Mahmudxo’ja Behbudiy. «Bizni kemirguvchi illatlar» va boshqa asarlar.

behbudiy

19 январ — Туркистон жадидчилиги сардафтари Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган кун

    Маърифатчи боболаримизнинг бу ўгитлари бугун ҳам долзарб. Мустақилликдан кейин адабиётимизда бошланган янгиланиш жараёни фақат замонга ҳамоҳанггина эмас, элу юрт тақдирига ҳамнафас бўлсин. Айрим китобларда намоён бўлаётганидек – Ғарбнинг машҳур асарлари, адабий тажрибаларини кўр-кўрона, рангсиз ва жонсиз такрор этиш йўлидан эмас, боболаримиз айтганидек, мувозанат йўлидан, ўрганишга арзийдиган тажрибаларни рад этмаган ҳолда, жони ва руҳи миллий заминдан узилмаган йўлдан бориш, миллатни айрим онгу шуурсиз чаламуллалар «миллий мерос», «миллий анъана» деб аъюҳаннос солиб ҳимоя қилаётган зуғумкор «миллий қадриятлар»дан ҳимоя қилиш керак.
Бу мақолаларни ўқир эканман, буюк зиёкор тафаккури,матонати ва хотираси олдида бош эгаман.

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
07

Маҳмудхўжа Беҳбудий мелодий 1875 йилнинг 19 январида, ҳижрий 1291 10-зулҳижжа ойида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиқхўжа ўғли Туркистоннинг пири муршиди Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа тарихан амир Шоҳмурод замонида (1785-1880) Урганждан Самарқандга келиб қолган.
1894 йилда отаси, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқнинг тарбия ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Одилдан ўрганади. 18 ёшидан қозиҳонада мирзолик қила бошлайди. Дарвоқеъ, Беҳбудийнинг мактаб-мадраса ҳаёти ҳақида ҳам маълумотлар ниҳоятда кам. Унинг замондошлари билан бўлган суҳбатлардан аён бўладики, Беҳбудий дастлаб Самарқанд мадрасасида, сўнгроқ Буҳорода яхшигина таҳсил кўрган. Аънанавий мадраса илмини пухта эгаллаган Беҳбудий 1915 йилда этнограф Г.Андреев саволларига жавоб берар экан, мадраса таҳсилини алоҳида тилга олгани маълум (Андреев Г. Самаркандский журнал «Ойна» и его редактор-издатель Махмуд Ходжи Бегбуди, «Туркестанские ведомости» газетаси, 1915, 17 сентябрь). Хуллас, аънанавий таҳсил, сўнг эса ўз устида қунт ва сабот билан ишлаш орқали у шариатнинг юксак мақомлари- қози, муфти даражасигача кўтарилади.
Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан (1899—1900). Саёҳат давомида янги мактаб (усули жадид) очиш фикри мустаҳкамланиб борди. Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида Ажзий, Ражабаминда Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда янги мактаб очади.
Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб (1903-04), у ердаги янги усул мактаблари билан танишади, татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўяди. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. «Рисолаи асбоби савод» («Савод чиқариш китоби», 1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш», 1905), «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география», 1906), «Китобат ул-атфол» («Болалар хати», 1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблар чоп эттиради.
Кейинчалик (1908 йилда) Шакурийнинг Ражабаминдаги мактабини Самарқанддаги ўз ҳовлисига қўчириб келтиради. Беҳбудий 1911 йилда «Падаркуш» драмасини ёзди. Бу биринчи ўзбек драмаси эди. 3 парда 4 манзарали бу асар мазмунан содда бўлиб, ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида эди. Беҳбудий бу асар жанрини «миллий фожиа» деб атаган. Нашр қилишга чор цензураси йўл қўймайди. «Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг 100 йиллик юбилейи санасига бағишланади» деган важ билан Тифлис (Тбилиси) цензурасидан ўтказади. Драма 1913 йил босилиб чиққан, аммо саҳнага қўйиш учун яна бир йилча вақт кетади. Асар Самарқандда 1914 йил 25 январда саҳнага қўйилди. Драма халққа кучли таъсир кўрсатади. Абдулла Қодирий «Бахтсиз куёв» драмасини шунинг таъсирида ёзгани маълум. «Падаркуш» ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилади.
Беҳбудий «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада 2 марта чоп этилди. 45-сони чиққач, моддий танқислик туфайли нашр тўхтади. Шу йил 20 августдан у «Ойна» журнали чиқара бошлади. Ҳафталик, суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола (форсча), эълонлар (русча) ҳам бериб боридди. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалди.
