Halima Ahmad. Yangi kuy boshlaymiz osmon tilida

Ashampoo_Snap_2016.09.08_19h44m27s_003_.png1 октябрь — шоира Ҳалима Аҳмад таваллуд топган кун

    Бугунги шеъриятимиз юзи бўлиб турган ижодкорлардан бири Ҳалима Аҳмадни туғилган куни билан чин юракдан табриклаб, шоирага сиҳат саломатлик ва ижодий янгиликлар тилаб қоламиз.

Ҳалима АҲМАД
ЯНГИ КУЙ БОШЛАЙМИЗ
ҚУЁШ ТИЛИДА

064

    Ҳалима Аҳмедова Бухоро вилояти (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа туманидаги Пўлот қилоғида таваллуд топган. 1983 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факултетини тамомлаган. Шоиранинг илк китоби 1986 йили “Кўзимнинг тили” номи билан чоп этилган. Кейинчалик 1987 йили “Тунги марваридгуллар”, 1996 йили “Эрк даричаси”. 2005 йили “Тийрамоҳ”, 2007 йили “Афсун”, 2008 йили “Умид сояси”, 2011 йили “Нигоҳ қибласи”, 2012 йили “Шафақ ибодати” сингари китоблари нашр этилган.

064

Кўнглимга
033

Кел, мен сени бугун олиб кетаман
Ишқни туш кўраётган дарёлар томон.
Агар сен жилмайсанг,
энтикиб турсанг,
Мастона ошиққа айланар армон.

Биламан, сен мендан жуда хафасан,
Нетай,
Тупроқли вужудман оғирдан оғир.
Куламан, кўзимнинг ойнасида гоҳ
Ўз аксини кўриб кулганда ёмғир.

Ва яна кулади менинг устимдан
Ҳасад шарбатига тўлган оломон.
Сенга ярашмаган либосдир жисмим,
Салгина телбаман, салгина нодон.

Биламан, худонинг олдида кўп бор
Сени изза қилдим, қилдим шарманда.
Масхарага мойил вужудим билан
Дунёдан дунёни излаб юрганда.

Сабоғингдан чиқиб кетдим баъзида
Ва тун соясига бўлганман пинҳон.
Гуноҳим кўп менинг, оҳим кўп менинг –
Салгина телбаман, салгина нодон.

Кел, мен билан энди ярашгин, кўнглим,
Ярашгани каби суву аланга.
Хоҳласанг суратин чизиб бераман
Қадим ошиқларнинг кўнглини санга.

Жунун саҳросида юлғун гулининг
Ашкидан пиширгум сенга мусаллас.
Осмон косасида сузиб ичамиз
Ва қисмат олдида маст бўламиз, маст.

Хоҳласанг мен сени суйиб, эркалаб,
Шафақнинг юртида айлантираман.
Ҳижрон боғларида пишиб етилган
Соғинч олмасини узиб бераман.

Парво қилма, ҳали пушаймон бўлар
Шаънимизни топтаб лақиллаганлар.
Бахтиёр кунимиз суякдай ғажиб,
Яна ортимиздан акиллаганлар.

Улар қолиб кетар зулмат қаърида
Ёки ҳасад янглиғ соврилгай кули.
Парво қилма улар ғийбат ботқоғин
Замонлардан қолган энг бадбўй гули.

Кел, мен сени бугун олиб кетаман
Риёсиз кунларнинг хаёлларига.
Бирга ўргатамиз ишқ каломини
Вақтнинг забони йўқ шамолларига.

Мастона-мастона чайқалган туннинг
Жавҳаридан тонгни оламиз тортиб.
Янги куй бошлаймиз осмон тилида,
Майсани уйғотиб, гулни уйғотиб.

Кел, сени мен бугун олиб кетаман
Ўзимдан-ўзимга, жонимдан жонга.
Фақат кўнглим билан яшаяпман деб
Хабар юбораман олти томонга.

Мендан аразлама, эй суюклигим,
Сенсиз тупроқдирман, бор-йўғи тупроқ.
Сен билан Раббимга танишдирман мен,
Сен билан ўзимга ўхшайман кўпроқ.

***

Эй менинг кўнглимни
Олов саҳронинг –
Лайливаш тушига бадарға этган.
Эй менинг жонимда яшаб туриб ҳам –
Ғаним сари кетган,
Ғам сари кетган.

