Ivan Bunin. Uch hikoya.

09у

Иван Алексеевич Бунин (10 (22) октябрь 1870, Воронеж — 8 ноябрь 1953, Париж) —  буюк рус адиби. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби(1933).  Ҳам шеъриятда,ҳам насрда тенгсиз асарлар яратган Бунин жаҳон адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан бири. Унинг шеърлари шахсан мени ҳамиша ҳаяжонга солган,олис мозий рангу оҳанглари мужассам бўлган балладанамо шеърлари менинг ижодимга кучли таъсир кўрсатган.
Бир ойча аввал биз сизга Буниннинг уч ҳикояси таржимасини тақдим этган эдик,бугун ҳам адибнинг уч ҳикояси таржимасини саҳифамизга қўймоқдамиз.   Таржималарини кутубхонамизга тақдим этгани учун Олима Набизодага самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз ва ундан янги таржималар кутиб қоламиз.

011

Иван Бунин
УЧ ҲИКОЯ

ЮЗ РУПИЯ*

Мен бу аёлни бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисида кўриб қолдим. Меҳмонхона кўҳна голландча иморат бўлиб, океан соҳилидаги ям-яшил кокосзор бағрида жойлашган эди. Ўша кунлари ўзим ҳам шу жойда дам олаётган эдим. Кейин ҳар куни уни шу ерда кўрадиган бўлдим. У айвондан икки қадам нарида бўлган уйнинг енгилгина, иссиқ сояси тушиб турган жойда қамиш креслода ярим ётган ҳолда ястаниб оларди. Баланд бўйли, маллатоб, қийиқ кўзли, канопдан тикилган куртка ва тор шим кийиб олган дастёр йигитча шағал ётқизилган йўлка бўйлаб ялангоёқ ғарт-ғурт қадам ташлаб келарди-да, кресло ёнидаги столчага патнисни қўяр, патнисда тилло пиёлада чой бўларди. Дастёр қуруқшаб, ботиқ лунжи томон тортилиб кетган лабларини қимирлатмасдан тавозе билан бир нималар дерди-да таъзим бажо келтириб, яна қайтиб кетарди. Аёл эса ярим ётган кўйи похол ёлпиғич билан ўзини аста-аста елпир, қора бахмалдек ғаройиб киприкларини бир маромда пирпиратар эди… У ер юзида яратилган қайси тоифадаги махлуқот оиласига мансуб?
У обдон тобланган, данакдек аёл эди. Қаҳрабо кўкраклари, елкалари, қўллари ва оёқлари тиззасигача яланғоч бўлиб, баданига, сонларига кўм-кўк ялтироқ мато ўраб олганди. Сариқ оғочдан ясалган сандалига лакланган қизил тасма тортилган, оёқчаларининг қизилга бўялган тирноқлари тасма орасидан кўриниб турарди. Қатрон сочлари бошига ғанак қилиб турмакланган, бу дағал кўриниш унинг болаларча маъсум қиёфасига асло мос эмасди. Қулоқчаларининг солинчакларида ғовак тилла сирғалар тебранарди. Қоп-қора киприклари ақл бовар қилмас даражада узун ва ғаройиб эдики, Боғи Эрамда гулдан гулга учиб-қўниб юрган капалакларни эслатарди; улар жаннатий ҳинд гулзорларида ҳам гоҳида хаёл мисоли кўзга ташланиб қоларди… Гўзаллик, ақл-идрок, аҳмоқлик каби сўзлар асло унга ёпишмасди, гўё барча инсоний хусусиятлар унга бегона эди. Дарҳақиқат, у бошқа сайёрадан келиб қолган жонзотга ўхшарди. Соқовлик — унинг сўзсиз суврати эди. У ярим ётган кўйи миқ этмасди, қоп-қора бахмалдек киприк-капалакларини бир маромда пирпиратар, елпиғич билан ўзини аста-аста елпир эди…
Бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисига рикша* жадал кириб келди. Одатда, мен мана шу рикшада шаҳарни сайр этиб қайтардим. Дастёр йигитча айвон зинапоясида истиқболимга пешвоз чиқиб таъзим бажо келтирди-да, паст товушда:
— Сэр, юз рупия, — деди инглизчалаб.
Бу – уша санамнинг бахоси эди. Афсус…

1944, 24 май

*Рупия Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа Ҳинд океани ҳавзасида жойлашган мамлакатларда пул бирлиги; харид қуввати ҳар хил /тарж. изоҳи/.
*Рикша — ҳаммол тортиб юрадиган ғилдиракли безакдор аравача, унда йўловчи ёки юк ташиш мумкин /тарж. изоҳи/.

4

ҚАСДЛАШУВ

Августнинг охирларида Канндаги пансионга бордим; денгизда чўмилиб, табиатдан нусха кўчириб, ижод қилмоқчи эдим. Анави ғалати аёл ҳар куни эрталаб каҳва ичар, ўзи алоҳида столда ўтириб тамадди қилар, доим ўйчан, тунд қиёфада юрар, чор-атрофдаги одамларга эътибор бермас, қаҳвахўрликдан сўнг қайси гўрларгадир ғойиб бўлар, кечгача қорасини кўрсатмас эди. Пансионда бир ҳафтадан бери яшаётган бўлсам-да, ҳамон ўша аёлни қизиқиб кузатиб юрардим: қоп-қора сочлари қалин, билакдек бир ўрим сочи орқасига ташлаб қўйилган, сочлари бошини чулғаган, қадди-қомати келишган, соғлом, эгнида қора-қизил мовут кўйлак, истараси иссиқ, лекин қиёфаси тунд… Бизга ўн беш ёшлар чамасидаги эльзаслик қиз ош-овқат, чой-нон келтириб берар, бажонидил хизматимизни қиларди. Ёш бўлса-да сийналари бўлиқ, тўлишган, тўлишиб яна-да очилиб кетган, тантиқроқ, лекин ёқимтой ожиза эди. У бировнинг гапини худди ҳуркак оҳудек кўзларини пирпиратиб, жилмайиб тингларди. Уни бир гал йўлакда учратиб қолиб саволга тутдим:

— Dites, Odette, qui est cette dame?
— Quelle dame, monsieur?
— Mais la dame brune, la-bas?
— Quelle table, monsieur?
— Numero dix.
— C’est une russe, monsieur.
— Et puis?
— Je n’en sais rien, monsieur.
— Est-elle chez vous depuis longtemeps?
— Depuis trois semaines, monsieur.
— Toujours seule?
— Non, monsieur. Il y avait un monsieur…
— Jeune,sportif?
— Non, monsieur… tres pensif, nerveux…
— Et il a disparu un jour?
— Mais oui, monsieur…
«Гап буёқда экан-да! – деб ўйладим. – Энди баъзи нарсалар ойдинлашяпти. Лекин у эрта билан қайси гўрларга даф бўляпти экан? Ҳамон севгилисини излаяптими?»
Эртаси куни қаҳвахўрликдан сўнг, одатдагидек, хонамдаги очиқ деразадан шағал ғичирлаши эшитилдию пансион боғчасига мўраладим: у одати бўйича ялангбош, кўйлаги рангидаги шамсиясини кўтариб тез-тез юриб кетиб борарди. Оёғида қизил пойабзал. Мен дарҳол ҳасса
билан шамсияни олиб, унинг орқасидан эргашдим. У кўча бошига бориб Карно хиёбони томон бурилди, мен ҳам ўша муюлишдан бурилдим. Ўйладимки, ўз хаёллари билан банд бўлиб орқасига қарамайди, пойлаб бораётганимни сезмайди. Дарҳақиқат, то вокзалга боргунча орқасига бир марта ҳам назар ташламади. Вокзалда учинчи тоифали вагонга чиқаётган чоғда ҳам орқасига ўгирилиб қарамади. Поезд Тулонга борарди. Мен ҳам ҳар эҳтимолга қарши Сен-Рафаэлгача чипта олиб, қўшни купега чиқдим. Чамаси, у олисга кетаётган йўловчига ўхшамасди. Хўш, қаёққа кетяпти?.. Напулада, Тэулада деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ниҳоят, поезд Трэйясда бирпас тўхтаган пайт яна бошимни чиқардим-у, бекатни тарк этаётган аёлни кўриб қолдим. Вагондан сакраб тушиб яна унинг орқасидан йўл олдим. Бу сафар олис масофадан таъқиб этиб боравердим. Узоқ юрдик – денгиз ёқасидаги тик жарлик ёнидан ўтган эгри-бугри муюлишлар, ёш қарағайзор оралаб ўтган нишаб тошлоқ сўқмоқ ҳам орқада қолди. Шу сўқмоқ орқали соҳилга тик кесиб чиқилса, йўл хийла қисқарарди. Ўрмон билан қопланган кимсасиз серқоя кўрфазча томон тоғ қиялаб борар, соҳилга етгач тик кесилган табиий девор ҳосил бўлар эди. Вақт пешинга яқинлашиб қолган, кун иссиқ, қилт этган шабада йўқ, игна баргли арчазордан таралаётган хушбўй ҳид димоқни ёраман дерди, атрофда зоғ учмас, тиқ этган товуш эшитилмас, фақат чағалайлар сув сатҳида юзиб юрар, онда- сонда чиғиллаб қўйишар эди. Денгизнинг очиқ бўлган жануб томони ялт-юлт этиб кўзни қамаштирар, йирик-йирик кумуш юлдузчалар сапчиб қирғоққа уриларди… Ниҳоят, у оғирлигини орқага ташлаб югурганча сўқмоқ бўйлаб ям-яшил кўрфазчага тушди. Кўрфазча тўқ қизил қоялар орасида пайдо бўлган эди. Шамсиясини қумлоққа ташлаб шоша-пиша ечина бошлади. Оёқяланг эди. Мен сертош қояга ётиб олдим, у қоя остига қорамтир гулли кўйлагини ечиб ташлади. Унга қараб, ҳойнаҳой, чўмилиш куйлакчаси хам корамтир-тунд булса керак деб уйладим. Бирок, куйлак остида ҳеч қандай чўмилиш куйлакчаси йўқ, фақат калтагина пушти сорочка бор эди, холос. Сорочкасини ҳам ечиб ташлади; у офтобда обдон тобланган, баданлари қаҳрабо тусига кирган, соғлом, бақувват эди. Қип-яланғоч ҳолда оқаришиб турган тип-тиниқ сувга кириб борди; чиройли тўпиқларини эгиб-тўғрилаб, орқаларини намойишкорона ўйнатиб, қуёшда қорайган белларини кўз-кўзлаб сувга шўнғиди. Сувда жимиб қолди, афтидан, сувда акс этаётган қуёш нурлари кўзларини қамаштирган эди. Кейин оёқларини ўйнатиб сувни шалоплатди, сув тубига чўнқайиб ўтирди, сувдан бошини чиқариб бир айландию оёқ-қўлларини кенг ёзиб сув устига ётиб олди; аста-секин юзиб қумлоқ соҳилга чиқди, тирсагини тираб қумга бошини қўйди. Кумуш тикондек ялтираб, бир маромда сокин чайқалаётган бепоён денгиз гуё уфққа сингиб кетарди. Соҳилга туташ кўрфазча ва шинамгина серқоя манзил тобора қизиб борарди. Қоядан иборат дим бўшлиқда, мўъжаз жануб ўрмонида шу қадар теран сокинлик ҳукм сурардики, пастимдаги қумлоқда кўксини қумга бериб ётган аёлнинг ялтираб турган елкаларига, икки тилим орқаларига, кенг ёйилган оёқларининг орасига урилаётган шаффоф мавжларнинг майин чалоплаши ҳам бемалол эшитиларди. Мен харсанг орқасига яшириниб олиб яланғоч гўзалликни зимдан кузатиб ётар эканман, борган сари бетоқатланиб, бу қилиқ ғирт бемаънилик, сурбетлик эканини паққос эсимдан чиқариб юбордим. Қаддимни тиклаб трубкамни тутатиб тамаки чека бошладим. Дафъатан аёл ҳам бошини кўтардию пастдан юқорига – мен томон ажабланиб тикилиб қолди. Бирок, аввал қандай ётган бўлса, ўша ҳолатда чўзилиб ётаверди. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдан каловланиб ўрнимдан турдим. Аёл биринчи бўлиб тилга кирди:
— Мен йул бўйи орқамдан биров эргашиб келаётганини сезган эдим. Нега эргашдингиз?
— Кечирасиз, шунчаки қизиқувчанлик… – дедим гапни айлантирмасдан.
— Ҳа, кўриниб турибди, қизиқувчан экансиз. Мен хакимда сураб-суриштирганингизни Odette айтган эди. Сизнинг рус эканингизни тасодифан эшитиб қолганман, шу боис ҳозир унчалик ажабланаётганим йўқ – ҳамма руслар ҳаддан зиёд қизиқувчан бўлади. Бироқ, айтинг-чи, нима учун орқамдан эргашиб келдингиз?
— Аввало, қизиқувчанлигим, қолаверса, касбим шунақа.
— Биламан, сиз рассомсиз.
— Сиз эса расмбоп аёлсиз. Бундан ташқари, хар куни эрталаб қаёққадир ғойиб бўлардингиз. Бу ҳол кўнглимга ғулғула солди: қаёққа? нима учун? Ҳатто нонушта қилмасдан кетардингиз. Ваҳоланки, пансион аҳли бундай қилмайди. Боз устига, турқ-атворингиз ҳам бошқаларникидан фарқ қилади, доим бир нарсани ўйлаб юрасиз. Ёлғиз бўласиз, миқ этмайсиз, қандайдир яширин сирингиз борга ўхшайди… Энди, ечинаётганимни кўриб нима учун қайтиб кетмадингиз, деб сўрамоқчимисиз…
— Текин томошани ташлаб гўрга кетармидингиз, — деди. Бирпас сукут сақлаб, қўшиб қўйди: — Ҳозир сувдан чиқаман. Бир дақиқа тескари қараб туринг, кейин буёққа келасиз. Сиз ҳам мени қизиқтириб қолдингиз.
— Ўлсам ҳам тескари бурилмайман, — деди. – Мен рассомман, қолаверса, биз ёш бола эмасмиз.
— Бўпти, менга бари бир,- деди у елкасини қисиб.
Сўнг баралла ўрнидан турди, олд тарафдан аёллик таровати рўй рост намоён бўлди. Шағални ғичирлатиб шошилмасдан олға юрди, пушти сорочкасини бошига ташлади, кейин кўйлакча бўйнидан жиддий қиёфаси кўринди, кийим ҳўл баданига ёпишиб қолди.
Мен унинг ёнига югуриб тушдим, ёнма-ён ўтирдик.
— Балки, трубкадан ташқари, папиросингиз ҳам бордир? – деб сўради.
— Бор.
— Менга ҳам беринг.
Папирос бериб, гугурт чақдим.
— Раҳмат.
Тутунни ичига тортиб олис-олисларга нигоҳ ташлади, оёқ бармоқларини ўйнатди.
— Ҳозир ҳам сизга ёқяпманми? – деб сўради кесатиқ аралаш.
— Бўлмасам-чи! – деб хитоб қилдим. – Офатижонсиз, баданингиз, сочларингиз, кўзларингиз… фақат тунд қиёфангиз ғалати кўриняпти.
— Ростини айтсам, кўнглимга ёмон бир ниятни тугиб қўйганман.
— Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлагандим. Сиз яқинда ким биландир ажрашгансиз, кимдир сизни ташлаб кетган…
— Ташлаб кетмади, итқитиб юборди. Мени ташлаб қочиб кетди. Билардим, у адойи тамом бўлган кимса эди, лекин унга кўнгил бердим. Кейин маълум бўлдики, қип-қизил битта аблаҳни яхши кўрган эканман. У билан бундан бир ярим ойча муқаддам Монте-Карлода учрашдик. Ўша оқшом казинода қимор ўйнаб ўтирган эдим. У ҳам ёнимда туриб қимор ўйнарди, кўзларини олайтириб шарчаларни кузатарди. Омади чопиб кўп ютди, бир марта ютди, икки, уч, тўрт… Мен ҳам анча-мунча ютуқни қўлга киритдим, у ҳаммасини кўриб турарди. Тўсатдан: «Тамом, пишти! Assez! – деб мен томонга ўгирилди-да: — N’est-ce pas madame?» — деб қўшиб қўйди. «Ҳа, пишти!» дедим кулиб. «Ие, русмисиз?» «Кўриб турибсиз-ку». «Ундай бўлса, кетдик – кайф-сафо қиламиз!». Унга разм солдим – афтидан азоб кўрган одамга ўхшарди, лекин хийла келишган… Кейин нима бўлганини тасаввур этиш қийин эмас.
— Ҳа, қийин эмас. Кечки овқат пайтида апоқ-чапоқ бўлиб, тинмай гап сотгансизлар, хайрлашадиган пайт келганда ажаблангансизлар…
— Тўппа-туғри. Биз хайрлашмадик, бир-биримизга ёпишдик-қолдик, ютиб олган пулларимизни совура бошладик. Монте-Карлода, Тюрбида, Ниццада яшадик. Канн билан Ницца оралиғида, йўл бўйларида жойлашган қовоқхоналарда нонушта, тушлик қилардик. Сиз у жойлардаги нарх-наволар осмонда эканини билсангиз керак?! Ҳатто маълум муддат Cap d’Antibes меҳмонхонасида ҳам яшадик, ўзимизни бой-бадавлат этиб кўрсатишга ҳаракат қилдик… Ҳамёнимизнинг таги кўриниб қолди, охирги майда-чуйдамизни тўплаб Монте-Карлога йўл олдик, лекин бу сафаримиз ҳалокат билан якунланди. У бирёқларга гум бўлиб кетиб пул топиб келар, аммо бу пуллар аввалгиларга нисбатан арзимас миқдорда – эллик, юз франкдан ошмас эди… Сўнг менинг сирғаларимни, ҳатто никоҳ узугимни, ичдан буйнимга таўиб юрадиган тилло хочимни, бир пайтлар мен эри бор хотин эдим, қайси гўрларгадир элтиб сотиб юборди…
— Албатта, эрта-индин биров жуда катта қарзини тўлайди, нуфузли, сармоядор дўстларим, таниш-билишларим бор деб ишонтирган.
— Ҳа, худди шундай бўлган. Унинг ўзи ким эди? Аниғини ҳозир ҳам билмайман. Ўзининг ўтмиши тўғрисида батафсил, аниқ гапиришни истамасди, мавзуни дарҳол бошқа томонга буриб юборарди. Ўзим ҳам бунга унчалик эътибор бермасдим. Биласиз, кўпчилик муҳожирларнинг кечмиши бир хил бўлади: Петербург, ажойиб ҳарбий қисмда хизмат, кейин инқилоб бошланади, Истанбул… Эски оғайнилари ёрдами билан Парижда гўё яхшигина мавқега эга бўлади, истаган жойга қўли етади, ҳозирча Монте-Карлода вақтихушлик қилади ёки Ниццада бирорта обрў-эътиборли дўстининг пинжига кириб олиб… Хуллас, шунақа гаплар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. Мен бўлсам кундан кунга руҳан тушиб, ёруғ дунё кўзимга тор кўриниб борарди, у эса мийғида кулиб: «Хотиржам бўл, менга ишонавер, Парижда ҳозир биз учун елиб-югуришяпти, бопладим – нима қилганимни сенга айтиб ўтирмайман, барибир ақлинг етмайди, буёғини ўзимга қўйиб бер», деб таскин берарди.
— Хўш-хўш?
— Нима «хўш»?
У бирдан кўзларини чақнатиб менга қарадию ўчиб қолган папиросини узоққа отиб юборди.
— Сизга буларнинг ҳаммаси кулгули туюляптими?
Мен қўлидан тутиб маҳкам сиқдим.
— Шундай дейишга уялмайсизми?! Мен сизни Медуза ёки Немезида киёфасида тасвирламокчиман.
— Улар қасоскор санамларми?
— Ҳа, жуда ёвуз.
У маъюс жилмайди.
— Немезида! Яна қанақа Немезида?! Йўқ, сиз ёмон одамга ўхшамайсиз… Яна битта папирос беринг. У чекишниям ўргатди… Ҳамма нарсага ўргатди!
Папиросни тутатиб, яна олис-олисларга назар ташлади.
— Дарвоқеъ, чўмилиш учун шунча жойга келганингизни кўриб ниҳоятда ажабланган эдим. Ҳар куни бўзчининг мокисидек лўкиллаб юришдан зерикмасмикан деб ўйлагандим. Энди билсам, сизга ёлғизлик керак экан.
— Тўғри.
Қуёш тобора забтига олиб қиздирарди, ҳовур ва хушбўй ҳид кўтарилаётган қарағай шохларига қўниб олган чирилдоқлар аччиқлангандек зўр бериб чириқларди. Аёлнинг қоп-қора сочлари, очиқ елкалари, оёқлари қизиб кетганини сезиб турардим.
— Юринг, салқинга ўтайлик, кун ёндираман деяпти. Ғамгин тарихингизнинг давомини ўша ерда гапириб берасиз, — дедим.
У уйқудан уйғонгандек сесканиб:
— Кетдик, — деди.
Биз ярим доира шаклидаги кўрфазчани айланиб ўтиб, қизил коя остидаги салқин жойга ўтирдик. Бу ер ёп-ёруғ, лекин дим эди.
Мен яна унинг қўлини олиб, қўйиб юбормадим. У буни сезмади.
— Энди давоми нима бўларди? – деди. – Мен ҳақиқатан ҳам жуда хунук, шармандали ўша воқеани эслашни-да истамай қолдим. Ҳойнаҳой, сиз мени гоҳ анави-гоҳ манави фирибгарнинг кунда-шундаги жазмани бўлса керак деб ўйлаяпсиз. Ҳечам ундай эмас. Менинг ўтмишим ҳам бошқаларникидан унчалик фарқ қилмайди. Эрим дастлаб Деникиннинг, сўнг Врангелнинг Кўнгилли армиясида хизмат қилган, тақдир тақозоси билан Парижга келиб қолганимиздан кейин, албатта, шофёрлик қилди. Лекин аста-секин ичкиликка ўрганди, охир-оқибат ичкиликка шу қадар ружу қўйдики, ишдан ҳайдалиб, ялангоёқ дайдига айланди-қолди. Энди у билан бирга яшай олмасдим. Уни охирги марта Монпарнасда, «Доминика» остонасида учратдим. Албатта, русларнинг шунақа қовоқхонаси борлигини билсангиз керак? Тун, ёмғир, у бўлса йиртиқ этикда кўлмак кечиб юрибди, қаддини дол қилиб ўтган-кетганнинг ёнига чопиб боради, қўлларини чўзиб садақа сўрайди, одамларга ёрдамлашмоқчи бўлади, аслида, таксидан тушаётган йўловчиларга ҳалақит берарди, холос… Мен серрайиб колдим, ундан кўзимни узмасдим. Аста унга яқинлашдим. Таниди, қўрқиб кетди, хижолат бўлди. Сиз унинг қандай ажойиб, меҳрибон, хушмуомала инсон эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Қотиб қолди, ўзини қўярга жой тополмасдан менга тикилди: «Маша, сенмисан?» Бужмайган, уст-боши бир аҳволда, соқолига устара тегмаган, ҳаммаёғини сариқ жун қоплаган, шаллоба бўлган, совуқда дир-дир қалтирайди… Ҳамёнимда бор пулимни унга бердим, ҳўл, муздек қўли билан қўлимдан ушлаб билакларимни ўпа бошлади, елкалари силкинди, товушини чиқармасдан йиғлади. Хўш, қўлимдан нима ҳам келарди? Фақат икки-уч марта ҳар ойда юз, икки юз франкдан пул жўнатиб турдим. Парижда менинг шляпа тикадиган устахонам бор, мўмайгина даромад қиламан. Бу ерга мен ҳордиқ чиқаргани, чўмилгани келганман. Мана, кўрмайсизми… Эрта-индин Парижга қайтаман. Анави фирибгарни топиб қулоғининг остига «шалва қайнатиб» қўйсам, жанжал кўтарсам – жуда бемаъни иш бўлар экан. Биласизми, мен бунинг бемаънилигини қачон расмона тушуниб етдим? Ҳозир билдим, сиз туфайли билдим. Бошимдан ўтган саргузаштни гапириб бердим-у, бирдан англаб қолдим…
— Ажаб, хушторингиз қандай қилиб жуфтакни ростлаб қолди?
— Ҳамма гап шундаки, у ниҳоятда ифлос йўлни танлади. Биз мана шу пансиончага жойлашдик, ҳозир сиз билан мен қўшниман. Сар d’Antibes мехмонхонасидан кейин бу ерда яшашни тасаввур этиб кўринг-а! Бундан ўн кунча олдин оқшом чоғи қиморхонага чой ичгани бордик. Албатта, мусиқа чалинаётган, йигит-қизлар жуфт-жуфт бўлиб рақсга тушаётган экан. Бундай манзарани кўрсам беихтиёр кўнглим айнийдиган бўлиб қолган, шу қадар меъдамга урибди. Ишқилиб, ўтирибман, пирожное еяпман, у икковимиз учун буюртма беряпти, гоҳ-гоҳ илжайиб пичинг қилади: «Қара, анавиларни қарагин, ҳақиқий маймунларга ўхшайди-я, оёқларини тапиллатиб, башарасини буриштирганини кўрмайсанми!» дейди созандаларни кўрсатиб. Сўнг бўм-бўш портсигарини очиб югурдакни ёнига чақирди, инглизларнинг папиросидан олиб кел, деб буюрди. Югурдак папирос келтирди. У хижолатомуз: «Мерси, чой ичиб бўлганимиздан кейин ҳақини тўлайман», деди. Тирноқларини кўздан кечириб ўтириб: «Қўлим дабдала бўлиб кетибди-ку! Ҳозир ювиб келаман…», деди менга қараб ва ўрнидан турдию кетди.
— Кейин қайтиб келмади.
— Йўқ. Мен бўлсам кутиб ўтирибман. Ўн дақиқа кутдим, йигирма, ярим соат, бир соат… Қандай аҳволга тушиб қолганимни тасаввур этяпсизми?
— Тасаввур этяпман…
Мен ўша манзарани яққол кўз олдимга келтирдим: стол атрофида чой ичиб ўтирибди, атрофига аланглайди, миқ этмайди, аҳмоқона аҳволга тушиб қолганини ўйлайди, хуноб бўлади… Йирик деразалардан тун қўйнидаги осмон кўринади, сокин денгиз мавжланиб жилоланади, пальмаларнинг япроқлари қорайиб кўзга ташланади, созандалар полни тапир-тупур этказиб тепади, асбобларини пуфлайди, темир ликопчаларни зарб билан уради, эркаклар товонларини бир-бирига уриштириб мусиқага мос равишда чайқалиб, рақс баҳонасида хонимларга маҳкамроқ ёпишиб, шаҳвоний нафсини қондириш ниятида бир томонларга судрайди… Қўнжи узун этик кийиб олган хизматкор кўкимтир мундирни унга узатиб, бош кийимини ечиб таъзим қилади, бир қути «Нigh Life»…
— Кейин нима бўлди? Сиз ўтирибсиз…
— Ўтирган ўрнимда адойи тамом бўлганимни ҳис этяпман. Созандалар ҳам уйларига кетди, зал бўшаб қолди, электр чироқлари ёқилди…
— Деразалар оқаришиб турибди…
— Ҳа. Ўрнимдан турай десам, оёқларимда мадор йўқ. Нима қилсам экан, нажот борми? Ҳамёнимда бор-йўғи олти франк бор, холос. Қўлимга майда тангалар ҳам илашиб чиқди.
— У ростдан ҳам ҳожатхонага йўл олади, зарур ишни адо этади, ўзининг фирибгарлик ҳаётини ўйлайди, сўнг тугмаларини қадайди ва йўлак бўйлаб оёк учида юриб орқа эшикдан кўчага чиқиб кетади… Худо ҳаққи, кимга кўнгил қўйган эдингиз?! Энди уни излаб топиб ўч олмоқчимисиз? Нима учун? Сиз бокира қизалоқ эмассиз, унинг кимлигини, ўзингиз қандай аҳволга тушиб қолганингизни яхши билишингиз керак эди. Яққол кўриниб турган бемаъни ҳаётни нега давом эттирдингиз?
Аёл сукут сақлади, елкаларини учириб қўйди.
— Кимга кўнгил берганимни ўзим ҳам билмайман. Айтадилар-ку, чин муҳаббатга эҳтиёж бор эди… Афсуски, ҳеч қачон ҳақиқий муҳаббатга дуч келмаганман… У эркак сифатида менга ҳеч нарса берган эмас, бериши ҳам мумкин эмасди, чунки аллақачон эркаклик қобилиятини йуқотган эди… Ҳа, унинг кимлигини, ўзим қандай аҳволга тушиб қолганимни билишим керак эди. Бироқ, мен билишни ҳам, ўйлашни ҳам истамасдим. Умримда биринчи марта енгил-елпи ҳаётга қадам қўйдим, орқа –олдимга қарамасдим яллама-ёрим қилиб юравердим, ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлдим, қандайдир васваса ичида яшадим. Хўш, нима учун уни топиб ўч олмоқчи бўлдим? Яна васвасага учдим, хирақасқон хаёлларга қул булдим. Ахир, мен қабиҳ, аянчли жанжалдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмаслигимни билмасмидим? Сиз нима учун деб сўраяпсиз. Чамамда, менга ҳам унинг касофати урди, шекилли. Паст кетдим, фирибгарнинг ҳаётига шерик бўлдим; асосийси – у мени қиморхонада шармандали аҳволда қолдириб, ўзи ҳожатхона орқали кўчага қочиб чиқиб кетгани учун қасд олмоқчи эдим. Бош-кетимни йўқотиб қўйдим, қиморхона кассасига бориб ёлғон гапирдим, ялиниб-ёлвордим, эртагача сумкачамни гаровга олиб қолинглар деб илтимос қилдим, лекин сумкачамни олишмади, ижирғаниб чой, ширинлик, инглиз папироси учун тўланадиган ҳақдан воз кечишди. Парижга телеграмма жўнатдим, учинчи куни минг франк пул олдим, қиморхонага бордим – у ерда юзимга қарашмасдан пулимни олишди, ҳатто ҳисоб-китоб қоғозчасини қўлимга тутқазишди. Эҳ, азизим, мен ҳеч қандай Медуза эмасман, мен шунчаки муштипар аёлман, ожизаман. Устига устак, ниҳоятда таъсирчанман, ёлғизман, бахтиқароман. Лекин мени туғри тушунинг – ахир макиённинг ҳам юраги бўлади-ку! Мен ўша лаънати оқшомдан бўён гўё бедаво бир дардга чалинган эдим. Сизни менга худонинг ўзи етказди, энди кутилмаганда ўзимга келяпман… Қўлимни қўйиб юборинг, кийиниб олай, яқинда Сен-Рафаэлдан поезд ҳам қайтиб қолади…
— Садқаи сар, — дедим. –Яхшиси, чор-атрофга бир қаранг, анави қизил қояларни, ям-яшил кўрфазчани, ғадир-будур қарағайларни кўряпсизми? Ғачир-ғучур этган жаннатий товушларни эшитмаяпсизми?.. Энди биз буёққа бирга-бирга келамиз. Бўптими?
— Бўпти.
— Парижга ҳам бирга-бирга кетамиз.
— Хўп.
— Кейин нима бўлишини худо билади.
— Ҳа, албатта.
— Қўлингизни ўпсам майлими?
— Майли, майли…

1944, 3 июнь

ой

ҚЎНАЛҒА

Бу воқеа жанубий Испаниянинг тоғли депараларидан бирида рўй берди.
Июнь ойининг сўлим оқшоми эди, ойдин кеча, тўлин ой осмон пештоқида осилиб турарди, одатан, кундузи жала қуйиб ўтган бўлса, димиққан кечалари ой нафармон нур таратади, бинафша гуллаётган кезларда бу ҳол табиий ҳисобланади, пастак жануб ўрмонлари билан қопланган ясси тоғларнинг довонлари сутдай оқариб кўзга яққол ташланиб турарди, довон уфққа бош қўйган.
Довонлар орасига жойлашган энсиз водий шимол томонга чўзилиб кетган. Водийнинг бир тарафига довоннинг кўланкаси тушиб турар, мозор сукунати ҳукм сураётган бу оқшомда тоғ жилғаси бир маромда жилдирар, гоҳ сафсар маъдан, гоҳ ёқут, гоҳ тиллақўнғиз сирли шуъла сочар, оламни нурга тўлдираётган мўъжиза кўзни қамаштирарди. Қарши тарафдаги адирлар водийдан чекиниб, ўрнини паст текисликларга бўшатиб берган, текислик бўйлаб эски тош йўл ўтган. Шу пастликда жойлашган тошқўрғон ҳам ниҳоятда кўҳна кўринарди. Бемаҳалда тошқўрғонга олдинги ўнг оёғи оқсаётган тўриқ айғир отини қичамасдан миниб келаётган марокашлик бир киши ташриф буюрди. У баланд бўйли, оқ жундан тўқилган кенг-мўл яктак кийиб, бошига попукли ҳожидўппи қўндириб олган эди.
Тошқўрғон одам зоти қирилиб кетгандек ҳувиллаб ётарди, ўз ҳолига ташлаб қўйилганга ўхшарди. Аслида ҳам шундай эди. Марокашлик киши дастлаб серсоя кўча бўйлаб,тош-девор уйлар оралаб ўтди; уйларнинг деразалари ўрнида бўшлиқ қорайиб кўринарди, томорқадаги боғлар ёввойилашиб кетган эди. Кейин у ойдин майдонга чиқди; бу ерда устига шийпонча қилинган ҳовуз, пештоқига Мадоннанинг зангори ҳайкалчаси ўрнатилган черков, ҳамон одамлар истиқомат қилаётган бир нечта ҳовли бор эди. Олдинда эса, майдонга кираверишда карвонсарой жойлашган.Пастки қаватдаги деразалардан ғира-шира нур тараларди. Эгар устида мудраб келаётган марокашлик бирдан ҳушёр тортиб, жиловни силтади, оқсаб келаётган от ўнқир-чўнқир тош тўшалган майдон бўйлаб жадал юриб кетди, туёқ товушлари тун қўйнидан акс садо берарди. Туёқ товушини эшитиб карвонсарой бўсағасига кичрайиб, қоқ суяк бўлиб қолган кампир чиқди, дафъатан уни тиланчига ўхшатиш мумкин эди. Сўнг кулча юзли, ўн беш ёшлар чамасидаги қизалоқ остонада пайдо бўлди; унинг жамалаги пешонасига тушиб турар, яланг оёқларига шиппакча илиб олган, эгнида оқиш печакгул тусидаги енгил куйлак. Бўсағага бошини қўйиб ётган эшакдек қоп-ўора ит ҳам ўрнидан турди, унинг жунлари сип-силлиқ бўлиб, кесилган қулоқлари динг бўлиб турарди. Марокашлик киши остонага етар-етмас отдан тушди. Ит шу заҳоти кўзларини чақнатиб, тишларини хунук иржайтириб олға ташланди. Марокашлик қамчиси билан итни ҳайдашга уринди. Қизалоқ дарҳол итга танбеҳ берди:
— Негра! – деб қичқирди жарангдор товушда. – Сенга нима бўлди?!
Ит бошини эгиб аста-секин орқасига қайтди, тумшуғини деворга қадаб ётди.
Марокашлик киши испан тилини бузиб гапирарди, салом-аликдан қилди, сўнг шаҳарда темирчи борми деб сўради, эртага отни тақалатиш керак экан. Отни кечаси қаерда қолдириш мумкин? Отга ем топиладими? Ўзига ҳам овқат берилса, чакки бўлмасди. Қизалоқ унинг баланд бўйига, чечак излари қолган чўтир юзларига қизиқсиниб қаради. Қўноқ итга хавотирланиб назар ташлаб қўйди, ит жимгина ётибди, худди хафа бўлиб қолганга ўхшарди, қулоғи хийла оғир кампир эса товушини кўтариб шоша-пиша жавоб қайтарди: темирчи бор, хизматкор уй ёнидаги молхонада ухлаб ётибди, кампир уни ҳозир уйғотади, у отга ем беради. Овқат масаласида ҳам меҳмоннинг кўнгли тўқ бўлсин: тухум қуймоқ тайёрлаб бериш мумкин, лекин кечки овқатдан факат оз-моз ловия бўтқа билан сабзавот қовурдоқ қолган, улар иситиб берилади… Доим ширакайф бўлиб юрадиган хизматкор чол меҳмоннинг отига ем бериб, эгар-жабдуғини ечиб олишда ёрдамлашди.
Ярим соатдан сунг марокашлик киши ошхонада зўр иштаҳа билан овқатланиб, сарғимтир оқ мусаллласни ютоқиб ичиб ўтирарди…
Карвонсарой кўҳна эди. Пастки қават узун-узун даҳлизлардан иборат бўлиб, йўлак охирида юқори қаватга чиқиладиган айланма зинапоя бор. Юқори қават иккига бўлинган: чап томонда кенг-мўл, лекин шифти пастак хоналар, хоналарга камбағал қўноқлар тунаши учун сўричалар қўйилган; ўнг томонда ҳам пастак шифтли ошхона, шифтларию деворлари қуюқ тутундан қасмоқ бўлиб кетган емакхона, деворлари хийла қалин бўлгани боис токчадан ичкарига ўрнатилган кичик деразалар, бурчакда ўчоқ, устига ҳеч нарса ёпилмаган стол, ёнида ўтиргичлар, ерга ғадир-будур тошдан тўшама қилинган, у силлиқ-сирпанчиқ бўлиб кетган. Бу хонада керосин лампа милтиллаб турарди, у қоп-қорайиб кетган темир занжирга осиб қўйилган, хонага ачимсиқ тутун ва пиёздоғ ҳиди ўтириб қолган. Кампир ўчоққа ўт ёқиб совуб қолган қовурдоқни иситди, меҳмон сирка ва зайтун мойи аралаштирилган совуқ ловия бўтқани еб бўлгунча тухум қуймоқ қам тайёр бўлди. У ечинмади, яктагини ҳам ечмади, чотини кериб талтайиб ўтирарди, оёқларида қалин теридан тикилган бошмоқ бор эди, оқ жундан тўқилган кенг-мўл иштонининг пойчаси бурмали бўлиб, тўпиғини қисиб турарди. Қизалоқ кампирга кўмаклашар, меҳмон иш буюрса сўзсиз бажо келтирар, лекин кутилмаганда еб қўйгудек ўқрайиб қарашларидан, қуруқшаган чўтир башарасию юпқа лабларидан, кўкимтир мўйловидан қўрқар эди. Қўноқ шундоқ ҳам қўрқинчли кўринарди. Бўйи жуда баланд, кенг яктакда яна-да ваҳимали кўринади, попукли ҳожидўппи кийиб олган боши хумдек. Устки лабининг четларида дағал шоп мўйловининг учлари жингалак бўлиб буралиб қолган. Соқолинининг орасида қам яккам-дуккам жингала тола учрарди. Бошини хиёл орқага ташлаб кеккайиб ўтиргани боис қўнғир тери остида ўйнаб турган кекирдак олмаси – буқоқчаси одатдагидан йирикрок кўринарди. Қорайиб кетган ингичка бармоқларида кумуш узуклар товланиб турарди. У миқ этмасдан еб-ичиб ўтирибди.
Кампир қовурдоқни иситиб, қуймоқ пишириб бўлгач, гулхани сўна бошлаган ўчоқ ёнига ҳолсизгина чўкди ва ундан қаёқдан қаёққа кетяпсан деб сўради бақириб. Меҳмон бўғиқ товушда:
— Узоққа, — деб гапни қисқа қилди.
Қовурдоқ билан қуймоқни пок-покиза туширгач, бўшаб қолган кўзани чайқаб кўрсатди: қовурдоққа аччиқ қалампир кўп қўшилган экан, оғзини куйдириб юборибди. Кампир боши билан қизалоққа ишора қилди, қизалоқ кўзани олиб емакхонанинг қия очиқ эшигидан чиқиб, тим қоронғи даҳлиз томон йўл олди – даҳлизда тиллақўнғизлар худди эртаклардагидек учқун сачратиб бир маромда парвоз этар, ажабтовур нур таратар эди.
Қўноқ қўйнидан папирос чиқариб тутатди, қизалоқ кетган томонга им қоқиб:
— Неварами? – деб сўради.
— Жияним, етимча, — деб жавоб берди кампир қичқириб. Сўнг эзмаланиб ҳикоя қилишга тушди: у марҳум акасини, яъни қизалоқнинг отасини жуда яхши кўрар, акасини деб қариқиз бўлиб ўтириб қолган, мана шу карвонсарой акасининг хусусий мулки ҳисобланар, акасининг хотини бундан ўн икки йил муқаддам бандаликни бажо келтирган, ўзи ўн саккиз йил бурун ўлган, мол-мулкини бир умр фойдаланиш учун кампирга васият қилиб колдирган, ҳувиллаб ётган қўрғончада яшаш ниҳоятда оғирлашиб кетган экан…
Марокашлик киши кампирнинг дийдиёсини паришонхотирлик билан тинглади, унчалик эътибор бермади, у ўзининг ўй-хаёллари билан банд эди. Қизалоқ кўзани мусалласга тўлдириб қайтиб келди. Қўноқ унга кўзларини лўқ қилиб тикилганча папирос қолдиғини шу қадар жаҳд билан ютоқиб тортдики, оқибатда кирлаб кетган бармоқларининг учини куйдириб олди. Сўнг янги папиросини шоша-пиша ўт олдириб, товушини кўтариб кампирга – у кампирнинг қулоғи оғир эканини аллақачон сезган эди – мурожаат қилди:
— Агар жиянинг мусалласни ўз қўли билан қуйиб берса, бағоят мамнун бўлардим.
— Бу унинг иши эмас, — деди кампир чўрт кесиб. Сўнг зардали оҳангда қичқирди: — Кеч бўлди, мусалласни ичиб, бориб ухлагин. Ҳозир жияним сенга юқори хонага ўрин тўшаб беради.
Қизалоқ кўзларини чақнатиб дик этиб ўрнидан турди, кампирни ортиқча жавратиб ўтирмасдан тап-тап қадам ташлаб зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилди.
— Ўзларинг қаерда ухлайсизлар? – деб марокашлик ҳожидўпписини терлаб кетган пешонасидан бир оз суриб куйди. – Юқорида ётасизларми?
Кампир қичқириб гап бошлади: ёзда юқори қават жуда иссиқ бўлади, ижарачилар бўлмаган чоғларда – энди деярли келмай қўйди — улар пастки қаватнинг нариги бўлмасида, қарама-қарши томонда, ҳув анави хонада ётадилар. У қўли билан ўзлари ётадиган хонани кўрсатиб, сўнг яна ишлар чаппасига кетганидан шикоят қилишга тушди, ҳамма нарса қиммат бўлиб кетди, шу боис, иста-истама йўловчилардан ҳам қимматроқ ҳақ олишга туғри келади…
— Мен эртага вақтли кетаман, — деди марокашлик кампирнинг гапларига эътибор бермай. – Эрталаб фақат қаҳва берсанг бас. Демак, ҳозироқ ҳисоб-китоб қилиб қўйишимиз мумкин. Хўш, қанча бўлди? Ҳозир тўлайман. Йў-ўқ, аввал майда пулларимни топай-чи, деб у яктагининг ички чўнтагидан юмшок қизил теридан тикилган ҳамёнини чиқарди, боғичини бўшатиб оғзини очди, стол устига бир ҳовуч тилло тангаларни жаранглатиб тўкди. Гўё пулларини синчиклаб санаётгандек пешонасини тириштирди, кампир эса ўчоқ ёнида ўтирган ўриндиғидан туриб, кўзларини ола-кула қилиб тилло тангаларга тикилди.
Юқори қават қоронғи, жуда иссиқ эди. Қизалоқ чўмилиш хонасининг эшигини очиб қўйди. Қоронғиликдан иссиқ ҳаво гуп этиб юзига урилди, дарча тирқишларидан ярқ этган нур кўринди, бу хонага ҳам худди пастдаги каби кичикроқ иккита дераза ўрнатилган эди. У хона ўртасидаги юмалоқ столни чаққон айланиб ўтиб деразани очди, дарча эшикчаларини итариб ташқарига очди. Ойдин кеча, бепоён осмон оқаришиб, яккам-дуккам юлдузлар кўзга ташланарди. Нафас олиш хийла енгиллашди, водийдан жилға жилдираши эшитиларди. Қизалоқ тўлин ойни томоша қилиш учун деразадан бошини чиқарди, ой ҳамон тепада бўлгани боис хонадан кўринмасди. Сўнг қизалоқ пастга қаради: ерда турган ит тумшуғини кўтариб унга қаради. Бундан беш йилча олдин битта дайди кучук қайлардандир адашиб карвонсаройга келиб қолади, у қизалоқнинг кўз ўнгида катта бўлади, қизалоққа ўрганади, у эгасига шу қадар садоқатли эдики, бундай садоқатни фақат итлардан кутиш мумкин. Зотан, ит вафодор бўлади.
— Негра, нима учун ухламаяпсан? – деди қизалоқ товушини пасайтириб.
Ит беозоргина ғингшиб, бошини бир силкитди-да даҳлизнинг очиқ эшиги томон ташланди.
— Қайт, қайт! – деб буюрди қизалоқ шошиб. – Жойингга бор!
Ит таққа тўхтади, тумшуғини кўтариб қизга қаради, кўзларидан учқун сачрарди.
— Сенга нима керак ўзи? – деб сўради қизалоқ эркаловчи товушда. У доим ит билан худди одамдек гаплашарди. – Нега ухламаяпсан, эсипаст? Ё осмондаги ой хаёлингни олиб қочдими?
Ит бир нима деб жавоб бермоқчи бўлгандек яна тумшуғини юқори кўтарди, беозоргина ғингшиб қўйди. Қизалоқ елкаларини қисди. Бу ит унинг сирдоши, ёруғ оламдаги бирдан-бир жонли сирдоши эди. Итнинг ҳис-туйғулари, ўй-хаёллари доимо қизалоққа тушунарли бўларди. Лекин ҳозир ит нима демоқчи, у нимадан хавотирланяпти – буни қизалоқ яхши англамади, шу боис қўлини арра-арра қилиб, ёлғондакам жаҳли чиққандек:
— Негра, жойингга бор! Ухла! – деб шивирлади.
Ит жойига бориб ётди. Қизалоқ дераза ёнида яна бирпас ўйланиб турди. Балки, итни анави марокашлик тасқара хавотирга солгандир? Ит карвонсарой қўноқларига деярли эътибор бермасди, ҳатто кўринишидан қароқчи ёки дордан қочган каззобга ўхшаган кимсаларга қайрилиб ҳам қарамасди. Лекин баъзан айрим кимсаларга нима учундир худди қутургандек ташланиб қоларди, момогулдуракдек вовуллаб оёқдан оларди. Бундай пайтларда қизалоққина итни ҳовуридан тушириб, қайтариб коларди. Ҳозир итни безовта қилаётган нарса бошка бўлиши мумкин: димиққан кеча, ҳавода килт этган шабада йўқ, осмонда тўлин ой чарақлаб нур таратяпти – бундай ҳолат ҳар қандай тирик жонни қуюшқондан чиқариб юборади. Бу оқшом ҳукм сураётган ғайритабиий сукунат оғушида водий тарафдан жилғанинг жилдираши, молхонада дуп-дуп ер тепиб, шаталоқ отиб юрган эчкининг туёқ товушлари баралла эшитилиб турарди. Қўққис қари хачирми ёки марокашлик қўноқнинг айғир отими гурс этказиб эчкини тепиб юборди, эчки жонҳолатда шу қадар хунук маъраб юбордики, қулоқни тешиб юборадиган ўткир товуш узоқ-узоқларга таралиб кетди. Қизалоқ сапчиб ўзини деразадан ичкарига олди, нариги деразани ҳам очиб, дарча эшикчасини итариб юборди. Хона ғира-шира ёришиб қолди. Хонада столдан ташқари, эшикдан кираверишдан унг томонда учта кенг каравот бор – бош тарафи деворга тираб, устига дағал чойшаб ташлаб қўйилган. Қизалоқ чойшабларни йиғиштириб кираверишдаги биринчи каравотга ташлади, ёстиқ тўшаб, кўрпача ёзди. Шу пайт хона эртаклардаги мўъжиза маскани каби ёришиб, майин кўкимтир шуълага чулғанди – тиллақўнғиз қизалоқнинг гажагига қўнган эди. Қизалоқ уни астагина силади, тиллақўнғиз гоҳ ялтираб, гоҳ хира тортиб хона бўйлаб парвоз эта бошлади. Қизалоқ димоғида хиргойи қилганча сакраб-сакраб пастга тушиб кетди.
Емакхонада марокашлик киши эшикка орқа ўгириб ғўдайиб турар, паст, лекин қатъий оҳангда, асабийлашиб кампирга бир нималар деяётган эди. Кампир бошини чайқаб рад маъносини билдирарди. Марокашлик елкаларини учириб қўйди, хонага кириб келган қизалоққа шундай ўқрайиб қарадики, шўрлик жонҳолатда ўзини орқага ташлади.
— Жой тайёр бўлдими? – деди у бўғиқ товушда.
— Ҳаммаси тайёр, — деди қизалоқ шошиб.
— Тепага қандай чиқишни билмайман, мени кузатиб қўясан.
— Сени ўзим кузатиб қўяман, — деди кампир дарғазаб бўлиб. – Орқамдан юр!
Кампир айланма зинапоядан инқиллаб-синқиллаб юқорига кўтарила бошлади, марокашлик эса бошмоқларини тап-тап этказиб унга эргашди. Қизалоқ бирпас туриб ташқарига чикди. Остонада ётган ит сакраб турди, атрофида чир-чир айланди, думини ликиллатиб қувончини изҳор этди, сўнг эгасининг юзларини ялади.
— Нари тур, нари кет! – деб шивирлади қизалоқ ва эркалаб итни итариб юборди, остонага ўтирди.
Ит ҳам орқа оёқларига чўнқайиб ўтирди, қизалоқ унинг бўйнидан қучоқлаб олди, пешонасидан ўпди, ўтирган кўйи ит билан бирга тебрана бошлади. Юқори қаватдан марокашлик қўноқнинг оғир қадам товушлари, бўғиқ овози эшитилиб турарди. У хотиржамлик билан кампирга бир нималар дерди, лекин нима деяётганини аниқ-тиниқ англаб бўлмасди. Ниҳоят, у товушини кўтариб:
— Бўпти, бўпти! Фақат айтгин, кечқурун ичиб ётишим учун сув келтириб берсин, — деди.
Зинапоядан эҳтиёт бўлиб тушаётган кампирнинг қадам товушлари эшитила бошлади.
Қизалоқ дахлизга кириб кампирнинг йўлини тўсди ва:
— Мен унинг нима деганини эшитдим. Йўқ, ўлсам ҳам олдига ёлғиз чиқмайман. Ундан қўрқаман, — деди қатъиян.
— Бемаъни гапларни қўй, — деб қичқирди кампир. – Сен ўйлайсанки, мен яна-тағин мана шу маймоқ оёқларимни судраб тепага чиқиб тушаманми? Ёруғроқ бўлса ҳам кошкийди. Зинапоянинг сирпанчиқлигини айтмайсанми?! Унинг нимасидан қўрқасан?! Туғри, у каллаварам, аччиғи бурнининг учида турар экан, лекин ёмон одам эмас. У сен ҳақингда куйиб-пишиб гапирди, сенга раҳми келяпти, эҳ, шўрлик, сепи бўлмаса, ким ҳам уни келин қиларди деяпти. Тўғри айтяпти, сенда сеп нима қилсин! Биз аллақачон хонавайрон бўлганмиз. Анави безот диктаторга минг раҳмат, ҳеч бўлмаса, тинчликни сақлаб турибди. Аслини олганда, бундай тинчлик бўлганидан кўра қир-пичоқ уруш бўлгани афзал эди, ўшанда ебтўймас, хушомадгўй, олчоқ амалдорлардан бирйўла қутулардик… Бечора дехконларни куряпсанми, курук устихон булиб колган. Карвонсаройга ҳам гадойнусха қаланғи-қасанғилардан бошқа ҳеч ким келмай қўйди…
— Боя мен кирган пайтда нима учун аччиғланиб турган эди? – деб сўради қизалоқ.
Кампир каловланиб колди.
— Нима учун эмиш! – деб ғулдиради кампир. – Мен унга бировнинг ишига бурнингни тиқмагин дедим… Шундан кейин жаҳли чиқиб кетди… Қани, ивирсима, дарҳол унга сув элтиб бер! – деди кампир зардаси қайнаб. – Сув элтиб берсанг у сенга бир нима совға килади. Ваъдаси шундай. Бор деяпман!
Қизалоқ кўзани тўлдириб юқори қаватгадаги хонага сув олиб чиқди. Марокашлик қўноқ уст-бошларини ечиб каравотда алчайиб ётарди: ой ёруғида унинг митти кўзлари ялтирар, сочлари тап-тақир этиб олинган боши қорайиб, узун ички оқ кўйлаги оқаришиб кўринар эди. Сўлақмондай яланғоч оёқларини ўйнатиб қўярди. Қувури узун, барабанли тўппонча хона ўртасидаги столда ялтираб турарди. Устки кийим-бошларини ёнидаги каравотга уюб қўйибди… Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда ваҳимали кўринарди. Қизалоқ югуриб бориб кўзани тақ этказиб столга қўйдию зинғиллаб орқасига қайтди, лекин марокашлик қўноқ сакраб турди-да қизалоқнинг қўлидан ушлаб олди.
— Шошма, шошма, — деди у қизалоқни каравот томон тортиб. Уни қўйиб юбормасдан каравотга ўтирди, сўнг: — Бир дақиқа ёнимда ўтир, ўтир деяпман, ўтирсанг-чи… Гап бундай, яхшилаб қулоқ сол… – деб шивирлай бошлади.
Капалаги учиб кетган қизалоқ итоатгуйлик билан унинг ёнига ўтирди. У энтикиб-энтикиб изҳори дил қила бошлади: худо ҳаққи, сени кўрдиму эс-ҳушим бошимдан учди, бир кўришдаёқ севиб қолдим, ёлғон гапираётган бўлсам, ана, тепамда худо турибди, бир ўпич учун ўн тилло, йигирма, бор-э ўттиз тилло бераман, бир халта тилло тангам бор… кейин…
Ёстиқнинг остидан қизил ҳамёнини олиб, қўллари қалтираб унинг боғичини бўшатди, тилло тангаларни тўшакка тўкиб ташлади.
— Мана, кўрдингми, тиллоларим кўпмикан?.. Кўрдингми?.. – деб ғулдиради.
Қизалоқ шаҳд билан бош чайқади, каравотдан сапчиб турди. Лекин қўноқ уни дарҳол тутиб олди, қуруқшаган, чапдаст қўли билан оғзини ёпиб каравотга ётқизди. Қизалоқ жонҳолатда типирчилаб унинг қўлини оғзидан юлқиб ташладию:
— Негра! – деб чинқириб юборди.
Энди у қизалоқнинг оғзини бурнига қўшиб маҳкам сиқиб, бўш қўли билан типирчилаётган оёғини ушлашга ҳаракат қилди; қизалоқ эса шаталоқ отиб унинг қорнига аёвсиз тепа бошлади. Шу пайт зинапоядан учиб чиқаётган итнинг ириллаши қулоққа чалинди. Марокашлик қўноқ сакраб ўрнидан турдию столда ётган тўппончасини қўлига олди, бироқ тепкини топишга ҳам улгурмасдан полга қулади – ит унга ташланиб, устидан босиб тушди. Устига миниб олган ит ҳамласидан юзини тўсиб ётган жойида ирғишлар, итнинг иссиқ нафаси юзига урилган чоғда баттар тўлғонар, типирчилар, оҳ-воҳ қилар эди, лекин беихтиёр бошини орқага ташлаб, иягини кўтарган заҳоти ит унинг томоғидан ғарч этказиб тишладию кекиртагини юлиб олди, ҳалқумидан тизиллаб қон отилиб кетди.

1949, 23 март

Олима Набизода таржималари


(Tashriflar: umumiy 140, bugungi 1)

Izoh qoldiring