Eshqobil Shukur. Qaldirg’ochning ko’z yoshlari.

eshqobil shukur

Ажойиб шоир Эшқобил Шукур 50 ёшга тўлди. Қутлаймиз!

Бугунги кун ўзбек шеъриятида энг унумли ва ёрқин тарзда ижод қилаётган таниқли ўзбек адиби Эшқобил Шукур 50 ёшга тўлди.  50 ёшга у роппа-роса бир ҳафта бурун  —  ўтган жума куни  кирган эди. Ўша куни уни табриклайман деб қанча уринмай топа олмадим. MTS нинг ишламай қолгани панд берди. Аммо,кечқурун уйга қайтгач, ўз саҳифамда табрик ёзмоқчи бўлдиму интернетдан унинг таржимаи ҳолини  сўрадим. Қарасам, таржимаи ҳолларнинг барида Эшқобил Шукур 1961 йилда туғилган деб кўрсатилган экан. «ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси»да берилган маълумотни қарадим: ўша гап. Иккиланиб,нима қилишни қолдим.
Хуллас, кеча Эшқобилни топиб суриштирдим. «Ҳа,ака,50 га кирдим» — деди у нимтабассум билан. Сўнг «Ҳаммаёқда 61 бўлиб кетган» — деб қўшиб қўйди.

003Эшқобил Шукур ўзбек шеъриятида ўз ўрнига,бошҳа ҳеч бир шоир билан адаштириб юбормайдиган овозга эга шоир.У фикр ва ҳаяжон шоири. У тажрибалар қилишни яхши кўради. У қоғоз тўлдириш учун эмас, юракларни тўлдириш учун ёзади.
Эшқобил адабиёт газетасида босилган суҳбатида шундай айтади:Баъзан оқшомлар ўй суриб қолганимда, кўнглимнинг туб-тубида қандайдир азиз туйғулар яшаётганини, бу туйғулар бутун ҳаётим ва кечмишларим билан жуда боғлиқ эканлигини ҳис этаман. Улар отамдан қолганми, бобомдан қолганми, момомдан меросми, нима бўлганда ҳам менинг ботинимда яшаяптилар. Бу туйғулар шу тупроқ, шу осмон, шу эл билан боғланиб кетганини сезаман. Улар менга жуда азиз… жудаям азиз! Тангрига шукрлар бўлсинки, улар менинг қалбимда бор».
Бу туйғулар катта истеъдод эгаси Эшқобил Шукур юрагини асло тарк этмаслигини тилаб,ёру дўстлар,шоирнинг ихлосмандлари номидан муборак ёши билан чин юракдан табриклайман.

Хуршид Даврон

gul Эшқобил Шукур
ҚАЛДИРҒОЧНИНГ КЎЗ  ЁШЛАРИ

1.

Мен
Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,
Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим,
Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим…

Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

Мен
Ризқ гуллаган дала бўйида эдим,
Қанот ёзган ялпиз бўйида эдим,
Висол ва Ҳижроннинг тўйида эдим…

Мен
Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,
Адашган мусофир армони бўлдим,
“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим…

Мен
Битта боларига толиб тушибман,
Кўҳна бир тандирга қолип тушибман,
Ўз-ўзимга мағлуб – ғолиб тушибман…

Мен
Махлуқдан малаклик изладим кўпроқ,
Қошимда Инсондай гуллади тупроқ,
Қўлим қанот бўлди, кўзларим чироқ…

Мен
Булбул ўқиётган китобни кўрдим,
Гўдак кулгусида хитобни кўрдим,
Шамолни ияртган шитобни кўрдим…

Мен
Қақраган чўл эдим, чин дарё бўлдим,
Бўм-бўш осмон эдим, ўзимга тўлдим,
Ерга жилғаларни етаклаб келдим…

Мен
Билдим руҳ рўёмас, қон ҳам эмас жон,
Кўз ёшлар сув эмас, нон эмас виждон:
Одам ҳеч эт эмас, ҳокмас бу жаҳон!

Мен…

2.

