Naim Karimov. Anna Axmatova.

088
Анна Ахматова Тошкентда ижод қилган шеърларида Ҳалимахоним овози, Салор бўйлари, Тельман боғидаги дарахтлар узра мўралаган оймомаю ариқларнинг ёз жазирамасида ҳаётахш салқин таратиб оқишини унутилмас гўзаллик сифатида тасвирлаб, уларни бадиий ҳақиқатлар оламига олиб кирган бўлса, Ойбек “Шоира” шеърида фалакнинг гардиши билан уруш йилларида Тошкентга келиб қолган шеърият фариштаси образини шундай нафис бўёқлар билан яратганки, унда замон ва макон образларининг ҳам бўртиб туриши, шеърга ўчгача латофат бағишлагандек туюлади.

07
Наим Каримов
АННА АХМАТОВА
«ХХ аср хотиралари» туркумидан
01

099…1941 йил 22 июнь, якшанба куни. Анна Ахматова, одатдагидек, радио карнайини ўчирмаган эди. Ярим кечада Молотовнинг ҳаяжонли овози тун пардасини бузди: уруш бошланган эди. Мамлакат узра кезиб юрган уруш шарпаси Ахматова хонасига олов янглиғ отилиб кирди.

Июль ойининг ўрталарида Москва ўз ёзувчиларини оилалари билан бирга мамлакат ичкарисига кўчирди. Ленинград бу масалада шошмасликни афзал билди. Аммо 30 августда душман Ленин шаҳрини Катта ер билан боғловчи темирйўлни кесиб қўйди.

Уч кундан кейин замбарак ўқлари, тўрт кундан кейин эса бомба ортган самолётлар Нева бўйларидаги шаҳарни кунпаякун қила бошлади.
Душманнинг “инқилоб бешиги”га шу қадар тез етиб келишига кўзи етмаган Ахматова таҳликага тушди. Унга “Беломор” сотиб олиб келиш учун тамаки дўконига кетган мўйсафид қайтиб келмади: снаряд парчаси унинг ҳаёт риштасини узиб ташлаган эди.

Шу воқеа Ахматовани ерпарчин қилиб ташлади. “Темир аёл”нинг аянчли ҳолатини кўрган Ольга Берггольцнинг саъй-ҳаракати билан Ахматова 29 сентябрда самолётда Москвага учириб юборилди.

Найзада турибди ажал қушлари,
Ким сени қутқарар, Ленин шаҳари?
Шовқин-сурон солманг – у олар нафас,
Унинг қулоғига кирар ҳар бир сас.
Болтиқ денгизининг қора тубида
Фарзандлари ётар инграб уйқуда.

Унинг заминидан “Нон!” деган фарёд
Чиқиб, етти кўкни этмоқда барбод…

(Таржима бизники.)

Ахматова шундай алам ва изтироб билан Ленинграддан кетади.
30 сентябрда Москвага келиб, бир неча кун С.Маршакнинг уйида яшайди. Кейин О.Берггольцнинг синглиси Мария уни уйига олиб кетади.

Орадан бир неча кун ўтгач, А.Фадеев Ахматовани Чистополга кўчиб кетаётган ёзувчилар гуруҳига қўшиб қўяди ва бу гуруҳ дастлаб поездда Қозонга, сўнгра пароходда тўрт кун юриб, 18 октябрда Чистополга етиб келади. Ахматова ярим кечада Корней Чуковскийнинг чекка бир қишлоқдан бошпана топган қизи Лидиянинг ҳужрасига кириб боради.

“Анна Андреевна эшик олдида ким биландир турарди, қоронғи бўлгани учун танимадим… У кимнингдир кенг-мўл шубасига ўралган, бошига оқ жун рўмол ўраган ҳолда бир тугунни кўкрагига босганча турарди. У шу тобда ҳушидан кетиб йиқилиши ё қичқириб юбориши ҳеч гап эмас эди. Чой қайнатиш учун идиш йўқ. Унга тухум пишириб бердим. Кейин ўрнимга ётқизиб, ўзим ерда чўзилдим”.

