Halima Ahmedova. She’rlar & Eng katta ustozlarim — o’qigan kitoblarim & Har bir inson ko’ngli — mo’jiza & Umid soyasi

Ashampoo_Snap_2017.09.30_17h22m30s_003_.png1 октябр – Шоира Ҳалима Аҳмедова таваллуд топган кун

    Адабиёт оламига кирган инсон борки, менимча бу дунёдан яхшилик излаб яшайди. Аслида мен барча ижодкорларни (хом хаёл деб ўйламанг) эзгулик элчилари деб биламан. Улар қайсидир маънода тили, миллати, мансабидан қатъи назар бир-бирига қариндошдек туюлади менга…

Ҳалима Аҳмедова
ЭНГ КАТТА ВА УЛУҒ УСТОЗИМ –
ЎҚИГАН КИТОБЛАРИМ

08

Шу кунларда болаликка ҳар куни хаёлан ўн марта қайтаман десам, ишонаверинг. Бу шаффоф даврнинг ўз эҳсонлари бор. Мен болалигимдан шунинг учун ҳам миннатдорманки, у менга энг чиройли хаёлларни берди, табиатдан сир теришни ўргатди.

Бир пайтлар катта бир шоира опамиз бизникига борганда, «Кичкина қишлоқчада яшар экан», деган экан. Аммо менинг кўзимга ҳануз қишлоғимиз жуда бепоён ва катта кўринади. Айниқса, ҳовлимиз ортидаги боғ – менинг энг катта дарсхонам эди. Балки менга адабиётни шу боғдаги дарахтлар ўргатгандир, ажриқлару печакгуллар ўргатгандир. Ҳар ҳолда шунча ёшга кириб ҳали ҳеч қаердан ўша мўъжаз боғимиздан топган туйғулар шуъласини тополганим йўқ.

Кўп шеърларимда дарахт образи учраши ҳам шу боғ билан боғлиқ менимча. Жуда хаёлпараст бўлганман, бу эса жуда кўп китоб ўқиганимнинг таъсиридан деб ўйлайман. Аслида барча ижодкорларнинг адабиётга кириб келиш йўли қайси маънодадир бир-бирига ўхшайди. Айтайлик, болалигида кўп китоб ўқийди, жиндак хаёлпараст ва жуда раҳмдил бўлади.

Худо раҳматига олган бўлсин, бобом ниҳоятда саводли одам эди. Ҳар куни мени ёнларига чақириб, Бедил, Машраб, Яссавий, Навоий ва мавлоно Румийни ўқиб берардилар. Менга ўшанда ғазалларнинг мазмунидан кўра оҳанги кўпроқ ёқарди. Чунки, мазмунига тишим ўтмасди.

Қачонлардир китоб шайдоси бўлганим рост. Дадам менга жуда кўп китоб олиб келардилар. Менга ажратилган кичкина хона китобга тўла бўларди. Негадир хонамга ҳеч кимнинг киришини истамас эдим. Баъзан ота-онамдан ёки устозларимдан дакки эшитган вақтларим яхши кўрган асарларимнинг ичига кириб беркингим келарди.

a54e3548fa3b4b53857a6177b9b73e8a.jpgБобом ўқиган ғазаллар оҳанги мени нимадир ёзишга ундарди. Илк шеъримни ўн бир ёшимда ёзганман. Ва уни апил-тапил туман газетасига жўнатганман. Энг қизиғи, машқим ўша газетада босилган. «Онажон» деб аталган шу илк шеърим билан мактабда анча вақт машҳур бўлиб юрганман…

Илк китобим «Тунги марваридгуллар» (номини севимли шоирим Шавкат Раҳмон танлаган) мен Москва шаҳридаги касалхонада ётганимда чоп этилган. Ўшанда ҳаёт билан ўлимнинг орасида эдим. Шунинг учунми илк китоб менга унча татимаган. Кейинчалик, соғайиб кетганимдан сўнг «Тунги марваридгуллар» ҳақида ўқувчилардан илиқ гаплар эшитиб қувонганман.

Энг катта ва улуғ устозим – ўқиган китобларим деб ўйлайман. Улар менга кўп нарсани ўргатди. Одамларни яхши кўришни, ишонишни, ҳеч кимга ҳасад қилмай яшашни улардан ўргандим.

Ҳаётим давомида ишонувчанлигим ортидан кўп хатолар қилдим. Аммо ҳасад қилмай яшаш, ҳақиқатни севиш олдида бу хатолар ҳеч нарса эмас.

Баъзида манфаат топиш учун худбин ва бешафқат бўлгим келади. Аммо қурбим етмайди. Зотан, китоблар юқтирган меҳрибонлик, ҳақиқатпарастлик бунга йўл қўймайди…

Яхшими, ёмонми саккизта китобим чоп этилди. Менда ғалати бир одат бор. Шеърни бир нафасда ёзаман-да қайтиб ўқиб кўраман. Ўзимга ёққандай бўлади. Китоб бўлиб чиққандан сўнг мутлақо бегонадек кўринади. Кейин ёзган шеъримнинг устидан ишласам сохта чиқиб қоладигандек туюлаверади. Кўнгил тўлмаслиги ҳам яхши нарса шекилли, бўлмаса шунча дард етмаганидек, (ҳозир урчиб кетган) ўзимга маҳлиёлик касалини орттириб олармидим…

Адабиёт оламига кирган инсон борки, менимча бу дунёдан яхшилик излаб яшайди. Аслида мен барча ижодкорларни (хом хаёл деб ўйламанг) эзгулик элчилари деб биламан. Улар қайсидир маънода тили, миллати, мансабидан қатъи назар бир-бирига қариндошдек туюлади менга. Шунинг учунми, ижодкорлар билан ўз оғайнимдек очилиб-сочилиб гаплашаман.

Уммонларда сувни филтрлайдиган балиқлар яшар экан. Таъбир жоиз бўлса адабиёт аҳлини мен шу балиқларга ўхшатган бўлар эдим. Зеро, жамиятдаги ҳар қандай эзгуликда, қалб тозалигида, адабиётнинг, чинакам ижодкорларнинг меҳнатини кўргандай бўламан.

Сўзда Ҳақнинг жамоли бор, дейишади. Шунданми, сўз ишқига тушган шоиру ёзувчини Яратган аёвсиз синайди. Гоҳ дард беради, гоҳ қайғу беради, гоҳ ҳаётнинг кўчаларида сарсон тентиратади. Шуларнинг барчасига чидасанг, мана ол, деб мастона девоналигини беради. Бу девоналикка «шукр» сўзини ошиқ эта олган ижодкоргагина ижоднинг бетимсол васли насиб этади.

Конфуцийнинг: «Душманингни фақат мақтагин, токи у мақтовдан шишиб ёрилсин», деган гапи бор. Қолаверса халқимиз ичида ҳам «Душманни шакарда ўлдир», деган нақл юради. Мен буни бекорга келтирмадим. Зўр шоир ва ёзувчига мақтовнинг кераги йўқ. Шунингсиз ҳам қалб унинг асарларини яхши кўриб ўқийди.

Адабиёт майдонига соф туйғуларию орзулари билан кирган, кираётган ижодкорларнинг битта китоби чиқар-чиқмас уч-тўрт бетлаб мақтовнома-тақризларнинг чиқаётганини (айниқса чиройли ижодкор қизларга) қайсидир маънода уларнинг ижодига суиқасд деб ўйлайман. Адабий танқидчилигимиз бугун кўзини каттароқ очса яхши бўларди. Назаримда ўқувчилар ҳам, ижодкорлар ҳам, оловли, тоза баҳсларни, ҳақиқатдан сув ичган тақризларни жуда соғинишган…

Билмадим, мавридими ёки йўқми, ичимда неча йилдан буён маддалаб ётган бир гапни айтгим келаяпти. Анча йиллар олдин мурғак болам билан ижарама-ижара юрган кезларимда хушхабар эшитдим. Ёзувчилар уюшмасининг уйсиз-жойсиз аъзоларига уй ажратилибди. Дўппимни осмонга отиб, хурсанд бўлдим: ҳақиқат бор экан-ку! Дарров Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтлардаги масъулларидан бирининг қабулига кирдим. У мени совуқ қарши олиб: «Ҳамма уйнинг ўз эгаси бор, сен эса бу ерда изғиб юрмасдан қишлоғингга кет, адабиётга нима ҳам қилиб берардинг», деди. Карахт тортдим. Руҳим ер билан битта бўлди. Афсус, шунга ўхшаш иддаоларни яна кўп эшитдим.

Ўша кунлар менинг адабиётдан топган ҳақиқатим чил-чил сингандек бўлди. Қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар ўшандай ундовли гапларни эшитиб, ўз қишлоқларига қайтишди. Шу-шу ҳеч қаерда кўринмай кетишди. Ўзингиз ўйланг, бу эндигина порлаётган истеъдоднинг устига лоқайдлик билан тупроқ тортиш дегани эмасми?!

Ҳаммаси ортда қолди. Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижодкорларга, айниқса ёш ижодкорларга кўрсатаётган мурувватидан кўнглим яйрайди. Ана шу мурувватни қадрлаб зўр асарлар яратиш пайти келди назаримда.

Адабиётимиз денгизига бугун янги-янги тўлқинлар кириб келаяпти. Кўнгилга янги ҳаво олиб кираётган ёшларимизни қутламоқ ва асрамоқ лозим, деб ўйлайман. Ижодкорлар бир-бирининг ижодига ҳасад билан эмас, ҳавас билан қараса бу қанчадан-қанча юксалишга йўл очган бўларди. Ўзингиз ўйланг, қачондир «халқ душмани» деб отилган, аслида эса халқнинг чинакам дўстлари бўлган Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Фитратларнинг умрига завол бўлган ҳасад эмасмиди! Яратган бир-бирини қўллаганни қўллайди… Дунёга кўз-кўз қилса арзигулик адабиётимиз бору, аммо ҳалигача нимагадир шу йўлда оқсаяпмиз. Тўғри, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима маркази бу борада иш олиб бораяпти. Бу таржима марказига кучли адабий таржимонлар керак. Бир йиғилишда ҳурматли шоирларимиздан бири: «Ёшларни рамкага тортиш керак» деган гапни айтдилар. Аксинча, ёшларга ижодий кенглик бериш керак эмасми?!

Биз Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзолар экиб кетган дарахтларнинг мевасини еган халқмиз. Насиб бўлса, адабиётимиз дунёни забт этишига ишонаман.

Ўзимга келсак: «Адабиёт учун нимадир қила олдимми?» деган саволга ҳалигача жавоб топганим йўқ. Бир пайтлар кўнглимдаги туйғулар шавқидан масту мағрур эдим. Аммо йиллар туйғуларингни бешафқат дурадгордек рандалаб бораверар экан. Кимнингдир олдига қарз сўраб борганимда ёки ўғлимнинг қилган айби учун бош эгиб узр сўраётганимда ўша ранданинг оғриқли азобидан қийналган ғуруримнинг чинқириғини эшитгандай бўламан.

Аммо Яратганнинг менга берган туйғулари учун доимо шукр қиламан. Ўжар ва ўз билганидан қолмайдиган ёлғиз ўғлим бор. Қанчалик шўр бўлмасин, туз овқатни тотли қилганидек, ўғлимнинг, шеъримнинг борлиги ҳаётимни тўлдириб, ҳузур бағишлаб туради.

ҲАР БИР ИНСОН КЎНГЛИ
МЎЪЖИЗА ТЎЛА КИТОБДИР

Шоира Ҳалима Аҳмедова билан суҳбат
08

b76422ca7c7ac5f3ff01b012b20a890a.jpgИнсоннинг ҳаёти қувончу ташвишлардан иборат. Буни қалбдан ҳис қилган истеъдодли шоира Ҳалима Аҳмедова ўз шеърларида инсоннинг кўнгил кечинмаларига мурожаат этади. Шоиранинг шеърлари ўзининг маънодорлиги, оҳангдорлиги, равонлиги ва бадиий жиҳатидан мукаммаллиги билан ажралиб туради. Шоира нафақат ўзининг, балки кўпчилик шеърият мухлисларининг кўнгил мулкига айланган ижод намуналари учун кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.

ТИНЧЛИК ВА САЛОМАТЛИК АКА-УКАДИР

— Ҳалима опа, аввало сизни Мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйи, қолаверса, танловда биринчи ўринни олганингиз билан табриклаймиз! Айни пайтда дилингизда қандай туйғулар кечмоқда?

—Ташаккур! Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўёнаси менга омад олиб келди. Мен бу ютуқни кўп йиллик меҳнатимнинг роҳати деб ўйлайман. Барчага меҳнати самарасини кўриш насиб этсин.

Дарҳақиқат, Мустақиллик биз ижодкорларга эркинлик, ҳур фикрлаш ва озод меҳнат қилиш имконини берди. Мен албатта шукрона билдираман. Шукр қиламанки, дунёмиз тинч- осуда, ҳалқимиз ҳаракатда ҳамма ўйлаган ниятига эришяпти. Мустақиллик халқимизнинг қадди-камолини ҳам, руҳини ҳам кўтаришга туртки бўлди. Саломатлик аввало тинчлик билан ака-укадир. Одам тинч, бехавотир бўлса, касал бўлмайди. Тилагим ҳар доим юртимиз тинч-омон бўлсин!

–– Шеърларингизда инсонлар кайфиятига таъсир қилувчи сеҳрли руҳ, куч бордек… Нима деб ўйлайсиз, шеър даволаши мумкинми?

–– Халқда шундай гап бор: “Дард дардни кесади”. Аслида ҳар бир инсон кўнгли оламнинг мўъжизага тўла китобидир. Ана шу китобни ҳаёт ҳар куни варақлайди. Истайсизми, йўқми, унда гоҳ шодлик битиклари, гоҳ изтироб лаҳзалари тўлқинланади.

Назаримда кўнглида маъюслик тошган ўқувчигагина шеърларим ҳамдардлик қила олади. Мен шеърга ўз дардларимни тўкиб соламан— енгил тортаман, ўқувчим уни ўқиб даддош топганига хурсанд бўлади, енгил тортади. Кўпинча менга нега бунча ғамгин ёзасиз, деб танбеҳ беришади. Шеър — бу руҳнинг махсули. Қолаверса, кўнгил кўзгусидаги ҳаёт суратини мен шеър деб ўйлайман. Шу маънода шоирга мана бундай ёз, деб буйруқ бериб ёки талаб қилиб бўлмайди. Шеърим кимгадир ёқса, уни ўқиб кимдир ўз дардини унутса, мен ҳам хурсанд бўламан.

МЕҲР ҲАМ ДАРД, ИШҚ ҲАМ ДАРД…

–– Шеърларингизда ифодаланган аёл тимсоли шахсингизга қанчалик яқин? “У бошдан оёқ, менинг ўзим, ўзлигим”, деб айта оласизми?

–– Шеърларимдаги аёл тимсоли балки ўзимдирман, балки мендан олисдаги “мен”имдир. Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Чунки шеър жунбуши шундай ҳолатда келадики, ўшанда на дарёда бўласан, на соҳилда. Шеър ўзи дард бўлганда ёзилади. Аммо дард ўзи нима? Дард бу ерда хасталик эмас, ички туғён, юракка буйруқ бера оладиган ўт. Буни ҳамма ҳар хил тушунади. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, ҳар қандай дарднинг ичида жилмайиб турган шодлик борлигини ҳис қиламиз.

Ҳақиқат ҳам дард, меҳр ҳам дард, ишқ-ку энди дарднинг гултожи. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, тирик кўнгилда яъни туйғулари ўлмаган кўнгилдагина шеър туғилади.

–– Соғлом турмуш тарзи деганда нималарни назарда тутасиз?

–– Болаликда осмонни жуда яхши кўрардим. Қўлимни чўзсам осмонга етса, деб орзу қилардим. Шунданми, оллоҳ менга яхшигина бўй берди. Мактабга борганимда барча синфдошларим орасида бўйи энг баланди мен эдим. Узун бўйим туфайли ўшанда лақаблар ҳам орттириб олганман. Ва бу менга ҳақоратдек туюларди. Уйга келиб онамга нега мени бўйимни узун қилиб туққансиз, деб, хархаша қилиб йиғлардим. Онам раҳматли бўлса, жилмайиб қўйиб: «Бу сени тақдир сийлагани. Бўйинг билан баробар ақл-ҳуш ҳам берган. Шукр қил, ҳаммага ҳам бермаган буларни», деб қўярди.

Биласизми, ҳали-ҳали эслайман онам озодаликни жуда хуш кўрарди. Қишлоқда яшасак-да уйимнинг бирор жойида чанг, ғубор бўлмасди. Уйга киришдан олдин қўл-оёқларимизни совунда тозалаб ювардик. Онам бизнинг озода юришимизни қаттиқ назорат қиларди. У сабзи, қовоқлардан жуда хушхўр мураббо, тутдан шинни тайёрлар, қишда уларни ҳузур қилиб танаввул қилардик. Шунингдек, бизга қор ва шиннини аралаштириб “роҳатижон” яъни музқаймоқ қилиб берарди. Кейин билсам, буларнинг барчаси жуда фойдали экан.

Энг аввало соғлом турмуш тарзи оиланинг саришталиги ва бутунлигида деб ўйлайман. Ҳар томонлама тўкис, меҳр балқиб турган оилада катталар ҳам, фарзандлар ҳам бахтли, соғлом, бекаму кўст бўлади.

«УЙҚУМ ҚОЧСА, ШИРИН ХОТИРАЛАРНИ ЭСЛАЙМАН»

–– Айтингчи, ҳаётингиз давомида бирон-бир жиддий касаллик билан оғринганмисиз? Дардни қандай енгасиз?
–– Ҳаёт – шундай бир ширин неъматки, унинг таърифини келтиролмайман. Баъзан олифталик қилиб, кўкрак кериб: “ўлимдан қўрқмайман”, “бир бошга бир ўлим” каби жумлаларни ишлатамиз. Мен бугун ўтган кунларимга боқиб сескиниб кетаман. Ва ҳаётнинг рохатбахш қўлларидан маҳкамроҳ ушлайман. Чунки жуда кўп бор ўлим билан юзма-юз бўлдим. Назаримда руҳим мени асраб юргандек. Бўлмаса, неча-неча бор оғир хасталикларга чалиниб жарроҳлик столларидан омон чиқмаган бўлардим. Вужудимда ғалати куч бор, буни сезаман. Касал бщлсам, қизиқ бир ҳолат юз беради, яъни менда яшаш учун телбавор кураш ҳиссиёти уйғонади. Ва бу ҳиссиёт бутун вужудимни қайта таъмирлайди. Турли касалликларга чалинавериб, шунга амин бўлдимки, кўнглинг тоза бўлса, руҳинг бақувват бўлса, барча хасталикларга қарши туриш мумкин экан. Соғлом бўлиш учун инсон ичидаги очкўзлик, жоҳиллик, ҳасад каби қора кучларни енгиб яшаши лозим.

Шоиранинг ҳаётда синалган тавсияларидан:

• Ҳаётим давомида кўп касалликни бошдан кечирдим. Уларни енгишда шифобахш сувлар менга катта ёрдам берди. Биринчи ўринда қайнаган сув ичиш керак экан. Сурхондарё вилоятига бориб “Омонхона” сувидан ичдим. Унинг фойдаси жуда катта экан. Узоқ йўлга чиқсам ҳам, ёзда исиб кетсам ҳам фақат қайнаган сув ичаман. Ҳар куни 2,5 литр сув ичиш шартига риоя қиламан. Ҳатто оч қолсам, асабийлашсам ҳам ички салбий қувватни сув билан енгаман.
• Кечаси уйқум келмаса, ойнадан ташқарига қараб ўтган ширин хотираларни эслайман. Руҳимдаги чиройли орзу ва ҳавасларни эслаб, асаб мувозанатини тиклаб оламан.
• Овқатланганда асосан ёғсиз овқатларни ейман. Ёғли гўшт умуман емайман. Қовоқ билан сарёғни димлаб, кўпроқ қайнатма қилиб ейман. Сабзавотларни, айниқса қовунни яхши кўраман. Ёзда ҳар куни қовун ейман. Қовун жигарни тозалайди. Бир мавсумда уч марта тўйиб шотут ейилса, қон томир касалликларининг олдини олади дейишади.
• Ҳар куни эрталаб соат 6: 00 да уйғониб, ярим соат гимнастика билан шуғулланаман. Кейин ярим соат кўчага чиқиб тоза ҳавода айланаман. Шу тариқа саломатлигимни тезда тиклаб оламан.
• Кўп аёллар ёшини айтишга уялади. Қарияпман деб, ажинларни яширишга ҳаракат қилишади. Лекин мен аксинча, бу ҳам бир бахт деб ҳисоблайман.

Мунира РАМАЗОНОВА суҳбатлашди.

Ҳалима АҲМЕДОВА
ШЕЪРЛАР
08

Ҳалима Аҳмедова 1960 йилда Бухоро вилоятининг (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа тумани, Пўлат қишлоғида туғилган. ТошДу (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг филология факультетини, кейинчалик Москва шаҳридаги Олий адабиёт курсини тамомлаган ўқиган. “Кўзимнинг тили”, “Тунги марварид гуллар”, “Эрк даричаси”, “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси”, “Нигоҳ қибласи”, “Шафақ ибодати”, “Ёсуман гулининг сояси”, “Ташбеҳ”, “Яшил” номли китоблари чоп этилган.

08

МУНОЖОТ

Эй дард, кўзларимга солмагин парда,a24bfd02728d77bfc7678ee6dfeb5279.jpg
Мен ёнган оташнинг кулимасми сен?!
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин —
Жавоби, ҳам сўлғин гулимасми сен?!

Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тулдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳали топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар хаёт номини.

Туннинг дарахтида пишган олмалар —
Юлдузлар ҳидидан айланар бошим…
Агар, ошиқ бўлсанг мискин жонимга,
Кўнглингга келмасин аччиқ  кўз ёшим.

Эй дард, ёлвораман
Аллоҳ ишқила,
Қоронғу нигоҳим этгил мунаввар.
Бедард шамол каби кезай боғларни,
Куёш уфклардан келтирса хабар.

Осмонга юксалган дарахтлар каби
Зумрад ҳаволарни туйиб яшайин.
Ўлимдан қўрқмаган майсалардайин —
Ўзимни бир бора суйиб яшайин.

Эй дард, кўзларимга солмагин парда…

ВАТАН

Мен ҳеч кимга кўтармадим қўл,
Ва ҳеч кимга етмас зиёним.
Аммо сенинг олдингда тупроқ,
Айб қилгандай титрайди жоним.

