Murod Muhammad Do’st. Bir toychoqning xuni & Rahmon Qo’chqor. Iste’dod istehzosi yoxud…

01112 апрел — Мурод Муҳаммад Дўст таваллуд топган кун

1982 йил, ТошДУ ўзбек филологияси факультетининг биринчи курсида ўқиймиз. Машҳур 85-ётоқхонанинг кўримсизгина залида Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Ёшлик”да босилган “Галатепага қайтиш” қиссаси муаллифи иштирокида қизғин муҳокама қилиняпти. Домлалар ва талабалар бири қўйиб, бири олиб асарнинг турфа эпизодлари мисолида ўз фикр-қарашларини тўкиб солишяпти. Шунда шаҳарда туғилиб ўсган, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган, эстетик диди ҳам ўзи сингари навниҳол бир қизимиз кўзойнаги остидан самимий боққан кўзларини порпиратиб сўзлаб қолди: – Мен қиссадаги бир эпизодга умуман қаршиман, так ведь нельзя! 

Раҳмон ҚЎЧҚОР
ИСТЕЪДОД ИСТЕҲЗОСИ
ёхуд Мурод Муҳаммад Дўст ёзган ва ҳозирча ёз(ол)маган гаплар ҳақида


XIX аср рус адабиёти инсониятнинг бадиий, фалсафий, эстетик ва ахлоқий тараққиётида жуда катта силжиш ясаган ҳодиса сифатида тан олинади, ҳали ҳамон ўрганилади. Пушкин ва Лермонтовдан илҳом олган Гоголь, Некрасов, Толстой, Достоевский, Тургенев, Чернишевский, Добролюбов, Белинский, Сальтиков-Шедрин, Чехов сингари ўнлаб истеъдодлар инсон аталмиш мавжудот руҳиятига реалистик тафаккур нуқтаи назаридан теран назар ташлаб, унинг нақадар мураккаб ва чигал, охиригача англаш мумкин бўлмаган абадий муаммо эканига қайта-қайта иқрор бўлишди.

Бизнинг миллий адабиётимиз кўламида оладиган бўлсак, XX асрнинг иккинчи ярмидан жиддий сифат ўзгаришини бошдан кечирган бадиий тафаккур, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва Омон Матжондан куч олиб, асрнинг 70-йилларида бир гуруҳ истеъдодларни майдонга келтирди. Бу авлод вакилларини ҳозир номма-ном санашдан тийилиб, улар орасида Мурод Муҳаммад Дўстнинг айрича ўрни бўлганини эслатамиз, холос. Унинг иншо услуби – ёзиш манераси на Эркин Аъзам ва на Тоғай Муродникига ўхшар, мана шу табиий ўзгачалиги туфайли, номи тилга олинган ижодкор дўстлари билан бирга улар, бугун кўпчиликнинг қулоғига ғалати эшитиладиган натижага – миллионлаб(!) ўқувчи-мухлисларига эга бўлишди. (Биргина “Лолазор” романининг 1988 йилдаги нашри 60 минг нусхада чоп этилиб, бир ойга қолар-қолмас сотилиб кетганди.)

Албатта, адабиётнинг сифат кўрсаткичлари бир жиҳатдан ижтимоий-сиёсий муҳитга, тузумлар табиатига боғлиқдир. Адабий асарнинг нафақат маъновий, балки ҳатто шаклий тузилишига ҳам ижодкорни ўраб турган муҳит таъсир этиши-да бор гап. Агар инглиз адабиётидаги реалистик аниқлик, бадиий ўлчамларнинг меъёрлашгани инглиз консерватизмидан дарак берса, Маркес, Кортасар, Карпантьер асарларидаги стихия, ёқимли ва жозибали бошбошдоқлик Лотин Америкаси муҳитининг инъикоси бўлиб дунёга келади.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, кўҳна Шарқ маданиятининг бир бўлаги бўлмиш ўзбек адабиёти ўзининг минг йиллик тарихида мумтоз анъаналарни, абадий қадриятларни, бадиий санъату шаклларнинг гўзал намуналарини яратиб улгурган. Бугунги шароитда ҳам, табиийки, шу анъаналар ижоднинг ўқ томирини, асосини ташкил этади. Лекин адабиёт доимий ҳаракатда, ўсиб-ўзгаришдагина тирик. Инсон руҳининг жилваларини маълум бир саноққа, қолипга солиб бўлмаслиги ижодкорни ҳар бир янги асарида қандайдир кутилмаганликка, илгари синалмаган йўлларни кашф этишга мажбурлайди. Зеро, миллий, даврий ёхуд сиёсий-мафкуравий биқиқлик ижоднинг ашаддий кушандасидир. Ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан миллат тушунчаси нисбий тушунча бўлиб, миллий адабиётнинг умумбашарий моҳияти шу нисбийликни нечоғлик англаб етгани билан белгиланади. Ёлғиз миллий шаклнинг ўзи миллий руҳни ифода этмоқ учун мутлақо етарли эмас. Ёлғиз миллий руҳнинг ифода этилиши ҳам мукаммал санъат яралди, демоққа изн бермайди.

Битта асар, агар у чинакам истеъдод маҳсули бўлса, жамиятга минглаб, миллионлаб хил таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай – таъсир ранг-баранглигини келтириб чиқарадиган омиллар эса ниҳоятда кўп. Уларнинг энг муҳимларини эслаб ўтиш мумкин: жамиятнинг маданий, маърифий ва эстетик ҳолати; шахснинг ўз ижтимоий мавқеини англаб етиш қуввати, интеллектуал даражаси; даврнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, эстетик талаб-истаклари, ижтимоий сиёсатни бошқарувчи доминант кучларнинг асл мақсад-муддаолари ва б.

Демак, бир ҳақиқатни ёддан чиқармаслик керак: бадиий асардан ким нимани изласа, шуни топади.

Бунинг исботи учун ҳозир ёдимга тушган бир ҳаётий эпизодни келтиришим мумкин. 1982 йил, ТошДУ ўзбек филологияси факультетининг биринчи курсида ўқиймиз. Машҳур 85-ётоқхонанинг кўримсизгина залида Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Ёшлик”да босилган “Галатепага қайтиш” қиссаси муаллифи иштирокида қизғин муҳокама қилиняпти. Домлалар ва талабалар бири қўйиб, бири олиб асарнинг турфа эпизодлари мисолида ўз фикр-қарашларини тўкиб солишяпти. Шунда шаҳарда туғилиб ўсган, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган, эстетик диди ҳам ўзи сингари навниҳол бир қизимиз кўзойнаги остидан самимий боққан кўзларини порпиратиб сўзлаб қолди:

– Мен қиссадаги бир эпизодга умуман қаршиман, так ведь нельзя! Ҳалиги эпизод-чи: Ғайбаровнинг онаси турмага қамалган эрини кўргани бир талай боласи билан шаҳарга келади. Совуқ қотишиб, бир кафега киришади. Шунда онанинг қўлидаги кенжа бола кафенинг стулларидан бирини… ну… как сказать?… испачкает! Буни кўрган кафедаги уборщица хотин қишлоқлик аёлни стулни тозалашга мажбур қилади. И… ўша она стулни янги рўмоли билан артиб тозалайди… Адабиёт, ўртоқлар, биринчи навбатда, эстетика – гўзаллик дегани. Ҳозир айтган эпизоднинг нимаси гўзал? Менимча, ёзувчи уни қайта кўриб чиқиши, ўзгартириши керак…

Бу синглимизга жавобан камина ҳам ўз фикр-мулоҳазамни билдирган эдимки, ҳозир уни такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ – дидли китобхон қиссанинг қайси эпизоди устида гап бораётгани, унинг асл моҳияти ва аҳамиятини теран ҳис қилишига ишончим катта.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор керак: адабиёт ва санъатга маълум бир ижтимоий-сиёсий воқелик, ўзгариш призмаси орқали қараш, шу воқелик ёхуд мафкура мезонларидан келиб чиқиб баҳо бериш ҳам унинг (санъатнинг!) моҳиятини очиш йўлига онгли тарзда қўйилган дастлабки тўсиқ ҳисобланади. Мустабид тузум йўл-йўриғи-ю мафкурасини қўйинг, ҳатто энг илғор, энг гуманистик ғоялар ҳам санъат учун мезон, эталон бўла олмайди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ўлчовлари, қадрият ва моҳияти бир олам бўлса, санъат дунёсининг айни унсурлари мутлақо ўзгача бўлиши мумкин, аксарият ҳолларда улар бир-бирига зид ҳам келади. Негаки, ақл ва жисмнинг озиғи бошқа, руҳ ва кўнгилнинг ғизоси мутлақо ўзгадир. Бирининг тўйиб-тўйингани иккинчисининг ҳақини ўмаришдан юзага келиши кўп кузатилган…

Осон ёзиладиган мавзуни истеъдод ўзига яқинлаштирмайди, фақат истеъдодсизларгина енгил, ўткинчи ва ҳашаки мавзуларни титкилаб яшашга маҳкумлар. Шуниси қизиқки, истеъдод ниҳоятда мураккаб, чигал мавзуни ҳам “осонлаштириб” бергандек бўлади-да, бу ҳунари билан истеъдодсизни яна-да чалкаштиради.

034Агар Мурод Муҳаммад Дўст ижодининг ҳозирча энг юксак авжи – “Лолазор” романини унда мужассам топган дардлар, дардлар баёнидан кўзда тутилган мақсад ва бу мақсадни амалга оширмоқ учун танланган ифода усули жиҳатидан яхлит баҳоламоқ талаб қилинса, камина бунинг учун романнинг ўзидаги иборани кўрсатган бўлардим. Эсингизда бўлса, Ошно ҳокимият йўлида ҳал қилувчи қадамларидан бирини ташлаш арафасида (Ўртақўрғондан Тошкентга кўчиш олдидан) Яхшибоевларникига (туғилган чақалоқни йўқлаш баҳона!) келади ва қишлоқдош дўстига топшириқлар беради. Топшириқларки, Муҳсина хонимнинг ноёб талантини (Яхшибоевга хотин бўлгани учун эмас, Муяссар хонимга дугона бўлгани учун!) асраш ҳақида, хонимнинг “йўлдоши ҳам талантли бўлиши” талаб қилингани туфайли Яхшибоевнинг ижодни ташлаб қўймаслиги тўғрисида, энди Шариф Валломатга айтиб қўйилгани-ю, у билан қалинроқ бўлавериш кераклиги хусусида ҳамда бошқа “ўришу арқоғи аллақачон тахт қилиб қўйилган гаплар” билан етказилган ва қабул қилинган топшириқлар. Топшириқ олишга секин-аста эти ўлиб бораётган Яхшибоев суҳбат асносида Ошно ҳақида жуда сезгирлик ила шундай мулоҳаза юритади: “Ошно кулиброқ айтса-да, бариси – жиддий. Энди унинг жилмайишларига ишониб бўлмайди. Эҳтимолки, энди у йиғлаганда ҳам жилмайиброқ йиғласа керак…”

Шунга ўхшаб, Муҳаммад Дўстнинг асари қатларидан кўриниб турадиган “жилмайишлари”га ҳам, яхши маънода, ишониб бўлмайди ва унинг романини жилмайиб йиғланган дард изҳори сифатида ўқиб-ўрганмоқ керак. Чунки бутун асар давомида жиддий оҳанг ва истеҳзо мувозанати шундай тутиб туриладики, на кўзёшлар нигоҳни хиралаштиради ва на кулги ақлни ўғирлайди. Лекин бу асло “ўтмиш билан кулиб хайрлашиш” (К.Маркс) ҳам эмас.

Бизнингча, “Лолазор” материалини “кечаги кун”, “турғунлик даври” каби вақт чегараларига қамаш тўғри бўлмайди. Гарчи роман сюжети бизга танишдай ҳодисалар (қайтараман: шунда ҳам бизга танишдай, келгуси авлодларга эмас!), тарихий давр ичида ривожланса-да, унда кимларгадир ўхшаб кетадиган одамлар ҳаракат қилса-да, асарга муайян даврнинг маълум кишилари ҳақида ҳикоя қилувчи нарса сифатида ёндашиш ўта гўллик бўлур эди. Бунга қўшимча, романдан прототип қидириб ўқиш, аввало, саҳифалардан тўлқин-тўлқин чиқиб келувчи бадиий санъат мавжларидан ўзни бебаҳра қолдиришга, қолаверса, ёзувчи хаёлига келтирмаган даврий чегарани сунъий яратиб олишга олиб келади.

Дейлик, айримлар Назар Яхшибоевнинг ҳаётий прототипи дея тахмин қилган, шўро давридаги республика биринчи раҳбарига шахсан яқин ўртамиёна ёзувчида Яхшибоев қудратининг ҳеч қурса ярми бўлганидами, ўша одам чоп эттирган том-том асарлар муаллифидан олдиноқ ҳаёт билан хайрлашмаган бўлур эди. Чунки у ва у сингари ўнлаб, юзлаб қаламкашларда Яхшибоевга хос – “Искандару Дороларни чангаллатиб қўядиган” ақлу тафаккурнинг, руҳий қувватнинг ярми ҳам бўлган эмас (гап ижодий даража ва унвонлар тўғрисидаги қоғозлар ҳақида кетмаётганини эслатиш шарт бўлмаса керак!).

Шундан келиб чиқиб, роман матнига эътибор берайлик. Ёзувчи “кечаги кун” тушунчасидан шунчалар йироқки, қаҳрамонлари тилидан буни қайта-қайта эшитамиз: “Яхшибоев ким ўзи? Формуласи нима унинг? Формуласи не бўлмасин, таркибига Ошнодан салгина аралашгаи аниқ. Кимки нуфузли кимса бор, унинг вужудига Ошно аралашган. Ошно – ҳаво, Ошно – ер, Ошно – сув, Ошно – нон… Ошно – ҳамма нарса…” Яна: “Аниқ биламанки, ҳар кишининг ўз замони ва ўз ОШНОСИ бор, ҳар киши ўзича бир буюк қутқуга дуч келади” ва ҳ.

Қолаверса, ёзувчи романида қамрагани бирор масала ва бирор образ талқинида сўнгги нуқтани қўймайди, тайёр ечимлар беришга ошиқмайди – бу иш адабиётнинг юмуши эмаслигини ёдда тутади. Шунинг учун асар адоғига Александр Шоймардоновларни, янги даврнинг янги ошноларини, аввалларни, муҳсиналарни, чоршанбиларни ва … “катталари пора олган, онаси унутган, тақдири биргина инжиқ хотинчагаю булдуруқли битлиқи Назар Яхшибоев улига” ўхшаш кимсалар қўлида бўлган халқни қолдиради…

Уёғини эса билмаймиз – на биз, на ёзувчи! Негаки, қурбонойлар, тўпорилар фақат яқин ўтмишда эмас, ҳозирги кунда ҳам сероб бўлиб, эртага саҳнага чиқадиганлари бугун писта сотишаётган бўлса, янги ошно ва яхшибоевларни топиш ҳам кишини унча қийнамайди – уларнинг ўринбосарлари ҳозир, тахминан, Левича бўлворларда сайр қилиб юришган чиқади… Агар шундан кейин ҳам романдан прототип излашга иштиёқмандлар топилса, имоним комилки, улар олдига энг кўп даъвогар “Саидқул Мардонов мен эдим!” деб келади…

Хўш, нима учун ёзувчи кулиб туриб йиғлади, йиғлаб туриб кулди? Ҳамма кетаётган анъанавий роман йўлидан нега воз кечди? Ахир роман яратилган йиллари шу йўлда турғунлик даврини “фош қилувчи” қанча нарса ёзиб ташланди-ку. Аввал кўплаб асарларнинг конфликтини ҳал қилиб берган ҳукумат миқёсидаги қаҳрамонлар ўша кунлар бир айланиб ёппасига барча конфликтларнинг сабабчиси бўлиб қолувди-ку…

Бу саволларга жавоб излаб романга назар солсак, М.М.Дўстнинг мақсади ҳодиса ёки шахсни (айрим танқидчилар кучаниб талаб этгандай) “фош қилиш”, уни “оқ”, буни “қора” дейиш эмас, балки, абадий муаммо бўлиб келаётган инсон феъл-атворининг турфа шароитларда қандай товланишини, нима учун товланишини таҳлил қилиш экани, турли ижтимоий гуруҳларнинг бир-биридан ошиб тушган тубан қилмишларини эмас, шу қилмишларга, инсоннинг иккига, учга… ўнга бўлиниб кетишига нималар сабаб бўлишини ўрганиш экани маълум бўлади.

Агар адибнинг ҳозирга қадар ёзган асарларига эътибор берсак, деярли барчасининг бош қаҳрамони маълум бир ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ё оралиқ, ё сўнгги сарҳисобга толган одамлар эканини кўрамиз: Мустафо, Ғайбаров, Эломонов, Яхшибоев ва Саидқул Мардоновлар. Аксинча, шу сарҳисобга ақл ва фаросат топмай, мудом ўша-ўша яшаб юрган одамлар ёзувчи истеҳзосига, баъзан эса нафратига учрайди: Самад, Соқол, Бинафшахон, Ошно, Муҳсинахониму Шоймардоновлар.

“Лолазор”да асосий воқеалар ретро – Яхшибоевнинг ўтган умрни қайта эслаши шаклида ҳикоя қилинади.

Нега шундай?

Чунки фаолият ҳар доим ҳам ақл ва виждон билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Айниқса, юқоридан бошқарилувчи сиёсий фаолият ишга тушганида ўз йўлида тўғаноқ бўлган кучлардан осонгина ва… шафқатсизларча воз кечиб кетаверади. Бандаи ожиз гуноҳларининг ажрими рўзи маҳшарга қолганидай, бу сиёсий калтабинлик таҳлили айни романда касалхонада кечадиган бир ойга қолади.

Агар қиёслаш лозим бўлса, менимча, фақат бир-икки асари доирасидагина эмас, умуман, ижодий принциплари борасида ҳам М.М.Дўст билан таниқли рус адиби Сергей Есин муштарак йўналишдаги истеъдодлар кўринади. Масалан, М.М.Дўстнинг “Галатепага қайтиш” қиссаси, “Лолазор” романининг, С.Есиннинг эса “Гладиатор”, “Имитатор”, “Театр” асарларининг қаҳрамонларига муаллифлар ёндашувини таққосласак, бу фикр янада қатъийлашади. Назаримда, бу икки ёзувчи фаолияти давомида тушунтирадиган эмас, тушуниладиган ҳикоя тарзини мукаммаллаштиришди.

Бунда бирор ижтимоий тип нигоҳи орқали унинг ўзи яратишда қатнашган ва охир-оқибат ўзи қул бўлган муҳитнинг моҳияти таҳлил қилинади (фош этилмайди, таҳлил қилинади!). Бу йирик тип муносабатларга киришар экан, аввал ўз ҳарифининг (ҳа, айнан рақибининг, чунки у ўртача “объектлар”га, “чоршанбилар”га жуда осон диагноз қўяди, уларга жиддий эътиборни исроф қилмайди!) руҳиятини обдон ўрганади, сездирмай шу руҳиятга мослашгандай бўлади, финалда эса уни бошқариш усулларига эришади. Масала ошкора суҳбатларда эмас, пинҳона ўйинларда ҳал бўлади. Яхшибоев бу ҳақда: “Ҳозирча усталик қиляпман, й ў л и н и топяпман”, дея фақат ўзига сир очса, С.Есиннинг “Имитатор” номли романи қаҳрамони, нусхакаш рассом Семираев: “Тўғри, менинг ўйларим эзгу бўлмаган, бироқ улар меники эканлиги туфайли шафқатсиз бўлмоғим керак” деган ички программага эга.

Мана шу “усталик”, кетма-кет ниқобланиш узлуксиз, бутун умр давом этаверади. Булар орасида “тақдирлар яратиш”, “ундов белгилари кўпайиб кетмадими, дея шаккоклик қилишга тоб”, “озгина ғазаб, озгина ғурур”, “жабрдийда кўриниш”, “тарих учун нутқ ирод этиш” каби минглаб ниқоблар, ҳатто ўлимини ҳам ниқоблаб кетиш “ҳунари” бор.

Эътибор берсак, бундай ниқобланиш ҳодисаси жуда кўҳна экани – нақд Искандарнинг тобутдан қўлини чиқариб жўнашидан, балки ундан ҳам олдинроқ бошлангани таъкидланади. Яхшибоев қурғур эса ўз ўлимини Искандардан-да ўтказиб тақдим қиладики, Саидқул Мардонга қўшилиб кўпчилик, жумладан, устоз Умарали Норматов ҳам алданиб доғда қолади: “Яхшибоевдан ижодкор сифатида доғ қолди, айни пайтда ундан яхшигина бир боғ қолди…” дейди домла ниҳо-о-ятда самимий тарзда. (Қаранг: профессор У.Норматовнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1988 йил 2 сентябрь сонидаги “Кечаги кун одамлари” номли мақоласи.)

Ўрни келганда айтиш керакки, мен рус танқидчиси Игорь Золотусский нима учун Чингиз Айтматовнинг “Кунда” асарига бурнини жийириб, “ундан романнинг ҳиди келмаяпти” деганига (“Знамя” журнали, 1987, 1-сон), ҳарқалай, тушунган эдим. Бироқ М.М.Дўст асари эълон қилинган ўша йиллари айрим адабиётшуносларимизнинг “Лолазор”дан романнинг ҳидини туймагани-ю, унда латифадан бошқа нарсани илғамаганига, асарга бу қадар бирёқлама муносабатда бўлганига аввалига тушунмагандим. Бироқ улар ёқлаб мақола ёзган муаллифларнинг ҳикоя услубини, қолаверса, Муҳаммад Дўст романидаги киноянинг серқирралигини эслаб, масала моҳиятига етгандай бўлгандим…

Ўша танқидчилар учун яхшибоевлар тақдири “қумдаги илон изидек турмушимиздаги майда интригаларнинг акси” бўлиб кўринганди. Майли, бу “майда интригалар”га ем бўлган Қурбоной, Тўпори, қолаверса, халқ тақдирини (энг олди вакили бўлган Қурбоной қисмати халқ қисматидан дарак беради!) қўйиб турайлик-да, Яхшибоевнинг шахсий ҳаётига, унинг хотини билан муносабатига бирров назар солайлик. Ҳарқалай, Яхшибоев ҳам одам, одам бўлганда ҳам “чиритиб юборадиган” одамлар тоифасидан эканини биров инкор қилмаса керак. Демак:

“ – Эгоист! – деди Муҳсина хоним кўзларига ёш олиб. – Мени зор қақшатиб кетмоқчимисиз!..

Яхшибоев бирор дақиқа кутиб турди – Муҳсина хонимга ҳаяжонини босишга имкон берди. Кейин, хотини жўнроқ тусга тушгач, секин давом этди… Ўйладики, хотинми шу, фарзандми шулар, қузғун-ку, ўлаксахўр! Пойлаб туришибди-ку! Тезроқ ўлақолмайсанми, ўртоқ Яхшибоев?.. Меҳрни пулга сотиб олгандан кейин, юришдан не мурод?..”

Ёки:

“Яхшибоевнинг димоғи ачишди, кўзларига жиққа ёш қуйилиб келди… Муҳсинахоним чўчиди, бир муддат кўзлари жовдираб турди, сўнг йиғлаб юборди… Эрининг кўксига бошини қўйди. Яхшибоев у я л д и. Ёлғон, деб ўйлади, қилиб юрган касби-да.

Муҳсина хонимнинг саҳна машқи зўр эди, бир дақиқалик к ў р и м л и м а н з а р а асносида қўлларини каравот четига тираб турган эди…”

Энди холис айтинг: романдан нуқул “трагедия ва шафқатсиз ҳақиқатлар тасвири”ни талаб қилавериш тўғри бўлармикин ёки, ҳеч бўлмаса, юқоридагидай ҳолатларнинг замирига чуқурроқ назар ташлаш, улардаги унсиз фожиани ҳис қилиш фойдалимикин? (Асар ўзи яратилганидан буён ўтган ўттиз йилдан ортиқроқ вақтнинг шафқатсиз синовларига тўла дош бергани – бу саволларга энг одил жавоб бўлса, ажабмас!)

Ёзувчи ўз қаҳрамонлари сажияси, ҳаётий эътиқод ва маслагидан келиб чиқиб, ҳикоя тарзини ҳам шунга мос танлайди. Жумладан, “Қиссанавис” қисмининг баён услуби “Манзаралар”никидан сезиларли фарқ қилади. Эътибор беринг: масалан, кўчат экиб боғ яратиш эпизодини қиссанавис самимий бир завқ билан, ўйлари ниҳоясида барибир Яхшибоевга ачиниш ҳисси билан эсласа, Яхшибоев учун бу кун Саидқулнинг “итдай ишлатилгани” билан мароқли, холос…

Ёзувчи ижтимоий-сиёсий юзсизликни Александр (Искандар) Шоймардонов образида эсда қоларли яратган. Бу одам исми билан қўшиб элини ҳам сотади, халқнинг тақдирини ўртага тикиб ўйнайди, ўйнатади.

Умуман, роман қаҳрамонларининг фаолияти, Яхшибоевнинг ўзи тан олишича, қўғирчоқ ўйнатишга ўхшаб кетади. Фақат бу қўғирчоқбозлик болалар театри саҳнасида эмас, ҳаётда, сиёсатда, бу борада ҳали ҳамон балоғатга етмаган элнинг кўз олдида, унинг елкасига қурилган саҳнада юз бераверади. Қурбоной ва Тўпориларни Яхшибоев ўйнатади, Яхшибоевни Ошно, Ошнони бўлса Катта Пахтакор… Дарвоқе, Катта Пахтакорнинг ўзи ҳам жуда унақа мустақил эмасдай. Агар яхшибоеву ошнолар қўғирчоқнинг остига қўл тиқиб ўйнатиладиган туридан бўлишса, Катта Пахтакор марионет қўғирчоққа ўхшаб кетади. Романда, эслайсизми, мана бундай жой бор:

“Катта Пахтакор: “Надо!” деб турди.

Ошно унга жўр бўлди: “Надо!”

Катта Пахтакор шахсан ўзи яна бир бор келиб кетди: “Надо, Харунчик!” Бу гал овозида норозилик бордай эди: “Ю қ о р и н и н г т а л а б и шу!” (Таъкид М.М.Дўстники!)

Катта Пахтакорнинг (Катта Қўғирчоқнинг!) иплари шу ю қ о р и нинг қўлларида ўйнаса, ўз навбатида, бу ўйнатувчи қўлларга ҳам қандайдир иплар боғланганини тасаввур қилиш қийин эмас…

Мухтасар қилиб айтганда, ҳаёт аталмиш нозик бир синов, икки йўқлиқ оралиғида олий ҳукм-ла пайдо бўлган юракнинг омонат типирлаши давомида кўзнинг, ақлнинг, қўлнинг, лунжнинг тинимсиз талвасасини ўзида мужассам этган НАФС ўз инқирозига ҳам манфаат юклаши, бу ўлик ва тирик манфаатлар оломондан халққа айланишга шошилмаётган миллионлаб кишиларнинг ҳозирча англанмаган манфаати устидан кун кўраётгани – “Лолазор” романининг асосини ушлаб турган ғоявий ва бадиий заминки, унинг қанчалар мустаҳкамлигини, боя айтганимиздек, орадан ўтган йиллар яққол кўрсатди.

Кичик сарлавҳада эслатганимиздек, бу ва яна бошқа кўп эшитимли гаплар Мурод Муҳаммад Дўстнинг айта олган, ёзишга улгурган гапларидир. Бироқ бу гаплар салмоғи ёзувчининг ҳозирча ёзолмаган, айтишга улгурмаган гапларининг чўғи ҳам чакана эмаслигидан яққол дарак беради.

Хўш, агар ёзувчи ўзида журъат топа олса, унга илҳом билан бирга ҳафсала ҳам қўшилиб-қуйилиб келса-ю, бугун “Лолазор” типидаги асар ёзишни ният қилса, унда тахминан нималар тўғрисидаги гапларни, кимлар тўқиган ёхуд уюштирган латифаларни ўқиган бўлур эдик? Асарнинг номи-чи, қандай тус олган бўларди?

Агар бу масалада каминадан фикр сўралса, бўлғуси асарнинг ўқишлилигини нималар эвазига таъминлаш мумкинлиги билан қизиқилса, мен, ҳеч қурса, романнинг дастлабки бобларига асқотиб қолиши мумкин бўлган айрим таклифларим билан ўртоқлашган бўлардим.

Аввало, бўлғуси ривоятнинг асосий ҳикоячиси, бош тақдир эгаси этиб Яхшибоев эмас, бу гал Ошно белгиланса, чакки бўлмас эди. Марказий қаҳрамонлар атрофида нисбатан фаол ҳаракат қилувчи Яхшибоевнинг шогирдлари – “чоршанби болам”ларга ҳам бу гал сал “отдих” берилиб, бошқаларга, дейлик, аввалги романда сояда қолиб кетган Саидқул Мардоннинг “истеъдодли, қатъиятли, бетгачопар” шогирдларига саҳнадан жой ажратилиши мумкин. Ҳикоя услуби – ретродан эса бўлғуси асарда ҳам бемалол фойдаланса бўлади. Мана шу тарзда Ошно хотирасида ўзи кузатгани ва фаол иштирок этгани кўпдан-кўп ажабтовур ҳодисалар – ҳаётий латифалар, қўғирчоқбозликлар, бамисоли уста кулолдек “тақдирлар яратиш”, кимнидир қурбон бериш, тарих учун нутқ ирод этиш-у, “Ахир, битта халқ ғамида киройи қайғурмоқ шунча бўлар-да!” қабилидаги файласуфона сўлиш олишлар қайта жонланган бўлур эди.

Бу галги Ошно, европалик касбдоши Наполеоннинг “Сиёсатчининг юраги бошида жойлашган бўлиши керак” деган ақидасига қатъий амал қилиши баробарида, “қайси раҳбар ўз обрўсини ботмонлаб тўкишни истаса, ёзувчи-шоир зоти билан орасини бузади” деган жайдари қоидани ҳам ёддан чиқармайди. Буларга қўшимча, ўша ёзувчи-шоир деганларининг ҳам икки кураги орасида фариштанинг қаноти тугул, унинг изи ҳам бўлмаслигига қатъий ишонган янги Ошно бу қавмнинг нозик жойини топишда ортиқча қийналмайди. Фақат аввал ўша нозик жойга яқинлашиш, яна ҳам тўғрироғи – нозик жойи кўпроқ ва каттароқларни ўзига яқинлаштиришдан ишни бошлашга унинг закий ақли етади…

Аввало, мажлис ва митинглардаги, газет-журналлардаги чиқишлари билан барча “бош оғриғи муаммолар”ни азот кўтариб, шундоқ ҳам уйда ўтирмаётган оммани баттар жунбушга келтираётган ижод аҳлини, уларнинг бошини қовуштириб турган уюшмани сопини ўзидан чиқариб – истеъдодли вакиллари қўли билан парчалаб юбориш режаси тузилади. Худди шу пайтдан бошлаб боя айтганимиз – Саидқул Мардоннинг “Лолазор”дан ўзига муносиб жой ололмай хуноб юрган шогирдлари енг шимариб ишга киришадилар (зеро, улар ва келажакда улар сафини тўлдирувчиларга кўрсатиладиган “мурувватли сийловлар” хусусида бу фаросатли йигитлар тушунадиган тилда аниқ ишоралар бўлади.) Пухта режалаштирилган сценарий асосида ўйналадиган бу манзара учун эса ростмана саҳна – мамлакат марказидаги театр минбари саҳийларча тақдим этилади. Шу пайтгача мўъжаз бинонинг учинчи қаватидаги торгина залига ярми сиқса, ярми кўчада қолаётган, минбаридаги микрофони ҳам гоҳ ишлаб, гоҳ ишламай иш кўрсатадиган ҳолдан зада бўлиб юрган “ижод аҳли”нинг қурултойи тушликкача бир чиройли – расамада ўтади. Лекин бу ўртача кайфият, “Зарафшон” ресторанида қилинган тўйимли тушликдан кейин, бояги шоввозлар ташаббуси билан, мутлақо кутилмаган ўзанга буриб юборилади. Кетма-кет оташин чиқишлар, аввалги тузумга хизмат қилишдан бошқага ярамаган кекса авлодга қарши ошкора танқид, “эркин ва озод ижодий муҳитни яратиш”га қаратилган даъватларга тўла бу машваратнинг натижаси ю қ о р и кутганидан ҳам аъло бўлади: юзаки қараганда – бор-йўғи уюшма иккига бўлиниб кетади, аслида эса – мамлакатнинг нафақат ички, ҳатто ташқи сиёсати ройишига ҳам муқобил – алтернатив фикри билан таъсир этиб турган жиддий куч “ўз ихтиёри, ташаббуси ва ғайрати билан” парчаланиб, тарқалиб кетади. Бу парчаланиш ва тарқоқлик биргина ижодий уюшма ичидаги парокандалик ва долзарб масалалардан чалғишнинг эмас, балки миллий тафаккурдаги парокандаликнинг, халқ ва миллат тақдирига дахлдор муаммоларга оид бош мақсадлардан тойишнинг бошланиши эди…

Бу борадаги кейинги гаплар эса дурустроқ ривоятга ҳам эмас, бор-йўғи ўткинчи латифага зўрға тортади: масалан, янги тузилган ижодкорлар иттифоқининг навбатдаги раисига “яхшиликча амални топширинг, муҳрни беринг”, мазмунида қилинган ишорани аввалига у ҳеч тушунмайди. Тушунгач эса, қайсарлиги тутиб, на муҳрни беради ва на унинг қайдалигини бировга айтади. Шунда Саидқул Мардоннинг бояги шогирдларидан дадилроғи – Чоршанбиев қўймаган мўйловни қўйгани даврани, дейлик, мана бу гап билан қиздиради: “Фалончи жўра, бундайчикин қайсарлик қилмай, муҳрни беринг-да, энди. Ё сиз ҳам бизнинг қишлоқда ўтган қайсар кекса раисга ўхшаб муҳрни ютвориб, ҳаммамиз кетингиздан пойлаб юрамизми?…”

Бу гапларнинг бари Ошнони завқлантирмаслиги, шунга яраша саҳийлигини қўзғамаслиги мумкин эмас эди, албатта. Қолаверса, у Саидқул Мардоннинг шогирдларидан ҳаммасини бўлмаса ҳам бир қисмини “боқса одам бўлишини” аллақачон сезган, улар билан муомала-муносабатни шунга мослаб қуришга ҳам ақли етарди. Дейлик, ўшалардан бири, аввалги романда “Э, Саид ака, ихтиёр ўзимда бўлса эди, Кўҳиқофда дев бўлардим!..” дея маъюс тортиб юрадиган Сайфиддинжон сингариларга ташланадиган суякда ортиқча гўшт бўлиши ҳам шарт эмаслигини чуқур ҳис қилар эди.

Модомики, аввалги романни эслаган эканмиз, ёзилажак асарда кузатиладиган яна бир фарқни ҳам айтиб кетишимиз керак. Ёдингизда бўлса, Яхшибоевнинг Чоршанбиев бошчилигидаги шогирдлари анчайин содда, тузуккина камтар, “ўзимизга ўхшаган лалмироқ” йигитлар эди. Улар устозлари рухсатисиз бир қадам босмоққа ҳайиқишар, катта идоралар не, бор-йўғи кичик бир редакция раҳбарига муовин бўлишни-да ўзларига обрў санашар, шунга ҳам шукр айтишарди. Янги асарнинг янги чоршанбилари иштаҳасини эса нақд уммоннинг майдароқ наҳанглариникига менгзаш мумкин бўлади. Агар бешта боласи бор Чоршанбиев товуқнинг катагидек кичкина квартирадан ортиғига даъво қилишни ўйламаган бўлса, бу шоввозлар ўзининг қадрини жуда яхши билишади…

Айтаман десанг, ёзувчига эслатаман десанг, бу сингари латифа-ю ҳангомалар, “азбаройи нуфузни деб, ўзи ўйламаган ҳақиқатларни айтиб юборишлар”га тўла, бир-биридан кўришли ҳаётий саҳналар бисёрки, уларни Мурод Муҳаммад Дўст ҳаммамиздан яхшироқ билади, яхшироқ ифодалай олади.

Бўлғуси роман ўзи учун номни ҳам бир неча вариантларда ўзи таклиф қилиши-да тайин: бу ном балки “Бедазор” бўлар, балки “Пистазор”…

Нима бўлганда ҳам ҳамма гап бир масалада – Мурод Муҳаммад Дўстнинг шижоати, журъати, аввалгидан-да кучайган истеҳзосининг қачон қайта намоён бўлишида қолди.

2019 йил

Манба: www.hayrat.uz

Мурод Муҳаммад Дўст
БИР ТОЙЧОҚ ХУНИ
021

04   Мурод Муҳаммад Дўст 1949 йил 12 апрелда Самарқанд вилоятининг Жом қишлоғида туғилган. ТошДУнинг тарих факултетининг фалсафа бўлимини тугатган (1971). Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган (1974 — 79). Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қайдасан, кувонч садоси?» (1976). Шундан кейин «Мустафо» (1977), «Бир тойчоқнинг хуни» (1979), «Галатепага қайтиш» (1983), «Дашту далаларда» (1987) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. «Лолазор» (1988) романи муаллифи. Асарлари асосида бадиий филмлар суратга олинган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

08

Галатепада Ғуччи чол қутурармиш, деган гап оралаб қолди. Ҳамманинг оғзида шу: Ғуччини бесар ит қопганмиш, Ғуччи қутурармиш.

Жами улус гапирганича бор эди, негаким, Галатепа Галатепа бўлиб бирорта одам зоти қутурмаган. Қишлоқ шўросининг кекса котиби Қосимов домла байрам кунларида, колхознинг йиллик ҳисобот йиғинларида қутурган одамлар ҳақида гапиргани рост, лекин у санаган одамларнинг биттасини ҳам қутурган ит қопмаган, уларнинг кўпи босмачи, бой ва яна бир бало бўлиб ўтган ёт унсурлар, кейин, Қосимов домланинг ўзи, авомроқ кишилар чалкаш тушунмасин учун: «Мен буни рамзий маънода гапиряпман, ўртоқлар!», деб айтади.

Абдувоҳид Одам иккинчи хотини ҳам кетиб қолганида роса бир ҳафта бағрини захга бериб ётувди. Уйдан кўчага чиқмаган, емаган, ичмаган, гапирсанг гапирмаган — мисоли карахт илондай бўлиб ётган. Униям дастлаб қутурибди-да, деб ўйлашган. Яқинроқ бир қариндоши (отини айтишмайди), рости билан қутурган бўлса, кўп азоб чекиб ўтирмасин, деган чоғи бояқишнинг устида элак тутиб, бир челак сув элаган экан, лекин Абдувоҳид Одамга ҳеч кориҳол бўлмаган, қайтага, совуқ сувдан тани жунжикиб, ўрнидан сапчиб турган. Тураётган маҳали тирсаги илкисроқ тегиб кетган эканми, Абдувоҳид Одамнинг ўрнига ҳалиги жоначир қариндошининг ўзи йиқилиб тушган. Униям бетига сув сепиб ҳушига келтиришган. Кейин бир гал Сатторчанинг қутурган итининг устидан ҳам шу тахлит сув элашган. Лекин ит ўрнидан қайтиб турмаган. Сатторчанинг ўзи итим қутурган экан, устидан сув эловдик, тинчгина ётиб ўлиб қолди, деб роса икки йил гапириб юрди.

Хуллас, Галатепада қутурган одамлар ҳақида унча-мунча гап бўлгани билан, уларни ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган. Қутурган итларни кўришган, қутурган хўтикларни кўришган. Манзар полвоннииг сариқ новвосчаси қутурган эди — уни кўришган. Манзар полвон новвосчани ҳалоллаб қолишга улгурди, лекин бозорга олиб чиқмади, инсоф қилди, ерга кўмиб қўя қолди. Кейин бир вақтлар Галатепада маст нортуялар ҳам бўларди. Нортуялар қутурмаган бўлсаям, қутургандан кам эмасди.

Қирқ биринчи йил экан, Жонузоқ араб Галатепага кўчиб келиб, ўттизта туяси билан колхознинг пилласини Каттақўрғонга ташиган. Галатепа асли ўтроқ саройлардан эмасми, карвон қишлоқни оралаб ўтганида исми жон бор — ҳаммаси кўчага томоша қилгани чиқарди. Карвоннинг бошида бўйнига қўнғироқ таққан майдақадам бир эшак юргувчи эди, унинг ортида — бош туя, устида Жонузоқ еру кўкка ишонмайдиган чуваккина араб хотин билан, кейин яна йигирма тўққиз туя, бариси юкли, бариси зўр, ҳар ёнда уч-тўрттадан бўталоқ, пишқириб, атрофга оғзидан кўпиклар сочиб, оёқ остидаги заминнинг чангини нақ самога кўтариб… бу ғаройиб томоша узоқдаги Каттақўрғон тарафга йўл тортгувчи эди.

Жонузоқ арабнинг ўзи, остида оқ бўз оти, ўйчан, қияга қўнган қирғийдай тик, карвон ёнида кетарди. Жонузоқнинг эшаги кўп карвончи эшак эди. Галатепадан чиққунча карвонни сал секин, маромида тортарди, кейин, қишлоқнинг сарҳадидан ўтиб, эшаккинанинг ўзи қадамини илдамроқ босарди, унинг ортидан карвон ҳам, чўлнинг ёлғизоёқ заранг йўлига маржондай тизилиб олиб, юримини тезлатарди. Кўрмаган одамнинг тушуниши қийин: бир ёқда қўнғироқлар жиринглайди, бир ёқда туяларнинг ўркачи чайқалади, бир ёқда Жонузоқнинг қорагина хотини, дунё билан иши йўқ, секин мудрайди… Э, кўп қизиқ томоша эди! Қишлоқдан чиқиб бўлгач, Жонузоқ карвондан сал орқароқда қоларди, орқада қоларди-ю, олисдаги қирларга қараб яккаю ягона ашуласини бошларди:

Эй сорбон, оҳиста рон, ки оромижонам меравад,
Он дил ки бо худ доштам, бо дилистонам меравад…

Шу қўшиғини айтганда, Жонузоқ араб кўп ғам тортгувчи эди. Тарзига қараб туриб, бечора араб, гарчи форсида қўшиқ айтсаям, ўзининг арабий саҳросини, атрофини хурмо ўраган воҳаларини коғинибди-да, деб ўйлардинг. Лекин шунча арабий маъюслиги бўлса ҳам, Жонузоқ бирорта арабча сўзни билмасди. Гапирганда ўзбекчага тожикчани аралаштириброқ гапирарди.

Галатепада у ҳақида ҳар ҳил гаплар юрарди. Бировлар уни урушдан қочиб юрибди, деб ҳам ўйлаган. Лекин Жонузоқ қўли-кўнгли очиқ, кўп яхши араб эди. Кейин ўттизта туясининг шарофатидан колхозга нафи тегарди. Шу сабаб ҳеч ким сен урушдан қочиб юрибсан-ку, деб юзига солмаган. Бошқа жойга ҳам хабар қилишмаган. Шўронинг котиби Қосимов домла, хабаркашроқ одамларга: Жонузоқнинг афт-башарасига дурустроқ қаранглар, бу бир юрган боши очиқ араб, турган-битгани мўй, шунча мўйи бор одамнинг дум-пуми бўлсаям ажабмас. Агар уни аскарликка олса, кейин бу палакат Худо уриб гирмонга асир тушса, улар мунинг думини кўрса, падарлаънати бир энлик думининг дастидан бутун бошли қизил қўшинни беобрў қилади-да, деб айтган. Қосимовга ҳамма ишонган. Ишонмаслик гуноҳ эди. Негаки, Қосимов домла кўп ростгўй, фариштали одам бўлиб, умримда бор-йўғи уч марта, ундаям уқубатли амир замонасида ёлғон гапирганман, деб нақл қилгувчи эди.

Лекин биз салгина «ўтлаб» кетдик. Мақсадимиз сари — ўша туяларнинг ўзига қайтамиз. Улар кўклам чиқиши билан ғирт маст бўлиб қоларди. Бир хиллари борки, кўчага ғов бўлиб олиб, одам ўтказмасди. Жонузоқ араб Галатепада олти йил яшаган бўлса, олти бор кўкламда Жомнинг чўлига кўчиб, ўша ёқда туяларнинг масти тарқашини кутган.

Ғуччи чолни ит қопганидан кейин галатепаликлар Барот Қийшиқнинг чойхонасига йиғилиб, алламаҳалгача Жонузоқ арабнинг туяларидан гап-гаштак қилиб ўтиришди. Раҳматли Салим чиноқни эслашди. Жонузоқнинг нортуяси чап қулоғини узиб олувди, бечора Салим шу битта қулоқсиз ўлиб кетди-я, деб эслашди. Кейин гап қутурган хўтикларга, улардан секин-секин қутурган итларга ўтди. Лекин Ғуччи чолга етмади, шарт узилиб қолди. Энди ҳамманинг ўйи Ғуччи чолда эди. Фақат бирови гапиргани ҳам журъат қилмади. Ниҳоят, мулла Суннатнинг ўғли Назар Махсум чидаб туролмади, кўнглидагини айтди: «Тамом!—деди у.— Энди Ғуччининг боласи занжир изласин!..»

Шу гапни етказишганда Ғуччи чол аввал беғаразгина кулди, кейин жиддий тортди, Назар Махсумни «яғир хўтикча», деб атади, кейин яна бир марта, бу гал сал оғриниброқ кулди.
Назар Махсумнинг башоратидан кейин одамлар Ғуччи чолнинг уйига серқатнов бўлиб қолишди. Кимса борки, келиб, ундан ҳол сўрайди. Шундан Ғуччи чол сал сергак тортди. Аввал у итнинг қопганини ўзига ўй қилиб ўтирмаган эди: энди бу бир ит, ит бўлгандан кейин итлигини қилади, ҳуради, қопади… Яраси ҳам арзимас эди, битиб кетар, деди-ю, дўхтирга ҳам бормади. Энди қараса, йўқ, ҳеч бўлмайдиган, ҳамма уни кўргали келяпти, келади-ю, бирор синоати бормикин, ростдан ҳам қутурганмикин, деб кўзларингга қараб туради. Улар гап сўрайди, сен бўлсанг, худди айбдордай, тилинг калимага келмайди, гўё сени ростдан қутурган ит қопган-у, лекин сен номардлик қилиб шунча келган мусулмонни алдаб ўтирибсан! Э, мунақада қутурган ит қопмасаям қутуриб кетасан!..

Ғуччи чол ошнаси Ибодулло Махсумга гап солди; «Сиз ёнимда ўтирсангиз, Махсум,— деди у.— Сиз бўлсангиз, келган биров менга ошириб гапиролмайди…» Ибодулла Махсумнинг томорқада оз-моз ишлари бор эди, лекин жўрасининг сазасини ўлдиролмади. Хотини билан андак ғижиллашиб олгач, Ғуччи чолнинг уйига жўнади.
Мана, тўрт кундирки, дўстининг уйида кунни кеч қилади. У келгандан кейин меҳмонлар ҳам жуда озайиб қолди. Келгани ҳам итдан эмас, бошқа чет-чақадаги нарсалардан гапиради. Бировлари мутлақо гапирмайди, тилига тушов тушиб, Ибодулла Махсумнинг ривоятларини эшитади, кейин ҳеч гап-сўзсиз, кўнгиллари қисир бўлиб қайтиб кетади.

Пайшанба куни одамларнинг қадами узилди. Кечгача беҳуда меҳмон кутдилар, кейин, шом маҳали, Ибодулло Махсум айтди: «Менинг меҳмонлигим чўзилиб кетдиёв, ака?» Ғуччи чол юрак олдириб қўйган экан, кўнмади: «Яна икки кун меҳмон бўп кетинг, Махсум», деб ялинди. Ибодулло Махсум ўйлаб қараса, ошнаси ҳақ, ҳозирча ҳол сўраб келганларнинг ҳаммаси қизиққанидаи келган, қасд қилганидан эмас. Ғуччи қутурганмиш деган миш-мишни эшитгану ичига сиғдириб ўтиролмаган. Ибодулло Махсум бу гапни ким тарқатганини билолмай гаранг эди. Узунқулоқ гап кимнингдир оғзидан чиққандирки, улуснинг орасига тушибди? Тарқатган одам бўлмаса миш-мишни Худо тарқатадими? Йўқ, у ҳали келади. Келмасдан, Ғуччи чолнинг аҳволига маза қилиб томоша қилмоқдан бошқа иложи йўқ — ичи қароларнинг таомили шу.

Ибодулло Махсум кутган одам шанба куни чошгоҳда келди. Бу замон икки ошна боғнинг тўридаги чорпояда қироат қилиб ўтирарди. Ғуччи чол келган одамни сезмади, лекин Ибодулло Махсум сергакроқ эди, дарчанинг очилганини эшитдию ўқиётган китобидан бошини кўтарди. «Келди, ака,— деб шивирлади у.— Келарини билувдим, ака». Ғуччи чол дарча тарафга қаради, қарадию Тўрабойни кўрди. «Кетманг, Махсум,— деди у ошнасига.— Бу даюс ёмон, менга зўрлик қилади…»

Дарчадан кирган одам, яъниким Тўрабой жуссаси кичик, думалоққина бир одам эди. Юзи қора, соқоли оппоқ, соқоли оқлигидан юзи баттар қора бўлиб туюлади. Мулла Дониёрнинг айтишича, бу одамнинг ичидаги қораси юзига тепган экан. Кейин у икки дунёдан ҳам умидини узган бир дўзахи экан, охирати йўқлигини ўзи ҳам биларкан, шу баробар, мушаррафи жаннат мусулмон бандаларнинг кўзларига ўзгача бир қабоҳат билан, яъниким, илон авраш қилиб тикиларкан… Қабоҳати борми, йўқми ва магар бўлса, нечоғлик ва не турфа, бунисини Худо билади, лекин Тўрабой тикилишнинг ҳадисини олган — ихлос билан тикилса, ўтирган жойингга михлаб қўйгандай бўлади. Ўзиям қарашининг зўрлигини билади, чини билан тикилсам, тошни ёраман, деб ўйлайди.

Хуллас, шанба куни чошгоҳда Тўрабой келди. Ғуччи чол билан Ибодулло Махсум унинг истиқболига чиқмади. Учови ҳам иякларини силкитиб, соқолсалом қилган бўлишди. Тўрабой хашаки олмалар остидан йўлчадан майда қадам босиб келди. Чорпоя ёнида турган офтобадан сув қуйиб, белбоғига артиндп. Пешвознинг совуқлигидан кўнгли лат еди, лекин сездирмади, қайтага ўзига ўзи сув қуя туриб жилмайган бўлди. Кейин қўл артган қийиқчасини чап елкага ташлаб, чорпояга чиқди. Ибодулло Махсум андек сурилиб, бўшатган жойда чордона қуриб, юзига фотиҳа тортди-да, биқинига болиш олди…

Бир муддат жим ўтиришди. Кейин Ғуччи чол секин гап очди:
— Келинг, Тўрабой,— деди у секин.
— Келдик,— деди Тўрабой.
— Нега келдингиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.

Бу хил навозишдан сўнг Ғуччи чол ўзининг мезбонлигини эслади. Ўнг тарафга қўзғалган бўлиб Ибодулло Махсумнинг ўнгиридан секин пастга босди. Тўрабой буни кўриб турди, лекин кўрмаганга олиш ўнғайроқ эди — кўрмаганга олди. Бир кўнгли Ибодулло Махсумга босиброқ тикилмоқчи бўлди, лекин унинг терс ўгирилиб ўтирганини кўриб, доғда қолди.

— Келдик,— деди у сал туриб.
— Ҳеч кўринмайсиз, Тўрабой?— деб сўради Ғуччи чол.— Кеча бозорда ҳам кўринмадингиз. Касал бўп қолдими, деб ўйладик.
— Мен касал бўлмайман,— деди Тўрабой.
— Соғ одамнинг ҳаммаси бозорга боради,— деди Ғуччи чол.
— Иш кўп,— Тўрабойнинг жавоби мухтасар бўлди.
— Ишлаяпман денг?..— гапга қўшилди Ибодулло Махсум.— Ҳеч бир тинмадингиз-да, Тўрабой! Мана биз, акам билан қиладиган ишимиз йўқ, ўтган-кетгандан гаплашиб ўтирибмиз.
— Ўтган-кетгандан гапирган яхши,— деди Тўрабой, кейин Ғуччи чолнинг чопон тагига яширилган қўлига тикилиброқ қаради.— Мачитдан келяпман. Мачитда бир хил гаплар бўлди.

Ибодулло Махсум Тўрабойнинг қутурган итдан гап очиши тайинлигини сезди-ю, гапни бошқа томонга бурди:
— Мачитда одамлар гаплашмайди, Тўрабой, мачитда намоз ўқишади.
— Йўлда гаплашдик,— деди Тўрабой.— Мачитда намоз ўқидик, гапни йўлда гаплашдик.
— Муниси бошқа гап, — деди Ибодулло Махсум.— Магар гаплашган бўлсангиз, ёлғиз эмас экансиз. Яна кимлар бор эди?
— Ҳаммаси бамаъни одамлар,— деди Тўрабой.
— Ким экан?— қизиқсинди Ибодулло Махсум.
— Мулла Нишон,— деди Тўрабой,— кейин Назар Махсум бор эди.
— Мулла Нишон саводсиз одам,— деди Ибодулло Махсум.— Ҳафтиякни битирмай мадрасадан қочиб келган. Назар Махсум ёлғонни кўп гапиради, мунинг устига тўнғиз гўшти еган.

— Йўғ-э, у тўнғиз гўшти емагандир, Махсум,— Ғуччи чол ошнасининг ниятини англамади чоғи, секин эътироз қилди.— Тўнғизнинг гўшти ҳаром-ку, Махсум!..
— Назар Махсум тўнғиз гўшти еган,— ўжарлик билан такрорлади Ибодулло Махсум.
Тўра Қора енгилганини пайқаб талвасага тушди.
— Мулла Дониёр бор эди, мулла Дониёр бамаъни одам-ку!—деди у фиғони чиққудай бўлиб.
— Мулла Дониёр бамаъни одам,— деди Ибодулло Махсум.— Лекин у индамай ўтирган. Мулла Дониёр аҳмоқ одамларнинг гапига қўшилмайди. Ўзингиз айтинг, у сизга гап қўшдими?
— Мен гапирганим йўқ,— деди Тўрабой.
— Балли!—деди Ибодулло Махсум.— Одамларга гап бўлса бас, йўқдан йўндиришади. Ғуччи акамни мўлтонидан адашиб қолган бир този андак тирнагандай бўлувди, шуниям гап қилишган чиқар?..
— Гап қилишди, — Тўрабойнинг тан олишидан ўзга чораси қолмаган эди.— Ҳар ким ҳар хил гапиради, Махсум. Лекин мен гап қўшмадим.
— Маъқул, бу ишингиз маъқул, Тўрабей!..— Ибодулло Махсум уни мақтаб қўйди.

Мақтов Тўрабойга кўп ёқмади. Ичида, мени гўдакка ўхшатиб лақиллатди, деган ҳаёлга борди, жаҳли қўзғади. Ибодулло Махсум унинг тек қолганини кўриб, энди хавф ўтди, дегандек, ошнасига қараб илжайди. Ғуччи чол буни рағбат тушуниб, ярадор қўлини чопон чокидан чиқарди. Тўрабой унинг салла йиртиғи билан ўралган қўлини кўрди. Кўзларида бир нима йилт этгандай бўлди-ю, тағин ўчди. Ғуччи чол ўзининг сал шошганини пайқади. Лекин энди қўлни қайтадан яшириш фойдасиз эди…

* * *

Ғуччи чол қутурмаганини кўрсатмоқ истаб, ўзича бамаъни гаплардан гапирмоқчи бўлди. Лекин бамаъни гап деганлари ҳадеганда тилига келавермади. Шунда у яраси арзимаслигини намойиш қилмоқ бўлиб, чап қўли билан кўрпачага таянди. Қўли қаттиқ оғриди. Шундай оғридики, манглайига совуқ тер чиқиб кетди. Тўрабой унинг аҳволидан огоҳ бўлиб, мамнун илжайди, сўнг, тағин жиддий тортди, киши билмас қувонч билан ҳол сўради:
— Ёмон тишладими, акам? Тишиям анча ботгандир?..

Ғуччи чол безовталанди.
— Итнинг насли ёмон кўринмовди,— деди Ғуччи чол,— айб бизнинг ўзимиздан ўтди.
— Нима бало, сиз ўзингиз тишлагин, деб айтдингизми?
— Йўқ,— деди Ғуччи чол.— Тишлагин, деб айтганим йўқ, лекин тишлади.
— Қутурган ит гапни билармиди!.. Ғуччи чол бу гапни жавобсиз қолдирди.
— Ит қутурмаган, яхши ит,— деди Ибодулло Махсум.
— Бўлмаса, нега тишлайди?—Тўрабой баралла кулиб сўради.— Мана, Ғуччи ака, қаранг, қўлингизни бойлаб олибсиз. Итнинг қопгани ростдирки, сиз қўлингизни бойлабсиз?..
— Махсумнинг салласи…— деди Ғуччи чол.

Ибодулло Махсум ўнғайсизланди. Ғуччи чолдан сал норози бўлди. Унинг бошига ўраганидан бўлак, уйда яна учта салласи бор эди. Ошнасини този қопган куни бухори салласидан бир бўлак йиртиб бойлаган, лекин бухори салламдан йиртиб бойлаяпман, деб ҳеч ўйламаганди.
— Гап салладами, ака?— деди у секингина. Ғуччи чол индамади. Махсумга қараб маъюс жилмайди. Кўзлари озгина ёшлангандай бўлди. «Кўнгли бўш одамман», деб ўйлади у, лекин кўнгли бўшлигидан уялмади, қайтага ичи ёришиб кетгандай бўлди.
— Сиз кўп куюнаверманг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.— Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади.
— Оқ қўйниям, қорасиниям ўз оёғидан осишади,— деди Тўрабой.
— Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқармиш,— деди Ибодулло Махсум.
— Илонни ёмон кўраман,— деди Тўрабой.
— Мен кўрган еримда бошини тош билан уриб, янчаман,— Ибодулло Махсум сал қизишди.
— Аяманг, Махсум!.. Лекин илон деганингиз ҳам худонинг яратган махлуқи.
— Худо илондан кечган,— Ибодулло Махсум бўш келмади.— Шайтон унинг оғзидан кириб, думидан чиқиб кетган.
— Қаерда?— Тўрабой исбот талаб қилди.— Айтинг, қаерда?
— Жаннатнинг дарбозасида,— деди Ибодулло Махсум.— Илон билан товус қоровул турган жойда.
— Барибир илон худонинг махлуқи,— деди Тўрабой.
— Тўрабой, асли совуқ одамсиз-да!..— деди Ғуччи чол.— Илонни ҳимоя қилганингиз нимаси!..

Ғуччи чол асли соддароқ одам эди, умрида бирорта зарбулмасал ёзмаган, зарбулмасал қилиб гапиришларини ҳам кўп англамасди. Бу гал у ниманидир англагандай бўлди, англагандай бўлди-ку, лекин ичига сигдириб туролмади. Кўнглига келганини айтди. Айтиб бўлгач, сал ошириб юбормадиммикин, деб ўйланиб қолди. Кейин, агар сал оширган бўлсам, Тўрабойни озгина силаб-сийпашим керак, деган ниятга борди.
— Отангиз яхши одам эди, — деди у бир оз туриб.— Мен у кишини яхши биламан, бугунгидай эсимда турибди…
— Сизнинг отангиз ҳам зўр одам эди.— Тўрабой, гарчи у Ғуччи чолнинг отасини кўрмаган эрса-да, тантилик қилди.— У кишини зўр сакбоз дейишарди.
— Худо бир улоқни яратмиш, унга атаб бир туп шувоқни,— деди Ибодулло Махсум.

Ғуччи чол ошнаси ўзини улоққа менгзаганидан оғринмади, аксинча унинг гапларини маъқуллаб бош ирғади.
— Менинг бировга зиёним тегмаган,— деди у.— Уйда битта кафанлигим билан таблада битта отим бор.
— Отингиз югурикроқ, шунисидан қўрқаман,— деди Тўрабой.
— Яхши от эгасини ранжитмайди,— деди Ғуччи чол.— Менинг отим юввош, устини худди тахтиравон дейсиз!..
— Тўрабой отни билмайди,— деди Ибодулло Махсум,— сиз буёқдан буқаларни сўранг, бостирмасида учтаси бойлоғлиқ турибди.
— Бари бир, эҳтиёт бўлинг, Ғуччи ака,— деди Тўрабой.— Йиқитиб кетса чатоқ бўлади, қариганда суякнинг битиши қийин…
— Гўрга пиёда бормасман,— деди Ғуччи чол. Кейин у чорпоя устида ғоз туриб, ҳовлининг нариги буржига овоз берди. Зум ўтмай, Эргашнинг иккита қизалоғи чой келтирди. Ғуччи чол Ибодулло Махсумнинг пиёласини ўзи тараф олиб, чойнакнинг иккинчисини Тўрабойнинг олдига суриб қўйди.
— Ўзингиз бир майдалайсиз…

Тўрабой чойни қайтарди. Бир-икки хўплам ичиб, Ғуччи чолга юзланди;
— Кампирингиз кўринмайди?
— Бизнинг кампир сал пастроқ,— деди Ғуччи чол.— Бир ҳафта бурун ҳовлидан чиқиб кетган. Шу, менинг ўзимга қолса…
— Невараларимдан тағин ранжибди-да, ака?— Ибодулло Махсум сал чаққонлик қилди.
— Мен Ғуччи ака билан ғижиллашибдими, деб ўйлабман,— деди Тўрабой.
— Йўқ, неваралар билан,— деди Ғуччи чол.— Менга гап қайтариб кўрсинчи!..
Айтган ёлғонидан ўзи ҳам қизарди. Кўрпача четида ётган сочиқни олиб, бир-икки елпинган бўлди.
— Кун сал дим келди,— деди Ибодулло Махсум.
— Ҳа, Махсум, кун дим келди,— Ғуччи чол унинг гапини тасдиқлади.
— Менинг мижозим совуқроқ,— деди Тўрабой.— Мен димлигини сезмадим.
— Сиз ҳали ёшсиз, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.— Сиз ҳали муни сезмайсиз.

Тўрабой пиёласини ерга қўйди-ю Ғуччи чолга тикилди. Униси иккита қарғашойи гулли пиёлани ёнма-ён тизиб, қуйгали чойнакни кўтарди, лекин шу тобда кўзлари Тўрабойнинг синчков назарига дуч келиб, безовталанди, чойнак тутган қўлига титроқ кирди. Чой чойнакнинг жўмрагидан дастурхон устига тўкилаверди.
— Ит қутурган эмасди,— деди у титраб-қақшаб.— Този эди, биз ўзимиз унга озор бердик, бойлаб олмоқчи бўлдик…
— Чойдан босиброқ ичинг, енгил тортасиз!..
— Ичаман, Тўрабой, мана, ичяпман-ку!..

Ғуччи чол сал гарангсиди. Ибодулло Махсум ўтирган жойида бир-икки ғимирлади, лекин бирон нарса демади. Тўрабой — меҳмон, унинг ўзиям меҳмон, Ғуччи чол бўлса — мезбон эди.
Ғуччи чол ошнасининг пиёласини тўлдиришни унутиб, фақат ўзига қўйди ва атай хўриллатиб ича бошлади.
— Мен чойга кўп ўрганмаганман,— деди у.— Йилқининг ортидан кўп юрганмиз, кўзани сувига ўрганиб қолганмиз.
— Йилқидан гапирманг, Ғуччи ака,— деди Тўрабой.— Битта той камомад қилгансиз.
— Йўқ,— деб эътироз билдирди Ғуччи чол.— Мен умримда камомад қилмаганман. Уюрим доим тус-тугал бўларди.

Тўрабой айтаётган бўз тойнинг тарихи узун эди. Уни Ғуччи чол Пайшанбанинг бозоридан сотиб олган. Одамлар уюридан ўмарибди-да, деб ўйламаслиги учун, бўз тойга қўшиб, яна битта қари байтални ҳам икки баробар қимматига савдо қилгану етаклаб келаверган. Сўнг бирор ойлар чамаси шу яғир байтални миниб гузар айланган, гузарда дуч келган исми мардумга: «Яхши байтал, зотли, зотли-ку, лекин ёшдан қолган, чаночқоқда қулуни таблада турибди», деб гап уқтирган. Гапига биров ишонмаган. Бўз той ўша қирчанғи байталга ўхшамасди — ҳуркак, толмабўйин бир тойчоқ эди…

— Худо бегуноҳ қулуннинг пайини қирққанга ҳеч рўшнолик бермасин!..— деди Ибодулло Махсум.
Икки ошна баравар юзларига фотиҳа тортишди. Тўрабой уларга қўшилмади, маъюсланди… Аслида унинг гуноҳи кўп эмасди. Аксига олиб, ўшанда йўнғичқа айни гулга кирган маҳали эди. Агар тойчоқ шу гулга кирган йўнғичқани пайҳон килмаганида балки пайи ҳам қирқилмаган бўларди. Бунинг устига, гулга кирган йўнғичқа пайҳон қилинган кеча сутдай ойдин эди, агар кеча сутдай ойдин бўлмаганида, балким, бўзтойни биров кўрмаган ҳам бўларди… Тўрабой кейинчалик пайи кесилган тойчоққа кўп ачинди. Лекин бўлар иш бўлганди; бўзтой йўнғичқани поймол қилганди, йўнғичқа эса, энди гулга кирган эди, бунинг устига, кеча ойдин эди, бедапоя уватида ётган чалғининг ўткир тиғи ҳам шу ойдинда ўзгача бир ялтираб кўринган эди…
— Махсумга балли,— деди Ғуччи чол.— Шу тойни одам қилди. Пайини ямагани қурби етмади, лекин…

— Қўйинг, ака, — деди Ибодулло Махсум. — Қўйинг, гапирманг…
— Гапираман, деди Ғуччи чол.— Ахир, сиз уни ақалли бир марта минмагандирсиз!..
Унинг гапида бирор хилоф жойи йўқ эди. У ўша бўз той токи от бўлиб, кейин ўз ажали билан кетганига қадар бирор марта устига эгар босмаган эди. Бўз той, кейинчалик хомсемизроқ (у чопмасликдан семириб кетганди) от, бир умрга оқсаб қолди. Ибодулло Махсум шу оқсоқ отни етаклаб юришни яхши кўрарди. Айниқса, Тўрабойнинг кўк темир дарвозаси ёнидан ўтишни яхши кўрарди. Одамлар унинг чўлоқ отга бўлган меҳрини кўп тушунмади, бировлар ҳатто ғалатига чиқарди, савдойи атади…

Ибодулло Махсум бировдан ортиқча гумон ҳам қилгани йўқ. Бор-йўғи икки марта гузардан той етаклаб ўтди, холос. Кейин… якшанба куни бўз тойни етаклаб бозордан қайтаётган Тўрабой билан ёнма-ён бирор юз қадамча юриб кўрди, унинг ранг-рўйига, оёқ олишига разм солдию ҳамма гапни пайқади. Мана, бирор ўттиз йилдирки, у билан Тўрабойнинг орасида биттагина сир ботин яшайди. Тўрабой ташвиши кўп одам,— баъзида ҳалиги сирни унутиб қўяди, қўлига эрк беради, тилига эрк беради. Лекин Ибодулло Махсум худолиғни унутмаган, инсофни билади, олижаноблик қилиб, эски, унутилиб кетай деган сирни қайтадан Тўрабойнинг эсига солади.
— Мен мудирлигимда икки тонна арпа камомад қилувдим,— Тўрабой бирдан пастға тушди.— Мунақаси бўп туради, ака…
— Билмадим,— деди Ғуччи чол.— Мен умримда камомад қилмаганман.
— Менинг айбим камомадим, сизники шу битта — той…
— Балким, менингам айбимни айтарсиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.

Тўрабой каловланиб қолди. Унинг бахтидан бўлиб ҳовли дарвозасидан Ғуччи чолнинг ўғли Эргаш кириб келди. Чорпоядагилар билан узоқдан бош ирғаб саломлашди. Сўнг, астойдил тикилиб, Тўрабойни танидию қизиқиши ортди. Лекин у чорпояга келиб улгурмади. Очиқ қолган дарвозадан жиккакина бир ғунажин кириб, сўрамай-нетмай, ўзини кампир ўтқазган кичкина гулзорга урди. Ғунажиннинг шаҳди баланд эди — қўйиб берса, кампирнинг гулзорини шип-шийдам қиладиган. Ғуччи чол аввалига ҳай-ҳайлашга чоғланди, лекин сал туриб, фикридан қайтди. «Баттар бўлсин!—деб ўйлади.— Қариганда гул экишни унга ким қўйибди, чалпакка ўраб отсанг ит емайди-ку, яна хина билан райхон экканига ўлайми!..»

Эргаш шарт ортига қайрилиб, қўлига таёқ олди ва югуриб келишда ғунажиннинг қуймичига калтак солди. Ибодулло Махсум жониворнинг калтак еганини кўрмайин деб, кўзини чирт юмди. Ғуччи чол индамади, ичида Эргашни сўкди. «Садқаи мол кет!» Тўрабой бўлса, чорпояда чўккалаб олди-да, Эргашга пишанг бера бошлади:
— Ҳа, домулло, уринг! Падарлаънатини яхшилаб уринг!.. Уриб оёғини синдиринг, домулло! Шохига, шохига уринг! Қайтиб бировнинг томорқасига кирмайдиган бўлади… Биқинига, оч биқинига уринг! Оғримайдиган жойига уринг!.. Ўроқ-пўроқдан йўқми, домулло? Олиб, биқинига санчимайсизми, ахир?! Бўшашманг, домулло, уринг, савилни уринг!..

Эргаш Тўрабойнинг бақириғидан безор бўлдими ёки ўзининг ҳам раҳми келдими, ғунажинга қайтиб таёқ кўтармади. Бир-икки пўписаю дўқ билан ғунажинни дарвозага қаратиб ҳайдади. Ғунажин дарвозадан берироқда ўсган бир туп семиз супургини томир помири билан қўпориб, кўчага қочиб чиқди…

— Яхши ғунажин,— деди Тўрабой қайтиб ўтиргач.— Мамасолининг ғунажини. Сал овчилиги бор, биров уриб ўлдирмаса, яхши сигир бўлади.
— Қисир қолган,— деди Ибодулло Махсум.— Янаги йили яна қисир қолади. Оёқ олиши ёмон мунинг…
— Тўрабойда учта буқа бор, шунга оборса бўларкан,—деди Ғуччи чол.
— Опкелувди,— деди Тўрабой.— Лекин буқанинг ҳақини бермади.
— Сиз сигир бошига неча пулдан оласиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.
— Уч сўмдан,— деди Тўрабой.— Буқаларнинг емишига керак.
— Буқа асраб савоб иш қиласиз,— деди Ғуччи чол.
— Ҳар кимнинг кўнгли тусагани,— деди Тўрабой.— Мана, акам, сиз от асрайсиз, мен буқа асрайман.
— Акам отни кўнгил учун асрайди,— деди Ибодулло Махсум.— Сиз буқани бўрдоқига асрайсиз. Ғуччи акам отини ўзи боқади, сиз буқаларни ҳеч боқмайсиз. Боқасиз-ку, лекин ўзларининг топган пули ҳисобига боқасиз.
— Ҳар кимнинг таъби,— деди Тўрабой.— Ғуччи акам от асрайди, мен буқа асрайман.
— Буқани миниб бўлмайди,— деди Ибодулло Махсум. У негадир шу топда Тўрабойни камситишни истаб қолганди.
Тўрабой бу гапга эътироз билдиролмади.
— Ҳиндулар хўкиз минармиш…— секин гап қўшди Ғуччи чол.
— Бари бир, ҳўкиз отдай чополмайди,— деди Ибодулло Махсум, сўнг ошнасига ранжиброқ қаради.—Шу, ака, ҳинду билан туянинг фарқи ўзи кам, қилган ишининг ҳаммаси тескари бўлади…

* * *

Ғуччи чол дарвозани бекитиб келаётган Эргашни кўриб, чорпоядан турди, кейин ота-бола узоқроққа, боғнинг тўридаги хашаки олмалар тагига ўтишди.
— Хўш, ота?..— деб сўради Эргаш.
У муаллим эди — сўроқ сўраганида чап қоши хиёлгина кўтарилиб тушарди.

Ғуччи чол индамади. Эргаш бошқа гап сўрашдан ийманди, кўзларини чанг юққан поябзалига бир муддат қадаб турди, сўнг ерда ётган эски болтани олиб, олманинг айрисига қистирди.
— Сен менга мундай гапирма,— деди Ғуччи чол.— Ҳали ёшсан. Мен гапирсам ярашади… Қачон манави олмаларни қирқиб ташлайсан?!— кутилмаганда бақирди у. Айрига қистирилган болтани олиб, дарахт танасига солди. Болта ўтмас эди, лекин Ғуччи чол андоғ урдиким, зарбнинг кучидан олманинг оқ-сарғиш танидан бир парчаси очилиб қолди. — Нима, болтаниям ўзим чархлаб берайми?
— Ўзим чархлаб оламан,—деди Эргаш.

Ота-бола озроқ тумтайиб туришди. Кейин Эргаш гап қотди:
— Менга бир гапингиз бормиди, ота?
Ғуччи чол унга ўқрайиб қаради. Ўғли ҳозир ўй ўйлашга халал берарди.
— Саломингни аямасанг бўлди, болам,— деб ачитди у.
— Меҳмонингиз бор экан…— Эргаш можаронинг бемавридлигини эслатишга уринди.

Ғуччи чолга унинг писандаси ҳеч ёқмади.
— Ҳм…— деди у.
— Чарчадим, ота,— деди Эргаш.
— Чарчабсан-да?—ўсмоқчилади Ғуччи чол.—Нима, лайлак ҳайдадингми, ўғлим?
— Кучук ахталадим!..— Эргаш ўзини тутиб туролмади, портлаб кетди.— Нима қиласиз тергаб?
— Мен сени тергадимми ҳали?..— Ғуччи чол мийиғида илжайди.
— Бўлмаса нима?— Эргашнинг чап қоши яна хиёл кўтарилди.
— Қошингни керма, — деди Ғуччи чол. — Нега қошингни керасан? Хотинга ярашади! Эркакмисан ўзи? Энанг ўғил туғдим дегандай бўлувди-ку?..

Эргаш оғринди. Бир ҳаёли шарт бурилиб кетиш ҳам бўлди, лекин чол… «Чол ҳафа бўлади,—деб ўйлади у.— Кейин икки дунёдаям қутулолмайсан…»
— Бахудо,— деди Эргаш,— Бахудо, ота сўкинманг!..
— Тожикча гапирма,— деди Ғуччи чол.— Беш йил шаҳарда ўқиб, менга топиб келган гапинг шу бўлдими?
— Ота!..— деди Эргаш.— Менинг сизга тили-жағим тегмади.
— Энангга ўхшайсан,— деди Ғуччи чол.— Уям тили-жағидан гапиради.
— Мени тинч қўйинг, ота, — ялинди Эргаш. — Мен сизга ёш бола эмасман.
— Баттарсан!..— деди Ғуччи чол.— Сен билан гаплашиб бўлмайди.
— Бўлмаса гаплашманг!
— Оқ қиламан!..— дўқ урди Ғуччи чол.
— Билганингизни қилинг!..

Ғуччи чол Эргашнинг жаҳлдан бўғриққан юзига бир муддат завқланиб тикилди. «Ўзимга ўхшайди,— деб ўйлади.— Дағалроқ бўлгани маъқул, ҳалимдай эшилиб турса, мунинг эркаклиги қоладими…»
— Менга кўп ақл ўргатма,— деди у.— Хоҳлаган пайтимда ҳовлидан қувиб соламан.
Буниси энди лалми дўқ эди, лекин Эргаш чолнинг юмшаганини тушунмади.
— Майли, майли,— деди у.— Шу ердан кетганим маъқул. Мени шарманда қилдингиз, ота!
— Ота, дема мени!..— бақирди Ғуччи чол, сўнг чорпояда ўтирган меҳмонларни ўйлаб, бирдан паст тушди. — Сен ҳали бурнингни терлатиб нон топиб берганинг йўқ… Бор, битта улоқни сўй!..— бехосдан буйруқ берди у.— Хотинингга айт, барини қозонга ташласин!..

Эргаш бу гапни ҳеч кутмаган эди — анграйиб тураверди.
— Ё мен ўзим сўяйми?—деб сўради Ғуччи чол.— Сўярдим-ку, лекин иложим йўқ, қўл ярамайди.
— Уйда гўшт бор.
— Уйдаги гўшт озлик қилади.
— Тўрабойга шунча иззатми?-— деб сўради Эргаш.
— Тўрабойга бўлмай, Махсумгами?—деди Ғуччи.— Махсум менга дўст одам, бир бурда нонимгаям қаноат қилади.
— Тузук,— деди Эргаш.
— Нимаси тузук?
— Тузук,— деди Эргаш тағин. Бояги жаҳлидан асар ҳам қолмади. Отасининг чиноқлигини ўйлаб, сал илжайди ҳам.— Лекин улоққа энам пул берган-ку, ота?
— Энангнинг маҳрини мен берганман,— деди Ғуччи чол.— Бор энди, менинг айтганимни қил!..

* * *

Бирор уч соатлардан кейин, чоллар ўтирган чорпояга бир лаган серпиёз қовурдоқ келтиришди. Таомни Ибодулло Махсум бошлади. Кейин Тўрабой билан Ғуччи чол ҳам енгларини шимариб, лаганга яқинроқ сурилдилар.
— Серпиёз бўпти.— деди Тўрабой катта бир луқмани қўлига олиб.— Мен пиёзни яхши кўраман Махсум…
— Мен пиёзни яхши кўрмайман, лекин бари бир ейман,— деди Ибодулло Махсум.
— Мен эрталаб уйда шўрва ичувдим, — деди Тўрабой.— Лекин улоқ гўшти ширин, кўнгил тортадиган бўпти. Шу бир замон бўлса-да, оёқни узатиб ётиб фақат улоқ гўшти есанг!
— Хадеб улоқ гўшти еган маза қилмайди,— деди Ғуччи чол.— Жонга тегади. Мана, мен ошниям яхши кўраман.
— Бари бир, ошнинг тагига улоқ гўштидан босасиз,— деб эътироз билдирди Тўрабой.
— Молнинг гўштиям бўлаверади,— деди Ибодулло Махсум.
— Манзар полвон гуручли таом емайди,— деди Ғуччи чол.— Еса, томоғига тиқилиб қолади. Бировлар ош еганда етимчадай қараб ўтираверади. Кейин лаган бўшагандан кейин тагида қолган ёғнинг юқи билан махсисини мойлайди.
— Бари бир мойларкан-ку,— деди Тўрабой.— Ҳар на нафи борку!.. Лекин менга қолса, доимо улоқ гўшти ердим.
— Кунора енг, Тўрабой,— Ибодулло Махсум Тўрабойнинг ўжарлигини кўп ёқтирмади.— Бўлмасам, бўкиб қоласиз. Уйингиз дўхтирдан олис. Дўхтирга опкетса, буқаларга ким қарайди?

Тўрабой қалтисроқ гапирмоқ бўлиб, қўлини дастурхондан тортди. Лекин қовурдоқни кўзи қиймади. Чимирилган ўсиқ қошлари тағин ёйилди, бир қултум яхна чойдан симириб, лаганга яқинроқ сурилди.
— Ўлдирса, улоқнинг гўшти ўлдирсин!— деди у хушҳоллик билан.
— Ора-сира бошқа таомдан ҳам енг,— деди Ибодулло Махсум.— Келинга айтинг, ялпиздан кўпроқ қўшсин. Юраккаям, миягаям фойдаси бор.
— Менинг юрагим тузук, Махсум.
— Миянгизчи? — деб сўради Ибодулло Махсум. Тўрабой бу гапни эшитмади.
— Ялпизнинг энди икки қулоқ чиқаргани дуруст,— деди у.
— Йўқ, Тўрабой,— деди Ғуччи чол.— Ялпизнинг мияга зиёни бор. Бизнинг ола мушук шу ялпиздоридан ичиб хароб бўлди.

Тўрабой қувониб кетди. Ғуччи чолни худди телбани томоша қилгандек, алоҳида бир диққат билан кўздан ўтказди.
— Ўлдирдингизми, ишқилиб?
— Жуда бераҳм одамсиз-да. Тўрабой!..— деди Ғуччи чол ранжиб.
Тўрабой гапни ўзига юқтирмади. Кулди. Кулганида устки лаби жийрилиб, сарғайган милклари кўринди.
— Кулманг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.
— Мен кулмадим, Махсум, ўлай агар, кулмадим,— Тўрабой кулганини тан олмади.— Акамнинг мушуги қизиқ экан-да ўзи!..
— Уям худонинг яратгани,— деди Ибодулло Махсум.— Бизнинг мушук ҳафтасига биттадан илон ўлдиради. Пойлаб туриб, панжаси билан битта уради -тамом, ўлади-қолади!
— Бижжики паштроқиди, Махшум,— деди Ғуччи чол ғўлдираб.— Мен шуни еббўвай, кейин…
— Енг, ака ош бўлсин! Еб бўлгандан кейин айтасиз.

Ғуччи чол оғзидаги луқмани еб бўлиб, Ибодулло Махсумга қаради:
— Еб бўлдим, Махсум.
— Энди гапиринг, ака,— рухсат берди Ибодулло Махсум.
— Бизнинг мушук пиёниста эди, Махсум,— деди Ғуччи чол.— Кампир юрагига деб ялпиздори ичади денг…

Қаёқданам мушуги тушмагур шунга ўрганди. Кампир дорисини ичиб юрганида тузук эди, бечора қолган-қутган юқини ялаб кун ўтказарди. Лекин касофат қурумсоқлик қилиб дорисиниям ичмай қўйди. Кейин мушукнинг миёвлаб беҳузур бўлганини кўринг!..
— Иҳ!..— деди Ибодулло Махсум.—Мен мушукни мунчалар бўлар деб ўйламовдим!
— Бўларкан-да, Махсум,— деди Ғуччи чол.— Баҳор пайти ариқ лабига тушиб, балчиқдан энди бодраб чиққан ялпизни панжаси билан ўзига қайириб олади, кейин тепадаги икки қулоқчасини курт-курт қилиб ейди. Неча марта ариққа тушиб кетдиямки яна қайтиб боради!.. Бўлмасам мушук деганингиз сувдан қўрқади.
— Қутурган одам ҳам сувдан қўрқади,—деди Тўрабой.

Жим қолишди. Ғуччи чол ҳикоя билан овора, тузукроқ овқат ҳам еёлмади, баттар очиққанини сезди, лекин шунча гапдан кейин маош қилишни ўзига эп кўрмай, қўлини дастурхон четига артди. Ибодулло Махсум ҳам ўзини тийди.
Тўрабой лаганнинг кўп бузилмаган четини ўзига қаратиб, иштаҳа билан ея бошлади. Егандаям чапиллатиб еди.
Боя гап устида кўп сезилмаган экан, ҳозир эшитиб, Ибодулло Махсумнинг ғаши келди.
— Чапиллатманг, Тўрабой!—деди у тоқати тоқ бўлиб.

Тўрабой бунисини кутмаганди — оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Қайтариб ташлай деса — олдида дастурхон, чайнаб ютай деса, бунисиям оғир. Бечора бир муддат бақрайиб қолди. Ўзигаям кўп таъсир қилди. Ниҳоят, оғзидаги луқмани чайнамай-нетмай, бир амаллаб ютди. Устидан бир пиёла яхна чойни кўтариб, Ибодулло Махсумга санчиброқ тикилди. Лекин Ибодулло Махсум Ғуччи чолга ўхшаган бечидам эмасди, Тўрабойнинг кўзларига кулиб қаради.
— Мен сизга айтсам, Махсум— дея гап бошлади Тўрабой.
— Айтинг, Тўрабой, армонингиз қолмасин,— деди Ибодулло Махсум.
— Овқатдан кейин айтса нима бўлади, Махсум?— деб сўради Ғуччи чол. У ўзининг мезбонлигини унутолмай гаранг эди. — Хўп денг, Махсум, шуни овқатдан кейин айтсин.
— Майли, ҳозир айтаверсин.
— Мен ёшроқ бўлганимда, сизни бир урардим, Махсум,— деди Тўрабой.

— Менга Ғуччи акам ёрдам берарди,— Ибодулло Махсум гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
— Тўғри,— деди Ғуччи чол.— Мени Жуман ғалча ўғиллари билан қўшилишиб урган. У пайтда Махсум Бухорода ўқиб юрарди.
— Минг ўқигани билан, бари бир муллалик қилолмади,— деди Тўрабой.
— Қилолмадим эмас, қилмадим.
— Бари бир, Махсум, мен сизни урардим…
— Менга бир қаранг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум жаҳлланиб. — Авлиёга аталган улоқдай ҳолингиз бор, бир муштимдан ортмайсиз. Ёшлик пайтимда бир урсам, сизни Сигиртепанинг ортидан топиб келишарди!
— Узоқмасмикин?— деб сўради Тўрабой.— Сиз асл нокас одамсиз, Махсум. Менга ҳасад қиласиз!
— Ҳой, Тўрабой, сиз кимсизки Махсум сизга ҳасад қилса!..— деди Ғуччи чол ғазабидан бўзариб.— Сиз Махсумга кўп таъна қилманг!
— Қўйинг, ака,— деди Ибодулло Махсум.— Мунинг гапига кўп эътибор берманг, бу киши бировнинг пайини қирқиб турмаса бўлмайди.

Тўрабой бирдан пусиб қолди. Не қилса ҳам, пайи кесилган бўз той унинг заиф жойи эди. Баъзида Тўрабойнинг ўзи ҳам шунга ажабланарди: энди одам деганинг борки, дунёга келиб гуноҳдан фориғ бўлмайди. Сутдай оқ бўлишнинг ҳеч иложи йўқ. Бўлмасам, худога шукур, шу бўз тойдан бошқа айблари ҳам оз эмас. Лекин уларни ҳамма билади. Уларни деб аллақачон шарманда қилишган. Қайтага шарманда бўлганинг ҳам дуруст, шармандалик бир кун, бир ой, борингки, бир йил чўзилар, кейин бориб унут бўлиб кетади. Ибодулло Махсум шу битта бўз тойнинг гапини гап қилиб олган, истаса эслатади, истамаса — йўқ… Лекин ҳалиги ошиқча. Тилини суғуриб олган камлик қилар!.. Бир тойчоқнинг хуни ўзи қанча, кесилса, пайи кесилибди, шуни яширдинг нимаю яширмадинг нима? Ўзи-ку, шуни айтсанг, тинчишинг тайин. Махсумнинг шамаларига чидаб юргандан кўра, бир йўла шарманда бўлда, қўй!..

Тўрабой шарманда бўлишга аҳд қилди.
— Бировнинг пайини қирққан ёмонми, Махсум?— деб сўради у.
— Билмадим, қассоб бўп кўрмаганман,— деди Ибодулло Махсум. У Тўрабойнинг шум ниятини аллақачон пайқаган эди.
— Айтайлик, Ғуччи акамнинг отининг пайини қирқсам нима бўлади?—деб талмовсиради Тўрабой.

Ғуччи чол эшитган гапига ишонмай, ўрнидан сапчиб турди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, Тўрабой!—деди у.— Мен отимни сиз билан қўшиб битта таблага боғламасман!
Тўрабой тағин амалга етмади. Доғда қолди. Ичида Ғуччи чолни сўкди: «Галварс! Билишниям истамайди!..» Кейин кўзларини Ғуччи чолнинг салла билан чирмалган ярадор қўлига тикди:
— Қўл энди кўпкарига ярамайди-ку, юрт оғаси! Ғуччи чол бесаранжом бўлди. Қўлини чопон остига яширмоқчи эди, бўлмади, ошнаси «қўявер!» дегандек ишора қилди.
— Қутурмаган бўлсаям, қопганини қаранг!— деди Тўрабой.— Бировнинг занжирдаги ити бўлсаям бир гап эди, лекин у мўлтонидан қолган экан. Мўлтони халқи аҳмоқ эмас, шайтонга дарс беради, соғ итни ҳеч маҳал ташлаб кетмайди, ўзи билан опкетади!..

Ғуччи чолнинг юрагига ваҳима тушди.
— Мен ҳеч белгисини сезмадим, Тўрабой,— деди у.
— Бирданига белги нима қилади!— Ғуччи чолнинг соддалигидан кулди.— Сал туриб белги беради-да, ахир!.. Иштаҳангиз ҳам йўқолган кўринади. Билсангиз, Ғуччи акам, қутурган итнинг устидан ғалвирда сув элашади.
— Мен сувдан қўрқмайман, Тўрабой,— деди Ғуччи чол.— Ўзингиз кўрдингиз, бемалол чой ичиб ўтирибман.
— Энди бу бир мисол-да, Ғуччи акам…— деди Тўрабой.— Агар яна бир мисол опқарасак, мана, сиз… бирор кимсага тиш солармидингиз?
— Э, мен итмидимки, бировни тишласам!— ажабланди Ғуччи чол.
— Мен сизни итга менгзамадим,—деди Тўрабой.— Энди бир мисол қилиб гапирдим. Мен бировни тўсатдан тишлаб олгингиз келмайдими, деб сўраяпман.
— Итга менгзамадим дейсиз-ку, лекин тишлагинг келмайдими, деб сўрайсиз. Энди итга менгзаганингиз шу-да, Тўрабой?
— Йўқ, бу гаплардан худо асрасин!— деди Тўрабой.—- Минбаъд мундай гапирманг!
— Бўлмаса нима?—Ғуччи чолнинг дафъатан қаҳри келди.— Мен сизга бўйинса бўлмасам, ёшим бирор ўн ёш катта бўлса, нега менга мундай ҳазил қиласиз?
— Мен сизга ҳазил қилмадим.
— Бўлмаса, чинингизми бу?- деб сўради Ғуччи чол.

Тўрабой жавоб ўрнига қиқирлаб кулди. Шу пайтгача ҳурпайиб ўтирган Ибодулло Махсум бошини кўтарди.
— Сиз акамнинг қутурмаганига ҳафасиз чоғи, Тўрабой?—деб сўради у.
— Худо урсин!— Тўрабой қўшқўллаб ёқасини ушлади.— Агар шундай ўйлаган бўлсам, тонгга етмай ўлай!..
— Сизнинг акам қутурса суюнишингиз тайин,— деди Ибодулло Махсум.— Жуман ғалча акамни ўғилларига қўшилиб урган. Сиз шу одамнинг жиянисиз. Сизнинг суюнишингиз тайин.

Тўрабой бундай кескин даъвони кутмаган экан, кўзлари пир-пир уча бошлади. Ғуччи чолга мадад сўраб тикилди.
— Жуман ғалча мени урган,— деди Ғуччи чол.
— Урса у урибди, менинг айбим нима?— деб сўради Тўрабой.
— Жуман ғалча жондай тоғангиз эди,— Ғуччи чол унга айбини эслатди.
Тўрабой кўп мулзам бўлди. Ғуччи чол ҳақ эди. Яхшими, ёмонми, Жуман ғалча унинг тоғаси.
— Алам қиляптими, Тўрабой? — суриштирди Ибодулло Махсум.
— Алам қиляпти,— дея тан олди Тўрабой.
— Алам қилган жойига туз сепинг,— деди Ибодулло Махсум.
Тўрабой аввал бўзарди, кейин қизарди, ўзини ҳар не тутгали уринди-ку, иложини топмади, хунук бир тиржайиб, бори-йўқ заҳрини тўкиб солди:
— Сизам қутурибсиз, Махсум!

Орадаги илинибгина турган ип чирс этиб узилди. Ғуччи чол Ибодулло Махсумга ялт этиб қаради. Лекин Ибодулло Махсумнинг юзи қилт этмади.
— Бир оёқнинг чигилини ёзсак, Тўрабой,— деб таклиф қилди у. — Юринг, бир оёқнинг чигилини ёзайлик.
Тўрабой уни ўзича тушунди.
— Ёшингиз бир жойга бориб қолган, Махсум,— деди у.— Сизни уриш менга уят..
— Бошқа гап бор, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум. Тўрабой унга ишонқирамай қаради.
— Шуни эртага гаплашсак бўлмайдими, Махсум?..
Ибодулло Махсум таҳқирли сукут билан жавоб қилди. Тўрабой ноилож чорпоядан тушди.
— Ўзингизни калишингизни кийинг,— деди Ибодулло Махсум.— Меники ҳали янги, тўйга кийиб борадиган…
Тўрабой баттар каловланди, Ибодулло Махсумнинг калишини ечиб, ўзининг увадароқ жуфтини оёқларига илди.

Сўнг Ибодулло Махсумга эргашиб, боягина Ғуччи чол билан ўғли Эргаш гаплашган жойга — қари хашаки олманинг тагига борди. Тўхтадилар. Ибодулло Махсум чопонининг барларини қайириб, белбоғига қистирди, сўнг Тўрабой тарафга бир қадам босди. Тўрабой ортга тисланди.
— Ҳазиллашманг, Махсум, охири ёмон бўлади,— деди у, сўнг гапининг исботи учун икки-уч марта ер депсинди.
— Қутурган ит мениям қопган,— деди Ибодулло Махсум.— Сизам мен билан эҳтиётроқ бўп гаплашинг.
— Ҳазиллашманг, Махсум, жаҳлим чиқса, ақлим кетади,— деди Тўрабой.— Жонингизга раҳмингиз келсин, Махсум!
— Бўғзингиздан бир тишлайми, Тўрабой?— деб сўради Ибодулло Махсум, сўнг ростдан тишламоқчи бўлгандай, тишларини такиллатди.— Хўп денг, кекирдагингиздан бир тишлам узиб олай, Тўрабой?

Тўрабой чўчиди. Яна икки қадам ортга тисланди, тисланиш асносида дарвоза тарафга ўғринча қараб олди. Негадир кўнглига маъюслик чўкди. Ибодулло Махсумдан азбаройи ҳафа бўлди чоғи, икки марта чуқур хўрсинди. Кейин уни четлаб ўтиб, дарвозага йўналди. Ибодулло Махсум унинг ортидан юрди. Тўрабой илдамлади. Ибодулло Махсум ҳам қадамини тезлатди. Тўрабойнинг ўзи тўлагина, чопони танига ҳам хиёл тор эди. Тезроқ юрганидан кети чопон тагида қалпанглаб борарди. Ибодулло Махсумнинг ҳаёлига ногаҳон бир шум фикр келди, илжайди, бир-икки бор ўзининг ўнг оёғига, кейин Тўрабойнинг ортига қараб олди. Лекин ҳар қалай оёқ кўтармади — инсоф қилди. Гарчи Тўрабойнинг ортига тегмаган бўлса-да, шу ўйнинг ўзиданоқ завқланди. Хатто, шу ўй баробарида кўнглидаги озми-кўп хусуматни ҳам унутгандай бўлди. Гўёки тепки билан хусумат орасида ҳеч бир алоқа йўқдай эди… Тепгинг келди, тепмоқчи ҳам бўлдинг, лекин тепмадинг… Бари бир, деб ўйлади Ибодулло Махсум. Тепмоқчи бўлганингнинг ўзиям яхши. Одамнинг миясига шундай ҳаёлнинг келганига қаранг… Кекирдагингни узиб оламан дединг-ку, лекин узиб олмоқчи эмасдинг, лекин тепаман, деб айтмасанг ҳам — тепгинг келди…

Ибодулло Махсум илгари ҳеч бундай тарзда ўйламаган эди. Шу сабаб ўйнинг завқини туйиш ўзгача бўлди. Мабодо, Тўрабой ақалли бир бора ортига қайрилганда эди, балким, Ибодулло Махсумнинг қувончини кўриб, роса ажабланган бўларди. Ҳайтовур, у ортига қайрилмади. Ибодулло Махсум унинг қайрилмоғини ўйлаб, ўзини йиғишга, сал-пал қовоқ уйишга уринди. Лекин иложини топмади. Кейин у ошкора илжайди. Ибодулло Махсум дарвоза олдида тўхтади. Тўрабой эса кўчага чиққандан кейингина қадамини секинлатди. Ортига ҳадик аралаш боқди. Сўнг таъқибчисининг ичкарида қолганини кўриб, тўхтади, дадиллашди ва этагини қоқди: энди бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин!

Ўша куни кечаси Ғуччи чол Галатепадан бош олиб кетишга аҳд қилди.
Ёзнинг дим, иссиқ тунида узоқ ўйлаб ётди. Қазогача ёру-дўстнинг олдида қолган маъқул эди, деб ўйлади. Лекин тақдир деганинг тескари келди, мундайроқ ўлим билан ўлсам бир гап, лекин қутуриб ўлиш… Ҳеч ким сени аяб ўтирмас, тинч ўлсанг — ўлганинг, бўлмаса, шартта ушлаб, дарахтнинг танасига занжирбанд қилишади, вассалом!..

Хуллас, у бош олиб кетгали аҳд қилди: уйдагиларга шаҳарга кетдим, деб айтади, кейин бир пана-пастқам жойни топиб… кутади. Ўтса, ўтиб кетгани — кунинг узоқ экан, магарким, ўтмаса… Э, шуниям ўй қилиб ўтирасанми!.. Одам деганинг бир марта дунёга келади. Бир бошда бир ўлим, бешикка теккан елка тобутга тегмай қолармиди!..

Эртаси куни тонг маҳали Ғуччи чол кунчиқарга қараб йўл тутди. Биров кўрмасин деб, сою соя жойларни танлаб юрди. Чошгоҳда тоғнинг этагига етиб борди, лекин ўрламади, кучини аяди, арчазорни оралаб ўтган текисгина сўқмоқдан кетаверди. Тоғнинг нариги белида бу сўқмоқ бирданига тик олди, Чўнқаймишга кетадиган довонга қараб бурилди. Ғуччи чол жануброққа, сарғиш ўт-ўлан қопланган чўлга томон тушиб борди. Галатепа узоқда, арчазор кумуш бўлиб ялтираган тоғ тумшуғи ортида қолиб кетди. Ғуччи чол хийла чарчади, терга ботди. Уйқусиз тун уни азоблаб қўйган экан, аъзои-бадани зирқираб оғрий бошлади. Бекорга от минмабман, деб ўйлади у, ҳеч ким гумондор бўлмасди, тоққа кетяпти, деб ўйлашарди, холос… Кимнинг менинг қутуриб ўлганим билан бир пуллик иши бор?.. Отни аядим, завол бўлмасин, дедим. Сирасини айтса, отнинг ўзи нимага кераги бор? Азроилни пиёда юриб ҳам топиб оларман!..

Бирдан у қўнғироқ товушини эшитди. Аввалига қўй-қўзини эргаштирган серка бўлса керак, деб ҳаёл қилди, лекин ҳарчанд тикилмасин, яқин-атрофда қўй зотини кўрмади. Қўнғироқ товуши ҳам гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб, тоғ бағридаги яйловдан эмас, буткул терс тарафда-н — рўпарадаги тошлоқ қирлар ортидан келарди. Ярим соатлар ўтгач, қаршисидаги қир ўркачида битта отлиқ пайдо бўлди, унинг ортидан учта туя бодраб чиқди. Ғуччи чол кўзларига ишонмай, бир зум тек қотиб қолди.

Кичкина карвон тобора яқинлашиб келаверди. Ниҳоят, Ғуччи чол карвонбошини таниди: бу ўша маълум ва машҳур Жонузоқ араб эди. Карвонбоши ҳам уни таниди чоғи, отининг жиловини тортди.
— Ассалому алайхум, Ғуччи ака, — деди Жонузоқ араб ҳорғин бир овозда. — Бу дунёда тирик бормисиз, ака, жонингиз тинчми?..
— Бирнав, — деди Ғуччи чол.
— Каттақўрғонга кетяпман, — деди Жонузоқ араб. — Қариб қолдим. Каттақўрғоннинг тузи тортди… Жуда қаридим, Ғуччи ака…

Ғуччи чол унинг қариганини ўзи ҳам кўриб турарди: соч-соқолидан тортиб, то гарданидан чиқиб турган мўйларигача оппоқ, юзлари чўтир, баттар қорайган…
— Кўп касал бўлдим, — деди Жонузоқ араб. — Чечакка чалиндим.
— Мен эса улоқиб келяпман, — деди Ғуччи чол.— Бесар ит қопти. Қутурган, деб айтишяпти. Този эди, менга ўрганса, мўлтонини эсдан чиқарар, девдим… Мўлтонининг ити итлик қилмас экан, Узоқбой. Биласиз, битта қўшқувур милтиғим бор, энди този асрасам, деб ўйловдим. Ўзингиз ўйланг, умрим уюр ортида ўтди, бир ёққа чиқолмадим, чиқарга. вақт бўлмади. Энди қариган чоғимда отга миниб, милтиқни олиб, кейин битта тозини ортимдан олиб, бир жойларга овга чиқаман деган ниятим бор эди. Ёшлигимдан шуни ўйлардим Узоқбой, фақат бургутим йўқ. Бир куни Чўнқаймишдан бургутнинг жўжасини сотиб олдим. Ўн сўм бердим, тумшуғи қорайса овга опчиқарман, дедим, лекин бургутнинг боласи қузғун бўп чиқди…

— Ёмон бўпти, — деди Жонузоқ араб. — Бургутнинг қузғун бўп чиққани ёмон, Ғуччи ака. Қузғун овга ярамайди.
— Биламан, — деди Ғуччи чол. — Лекин бечора қуш қузғун бўларга ҳам улгурмади. Мен Пайшанбага кетувдим, уйдагилар тузланган гўшт бериб ўлдириб қўйибди… Балким, улар қасддан қилмагандир, лекин қузғун бари бир ўлди. Бургут бўлмасаям, бечора қушга ичим ачиди. Уйдагилар менинг отимниям ёмон кўради, Узоқбой, сотгин деб айтади, бўлмасам, сени бир жар-парга ташлаб кетади, дейишади…
— Улар отни билмас экан, Ғуччи ака! — ажабланди Жонузоқ араб. — Билса, мунча ёмон ҳаёлга бормасди. Йўқ, Ғуччи ака, отни бировга сотманг!
— Кимгаям сотардим, — деди Ғуччи чол. — Жонивор ўзимга бош қўйиб қолган. Сотсам, сайислигини ким қилади? Яқинда касал бўлувди, бир пудча сабзи едирдим, қони тозаланди. Йўқ, Узоқбой, бошқа биров отни хароб қилади. Уйдагилар ҳаммаси мендан ҳафа. Бир ҳафта бўлди, кампир синглисини кўргани кетган. Озроҳ ҳафалашган эдик, шу пайтда кетгани ёмон бўлди, одамлар уни аразлаб кетди, деб ўйлаяпти. Омадим йўқ экан, Узоқбой.
— Менинг хотиним уйда ўтиради, — деди Жонузақ араб. — Аввал карвон билан юрарди, энди уям қариди… Борадиган қариндошиям йўқ, ўзимга ўхшаган етим. Сизам бирор етим қизга уйлансангиз бўларкан, Ғуччи ака.
— Менам шуни ўйловдим, — деди Ғуччи чол.— Лекин буям ёмонмас, инсофи бор. Бошқасини олсам, балким, ёмон бўлармиди, ўзингиз ўйланг, мен йилқи ортида юрсам, уйга ҳафтада бир келаманми, йўқми…
— Энди биз қариб қолдик, Ғуччи ака, — деди Жонузоқ араб. — Энди тинчроқ ўтирсак бўлармиди.
— Ҳеч иложи йўқ, Узоқбой…
— Тўғри, иложи йўқ. Сиз, Ғуччи ака, шу мўлтонидан қолган тозига тегмасангиз бўларкан.
— Този ёмон эмасди… Ўргатиб олгим келди. Махсум айтди, қўйинг, ака деди, бу бир бесар ит, тишлаб-нетиб юрмасин… Йўқ, қулақ солмадим, энди эшитсам, қутурган този экан. Мен кутиб ўтирмадим, Узоқбой.
— Кутмаганингиз яхши, — деди Жонузоқ араб. — Мана, мен шунча йил яна Каттақўрғонга борай дедим, қарасам, энди қартайиб қолибман. Бошқа ўтиролмадим… Нега пиёда кетяпсиз, Ғуччи ака? Эсимда, битта саман отингиз бўларди, зўр эди, Сигиртепанинг тагида пойга бўлса, ўзингиз биринчи бўп келардингиз. Ҳозирам ўша ерда улоқ бўладими?
— Энди кўп улоқ чопишмайди, Узоқбой,— деди Ғуччи чол ғамгин туриб. — Ўша саман отим ҳам энди йўқ, энди менинг бошқа отим бор-қизил қашқа от… Кўриб турибсиз, Узоқбой, бош олиб кетяпман. Бўлмасам, мени дарахтга боғлаб қўйишади. Ўзингиз ўйланг, Узоқбой, мен дарахтни шу ният билан ўтқазибмидим? Йўқ, мунга чидашим қийин. Мундан кўра, бирор чўли-биёбонда ўлиб кетганим маъқул…
— Сиз Қизилтошга боринг, — деб маслаҳат берди Жонузоқ араб.— Суви яхши жой. Ҳаммаёқда қизил тош, зарра қумигача қизил…
— Менга сувнинг кераги кам, — деди Ғуччи чол.
— Бари бир Қизилтошга борганингиз маъқул. Мен у ёқда доим қизил ўтов тикардим. Қизилтошнинг тошиям қизил, менинг ўтовим ҳам қизил бўларди. Бориб яна ўтов тикардим-у, лекин ёш ўтиб қолди. Улар олдидан Каттақўрғонга бориб келсам, шуям катта гап. Уйда тинч ўтиролмайман, Ғуччи ака. Ўтган куни ҳеч чидаёлмадим, уч туяни етаклаб йўлга тушдим. Индин чошгоҳда Каттақўрғонга етаман, эртароқ етишим қийин, туялар қариб қолган.
— Туяни нима қиласиз, Узоқбой?— деб сўради Ғуччи чол. — Ҳаммаси салт экан-ку?
— Э, туясиз бўларканми, Ғуччи ака!.. — ажабланди Жонузоқ араб.— Туясиз йўл йўлга ўхшармиди!.. Ахир мен… Каттақўрғонга туя тортардим-ку, эсингиздан чиқдими, Ғуччи ака?

— Каттақўрғон яхши шаҳар, — деди Ғуччи чол. — Одамлариям яхши.
— Қизилтош ҳам яхши, — деди Жонузоқ араб.— Сиз хўп денг, Ғуччи ака, Қизилтошга боринг. Сиз у тарафда неча йил йилқи боққансиз!
— Унга кўп бўлди, Узоқбой! Эҳ-ҳе, жуда кўп бўлди!..
— Ҳалиям кеч эмас. Сиз Қизилтошга боринг. Пиёда юрганга узоқ, яхшиси, менинг байталимни олинг. Хуржунниям олинг, мен туяда бир амаллаб етиб борарман.
Ғуччи чол йўқ деёлмади. Жонузоқ араб унга байталининг жиловини тутқазиб, ўзи туялардан бирига амр қилди:
— Чўк, чўк, жонивор!

Туя чўккалади. Жонузоқ араб унинг ўркачига чиқиб ўтиргач, туя ўрнидан турди. Ҳар ким ўз йўлига кета бошлади. Бирор юз қадам босиб, Жонузоқ араб Ғуччи чолни чақирди:
—Сал бўлмаса, эсимдан чиқай дебди, Ғуччи ака! Оти Санобар!
— Кимнинг оти? — тушунмай сўради Ғуччи чол.
— Байталингизнинг оти!..
Шу сўзларни айтиб, Жонузоқ араб қир ортида кўздан ғойиб бўлди.

Ғуччи чол эртаси ярим тунда Қизилтошга бориб тушди. Байталини эски работ буржидаги юлғун тупига боғлаб, хуржунини нураган пахса девор тагига олди. Работнинг усти ўпирилиб тушган, дарбозахонасида сайраётган бойқуш одам исини сезиб жим бўлиб қолди, кейин яна бошлади. Сўнг хас-хашак остидаги чигирткалар, каваклардан судралиб чиққан илонлар… Басма-бас сайрашга тушдилар.
Атроф сутдек ойдин. Ойдинда работнинг харобаси улкан кўринади. Вақт ҳам негадир сустлашиб қолган.
Ғуччи чол ёлғизликдан энди чўчиди. Кўнглига чўккан ваҳимадан қутулмоқ истаб, байталининг ёнига борди, бўйнидан маҳкам қучоқлади, юзини унинг тўс-дағал ёлларига босди. Байталга ҳожисининг қилиғи хуш ёқди, бўйнини тағин ҳам қуйи эгди, сўнг юганини бир-икки силкитиб, нозли кишнади. Ғуччи чол байталнинг оғзидан сўлиғини чиқариб, ўтлагани қўйди. Ўзи камзулини ерга ташлаб, хуржунни ёстиқ қилдию ойни, хира юлдузларни кузатиб ётди…

Сал ўтиб, юраги сиқилди. Нарироққа ўтлаб кетган байтални чақирди:
— Беҳ-беҳ, жонивор, бери кел!
Байтал сезинди. Ўтдан бош узиб, Ғуччи чолнинг ёнига келди. Унинг юзларини ҳидлади. Байталнинг оғзидан аччиқ какра ҳиди уфурди. Ғуччи чолнинг кўнгли бузилди.
— Ҳаммамиз ўламиз, Санобар, — деди у байталга. — Менам, мени гапга қўйган Тўрабойям, ҳаммамиз… Бир-биримизнинг дилимизни бекорга оғритганимиз қолади. Ҳеч ким дунёга устун бўлолмайдй. Эшитяпсанми, жонивор?

Байтал икки марта бош силтаб ташлади.
— Худоям бир кун бориб ўтиб кетади, — деди Ғуччи чол.— Одамлар бўлмагандан кейин худонинг нима кераги бор?
— Биз-чи? — деб сўради байтал. — Бизлар қоламиз-ку?
— Э!.. — деб қўл силтади Ғуччи чол. — Бариси бир эмасми? Нима, от одаммидики…
У бирдан жимиб қолди. Байталнинг кўнглини оғритганини сезди.
— Сен бошқа гапирмагин, жонивор, — деди у сал туриб.—Бари бир сени тушунолмайман. Отмисан, одаммисан ишқилиб, дунёга бир кунлик меҳмонсан. Энди шуниям гап қилиб юрамизми?
Байтал ўсал бўлди. Бошини бир силкитиб, юганини чиқариб ташладию боши оққан тарафга йўртиб кетди. Ғуччи чол ўзининг ваҳми билан овора бўлиб ёлғиз қолганини пайқамади ҳам.
«Яхши бўлмади, —деб ўйлади у. — Худога шак келтирдим! Худо бўлмаса… бўлмайди-ку, ахир?!» Назарида худо йўқолиб, дунё етим қолгандай эди.

* * *

Алқисса, Ғуччи чол анча кундан сўнг Галатепага соғ-омон қайтиб келди. Келган куни кечқурун гузарга чиқди, одамларни тўплаб уларга Жонузоқ араб, унинг байтали ҳақида нақл қилди. Лекин ишонган одам кам бўлди.
— Жонузоқ ҳар қадамда биттадан от ҳадя қиладиган аҳмоқ эмас, — деди чойхоначи Барот Қийшиқ. — Галатепанинг тузини тотган эди, қадрдонлигимиз бор эди. Нега ўзи келмади?
— Каттақўрғонга кетаётган экан, — деди Ғуччи чол. — Мен пиёда кетаётувдим, от билан бир хуржун егулик берди.

— Егулик қани, Ғуччибек? — деб сўради Назар Махсум.
— Егуликни едим.
— Хуржунингиз қани?
— Хуржун эскироқ эди, работда қолдирдим.
— Тузук, тузук, — деб салмоқлади Барот Қийшиқ. — Майли, хуржунни нари қўяйлик, сиз айтинг, Ғуччи бува, Жонузоқ араб ҳадя қилган отнинг ўзи қани?
— От кетиб қолди, — Ғуччи чол ростини айтишга мажбур бўлди. — Мендан аразлаб кетди.

Гурунг аҳли унинг гапларидан кулган бўлди.
— Сиз бир қизиқ одамсиз, — деди чойхоначи. — Ҳамма сиздан ҳафа бўлади, аразлайди, кетиб қолади. Аввал кампирингиз кетувди, энди байтал кетибди…
— Кампир келган, — деди Ғуччи чол. — Синглисини кўриб келди.
— Кетиб қолганда ҳафа бўлгандирсиз? — гапини қўймади чойхоначи.
— Нега ҳафа бўламан, у қочиб кетгани йўқ-ку?..
— Мўлтонининг тозиси-чи, този қочиб кетгани рост-ку?

Ғуччи чол каловланиб қолди. Хайрият, мулла Дониёр унинг жонига ора кирди.
— Сиз чой опкелсангиз бўларди, Баротбой, — деди у чойхоначига қараб, сўнг, Барот Қийшиқ ўчоқ бошига кетгач, яна Ғуччи чолга мурожаат қилди.
—Қайтганингиз тузук бўпти, Ғуччи. Булар бекорини айтибди, мен Жонузоқнинг от ҳадя қиларига ишонаман.
Худога шукр, тирик экан, мен аввалроқ бир раҳматли бўп кетган, деб эшитувдим.
— Ҳали тирик экан, — деди Ғуччи чол. — Анча чўкиб қопти. Каттақўрғонга боргиси кеп йўлга чиқибди.
— Биз сизни йўқолиб кетди, деб ўйловдик, Ғуччибек, — деб гап қўшди Назар Махсум. — Мен бир шаҳар борсамми ҳам дедим, ҳарне, ўғлимиз Санобек ҳукуматнинг одами, сизни излагани бировни қўярмиди…
— Йўқолганим йўқ. Қизилтошга борувдим. Жонузоқбой отини берди. Кўп ақлли байтал эди, одамга ўхшаб гапирарди.

Мулла Дониёр билан Ибодулло Махсумдан бўлак ҳамма унинг гапидан кулди.
— Яхши байтал эди, — давом этди Ғуччи чол.— Мусулмон байтал эди. Шайтон йўлдан уриб, худога шак келтирувдим, шунга ҳафа бўлди.
Бу гал ундан ошкора хохолаб кулишди. Ғуччи чол нима деярини билмай, тек қолди. Шунча гап етмагандек, мулла Нишон уни кофирликда айблади:
— Сиз худога ишонмайсиз, Ғуччи, — деди у. — Шу сабабким, шайтони алайҳилаъна байталингизнинг танига кириб олибди. Тилга кирибдими, унинг танига шайтон оралаган. Сиз кофирсиз, Ғуччи, ғирт кофирсиз! Фақат кофирнинг бошига шундайин касофат савдолар тушади!

Ғуччи чол гапиролмай қолди. Бахтига, Ибодулло Махсум гапга аралашди:
— Эсингизда бўлсин, Нишонбой, шайтон одамнинг танидан ўзга жойни ўзига макон қилмайди, — деди у. — Сиз тузук одамсиз-ку, лекин муллаликдан мазангиз йўқроқ. Байтал жониворнинг бирор фисқу фасоди, бизга ўхшаб ғайирлиги бўлмаса, нега сиз унга мундай туҳмат қиласиз? Худонинг кўрсатган каромати денг, ажабмаски, шу байтал кейин одамга айланган бўлса…
— Махсум ҳинду экан!.. — деб қичқирди мулла Нишон мулла Дониёрни гувоҳликка чақириб. — Эшитяпсизми,
Махсум ҳиндунинг мулласига ўхшаб гапиряпти. Битта кофир камлик қилувди, энди, манави Махсум ҳам кофир чиқди!.. Ўзингиз айтинг, Дониёр ака, байтал ҳам ҳеч замонда одамга айланадими?
— Муниси тадрижи худога боғлиқ, — деди мулла Дониёр мужмалроқ қилиб.
— Йўқ, Дониёр ака, байтал одамга айланмайди. Сизам байталнинг одамзоддан бўлмиш фарқига бормайсиз экан!
— Бўлмаса, нега Мурод жувозкашнинг хотинчаси байталга ўхшаб кишнайди? — деб сўради мулла Дониёр.

Қолган мардумлар ҳам унинг гапини бир оғиздан тасдиқлашди. «Мурод жувозкашнинг хотини ростдан ҳам икки яшар байталчага ўхшаб кишнайди», деб айтишди.

Мулла Нишон кўп мулзам бўлди. Чандон ўйлади ҳамки, муносиб жавоб тополмади. Қейинроқ бориб, ҳаёлида ғалати-ғалати гумонлар туғиладиган бўлди. Дейлик, хотини Ҳанифа кулса, «Нега кишнаяпсан, байталча?», деб сўрайди. Шу-шу, бечора Ҳанифа кулишни ҳам бас қилди. Энди уни қитиқлаб ҳам кулдиролмайсан. Завқи ошиб-тошиб кетганида, лабининг бир бурчини кўтариб илжаяди, холос. Қейин бирдан хўрлиги келади. Лекин тузукроқ хўрсиниши ҳам қийин. Мулла Нишон унинг хўрсинганини эшитса бўлди, «Нега пишқиряпсан, байталча?», деб сўрайди.

Машойихлар айтганидек, юрт айвони кенг, бу айвонда минг алвонда одам, минг алвон одамнинг минг турфа ташвиши бор. Мулла нишоннинг ташвиши — гумон қилмоқ. Ҳанифанинг ташвиши — кишнамаслик, бизники… Ким билсин, бизнинг нима ташвишимиз бор?.. Мундай қараса, ташвишимиз қолмади ҳисоб. Бурчимиз ровийлик эди, бўйин товламадик ва манзилга етдик. Манзилга етган кимсанинг битта нияти бўлади:
Танимиз соғ, жонимиз тинч бўлсин!

12 aprel — Murod Muhammad Do’st tavalludining 73 yilligi. Atoqli adibni chin yurakdan qutlaymiz!

Galatepada G‘uchchi chol quturarmish, degan gap oralab qoldi. Hammaning og‘zida shu: G‘uchchini besar it qopganmish, G‘uchchi quturarmish.

Rahmon QO’CHQOR
ISTE’DOD ISTEHZOSI
yoxud Murod Muhammad Do‘st yozgan va hozircha yoz(ol)magan gaplar haqida


XIX asr rus adabiyoti insoniyatning badiiy, falsafiy, estetik va axloqiy taraqqiyotida juda katta siljish yasagan hodisa sifatida tan olinadi, hali hamon o‘rganiladi. Pushkin va Lermontovdan ilhom olgan Gogol, Nekrasov, Tolstoy, Dostoyevskiy, Turgenev, Chernishevskiy, Dobrolyubov, Belinskiy, Saltikov-Shedrin, Chexov singari o‘nlab iste’dodlar inson atalmish mavjudot ruhiyatiga realistik tafakkur nuqtai nazaridan teran nazar tashlab, uning naqadar murakkab va chigal, oxirigacha anglash mumkin bo‘lmagan abadiy muammo ekaniga qayta-qayta iqror bo‘lishdi.

Bizning milliy adabiyotimiz ko‘lamida oladigan bo‘lsak, XX asrning ikkinchi yarmidan jiddiy sifat o‘zgarishini boshdan kechirgan badiiy tafakkur, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi va Omon Matjondan kuch olib, asrning 70-yillarida bir guruh iste’dodlarni maydonga keltirdi. Bu avlod vakillarini hozir nomma-nom sanashdan tiyilib, ular orasida Murod Muhammad Do‘stning ayricha o‘rni bo‘lganini eslatamiz, xolos. Uning insho uslubi – yozish manerasi na Erkin A’zam va na Tog‘ay Murodnikiga o‘xshar, mana shu tabiiy o‘zgachaligi tufayli, nomi tilga olingan ijodkor do‘stlari bilan birga ular, bugun ko‘pchilikning qulog‘iga g‘alati eshitiladigan natijaga – millionlab(!) o‘quvchi-muxlislariga ega bo‘lishdi. (Birgina “Lolazor” romanining 1988-yildagi nashri 60 ming nusxada chop etilib, bir oyga qolar-qolmas sotilib ketgandi.)

Albatta, adabiyotning sifat ko‘rsatkichlari bir jihatdan ijtimoiy-siyosiy muhitga, tuzumlar tabiatiga bog‘liqdir. Adabiy asarning nafaqat ma’noviy, balki hatto shakliy tuzilishiga ham ijodkorni o‘rab turgan muhit ta’sir etishi-da bor gap. Agar ingliz adabiyotidagi realistik aniqlik, badiiy o‘lchamlarning me’yorlashgani ingliz konservatizmidan darak bersa, Markes, Kortasar, Karpanter asarlaridagi stixiya, yoqimli va jozibali boshboshdoqlik Lotin Amerikasi muhitining in’ikosi bo‘lib dunyoga keladi.

Shu jihatdan olib qaraganda, ko‘hna Sharq madaniyatining bir bo‘lagi bo‘lmish o‘zbek adabiyoti o‘zining ming yillik tarixida mumtoz an’analarni, abadiy qadriyatlarni, badiiy san’atu shakllarning go‘zal namunalarini yaratib ulgurgan. Bugungi sharoitda ham, tabiiyki, shu an’analar ijodning o‘q tomirini, asosini tashkil etadi. Lekin adabiyot doimiy harakatda, o‘sib-o‘zgarishdagina tirik. Inson ruhining jilvalarini ma’lum bir sanoqqa, qolipga solib bo‘lmasligi ijodkorni har bir yangi asarida qandaydir kutilmaganlikka, ilgari sinalmagan yo‘llarni kashf etishga majburlaydi. Zero, milliy, davriy yoxud siyosiy-mafkuraviy biqiqlik ijodning ashaddiy kushandasidir. Ham diniy, ham dunyoviy nuqtai nazardan millat tushunchasi nisbiy tushuncha bo‘lib, milliy adabiyotning umumbashariy mohiyati shu nisbiylikni nechog‘lik anglab yetgani bilan belgilanadi. Yolg‘iz milliy shaklning o‘zi milliy ruhni ifoda etmoq uchun mutlaqo yetarli emas. Yolg‘iz milliy ruhning ifoda etilishi ham mukammal san’at yaraldi, demoqqa izn bermaydi.

Bitta asar, agar u chinakam iste’dod mahsuli bo‘lsa, jamiyatga minglab, millionlab xil ta’sir ko‘rsatishi mumkin. Bunday – ta’sir rang-barangligini keltirib chiqaradigan omillar esa nihoyatda ko‘p. Ularning eng muhimlarini eslab o‘tish mumkin: jamiyatning madaniy, ma’rifiy va estetik holati; shaxsning o‘z ijtimoiy mavqeini anglab yetish quvvati, intellektual darajasi; davrning ijtimoiy-iqtisodiy, madaniy-ma’rifiy, estetik talab-istaklari, ijtimoiy siyosatni boshqaruvchi dominant kuchlarning asl maqsad-muddaolari va b.

Demak, bir haqiqatni yoddan chiqarmaslik kerak: badiiy asardan kim nimani izlasa, shuni topadi.

Buning isboti uchun hozir yodimga tushgan bir hayotiy epizodni keltirishim mumkin. 1982 yil, ToshDU o‘zbek filologiyasi fakultetining birinchi kursida o‘qiymiz. Mashhur 85-yotoqxonaning ko‘rimsizgina zalida M.M.Do‘stning “Yoshlik”da bosilgan “Galatepaga qaytish” qissasi muallifi ishtirokida qizg‘in muhokama qilinyapti. Domlalar va talabalar biri qo‘yib, biri olib asarning turfa epizodlari misolida o‘z fikr-qarashlarini to‘kib solishyapti. Shunda shaharda tug‘ilib o‘sgan, hali hayotning achchiq-chuchugini totib ulgurmagan, estetik didi ham o‘zi singari navnihol bir qizimiz ko‘zoynagi ostidan samimiy boqqan ko‘zlarini porpiratib so‘zlab qoldi:

– Men qissadagi bir epizodga umuman qarshiman, tak ved nelzya! Haligi epizod-chi: G‘aybarovning onasi turmaga qamalgan erini ko‘rgani bir talay bolasi bilan shaharga keladi. Sovuq qotishib, bir kafega kirishadi. Shunda onaning qo‘lidagi kenja bola kafening stullaridan birini… nu… kak skazat?… ispachkayet! Buni ko‘rgan kafedagi uborshitsa xotin qishloqlik ayolni stulni tozalashga majbur qiladi. I… o‘sha ona stulni yangi ro‘moli bilan artib tozalaydi… Adabiyot, o‘rtoqlar, birinchi navbatda, estetika – go‘zallik degani. Hozir aytgan epizodning nimasi go‘zal? Menimcha, yozuvchi uni qayta ko‘rib chiqishi, o‘zgartirishi kerak…

Bu singlimizga javoban kamina ham o‘z fikr-mulohazamni bildirgan edimki, hozir uni takrorlab o‘tirishga hojat yo‘q – didli kitobxon qissaning qaysi epizodi ustida gap borayotgani, uning asl mohiyati va ahamiyatini teran his qilishiga ishonchim katta.

Masalaning yana bir jihatiga e’tibor kerak: adabiyot va san’atga ma’lum bir ijtimoiy-siyosiy voqelik, o‘zgarish prizmasi orqali qarash, shu voqelik yoxud mafkura mezonlaridan kelib chiqib baho berish ham uning (san’atning!) mohiyatini ochish yo‘liga ongli tarzda qo‘yilgan dastlabki to‘siq hisoblanadi. Mustabid tuzum yo‘l-yo‘rig‘i-yu mafkurasini qo‘ying, hatto eng ilg‘or, eng gumanistik g‘oyalar ham san’at uchun mezon, etalon bo‘la olmaydi. Ijtimoiy-siyosiy hayotning o‘lchovlari, qadriyat va mohiyati bir olam bo‘lsa, san’at dunyosining ayni unsurlari mutlaqo o‘zgacha bo‘lishi mumkin, aksariyat hollarda ular bir-biriga zid ham keladi. Negaki, aql va jismning ozig‘i boshqa, ruh va ko‘ngilning g‘izosi mutlaqo o‘zgadir. Birining to‘yib-to‘yingani ikkinchisining haqini o‘marishdan yuzaga kelishi ko‘p kuzatilgan…

Oson yoziladigan mavzuni iste’dod o‘ziga yaqinlashtirmaydi, faqat iste’dodsizlargina yengil, o‘tkinchi va hashaki mavzularni titkilab yashashga mahkumlar. Shunisi qiziqki, iste’dod nihoyatda murakkab, chigal mavzuni ham “osonlashtirib” bergandek bo‘ladi-da, bu hunari bilan iste’dodsizni yana-da chalkashtiradi.

32Agar Murod Muhammad Do‘st ijodining hozircha eng yuksak avji – “Lolazor” romanini unda mujassam topgan dardlar, dardlar bayonidan ko‘zda tutilgan maqsad va bu maqsadni amalga oshirmoq uchun tanlangan ifoda usuli jihatidan yaxlit baholamoq talab qilinsa, kamina buning uchun romanning o‘zidagi iborani ko‘rsatgan bo‘lardim. Esingizda bo‘lsa, Oshno hokimiyat yo‘lida hal qiluvchi qadamlaridan birini tashlash arafasida (O‘rtaqo‘rg‘ondan Toshkentga ko‘chish oldidan) Yaxshiboyevlarnikiga (tug‘ilgan chaqaloqni yo‘qlash bahona!) keladi va qishloqdosh do‘stiga topshiriqlar beradi. Topshiriqlarki, Muhsina xonimning noyob talantini (Yaxshiboyevga xotin bo‘lgani uchun emas, Muyassar xonimga dugona bo‘lgani uchun!) asrash haqida, xonimning “yo‘ldoshi ham talantli bo‘lishi” talab qilingani tufayli Yaxshiboyevning ijodni tashlab qo‘ymasligi to‘g‘risida, endi Sharif Vallomatga aytib qo‘yilgani-yu, u bilan qalinroq bo‘laverish kerakligi xususida hamda boshqa “o‘rishu arqog‘i allaqachon taxt qilib qo‘yilgan gaplar” bilan yetkazilgan va qabul qilingan topshiriqlar. Topshiriq olishga sekin-asta eti o‘lib borayotgan Yaxshiboyev suhbat asnosida Oshno haqida juda sezgirlik ila shunday mulohaza yuritadi: “Oshno kulibroq aytsa-da, barisi – jiddiy. Endi uning jilmayishlariga ishonib bo‘lmaydi. Ehtimolki, endi u yig‘laganda ham jilmayibroq yig‘lasa kerak…”

Shunga o‘xshab, Muhammad Do‘stning asari qatlaridan ko‘rinib turadigan “jilmayishlari”ga ham, yaxshi ma’noda, ishonib bo‘lmaydi va uning romanini jilmayib yig‘langan dard izhori sifatida o‘qib-o‘rganmoq kerak. Chunki butun asar davomida jiddiy ohang va istehzo muvozanati shunday tutib turiladiki, na ko‘zyoshlar nigohni xiralashtiradi va na kulgi aqlni o‘g‘irlaydi. Lekin bu aslo “o‘tmish bilan kulib xayrlashish” (K.Marks) ham emas.

Bizningcha, “Lolazor” materialini “kechagi kun”, “turg‘unlik davri” kabi vaqt chegaralariga qamash to‘g‘ri bo‘lmaydi. Garchi roman syujeti bizga tanishday hodisalar (qaytaraman: shunda ham bizga tanishday, kelgusi avlodlarga emas!), tarixiy davr ichida rivojlansa-da, unda kimlargadir o‘xshab ketadigan odamlar harakat qilsa-da, asarga muayyan davrning ma’lum kishilari haqida hikoya qiluvchi narsa sifatida yondashish o‘ta go‘llik bo‘lur edi. Bunga qo‘shimcha, romandan prototip qidirib o‘qish, avvalo, sahifalardan to‘lqin-to‘lqin chiqib keluvchi badiiy san’at mavjlaridan o‘zni bebahra qoldirishga, qolaversa, yozuvchi xayoliga keltirmagan davriy chegarani sun’iy yaratib olishga olib keladi.

Deylik, ayrimlar Nazar Yaxshiboyevning hayotiy prototipi deya taxmin qilgan, sho‘ro davridagi respublika birinchi rahbariga shaxsan yaqin o‘rtamiyona yozuvchida Yaxshiboyev qudratining hech qursa yarmi bo‘lganidami, o‘sha odam chop ettirgan tom-tom asarlar muallifidan oldinoq hayot bilan xayrlashmagan bo‘lur edi. Chunki u va u singari o‘nlab, yuzlab qalamkashlarda Yaxshiboyevga xos – “Iskandaru Dorolarni changallatib qo‘yadigan” aqlu tafakkurning, ruhiy quvvatning yarmi ham bo‘lgan emas (gap ijodiy daraja va unvonlar to‘g‘risidagi qog‘ozlar haqida ketmayotganini eslatish shart bo‘lmasa kerak!).

Shundan kelib chiqib, roman matniga e’tibor beraylik. Yozuvchi “kechagi kun” tushunchasidan shunchalar yiroqki, qahramonlari tilidan buni qayta-qayta eshitamiz: “Yaxshiboyev kim o‘zi? Formulasi nima uning? Formulasi ne bo‘lmasin, tarkibiga Oshnodan salgina aralashgai aniq. Kimki nufuzli kimsa bor, uning vujudiga Oshno aralashgan. Oshno – havo, Oshno – yer, Oshno – suv, Oshno – non… Oshno – hamma narsa…” Yana: “Aniq bilamanki, har kishining o‘z zamoni va o‘z OSHNOSI bor, har kishi o‘zicha bir buyuk qutquga duch keladi” va h.

Qolaversa, yozuvchi romanida qamragani biror masala va biror obraz talqinida so‘nggi nuqtani qo‘ymaydi, tayyor yechimlar berishga oshiqmaydi – bu ish adabiyotning yumushi emasligini yodda tutadi. Shuning uchun asar adog‘iga Aleksandr Shoymardonovlarni, yangi davrning yangi oshnolarini, avvallarni, muhsinalarni, chorshanbilarni va … “kattalari pora olgan, onasi unutgan, taqdiri birgina injiq xotinchagayu bulduruqli bitliqi Nazar Yaxshiboyev uliga” o‘xshash kimsalar qo‘lida bo‘lgan xalqni qoldiradi…

Uyog‘ini esa bilmaymiz – na biz, na yozuvchi! Negaki, qurbonoylar, to‘porilar faqat yaqin o‘tmishda emas, hozirgi kunda ham serob bo‘lib, ertaga sahnaga chiqadiganlari bugun pista sotishayotgan bo‘lsa, yangi oshno va yaxshiboyevlarni topish ham kishini uncha qiynamaydi – ularning o‘rinbosarlari hozir, taxminan, Levicha bo‘lvorlarda sayr qilib yurishgan chiqadi… Agar shundan keyin ham romandan prototip izlashga ishtiyoqmandlar topilsa, imonim komilki, ular oldiga eng ko‘p da’vogar “Saidqul Mardonov men edim!” deb keladi…

Xo‘sh, nima uchun yozuvchi kulib turib yig‘ladi, yig‘lab turib kuldi? Hamma ketayotgan an’anaviy roman yo‘lidan nega voz kechdi? Axir roman yaratilgan yillari shu yo‘lda turg‘unlik davrini “fosh qiluvchi” qancha narsa yozib tashlandi-ku. Avval ko‘plab asarlarning konfliktini hal qilib bergan hukumat miqyosidagi qahramonlar o‘sha kunlar bir aylanib yoppasiga barcha konfliktlarning sababchisi bo‘lib qoluvdi-ku…

Bu savollarga javob izlab romanga nazar solsak, M.M.Do‘stning maqsadi hodisa yoki shaxsni (ayrim tanqidchilar kuchanib talab etganday) “fosh qilish”, uni “oq”, buni “qora” deyish emas, balki, abadiy muammo bo‘lib kelayotgan inson fe’l-atvorining turfa sharoitlarda qanday tovlanishini, nima uchun tovlanishini tahlil qilish ekani, turli ijtimoiy guruhlarning bir-biridan oshib tushgan tuban qilmishlarini emas, shu qilmishlarga, insonning ikkiga, uchga… o‘nga bo‘linib ketishiga nimalar sabab bo‘lishini o‘rganish ekani ma’lum bo‘ladi.

Agar adibning hozirga qadar yozgan asarlariga e’tibor bersak, deyarli barchasining bosh qahramoni ma’lum bir hayot yo‘lini bosib o‘tib, yo oraliq, yo so‘nggi sarhisobga tolgan odamlar ekanini ko‘ramiz: Mustafo, G‘aybarov, Elomonov, Yaxshiboyev va Saidqul Mardonovlar. Aksincha, shu sarhisobga aql va farosat topmay, mudom o‘sha-o‘sha yashab yurgan odamlar yozuvchi istehzosiga, ba’zan esa nafratiga uchraydi: Samad, Soqol, Binafshaxon, Oshno, Muhsinaxonimu Shoymardonovlar.

“Lolazor”da asosiy voqealar retro – Yaxshiboyevning o‘tgan umrni qayta eslashi shaklida hikoya qilinadi.

Nega shunday?

Chunki faoliyat har doim ham aql va vijdon bilan hisoblashib o‘tirmaydi. Ayniqsa, yuqoridan boshqariluvchi siyosiy faoliyat ishga tushganida o‘z yo‘lida to‘g‘anoq bo‘lgan kuchlardan osongina va… shafqatsizlarcha voz kechib ketaveradi. Bandai ojiz gunohlarining ajrimi ro‘zi mahsharga qolganiday, bu siyosiy kaltabinlik tahlili ayni romanda kasalxonada kechadigan bir oyga qoladi.

Agar qiyoslash lozim bo‘lsa, menimcha, faqat bir-ikki asari doirasidagina emas, umuman, ijodiy prinsiplari borasida ham M.M.Do‘st bilan taniqli rus adibi Sergey Yesin mushtarak yo‘nalishdagi iste’dodlar ko‘rinadi. Masalan, M.M.Do‘stning “Galatepaga qaytish” qissasi, “Lolazor” romanining, S.Yesinning esa “Gladiator”, “Imitator”, “Teatr” asarlarining qahramonlariga mualliflar yondashuvini taqqoslasak, bu fikr yanada qat’iylashadi. Nazarimda, bu ikki yozuvchi faoliyati davomida tushuntiradigan emas, tushuniladigan hikoya tarzini mukammallashtirishdi.

Bunda biror ijtimoiy tip nigohi orqali uning o‘zi yaratishda qatnashgan va oxir-oqibat o‘zi qul bo‘lgan muhitning mohiyati tahlil qilinadi (fosh etilmaydi, tahlil qilinadi!). Bu yirik tip munosabatlarga kirishar ekan, avval o‘z harifining (ha, aynan raqibining, chunki u o‘rtacha “ob’ektlar”ga, “chorshanbilar”ga juda oson diagnoz qo‘yadi, ularga jiddiy e’tiborni isrof qilmaydi!) ruhiyatini obdon o‘rganadi, sezdirmay shu ruhiyatga moslashganday bo‘ladi, finalda esa uni boshqarish usullariga erishadi. Masala oshkora suhbatlarda emas, pinhona o‘yinlarda hal bo‘ladi. Yaxshiboyev bu haqda: “Hozircha ustalik qilyapman, y o‘ l i n i topyapman”, deya faqat o‘ziga sir ochsa, S.Yesinning “Imitator” nomli romani qahramoni, nusxakash rassom Semirayev: “To‘g‘ri, mening o‘ylarim ezgu bo‘lmagan, biroq ular meniki ekanligi tufayli shafqatsiz bo‘lmog‘im kerak” degan ichki programmaga ega.

Mana shu “ustalik”, ketma-ket niqoblanish uzluksiz, butun umr davom etaveradi. Bular orasida “taqdirlar yaratish”, “undov belgilari ko‘payib ketmadimi, deya shakkoklik qilishga tob”, “ozgina g‘azab, ozgina g‘urur”, “jabrdiyda ko‘rinish”, “tarix uchun nutq irod etish” kabi minglab niqoblar, hatto o‘limini ham niqoblab ketish “hunari” bor.

E’tibor bersak, bunday niqoblanish hodisasi juda ko‘hna ekani – naqd Iskandarning tobutdan qo‘lini chiqarib jo‘nashidan, balki undan ham oldinroq boshlangani ta’kidlanadi. Yaxshiboyev qurg‘ur esa o‘z o‘limini Iskandardan-da o‘tkazib taqdim qiladiki, Saidqul Mardonga qo‘shilib ko‘pchilik, jumladan, ustoz Umarali Normatov ham aldanib dog‘da qoladi: “Yaxshiboyevdan ijodkor sifatida dog‘ qoldi, ayni paytda undan yaxshigina bir bog‘ qoldi…” deydi domla niho-o-yatda samimiy tarzda. (Qarang: professor U.Normatovning “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 1988-yil 2-sentabr sonidagi “Kechagi kun odamlari” nomli maqolasi.)

O‘rni kelganda aytish kerakki, men rus tanqidchisi Igor Zolotusskiy nima uchun Chingiz Aytmatovning “Kunda” asariga burnini jiyirib, “undan romanning hidi kelmayapti” deganiga (“Znamya” jurnali, 1987, 1-son), harqalay, tushungan edim. Biroq M.M.Do‘st asari e’lon qilingan o‘sha yillari ayrim adabiyotshunoslarimizning “Lolazor”dan romanning hidini tuymagani-yu, unda latifadan boshqa narsani ilg‘amaganiga, asarga bu qadar biryoqlama munosabatda bo‘lganiga avvaliga tushunmagandim. Biroq ular yoqlab maqola yozgan mualliflarning hikoya uslubini, qolaversa, Muhammad Do‘st romanidagi kinoyaning serqirraligini eslab, masala mohiyatiga yetganday bo‘lgandim…

O‘sha tanqidchilar uchun yaxshiboyevlar taqdiri “qumdagi ilon izidek turmushimizdagi mayda intrigalarning aksi” bo‘lib ko‘ringandi. Mayli, bu “mayda intrigalar”ga yem bo‘lgan Qurbonoy, To‘pori, qolaversa, xalq taqdirini (eng oldi vakili bo‘lgan Qurbonoy qismati xalq qismatidan darak beradi!) qo‘yib turaylik-da, Yaxshiboyevning shaxsiy hayotiga, uning xotini bilan munosabatiga birrov nazar solaylik. Harqalay, Yaxshiboyev ham odam, odam bo‘lganda ham “chiritib yuboradigan” odamlar toifasidan ekanini birov inkor qilmasa kerak. Demak:

“ – Egoist! – dedi Muhsina xonim ko‘zlariga yosh olib. – Meni zor qaqshatib ketmoqchimisiz!..

Yaxshiboyev biror daqiqa kutib turdi – Muhsina xonimga hayajonini bosishga imkon berdi. Keyin, xotini jo‘nroq tusga tushgach, sekin davom etdi… O‘yladiki, xotinmi shu, farzandmi shular, quzg‘un-ku, o‘laksaxo‘r! Poylab turishibdi-ku! Tezroq o‘laqolmaysanmi, o‘rtoq Yaxshiboyev?.. Mehrni pulga sotib olgandan keyin, yurishdan ne murod?..”

Yoki:

“Yaxshiboyevning dimog‘i achishdi, ko‘zlariga jiqqa yosh quyilib keldi… Muhsinaxonim cho‘chidi, bir muddat ko‘zlari jovdirab turdi, so‘ng yig‘lab yubordi… Erining ko‘ksiga boshini qo‘ydi. Yaxshiboyev u ya l d i. Yolg‘on, deb o‘yladi, qilib yurgan kasbi-da.

Muhsina xonimning sahna mashqi zo‘r edi, bir daqiqalik k o‘ r i m l i m a n z a r a asnosida qo‘llarini karavot chetiga tirab turgan edi…”

Endi xolis ayting: romandan nuqul “tragediya va shafqatsiz haqiqatlar tasviri”ni talab qilaverish to‘g‘ri bo‘larmikin yoki, hech bo‘lmasa, yuqoridagiday holatlarning zamiriga chuqurroq nazar tashlash, ulardagi unsiz fojiani his qilish foydalimikin? (Asar o‘zi yaratilganidan buyon o‘tgan o‘ttiz yildan ortiqroq vaqtning shafqatsiz sinovlariga to‘la dosh bergani – bu savollarga eng odil javob bo‘lsa, ajabmas!)

Yozuvchi o‘z qahramonlari sajiyasi, hayotiy e’tiqod va maslagidan kelib chiqib, hikoya tarzini ham shunga mos tanlaydi. Jumladan, “Qissanavis” qismining bayon uslubi “Manzaralar”nikidan sezilarli farq qiladi. E’tibor bering: masalan, ko‘chat ekib bog‘ yaratish epizodini qissanavis samimiy bir zavq bilan, o‘ylari nihoyasida baribir Yaxshiboyevga achinish hissi bilan eslasa, Yaxshiboyev uchun bu kun Saidqulning “itday ishlatilgani” bilan maroqli, xolos…

Yozuvchi ijtimoiy-siyosiy yuzsizlikni Aleksandr (Iskandar) Shoymardonov obrazida esda qolarli yaratgan. Bu odam ismi bilan qo‘shib elini ham sotadi, xalqning taqdirini o‘rtaga tikib o‘ynaydi, o‘ynatadi.

Umuman, roman qahramonlarining faoliyati, Yaxshiboyevning o‘zi tan olishicha, qo‘g‘irchoq o‘ynatishga o‘xshab ketadi. Faqat bu qo‘g‘irchoqbozlik bolalar teatri sahnasida emas, hayotda, siyosatda, bu borada hali hamon balog‘atga yetmagan elning ko‘z oldida, uning yelkasiga qurilgan sahnada yuz beraveradi. Qurbonoy va To‘porilarni Yaxshiboyev o‘ynatadi, Yaxshiboyevni Oshno, Oshnoni bo‘lsa Katta Paxtakor… Darvoqe, Katta Paxtakorning o‘zi ham juda unaqa mustaqil emasday. Agar yaxshiboyevu oshnolar qo‘g‘irchoqning ostiga qo‘l tiqib o‘ynatiladigan turidan bo‘lishsa, Katta Paxtakor marionet qo‘g‘irchoqqa o‘xshab ketadi. Romanda, eslaysizmi, mana bunday joy bor:

“Katta Paxtakor: “Nado!” deb turdi.

Oshno unga jo‘r bo‘ldi: “Nado!”

Katta Paxtakor shaxsan o‘zi yana bir bor kelib ketdi: “Nado, Xarunchik!” Bu gal ovozida norozilik borday edi: “Y u q o r i n i n g t a l a b i shu!” (Ta’kid M.M.Do‘stniki!)

Katta Paxtakorning (Katta Qo‘g‘irchoqning!) iplari shu y u q o r i ning qo‘llarida o‘ynasa, o‘z navbatida, bu o‘ynatuvchi qo‘llarga ham qandaydir iplar bog‘langanini tasavvur qilish qiyin emas…

Muxtasar qilib aytganda, hayot atalmish nozik bir sinov, ikki yo‘qliq oralig‘ida oliy hukm-la paydo bo‘lgan yurakning omonat tipirlashi davomida ko‘zning, aqlning, qo‘lning, lunjning tinimsiz talvasasini o‘zida mujassam etgan NAFS o‘z inqiroziga ham manfaat yuklashi, bu o‘lik va tirik manfaatlar olomondan xalqqa aylanishga shoshilmayotgan millionlab kishilarning hozircha anglanmagan manfaati ustidan kun ko‘rayotgani – “Lolazor” romanining asosini ushlab turgan g‘oyaviy va badiiy zaminki, uning qanchalar mustahkamligini, boya aytganimizdek, oradan o‘tgan yillar yaqqol ko‘rsatdi.

Kichik sarlavhada eslatganimizdek, bu va yana boshqa ko‘p eshitimli gaplar Murod Muhammad Do‘stning ayta olgan, yozishga ulgurgan gaplaridir. Biroq bu gaplar salmog‘i yozuvchining hozircha yozolmagan, aytishga ulgurmagan gaplarining cho‘g‘i ham chakana emasligidan yaqqol darak beradi.

Xo‘sh, agar yozuvchi o‘zida jur’at topa olsa, unga ilhom bilan birga hafsala ham qo‘shilib-quyilib kelsa-yu, bugun “Lolazor” tipidagi asar yozishni niyat qilsa, unda taxminan nimalar to‘g‘risidagi gaplarni, kimlar to‘qigan yoxud uyushtirgan latifalarni o‘qigan bo‘lur edik? Asarning nomi-chi, qanday tus olgan bo‘lardi?

Agar bu masalada kaminadan fikr so‘ralsa, bo‘lg‘usi asarning o‘qishliligini nimalar evaziga ta’minlash mumkinligi bilan qiziqilsa, men, hech qursa, romanning dastlabki boblariga asqotib qolishi mumkin bo‘lgan ayrim takliflarim bilan o‘rtoqlashgan bo‘lardim.

Avvalo, bo‘lg‘usi rivoyatning asosiy hikoyachisi, bosh taqdir egasi etib Yaxshiboyev emas, bu gal Oshno belgilansa, chakki bo‘lmas edi. Markaziy qahramonlar atrofida nisbatan faol harakat qiluvchi Yaxshiboyevning shogirdlari – “chorshanbi bolam”larga ham bu gal sal “otdix” berilib, boshqalarga, deylik, avvalgi romanda soyada qolib ketgan Saidqul Mardonning “iste’dodli, qat’iyatli, betgachopar” shogirdlariga sahnadan joy ajratilishi mumkin. Hikoya uslubi – retrodan esa bo‘lg‘usi asarda ham bemalol foydalansa bo‘ladi. Mana shu tarzda Oshno xotirasida o‘zi kuzatgani va faol ishtirok etgani ko‘pdan-ko‘p ajabtovur hodisalar – hayotiy latifalar, qo‘g‘irchoqbozliklar, bamisoli usta kuloldek “taqdirlar yaratish”, kimnidir qurbon berish, tarix uchun nutq irod etish-u, “Axir, bitta xalq g‘amida kiroyi qayg‘urmoq shuncha bo‘lar-da!” qabilidagi faylasufona so‘lish olishlar qayta jonlangan bo‘lur edi.

Bu galgi Oshno, yevropalik kasbdoshi Napoleonning “Siyosatchining yuragi boshida joylashgan bo‘lishi kerak” degan aqidasiga qat’iy amal qilishi barobarida, “qaysi rahbar o‘z obro‘sini botmonlab to‘kishni istasa, yozuvchi-shoir zoti bilan orasini buzadi” degan jaydari qoidani ham yoddan chiqarmaydi. Bularga qo‘shimcha, o‘sha yozuvchi-shoir deganlarining ham ikki kuragi orasida farishtaning qanoti tugul, uning izi ham bo‘lmasligiga qat’iy ishongan yangi Oshno bu qavmning nozik joyini topishda ortiqcha qiynalmaydi. Faqat avval o‘sha nozik joyga yaqinlashish, yana ham to‘g‘rirog‘i – nozik joyi ko‘proq va kattaroqlarni o‘ziga yaqinlashtirishdan ishni boshlashga uning zakiy aqli yetadi…

Avvalo, majlis va mitinglardagi, gazet-jurnallardagi chiqishlari bilan barcha “bosh og‘rig‘i muammolar”ni azot ko‘tarib, shundoq ham uyda o‘tirmayotgan ommani battar junbushga keltirayotgan ijod ahlini, ularning boshini qovushtirib turgan uyushmani sopini o‘zidan chiqarib – iste’dodli vakillari qo‘li bilan parchalab yuborish rejasi tuziladi. Xuddi shu paytdan boshlab boya aytganimiz – Saidqul Mardonning “Lolazor”dan o‘ziga munosib joy ololmay xunob yurgan shogirdlari yeng shimarib ishga kirishadilar (zero, ular va kelajakda ular safini to‘ldiruvchilarga ko‘rsatiladigan “muruvvatli siylovlar” xususida bu farosatli yigitlar tushunadigan tilda aniq ishoralar bo‘ladi.) Puxta rejalashtirilgan ssenariy asosida o‘ynaladigan bu manzara uchun esa rostmana sahna – mamlakat markazidagi teatr minbari sahiylarcha taqdim etiladi. Shu paytgacha mo‘‘jaz binoning uchinchi qavatidagi torgina zaliga yarmi siqsa, yarmi ko‘chada qolayotgan, minbaridagi mikrofoni ham goh ishlab, goh ishlamay ish ko‘rsatadigan holdan zada bo‘lib yurgan “ijod ahli”ning qurultoyi tushlikkacha bir chiroyli – rasamada o‘tadi. Lekin bu o‘rtacha kayfiyat, “Zarafshon” restoranida qilingan to‘yimli tushlikdan keyin, boyagi shovvozlar tashabbusi bilan, mutlaqo kutilmagan o‘zanga burib yuboriladi. Ketma-ket otashin chiqishlar, avvalgi tuzumga xizmat qilishdan boshqaga yaramagan keksa avlodga qarshi oshkora tanqid, “erkin va ozod ijodiy muhitni yaratish”ga qaratilgan da’vatlarga to‘la bu mashvaratning natijasi y u q o r i kutganidan ham a’lo bo‘ladi: yuzaki qaraganda – bor-yo‘g‘i uyushma ikkiga bo‘linib ketadi, aslida esa – mamlakatning nafaqat ichki, hatto tashqi siyosati royishiga ham muqobil – alternativ fikri bilan ta’sir etib turgan jiddiy kuch “o‘z ixtiyori, tashabbusi va g‘ayrati bilan” parchalanib, tarqalib ketadi. Bu parchalanish va tarqoqlik birgina ijodiy uyushma ichidagi parokandalik va dolzarb masalalardan chalg‘ishning emas, balki milliy tafakkurdagi parokandalikning, xalq va millat taqdiriga daxldor muammolarga oid bosh maqsadlardan toyishning boshlanishi edi…

Bu boradagi keyingi gaplar esa durustroq rivoyatga ham emas, bor-yo‘g‘i o‘tkinchi latifaga zo‘rg‘a tortadi: masalan, yangi tuzilgan ijodkorlar ittifoqining navbatdagi raisiga “yaxshilikcha amalni topshiring, muhrni bering”, mazmunida qilingan ishorani avvaliga u hech tushunmaydi. Tushungach esa, qaysarligi tutib, na muhrni beradi va na uning qaydaligini birovga aytadi. Shunda Saidqul Mardonning boyagi shogirdlaridan dadilrog‘i – Chorshanbiyev qo‘ymagan mo‘ylovni qo‘ygani davrani, deylik, mana bu gap bilan qizdiradi: “Falonchi jo‘ra, bundaychikin qaysarlik qilmay, muhrni bering-da, endi. Yo siz ham bizning qishloqda o‘tgan qaysar keksa raisga o‘xshab muhrni yutvorib, hammamiz ketingizdan poylab yuramizmi?…”

Bu gaplarning bari Oshnoni zavqlantirmasligi, shunga yarasha sahiyligini qo‘zg‘amasligi mumkin emas edi, albatta. Qolaversa, u Saidqul Mardonning shogirdlaridan hammasini bo‘lmasa ham bir qismini “boqsa odam bo‘lishini” allaqachon sezgan, ular bilan muomala-munosabatni shunga moslab qurishga ham aqli yetardi. Deylik, o‘shalardan biri, avvalgi romanda “E, Said aka, ixtiyor o‘zimda bo‘lsa edi, Ko‘hiqofda dev bo‘lardim!..” deya ma’yus tortib yuradigan Sayfiddinjon singarilarga tashlanadigan suyakda ortiqcha go‘sht bo‘lishi ham shart emasligini chuqur his qilar edi.

Modomiki, avvalgi romanni eslagan ekanmiz, yozilajak asarda kuzatiladigan yana bir farqni ham aytib ketishimiz kerak. Yodingizda bo‘lsa, Yaxshiboyevning Chorshanbiyev boshchiligidagi shogirdlari anchayin sodda, tuzukkina kamtar, “o‘zimizga o‘xshagan lalmiroq” yigitlar edi. Ular ustozlari ruxsatisiz bir qadam bosmoqqa hayiqishar, katta idoralar ne, bor-yo‘g‘i kichik bir redaksiya rahbariga muovin bo‘lishni-da o‘zlariga obro‘ sanashar, shunga ham shukr aytishardi. Yangi asarning yangi chorshanbilari ishtahasini esa naqd ummonning maydaroq nahanglarinikiga mengzash mumkin bo‘ladi. Agar beshta bolasi bor Chorshanbiyev tovuqning katagidek kichkina kvartiradan ortig‘iga da’vo qilishni o‘ylamagan bo‘lsa, bu shovvozlar o‘zining qadrini juda yaxshi bilishadi…

Aytaman desang, yozuvchiga eslataman desang, bu singari latifa-yu hangomalar, “azbaroyi nufuzni deb, o‘zi o‘ylamagan haqiqatlarni aytib yuborishlar”ga to‘la, bir-biridan ko‘rishli hayotiy sahnalar bisyorki, ularni Murod Muhammad Do‘st hammamizdan yaxshiroq biladi, yaxshiroq ifodalay oladi.

Bo‘lg‘usi roman o‘zi uchun nomni ham bir necha variantlarda o‘zi taklif qilishi-da tayin: bu nom balki “Bedazor” bo‘lar, balki “Pistazor”…

Nima bo‘lganda ham hamma gap bir masalada – Murod Muhammad Do‘stning shijoati, jur’ati, avvalgidan-da kuchaygan istehzosining qachon qayta namoyon bo‘lishida qoldi.

2019-yil

Манба: www.hayrat.uz

Murod Muhammad Do’st
BIR TOYCHOQ XUNI
021

 Murod Muhammad Do’st 1949 yil 12 aprelda  Samarqand viloyatining Jom qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning tarix fakultetining falsafa bo’limini tugatgan (1971). Moskvadagi Adabiyot institutida o’qigan (1974 — 79). Dastlabki hikoyalar to’plami — «Qaydasan, kuvonch sadosi?» (1976). Shundan keyin «Mustafo» (1977), «Bir toychoqning xuni» (1979), «Galatepaga qaytish» (1983), «Dashtu dalalarda» (1987) singari hikoya va qissalari nashr etilgan. «Lolazor» (1988) romani muallifi. Asarlari asosida badiiy filmlar suratga olingan.
Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1990).

08

Galatepada G‘uchchi chol quturarmish, degan gap oralab qoldi. Hammaning og‘zida shu: G‘uchchini besar it qopganmish, G‘uchchi quturarmish.
Jami ulus gapirganicha bor edi, negakim, Galatepa Galatepa bo‘lib birorta odam zoti quturmagan. Qishloq sho‘rosining keksa kotibi Qosimov domla bayram kunlarida, kolxozning yillik hisobot yig‘inlarida quturgan odamlar haqida gapirgani rost, lekin u sanagan odamlarning bittasini ham quturgan it qopmagan, ularning ko‘pi bosmachi, boy va yana bir balo bo‘lib o‘tgan yot unsurlar, keyin, Qosimov domlaning o‘zi, avomroq kishilar chalkash tushunmasin uchun: «Men buni ramziy ma’noda gapiryapman, o‘rtoqlar!», deb aytadi.
Abduvohid Odam ikkinchi xotini ham ketib qolganida rosa bir hafta bag‘rini zaxga berib yotuvdi. Uydan ko‘chaga chiqmagan, yemagan, ichmagan, gapirsang gapirmagan — misoli karaxt ilonday bo‘lib yotgan. Uniyam dastlab quturibdi-da, deb o‘ylashgan. Yaqinroq bir qarindoshi (otini aytishmaydi), rosti bilan quturgan bo‘lsa, ko‘p azob chekib o‘tirmasin, degan chog‘i boyaqishning ustida elak tutib, bir chelak suv elagan ekan, lekin Abduvohid Odamga hech korihol bo‘lmagan, qaytaga, sovuq suvdan tani junjikib, o‘rnidan sapchib turgan. Turayotgan mahali tirsagi ilkisroq tegib ketgan ekanmi, Abduvohid Odamning o‘rniga haligi jonachir qarindoshining o‘zi yiqilib tushgan. Uniyam betiga suv sepib hushiga keltirishgan. Keyin bir gal Sattorchaning quturgan itining ustidan ham shu taxlit suv elashgan. Lekin it o‘rnidan qaytib turmagan. Sattorchaning o‘zi itim quturgan ekan, ustidan suv elovdik, tinchgina yotib o‘lib qoldi, deb rosa ikki yil gapirib yurdi.
Xullas, Galatepada quturgan odamlar haqida uncha-muncha gap bo‘lgani bilan, ularni hech kim o‘z ko‘zi bilan ko‘rmagan. Quturgan itlarni ko‘rishgan, quturgan xo‘tiklarni ko‘rishgan. Manzar polvonniig sariq novvoschasi quturgan edi — uni ko‘rishgan. Manzar polvon novvoschani halollab qolishga ulgurdi, lekin bozorga olib chiqmadi, insof qildi, yerga ko‘mib qo‘ya qoldi. Keyin bir vaqtlar Galatepada mast nortuyalar ham bo‘lardi. Nortuyalar quturmagan bo‘lsayam, quturgandan kam emasdi. Qirq birinchi yil ekan, Jonuzoq arab Galatepaga ko‘chib kelib, o‘ttizta tuyasi bilan kolxozning pillasini Kattaqo‘rg‘onga tashigan. Galatepa asli o‘troq saroylardan emasmi, karvon qishloqni oralab o‘tganida ismi jon bor — hammasi ko‘chaga tomosha qilgani chiqardi. Karvonning boshida bo‘yniga qo‘ng‘iroq taqqan maydaqadam bir eshak yurguvchi edi, uning ortida — bosh tuya, ustida Jonuzoq yeru ko‘kka ishonmaydigan chuvakkina arab xotin bilan, keyin yana yigirma to‘qqiz tuya, barisi yukli, barisi zo‘r, har yonda uch-to‘rttadan bo‘taloq, pishqirib, atrofga og‘zidan ko‘piklar sochib, oyoq ostidagi zaminning changini naq samoga ko‘tarib… bu g‘aroyib tomosha uzoqdagi Kattaqo‘rg‘on tarafga yo‘l tortguvchi edi. Jonuzoq arabning o‘zi, ostida oq bo‘z oti, o‘ychan, qiyaga qo‘ngan qirg‘iyday tik, karvon yonida ketardi. Jonuzoqning eshagi ko‘p karvonchi eshak edi. Galatepadan chiqquncha karvonni sal sekin, maromida tortardi, keyin, qishloqning sarhadidan o‘tib, eshakkinaning o‘zi qadamini ildamroq bosardi, uning ortidan karvon ham, cho‘lning yolg‘izoyoq zarang yo‘liga marjonday tizilib olib, yurimini tezlatardi. Ko‘rmagan odamning tushunishi qiyin: bir yoqda qo‘ng‘iroqlar jiringlaydi, bir yoqda tuyalarning o‘rkachi chayqaladi, bir yoqda Jonuzoqning qoragina xotini, dunyo bilan ishi yo‘q, sekin mudraydi… E, ko‘p qiziq tomosha edi! Qishloqdan chiqib bo‘lgach, Jonuzoq karvondan sal orqaroqda qolardi, orqada qolardi-yu, olisdagi qirlarga qarab yakkayu yagona ashulasini boshlardi:

Ey sorbon, ohista ron, ki oromijonam meravad,
On dil ki bo xud doshtam, bo dilistonam meravad…

Shu qo‘shig‘ini aytganda, Jonuzoq arab ko‘p g‘am tortguvchi edi. Tarziga qarab turib, bechora arab, garchi forsida qo‘shiq aytsayam, o‘zining arabiy sahrosini, atrofini xurmo o‘ragan vohalarini cog‘inibdi-da, deb o‘ylarding. Lekin shuncha arabiy ma’yusligi bo‘lsa ham, Jonuzoq birorta arabcha so‘zni bilmasdi. Gapirganda o‘zbekchaga tojikchani aralashtiribroq gapirardi.
Galatepada u haqida har hil gaplar yurardi. Birovlar uni urushdan qochib yuribdi, deb ham o‘ylagan. Lekin Jonuzoq qo‘li-ko‘ngli ochiq, ko‘p yaxshi arab edi. Keyin o‘ttizta tuyasining sharofatidan kolxozga nafi tegardi. Shu sabab hech kim sen urushdan qochib yuribsan-ku, deb yuziga solmagan. Boshqa joyga ham xabar qilishmagan. Sho‘roning kotibi Qosimov domla, xabarkashroq odamlarga: Jonuzoqning aft-basharasiga durustroq qaranglar, bu bir yurgan boshi ochiq arab, turgan-bitgani mo‘y, shuncha mo‘yi bor odamning dum-pumi bo‘lsayam ajabmas. Agar uni askarlikka olsa, keyin bu palakat Xudo urib girmonga asir tushsa, ular muning dumini ko‘rsa, padarla’nati bir enlik dumining dastidan butun boshli qizil qo‘shinni beobro‘ qiladi-da, deb aytgan. Qosimovga hamma ishongan. Ishonmaslik gunoh edi. Negaki, Qosimov domla ko‘p rostgo‘y, farishtali odam bo‘lib, umrimda bor-yo‘g‘i uch marta, undayam uqubatli amir zamonasida yolg‘on gapirganman, deb naql qilguvchi edi.
Lekin biz salgina «o‘tlab» ketdik. Maqsadimiz sari — o‘sha tuyalarning o‘ziga qaytamiz. Ular ko‘klam chiqishi bilan g‘irt mast bo‘lib qolardi. Bir xillari borki, ko‘chaga g‘ov bo‘lib olib, odam o‘tkazmasdi. Jonuzoq arab Galatepada olti yil yashagan bo‘lsa, olti bor ko‘klamda Jomning cho‘liga ko‘chib, o‘sha yoqda tuyalarning masti tarqashini kutgan.
G‘uchchi cholni it qopganidan keyin galatepaliklar Barot Qiyshiqning choyxonasiga yig‘ilib, allamahalgacha Jonuzoq arabning tuyalaridan gap-gashtak qilib o‘tirishdi. Rahmatli Salim chinoqni eslashdi. Jonuzoqning nortuyasi chap qulog‘ini uzib oluvdi, bechora Salim shu bitta quloqsiz o‘lib ketdi-ya, deb eslashdi. Keyin gap quturgan xo‘tiklarga, ulardan sekin-sekin quturgan itlarga o‘tdi. Lekin G‘uchchi cholga yetmadi, shart uzilib qoldi. Endi hammaning o‘yi G‘uchchi cholda edi. Faqat birovi gapirgani ham jur’at qilmadi. Nihoyat, mulla Sunnatning o‘g‘li Nazar Maxsum chidab turolmadi, ko‘nglidagini aytdi: «Tamom!—dedi u.— Endi G‘uchchining bolasi zanjir izlasin!..»
Shu gapni yetkazishganda G‘uchchi chol avval beg‘arazgina kuldi, keyin jiddiy tortdi, Nazar Maxsumni «yag‘ir xo‘tikcha», deb atadi, keyin yana bir marta, bu gal sal og‘rinibroq kuldi.
Nazar Maxsumning bashoratidan keyin odamlar G‘uchchi cholning uyiga serqatnov bo‘lib qolishdi. Kimsa borki, kelib, undan hol so‘raydi. Shundan G‘uchchi chol sal sergak tortdi. Avval u itning qopganini o‘ziga o‘y qilib o‘tirmagan edi: endi bu bir it, it bo‘lgandan keyin itligini qiladi, huradi, qopadi… Yarasi ham arzimas edi, bitib ketar, dedi-yu, do‘xtirga ham bormadi. Endi qarasa, yo‘q, hech bo‘lmaydigan, hamma uni ko‘rgali kelyapti, keladi-yu, biror sinoati bormikin, rostdan ham quturganmikin, deb ko‘zlaringga qarab turadi. Ular gap so‘raydi, sen bo‘lsang, xuddi aybdorday, tiling kalimaga kelmaydi, go‘yo seni rostdan quturgan it qopgan-u, lekin sen nomardlik qilib shuncha kelgan musulmonni aldab o‘tiribsan! E, munaqada quturgan it qopmasayam quturib ketasan!..
G‘uchchi chol oshnasi Ibodullo Maxsumga gap soldi; «Siz yonimda o‘tirsangiz, Maxsum,— dedi u.— Siz bo‘lsangiz, kelgan birov menga oshirib gapirolmaydi…» Ibodulla Maxsumning tomorqada oz-moz ishlari bor edi, lekin jo‘rasining sazasini o‘ldirolmadi. Xotini bilan andak g‘ijillashib olgach, G‘uchchi cholning uyiga jo‘nadi.
Mana, to‘rt kundirki, do‘stining uyida kunni kech qiladi. U kelgandan keyin mehmonlar ham juda ozayib qoldi. Kelgani ham itdan emas, boshqa chet-chaqadagi narsalardan gapiradi. Birovlari mutlaqo gapirmaydi, tiliga tushov tushib, Ibodulla Maxsumning rivoyatlarini eshitadi, keyin hech gap-so‘zsiz, ko‘ngillari qisir bo‘lib qaytib ketadi.
Payshanba kuni odamlarning qadami uzildi. Kechgacha behuda mehmon kutdilar, keyin, shom mahali, Ibodullo Maxsum aytdi: «Mening mehmonligim cho‘zilib ketdiyov, aka?» G‘uchchi chol yurak oldirib qo‘ygan ekan, ko‘nmadi: «Yana ikki kun mehmon bo‘p keting, Maxsum», deb yalindi. Ibodullo Maxsum o‘ylab qarasa, oshnasi haq, hozircha hol so‘rab kelganlarning hammasi qiziqqanidai kelgan, qasd qilganidan emas. G‘uchchi quturganmish degan mish-mishni eshitganu ichiga sig‘dirib o‘tirolmagan. Ibodullo Maxsum bu gapni kim tarqatganini bilolmay garang edi. Uzunquloq gap kimningdir og‘zidan chiqqandirki, ulusning orasiga tushibdi? Tarqatgan odam bo‘lmasa mish-mishni Xudo tarqatadimi? Yo‘q, u hali keladi. Kelmasdan, G‘uchchi cholning ahvoliga maza qilib tomosha qilmoqdan boshqa iloji yo‘q — ichi qarolarning taomili shu.
Ibodullo Maxsum kutgan odam shanba kuni choshgohda keldi. Bu zamon ikki oshna bog‘ning to‘ridagi chorpoyada qiroat qilib o‘tirardi. G‘uchchi chol kelgan odamni sezmadi, lekin Ibodullo Maxsum sergakroq edi, darchaning ochilganini eshitdiyu o‘qiyotgan kitobidan boshini ko‘tardi. «Keldi, aka,— deb shivirladi u.— Kelarini biluvdim, aka». G‘uchchi chol darcha tarafga qaradi, qaradiyu To‘raboyni ko‘rdi. «Ketmang, Maxsum,— dedi u oshnasiga.— Bu dayus yomon, menga zo‘rlik qiladi…»
Darchadan kirgan odam, ya’nikim To‘raboy jussasi kichik, dumaloqqina bir odam edi. Yuzi qora, soqoli oppoq, soqoli oqligidan yuzi battar qora bo‘lib tuyuladi. Mulla Doniyorning aytishicha, bu odamning ichidagi qorasi yuziga tepgan ekan. Keyin u ikki dunyodan ham umidini uzgan bir do‘zaxi ekan, oxirati yo‘qligini o‘zi ham bilarkan, shu barobar, musharrafi jannat musulmon bandalarning ko‘zlariga o‘zgacha bir qabohat bilan, ya’nikim, ilon avrash qilib tikilarkan… Qabohati bormi, yo‘qmi va magar bo‘lsa, nechog‘lik va ne turfa, bunisini Xudo biladi, lekin To‘raboy tikilishning hadisini olgan — ixlos bilan tikilsa, o‘tirgan joyingga mixlab qo‘yganday bo‘ladi. O‘ziyam qarashining zo‘rligini biladi, chini bilan tikilsam, toshni yoraman, deb o‘ylaydi.
Xullas, shanba kuni choshgohda To‘raboy keldi. G‘uchchi chol bilan Ibodullo Maxsum uning istiqboliga chiqmadi. Uchovi ham iyaklarini silkitib, soqolsalom qilgan bo‘lishdi. To‘raboy xashaki olmalar ostidan yo‘lchadan mayda qadam bosib keldi. Chorpoya yonida turgan oftobadan suv quyib, belbog‘iga artindp. Peshvozning sovuqligidan ko‘ngli lat yedi, lekin sezdirmadi, qaytaga o‘ziga o‘zi suv quya turib jilmaygan bo‘ldi. Keyin qo‘l artgan qiyiqchasini chap yelkaga tashlab, chorpoyaga chiqdi. Ibodullo Maxsum andek surilib, bo‘shatgan joyda chordona qurib, yuziga fotiha tortdi-da, biqiniga bolish oldi… Bir muddat jim o‘tirishdi. Keyin G‘uchchi chol sekin gap ochdi:
— Keling, To‘raboy,— dedi u sekin.
— Keldik,— dedi To‘raboy.
— Nega keldingiz?— deb so‘radi Ibodullo Maxsum.
Bu xil navozishdan so‘ng G‘uchchi chol o‘zining mezbonligini esladi. O‘ng tarafga qo‘zg‘algan bo‘lib Ibodullo Maxsumning o‘ngiridan sekin pastga bosdi. To‘raboy buni ko‘rib turdi, lekin ko‘rmaganga olish o‘ng‘ayroq edi — ko‘rmaganga oldi. Bir ko‘ngli Ibodullo Maxsumga bosibroq tikilmoqchi bo‘ldi, lekin uning ters o‘girilib o‘tirganini ko‘rib, dog‘da qoldi.
— Keldik,— dedi u sal turib.
— Hech ko‘rinmaysiz, To‘raboy?— deb so‘radi G‘uchchi chol.— Kecha bozorda ham ko‘rinmadingiz. Kasal bo‘p qoldimi, deb o‘yladik.
— Men kasal bo‘lmayman,— dedi To‘raboy.
— Sog‘ odamning hammasi bozorga boradi,— dedi G‘uchchi chol.
— Ish ko‘p,— To‘raboyning javobi muxtasar bo‘ldi.
— Ishlayapman deng?..— gapga qo‘shildi Ibodullo Maxsum.— Hech bir tinmadingiz-da, To‘raboy! Mana biz, akam bilan qiladigan ishimiz yo‘q, o‘tgan-ketgandan gaplashib o‘tiribmiz.
— O‘tgan-ketgandan gapirgan yaxshi,— dedi To‘raboy, keyin G‘uchchi cholning chopon tagiga yashirilgan qo‘liga tikilibroq qaradi.— Machitdan kelyapman. Machitda bir xil gaplar bo‘ldi.
Ibodullo Maxsum To‘raboyning quturgan itdan gap ochishi tayinligini sezdi-yu, gapni boshqa tomonga burdi:
— Machitda odamlar gaplashmaydi, To‘raboy, machitda namoz o‘qishadi.
— Yo‘lda gaplashdik,— dedi To‘raboy.— Machitda namoz o‘qidik, gapni yo‘lda gaplashdik.
— Munisi boshqa gap, — dedi Ibodullo Maxsum.— Magar gaplashgan bo‘lsangiz, yolg‘iz emas ekansiz. Yana kimlar bor edi?
— Hammasi bama’ni odamlar,— dedi To‘raboy.
— Kim ekan?— qiziqsindi Ibodullo Maxsum.
— Mulla Nishon,— dedi To‘raboy,— keyin Nazar Maxsum bor edi.
— Mulla Nishon savodsiz odam,— dedi Ibodullo Maxsum.— Haftiyakni bitirmay madrasadan qochib kelgan. Nazar Maxsum yolg‘onni ko‘p gapiradi, muning ustiga to‘ng‘iz go‘shti yegan.
— Yo‘g‘-e, u to‘ng‘iz go‘shti yemagandir, Maxsum,— G‘uchchi chol oshnasining niyatini anglamadi chog‘i, sekin e’tiroz qildi.— To‘ng‘izning go‘shti harom-ku, Maxsum!..
— Nazar Maxsum to‘ng‘iz go‘shti yegan,— o‘jarlik bilan takrorladi Ibodullo Maxsum.
To‘ra Qora yengilganini payqab talvasaga tushdi.
— Mulla Doniyor bor edi, mulla Doniyor bama’ni odam-ku!—dedi u fig‘oni chiqquday bo‘lib.
— Mulla Doniyor bama’ni odam,— dedi Ibodullo Maxsum.— Lekin u indamay o‘tirgan. Mulla Doniyor ahmoq odamlarning gapiga qo‘shilmaydi. O‘zingiz ayting, u sizga gap qo‘shdimi?
— Men gapirganim yo‘q,— dedi To‘raboy.
— Balli!—dedi Ibodullo Maxsum.— Odamlarga gap bo‘lsa bas, yo‘qdan yo‘ndirishadi. G‘uchchi akamni mo‘ltonidan adashib qolgan bir tozi andak tirnaganday bo‘luvdi, shuniyam gap qilishgan chiqar?..
— Gap qilishdi, — To‘raboyning tan olishidan o‘zga chorasi qolmagan edi.— Har kim har xil gapiradi, Maxsum. Lekin men gap qo‘shmadim.
— Ma’qul, bu ishingiz ma’qul, To‘rabey!..— Ibodullo Maxsum uni maqtab qo‘ydi.
Maqtov To‘raboyga ko‘p yoqmadi. Ichida, meni go‘dakka o‘xshatib laqillatdi, degan hayolga bordi, jahli qo‘zg‘adi. Ibodullo Maxsum uning tek qolganini ko‘rib, endi xavf o‘tdi, degandek, oshnasiga qarab iljaydi. G‘uchchi chol buni rag‘bat tushunib, yarador qo‘lini chopon chokidan chiqardi. To‘raboy uning salla yirtig‘i bilan o‘ralgan qo‘lini ko‘rdi. Ko‘zlarida bir nima yilt etganday bo‘ldi-yu, tag‘in o‘chdi. G‘uchchi chol o‘zining sal shoshganini payqadi. Lekin endi qo‘lni qaytadan yashirish foydasiz edi…

* * *

G‘uchchi chol quturmaganini ko‘rsatmoq istab, o‘zicha bama’ni gaplardan gapirmoqchi bo‘ldi. Lekin bama’ni gap deganlari hadeganda tiliga kelavermadi. Shunda u yarasi arzimasligini namoyish qilmoq bo‘lib, chap qo‘li bilan ko‘rpachaga tayandi. Qo‘li qattiq og‘ridi. Shunday og‘ridiki, manglayiga sovuq ter chiqib ketdi. To‘raboy uning ahvolidan ogoh bo‘lib, mamnun iljaydi, so‘ng, tag‘in jiddiy tortdi, kishi bilmas quvonch bilan hol so‘radi:
— Yomon tishladimi, akam? Tishiyam ancha botgandir?..
G‘uchchi chol bezovtalandi.
— Itning nasli yomon ko‘rinmovdi,— dedi G‘uchchi chol,— ayb bizning o‘zimizdan o‘tdi.
— Nima balo, siz o‘zingiz tishlagin, deb aytdingizmi?
— Yo‘q,— dedi G‘uchchi chol.— Tishlagin, deb aytganim yo‘q, lekin tishladi.
— Quturgan it gapni bilarmidi!.. G‘uchchi chol bu gapni javobsiz qoldirdi.
— It quturmagan, yaxshi it,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Bo‘lmasa, nega tishlaydi?—To‘raboy baralla kulib so‘radi.— Mana, G‘uchchi aka, qarang, qo‘lingizni boylab olibsiz. Itning qopgani rostdirki, siz qo‘lingizni boylabsiz?..
— Maxsumning sallasi…— dedi G‘uchchi chol. Ibodullo Maxsum o‘ng‘aysizlandi. G‘uchchi choldan sal norozi bo‘ldi. Uning boshiga o‘raganidan bo‘lak, uyda yana uchta sallasi bor edi. Oshnasini tozi qopgan kuni buxori sallasidan bir bo‘lak yirtib boylagan, lekin buxori sallamdan yirtib boylayapman, deb hech o‘ylamagandi.
— Gap salladami, aka?— dedi u sekingina. G‘uchchi chol indamadi. Maxsumga qarab ma’yus jilmaydi. Ko‘zlari ozgina yoshlanganday bo‘ldi. «Ko‘ngli bo‘sh odamman», deb o‘yladi u, lekin ko‘ngli bo‘shligidan uyalmadi, qaytaga ichi yorishib ketganday bo‘ldi.
— Siz ko‘p kuyunavermang, To‘raboy,— dedi Ibodullo Maxsum.— Har kim o‘z aravasini o‘zi tortadi.
— Oq qo‘yniyam, qorasiniyam o‘z oyog‘idan osishadi,— dedi To‘raboy.
— Yaxshi gap bilan ilon inidan, yomon gap bilan musulmon dinidan chiqarmish,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Ilonni yomon ko‘raman,— dedi To‘raboy.
— Men ko‘rgan yerimda boshini tosh bilan urib, yanchaman,— Ibodullo Maxsum sal qizishdi.
— Ayamang, Maxsum!.. Lekin ilon deganingiz ham xudoning yaratgan maxluqi.
— Xudo ilondan kechgan,— Ibodullo Maxsum bo‘sh kelmadi.— Shayton uning og‘zidan kirib, dumidan chiqib ketgan.
— Qaerda?— To‘raboy isbot talab qildi.— Ayting, qaerda?
— Jannatning darbozasida,— dedi Ibodullo Maxsum.— Ilon bilan tovus qorovul turgan joyda.
— Baribir ilon xudoning maxluqi,— dedi To‘raboy.
— To‘raboy, asli sovuq odamsiz-da!..— dedi G‘uchchi chol.— Ilonni himoya qilganingiz nimasi!..
G‘uchchi chol asli soddaroq odam edi, umrida birorta zarbulmasal yozmagan, zarbulmasal qilib gapirishlarini ham ko‘p anglamasdi. Bu gal u nimanidir anglaganday bo‘ldi, anglaganday bo‘ldi-ku, lekin ichiga sigdirib turolmadi. Ko‘ngliga kelganini aytdi. Aytib bo‘lgach, sal oshirib yubormadimmikin, deb o‘ylanib qoldi. Keyin, agar sal oshirgan bo‘lsam, To‘raboyni ozgina silab-siypashim kerak, degan niyatga bordi.
— Otangiz yaxshi odam edi, — dedi u bir oz turib.— Men u kishini yaxshi bilaman, bugungiday esimda turibdi…
— Sizning otangiz ham zo‘r odam edi.— To‘raboy, garchi u G‘uchchi cholning otasini ko‘rmagan ersa-da, tantilik qildi.— U kishini zo‘r sakboz deyishardi.
— Xudo bir uloqni yaratmish, unga atab bir tup shuvoqni,— dedi Ibodullo Maxsum.
G‘uchchi chol oshnasi o‘zini uloqqa mengzaganidan og‘rinmadi, aksincha uning gaplarini ma’qullab bosh irg‘adi.
— Mening birovga ziyonim tegmagan,— dedi u.— Uyda bitta kafanligim bilan tablada bitta otim bor.
— Otingiz yugurikroq, shunisidan qo‘rqaman,— dedi To‘raboy.
— Yaxshi ot egasini ranjitmaydi,— dedi G‘uchchi chol.— Mening otim yuvvosh, ustini xuddi taxtiravon deysiz!..
— To‘raboy otni bilmaydi,— dedi Ibodullo Maxsum,— siz buyoqdan buqalarni so‘rang, bostirmasida uchtasi boylog‘liq turibdi.
— Bari bir, ehtiyot bo‘ling, G‘uchchi aka,— dedi To‘raboy.— Yiqitib ketsa chatoq bo‘ladi, qariganda suyakning bitishi qiyin…
— Go‘rga piyoda bormasman,— dedi G‘uchchi chol. Keyin u chorpoya ustida g‘oz turib, hovlining narigi burjiga ovoz berdi. Zum o‘tmay, Ergashning ikkita qizalog‘i choy keltirdi. G‘uchchi chol Ibodullo Maxsumning piyolasini o‘zi taraf olib, choynakning ikkinchisini To‘raboyning oldiga surib qo‘ydi.
— O‘zingiz bir maydalaysiz…
To‘raboy choyni qaytardi. Bir-ikki xo‘plam ichib, G‘uchchi cholga yuzlandi;
— Kampiringiz ko‘rinmaydi?
— Bizning kampir sal pastroq,— dedi G‘uchchi chol.— Bir hafta burun hovlidan chiqib ketgan. Shu, mening o‘zimga qolsa…
— Nevaralarimdan tag‘in ranjibdi-da, aka?— Ibodullo Maxsum sal chaqqonlik qildi.
— Men G‘uchchi aka bilan g‘ijillashibdimi, deb o‘ylabman,— dedi To‘raboy.
— Yo‘q, nevaralar bilan,— dedi G‘uchchi chol.— Menga gap qaytarib ko‘rsinchi!..
Aytgan yolg‘onidan o‘zi ham qizardi. Ko‘rpacha chetida yotgan sochiqni olib, bir-ikki yelpingan bo‘ldi.
— Kun sal dim keldi,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Ha, Maxsum, kun dim keldi,— G‘uchchi chol uning gapini tasdiqladi.
— Mening mijozim sovuqroq,— dedi To‘raboy.— Men dimligini sezmadim.
— Siz hali yoshsiz, To‘raboy,— dedi Ibodullo Maxsum.— Siz hali muni sezmaysiz.
To‘raboy piyolasini yerga qo‘ydi-yu G‘uchchi cholga tikildi. Unisi ikkita qarg‘ashoyi gulli piyolani yonma-yon tizib, quygali choynakni ko‘tardi, lekin shu tobda ko‘zlari To‘raboyning sinchkov nazariga duch kelib, bezovtalandi, choynak tutgan qo‘liga titroq kirdi. Choy choynakning jo‘mragidan dasturxon ustiga to‘kilaverdi.
— It quturgan emasdi,— dedi u titrab-qaqshab.— Tozi edi, biz o‘zimiz unga ozor berdik, boylab olmoqchi bo‘ldik…
— Choydan bosibroq iching, yengil tortasiz!..
— Ichaman, To‘raboy, mana, ichyapman-ku!..
G‘uchchi chol sal garangsidi. Ibodullo Maxsum o‘tirgan joyida bir-ikki g‘imirladi, lekin biron narsa demadi. To‘raboy — mehmon, uning o‘ziyam mehmon, G‘uchchi chol bo‘lsa — mezbon edi.
G‘uchchi chol oshnasining piyolasini to‘ldirishni unutib, faqat o‘ziga qo‘ydi va atay xo‘rillatib icha boshladi.
— Men choyga ko‘p o‘rganmaganman,— dedi u.— Yilqining ortidan ko‘p yurganmiz, ko‘zani suviga o‘rganib qolganmiz.
— Yilqidan gapirmang, G‘uchchi aka,— dedi To‘raboy.— Bitta toy kamomad qilgansiz.
— Yo‘q,— deb e’tiroz bildirdi G‘uchchi chol.— Men umrimda kamomad qilmaganman. Uyurim doim tus-tugal bo‘lardi.
To‘raboy aytayotgan bo‘z toyning tarixi uzun edi. Uni G‘uchchi chol Payshanbaning bozoridan sotib olgan. Odamlar uyuridan o‘maribdi-da, deb o‘ylamasligi uchun, bo‘z toyga qo‘shib, yana bitta qari baytalni ham ikki barobar qimmatiga savdo qilganu yetaklab kelavergan. So‘ng biror oylar chamasi shu yag‘ir baytalni minib guzar aylangan, guzarda duch kelgan ismi mardumga: «Yaxshi baytal, zotli, zotli-ku, lekin yoshdan qolgan, chanochqoqda quluni tablada turibdi», deb gap uqtirgan. Gapiga birov ishonmagan. Bo‘z toy o‘sha qirchang‘i baytalga o‘xshamasdi — hurkak, tolmabo‘yin bir toychoq edi…
— Xudo begunoh qulunning payini qirqqanga hech ro‘shnolik bermasin!..— dedi Ibodullo Maxsum.
Ikki oshna baravar yuzlariga fotiha tortishdi. To‘raboy ularga qo‘shilmadi, ma’yuslandi… Aslida uning gunohi ko‘p emasdi. Aksiga olib, o‘shanda yo‘ng‘ichqa ayni gulga kirgan mahali edi. Agar toychoq shu gulga kirgan yo‘ng‘ichqani payhon kilmaganida balki payi ham qirqilmagan bo‘lardi. Buning ustiga, gulga kirgan yo‘ng‘ichqa payhon qilingan kecha sutday oydin edi, agar kecha sutday oydin bo‘lmaganida, balkim, bo‘ztoyni birov ko‘rmagan ham bo‘lardi… To‘raboy keyinchalik payi kesilgan toychoqqa ko‘p achindi. Lekin bo‘lar ish bo‘lgandi; bo‘ztoy yo‘ng‘ichqani poymol qilgandi, yo‘ng‘ichqa esa, endi gulga kirgan edi, buning ustiga, kecha oydin edi, bedapoya uvatida yotgan chalg‘ining o‘tkir tig‘i ham shu oydinda o‘zgacha bir yaltirab ko‘ringan edi…
— Maxsumga balli,— dedi G‘uchchi chol.— Shu toyni odam qildi. Payini yamagani qurbi yetmadi, lekin…
— Qo‘ying, aka, — dedi Ibodullo Maxsum. — Qo‘ying, gapirmang…
— Gapiraman, dedi G‘uchchi chol.— Axir, siz uni aqalli bir marta minmagandirsiz!..
Uning gapida biror xilof joyi yo‘q edi. U o‘sha bo‘z toy toki ot bo‘lib, keyin o‘z ajali bilan ketganiga qadar biror marta ustiga egar bosmagan edi. Bo‘z toy, keyinchalik xomsemizroq (u chopmaslikdan semirib ketgandi) ot, bir umrga oqsab qoldi. Ibodullo Maxsum shu oqsoq otni yetaklab yurishni yaxshi ko‘rardi. Ayniqsa, To‘raboyning ko‘k temir darvozasi yonidan o‘tishni yaxshi ko‘rardi. Odamlar uning cho‘loq otga bo‘lgan mehrini ko‘p tushunmadi, birovlar hatto g‘alatiga chiqardi, savdoyi atadi…
Ibodullo Maxsum birovdan ortiqcha gumon ham qilgani yo‘q. Bor-yo‘g‘i ikki marta guzardan toy yetaklab o‘tdi, xolos. Keyin… yakshanba kuni bo‘z toyni yetaklab bozordan qaytayotgan To‘raboy bilan yonma-yon biror yuz qadamcha yurib ko‘rdi, uning rang-ro‘yiga, oyoq olishiga razm soldiyu hamma gapni payqadi. Mana, biror o‘ttiz yildirki, u bilan To‘raboyning orasida bittagina sir botin yashaydi. To‘raboy tashvishi ko‘p odam,— ba’zida haligi sirni unutib qo‘yadi, qo‘liga erk beradi, tiliga erk beradi. Lekin Ibodullo Maxsum xudolig‘ni unutmagan, insofni biladi, olijanoblik qilib, eski, unutilib ketay degan sirni qaytadan To‘raboyning esiga soladi.
— Men mudirligimda ikki tonna arpa kamomad qiluvdim,— To‘raboy birdan pastg‘a tushdi.— Munaqasi bo‘p turadi, aka…
— Bilmadim,— dedi G‘uchchi chol.— Men umrimda kamomad qilmaganman.
— Mening aybim kamomadim, sizniki shu bitta — toy…
— Balkim, meningam aybimni aytarsiz?— deb so‘radi Ibodullo Maxsum.
To‘raboy kalovlanib qoldi. Uning baxtidan bo‘lib hovli darvozasidan G‘uchchi cholning o‘g‘li Ergash kirib keldi. Chorpoyadagilar bilan uzoqdan bosh irg‘ab salomlashdi. So‘ng, astoydil tikilib, To‘raboyni tanidiyu qiziqishi ortdi. Lekin u chorpoyaga kelib ulgurmadi. Ochiq qolgan darvozadan jikkakina bir g‘unajin kirib, so‘ramay-netmay, o‘zini kampir o‘tqazgan kichkina gulzorga urdi. G‘unajinning shahdi baland edi — qo‘yib bersa, kampirning gulzorini ship-shiydam qiladigan. G‘uchchi chol avvaliga hay-haylashga chog‘landi, lekin sal turib, fikridan qaytdi. «Battar bo‘lsin!—deb o‘yladi.— Qariganda gul ekishni unga kim qo‘yibdi, chalpakka o‘rab otsang it yemaydi-ku, yana xina bilan rayxon ekkaniga o‘laymi!..»
Ergash shart ortiga qayrilib, qo‘liga tayoq oldi va yugurib kelishda g‘unajinning quymichiga kaltak soldi. Ibodullo Maxsum jonivorning kaltak yeganini ko‘rmayin deb, ko‘zini chirt yumdi. G‘uchchi chol indamadi, ichida Ergashni so‘kdi. «Sadqai mol ket!» To‘raboy bo‘lsa, chorpoyada cho‘kkalab oldi-da, Ergashga pishang bera boshladi:
— Ha, domullo, uring! Padarla’natini yaxshilab uring!.. Urib oyog‘ini sindiring, domullo! Shoxiga, shoxiga uring! Qaytib birovning tomorqasiga kirmaydigan bo‘ladi… Biqiniga, och biqiniga uring! Og‘rimaydigan joyiga uring!.. O‘roq-po‘roqdan yo‘qmi, domullo? Olib, biqiniga sanchimaysizmi, axir?! Bo‘shashmang, domullo, uring, savilni uring!..
Ergash To‘raboyning baqirig‘idan bezor bo‘ldimi yoki o‘zining ham rahmi keldimi, g‘unajinga qaytib tayoq ko‘tarmadi. Bir-ikki po‘pisayu do‘q bilan g‘unajinni darvozaga qaratib haydadi. G‘unajin darvozadan beriroqda o‘sgan bir tup semiz supurgini tomir pomiri bilan qo‘porib, ko‘chaga qochib chiqdi…
— Yaxshi g‘unajin,— dedi To‘raboy qaytib o‘tirgach.— Mamasolining g‘unajini. Sal ovchiligi bor, birov urib o‘ldirmasa, yaxshi sigir bo‘ladi.
— Qisir qolgan,— dedi Ibodullo Maxsum.— Yanagi yili yana qisir qoladi. Oyoq olishi yomon muning…
— To‘raboyda uchta buqa bor, shunga oborsa bo‘larkan,—dedi G‘uchchi chol.
— Opkeluvdi,— dedi To‘raboy.— Lekin buqaning haqini bermadi.
— Siz sigir boshiga necha puldan olasiz?— deb so‘radi Ibodullo Maxsum.
— Uch so‘mdan,— dedi To‘raboy.— Buqalarning yemishiga kerak.
— Buqa asrab savob ish qilasiz,— dedi G‘uchchi chol.
— Har kimning ko‘ngli tusagani,— dedi To‘raboy.— Mana, akam, siz ot asraysiz, men buqa asrayman.
— Akam otni ko‘ngil uchun asraydi,— dedi Ibodullo Maxsum.— Siz buqani bo‘rdoqiga asraysiz. G‘uchchi akam otini o‘zi boqadi, siz buqalarni hech boqmaysiz. Boqasiz-ku, lekin o‘zlarining topgan puli hisobiga boqasiz.
— Har kimning ta’bi,— dedi To‘raboy.— G‘uchchi akam ot asraydi, men buqa asrayman.
— Buqani minib bo‘lmaydi,— dedi Ibodullo Maxsum. U negadir shu topda To‘raboyni kamsitishni istab qolgandi.
To‘raboy bu gapga e’tiroz bildirolmadi.
— Hindular xo‘kiz minarmish…— sekin gap qo‘shdi G‘uchchi chol.
— Bari bir, ho‘kiz otday chopolmaydi,— dedi Ibodullo Maxsum, so‘ng oshnasiga ranjibroq qaradi.—Shu, aka, hindu bilan tuyaning farqi o‘zi kam, qilgan ishining hammasi teskari bo‘ladi…

* * *

G‘uchchi chol darvozani bekitib kelayotgan Ergashni ko‘rib, chorpoyadan turdi, keyin ota-bola uzoqroqqa, bog‘ning to‘ridagi xashaki olmalar tagiga o‘tishdi.
— Xo‘sh, ota?..— deb so‘radi Ergash.
U muallim edi — so‘roq so‘raganida chap qoshi xiyolgina ko‘tarilib tushardi.
G‘uchchi chol indamadi. Ergash boshqa gap so‘rashdan iymandi, ko‘zlarini chang yuqqan poyabzaliga bir muddat qadab turdi, so‘ng yerda yotgan eski boltani olib, olmaning ayrisiga qistirdi.
— Sen menga munday gapirma,— dedi G‘uchchi chol.— Hali yoshsan. Men gapirsam yarashadi… Qachon manavi olmalarni qirqib tashlaysan?!— kutilmaganda baqirdi u. Ayriga qistirilgan boltani olib, daraxt tanasiga soldi. Bolta o‘tmas edi, lekin G‘uchchi chol andog‘ urdikim, zarbning kuchidan olmaning oq-sarg‘ish tanidan bir parchasi ochilib qoldi. — Nima, boltaniyam o‘zim charxlab beraymi?
— O‘zim charxlab olaman,—dedi Ergash.
Ota-bola ozroq tumtayib turishdi. Keyin Ergash gap qotdi:
— Menga bir gapingiz bormidi, ota?
G‘uchchi chol unga o‘qrayib qaradi. O‘g‘li hozir o‘y o‘ylashga xalal berardi.
— Salomingni ayamasang bo‘ldi, bolam,— deb achitdi u.
— Mehmoningiz bor ekan…— Ergash mojaroning bemavridligini eslatishga urindi.
G‘uchchi cholga uning pisandasi hech yoqmadi.
— Hm…— dedi u.
— Charchadim, ota,— dedi Ergash.
— Charchabsan-da?—o‘smoqchiladi G‘uchchi chol.—Nima, laylak haydadingmi, o‘g‘lim?
— Kuchuk axtaladim!..— Ergash o‘zini tutib turolmadi, portlab ketdi.— Nima qilasiz tergab?
— Men seni tergadimmi hali?..— G‘uchchi chol miyig‘ida iljaydi.
— Bo‘lmasa nima?— Ergashning chap qoshi yana xiyol ko‘tarildi.
— Qoshingni kerma, — dedi G‘uchchi chol. — Nega qoshingni kerasan? Xotinga yarashadi! Erkakmisan o‘zi? Enang o‘g‘il tug‘dim deganday bo‘luvdi-ku?..
Ergash og‘rindi. Bir hayoli shart burilib ketish ham bo‘ldi, lekin chol… «Chol hafa bo‘ladi,—deb o‘yladi u.— Keyin ikki dunyodayam qutulolmaysan…»
— Baxudo,— dedi Ergash,— Baxudo, ota so‘kinmang!..
— Tojikcha gapirma,— dedi G‘uchchi chol.— Besh yil shaharda o‘qib, menga topib kelgan gaping shu bo‘ldimi?
— Ota!..— dedi Ergash.— Mening sizga tili-jag‘im tegmadi.
— Enangga o‘xshaysan,— dedi G‘uchchi chol.— Uyam tili-jag‘idan gapiradi.
— Meni tinch qo‘ying, ota, — yalindi Ergash. — Men sizga yosh bola emasman.
— Battarsan!..— dedi G‘uchchi chol.— Sen bilan gaplashib bo‘lmaydi.
— Bo‘lmasa gaplashmang!
— Oq qilaman!..— do‘q urdi G‘uchchi chol.
— Bilganingizni qiling!..
G‘uchchi chol Ergashning jahldan bo‘g‘riqqan yuziga bir muddat zavqlanib tikildi. «O‘zimga o‘xshaydi,— deb o‘yladi.— Dag‘alroq bo‘lgani ma’qul, halimday eshilib tursa, muning erkakligi qoladimi…»
— Menga ko‘p aql o‘rgatma,— dedi u.— Xohlagan paytimda hovlidan quvib solaman.
Bunisi endi lalmi do‘q edi, lekin Ergash cholning yumshaganini tushunmadi.
— Mayli, mayli,— dedi u.— Shu yerdan ketganim ma’qul. Meni sharmanda qildingiz, ota!
— Ota, dema meni!..— baqirdi G‘uchchi chol, so‘ng chorpoyada o‘tirgan mehmonlarni o‘ylab, birdan past tushdi. — Sen hali burningni terlatib non topib berganing yo‘q… Bor, bitta uloqni so‘y!..— bexosdan buyruq berdi u.— Xotiningga ayt, barini qozonga tashlasin!..
Ergash bu gapni hech kutmagan edi — angrayib turaverdi.
— YO men o‘zim so‘yaymi?—deb so‘radi G‘uchchi chol.— So‘yardim-ku, lekin ilojim yo‘q, qo‘l yaramaydi.
— Uyda go‘sht bor.
— Uydagi go‘sht ozlik qiladi.
— To‘raboyga shuncha izzatmi?-— deb so‘radi Ergash.
— To‘raboyga bo‘lmay, Maxsumgami?—dedi G‘uchchi.— Maxsum menga do‘st odam, bir burda nonimgayam qanoat qiladi.
— Tuzuk,— dedi Ergash.
— Nimasi tuzuk?
— Tuzuk,— dedi Ergash tag‘in. Boyagi jahlidan asar ham qolmadi. Otasining chinoqligini o‘ylab, sal iljaydi ham.— Lekin uloqqa enam pul bergan-ku, ota?
— Enangning mahrini men berganman,— dedi G‘uchchi chol.— Bor endi, mening aytganimni qil!..

* * *

Biror uch soatlardan keyin, chollar o‘tirgan chorpoyaga bir lagan serpiyoz qovurdoq keltirishdi. Taomni Ibodullo Maxsum boshladi. Keyin To‘raboy bilan G‘uchchi chol ham yenglarini shimarib, laganga yaqinroq surildilar.
— Serpiyoz bo‘pti.— dedi To‘raboy katta bir luqmani qo‘liga olib.— Men piyozni yaxshi ko‘raman Maxsum…
— Men piyozni yaxshi ko‘rmayman, lekin bari bir yeyman,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Men ertalab uyda sho‘rva ichuvdim, — dedi To‘raboy.— Lekin uloq go‘shti shirin, ko‘ngil tortadigan bo‘pti. Shu bir zamon bo‘lsa-da, oyoqni uzatib yotib faqat uloq go‘shti yesang!
— Xadeb uloq go‘shti yegan maza qilmaydi,— dedi G‘uchchi chol.— Jonga tegadi. Mana, men oshniyam yaxshi ko‘raman.
— Bari bir, oshning tagiga uloq go‘shtidan bosasiz,— deb e’tiroz bildirdi To‘raboy.
— Molning go‘shtiyam bo‘laveradi,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Manzar polvon guruchli taom yemaydi,— dedi G‘uchchi chol.— Yesa, tomog‘iga tiqilib qoladi. Birovlar osh yeganda yetimchaday qarab o‘tiraveradi. Keyin lagan bo‘shagandan keyin tagida qolgan yog‘ning yuqi bilan maxsisini moylaydi.
— Bari bir moylarkan-ku,— dedi To‘raboy.— Har na nafi borku!.. Lekin menga qolsa, doimo uloq go‘shti yerdim.
— Kunora yeng, To‘raboy,— Ibodullo Maxsum To‘raboyning o‘jarligini ko‘p yoqtirmadi.— Bo‘lmasam, bo‘kib qolasiz. Uyingiz do‘xtirdan olis. Do‘xtirga opketsa, buqalarga kim qaraydi?
To‘raboy qaltisroq gapirmoq bo‘lib, qo‘lini dasturxondan tortdi. Lekin qovurdoqni ko‘zi qiymadi. Chimirilgan o‘siq qoshlari tag‘in yoyildi, bir qultum yaxna choydan simirib, laganga yaqinroq surildi.
— O‘ldirsa, uloqning go‘shti o‘ldirsin!— dedi u xushhollik bilan.
— Ora-sira boshqa taomdan ham yeng,— dedi Ibodullo Maxsum.— Kelinga ayting, yalpizdan ko‘proq qo‘shsin. Yurakkayam, miyagayam foydasi bor.
— Mening yuragim tuzuk, Maxsum.
— Miyangizchi? — deb so‘radi Ibodullo Maxsum. To‘raboy bu gapni eshitmadi.
— Yalpizning endi ikki quloq chiqargani durust,— dedi u.
— Yo‘q, To‘raboy,— dedi G‘uchchi chol.— Yalpizning miyaga ziyoni bor. Bizning ola mushuk shu yalpizdoridan ichib xarob bo‘ldi.
To‘raboy quvonib ketdi. G‘uchchi cholni xuddi telbani tomosha qilgandek, alohida bir diqqat bilan ko‘zdan o‘tkazdi.
— O‘ldirdingizmi, ishqilib?
— Juda berahm odamsiz-da. To‘raboy!..— dedi G‘uchchi chol ranjib.
To‘raboy gapni o‘ziga yuqtirmadi. Kuldi. Kulganida ustki labi jiyrilib, sarg‘aygan milklari ko‘rindi.
— Kulmang, To‘raboy,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Men kulmadim, Maxsum, o‘lay agar, kulmadim,— To‘raboy kulganini tan olmadi.— Akamning mushugi qiziq ekan-da o‘zi!..
— Uyam xudoning yaratgani,— dedi Ibodullo Maxsum.— Bizning mushuk haftasiga bittadan ilon o‘ldiradi. Poylab turib, panjasi bilan bitta uradi -tamom, o‘ladi-qoladi!
— Bijjiki pashtroqidi, Maxshum,— dedi G‘uchchi chol g‘o‘ldirab.— Men shuni yebbo‘vay, keyin…
— Yeng, aka osh bo‘lsin! Yeb bo‘lgandan keyin aytasiz.
G‘uchchi chol og‘zidagi luqmani yeb bo‘lib, Ibodullo Maxsumga qaradi:
— Yeb bo‘ldim, Maxsum.
— Endi gapiring, aka,— ruxsat berdi Ibodullo Maxsum.
— Bizning mushuk piyonista edi, Maxsum,— dedi G‘uchchi chol.— Kampir yuragiga deb yalpizdori ichadi deng… Qayoqdanam mushugi tushmagur shunga o‘rgandi. Kampir dorisini ichib yurganida tuzuk edi, bechora qolgan-qutgan yuqini yalab kun o‘tkazardi. Lekin kasofat qurumsoqlik qilib dorisiniyam ichmay qo‘ydi. Keyin mushukning miyovlab behuzur bo‘lganini ko‘ring!..
— Ih!..— dedi Ibodullo Maxsum.—Men mushukni munchalar bo‘lar deb o‘ylamovdim!
— Bo‘larkan-da, Maxsum,— dedi G‘uchchi chol.— Bahor payti ariq labiga tushib, balchiqdan endi bodrab chiqqan yalpizni panjasi bilan o‘ziga qayirib oladi, keyin tepadagi ikki quloqchasini kurt-kurt qilib yeydi. Necha marta ariqqa tushib ketdiyamki yana qaytib boradi!.. Bo‘lmasam mushuk deganingiz suvdan qo‘rqadi.
— Quturgan odam ham suvdan qo‘rqadi,—dedi To‘raboy.
Jim qolishdi. G‘uchchi chol hikoya bilan ovora, tuzukroq ovqat ham yeyolmadi, battar ochiqqanini sezdi, lekin shuncha gapdan keyin maosh qilishni o‘ziga ep ko‘rmay, qo‘lini dasturxon chetiga artdi. Ibodullo Maxsum ham o‘zini tiydi.
To‘raboy laganning ko‘p buzilmagan chetini o‘ziga qaratib, ishtaha bilan yeya boshladi. Yegandayam chapillatib yedi. Boya gap ustida ko‘p sezilmagan ekan, hozir eshitib, Ibodullo Maxsumning g‘ashi keldi.
— Chapillatmang, To‘raboy!—dedi u toqati toq bo‘lib.
To‘raboy bunisini kutmagandi — og‘zidagi og‘zida, bo‘g‘zidagi bo‘g‘zida qoldi. Qaytarib tashlay desa — oldida dasturxon, chaynab yutay desa, bunisiyam og‘ir. Bechora bir muddat baqrayib qoldi. O‘zigayam ko‘p ta’sir qildi. Nihoyat, og‘zidagi luqmani chaynamay-netmay, bir amallab yutdi. Ustidan bir piyola yaxna choyni ko‘tarib, Ibodullo Maxsumga sanchibroq tikildi. Lekin Ibodullo Maxsum G‘uchchi cholga o‘xshagan bechidam emasdi, To‘raboyning ko‘zlariga kulib qaradi.
— Men sizga aytsam, Maxsum— deya gap boshladi To‘raboy.
— Ayting, To‘raboy, armoningiz qolmasin,— dedi Ibodullo Maxsum.
— Ovqatdan keyin aytsa nima bo‘ladi, Maxsum?— deb so‘radi G‘uchchi chol. U o‘zining mezbonligini unutolmay garang edi. — Xo‘p deng, Maxsum, shuni ovqatdan keyin aytsin.
— Mayli, hozir aytaversin.
— Men yoshroq bo‘lganimda, sizni bir urardim, Maxsum,— dedi To‘raboy.
— Menga G‘uchchi akam yordam berardi,— Ibodullo Maxsum gapni hazilga burmoqchi bo‘ldi.
— To‘g‘ri,— dedi G‘uchchi chol.— Meni Juman g‘alcha o‘g‘illari bilan qo‘shilishib urgan. U paytda Maxsum Buxoroda o‘qib yurardi.
— Ming o‘qigani bilan, bari bir mullalik qilolmadi,— dedi To‘raboy.
— Qilolmadim emas, qilmadim.
— Bari bir, Maxsum, men sizni urardim…
— Menga bir qarang, To‘raboy,— dedi Ibodullo Maxsum jahllanib. — Avliyoga atalgan uloqday holingiz bor, bir mushtimdan ortmaysiz. Yoshlik paytimda bir ursam, sizni Sigirtepaning ortidan topib kelishardi!
— Uzoqmasmikin?— deb so‘radi To‘raboy.— Siz asl nokas odamsiz, Maxsum. Menga hasad qilasiz!
— Hoy, To‘raboy, siz kimsizki Maxsum sizga hasad qilsa!..— dedi G‘uchchi chol g‘azabidan bo‘zarib.— Siz Maxsumga ko‘p ta’na qilmang!
— Qo‘ying, aka,— dedi Ibodullo Maxsum.— Muning gapiga ko‘p e’tibor bermang, bu kishi birovning payini qirqib turmasa bo‘lmaydi.
To‘raboy birdan pusib qoldi. Ne qilsa ham, payi kesilgan bo‘z toy uning zaif joyi edi. Ba’zida To‘raboyning o‘zi ham shunga ajablanardi: endi odam deganing borki, dunyoga kelib gunohdan forig‘ bo‘lmaydi. Sutday oq bo‘lishning hech iloji yo‘q. Bo‘lmasam, xudoga shukur, shu bo‘z toydan boshqa ayblari ham oz emas. Lekin ularni hamma biladi. Ularni deb allaqachon sharmanda qilishgan. Qaytaga sharmanda bo‘lganing ham durust, sharmandalik bir kun, bir oy, boringki, bir yil cho‘zilar, keyin borib unut bo‘lib ketadi. Ibodullo Maxsum shu bitta bo‘z toyning gapini gap qilib olgan, istasa eslatadi, istamasa — yo‘q… Lekin haligi oshiqcha. Tilini sug‘urib olgan kamlik qilar!.. Bir toychoqning xuni o‘zi qancha, kesilsa, payi kesilibdi, shuni yashirding nimayu yashirmading nima? O‘zi-ku, shuni aytsang, tinchishing tayin. Maxsumning shamalariga chidab yurgandan ko‘ra, bir yo‘la sharmanda bo‘lda, qo‘y!..
To‘raboy sharmanda bo‘lishga ahd qildi.
— Birovning payini qirqqan yomonmi, Maxsum?— deb so‘radi u.
— Bilmadim, qassob bo‘p ko‘rmaganman,— dedi Ibodullo Maxsum. U To‘raboyning shum niyatini allaqachon payqagan edi.
— Aytaylik, G‘uchchi akamning otining payini qirqsam nima bo‘ladi?—deb talmovsiradi To‘raboy.
G‘uchchi chol eshitgan gapiga ishonmay, o‘rnidan sapchib turdi.
— Og‘zingizga qarab gapiring, To‘raboy!—dedi u.— Men otimni siz bilan qo‘shib bitta tablaga bog‘lamasman!
To‘raboy tag‘in amalga yetmadi. Dog‘da qoldi. Ichida G‘uchchi cholni so‘kdi: «Galvars! Bilishniyam istamaydi!..» Keyin ko‘zlarini G‘uchchi cholning salla bilan chirmalgan yarador qo‘liga tikdi:
— Qo‘l endi ko‘pkariga yaramaydi-ku, yurt og‘asi! G‘uchchi chol besaranjom bo‘ldi. Qo‘lini chopon ostiga yashirmoqchi edi, bo‘lmadi, oshnasi «qo‘yaver!» degandek ishora qildi.
— Quturmagan bo‘lsayam, qopganini qarang!— dedi To‘raboy.— Birovning zanjirdagi iti bo‘lsayam bir gap edi, lekin u mo‘ltonidan qolgan ekan. Mo‘ltoni xalqi ahmoq emas, shaytonga dars beradi, sog‘ itni hech mahal tashlab ketmaydi, o‘zi bilan opketadi!..
G‘uchchi cholning yuragiga vahima tushdi.
— Men hech belgisini sezmadim, To‘raboy,— dedi u.
— Birdaniga belgi nima qiladi!— G‘uchchi cholning soddaligidan kuldi.— Sal turib belgi beradi-da, axir!.. Ishtahangiz ham yo‘qolgan ko‘rinadi. Bilsangiz, G‘uchchi akam, quturgan itning ustidan g‘alvirda suv elashadi.
— Men suvdan qo‘rqmayman, To‘raboy,— dedi G‘uchchi chol.— O‘zingiz ko‘rdingiz, bemalol choy ichib o‘tiribman.
— Endi bu bir misol-da, G‘uchchi akam…— dedi To‘raboy.— Agar yana bir misol opqarasak, mana, siz… biror kimsaga tish solarmidingiz?
— E, men itmidimki, birovni tishlasam!— ajablandi G‘uchchi chol.
— Men sizni itga mengzamadim,—dedi To‘raboy.— Endi bir misol qilib gapirdim. Men birovni to‘satdan tishlab olgingiz kelmaydimi, deb so‘rayapman.
— Itga mengzamadim deysiz-ku, lekin tishlaging kelmaydimi, deb so‘raysiz. Endi itga mengzaganingiz shu-da, To‘raboy?
— Yo‘q, bu gaplardan xudo asrasin!— dedi To‘raboy.—- Minba’d munday gapirmang!
— Bo‘lmasa nima?—G‘uchchi cholning daf’atan qahri keldi.— Men sizga bo‘yinsa bo‘lmasam, yoshim biror o‘n yosh katta bo‘lsa, nega menga munday hazil qilasiz?
— Men sizga hazil qilmadim.
— Bo‘lmasa, chiningizmi bu?- deb so‘radi G‘uchchi chol.
To‘raboy javob o‘rniga qiqirlab kuldi. Shu paytgacha hurpayib o‘tirgan Ibodullo Maxsum boshini ko‘tardi.
— Siz akamning quturmaganiga hafasiz chog‘i, To‘raboy?—deb so‘radi u.
— Xudo ursin!— To‘raboy qo‘shqo‘llab yoqasini ushladi.— Agar shunday o‘ylagan bo‘lsam, tongga yetmay o‘lay!..
— Sizning akam qutursa suyunishingiz tayin,— dedi Ibodullo Maxsum.— Juman g‘alcha akamni o‘g‘illariga qo‘shilib urgan. Siz shu odamning jiyanisiz. Sizning suyunishingiz tayin.
To‘raboy bunday keskin da’voni kutmagan ekan, ko‘zlari pir-pir ucha boshladi. G‘uchchi cholga madad so‘rab tikildi.
— Juman g‘alcha meni urgan,— dedi G‘uchchi chol.
— Ursa u uribdi, mening aybim nima?— deb so‘radi To‘raboy.
— Juman g‘alcha jonday tog‘angiz edi,— G‘uchchi chol unga aybini eslatdi.
To‘raboy ko‘p mulzam bo‘ldi. G‘uchchi chol haq edi. Yaxshimi, yomonmi, Juman g‘alcha uning tog‘asi.
— Alam qilyaptimi, To‘raboy? — surishtirdi Ibodullo Maxsum.
— Alam qilyapti,— deya tan oldi To‘raboy.
— Alam qilgan joyiga tuz seping,— dedi Ibodullo Maxsum.
To‘raboy avval bo‘zardi, keyin qizardi, o‘zini har ne tutgali urindi-ku, ilojini topmadi, xunuk bir tirjayib, bori-yo‘q zahrini to‘kib soldi:
— Sizam quturibsiz, Maxsum!
Oradagi ilinibgina turgan ip chirs etib uzildi. G‘uchchi chol Ibodullo Maxsumga yalt etib qaradi. Lekin Ibodullo Maxsumning yuzi qilt etmadi.
— Bir oyoqning chigilini yozsak, To‘raboy,— deb taklif qildi u. — Yuring, bir oyoqning chigilini yozaylik.
To‘raboy uni o‘zicha tushundi.
— Yoshingiz bir joyga borib qolgan, Maxsum,— dedi u.— Sizni urish menga uyat..
— Boshqa gap bor, To‘raboy,— dedi Ibodullo Maxsum. To‘raboy unga ishonqiramay qaradi.
— Shuni ertaga gaplashsak bo‘lmaydimi, Maxsum?..
Ibodullo Maxsum tahqirli sukut bilan javob qildi. To‘raboy noiloj chorpoyadan tushdi.
— O‘zingizni kalishingizni kiying,— dedi Ibodullo Maxsum.— Meniki hali yangi, to‘yga kiyib boradigan…
To‘raboy battar kalovlandi, Ibodullo Maxsumning kalishini yechib, o‘zining uvadaroq juftini oyoqlariga ildi. So‘ng Ibodullo Maxsumga ergashib, boyagina G‘uchchi chol bilan o‘g‘li Ergash gaplashgan joyga — qari xashaki olmaning tagiga bordi. To‘xtadilar. Ibodullo Maxsum choponining barlarini qayirib, belbog‘iga qistirdi, so‘ng To‘raboy tarafga bir qadam bosdi. To‘raboy ortga tislandi.
— Hazillashmang, Maxsum, oxiri yomon bo‘ladi,— dedi u, so‘ng gapining isboti uchun ikki-uch marta yer depsindi.
— Quturgan it meniyam qopgan,— dedi Ibodullo Maxsum.— Sizam men bilan ehtiyotroq bo‘p gaplashing.
— Hazillashmang, Maxsum, jahlim chiqsa, aqlim ketadi,— dedi To‘raboy.— Joningizga rahmingiz kelsin, Maxsum!
— Bo‘g‘zingizdan bir tishlaymi, To‘raboy?— deb so‘radi Ibodullo Maxsum, so‘ng rostdan tishlamoqchi bo‘lganday, tishlarini takillatdi.— Xo‘p deng, kekirdagingizdan bir tishlam uzib olay, To‘raboy?
To‘raboy cho‘chidi. Yana ikki qadam ortga tislandi, tislanish asnosida darvoza tarafga o‘g‘rincha qarab oldi. Negadir ko‘ngliga ma’yuslik cho‘kdi. Ibodullo Maxsumdan azbaroyi hafa bo‘ldi chog‘i, ikki marta chuqur xo‘rsindi. Keyin uni chetlab o‘tib, darvozaga yo‘naldi. Ibodullo Maxsum uning ortidan yurdi. To‘raboy ildamladi. Ibodullo Maxsum ham qadamini tezlatdi. To‘raboyning o‘zi to‘lagina, choponi taniga ham xiyol tor edi. Tezroq yurganidan keti chopon tagida qalpanglab borardi. Ibodullo Maxsumning hayoliga nogahon bir shum fikr keldi, iljaydi, bir-ikki bor o‘zining o‘ng oyog‘iga, keyin To‘raboyning ortiga qarab oldi. Lekin har qalay oyoq ko‘tarmadi — insof qildi. Garchi To‘raboyning ortiga tegmagan bo‘lsa-da, shu o‘yning o‘zidanoq zavqlandi. Xatto, shu o‘y barobarida ko‘nglidagi ozmi-ko‘p xusumatni ham unutganday bo‘ldi. Go‘yoki tepki bilan xusumat orasida hech bir aloqa yo‘qday edi… Tepging keldi, tepmoqchi ham bo‘lding, lekin tepmading… Bari bir, deb o‘yladi Ibodullo Maxsum. Tepmoqchi bo‘lganingning o‘ziyam yaxshi. Odamning miyasiga shunday hayolning kelganiga qarang… Kekirdagingni uzib olaman deding-ku, lekin uzib olmoqchi emasding, lekin tepaman, deb aytmasang ham — tepging keldi…
Ibodullo Maxsum ilgari hech bunday tarzda o‘ylamagan edi. Shu sabab o‘yning zavqini tuyish o‘zgacha bo‘ldi. Mabodo, To‘raboy aqalli bir bora ortiga qayrilganda edi, balkim, Ibodullo Maxsumning quvonchini ko‘rib, rosa ajablangan bo‘lardi. Haytovur, u ortiga qayrilmadi. Ibodullo Maxsum uning qayrilmog‘ini o‘ylab, o‘zini yig‘ishga, sal-pal qovoq uyishga urindi. Lekin ilojini topmadi. Keyin u oshkora iljaydi. Ibodullo Maxsum darvoza oldida to‘xtadi. To‘raboy esa ko‘chaga chiqqandan keyingina qadamini sekinlatdi. Ortiga hadik aralash boqdi. So‘ng ta’qibchisining ichkarida qolganini ko‘rib, to‘xtadi, dadillashdi va etagini qoqdi: endi bu yerni yelkamning chuquri ko‘rsin!
O‘sha kuni kechasi G‘uchchi chol Galatepadan bosh olib ketishga ahd qildi.
Yozning dim, issiq tunida uzoq o‘ylab yotdi. Qazogacha yoru-do‘stning oldida qolgan ma’qul edi, deb o‘yladi. Lekin taqdir deganing teskari keldi, mundayroq o‘lim bilan o‘lsam bir gap, lekin quturib o‘lish… Hech kim seni ayab o‘tirmas, tinch o‘lsang — o‘lganing, bo‘lmasa, shartta ushlab, daraxtning tanasiga zanjirband qilishadi, vassalom!..
Xullas, u bosh olib ketgali ahd qildi: uydagilarga shaharga ketdim, deb aytadi, keyin bir pana-pastqam joyni topib… kutadi. O‘tsa, o‘tib ketgani — kuning uzoq ekan, magarkim, o‘tmasa… E, shuniyam o‘y qilib o‘tirasanmi!.. Odam deganing bir marta dunyoga keladi. Bir boshda bir o‘lim, beshikka tekkan yelka tobutga tegmay qolarmidi!..
Ertasi kuni tong mahali G‘uchchi chol kunchiqarga qarab yo‘l tutdi. Birov ko‘rmasin deb, soyu soya joylarni tanlab yurdi. Choshgohda tog‘ning etagiga yetib bordi, lekin o‘rlamadi, kuchini ayadi, archazorni oralab o‘tgan tekisgina so‘qmoqdan ketaverdi. Tog‘ning narigi belida bu so‘qmoq birdaniga tik oldi, Cho‘nqaymishga ketadigan dovonga qarab burildi. G‘uchchi chol janubroqqa, sarg‘ish o‘t-o‘lan qoplangan cho‘lga tomon tushib bordi. Galatepa uzoqda, archazor kumush bo‘lib yaltiragan tog‘ tumshug‘i ortida qolib ketdi. G‘uchchi chol xiyla charchadi, terga botdi. Uyqusiz tun uni azoblab qo‘ygan ekan, a’zoi-badani zirqirab og‘riy boshladi. Bekorga ot minmabman, deb o‘yladi u, hech kim gumondor bo‘lmasdi, toqqa ketyapti, deb o‘ylashardi, xolos… Kimning mening quturib o‘lganim bilan bir pullik ishi bor?.. Otni ayadim, zavol bo‘lmasin, dedim. Sirasini aytsa, otning o‘zi nimaga keragi bor? Azroilni piyoda yurib ham topib olarman!..
Birdan u qo‘ng‘iroq tovushini eshitdi. Avvaliga qo‘y-qo‘zini ergashtirgan serka bo‘lsa kerak, deb hayol qildi, lekin harchand tikilmasin, yaqin-atrofda qo‘y zotini ko‘rmadi. Qo‘ng‘iroq tovushi ham goh kuchayib, goh susayib, tog‘ bag‘ridagi yaylovdan emas, butkul ters tarafda-n — ro‘paradagi toshloq qirlar ortidan kelardi. Yarim soatlar o‘tgach, qarshisidagi qir o‘rkachida bitta otliq paydo bo‘ldi, uning ortidan uchta tuya bodrab chiqdi. G‘uchchi chol ko‘zlariga ishonmay, bir zum tek qotib qoldi.
Kichkina karvon tobora yaqinlashib kelaverdi. Nihoyat, G‘uchchi chol karvonboshini tanidi: bu o‘sha ma’lum va mashhur Jonuzoq arab edi. Karvonboshi ham uni tanidi chog‘i, otining jilovini tortdi.
— Assalomu alayxum, G‘uchchi aka, — dedi Jonuzoq arab horg‘in bir ovozda. — Bu dunyoda tirik bormisiz, aka, joningiz tinchmi?..
— Birnav, — dedi G‘uchchi chol.
— Kattaqo‘rg‘onga ketyapman, — dedi Jonuzoq arab. — Qarib qoldim. Kattaqo‘rg‘onning tuzi tortdi… Juda qaridim, G‘uchchi aka…
G‘uchchi chol uning qariganini o‘zi ham ko‘rib turardi: soch-soqolidan tortib, to gardanidan chiqib turgan mo‘ylarigacha oppoq, yuzlari cho‘tir, battar qoraygan…
— Ko‘p kasal bo‘ldim, — dedi Jonuzoq arab. — Chechakka chalindim.
— Men esa uloqib kelyapman, — dedi G‘uchchi chol.— Besar it qopti. Quturgan, deb aytishyapti. Tozi edi, menga o‘rgansa, mo‘ltonini esdan chiqarar, devdim… Mo‘ltonining iti itlik qilmas ekan, Uzoqboy. Bilasiz, bitta qo‘shquvur miltig‘im bor, endi tozi asrasam, deb o‘ylovdim. O‘zingiz o‘ylang, umrim uyur ortida o‘tdi, bir yoqqa chiqolmadim, chiqarga. vaqt bo‘lmadi. Endi qarigan chog‘imda otga minib, miltiqni olib, keyin bitta tozini ortimdan olib, bir joylarga ovga chiqaman degan niyatim bor edi. Yoshligimdan shuni o‘ylardim Uzoqboy, faqat burgutim yo‘q. Bir kuni Cho‘nqaymishdan burgutning jo‘jasini sotib oldim. O‘n so‘m berdim, tumshug‘i qoraysa ovga opchiqarman, dedim, lekin burgutning bolasi quzg‘un bo‘p chiqdi…
— Yomon bo‘pti, — dedi Jonuzoq arab. — Burgutning quzg‘un bo‘p chiqqani yomon, G‘uchchi aka. Quzg‘un ovga yaramaydi.
— Bilaman, — dedi G‘uchchi chol. — Lekin bechora qush quzg‘un bo‘larga ham ulgurmadi. Men Payshanbaga ketuvdim, uydagilar tuzlangan go‘sht berib o‘ldirib qo‘yibdi… Balkim, ular qasddan qilmagandir, lekin quzg‘un bari bir o‘ldi. Burgut bo‘lmasayam, bechora qushga ichim achidi. Uydagilar mening otimniyam yomon ko‘radi, Uzoqboy, sotgin deb aytadi, bo‘lmasam, seni bir jar-parga tashlab ketadi, deyishadi…
— Ular otni bilmas ekan, G‘uchchi aka! — ajablandi Jonuzoq arab. — Bilsa, muncha yomon hayolga bormasdi. Yo‘q, G‘uchchi aka, otni birovga sotmang!
— Kimgayam sotardim, — dedi G‘uchchi chol. — Jonivor o‘zimga bosh qo‘yib qolgan. Sotsam, sayisligini kim qiladi? Yaqinda kasal bo‘luvdi, bir pudcha sabzi yedirdim, qoni tozalandi. Yo‘q, Uzoqboy, boshqa birov otni xarob qiladi. Uydagilar hammasi mendan hafa. Bir hafta bo‘ldi, kampir singlisini ko‘rgani ketgan. Ozroh hafalashgan edik, shu paytda ketgani yomon bo‘ldi, odamlar uni arazlab ketdi, deb o‘ylayapti. Omadim yo‘q ekan, Uzoqboy.
— Mening xotinim uyda o‘tiradi, — dedi Jonuzaq arab. — Avval karvon bilan yurardi, endi uyam qaridi… Boradigan qarindoshiyam yo‘q, o‘zimga o‘xshagan yetim. Sizam biror yetim qizga uylansangiz bo‘larkan, G‘uchchi aka.
— Menam shuni o‘ylovdim, — dedi G‘uchchi chol.— Lekin buyam yomonmas, insofi bor. Boshqasini olsam, balkim, yomon bo‘larmidi, o‘zingiz o‘ylang, men yilqi ortida yursam, uyga haftada bir kelamanmi, yo‘qmi…
— Endi biz qarib qoldik, G‘uchchi aka, — dedi Jonuzoq arab. — Endi tinchroq o‘tirsak bo‘larmidi.
— Hech iloji yo‘q, Uzoqboy…
— To‘g‘ri, iloji yo‘q. Siz, G‘uchchi aka, shu mo‘ltonidan qolgan toziga tegmasangiz bo‘larkan.
— Tozi yomon emasdi… O‘rgatib olgim keldi. Maxsum aytdi, qo‘ying, aka dedi, bu bir besar it, tishlab-netib yurmasin… Yo‘q, qulaq solmadim, endi eshitsam, quturgan tozi ekan. Men kutib o‘tirmadim, Uzoqboy.
— Kutmaganingiz yaxshi, — dedi Jonuzoq arab. — Mana, men shuncha yil yana Kattaqo‘rg‘onga boray dedim, qarasam, endi qartayib qolibman. Boshqa o‘tirolmadim… Nega piyoda ketyapsiz, G‘uchchi aka? Esimda, bitta saman otingiz bo‘lardi, zo‘r edi, Sigirtepaning tagida poyga bo‘lsa, o‘zingiz birinchi bo‘p kelardingiz. Hoziram o‘sha yerda uloq bo‘ladimi?
— Endi ko‘p uloq chopishmaydi, Uzoqboy,— dedi G‘uchchi chol g‘amgin turib. — O‘sha saman otim ham endi yo‘q, endi mening boshqa otim bor-qizil qashqa ot… Ko‘rib turibsiz, Uzoqboy, bosh olib ketyapman. Bo‘lmasam, meni daraxtga bog‘lab qo‘yishadi. O‘zingiz o‘ylang, Uzoqboy, men daraxtni shu niyat bilan o‘tqazibmidim? Yo‘q, munga chidashim qiyin. Mundan ko‘ra, biror cho‘li-biyobonda o‘lib ketganim ma’qul…
— Siz Qiziltoshga boring, — deb maslahat berdi Jonuzoq arab.— Suvi yaxshi joy. Hammayoqda qizil tosh, zarra qumigacha qizil…
— Menga suvning keragi kam, — dedi G‘uchchi chol.
— Bari bir Qiziltoshga borganingiz ma’qul. Men u yoqda doim qizil o‘tov tikardim. Qiziltoshning toshiyam qizil, mening o‘tovim ham qizil bo‘lardi. Borib yana o‘tov tikardim-u, lekin yosh o‘tib qoldi. Ular oldidan Kattaqo‘rg‘onga borib kelsam, shuyam katta gap. Uyda tinch o‘tirolmayman, G‘uchchi aka. O‘tgan kuni hech chidayolmadim, uch tuyani yetaklab yo‘lga tushdim. Indin choshgohda Kattaqo‘rg‘onga yetaman, ertaroq yetishim qiyin, tuyalar qarib qolgan.
— Tuyani nima qilasiz, Uzoqboy?— deb so‘radi G‘uchchi chol. — Hammasi salt ekan-ku?
— E, tuyasiz bo‘larkanmi, G‘uchchi aka!.. — ajablandi Jonuzoq arab.— Tuyasiz yo‘l yo‘lga o‘xsharmidi!.. Axir men… Kattaqo‘rg‘onga tuya tortardim-ku, esingizdan chiqdimi, G‘uchchi aka?
— Kattaqo‘rg‘on yaxshi shahar, — dedi G‘uchchi chol. — Odamlariyam yaxshi.
— Qiziltosh ham yaxshi, — dedi Jonuzoq arab.— Siz xo‘p deng, G‘uchchi aka, Qiziltoshga boring. Siz u tarafda necha yil yilqi boqqansiz!
— Unga ko‘p bo‘ldi, Uzoqboy! Eh-he, juda ko‘p bo‘ldi!..
— Haliyam kech emas. Siz Qiziltoshga boring. Piyoda yurganga uzoq, yaxshisi, mening baytalimni oling. Xurjunniyam oling, men tuyada bir amallab yetib borarman.
G‘uchchi chol yo‘q deyolmadi. Jonuzoq arab unga baytalining jilovini tutqazib, o‘zi tuyalardan biriga amr qildi:
— Cho‘k, cho‘k, jonivor!
Tuya cho‘kkaladi. Jonuzoq arab uning o‘rkachiga chiqib o‘tirgach, tuya o‘rnidan turdi. Har kim o‘z yo‘liga keta boshladi. Biror yuz qadam bosib, Jonuzoq arab G‘uchchi cholni chaqirdi:
—Sal bo‘lmasa, esimdan chiqay debdi, G‘uchchi aka! Oti Sanobar!
— Kimning oti? — tushunmay so‘radi G‘uchchi chol.
— Baytalingizning oti!..
Shu so‘zlarni aytib, Jonuzoq arab qir ortida ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
G‘uchchi chol ertasi yarim tunda Qiziltoshga borib tushdi. Baytalini eski rabot burjidagi yulg‘un tupiga bog‘lab, xurjunini nuragan paxsa devor tagiga oldi. Rabotning usti o‘pirilib tushgan, darbozaxonasida sayrayotgan boyqush odam isini sezib jim bo‘lib qoldi, keyin yana boshladi. So‘ng xas-xashak ostidagi chigirtkalar, kavaklardan sudralib chiqqan ilonlar… Basma-bas sayrashga tushdilar.
Atrof sutdek oydin. Oydinda rabotning xarobasi ulkan ko‘rinadi. Vaqt ham negadir sustlashib qolgan.
G‘uchchi chol yolg‘izlikdan endi cho‘chidi. Ko‘ngliga cho‘kkan vahimadan qutulmoq istab, baytalining yoniga bordi, bo‘ynidan mahkam quchoqladi, yuzini uning to‘s-dag‘al yollariga bosdi. Baytalga hojisining qilig‘i xush yoqdi, bo‘ynini tag‘in ham quyi egdi, so‘ng yuganini bir-ikki silkitib, nozli kishnadi. G‘uchchi chol baytalning og‘zidan so‘lig‘ini chiqarib, o‘tlagani qo‘ydi. O‘zi kamzulini yerga tashlab, xurjunni yostiq qildiyu oyni, xira yulduzlarni kuzatib yotdi…
Sal o‘tib, yuragi siqildi. Nariroqqa o‘tlab ketgan baytalni chaqirdi:
— Beh-beh, jonivor, beri kel!
Baytal sezindi. O‘tdan bosh uzib, G‘uchchi cholning yoniga keldi. Uning yuzlarini hidladi. Baytalning og‘zidan achchiq kakra hidi ufurdi. G‘uchchi cholning ko‘ngli buzildi.
— Hammamiz o‘lamiz, Sanobar, — dedi u baytalga. — Menam, meni gapga qo‘ygan To‘raboyyam, hammamiz… Bir-birimizning dilimizni bekorga og‘ritganimiz qoladi. Hech kim dunyoga ustun bo‘lolmaydy. Eshityapsanmi, jonivor?
Baytal ikki marta bosh siltab tashladi.
— Xudoyam bir kun borib o‘tib ketadi, — dedi G‘uchchi chol.— Odamlar bo‘lmagandan keyin xudoning nima keragi bor?
— Biz-chi? — deb so‘radi baytal. — Bizlar qolamiz-ku?
— E!.. — deb qo‘l siltadi G‘uchchi chol. — Barisi bir emasmi? Nima, ot odammidiki…
U birdan jimib qoldi. Baytalning ko‘nglini og‘ritganini sezdi.
— Sen boshqa gapirmagin, jonivor, — dedi u sal turib.—Bari bir seni tushunolmayman. Otmisan, odammisan ishqilib, dunyoga bir kunlik mehmonsan. Endi shuniyam gap qilib yuramizmi?
Baytal o‘sal bo‘ldi. Boshini bir silkitib, yuganini chiqarib tashladiyu boshi oqqan tarafga yo‘rtib ketdi. G‘uchchi chol o‘zining vahmi bilan ovora bo‘lib yolg‘iz qolganini payqamadi ham.
«Yaxshi bo‘lmadi, —deb o‘yladi u. — Xudoga shak keltirdim! Xudo bo‘lmasa… bo‘lmaydi-ku, axir?!» Nazarida xudo yo‘qolib, dunyo yetim qolganday edi.

* * *

Alqissa, G‘uchchi chol ancha kundan so‘ng Galatepaga sog‘-omon qaytib keldi. Kelgan kuni kechqurun guzarga chiqdi, odamlarni to‘plab ularga Jonuzoq arab, uning baytali haqida naql qildi. Lekin ishongan odam kam bo‘ldi.
— Jonuzoq har qadamda bittadan ot hadya qiladigan ahmoq emas, — dedi choyxonachi Barot Qiyshiq. — Galatepaning tuzini totgan edi, qadrdonligimiz bor edi. Nega o‘zi kelmadi?
— Kattaqo‘rg‘onga ketayotgan ekan, — dedi G‘uchchi chol. — Men piyoda ketayotuvdim, ot bilan bir xurjun yegulik berdi.
— Yegulik qani, G‘uchchibek? — deb so‘radi Nazar Maxsum.
— Yegulikni yedim.
— Xurjuningiz qani?
— Xurjun eskiroq edi, rabotda qoldirdim.
— Tuzuk, tuzuk, — deb salmoqladi Barot Qiyshiq. — Mayli, xurjunni nari qo‘yaylik, siz ayting, G‘uchchi buva, Jonuzoq arab hadya qilgan otning o‘zi qani?
— Ot ketib qoldi, — G‘uchchi chol rostini aytishga majbur bo‘ldi. — Mendan arazlab ketdi.
Gurung ahli uning gaplaridan kulgan bo‘ldi.
— Siz bir qiziq odamsiz, — dedi choyxonachi. — Hamma sizdan hafa bo‘ladi, arazlaydi, ketib qoladi. Avval kampiringiz ketuvdi, endi baytal ketibdi…
— Kampir kelgan, — dedi G‘uchchi chol. — Singlisini ko‘rib keldi.
— Ketib qolganda hafa bo‘lgandirsiz? — gapini qo‘ymadi choyxonachi.
— Nega hafa bo‘laman, u qochib ketgani yo‘q-ku?..
— Mo‘ltonining tozisi-chi, tozi qochib ketgani rost-ku?
G‘uchchi chol kalovlanib qoldi. Xayriyat, mulla Doniyor uning joniga ora kirdi.
— Siz choy opkelsangiz bo‘lardi, Barotboy, — dedi u choyxonachiga qarab, so‘ng, Barot Qiyshiq o‘choq boshiga ketgach, yana G‘uchchi cholga murojaat qildi.
—Qaytganingiz tuzuk bo‘pti, G‘uchchi. Bular bekorini aytibdi, men Jonuzoqning ot hadya qilariga ishonaman. Xudoga shukr, tirik ekan, men avvalroq bir rahmatli bo‘p ketgan, deb eshituvdim.
— Hali tirik ekan, — dedi G‘uchchi chol. — Ancha cho‘kib qopti. Kattaqo‘rg‘onga borgisi kep yo‘lga chiqibdi.
— Biz sizni yo‘qolib ketdi, deb o‘ylovdik, G‘uchchibek, — deb gap qo‘shdi Nazar Maxsum. — Men bir shahar borsammi ham dedim, harne, o‘g‘limiz Sanobek hukumatning odami, sizni izlagani birovni qo‘yarmidi…
— Yo‘qolganim yo‘q. Qiziltoshga boruvdim. Jonuzoqboy otini berdi. Ko‘p aqlli baytal edi, odamga o‘xshab gapirardi.
Mulla Doniyor bilan Ibodullo Maxsumdan bo‘lak hamma uning gapidan kuldi.
— Yaxshi baytal edi, — davom etdi G‘uchchi chol.— Musulmon baytal edi. Shayton yo‘ldan urib, xudoga shak keltiruvdim, shunga hafa bo‘ldi.
Bu gal undan oshkora xoxolab kulishdi. G‘uchchi chol nima deyarini bilmay, tek qoldi. Shuncha gap yetmagandek, mulla Nishon uni kofirlikda aybladi:
— Siz xudoga ishonmaysiz, G‘uchchi, — dedi u. — Shu sababkim, shaytoni alayhila’na baytalingizning taniga kirib olibdi. Tilga kiribdimi, uning taniga shayton oralagan. Siz kofirsiz, G‘uchchi, g‘irt kofirsiz! Faqat kofirning boshiga shundayin kasofat savdolar tushadi!
G‘uchchi chol gapirolmay qoldi. Baxtiga, Ibodullo Maxsum gapga aralashdi:
— Esingizda bo‘lsin, Nishonboy, shayton odamning tanidan o‘zga joyni o‘ziga makon qilmaydi, — dedi u. — Siz tuzuk odamsiz-ku, lekin mullalikdan mazangiz yo‘qroq. Baytal jonivorning biror fisqu fasodi, bizga o‘xshab g‘ayirligi bo‘lmasa, nega siz unga munday tuhmat qilasiz? Xudoning ko‘rsatgan karomati deng, ajabmaski, shu baytal keyin odamga aylangan bo‘lsa…
— Maxsum hindu ekan!.. — deb qichqirdi mulla Nishon mulla Doniyorni guvohlikka chaqirib. — Eshityapsizmi, Maxsum hinduning mullasiga o‘xshab gapiryapti. Bitta kofir kamlik qiluvdi, endi, manavi Maxsum ham kofir chiqdi!.. O‘zingiz ayting, Doniyor aka, baytal ham hech zamonda odamga aylanadimi?
— Munisi tadriji xudoga bog‘liq, — dedi mulla Doniyor mujmalroq qilib.
— Yo‘q, Doniyor aka, baytal odamga aylanmaydi. Sizam baytalning odamzoddan bo‘lmish farqiga bormaysiz ekan!
— Bo‘lmasa, nega Murod juvozkashning xotinchasi baytalga o‘xshab kishnaydi? — deb so‘radi mulla Doniyor.
Qolgan mardumlar ham uning gapini bir og‘izdan tasdiqlashdi. «Murod juvozkashning xotini rostdan ham ikki yashar baytalchaga o‘xshab kishnaydi», deb aytishdi.
Mulla Nishon ko‘p mulzam bo‘ldi. Chandon o‘yladi hamki, munosib javob topolmadi. Qeyinroq borib, hayolida g‘alati-g‘alati gumonlar tug‘iladigan bo‘ldi. Deylik, xotini Hanifa kulsa, «Nega kishnayapsan, baytalcha?», deb so‘raydi. Shu-shu, bechora Hanifa kulishni ham bas qildi. Endi uni qitiqlab ham kuldirolmaysan. Zavqi oshib-toshib ketganida, labining bir burchini ko‘tarib iljayadi, xolos. Qeyin birdan xo‘rligi keladi. Lekin tuzukroq xo‘rsinishi ham qiyin. Mulla Nishon uning xo‘rsinganini eshitsa bo‘ldi, «Nega pishqiryapsan, baytalcha?», deb so‘raydi.
Mashoyixlar aytganidek, yurt ayvoni keng, bu ayvonda ming alvonda odam, ming alvon odamning ming turfa tashvishi bor. Mulla nishonning tashvishi — gumon qilmoq. Hanifaning tashvishi — kishnamaslik, bizniki… Kim bilsin, bizning nima tashvishimiz bor?.. Munday qarasa, tashvishimiz qolmadi hisob. Burchimiz roviylik edi, bo‘yin tovlamadik va manzilga yetdik. Manzilga yetgan kimsaning bitta niyati bo‘ladi:
Tanimiz sog‘, jonimiz tinch bo‘lsin!

023

(Tashriflar: umumiy 5 326, bugungi 1)

Izoh qoldiring