Лидия Корнеевна Тошкентга кўчиб борган отасидан чақириқ қоғозини кутаётган эди. Ўша куннинг эртасига даъватнома келиб, у Тошкентга кетадиган бўлди. Ахматованинг на даъватномаси, на зарур ҳужжати, на пули йўқлигига қарамай, Лидия билан бирга “нон шаҳри”га кетмоқчи бўлди. Лидия Корнеевнанинг рози бўлишдан ўзга чораси йўқ эди. Улар ўша йўл билан Қозонга етиб бордилар. Қозон қочоқлар билан тирбанд эди. Девонанинг ишини худо ўнглайди, деганларидек, яна Тошкентга кетаётган “нажот фариштаси” С.Маршак пайдо бўлиб қолиб, уларнинг мушкули осон ҳал бўлди. Маршак тушган нуфузли вагонда текшир-текшир йўқ эди. Ахматова Тошкентга келганида бошқа “нажот фариштаси” – А.Толстой унинг жонига оро кирди. Ахматова унинг ёрдами билан 1941 йил 10 ноябрда бирор машаққатсиз Карл Маркс кўчасидаги 7-уйга жойлашди. Ҳарбий Тошкент машҳур рус шоирасини ўз бағрига олди.

Янги, 1942 йил

088Тошкентда Ахматовага меҳр-оқибат кўрсатган, унинг мусофирлик ҳаётини меҳр-муҳаббати билан безаган кишилардан бири Алексей Фёдорович Козловскийдир. Фалакнинг гардиши билан Тошкентга келиб қолган бу дирижёр поляк миллатига мансуб. Машҳур виолончи Антон Онуфрий Шиманский унга бобокалон бўлади. У биринчи поляклар қўзғолонида қатнашгани учун жазодан қочиб, Францияга кўчиб борган ва Европанинг нуфузли саҳналарида Бартолоччи номи билан концерт берган.

Козловский шу Шиманский-Бартолоччининг набираси бўлиб, 1905 йили Киевда туғилган ва Москва консерваториясини композиция синфи бўйича тугатган. Музикантлик фаолиятини П.И.Чайковскийнинг “Евгений Онегин” операсига дирижёрлик қилиш билан бошлаган Козловский Станиславский ва Немирович-Данченко номидаги театрда бир неча йил дирижёр бўлиб хизмат қилгач, 1936 йилда Тошкентга сургун қилинган. Уруш бошланган йилларда у ҳозирги Навоий номидаги театрда дирижёр ва бадиий раҳбар бўлиб ишлаётган эди.

Козловский Москвада ўқиган ва ишлаган вақтида рус шоир ва ёзувчилари билан танишгани учун Тошкентга эвакуция қилинган бу ижод аҳлининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб туришни ўзига шараф деб билган.
Даҳшатли 1941 йил якунланиш арафасида эди. У кириб келаётган Янги, 1942 йилни москвалик дўстлари билан бирга кутиш истагида “Даврон ота” музикали драмаси учун олган мўмайгина қалам ҳақини сарфлаб, шоҳона дастурхон тузади; эр-хотин ва ўғил Пастернаклар билан бирга Ахматовани ҳам Олой бозорининг шундоққина биқинида жойлашган уйига таклиф этади. Янги йил оқшомида Ахматова шу уй бўсағасини босиб кирганида, улар илк бор бир-бирлари билан учрашадилар.

Козловский жентельменлик қоидаларига тўла риоя қилиб, Ахматованинг дастлаб бир, кейин бошқа қўлини ўпади. Ахматова уйга кириши билан печкага яқинлашиб, қўлларини иситади. “Шу вақт биз унинг ҳали ҳам сарвқомат ва гўзал эканини кўрдик.

Ўша оқшомда унинг кўзлари мовий эди”, – деб эслаган эди Козловскийнинг рафиқаси Галина Лонгиновна ўша оқшомни.

Б.Пастернакнинг ўғли Евгений эса ўз кундалигига қуйидаги сўзларни ёзиб қўйган экан: “1942 йил байрами ажойиб бўлди. Биз Ахматова билан бирга Козловскийларнинг хонадонига таклиф этилган эдик. У ерда ўзбек ошпаз пиширган ҳақиқий палов, май ва газаклар бўлди. Кейин ака-ука Козловскийлар тўрт қўл билан Бетховеннинг Иккинчи симфониясини чалдилар. Тонг отгунга қадар ўтирдик…”

Ахматова билан Козловский шу куни танишибгина қолмадилар.
Ахматова ўзининг шеърий истеъдоди ва аёллик латофати билан Козловскийни бир умрга мафтун этган бўлса, ўзи ҳам унинг ички маданияти, бой ва гўзал мусиқий олами олдида таслим бўлди. Улар ҳар сафар учрашганларида бир-бирларига совға-салом ҳадя қилибгина қолмай, суронли ва машаққатли даврда яшаш ва ижод қилиш учун бир-бирларига куч ва илҳом ҳам бағишладилар.