Минг йиллик майдайин –
Дилим қонини
Эй тамшаниб тотган,
Ичикиб тотган.
Эй гавҳардай асраб тили остида –
Мени қоп-қоронғу тунда йўқотган…

Мен ҳали
Мен ҳали топилганим йўқ,
Гоҳ япроқ, гоҳида чумолидаман.
Қарғалар чўқиган олмада,
баъзан,
Сарғайган боғларнинг хаёлидаман.

Мени чақириб ол,
мени йиғиб ол –
Оёқлар остидан битта-битталаб.
Эй парвона тилин
ишқнинг тили деб,
Адашган, янглишган кўҳна ишқталаб.

Гулламоқчи эдим,
Само боғида,
То ҳануз,
То ҳануз гуллаганим йўқ.
Сен мени йўқотиб қўйган лаҳзангдан –
Туш кўриб яшадим…
(Ухлаганим йўқ.)

Эй моҳир қўллари қўлига тегмай,
Қисмат бозорида савдо қилгувчи.
Тош каби юракни юракка уриб,
Чақнаган оловда ғавғо қилгувчи.

Сенинг ошиқларинг тонгдан келарлар,
Менинг ошиқларим куздан, бегумон.
Томиримда чертсам “Чўли ироқ”ни,
Қошимга югуриб келар биёбон.

Ҳой бахт, деб, чақирсам,
қайрилмагайсан.
Боқмасдан кетарсан киборларга хос.
Сени чорламадим, йўқламадим ҳам,
Мен сенга шунчаки талпиндим, холос.

Ташбеҳ

Кўкда оққанида телба дарёлар,
Уфқда чизилди қуёшнинг изи.
– Неча ёшга кирдинг? –
Сўради мандан
Бармоғим учига қўнган хонқизи.

Елкамга бошини қўйди атиргул,
Дилимнинг рангидан ранг олган юзи…
– Ёшим ишқим билан баробар, десам,
Бармоғимдан учиб кетди хонқизи.

Ва кетди дарёлар қибла томонга,
Билмайман, кимнидир, кимни ахтариб…
Мен эса ҳашамдор ҳаёт олдида
Кўринардим ожиз
Ва жуда ғариб.

Замин хомушлиги, осмон мастлиги,
Қонимнинг ичида мавж урарди, мавж.
Ва фалак ёшини санаб, саноққа
Етолмай учарди кўкда қалдирғоч.

Шаббода ўйнарди майсалар билан
Майсалар куларди бирам беғубор.
Шаббоданинг ҳарир енгидан тортиб
Дедимки,
Дилингни дилимга юбор…

Аммо у қошимдан бир елиб ўтди.
Минг йиллик тушига топгандай таъбир.
Ортидан қичқирдим:
Биз дўст эдик-ку,
Кенглик соғинчи бор менда ҳам, ахир…

Тириклик тиржаяр менинг ҳолимга
Озорлари қуйма, қайғуси қуйма.
Биламан, дейман мен, қўғирчоқбозсан,
Яна ўйнаб мени, йўқотиб қўйма.

Ва яна излайман умримга ташбеҳ,
Қисмат шакариман ёки тузиман.
(Ва шундай ташбеҳга раво бўламан)
Шамол бармоғига қўниб, ишқ ёшин
Билмай учиб кетган мен хонқизиман.

Дадамни эслаб

Мен қайтиб келяпман тундан, кундуздан,
Кўнгилда кўтариб баҳайбат видони…
Ва нигоҳим ёпар гоҳи-гоҳида
Кўзёшдан ҳўл бўлган енги дунёнинг.

Мен қайтиб келяпман, қайдасан, таскин,
Қайдасан, руҳимни кашф этган сабр.
Қарайман осмоннинг бир чеккасида
Дарё юрагини йиғлайди абр.

Мен эса йиғлашни унутиб қўйдим,
Ёввойи ўкирик сузар жонимда.
Шамоллар, шамоллар, яна шамоллар,
Сайр қилиб юрибди тўрт томонимда.

Мен қайтиб келяпман афсунлангандай
Ўзга бир вужудда яшаяпман гўё.
Карахтман, имлайди туман ортидан
Енглари кўзёшдан ҳўл бўлган дунё.

Ҳайқирдим, дадажон, мен қайтиб келдим,
Ухлаган қуёшдай ётибди дадам.
Шу сирли, уйғонмас уйқуси билан–
Барча боласини уйғотди дадам.

Мен жуда кеч қайтдим,
Ва ғофил қайтдим,
Сўнгсиз қайтишларнинг қарзи энди мен,
Ёлғиз қолиб бизни эслаганида,
Тортган бир оҳига арзимадим мен.

О, дадам кўнглини тинглаб кўрмадим,
Болалик чоғимиз эсларди бот-бот.
Сен унинг ёнида эдинг-ку, ахир,
Дадамнинг кўнглини айтиб бер, ҳаёт.

Эсимда, болалик дамларимизда
Бизни елкасида кўтарарди даст.
Ўшанда осмоннинг юраги билан
Суҳбатлар қурардим мен хаёлпараст.

Гоҳо бизлар билан ўйнаб боладай,
Ўзини ўлганга солиб ётарди.
Биз эса қучоқлаб тирилтирардик,
Шунда кўзларида қуёш куларди.
Шу ўйин негадир ёқарди бизга,

“Дада, ўлиб беринг” – такрорлардик биз.
У эса ўлишдан чарчамасди ҳеч.
Тириклигин бизга айлаб сарафроз,
Бугун ҳам ётибди кўзлари юмуқ.

Юзларида ёнар изи соғинчнинг
Мен эса турибман, карахтдан карахт
Ва бир парчасидай илҳақ соғинчнинг.
Унинг эса кўзин очгиси келмас

Ўлиб тирилишдан чарчаган гўё.
Мен аввал дадамни уйғотиб олай,
Кўнглим этагини қўйворгин, Видо.
Юрагим ичида инграйди кимдир,

Йўқ, йўқ, тингламайман жудолик куйин.
Йиғлайман: кўзингиз очинг, дадажон,
Ўйин тугади-ку, тугади ўйин…
Мен жуда кеч қайтдим,
Ва ғофил қайтдим…

***

Сен дединг: “Уфқни ясантирамиз,
Эгнингга қуёшни кийиб олгин, бўл…”
Боқдим,
само ва ер оралиғида
Жуда гўзал эди ўша йўл.

Мен дедим: “Уфқни алдаб бўлмайди
Ишқимиз жуда оз, ёлғон эса мўл”.
Қарадинг,
кўзингда жон берди дарё,
Жуда олис эди ўша йўл.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2016 йил 5-сон

0 buketa.jpg1 oktyabr — shoira Halima Ahmad tavallud topgan kun

Halima AHMAD
YANGI KUY BOSHLAYMIZ
QUYOSH TILIDA

064

    Halima Ahmedova Buxoro viloyati (hozirgi Navoiy viloyati) Qiziltepa tumanidagi Po’lot qilog’ida tavallud topgan. 1983 yilda ToshDU (hozirgi O’zMU)ning filologiya fakultetini tamomlagan. Shoiraning ilk kitobi 1986 yili “Ko’zimning tili” nomi bilan chop etilgan. Keyinchalik 1987 yili “Tungi marvaridgullar”, 1996 yili “Erk darichasi”. 2005 yili “Tiyramoh”, 2007 yili “Afsun”, 2008 yili “Umid soyasi”, 2011 yili “Nigoh qiblasi”, 2012 yili “Shafaq ibodati” singari kitoblari nashr etilgan.

064

Ko’nglimga
033

Kel, men seni bugun olib ketaman
Ishqni tush ko’rayotgan daryolar tomon.
Agar sen jilmaysang,
entikib tursang,
Mastona oshiqqa aylanar armon.

Bilaman, sen mendan juda xafasan,
Netay,
Tuproqli vujudman og’irdan og’ir.
Kulaman, ko’zimning oynasida goh
O’z aksini ko’rib kulganda yomg’ir.

Va yana kuladi mening ustimdan
Hasad sharbatiga to’lgan olomon.
Senga yarashmagan libosdir jismim,
Salgina telbaman, salgina nodon.

Bilaman, xudoning oldida ko’p bor
Seni izza qildim, qildim sharmanda.
Masxaraga moyil vujudim bilan
Dunyodan dunyoni izlab yurganda.

Sabog’ingdan chiqib ketdim ba’zida
Va tun soyasiga bo’lganman pinhon.
Gunohim ko’p mening, ohim ko’p mening –
Salgina telbaman, salgina nodon.

Kel, men bilan endi yarashgin, ko’nglim,
Yarashgani kabi suvu alanga.
Xohlasang suratin chizib beraman
Qadim oshiqlarning ko’nglini sanga.

Junun sahrosida yulg’un gulining
Ashkidan pishirgum senga musallas.
Osmon kosasida suzib ichamiz
Va qismat oldida mast bo’lamiz, mast.

Xohlasang men seni suyib, erkalab,
Shafaqning yurtida aylantiraman.
Hijron bog’larida pishib yetilgan
Sog’inch olmasini uzib beraman.

Parvo qilma, hali pushaymon bo’lar
Sha’nimizni toptab laqillaganlar.
Baxtiyor kunimiz suyakday g’ajib,
Yana ortimizdan akillaganlar.

Ular qolib ketar zulmat qa’rida
Yoki hasad yanglig’ sovrilgay kuli.
Parvo qilma ular g’iybat botqog’in
Zamonlardan qolgan eng badbo’y guli.

Kel, men seni bugun olib ketaman
Riyosiz kunlarning xayollariga.
Birga o’rgatamiz ishq kalomini
Vaqtning zaboni yo’q shamollariga.

Mastona-mastona chayqalgan tunning
Javharidan tongni olamiz tortib.
Yangi kuy boshlaymiz osmon tilida,
Maysani uyg’otib, gulni uyg’otib.

Kel, seni men bugun olib ketaman
O’zimdan-o’zimga, jonimdan jonga.
Faqat ko’nglim bilan yashayapman deb
Xabar yuboraman olti tomonga.

Mendan arazlama, ey suyukligim,
Sensiz tuproqdirman, bor-yo’g’i tuproq.
Sen bilan Rabbimga tanishdirman men,
Sen bilan o’zimga o’xshayman ko’proq.

***

Ey mening ko’nglimni
Olov sahroning –
Laylivash tushiga badarg’a etgan.
Ey mening jonimda yashab turib ham –
G’anim sari ketgan,
G’am sari ketgan.

Ming yillik maydayin –
Dilim qonini
Ey tamshanib totgan,
Ichikib totgan.
Ey gavharday asrab tili ostida –
Meni qop-qorong’u tunda yo’qotgan…

Men hali
Men hali topilganim yo’q,
Goh yaproq, gohida chumolidaman.
Qarg’alar cho’qigan olmada,
ba’zan,
Sarg’aygan bog’larning xayolidaman.

Meni chaqirib ol,
meni yig’ib ol –
Oyoqlar ostidan bitta-bittalab.
Ey parvona tilin
ishqning tili deb,
Adashgan, yanglishgan ko’hna ishqtalab.

Gullamoqchi edim,
Samo bog’ida,
To hanuz,
To hanuz gullaganim yo’q.
Sen meni yo’qotib qo’ygan lahzangdan –
Tush ko’rib yashadim…
(Uxlaganim yo’q.)

Ey mohir qo’llari qo’liga tegmay,
Qismat bozorida savdo qilguvchi.
Tosh kabi yurakni yurakka urib,
Chaqnagan olovda g’avg’o qilguvchi.

Sening oshiqlaring tongdan kelarlar,
Mening oshiqlarim kuzdan, begumon.
Tomirimda chertsam “Cho’li iroq”ni,
Qoshimga yugurib kelar biyobon.

Hoy baxt, deb, chaqirsam,
qayrilmagaysan.
Boqmasdan ketarsan kiborlarga xos.
Seni chorlamadim, yo’qlamadim ham,
Men senga shunchaki talpindim, xolos.

Tashbeh

Ko’kda oqqanida telba daryolar,
Ufqda chizildi quyoshning izi.
– Necha yoshga kirding? –
So’radi mandan
Barmog’im uchiga qo’ngan xonqizi.

Yelkamga boshini qo’ydi atirgul,
Dilimning rangidan rang olgan yuzi…
– Yoshim ishqim bilan barobar, desam,
Barmog’imdan uchib ketdi xonqizi.

Va ketdi daryolar qibla tomonga,
Bilmayman, kimnidir, kimni axtarib…
Men esa hashamdor hayot oldida
Ko’rinardim ojiz
Va juda g’arib.

Zamin xomushligi, osmon mastligi,
Qonimning ichida mavj urardi, mavj.
Va falak yoshini sanab, sanoqqa
Yetolmay uchardi ko’kda qaldirg’och.

Shabboda o’ynardi maysalar bilan
Maysalar kulardi biram beg’ubor.
Shabbodaning harir yengidan tortib
Dedimki,
Dilingni dilimga yubor…

Ammo u qoshimdan bir yelib o’tdi.
Ming yillik tushiga topganday ta’bir.
Ortidan qichqirdim:
Biz do’st edik-ku,
Kenglik sog’inchi bor menda ham, axir…

Tiriklik tirjayar mening holimga
Ozorlari quyma, qayg’usi quyma.
Bilaman, deyman men, qo’g’irchoqbozsan,
Yana o’ynab meni, yo’qotib qo’yma.

Va yana izlayman umrimga tashbeh,
Qismat shakariman yoki tuziman.
(Va shunday tashbehga ravo bo’laman)
Shamol barmog’iga qo’nib, ishq yoshin
Bilmay uchib ketgan men xonqiziman.

Dadamni eslab

Men qaytib kelyapman tundan, kunduzdan,
Ko’ngilda ko’tarib bahaybat vidoni…
Va nigohim yopar gohi-gohida
Ko’zyoshdan ho’l bo’lgan yengi dunyoning.

Men qaytib kelyapman, qaydasan, taskin,
Qaydasan, ruhimni kashf etgan sabr.
Qarayman osmonning bir chekkasida
Daryo yuragini yig’laydi abr.

Men esa yig’lashni unutib qo’ydim,
Yovvoyi o’kirik suzar jonimda.
Shamollar, shamollar, yana shamollar,
Sayr qilib yuribdi to’rt tomonimda.

Men qaytib kelyapman afsunlanganday
O’zga bir vujudda yashayapman go’yo.
Karaxtman, imlaydi tuman ortidan
Yenglari ko’zyoshdan ho’l bo’lgan dunyo.

Hayqirdim, dadajon, men qaytib keldim,
Uxlagan quyoshday yotibdi dadam.
Shu sirli, uyg’onmas uyqusi bilan–
Barcha bolasini uyg’otdi dadam.

Men juda kech qaytdim,
Va g’ofil qaytdim,
So’ngsiz qaytishlarning qarzi endi men,
Yolg’iz qolib bizni eslaganida,
Tortgan bir ohiga arzimadim men.

O, dadam ko’nglini tinglab ko’rmadim,
Bolalik chog’imiz eslardi bot-bot.
Sen uning yonida eding-ku, axir,
Dadamning ko’nglini aytib ber, hayot.

Esimda, bolalik damlarimizda
Bizni yelkasida ko’tarardi dast.
O’shanda osmonning yuragi bilan
Suhbatlar qurardim men xayolparast.

Goho bizlar bilan o’ynab boladay,
O’zini o’lganga solib yotardi.
Biz esa quchoqlab tiriltirardik,
Shunda ko’zlarida quyosh kulardi.
Shu o’yin negadir yoqardi bizga,

“Dada, o’lib bering” – takrorlardik biz.
U esa o’lishdan charchamasdi hech.
Tirikligin bizga aylab sarafroz,
Bugun ham yotibdi ko’zlari yumuq.

Yuzlarida yonar izi sog’inchning
Men esa turibman, karaxtdan karaxt
Va bir parchasiday ilhaq sog’inchning.
Uning esa ko’zin ochgisi kelmas

O’lib tirilishdan charchagan go’yo.
Men avval dadamni uyg’otib olay,
Ko’nglim etagini qo’yvorgin, Vido.
Yuragim ichida ingraydi kimdir,

Yo’q, yo’q, tinglamayman judolik kuyin.
Yig’layman: ko’zingiz oching, dadajon,
O’yin tugadi-ku, tugadi o’yin…
Men juda kech qaytdim,
Va g’ofil qaytdim…

***

Sen deding: “Ufqni yasantiramiz,
Egningga quyoshni kiyib olgin, bo’l…”
Boqdim,
samo va yer oralig’ida
Juda go’zal edi o’sha yo’l.

Men dedim: “Ufqni aldab bo’lmaydi
Ishqimiz juda oz, yolg’on esa mo’l”.
Qarading,
ko’zingda jon berdi daryo,
Juda olis edi o’sha yo’l.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2016 yil 5-son

021

(Tashriflar: umumiy 232, bugungi 1)

Izoh qoldiring