Mirzo Kenjabek. She’rlar.

012

20 февраль – Шоир Мирза Кенжабек таваллуд топган кун.

    Мирзо Кенжабек 1956 йил 20 февралда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида таваллуд топган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1979). «Қуёшга қараган уй» (1983), «Муножот» (1986), «Шарқ тили» (1988), «Баҳорим еллари» (1991), «Муҳаббатнинг йўли хатарли», «Ҳасрат китоби» каби шеърий ва публицистик мажмуалари чоп этилган. А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, Ф. Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» (1997) китоби ва бошқа бир катор исломий асарларни ўзбек тилига таржима қилган.

034
Мирзо Кенжабек
ШЕЪРЛАР

ИБОДАТ

Ибодат не? Яратганга итоат ҳам ибодатдир,
Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, тирикликни этолсанг маърифат боғи,
Машаққатлик илм, санъат, қироат ҳам ибодатдир.

Онанг бирлан отанг қалби ўтар Каъба тавофидан,
Алар кўнглини шод этсанг, шу хизмат ҳам ибодатдир.
Хабар олдингми бемордан,қариндош, дўст, мусофирдан?
Бировни йўқласанг дилдан, зиёрат ҳам ибодатдир.

Умрни этмайин исроф,ўзинг рўза, вужудинг соф,
Агар пок ҳолда ухларсен,шу роҳат ҳам ибодатдир.
Мудом Аллоҳни зикр этсанг,ҳалол борига шукр этсанг,
Қиёмат кунни фикр этсанг,тижорат ҳам ибодатдир.

Бутун борлиқ, наботот ҳам Яратганга этар тасбиҳ,
Бобо деҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.
Ибодатдир, бирор золим,жафокорга десанг ҳақ сўз,
Ва нодонга сукут қилсанг,сукунат ҳам ибодатдир.

Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир.

Тамал – иймону ихлосдир, бу қуллик бандага хосдир,
Худо деб қилганинг ҳар иш ва ният ҳам ибодатдир.
Севиб, Мирзо, фақат дўстлик билан дилларни обод эт,
Агар Аллоҳ учун севсанг, Муҳаббат ҳам ибодатдир!..

ЎЗБЕКИСТОН

Оппоқ қайинларга бўлдим ошино,
Сайр этдим мен баҳри жаҳаннамларни.
Менинг шеърларимда товланди ҳатто
Беқарор Африка саванналари.

Саҳрои Кабирда ёзсам кўнглимни,
Руҳимда чинордай турдинг кўкариб.
Ғафур Ғулом бўлиб нечун мен сени
Бир умр бошимда юрдим кўтариб?

Зардуштий эдим мен — қутлуғ ўт ўзинг,
Бутпараст бўлдим мен, санам-бут — ўзинг.
Сенсан эътиқодим, ўзингсан тангрим,
Мангу сиғинмоққа лойиқ юрт — ўзинг.

Ернинг ҳар бурчида одамлар гоҳо
Менга ўз тилимда сўйлар, гумон йўқ:
Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо
Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

* * *

«Севасизми?» — дегил,
Саволлар ёғдир,
Бор гапни сугуриб олгин кўнглимдан.
Жим қовуштирилган қўлларим охир,
Оҳиста сирғалиб тушар қўйнимдан.

«Севасизми?» — дегил,
Савол бер, қийна,
Нурсиз кунларимнинг битсин ҳисоби.
Туғёнли онларга чорласин яна
Совуқ бўсаларнинг қайноқ азоби.

«Севасизми?» — дегил,
Сўрайвер, сўра,
Нигоҳим титрасин оппоқ кўксингда.
Паришон аксимни бир нафас кўрай,
Паришон ўтиниб турган кўзингда!..

Ёлғиз сенинг севгинг етмайди, нетай,
Умримиз боғлари қолади ғариб.
Сен севги сўрайвер,
Мен чиқиб кетай,
Муҳаббат ахтариб, меҳр ахтариб.

ЖАЗО

Сенинг яшнаб турган кўйлакларинг бор,
Ёдимга солади хушбўй кезларни.
Ҳаётнинг торгина йўлаклари бор,
Тўқнаш келтиради гоҳо бизларни.

Сен мени кўрмайсан, пайқамайсан ҳеч,
Ўтасан жимгина бошингни эгиб.
Сен мени сезмайсан, пайқамайсан ҳеч,
Қўлларим қўлингга кетса ҳам тегиб…

Тунлар жим кезаман тинч дарахтзорни,
Бир қасос сезаман тинч шамолларда.
Узун сочларингнинг ҳасрати бордир
Жимжит йиғлаётган мажнунтолларда.

Ахир ёнаётган юракларингни
Қисматим юзига қараб отсанг-чи!
Бошингни ҳам қилган гуноҳларимни
Ўзимнинг бўйнимга оссанг-чи!

Нега жим яшайсан, сокин яшайсан?!
Сезмайсан, қўлларим кетса ҳам тегиб.
Оламда мен йўкдек, ҳеч пайқамайсан,
Яшайсан жимгина бошинпш эгиб.

Мен эса тирикман ҳаёт бағрида,
Тирик ўкинчлардан ёнган қалбим бор.
Лекин мен биламан, сенинг қалбингда,
Ўзимнинг…
қаровсиз қолган…
қабрим бор!

МУНОЖОТ

Мен забунман. Тун қўйнида қаро тунман,
Тунд бағримга зиёларни кимдан сўрай?
Ўзим ерман, ўзим само — мен очунман,
Ўздан ўзга дунёларни кимдан сўрай?

Ишқим барбод бўлди обод шаҳарларда,
Барча кулди, мен йиғладим баҳорларда,
Юрак шабнам бўлиб томган саҳарларда
Осмонимга зуҳроларни кимдан сўрай?!

Кўкдан сўра хаёлимнинг ҳурларини,
Ердан сўра пешонамнинг шўрларини,
Мендан сўра сен дардларнинг турларини –
Мен дардимга даволарни кимдан сўрай?!

Сен тунларни — ялдоларни мендан сура,
Хатоларни, савдоларни мендан сура,
Сен кўзингга зиёларни мендан сўра,
Мен кўксимга ҳаволарни кимдан сўрай?!

Нетай, бордир бу тоғларнинг орасида,
Оёқ изи — юрагимнинг ярасида.
Шафқат йўкдир ул кўзларнинг қорасида,
Оқ меҳрли қароларни кимдан сўрай?!

Малак, сенинг малаклигинг ёлғон экан,
Фалак, сенинг фалаклигинг ёлғон экан!
Юрак, сенинг юраклигинг ёлғон экан,
Сенга бошқа самоларни кимдан сўрай?!

Мен кўзимдан ёшлар отиб йиғлай, дўстлар,
Кўксингизга бошлар отиб йиғлай, дўстлар,
Тош бағримга тошлар отиб йиғлай, дўстлар,
Йўқотмишим худоларни кимдан сўрай?!

Юраккинам, наво иста, нидолар қил,
Ё навосиз жонгинамни адолар қил,
Сўра, етти иклимларга садолар қил –
Мен умримга наволарни кимдан сўрай?..

(Tashriflar: umumiy 923, bugungi 6)

4 izoh

  1. Ustozning jonlari salomat bo’lsin. Ustoz Xurshid Davron, yangi she’rlaridan ham saytda bersangiz yaxshi bo’lardi.

  2. Мирзо дустим,яхшимисиз?1978йили Туркманистонда,Небитдагда сиз,Сирожиддин Саидов харбий дала йигинида бирга булдик,эслайсизми?

  3. Лекин мен биламан, сенинг қалбингда,
    Ўзимнинг…
    қаровсиз қолган…
    қабрим бор…

Izoh qoldiring