Shavkat Rahmon. She’rlar & Ibrohim Haqqul. Qismat tuyg’usi — Vatanni tanish

52d9e5d66023e09c759ce47d7d5ac9e0.png    12 сентябрь —  атоқли шоир Шавкат Раҳмон таваллуд топган кун

     Ватанини топган ёки уни англашга интилаётган, юрагида Ватани яшайдиган шоирлар бор. Булар, шубҳасиз, шеъриятни қисмат билган, қалб ва виждон амри билангина қалам тебратадиган, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга, у ё бу даражада масъул, гражданлик даражаси юқори истеъдодлардир. Шавкат Раҳмон ана шундай шоирлардан.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ҚИСМАТ ТУЙҒУСИ — ВАТАННИ ТАНИШ
091

Бир вақтлар Сергей Есенин ёш шоир В. Эрлихга «Яхши бир маслаҳат олмоқчи бўлсанг мендан, Ватанингни излаб топ. Ватансиз — шоир бўла олмайди», деган экаи. Ҳақиқатда ҳам шоирлик — бу аввало, Ватанни таниш. Ватан сиймоси энг ёруғ, энг одил сиймо сифатида шоирнинг умр ва ижод йўлини ёритиб, истиқболга чорлаб, «бағрида юз мингта қуёш порлаган» эзгу кунлардан башорат бериб туради.

0_a.jpgМенга қолса, шоирларни икки тоифага ажратган бўлардим. Биринчиси, Ватан ҳақида қанча кўпириб сатрлар тизишмасин, сийратлари барибир бўм-бўш қофиябозлар. Бу сохта ватанпарварларнинг шеърларида дард-оташ бўлмайди. Булар халқнинг олис асрлар қаъридан келаётган ғолиб руҳи, безавол тарихи, гўзал ва мазмундор маънавий олами, жаҳондаги муқаддас ўрни, бугунги ҳаёт фалсафаси, эртанги юксак орзу-интилишларини атрофлича билиш, идрок этишдан бенасибликлари туфайли ҳам Ватанга ички боғлиқликлари йўқ кимсалардир. Иккинчи тоифа эса, Ватанини топган ёки уни англашга интилаётган, юрагида Ватани яшайдиган шоирлар. Булар, шубҳасиз, шеъриятни қисмат билган, қалб ва виждон амри билангина қалам тебратадиган, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга, у ё бу даражада масъул, гражданлик даражаси юқори истеъдодлардир. Шавкат Раҳмон ана шундай шоирлардан.

Ҳозирги ёшларда ,
покизалик бор,

тирик қалбларига диёнат эга,
гўё пок табиат ёмон кўзлардан
асраб қўйганларин шуларга берган…

дейди Шавкат «Қодирий ва ҳозирги ёшлар» шеърида. Мен бу гаплар Шавкатнинг ўзига ҳам тегишли деб биламан. Чунки унинг кейинги икки тўплами — «Очиқ кунлар» ва «Гуллаётган тош»даги энг яхши шеърларда Ватан ҳақиқати, жонажон элга меҳр ва содиқлик ҳислари фавқулодда покизалик, курашчан диёнат пафосида тасвирланган. Ёш шоирнинг лирик «Мен»и, биринчи навбатда, ўзига нисбатан талабчан ва муросасиз. У «ҳали бирор ишни уддаламадим, ҳали ҳеч кимсани қилмадим рози, беҳуда ўтибди гўзал умримнинг қанчалаб чиройли баҳори, ёзи» дея ўзича афсус чекса- да, бу ўспирин юрак энди «ором борлигин» буткул унутиб қўйган. Чунки, кутилмаганда унинг бағрига «чақинлар» теккан. Мана, ўша файзли «чақинлар» таъсиридан туғилган сўз ва моҳият:

Ссндан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, ватан!

Бунча кеч англадим,
Нега бунча кеч…
Англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам…

Кўрган бўлармидим сени мукаммал…

Ватанни англаш — Шавкат шеърларидаги бош ғоя, сарбон туйғу. Шу туйғу уни ҳаётнинг маъноси ҳақида кўп ва жиддий ўйлашга мажбур қилади. Шу туйғу оташида «нондай зарур», «қиличдай кескир» сўзларни ахтаради. Ва, «пуштиранг пардали минглаб дарчадан» «мўралаб ўтирган гўзал», атиргуллар атрин таратишгагина қодир «ўйноқи сўзлар»га қўл силтайди. Негаки, унга ҳар бнри «юз сўзнинг ўрнин» босадиган, ҳар қайсиси «юзта умрга» етадиган, ҳайрат дунёсига посбонликка ярайдиган ўткир сўзлар керак. Ахир, «яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин» ҳаққоний очадиган:

Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

* * *

Бахт сўзи — сўзларнинг энг ёқимлиси. Бу сўз кўп шоирларнинг тил учида туради. Улар лаб қимирлатишдими, бўлди: оғизларидан «бахтиёрман» сўзи учади. Лекин шу «биргина сўзни» айтмоқ учун шоирга қанча «куч, чидам» кераклигини улар тасаввур ҳам қилишолмайди. Нега? Нега шунақа? Биринчидан, бу сўзбозлар «аввало, бу сўзни» «кўзлари қувончга тўлиб» ўзгалар айтиши лозимлигини идрокка сиғдиришолмайди. Булар, Шавкат айтмоқчи, «халқимас, шуҳратни ўйлаб сўйлаган» «бурди йўқ кимсалар». Балки шунинг учун:

Виждонсиз шоирлар кўпайган жуда,
юракни сўз билан ёндиргувчи кам…

Иккинчидан, улар

Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларга,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига,

— деганга ўхшаш адолат ва дардкашлик ҳисларидан йироқ. Шеъриятдаги ёлғон оптимизм ва юзаки жўшишларнинг асосий бир илдизи ҳам мана шунда. Ўз тенгдошлари Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азимов, Хуршид Давронлар каби Шавкат Раҳмон ҳам ижодда худди шу сохта йўналишга тубдан қарши. У ҳатто «ёш ўзбек шоирларига» хитобан дейди:

Сўзларни ҳайрайлик,
обдон тоблайлик,

идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик…

Дунёдаги энг кечирилмас қабоҳат — шеърини ёлғонга кўндиришга уриниш. Бунда гўзаллик хўрланади, юрак ҳислари шунчаки сотилади. Бунда инсон қалбини поклаш, теранликка чорлаш ўрнида маънавий хиёнатлар содир бўлади.

Шеърият, биз сени алдадик,
кўпинча аврадик, хўрладик.

Васлингга етишдик ниҳоят,
қизарган кўзларинг кўрмадик…

Шавкатнинг мазкур гаплари ростми? Рост!

Шеъриятни «кундалик ёвғонга», «кичкина дунёга» ошно этганлар, афсуски, кейинги йилларда оз бўлмади. Шеърият уларнинг қўлида айтарли «ҳирслар, тамалар» воситасига айланди. Шулар шеъриятнинг кўзига хас ташлаганлар.

Бугун жамият тараққиётига халал берган ва жиддий тўсиқ бўлаётган барча салбий ҳодисаларга қарши муросасиз кураш руҳи адабиётимизга ҳам кириб келди. Ёш шоирларимиз одамлар қалби ва онгидаги қолоқлик, мешчанлик ва номукаммалликларни бартараф этмоқ учун рост сўзни — жасоратли поэтик сўзни чинакам ғоявий-бадиий қуролга айлантиришда ҳар қачонгидан ҳам дадиллашдилар. Улар ҳақиқат ошкораликсиз яшай олмаслигини чуқур ҳис қилиб қалам тебратаётирлар. Шавкат шеърларининг нафас тарзи битта сўз билан изоҳлаганда—очиқлик, юрак ва имон очиқлиги. У ўзини ҳам «юраги ланг очиқ шоир — доим кезиб юргувчи фарёд» деб танитади шеърхонга. Хўш, унинг фарёди нимадан? Нега у фарёд сифатида доим кезиб юради?

Шавкат — некбин шоир. Унинг ишонч ва умид дунёсида: «Бир кун аслига қайтади одам, оламга тикилар болалардай соф», «Бир куни қутулар ортиқча юкдан, бир куни қайтади диёнат, инсоф. . .» Лекин у «ботиний мунофиқ, айёр» буқаламунлар билан юзма-юз келганда нафрат изтиробларини ичга ютмайди. Шавкатнинг «Давра» деган бир шеъри бор: Улфатлар йиғилган «ғаройиб давра». Ҳамманинг кайфияти чоғ. Биров «юксак аъмолдан» сўзлайди. Бошқаси йўл-йўлакай гоҳ ўтмишга, гоҳ келажакка бош суқиб чиқади. Кимдир ўзича олам тақдирини ҳал этади. Гап шундаки:

Оғизларда булутдай кўпик,
юзлари оқ, ичлари қора;
қизиғи, бу зотлар қайларда
кимларнидир қилар идора.

Лекин «бир Одам» ўзини бу ғалати даврадагилардан ғоятда бегона сезарди. Бегоналик ортгани сайин унинг кўзлари каттароқ очилган эди. Шунда ҳатто инсон ақлига сиғмас ажиб ҳодиса рўй беради:

даврадаги оёқлар аста
кирар туёқ, човут шаклига.

«Бирида эшак», «биттасида тўнғиз туёғи». Қарангки, «бўри панжа ўсар бирида», «бошқасида тулки оёғи.. .» Сўнг ҳалиги Одам титраб ўрнидан туриб тупурганича даврани тарк этади. Чунки «одамники эди унинг оёғи…»

* * *

Шеърларида ички, субъектив фикру туйғулар тасвири етакчилик қиладиган шоирлар бўлади. Лекин уларнинг шодлик ва дардлари кўпчиликка мансублиги туфайли ёлғизлик ҳислари деярли сезилмайди.Шоирлар бор, бунинг акси: ўзича тинимсиз умум номидан сўзлайди, ўзини халқ дили ва тилидаги гапларни ифодалаётирман, деб ҳисоблайди. Бироқ ёзган нарсалари ҳеч пайт юракка бориб етмайди. Ёлғизликдан қочиш учун ёлғизлик моҳиятини мукаммал билишга эришиш керак. Акс ҳолатда, ижодкор афтода даражадаги ёлғизлигини яшириш учунгина байроқдор сўз ва кенг кўламли ҳақиқатларнинг ҳаммага аён жойларига осилиб олишади. Бунда ҳеч пайт инсон қалбига ёниқ ва эҳтиросли муносабат бўлмайди. Ҳақиқий шоир овози — фавқулодда уйғотувчан овоз. Шу овозга эга, шу овозга содиқ шахс — меҳнатлари зое кетмайдиган қаламкаш. У сўзни нималарга ва қандай сафарбар қилишни руҳан аниқ билади.

Александр Блок ёзган эди: «Ҳаётга чегарасиз талаблар қўйиб яшашгина тирикликни оқлай олади… Кутилмаганни кутиш «бу дунёда йўқ нарса»га ишонч эмас, балки бўлиши муқаррарлигига ишончдир. Майли у ҳозир бўлмасин, яна узоқ вақтлар бўлмаса ҳам майли.. Аммо ҳаёт уни беради, зеро, у — гўзалдир». Бу — инсон умрини мазмунларга тўлдирадиган ишонч. Бу ишонч одам дилида куртак бўлиб юзага чиққан порлоқ умидларни парваришлайди. Шавкат шеърларини ўқиганимизда, бизнинг ҳам ҳаётга талабларимиз янада кучаяди. Кўп нарсаларга кескин ва ўктамроқ қарашга рағбатимиз ошиб, майлларимиз бойигандай бўлади.

Шеърият — авлодларнинг юрак тарихи, фикр ва ғоялар манбаигинамас, руҳий оғриқ ва изтироблари қомуси ҳамдир. Ҳар бир шоир, истанг, истаманг шеър кўзгусида кўпроқ ўз авлодининг қалб манзаралари, руҳий ҳолатларини очади, шеър орқали ўзи мансуб наслнинг ижтимоий, ахлоқий ва фалсафий қарашларининг образли талқинларини беради. Шавкатда ҳам шундай. Унинг қуйидаги мисралари бошқа бировларга қандай таъсир ўтказганлигини билмадим-ку, лекин улар менинг дилимга ўт бўлиб ёпишганлиги, аллақандай  ҳазин ва армонли туйғулар қўзғаганлиги рост:

Нақадар кечикиб англадим сени,
чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,
мен қандоқ чидайман бундай хўрликка,
мен қандоқ ётаман қаърингда, ватан!

Бу сўзлар юрак осмонидан худбинлик, ланжлик, фаолиятсизлик булутларини ҳайдайди. Одамни умрнинг ҳар кун, ҳар дақиқасига маъсул қилиб қўяди. Инсон фанолик тақдиридан сира қочиб қутила олгани йўқ. Бас шундай экан, у ҳаёти сўнгида «мен қандоқ чидайман бундай хўрликка» дегандай афсусга чўкмаслиги учун Ватан мақсадларини англаб, заҳматкаш халқи ташвишларини елкасида кўтариб яшаши лозим эмасми? Шавкатнинг «Болакайга» деган шеъри сўнгида шуларни ўқиймиз.

Кўзларингдан кулиб қараган
Бир доҳийнинг сиймосин кўрдим.
Чўкаяпман тобора ерга
сени бошим узра кўтариб.

Бошқа ўринда унинг «Ногаҳон хаёлим ёришиб кетар, эслаб келажакнинг улуғларини, мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга ўлмас ғояларнинг уруғларини», дея Ер билан сирлашган сўзларига дуч келамиз. Шоир келажак улуғларини эсларкан, хаёли нурланиб кетади. Зукко болакайнинг нурли тонглари учун у ҳамма ишга тайёр. Булар ҳам шахс қисмати ва халқ истиқболига дахлдор жавобгарлик дарди. Бироқ Шавкат Раҳмон жавобгарликни ёлғиз шу зайлда тушунмайди, миқёсни кенг олади. У қўрқув аралашмаган покиза ҳиссиётларда «Мен севган дарёлар шундоқ қолурми, мен ўйлатган йўл қолурми шундоқ?» каби бугун ва мозий, замон ва келажакка боғлиқ саволлар қўяди шеърда. Баъзи бировларга Шав катнинг юқоридагига монанд саволлари ажабланарлироқ туюлиши мумкин. Аммо «Шоиранинг саволи», «Қизил аскарлар», «Сулаймон тоғида ўйлаганларим», «Жангда ўлган эмас…» «Оқ девор тагидаги суҳбат» ва бошқа ўнлаб шиддаткор шеърларни ўқиган ҳар қандай одам ёш шоир ўз поэтик саволларига нечоғлик ҳақлигига дарров тан беради. Айтингчи, юксакда «ўсган пасткашлик»ларнинг тубдан қулашини ким истамаслиги мумкин? Ҳануз-ҳанузгача гоҳо:

Гапириб бўлмайди мозий ҳақида,
мозий юки оғир —
ташлаб кетарли,
ҳали бузғунчи деб,
қўпорувчи деб,
ёқангдан олгувчи гумроҳ етарли...

…Мен Шавкатнинг «Шундоқ қолурми?» сида она заминдан мана шундай гумроҳ, қулай вақт кутиб «софдил одамларнинг имонин юлишга» шайланадиган «қилвири, ўғрилар, олабўжилар» барҳам топиш нияти бўлганлигини англайман.

Бугун қайси номард ёв қолмади дер,
ёлғон сўйлаганлар, камми ёвлардан?

Эл молин талаган,
имонин бузган,

фосиқлик қилганлар камми ёвлардан?

..Шавкат исмсиз дардлар шоири эмас. Унинг изтироблари аниқ, ёлқинли. Кураши — муҳаббат, ишқи эса кураш, эзгулик ва Ватанга садоқат. Унингча, «қўрқув аралашган муҳаббат аянчлидир». У шеърда шу эътиқоддан четга чиқмайди, ҳаммани безовта этаётган, кўпдан-кўп кишилар учун яроғли ва зарур маъноларга тез-тез мурожаат этади. Қаранг шоирнинг мўъжаз бир шеърида инсонлар овози — умуминсоний оғриқлар садоси қандай янграйди:

Жисмимиз ўраган,
тиканли симлар,
тиканли фикрлар ичра руҳимиз,
нигоҳимиз калта,
нурсиз зиндонлар —
юракларда чирир ғам-андуҳимиз,
Замин парча-парча, қайга бурилма —
кўксингга ғарчиллаб қадалар тиғлар…

Наинки, аҳвол шу тарзда давом топаверса? Наинки, юракларда ғам-андуҳларни чиритадиган «нурсиз зиндонлар» башарият «мулки» бўлиб қолаверса? Йўқ, нигоҳлар ҳам узаяди, «тиканли симлар», «кўксингга ғарчиллаб» қадалгувчи тиғлар ҳам йўқолади. Лекин бунинг учун:

Қачон эллар танир бир-бирларини,
қачон бу қитъалар
топишиб йиғлар?

Барчаси шу ҳамжиҳатлик, яқинликка боғлиқ, демоқчи бўлади шоир. Шу жойда бир нарсани қайд этиб ўтайлик. Башар тақдири, жаҳон ташвишлари билан қайғуриш шоирнинг қон эҳтиёжи. У ижодда умуминсоний ғояларни нақадар кенгроқ ифодаласа, ўшанча маънавий юксакликларга кўтарилади, аммо руҳан миллий заминдан узоқлашиш, ўз халқи ҳаётидаги долзарб масалаларни пассив бадиий тадқиқ қилиш ҳисобига эмас. Бундай вазиятларга шеър ўрнида муаллақ гаплар йиғиндиси юзага келаверади. Шавкатнинг шеърияти шу қусурдан холи. Бунинг сабабларидан бирини, унинг тарихга тўғри ва ақлли нигоҳ ташлай олиш, қалби замоннинг илғор тушунчаларига чанқоқлик салоҳияти билан изоҳлаш мумкин. Шоир мозийдан сабоқ бўларли маънолар топади, халқ ўтмишининг нурли манзилларини бехато илғайди. Шеърларида буюк боболар ёди билан хотира сўзларини тиклайди. Бироқ шоир лирик қаҳрамонининг дилини чулғаган хаёллар — замондошлар ҳаёти, дарди ва кўнгилда ёнган туйғулари. У шеърларидан бирида ўзини «Баҳайбат япроқлар диёриданман» дея танитадики, бу—қадимий Ўш. Унда «ҳар бир чечак, ҳар бир гиёҳ» осмонни тўсгудай ҳайбатли, гул ва тошлар улкан. «Кўк осмон ёйилмасида» сувларнинг гулдурослари янграйди. Юрт шукуҳи, жонажон диёрнинг виқорли табиати лирик қаҳрамонда фикр қўзғайди:

Бу диёр шу қадар улуғ бўлса-да,
улкан одамларга нақадар зордир.

Буни у «чўян ўзанларга сиғмасдан» «гулдираб чопган» сувлар, сержило нурлардан уқади. «Мен буни уқаман, — давом этади у яна,— эркалаб замин, ҳам асраб бағрида кўз қароғидай, баҳайбат бўлгин деб, ҳар бир боланинг митти товонларин ўпган чоғида». Аммо улар кани? Қани «замин алқаган, умидвор тикилнган» у «митти даҳолар?» Улар бор. Улар бизннинг шафқатимизга, ғамхўрлик ва фидойилигимизга муҳтож. Биз келажагимизни «кичкина ташвишлар исканжаси»га топшириб қўймаслигимиз керак. Тараққиёт ва ҳаётдаги тўсиқларни бартараф этиш учун ҳавойи, баландпарвоз шеърий хитоблар буткул фойдасизлиги инобатга олинса, мазкур сатрларнинг чуқур гражданлик туйғуси билан яратилганлиги ва ғоявий-бадиий қиймати ўз-ўзидан равшанлашади.

Йигирманчи аср—шиддатли, тенгсиз техник кашфиётлар асри, фазовий тараққиёт ва ўзгаришлар даври. Шунинг баробарида бу «паҳлавон ва жиноятчи» аср майда ташвишларни хуруж эттирди, майдакаш кимсаларга бағридан кенг ўрин берди. Ўткинчи ҳаракат, орзу-ташвишлардан баланд яшаш қанчадан-қанча кишиларга насиб этмагандир. Шу маънода болалар қисматига лоқайд қараш, Шавкатнинг лирик қаҳрамони таъбири билан айтганда, «Ер орзулари»ни «ҳирсу тамаларнинг кир панжасида» сўндиришдир.

Шеърият инсон қалбидаги совуқ шамолларни қувади. Мабодо унда муз қатламлари пайдо бўлган бўлса, уларни ҳам парчалай олади. Демак, муз қотган дилларда гўзаллик, олижаноблик, одамийлик ҳаволари тўлади. Шавкатнинг кўпчилик шеълари ҳам совуқ юракларга оташ соладиган, поэзияга ошно кўнгилларни эса янада яшнатадиган шеърлардир.

Шавкат Раҳмон мажозий фикрлаш, мажозий образлар воситасида сўзлашга мойил ижодкорлардан. Унинг «Ўжар дарахт», «Каллакланган тутлар — биродарларим» сингари бир қанча шеърлари ҳам мажоз услуби, ҳам моҳият ёрқинлиги жиҳатидан характерлидир…

«Излаб-излаб топарман бир кун» «ўйимга мос каттакон йўлни.. .», дейди Шавкат. Бу йўл — шоир учун ҳақиқат, кураш, ғоявийлик ва маҳорат йўли. Бу йўл — умрни бахш этадиган улкан «бир ҳаракат» йўли. Биз шоиримиз излаб-излаб топган йўл — ёруғ, ҳассос, туғёнли ва «ойларга етажак наволар» йўли эканини биламиз.

65_o.jpg
Фотосуратда: Шавкат Раҳмон   ўғли Шоҳрух, Қуръони Карим таржимони, аллома  Алоуддин Мансур, устоз Эркин Воҳидов, шоир Муғанний ва Хуршид Даврон билан Арслонбобда. 1984 йил.

Шавкат РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
08

ВАТАН

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.

* * *

Саҳар турдим, қуёшни кутдим,
Шудрингларда чайдим юзимни.
Булоқларга лабимни тутдим
Ва борлиқда кўрдим ўзимни.

Кўзларимдан тошди шуурим,
Тўлиб кетди бағримга наво.
Мангуликдай туюлди умрим,
Мангуликдай туюлди дунё…

ЎЖАР ДАРАХТ

Қушларидан айрилган дарахт
жимлик билан яшолмас бирга.
Куз тунида кезинар ғудраб,
ҳеч кўника олмай тақдирга.

Чор атрофга қарар дарғазаб:
ҳатто сўнгги қуши сарғайди.
Кўтарганча бўм-бўш қўлларин,
У тошбағир кузни қарғайди.

Яшаб бўлмас бу ғамгин боғда,
қотиб қолган қора чақмоқдай.
Қиш тонгида вазмин, хотиржам
йўлга тушар қорли сўқмоқдан.

Йўл юрса ҳам мўл юрар, охир
чор атрофга севиниб қарар –
бағри тўлар сайроқ қушларга,
ёниб сайрай бошлайди дарахт.

* * *

Болаларнинг кўзлари керак,
жуда керак ҳайратли чўғлар –
бу дунёнинг бор гўзаллигин
фақат сўзлар у қора кўзлар.

Болаларнинг қўллари керак
дарахтларга, ерга, майсага,
болаларнинг тиллари керак
дунёдаги ҳар бир нарсага.

Офтоб чиқар болалар учун,
болалар-чун яшайди шамол.
Дунё турар бир банди каби,
кўксида ғам, кўзида малол.

Дунё фақат болаларники…
Ҳаёт қилган уларга тортиқ.
Фақат зўрлик билан дунёни
болалардан олмангиз тортиб!..

* * *

Кўрганмисиз маъюс баҳорни?
Гоҳ-гоҳ маъюс келади баҳор –
Ўш атрофи — адир, қирларда
уни маъюс кўрдим неча бор.

Ғира-шира тонг чоғи ҳар йил
пайдо бўлар ҳарир кўйлакда –
ранги синиқ, сочлари ёзиқ-
мисли шарпа, мисли кўланка.

У қабристон жимлиги чўккан
афсонавий кенгликда кезар:
тавоф қилар ҳар бир аскани*,
сўқмоқларни гулларга безар.

Сўнгра терар қора тошларга
арғувон май тўла жомларни,
кимларнидир ёдлаб, шивирлар
узуқ-юлуқ, сирли номларни.

Мен кўрганман маъюс баҳорни,
унинг маъюс суврати ҳам бор.
Ҳар йил келар Ўш қирларига
телба баҳор, жодугар баҳор!..

* Аска — қоя

* * *

Борганимда ҳар сафар Ўшга,
Аравонга, Новқат ёқларга,
энг аввало, назарим тушар
довруғи йўқ кичик тоғларга.

Кичик тоғлар бир замонлар ҳам
маълум бўлган кўп инсонларга,
нега ўсмай қолган бу тоғлар,
тенг келмаган Тиёншонларга?

Бу юрт ёвга бўйин сунмаган,
тиланмаган ёвлар шафқатин.
Балки тоғлар улуғвор ернинг
қотиб қолган кўҳна нафрати.

Ё чиндан ҳам ёшдир бу тоғлар,
келса ҳамки минг йиллар ошиб,
ё ҳаётни баланд кўтариб,
чўккан буюк тоғларнинг боши.

ЎШ ТОҒЛАРИ
Рассом Шуҳрат Абдурашидов хотирасига

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
тоғ ўрнида қолди бир қабр?!.
Тоғларини йўқотиб, сарсон –
кўзёш тўкар бир тўда абр.

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
юрагимда ортди доғларим?
Билолмайман, ўн йилдан кейин
кўрарманми сизни, тоғларим.

Юрт кезаман: йиғлар юрагим –
бу қандайин разолат, офат-
буюк тоғлар ўрнида ҳар гал
қабрларни кўраман фақат.

Кўрмайин деб кетарман бадар,
кетган сайин юракда доғлар:
хаёлимдан кетмайди бироқ
ерга қараб ўсётган тоғлар!..

ОЗОДЛИК ҚЎШИҒИ

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
сўзлари куйдирар томоқни,
ўлимни назарга илмайсан,
сезмайсан сургуну қамоқни.

Шалдироқ кишанлар ҳукмига
ачинмай берарсан ёшлигинг.
Юзларинг буришмас оғриқдан,
фароғат бағишлар очлигинг.

Куйласанг, чекинар разолат,
чекинар кадарлар, нолалар.
Унчалик қўрқинчли эмасдир
кўксингда эзилган лолалар…

ДАВРА

Бу ғаройиб давра қизиган —
улфатларнинг кайфлари чоғ,
гап сотишар юксак аъмолдан,
ичларига қуяркан ароқ.

Гоҳо ўтмиш, гоҳ келажакка
йўл-йўлакай кириб чиқишар,
ҳал қилишар олам тақдирин,
кимни қўйиб, кимни йиқишар.

Оғизларда булутдай кўпик,
юзлари оқ, ичлари — қора.
қизиғи, бу зотлар қайларда
кимларнидир қилар идора.

Гапирмасди фақат бир одам,
на ош ерди, на ичар ароқ,
бу ғалати даврага қараб,
кўзларини очар каттароқ.

Рўй берарди ажаб ҳодиса:
ҳатто сиғмас инсон ақлига —
даврадаги оёқлар аста
кирар туёқ, човут шаклига.

Бирида мол, бирида эшак,
биттасида тўнғиз туёғи,
бўрипанжа ўсар бирида,
бошқасида тулки оёғи…

Титраб кетди тўсатдан Одам,
мана, навбат келди ўзига —
ҳайрон бўлиб тикилиб қолди,
ишонмади одам кўзига.

Сўнг ўрнидан турди, тупурди,
бу ўтириш ёқмади чоғи,
олиб кетди оёқларини,
одамники эди оёғи…

СУЛАЙМОНТОҒДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

«Ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хейли аҳодис ворид бўлибтур. Қўрғонининг шарқи-жанубий жонибида бир мавзун тоғ тушибтур, Барокўҳка мавсум. Бу тоғнинг қулласида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солдирибтур, ул ҳужрадан қуйироқ ушбу тоғнинг тумшуғида тарих тўққуз юз иккида мен бир айвонлиқ ҳужра солдим. Агарчи ул ҳужра мундин муртафеъдир, вале бу ҳужра бисёр яхшироқ воқе бўлибтур: тамом шаҳр ва маҳаллот оёғ остиндадур…»
Бобур, 1495 йил.

Юксакда бўлса-да
бошим эгилган —
юксакка чиқдим деб керилганим йўқ.
Бир дам кулганим йўқ,
суюлганим йўқ,
сокин лаҳзаларга берилганим йўқ.
Ё беғам ёнбошлаб тўралар каби,
ўткир коньяк ичиб,
қази емадим
ёки бармоғимни пастликка нуқиб:
«Э, афсус, шулар ҳам халқми?» демадим.

Ўйладим
юксакка чиққан чоғимда
ўз зотин,
ўз отин унутганларни,
қадимий булоқлар кўзини кўмиб,
азим дарёларни қуритганларни.
Ўлсам-да ёдимдан чиқмайди бири:
кибру ҳаво билан пастни кузатиб,
буздириб ташлади ярим кечаси
тўрт юзу олмиш йил турган ҳужрани.
Тўрт юз олтмиш йиллик
қуёш ҳам, сув ҳам,
энг қаттол душман ҳам қилмаган ишни
тўнғизфеъл бир нокас бажариб кетди,
авлод-аждодига олиб қарғишни.

Бундайлар ким ўзи –
абадиятнинг
нурли изларини йўқотётганлар,
элнинг қалбин бузиб,
ёдини бузиб,
қарғишу лаънатга ботиб ётганлар?!
Юксакда бўлса-да
бошим эгилган,
юрагим йиғлайди, Барокўҳ тоғим.
Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг
қора курсиларга ўтирар чоғин?

Аммо тўлармикин кўнгил шу билан,
шу билан кетарми хотирдан ғашлик,
юраклар куларми,
қуларми буткул
шу билан юксакда ўсган пасткашлик?
Агар мен бақирсам, ёрилар осмон –
ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар.
Аммо Барокўҳда бошим эгилди,
қарашга ор қилдим элнинг кўзига.

Эй мирзо,
бошимни қандоқ кўтарай?!
Эй мирзо,
эгикдир мирзолар боши –
кўтариб бўлмайди,
оёқ тагида
бўлса-да баҳайбат тоғларнинг тоши.

ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинғ гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари…
Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар —
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.
Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.
Мен буни уқаман
эркалаб замин,
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.
Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
туқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!
Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».
Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ўхшайман.

БАХТ СЎЗИ

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.

Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

ҚОДИРИЙ ВА ҲОЗИРГИ ЁШЛАР

Ҳозирги ёшларда
покизалик бор,
тирик қалбларига диёнат эга,
гўё пок табиат ёмон кўзлардан
асраб қўйганларин шуларга берган.
Агар тирик бўлса, бир четда турмай,
ҳозирги ёшларга сардор бўларди,
гоҳ кўкдан ёғилган,
гоҳ ердан чиққан
туҳмату балога қалқон бўларди.
Ҳозирги ёшлар ҳам турармиди жим,
йиғишитириб қўйиб шахсий ҳасратин,
ўз нафси йўлида ҳар нега қодир
ювуқсиз каслардан уни асрарди.
Синдириб ташларди
унинг бўғзига
ўрлаган қўлларни биттама битта,
бор овози билан полончилармас,
халқнинг боласиман деган йигитлар.

Қодирий ўйланар юксак-юксакда,
пайқамай вақтнинг тўсу тўсларин,
пойига қўяди қўллари титраб
қариган гулларин
содиқ дўстлари…

Аммо у юксалган улуғвор тошдай,
кўрмас дўстларининг йиғинларини.
Эшитмас жомларнинг жаранглари-ла
оташин алёру йиғиларини.
Билмадим,
дўстларин танирмиди у,
пойига барини ҳайдаб келди вақт…
Бас, эй, Қодирийнинг пойидагилар,
у дўстлар овозин эшитар фақат.
Вақт келиб,
қариса ҳозирги ёшлар,
тўла узмоқ учун умрлик қарзин:
вой, дўстим, жигарим, биродарим
Қодирий пойида йиғласа арзир.
Шунда бир сесканиб,
чин дўстларига
ўзининг мозийдек қучоғин очиб,
юксакдан эгилар,
минг бор эгилар,
тупроққа теккунча нуроний боши.

ОҚ ДЕВОР ТАГИДАГИ СУҲБАТ

Гапириб бўлмайди мозий ҳақида,
мозий юки оғир, —
ташлаб кетарли,
ҳали бузғунчи деб,
қўпорувчи деб
ёқангдан олгувчи гумроҳ етарли.
Яхшиси, мозийни тошбўрон қилиб,
фарзанд ўстирганлар қавмига эргаш.
Эслама, қачондир Яссавий каби
даҳолар қай сабаб кирганин ерга.
Мозий қора маскан —
заррача нур йўқ.
ҳайратга солувчи бирор шуур йўқ,
жаҳолат, ҳамоқат —
бари мозийда,
дилни ёритгувчи зарра сурур йўқ.

Мўъжиза юз берди,
кўз ўнгимизда
бирдан оппоқ девор кетди қизариб,
ҳеч ким кўрмасин деб оқлаб ташладик,
амаллаб яширдик қизил изларин.
Эртага ҳам оқлаб қўямиз, агар
қизиллик кўринса оқлик ўрнида.
Агар индингача…
унгача вақт бор,
балки қизармайди,
балки кўникар.

* * *

Ҳали бирор ишни уддаламадим,
ҳали ҳеч кимсани қилмадим рози,
беҳуда ўтибди гўзал умримнинг
қанчалаб чиройли баҳори, ёзи.
Фароғат борлигин унутиб қўйдим,
бағримга чақинлар тегди дафъатан,
Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, Ватан!
Бунча кеч англадим,
нега мунча кеч…
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам…
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.

Ҳали асл Ватан бўлмоғинг учун
овози тошларни ёрар куйчилар,
қанчалаб сеҳргар шоирлар керак,
қанча билим керак,
қанча куч-чидам.
Умрим кўчкилардай жимжит, шиддатли,
буткул тинмоқ учун бир кун бемалол
фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,
жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол.
Нақадар кечикиб англадим сени,
чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,
айт, қандоқ чидайман бундай хўрликка,
айт, қандоқ ётаман қаърингда, Ватан!

ГУЛЛАЁТГАН ТОШ

Манови қора тош —
Вақт кафтларида
триллион маротаба кичрайтирган тун
жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга
тобора шубҳали кўринар ҳар кун —
гўёки жонлидай,
гўё бир куни
тўсатдан гуркираб гуллайдигандай,
гўёки ҳозирча ўтмас кўзлардан
сирларин яшириб ухлаётгандай.
Гўёки кузатиб ўткинчиларни
мангу ҳаракатнинг юкин таширкан,
зўр бериб ўйлайди:»Қай аср қулай,
сирин очса бўлар қайси асрга?…»

Тош ҳам гулларми деб
минглаб калтабин
гурзисин дўлайиб йиғилган пайтда,
мардона илжайиб, кўрасиз, дедим,
бир куни гуллайди бу тош албатта.
Балки тош ҳозироқ
гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари…

ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.

Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

МУНОЖОТ

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.

Қирқта тар гулимни айладим хароб,
қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни.
Қирқта қора қул ётар мозийда,
қирқта черигини йўқотган бекман.
Абадий айрилдим қирқта ғозийдан,
бошимни тошларга урсамми дейман.
Бу дунё нимадир?
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим,
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда
шайтондан тўралган ғайирни кўрдим.

Фақат ишқ…
Ишқ гули…
Самовий гулим…
бир нафас дилимга посибон бўлсин,
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин.
Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан,
иғволар қуртлаган шўрлик диёрда
замону маконин буткул йўқотган
бир улуғ фарёднинг
боласи зорман.
Ай, қиличдай туйғу,
ай, қотил туйғу,
бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда,
юзимга юзини қўйсин ўшал гул,
дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!

ИҚРОР

Рубобий шеър ёзсам…
қайтсам бир нафас…
ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,
қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас хаёлчан ўсмирга дўнсам.
Воҳ, ўшал лаҳзалар…
ўтдими буткул
гунафша атирли тансиқ туйғулар,
саҳарги боғларни уйғотган булбул,
ойларнинг нурларин элаган сувлар.

Яшил шажар эдим…
Қандоқ соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим.
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган малакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғордим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.

Бас, қушлар сайроқи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб,
заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар.
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

12 sentyabr — atoqli shoir Shavkat Rahmon tavallud topgan kun

Vatanini topgan yoki uni anglashga intilayotgan, yuragida Vatani yashaydigan shoirlar bor. Bular, shubhasiz, she’riyatni qismat bilgan, qalb va vijdon amri bilangina qalam tebratadigan, dunyoda kechayotgan voqea-hodisalarga, u yo bu darajada mas’ul, grajdanlik darajasi yuqori iste’dodlardir. Shavkat Rahmon ana shunday shoirlardan.

Ibrohim HAQQUL
QISMAT TUYG‘USI — VATANNI TANISH
091

Bir vaqtlar Sergey Yesenin yosh shoir V. Erlixga «Yaxshi bir maslahat olmoqchi bo‘lsang mendan, Vataningni izlab top. Vatansiz — shoir bo‘la olmaydi», degan ekai. Haqiqatda ham shoirlik — bu avvalo, Vatanni tanish. Vatan siymosi eng yorug‘, eng odil siymo sifatida shoirning umr va ijod yo‘lini yoritib, istiqbolga chorlab, «bag‘rida yuz mingta quyosh porlagan» ezgu kunlardan bashorat berib turadi.

0 ex.jpgMenga qolsa, shoirlarni ikki toifaga ajratgan bo‘lardim. Birinchisi, Vatan haqida qancha ko‘pirib satrlar tizishmasin, siyratlari baribir bo‘m-bo‘sh qofiyabozlar. Bu soxta vatanparvarlarning she’rlarida dard-otash bo‘lmaydi. Bular xalqning olis asrlar qa’ridan kelayotgan g‘olib ruhi, bezavol tarixi, go‘zal va mazmundor ma’naviy olami, jahondagi muqaddas o‘rni, bugungi hayot falsafasi, ertangi yuksak orzu-intilishlarini atroflicha bilish, idrok etishdan benasibliklari tufayli ham Vatanga ichki bog‘liqliklari yo‘q kimsalardir. Ikkinchi toifa esa, Vatanini topgan yoki uni anglashga intilayotgan, yuragida Vatani yashaydigan shoirlar. Bular, shubhasiz, she’riyatni qismat bilgan, qalb va vijdon amri bilangina qalam tebratadigan, dunyoda kechayotgan voqea-hodisalarga, u yo bu darajada mas’ul, grajdanlik darajasi yuqori iste’dodlardir. Shavkat Rahmon ana shunday shoirlardan.

Hozirgi yoshlarda ,
pokizalik bor,

tirik qalblariga diyonat ega,
go‘yo pok tabiat yomon ko‘zlardan
asrab qo‘yganlarin shularga bergan…

deydi Shavkat «Qodiriy va hozirgi yoshlar» she’rida. Men bu gaplar Shavkatning o‘ziga ham tegishli deb bilaman. Chunki uning keyingi ikki to‘plami — «Ochiq kunlar» va «Gullayotgan tosh»dagi eng yaxshi she’rlarda Vatan haqiqati, jonajon elga mehr va sodiqlik hislari favqulodda pokizalik, kurashchan diyonat pafosida tasvirlangan. Yosh shoirning lirik «Men»i, birinchi navbatda, o‘ziga nisbatan talabchan va murosasiz. U «hali biror ishni uddalamadim, hali hech kimsani qilmadim rozi, behuda o‘tibdi go‘zal umrimning qanchalab chiroyli bahori, yozi» deya o‘zicha afsus cheksa- da, bu o‘spirin yurak endi «orom borligin» butkul unutib qo‘ygan. Chunki, kutilmaganda uning bag‘riga «chaqinlar» tekkan. Mana, o‘sha fayzli «chaqinlar» ta’siridan tug‘ilgan so‘z va mohiyat:

Ssndan-da ulug‘roq narsa yo‘qligin
sochim oqarganda angladim, vatan!

Buncha kech angladim,
Nega buncha kech…
Anglasam loaqal o‘ttiz yil avval,
loaqal tug‘ilmay turib anglasam…

Ko‘rgan bo‘larmidim seni mukammal…

Vatanni anglash — Shavkat she’rlaridagi bosh g‘oya, sarbon tuyg‘u. Shu tuyg‘u uni hayotning ma’nosi haqida ko‘p va jiddiy o‘ylashga majbur qiladi. Shu tuyg‘u otashida «nonday zarur», «qilichday keskir» so‘zlarni axtaradi. Va, «pushtirang pardali minglab darchadan» «mo‘ralab o‘tirgan go‘zal», atirgullar atrin taratishgagina qodir «o‘ynoqi so‘zlar»ga qo‘l siltaydi. Negaki, unga har bnri «yuz so‘zning o‘rnin» bosadigan, har qaysisi «yuzta umrga» yetadigan, hayrat dunyosiga posbonlikka yaraydigan o‘tkir so‘zlar kerak. Axir, «yashamoq, kurashmoq, o‘lmoq sirlarin» haqqoniy ochadigan:

O‘tkir so‘z qolmasa shoirlaridan,
o‘tkir so‘z qolmasa…
hech narsa qolmas.

* * *

Baxt so‘zi — so‘zlarning eng yoqimlisi. Bu so‘z ko‘p shoirlarning til uchida turadi. Ular lab qimirlatishdimi, bo‘ldi: og‘izlaridan «baxtiyorman» so‘zi uchadi. Lekin shu «birgina so‘zni» aytmoq uchun shoirga qancha «kuch, chidam» kerakligini ular tasavvur ham qilisholmaydi. Nega? Nega shunaqa? Birinchidan, bu so‘zbozlar «avvalo, bu so‘zni» «ko‘zlari quvonchga to‘lib» o‘zgalar aytishi lozimligini idrokka sig‘dirisholmaydi. Bular, Shavkat aytmoqchi, «xalqimas, shuhratni o‘ylab so‘ylagan» «burdi yo‘q kimsalar». Balki shuning uchun:

Vijdonsiz shoirlar ko‘paygan juda,
yurakni so‘z bilan yondirguvchi kam…

Ikkinchidan, ular

Og‘ir botmasmikin
bu so‘z kimgadir,
tegib ketmasmikin oh-vohlarga,
qandoq bardosh berib yashayman keyin
baxtsiz kimsalarning nigohlariga,

— deganga o‘xshash adolat va dardkashlik hislaridan yiroq. She’riyatdagi yolg‘on optimizm va yuzaki jo‘shishlarning asosiy bir ildizi ham mana shunda. O‘z tengdoshlari Muhammad Solih, Usmon Azimov, Xurshid Davronlar kabi Shavkat Rahmon ham ijodda xuddi shu soxta yo‘nalishga tubdan qarshi. U hatto «yosh o‘zbek shoirlariga» xitoban deydi:

So‘zlarni hayraylik,
obdon toblaylik,

idrok-la sovutib tag‘in qayraylik,
o‘zbekning qorako‘z bolalariga
bitta dunyo qolsin hayratlik…

Dunyodagi eng kechirilmas qabohat — she’rini yolg‘onga ko‘ndirishga urinish. Bunda go‘zallik xo‘rlanadi, yurak hislari shunchaki sotiladi. Bunda inson qalbini poklash, teranlikka chorlash o‘rnida ma’naviy xiyonatlar sodir bo‘ladi.

She’riyat, biz seni aldadik,
ko‘pincha avradik, xo‘rladik.

Vaslingga yetishdik nihoyat,
qizargan ko‘zlaring ko‘rmadik…

Shavkatning mazkur gaplari rostmi? Rost!

She’riyatni «kundalik yovg‘onga», «kichkina dunyoga» oshno etganlar, afsuski, keyingi yillarda oz bo‘lmadi. She’riyat ularning qo‘lida aytarli «hirslar, tamalar» vositasiga aylandi. Shular she’riyatning ko‘ziga xas tashlaganlar.

Bugun jamiyat taraqqiyotiga xalal bergan va jiddiy to‘siq bo‘layotgan barcha salbiy hodisalarga qarshi murosasiz kurash ruhi adabiyotimizga ham kirib keldi. Yosh shoirlarimiz odamlar qalbi va ongidagi qoloqlik, meshchanlik va nomukammalliklarni bartaraf etmoq uchun rost so‘zni — jasoratli poetik so‘zni chinakam g‘oyaviy-badiiy qurolga aylantirishda har qachongidan ham dadillashdilar. Ular haqiqat oshkoraliksiz yashay olmasligini chuqur his qilib qalam tebratayotirlar. Shavkat she’rlarining nafas tarzi bitta so‘z bilan izohlaganda—ochiqlik, yurak va imon ochiqligi. U o‘zini ham «yuragi lang ochiq shoir — doim kezib yurguvchi faryod» deb tanitadi she’rxonga. Xo‘sh, uning faryodi nimadan? Nega u faryod sifatida doim kezib yuradi?

Shavkat — nekbin shoir. Uning ishonch va umid dunyosida: «Bir kun asliga qaytadi odam, olamga tikilar bolalarday sof», «Bir kuni qutular ortiqcha yukdan, bir kuni qaytadi diyonat, insof. . .» Lekin u «botiniy munofiq, ayyor» buqalamunlar bilan yuzma-yuz kelganda nafrat iztiroblarini ichga yutmaydi. Shavkatning «Davra» degan bir she’ri bor: Ulfatlar yig‘ilgan «g‘aroyib davra». Hammaning kayfiyati chog‘. Birov «yuksak a’moldan» so‘zlaydi. Boshqasi yo‘l-yo‘lakay goh o‘tmishga, goh kelajakka bosh suqib chiqadi. Kimdir o‘zicha olam taqdirini hal etadi. Gap shundaki:

Og‘izlarda bulutday ko‘pik,
yuzlari oq, ichlari qora;
qizig‘i, bu zotlar qaylarda
kimlarnidir qilar idora.

Lekin «bir Odam» o‘zini bu g‘alati davradagilardan g‘oyatda begona sezardi. Begonalik ortgani sayin uning ko‘zlari kattaroq ochilgan edi. Shunda hatto inson aqliga sig‘mas ajib hodisa ro‘y beradi:

davradagi oyoqlar asta
kirar tuyoq, chovut shakliga.

«Birida eshak», «bittasida to‘ng‘iz tuyog‘i». Qarangki, «bo‘ri panja o‘sar birida», «boshqasida tulki oyog‘i.. .» So‘ng haligi Odam titrab o‘rnidan turib tupurganicha davrani tark etadi. Chunki «odamniki edi uning oyog‘i…»

* * *

She’rlarida ichki, subyektiv fikru tuyg‘ular tasviri yetakchilik qiladigan shoirlar bo‘ladi. Lekin ularning shodlik va dardlari ko‘pchilikka mansubligi tufayli yolg‘izlik hislari deyarli sezilmaydi.Shoirlar bor, buning aksi: o‘zicha tinimsiz umum nomidan so‘zlaydi, o‘zini xalq dili va tilidagi gaplarni ifodalayotirman, deb hisoblaydi. Biroq yozgan narsalari hech payt yurakka borib yetmaydi. Yolg‘izlikdan qochish uchun yolg‘izlik mohiyatini mukammal bilishga erishish kerak. Aks holatda, ijodkor aftoda darajadagi yolg‘izligini yashirish uchungina bayroqdor so‘z va keng ko‘lamli haqiqatlarning hammaga ayon joylariga osilib olishadi. Bunda hech payt inson qalbiga yoniq va ehtirosli munosabat bo‘lmaydi. Haqiqiy shoir ovozi — favqulodda uyg‘otuvchan ovoz. Shu ovozga ega, shu ovozga sodiq shaxs — mehnatlari zoye ketmaydigan qalamkash. U so‘zni nimalarga va qanday safarbar qilishni ruhan aniq biladi.

Aleksandr Blok yozgan edi: «Hayotga chegarasiz talablar qo‘yib yashashgina tiriklikni oqlay oladi… Kutilmaganni kutish «bu dunyoda yo‘q narsa»ga ishonch emas, balki bo‘lishi muqarrarligiga ishonchdir. Mayli u hozir bo‘lmasin, yana uzoq vaqtlar bo‘lmasa ham mayli.. Ammo hayot uni beradi, zero, u — go‘zaldir». Bu — inson umrini mazmunlarga to‘ldiradigan ishonch. Bu ishonch odam dilida kurtak bo‘lib yuzaga chiqqan porloq umidlarni parvarishlaydi. Shavkat she’rlarini o‘qiganimizda, bizning ham hayotga talablarimiz yanada kuchayadi. Ko‘p narsalarga keskin va o‘ktamroq qarashga rag‘batimiz oshib, mayllarimiz boyiganday bo‘ladi.

She’riyat — avlodlarning yurak tarixi, fikr va g‘oyalar manbaiginamas, ruhiy og‘riq va iztiroblari qomusi hamdir. Har bir shoir, istang, istamang she’r ko‘zgusida ko‘proq o‘z avlodining qalb manzaralari, ruhiy holatlarini ochadi, she’r orqali o‘zi mansub naslning ijtimoiy, axloqiy va falsafiy qarashlarining obrazli talqinlarini beradi. Shavkatda ham shunday. Uning quyidagi misralari boshqa birovlarga qanday ta’sir o‘tkazganligini bilmadim-ku, lekin ular mening dilimga o‘t bo‘lib yopishganligi, allaqanday hazin va armonli tuyg‘ular qo‘zg‘aganligi rost:

Naqadar kechikib angladim seni,
chaqinlar yo‘q qilsa meni daf’atan,
men qandoq chidayman bunday xo‘rlikka,
men qandoq yotaman qa’ringda, vatan!

Bu so‘zlar yurak osmonidan xudbinlik, lanjlik, faoliyatsizlik bulutlarini haydaydi. Odamni umrning har kun, har daqiqasiga ma’sul qilib qo‘yadi. Inson fanolik taqdiridan sira qochib qutila olgani yo‘q. Bas shunday ekan, u hayoti so‘ngida «men qandoq chidayman bunday xo‘rlikka» deganday afsusga cho‘kmasligi uchun Vatan maqsadlarini anglab, zahmatkash xalqi tashvishlarini yelkasida ko‘tarib yashashi lozim emasmi? Shavkatning «Bolakayga» degan she’ri so‘ngida shularni o‘qiymiz.

Ko‘zlaringdan kulib qaragan
Bir dohiyning siymosin ko‘rdim.
Cho‘kayapman tobora yerga
seni boshim uzra ko‘tarib.

Boshqa o‘rinda uning «Nogahon xayolim yorishib ketar, eslab kelajakning ulug‘larini, men sochib ketaman ko‘hna bag‘ringga o‘lmas g‘oyalarning urug‘larini», deya Yer bilan sirlashgan so‘zlariga duch kelamiz. Shoir kelajak ulug‘larini eslarkan, xayoli nurlanib ketadi. Zukko bolakayning nurli tonglari uchun u hamma ishga tayyor. Bular ham shaxs qismati va xalq istiqboliga daxldor javobgarlik dardi. Biroq Shavkat Rahmon javobgarlikni yolg‘iz shu zaylda tushunmaydi, miqyosni keng oladi. U qo‘rquv aralashmagan pokiza hissiyotlarda «Men sevgan daryolar shundoq qolurmi, men o‘ylatgan yo‘l qolurmi shundoq?» kabi bugun va moziy, zamon va kelajakka bog‘liq savollar qo‘yadi she’rda. Ba’zi birovlarga Shav katning yuqoridagiga monand savollari ajablanarliroq tuyulishi mumkin. Ammo «Shoiraning savoli», «Qizil askarlar», «Sulaymon tog‘ida o‘ylaganlarim», «Jangda o‘lgan emas…» «Oq devor tagidagi suhbat» va boshqa o‘nlab shiddatkor she’rlarni o‘qigan har qanday odam yosh shoir o‘z poetik savollariga nechog‘lik haqligiga darrov tan beradi. Aytingchi, yuksakda «o‘sgan pastkashlik»larning tubdan qulashini kim istamasligi mumkin? Hanuz-hanuzgacha goho:

Gapirib bo‘lmaydi moziy haqida,
moziy yuki og‘ir —
tashlab ketarli,
hali buzg‘unchi deb,
qo‘poruvchi deb,
yoqangdan olguvchi gumroh yetarli...

…Men Shavkatning «Shundoq qolurmi?» sida ona zamindan mana shunday gumroh, qulay vaqt kutib «sofdil odamlarning imonin yulishga» shaylanadigan «qilviri, o‘g‘rilar, olabo‘jilar» barham topish niyati bo‘lganligini anglayman.

Bugun qaysi nomard yov qolmadi der,
yolg‘on so‘ylaganlar, kammi yovlardan?

El molin talagan,
imonin buzgan,

fosiqlik qilganlar kammi yovlardan?

..Shavkat ismsiz dardlar shoiri emas. Uning iztiroblari aniq, yolqinli. Kurashi — muhabbat, ishqi esa kurash, ezgulik va Vatanga sadoqat. Uningcha, «qo‘rquv aralashgan muhabbat ayanchlidir». U she’rda shu e’tiqoddan chetga chiqmaydi, hammani bezovta etayotgan, ko‘pdan-ko‘p kishilar uchun yarog‘li va zarur ma’nolarga tez-tez murojaat etadi. Qarang shoirning mo‘’jaz bir she’rida insonlar ovozi — umuminsoniy og‘riqlar sadosi qanday yangraydi:

Jismimiz o‘ragan,
tikanli simlar,
tikanli fikrlar ichra ruhimiz,
nigohimiz kalta,
nursiz zindonlar —
yuraklarda chirir g‘am-anduhimiz,
Zamin parcha-parcha, qayga burilma —
ko‘ksingga g‘archillab qadalar tig‘lar…

Nainki, ahvol shu tarzda davom topaversa? Nainki, yuraklarda g‘am-anduhlarni chiritadigan «nursiz zindonlar» bashariyat «mulki» bo‘lib qolaversa? Yo‘q, nigohlar ham uzayadi, «tikanli simlar», «ko‘ksingga g‘archillab» qadalguvchi tig‘lar ham yo‘qoladi. Lekin buning uchun:

Qachon ellar tanir bir-birlarini,
qachon bu qit’alar
topishib yig‘lar?

Barchasi shu hamjihatlik, yaqinlikka bog‘liq, demoqchi bo‘ladi shoir. Shu joyda bir narsani qayd etib o‘taylik. Bashar taqdiri, jahon tashvishlari bilan qayg‘urish shoirning qon ehtiyoji. U ijodda umuminsoniy g‘oyalarni naqadar kengroq ifodalasa, o‘shancha ma’naviy yuksakliklarga ko‘tariladi, ammo ruhan milliy zamindan uzoqlashish, o‘z xalqi hayotidagi dolzarb masalalarni passiv badiiy tadqiq qilish hisobiga emas. Bunday vaziyatlarga she’r o‘rnida muallaq gaplar yig‘indisi yuzaga kelaveradi. Shavkatning she’riyati shu qusurdan xoli. Buning sabablaridan birini, uning tarixga to‘g‘ri va aqlli nigoh tashlay olish, qalbi zamonning ilg‘or tushunchalariga chanqoqlik salohiyati bilan izohlash mumkin. Shoir moziydan saboq bo‘larli ma’nolar topadi, xalq o‘tmishining nurli manzillarini bexato ilg‘aydi. She’rlarida buyuk bobolar yodi bilan xotira so‘zlarini tiklaydi. Biroq shoir lirik qahramonining dilini chulg‘agan xayollar — zamondoshlar hayoti, dardi va ko‘ngilda yongan tuyg‘ulari. U she’rlaridan birida o‘zini «Bahaybat yaproqlar diyoridanman» deya tanitadiki, bu—qadimiy O‘sh. Unda «har bir chechak, har bir giyoh» osmonni to‘sguday haybatli, gul va toshlar ulkan. «Ko‘k osmon yoyilmasida» suvlarning gulduroslari yangraydi. Yurt shukuhi, jonajon diyorning viqorli tabiati lirik qahramonda fikr qo‘zg‘aydi:

Bu diyor shu qadar ulug‘ bo‘lsa-da,
ulkan odamlarga naqadar zordir.

Buni u «cho‘yan o‘zanlarga sig‘masdan» «guldirab chopgan» suvlar, serjilo nurlardan uqadi. «Men buni uqaman, — davom etadi u yana,— erkalab zamin, ham asrab bag‘rida ko‘z qarog‘iday, bahaybat bo‘lgin deb, har bir bolaning mitti tovonlarin o‘pgan chog‘ida». Ammo ular kani? Qani «zamin alqagan, umidvor tikilngan» u «mitti daholar?» Ular bor. Ular biznning shafqatimizga, g‘amxo‘rlik va fidoyiligimizga muhtoj. Biz kelajagimizni «kichkina tashvishlar iskanjasi»ga topshirib qo‘ymasligimiz kerak. Taraqqiyot va hayotdagi to‘siqlarni bartaraf etish uchun havoyi, balandparvoz she’riy xitoblar butkul foydasizligi inobatga olinsa, mazkur satrlarning chuqur grajdanlik tuyg‘usi bilan yaratilganligi va g‘oyaviy-badiiy qiymati o‘z-o‘zidan ravshanlashadi.

Yigirmanchi asr—shiddatli, tengsiz texnik kashfiyotlar asri, fazoviy taraqqiyot va o‘zgarishlar davri. Shuning barobarida bu «pahlavon va jinoyatchi» asr mayda tashvishlarni xuruj ettirdi, maydakash kimsalarga bag‘ridan keng o‘rin berdi. O‘tkinchi harakat, orzu-tashvishlardan baland yashash qanchadan-qancha kishilarga nasib etmagandir. Shu ma’noda bolalar qismatiga loqayd qarash, Shavkatning lirik qahramoni ta’biri bilan aytganda, «Yer orzulari»ni «hirsu tamalarning kir panjasida» so‘ndirishdir.

She’riyat inson qalbidagi sovuq shamollarni quvadi. Mabodo unda muz qatlamlari paydo bo‘lgan bo‘lsa, ularni ham parchalay oladi. Demak, muz qotgan dillarda go‘zallik, olijanoblik, odamiylik havolari to‘ladi. Shavkatning ko‘pchilik she’lari ham sovuq yuraklarga otash soladigan, poeziyaga oshno ko‘ngillarni esa yanada yashnatadigan she’rlardir.

Shavkat Rahmon majoziy fikrlash, majoziy obrazlar vositasida so‘zlashga moyil ijodkorlardan. Uning «O‘jar daraxt», «Kallaklangan tutlar — birodarlarim» singari bir qancha she’rlari ham majoz uslubi, ham mohiyat yorqinligi jihatidan xarakterlidir…

«Izlab-izlab toparman bir kun» «o‘yimga mos kattakon yo‘lni.. .», deydi Shavkat. Bu yo‘l — shoir uchun haqiqat, kurash, g‘oyaviylik va mahorat yo‘li. Bu yo‘l — umrni baxsh etadigan ulkan «bir harakat» yo‘li. Biz shoirimiz izlab-izlab topgan yo‘l — yorug‘, hassos, tug‘yonli va «oylarga yetajak navolar» yo‘li ekanini bilamiz.

0 1-Shavkat Rahmon.jpgShavkat RAHMON
SHE’RLAR
08

VATAN

Joylashgansan shunchalar chuqur…
O‘z tubiga yashirgan yurak.
Senga yetib bormaklik uchun
Uzun umrim yetmasa kerak.

* * *

Sahar turdim, quyoshni kutdim,
Shudringlarda chaydim yuzimni.
Buloqlarga labimni tutdim
Va borliqda ko‘rdim o‘zimni.

Ko‘zlarimdan toshdi shuurim,
To‘lib ketdi bag‘rimga navo.
Mangulikday tuyuldi umrim,
Mangulikday tuyuldi dunyo…

O‘JAR DARAXT

Qushlaridan ayrilgan daraxt
jimlik bilan yasholmas birga.
Kuz tunida kezinar g‘udrab,
hech ko‘nika olmay taqdirga.

Chor atrofga qarar darg‘azab:
hatto so‘nggi qushi sarg‘aydi.
Ko‘targancha bo‘m-bo‘sh qo‘llarin,
U toshbag‘ir kuzni qarg‘aydi.

Yashab bo‘lmas bu g‘amgin bog‘da,
qotib qolgan qora chaqmoqday.
Qish tongida vazmin, xotirjam
yo‘lga tushar qorli so‘qmoqdan.

Yo‘l yursa ham mo‘l yurar, oxir
chor atrofga sevinib qarar –
bag‘ri to‘lar sayroq qushlarga,
yonib sayray boshlaydi daraxt.

* * *

Bolalarning ko‘zlari kerak,
juda kerak hayratli cho‘g‘lar –
bu dunyoning bor go‘zalligin
faqat so‘zlar u qora ko‘zlar.

Bolalarning qo‘llari kerak
daraxtlarga, yerga, maysaga,
bolalarning tillari kerak
dunyodagi har bir narsaga.

Oftob chiqar bolalar uchun,
bolalar-chun yashaydi shamol.
Dunyo turar bir bandi kabi,
ko‘ksida g‘am, ko‘zida malol.

Dunyo faqat bolalarniki…
Hayot qilgan ularga tortiq.
Faqat zo‘rlik bilan dunyoni
bolalardan olmangiz tortib!..

* * *

Ko‘rganmisiz ma’yus bahorni?
Goh-goh ma’yus keladi bahor –
O‘sh atrofi — adir, qirlarda
uni ma’yus ko‘rdim necha bor.

G‘ira-shira tong chog‘i har yil
paydo bo‘lar harir ko‘ylakda –
rangi siniq, sochlari yoziq-
misli sharpa, misli ko‘lanka.

U qabriston jimligi cho‘kkan
afsonaviy kenglikda kezar:
tavof qilar har bir askani*,
so‘qmoqlarni gullarga bezar.

So‘ngra terar qora toshlarga
arg‘uvon may to‘la jomlarni,
kimlarnidir yodlab, shivirlar
uzuq-yuluq, sirli nomlarni.

Men ko‘rganman ma’yus bahorni,
uning ma’yus suvrati ham bor.
Har yil kelar O‘sh qirlariga
telba bahor, jodugar bahor!..

* Aska — qoya

* * *

Borganimda har safar O‘shga,
Aravonga, Novqat yoqlarga,
eng avvalo, nazarim tushar
dovrug‘i yo‘q kichik tog‘larga.

Kichik tog‘lar bir zamonlar ham
ma’lum bo‘lgan ko‘p insonlarga,
nega o‘smay qolgan bu tog‘lar,
teng kelmagan Tiyonshonlarga?

Bu yurt yovga bo‘yin sunmagan,
tilanmagan yovlar shafqatin.
Balki tog‘lar ulug‘vor yerning
qotib qolgan ko‘hna nafrati.

Yo chindan ham yoshdir bu tog‘lar,
kelsa hamki ming yillar oshib,
yo hayotni baland ko‘tarib,
cho‘kkan buyuk tog‘larning boshi.

O‘Sh TOG‘LARI
Rassom Shuhrat Abdurashidov xotirasiga

Quladimi, cho‘kdimi bu tog‘,
tog‘ o‘rnida qoldi bir qabr?!.
Tog‘larini yo‘qotib, sarson –
ko‘zyosh to‘kar bir to‘da abr.

Quladimi, cho‘kdimi bu tog‘,
yuragimda ortdi dog‘larim?
Bilolmayman, o‘n yildan keyin
ko‘rarmanmi sizni, tog‘larim.

Yurt kezaman: yig‘lar yuragim –
bu qandayin razolat, ofat-
buyuk tog‘lar o‘rnida har gal
qabrlarni ko‘raman faqat.

Ko‘rmayin deb ketarman badar,
ketgan sayin yurakda dog‘lar:
xayolimdan ketmaydi biroq
yerga qarab o‘syotgan tog‘lar!..

OZODLIK QO‘SHIG‘I

Bu qo‘shiq ajoyib qo‘shiqdir,
so‘zlari kuydirar tomoqni,
o‘limni nazarga ilmaysan,
sezmaysan surgunu qamoqni.

Shaldiroq kishanlar hukmiga
achinmay berarsan yoshliging.
Yuzlaring burishmas og‘riqdan,
farog‘at bag‘ishlar ochliging.

Kuylasang, chekinar razolat,
chekinar kadarlar, nolalar.
Unchalik qo‘rqinchli emasdir
ko‘ksingda ezilgan lolalar…

DAVRA

Bu g‘aroyib davra qizigan —
ulfatlarning kayflari chog‘,
gap sotishar yuksak a’moldan,
ichlariga quyarkan aroq.

Goho o‘tmish, goh kelajakka
yo‘l-yo‘lakay kirib chiqishar,
hal qilishar olam taqdirin,
kimni qo‘yib, kimni yiqishar.

Og‘izlarda bulutday ko‘pik,
yuzlari oq, ichlari — qora.
qizig‘i, bu zotlar qaylarda
kimlarnidir qilar idora.

Gapirmasdi faqat bir odam,
na osh yerdi, na ichar aroq,
bu g‘alati davraga qarab,
ko‘zlarini ochar kattaroq.

Ro‘y berardi ajab hodisa:
hatto sig‘mas inson aqliga —
davradagi oyoqlar asta
kirar tuyoq, chovut shakliga.

Birida mol, birida eshak,
bittasida to‘ng‘iz tuyog‘i,
bo‘ripanja o‘sar birida,
boshqasida tulki oyog‘i…

Titrab ketdi to‘satdan Odam,
mana, navbat keldi o‘ziga —
hayron bo‘lib tikilib qoldi,
ishonmadi odam ko‘ziga.

So‘ng o‘rnidan turdi, tupurdi,
bu o‘tirish yoqmadi chog‘i,
olib ketdi oyoqlarini,
odamniki edi oyog‘i…

SULAYMONTOG‘DA O‘YLAGANLARIM

“Havosi xo‘b va oqar suyi farovondur. Bahori bisyor yaxshi bo‘lur. O‘shning fazilatida xeyli ahodis vorid bo‘libtur. Qo‘rg‘onining sharqi-janubiy jonibida bir mavzun tog‘ tushibtur, Baroko‘hka mavsum. Bu tog‘ning qullasida Sulton Mahmudxon bir hujra soldiribtur, ul hujradan quyiroq ushbu tog‘ning tumshug‘ida tarix to‘qquz yuz ikkida men bir ayvonliq hujra soldim. Agarchi ul hujra mundin murtafe’dir, vale bu hujra bisyor yaxshiroq voqe bo‘libtur: tamom shahr va mahallot oyog‘ ostindadur…”
Bobur, 1495 yil.

Yuksakda bo‘lsa-da
boshim egilgan —
yuksakka chiqdim deb kerilganim yo‘q.
Bir dam kulganim yo‘q,
suyulganim yo‘q,
sokin lahzalarga berilganim yo‘q.
Yo beg‘am yonboshlab to‘ralar kabi,
o‘tkir konyak ichib,
qazi yemadim
yoki barmog‘imni pastlikka nuqib:
“E, afsus, shular ham xalqmi?” demadim.

O‘yladim
yuksakka chiqqan chog‘imda
o‘z zotin,
o‘z otin unutganlarni,
qadimiy buloqlar ko‘zini ko‘mib,
azim daryolarni quritganlarni.
O‘lsam-da yodimdan chiqmaydi biri:
kibru havo bilan pastni kuzatib,
buzdirib tashladi yarim kechasi
to‘rt yuzu olmish yil turgan hujrani.
To‘rt yuz oltmish yillik
quyosh ham, suv ham,
eng qattol dushman ham qilmagan ishni
to‘ng‘izfe’l bir nokas bajarib ketdi,
avlod-ajdodiga olib qarg‘ishni.

Bundaylar kim o‘zi –
abadiyatning
nurli izlarini yo‘qotyotganlar,
elning qalbin buzib,
yodini buzib,
qarg‘ishu la’natga botib yotganlar?!
Yuksakda bo‘lsa-da
boshim egilgan,
yuragim yig‘laydi, Baroko‘h tog‘im.
Ko‘rib bo‘larmikan bu nokaslarning
qora kursilarga o‘tirar chog‘in?

Ammo to‘larmikin ko‘ngil shu bilan,
shu bilan ketarmi xotirdan g‘ashlik,
yuraklar kularmi,
qularmi butkul
shu bilan yuksakda o‘sgan pastkashlik?
Agar men baqirsam, yorilar osmon –
har damim olamning damin to‘zitar.
Ammo Baroko‘hda boshim egildi,
qarashga or qildim elning ko‘ziga.

Ey mirzo,
boshimni qandoq ko‘taray?!
Ey mirzo,
egikdir mirzolar boshi –
ko‘tarib bo‘lmaydi,
oyoq tagida
bo‘lsa-da bahaybat tog‘larning toshi.

O‘SHNI KЕZGANDA O‘YLAGANLARIM

Bahaybat yaproqlar diyoridaman,
ulkandir bu yerning‘ gulu toshlari.
Aylanar ko‘k osmon yoyilmasida
bahaybat suvlarning
gulduroslari…
Sabru irodadan to‘ralgan tog‘lar
ulkan davrlarning yo‘lchilariday.
Adirlar —
ummonning bir ko‘tarilib,
mangu to‘xtab qolgan to‘lqinlariday.

Bunda har bir chechak,
har bir giyohning
osmonni to‘sguday haybati bordir.
Qadim ohanglarday ulug‘ diyorning
o‘zidan ulug‘roq hasrati bordir.
Men buni uqaman
har bir narsadan
yog‘ilgan chog‘ida bahaybat bir nur,
cho‘yan o‘zanlarga sig‘masdan suvlar
guldirab chopganda uyur va uyur.
Men buni uqaman
erkalab zamin,
ham asrab bag‘rida kuz qarog‘iday,
bahaybat bo‘lgin deb,
har bir bolaning
mitti tovonlarni o‘pgan chog‘ida.

Ammo, qani ular,
zamin alqagan,
umidvor tikilgan mitti daholar?
Birining ko‘zida g‘alat dard ko‘rdim,
birining ko‘zida ko‘rdim jaholat.
Tobora kichrayib ko‘rinar ular
kichkina tashvishlar iskanjasida.
Shundoq so‘nib borar yer orzulari
hirsu ta’malarning kir panjasida.

Na’ra tortaymikin
tuqson to‘qqiz ming
pahlavon bobomning ovozin yig‘ib,
dahmalar qopqog‘in taqillataymi,
faryod qilaymikin osmonni yirtib?!
Qo‘pordim
yuragim hayqirig‘ini,
hayqiriq zaminu ko‘kka sig‘madi.
Bu yomon holimdan yorildi tog‘lar,
«Suvlari sirqirab toshlar yig‘ladi».
Mana shu lahzada polaponlarin
parvozdan, osmondan yiroq go‘shada,
suyibmas, cho‘qilab ulg‘aytayotgan
bir yirtqich,
bir vahshiy qushga o‘xshayman.

BAXT SO‘ZI

Baxtiyorman degan birgina so‘zni
aytish uchun kerak qancha kuch-chidam,
garchi baxt so‘zlarning eng yoqimligi,
garchi tursa hamki tilning uchida.
Og‘ir botmasmikin
bu so‘z kimgadir,
tegib ketmasmikin oh-vohlariga,
qandoq bardosh berib yashayman keyin
baxtsiz kimsalarning nigohlariga.

Avvalo bu so‘zni o‘zgalar aytsin,
aytsinlar ko‘zlari sevinchga to‘lib,
elning baxti uchun umrini tikkan
shoirlar aytmasin birinchi bo‘lib.
Bu so‘zni bir umr aytmay yashadim,
har shodlik kelganda yurdim sekinroq.
G‘am so‘zin elimdan avvalroq aytdim,
baxt so‘zin aytaman,
eldan keyinroq.

QODIRIY VA HOZIRGI YoSHLAR

Hozirgi yoshlarda
pokizalik bor,
tirik qalblariga diyonat ega,
go‘yo pok tabiat yomon ko‘zlardan
asrab qo‘yganlarin shularga bergan.
Agar tirik bo‘lsa, bir chetda turmay,
hozirgi yoshlarga sardor bo‘lardi,
goh ko‘kdan yog‘ilgan,
goh yerdan chiqqan
tuhmatu baloga qalqon bo‘lardi.
Hozirgi yoshlar ham turarmidi jim,
yig‘ishitirib qo‘yib shaxsiy hasratin,
o‘z nafsi yo‘lida har nega qodir
yuvuqsiz kaslardan uni asrardi.
Sindirib tashlardi
uning bo‘g‘ziga
o‘rlagan qo‘llarni bittama bitta,
bor ovozi bilan polonchilarmas,
xalqning bolasiman degan yigitlar.

Qodiriy o‘ylanar yuksak-yuksakda,
payqamay vaqtning to‘su to‘slarin,
poyiga qo‘yadi qo‘llari titrab
qarigan gullarin
sodiq do‘stlari…

Ammo u yuksalgan ulug‘vor toshday,
ko‘rmas do‘stlarining yig‘inlarini.
Eshitmas jomlarning jaranglari-la
otashin alyoru yig‘ilarini.
Bilmadim,
do‘stlarin tanirmidi u,
poyiga barini haydab keldi vaqt…
Bas, ey, Qodiriyning poyidagilar,
u do‘stlar ovozin eshitar faqat.
Vaqt kelib,
qarisa hozirgi yoshlar,
to‘la uzmoq uchun umrlik qarzin:
voy, do‘stim, jigarim, birodarim
Qodiriy poyida yig‘lasa arzir.
Shunda bir seskanib,
chin do‘stlariga
o‘zining moziydek quchog‘in ochib,
yuksakdan egilar,
ming bor egilar,
tuproqqa tekkuncha nuroniy boshi.

OQ DЕVOR TAGIDAGI SUHBAT

Gapirib bo‘lmaydi moziy haqida,
moziy yuki og‘ir, —
tashlab ketarli,
hali buzg‘unchi deb,
qo‘poruvchi deb
yoqangdan olguvchi gumroh yetarli.
Yaxshisi, moziyni toshbo‘ron qilib,
farzand o‘stirganlar qavmiga ergash.
Eslama, qachondir Yassaviy kabi
daholar qay sabab kirganin yerga.
Moziy qora maskan —
zarracha nur yo‘q.
hayratga soluvchi biror shuur yo‘q,
jaholat, hamoqat —
bari moziyda,
dilni yoritguvchi zarra surur yo‘q.

Mo‘’jiza yuz berdi,
ko‘z o‘ngimizda
birdan oppoq devor ketdi qizarib,
hech kim ko‘rmasin deb oqlab tashladik,
amallab yashirdik qizil izlarin.
Ertaga ham oqlab qo‘yamiz, agar
qizillik ko‘rinsa oqlik o‘rnida.
Agar indingacha…
ungacha vaqt bor,
balki qizarmaydi,
balki ko‘nikar.

* * *

Hali biror ishni uddalamadim,
hali hech kimsani qilmadim rozi,
behuda o‘tibdi go‘zal umrimning
qanchalab chiroyli bahori, yozi.
Farog‘at borligin unutib qo‘ydim,
bag‘rimga chaqinlar tegdi daf’atan,
Sendan-da ulug‘roq narsa yo‘qligin
sochim oqarganda angladim, Vatan!
Buncha kech angladim,
nega muncha kech…
anglasam loaqal o‘ttiz yil avval,
loaqal tug‘ilmay turib anglasam…
Ko‘rgan bo‘larmidim seni mukammal.

Hali asl Vatan bo‘lmog‘ing uchun
ovozi toshlarni yorar kuychilar,
qanchalab sehrgar shoirlar kerak,
qancha bilim kerak,
qancha kuch-chidam.
Umrim ko‘chkilarday jimjit, shiddatli,
butkul tinmoq uchun bir kun bemalol
faqat yaxshi bo‘lmoq judayam kamdir,
juda kamlik qilar yashamoq halol.
Naqadar kechikib angladim seni,
chaqinlar yo‘q qilsa meni daf’atan,
ayt, qandoq chidayman bunday xo‘rlikka,
ayt, qandoq yotaman qa’ringda, Vatan!

GULLAYOTGAN TOSH

Manovi qora tosh —
Vaqt kaftlarida
trillion marotaba kichraytirgan tun
jonsizday yotarkan, o‘tkir ko‘zimga
tobora shubhali ko‘rinar har kun —
go‘yoki jonliday,
go‘yo bir kuni
to‘satdan gurkirab gullaydiganday,
go‘yoki hozircha o‘tmas ko‘zlardan
sirlarin yashirib uxlayotganday.
Go‘yoki kuzatib o‘tkinchilarni
mangu harakatning yukin tashirkan,
zo‘r berib o‘ylaydi:»Qay asr qulay,
sirin ochsa bo‘lar qaysi asrga?…»

Tosh ham gullarmi deb
minglab kaltabin
gurzisin do‘layib yig‘ilgan paytda,
mardona iljayib, ko‘rasiz, dedim,
bir kuni gullaydi bu tosh albatta.
Balki tosh hoziroq
gullayotgandir,
ming rangli jiloda yashnab, o‘zgarib,
balki bu gullarni ko‘rmayotgandir
hatto shoirning ham o‘tkir ko‘zlari…

YoSh O‘ZBEK SHOIRLARIGA

So‘zlarni qayraylik,
obdon toblaylik,
idrok-la sovutib tag‘in qayraylik,
O‘zbekning qorako‘z bolalariga
bitta dunyo qolsin hayratlik.
Bitta dunyo qolsin mustahkam,
eshilgan po‘latday daryolar qolsin,
Chaqilmas toshlarday bir tog‘lar qolsin,
musaffo xayollar,
samolar qolsin.

So‘zlarni qayraylik,
do‘stlar, jo‘ralar,
g‘aflat to‘shagida yotmay, shoshaylik:
yashamoq, kurashmoq, o‘lmoq sirlarin
bolakaylar uchun ochaylik.
Bitta dunyo qolsin mustahkam,
unga posbon bo‘lsin o‘tkir she’rimiz,
tokim bu daryolar bemalol oqsin,
bolalarga qolsin jannat yerimiz.

So‘zlarni qayraylik,
tag‘in qayraylik,
tokim keskir bo‘lsin bamisli olmos.
O‘tkir so‘z qolmasa shoirlaridan,
o‘tkir so‘z qolmasa…
hech narsa qolmas.

MUNOJOT

Faqat ishq…
Faqat ishq…
Boshqasi sarob,
boshqasi shamolning oniy suroni.

Qirqta tar gulimni ayladim xarob,
qirqta qul ko‘zi-la ko‘rdim dunyoni.
Qirqta qora qul yotar moziyda,
qirqta cherigini yo‘qotgan bekman.
Abadiy ayrildim qirqta g‘oziydan,
boshimni toshlarga ursammi deyman.
Bu dunyo nimadir?
Barini ko‘rdim,
sultonu gadoning qa’rini ko‘rdim,
G‘azzoliy sig‘magan tuban olamda
shaytondan to‘ralgan g‘ayirni ko‘rdim.

Faqat ishq…
Ishq guli…
Samoviy gulim…
bir nafas dilimga posibon bo‘lsin,
tokim shul nafasda qirq birinchi qulning
yorug‘ lablarida xo‘rsiniq so‘lsin.
Tuhmat murdalari qalashib yottan,
ig‘volar qurtlagan sho‘rlik diyorda
zamonu makonin butkul yo‘qotgan
bir ulug‘ faryodning
bolasi zorman.
Ay, qilichday tuyg‘u,
ay, qotil tuyg‘u,
bas, ortiq qiynama kimsasiz dashtda,
yuzimga yuzini qo‘ysin o‘shal gul,
dilimning qa’rini chavaqlab tashla!

IQROR

Rubobiy she’r yozsam…
qaytsam bir nafas…
hamisha musaffo chashmani ko‘rsam,
qoraygan cho‘qqilar qoriga qarab,
bir nafas xayolchan o‘smirga do‘nsam.
Voh, o‘shal lahzalar…
o‘tdimi butkul
gunafsha atirli tansiq tuyg‘ular,
sahargi bog‘larni uyg‘otgan bulbul,
oylarning nurlarin elagan suvlar.

Yashil shajar edim…
Qandoq sog‘indim…
ko‘zimni yashnatsa rubobiy ranglar.
Qaysi bir dunyoga buncha og‘rindim,
dilimni qaritdi besamar janglar.
Men jangchi emasdim,
men shoir edim,
nihoyat shoirdan ko‘ra zobitman,
har nafas musulmon millatim dedim.
nafsiga kuyganlar keldi oqibat.
Haromni xush ko‘rgan malakfurushlar
zig‘irday himmatin qilganda minnat,
yaproqday sarg‘ordim buyuk urushda
musulmon yo‘q edi,
yo‘q edi millat.

Bas, qushlar sayroqi,
yaproqlari mo‘l
yashil shajar kabi turay mushakkal,
ilhomim haqida so‘ylasinlar xo‘b,
zaharli tilimdan to‘kilsin shakkar.
Rubobiy sabolar ruhimdan esing,
qaytadan uyg‘onsin ilohiy tug‘yon.
Voh, yalang shoxlarim qilichday keskir,
bir yaproq qolmaptir shivirlayturg‘on.

Shavkat Rahmon. Saylanma (1997) by Khurshid Davron on Scribd

045

(Tashriflar: umumiy 15 422, bugungi 1)

2 izoh

  1. Haqiqat doim tugal bo`lgani ma`qul. Nima Shavkat Rahmonni Oshga ketishga majbur qildi: bu to`g`rida mish-mishlar yuradi. Aniq bir ma`lumot bormi?

    Javob: Mish-mish baribir mish-mish. Shavkat Rahmon hech qachon O’shga ketib qolmagan.

  2. «Гунафша атирли тансиқ туйғулар»и, кўзини «яшнатган рубобий ранглар»ини бизга илинган шоир хотираси қалбимизда яшайди.
    kh-davron.uz ва ўз мақолалари билан бизни хушнуд этаётган Устозимизга ташаккур.

Izoh qoldiring