Беҳбудий китоб нашрини ҳам йўлга қўяди. Фитратнинг «Баёноти сайёҳи ҳинди»сини русчага таржима қилдириб бостирди (1913).
Беҳбудий 1914 йил 29 майда иккинчи марта Араб мамлакатларига саёҳатга чиқади. Саёҳати давомида Байрамали, Ашхобод, Красноводск, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск, Ростов, Одесса шаҳарларида бўлади, 8 июнда Истанбулга келади. Ундан Аданага ўтиб, яна Истанбулга қайтади ва 20 июнда Исмоилбек Гаспринский билан учрашади. Сўнг Қуддус, Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Порт-Саид, Шом шаҳарларида бўлади. Саёҳат хотиралари «Ойна» журналида босилиб туради. Бу «хотиралар» ҳар жиҳатдан муҳим бўлиб, анъанавий тарих-мемуар жанрининг 20-аср бошидаги ўзига хос намунаси эди. Муаллиф унда йўл таассуротларига, кишилар билан учрашувларининг ибратли томонларига кенг ўрин беради. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди. Турли-туман миллатлар, уларнинг урф-удумлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради.
«Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисоблади. Журналнинг биринчи сонидаёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим», деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (мас, француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблади. Айни пайтда тилнинг муҳофазаси («Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар» —1914, № 35), ўзаро муносабатлари («Тил масаласи» — 1915, № 11,12) ҳақида муҳим ва зарур мақолалар чоп этди. Адабий танқидга катта эътибор берди. Унинг хусусиятларини белгилашга уринди. Бошқа адабий жанрлар билан тенгҳуқуқлиги масаласини кўтарди («Танқид сараламоқдир» — 1914, № 27). Миллат шаънини оёқости қилувчи фикр-қарашларга зарба бериб, Туркистон халқини ўз номи билан атамоқ лозимлигини талаб қилиб чиқди («Сарт сўзи мажҳулдур» 1915, № 22,23,25,26).
Беҳбудий матбуотимиз тарихида мақоланавис сифатида алоҳида мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолаларининг сони 300 га етади. Улар хилма-хил мавзуда. Илк мақолаларидаёқ коммунистик мафкурани кескин рад этган, «хаёлий», «бу тоифага қўшулмоқ биз, мусулмонлар учун ниҳоятда зарарлик» деб ёзган эди («Хайрул умури авсатуҳо» — «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», «Хуршид» газетаси, 1906, 6-сон). Ўзликни англашни муҳим билади. «Қабиласини(нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни «марқуқ» дерлар», деб ёзади («Сарт сўзи мажҳулдур», «Ойна» журнали, 1914, № 23).
1917 йилнинг охири 1918 йилнинг бошларида жадидлар қурган илк демократик давлатчилик намунаси Туркистон мухториятининг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда ўлка халқларини бирликка чақиради.
Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга қизғин қўшилди. Аслида бу фаолият 1906 йилдан бошланган. Шу йили «Русия мусулмонлари иттифоқи»нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида қатнашган эди. Тошкентда бўлиб ўтган (1917) Туркистон мусулмонларининг қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофга қарши чиқди. Беҳбудий шу қурултойда ўлка мусулмонлар шўросининг раиси этиб сайланди. 1917 йил 26 ноябрда Қўқонда ўлка мусулмонларининг 4-фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси «Туркистон мухторияти» эълон қилинди. Унинг ғоявий асосчиларидан бири Беҳбудий эди. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилди. Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтади. У ерда кўп тура олмай Тошкентга келади. Туркистон шўролар ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади, аммо натижа чиқмайди. 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Фитрат, Чўлпон, Айний ва бошқа шоирлар Беҳбудий га атаб марсиялар ёзганлар.
Ўзбекистонда (Ҳ. Сайид, Н. Авазов, З. Аҳророва), Тожикистонда (Р. Ходизода), Германияда (И. Балдауф; Б. Қосимов билан ҳамкорликда), АҚШда (Э. Олворт) ва бошқа мамлакатларда Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Тошкент шаҳрида кўча ва мактабга Беҳбудий номи қўйилган.

 

БЕҲБУДИЙ АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
07

МУҲТАРАМ САМАРҚАНДЛИКЛАРГА ХОЛИСОНА АРЗ

Асли хабарнинг маълумидурким, эски ҳукумат замонида ҳар нимарса амр ва буйруқ ила бўлур эди. Халойиқнинг диний ва миллий ишларини ислоҳи ва ривожи тўғрисинда қилатургон ҳаракатларига йўл берилмас эди. Ҳеч нимарса ҳукуматдин бежавоб ва изнсиз қилина олмас эди. Ҳозирда бўлса, Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учуш ҳаракат ва сайъ этмоқга йўл очуқдир.
Ҳурриятнинг учинчи ойиндамиз. Лекин биз самарқандийлар диний ва миллий ишимизни ривож бермоқ учун ҳануз бир иш қила олмагандурмиз. Аҳли жамоат ва ғайрат бир неча ёшлар, аҳли мурувват бир неча мўйсафид ва катталаримиз бир неча кун бир бўлиб, баъзи яхши ишларни бажармоқчи бўлдилар. Ҳатто, уламойи киромдан аксари қўшулмоқчи бўлдилар, билкулли қўшилдилар.
Ёшларнинг очган «исломий кулуби» ҳар кун уламо, савдогар ва аҳли касабадан бир неча дафъа тулуб бўшолуб эди, ишлар яхши кетар эди, умидлар қавий (кучли — X, С.) эди. Ояндамизнинг яхши бўлушини истидолар қилур эдук. Аммо ишлар ва иттифоқлар узоққа сурилмади. Бир неча тажрибасиз ва тез ҳаракат ёшлар, бир-икки нафар нафсониятга ботган ва ўлгунча тузолмайтургон кишилар қадима иғво ва фасодни ўртага солдилар, натижада Самарқанд халқи иккига бўлунди. Балки икки эмас, юзга бўлунуб, халқининг кўнгли совуб, баъзиларининг сўз ва ҳаракатларидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар.
Букун маънойи ҳақиқийси ила Самарқандда бир жамият йўқ миллат ва дин ояндаси учун натижалик бир сайъ ва ҳаракатни бошқаратургон бир жамият йўқдур, ҳозиргача айтур эдукким, бизнинг миллий ҳаракатимизга ҳукумат монеъдур, аммо энди ўзимиз монеъмиз.
Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъига, дин ва миллат йўлига хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас.
Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизга ўзини ташлади, аммо сизлар тажрибасизлик этиб ва ўз орангизда ихтилоф кўрсатиб, халқнинг ўз борангиздаги хушгумонлигини, афсуским, йўқотдингиз. Мана шул йўқотганингизни қайтариб топмовда ҳаракат, саъй этингиз.
Халк сизларра майл қилгон эди, сизлар, тўғриси, бажаролмадингиз. Мана шу тажрибасизлигингизни хотирингизга келтирунгиз ва бул ёшларга дарси ибрат бўлсун.
Мухтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. Ал-ажла минашшайтон!
(Шошилган шайтондандир! бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизга тараққий қилмоғингиз мушкулдур. балки, бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз.
Ман ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат этаманким, тараққий пайдо бўлсун, шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан, бинобарин, ўрта ва бир қадар имкони кўпроқ киши майл қилатургон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдир. Муни мен бир неча дафъа сизларга юз ба юз айтганман.
Муҳтарам ҳамшаҳарларимдан аксари шундай биладурларки, менинг ҳар сўзумни сизлар қабул қиласиз ва сизнинг ҳар бир ишингиз менинг машваратим ила бўлур. Хайр ундай эмас. Ёшларнинг баъзи бир машварат ва ишларига шерик бўлсалар ҳам
баъзисидан бехабардурман. Аларнинг барча ишларига мен масъул эмасман. Зотан ҳеч ким ҳеч бир кимнинг ҳаракатидан масъул эмасдур.
Азиз ҳамшаҳарларимга, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмок керак ва ал-он (токи ) бизнинг
ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз.
Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрнига лаънат ўқурлар. Бу сўзлар тўғри сўзлардур. Ёш ва қарилардан, албатта, мандан ушбу сўзларим учун ранжийдургонлар бўлур. Аммо начора, тўғрини айтмагунча, ишлар тўғриланмас.
Олдимизда шаҳар думаси сайлуви, мажлиси маъбусон(?) (учредитулная собрания) сайлуви, мамлакат думаси сайлуви турубдур. Агарда Самарқанд ёш ва қарилари шу ҳолатда турсалар вой бизнинг ҳолимизга! Халқи олам бизга кулар.
Биз янадин бошқаларнинг асири бўлурмизким, бунга тажрибасиз ёшларимиз, тараққийни хоҳламайтургон катталаримиз сабаб бўлурлар ва ҳам бизнинг ишсизлигимиз учун бошқалардан кейин қолишимиз муқаррардур. «Колу ал хак валу кон маран» — «Тўғрини сўйла аччиқ бўлса-да!»

