Mansur Jumayev. Kichkina odamning ulkan qalbi

07
25 сентябрь — Нобель мукофоти соҳиби, атоқли адиб Уильям Фолкнер таваллуд топган кун

  Фолкнер шундан сўнг роман ёза бошлади. 4 йилда 3 та романи босилди: «Аскар мукофоти», «Чивинлар», «Сарторис». Аммо учаласи ҳам муваффақият қозона олмади. «Шовқин ва ғазаб»гина (1929 йил) танқидчилар эътиборини ўзига тортди. Мазкур роман ўзига хос услубда ёзилганди. Асардаги ҳар битта воқеа турли нуқтаи назардан туриб ёритилгани билан диққатга сазовор эди. Асарни ўрганиб чиққач, мунаққидлар бир овоздан уни «улуғ роман» дейишди.

07
КИЧКИНА ОДАМНИНГ УЛКАН ҚАЛБИ
Мансур Жумаев
011

Атоқли адиб Асқад Мухторнинг сўнгги асари — «Уйқу қочганда» номли тундаликларида шундай сатрлар бор: «…ушалмайдиган орзу яхши, унинг айби ҳам йўқ, жавобгарлиги ҳам йўқ, дилингни аллалаб яшайверади. Аммо ушаладиган орзулар кўпинча алам билан тугайди. Сен доҳиёна шоир бўлолмасанг, бу — бир нав, ўтар-кетар, лекин кўнгил қўйганинг қўшни қиз эрга чиқиб кетса, бир умр куясан…»

Дарҳақиқат, орзулар сарҳадсиз ва бепоён. Улар ушаладими, йўқми, бу тақдирнинг ҳукмида. «Қисматнинг арзандаси, худо сийлаган банда»си, америкалик машҳур ёзувчи Уилям Фолкнернинг барча ушалган орзуларига ўша «ушаладиган орзулар» етакламадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Ёки…

1897 йилнинг 25 сентябрида АҚШнинг Миссисипи штатидаги Ню-Олбани шаҳарчасида зиёли оилада дунёга келган Уильямнинг отаси бир неча йиллар университетда иш бошқарувчи вазифасида хизмат қилган. Бобоси эса яхшигина ёзувчи бўлган. Унинг асарларидан салмоқлиси сифатида «Мемфиснинг оқ атиргули» романини тилга олиш мумкин. Дарвоқе, бўлғувси адибнинг онаси ҳам адабиёт шайдоси эди. Зеро, болакай Фолкнер дастлабки саводини айнан онасидан олганди. Юқоридаги омилларни назарда тутган ҳолда Уилямнинг ёзувчи бўлиб шаклланишида унинг оилавий муҳити жиддий таъсир ўтказган, дейишимиз мумкин. Бир қарашда бу шубҳасиздек туюлади. Бироқ…

Уильям 13 ёшида Эстелл Олдхем исмли қўшни қизни севиб қолди. Муҳаббатнинг учқунлари «қоғозларни ёндирди». Уилям севгиси, туйғулари ва хаёллари аксини қоғозга тушира бошлади. Самимият билан суғорилган шеърлари уни атрофдагилар назарига туширди. Шундан сўнг «шоир» мактабга бормай, бобосининг ёнида, банкда ишлай бошлади. Йиллар кетидан йиллар ўтди. Уилям ўзининг «жўшқин лирика»си билан «ҳаммани йиғлатди, қиз эса фақат бепарво жилмайиб ўтди ёнидан». Ва охир-оқибат у севгилисига етиша олмади, Эстелл 1918 йили «ағёр»га турмушга чиқиб кетди.

Уилям аламидан кўнгилли бўлиб армияга кетмоқчи бўлди, бироқ бўйи пастлиги учун уни олишмади. Ел университетида ўқиётган дўстининг уйига бориб яшай бошлади ва ўша ерда Канаданинг ҳарбий ҳаво кучлари таркибига киришга уриниб кўрди. Йўқ, бу гал унинг озғинлиги халал берди. Бироқ қайсар «пакана» ортга чекинмади. Ҳаракатдан тўхтамади ва алал-оқибат Торонтодаги ҳарбий мактабга жойлашишга муваффақ бўлди. Бир неча ойдан сўнг биринчи жаҳон уруши якунига етгач, Фолкнер Оксфордга қайтиб, Миссисипи университетида ўқий бошлади.

1919 йилда чоп этилган «Фавннинг кундузги уйқуси» шеъри Фолкнернинг адабий фаолиятга томон босган биринчи қадами бўлди. Бир йилдан кейин дипломни ҳам қўлга киритмай, университетдан кетди, романнавис ва театршунос Старк Янг таклифига кўра Ню-Ёркка жўнади. У ерда китоб дўконида сотувчилик қилди. Кейин Оксфордга қайтиб, университетда почтачи вазифасида ишлай бошлади. Бироқ собиқ китобфуруш иш вақтида китоб ўқиб ўтиргани учун ишдан ҳайдалди. 1925 йили Ню-Орлеанга келиб, ёзувчи Шервуд Андерсон билан танишди. Унинг иқтидоридан хабар топган Андерсон «шоир»га назм­да эмас, насрда ижод қилишни маслаҳат берди. Чунки Фолкнер шеър техникаси, илми, маҳорати ва тажрибасига эга бўлса-да, шеърлари унга машҳурлик остонасидан ҳатлашга умуман кўмаклаша ол­маётган эди. Унинг шеърларида ҳамма нарса бор, «фақат бирорта камчилик етишмасди» (А. Мухтор. «Тундаликлар»дан), холос.

Фолкнер шундан сўнг роман ёза бошлади. 4 йилда 3 та романи босилди: «Аскар мукофоти», «Чивинлар», «Сарторис». Аммо учаласи ҳам муваффақият қозона олмади. «Шовқин ва ғазаб»гина (1929 йил) танқидчилар эътиборини ўзига тортди. Мазкур роман ўзига хос услубда ёзилганди. Асардаги ҳар битта воқеа турли нуқтаи назардан туриб ёритилгани билан диққатга сазовор эди. Асарни ўрганиб чиққач, мунаққидлар бир овоздан уни «улуғ роман» дейишди.

Электр станциясидаги тунги иш вақтларида, 6 ҳафта ичида ёзиб тугатгани «Ўлим тўшагида» (1930 йил) романи эса муваффақиятсиз чиқди. Шундан кейин «Шундай нарса ёзайки, — дея аҳд қилди Фолкнер, — ундан даҳшатлиси бўлмасин!» Орадан 3 ҳафта ўтиб, «Ибодатхона» асарини ёзиб тугатди. 1931 йили чоп эттирди. Романда гангстер томонидан зўрланган аёлнинг фоҳишахонадан бошпана топиши воқеалари тасвирланган. Китоб «бестселлер» (энг кўп сотилган) бўлиб кетди.

Фолкнер асарлари француз тилига ўгирилгач, Европада жуда машҳур ёзувчига айланди. Уни севиб ўқишар, муҳокама қилишар ва қойил қолганликлари ҳақида тўлқинланиб гапиришарди. Адиб 1949 йили Нобел мукофотига лойиқ деб топилди. Мукофотни топшириш маросимида сўзлаган нутқида ёзувчилик тўғрисида сўз юритаркан, у шундай деганди: «Ёзувчи ўз «устахонаси»дан юрак ҳақиқати, асарни мангуликка дохил этувчи муҳаббат, ор-номус, мурувват, ғурур, раҳм-шафқат, фидойилик цингари азалий-абадий қадриятлардан бўлак ҳаммасини итқитиб ташламоғи лозим…»

Дарҳақиқат, Уильям Фолкнернинг кичик жуссасидаги катта юраги мурувватга, шафқатга, ғурурга, муҳаббатга тўла эди. Заминга, борлиққа, ҳаётга, инсонга, ўлмас умумбашарий қадриятларга муҳаббат, онасига, аёлга бўлган улкан муҳаббат… Ва Эстелл Олдхемга бўлган, хотироти мулкига айланиб қолган ўша севгиси! Адибнинг «Қора мусиқа» ҳикояси якунида шундай сатрларга кўзингиз тушади: «…хотинлар ўз номи билан хотинлар. Баъзан уларни эркалаб қўйиш керак. Улар шунга арзийдилар».

04

03Уильям ФОЛКНЕР (Faulkner) (1897.25.9, Нью-Олбани — 1962.6.7, Оксфорд, Миссисипи штати) — америкалик ёзувчи. 20-аср жаҳон адабиёти классикларидан. Нобель мукофоти лауреата (1949).
Фолкнернинг «Аскар мукофоти» (1926) ва «Чивинлар» (1927) романи чоп этилган, бироқ, бу асарлар муваффақият қозонмаган. Фолкнер умидсизланмай, «Сарторис» (1929) романини ёзган. Асар воқеалари Америка жанубида жойлашган хаёлий Йокнапатора шаҳрида кечади. Ушбу роман танқидчилар эътиборини тортган бўлишига карамай, Фолкнер «Шовқин ва ғазаб» (1929) романидан кейингина тан олинган. «Ўлим тўшагида» (1930) романи 59 та ички монологдан иборат. «Ибодатхона» (1931) асари гангстер томонидан зўрланган аёлнинг фоҳишахонадан бошпана топиши ҳақида ҳикоя қилади. Роман тез орада машҳур бўлиб кетган. «Август ёғдуси» (1932) романида ирқчилик ва пуританлик принципларининг салбий оқибатлари очиб ташланган. «Авессалом, Авессалом» (1936) романида АҚШ жанубидаги плантаторларнинг «янги династия»сини яратиш учун бўлган ҳаракатларнинг оқибатсизлиги кўрсатилган. Фолкнер «Қишлоқча» (1940),«Шаҳар» (1957), «Қўрғонча» трилогияси, «Бу, ўн учлар» (1931), «Кел, Мусо» (1942) ҳикоя ва новеллалар тўпламлари муаллифи. «Танланган асарлар» тўплами чоп этилгач,Фолкнер асарларига қизиқиш бирмунча ошган. 1962 й.да сўнгги романи — «Олиб қочарлар»ни ёза бошлаган. Аммо асар тугалланмаган.

03Uilyam FOLKNER (Faulkner) (1897.25.9, N`yu-Olbani — 1962.6.7, Oksford, Missisipi shtati) — amerikalik yozuvchi. 20-asr jahon adabiyoti klassiklaridan. Nobel mukofoti laureata (1949).
Folknerning «Askar mukofoti» (1926) va «Chivinlar» (1927) romani chop etilgan, biroq, bu asarlar muvaffaqiyat qozonmagan. Folkner umidsizlanmay, «Sartoris» (1929) romanini yozgan. Asar voqealari Amerika janubida joylashgan xayoliy Yoknapatora shahrida kechadi. Ushbu roman tanqidchilar e’tiborini tortgan bo’lishiga karamay, Folkner «Shovqin va g’azab» (1929) romanidan keyingina tan olingan. «O’lim to’shagida» (1930) romani 59 ta ichki monologdan iborat. «Ibodatxona» (1931) asari gangster tomonidan zo’rlangan ayolning fohishaxonadan boshpana topishi haqida hikoya qiladi. Roman tez orada mashhur bo’lib ketgan. «Avgust yog’dusi» (1932) romanida irqchilik va puritanlik printsiplarining salbiy oqibatlari ochib tashlangan. «Avessalom, Avessalom» (1936) romanida AQSH janubidagi plantatorlarning «yangi dinastiya»sini yaratish uchun bo’lgan harakatlarning oqibatsizligi ko’rsatilgan. Folkner «Qishloqcha» (1940),«Shahar» (1957), «Qo’rg’oncha» trilogiyasi, «Bu, o’n uchlar» (1931), «Kel, Muso» (1942) hikoya va novellalar to’plamlari muallifi. «Tanlangan asarlar» to’plami chop etilgach,Folkner asarlariga qiziqish birmuncha oshgan. 1962 y.da so’nggi romani — «Olib qocharlar»ni yoza boshlagan. Ammo asar tugallanmagan.

04

 

07
KICHKINA ODAMNING ULKAN QALBI
Mansur Jumaev
011

Atoqli adib Asqad Muxtorning so‘nggi asari — «Uyqu qochganda» nomli tundaliklarida shunday satrlar bor: «…ushalmaydigan orzu yaxshi, uning aybi ham yo‘q, javobgarligi ham yo‘q, dilingni allalab yashayveradi. Ammo ushaladigan orzular ko‘pincha alam bilan tugaydi. Sen dohiyona shoir bo‘lolmasang, bu — bir nav, o‘tar-ketar, lekin ko‘ngil qo‘yganing qo‘shni qiz erga chiqib ketsa, bir umr kuyasan…»

Darhaqiqat, orzular sarhadsiz va bepoyon. Ular ushaladimi, yo‘qmi, bu taqdirning hukmida. «Qismatning arzandasi, xudo siylagan banda»si, amerikalik mashhur yozuvchi Uilyam Folknerning barcha ushalgan orzulariga o‘sha «ushaladigan orzular» yetaklamadimikan, deb o‘ylab qolasan kishi. Yoki…

1897 yilning 25 sentyabrida AQShning Missisipi shtatidagi Nyu-Olbani shaharchasida ziyoli oilada dunyoga kelgan Uilyamning otasi bir necha yillar universitetda ish boshqaruvchi vazifasida xizmat qilgan. Bobosi esa yaxshigina yozuvchi bo‘lgan. Uning asarlaridan salmoqlisi sifatida «Memfisning oq atirguli» romanini tilga olish mumkin. Darvoqe, bo‘lg‘uvsi adibning onasi ham adabiyot shaydosi edi. Zero, bolakay Folkner dastlabki savodini aynan onasidan olgandi. Yuqoridagi omillarni nazarda tutgan holda Uilyamning yozuvchi bo‘lib shakllanishida uning oilaviy muhiti jiddiy ta’sir o‘tkazgan, deyishimiz mumkin. Bir qarashda bu shubhasizdek tuyuladi. Biroq…

Uilyam 13 yoshida Estell Oldxem ismli qo‘shni qizni sevib qoldi. Muhabbatning uchqunlari «qog‘ozlarni yondirdi». Uilyam sevgisi, tuyg‘ulari va xayollari aksini qog‘ozga tushira boshladi. Samimiyat bilan sug‘orilgan she’rlari uni atrofdagilar nazariga tushirdi. Shundan so‘ng «shoir» maktabga bormay, bobosining yonida, bankda ishlay boshladi. Yillar ketidan yillar o‘tdi. Uilyam o‘zining «jo‘shqin lirika»si bilan «hammani yig‘latdi, qiz esa faqat beparvo jilmayib o‘tdi yonidan». Va oxir-oqibat u sevgilisiga yetisha olmadi, Estell 1918 yili «ag‘yor»ga turmushga chiqib ketdi.

Uilyam alamidan ko‘ngilli bo‘lib armiyaga ketmoqchi bo‘ldi, biroq bo‘yi pastligi uchun uni olishmadi. Yel universitetida o‘qiyotgan do‘stining uyiga borib yashay boshladi va o‘sha yerda Kanadaning harbiy havo kuchlari tarkibiga kirishga urinib ko‘rdi. Yo‘q, bu gal uning ozg‘inligi xalal berdi. Biroq qaysar «pakana» ortga chekinmadi. Harakatdan to‘xtamadi va alal-oqibat Torontodagi harbiy maktabga joylashishga muvaffaq bo‘ldi. Bir necha oydan so‘ng birinchi jahon urushi yakuniga yetgach, Folkner Oksfordga qaytib, Missisipi universitetida o‘qiy boshladi.

1919 yilda chop etilgan «Favnning kunduzgi uyqusi» she’ri Folknerning adabiy faoliyatga tomon bosgan birinchi qadami bo‘ldi. Bir yildan keyin diplomni ham qo‘lga kiritmay, universitetdan ketdi, romannavis va teatrshunos Stark Yang taklifiga ko‘ra Nyu-Yorkka jo‘nadi. U yerda kitob do‘konida sotuvchilik qildi. Keyin Oksfordga qaytib, universitetda pochtachi vazifasida ishlay boshladi. Biroq sobiq kitobfurush ish vaqtida kitob o‘qib o‘tirgani uchun ishdan haydaldi. 1925 yili Nyu-Orleanga kelib, yozuvchi Shervud Anderson bilan tanishdi. Uning iqtidoridan xabar topgan Anderson «shoir»ga nazm­da emas, nasrda ijod qilishni maslahat berdi. Chunki Folkner she’r texnikasi, ilmi, mahorati va tajribasiga ega bo‘lsa-da, she’rlari unga mashhurlik ostonasidan hatlashga umuman ko‘maklasha ol­mayotgan edi. Uning she’rlarida hamma narsa bor, «faqat birorta kamchilik yetishmasdi» (A. Muxtor. «Tundaliklar»dan), xolos.

Folkner shundan so‘ng roman yoza boshladi. 4 yilda 3 ta romani bosildi: «Askar mukofoti», «Chivinlar», «Sartoris». Ammo uchalasi ham muvaffaqiyat qozona olmadi. «Shovqin va g‘azab»gina (1929 yil) tanqidchilar e’tiborini o‘ziga tortdi. Mazkur roman o‘ziga xos uslubda yozilgandi. Asardagi har bitta voqea turli nuqtai nazardan turib yoritilgani bilan diqqatga sazovor edi. Asarni o‘rganib chiqqach, munaqqidlar bir ovozdan uni «ulug‘ roman» deyishdi.

Elektr stantsiyasidagi tungi ish vaqtlarida, 6 hafta ichida yozib tugatgani «O‘lim to‘shagida» (1930 yil) romani esa muvaffaqiyatsiz chiqdi. Shundan keyin «Shunday narsa yozayki, — deya ahd qildi Folkner, — undan dahshatlisi bo‘lmasin!» Oradan 3 hafta o‘tib, «Ibodatxona» asarini yozib tugatdi. 1931 yili chop ettirdi. Romanda gangster tomonidan zo‘rlangan ayolning fohishaxonadan boshpana topishi voqealari tasvirlangan. Kitob «bestseller» (eng ko‘p sotilgan) bo‘lib ketdi.

Folkner asarlari fransuz tiliga o‘girilgach, Yevropada juda mashhur yozuvchiga aylandi. Uni sevib o‘qishar, muhokama qilishar va qoyil qolganliklari haqida to‘lqinlanib gapirishardi. Adib 1949 yili Nobel mukofotiga loyiq deb topildi. Mukofotni topshirish marosimida so‘zlagan nutqida yozuvchilik to‘g‘risida so‘z yuritarkan, u shunday degandi: «Yozuvchi o‘z «ustaxonasi»dan yurak haqiqati, asarni mangulikka doxil etuvchi muhabbat, or-nomus, muruvvat, g‘urur, rahm-shafqat, fidoyilik singari azaliy-abadiy qadriyatlardan bo‘lak hammasini itqitib tashlamog‘i lozim…»

Darhaqiqat, Uilyam Folknerning kichik jussasidagi katta yuragi muruvvatga, shafqatga, g‘ururga, muhabbatga to‘la edi. Zaminga, borliqqa, hayotga, insonga, o‘lmas umumbashariy qadriyatlarga muhabbat, onasiga, ayolga bo‘lgan ulkan muhabbat… Va Estell Oldxemga bo‘lgan, xotiroti mulkiga aylanib qolgan o‘sha sevgisi! Adibning «Qora musiqa» hikoyasi yakunida shunday satrlarga ko‘zingiz tushadi: «…xotinlar o‘z nomi bilan xotinlar. Ba’zan ularni erkalab qo‘yish kerak. Ular shunga arziydilar».

хдк

(Tashriflar: umumiy 139, bugungi 1)

Izoh qoldiring