Mahmudxo’ja Behbudiy haqida uch maqola.

022
Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бошларида ўз ғоявий маслакдош дўстлари Мунаввар Қори Абдурашидов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар билан бирга жаҳолат ва қолоқлик, диний фанатизм ва чор мустамлакачилик зулмига қарши ўлканинг иқтисодий-сиёсий ва маданий тараққиёти учун тинмай кураш олиб борди. Туркистонда миллий мустақил давлатчилик, давлат тили қонунлари, демократик йўл билан ўтказиладиган парламент сайловлари ва бунда ҳамма миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқли эркин иштироки масалаларини шу қадар дадиллик ва инсонпарварлик позицияларидан туриб кўтарганки, беихтиёр Маҳмудхўжа Беҳбудий бугунги мустақиллик кунларимизни ўшандаёқ башорат қилганлиги кишини ҳайратлантиради.

087

ЖАДИД АДАБИЁТИНИНГ АСОСЧИСИ>
Наим Каримов

Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарида бундай танбеҳ бор: «Кимки умрини мардлар хизмати учун сарфласа, умри ўтса ҳамки, абадий умр эгаси бўлади. Ўзингни шундайлардан узоқ тутма, бошинг кетса ҳам шу муддаони унутма. Умр бевафодир, мардона ҳаёт абадийдир «.

Бу танбеҳдаги «мард» сўзи форсча бўлиб, инсон маъносини англатади. Кимки инсон номига муносиб иш тутса, у мард ҳисобланади. Навоий инсон бахт-саодати учун ўз ҳаётини бахшида этувчи кишиларнинг кўпроқ бўлишини орзу қилган. Зеро, жамият тараққиёти, инсоният тарихининг порлоқ саҳифалари фақат шундай кишиларнинг номлари ва ишлари билан боғликдир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай кишилар қавмидан бўлиб, 1875 йил 19 январда Самарқанд яқинидаги (Сиёҳоб волостининг) Бахшитепа қишлоғида туғилди. Унинг шажараси, бир томондан, Аҳмад Яссавийга бориб туташса, иккинчи томондан, Урганч хўжаларига бориб тақалади. Маҳмудхўжанинг бир бобоси Солиҳхўжа бўлиб, улар Самарқанднинг обрўэътиборли кишиларидан ҳисобланган. Қори Ниёзхўжа XVIII асрда амир Шомуроднинг буйруғи билан Урганчдан Самарқандга кўчирилган.
Маҳмудхўжанинг имом-хатиблик билан шуғулланган отаси Беҳбудхўжа 1894 йили, кенжа фарзанди туғилишидан бир оз аввал, вафот этган.
6 — 7 ёшида тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ туфайли хат саводи чиққан, сўнг XIX асрнинг 90-йилларида Чашмаоб ва Кобуд волостларида мирзолик қилган Беҳбудий дунёқарашининг кескин ўзгаришида унинг Шарқ ва Ғарб мамлакат-ларига қилган сафарлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. У 1899-1900 йилларда Туркия, Миср ва Ҳижозга, 1903-1904 йилларда эса Россиянинг Москва, Петербург, Нижний, Қозон ва Уфа сингари шаҳарларига бориб, хорижий халқлар ҳаёти билан яқиндан танишди. Мустамлака шарт-шароитида яшаган ўзбек халқи турмушини хорижий халқлар ҳаёти билан қиёслаш Бёҳбудийни иккиёқлама зулмдан эзилган ватандошлари такдири ҳақида қайғуришга мажбур этди.
Бу, Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракати уйғонган йиллар эди. Ана шундай тарихий-ижтимоий давр тақозоси билан ҳаракатга келган жадидчилик халқ ҳаётида кечаётган қашшоқланиш жараёнининг оддини олиш ҳамда жаҳолат ва сафоҳат ботқоғида яшаётган халққа мадад қўлини чўзишни ўзига мақсад қилиб олди. Жадидлар халқни ҳар томонлама аянчли аҳволдан халос этишнинг бирдан-бир йўлини илм-маърифатда кўрдилар.
Совет ҳокимияти даврида худди шу нарса жадидлар дунёқараши ва фаолиятининг чекланганлиги сифатида баҳоланиб келди. Ҳолбуки, қўлларида на давлат идоралари, на сармоялари бўлган жадидлар ўзларининг фидокорлик-лари орқасида фақат янги усулдаги мактаблар очиб, жадид матбуоти, адабиёти ва театрига асос солиб, улар орқали ўз ғоя-мақсадларини тарғиб қилишлари ва халқ кўзига ҳақиқат кўзгусини тутишлари мумкин эди. Улар ўз қўлларида бўлган ана шу ягона имкониятдан ғоят самарали фойдаланиб, маърифий инқилоб йўли билан халқни моддий фаровонлик ва бойлик сари етаклашга ҳам уриндилар. Моддий фаровонлик ва бойлик эса, улар наздида, капитализм бағрида эди. Улар халқни феодал турмуш тарзидан капиталистик муносабатлар босқичига олиб чиқиш орқали ке-лажакда уни мустамлака кишанларидан халос этмоқчи бўддилар. Шунинг учун ҳам жадидчилик ҳаракати майдонини фақат маърифат жабҳаси билангина чегаралаб олиш тўғри эмас. Зеро, жадидлар ҳаракати дастурининг муҳим нуқтаси миллий мухторият ва ижтимоий тараққиёт билан бевосита боғлиқдир.
XX аср бошларида Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг қанот ёзишида Россия, Туркия ва Эрон инқилобларидан ташқари, Қрим ва Волгабўйи татарларининг матбуоти, биринчи навбатда, Исмоилбек Гаспринскийнинг «Таржимон» газетаси муҳим аҳамиятга молик. Матбуотнинг тараққийпарвар кишилар қўлида қудратли қурол эканлигини сезган Беҳбудий 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Осиё», «Тужжор» сингари маҳаллий ҳамда «Таржимон», «Вақт» ва «Шўро» сингари қардош халқларнинг газета ва журналларида 200 дан зиёд мақолаларини эълон қидди. Ва бу мақолалари билан халқнинг басир кўзларини очишга уринди. У айни пайтда Самарқандда дастлабки усули жадида мактабларини очишга ва улар учун қўлланма ҳамда дарсликларни яратишга киришди. Беҳбудий Абдулқодир Шакурий билан бирга 1903 йилда Ражабамин қишлоғида янги усулдаги биринчи мактабни очиб, сўнг 1906 йили уни шаҳардаги ҳовлисига кўчириб келди ва уни ўз оталиғига олди. Шу йиллар-да у «Мунтахаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география»), «Мадҳали жуғрофияи Русий» («Русиянинг қисқача географияси»), «Китобат ул-атфол» («Болалар кито-би» ), «Мухтасари тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи») ва «Амалиёти ислом» сингари дарслик ҳамда қўлланмаларини яратди. Бу тилга олинган асарларнинг ўзиёқ Беҳбудийнинг ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаган аллома бўлганидан шаҳодат беради.
Жаҳон фани ва маданияти учун Беруний ва Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Ал-фарғоний, Улуғбек ва Навоий сингари даҳоларни етказиб берган халқ XIX аср ўрталарига келиб, турли объектив сабабларга кўра, Ғарб ва Шаркдаги энг қолоқ халқларнинг бирига айланган эди. Шунинг учун ҳам Беҳбудий ўзининг бутун куч ва ғайратини шу халқни маърифатлаштиришга бағишлаб, нафақат публицист ва педагог сифатида, балки моҳир ташкилотчи ва янги тарихий давр ғояларининг жарчиси сифатида ҳам қизғин фаолият олиб борди.
Маърифатпарварлик фаолияти фақат мактаб доираси билангина чекланмайди. Бу ҳақиқатни тўғри тушунган Беҳбудий 1908 йили Самарқандда Туркистондаги дастлабки замонавий кутубхоналардан бири — «Қироатхонаи исломия»ни ташкил этади. Кейинчалик «Беҳбудия кутубхонаси» номини олган бу маърифат ўчоғи 1919 йилга қадар фаолиятда бўлиб, самарқандлик ёшлар диний ва дунёвий билимларининг шаклланишида ўз вазифасини ўтади. Бир кеча-кундузда 11 нафаргача ўқувчи шуғулланиши мумкин бўлган бу кутубхона тез орада Самарқанднинг йирик зиё масканларидан бирига айланди ва бора-бора унинг жамғармасида 1000 дан зиёд ноёб китоблар тўпланди. «Беҳбудий» нашриёти эса турли дарслик ва қўлланмалардан ташқари, «Туркистон, Бухоро ва Хива хароитаси»ни босиб чиқарди. Тиниб-тинчимас инсон ўз ғоя ва қарашларининг кенг халқ оммасига етиб бормаётганлигини кўриб, ё саводсизлиги, ёхуд қўлининг калталик қилаётгани орқасида маърифат нурларидан бебаҳра қолаётган одамлар учун миллий театрни яратишни лозим, деб топди ва ҳали дунёга келмаган ўзбек театри учун 1911 йили «Падаркуш» пьесасини ёзди.
Беҳбудий бошлиқ ўзбек жадидларининг халқни маърифатлаштиришга қаратилган фаолияти, бир томондан, чор Россияси, иккинчи томондан, Бухоро амирлигининг қаттиқ қаршилиги остида кечди. Жадидларни ўзининг ашаддий душмани деб билган амир ва унинг мутаассиб қуршови қаердаки бир жадидни кўриб қолса, уни ўлдирди, кофир деб эълон қилди, халқ оммасида жадидларга қарши ишончсизликни, нохуш кайфиятни, нафрат ва ғазабни уйғотиб, бу носоғлом туйғуларни алангалатиб турди.
1914 йилнинг 3 январида Самарқанддаги Улуғбек мадрасасининг жомесида ўқилган жума намозидан сўнг муаззин беш-олти минг мусулмон ҳузурида нутқ сўзлаб, «усули жадидчиларнинг ва русча ўқутмоққа ташвиқ қилатурғонларнинг кофирлиги ва ҳар ким боласини усули жадида мактабига берса, ўзи кофир, хотини талоқ бўлиши»ни эълон қилди. Уламонинг буйруғи билан эълон қилинган бу такфир яшин тезлигида бутун Туркистонга тарқалиб, жадидлар мушкул бир аҳволга тушиб қолдилар.
Бундай мураккаб вазиятда Беҳбудий сингари оқил ва фозил жадидлардан усули жадида мактаблари ва уларнинг муаллимларини диний далиллар кўмагида ҳимоя этиш талаб этилар эди. Муфти Беҳбудий ўз зиммасига тушган бу масъулиятли вазифани шараф билан адо этиб, уламонинг ўзини такфирдан, яъни жадидларни кофир деб эълон қилганидан тонишга мажбур этган.
1911 йили Беҳбудий қаламидан чиққан «Падаркуш» пьесаси ҳам чор ҳукуматининг қаттиқ қаршилигига учрайди. Тадбиркор драматург 1912 йили Бородино жангининг 100 йиллиги нишонланаётган кунларда асарни ана шу санага бағишлаш орқали ишончли дўстлари ёрдамида матбуот ишларининг Тифлис қўмитасидан рухсатнома олиб, уни чоп этиш ва саҳналаштиришга эришди.
1914 йилнинг 15 январида Самарқанддаги Халқ уйида Озарбайжон режисссёри Алиасқар Асқаров саҳналаштирган «Падаркуш»нинг биринчи марта намойиш этилиши ўзбек халқининг маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Шу куни ўзбек миллий театри дунёга келди. Беҳбудий биринчи ўзбек драмасининг муаллифигина бўлиб қолмай, уни саҳналаштиришда иккинчи режиссёр сифатида ҳам иштирок этди. Асарда ўқимаган боланинг падаркушга — отасининг қотилига айланиш жараёни тасвирланар экан, Беҳбудий илм-фаннинг шахснинг қандай инсон бўлиб шаклланишидаги ролини кўрсатиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.
Асардаги ўқимаган бола минглаб ўзбек болаларининг биригина эмас, балки маърифатдан бебаҳра қолиб келаётган ўзбек халқининг жонли тимсоли ҳам. Беҳбудий шу халққа мурожаат этиб, «Агар сиз ўқиб, илмли — маърифатли халқ бўлмасангиз, ўзингизнинг қадр-қимматингизга етмасангиз, ота-боболаримиздан қолган муборак ўлканинг бундан кейин ҳам хонавайрон бўлишига йўл қўйган бўласиз», дегандек бўлади. Театрни ибратхона, ваъзхона деб билган адиб театр орқали халқ оммасига таъсир ўтказмоқчи, унинг онгига, миясига миллат, ватан, ҳуррият ҳақидаги тушунчаларни сингдирмоқчи бўлди.
«Падаркуш» драмаси тез орада Туркистоннинг кўпгина шаҳарларида намойиш этилиб, янги санъат турининг катта истиқболга эга эканидан дарак берди. Беҳбудий асардан тушган маблағнинг сарф-харажатдан ортган барча қисмини жадид мактаблари фойдасига ўтказди. Ва шу факт билан ҳам ҳаётининг бирдан-бир мақсади ўзбек халқини маърифат манзиллари орқали миллий тараққиёт довонларига етаклаш эканини исбот қилди.
Беҳбудий фаолиятининг муҳим бир қисмини журналистика ташкил этади. 1913-1914 йилларда «Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журналини нашр этган адиб астрономия, археология, география, этнография, тиббиёт, халқ хўжалиги сингари ранг-баранг мавзулардаги мақолалари билан ўзбек зиёлиларининг янги бир авлоди етишиб чиқишига сабабчи бўлди. «Маърифатсиз миллат инқирозга маҳкум-
дир», деган учқур сўзларни ўзига шиор қилиб олган адиб бу нашрларнинг том маънода ўзбек маърифатпарварларининг минбари бўлиб қолиши учун тинимсиз қайғурди.
Журналистика тарихидан бизга шу нарса маълумки, қози Рашидхон Иброҳим ўғли (Абдурашид Иброҳимов) 1902 — 1909 йилларда «Миръот» («Кўзгу») деган журнални нашр этган. 1910 йили шу ном остида Озарбайжонда ҳам журнал чиқиб турган. Беҳбудий ўз журнали учун «Ойна» номини танлар экан, салафлари бошлаган ишни давом эттириб, журнални бир варакай тўрт тилда — ўзбек, форс, араб ва рус тилларида чоп этмоқчи ва унга Ўрта Осиёда яшовчи барча маърифатпарвар кишиларни жалб этмоқчи эди. Афсуски, у журналнинг фақат нишона сонинигина тўрт тилда нашр этиб, кейинги сонларида фақат ўзбек ва форс —тожик тил-ларидаги мақолаларни ёритиш имконига эга бўлди. Лекин у муштарийларни Франция билан Япония оралиғида жойлашган мамлакатлар ва халқлар ҳаёти билан таништиришга, ўз «Ойна»сида XX асрнинг 10-йилларидаги жаҳон сиёсий-ижтимоий, маданий ва маиший ҳаёти лавҳаларини акс эттиришга муваффақ бўлди. Ҳаммаси бўлиб, 68 сони нашр этилган журналда ёш Чўлпондан тортиб Фитрат, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний, Тавалло, Ҳожи Муин, Холмуҳаммад Охундий, Саид Аҳмад Васлий, Фахриддин Рожий, Вяткинга қадар — ўша даврнинг кўзга кўринган қарийб барча зиёлилари иштирок этишган.
Беҳбудий хайрия жамиятларини ташкил этиб, тушган ионалар ҳисобига истеъдодди ёшларни Коҳира, Петербург сингари Шарқ ва Ғарб мамлакатларидаги илмий марказларга юбориш, уларнинг нафақат туркий ва форсийни, балки араб ва рус тилларини ҳам эгаллашларига даъват билан чикди. У ўзбек халқининг «жадид» ва «қадим»га, бой ва камбағалга бўлинишига чек қўииш ҳамда ватан равнақи учун хизмат қилиш лозимлигини уқтирди. 1917 йил Февраль инқилобидан кейин эса рус цензурасининг паришон ҳолатидан фойдаланиб, халқни мухторият учун курашга даъват этувчи мақолалар билан чикди. «Ҳақ олинур, берилмас» деган шиор биринчи марта 1917 йил июлида Беҳбудий томонидан ўртага ташланди.
У «Ҳуррият»газетасининг 1917 йил 19 ноябрь сонида эълон қилинган мақоласида қуйидаги сўзларни шу пайтгача олиб борган ишларнинг тантанаси сифатида шавқ-завқ билан ёзди: «27 ноябрь Кўкрнда Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлушдан ифтихор этаман. Яшасин Туркистон мухторияти!»
Беҳбудийнинг Туркистон мухториятини ташкил этишдаги қизғин ҳаракатлари ўзбек жададчилик ҳаракатининг, шу жумладан, Беҳбудийнинг ҳам асосий мақсади маърифий инқилоб ва ижтимоий ислоҳотлар орқали мухториятга, мухторият орқали эса миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиётга эришиш эди.
Беҳбудий Туркистон Мухторият ҳукумати тугатилгандан кейин кўп яшамади. Шунинг учун ҳам унинг кейинги ҳаёти ва фаолияти саҳифалари биз учун қоронғи. Биз унинг шу вақт ичида маориф соҳасида иш олиб борганини яхши биламиз. Беҳбудий билан шу йилларда Самарқанд шаҳар маориф муассасасида ҳамкорлик қилган В.Шчигор фамилияли кимса бу ҳакда қуйидаги маълумотни берган:
«У қарийб ҳар доим мактаб комиссияси йиғилишларига ҳаммадан илгари келар ва унинг ишида ҳар доим фаол иштирок этар эди. Асосан Эски шаҳарда истиқомат қилган мусулмон аҳолиси ўртасида маориф ишларини йўлга қўйиш масаласи унинг диққат марказида бўлган. У Эски Самарқанд учун мактаб қурилиши лойиҳасини (комиссияга) тақдим этган эди. У қатор бошланғич мактабларни очиш билан бирга айни пайтда ўқитувчиларни тайёрлаш учун қисқа муддатли курсларни очишни ҳам режалаштирган эди. Бу курсларга эса Беҳбудийнинг ўзи сингари янги усул тарафдорлари бўлган ўқитувчиларни қабул қилиш назарда тутилган эди «.
Афсуски, Беҳбудийнинг сирли ўлими билан унинг оламшумул режалари амалга ошмай қолди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фожиали равишда ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабар етиб келгач, 1920 йили Самарқандда чоп этилган «Меҳнаткашлар товуши» газетаси бундай ёзган: «Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди. Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди… Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихида
ёруғ бир чироғ эди. Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихида зийнатлик мумтоз ўринни олишга муносиб бир отдир «.
«Зийнатлик мумтоз ўрин»га муносиб ана шу зот ўзбек халқи тарихига XX аср бошларида кенг қанот ёза бошлаган жадид маърифатпарварлари ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири сифатида киради. Файзулла Хўжаевнинг сўзлари билан айтганда, сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадиддари орасида унга тенг келадиган киши бўлмаган.
Афсуски, Беҳбудий ва унинг адабий мероси сўнгги йилларга қадар эътибордан четда қолиб келди. Фақат ўзбек тупроғига мустақиллик баҳори кириб келгандан кейингина Беҳбудий ҳақида бор овоз билан, ифтихор туйғуси билан сўзлаш имконияти туғилди.
«Беҳбудий ҳазратлари кўринишда ғоят маҳобатлик ва салобатлик эди «, деб ёзган эди у ҳақда Садриддин Айний.
1916 йилда Тошкентга илмий сафар билан келган академик А.Н. Самойлович ўша кезлардаги адабий жараён билан танишиб, «Туркистондаги янги адабиётнинг маркази Самарқандда бўлса керак, ёш ёзувчиларнинг бош илҳомчиси сифатида эса… самарқандлик муфти Махмуд Беҳбудийни эътироф этиш лозим», деб ёзган. 1929 йилда Қозонда босилган «Ўзбек адабиёти» китобида эса «Ўзбек миллий адабиётининг тамал тошини Беҳбудий билан Фитрат қўйган «, деган сўзларни ўқиймиз.
Назаримда, бу сўнгги сўзларни бир оз таҳрир қилиб, XX аср ўзбек адабиёти пойдеворига дастлабки ғиштлардан бирини Маҳмудхўжа Беҳбудий қўйган, десак, тўғрироқ бўлади.
Ўзбек жадидчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бири, ўзбек театрининг асосчиси, маърифатпарвар адиб ва журналист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифат ва ҳуррият ҳақидаги, истиқлол ва истиқбол ҳақидаги орзу ва умиддари бугун, мустақил ўзбек диёрида рўёбга чиқиб турибди.

087

УЛУҒ МАЪРИФАТПАРВАР ЗОТ МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ
Шерали Турдиев

ХХ аср бошларида Туркистоннинг ҳар томонлама мустақиллигини орзу қилган ва бу йўлда тинимсиз кураш олиб борган, Ватан озодлиги учун жонини ҳам қурбон қилган илғор маърифатпарвар истиқлолчи Махмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) истиқлолимизнинг чинакам фидойиси, қўрқмас курашчиси бўлган дейишимиз мумкин.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бошларида ўз ғоявий маслакдош дўстлари Мунаввар Қори Абдурашидов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар билан бирга жаҳолат ва қолоқлик, диний фанатизм ва чор мустамлакачилик зулмига қарши ўлканинг иқтисодий-сиёсий ва маданий тараққиёти учун тинмай кураш олиб борди. Туркистонда миллий мустақил давлатчилик, давлат тили қонунлари, демократик йўл билан ўтказиладиган парламент сайловлари ва бунда ҳамма миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқли эркин иштироки масалаларини шу қадар дадиллик ва инсонпарварлик позицияларидан туриб кўтарганки, беихтиёр Маҳмудхўжа Беҳбудий бугунги мустақиллик кунларимизни ўшандаёқ башорат қилганлиги кишини ҳайратлантиради. Бу жиҳатдан, айниқса, унинг мазкур даврда ёзган “Эҳтиёжи миллат” (1909), “Жамияти хайрия” (1913), “Марказий шўромизга”, “Иттифоқ керак”, “Баёни ҳақиқат” (1917), “Қозоқ қариндошларимизга очиқ хат” (1918 йил, январ) каби мақолалари ва 1918 йил августда Тошкентда ўтказилган “Туркистонда давлат лисони” масалалари бўйича чақирилган кенгашдаги нутқлари характерлидир. Масалан, у 1917 йил 12 июнда Тошкентда чиқиб турган “Улуғ Туркистон” газетаси саҳифаларида эълон қилган “Баёни ҳақиқат” номли мақоласида ҳали ўлкада Туркистон мухторияти ғалаба қилмасдан бир неча ой аввал бу хусусда фикр юритиб башорат ва зўр орзу ила шундай деб ёзган эди: “Биз мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизга зулм ва таҳдид қилмасин ва бизнинг ҳам бошқаларга таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ. Зотан, динимиз-да бунга монедирки, Туркистон яҳудийларининг 1300 саналик ҳоли бунга шоҳиддир. Биз истаймизки, бутун Русия мусулмонлари мухторият (федерация) усули юзасидан тириклик қилсунлар. Русия мусулмонларининг ҳар бир шўъбаси мухит жуғрофий ва мамлакатларини ҳудуди тарбияси бўйинча айрим бўлакларга бўлиниб, ўз тарафларидан ўз ҳуррият ва одатларига мувофиқ идора қилинса… Биз истаймизки, Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизнинг парламентимиз бўлса. Туркистон мусулмонлари ўз шариат ва одатларига, ўз закон ва динларига мувофиқ тириклик қилсунлар… бора-бора тадрижий суратда аскарларимиз бўлсун, …ул… миллий аскарларимизнинг вазифасини, қиёфат ва шаклини, либос ва тарз майишатини ўзимиз тайин қилурмиз. Мана, бизнинг олдимизда энг катта ишлар турибдир… Такрор арз қилурмизки, ёш ва катталар бир бўлиб ишламоқ керак. Вале, бизга на ҳуррият ва на-да мухторият берилур”.

Лекин муваққат ҳукумат ўрнига келган большевиклар бутун Россияда бўлгани каби Туркистондаги демократик ўзгаришлар ва миллий мустақил давлат ҳокимиятини (Туркистон мухториятини) ҳам ағдариб ташлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий норозиликларини халқаро ташкилотларга арз қилиш мақсадида 1919 йил бошларида сафарга чиқади. Мартда Бухоро амирлиги чегарасидан ўтаётганида қўлга олиниб, Қарши шаҳрида Бухоро амири жаллодлари ва большевик айғоқчилари томонидан ваҳшийларча қурбон қилинади. Унинг бу даҳшатли ўлими шогирдлари, маслакдош дўстлари қалбларини ларзага солади. Улар Беҳбудийни ўлдирган золимларга лаънатлар ёғдириб шеърлар, мақолалар ёзадилар. Жумладан, Садриддин Айний ўзининг “Беҳбудий руҳига итхоф” (шаби хижрон хавосиға, 1920 йил апрел) марсиясида бу ҳақда шундай дейди:

“Сенинг кўксунг чўкулганму, санинг белинг букулганму?
Санинг қонинг тўкилганму?”
Мун(нг) ҳеч ким сўролмасму?
Бошингни кесдуран қотил, у бадният, у сангин дил,
Худодан гар эса ғофил, халойиқдан уялмасму?
Ватан авлоди ёд этди, сени ҳурмат-ла шод этди.
Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму,
Жаҳонда зулмдур зоҳир, жаҳон хунхўр, жаҳон жобир,
Жаҳондан бир замон охир ситамгарлик йўқолмасму?

Беҳбудий номи унинг вафотидан кейин Туркистон (бугунги Ўзбекистон) тарихига ўчмас зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. У Туркистоннинг ХХ аср бошидаги биринчи маърифатпарвари ва драматурги, истиқлол курашчиси сифатида фахр билан тилга олина бошланди. Жумладан, Беҳбудийнинг кичик замондоши Лазиз Азиззода ўзининг “Беҳбудий” (1926) мақоласида унинг Туркистоннинг чоризм давридаги ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий тараққиёти тарихидаги ўрни ва аҳамиятига катта баҳо бериб, ўлкамиз тарихидаги хизматларини француз маърифатпарварлари — Жан Жак Руссо, рус демократлари Чернишевский, Добролюбов, татар ва озарбайжон маърифатпарварлари — Шаҳобиддин Маржоний, Қаюм Носирий, Мирза Фатали Охундов, Нажафбек Вазировлар билан бирга қўйди. Шунинг учун Ўзбекистонда Навоий, Улуғбек каби буюк зотлар билан бирга Беҳбудийга ҳам ҳайкал ўрнатиш кераклиги таклифи билан чиқди.

Халқимизнинг бу улуғ фарзанди номи ўтган асрнинг 20-йиллари бошларидаёқ ўлкамизнинг бир қанча шаҳар ва вилоятларида кўчалар, мактаблар, театрларга қўйила бошлади. У ўз замондошлари ва кейинги авлодларининг Туркистон (Ўзбекистон) мустақиллиги йўлидаги курашида ҳамиша маънавий мададкор бўлиб хизмат қилди ва ҳамон хизмат қилиб келмоқда.

087

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ
Ираж Баширий,
Минисота Университети профессори, АҚШ.

Беҳбудий тахаллуси билан танилган Маҳмудхўжа 19 асрдаги Марказий Осиё маърифатпарварларидан бири эди. У Туркистондаги Жадидчилик ҳаракати раҳбари ва асосчиси, шунингдек, фиқҳшунос, сиёсатчи, журналист ва драмматург ҳамдир.
Маҳмудхўжа 1875 йилда Самарқандда оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. Унинг отаси оддий камбағал киши бўлса ҳам Қуръони Каримни хатм қилган художўй инсон эди. Маҳмудхўжа 1894 йилда отаси ҳузурида бошланғич маълумот олди. У ўн икки ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олган эди. (Суратда: М.Беҳбудий. Ушбу сурат Беҳбудийнинг АҚШда яшаётган набираси Зарруҳ Беҳбудий томонидан бизга тақдим этилди, илк бора эълон қилинмоқда-таҳр.) Шундан сўнг у ўзининг она тили бўлган турк тили билан бирга араб ва форс тилларини, кейинчалик рус тилини мустақил ўрганади. Араб тилини у ўз мутахассислиги бўйича чуқур хатм қилади, Туркистон жадидчилик ҳаракатини оёққа қўйиш учун эса форс ва рус тилларини ўрганишга ўзида катта эҳтиёж сезади.

Маҳмудхўжа оилапарвар инсон эди. У йигирма ёшга қадам қўйганида оила қуради. Оилада ўғил туғилгач, уни анъанавий мадрасага эмас, балки рус тили чуқур ўргатиладиган янги замонавий мактабга ўқишга беришади. Беҳбудий келажакда, дунёвий фанлар ўқитиладиган, анъанавий дастурлардан холи бўлган бу илм даргоҳида ўғлини ҳаёт учун керакли билимлар олишига ишонарди. Маҳмудхўжанинг ўзи ҳам шу нуқтаи назардан ҳуқуқ соҳасини ўрганиб, суд ижрочиси вазифасида ишлайди. Ҳуқуқшунос сифатида у шаръий ишларни ҳам кўра бошлайди.

Маҳмудхўжа саёҳат қилишни яхши кўрарди. 1990 ва 1914 йиллар орасида у Миср ва Туркияда кўплаб сафарда бўлди. 1907 йилда у Тошкент, Уфа ва Оренбург орқали Петербургга сафар қилади. У ўз саёҳати давомида мутлақо янги дунё билан танишади, Марказий Осиёдаги биқиқ ҳаётни тушуниб етади ва минтақадаги уламоларнинг билим даражасини ошириш бўйича янги ўқитиш услублари ҳақида ўйлайди. У шунингдек синков ўқувчи эди. Ўз саёҳатлари давомида турли халқлар маданиятини ўрганиш учун кўп ўқийди. У умрининг охирида ўзининг барча китобларини Тошкентда очилган кутубхонага тақдим этади.

Маърифатпарвар адиб сифатида Маҳмудхўжа умрининг кўп қисмини янги услубдаги мактаблар учун ўқув дарсликлари ёзишга сарфлади. Бу дарслик китоблар Марказий Осиёдаги ўқувчи ва ёшларга бағишланган эди. Улар қуйидаги асарлар эди: Madkhali Juqrofiyo (Жуғрофияга кириш, 1905); Muntakhabi Juqrofiyoi Umumi (Жуғрофия: Баъзи умумий маълумотлар, 1906); Kitob ul -Atfol (Болалар китоби) ; Mukhtasari Ta’rikhi Islom (Қисқача Ислом тарихи, 1909); Amaliyoti Islom (Ислом амалиёти); ва Mukhtasari Juqrofiyoi Rusiyya (Россиянинг қисқача тарихи). Шунингдек у Туркистон, Бухоро ва Хива учун бир қатор хариталар тузиб нашр эттирди.

1913 ва 1915 йилларда у “Самарқанд” ва “Ойна” газеталарини нашр этади. Бу нашрлар исломни кенг тарғиб қилиш, эшон ва муфтийларнинг шаръий ҳуқуқлар баҳонасида ижтимоий қашшоқликларни чуқурлаштираётганликларига бағишланган эди. 1915 йилда Беҳбудий томонидан вақф ишлари моҳияти ҳақида ёзилган мақолани уламолар норозилик билан кутиб олишди. Улар ислоҳотчи жадидни кофир деб эълон қилдилар. Уламолар Муфтийни христианлар ишлаб чиқарган ун маҳсулотларини ҳалол деб фатво чиқарганлиги учун айблаб чиқишади.

Маҳмудхўжа шунингдек икки пъеса муаллифи ҳамдир. Улардан бири нашр этилмаган, иккинчиси “Падаркуш”дир. “Падаркуш” Марказий Осиёдаги октябр инқилобига қадар ёзилган ва саҳналаштирилган биринчи саҳна асаридир. 1911 йилда ёзиб тугатилган ва 1914 йилнинг 14 январида Тошкентда намойиш этилган бу пъесада ўзбекларга хизмат кўрсатган рус фоҳиша аёли Луиза ҳаёти акс эттирилган. Асарда оғир гуноҳ ишга қўл ураётган одамлар ва уларга жамиятнинг эътиборсизлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Пъеса минтақада илдиз отаётган буржўйча ҳаёт келтириб чиқараётган оқибатлар тўғрисида. Унда кўплаб кишилар янги қарор топаётган ижтимоий тузумни ёқтирмасликлари уларни буржуйлар турмушини қўлловчи баъзи кишилар ва майда савдогарлар билан юзага келган зиддиятлари қаламга олинади.

Сиёсатчи сифатида, Маҳмудхўжа Қуқон миллий мухториятининг кўзга кўринган ташкилотчиларидан бири эди. Бухоро жадидчилиги асосчиси Мулла Абдул Воҳид, Тошкентда янги услубдаги мактаб очган Мунаввар Қори каби Буҳбудий Самарқандда очилган янги мактаб асосчиси эди (1903 йил). Жамоатчилик бу ташаббусни қўллаб қувватлаб, жой ажратишга хайрихоҳ бўлмагач, Маҳмудхўжа ўз шахсий уйини мактаб учун бўшатиб беради.

Маҳмудхўжа ўша вақтдаги Бухоро амири, манғит уруғларининг сўнгги раҳбари Саййид Олимхон тақдири борасида кўп ўйларди. Бироқ, бу борада аниқ қарор қабул қилишга шошилмади. У Амирни тахтдан қулатиб Бухорода буржўйлар инқилобини амалга ошириш ва ислоҳотчилик йўлидан бориш тарафдори эди. Унинг фикрича, буржуазияга нисбатан нимаики чора бўлса кўриш мумкин эди.

У ўзи “халқ табиби” деб ҳисобланадиган Россия императорининг асосий тарафдорларидан бири эди. У 1917 йилда Россияда содир бўлган инқилобни қувонч билан кутиб олди, у Россиядаги маҳаллий буржўйлар инқилоби сабаб ўз халқини сиёсий эркинлигикка чиқишини тасаввур қиларди. Бу албатта ўша пайтдаги кўплаб таҳлилчилар фикрларидан кескин фарқ қиларди . Кўпчилик айнан шу сабаб Беҳбудий Россиядаги октябр инқилоби заруратини тушуниб етмади, дея хулоса чиқарганди.

1916 йилнинг май ойида, Беҳбудий Жадидлар ҳаракати йиғилишига раислик қилди. Унга Мунаввар Қори (Тошкент), Паҳлавон Ниёз (Хива), Усмон Хўжа ўғли (Бухоро), Обиджон Бек (Қўқон) ва бошқалар ташриф буюришганди. Йиғилиш кун тартибиги бир масала жуда муҳим эди. У Марказий Осиё эркакларини урушга чақириш бўйича шоҳ чиқарган қарорни бекор қилишларини талаб қилди. Улар Марказий Осиёликларни ўз ишларини ташлаб мажбуран рус ҳарбий кийимини кийишларига қатъий қарши эдилар.

Ва ниҳоят, Маҳмудхўжа машҳур ва эътиборли миллатчи эди. У Тошкентда Туркистон мусулмонлари Қурултойини ўтказди ва икки юздан ортиқ нуфузли кишилар имзо чеккан Бухоро амирлигида ислоҳотлар ўтказиш талаби билан қабул қилинган манифест муаллифларидан бири бўлди. (1917 йил 17 март).
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йилда Амир Олимхон жаллодлари томонидан Қарши шаҳрида қатл қилинди.

(Инглиз тилидан Юсуф Расул ўгирган).

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 2)

Izoh qoldiring