Мени…
Ҳаёт алдайверсин, алдама, Зебо,
Ўлим алдайверсин, алдама, Зебо,
Кўнглим алдайверсин, алдама, Зебо…

Мени…
Қуёшдан топарлар, ойдан топарлар,
Хаёл фарзандиман, ўйдан топарлар,
Жонимни Ишқ деган жойдан топарлар…

Мени…
Атиргул япроғин тархидан изланг,
Искандарнинг янглиш тарихидан изланг,
Ҳаёт ва ўлимнинг нархидан изланг…

Мени…
Бошқа бозорларга сола кўрманг ҳеч,
Совуқ мозорларга раво кўрманг ҳеч,
Ёлғон савдоларга ола кўрманг ҳеч…

Мени…

3.

Менга
Қандай дуч келдинг сен, ўн учинчи Моҳ,
Қолган ўн икки ой аҳволига воҳ…
Бутун ҳаётимнинг оғзи тўла: “о ҳ “…

Менга
Сўнгги шеърмидинг сен, ё сўнгги китоб,
Сарғайган варақдай руҳим ҳам бетоб,
Шавқим шитобингга беролурми тоб…

Менга
Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ,
Туйғу арзандаси, жон ўкинчи, Моҳ
Сен кимнинг қайғуси ва севинчи, Моҳ?

Менга
Биринчи сўзмидинг, васиятмидинг,
Видо қўшиғими, илк ниятмидинг,
Ё ҳаёт онаси шеъриятмидинг?..

Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ…

4.

Менда
Ер-у осмон, ой ва қуёш бор эди,
Томчи кулгу, кўза кўз ёш бор эди,
Юрак деган гултуғар тош бор эди…

Менда
Уч-тўрт сўм пул, бетоб виждон бор эди,
Мингта билиш, бир парча нон бор эди,
Қирқ бир қурбон ва битта жон бор эди…

Менда
Бир кўза сув, бир саҳро қум бор эди,
Мангуликдан адашган ЗУМ бор эди,
Ўзим ичра бошқа ЎЗИМ бор эди….

5.

Мендан
Дашту-дала, тоғ ила дарёни топ,
Бу дунёга ўхшамас бир дунёни топ,
Ҳирот бирла Самарқанду Кўниёни топ.

Мендан
Бозор бирла дўконни излама ҳеч,
Сарву гулсиз маконни излама ҳеч
Безамонман, замонни излама ҳеч…

Мендан
Шошқин шамол-у, абри найсонни сўр,
Уйни қўй, кўчани қўй, осмонни сўр,
Булутга чақмоқлик берган онни сўр.

6
Шундай йиғлар саҳрода қумлар…
Лорка

Менда
Қандай сўзлар эди ҳарф ва товушлар,
Ҳасрат ва дуога тўлса ҳовучлар,
Товоним чўғидан ёнди ковушлар
Менда… менда… менда…

Менда
Қандай куйлар эди чопағон сувлар,
Нафасимда шошқин шамоллар увлар,
Қандай йиғлар эди етим қайғулар…
Менда… менда… менда…

Мен сенга ҳеч ёлғон сўзлаганим йўқ,
Юракдай тирилар кўксимдаги ўқ,
йўқдан бори – ёлғон, бари Бордан – Йўқ.
Менда, менда, менда…

Мен сенга ёлғонни сўзламасман ҳеч,
Бошқа шоир келса, қасамларин ич,
Тилимда ялла-ю, бўғзимда қилич,
Менда… менда… менда…

*    *   *

Лафз каби улуғман-у, шеър каби ғариб шонман,
Мен шонга султонман-у, шон устида бешонман,
Жаҳон мунча шонталаб, жон мунча жаҳонталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ой мунча осмонталаб, осмон эса жонталаб,
Ер мунча найсонталаб, найсон эса онталаб,
Ёр мунча ҳижронталаб, ҳижрон эса қонталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ишқ мунча оловталаб, олов эса ёвталаб,
Дил мунча яловталаб, ялов эса товталаб,
Тулпорлар жиловталаб, сор-бургутлар овталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ботирлари орталаб, ор эса ҳазорталаб,
Шоирлари дорталаб, дор эса бозорталаб,
Зорлари озорталаб, озорлари зорталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Кулги йиғидай йиғлаб, йиғи кулгидай кулса,
Нафрат севгидай ёнса, туйғу севгидай ўлса,
Бошқа Эшқобил бўлиб, бошқа Эшқобил келса…
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

САҲРОДАГИ САДО

Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси,
Йўлсизларни равон йўлга йўлловчиси,
Қоқ саҳрода соя берган, булоқ берган,
Қумда қолган қулунларнинг сўровчиси.

Суринганда тулпорларга мадад бўлган,
Аро йўлда қақшаганга қанот бўлган,
Қора бошнинг қоронғида қаровчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

Манзил йироқ, умид сендан, нажот сендан,
Ўлимларнинг қуршовида ҳаёт сендан,
Жон риштасин Ҳақ нурига уловчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

АЗАЛ КУЙИ

Сен баҳордан олдин гуллайсан,
Жилмаясан саҳардан олдин.
Ҳар гал ойдан олдин тўлгайсан,
Жон ичида жавҳардан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.

Сен ёмғирдан аввал йиғлайсан,
Ёғажаксан қорлардан аввал.
Янги йилдан аввал киргайсан,
Дил тубида зорлардан аввал…
Сен аввал.
Сен аввал.

Юрагимнинг боғчаларида
Етаклайсан ўн икки ойни.
Дил дарахтин шохчаларида
Куртаклаган етмиш минг куйни
Сен чалдинг.
Сен чалдинг.

Сувдан олдин дарё жони сен,
Сен ёрийсан чақмоқдан олдин.
Йиғлаётган булут қони сен,
Ҳар қадаминг сўқмоқдан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.

ҚАМИШЗОРДА КЕЧГАН ТУН

Қамишзорда кечаётир тун,
Тун
Ой нурида ярқирайди кўл.
Кўл
Уватларга тўкилган шудринг 
Сен
Қамишзорни кесиб ўтган йўл 
Мен
Қамишзорни айланар шамол,
Қол
Куйлар куйлар кузги қамишзор…
Зор
Минглаб найнинг танглайида бол
Ол
Жондай дўстим чолғувчи шамол…
Қол

ҚИШ. ДАШТ. ЎТОВ. ЁШ ЧЎПОН КЕЛИНЧАГИ БИЛАН ЁЛҒИЗ.

«Кулранг тусда бўзарди уфқ,
Кеча совуқ бўлади, Ҳилол…
Ўтовнинг бир буржидан жой қил,
Қўзичоқлар кетмасин увол»

Куёвининг кўнглини сезиб,
Келин ўтга кўмар ўчоқни…
Боласидай бағрига босиб,
Келтиради беш қўзичоқни.

«Ҳилол, совуқ бошланди кеча,
Аёз момо ғазабга минди.
Болаларин қандай иситар
Болалаган итимиз энди?..»

Қўзғолишар ўчоқбошидан
Гина қилиб совуқ кечага
Ва ўчоқнинг бир ёнбошидан
Жой топилар тўрт кучукчага.

«Ҳилол, қишнинг кечаси узун,
Тундан кўра совуқ келар тонг.
Болалаган уч эчки бугун,
Олти гўдак сақлармикин жон?..»

Аста-аста кенгаяр ўтов,
Ташқарида увиллар кеча.
Қиш неъмати — бир ўчоқ олов,
Кириб келар олти улоқча.

Ва оловни кўради баҳам
Бир ўтовда ўн еттита жон.
Гўдакларнинг ўн еттисин ҳам
Чапак чалиб қаршилайди тонг.

Куёв бўса олайин деса,
Келин нари кетади бирдан.
Нима қилсин, шунча кўз турса…
Ийманади гўдакчалардан

КЎРИШАРМИЗМИ Ё КЎРИШМАСМИЗМИ?..

“Эй йўловчи, бўлақол қўноқ…”
Абдулла Орипов

Йўловчи, айт, қизғин дийдорлар қайда,
Бир сирни англадим дардимни айта,
Бу кўҳна йўлларда биз яна қайта,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?

Бу йўл осмон билан туташган йўлдир,
Унда келувчидан кетувчи мўлдир,
Сен менга бир иссиқ табассум қолдир,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…

Узрлиман таниш-нотанишлардан,
Кимга наф тан олиш ё тонишлардан,
Бир ҳовуч қор қолдир менга қишлардан,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…

Бу йўл икки дунё туташган йўлдир,
Йўловчи, ҳориган кўнглимга қўл бер,
Менга биттагина ширин сўз қолдир,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…
XDK

 

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring