиёларнинг қиёфасини эслатиб турарди.
— Мен уни бундан бошқача қилиб ўлдиролмас эдим,— деди чол.
У сув ичиб, ўзини анча тетик ҳис қилди. Энди у ўзининг бундан кейин ҳушдан кетмаслигини биларди, мияси ҳам равшан тортган эди. «Бу балиқ ярим тонна келса келадики, кам эмас,— деб ўйлади у.— Балким, ундан ҳам кўпроқдир». Агар бунақанги байталмоннинг учдан икки қисми гўшт бўлса, ҳар фунти ўттиз центдан турганда, қўлга қанча пул кираркин?
— Қалам-қоғоз бўлмаса, ҳисобига етиб ҳам бўлмайди буни,— деди чол.— Ҳисобини чиқариш учун бош тиниқ бўлиши керак. Аммо, фаҳмимча, улуғ Ди Маджио бугун мен билан фахрланса арзийди. Тўғри, менда суяк қадоғи бўлган эмас. Лекин қўлларим ва елкам бебилиска оғриди-е. Дарвоқе, суяк қадоғининг ўзи нима? Эҳтимол, у бизда ҳам бўлса бордир, фақат борлигини хаёлимизга келтирмасак керак, холос.
Чол балиқни қайиқ бурни, қуйруғи ва ўриндиқларига боғлаб қўйди. Балиқ шунчалик ҳам  азим эдики, чолга гўё у қайиғини йирик кеманинг бортига тиркаб қўйгандай туюлар эди. Чилвирдан бир бўлак кесиб олди-да балиқнинг оғзи очилиб қолиб, сузишни қийинлаштирмасин учун унинг пастки жағини тиғига кўтариб боғлаб қўйди. Кейин у мачтани ўрнатди, таёқдан гафель ўрнида фойдаланди, шкотни тортиб қўйди. Олақуроқ елкан ғўппайди, қайиқ олға жилди, чол қуйруққа ярим ёнбошлаб, жануби-ғарбга сузиб кетди.

Жануби-ғарб томонни аниқлаш учун чолга компаснинг кераги йўқ эди. Бунинг учун унга пассатнинг қайга эсаётгани-ю, елканнинг қай тарафдан шамолга тўла-ётганини билиш кифоя эди. «Ҳарқалай қармоқни сувга ташлаб қўйсам ёмон бўлмасди — ёлғондака хўракка балиқ- малиқ илиниб қолармиди дейман, бўлмаса очдан ўламан-ку». Аммо у ёлғондака хўракни ахтариб тополмади, сардинлар эса ҳидланиб қолибди. Шунда у сариқ сув ўсимликлари ёнидан сузиб ўта гуриб, улар-дан бир тутамини чангак билан илиб олиб, силкитди. Қайиққа майда қисқичбақалар тўкилиб тушди. Деярли бир дюжинадан ошиқроқ бўлган бу махлуқлар худди бургалар сингари дикирлаб сакрашар, ўрмалашарди. Чол уларнинг бошини пкки бармоғи орасига олиб узиб ташлади ва ҳеч нарсасинн қўймай обдон чайнаб еб юборди. Қисқичбақалар ннҳояти майда эди. Аммо чол уларнинг кишини жуда ҳам тўқ тутиши, бунинг устига беҳад лаззатли эканлнгидан хабардор эди.
Чол уларнн батамом еб битиргандан сўнг, шишада қолган озгинагина сувнинг чорак қисмини ичди.
Бортига зил-замбил балиқ тиркалганига қарамай, қайиқ расамади билан борар, чол румпелни тирсаги билан тутганча, уни бошқарар эди. Балиқ унга муттасил кўриниб турар, ўз қўлларига кўзи тушиб қолса ёки елкаси қайиқ четига тегиб кетган ҳамон — буларнинг бари тушида эмас ўнгида содир бўлганини бутун вужуди билан ҳис қилар эдн. Ҳув бир пайт, ҳамма нарса ҳал бўлишга келиб қўққисдан мазаси қочиб қолганда, буларнинг бари чолга роппа-роса туш каби кў-риниб кетган эди. Нимасини айтасиз, ундан кейин ҳам балиқ сувдан чиқиб қайта тушиб кетиш олдидан ҳавода муаллақ осилиб қолганда, унга буларнинг ҳаммасида қандайдир антиқа бир ғаройибот бордек туюлди ва чол ўз кўзларига ишонмай қолди. Тўғри, у пайтда кўзлари ҳам нафсиламрга яхши илғамай қолган эди, энди бўлса улар яна равшан тортди.
Мана энди балиқнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлиги, қўллари ва елкаларидаги оғриқнинг ҳам тушида бўлмаётганлиги унга аён. «Қўлларимнинг яраси тез битиб кетади,— деб ўйлади у.— Яралар ифлосланиб зўрайиб кетмасин деб, озмунча қон оқиздимми, шўргина сув бўлса, ҳойнаҳой уларга малҳам бўлади. Кўрфазнинг қорамтир суви — дунёда тенги йўқ даво. Фақат хаёлим чалғиб кетмаса бўлгани! Қўллар ўз вазифасини адо этиб бўлди, қайиқ ҳам жойида кетяпти. Балиқнинг оғзи бекик, қуйруғи бўлса тиғдек тик, ўзимиз ҳам ёнма-ён худди биродарлардек сузиб боряпмиз». Унинг боши яна бир оз гангиб кетди. «Ким кимни уйга элтаяпти ўзи — мен уними ё у меними? Агар мен уни шатакка олиб бораётган бўлганимда,  бошқа гап эди. Ёинки, у ўзининг турган-битган савлатини бой бериб, қайиқ ичида ётганда эди, бунда ҳам ҳамма нарса бошқача, очиқ-ойдин бўла қоларди. Аммо биз ёнма-ён, бир-биримизга занжирбанд бўлиб сузиб кетяпмиз. Бор-э, менга нима, мени етаклаб кетаётган бўлса кетавермайдими. Унга шу маъқул бўлса, биз рози. Нафсилампирга, мен устомонлик ишлатибгина ундан устун чиқдим; баҳарҳол, у менга ҳеч қандай ёмонлик кўзлагани йўқ».

Улар сузгандан сузиб боришар, чол ўқтин-ўқтин қўлини денгиз сувига чайқаб олар, каловланиб қолмасликка ҳаракат қилиб борарди. Тўп-тўп булутлар баландда имиллар, улардан ҳам юксакда укпар булутлар сузишар эди; чол, шамол туни билан эсиб чиқишини биларди. У ҳақиқатан ҳам, балиқни тушида эмас, ўнгида кўриб турганига амин бўлиш учун, дамба-дам унга қараб қўярди. Биринчи акула уни қувиб етгунча, бир соат чамаси вақт ўтди.
Акула уни тасодифан қувиб етгани йўқ. Балиқ қонининг қорамтир булутлари аввал қуюқлашиб, кейин сув бўйлаб бутун бир чақирим чуқурликка ёйилиб ке-тиши биланоқ, у денгиз қаъридан бош кўтариб, ҳеч бир ҳадик билмасдан, ойнадай мовий денгиз сиртини шитоб билан тилиб, ёруғ дунёга сузиб чиққан эди. Кейин яна ортига қайтди, яна қон ҳидини туйди ва ниҳоят балиқ ҳам қайиқ қолдирган издан кетма-кет таъқиб эта бошлади.
Гоҳида у изни йўқотиб қўярди. Бироқ, ёхуд яна изга тушиб олар, ёинки билинар-билинмас анқиб турган ис димоғига уриларди-да, янгидан тинимсиз таъ-қиб эта бошларди. Бу — денгизнинг энг учқур балиғи қанчалик тез суза билса, шунчалик тез суза олиш учун дунёга келган, мако жинсидан бўлган жуда ҳам йирик акула эди. Унинг коми дейилмаса, бутун сумбати билан мана мен деб турар эди. Усти худди қилич балиқники каби мовий, қорни кумуш ранг сирти силлиқ ва чиройли, ҳозир маҳкам қисиб олинган жаҳаннам дарвозасидай жағларини ҳисобга олмаганда, турган-битгани қилич балиққа ўхшарди. У чўққайиб чиққан тепа қаноти билан сувни енгил ёриб, денгиз юзидан тез сузиб келарди. Оғзининг маҳкам юмиб олинган қўш табақа лаблари ортида саккиз қатор бўлиб ўроқ тишлари тизилиб кетар эди. Улар кўпчилик акулаларнинг аксар қиррадор тишларига ўхшамас, балки йиртқич човути сингари қайрилган одам бармоқларини эслатарди. Узунлиги ҳам чолнинг бармоқларидан қолишмас, зийлари бўлса устарадай ўткир эди. Акула жамики денгиз балиқларини жиғилдонига уриш учун яратилган, бундан ҳатто бошқа ҳеч қандай душмандан тап тортмайдиган, бениҳоя эпчил, кучли ҳамда яхши муҳофаза қилинган балиқлар ҳам ҳоли эмас эди. Шу тобда у ўлжанинг яқинлигини сезиб, шошилар, шу сабабдан ҳам мовий тепа қаноти сувни шиддат билан тилик-лаб борарди.
Чол акулани кўриши билан унинг ҳеч нарсадан қайтмаслигини, хоҳлаган номаъқулчилигини қилишини тушунди. У акуланинг яқинроқ келишини кутаркан, гарпунни шайлаб, арқоннинг охирини маҳкамлаб қўйди. Балиқни боғлаб олаётганида, унинг бир бўлагини кесиб ишлатганидан, арқон калта бўлиб қолган эди.
Чолнинг боши ҳозир батамом тиниққан, ўзини ҳеч нарсадан умидвор тутмаса-да, ҳарқалай, қатъият билан белни маҳкам боғлаган эди.
«Ҳамма иш хамирдан қил сугургандай бораётган эдики, охиригача шундай давом этиши мумкин эмасди ҳам»,— деб ўйларди у.
Акуланинг яқинлаб келишидан кўзини узмай, чол азим балиққа назар ташлади. «Буларнинг бари, нафсиламрга, туш бўлиб қолса ҳам ёмон бўлмасди. Мен унинг ўзимга ҳужум қилишининг олдини ололмайман, аммо, балки, уни гумдон қилиш қўлимдан келар Dentuso8, —хаёлидан ўтказди у.— Падарингга минг лаънат!»
Акула нақ қуйруқнинг ўзига яқинлашиб келиб, балиққа ташланиши билан чол унинг ўпқондек очилган оғзини ва фавқулодда дўлайган кўзларини кўрди, балиқ думидан сал юқорига санчилган тишларининг картиллаб, қисирлаганини эшитди. Акуланинг боши сувдан чиқиб турар, унинг кетидан кўп ўтмай елкаси ҳам кўриниб қолган эди. Чол акула жағлари улкан балиқнинг танасини хунук товуш чиқариб, нимта-нимта қилаётганини эшитаркан, унинг бошига, кўзларини қўшиб турган чизиқ тумшуғидан юқорига кстган чизиқ билан кесишган жойнинг ўзгинасига гарпун урди.

8 Акуланинг тишли бир тури (исп.).

 Ҳақиқатда эса, бундай чизиқлар йўқ эди. Огир, тиғсимон зангори калласию, лўқ очилган кўзлар ва ғижирлаган, туртиб чиққан, нима тўғри келса, шуни ғажиб ташлашга тайёр турган жағларгина бор эди. Аммо ўша ерда акуланинг мияси жойлашганидан чол уни нишонга олиб найза урган эди. Қийилиб-қирчилиб кетган, қонга бўялган қўлларида маҳкам қисилган гарпунни урди, урганда ҳам жон-жаҳди билан урди. Ураркан, зарбидан ҳеч бир умидвор бўлгани йўқ, аммо қатъият ва аламжон қаҳру ғазаб билан урди.
Акула тўнтарилиб тушди, чол унинг кўзлари сўнганини кўрди, кейин акула арқонни танига икки қайта ўралаштириб, яна бир ағдарилди. Чол акуланинг жон берганини, аммо ҳамон ўлим билан келишишни истамаётганини тушунди. Тўнтарилиб ётаркан, у думи билан урар, жағларини ғижирлатар, сувни пойга қайи-ғидай кўпиртирар эди. Денгизнинг у думи билан савалаган жойи оппоқ бўлиб кетган эди. Акула гавдасининг тўртдан уч қисми сувдан кўтарилиб чиқди, арқон таранг тортилди ,қилтиллаб-қалтиради ва охири чўрт узилиб кетди. Акула бир муддат сув бетида қалқиб тураркан, чол ҳамон ундан кўз узмай, қарагани қараган эди. Қейин у имиллабгина сув қаърига кириб йўқолди.
— У ўзи билан қирқ қадоқча балиқ гўштини гумдон қилди,— деди чол овоз чиқариб.
«Устига-устак, гарпун билан қолган-қутган арқонни ҳам олиб кетди,— хаёлан қўшиб қўйди у,— балиқдан бўлса яна қон оқяпти, демак, бу акула кетидан ҳали замон бошқалари ҳам келиб қолади».
Дабдаласи чиққан балиққа энди унинг бошқа қарагиси ҳам келмасди. Акула балиққа ташланган чоғда, чолда у гўё балиққа эмас, ўзига ташлагандай бўлиб кўринди.
«Аммо, ҳарқалай, мен балиғимга кўз олайтирган акулани ўлдирдим,—деб ўйлади у.— Бу умрим бино бўлиб кўрганларим ичида энг балойи азим dentuso эди. Мен бўлсам, худо ҳақи, улкан акулаларнинг кўпини кўрганман.
Ишларим ҳаддан зиёд силлиқ кетаётувди. Бунинг узоқ давом этиши мумкин эмасди. Мендан ҳозир тила тилагингни дейишса, буларнинг бари-бари туш бўлиб қолишини тилардим: балиқ- малиқ тутдингми — йўқ, газеталар тўшалган каравотингда ялло қилиб ётибсанми — ётибсан, тамом, вассалом эди».
— Аммо инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган,— деди у.— Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди.
«Ҳар қалай балиқни ўлдирганим увол бўлди,— деб ўйлади у.— Энди менга жуда оғир тушади, ҳатто гарпундан ҳам мосуво бўлдим. Dentuso — чаққон ва ёвуз, ақлли ва кучли махлуқ. Аммо мен ундан кўра ҳам ақллироқ бўлиб чиқдим. Балким, ақллироқ ҳам эмасдирман. Эҳтимол, ҳаммаси дурустроқ қуролланган бўл-ганлигимдандир».
— Хаёл суриш керак эмас, чол,— деди у овоз чиқариб.— Шамол бўйлаб сузавер ва фалокат рўй берадиган бўлса, қарши олишга тайёр тур.
«Йўқ, мен ўйлашим керак,— фикран ўз-ўзига эътироз билдирди у.— Шундан бошқа яна нима ҳам қолди менда, ахир. Шу-ю, бейсбол, холос. Дарвоқе, акуланинг қоқ миясига туширганим улуғ Ди Маджиога ёқармиди ё ёқмасмиди? Умуман, мақтаса арзийдиган бир иш  ҳам бўлгани йўқ, ҳар кимса ҳам шундай қила оларди. Айтмоқчи, менга қара, қария, нима деб ўйлайсан: қўлларинг суяк қадоғига қараганда, кўп халақит бердими ё йўқ? Қаёқдан билай? Товонимга йўлига бўлсин бирон марта ҳам ҳеч бало урган эмас, фақат бир сафар чўмилаётиб электр скатини билмай босиб олганимда, уни илон чаққандай бўлган эди; ўшанда оёғим тиззам- гача акашак бўлиб қолган, оғриғи ҳам чидаб бўлмайдиган оғриқ эди».
— Қўй, буни. Яхшиси, бошқа бирон юракни хун қилмайдиган нарса ҳақида ўйлагин, қария,— деди у овоз чиқариб.— Дам ўтган сайин уйга яқинлашиб қол-япсан. Нимасини айтасан, қирқ қадоқ гўштдан айрилиб қолганингдан бери сузиш ҳам анча осонлашиб қолди.
Оқимнинг қоқ ўртасига кирганидан кейин у ўзининг нимага гирифтор бўлишини жуда ҳам яхши биларди. Аммо энди бунинг олдини олиб бўлмасди. Бошқа илож қолмаган эди.
— Бекор айтибсан, ҳали бунинг иложи бор,— деди у, — Пичоғингни эшкаклардан бирининг дастаснга боғлаб қўйишинг мумкин.
У румпелни қўлтиғида қисиб туриб, елкан арқонини оёғи билан босиб олганча, айтган ишини қилди.
— Ана бўлмаса,— деди у.— Мен чол бўлсам-да, одамнинг хўрлигини келтирар даражада ожиз ва яроқсиз эмасман.
Сарин шамол эсар, қайиқ ҳам шитоб билан олға борарди. Чол балиқнинг фақат олд томонигагина қарар, қараган сари кўнглида умид учқунлари уйғона борарди.
«Умидсизлик — ҳалокат,— деб ўйларди у.— Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто — гуноҳ. Нима гуноҳу, нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман.
Тушунмайман ҳам ва эҳтимол, уларга ишонмайман ҳам. Балким балиқни ўлдиришим гуноҳ бўлгандир. Мен уни очдан ўлмаслик ва яна талай одамларнинг қорнини тўйдириш учун ўлдирган бўлсам ҳам, фаҳмимча, ҳа, гуноҳ бўлди. Унда, сен нима қилаётган бўлсанг, бари гуноҳ-ку. Нима гуноҳу, нима ногуноҳ — буни ўйлаб ўтиришдан ҳожат йўқ. Боз устига вақти ҳам ўтди, бундан ташқари, гуноҳлар билан шу тўғрида бош қотириб, бош қотирганликлари учун ҳақ оладиганлар шу-ғулланаверсин. Ҳа, худди ўшалар гуноҳнинг нималиги устида бош қотираверсин. Худди балиқ — балиқ бўлиш учун туғилганидек, сен ҳам балиқчиликка туғилгансан. Авлиё Пётр ҳам балиқчи эди, улуғ Ди Маджионинг отаси ҳам шу касб соҳиб адоси бўлган».
Бироқ чол ўзини қуршаган нарсалар ҳақида мулоҳаза юритишни яхши кўрар, ўқийдигаи китоби, эшитадиган радиоси бўлмагандан кейин, жуда кўп ўйлар, шу жумладан, гуноҳ устида ҳам бош қотирар эди. «Сен балиқни бошқаларга сотиб, шу билан бир кунингни кўриш учунгина ўлдирганинг йўқ,— деб ўйларди у.— Сен уни бир сираси орият туфайли ва қолаверса, балиқчи бўлганинг учун ҳам ўлдирдинг. Бу балиқ тириклигида сен унга кўнгил қўйдинг, ҳозир ҳам уни яхши кўрасан. Кимнидир севсанг, уни ўлдириш ҳам гуноҳ эмас. Балки, аксинчадир, оғирроқ гуноҳдир?».
— Сен ҳаддан ташқари кўп ўйлаяпсан, қария,— деди у овоз чиқариб.
«Бироқ сен dentusoни жон-жон деб асфаласофилинга жўнатдинг-ку,— ўйлади чол.— У бўлса худди сенга ўхшаб, балиқ ўлдириб бир кунини кўради. Ҳаром-ха-ришни ҳам жиғилдонига шунчаки бир қорин тўйдириш учун уриб қўя қолмайди ва худди бошқа акулаларга ўхшаб, номигагина еб тўймас палид эмас. У қўрқинч нима билмайдиган чиройли ва олижаноб махлуқдир».
— Мен уни ўз жонимни ҳимоя қила туриб, ўлдирдим,— деди чол овоз чиқариб.— Ўлдирганда ҳам, боплаб ўлдирдим.
«Яна денг,— деб ўйлади у,— ҳамма ҳам нима бўлмасин, кимнидир ёки ниманидир ўлдиради. Балиқ ови мени ҳам гўрга тиқяпти, ҳам гўр оғзидан қайтариб олиб келяпти. Қўй, суйилма, чол. Балиқ ови эмас, бола сени гўр оғзидан қайтаряпти».
У бортдан эгилиб, балиқнинг акула ғажиган еридан бир луқма гўшт узиб олди. Гўштни чайнар экан, унинг сифати ва тамига ўзича баҳо берди. У рангсиз бўлса-да, худди сўқим гўшти каби лаҳм ва барра эди. Бундай чандирсиз гўштнинг бозори чаққон эканлигини чол биларди. Аммо денгиз унинг тотини олиб қочар ва чол бунинг олдини олишдан ожиз эди. У ўзига ҳали осон бўлмаслигини, олдида заҳмат ва машаққат йўли турганини тушунарди.
Шамол ҳали-вери сусаядиганга ўхшамасди. У ўз йўлини шимоли-шарққа томон бирмунча ўзгартирган, шундай бўлгач, тўхташини кутмаса ҳам бўлаверарди. Чол олис-олисларга қарар, бироқ на биронта кеманинг елканини, на тутуни ва на корпусини кўрар эди. Фақат учар балиқларгина денгиздан кўтарилиб чиқишар ва қайиқ бурнидан икки томонга сапчиб, ғойиб бўлишарди, яна сув ўсимликларининг бўлтаклари сарғайиб кўзга ташланар эди. Ҳатто қушлар ҳам кўринмасди.
У икки соатдан бери қуйруққа ёнбошлаб олиб, балиқ гўштини оғзидан қўймай чайнаб, тезроқ ҳордиқ чиқариб, куч йиғишга ҳаракат қилганча, сузиб бораркан, икки акуладан бирини кўрди.
— Их!— кафтини мих тешиб ўтиб, ёғочга кириб бораётганда, одам тилидан беихтиёр отилиб чиқадиган, маъноси йўқ сўз, тўғрироғи, ун берди чол.
— Galanos9 , — деди у овоз чиқариб.
Чол, биринчи сузғич ортидан иккикчисининг ҳам пайдо бўлганини кўрди ва шу уч қиррали жигар ранг сузғичлардан, ҳамда думининг шитоб билан билангла-шидан, булар керик бурун акулалар эканини билди. Улар балиқ ҳидини туйиб, ўзларини қўярга жой тополмай қолишган ва очликдан тамомила ўлар ҳолатга келиб, иштаҳани карнай қилувчи бу ҳидни гоҳ иўқотиб, гоҳ яна топиб келишарди. Улар дақиқа сайин тобора яқинлашар эдилар.
Чол елканни мусти-метин қилиб маҳкамлаб ташлади, рулни ҳам чув қоқиб қўйди. Кейин у пичоқ боғланган эшкакни кўтарди. Қўллари чидаб бўлмас даража-да оғриб турганидан, уни авайлаб, бир амаллаб кўтарди. Қўлларим жилла қурса бир озгина ёзилсин деб, бармоқларини бетўхтов чақачум қилар эди. Сўнг қўллар бутун оғриққа бира тўла бардош берадиган бўлиб кўниксин, кейин яна ишдан бўйин товлаб юрмасин учун эшкакни бор кучи билан чангаллаб олди ва акулаларнннг яқинлаб келишини кузата бошлади. Чол уларнинг керик бурун, япасқи бошларию, оқ ҳошияли кўкрак сузғичларини кўриб турарди. Булар — акулалар ичида знг палид, энг ярамас ва энг сассиқ балохўрлари ҳисобланарди: нафс туғён урган маҳалларда улар, ҳатто қайиқнинг эшкаги билан рулига ҳам ташланишдан тоймас эдилар. Агар тошбақа денгиз юзида мабодо пинакка кета қолса, бундай акулалар унинг оёқларини чўрт узиб кетишади, жуда ҳам очиққан маҳалларида эса, ҳатто балиқ қони ёки шилимшиғининг ҳиди келмаётган одамга ҳам сувда ҳужум қилиша-веради.
— Их!—деди чол.— Ҳай, майли энди кела қолинглар…
Ҳа, улар сузиб келишди. Аммо улар макога ўхшаб келишгани йўқ. Улардан бири ялт-юлт қилди-ю, ўзини қайиқ остига урди. У балиққа ташланганда, қайиқнинг қанчалик қалтираб кетгани чолга айниқса билинди. Бошқа бири бўлса ўзининг қисиқ сарғиш кўзлари билан чолга шинграйиб турди, кейин оғзини тарвақай очиб, балиқнинг мако ғажиган ерига ўзини урди. Чолга унинг жигар ранг боши устидан елка томонига чўзилиб ўтган, мия билан умуртқа бир- бирига уланиб кетадиган жойдаги чизиқ аниқ кўриниб турарди, у эшкакка маҳкамланган пичоқни худди шу ерга санчди. Кейин пичоқни суғуриб олиб, уни яна акуланинг му-шукникига ўхшаш сариқ кўзларига урди. Акула жон талвасасида балиқдан айрилди ва оғзида қолган гўштни йўл-йўлакай қўймай ютаркан денгиз қаърига сирғалиб кетди.
Қайиқ ҳамон иккинчи акуланинг балиққа бўлган ҳужумидан қалтираб турарди. Чол акулани қайиқ остидан чиқариш учун елканни ёйиб, қайиқни кўндаланг айлантириб қўйди. Акулани кўрган ҳамоно, у борт оша энкайди ва пичоқ урди. Пичоқ акуланинг лаққа гўшт ерига тўғри келди-ю, аммо қаттиқ тери унинг чуқур-роқ кириб боришига йўл қўймади. Зарбдан чолнинг қўлларигина эмас, елкалари ҳам сирқираб кетди. Бироқ акула комини сувдан чиқариб, яна балиққа ташланди, ана шунда чол унинг япасқи бошининг қоқ ўртасига урди. Тиғни суғуриб олди. Яна ўша ерга урди. Акула ҳамон жағларинн маҳкам қисганча, балиққа осилиб турарди. Шундан кейин чол унинг чап кўзига пичоқ санчди. Акула бояги-боягича балиқни юбормасди.

9 Акуланинг олачипор бир тури (исп.).

— Э, вой, ҳали шунақами?—деди чол аа пичоқни мия бнлан умуртқалар орасига урди.
Ҳозир бунинг қийин жони қолмаган эди. Чол миртакни чўрт кесиб юборганини пайқади. Акуланинг жағларини бўшатиш учун чол эшкакнинг бошқа томонини айлантириб, унинг оғзига тиқди. У эшкакни бураб-бураб олди ва акула балиқдан ажралиб кетгандай сўнг деди:
— Жўнаб қол, galano менга деса, денгиз қаърига гумдон бўл. У ерда чиқонинг билан юз кўришгин. Ким билади, балки у сенинг онанг эдими?
Чол пичоқ дамини артди ва эшкакни қайиқ ичига қўйди. Кейин елканни ёйди, шамол уни тўлдиргач, қайиқни аввалги йўлига қараб бурди.
— Улар балиқнинг, ҳарқалай, чорак бўлагини олиб кетишди, буниси ҳам майлига-я, яна гўштнинг сарасини олиб кетганига ўласизми,— деди у овоз чиқариб.— Улай агар, буларнинг бари бир рўё бўлиб қолишини, балиқ ҳам қўлимга тушмаган бўлишини хоҳлардим. Мана шундай бўлиб чиққани жуда ёмон бўлди-да, балиқ, жуда ёмон бўлди.
Чол жимиб қолди, энди унинг балиққа қарагиси келмасди. Танасида қондан асар қолмаган, бўккан, шабби-шалаббо бўлган бу балиқ кўзгулар ортига сур-тиладиган сирамальгама тусига кирган, аммо йўл-йўл тасмалари ҳали ҳамон ўз изини йўқотмаган эди.
— Мен денгизда бунчалик олисга кетиб қолмаслигим керак эди,— деди у.— Шунақа бўлиб қолгани жуда-жуда ёмон бўлди, балиқ, жуда-жуда ёмон бўлди. Сенга ҳам, менга ҳам.
«Қани, бўл, анқайма!—деди у ўзига ўзи.—Пичоқ боғланган арқон қирқилиб кетмадимикин,
қараб қўй. Қўлингни ҳам қайғусини қил, чунки иш ҳали тамом бўлганича йўқ».
— Қуриб кетсин, қайроқнинг бўлмагани чатоқ бўлди,— деди чол эшкак дастасидаги арқонни кўздан кечира туриб.— Ўзим билан қайроқ олиб келишим керак эди.
«Ўзинг билан бу ерга ола келишинг керак бўлган нарсалар сон минг эди, қария,— деб ўйлади у.— Нима қиласан энди, олганинг йўқми, олганинг йўқ. Ҳозир нима бор, нима йўқ деб ўй ўйлашнинг вақти эмас. Қўлингдаги нарсаларнинг ўзи билан иш битиришнинг пайида бўл».
— Оббо-ей, маслаҳат қилавериб жонга тегдинг-де!—деди у овоз чиқариб.
Чол румпелни қўлтиғига қистирди ва иккала қўлини сувга солди.
Қайиқ олға кетиб борарди.
— Ўша, кейинги акула гўштнинг қанчасини уриб кетди, худойимнинг ўзи билади,— деди у.— Аммо кетганда балиқнинг тоши кетди.
Балиқнинг расвойи олам қилинган қорни тўғрисида чолнинг ўйлагиси келмасди. У акуланинг қайиққа кўрсатган ҳар бир турткиси юлқилаб олинган бир бўлак гўштни билдиришини, балиқ бўлса, денгиз бўйлаб худди катта карвон йўлидай кенг, дунёдаги барча акулалар учун очиқ йўл қолдираётганини биларди.
«Бунақа балиқ одамни бутун қиш бўйи боқиб чиқиши мумкин эди… Қўй, буни ўйлама, чол! Дам олгин, қўлингни эпақага келтиришга ҳаракат қил, чунки ҳали бор буд-шудингдан айрилганингча йўқ, қолган-қутган нарсаларни сақлаб қолишнинг пайида бўлишинг керак. Қўлларимдан келаётган қон ҳиди — анави балиқнинг сувдан анқиётган ҳиди олдида ип эшолмайди. Бундоқ десам, қўлларимдан қон ҳам оқаётгани йўқ. Нафсиламрга, чуқур тилинган эмасда. Кўп эмас, озгина қон оқизилган бўлса, чап қўлни томир тортишиш балосидан асрайди.
Ниманинг ўйини сурсам экан ҳозир? Нимани бўларди? Ҳеч нарсани. Яхшиси, ҳеч вақони ўйламаганим маъқул. Акулаларни кутишим керак, вассалом. Қанийди, буларнинг бари туш бўлиб қолса. Дарвоқе, ким билсин, ҳали ишнинг дови юриши мумкиндир. Билиб бўлармиди буни?»
Кейинги акула ёлғиз ўзи сузиб келди, буниси ҳам керик бурунлар сирасидан эди.
Келганда ҳам, тосини қўмсаган тўнғиздай бўлиб келди, зотан одам бошини бир йўла, паққос ямлаб ютиш учун чўчқада бундай ялмоғиз оғиз йўқ, холос.
Чол унинг балиққа ташланишига қўйиб берди, шундан кейингина эшкакка маҳкамланган пичоқ билан бошига туширди. Аммо балиқ елкасига думаларкан, ўзини орқага отди. Пичоқ тиғи синди.
Чол рулга ўтирди. У ҳатто акуланинг дам ўтган сайин кичрайиб, ниҳоят зиғирдаккина бўлиб кўринган-ча, чўкиб боришига ҳам қарамай қўйди. Авваллари бундай манзарадаи у кўз узолмасди. Бироқ ҳозир унинг қайрилиб қарагиси ҳам келмади.
— Қўлимда энди чангаккина қолди,— деди у.— Аммо унинг нима нафи ҳам тегарди? Менда яна икки эшкак, румпель ва тўқмоқ бор.
«Мана энди улар алоҳа мени мункитиб қўйишди,— деб ўйлади у.— Акулаларни тўқмоқ билан уриб ўлдириш учун мен энди қариб қолганман. Шундай бўлса ҳам, қўлимда эшкак, тўқмоқ, қолаверса, румпель бор экан, мен улар билан олишавераман».
У қўлини яна шўр сувга солди.
Кеч кира бошлаган, атрофда денгизу осмондан бўлак ҳеч вақо кўринмас эди. Шамол боягига қараганда кучлироқ эсар, бундан чол кўп ўтмай ерни кўришига умид боғлар эди.
— Чарчабсан, чол,—деди у.—Руҳинг чарчабди.
Унга акулалар яна говгум маҳалда босқин ясашди. Чол энди балиқ ҳеч шак-шубҳасиз ўз ортидан денгиз бўйлаб қолдираётган кенг йўлни қоралаб сузган жигар ранг сузғичларни кўрди. Улар ҳатто бу изни топиш учун ўзларини тўрт томонга уришмас, балки ёнма-ён бўлиб тўғри қайиққа қараб келишарди.
Чол румпелни маҳкамлаб қўйди, елканни қайта боғлади ва қуйруқ остидан тўқмоқни олди. Бу — узунлиги икки ярим футча келадиган синиқ эшкакнинг ар-ралаб олинган бўлаги эди. Чол унинг дастак бўлган жойидан фақат бир қўллабгина тузукроқ ушлай олар эди. У акулани кутиб, тўқмоқни ўнг қўлига маҳкам сиқиб ушлаб олди, панжасида айлантириб ҳам кўрди. Улар иккита эди, иккиси ҳам galanos эди.
«Биринчиси балиққа қаттиқ ёпишиб олгунча, сабр қилишим керак,— деб ўйлади у,— ўшанда, мен унинг ё бурни учига, ё худди миясининг ўзига тушираман».
Ҳар икки акула ҳам биргалашиб сузиб келишди. Улардан сал олдинроқда бўлгани жағларини кериб балиқнинг кумуш ранг биқинига тишларини қадаган замон, чол тўқмоқни баланд кўтарди ва залвор билан акуланинг япасқи бошига туширди. Гўё ичи тўқ резинка тошга ургандай қўли зириллади, қалқон каби суяк-ларнинг мусти-метин қаттиқлиги билиниб кетди ва чол акуланинг бурни учига яна жон-жаҳди билан айлантириб урди. Акула сувга сирғилиб кетди.
Бошқа акула бўлса зиндонасига урадиганини уриб бўлиб, ўзини четга олишга улгурган, энди эса, у яна оғзини ўпқондай йириб яқинлашган эди. Акула балиққа ташланиб, унга ёпишиб олмасдан бурун, чол унинг жағларида қолган оппоқ гўшт парчаларини кўрди. Чол айлантириб урди, аммо зарб каллага тушди-ю, акула унга бир қараб қўйиб, балиқдан бир парча гўшт юлиб олди. У ўлжасини ютиш учун ўзини четга оларкан, чол яна айлантириб қўйиб юборди, аммо зарб яна акула бошининг қайишқоқ ва қаттиқ ерига тўғри келди.
— Қани, берироқ келчи, galano,— деди чол.— Яна бир марта бери келгин!
Акула балиққа бало-қазодай ташланди, у жағларини картиллатиб ёпган онда, чол тўқмоқ туширди. Туширганда ҳам, тўқмоғини иложи борича баланд кўтариб, бор кучи билан туширди. Бу сафар зарб акула бош суягининг негизига тўғри келди, чол худди шу ернинг ўзига яна қайтадан урди. Акула балиқдан бир луқма гўштни тилар-тиламас узиб олди-ю, денгиз қаърига кетди.
Чол акулалар яна пайдо бўлмасмикин деб, кутди, аммо улардан дарак бўлмади. Кейин у, улардан бирининг қайиқ ёнида ўралишаётганини пайқаб қолди. Бошқа акуланинг бўлса ўзи тугул сузғичи ҳам кўринмай кетган эди.
«Мен уларни гумдон қиларман деб ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаган эдим,— деб ўйлади чол.— Авваллари, рост, бу қўлимдан келарди. Дарҳақиқат, мен уларнинг ҳар икковини ҳам ўласи қилиб майиб қилдим, ўлдими энди, шунда ҳам ўзини ҳеч бало урмагандай тутса. Агарда тўқмоқни икки қўллаб ушлай олганимда эди, унда мен биринчисини турган гап — ўлдирардим:ҳатто ҳозир ҳам, шу ёшимга қарамай, ўлдирган бўлардим».
Чолнинг балиқ бетига айланиб қарагиси келмасди. Чунки унинг ярми талон-тарож бўлганлигини биларди. У акулалар билан олишаркан, қуёш ҳам ботиб, говгум кирган эди.
— Ҳадемай қош қораяди,— деди у.— Ўшанда мен, эҳтимол, Гавана чироқларининг ёлқинини кўрарман.
Мабодо шарққа қараб ҳаддан ташқари оғиб кетган бўлсам, унда мен янги курортлардан бирининг чироқларини кўраман.
«Мен соҳилдан жуда ҳам йироқда бўлмасам керак,— деб ўйлади чол.— Фаҳмимча, у ёқда бекордан-бекорга қайғуришмаётган бўлса керак. Дарвоқе, қай-ғурганда ҳам фақат бола қайғуриши мумкин. Аммо, ахир худди унинг ўзи менга жуда ишонади-ку! Каттароқ балиқчилар-ку, ҳойнаҳой, хавотир олишаётгандир. Нимасини айтасан, ёшлар ҳам шундай деявер,— деб ўйларди у.— Ахир мен яхши одамлар орасида яшайман».
Энди у балиқ билан бошқа ўртоқлашолмасди. Балиқ бошдан-оёқ тиғипаррон қилинган эди.
Лекин бирдан унинг хаёлида янги бир фикр туғилди.
— Ҳой, яримта балиқ!— чақирди у.— Номигагина қолган балиқ! Денгизда мана шунчалик йироқлаб кетганимга ачинаман. Мен ҳар иккимизни ҳам хонавайрон қилдим. Аммо биз сен билан бирга кўп акулаларни борса келмасга гумдон қилдик ва япа қанчасининг белини синдирдик. У, қара балиқ, ҳойнаҳой, сен ўзинг ҳам умринг бино бўлиб, уларнинг қанчадан- қанчасини денгиз қаърига жо қилганийкинсан? Ахир, бошингдаги тигнинг туриши бежиз эмас- ку.
Чол балиқ ҳақида ва агар у денгизда эркин сузиб юрса, акула бошига не кунларни солган бўлиши ҳақида ўйлашдан ором олар эди.
«Мен акулалар билан олишиш учун унинг тиғини чопиб олишим керак эди-я, асли», деб ўйлади у. Аммо, унинг бошданоқ болтаси йўқ эди, энди бўлса, ҳатто пичоқдан ҳам айрилиб қолганди.
«Лекинига унинг тиғи менда бўлганда, ол, деб эшкак дастасига боғлаб қўярдиму — қуролмисан қурол бўларди-де, ўзиям! Ана ўшанда, биз у билан чинакамига ёнма-ён туриб олишган бўлардик! Тўхта-чи, агар анавилар мабодо кечаси келиб қолишса, унда нима қиласан?»
— Олишаман,— деди у,— ўлгунимча олишаман.
Аммо қоронғида на чироқ ва на шуъла кўринарди, елкан ва уни тўлдирган шамолдан ўзга ҳеч нарса йўқ эди, шунда тўсиндан чолга ўзи ўлиб қолгандай бўлиб туюлди. У панжаларини панжаларига қўйиб кўрди-ю, ўз кафтини сезди. Кафтлари жонсиз эмасди, уларни чақачум қилиб, чол оғриқ ва иссиқ жонини уйғотиши мумкин эди. У қуйруққа суяниб кўриб, тирик эканлигини билди. Тирикликдан унга хабар берган нарса — елкалари эди.
«Мен агар балиқни ушласам, ўқийман деб аҳд қилганим — ўша ҳамма дуоларни ўқиб қўйишим керак,— деб ўйлади у.— Бироқ ҳозир ўлгидай чарчаганман. Яхшиси, қопни олай-да, елкамга ёпиниб ола қолай».
У қуйруқда ётганча, қайиқни бошқариб борар ва осмонда Гавана чироқларининг ёлқини қачон кўринаркин деб кутарди. «Менда унинг ярмигина қолди,— деб ўйларди у.— Балким, омадим келиб, уйга жуда бўлмаганда, унинг бош қисмини олиб борарман. Ишим ҳеч ўнгидан келиши керакми, йўқми ўзи!.. Йўқ,— деди у ўзича.— Сен денгизга шунчалик узоқ кириб боришинг билан ўз омадинг, ўз бахтингни поймол қилдинг».
«Бемаза гапларни қўй, қария!— ўзини ўзи койиди у.— Пинакка кетмай, рулдан огоҳ бўлиб тур. Ишинг ҳали бароридан келиши мумкин».
— Агар бирон бир жойда пуллашаётган бўлса, ўзимга қиттаккина толе сотиб олишни истардим,— деди чол.
«Хўш, қани, қайси ошиб-тошиб ётган жойингга сотиб оласан?—сўради у ўзидан.— Ҳеч замонда уни бой берилган гарпун, синган пичоғу, ишдан чиққан қўлларга сотиб олиб бўладими?
Ким билсин? Ахир, сен денгизда ўтказган саксон тўрт куннинг бадалига бахт сотиб олишни кўзлаган эдинг. Ҳа-я, дарвоқе, оз бўлмаса, уни сенга сотиб қўяй ҳам дедилар…
Бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлайверма. Бахт деган нарса одам боласига турланиб келади, уни билиб бўлармиди? Борингки, мен қандай бўлиб келмасин, ўзимга жиндаккина бахт олган бўлардим ва унинг эвазига нима сўрамасинлар, икки қўллаб бахш қилардим. Қанийди энди Гавана шуълаларини кўрсам,— деб ўйларди у.— Сен беш қўлингни баравар оғзингга тиқаяпсан чол. Бироқ, мен шу тобда Гавана чироқларини кўришдан бошқа ҳеч нарсани истамасдим».
У руль ёнида қулайроқ ўрнашиб олишга уриниб кўрди, шунда оғриқнинг зўрайганидан, ўзннинг ҳақиқатан ҳам ўлмаганлигини билди.
Шаҳар чироқларининг шуъласини у кечки соат ўнларга яқин кўрди. Шуъла аввал ой осмонга чиқиши олдидан пайдо бўладиган оч пушти ёғду каби кўринди. Кейин тобора зўрайиб бораётган шамол сарбаланд тўлқинни қуваётган океан бўлаги ортидан чироқлар яққол кўзга ташлана бошлади. У қайиқни шу чироқларга қараб бошқарар ва энди кўп ўтмай, тезда Гольфстримга кириб оламан деб ўйларди.
«Хў-ўш, шу экан энди,— деб ўйларди у.— Албатта, улар менга яна ҳужум қилишади. Аммо одам қуруқ қўл билан қоронғида уларга қарши нима ҳам қилиши мумкин ўзи?»
Унинг бутуи аъзойи бадани қақшаб, лўқиллаб оғрир, тунги аёз бўлса, жароҳатлар ва заҳмат чеккан оёқ-қўлларининг оғриғини зўрайтирар эди. «Менга яна олишиб ўтиришга тўғри келмас, деб умид қиламан,— деб ўйлади у.— Фақат бошқа жанг қилмасам бўлгани!»
Бироқ ярим кечада у акулалар билан яна олишди. Олишарди-ю, бундан энди ҳеч қандай умид йўқлигини биларди. Улар чолга бир гала бўлиб ҳужум қилишди, у бўлса, фақат акула сузғичлари сувда қолдираётган йўл-йўл изларни-ю, балиқни юлиб-юлқиш учун ташланган чоғларида ўзларидан чиқараётган шуълаларнигина кўрарди, холос. У тўқмоғи билан акула каллаларига туширар экан, қулоғига жағларнинг ғажир-гужури чалинар, балиқ пастдан туриб юлқиланган пайтлардаэса қайиқнинг алғов-далғов бўлиб, қарсиллагани эшитиларди. У фақат эшитиши ва тусмоллаб билиши мумкин бўлган қандайдир кўзга кўринмас жойларга жон-жаҳди билан тўқмоқ урарди. Қейин тўсиндан тўқмоғи ғойиб бўлиб қолганини сезди.
У румпелни жойидан суғуриб олди ва уни икки қўллаб тутганча, устма-уст зарб уриб, савалай кетди. Бироқ акулалар энди тамомила қайиқ бурнига довур келиб бўлишган, гоҳ бирин- кетин, гоҳ бутун тўда бир бўлиб балиққа ёпирилишар, денгизда оқариб кўринган гўштларни шилиб олишарди; кейин яна ўз ўлжаларига ташланиш учун орқага қайтишар эди.
Алоҳида акулалардан бири балиқнинг нақ боши олдига сузиб келди ва шунда чол энди ҳамма-ҳаммаси тамом бўлганини тушунди. У балиқ бошининг метин суякларига тақалиб қолган тишларни мўлжаллаб, акула тумшуғига румпель билан туширди. Бир урди, икки урди, кейин яна, яна урди. Румпелнинг қарсиллаб, айи-либ тушганини кўргач, у акулани мажоғи чиққан соп билан солди. Чол дастанинг гўштга санчилиб киргани-ни сезди-ю, унинг қирраси ўткир эканлигини билиб, яна акулани қулочкашлаб урди. Акула балиқни қўйиб юбориб, ўзини четга олди. Бу — ҳужумга келган акула галасидан қолган энг сўнгги акула эди. Энди уларнинг ейдиган нарсаси қолмаган эди.
Чол базўр нафас олар, оғзида аллақандай нотаниш маза сезарди. Маза чучмалгина бўлиб, мис тамини берар, шунинг учунми бир муддат чол қўрқиб кетди. Аммо тезда ҳаммаси ўтиб кетди. У океанга тупуриб деди:
— Еб қолларинг, galanos, тешиб чиқсину тўнғиз қўпларинг, ишқилиб! Тушларингга одам ўлдирганларинг кириб чиқсин.
Чол энди ўзининг узил-кесил ва батамом енгилганини биларди. У қуйруққа қайтиб келиб, румпелнинг синган бир бўлаги руль тешигига кириб турганини кўрди ва бошқа илож қолмагандан сўнг қайиқни у билан ҳам бошқариш мумкинлигини билди.

Елкаларига қопни ёпиб олгач, у қайиқни манзилга томон тўғрилаб бурди. Энди қайиқ енгилгина елиб борар, чол бўлса ҳеч нарсани ўйламас, ҳеч нарсани сезмас, ҳис қилмас эди. Энди унга ҳамма нарса бари бир бўлиб қолган, фақат қайиқни жонажон соҳилга тезроқ ҳам омон-эсон еткизса бўлгани эди.
Тунда акулалар гўё стол устида қолган-қутган салқит овқатга ўзини урган очофатлардай балиқнинг ғажиб ташланган гавда суягига ташланишди. Чол уларга эътибор бермади. Унинг энди ўз қайиғидан бўлак ҳеч нарсага қайрилиб қарагиси келмасди. Чол фақат зил-замбил оғирликдан бўшаган қайиқнинг эркин қушдай елиб, сузаётганини ҳис қилиб борарди, холос.
«Яхши қайиқ,— деб ўйлади у.— Румпели демаса, ўзи бус-бутун. Нима, янги румпель қўйиш қийинмиди?» Чол илиқ оқимга кирганини сезиб турар, шундай қўз ўнгида қирғоқ бўйи посёлкаларнинг чироқлари милтиллар эди. У ўзининг ҳозир қаерда турганлигини биларди; энди унга етиб олиш ҳеч гап эмас эди.
«Шамол — бу, сўзсиз, бизга биродарку-я,— деб ўйлади у ва кейин қўшиб қўйди:—Дарвоқе, ҳар доим ҳам шундай эмас. Кўз илғамас денгизни олсак — у ҳам дўсту душманларимизга тўла. Тўшак-чи…— ўйларди у,— тўшак — биродарим. Ҳа-ҳа, худди шундай, оддий тўшак. Ўринга оёқ чўзиш айни ҳикматнинг ўзи. Енгилиб бўлганингдан кейин елкангдан тош ағдарилгандай енгил тортасан-қўясан! — хаёл қилди у.— Мен бунинг шунчалик осон бўлишини билмасдим… Ким ҳам сени енга қолди ўзи, чол?—сўради у ўзидан.— Ҳеч ким,— жавоб берди у.— Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоқ кетиб қолдим».

У кичик кўрфазга кирган маҳалда, Террас чироқлари ўчган эдики, бундан чол ҳамма уйқуга кетганини тушунди. Шамол тўхтовсиз зўрайиб борар, шу тобда бўлса, айниқса кучли эса бошлаган эди. Лекин гаван осойишта эди. Чол қоялар остидаги тошлоқда тўхтади. Ўзига ёрдам берувчи ҳеч ким бўлмаганидан, у қайиқ-ни соҳилга имкони борича яқинроқ олиб келди. Кейин қайиқдан чиқиб, уни қояга қантариб боғлаб қўйди.
Мачтани суғуриб олди-да, унга елканни ўраб боғлади. Сўнг мачтани елкасига ортиб, тепаликка кўтарила бошлади. Мана худди шунда у ўзининг қанчалик ҳолдан тойганини билди. Бир зум тўхтади-да, орқасига ўгирилиб қараб, кўча фонарининг ёруғида ҳайбатли балиқ думининг қайиқ қуйруғи орқасидан нечоғлик юксалиб турганини кўрди. Кўзи балиқ умуртқасининг оппоқ яланғоч чизиғи билан тиғи олдингга туртиб чиққан бошининг қуюқ соясига тушди.
Чол яна юқорига чиқишда давом этди. Тепаликдан ўтгач, беҳол йиқилди ва шу кўйи елкасида мачта билан бир муддат чўзилиб ётди. Кейин оёққа туришга уринди, аммо бу осон эмас эди ва у шу ҳолича йўлга термилганча, ўтириб қолди. Ўз кори билан чопиб мушук ўтди, чол унинг орқасидан узоқ қараб турди, сўнг бўм-бўш йўлга кўз тикди.
Ниҳоят у мачтани ерга улоқтириб ташлаб, ўрнидан турди. Уни яна елкасига олиб, йўл бўйлаб юқорига қадам босди. То кулбасига етгунча йўл-йўлакай беш марта дам олишга тўғри келди.
Уйга киргач, у мачтани деворга суяб қўйди. Қоронғида сувли шишани топиб, тўйиб ичди. Сўнг каравотга чўзилди. У одеялни елкасига тортиб орқасини ва оёқ-ларини ёпди-да, юзи билан газетага мук тушиб, кафтлари юқорига қараган қўлларини узатганча ухлаб кетди.
Эрта билан бола кулбага кўз ташлагани кирганда у ухлаб ётарди. Шамол шундай ҳам кучайган эдики, бундан қайиқлар денгизга чиқолмай қолган, шундан бўлса керак, бола қониб ухлаб, кейин одати бўйича канда қилмай, чол кулбасига келган эди. Чолнинг нафас олаётганига ўз кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилди-ю, аммо назари унинг қўлларига тушгандан кейин йиғлаб юборди. У кофе келтириш учун кулбадан оҳиста қадам ташлаб чиқди ва бутун йўл бўйи йиғлаб борди.
Қайиқ теварагига жуда кўп балиқчилар тўпланган, уларнинг бари қайиққа боғлоғлиқ нарсани томоша қилишарди; балиқчилардан бири почасини шимариб қўйганича сувда турар ва чизимча билан балиқ суягини ўлчар эди.
Бола уларнинг ёнига тушиб ўтирмади; у бу ерда бўлишга боя улгурган ва балиқчилардан бири қайиққа қараб туришга ваъда берган эди.
— Қалай, аҳволи тузукми?— қичқирди балиқчилардан бири болага.
— Ухлаяпти,— жавоб берди бола. Ўзининг йиғлаётганини кўраётганлари ҳам энди бари бир эди.— Уни безовта қилмаслик керак.
— Бунинг тумшуғидан , думигача ўн саккиз фут чиқар экан!— қичқирди ўлчаётган балиқчи.
— Чиқмай ҳам кўрсин,— деди бола.
У Террасга келиб, бир банка кофе сўради:
— Менга қайноқ кофе беринг, сути ва шакари кўпроқ бўлсин.
— Яна бирон нарса олгин.
— Керак эмас. Унинг нима ейиши мумкинлигини кейин қараб кўраман.
— Оҳ, ана балиғ-у, мана балиқ!—деди хўжайин.— Тенги йўғ-а, тенги. Аммо сен ҳам кеча икки зўр балиқ тутдинг.
— Э қўйсанг-чи, менинг балиғимни!—деди бола ва яна йиғлаб юборди.
— Бирор нарса ичиб олмайсанми?—сўради ундан хўжайин.
— Керакмас,—деди бола.—Уларга айтиб қўй, Сантьягонинг меъдасига тегишмасин. Мен яна келаман.
— Шундай бўлиб чиққанига менинг ҳам жуда ачинаётганлигимни айтиб қўй унга.
— Раҳмат,— деди бола.
Бола кулбага қайноқ кофе солинган банкани келтириб қўйди ва то чол уйғонмагунча унинг ёнида ўтирди. Бир сафар болага гўё у уйғонаётгандай бўлиб кўринди, аммо чол яна оғир уйқуга чўмди, шундан сўнг бола кофени иситиш учун қарзга бир оз ўтин олгани қўшниларникига кетди.
Ниҳоят чол уйғонди.
— Ётавер, турма,—деди унга бола.— Мана буни ичиб ол!— стаканга кофе қуйиб узатди у.
Чол ундан стакаини олиб, кофени ичди.
— Улар мени енгиб қўйишди, Манолин,— деди у.— Улар мени енгишди.
— Аммо унинг ўзи сени енголмабди-ку, ахир. Ахир балиқ сени енгмабди-ку!
— Йўқ енгмади. Тўғри гапдан қочиб қутулиб бўлармиди. Бу воқеа кейин бўлди.
— Қайиқ билан асбоб-ускуналарга Педрико қараб турадиган бўлди. Балиқнинг бошини нима қилмоқчисан?
— Уни Педрико тўрларга хўрак қилиб майдалай қолсин.
— Тиғини-чи?
— Хоҳласанг, уни эсдалик учун ўзингга олиб қўя қол.
— Хоҳламай-чи,— деди бола.— Кел энди, бундан кейин нима қилишимиз ҳақида гаплашиб оламиз.
— Мени қидиришдими?
— Бўлмаса-чи. Қирғоқ соқчилари ҳам, самолётлар ҳам қидиришди.
— Океан поёнсиз, қайиқ бўлса зиғирдаккина, уни топиб бўлармиди,— деди чол. У, ўз-ўзинг ва яна денгиздан ташқари ҳам гаплашаднган бирон одаминг бўлса қандай ажойиб бўлишини ҳозир ич-ичидан сезди.— Мен сени роса қўмсадим,— деди у.— Сен бирон иарса ушладингми?
— Биринчи куни битта. Иккинчи куни яна битта, учинчи куни бўлса, иккита катта балиқ ушладик.
— Қойил!
— Энди биз яна биргалашиб ов қиламиз.
— Сираям. Менда толе йўқ. Ишим тескари кетяпти.
— Э, қўйсанг-чи, шу тескари-пескарингни!— деди бола.— Мен сенга толе келтираман.

— Ота-онанг-чи, улар нима дейишади?
— Аҳамияти йўқ. Кеча мен иккита балиқ ушлаб бердим-ку. Аммо энди биз икковлашиб балиқчилик қиламиз, чунки, мен ҳали жуда кўп нарсани ўрганишим керак.
— Зўр бир санчқи топишга ва денгизга доимо уни олиб чиқишга тўғри келади. Тиғини эски «форд»нинг рессоридан қилса ҳам бўлади. Гуанабакоада чархлатиб оламиз. У жуда ўткир бўлиши керак, аммо синиб кетмаслиги учун тобланмаган бўлиши шарт. Пичоғим бутунлай синиб кетди.
— Мен сенга янги пичоқ топиб бераман, рессорни ҳам ўзим чархлатаман. Яна неча кун кучли brissa10 эсиб туради?
— Эҳтимол, уч кундир. Балки, ундан ҳам кўпроқдир.
— У пайтгача ҳамма нарса жойида бўлади,— деди бола.— Сен ҳозирча қўлларингни давосини қилгин.
— Мен уларни нима қилиш кераклигини биламан. Кечаси аллақандай ғалати бир нарса тупурдим, шундан менга, худди кўкрагимда бир парса ёрилиб кетгандай бўлиб туюлди.
— Бунинг ҳам давосини қил,— деди бола.—Дам ол, қария, мен сенга тоза кўйлак келтирамаи. Яна овқат-повқат дегандай.
— Мен йўқлигимда чиққан газеталардан биронтасини ўзинг билан ола келгин, хўпми? —
илтимос қилди чол.
— Сен тезроқ тузалашинг керак, чунки мен ҳали сендан жуда кўп нарсаларни ўрганиб олишим зарур, сен бўлсанг мени дунёдаги етмиш икки ҳунарга ўргати-шннг мумкин. Сенга жуда ҳам оғир бўлдими?
— Жуда,— деди чол.
— Мен овқат ва газета келтираман. Сен дам ол, қария. Аптекага ҳам кириб ўтаман,
қўлларингга бирон дори-дармон ола келаман.
— Педрико балиқ бошини ўзига олсин, айтиб қўй, ёдингдан чиқмасин.
— Эсимдан чиқмайди, айтаман.
Бола кулбадан чиқиб, эски тошлоқ йўлдан пастга тушиб бораётганида яна йиғлади.
Шу куни Террасга бир группа туристлар келган эди, улардан бири шарқдан эсаётган шамол кўрфазнинг даҳанасида ҳайбатли тўлқин шопираёттанига қараб туриб, пиводан бўшаган идишлар ва ўлиб ётган медузалар орасида соҳилга урилаётган тўлқинларда чайқала-чайқала юксалиб турган, улкан думли узун оқ умуртқани кўриб қолди.
У ҳозир, энди йўловчи тўлқин суриб кетувчи ахлатгина бўлиб қолган улкан балиқнинг узундан-узун умуртқасини кўрсата туриб, официантдан сўради:
— Нима бало экан бу ўзи?
— T iburon, — деди официант.— Акулалар.— У сўраган аёлга бўлган воқеанн батафсил тушунтириб бериш ниятида эди.
— Ана холос, шу пайтгача акулаларнинг мана бундақа чиройли, нафис қайрилган думлари бўлишини билмаган эканман-а!
— Нимасини айтасан, мен ҳам билмасдпм, — қўшилди унга ҳамроҳи.
Юқорида, ўз кулбасида, чол ҳамон ухлаб ётарди. У яна мук тушиб ухлар, бола эса ёнида ўтириб унннг уйқусини ардоқларди. Чолнинг тушига арслонлар кирар эди.

10 Соҳил шамоли (исп.).

1952

хдк

(Tashriflar: umumiy 3 356, bugungi 1)

Izoh qoldiring