Maqsud Shayxzoda. She’rlar.

0122

25 октабрда атоқли шоир Мақсуд Шайхзода таваллудига 105 йил тўлади.

Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбайжон Республикаси Ганжа вилоятининг Оқтош шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). Бокудаги дорулмуаллиминни тугатган (1925). Дастлабки шеърий тўплами — «Лойиқ соқчи» (1932). «Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Жумҳурият» (1935), «Ўн икки», «Янги девон» (1937), «Кураш нечун» (1942), «Кўнгил дейдики…» (1943), «Ўн беш йилнинг дафтари» (1947), «Юрт шеърлари» (1948), «Олқишларим» (1949), «Йиллар ва йўллар» (1961), «Шеърлар» (1964) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. «Жалолиддин Мангуберди» (1944) ва «Мирзо Улуғбек» (1961) каби драматик асарлар муаллифи. Йирик адабиётшунос («Гениал шоир», 1941; «Ғазал мулкининг султони». 1966; «Тазкирачилик тарихидан», 1968 ва бошқа). А. С. Пушкиннинг «Мис чавандоз», М. Ю. Лермонтовнинг «Кавказ асири», В. Шекспирнинг «Ҳамлет», «Ромео ва Жульетта» трагедиялари ва сонетларини, Нозим Ҳикматнинг шеърларини, шунингдек, дунё адабиётидаги бир қанча буюк сиймоларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1967 йил 19 февралда Тошкент шаҳрида вафот этган.

012
Мақсуд Шайхзода
ШЕЪРЛАР

ҚЎЛЛАР

Кўзларни дебдилар: “Руҳнинг кўзгуси”,
Уларда намоён қалблар сезгиси:
Ҳам қайғу, ҳам қувонч, ҳам ваъда, ҳам дўқ,
Шояд шу туфайли эркакларнинг йўқ
Хушрўйлар кўзидан кўзин узгиси.
Кўзларни қалбларнинг тилмочи, дедик,
Қалбларнинг сирига шу билан етдик.

Негадир одамнинг қўллари, бироқ –
Шоирлар лутфидан қолибди йироқ.
Ҳолбуки, қўлларнинг ҳар сиқувида
Не-не маънолар бор, аломатлар бор.
Бунга ким разм қўйса, ўз уқувида
Кўзнинг эгаси ҳам унга ошкор.

Қўллар бор – мулойим, ғоят шафқатли,
Қўллар бор – аёвсиз, ёвуз, шиддатли.
Қўллар бор – ишёқмас, лапашанг, танбал,
Қўллар бор – тезлиги билинар дангал.
Қўллар бор – қуйилар ундан яхшилик,
Қўллар бор – тирнайди, ёвлик, ваҳшийлик.

Қўллар бор – оширар сенга тўғрилик,
Қўллар бор – яширар қувлик, ўғрилик.
Қўллар бор – мағзида мардлик, қўрқмаслик,
Қўллар бор – рамзидир қўрқоқлик, пастлик.

Қўлдаги хусумат ёки дўстликнинг,
Уятсиз ёлғоннинг ёки ростликнинг,
Қўлдаги сахийлик ё бахилликнинг,
Боиси нима шу хилма-хилликнинг?
Шеъримнинг аввалин ёдингга келтир:
Нима деган эдим кўзларга доир?
Кўзлар юракларнинг кўзгуси, дедим,
Бу сўзда ҳеч хато қилмаган эдим.

Хўш, қўл-чи? Қўллар-чи?
Бу қўллар, қўллар,
Қўлларни қайси бир таъриф маъқуллар?
Дарахт белгилайди кўланкасини,
Қўллар ҳам қўллайди ўз эгасини,
Буйруқни бажармоқ қўл ҳунаридир,
Ҳа, қўллар – юракнинг навкарларидир.

ШЕЪР — ЧИН ГЎЗАЛЛИК СИНГЛИСИ ЭКАН…

Шеърсиз қалбларга ачинаман мен,
Уларда на тонглар кундузин бошлар,
На оқшом юлдузлар уфкин очар кенг,
На баҳор чоғида сайрайди қушлар.

Қўшиқсиз уйларга кулги ёқмайди,
Хонадон аҳлининг қовоғи осиқ.
Ҳатто деразадан қуёш боқмайди,
Соатнинг ўзи ҳам тиқиллар босиқ.

Шеърсиз кўчани толе қарғаган,
Бу ерда севгининг манзили бекик…
Қувонч бунда кезар кайфи тарқаган –
Кекса хуморидек қомати букик…

Бечора одамлар, билмаски улар,
Шеър чин гўзаллик синглиси экан.
Ҳар кимки у билан севишса агар –
Ҳуснига чиройлар қўшилар айнан.

Шеърият диёрин шоирларимиз,
Ҳар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр!
Элга дастёр бўлса шеърларимиз –
Демакки, умримиз ўтмабди бекор!..

ҒАФУРГА ХАТ

Олтмиш йиллик умрнинг ҳаяжонларин,
Тўполонлар, ҳужумлар, қаҳқаҳаларин,
Кўприкларни, боғларни, чорраҳаларни,
Ғазабларни, меҳрни, сўз маржонларин –
Бир лаҳзада тарк этиб кўчдингми, дўстим?
Шаҳрингнинг рўйхатидан ўчдингми, дўстим?

Абдулғафур, мавлоно, шошдим зовталаб:
Хабарларми янглишган, йўқса қулоқлар!..
Ғафур Ғулом ва ўлим — қовушмаган гап,
Мисоли қиш ва райҳон, дашт ва булоқлар.
Ғафур Ғулом ва сукут — икки ёв лашкар,
Нуқул урушаётган душман тарафлар.

«Хайр!» демай кетганинг не деганинг у?
«Тез қайтурман бемуҳлат!» деганингми у?
«Ўлим асли ўткинчи бир ҳодиса-ю,
Ҳаёт мангу бир ҳолат!» деганингми у?
Кайдан сени қидирай, адресинг қаер?
Кимдан сени сўрайин? Одамлар не дер?

Мангу элда эсдалик бўлсин деб мендан,
Бориб етгай бу хатим сенга дафъатан.
Оҳ, қардошим, оғажон, пири баркамол,
Қирқ йиллик бир дафтардир хотира, хаёл.
Эҳ-ҳе, не-не кунларни кечирдик бирга,
Наҳот, улар барчаси чўкди қабрга?

Тинмас, толмас, жонпарвар кўз борди сенда,
Қирқ шоирга етарлик сўз борди сенда.
Ҳофизангда юз минг байт, ўн минг латифа,
Минг саргузашт, юз қисса, сонсиз саҳифа…
Мутойиба, ҳажвлар, панду танбеҳлар,
Яшин каби чақнаган кескин ташбиҳлар,
Ҳаммаси сенда эди ва сендан эди,
Идрокингдан, зеҳнингдан, кўксингдан эди.

Халқ дардига қўшилиб нола ҳам тортдинг,
Етимлар дийдасидан кўз ёшин артдинг,
Толе сени дўстлардан ажратган дамлар Сен
Ҳомиднинг1 шу байтин дердинг серкадар:
«Эвоҳ, на ер, на ёр қолди,
Кўнглим тўла оҳу зор қолди!»
Аммо…
Хулқан ўзгача манзиллар учун,
Туғилгандинг кулгилар, ҳазиллар учун,
Қувончлар, мулоқотлар ва тўйлар учун,
Қаламинг бағишлаган обрўлар учун.
Курашларнинг қизғин дабдабасини,
Муҳаббатнинг кўп асов жазавасини
Ҳаёт деган китобдан ўқиб олгандинг,
Чирой гулин чаккангга тақиб олгандинг.

Кўп соғиндим, ўртоқжон, кўп соғинтирдинг,
Ногоҳ кетдинг, шодликлар уйин ёндирдинг.
Гўё сенсиз ой эмас кўкда порлаган,
Гўё куёв эмас у тўйга чорлаган.
Кўп соғиндим, ўртоқжон, азбаройи ҳақ,
Ҳали ўтмай тўқсон кун, шу заҳотиёқ
Сенга айтар гапларим, ҳасратим чексиз,
Давримизда ўрнинг бўш, кимсасиз, ўксиз.
Дардлар борки, замона унуттиради,
Учқун янглиғ ўчади бир он липиллаб.

Аммо шундай дард борки, куйиб туради
Ўрмондаги гулхандек доим ловиллаб.
Ҳа, йиллар сўниб қолмас, тўхтамас карвон,
Совимас шеъримизда ҳарорат — ҳовур,
Дўстларинг номинг билан йўл босар ҳамон,
Аммо юрмас сафларда иккинчи Ғафур,
Кўп соғиндим, ўртоқжон, бир оз гаплашсак,
Бурунгидек Хадрадан тушиб Ўрдага,
Яёв юриб муздайин пиво ҳўплашсак,
Навоийнинг каломин солсак ўртага…

Ери азиз, қайдасан, қайдан қидирай?
Ҳасрат тўлган хатимни қайга юборай?
Танаффус чўзилдими, Вақт узилдими?
Ё хазон нафасидан гул тўзидими?
Қайдасан, эй қадим дўст, эшитгин мени!
Шаҳрингнинг менга аён бўйи ва эни.
«Арпапоя 1»данми ахтарай сени?
Йўқ, унда эгасининг ўчибдир уни.
Ё самода, жаннатда ётибсанми тинч?
Йўқ, у жойга бормайсан чақирсалар ҳам.
Қаердасан, нидо бер, сенга шу ўтинч!

Кўнгилларни кемириб эзмоқда-ку ғам.
Ўлим шундай бир мулкки, султони жимлик,
Унда товуш чиқармай ётар фуқаро.
Қаро зулмат у жойда қилар ҳокимлик,
Шу туфайли ўлимнинг туғи ҳам қаро.
Оҳ, уфклар куйчиси, сен ётган мозор
Қоронғу бир маскандир, эшиксиз ва тор!
Билмам, қандай чидайсан совуққа, ўртоқ!
Бош устида ёстиғинг зил-қаттиқ тупроқ.
Йўқ, ўртоқжон, йўқ, дўстим, шоири аъзам,
«Чиғатой»да кўмилиб кетмадинг ҳеч ҳам.
Адресингни англадим, адресинг маълум:
Адресинг юракларнинг айнан тўрида.
Шеърга қўл тегизма, йўкол, эй ўлим!

Шоирнинг соясидир ётган гўрида.
Ғафур, байтинг зарб бўлиб миллион дилга
Сўзинг кўчар масалдек тиллардан-тилга.
…Аммо бежо бўлсайди шу ғамгин шеърим,
Оҳ, нақадар бўлардим хурсанд ва хуррам.
Агарда, сен нохосдан (бўлсин деб ирим) –
Қопқада гудок чалиб таниш машина, —
Менга меҳмон қўнсайдинг бир оқшомгина.

КЎЗЛАР

Қанча нафис эди унинг нигоҳи,
Сузилиб боққанда у гоҳ-гоҳи –
Ўйлардим гўзаллик билан кўзларнинг
Азалдан ўқилган мангу никоҳи…

ЯХШИЛАР ҚАДРИ

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан, —
Уни тиригида бир соат йўқланг!

033

MAQSUD SHAYXZODANING «MIRZO ULUG’BEK» TARIXIY FOJIASINI CALAMEO DASTURI YORDAMIDA MUTOLAA QILISHINGIZ, PRINTERDAN CHIQARISHINGIZ VA YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN.

(Tashriflar: umumiy 1 677, bugungi 6)

2 izoh

  1. Салом хурматли шеър ихлосмандлари!
    «хиебон»номли шеър эшитгандим. Миртемир еки М.Шайхзодага тегишли .

Izoh qoldiring