Gabriyel Garsia Markes. Unutilmas kun.

012

   Габриель Гарсиа Маркес (4.03.1928, Аракатака,Колумбия — 17.04,2014,Мехико,Мексика) — колумбиялик ёзувчи. «Эль Эспектадор» газетасининг Богота ва Европадаги репортёри. 1959—60 йилларда Куба «Пренса Латина» агентлигининг мухбири. Дастлаб сценарийлар ёзган. «Тўкилган япроқлар» (1955), «Полковникка ҳеч ким ёзмайди» (1958), «Ғаразли соат» (1962) повестлари реалистик руҳда ёзилган, «Гранде-Она дафн маросими» (1962) тўпламига кирган ҳикоялари фантастикага бой. «Юз йил танҳоликда» (1967—70) роман эпопеяси Колумбия тарихига бағишланган. «Вабо ва муҳаббат» (1985) романида фольклор ва мифологиядан фойдаланиб, ўзига хос миллий онгни тиклашга ҳаракат қилган. Габриэль Маркеснинг «Юз йил танҳоликда» (1986) романи ўзбек тилига таржима қилинган. Нобель мукофоти лауреати (1982).

УНУТИЛМАС КУН
Ҳикоя

Қафас битиши билан ўз одатига кўра Балтасар уни том бўғотига осиб қўйди. У нонушта қилишга ўтирган пайтдаёқ, дунёда энг ажойиб қафас яратилгани ҳақидаги шов-шувлар чор-атрофга ёйилган эди. Уйи теграсида қафасни томоша қилишга иштиёқмандлар қуршови қалинлашиб боравергач, Балтасар уни устахонасига киритиб қўйишга мажбур бўлди.
— Соқолингни олсанг бўлармиди? — cўради Урсула ундан, — худди маймунга ўхшаб қолибсан.
— Нонуштадан кейин соқол олиш яхшимас, — деди Балтасар.

Унинг юзига икки ҳафтадан бери устара тегмаган, калта ва қаттиқ сочлари патак бўлиб кетган, башараси худди нимадандир қўрқиб турган боланикига ўхшарди. Бироқ унинг қиёфасидаги бу ифодалар алдамчи эди.
Февралда Балтасар ўттизга тўлди, Урсула билан ноқонуний ва бефарзанд никоҳда яшай бошлаганига эса тўрт йил бўляпти. Ҳаёт синовлари унга жуда эътиборли ва жасоратли бўлишни ўргатди. У айни пайтда ўзи тайёрлаган қафас кимлар учундир дунёда беқиёс бўлиб туюлишини ҳали билмасди. Ахир, қафассозлик ҳунари унга болаликдан ёд бўлиб кетган. Фақат сўнгги ижод маҳсули аввалгиларидан бир оз қийинроқ битди, холос.
— Бўлмаса, ётиб дамингни олақол, — деди аёл. — Бунақа соқол билан одамларга кўриниш уят.

У мутеълик билан осма беланчакка чўзилди. Бироқ айни пайтда ҳозироқ ўрнидан туриб, қафасни қўшниларига опчиқиб кўрсатиш нияти ҳам йўқ эмасди. Урсула қафасга энди эътибор берди. У Балтасар икки ҳафтадан буён дурадгорлик ишларини ташлаб, фақат шу қафас устида ишлагани, кечалари алаҳсираб, тузукроқ ухлолмагани, ҳатто соқол олишга ҳам қўли тегмаганидан норози эди. Бироқ тайёр қафасни кўриши билан норизолик кайфияти ўз-ўзидан йўқолди. Балтасар ухлаб ётганида Урсула унинг кўйлаги ва шимини дазмоллаб, беланчак қаршисидаги курси суянчиғига осди ва қафасни хонадаги стол устига келтириб қўйди. Кейин эса, жимгина унга тикилиб қолди.
— Шунга қанча пул олишинг мумкин? — сўради эри уйғониб кийина бошлаганида.
— Билмадим, — жавоб қайтарди Балтасар. — Ўттиз песо сўрайман, ҳеч бўлмаса, йигирма песо беришар.
— Элликта сўрайвер, — деди Урсула. — Ахир сен шуни деб икки ҳафта ухламадинг. Кейин унинг катталигини қара. Биласанми, умримда бунақа катта қафасни кўрмаганман.

Балтасар соқол ола бошлади.
— Элликта беришади, деб ўйлайсанми?
— Дон Хосе Монтьел учун бу пул нима деган гап. Қафас ҳам шу пулга арзийди, — деди Урсула. — Олтмишта сўрасанг ҳам бўлаверади.
Уй одамнинг нафасини бўғадиган даражада рутубатли, буям етмагандай, ундаги иссиққа чидаш ҳам амримаҳол эди. Балтасар ҳавони янгилаш учун эшикни қия очиши билан хонага бир тўда бола отилиб кирди.

Янгилик ҳаммаёққа ёйилганди. Ўз ҳаётидан хурсанд, бироқ касбидан анчайин зада бўлган доктор Октавио Хиральдо сурункали хасталикка учраган хотини билан нонушта қиларкан, Балтасар ясаган қафас ҳақида ўйларди. Улар ёз кунлари ички ровон олдидаги стол устига анвойи гуллар билан тўла туваклар ва иккита қафасдаги канарейкани қўйиб қўйишарди. Докторнинг хотини қушларини шу қадар яхши кўрардики, ҳатто табиатан уларга душман бўлган мушукларни кўрарга кўзи йўқ эди. Доктор касал хотинининг ёнидан чиқиб, қафасни кўриш учун тўппа-тўғри Балтасарнинг уйига келди.

Балтасарнинг уйи одамлар билан тўла эди. Стол устида уч қаватли айлана гумбаз қўр тўкиб турарди. Қафас ичида қушлар учун махсус емак ва ётоқ бўлмалари йўлаклар билан беркитилган, улар ораси эса панжара билан тўсиб қўйилганди. У ана шу кўринишда муз фабрикасининг кичкина шаклини эслатарди. Врач қафасни қўл теккизмасдан қизиқиб томоша қиларкан, бу санъат асари у эшитганидан кўра ҳам нафис, хотинини хурсанд қилиш учун олиб беришни орзу қилган қафасдан ҳам беқиёс даражада гўзал эканига ич-ичидан амин бўлди.
— Ҳақиқий хаёлот маҳсули бу, — деди у нигоҳи билан издиҳом орасидан Балтасарни излаб топаркан ва унга меҳр билан қараб қўшиб қўйди, — сендан иқтидорли меъмор чиқиши мумкин эди.

Балтасар дув қизариб кетди:
— Раҳмат, — деди ерга қараб.
— Бор гап-да, — деди врач. Унинг товуши худди лотин тилида гапираётган роҳибнинг овозини эслатарди. — Унга ҳатто қуш солишнинг ҳам кераги йўқ, — деди у қафасни томошабинларга сотиб олишни тавсия қилаётгандай айлантириб кўрсатаркан. — Уни дарахт шохига илиб қўйсанг, бас, ўзи сайраб беради.
У қафасни жойига қўяркан, бироз тараддудланиб унга тикилиб турди ва деди:
— Яхши, уни олганим бўлсин.
— У аллақачон сотилган, — деди Урсула.
— Дон Хосе Монтьелнинг ўғлига, — қўшиб қўйди Балтасар, — ўшанинг буюртмасига кўра ясаганман.

Врач самимият билан Балтасарга юзланди:
— У сенга қафаснинг андозасини берганмиди?
— Йўқ, у шунчаки иккита тўрғай сиғадиган, худди мана шунга ўхшаган каттакон қафас ясаб беришимни сўраганди.
Врач яна қафасга разм солди.
— Бу тўрғай учунмас-ку!
— Тўрғай учун, доктор, — эътироз билдирди Балтасар столга яқинлашиб. Уни болалар қуршаб олганди. — Ҳамма томони ҳисобга олинган, — деди алоҳида бўлмаларни кўрсатиб. Кейин эса у панжараларни секин чертиб қўйганида, атрофни майин оҳанглар тутиб кетди.
— Яхши, лекин у сенга андозасини бермаганди-ку! Аниқ бир нима демаган. Фақат тўрғай учун катта қафас ясаб беришни илтимос қилган, холос. Тўғрими!
— Тўғри, — деди Балтасар бош ирғаб.
— Унда ҳаммаси равшан, — деди врач, тўрғай учун каттакон қафас, бошқа масала. Мана бу қафас умуман бошқа гап. Ахир, бу ўша буюртма асосида ясалган қафас эканини ким тасдиқлайди.
— Бу ўша, — кажбаҳслиги тутди Балтасарнинг, — уни ўзим ясаганман-ку!

Врач унинг ўжарлигидан ажабланиб елка қисди.
— Сен яна бошқасини ҳам ясаб беришинг мумкин-ку, — деди эрига қатъиятли тикилиб Урсула ва врачга юзланди, — сизга жуда ҳам зарурми!
— Мен хотинимга бугун етказишни ваъда қилганман, — деди врач.
— Минг афсус, доктор, — деди Балтасар, — сотилган нарсани яна сотиб бўлмайди.
Врач яна елка қисди. У бўйнидан оқаётган терни рўмолча билан артаётиб, умидсизлик билан қафасга тикилди. Кейин эса, узоқда кўздан ғойиб бўлаётган кемага қараётгандек, номаълум бир нуқтага тикилиб қолди.
— Сенга улар қанча тўлашди!

Балтасар жавоб бермай Урсулага қаради.
— Олтмиш песо, — деди у.
Врач яна анча пайт қафасга тикилиб турди.
— Жуда зўр, — хўрсинди врач, — ҳайратланарли даражада зўр.
Кейин эса, у эшик томонга йўналди. Тушунарсиз илжайганича рўмолчасини силкиди ва ана шу лаҳза унинг хотирасида умрбод муҳрланиб қолди.
— Монтьел жуда бой-да, — деди хонадан чиқаётиб.

Аслида Хосе Монтьел бошқалар ўйлаган даражада бой эмасди, бироқ бойиш учун у ҳамма нарсага тайёр эди. Унинг қулоғига ғайриоддий қафас тўғрисидаги узуқ-юлуқ гаплар етиб келган бўлса-да, бунга эътиборсизлик билан қараганди. Хосе Монтьел ширин хуррак отаётган паллада унинг аёли ўлим ҳақидаги мудҳиш хаёллар исканжасида, эшик-деразаларни беркитиб, нимқоронғу хонада кўзлари очиқ ҳолда қимирламай ётарди. Монтьел ғайритабиий шовқиндан уйғониб кетди. Эшикни очганида уйи атрофида оломонни, унинг ўртасида эса, қўлига қафас тутганича юзида бойлар эшигини илинж билан қоқадиган фақирлардагина бўладиган камтарона илтифот акс этган, яқиндагина соқолини қиртишлаб, бошдан оёқ оппоқ кийинган Балтасарни кўрди.
— Ахир бу мўъжизанинг ўзи-ку, — қувончли ҳайрат билан қичқириб юборди Хосе Монтьелнинг рафиқаси

Балтасарни уйга бошлаб кираркан. — Умримда бунақасини кўрмагандим.
У Балтасарнинг ортидан ҳаш-паш демай ёпирилиб келаётган кишиларнинг ичкарига кирмаслиги учун ғижиниб эшикни беркитди ва қўшиб қўйди:
— Яхшиси ичкарига олиб кира қолинг, бўлмаса, анавилар меҳмонхонамизнинг тўс-тўполонини чиқариб юборишади.

Балтасар илгари ҳам Хосе Монтьелнинг уйида бир неча марта бўлганди. Унинг маҳорати ва ўз ишини ғоятда пухта бажаришини билганлари боис уни бу ерга бир неча марта майда-чуйда дурадгорлик ишларига ёрдам бериш учунгина таклиф қилишганди. Бироқ у ҳамма вақт ҳам бойларнинг хизматида бўлавермасди. Баъзи пайтлардагина улар ҳақида, уларнинг жиззаки ва хунук хотинлари ҳақида, кундан-кунга уларни таъқиб этаётган мудҳиш касалликлар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган жарроҳлик операциялари ҳақида ўйлар, кўпинча бу тоифага ачиниш билан қарарди. У бу хонадонга кирган чоғида оёғи ўзига бўйсунмай қолганини, ҳар бир қадам унга азобдай туюла бошлаганини пайқади.
— Пепе уйдами, — сўради у қафасни стол устига қўяркан.
— Ҳали мактабдан қайтмади, — жавоб қайтарди Хосе Монтьелнинг хотини, — лекин ҳали замон келиб қолади, — ва қўшиб қўйди: — Монтьел ювиняпти.

Ҳақиқатда эса Монтьелнинг ҳозир ювинишга вақти йўқ ва шу боис тезроқ нима бўлаётганини кўриш учун тез-тез камфорали спирт билан баданини артаётган эди. У шу қадар эҳтиёткор одам эдики, ғашга тегадиган шовқини билан оромини бузмаслиги учун вентиляторни ҳам ёқмай ухларди.
— Аделаида, — қичқирди у, — нима шовқин бўляпти?
— Бу ёққа кел, қара, қанақанги ажойиб нарса, — қичқирди хотини.
— Нима бу!
— Пепе айтган қафасни олиб келдим, — жавоб қайтарди Балтасар.
Аёл унга асабий тикилди:
— Ким дедингиз?
— Пепе, — такрорлади Балтасар ва Хосе Монтьелга юз бурди, — Менга Пепе буюртма берганди .

Аслида ҳеч нарса бўлмаганди, бироқ Балтасарнинг назарида худди ҳаммом деворидан дарча очилгандай туюлди. Хосе Монтьел битта лунгида ётоқхонадан чиқиб келди ва ғазаб билан бақирди:
— Пепе!
— Ҳали қайтгани йўқ, — деди ҳайкалдек қотиб турган хотини пичирлаб. Шу аснода бўсағада Пепе пайдо бўлди. Унинг киприклари онасиникига ўхшаган қайрилма эди. Ўн икки ёшли болакайнинг юзида сокин бир саросима акс этарди.
— Бу ёққа кел, — чақирди уни Хосе Монтьел, — манавини сен буюрганмидинг?
Болакай индамай бошини эгди. Отаси унинг сочидан чангаллаб ўзига каратди:
— Гапирсанг-чи?

Бола жимгина лабини тишлади.
— Монтьел… — журъатсизгина шивирлади хотини.
Хосе Монтьел чангалини бўшатиб, пешонаси тиришганча, Балтасарга ўгирилди:
— Яхши иш бўмапти, Балтасар, — деди у. — Ишга киришишдан илгари мен билан маслаҳатлашишинг керак эди. Келиб-келиб шу гўдакнинг гапига кирасанми?
У гапираётганида юзи бирданига жиддий ва сокин тус олди, қафасга қиё ҳам боқмай, кўтариб Балтасарга узатди:
— Буни ҳозироқ олиб кет ва истаган одамингга сотиб юбор. Сендан илтимос, мен билан бу ҳақда мутлақо тортишма, — у Балтасарнинг елкасига қоқиб тушунтира кетди, — дўхтир айтган, менга асабийлашиш мумкин эмас.

Болакай тошдек қотиб қолган, Балтасар эса унга талмовсираганча қараб турарди. Шу пайт бола бўғзидан итларнинг ириллаганига ўхшаш товуш чиқариб, ўкириб юборди ва ўзини полга ташлади.
Онаси уни юпатмоқчи бўлганида Хосе Монтьел унга бефарқ қараб тураверди:
— Қўявер, — деди у, — майли, бошини полга уриб ёрсин, кейин ярасини тузланган лимон билан артиб қўйсанг, бу хархаша янаям ширинроқ бўлади унга.
Бола бир томчи ёшсиз ариллар, онаси эса унинг қўлидан ушлаб олганди.
— Тегма, — унга буюрди яна Монтьел.

Балтасар болага маъносиз тикилди. Соат тўртга яқинлашиб қолганди. Бу пайтда Урсула уйда пиёз тўғраётиб, алмисоқдан қолган аллақайси қўшиқни хиргойи қилмоқда эди.
— Пепе, — деди Балтасар ва жилмайганича унинг қўлига қафасни тутқазди. Бола бир зумда оёққа қалқди ва икки қўли билан қафасни оларкан, Балтасарга қандай миннатдорчилик билдиришни билмай, сўзсиз тикилиб қолди. Унинг кўзларида бир томчи ҳам ёш кўринмасди.
— Балтасар, — гап қотди Хосе Монтьел зўраки мулойимлик билан, — қафасингни олиб кет дедим сенга.
— Ҳозироқ қайтариб бер, — буюрди аёл ҳам ўғлига.
— Ўзингда қолаверсин, — деди Балтасар ва кетишга чоғланаркан, Хосе Монтьелга ўгирилиб қўшимча қилди, — ахир, буни мен фақат ўғлингиз учун ясаганман.

Хосе Монтьел унинг ортидан меҳмонхонагача эргашиб борди.
— Майнавозчиликни йиғиштир, Балтасар, — дея унинг йўлни тўсиб талаб қилди уй эгаси. — Анави матаҳингни олиб кет бу ердан ва бунақа тентакликни бас қил! Барибир сенга бунинг учун сариқ чақа ҳам бермайман.
— Кераги ҳам йўқ, — деди Балтасар, — мен уни Пепега совға қилиш учун ясаганман. Бундан ҳеч нарса таъмагир эмасман.

Балтасар шундай дея ўзини эшик оғзидаги ҳангоматалаб оломон орасига урди. Хосе Монтьел меҳмонхона ўртасида турганича, унинг ортидан бўғилиб қичқирар, юзи докадай оқариб, кўзлари қонга тўлганди.
— Тентак, — бақирарди у, — савилингни ҳозироқ йўқот. Сенга ўхшаганлар уйимни оёқости қилишига йўл қўймайман. Жин урсин сенларни!

Билярдхонада Балтасарни олқишу қийқириқлар билан кутиб олишди. У шу пайтга қадар шунчаки илгари ясаган қафасларидан кўра яхшироғини ясаганман, холос, дея хаёл қилар, унинг назарида ушбу қафасни аслида ҳам Пепенинг йиғламаслиги учун унга туҳфа қилиши лозимдек туюлар ва булар ҳаммаси арзимас нарсалар бўлиб кўринарди. Энди ўйлаб қараса, кўпчилик учун арзирли тарафларни ҳисобга олмаган экан.
— Демак, эллик песо беришди, дегин?
— Олтмиш песо, — деди Балтасар.
— Ў-ҳу, унда дўппингни осмонга отсанг бўларкан, — деди кимдир, — сендан бошқа ҳеч ким Дон Хосе

Монтьелдан бунча пул ундиролмаган бўлса керак. Бунақа ютуқни бир ювмасанг бўлмайди.
Унга пиво келтиришди, у эса шу ердагиларнинг ҳаммаси учун пиво буюрди. У умрида маст бўлмаган, ўша оқшом илк бор қўлига қадаҳ олиши эди. Кечга бориб унинг кайфи тамоман ошди ва ажабтовур режалари ҳақида алжирай бошлади: “Ҳар бири олтмиш песодан мингта, кейин яна миллионта қафас ясаса, нақ олтмиш миллион песо бўларкан. Иложи борича кўпроқ қафас ясашим ва бойлар қирилиб битмай туриб уларга пуллаб олишим керак, — дерди у ҳеч нарсанинг фарқига бормай. — Уларнинг бари касал ва ҳадемай ўлиб кетишади. Уларнинг ҳаёти шу қадар аянчлики, ҳатто ўйлашга ҳам арзимайди”.

Мусиқа қурилмаси карийб икки соат тинмасдан унинг ҳисобидан «сайради». Ҳамма Балтасарнинг соғлиғи, унинг бахти ва омади, бойларнинг эса тезроқ ўлиб кетиши учун ичди. Ярим кечаси, соат бирга бориб у билярдхонада бир ўзи қолиб кетди.

Урсула устига пиёз сепилган гўштли қовурдоқ билан уни кечки соат саккизгача кутди. Кимдир унга Балтасарнинг билярдхонада хурсандчиликдан ичиб маст бўлиб қолгани ва ҳаммани пиво билан сийлаётганини айтганида, ишонмади, зеро, Балтасар умрида бир марта ҳам ичкиликни оғзига олмаган эди. У ухлагани ётганида тун ярмидан оққан, бу пайтда Балтасар ҳамон сутдек ойдин дўкон ёнида, очиқ осмон тагида, тартиб билан стол ва стуллар териб қўйилган майдончада ўтирар, икки юзи лаб бўёғининг излари билан тўлиб тошган, ўрнидан қўзғалолмайдиган аҳволда бўлса-да, юмшоққина тўшакда ётиб ухлаш ҳақида хаёл сурарди. У бугун шунчалик кўп пул сарфладики, қарзини бошқа куни тўлаш шарти билан соатини гаровга қўйишга мажбур бўлди. У кўп ўтмай кўчанинг ўртасида судралиб кета бошлаганида кимдир оёғидаги туфлисини ечиб олаётганини пайқади, бироқ арзимаган нарсани деб ҳаётидаги энг гўзал тушни йўқотиб қўймаслик учун бунга парво ҳам қилмади. Эрталабки ибодатга ошиқаётган хотинлар уни кўриб, ўлик дея гумон қилишди ва ўтакалари ёрилди.

Рустам Жабборов таржимаси

021

(Tashriflar: umumiy 141, bugungi 1)

Izoh qoldiring