“Мардлик”нинг яратилиши

Бу, Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети Ишлар бошқармасига қарашли уй эди. Ахматова ўзбек юртига бошқа рус ёзувчи, санъаткор ва олимларидан кечроқ келгани туфайли унга бухгалтерия кассасидан бўлак жой топилмади. У шу ерда турмуш кечира бошлади.

Аммо кўп ўтмай, шоиранинг москвалик дугоналаридан бири – Михаил Булгаковнинг рафиқаси Елена Сергеевна унга ўзлари яшаётган икки қаватли уйнинг болахонасида бир хонанинг бўшаганлигини айтиб қолди.
Ахматова шу куниёқ ўша уйга кўчиб ўтди. Бу, ўша ҳовлидаги икки қаватли уйнинг болахонаси эди. Ахматова ҳаётининг Тошкент даври асосан шу болахонада кечди.

Ўша кезларда Янги шаҳар кўчаларига туяларда пахта олиб келиниб, асфальт устига тўкиб қуритилар ва шундай пайтларда туялар шовқини шу атрофда яшаган аҳолининг қулоғини қоматга келтирар эди. Карл Маркс кўчасидаги болахонада яшаган Ахматова ҳам “туялар симфонияси”дан бебаҳра қолмади.
Кенг-мўл даштларда яшаган туялар ғала-ғовури унинг қулоғига шу даражада маҳкам ўрнашиб қолдики, у ҳатто Тошкентдан кетиб, 50-йилларда Москвада яшаганида ҳам унинг тушларига кириб чиқарди. Шоиранинг 1944 йили Тошкентда бошлаган ва 1956 йили Москвада тугатган бир шеъридаги қуйидаги сатрлар шундан дарак беради:

Энди унут туяларнинг ғала-ғовурин,
Жуковский кўчаси-ю ўша уйни ҳам.
Қўзиқорин, оқ қайин-ла чиқар ҳовуринг,
Москванинг кенг, бепоён кузи ҳам кўркам…

(Таржима бизники.)

Алексей Толстой Сталиннинг назар-эътиборидаги ёзувчи бўлгани учун унга алоҳида уй-жой ажратилган ва ўша давр учун шоҳона шароит муҳайё қилинган эди. У ўзини Россиядан келган ёзувчилар олдида масъул ҳисоблаб, уларга меҳр ва мурувват кўратиб яшади. Ахматованинг болахонада, нимёруғ хонада яшаётганини эшитган граф “Советский писатель” нашриёти директори А.Тихоновга “Аннушка”га муносиб жой топиб беришни илтимос қилади.

Тихонов нозик-ниҳол шоирабоп, ҳар томонлама қулай, иссиқ ва ёруғ хонани топади. Лекин Ахматова академиклар яшаётган бу уй учун ойига 200 сўмдан ижара ҳақини тўлаш лозимлигини эшитиб, ундан воз кечади. Тихонов: “200 сўм сизга нима бўпти!

Ўзбек шоирларининг 20 сатрдан шеърларини таржима қилиб берсангиз, ҳар сатрига 10 сўмдан тўлайман!” деса-да, фикридан қайтмайди. У ленинградлик ҳамшаҳарлари бомбадан, совуқдан, очликдан қирилиб кетаётган бир пайтда машаққатсиз турмуш кечиришни ўзига ор деб билади. У радиодан қулоғини узмай, Ленинградда, фронтда кечаётган уруш хабарларини изтироб ва умид билан эшитади.

Ахматова ҳали Нева бўйларида яшаган чоғида Валя Смирнов деган қўшни бола бомба тагида қолиб, ҳалок бўлган эди. У ўлаётган боланинг чинқириғини эшитгани учун Тошкентда келганида ҳам уни унутолмади ва ўзбек тупроғида ёзган биринчи шеърини шу бола хотирасига бағишлади:

Боғда ғалати чуқур,
Чироқлар ўчиқ босим.
Питернинг етимлари,
Менинг болажонларим!
Ер ости нафас бўғир,
Пармалар чаккани ғам.
Бомбалар дўзах тўқир
Чинқирар бола бирдан.

(Ойбек таржимаси.)

Икки қисмдан иборат бу шеър билан Ахматова ижодининг Тошкент даври бошланди. Узлуксиз чекинишлардан кейин қизил армия 1942 йил бошларида аҳоли яшайдиган айрим пунктларни озод қилиб, уруш посонгисини ўз тарафига ағдара бошлади.

Ўзини ҳамон уруш асираси деб ҳис қилаётган шоира бундан руҳланиб, қўлига қалам олиб ёзади. У кўнглидаги буюк дард ва ишончни қоғозга кўнгилдагидек тушира олганини сезади. Ва шу сезги уни бир кундан кейин Тошкентдаги дўстларидан бири – Козловскийнинг уйига етаклаб боради.
“Ёдимда, февралнинг совуқ кунларидан бири эди. Анна Андреевна қош қорайган пайтда кириб келди. У кириши биланоқ қарийб буйруқона овоз билан деди: “Ўтиринг, мен кеча ёзган нарсамни ўқиб бераман”.
Ахматова ўқий бошлади:

МАРДЛИК

Биз биламиз тарозуга қўйилмиш нима,
Бу куннинг ҳам мазмуни аён.
Мардлик чоғи мард туйғулар тошди сийнадан,
Мардлик бизни тарк этмас бир он.
Даҳшат эмас, ночор бир ўқ келтирса ўлим,
Кўзимизга кўринмас уй-жой.
Лекин сени сақлаймиз, рус тили, бир зум –
Унутмаймиз, бу тил улуғ, бой.
Гард юқтирмай, эркин, гўзал, сени элтамиз,
Сўйлар сенда набиралар, асоратдан биз
Қутқарурмиз сени абадий!

(Ойбек таржимаси)

Ахматова шу сатрларни ўта кўтаринки руҳ ва сурур билан ўқиди. Мезбонлар ҳайрат оғушига тушишди. “У биздаги ҳайратни оддий сўзлар билан ифода қила олмаслигимизни тушунарди. Бу шеър бамисоли сўз билан қуюлган бонг эди. Алексей Фёдорович унинг қўлини ўпди, ёнида ўтириб, сукут қилди…
Кейин унинг олдида тиз чўкиб, чеҳрасига қаради-да, оҳиста сўради: “Бугун сиз нимани хоҳлайсиз?” У жавоб берди: “Келинг, бугун Шопен билан бирга бўлайлик”. У шу оқшом кўп чалди, айниқса, славянча ғурур ва муҳаббатнинг беназир таманнолари бўлмиш этюдларни мириқиб чалди. У худди концерт залидагидек яхши чалди. Ўша йилларда тез-тез бўлганидек, чироқ ўчиб қолди ва Алексей Фёдорович кўҳна ҳинд шамчироғи нурида чалди”.

Бу сўзлар Алексей Фёдорович Козловскийнинг рафиқаси Галина Лонгиновна Геруснинг Ахматова ҳақидаги хотирасида ёзилган.

Агар уруш немис қуролининг ғалабаси билан тугайдиган бўлса, рус халқининг қулликка тушиши ва рус тилининг ўз мавқеини йўқотиши ҳеч гап эмас эди. Ахматованинг қулоғини радиодан узмаслиги сабабларидан бири худди шунда эди. Фақат ғалабагина буюк Пушкин тилини гард-юқтирмай сақлаб қолиши мумкин эди.
1942 йил февралида Тошкентда ёзилган бу шеър “Правда” газетасининг 8 март сонида босилди. Ахматова шеърида гўзал ифодаланган рус тилига муҳаббат ва унинг абадийлигига ишонч пафоси фронтда душманга қарши курашаётган армияда ва фронт орқасида ғалаба шамширини қуяётган халқда катта акс-садо берди.

Ҳамид Олимжон ва Ахматова

024   Ҳамид Олимжон “Правда” газетасини қўлига олиши билан кўзи газетанинг биринчи саҳифасидаги шеърга тушди. Ва дарҳол шеърни ўқиб чиқди. Шу пайт унинг хонасига қандайдир иш билан котиба кириб қолди. Ҳамид Олимжон қандайдир ғалати бир ҳолатда эди.

Ҳаяжоннинг ўтли оғушига тушган шоир котибанинг: “Ҳамид Олимжонович? Тинчликми? Нима бўлди?” деган сўзларини эшитмади. Бир-икки дақиқадан сўнг: “Адабий маслаҳатчиларга айтинг. Киришсин!” деди. Маслаҳатчилар бир зумда уюшма раҳбарининг хонасига киришди.

Ҳамид Олимжон “Правда” газетасини қўлига олиб, Ахматованинг шеърини ўқиб берди. Сўнг: “Қаранг, бу, уруш йилларидаги шоирнинг руҳий портрети-ку: ўлиш қўрқинч эмас, уй-жойсиз қолсак – бошдан садақа.
Шоир қалбини фақат бир нарса тимдалайди – она тилини эркин, тоза сақлаб қолиш ва уни набираларга бериш. Ахматова рус тили тўғрисида ёзган. Мен она тилим – ўзбек тилини ўйладим. Ахир фашистлар ўзбек тилини ҳам ўлдириш ниятида-ку.

Биз бу урушда Совет Иттифоқи халқларининг бошқа тилларидек, ўзбек тилини ҳам ҳимоя қилмоқдамиз”.
Ҳамид Олимжон адабий маслаҳатчилардан бири Светлана Сомовани Ахматовага юборади. Сомова лола дарахтлари қорга бурканган Жуковский кўчасидаги уйга йўл олади.

Таниш ҳовлига кириб, темир зиналардан иккинчи қаватга кўтарилади-да, деворига узум бошлари ва баргларининг тасвири туширилган мўъжазгина хонага киради. Ахматова катда устига кулранг кўрпа ёпиб, хаста ҳолда ётарди.

Кўзларида жиддийлик, яланғоч қўлларида эса беназир гўзаллик муҳайё. Хона ўртасидаги думалоқ печкадан оловнинг шитирлаган овози эшитилиб турибди.
Шу куни Ахматова Сомовага Тошкентда тайёрланаётган альманах учун “Тун”, “Боғда ғалати чуқур…”, “Ижод” сингари бир неча шеърларини беради.

Кўп ўтмай, унинг маиший шароити Усмон Юсупов, Ҳамид Олимжон ва бошқалар туфайли яхшиланади. Ҳатто Ленинград обкомидан қўнғироқ қилиб, Ахматованинг аҳволи билан қизиқишади. Толстой ҳам ундан меҳр-шафқатини аямайди.

Ёзувчилар уюшмаси хаста шоиранинг руҳини кўтариш учун унинг шеърлар тўпламини рус тилида нашр этади.
Шундай кунларнинг бирида Ахматова Ёзувчилар уюшмасининг 1-май кўчасидаги биносига келиб, китобининг чоп этилишига бош-қош бўлган Ҳамид Олимжонга миннатдорчилик билдиради.

Ҳамид Олимжон Ахматовани кўриши билан ўрнидан туриб, унга пешвоз чиқади ва у курсига ўтиргунга қадар шоира қошида тик туриб: “Сизга эса ўзбек тили учун раҳмат!” дейди.
— Нега ўзбек тили учун? Мен ахир рус тили ҳақида ёзганман, – дейди Ахматова.

— Мен уни ўзбек тили ҳақида ҳам, деб ўйладим, – жавоб беради Ҳамид Олимжон.Ҳарбий академиядаги учрашув
Урушнинг дастлабки йилларида Тошкент вокзалига душман ишғол қилган ва ишғол қилаётган жойлардан ота-онаси ҳалок бўлган болалар оқиб кела бошлади. Ўзбекистон шу йилларда уруш етимларини қабул қилиб, уларни болалар уйларига жойлаштирди. Аммо барча болалар уйлари етим-есирлар билан тўлиб-тошганлиги, давлат қолган болаларни боқиш ва тарбиялаш имконига эга бўлмагани учун ўзбек халқи – қайси миллатга мансуб бўлганидан қатъи назар – уларни ўзининг иссиқ бағрига олди. Бу ўзбек халқининг уруш йилларида намойиш қилган улкан жасоратларидан бири эди. Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан” шеърида тарихий даврнинг шу фожиали саҳифаларидан бирини ёрқин гавдалантирди ва бу шеър уруш давридаги ўзбек халқига хос гуманизмнинг моҳиятини очувчи тарихий ҳужжат бўлиб қолди.

Ўша йилларда Тошкентга ижодий зиёлилар ва болалардан ташқари, ҳарбий госпиталлар, заводлар, академиялар ҳам кўчириб келтирилган эди. Турли миллатга мансуб шоир ва ёзувчилар шундай жойларга бориб, адабий кечалар ўтказишди, фронт орқасида мардона ишлаётган кишиларнинг душманга ғазаб ва ғалабага ишонч туйғуларини оширишга ёрдам берадиган шеърлар ўқишди.

1942 йили Фрунзе номидаги Ҳарбий академияда бўлиб ўтган учрашувда Ахматова ҳаммаёқда машҳур бўлиб кетган “Мардлик” шеърини ўқиди. Шеърнинг сўнгги сатрларини солдат ва офицерларнинг гулдурос қарсаклари кўмиб ташлади. Катта руҳий кўтарилиш ва ҳаяжон ҳукмронлик қилган шу кечада Ҳамид Олимжон билан Якуб Колас, Ғафур Ғулом билан Иоганнес Бехер, Шайхзода билан Эмиль Мадарас, Владимр Луговской билан Иосиф Уткин ва бошқа шоирлар ўз шеърларини ўқидилар. “Сен етим эмассан” шеъри шу куни ҳам Ғафур Ғулом ижросида ўзбек тилида, ҳам Светлана Сомова таржимасида рус тилида жаранглади.

Ахматова бу шеърнинг ғаройиб тарихидан хабардор эди. “Правда” газетасида босилганидан сўнг, ўзбек халқи етим болаларнинг бошларини силаётганини эшитган артиллерия майори Тошкентга хат ёзиб, болажонини ахтариб топган экан. Шеърнинг кишилар жароҳатига малҳам бўла олувчи, ҳатто уларни ўзгартириб юбора олувчи кучини кўрган Ахматова шу куни Ғафур Ғуломни ажойиб шеъри билан чин қалбдан табриклади.

Бозорда

Карл Маркс кўчасидаги 7-уйга бир кекса киши ҳар куни эрталаб сут-қатиқ олиб келар экан. Киселдан ҳам қуюқ ва мазали қатиқни ичиб кўрмаган россиялик аёллар қатиқчининг хурмачаларда қатиқ олиб келишини интизорлик билан кутишар, унинг овозини йўлакдан эшитишлари билан хоналаридан чиқиб, атрофини ўраб олишар, у эса идишига бир-икки қошиқ ортиқча қатиқ қуйиб, қадрдонлашиб қолган аёлларнинг у ёқ-бу ёқларини чимчилаб қўяр экан.

Кунларнинг бирида унинг бу ҳаракатидан завқланган аёллар қийқириб, йўлакни бошларига кўтаришибди. Шу пайт Ахматова эшигини очиб, “Тинчликми?” дегандек қараган экан, қатиқчи мижозларига қараб: “Жим!.. Мулла!” дебди шоирани кўрсатиб.

Светлана Сомова баъзан шу ҳодисани эслаб, ҳатто оддий қатиқчи ҳам Ахматованинг бошқа мусофир рус аёлларига ўхшамаслигини сезган эди, дерди.

Сомова шу уйда яшамаса ҳам, тез-тез келиб, Ахматованинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турарди. Шундай кунлардан бирида у тирикчилик тақозоси билан Олой бозорига боришини айтиб қолади. (У ўша кунларда заборний карточкасини ўғирлатиб қўйган ва латта-путта сотиб, оч қолган болаларига емак олмоқчи эди.) Шарқ бозорини хуш кўриб қолган Ахматова унга эргашади.

Бозорда қовун-тарвуз дейсизми, мева-чева ё сабзавот дейсизми, анқонинг уруғидан бошқа ҳам нарса мавжуд бўлиб, бу тўкинликни кўрган унча-мунча одамнинг довдираб қолиши ҳеч гап эмас эди. Аммо шу билан бирга ўша йилларда бозорда ўғрилар, киссакесарлар, муттаҳамлар ҳам оз эмас эди.
Шоиралар бозорнинг икки қарама-қарши тарафини эгаллаган сотувчилар орасидан аранг ўтиб боришар экан, йиртиқ кийимли болалардан бири Ахматованинг чўнтагини бритваси билан кесмоқчи бўлганини кўриб қолишади.

Сомова дарҳол уни қўлидан ушлаб олиб, қулоғига: “Нима қилаяпсан ўзи? Бу аёл Ленинграддан келган. Пулини олиб қўйсанг, тирикчилиги нима бўлади. У ҳам бир бурда нонга зор-ку!”, дея қўйиб юборади. Бир неча дақиқадан кейин бояги бола яна Ахматованинг атрофида пайдо бўлиб қолади. “Милицияга тутиб бермай, яхши иш қилмадим.

Киссамизни қоқлаб кетмагунча кўнгли жойига тушмайдиганга ўхшайди”, деган ўй Сомованинг дилидан ўтади. Аммо шу пайт бола ифлос латтага ўралган, шундоққина хушбўй ҳиди буркиб турган перашкани Ахматовага узатади: “Ма, е!” деб. Ва шу заҳоти кўздан ғойиб бўлади.

“Нима, ейишим керакми?” – сўрайди Ахматова. “Албатта, – жавоб беради Сомова, – ахир бу болакай сиз учун уни ўғирлаб келди-ку!”

Хасталик

Ҳаёт оғир, нон ўлчоғлиқ… Одамлар яшаш ва ишлаш учун етарли даражада овқатлана олмаганлари сабабли турли касалликларга чалинган давр. Ахматова нозикниҳол аёл бўлгани, Толстой олиб келган ёки юборган нарсаларни ҳаммага тарқатиб, ўзи баъзи вақтларда ярим оч яшагани учун 1942 йил ноябрида тиф касаллиги билан оғриб қолади. Шундай кунларнинг бирида Карл Маркс кўчасидаги уйга келган Сомова Ахматованинг катда у томондан-бу томонга ағдарилиб, катта ҳарорат остида ётганини кўриб қолади. Ахматова шу ҳолатда ётар экан, кат бошида турган иконани олиб: “Агар ўлсам, кўкрагимга қўйиб қўйинг…”, дейди ва яна нималардир демоқчи бўлади. Унинг теграсида ўралашиб юрган аёллардан бирор садо чиқмайди. Сомова ТошМИга югуриб бориб, таниқли терапевт, профессор Бусселни бошлаб келади. Григорий Аронович касални кўриши биланоқ, уни касалхонага олиб кетишга қарор қилади.

Ахматова бир қанча вақт касалхонада азоб чекиб ётади. У касалхонада катта ҳарорат остида алаҳсираб, Пушкиннинг ёшлиги кечган Шоҳқишлоқ гимназиясига қатнаган кезларини туш кўрармиди, ҳар қалай, туфлисининг зиналардан “тақ-туқ” қилиб чиқаётган овозини дамма-дам эшитиб қоларди…
Ахматова Тошкентда шундай мушкул кунларни ҳам бошидан кечирди. Лекин у 1965 йилда ёзилган таржима ҳолида Тошкентни фақат илиқ ва самимий сўзлар билан эслаб: “Мен Тошкентда жазирама иссиқ кунларда дарахт сояси ва сувнинг шилдираган овози нима эканлигини илк бор англадим. Яна инсонлардаги эзгуликнинг нима эканлигини тушундим: мен Тошкентда кўп ва оғир касал бўлиб ётдим”, деб ёзган.

Меҳрнинг кўринмас ришталари

Ахматова: “Инсонлардаги эзгуликнинг нима эканлигини тушундим”, деб ёзганида нафақат А.Козловский, А.Толстой, К.Чуковскаядек ўзи сингари мусофир биродарларини, балки Ойбек, Ҳамид Олимжон, Комил Яшин, Ҳалима Носирова сингари ўзбек зиёлиларини ҳам назарда тутган эди. Афсуски, уларнинг Ахматовага кўрсатган меҳр-оқибатлари тўғрисида, у билан қилган суҳбатлари тўғрисида бирор ёзма хотира қолмаган. Шундай бўлса-да, рус шоирасининг ўзбек юрти билан видолашиб, Ленинградга етиб борганидан кейин: “Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий, Раҳмат, Тошкент! – кечир, кечир…”, деб ёзгани бежиз эмас.

1942 йил ноябрида ҳозирги Навоий театрида А.Козловскийнинг “Улуғбек” операси қўйилган. Мазкур асарда хитой гўзали Син Дун-фам образи ҳам бўлиб, уни Ҳалима Носирова зўр маҳорат билан ижро этган. Козловский шу операни яратишдан аввал, шубҳасиз, Ҳ.Носированинг овози имкониятларини яхши ўрганган ва мазкур партияни унинг овозига мослаб ёзган.

Тахмин қилиш мумкинки, композитор биринчи операси премьерасига Ахматовани, албатта, таклиф этган ва россиялик шоири машҳур ўзбек артистининг овозини эшитиб, лол қолган. Эҳтимол унинг Ҳ.Носирова билан учрашуви олдинроқ бошлангандир.

Аммо шу нарса аниқки, Ахматова Ҳ.Носированинг ноёб овоз соҳибаси эканлигини жуда яхши билган.
(“Ҳалиманинг булбулворий овози…” сатрларини эсланг!)

Ҳамид Олимжон Ёзувчилар уюшмаси, Чустий эса Адабиёт жамғармаси раҳбари сифатида Ахматованинг Тошкентдаги ҳаёти равон издан кечишига имкон қадар ёрдам беришган.
Ойбек нима учундир 1968 йил 14 мартда, вафоти олдида, Ахматованинг Карл Маркс кўчасидаги уйига борганини эслаб, гўзал бир шеър ёзган. Бу шеърдаги лирик сюжетни кузатган киши унинг рус шоирасини зиёрат қилиш учун боргани, шоиранинг уйдан чиқиб, у билан бирга шаҳар кўчаларида кезинганини сезади. Ҳақиқий шеърда бўлганидек, бу шеърнинг ҳам лирик қаҳрамони воқеликка фотограф сифатида эмас, балки ҳис-туйғулар оламида яшовчи шоир сифатида назокат билан ёндашади. Келинг, шеърнинг айрим лавҳалари билан танишайлик:

Дим ва бўш хонанинг остонасидан
Катта ойим секин чиқар улуғвор.
Сочларнинг шу кунлар кўпайган оқи…
Боқар кўзойнакдан асл, илҳомкор…

Қуёш эриганми ўз иссиғидан?..
Зонтиги ҳавоий, юпқа ва енгил.
Гўё ниначининг қанотидан у,
Юзига қизғин чанг сепади сепкил.

Сувлар салқинликка ошиққан каби
Мудроқ теракзорга тинмай югурар.
Асфальтда кетма-кет туёқ товуши,
Отларни тер босган, оғзи кўпирар.

Йўлларда қурама тиллар, чеҳралар,
Нон оз, Информбюро хабарлари мўл.
Чанг ва терга ботиб аскарлар кечар,
Оналар қалбини савалайди дўл…

…Шоира юради хаёлчан, ёлғиз,
Қуёшни ютгандек юзида ёлқин…
Кўзларим изида, эргашамен жим,
Хаёлдан, ҳислардан кўксимда тўлқин.

Шоира ошиқар кичик хонага,
Илҳом денгизининг йўқмиш қирғоғи.
Хиёбон четида тўхтаб ўйлаймен:
Қуйилур на гўзал шеър ирмоғи?!

Ахматова Тошкентда ижод қилган шеърларида Ҳалимахоним овози, Салор бўйлари, Тельман боғидаги дарахтлар узра мўралаган оймомаю ариқларнинг ёз жазирамасида ҳаётахш салқин таратиб оқишини унутилмас гўзаллик сифатида тасвирлаб, уларни бадиий ҳақиқатлар оламига олиб кирган бўлса, Ойбек “Шоира” шеърида фалакнинг гардиши билан уруш йилларида Тошкентга келиб қолган шеърият фариштаси образини шундай нафис бўёқлар билан яратганки, унда замон ва макон образларининг ҳам бўртиб туриши, шеърга ўчгача латофат бағишлагандек туюлади.

Сўнгсўз

Ленинград қамал ҳолатидан алақачон чиққанига қарамай, Ахматова Тошкентни тарк этишга ошиқмади. У Тошкентда кечган 800 кун давомида меҳр-оқибатли дўстларни топган, фусункор Шарқнинг сеҳрли оғушида бахтли ва осуда ҳаёт кечираётган эди.

У 1941 йил ноябридан 1943 йил майига қадар Карл Маркс кўчасидаги уйда яшади. Кейин Жуковский кўчасидаги Абдулла Қаҳҳор ва Темур Фаттоҳлар яшаётган 54-уйга кўчиб ўтди. Орадан бир йил ўтгач, 1944 йил 13 майда Ахматова Тошкент ва тошкентлик дўстлари билан хайрлашди.

Туроб Тўла ўша кунларда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига номзод этиб қабул қилинган эди. Ҳамид Олимжон Ахматова яшаган уйни унга бера туриб: “Ахматовани кузатишга чиққин”, деди. Бошқа рус шоир ва ёзувчилари қатори Абдулла Қаҳҳор билан Темур Фаттоҳ ҳам Ахматовани кузатишга чиқишди. Қайтиб келганларидан кейин, Қаҳҳор Туроб Тўла билан бирга Ахматованинг хонасига кириб: “Ҳамид бу хонани сизга бериб яхши қилди. Лекин яхши шоирнинг уйида ёмон шеър ёзиб бўлмайди”, деди эшитилар-эшитилмас овоз билан. Туроб Тўла адибнинг бу сўзларини қулоғига қўрғошиндек қуйиб олди.

Ахматова 1966 йил 5 мартда Домодедоводаги кардиология санаторийсида тўртинчи инфарктдан сўнг вафот этди. Буюк рус шоирасининг вафот этганини эшитишлари билан эр-хотин Козловскийлар Комаровага етиб бориб, унинг қабрига Тошкентда олиб борган атиргулларини қўйишди. Орадан кўп ўтмай, Козловский ҳам бандаликни бажо келтирди. Галина Лонгиновна эри ётган қабрдан бир сиқим тупроқ олиб, сўнгги марта Комаровога борди ва уни Ахматованинг қабри узра сочиб юборди.

Mezon.uz дан олинди

хдк

(Tashriflar: umumiy 163, bugungi 1)

Izoh qoldiring