«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 13 май

 

БИЗНИ КЕМИРГУВЧИ ИЛЛАТЛАР

…Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар…

Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.
Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда “Ло талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи”, яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврўзи кофири учун сайр этармиз. Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати маълунонсиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға йўқ, хўккузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндек парастиш этиб, ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди- кетди. Эски биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирмонлар чириб кетар.
Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элитиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукҳона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими (Таклиф-бу ерда, инсоний бурч, вазиф маъносида), Худо учун сўйлангиз. Биз нима?
Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Улукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзиии берилур. Сўнгра ортган молларни -варасасиға мувофиқи шариат Тақсим қилиниб берилур», — дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8—10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими? Беш—олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадаи, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обрўй қилғувчи! Улган ул, санга нима? Сан, ғани, ўз ўлукингға обрў қилгонинг бас эмасми?
Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Узи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемир-гувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.
Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон илада қутулмас. Узидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20—30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасиға инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма — ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиедаси ватанснз, ерсиз дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди лоилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир қариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарға ер олтунға ҳам топилмайдур. Қирим ва Қафкоз мусулмонларида бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмғачадур.
Биз бир таноб еримизии 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳо-лимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек муқаррардур.
Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжиди-да яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.
Қо эътабару йо аввал ул-абсар!

«Ойна» журнали, 1915 йил, 13-сон

 

«САРТ» СЎЗИ МАЖҲҲУЛДУР

Ул зоти анвар амири Бухоро ҳазратларининг ҳузури ҳумоюн русча таржимони муҳтарам Баҳромбек қоровулбеги жаноблари: «Биз Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлуб туруб… на учун сарт атайдурлар?» — деб мўьтабар «Шўро» мажалласининг 1911 йил 16-ададинда савол этиб эдилар. Мазкур мажалланинг 19-ададинда «Ойна» муҳаррири тарафидан «Сарт сўзи мажҳулдур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди.

«Шўро»нинг 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохўжа тарафидан «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди. Мўьтабар «Таржумон» муҳаррири муҳтарам Исмоилбек жаноблари «Таржумон»да «сарт» атамоқни дуруст эмаслиги тўғрисинда бир неча дафъа ёзиб эдилар. Сарт ҳақиндаги туркий мақолаларнинг натижасини мўътабар устод Исмоилбек жаноблари тафсили илан Тошканда чикатургон «Туркестанский курьер» русча жаридасинда ҳам ёзиб нашр қилдуруб эдилар. «Ойна»нинг (?) рақаминда яна ушбу тўғридан жаноб Баҳромбек қоровулбеги сўз қўзғотиб эдилар. Тотор муаррихи муҳтарам Аҳмад Заки Валидий жанобларининг Самарқандда келганларинда сарт сўзи ҳақинда баъзи муколималар ҳам бўлуб эди. Туркистон ёшларидан ушбу тўғрида бир неча эътироз — «прўтест» номалар ҳам келиб, у жумладан Тошкандникини «Ойна»да ёзилди. Яна ушбу тўғридан идорада саволлар келган сабабли «Сарт масаласи» ҳақинда қисқалик ила минбаъд ёзилатургон нимарсалар хулоса қилинди. Ва ушбу тўғридан асослик нимарсалар ёзатургон азизлар учун «Ойна» саҳифалари очуқдур.
Энди матлабға келайлук. «Ойна» муҳаррири тарафидан 19-адад «Шўро»да ёзилтон сўзларни мазмуни шул эди: фикри ожизича, туркистонийларнинг сарт аталишини сабаби маълум йўқдур. Бу исм шимол халқи, яъни қазоқ ва тотор қардошларимиз тарафидан Туркистоннинг шаҳар халқиға берилган исмдур. Ушбу бобдаги мулоҳазалар шул тариқа хулоса бўлунур.
1) қазоқ ва тоторлар Туркистон халқининг хоҳ турк ва тожик ё араб бўлсун, сарт дерлар;
2) (ўқиб бўлмади);
3) Туркистон жанубидаги Балх, Бадахшон ва Чаҳорвилоят халқики, аксаран туркча сўйлашурлар ва ўзлари Афғонистон табъасидурлар, туркистонийларни ўзбек дер, Афғонистоннинг афғон, тожик, ўзбекча сўйлайдургон барча халқи туркистонийларнинг ўзбак ва турк дер… Сарт деган сўзни абадан билмайдурлар;
4) Кафкоз, Эрон ва Ҳиндистон халқи сарт калимасини билмайдурлар, фақат туркистоний, турк ё тожик дерлар;
5) туркистонийлар бир-бири ила сўрашганда: «Ўзбекмисан тожик?», «Мулломисан хожа?» — деб сўрайдурлар. Туркистонда саййидларни «хожа» дерлар. Хожасиз арабларда бордур;
6) Туркистонда машҳур 92 қабила — уруғнинг исми машҳур бўлуб, онинг ичинда «сарт» йўқдур.
Хонлар замонинда жулус ҳангомида бу 92 қабиладан мурраххас ва оқсоқоллар Самарқандда жамланиб янги амири(нг) «хон» кўтариб «жулус» маросимини ижро этардилар. Самарқанд Тахти Темурийсинда жулус этган Бухоро хонларининг энг охиргиси амири ҳозирнинг жадди Музаффархондур. Самарқанд Бухоро ҳукуматининг Маскови эрди. Амир Музаффар марҳумнинг таърихи жулуси:

Баҳри таърихи жулусаш омад.
Шанбау моҳ раббиус-соний. (1277 ҳижрия)

Туркча таърих шеърияси:

Шоҳ мулку иқбол ила
Ўлтурди Кўктош устина.

Кўктош амир жаҳонгир Темур Соҳибқирондан қолма тош — бир тахтдурки, Туркистондаги турк элларидан 92 уруғнинг оқсоқол ва баковуллари йиғилиб, янги хонни оқ бир намад — кача устинда ўткузуб, 92 уруғ мураххаслари качани бирдан кўтариб, янги хонни Кўктош тахтина миндурарлар эди. Ва бу ондан эътиборан хон ва амир эълон килиниб, нақора, карнай қоқилиб чолинарди. Амир ушбу 92 нинг оқсоқоллариға олтун ва хилъат, от ва туғлар бериб, алардан байъат оларди. Ва хон кўтармоқдан аввал 92 нинг оқсоқоллари баъзи бир сўзу одатларни риояти учун амирдан ваъда ва сўз олар эканлар. Бу 92 сўзи алон халқ оғзинда мавжуд ва мақоллар ҳукминдадур. «Тўқсон иккини ичинда… деди», «Бу ер 92 ни йиғилган ери, сўзингни билиб сўйла», «Сан бадзот, шажаранг 92 ға етмайдур».
7) «Темурнома» ва амсолий китобларда сарт исми мавжуд (ва) уруғлар ичинда кўрулмайдур;
8) Туркистон шимолиға охирги вақгларда сарт сўзи эшитилиб, аммо Туркистон жануби ва ғарбида халқ оғзинда йўқдурки, Туркистон шимолиға бу сўзни жорий бўлғони қазоқ, тотор ва руслар сабабидандур. Масалан, Тошканда «сарт арбаси», «сарт чойи», «сарт одати»… дейилган ҳолда Самарқандда «мусулмони ароба», «мусулмон шаҳри», «мусулмон одати» дерлар;
9) Бухоро ўлкасинда сарт сўзи мутлоқ йўқ. Халқ ўзбек, тожик, қазоқ, туркман, араб қабилалариға мансуб кишилар бўлуб ва шу исмлар ила аталурлар;

10) Туркистоннинг қаю бир чўл ва тоғ ё маъмур ериндага 60—70—100 ға киргон кишидан «сарт» сўзи сўралсун, билмайдур. Аммо олчин, барлос, гуёқяи, қинчоқ, хитой, турк, қавчин, сарой, манғит, қорақалпоқ, минг, юз, қирқ, ўроқли, ойтамғали, қўштамғали, найман, қангли, мўғул ва буларға ўхшаш асомаи қабила, уруғ исмларининг машҳури ва аларнинг туганмас шўъба ва шохаларини баён қилган ҳолда бу «мажҳур сарт»ни аслан тилға олмайдур. Қари кишилар: фалона аслан ўзбек ё тожикдур, дер. Асло сарт демас ва сартни билмас, сарт деган қабиладан бехабардур;
11) сарт сўзини ҳозирга мафҳумидан хабардор туркистонлилар гумон қиладурларки, сарт сўзи туркистоний деган сўзни русча таржимаси бўлса;
12) матбуотдан бохабар Туркистон ўзбек ва ё тожик ва ё арабға «сарт» деб хитоб қилинса, ўзлариға ор ҳис этарлар. Албатта, бир кишини ота-онаси берган исми бўлуб ва они мансуб бўлгон қабила ва уруғи бўлуб туруб, они бошқа бир исм ила чақириб ва номаълум ва ё маълум бир қабила ис-мини онга тақилса, они хушланмасға ва эътироз қилмоқға ҳақи бўлса керак;
13) Туркистон халқидан ўзини билатургонлари қабила ва уругага у қадар биноси борки, бошқа қабилаға қиз бермайтурғонлари бордур. Қизни ўзи хоҳлаб теккан бўлса, қаби-ла орасидан ақча жамлаб даъволашиб чиқориб оладурлар. Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтургонларни қул — марқуқ дерлар.
«Шўро» мажалласининг 1911 санадаги 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохожа жаноблари «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзиб эдики, андан минбаъд ёзилатургон моддаларни хулоса қилармиз:
1) ўтган саналарда сарт сўзи ҳақинда руслар орасиға мубоҳаса бўлуб, «Туркестански ведомости» русча жаридасида ҳар ким ҳар нима ёзиб ва ҳар навъ фаразиётлар жорий қилиниб эди. Қазоқ биродарларимиздан даъво вакили жаноб Шерали Лапин ёзиб эканки, сарт сўзи ҳақорат сўзларидан бўлуб, «сариғ ит»дан ахуз муҳаққақдур. Бу лафзни истеъмол қилмасға керак. Ҳозир Туркистонда жорий турки — ўзбаки шевани «сартски» ёинки «сарт тили» демасдан «ўзбаки тил» деб аталсун;
2) Астрўмўф жаноблари «Сартлар» исминда тахминан 300 саҳифалик русча бир китоб тасниф қилгандурлар. Ушбу китобға мазкур жаноб Шерали Лапин тарафидан бир неча эътироз ва баҳслар бўлгандур. Аммо жаноб Астрўмўф. сартлар ким эканлигини исбот қилиб бир жойға қарор берганлари йўқ ва китоблари ҳар нафъ ихтилоф ва фаразиёт ила тўладур;
3) Астрўмўф жанобларини «Сартлар» китобидан ва бошқа бир неча русларни ёзган китобидан маълум бўлурки, Фарғона ва Сирдарё вилоятларининг халқи «сарт» бўлуб, Самарқанд ва Бухоро ўлка — вилоятларининг халқи ўзбек ва тожикдурлар;
(«Ойна»: Аммо тарих ва адабиётдан бехабар рус ва тотора рабта беш вилоят Туркистони Русий ва Бухоро хонлиги халқини(нг) айирмасдан «сарт» дерларки, бир маҳзи асари ғафлат ва бутун ғалати фоҳишдур. Фарғона ва Сирдарё халқининг сартлиги маълум йўқдур.)
4) Гейер жаноблари «Туркистон саёҳатномаси»да ёзадурки: «Сартларни асл ва насаблари масаласиға ҳозиргача уламо тарафидан файсал берилган йўқдур. Аларни насаблариға тейишли ҳар нав баёнотдан сиҳҳатға яқини шулки, Туркистоннинг асл халқи тожик бўлуб, сўнгра турк — ўзбек халқи тасхир қилиб олиб ва бу икки халқни бирлашганидан пайдо бўлган халқларни «сарт» аталиши тахмин ва гумон қилинур;
5) Вамбери жаноблари ёзадурки: «Сартларни Бухоро ва Ҳўқандда тожик атайдурлар. Инчунин жаноб Лазар Будагўфни ва Шайх Сулаймон Бухорий жанобларининг луғатларидан маълум бўлурки, сартлар аҳли форс ва тожик эронийлардан иборат бўлса, ҳолбуки эронийлар форс ва тожикдурлар;
6) Логофет жанобларининг «Бухоро хонлиғи» ном русча китобинда Туркистонда мавжуд турк-ўзбек қабилаларини теъдод этибдурки, «сарт» қабиласи йўкдур;
7) «Шайбонийнома» соҳиби Муҳаммад Солиҳ, Алишер Навоий, Бобурхон, Абулғозихонлар турқдурлар, буларнинг таълифотлариндаги сартлар ким бўлур, ажабо? Албатта, булар Туркистоннинг тамом ўзбек ва турк халқини(нг) ва ўз жинсдошларини(нг) сарт демаганлар. Бунлар эронийларни ва ё бошқа бир тоифани (уруш замонидаги душманларини) мақоми таҳқир ва очиқда сарт деган бўлсалар керакки, «Шайбонийнома»дан шундай билунур:
8) (ўқиб бўлмади);
9) алҳосил, ушбу кун Туркистони Русийнинг беш вилоятини ва Бухоро хонлигининг барча турк ва ўзбек халқини «сарт» демак ва ёзмак инсофсизлик, истибдодройъи боиси шубҳа ва тафриқадур, буюк хатодур, вассалом.
Марҳум Бақохожанинг сўзи мунда тамом бўлди.
Юқоридаги ёзилган сўзларға қараганда, маълум бўлурки, сарт сўзи ҳакиқатан номаълум ва сарт аталмиш кишилар ёинки сартлар букунги Туркистони Русий ёинки Турон, Хоразм ва Бухорода абадан йўқдур, балки бир замонлар бор эмишларда, қавми табъ ёинки ҳун, ҳамирий, осурий, бобилий… лардек дунёдан билкулли сафар этиб, жойларида бошқалар келубдурлар. Тарихға қаралса, букун мусаммаси йўқ кўб исмларға учралурки, сарт исмида Туркистонда «исми бемусамма» ҳукминдадур. Сартликни бутун Туркистони Русий ва Бухоронинг турк, тожик ва арабдан иборат халқиға тоқатургонлардан далил сўралса, айтатургонлари албатта шундан иборатдурки:
1. «Шайбонийнома», «Бобурнома», Абулғозихон китобларинда баъзи бир туркистонийларни(нг) сарт аталибдур.
2. Оврупонинг баъзи сайёҳлари ёзибдурларки, Туркистонда шаҳар халқини ёинки форс халқини ё тожирни номаълум замонда сарт атардилар.
3. Номуайян бир замонда Дашти Қипчоқ ёинки Хитон ҳудудидан «сарт» исминда бир тоифа келиб, Туркистонға ерлашиб, сўнгра бошқалар тарафидан ютулуб ва бошқа уруғлар ила аталиб кетгандурлар.
Ана, Туркистони Русий ва Бухоро халқиға сартлик исмини токатургонларни далили шундан иборатдур. Биз такрор айтармизки, мазкур уч эҳтимолни қайси бири чин бўлган суръатда ҳам нафсул амрда бугун Туронда сарт йўкдур. Ҳамчунонки, бу кун Оврупода ва Осиёда исман «ҳун» йўқдур. Тарих ҳун қавмини сартдан қўра яхши забт этган. Маа фихи букун на Оврупо ва (на) Осиёда «ҳун» исмлик уруғ йўқ. Фаразан, сарт қабиласинда бир вақт бор экан, аммо энди сарт уруғи йуқдур. Бу қадар машҳур уруғлар Туркистонда бўлуб ва аталиб туруб, аммо сарт уруғини йўклиги ва ҳеч бир қабилани «ман сарт» демагани бу кунда сартни йўқлигини ва замонида бўлсада, мунқариз бўлганини далилидур. Хўб, туронийларни сартлигини даъво этатургонларни далили бўлса, лутфан баён этмоқларини илтимос этармиз. Ва далиллариға қараб, албатга, ахди қалам муҳокама жорий этарлар. «Сарт» атамоқға ошиқ бўлганлардан баъзан дерларки: «Ҳар ҳолда туркистоний ва бухорийлар охирги замонларда сарт аталиб ва бу исм машҳур бўлубдурки, мунинг тарк этмоғи мумкин йўқдур».
Бу сўз бир неча важҳдан тўғри эмас. Масалан, усули жадидчи ёинки тараққийпарвар ва маданияти ҳозира толибларини Туркистонда баъзан кофир «бобий», Истанбулда «мосун», Эронда ҳоказо «бобий» атабдурлар. Ҳолбуки, «бобий» ва «мосун» бошқа, тараққийпарвар мусулмон бошқадур. Бобий ва мосунлик ила фахр қилатургон номусулмонлар бўлганидек, таракқийпарвар мусулмон бобий ва мосунликни ўзиға нисбат беришни абадан қабул қилмайдур.
Энди маданиятпарвар мусулмонларнинг «бобий», «фарра», «мосун» исмлари баъзи халқ тарафидан бизға берилибдур, деб мусулмон исмини қўюб, ўзини «бобий» ва «фарра мосун» атамоғи ва шул номағруб исмларни ўзиға тоқмағи муносибми? Албатта, йўқ дерсиз. Бас, туронийларнинг ўзиға махсус ва машҳур уруғлари бўлуб туруб, мажҳул бир уруғ исмини ўзлариға тоқмасликлари табиийдур, албатта. Дерларки, сарт демайлукда, на дейлук? Жавоби ниҳоят осон! Туркистон ўзбеклари, тожиклари, араблари, турклари, руслари, яҳудийлари агарда десаларки, биз Туркистонни турк, араб ва форсийни ташхисдан ожиз ва барчасиға умумий бир исм керак. Бул суратда дермиз. Ундай бўлса тўғри «Туркистонли», «Туркистон мусулмонлари» ёзингиз. Йўқ! Бўлмаса, балки бир аср сўнгра Туркистонда мавжуд яҳудий, рус, турк, тожик ва араблар бир либос ва бир ҳайъатға кирарда, сиз яна барчасини «сарт» атарсиз.

Тотор муаррихларидан муҳтарам Заки Валидий афанди «сарт» иборати тўғрисинда такрибан шундай деюр: «Бир замонлар Туркистон халқи сарт бўлганлар. Аммо Чингизлар ва мўғулларни истилоси сабабила исмлари алмашгандур. Самарқанд ва Бухорода сарт йўқ ва ҳам тожик ва араб ва ўзбеклар сарт эмас. Ҳўқанд ва Тошканд халқи сартдур, азбаски, алар уруғини билмайдур ва ҳам алар на турк ва на ўзбек ва на тожик ва арабға ўхшайдур. Сарт исмлик қабила Туронда бўлмаса-да, эски китобларда бор».
Юқоридаги сўзлар мунга жавобдур.

 

Манбаъ: Маҳмудхўжа  Беҳбудий. Танланган асарлар;«Маънавият»,1999.  Нашрга тайёрловчи,тўпловчи ва изоҳлар муаллифи профессор Бегали Қосимов.

09

(Tashriflar: umumiy 467, bugungi 1)

Izoh qoldiring