Jamshid Namozov. Sarhadsiz tuyg’ularning rangin olami

028

28 август — Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллуд топган кун.

Девордаги она юрт кенгликлари акс этган сурат ёнида яна тўхтадим. Узоқдан ўша кулба, ўша боғ кўриниб турибди. Унда она Сурхоним узра янграётган чанқовузнинг мунгли ноласию бахши бобом қўлида тинмасдан чертилаётган дўмбира овози эшитилади. Бойсуннинг мусаффо ҳавосидан тортиб, анору хурмоларининг бўйи димоғимга урилиб туради.

011
Жамшид Намозов
САРҲАДСИЗ ТУЙҒУЛАРНИНГ РАНГИН ОЛАМИ
012

09 Рўзи Чориев 1931 йилнинг 28 августида Сурхондарё вилоятидаги Пошқурт қишлоғида дунёга келди. 1959 йил — Тошкентдаги П.П.Бенков номидаги Республика рассомчилик билим юртини тугатди. 1963 йил — Ленинграддаги И.С.Репин номидаги Тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтини тамомлайди. 1966-1973 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг бадиий ижод бўлимида дарс берди. 1978 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлди. 1997 йилда Ўзбекистон бадиий академиясининг академиги этиб сайланди. 1998 йил «Эл юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. 1999 йил Ўзбекистон Халқ рассоми унвонига сазовор бўлди. 2004 йил 18 февралда вафот этди.
012

Кузнинг охирги кунлари. Булут кўнгли ўксиб, ерга ўз дардини тўкяпти. Кўҳна чинор дарахтидан сўнгги япроқлар чайқала-чайқала оҳиста ерга қўнмоқда. Бу биз учун оддий ҳол. Аммо мусаввир учун айрилиқ. Мунгли жудолик. Юракни парча-парча қилувчи ҳаяжон. Кучли ҳаяжон эса ижодкор учун буюк асар яралишидаги тўлғоқ. Мўйқаламнга қувват берувчи жараён. Хаёлларни олиб қочгувчи илҳом файтуни. Мўйқалам соҳиби хаёлан файтунда илҳомлар оролига сайр этади. Оролда эса бир гуруҳ парилар мусаввир руҳиятини қуршаб олиб, ҳаёт тасвирини ижодкор хаёлига кўчиришга уринадилар. Хаёллар ижодкорни янги асар яралиши учун рассомни қўлига қалам ёки мўйқалам олишга ундайди. Оппоқ қоғоз бир зумда чизгилар билан тўлади. Бу оддий чизгилар буюк санъат асари яралишидаги сўқмоқдир. Илҳом файтунининг фалак ва замин оралиғидаги парвози шамол каби шиддатлидир. Шалола мисоли тоғда инаётган рангларни уйғунлаштира олган инсонларгина ҳақиқий расссомлик либосига муносибдирлар. Бундай либосларнинг энг шоҳонаси Ўзбекистон Халқ рассоми Рўзи Чориевга-да насиб этди.

Мусаввирнинг мўйқалами оддий қишлоқ одамларининг портретларидан тортиб, сўлим табиат манзараларигача, қўлида анор ушлаб турган келинчагу шохда осилиб турган Қумқўрғон олмаларигача чизди. Унинг алоҳида шох асари йўқ. У яратган расмлар портретми, автопортретми, натюмортми, композициями, турли хил мавзуга бағишланган ёки табиат манзараларими, ҳамма-ҳаммаси шоҳ асарлар.

Рўзи Чориев ижодхонасига кирган инсон бир лаҳза бўлса-да хаёлларга берилиб, Сурхон воҳаси бўйлаб саёҳат қилмасдан кетмайди. Менинг-да хаёлларим узоқ-узоқларга улоқиб кетади. Баъзида Бойсуннинг виқорли тоғларини кезсам, баъзида булоқдан сув олиб кетаётган келинчакка кўмаклашаман. Баъзида адир кенгликларидан ўтиб чироғи ёниқ қолган кулба томон ошиқаман. Кулбада соч-соқоли оппоқ мусаввир расм чизиб ўтиради. Мўйқалам бир зумда қоғозда кўз олдимда анорлар суратини гавдалантиради. Бу бобомнинг боғидаги менга таниш бўлган анорлар. Қип-қизил анорлар. Гўё ичида дард бордай. Анорларнинг юракни эзувчи ноласи қулоғимга чалиниб тургандай. Худди нимадандир норозидай, нуқул фиғон чекаверади. Ўксийверади. Йиғлайверади. Кимдандир нажот тилайверади. Шунча дард, шунча аламнинг боисини билиш учун мусаввирга мурожаат қиламан. Мусаввир ҳам нимадандир куйингандек бошини сарак-сарак қилади. Гўё бу менинг дардим, Сурхонимнинг дарди дегандек.

Рассом ўз ишида давом этаркан, мен унинг ижодхонасидаги расмларни томоша қилиш билан овора бўламан. Тоғ чизмалари, табиат манзаралари, йўлда чизилган лавҳалар, қолаверса, оддий қишлоқ одамларининг, потрретлари унинг ижодхонасини тўлдириб турибди. Хона тўридаги ажойиб бир картина мени ўзига ром қилди. Унда турли хил қиёфадаги инсонлар акс эттирилган. Аммо, асар охирига етказилмаган. Бир бурчагига жимжимадор қилиб «Сурхондарё одамлари». 1971 йил кеч соат 6:30″, деб битиб қўйилган. Картинага қараб узоқ ўйлаб қолдим. Инсон умри шунчалик қисқаки, баъзида умр бўйи режалаштириб қўйган ишларнида тугатолмай қолади. Афсус, афсус…

132

Ижодхона тўридаги асар ҳам мени ҳайратлантиради. Бир аёл. Ёнида бешик. Аёл бешикка бағрини бериб мунгли алла куйлаяпти. Алла мени ўз оғушига чулғаб олади. Болалигимни эслайман. Ёшлигимга қайтаман.

Алла айтаётган аёл сурати билан қизиқиб, мусаввирни саволга тутаман. У саволимга оҳисталик билан жавоб беради: «Ростданам ажойиб сурат. Бир куни дўстимнинг уйига бордим. Дўстим ташқарига чиққан эди, ичкари хонадан чақалоқ йиғиси эшитилди. Тинчликми деб ичкарига чопиб кирдим. Дўстимнинг аёли боласини овутиш учун алла айта бошлади. У аллани шунақанги маромига етказиб куйладики, умрим бино бўлиб бунақа алла эшитмагандим. Чунки, болалигим болалар уйида ўтган. Юрагим тўлқинланиб кетди. Илҳом париларим ўради. Алла манзараси тез орада қоғозга кўчди.»

Мусаввирнинг асарлари бир қарашда оддий туюлса-да лекин уларга қараб бир кўзинг қувонса, бир юрагинг увишиб кетади. Бир сўз билан айтганда бу асарларда инсонларнинг ички кечинмаларини юзага чиққан. Асарлардан ўзбекона миллийлик, қадимийлик уфуриб туради.

Биз унинг севимли боғини айланамиз. Боққа қараб мусаввирнинг сири нимада эканлигини англай бошладим. Тўйиб суҳбатлашдик. Кўнгиллашдик. Тўсатдан у нимагадир шошиб қолди. Югуриб ичкарига кириб кетди. Шошганча бир парча қоғоз ва мўйқалам кўтариб чиқди. Илҳом фойтуни боғ оралади шекилли, бирдан расм чизишга киришиб кетди. Унга ҳалақит беришни истамай ортга бурилдим. Сўқмоқ бўйлаб одимладим. Хаёлларим эса ҳамон боғда. Оёқларим олдинлаяпти-ю кўнглимнинг кетгиси йўқ. Ҳануз Рўзи Чориевнинг ижодхонасидаман. Ўтган бир лаҳза ичида рассом билан анчагача суҳбатлашибман.

Мусаввир асарлари мазмунини энди аввалгиданда теранроқ англай бошлагандекман. Қаерга бормайин, қандай кўргазмада бўлмайин унинг асарларини бир қарашда танийман ва бир қарашда бошқа рассом асарлдаридан ажрата оламан. Буни мен мусаввирнинг фақатгина услубидангина эмас, балки унинг ички руҳиятини кенглиги, дунёқарашининг кучлилиги, янгича изланишлари, инсон сиймоси ва табиатга бўлган доимий қизиқиши, ўзгача тасвирлаш йўлини топа олганлигидан деб биламан.

Сурхон воҳасининг ажойиб, бетакрор табиати ва қадимий ўтмишини мўйқалами орқали уйғунлаштирган ижодкор истеъдодига тан бердим. Девордаги она юрт кенгликлари акс этган сурат ёнида яна тўхтадим. Узоқдан ўша кулба, ўша боғ кўриниб турибди. Унда она Сурхоним узра янграётган чанқовузнинг мунгли ноласию бахши бобом қўлида тинмасдан чертилаётган дўмбира овози эшитилади. Бойсуннинг мусаффо ҳавосидан тортиб, анору хурмоларининг бўйи димоғимга урилиб туради. Мусаввир мени сўлим боғига ижодхонасига чорлаяпти. Мен унинг ёнига боришим, у билан узоқ узоқ суҳбат қуришим керак. У ҳам менга боя чизиб бошлаган суратини гапириб беради. Мен, албатта бораман…

Рўзи Чориев асарларидан намуналар
012

01
Автопортрет

02
Керамика устаси Хақбердиев портрети

03
Бойсунлик аёл. 1981

04
Ойзира

05
Таниқли актёр Олим Хўжаев портрети

06
Бахши

07
Қиз портрети

08
Сайроблик қария портрети

09
Таниқли кино рассоми Шавкат Абдусаломов портрети

011
Сайроблик гўзал

077

099

055
Фарғонада куз

012

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring