Qamchibek Kenja. Palaxmon toshlari. Roman & Kitob — men uchun hayot. Yozuvchi bilan suhbat

15-08

15 август —  таниқли ёзувчи Қамчибек Кенжа таваллуд топган кун.

Инсон ота-онани танлай олмаганидек, туғиладиган гўшасини ҳам ўзи белгиламайди. Бу — тақдир. Менинг пешонамга ихчам ва тиғиз Андижон вилоятининг одамлари самимий, дилкаш, меҳнаткаш, табиати сўлим, тупроғи унумдор, сувга сероб Гуркуровда таваллуд топиш ёзилган экан, бу саодатдан бениҳоя мамнунман. Яшаётган қишлоғимдан бошқа жойда абадий макон тутишни негадир ақлимга сиғдиролмайман.

09
КИТОБ – МЕН УЧУН ҲАЁТ
Ёзувчи Қамчибек Кенжа билан суҳбат
Суҳбатдош — Абдунаби Бойқўзиев
08

011  Қамчибек Кенжа 1946 йил 15 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Гуркуров қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1969). Дастлабки шеърий тўплами — «Соғинч» (1975). Ёзувчининг «Яшил барг» деган биринчи ҳикоялар тўплами эса 1977 йилда нашр этилган. «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишқинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир оқшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Сохибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт қуши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005),«Тошқин» (2010), «Кўнгил кечинмалари» (2011) «Палахмон» (2011), «Жасорат» (2012) 2 жилдли «Сайланма» (2006-2007) каби шеърий, насрий ва публицистик китоблари чоп этилган. Сафарномалар ёзган («Хинд сориға», «Буюклар изидан» ва бошқа).А. С. Пушкин, Х. Хейне, Ш. Петефи, В. Брюсов, М. Светлов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

001

— Андижон адабий муҳити… Тўғри, баъзан савти ошган, баъзан сокинлашган — тиниқ тортган. Аммо зинҳор, мавжи сўнмаган. Бу ҳолат ҳарорати бугун қандай?

— Андижонда жуда кўп талантли ижодкорлар ўтган (Улардан айримлари Алишер Навоий ва Бобур томонидан ҳам тилга олинган). Академик Азиз Қаюмовнинг “Бобур давридаги Андижон адабий муҳити”, профессор Сайфиддин Жалиловнинг “ХV-XVI аср бошларида Фарғона ва Андижон. Маданият ва маънавий ҳаёт” рисолаларида ҳам бу борада ажойиб маълумотлар келтирилган. ХIХ аср охирлари ва ХХ аср бошларида Андижон ва унинг атрофида Мунтазир, Биймий, Самар Бону, Муҳиб, Пиримқори, Оразий, Ҳайратий, Мавлоно Қори Зокир, Шоир Ошиқ, Омоний, Худойберди каби шоирлар яшаб ижод қилишган.

Йигирманчи асрнинг 30-40 йилларида Андижон адабий муҳити яна бир бор гуриллаган. Комил Яшин, Тўхтасин Жалоловлар ижоди алоҳида мавзу. Бу муҳитнинг кўзга кўринган вакилларидан беш нафари — Ҳабибий, Маҳжурий, Анисий, Сайфий, Улфатларнинг Алишер Навоийнинг 500 йиллик тўйи муносабати билан ташкил этилган шоир меросини ўрганиш қўмитасига расман таклиф этилиши ўша пайтларда Андижонда мумтоз адабиёт бўйича катта илмий салоҳиятга эга бўлган адабий кучлар йиғилганидан далолат берарди.

Ўтган асрнинг 50-60-йилларидан Андижон ижодий муҳитида яна янги босқич бошланди. Майдонга турли жанрларда қалам сурувчи ижодкорлар кириб келди. К. Аҳмадий, Ҳ. Раззақов, В. Саъдулла, Н. Хайруллаев,
Р. Раҳмон, Ҳ. Азимий, О. Холдор, Т. Низом, Х. Қуронбоев, Ф. Эмин, М. Ниёзов, Т. Ашуров, Р.Файзибоева, Ҳ. Солиҳова шулар жумласидан. Улар билан изма-из А. Қорабоев, Ҳабибулло, Т. Содиқова, О. Абдураҳмон,
З. Муҳитдинов, Ф. Усмон, У. Шукуров, Мухсин, Ҳ. Қорабоева, М. Тиллабоева, И. Тўлак, С. Ражабов, У. Соди­қов, О. Тожибоева,Қ. Мирзо, З. Рўзиева, Н. Жалолиддин,А. Абдуллаев, Хуршидабону, Ҳ. Сиддиқ, Б. Холбекова ва бошқалар умум ўзбек адабиёти ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшишди ва қўшишаётир. Одатда, саноққа фақат Ёзувчилар уюшмаси аъзоларини киритишга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, уюшмага ўтмаган, аммо жуда фаол, номлари халққа танилиб қолган қаламкашлар ҳам талайгина. Жумладан, бир нечтадан салмоқли китоблар муаллифи бўлмиш Ёлқин, Ҳ. Исомиддинов,Н. Абдусалом, А. Комил, Қ. Қодиров, К. Нишо­нов, О. Раҳимов, А. Назаров, Т. Расулов, Ҳ. Карим, В. Аҳмад, А. Абдуғани,Р. Мухтор, М. Отамирзаева, Т. Сиддиқ,Д. Қўлдош, А. Исақов, М. Саттор, А. Мирзаакбаров, У. Абдусалом, Б. Андижоний, И. Аслий ўзларининг турли жанр ва услубдаги асарлари билан адабий муҳитни тўлдириб, гавжум қилиб туришибди. Кейинги беш-олти йил ичида ўнлаб ёшларнинг номлари чақмоқдек ҳали у, ҳали бу нашрда пайдо бўлди. Улардан бир нечаси Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдики, бунда нав­қирон авлодга сидқидилдан мураббийлик қилаётган турли адабий тўгарак раҳбарлари — Нусрат Абдусалом, Хуршидабону, Наби Жалолиддинларнинг хизматларини таъкидлаш жоиз. Фақат бир ҳол одамни бир оз ташвишлантиради: ёш ижодкорлар, хусусан, носирлар орасида йигитларнинг бўй-басти камроқ кўринади. Борларида фидойилик — ўзини адабиётга буткул бағишлаш кайфияти сезилмаётир. Қизлар ўртасида эса (бу энди Андижондагина эмас) мукофотга талпиниш ҳаракатлари хавотирли тус олмоқда.

— Назаримизда, адабий танқидчилигимизнинг ўтган асрнинг етмишинчи-тўқсонинчи йилларидагидай қизғин, холис, самимий ёндашуви анча сусайгандай. Ҳарқалай, бугун ҳозиржавоб ижодий баҳс-мунозаралар, муросасиз тортишувлар, фикрлар хилма-хиллиги камроқ. Нима деб ўйлайсиз, бу адабиётшунослигимизда ҳайрат ва ҳаяжон туйғуларининг пасайиб ёки кўтарилиб туриши ҳосиласими ёки арзигулик асарларнинг камлиги сабаблимикин?

— Сиз айтган даврларда Ёзувчилар уюшмаси ё университетда адабий учрашувми, бирон асар муҳокамасими бўлса, заллар тўлиб кетарди. Камина “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги ЎзАС) ҳафтаномасида ишлаган маҳалларимда газетада мунозарали мақола берилса, муносабатлар оқими мажбуран аранг тўхтатиларди. Демоқчиманки, сусайишда фақат танқидчи-адабиётшуносларнинггина эмас, умуман, замон билан боғлиқ эврилишларнинг “ҳиссаси” ҳам салмоқли бўлса керак.

Тўғри, ҳозир ҳам адабий жараён тамо­йиллари ҳақида газета-журналларда давра суҳбатлари, адабий-танқидий гурунглар уюштириляпти, лекин уларнинг асосий йўналиши кўпроқ мулоҳаза, мушоҳада тарзида намоён бўлаётир. Ҳолбуки, “ҳайрат ва ҳаяжонга арзигулик” асарлар ёзаётган Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев, Назар Эшонқул, Саломат Вафо, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Наби Жалолиддин, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Қўчқор Норқобил сингари ажойиб адибларимиз бор. Тирикчилик ташвишларидан ўзиниб, урчиб кетган нашриётлар қозонидан бодраб чиқаётган яхши-ёмон китобларнинг ҳаммасини ўқиб улгуришнинг (мушоҳада ёзиш у ёқда турсин) жисмоний жиҳатдан иложи ҳам йўқ-да.

— Тақдир битигингизда Андижон ва Гуркуров атамаларидан бошқа макон ҳам бўлиши мумкинлигини ақлингизга сиғдира оласизми?

— Инсон ота-онани танлай олмаганидек, туғиладиган гўшасини ҳам ўзи белгиламайди. Бу — тақдир. Менинг пешонамга ихчам ва тиғиз Андижон вилоятининг одамлари самимий, дилкаш, меҳнаткаш, табиати сўлим, тупроғи унумдор, сувга сероб Гуркуровда таваллуд топиш ёзилган экан, бу саодатдан бениҳоя мамнунман. Яшаётган қишлоғимдан бошқа жойда абадий макон тутишни негадир ақлимга сиғдиролмайман.

— Китоб ҳақида кўп ёзгансиз. Алҳол, китоб танлашни ва танлаб ўқишни ўргандим, деб айтармидингиз? Китоб… сиз учун нима, таъбир жоиз бўлса — ким? Ўз китобларингиз-чи?

— Университетга ўқишга киргач, илк устозим — тоғам Раҳимберди Эшонжоновдан узоқлашиб қолдим. Пойтахтда машқларим ҳали жуда хомлигини пайқагач, устоз адиблардан бирининг этагидан тутишга ўзимда журъат тополмадим. Шунда мадад ўтиниб, китобларга суяндим. Афсуски, китобни танлаб ўқиш кераклигини анча кеч англадим. Қолаверса, бизнинг давримизда “Бўрон” (И.Эренбург), “Москвадан узоқда” (В.Ажаев), “Ёш гвардия” (А.Фадеев) каби ёстиқдай-ёстиқдай кейинги давр шамоллари адабиётдаги бошқа хас-хазонларга қўшиб қаёққадир олиб бориб ташлаган китоблар бўларди. Рус адабиёти тарихидан имтиҳон топшириш учун ўшанақа асарларни ҳам ўқиб қўйишга, Маяковскийнинг шеърлари, сиёсий достонларни ёдлашга тўғри келарди. Ҳозир яхши китоблар кўпайди, қани энди уларни ўқишга ёшликдаги ташналик, завқ-шавқ, эҳтирос, вақт бўлса?! Лекин ўртача, бўлмағур китоблар ҳам урчиб кетди.

Китоб — мен учун устоз, мураббий, китоб — мен учун ҳаёт. Ўз китобларим эса, яхшими, ёмонми — менинг умрим, тансиқми, мундайроқми — дастурхонга қўйганларим…

— Бир пайтлар бизни ҳаяжонга солган асарларни бугунги китобхон бурнини жи­йириброқ ўқиётгани ҳам бор гап. Мустақил юртимизнинг ўн йил кейинги мустақил адабиётини қандай тасаввур этасиз?

— Бу ҳол умуминсоний тараққиётга, тафаккурдаги эврилишларга боғлиқ. Бизнинг давримизда вақт юҳоси — телевизор оммалашмаган, китоб билан ўрин, мавқе талашадиган бошқа воситалар йўқ эди. Тараққиёт тезлашган сари одамларнинг фикрлаши, қадамлари ҳам шитоблашаётир. Умумий шош­қин оқимдан ажралиб чиқиб, Толстой, Достоевский, Драйзер, Бальзак, Чўлпон, Ойбек асарларини ҳижжалаб ўқийдиганлар чиндан ҳам бугун кам. Уларнинг ҳатто “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Маликаи айёр”, “Равшан ва Зулхумор” каби халқ достонларини мириқиб ўқишлари ё ўқиб мириқишларига гумоним бор. Ҳозир бошланғич синф ўқувчисининг хаёлида ҳам бадиий китоб мазмунидан кўра енгил машиналарнинг русумлари, даҳшатли, абсурд видеофильмлар ҳақидаги тасаввур, маълумотлар кўпроқ. Ўсмирлар, ёшлар онгида эса хорижий юртлардан кўпроқ пул топиб келиб, машина олиб миниш, данғиллама уйлар солиш орзуси, ташвиши ҳукмлироқ. Қолаверса, айрим адабиётшунос, ижодкорлар даврдан орқада қолмаётганликлари, жаҳон адабиёти “дурдоналари”дан бохабарликларини англатиш, таъкидлаш учун “Шамол қўшиғини тингла!” каби менталитетимизга, ахлоқимизга зид модерн асарларни жўшиб, чет эл матбуотидаги мақолалар асосида муаллифнинг тушига ҳам кирмаган “ғоя”, “фазилатлар” билан “сарафроз” этишиб, таъриф-тавсиф қилишаётир.

Озод домла адабиётшунос ва “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири сифатида модернизм асарлари таржимаси ҳақида сўзлар экан, “Журналда шундай асарлардан баъзи бирлари эълон қилинди, лекин улар китобхонлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетмади. Ҳар ҳолда, бундай асарлардан мабодо завқ олсанг, кроссворд ечиб завқ олаётганга ўхшайсан. Шунга қарамай, биз бундай асарларни ҳам, албатта, бериб борамиз”, деб ёзган эди.

Тўғри, ўзимизда ҳам ҳар хил услубларда ёзиб кўришяпти. Тил, талқин, ифода жиҳатидан ажнабий модернчиларники билан бўйлашадиган шеър, ҳикоя, қисса, рўмонлар яратилаётганлиги адабиётимизнинг ютуғи, албатта. Лекин анъанавий услубда ижод қилувчи Абдулла Қодирий, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф сингари асарлари оммавий равишда ўқиладиган, яъни меъдага тегмайдиган модернчи муаллифларни санай десангиз, бармоқларингиз чаққон букилавермайди. Китобхонларни ҳам ўйлаш керак: вақт зиқ… Озод ака айтган “кроссворд”лар билан баттар безиллатиб қўймаслик лозиммикин… Шоир ва адиб Абдунаби Ҳамро ўзбек адабиётига кириб келаётган постмодернизм намуналарини шарҳлаётиб, “оёғи миллий заминдан узилиб қолган ҳар қандай санъат тури ҳалокатга маҳкумдир”, деган фикрни келтиради “Шарқ юлдузи” журналининг (2013 йил 5-чи сон) саволларига жавобида.

Халқона яратилган содда, том маънодаги миллий сатрлар бадиийликнинг мумтоз намуналари бўлиб қолаверади! …изм, оқим, услублар, урфу модалар ўзгариб туради,илло, “Миллий” деган ёрлиқ боқий ва у ҳеч қачон оҳорини йўқотмайди. Мен ҳам, шуб­ҳасиз, изланишлар, янгича шакл ва ифода йўсинлари тарафдориман, лекин фақат адабиётни абсурдга айлантириш, атайин мураккаблаштириш, қийинлаштириш ҳисобига эмас. Шунингдек, “адабиёт”нинг “одоб”дан олинганини, унинг тарбия воситаси эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак…

Хуллас, шакл-шамойилидан қатъи назар, инсон руҳияти, маънавий дунёси теран, бадиий тадқиқ этиладиган, дунё адабиёти тарихида “ўзбек миллий адабиёти” ёрлиғи билан қоладиган асарлар даври келади, деб умид қиламан.

— Китобхон яқин келажакда сиздан яна қандай асарлар кутсин?

— Бу энди Яратганнинг фақирга сунажак инояти, серистиғно илҳом париларининг илтифоти, лутфу карамига боғлиқ.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси,07/24/2014

033
ҚАМЧИБЕК КЕНЖАНИНГ «ПАЛАХМОН ТОШЛАРИ» РОМАНИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ, ЮКЛАБ ОЛИНГ
011

хдк

(Tashriflar: umumiy 205, bugungi 1)

Izoh qoldiring