1 март — шоир Муҳаммад Алини 70 ёши билан қутлаймиз

tabrik

17  январь куни дунёга машҳур боксчи Муҳаммад Али 70 ёшга кирган эди.Бугун эса ўзбекнинг таниқли шоирларидан бири Муҳаммад Али 70 ёшга кирди.Биз  шоирни қутлуғ ёши билан муборакбод этамиз, ўша дастлабки икки шеърий тўплами даражасидаги шеърлар ёзиши учун ижодий қувват ва сиҳат-саломатлик тилаймиз.

06
Муҳаммад Али
ШЕЪРЛАР
04

МЕН ТУҒИЛГАН УЙ

I

Сўри узра эгилган ишком
Соя ташлар қуюқ, ёқимли…
Қаердасан, жонажон макон,
Бугун сени ёмон соғиндим!

Баҳор чиқди яна тўн кийиб,
Йўрғалайди йўлларда кўклам.
Ичиқора каби шумшайиб,
Қояларда кўринар кўлка.

Исиб кетди кун ҳам оташнок,
Пешонага ўзини урур.
Ерлар исиб буғланар, бироқ
Исимайди юрак қурмағур.

II

Ишкомларнинг пинжига кириб
Жим турасан, уйгинам менинг.
Келиб кетсин, кетсин бир кўриб
Демакликка тилинг йўқ сенинг.

Чет қишлоқнинг сўнгги нуқтаси,
Сўнгги боғи, уйгинам меним!
Қўйворилган отим нўхтаси,
Қамчилайман уни бетиним!

Мен, шубҳасиз, сенга қайтаман,
Яшамоқдан шулдир муродим.
Сен бўлмасанг, унда нетаман?
Резгиланиб кетар ҳаётим.

Ёш боладай суярман гоҳи
Энтикиб қошингга борганда.
Ва кўкларга кўтаргум, токи
Ўзбек қони қайнаркан танда!

III

Сен, наздимда, дунёдай қадим,
Сен, наздимда, тонг каби порлоқ.
Шодликлардан юксалар қаддим,
Хаёлларим узундир бироқ…

Сен, наздимда, ғунчадай маъсум,
Сен, наздимда, ишқдай баркамол.
Лабларимда ўйнар табассум,
Борлиғимни чулғайди хаёл…

IV

Соя ташлар қуюқ, ёқимли,
Сўри узра эгилган ишком…
Келдим-ку, эй, мен-чун суюмли
Ватан бўлган жонажон макон!

Меҳр-шафқат, ҳису ҳаяжон —
Ҳаётимда бўлса неки бор,
Қарамадим юзига тамом,
Дўстларимга айладим нисор!

Энди барин сенга атадим —
Бисотимда қолган меҳримни.
Юрагимдан силқиган дардим,
Куйиб-пишиб ёзган шеъримни.

V

Балки кечдир сенга қайтганим,
Бепарволик қилдим эҳтимол.
Лекин турар, жажжи ватаним,
Кўз ўнгимда шундайин бир ҳол:

Бу дунёнинг эртасин ўйлаб,
Чўзиларкан бизнинг бпсту бўй,
Сафарлардан соғинчни куйлаб,
Кеч қайтамиз доим, Она уй!

Юзимизга солмайсан асло,
Қаршилайсан жимгина, зотан —
Бизлар — бола, беташвишнамо,
Сен, ташвишли онасан, Ватан!

БУХОРО ГЎЗАЛИГА

Ул париваш бу чаманнинг бир гули хандонидур,
Кўзлари юлдуз эса, зангор рўмол осмонидур.
Маҳбус ўлмоқ истасанг гар, кел анга кўнгилни бер,
Ваҳ, анинг қалби Бухоро Аркининг зиндонидур!

* * *

Том бошида ёйилган хирмон,
Дон шопирар буғдойранг аёл.
Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон
Йироқлардан чорлайди шамол.

Ғув-ғув эсиб қолар шабада,
Дон қуйилар ғалвирдан шов-шув,
Пастда эса, мўъжаз кулбада
Ўғилчаси ётар беуйқу.

Ҳув нарида, тоғлар бошида
Куйлаб ётар шалола шов-шув.
Ва аёлнинг шундоқ қошида Сирғанади шабада ғув-ғув…

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,
Мавжудот ҳам қайтарар садо.
Эсишини ҳеч қўймас шамол,
Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо…

ОНА ЕР АЛЛАСИ

«Спитомин ўлди» — дерлар шу палла…
Она насибаси доимо: «Алла,
Алла-ю алла…»

Қўйдилар, Спитомин, сени қабрга,
Йўқ, йўқ, қабр эмас, она бағирга!
Алла-ю алла!

Мен ахир онангман, мен — она тупроқ,
Мункиган чоғингда сен суянган тоғ,
Алла-ю алла.

Келгинди ёвузлар ҳоли бўлди танг,
Миннатдор онангман, миннатдор онанг…
Алла-ю алла.

Ханжар тутган ахир доим мард бўлмас,
Искандар ўзи ер искамай қолмас
Алла-ю алла!

Сен фақат чарчадинг, ором ол ухлаб,
Отинг ҳам нарида юрибди ўтлаб,
Алла-ю алла.

Эгарнинг қошига осиғлик қилич,
Тиғида нур ўйнар, нурларки, нотинч…
Алла-ю алла…

Терладингми, дейман, юзу бошинг нам,
Еки кўз ёшларим томдими, билмам,
Алла-ю алла…

Қўзғалма, қўзғалма, ухлайвер ҳали,
Олдинда уйқудан турар маҳали.
Алла-ю алла…

Унгача отинг ҳам ўтлаб олади,
Унгача алла ҳам тугаб қолади…
Алла-ю алла.
Алла-ю алла…

ШАРИФА

Сени қора дедилар,
Сени хафа қилдилар, Шарифа, Шарифа,
Аммо ноҳақ эдилар,
Менинг қалбим тилдилар, Шарифа, Шарифа.

Кўзинг кўзимда эди,
Кўнглинг кўнглимда эди.
Мисли фаришталигинг
Тушмас, ўнгимда эди.
Ёшинг ёшимда эди,
Ошинг ошимда эди.
Сенга тушган хижиллик
Менинг бошимда эди!
Фисқу фужур тақдилар,
Таъбингни тун қилдилар, Шарифа, Шарифа.
Зимдан, зимдан боқдилар
Ва хохолаб кулдилар, Шарифа, Шарифа.

Олам тик турармиди,
Олам тинч турармиди,
Шунча балбўй мишмишдан

Барқарор бўлармиди?
Менинг қайлиғимсан-ку,
Айни лойиғимсан-ку!
Сени ким бетоб дегай?
Сиҳат-соғлиғимсан-ку!
Енгилтак қиз дедилар,
Тарихингдан тушдилар, Шарифа, Шарифа.
Яхши хислатинг юлқаб,
Юз ёмонни қўшдилар, Шарифа, Шарифа.

Кўзинг кўзимда эди,
Изинг изимда эди.
Сенинг бутун ҳаётинг
Битта сўзимда эди!
Парво қилма, жонона,
Сўлма ҳеч бир замона.
Юракдаги сўзларим
Миш-мишларга бегона!
Сени кўролмадилар,
Тинчиб туролмадилар, Шарифа, Шарифа,
Аммо кўнглимга зарра
Шубҳа сололмадилар, Шарифа, Шарифа…
muhammad-ali

Муҳаммад Али ҳақида қисқа маълумот

Истеъдодли шоир, адиб ва таржимон Муҳаммад Али (Аҳмедов Муҳаммад Али) 1942 йил 1 мартда Андижон вилоятининг Бўз туманида, деҳқон оиласида туғилди. 1959 йили Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Навоий номли ўрта мактабни битирди, сўнгра Бекобод қум-шағал карьерида ишлади.

Москвадаги Адабиёт институтида таҳсил олди (1966).

Андижон ва Фарғона вилоятлари мактабларида ўқитувчилик қилди. «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим (1966), Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир (1967), бўлим мудири (1975), бош муҳаррир (1982), Ўзбекистон телевидениеси адабий-драматик таҳририятида бош муҳаррир (1985), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий таржима ва адабий алоқалар маркази раиси (1989), Тошкент Давлат университетида профессор (1993), этика ва эстетика кафедраси мудири (1994), Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамғармасида бошқарув раиси (1999-2003) бўлиб ишлади. 2003 йилдан Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси бошқаруви раиси. 1992 йилдан АҚШнинг Вашингтон университетида ўзбек тилидан сабоқлар бериб келади.
Муҳаммад Али адабиётга 50-йилларнинг охирида кириб келди. Дастлабки шеъри 1957 йилда матбуотда эълон қилинган.
Шоирнинг 30 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. Булар орасида «Фазодаги ҳислар» (1967), «Шафақ» (1968), «Оталар юрти» (1970), «Алвон чечаклар» (1973), «Достонлар» (1974), «Ниначи ҳақида эртак» (1976), «Оқ нур» (1977), «Илҳом париси» (1980), «Боқий дунё» (1981), «Севсам, севилсам» (1983), «Гумбаздаги нур» (1985), «Сен бир гулсан» (1989), «Она дуоси» (1994), «Сайланма» (1997) каби китоблари ажралиб туради.
Муҳаммад Али ижодида «Машраб», «Гумбаздаги нур», «Заминда яшаймиз», «Муҳаббат» достонлари, «Боқий дунё» шеърий романи, «Сарбадорлар» ва «Улуғ салтанат» тарихий романлари катта ўрин тутади.
Муҳаммад Али публицист сифатида дадил қалам тебратиб келмоқда. «Ўз-ўзингни англаб ет» (1988), «Ҳақиқатдан чекинма, Тарих!» (1990), «Қафасдаги булбуллар» (1996) мақолаларида тарихимизнинг долзарб масалалари ҳақида баҳс юритилади. «Ошиқ бўлмай Ҳақ дийдорин кўрса бўлмас» (1992), «Мен кўрган Америка» (2000) «Амир Темур чамани» (2006) китоблари адабий-илмий жамоатчилик томонидан самимий кутиб олинди.
Бадиий таржима адиб ижодида етакчи ўринни эгаллайди. Қадимги ҳинд эпоси «Рамаяна» (1978), қорақалпоқ эпослари «Шаҳриёр» (1977), «Маспошшо» (1985), Роберт Бёрнс (1971), Галактион Табидзе (1982) ларнинг шеърий китоблари шоир таржимасида чоп этилди. Шунингдек, Ҳоқоний, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Абай, Тагор, Ҳамзатовларнинг айрим асарлари Муҳаммад Али томонидан таржима қилинди. «Рамаяна» поэтикасининг ўзбекча талқинига бағишланган тадқиқоти учун таржимашунос олимга филология фанлари номзоди (1992) илмий даражаси берилди.
Шоир асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. Муҳаммад Алининг ўзбек адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Унга 1992 йил «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвони берилди, 1999 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди. «Шаҳриёр» эпоси таржимаси учун Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мукофоти берилди (1984).
У ҳозир Амир Темур даври ҳақида асарлар яратмоқда. Ҳозиргача «Жаҳонгир Мирзо» (2003), Умаршайх Мирзо» романлари (2006) босилиб чиқди. 2005 йилда унинг «Абадий соғинчлар» роман-хроникаси чоп этилди.

08

(Tashriflar: umumiy 235, bugungi 1)

Izoh qoldiring