Райҳонларга чулғаниб кетган —
Онам ҳиди келади сендан.
Биламанки хокисоргинам,
Сен ҳеч нарса кутмайсан мендан.
Маломатга қолиб бу бошим,
Сенга бағрим бериб ётган чоғ.
Юпатдинг ҳам, тушундинг мени —
Дўсту яқинларимдан кўпроқ

Мен туғилган кунимдан бошлаб,
Талпинганим сен бўлдинг, ишон.
Сенинг зарра-зарраларингда —
Ҳақ жамоли бўлди намоён.
Ўзга тупроқ тортмас дилимни,
Жойнамозим ўзинг, чўкдим тиз.
Ахир сендан юрагимгача
Боғлаб турар илоҳий илдиз.

Болам деб хўп яйратдинг мени,
Имкон бердинг ўйнаб кулгани
Фақат мени ўлгандан сўнг ҳам —
Қучоғингга олсанг бўлгани

***

Жуда гўлман,
Жуда бефаҳм,
Ишонаман, ким нима деса.
Ҳатто дарахт бўлишин айтиб,
Алдаб қўяр
Кичкина майса.

Муҳаббатнинг кўчаларида
Минг адашиб алданганим рост.
Юпатаман ўзимни гоҳо:
Алданиш ҳам ошиқларга хос.

Ғанимлардан шикоятим йўқ,
Дўстлар мени алдади ёмон.
Гарчи умид, орзуларимни
Меҳр билан этганман эҳсон…

Ҳаёт эса қистайди ҳамон:
Яхши кун бор олдинда,
Югур…
Кўп алданиб чарчаган кўнглим
Не учундир,
Бўлар беҳузур.

Мен ҳам энди анойи эмас,
Ҳаёт, мени алдама сен ҳам:
Ўша кунга етиб боргунча
Ўлмайсан, деб,
Аввал ич қасам.

***

Бегуноҳ парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда..
Майсаларга айлансам,
Қоламанми ёдингда?!

Райҳон барги силкиниб,
Юз очса шаббодага,
Шабнамга кўнгил берсам,
Қонаманми бодага?!

Ишқ фаслидан адашиб,
Дил сўраса қалдирғоч.
Карбало дашти учун
Жоним бўларми хирож?!

Субҳидам кокилларин
Тараса малак ёғду.
Мендан умидин узиб,
Ташлаб кетарми қайғу?

Бегуноҳ Парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда
Ҳалимадан воз кечсам
Қоламанми ёдингда…

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизликда адашган манму?
Оллоҳ, кафтларингда бир куни
Майса бўлиб эгиламанму?

* * *

Ёмғир каби ёғилса жоним,
Қароғларим бўлармикин жом?
Тиғ урилган бағрим қонига
Юрагини чаярму оқшом?

Мен нур бўлиб ўпсам жимгина,
Дил шаҳрининг эртакларини,
Тилларида сўзлашаманму
Онам қабрин чечакларини?

Қушлар кўзин қорачиғида,
Асир этиб кўмилган манму?
О, жаҳаннам оташи, сандан
Қочиб, санга интиламанму?

Кўз ёш каби силқиган жонни
Ичканида ичиккан дийдор,
Дил қонидан ман сарҳуш ўлсам,
Бандангманму, айт, Парвардигор?!

Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизлиқда адашган манму?..

* * *

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Кишанлар ясадим қоронғу тундан.
Қонаган оёғин кўзимга суртиб,
Бир юрак сўрадим телба Жунундан.

Вужудни хокистар этди аланга,
Япроқни куйдирди тийра бўзларим.
Қайта дарахт бўлиб юксатарманми,
Тупрокқа тўлганда ишқли кўзларим?

Яратган, азобинг ичра очилдим,
Гарчи нигоҳингда ниҳон эдим ман.
Заминга хокистар бўлиб қоришдим,
Қушлар кўзидаги осмон эдим ман.

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Ашким дарёсидан юраккинам нам.
Дилнинг кўз ёшини қурита олмас
Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам.

Сўнгагим ичида оққан баҳорлар,
Ё раб, музлагайми умрим сўнгида?
Менинг ишққа тўла ўжар юрагим
Чирсиллаб ёнмоқда кўзим ўнгида.

Ёнган юрагимни кўмаман ўзим,
Япрокдар бандида қолар доғларим.
Бир кун дарахт бўлиб юксалсам, Оллоҳ,
Мени танигайми кузги боғларим?!

* * *

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Балки у хаёлим, балки афсонам.
Покиза кунларин шу йўлга боглаб,
Кечмоқда қисматим — йўловчи санам.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Юрагим вужуддан кетар ситилиб,
Яшайман кимнингдир ёдидан қочган –
Адашган арвоҳдай унга интилиб.

Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Руҳимни излайман, қайда у, эвоҳ?
Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,
Унда кўмильганми руҳим бегуноҳ?

Уфклар ортида зангори йўл бор,
Ўлим эрк устига қадалган туғдир.
Кетаман, қонталаш уфқ ортига,
Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.

Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?
Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,
Сен кимни изисан, кўзимдаги мунг?
Уфқлар ортида зангори йўл бор…

* * *

Тонготарда уйғотинг мени,
Шудрингларни тинглайин бир оз.
Таскин берай ёлғиз дарахтга
Юрагимнинг титроғига мос.
Тонготарда уйғотинг мени,
Ўқий осмон очган китобни.
Майсаларга юзимни босиб,
Улар билан кутай офтобни.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Чалай сувлар қўнғироғини.
Капалаклар уйидан топай
Болалигим кўзмунчоғини.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Қизғалдоқни қўяй эркалаб.
Ҳар гиёҳга, ҳар битта гулаг
Гўзал тушдек боқайин яйраб.
Тонг, отарда уйғотинг мени,
Кўкдан сўрай ишқнинг йўлини.
Уфқларга кўмиб келайин
Саркаш Ҳалиманинг кўнглини.

* * *

Қадр деган бозорларда мени арзон сотдинг, эй дўст,
Суягимни давраларнинг итларига отдинг, эй дўст.

Оллоҳ слоган назар эди, малакалардан хабар эди –
Гул кўнглимнинг сирларидан тўқиб ётдинг, эй дўст.

Мен нур дедим нигоҳингни, савоб балсам гуноҳингни –
Юзимга қоралар чаплаб, яна кулиб қотдинг, эй дўст.

Умидимни хароб айлаб, кўзимни макрда бойлаб,
Жонимга гулханлар жойлаб, дил қонимга ботдинг, эй дўст.

Ҳалимани бадном этиб, пинҳон ажалини кутиб,
Ҳасаддан зардоблар ютиб, дўзахни уйғотдинг, эй дўст.

* * *

Салом, бошим узра айланган хазон,
Келдингми, кўнглимда этавергин сайр…
Кўзимга гўдакдек жовдираб боққан
Ям-яшил умидлар, хайр энди, хайр…

* * *

Агар гуноҳкорман — гуноҳим сенсан,
Агар бепаноҳман — паноҳим сенсан.

1 oktyabr – Shoira Halima Ahmedova tavallud topgan kun

Eng katta va ulug‘ ustozim – o‘qigan kitoblarim deb o‘ylayman. Ular menga ko‘p narsani o‘rgatdi. Odamlarni yaxshi ko‘rishni, ishonishni, hech kimga hasad qilmay yashashni ulardan o‘rgandim.

Halima Ahmedova
ENG KATTA VA ULUG‘ USTOZIM –
O‘QIGAN KITOBLARIM
08

Shu kunlarda bolalikka har kuni xayolan o‘n marta qaytaman desam, ishonavering. Bu shaffof davrning o‘z ehsonlari bor. Men bolaligimdan shuning uchun ham minnatdormanki, u menga eng chiroyli xayollarni berdi, tabiatdan sir terishni o‘rgatdi.

Bir paytlar katta bir shoira opamiz biznikiga borganda, «Kichkina qishloqchada yashar ekan», degan ekan. Ammo mening ko‘zimga hanuz qishlog‘imiz juda bepoyon va katta ko‘rinadi. Ayniqsa, hovlimiz ortidagi bog‘ – mening eng katta darsxonam edi. Balki menga adabiyotni shu bog‘dagi daraxtlar o‘rgatgandir, ajriqlaru pechakgullar o‘rgatgandir. Har holda shuncha yoshga kirib hali hech qayerdan o‘sha mo‘’jaz bog‘imizdan topgan tuyg‘ular shu’lasini topolganim yo‘q.

Ko‘p she’rlarimda daraxt obrazi uchrashi ham shu bog‘ bilan bog‘liq menimcha. Juda xayolparast bo‘lganman, bu esa juda ko‘p kitob o‘qiganimning ta’siridan deb o‘ylayman. Aslida barcha ijodkorlarning adabiyotga kirib kelish yo‘li qaysi ma’nodadir bir-biriga o‘xshaydi. Aytaylik, bolaligida ko‘p kitob o‘qiydi, jindak xayolparast va juda rahmdil bo‘ladi.

Xudo rahmatiga olgan bo‘lsin, bobom nihoyatda savodli odam edi. Har kuni meni yonlariga chaqirib, Bedil, Mashrab, Yassaviy, Navoiy va mavlono Rumiyni o‘qib berardilar. Menga o‘shanda g‘azallarning mazmunidan ko‘ra ohangi ko‘proq yoqardi. Chunki, mazmuniga tishim o‘tmasdi.

Halima-Ahmad.jpgQachonlardir kitob shaydosi bo‘lganim rost. Dadam menga juda ko‘p kitob olib kelardilar. Menga ajratilgan kichkina xona kitobga to‘la bo‘lardi. Negadir xonamga hech kimning kirishini istamas edim. Ba’zan ota-onamdan yoki ustozlarimdan dakki eshitgan vaqtlarim yaxshi ko‘rgan asarlarimning ichiga kirib berkingim kelardi.

Bobom o‘qigan g‘azallar ohangi meni nimadir yozishga undardi. Ilk she’rimni o‘n bir yoshimda yozganman. Va uni apil-tapil tuman gazetasiga jo‘natganman. Eng qizig‘i, mashqim o‘sha gazetada bosilgan. «Onajon» deb atalgan shu ilk she’rim bilan maktabda ancha vaqt mashhur bo‘lib yurganman…

Ilk kitobim «Tungi marvaridgullar» (nomini sevimli shoirim Shavkat Rahmon tanlagan) men Moskva shahridagi kasalxonada yotganimda chop etilgan. O‘shanda hayot bilan o‘limning orasida edim. Shuning uchunmi ilk kitob menga uncha tatimagan. Keyinchalik, sog‘ayib ketganimdan so‘ng «Tungi marvaridgullar» haqida o‘quvchilardan iliq gaplar eshitib quvonganman.

Eng katta va ulug‘ ustozim – o‘qigan kitoblarim deb o‘ylayman. Ular menga ko‘p narsani o‘rgatdi. Odamlarni yaxshi ko‘rishni, ishonishni, hech kimga hasad qilmay yashashni ulardan o‘rgandim.

Hayotim davomida ishonuvchanligim ortidan ko‘p xatolar qildim. Ammo hasad qilmay yashash, haqiqatni sevish oldida bu xatolar hech narsa emas.

Ba’zida manfaat topish uchun xudbin va beshafqat bo‘lgim keladi. Ammo qurbim yetmaydi. Zotan, kitoblar yuqtirgan mehribonlik, haqiqatparastlik bunga yo‘l qo‘ymaydi…

Yaxshimi, yomonmi sakkizta kitobim chop etildi. Menda g‘alati bir odat bor. She’rni bir nafasda yozaman-da qaytib o‘qib ko‘raman. O‘zimga yoqqanday bo‘ladi. Kitob bo‘lib chiqqandan so‘ng mutlaqo begonadek ko‘rinadi. Keyin yozgan she’rimning ustidan ishlasam soxta chiqib qoladigandek tuyulaveradi. Ko‘ngil to‘lmasligi ham yaxshi narsa shekilli, bo‘lmasa shuncha dard yetmaganidek, (hozir urchib ketgan) o‘zimga mahliyolik kasalini orttirib olarmidim…

Adabiyot olamiga kirgan inson borki, menimcha bu dunyodan yaxshilik izlab yashaydi. Aslida men barcha ijodkorlarni (xom xayol deb o‘ylamang) ezgulik elchilari deb bilaman. Ular qaysidir ma’noda tili, millati, mansabidan qat’i nazar bir-biriga qarindoshdek tuyuladi menga. Shuning uchunmi, ijodkorlar bilan o‘z og‘aynimdek ochilib-sochilib gaplashaman.

Ummonlarda suvni filtrlaydigan baliqlar yashar ekan. Ta’bir joiz bo‘lsa adabiyot ahlini men shu baliqlarga o‘xshatgan bo‘lar edim. Zero, jamiyatdagi har qanday ezgulikda, qalb tozaligida, adabiyotning, chinakam ijodkorlarning mehnatini ko‘rganday bo‘laman.

So‘zda Haqning jamoli bor, deyishadi. Shundanmi, so‘z ishqiga tushgan shoiru yozuvchini Yaratgan ayovsiz sinaydi. Goh dard beradi, goh qayg‘u beradi, goh hayotning ko‘chalarida sarson tentiratadi. Shularning barchasiga chidasang, mana ol, deb mastona devonaligini beradi. Bu devonalikka “shukr” so‘zini oshiq eta olgan ijodkorgagina ijodning betimsol vasli nasib etadi.

Konfutsiyning: «Dushmaningni faqat maqtagin, toki u maqtovdan shishib yorilsin», degan gapi bor. Qolaversa xalqimiz ichida ham «Dushmanni shakarda o‘ldir», degan naql yuradi. Men buni bekorga keltirmadim. Zo‘r shoir va yozuvchiga maqtovning keragi yo‘q. Shuningsiz ham qalb uning asarlarini yaxshi ko‘rib o‘qiydi.

Adabiyot maydoniga sof tuyg‘ulariyu orzulari bilan kirgan, kirayotgan ijodkorlarning bitta kitobi chiqar-chiqmas uch-to‘rt betlab maqtovnoma-taqrizlarning chiqayotganini (ayniqsa chiroyli ijodkor qizlarga) qaysidir ma’noda ularning ijodiga suiqasd deb o‘ylayman. Adabiy tanqidchiligimiz bugun ko‘zini kattaroq ochsa yaxshi bo‘lardi. Nazarimda o‘quvchilar ham, ijodkorlar ham, olovli, toza bahslarni, haqiqatdan suv ichgan taqrizlarni juda sog‘inishgan…

Bilmadim, mavridimi yoki yo‘qmi, ichimda necha yildan buyon maddalab yotgan bir gapni aytgim kelayapti. Ancha yillar oldin murg‘ak bolam bilan ijarama-ijara yurgan kezlarimda xushxabar eshitdim. Yozuvchilar uyushmasining uysiz-joysiz a’zolariga uy ajratilibdi. Do‘ppimni osmonga otib, xursand bo‘ldim: haqiqat bor ekan-ku! Darrov Yozuvchilar uyushmasining o‘sha paytlardagi mas’ullaridan birining qabuliga kirdim. U meni sovuq qarshi olib: «Hamma uyning o‘z egasi bor, sen esa bu yerda izg‘ib yurmasdan qishlog‘ingga ket, adabiyotga nima ham qilib berarding», dedi. Karaxt tortdim. Ruhim yer bilan bitta bo‘ldi. Afsus, shunga o‘xshash iddaolarni yana ko‘p eshitdim.

O‘sha kunlar mening adabiyotdan topgan haqiqatim chil-chil singandek bo‘ldi. Qanchadan-qancha iste’dodli yoshlar o‘shanday undovli gaplarni eshitib, o‘z qishloqlariga qaytishdi. Shu-shu hech qayerda ko‘rinmay ketishdi. O‘zingiz o‘ylang, bu endigina porlayotgan iste’dodning ustiga loqaydlik bilan tuproq tortish degani emasmi?!

Hammasi ortda qoldi. Bugun O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining ijodkorlarga, ayniqsa yosh ijodkorlarga ko‘rsatayotgan muruvvatidan ko‘nglim yayraydi. Ana shu muruvvatni qadrlab zo‘r asarlar yaratish payti keldi nazarimda.

Adabiyotimiz dengiziga bugun yangi-yangi to‘lqinlar kirib kelayapti. Ko‘ngilga yangi havo olib kirayotgan yoshlarimizni qutlamoq va asramoq lozim, deb o‘ylayman. Ijodkorlar bir-birining ijodiga hasad bilan emas, havas bilan qarasa bu qanchadan-qancha yuksalishga yo‘l ochgan bo‘lardi. O‘zingiz o‘ylang, qachondir «xalq dushmani» deb otilgan, aslida esa xalqning chinakam do‘stlari bo‘lgan Cho‘lpon, Usmon Nosir, Abdulla Qodiriy, Fitratlarning umriga zavol bo‘lgan hasad emasmidi! Yaratgan bir-birini qo‘llaganni qo‘llaydi… Dunyoga ko‘z-ko‘z qilsa arzigulik adabiyotimiz boru, ammo haligacha nimagadir shu yo‘lda oqsayapmiz. To‘g‘ri, Yozuvchilar uyushmasi qoshidagi tarjima markazi bu borada ish olib borayapti. Bu tarjima markaziga kuchli adabiy tarjimonlar kerak. Bir yig‘ilishda hurmatli shoirlarimizdan biri: «Yoshlarni ramkaga tortish kerak» degan gapni aytdilar. Aksincha, yoshlarga ijodiy kenglik berish kerak emasmi?!

Biz Hazrat Navoiy, Bobur Mirzolar ekib ketgan daraxtlarning mevasini yegan xalqmiz. Nasib bo‘lsa, adabiyotimiz dunyoni zabt etishiga ishonaman.

O‘zimga kelsak: «Adabiyot uchun nimadir qila oldimmi?» degan savolga haligacha javob topganim yo‘q. Bir paytlar ko‘nglimdagi tuyg‘ular shavqidan mastu mag‘rur edim. Ammo yillar tuyg‘ularingni beshafqat duradgordek randalab boraverar ekan. Kimningdir oldiga qarz so‘rab borganimda yoki o‘g‘limning qilgan aybi uchun bosh egib uzr so‘rayotganimda o‘sha randaning og‘riqli azobidan qiynalgan g‘ururimning chinqirig‘ini eshitganday bo‘laman.

Ammo Yaratganning menga bergan tuyg‘ulari uchun doimo shukr qilaman. O‘jar va o‘z bilganidan qolmaydigan yolg‘iz o‘g‘lim bor. Qanchalik sho‘r bo‘lmasin, tuz ovqatni totli qilganidek, o‘g‘limning, she’rimning borligi hayotimni to‘ldirib, huzur bag‘ishlab turadi.

HAR BIR INSON KO‘NGLI
MO‘’JIZA TO‘LA KITOBDIR
Shoira Halima Ahmedova bilan suhbat
08

Insonning hayoti quvonchu tashvishlardan iborat. Buni qalbdan his qilgan iste’dodli shoira Halima Ahmedova o‘z she’rlarida insonning ko‘ngil kechinmalariga murojaat etadi. Shoiraning she’rlari o‘zining ma’nodorligi, ohangdorligi, ravonligi va badiiy jihatidan mukammalligi bilan ajralib turadi. Shoira nafaqat o‘zining, balki ko‘pchilik she’riyat muxlislarining ko‘ngil mulkiga aylangan ijod namunalari uchun keng jamoatchilik tomonidan e’tirof etilmoqda.

TINCHLIK VA SALOMATLIK AKA-UKADIR

— Halima opa, avvalo sizni Mustaqilligimizning chorak asrlik to‘yi, qolaversa, tanlovda birinchi o‘rinni olganingiz bilan tabriklaymiz! Ayni paytda dilingizda qanday tuyg‘ular kechmoqda?

—Tashakkur! Mustaqilligimizning 25 yillik to‘yonasi menga omad olib keldi. Men bu yutuqni ko‘p yillik mehnatimning rohati deb o‘ylayman. Barchaga mehnati samarasini ko‘rish nasib etsin.

Darhaqiqat, Mustaqillik biz ijodkorlarga erkinlik, hur fikrlash va ozod mehnat qilish imkonini berdi. Men albatta shukrona bildiraman. Shukr qilamanki, dunyomiz tinch- osuda, halqimiz harakatda hamma o‘ylagan niyatiga erishyapti. Mustaqillik xalqimizning qaddi-kamolini ham, ruhini ham ko‘tarishga turtki bo‘ldi. Salomatlik avvalo tinchlik bilan aka-ukadir. Odam tinch, bexavotir bo‘lsa, kasal bo‘lmaydi. Tilagim har doim yurtimiz tinch-omon bo‘lsin!

–– She’rlaringizda insonlar kayfiyatiga ta’sir qiluvchi sehrli ruh, kuch bordek… Nima deb o‘ylaysiz, she’r davolashi mumkinmi?

–– Xalqda shunday gap bor: “Dard dardni kesadi”. Aslida har bir inson ko‘ngli olamning mo‘’jizaga to‘la kitobidir. Ana shu kitobni hayot har kuni varaqlaydi. Istaysizmi, yo‘qmi, unda goh shodlik bitiklari, goh iztirob lahzalari to‘lqinlanadi.

Nazarimda ko‘nglida ma’yuslik toshgan o‘quvchigagina she’rlarim hamdardlik qila oladi. Men she’rga o‘z dardlarimni to‘kib solaman— yengil tortaman, o‘quvchim uni o‘qib daddosh topganiga xursand bo‘ladi, yengil tortadi. Ko‘pincha menga nega buncha g‘amgin yozasiz, deb tanbeh berishadi. She’r — bu ruhning maxsuli. Qolaversa, ko‘ngil ko‘zgusidagi hayot suratini men she’r deb o‘ylayman. Shu ma’noda shoirga mana bunday yoz, deb buyruq berib yoki talab qilib bo‘lmaydi. She’rim kimgadir yoqsa, uni o‘qib kimdir o‘z dardini unutsa, men ham xursand bo‘laman.

MЕHR HAM DARD, ISHQ HAM DARD…

–– She’rlaringizda ifodalangan ayol timsoli shaxsingizga qanchalik yaqin? “U boshdan oyoq, mening o‘zim, o‘zligim”, deb ayta olasizmi?

–– She’rlarimdagi ayol timsoli balki o‘zimdirman, balki mendan olisdagi “men”imdir. Bu haqda o‘ylab ko‘rmagan ekanman. Chunki she’r junbushi shunday holatda keladiki, o‘shanda na daryoda bo‘lasan, na sohilda. She’r o‘zi dard bo‘lganda yoziladi. Ammo dard o‘zi nima? Dard bu yerda xastalik emas, ichki tug‘yon, yurakka buyruq bera oladigan o‘t. Buni hamma har xil tushunadi. Chuqurroq o‘ylab qarasak, har qanday dardning ichida jilmayib turgan shodlik borligini his qilamiz.

Haqiqat ham dard, mehr ham dard, ishq-ku endi dardning gultoji. Shundan kelib chiqadigan bo‘lsak, tirik ko‘ngilda ya’ni tuyg‘ulari o‘lmagan ko‘ngildagina she’r tug‘iladi.

–– Sog‘lom turmush tarzi deganda nimalarni nazarda tutasiz?

–– Bolalikda osmonni juda yaxshi ko‘rardim. Qo‘limni cho‘zsam osmonga yetsa, deb orzu qilardim. Shundanmi, olloh menga yaxshigina bo‘y berdi. Maktabga borganimda barcha sinfdoshlarim orasida bo‘yi eng balandi men edim. Uzun bo‘yim tufayli o‘shanda laqablar ham orttirib olganman. Va bu menga haqoratdek tuyulardi. Uyga kelib onamga nega meni bo‘yimni uzun qilib tuqqansiz, deb, xarxasha qilib yig‘lardim. Onam rahmatli bo‘lsa, jilmayib qo‘yib: «Bu seni taqdir siylagani. Bo‘ying bilan barobar aql-hush ham bergan. Shukr qil, hammaga ham bermagan bularni», deb qo‘yardi.

Bilasizmi, hali-hali eslayman onam ozodalikni juda xush ko‘rardi. Qishloqda yashasak-da uyimning biror joyida chang, g‘ubor bo‘lmasdi. Uyga kirishdan oldin qo‘l-oyoqlarimizni sovunda tozalab yuvardik. Onam bizning ozoda yurishimizni qattiq nazorat qilardi. U sabzi, qovoqlardan juda xushxo‘r murabbo, tutdan shinni tayyorlar, qishda ularni huzur qilib tanavvul qilardik. Shuningdek, bizga qor va shinnini aralashtirib “rohatijon” ya’ni muzqaymoq qilib berardi. Keyin bilsam, bularning barchasi juda foydali ekan.

Eng avvalo sog‘lom turmush tarzi oilaning sarishtaligi va butunligida deb o‘ylayman. Har tomonlama to‘kis, mehr balqib turgan oilada kattalar ham, farzandlar ham baxtli, sog‘lom, bekamu ko‘st bo‘ladi.

«UYQUM QOCHSA, SHIRIN XOTIRALARNI ESLAYMAN»

–– Aytingchi, hayotingiz davomida biron-bir jiddiy kasallik bilan og‘ringanmisiz? Dardni qanday yengasiz?
–– Hayot – shunday bir shirin ne’matki, uning ta’rifini keltirolmayman. Ba’zan oliftalik qilib, ko‘krak kerib: “o‘limdan qo‘rqmayman”, “bir boshga bir o‘lim” kabi jumlalarni ishlatamiz. Men bugun o‘tgan kunlarimga boqib seskinib ketaman. Va hayotning roxatbaxsh qo‘llaridan mahkamroh ushlayman. Chunki juda ko‘p bor o‘lim bilan yuzma-yuz bo‘ldim. Nazarimda ruhim meni asrab yurgandek. Bo‘lmasa, necha-necha bor og‘ir xastaliklarga chalinib jarrohlik stollaridan omon chiqmagan bo‘lardim. Vujudimda g‘alati kuch bor, buni sezaman. Kasal bщlsam, qiziq bir holat yuz beradi, ya’ni menda yashash uchun telbavor kurash hissiyoti uyg‘onadi. Va bu hissiyot butun vujudimni qayta ta’mirlaydi. Turli kasalliklarga chalinaverib, shunga amin bo‘ldimki, ko‘ngling toza bo‘lsa, ruhing baquvvat bo‘lsa, barcha xastaliklarga qarshi turish mumkin ekan. Sog‘lom bo‘lish uchun inson ichidagi ochko‘zlik, johillik, hasad kabi qora kuchlarni yengib yashashi lozim.

Shoiraning hayotda sinalgan tavsiyalaridan:

• Hayotim davomida ko‘p kasallikni boshdan kechirdim. Ularni yengishda shifobaxsh suvlar menga katta yordam berdi. Birinchi o‘rinda qaynagan suv ichish kerak ekan. Surxondaryo viloyatiga borib “Omonxona” suvidan ichdim. Uning foydasi juda katta ekan. Uzoq yo‘lga chiqsam ham, yozda isib ketsam ham faqat qaynagan suv ichaman. Har kuni 2,5 litr suv ichish shartiga rioya qilaman. Hatto och qolsam, asabiylashsam ham ichki salbiy quvvatni suv bilan yengaman.
• Kechasi uyqum kelmasa, oynadan tashqariga qarab o‘tgan shirin xotiralarni eslayman. Ruhimdagi chiroyli orzu va havaslarni eslab, asab muvozanatini tiklab olaman.
• Ovqatlanganda asosan yog‘siz ovqatlarni yeyman. Yog‘li go‘sht umuman yemayman. Qovoq bilan saryog‘ni dimlab, ko‘proq qaynatma qilib yeyman. Sabzavotlarni, ayniqsa qovunni yaxshi ko‘raman. Yozda har kuni qovun yeyman. Qovun jigarni tozalaydi. Bir mavsumda uch marta to‘yib shotut yeyilsa, qon tomir kasalliklarining oldini oladi deyishadi.
• Har kuni ertalab soat 6: 00 da uyg‘onib, yarim soat gimnastika bilan shug‘ullanaman. Keyin yarim soat ko‘chaga chiqib toza havoda aylanaman. Shu tariqa salomatligimni tezda tiklab olaman.
• Ko‘p ayollar yoshini aytishga uyaladi. Qariyapman deb, ajinlarni yashirishga harakat qilishadi. Lekin men aksincha, bu ham bir baxt deb hisoblayman.

Munira RAMAZONOVA suhbatlashdi.

Halima AHMЕDOVA
SHE’RLAR
08

Halima Ahmedova 1960 yilda Buxoro viloyatining (hozirgi Navoiy viloyati) Qiziltepa tumani, Po‘lat qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDu (hozirgi O‘zbekiston milliy universiteti)ning filologiya fakultetini, keyinchalik Moskva shahridagi Oliy adabiyot kursini tamomlagan o‘qigan. “Ko‘zimning tili”, “Tungi marvarid gullar”, “Erk darichasi”, “Tiyramoh”, “Afsun”, “Umid soyasi”, “Nigoh qiblasi”, “Shafaq ibodati”, “Yosuman gulining soyasi”, “Tashbeh”, “Yashil” nomli kitoblari chop etilgan.

08

MUNOJOT

Ey dard, ko‘zlarimga solmagin parda,index.jpg
Men yongan otashning kulimasmi sen?!
Yoshligimning ishqqa to‘lgan kunlarin —
Javobi, ham so‘lg‘in gulimasmi sen?!

Fursat ber, ko‘nglimni yuvay tong bilan,
Shudringga tuldiray ko‘zim jomini.
Shuncha yashab hali topganimcha yo‘q,
Afsungar va dilbar xayot nomini.

Tunning daraxtida pishgan olmalar —
Yulduzlar hididan aylanar boshim…
Agar, oshiq bo‘lsang miskin jonimga,
Ko‘nglingga kelmasin achchiq ko‘z yoshim.

Ey dard, yolvoraman
Alloh ishqila,
Qorong‘u nigohim etgil munavvar.
Bedard shamol kabi kezay bog‘larni,
Kuyosh ufklardan keltirsa xabar.

Osmonga yuksalgan daraxtlar kabi
Zumrad havolarni tuyib yashayin.
O‘limdan qo‘rqmagan maysalardayin —
O‘zimni bir bora suyib yashayin.

Ey dard, ko‘zlarimga solmagin parda…

VATAN

Men hech kimga ko‘tarmadim qo‘l,
Va hech kimga yetmas ziyonim.
Ammo sening oldingda tuproq,
Ayb qilganday titraydi jonim.

Rayhonlarga chulg‘anib ketgan —
Onam hidi keladi sendan.
Bilamanki xokisorginam,
Sen hech narsa kutmaysan mendan.
Malomatga qolib bu boshim,
Senga bag‘rim berib yotgan chog‘.
Yupatding ham, tushunding meni —
Do‘stu yaqinlarimdan ko‘proq

Men tug‘ilgan kunimdan boshlab,
Talpinganim sen bo‘lding, ishon.
Sening zarra-zarralaringda —
Haq jamoli bo‘ldi namoyon.
O‘zga tuproq tortmas dilimni,
Joynamozim o‘zing, cho‘kdim tiz.
Axir sendan yuragimgacha
Bog‘lab turar ilohiy ildiz.

Bolam deb xo‘p yayratding meni,
Imkon berding o‘ynab kulgani
Faqat meni o‘lgandan so‘ng ham —
Quchog‘ingga olsang bo‘lgani

***

Juda go‘lman,
Juda befahm,
Ishonaman, kim nima desa.
Hatto daraxt bo‘lishin aytib,
Aldab qo‘yar
Kichkina maysa.

Muhabbatning ko‘chalarida
Ming adashib aldanganim rost.
Yupataman o‘zimni goho:
Aldanish ham oshiqlarga xos.

G‘animlardan shikoyatim yo‘q,
Do‘stlar meni aldadi yomon.
Garchi umid, orzularimni
Mehr bilan etganman ehson…

Hayot esa qistaydi hamon:
Yaxshi kun bor oldinda,
Yugur…
Ko‘p aldanib charchagan ko‘nglim
Ne uchundir,
Bo‘lar behuzur.

Men ham endi anoyi emas,
Hayot, meni aldama sen ham:
O‘sha kunga yetib borguncha
O‘lmaysan, deb,
Avval ich qasam.

***

Begunoh parvardigor,
Gunohkorman oldingda..
Maysalarga aylansam,
Qolamanmi yodingda?!

Rayhon bargi silkinib,
Yuz ochsa shabbodaga,
Shabnamga ko‘ngil bersam,
Qonamanmi bodaga?!

Ishq faslidan adashib,
Dil so‘rasa qaldirg‘och.
Karbalo dashti uchun
Jonim bo‘larmi xiroj?!

Subhidam kokillarin
Tarasa malak yog‘du.
Mendan umidin uzib,
Tashlab ketarmi qayg‘u?

Begunoh Parvardigor,
Gunohkorman oldingda
Halimadan voz kechsam
Qolamanmi yodingda…

Xayol kechalari qismat bog‘ida,
Yolg‘izlikda adashgan manmu?
Olloh, kaftlaringda bir kuni
Maysa bo‘lib egilamanmu?

* * *

Yomg‘ir kabi yog‘ilsa jonim,
Qarog‘larim bo‘larmikin jom?
Tig‘ urilgan bag‘rim qoniga
Yuragini chayarmu oqshom?

Men nur bo‘lib o‘psam jimgina,
Dil shahrining ertaklarini,
Tillarida so‘zlashamanmu
Onam qabrin chechaklarini?

Qushlar ko‘zin qorachig‘ida,
Asir etib ko‘milgan manmu?
O, jahannam otashi, sandan
Qochib, sanga intilamanmu?

Ko‘z yosh kabi silqigan jonni
Ichkanida ichikkan diydor,
Dil qonidan man sarhush o‘lsam,
Bandangmanmu, ayt, Parvardigor?!

Xayol kechalari qismat bog‘ida,
Yolg‘izliqda adashgan manmu?..

* * *

Ko‘ksimga qamadim haydalgan ishqni,
Kishanlar yasadim qorong‘u tundan.
Qonagan oyog‘in ko‘zimga surtib,
Bir yurak so‘radim telba Junundan.

Vujudni xokistar etdi alanga,
Yaproqni kuydirdi tiyra bo‘zlarim.
Qayta daraxt bo‘lib yuksatarmanmi,
Tuprokqa to‘lganda ishqli ko‘zlarim?

Yaratgan, azobing ichra ochildim,
Garchi nigohingda nihon edim man.
Zaminga xokistar bo‘lib qorishdim,
Qushlar ko‘zidagi osmon edim man.

Ko‘ksimga qamadim haydalgan ishqni,
Ashkim daryosidan yurakkinam nam.
Dilning ko‘z yoshini qurita olmas
O‘n sakkiz ming olam quyoshlari ham.

So‘ngagim ichida oqqan bahorlar,
Yo rab, muzlagaymi umrim so‘ngida?
Mening ishqqa to‘la o‘jar yuragim
Chirsillab yonmoqda ko‘zim o‘ngida.

Yongan yuragimni ko‘maman o‘zim,
Yaprokdar bandida qolar dog‘larim.
Bir kun daraxt bo‘lib yuksalsam, Olloh,
Meni tanigaymi kuzgi bog‘larim?!

* * *

Ufqlar ortida zangori yo‘l bor,
Balki u xayolim, balki afsonam.
Pokiza kunlarin shu yo‘lga boglab,
Kechmoqda qismatim — yo‘lovchi sanam.

Ufqlar ortida zangori yo‘l bor…
Yuragim vujuddan ketar sitilib,
Yashayman kimningdir yodidan qochgan –
Adashgan arvohday unga intilib.

Ufqlar ortida zangori yo‘l bor…
Ruhimni izlayman, qayda u, evoh?
Osmon, yulduzlarning qabrini ko‘rsat,
Unda ko‘milganmi ruhim begunoh?

Ufklar ortida zangori yo‘l bor,
O‘lim erk ustiga qadalgan tug‘dir.
Ketaman, qontalash ufq ortiga,
Xayolim munavvar, yo‘lim yorug‘dir.

Ufqlar ortida zangori yo‘l bor,
Hayqir, dalli dilim, sen nechun nigun?
Nega jim kechasan, la’livash qonim,
Sen kimni izisan, ko‘zimdagi mung?
Ufqlar ortida zangori yo‘l bor…

* * *

Tongotarda uyg‘oting meni,
Shudringlarni tinglayin bir oz.
Taskin beray yolg‘iz daraxtga
Yuragimning titrog‘iga mos.
Tongotarda uyg‘oting meni,
O‘qiy osmon ochgan kitobni.
Maysalarga yuzimni bosib,
Ular bilan kutay oftobni.
Tong, otarda uyg‘oting meni,
Chalay suvlar qo‘ng‘irog‘ini.
Kapalaklar uyidan topay
Bolaligim ko‘zmunchog‘ini.
Tong, otarda uyg‘oting meni,
Qizg‘aldoqni qo‘yay erkalab.
Har giyohga, har bitta gulag
Go‘zal tushdek boqayin yayrab.
Tong, otarda uyg‘oting meni,
Ko‘kdan so‘ray ishqning yo‘lini.
Ufqlarga ko‘mib kelayin
Sarkash Halimaning ko‘nglini.

* * *

Qadr degan bozorlarda meni arzon sotding, ey do‘st,
Suyagimni davralarning itlariga otding, ey do‘st.

Olloh slogan nazar edi, malakalardan xabar edi –
Gul ko‘nglimning sirlaridan to‘qib yotding, ey do‘st.

Men nur dedim nigohingni, savob balsam gunohingni –
Yuzimga qoralar chaplab, yana kulib qotding, ey do‘st.

Umidimni xarob aylab, ko‘zimni makrda boylab,
Jonimga gulxanlar joylab, dil qonimga botding, ey do‘st.

Halimani badnom etib, pinhon ajalini kutib,
Hasaddan zardoblar yutib, do‘zaxni uyg‘otding, ey do‘st.

* * *

Salom, boshim uzra aylangan xazon,
Keldingmi, ko‘nglimda etavergin sayr…
Ko‘zimga go‘dakdek jovdirab boqqan
Yam-yashil umidlar, xayr endi, xayr…

* * *

Agar gunohkorman — gunohim sensan,
Agar bepanohman — panohim sensan.

07

(Tashriflar: umumiy 4 999, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring