Matnazar Abdulhakim. She’rlar

matnazar abdulhakimТаниқли шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким 20 феврал куни 65 ёшга тўлган бўларди.

Ҳозирги адабий жараёнда фаол иштирок этиб, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф каби ўзидан эзгу ном ва безавол ижодий мерос қолдирган шоирлардан бири – Матназар Абдулҳаким (1948-2010) эди. Матназар Абдулҳаким юрак қўри, виждон амри билан чинакамига ижод қилди. Шоирнинг бутун ижодига хос бу томойил унинг ҳали чоп этилмаган, лекин дўстлари, адабиёт мухлислари бисотида сақланаётган шеърларида ҳам бош мезон бўлиб, улардаги беғубор туйғулар ижодкор маънавий умрининг давоми сифатида қадрлидир.

04

ШЕЪР УМРИ – ШОИР УМРИ
08

Ҳозирги адабий жараёнда фаол иштирок этиб, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф каби ўзидан эзгу ном ва безавол ижодий мерос қолдирган шоирлардан бири – Матназар Абдулҳаким (1948-2010) эди. Унинг мероси: мавзу, жанр, мундарижа, услуб жиҳатдан ранг-баранг бўлиб бўлиб, оргинал шеърият, бадиий таржима, публицистик асарлардан ташкил топган. Шу боис, у тафаккур қамрови кенг, кўп қиррали ижодкор сифатида танилди.

Матназар Абдулҳаким меросини асоси шеърий асарлардир: аруз ва бармоқ вазнларида битилган ишқий, ижтимоий-маънавий мавзулардаги шеър ва достонлар мустақиллик даври ўзбек поэзиясига муайян ҳисса бўлиб қўшилди. Хусусан “Ойдинлик”, “Ёлғиз япроқ”, “Жавзо ташрифи”, “Кўприк” каби ўнлаб назмий тўпламларидаги асарларида шоир бадиий олами, бетакрор тасвир маҳорати ёрқин акс этган. Зеро, теран поэтик нигоҳ, нарса ва воқеликни эстетик ҳис қилиш, англаш ва кашф этиш, фалсафий мушоҳада, топилма фикр ва тиниқ кечинма уйғунлиги, образли ифода шоир тафаккурининг асосий хусусиятларидир.

“Шунчаки ёзишни шоир учун ўлим” (Ҳалима Худойбердиева) деб билган Матназар Абдулҳаким юрак қўри, виждон амри билан чинакамига ижод қилди. Шоирнинг бутун ижодига хос бу томойил унинг ҳали чоп этилмаган, лекин дўстлари, адабиёт мухлислари бисотида сақланаётган шеърларида ҳам бош мезон бўлиб, улардаги беғубор туйғулар ижодкор маънавий умрининг давоми сифатида қадрлидир.

Ҳамдам АБДУЛЛАЕВ,
филология фанлари доктори

05
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ШЕЪРЛАР

08

ОСМОНГА ХАТ

Болалигимизда варрак ипларига қоғоз ҳалқачалар тизиб, шамолда уларнинг шиддат билан осмонга қараб сирғалишларини кузатар эдик. Бу — «осмонга хат» деб аталарди…

Мен осмонга мактублар ёздим,
Руҳи юксак, сўзлари олий.
Хаёлларим самовий эди,
Мактубларим эса — хаёлий.

Лекин хаёлдамас, асли ҳам
Сал самовий бўлгим келарди.
Ғужғон ўйнаб, чарақлаб турган,
Тиниқ, мовий бўлгим келарди.

Тингламади осмонни осмон
Ё меҳримдан ризо бўлмади.
Ўртамизда на бир иттифоқ
Ва ё на бир низо бўлмади.

Менга рад жавобин элтишга
Қай бир юлдузларки кўндилар,
Пушаймондан ярим йўлдаёқ
Ёниб, адо бўлиб сўндилар.

Тугамади менинг ёнганим,
Тугамади менинг куйганим.
Осмон мени севмаса ҳамки,
Яшайвердим унга суйканиб.

Яшайвердим муҳаббатимни
Англаса деб бир кун ниҳоят.
Насиб бўлса юксаклик зора
Ва тиниқлик юқса деб шояд.

Шаънимни ҳеч урмади ерга
Хокисор бир ошиқ эканим.
Осмонга бош эгмак —бу бошни
Доим баланд тутмоқ дегани.

Мафтун, мағрур қўшиқларимни
Қайта-қайта бошлайвердим мен.
Таг-туби йўқ, чексиз бағрига
Кўзларимни ташлайвердим мен.

Умид билан сочмокда ёғду
Нурли чопарларим — кўзларим.
Улар энди сўнмас… Элчига
Ўлим йўқ-ку, ахир, дўстларим!

ИБОДАТ

Рад этмагил даҳрий деб мени,
Мустажоб эт эзгу дуойим.
Ўғил кўрсин ўғли йўқ одам,
Қизи йўққа қиз бер, Худойим.
Умид билан дунёга келган
Фарзандсизлик доғин туймасин
Ҳеч парранда, ҳеч дарранданинг,
Қўй, илойим, пушти куймасин.
Қулунлар бер саодатманд эт
Ҳар бир тулпор, ҳар бир дулдулни.
Авлодидан мосуво қилма
Бирон тўти, бирон булбулни.
Қўраларга солади қирон,
Уяларда қилади бузғун.
Бола кўрсин, барибир, бўри,
Жўжа очсин, барибир қузғун.
Қорайса ҳам дастидан фалак
Жунжикса ҳам дастидан боғлар,
Зағчалар кўп сернасил бўлсин,
Ўзларидан кўпайсин зоғлар.
Узумлар кўп мева берсинлар,
Гужумлар кўп соя берсинлар.
Майли, печак, майли, алаф ҳам,
Илдизини ёя берсинлар.
Менга шеър бермасанг бермагил,
Бошқаларни қилма нолонлар.
Майлига, бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.
Шудир сенга ўтинчим, нолам,
Илтижо ҳам фарёдим доим.
Бахтимизга Ўзинг ёлғизсан,
Шу бахт бизга басдир, Худойим.

* * *

Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим – асал.
Онагинам!
Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.

Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим, ризқу рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалар чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим –
Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки… балки янглишиб баъзан,
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.
Ноз бўйлардан уйғониб саҳар,
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳаким.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, мана, бўғиб ташлагин.

БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф,
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.
Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас –
Олиш ўзи менга катта бахт.

Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен – саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл – сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда – неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда – неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

ИМКОНИЯТ

Ғамгинлик кам эмас қулликдан,
Лекин маҳбусман деб нолиш – уятдир.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас бу тутқунликдан
Халос бўлмоқ учун имкониятдир.

* * *

Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга,
Унутдим дунёнинг нася, нақдларин…
Юракнинг олис бир нуқталарига
Қайтиб келаётир шоир вақтларим.

Аранг милтиллайди олисда овул,
Тим-тирс… илғанади безовта руҳлар.
Ойнакўл тушига киради довул,
Ҳар баргда бир шамол донг қотиб ухлар.

Ҳар лаҳза қаърига бекинган минг йил,
Сукунат ҳайқирар қутлуғ отингни.
Бутун борлиқ қаттиқ бириктирган тил
Сўндирмаслик учун ёдингни.

Мунаввар бир дастёр ёғдулар мулки,
Тиним билмайди ҳеч осмонда қуёш.
Нур таратар ёдинг – лабларда кулгу,
Ёғду сочар ёдинг – кўзлардаги ёш…

СИР

Сени кўрганимдан ҳаёт билан тенг,
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг.
Бардошим ҳам кенг,
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу – асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Чунки сен бир лаҳза ташриф буюриб,
Руҳимни қолдирдинг қутлуғ азобда.

Юрагимда йўқдир, ахир, пўлат зирҳ,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни уриб қаҳ-қаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муҳаббатдан бошқа эътиқодим йўқ…
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

ТОҒ СОҒИНЧИ

Кунлар ўтаётир мисли йилдирим,
Сен ҳакда индамай куйлар ҳар тошим.
Айрилиққа қаттиқ ғазаб билдириб
Ўқрайган қўшикдир менинг бардошим.

Муқаррар бўл, эркам, бамисли баҳор,
Ном-нишон қолдирма қаҳрларимдан.
Лойиқдир эриса бошимдаги қор,
Чечаклар унса ёнбағирларимда.

Шунда пинжимдаги қушлар, оҳулар
Йўлингга мен билан тенг термилади.
Асрлар дастидан қуламас тоғлар,
Тоғлар жудоликдан емирилади.

ЮРАК

Билмас эдим сени, қайларда эдинг,
Наволардамидинг, шеърлардамидинг, сен?
Билмас эдим ёки ойларда эдинг,
Билмас эдим ёки ерлардамидинг, сен?

Бефарқ эдим, яйраб қувонсанг, ажаб,
Писанд қилмадим ғам еганлигингни.
Бугун бир зирқираб кетдинг бўлакча,
Пайқадим кўксимда эканлигингни.

Барибир, сен ҳали яшамоғинг шарт,
Ўзинг бемор бўлдинг, ўзинг бўл ҳаким.
Оғриқлар муборак, қутлуғ бўлсин дард,
Ассалому алайкум, юрагим!

ДАЪВАТ
Хуршид Давронга

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни қалтиратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак, тушов шу
Келажакка елган хаёл – Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
“Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар»
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият — тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ.
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир киприк – ўқ,
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир қош — камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса ҳам дунёқарашлар,
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини.
Бир бориб келамиз. Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларини…

ТАЛАБАЛИК ОЛТИН ДАВРДИР
(Профессорнинг шогирдларига ўгити)

Талабалик олтин даврдир,
Бежиз айтилмаган у “олтин”.
Тош, темирдан ирода жамланг
Бу олтинни топишдан олдин.

Талабалик олтин даврдир,
Дилда бўлса ихлос, меҳр гар.
Ҳар лаҳзаси мўъжизакордир,
Ҳар бир сонияси сеҳргар.

Талабалик даражасини
Ўйласам, шул фикрим ҳар дафъа.
Талабалик энг олий унвон,
Талабалик юксак мартаба.

Унга бўлмоқ учун мушарраф
Ранж чекилар, ҳориб, толинар.
Бу бебаҳо бойлик ақлдан
Юрак билан қазиб олинар.

Руҳингизни юксалтиринглар
Юракларнинг эзгу зарбидан.
Очса бўлар янги дунёлар
Алифбонинг ҳар бир ҳарфидан.

Ўтказгайлар устозлар сизнинг
Алломалик ақиқангизни.
Увол қилмасангиз зарра ҳам
Шу давр ҳар дақиқангизни.

Не бир, не бир донишмандларни,
Пиру устозларни кўргандим.
Лекин илм бахт эканлигин
Шогирдларим сиздан ўргандим.

Илоҳий деб билинг китобга
Нурлар тўккан кўзларингизни.
Ўзгаларни енгиш бу осон,
Енгиб яшанг ўзларингизни.

Дилим илм билан юксакдир,
Унга туташ илдизлар бари.
Маърифатнинг юракларидир
Осмондаги юлдузлар бари…

…Илм ўрганинг ҳар лаҳза, ҳар дам,
Илм – ақлнинг олий ҳолати.
Акс ҳолда, бу олтин даврнинг
Бир кун миси чиқиб қолади.

ХАЛҚОНА ОҲАНГЛАРДА

Санинг кулгучларинг гул эди ёрим,
Гулингни опанглар юлиб қўйибди.
Ичкарига қамаб, эшикни қулфлаб
Қўллари сингирлар илиб қўйибди.

Кунларим ўтмоқда сандан мосуво,
Осмоннинг энг қора булути манда.
Сани яширишнинг на фойдаси бор,
Юрагинг қулфининг калити манда.

* * *

Агар шайтон бўлсам, сани кўрганда,
Ҳеч кимни алдамай-чотмай тураман.
Агар қуёш бўлсам, сани кўрганда,
Намозшом бўлса-да, ботмай тураман.

Сан бўлсанг – арслонман, бўлмасанг – кийик,
Айрилиқ аждардай мани ямлайди.
Агар дунё бўлсам санга етганда,
Манинг қирғоғимга дегиш олмайди.

09

(Tashriflar: umumiy 371, bugungi 1)

1 izoh

  1. Агар дунё бўлсам санга етганда,
    Манинг қирғоғимга дегиш олмайди.

    Агар дарё бўлсам бўлиши керак. Менимча халқона охангларда дейилгандан кейин аслича, хоразм шевасида берилса яхши бўларди. Балки бу шеърларни «Бир қужоқ гул» тўпламида аслича ўқиганим учунми, негадир унча қабул қилолмадим.

Izoh qoldiring