Naim Karimov. «Xotirlash soati kelmoqda yana…»

021
Таниқли рус шоираси Анна Ахматова таваллудига 125 йил тўлиши олдидан

Бундан роппа-роса 125 йил аввал, 1889 йил эски тақвимга кўра 11 июнь, янги ҳисобда 23 июнь куни буюк рус шоираси Анна Ахматова дунёга келган эди.  Ахматова мен беҳад севган шоиралардан биридир. Биз унинг туғилган кунини одатда 23 июнда нишонласак-да,  шоира таваллудига 125 йил тўлиши муносабати билан  бугун ҳам унга бағишланган саҳифа тайёрлашни маъқул кўрдик.

022
02Машҳур рус шоираси Анна Ахматова (ҳақиқий исм-фамиляси Горенко Анна Андреевна) 1889 йил 11/ 23 июнда Одесса шаҳри яқинида туғилиб, 1966 йилнинг 5 мартида Москва вилояти Домодедово шаҳарчасида оламдан ўтган; Санкт-Петербургда дафн этилган (Суратда Анна Ахматова  турмуш ўртоғи шоир ва зобит Николай Гумилёв (1918 йили қатл этилган)  ва ўғли Лев Гумилёв билан).
Шоира асосан Петербургда яшаган. Биринчи шеърлар китоби «Оқшом» 1910 йилда нашр этилган. «Тасбеҳ» (1914), «Оқ гала» (1917), «Баргизуб» (1921) ва бошқа шеърий китобларидаги шеърларида лирик кечинмалар, танҳолик туйғулари ифодаланган. Унинг ижодида 30-йиллар қатағони даҳшати ўзига хос тарзда ифодасини топган. 2-жаҳон уруши йилларида Тошкентда яшаб, «Тошкент шеърлари» (1944) туркумини яратган. «Қаҳрамонсиз поэма» (1940 — 62) асари Анна Ахматова ижодининг чўққиси ҳисобланади. «Вақтнинг тез ўтиши» (1965) китобида шоира ижодининг сўнгги палласининг ўзига хос томонлари акс этган.
Шарқ, Ғарбий Оврупо шоирлари ижодидан таржималар қилган («Корея мумтоз шеърияти» (1958); «Шарқ мумтоз шеърияти» (1969)). Шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган .

011
Наим Каримов
«ХОТИРЛАШ СОАТИ КЕЛМОҚДА ЯНА…»
022

1946 йилнинг 21 августида собиқ қизил салтанатнинг сарнашри «Правда» газетасида ВКП(б) Марказий Қўмитасининг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Ўша йилнинг 14 августида қабул қилинган бу қарор иккинчи жаҳон уруши туфайли вақтинча тўхтаган қатли ом машинасини яна ҳаракатга келтирди. Собиқ совет мамлакати бўйлаб Михаил Зошченко ва Анна Ахматованинг «издош»ларини ахтариш ва жазолаш ишлари бошланиб кетди.
Ушбу машъум қарорнинг чиқишига сабаб бўлган воқеаларнинг бири қуйидаги муҳаббат можароси эди.

1. ВИСОЛ

1945 йилнинг 25 ноябрида Нева бўйларида жойлашган шаҳар ва унинг қувғинди куйчиси Анна Ахматова кундалик юмушлари билан банд эди. Шу куни Англиянинг Москвага махсус топшириқ билан келган дипломати туғилган шаҳри Петроградни зиёрат этиш учун минг азоб билан ижозатнома олиб, эрта тонг билан собиқ СССРнинг иккинчи пойтахтига етиб келади. Китоб жинниси бўлган бу зот Нева хиёбонидаги ёзувчиларнинг китоб дўконида машҳур рус шоирасининг барҳаёт эканлигини эшитиб, ҳайратга тушади. Кимдир: «Агар хоҳласангиз, ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Анна Андреевна шу жойдан сал нарида яшайди», деб холисона хизматини таклиф этади. Россияда туғилган, рус тарихи ва маданиятини пухта билган, Оксфорд университетини аъло баҳолар билан тугатган дипломат учун рус шеъриятининг тирик тарихи билан учрашув шарафли эди. У бажонидил Ахматова билан кўришиш истагини билдириб, ҳамроҳи билан Фонтанкадаги граф Шереметовлар яшаган қадимий уй сари йўл олади.

Урушдан ҳориб чиққан шоира Амедео Модильяни чизган расмдаги тасвирдан кам фарқ этарди. Ўша шамқомат, ўша тийран нигоҳ. Елкадаги оқ рўмол унга ўзгача, боёнларга хос ғурур бағишлаган. Кичик, узун бармоқли қўллари эса хушбичим.

Меҳмон рус тилида ўзини таништиради:
– Исайя Берлин. Британиянинг Вашингтондаги элчихонаси ходимиман. Хизмат юзасидан Москвага келганман. Бир-икки кунга Ленинградни – она шаҳримни кўришга келдим. Сизнинг шу ерда эканлигингиздан хабар топиб, Сиз билан дийдор кўришмоқчи бўлдим. Камина рус шеъриятининг, шу жумладан, Сизнинг ҳам мухлисингизман.

088Анна Ахматова дастлаб рус тилида, сўнг бир-икки оғиз инглиз тилида меҳмон билан саломлашди. Суҳбат ўз-ўзидан бошланиб кетди. Шоира ёшлик йилларини, Миртемир ифодаси билан айтганда, Шоҳқишлоқ(Царское село)да кечган ўсмирлигини, Парижни, Монмартрни, Моди(Модильяни)ни эслади: Бодлернинг француз тилидаги беназир шеърларини ўқиди; сўнг рус шоиралари, символистларга навбат келди. У «кумуш аср» шоирлари Мандельштам, Пастернак, Лозинский…ларнинг кўплаб сатрларини ёд биларди. Уларни ўқир экан, эри Николай Гумилёв ва ўзининг бошига тушган мусибатларга кўчди.

– …Ежовчиликнинг даҳшатли йиллари ўн етти ойни турмадаги навбатларда ўтказдим. Кунларнинг бирида кимдир мени «илғаб» қолди. Орқамда турган, лаблари кўкимтир аёл исмимни, албатта, бирор марта эшитмаган бўлса ҳам, у пайтлари ҳаммамизга хос бўлган карахтликдан ўзига келиб, қулоғимга шивирлади. У ерда ҳамма шивирлаб гапирарди.

– Буни тасвирлай оласизми?
– Тасвирлай оламан, – дедим.
Шу дафъа бир вақтлари унга хос бўлган чеҳрада табассумга ўхшаш нимадир «лип» этиб ўтди. У ишонмади. Аммо шу дақиқадан бошлаб турмада, кўз ўнгимда рўй бераётган воқеалар шеърий сатрларда жонлана бошлади…
Ахматова ҳали аксар ленинградликлар эшитиб улгурмаган «Марсия»дан ҳар қандай кишининг қалбини ўртаб юборувчи шеърларни ўқий бошлади:

Бу қайғу олдида букилади тоғ,
Оқмасдан қўяди ҳайбатли дарё.
Турма эшиклари қилт этмас бироқ,
«Ғурбат каваклари» улардан нарёқ,
Улардан нарёғи – заққумли дарё.

Ким учун шаббода эсади майин,
Ким учун нозланар оқшом оғуши.
Биз эса бенасиб, бизларга тайин
Калитлар ғижири дақиқа сайин
Ва солдат, қадамин хунук товуши.

Тонгги ибодатга боряпмиз гўё,
Пойтахт ҳувуллаган, ёввойи тусда.
Учрашдик мурдадай, ютганча нафас,
Нева туман аро, қуёш қадди паст,
Умид эса мудом куйлар олисда.

Ҳукм… Ёш селоби оқар шу заҳот,
Шўрликни олдилар ҳаммадан узиб.
Гўё юлинганди юракдан ҳаёт,
Гўё юлингану отилган азот,
Лекин кетиб борар… Гангир… Бир ўзи…

Пўртанага тўлган икки йилимнинг
Эрксиз дўстларини сўроқлай қайдан?
Сибир қуюнлари не айлар инъом?
Кўзларига нелар кўринар ойдан?
Уларга йўллайман видоли салом.

Бу сатрлар турмадаги бояги аёлнинг зўраки истаги билан ёзилган эди. Уларни тушуниш, бу сўзлар қатидаги фожиалар пўртанасини аён кўриш учун Енжов ва Сталиннинг турмасига айланган мамлакат ҳавосидан нафас олиш лозим эди. Исайя Берлин 37-йил даҳшатлари ҳақида кўп эшитгани, ҳатто Ахматованинг ҳам шу даҳшатли гирдобда нобуд бўлган, деб ўйлагани учун бу аламнок сатрлардан ларзага тушди.

Ахматова эса ўқишда давом этарди:

Буни кўрса, ўлим, деб, аъло,
Марҳум яна қабрига чўккай.
Турмалари ёнида гўё
Ленинград ортиқча юкдай.

Қийноқлардан йўқотган ҳушин
Маҳбус полки ўтиб боради.
Айрилиқнинг зумлик қўшиғин
Паровозлар айтиб боради.

Совуқ боқар бошлар устида
Ўлимларнинг муждаси – юлдуз.
Қонли этик, таъқиб остида
Тиришади гуноҳи йўқ Рус…

Берлинга ана шундай азоблар, қийноқлар мамлакатида яшаб ижод этаётган шоира илоҳа бўлиб кўринди. У «Инжил»даги парвардигор севган бандаларига шундай имтиҳонларни юбориши ҳақидаги сўзларни келтириб, у билан учрашганидан беҳад бахтиёр эканлигини айтди.

Ахматова ҳам ўзини бу қадар нозик тушунган суҳбатдош билан дийдор кўришувдан ғоят мамнун эди.
…Суҳбат тонгга қадар давом этди. Шеър ўқилди. Мусиқа тингланди. Бир-бирларининг ҳасби-ҳоллари дафтари варақланди.
Берлин тонг оқара бошлаган пайтда «Астория» сари аста йўл олди.

2. ГУЛДИРАК

Аммо бу оддий учрашувлардан эмас эди. Ахматова инглиз дипломати билан хайрлашганидан кейин ҳам бошқа юмушлар билан банд бўлолмади. Кечга бориб, кўнглида мавж ура бошлаган сўзларни қоғозга туширди:

Мен булутлар бағрига уйқаш,
Овозингни эслайман яккаш.

Сенга эса овозим боис,
Тонг отди-ю тун бўлди олис.

Шу зайлда узилиб ердан,
Юлдузларга айландик бирдан.

На маъюслик, на шарм-ҳаё
Кўнглимизни қилмагай қаро…
Анна Ахматова

Ахматованинг шоирона бепоён оламида яна муҳаббат гуллари очилган эди. Бу гуллар секин-акста шеърий гулдастани ҳосил этиб, матбуот саҳифаларини ҳам безай бошлади. «Ленинград» журналининг 1946 йилги 3-4-сонида шоиранинг Исайя Берлинга бағишланган дастлабки шеърий туркуми Ин. Анненскийдан олинган «Бир новдадан унган бешта гул» деган пешсўз билан босилди. Туркум французча сўз билан номланган бўлиб, у «Муҳаббат» деган маънони англатар эди.

Ахматованинг бу сўнгги, яширин муҳаббати унинг бағрида узоқ вақт яшади.

Агар бу муҳаббат унинг 50-йилларда ҳибсдан, ниҳоят, озод этилган ўғли – кейинчалик оламшумул олим бўлиб етишган Лев Гумилёвнинг тақдирига соя ташлаши мумкин бўлмаганида, мутлақо ўзгача кечган бўларди.
«Звезда» журналининг 1946 йилги 5-6-сонида Зошченконинг «Маймун саргузаштлари» ҳикояси ва «Ленинград» журналининг 3-4-сонида Ахматованинг «Муҳаббат» шеърий туркумининг эълон қилиниши Сталиннинг назар-эътиборидан четда қолмади. «Халқлар доҳийси» бу асарларни ўқиши билан ғазаб отига минди. У Ахматованинг «инглиз жосуси» билан учрашганидан хабардор эди, аммо «роҳиба»да унга нисбатан муҳаббат туйғуларининг пайдо бўлиши мумкинлигига ақли бовар қилмади.

Сталиннинг кўрсатмаси билан тузилган комиссия «Звезда» ва «Ленинград» журналларини титкилаб чиқди ва адабиётнинг «пролетар иши», «партиянинг мафкуравий қуроли» бўлишига монелик қилаётган «нуқталар»ни топди. Шу тарзда собиқ совет халқлари адабиётини остин-устун қилиб юборган қарор тайёрланди.
Мазкур қарор гарчанд «Правда» газетасининг 21 август сонида эълон қилинган бўлса-да, 15 августдаёқ А.Жданов Ленинградга бориб, дастлаб шаҳар партия активи, сўнг Ленинград ёзувчиларининг йиғилишларини ўтказди. Унинг ва Сталиннинг бадиий дидига мос келмаган асарлар ва уларнинг муаллифлари тавқи лаънатга учради. Ахматова ва Зошченко сингари қаламкашлар СССР Ёзувчилар уюшмасидан шармандали равишда чиқарилди.

Мустабид тузум йилларида расм бўлган таомилга кўра, Москвада гулдираб ўтган ҳар бир гулдирак чекка ўлкаларда ҳам даҳшатли равишда акс садо бериши, Ленин ва Сталин партияси чизиб берган чизиқдан чиқмоқчи бўлган миллий зиёлилар ғалвирдан ўтказилиши лозим эди.

3. «НОЗИК» ТАҲЛИЛ

065Ўзбекистон К(б)П Марказий Қўмитаси Москвадан тегишли топшириқни олиши билан 26 августда, машъум қарор “Правда” газетасида эълон қилинган куниёқ, Тошкент шаҳар ёзувчиларининг йиғилишини ўтказди. ВКП(б) МҚ шу куни драматик театрларнинг репертуари тўғрисидаги ўзининг навбатдаги мудҳиш қарорини қабул қилган бўлса-да, унинг матни ҳали миллий республикаларга етиб келмаган эди. Шунга қарамай, Тошкент шаҳар ёзувчиларининг йиғилиши ҳар иккала қарор бўйича урушдан кейинги ўзбек адабиёти майдонини пайҳон этишга киришди. Уч кун давом этган йиғилишга ЎзК(б)П МҚнинг тарғибот бўйича котиби М.Ваҳобов болшевикча йўналиш бериб турди.

МҚ тарғибот ва ташвиқот бўлими мудирининг ўринбосари Р.Ғуломов, М.Шевердин, С.Сомова, Туйғун каби ёзувчилар партия қароридан илҳомланган ҳолда ўзбек адабиётининг қарийб барча вакиллари бошига «Ахматова куни»ни солмоқчи бўлдилар. Совет мафкурасининг 40-йиллардаги корчалони Эданов Ленинградда қилган маърузаларида, жумладан, машҳур рус шоираси ижодини таҳлил этиб, бундай деган эди: «Ахматованинг ёзган ҳамма асарлари нуқул ўз шахсий ҳиссиётларига оид асарлардир. Унинг шеърлари ниҳоят даражада суюқ, доираси тор, маъноси саёз, унинг шеърлари чиллахона билан ишратхона орасида саргардон бўлиб, тентираб, дарду алам ичида қолган ожиз ва нотавон кишининг шеъридир».

Лирик шеърият табиатини мутлақо тушунмаган, шунинг учун ҳам шеърий ижоднинг латиф намуналарига тош отган марказқўм котибининг бу сўзлари ўзбекистонлик ҳамкасби учун, айниқса, ибратомуз туюлди. У Уйғуннинг 1944 йилда нашр этилган танланган асарларини варақлар экан, ундаги қуйидаги сатрлар танқидбоп бўлиб кўринди:

Сизга бағишланур, ўқувчим,
Ижодимнинг энг асл боби.
Куйга тўлиб янграр сиз учун
Юрагимнинг олтин рубоби…

Шеърим агар бўлса бир лола,
Сиз парвариш қилувчи офтоб.
Юрагимни айлаб пиёла,
Сизга тутдим ишқимдан шароб.

Котиб бу сатрларни шарҳлаб, бундай сўзларни қалаштириб ташлади: «Ўқувчига муҳаббат хумидан чиққан «май» тақдим этилади. Ҳақиқатан ҳам, бир неча шеърларини мустасно қилганда, бутун тўплам гул, булбул, ишқ, шубҳа, ҳижрон, рашкка бағишланган шеърлардан иборатдир. Бироқ уйғун куйлаган муҳаббат «ўлимдан кучли» бўлган муҳаббат эмас. Уйғун шеърларидаги муҳаббат одамларни кўтаринки руҳ билан зўр қаҳрамонликларга илҳомлантиролмайди. Уйғуннинг Ватан урушининг қаҳрамонона ва шонли йилларида… ёзилган кўпгина шеърлари соғлом бўлмаган эротик ҳислар, доимий шубҳалар, физиологик рашклар билан тўлиб тошган…».

Бундай «нозик» таҳлилдан кейин нотиқ шундай хулосага келади: «Уйғун поэзиясининг зарарлари бу билан чегараланмайди. Бутун бало шундаки, Уйғуннинг ғоясиз ва тутуруқсиз лирикаси ўсиб келаётган ёшлар орасида ўзига эргашувчи ва тақлид қилувчиларни ҳам топган. Уйғунга тақлид қилувчилар қаторида биз ёш шоирлардан Зулфия, Шукрулло, Раъно Узоқова, Саид Назар ва бошқа ўртоқларни киритишимиз керак. Буларнинг ҳам кўп шеърлари совет воқелигига тамоман ёт бўлган ҳоясизлик ва мазмунсизлик руҳи билан суғорилган «лирика»дан иборатдир».

Нотиқ 40-йиллар ўзбек шеъриятидаги лирик ҳарорат билан йўғрилган шеърлар ва уларнинг муаллифлари устига тупроқ тортгач, ижтимоий-сиёсий мавзудаги шеърларнинг савиясидан ҳам мутлақо норози эканлигини ошкор қилади. У Миртемирнинг ўша йили чоп этилган «Ўч» тўпламига Ждановнинг кўзойнаги оша назар ташлаб, шу номдаги шеърдан қониқиш ҳиссини туймайди. Миртемир, унинг назарида, ўрта асрларда яшаган шоир бўлиб гавдаланади.

Уруш йиллари лирикасининг олди намуналаридан бири бўлган бу шеър ҳақида нотиқ бундай гинахонлик қилади: «Ўч» деган шеърида шоир фашистлар адресига дўқ уради ва ҳақорат қилади, ўч олишга чақиради. Буларнинг ҳаммасига ишониб бўлмайди ва ўқувчида фашизмга нисбатан қонуний ғазаб ҳиссини қўзғатолмайди, чунки шоир бутун дунё халқларининг ҳаққоний ғазабини қўзғатган фашист аблаҳлари даҳшатли ёвузликларининг чин маъносини очиб бера олмайди. Бу шундан келиб чиқадики, шоир воқеанинг туб маъносини тушунмайди, «яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам бепарволик билан» четдан туриб кузатади. Миртемирнинг шеърларида уруш XX асрда – танклар, самолётлар, узоққа отар тўплар асрида бўлаётгани кўринмайди…».

Бугун мазкур нотиқнинг Собир Абдулла, Ҳабибий, Чустий ва бошқа ёзувчилар тўғрисидаги ҳақоратомиз сўзларини ўқир эканмиз, партиянинг нафис санъатга ҳар бир аралашуви нафақат бу шоирлар, балки, умуман, бадиий ижоднинг 50-йилларда аросатда қолгани сабабларини тушунгандек бўламиз. Лирикани лирикалиги учун қабул қила олмаган, сиёсий лирикадан чуқур сиёсий-ижтимоий тадқиқотни талаб этган партия урушдан кейинги қарорлари билан собиқ совет адабиёти, шу жумладан, ўзбек адабиётининг кейинги тараққиётига рахна солди. Натижада ўзбек лирикаси нафосатдан, инсоний туйғулар шалоласидан, руҳий оламнинг камалак рангларидан маҳрум бўлиб, воқеликнинг юзаки, рангсиз-нурсиз тасвирини берувчи, мадҳиябозликдан иборат шеърий плакатлар ва шиорлар тўпламига айланиб борди.

Ўша йиғилишда партиянинг катта калтаги фақат шоирларнинг эмас, драматургларимизнинг ҳам бошларини ғурра қилди. «Алишер Навоий», «Муқанна», «Жалолиддин Мангуберди», «Маҳмуд Торобий», «Улуғбек» каби саҳна асарлари феодал ўтмишни идеаллаштиришда айбланиб, театрларимиз репертуарларидан олиб ташланди. Хуллас, «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳамда драматик театрларнинг репертуарлари тўғрисида чиқарилган партия қарорлари урушдан кейинги йилларда эндигина юксалиб бораётган ўзбек адабиётини издан чиқариб юборди.

4.ХОТИРОТ

Ленинград ёзувчиларининг йиғилишида бошқа бир неча қаламкаш биродарлари қатори Анна Ахматова ҳам СССР Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилган эди. Бу ҳол шоиранинг ҳали ҳам уруш даври қонунлари билан яшаётган мамлакатда нон карточкасидан, демак, яшаш манбаидан маҳрум бўлишини англатар эди. Лекин қаҳрамон шаҳар Ленинградда Ахматованинг қадрига етадиган, ҳар қандай хавф-хатарга қарамай, унга ёрдам қўлини чўзадиган кишилар йўқ эмас экан. Улар шоира яшаётган хонадон эшиги олдига махсус қути қўйиб, ҳар куни эрта билан унга 20га яқин бир кунлик нон карточкаларини қолдирар эканлар. Гуллар ҳам унинг эшиги тагидан аримас экан.

Биз тилга олган Тошкент ёзувчиларининг йиғилишида ҳам Хуршид, Охундий, Ғайратий каби ёзувчилар «совет Ёзувчилар союзининг аъзоси деган номга иснод келтираётган» кишилар сифатида Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилди. Кейинчалик улар сафи тинимсиз равишда кенгайиб борди. Афсуски, улар Ахматова сингари беғараз ва буюк қалбли мухлисларга эга бўлмаганлар. Эҳтимол, шунинг учун ҳам уларнинг кейинги ижодий тақдирлари кўнгилдагидек кечмади.

…Ахматова ўша туни ўқиган «Марсия»да бундай сатрлар ҳам бор эди:

Хотирлаш соати келмоқда яна,
Сизни кўриб, тинглаб турибман, мана…

Ўтмишда қандай воқеалар юз берган бўлмасин, улар, барибир, хотирада қолади. Мана, бугун ҳам мудҳиш бир қарорнинг 50 йиллиги муносабати билан (мақола 1996 йили ёзилган – сайт муаллифи) ўзбек адабиёти ва унинг 40-йилларда яшаган айрим вакиллари бошига тушган савдоларни эслаб турибмиз.

Адабиётимиз тарихидан яхши хабардор бўлмаган ёшлар баъзан 30–50-йилларда яшаган жабрдийда ёзувчиларимиз шаънига маломат тошларини отишдан ўзларини тиёлмайдилар. Уларнинг таъналари қанчалик асосли бўлмасин, партиянинг «доно» раҳбарлиги остида ижод қилишга мажбур бўлган адабиёт мазкур мураккаб, машаққатли ва фалокатли йўлни босиб ўтишга мажбур эди.

Шояд йилдан-йилга улғайиб бораётган Истиқлол адабиётимизнинг эртанги тараққиёти учун янги имкониятларни муҳайё этса!


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1996 йил 2 август.

Мақола-эссе шоир Беҳзод Фазлиддин веб-саҳифасидан олинди.

09

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring