Nazar Eshonqul. O’zini o’zi isloh qilish — najot yo’li & Jabbor Eshonqul. Ibrohim akaning haqiqatlari

022Таниқли олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 70 йиллигига

   Иброҳим Ҳаққул ўз фикрларини ва қарашларини ошкора билдирадиган, менталитетимизга хос бўлган андишабозликдан бир қарич устунда турадиган 70-йиллар авлодига мансуб. Бу авлод адабиётда ҳам, маънавий-ижтимоий масалаларда ўзларининг қарашларини ва фикрларини журъат ҳамда жасорат билан ҳимоя қилди, ўзларининг хулосаларини маълум маънода ижтимоий фикрларга айлантира олди. Шахсан мен бу авлоднинг шу фазилатига – журъатига, якдиллигига, қатъиятлилигига ҳавас билан қарайман. Улар ўзларининг авлод эканини ана шу якдиллиги билан исботлаб беришди.

Назар ЭШОНҚУЛ
ЎЗИНИ ЎЗИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ – НАЖОТ ЙЎЛИ
01

033Ўзи мансуб авлод шеърияти ҳамда мумтоз адабиёт ҳақидаги мақолаларини илгари ўқиб юрган бўлсам ҳам, Иброҳим Ҳаққул билан биринчи марта 1990 йилда, Ёзувчилар уюшмасида танишганман. У пайтлари Иброҳим ака навқирон ёшда эди, шунга яраша матбуотда ёки зиёлилар орасида бўлаётган миллатга, адабиётга дахлдор масалаларда муросасиз эди. Иброҳим акани айнан шу ҳолатда, ўз қарашларини бетинг-кўзинг демай ҳимоя қилаётган, фикрларини бошқаларга ҳам сингдиришга уринаётган вазиятда учратганман. Умуман, олганда, Иброҳим Ҳаққул ўз фикрларини ва қарашларини ошкора билдирадиган, менталитетимизга хос бўлган андишабозликдан бир қарич устунда турадиган 70-йиллар авлодига мансуб. Бу авлод адабиётда ҳам, маънавий-ижтимоий масалаларда ўзларининг қарашларини ва фикрларини журъат ҳамда жасорат билан ҳимоя қилди, ўзларининг хулосаларини маълум маънода ижтимоий фикрларга айлантира олди. Шахсан мен бу авлоднинг шу фазилатига – журъатига, якдиллигига, қатъиятлилигига ҳавас билан қарайман. Улар ўзларининг авлод эканини ана шу якдиллиги билан исботлаб беришди.

Адашмасам Иброҳим акани ўша – биринчи кўрганимда уюшма биносига кириш жойида, шундоқ эшикнинг олдида туриб олганча “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири, танқидчи Ортиқбой Абдуллаев билан баҳслашиб турарди: газеталарда суратларини кўрганим учун нималарнидир жон куйдириб тушунтираётган кимса Иброҳим Ҳаққул эканини дарров таниган ва бир зум уларнинг баҳсига қулоқ солиб тургандим. Баҳс журналда чоп этилган И.Мўминов ҳақидаги мақола ҳақида борарди. Юмшоқ феълли О.Абдуллаев эса менга Иброҳим аканинг тўлиб-тошиб гапираётгани учун ўзининг фикрларини билдиришга ҳам ийманаётгандай, ҳатто хижолат бўлаётгандай туюлганди. Ўшанда Иброҳим ака ёвга қарши ҳаёт-мамот жангига кирган аскардай таассурот қолдирганди. Салдан сўнг Иброҳим ака ҳам мен кирган хонага – уюшманинг Тошкент вилояти бўлимига – Аҳмад Аъзамнинг хонасига кириб келди ва кўчадаги баҳс энди ичкарида ҳам давом этди.

Кейинчалик Иброҳим Ҳаққул билан яқин бўлиб кетдик, бозор даврига, бозор тафаккурига хос бўлган алдов ва ёлғонларни, хиёнат ва олчоқликларни, шаънини ва ғурурини сотиб кун кўрганларни, зоҳири хўжа, ботини қулларни, сурати одам, сийрати махлуқларни – хуллас, хилма-хил турланишу тусланишларни кўп кўрдик. Ҳамма нарса сотилиши табиий бўлган ана шундай пайтларда Иброҳим ака, мен учун, инсонда сотиб бўлмайдиган нарсалар борлигини матонат билан исботлаган камдан-кам кишиларнинг бири сифатида ўзини намоён қилди.

Дастлабки юзма-юз учрашганимиздан бери ўттиз йилча вақт ўтган бўлса-да, Иброҳим Ҳаққул ҳануз адабиётимиз, маънавиятимиз, умуман, Инсон ботини ҳақида муросасиз баҳс қилиб келяпти. Буни ҳурматли олимнинг хоҳ адабиётга, хоҳ маънавий масалаларга дахлдор бўлсин, мақолалари, китоблари, матбуотдаги чиқишларида гувоҳ бўлдик. Мен бу баҳсларда ўртага ташланган ва ташланаётган адабий, маънавий муаммолар, айниқса, бутун умрини бағишлаган навоийшунослик борасидаги таҳлиллар, баҳсларда ким ҳақ ёки ноҳақ дея баҳо беришдан йироқман, инчунин, мен навоийшунос эмасман, шу сабабли Иброҳим ака ўртага ташлаб муҳокама қилган баҳсларга ҳакамлик қилиш, фикр билдириш ниятим йўқ, лекин мен бир нарсани аллақачон ўзим учун аниқлаб, хулоса қилиб бўлганман: Иброҳим Ҳаққул хоҳ адабиётшунослик, хоҳ маънавият бўлсин, ҳар қандай масалага адабиёт жонкуяри, миллат фидойиси, энг муҳими, ва асосийси, айни замонда жуда наёб бўлиб бораётган ўз даврининг ШАХСи сифатида муносабат билдиради, қарашларини баён қилади ва жамоатчилик эътиборини қаратади.

Умуман олганда, И. Ҳаққул ўзи мансуб 70-йиллар авлодига хос бўлган барча фазилатларга эга зиёли ва ҳатто ушбу авлоднинг заиф, бўш, эътибордан четда қолган жойини тўлдириб турган адабиётшунос ҳам. Маълумки, Абдулла Ориф, Эркин Воҳид, Шукур Холмирза, Рауф Парфилар бошлаб берган бадиий тафаккурдаги янгиланиш 70-йиллар авлоди ижодида тўлақонли ва хилма-хил шаклларда намоён бўла бошлади, адабиётга шу пайтгача ёт деб келинган авангард руҳ кириб келди. Адабиётнинг ифода, шакл усуллари кенгайди, хилма-хиллашди, услублар ранг-баранглашди, миллий адабиёт дунё адабиётининг илғор анъаналари билан бойий бошлади. Бундай талотумда – дунё адабиётига маҳлиёлик пайтида, ҳар бир адабиётда кузатилгани каби, бизнинг адабиётда ҳам мумтоз асос эътибордан четда қолиши ҳам кузатилди. Ана шу даврда Иброҳим Ҳаққулнинг мумтоз адабиёт ҳақидаги ишлари авангард руҳнинг ўз илдизидан узилиб кетмаслигини эслатиб, янги авлод адабиётини, янги авлод бадиий тафаккурини мумтоз тагзамин билан боғлаб турган тадқиқотлар бўлди.

Ҳар бир адабиётнинг маълум бир босқичларида нигилистик кайфият бўлади. Бу хил кайфият ўткинчи бўлса-да, барибир, маълум бир даврда оммавий тус олади. Биз ҳатто Чўлпоннинг янги адабиёт истаб ёзган машҳур мақоласида ҳам шунга ўхшаш кайфиятни кўрамиз. Аслида бу ҳолат бадиий тафаккур тараққиётида табиий ҳол деб қаралади. Адабий нигилизм янги адабиёт, янги сўз, янги ифода усуллари яратишга замин яратади. Аммо бу хил кайфият ва ёндашув авангардликка, янги шакл, янги услуб излашга муккасидан кетишлар баъзида маълум бир авлодни мумтоз илдизлардан – тагзаминдан узиб қўяди. Дунё адабиёти бу хил вазиятларни кўп бошидан кечирган. Бу эса охир-оқибат, замонавий адабиётни боши берк кўчага киритиб қўяди. Бугун бизга таниш бўлган ва адабиёт майдонида ўз ўрнини тополмай, саҳнадан тушиб кетган жуда кўп адабий “изм”лар шу қисматни бошдан кечирган. Айнан шунинг учун ҳам адабиёт мумтоз хулосаларга, мумтоз руҳга, мумтоз талқинга, мумтоз қувватга эҳтиёж сезади ва ҳар қандай янги адабиёт ўзини мумтоз руҳ билан уйғунлаштира олсагина, мумтоз руҳни замонавий табдиллай, мумтоз руҳни замонавий нигоҳга, кўзга, воситага айлантира олсагина янгиланаётган адабиёт ўзининг мустаҳкам пойдеворига эга бўлади. Шу маънода адабиёт ҳамиша янгиланиш учун мумтоз руҳга эҳтиёж сезади, зотан адабиётнинг қуввати, қудрати, замонавийлиги ва миллийлиги уни янгилаш иштиёқидаги қарашлар билан мумтоз руҳнинг уйғунлаша олишида намоён бўлади. Бунинг ёрқин истботини Кафка романлари, “Улисс”, “Доктор Фаустус”, “Музтоғ”, Т.Элиот шеър ва достонлари, бугуннинг адиби бўлган Пауло Коэлье асарларида кўришимиз мумкин. Мен бу масалага бекорга тўхталаётганим йўқ. Гап шундаки, Иброҳим Ҳаққул устоз Нажмиддин Комилов каби адабиётшунослар билан қамарбаста туриб, замонавий адабиётимизни, замонавий бадиий тафаккурни мумтоз руҳ, мумтоз илдиз билан боғлаб турган, бошқача айтганда, фақат ўз даврининг маҳсули, ўз даврининг образлари, ўз даврининг тафаккури деб талқин қилинган образларнинг, метофораларнинг, кодларнинг, мажозларнинг, рамзларнинг замонавий тафаккурга қувват берадиган калитларини топиб берган, адабиётни мумтоз қувват билан тўйинтириб келган алломалар сирасига киради. Шу маънода бугунги адабиётдаги янгиланишларда, мабода юксалган бўлса, юксалишларда, кенгайган бўлса, кенгайишларда, умуман, замонавий адабиёт тараққиётида, замонавий бадиий тафаккур ривожида бевосита мумтоз қувватни замонавий қувватга айлантира олганларнинг, шу йўлда хизмат қилганларнинг, хусусан, Иброҳим Ҳаққулнинг ҳам хизмати борлигини тан олмаслик ноҳақлик бўлади. Шеърдан тортиб насргача қамраб олган, бизга янги давр адабиёти, янги давр бадиий мушоҳадалари бўлиб кўринаётган мажоз, образлар, метофоралар, рамзлар, ҳикматлар, тагмаънолар, сўз ўйинлари, оҳанглар, фалсафий қатламларда, умуман, маза-матрасида ана шу адабиётшуносларимиз талқинларининг акс садолари кўриниб туради. Н.Комилов ва И.Ҳаққуловнинг тасаввуф фалсафасига оид тадқиқотлари сўзга, инсонга, илоҳга янги бир бадиий муносабат бошланишига туртки берди деб бемалол айта оламиз. Тасаввуфнинг замонавий талқинчилари бўлмаганда, тасаввуф бугун учун қайта кашф этилмаганда, узоққа бормайлик, ўзимнинг “Баҳоуддинннинг ити” ҳикоям ҳам дунёга келмасди. Бу хил мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шундай экан, Иброҳим Ҳаққул ижоди, унинг мумтоз адабиётдаги тадқиқотлари фақат навоийшунослар ва бир ҳовуч илм билан шуғулландиганлар доирасида қолиб кетгани йўқ, бу тадқиқотлар адабиётимизни ичдан янгилашга, уни ичдан қувватлантиришга, унга азал-абад руҳини бағишлашга хизмат қилди ва қиляпти. Умуман, сўз санъати тарихидан қилинган ҳар бир бадиий кашфиёт, ҳар бир замонавий талқин – бу келажак адабиётига қурилган битта кўприкдир: бу кўприкдан бугун бўлмаса эртага албатта ўтишади ва ўз даври учун керакли бўлгани ўз даврининг СЎЗини ана шу талқинга – заминга таяниб айтишади. Иброҳим Ҳаққул ана шу шарафли ва масъулиятли вазифани бажараётган давримизнинг саноқли олимларидан, навоийшуносларидан саналади.

Иброҳим Ҳаққул деганда менинг кўз олдимга нафақат халқаро доирада тан олинган, замонавий ҳамда мумтоз адабиёт билимдони, балки давр онгини бетиним Навоий маърифати билан уйғотишга, Навоийни англашга, Навоий ҳикматларини кундалик, ижтимоий ва ҳатто сиёсий фаолиятга татбиқ этишга, Навоий мақоми билан ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилишга ундаб турган давр зиёлиси келади. Бу бежиз эмас. Иброҳим Ҳаққул мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижоди ва ҳикматлари ҳақида гапирар экан, ҳар бир чиқишида, ҳар бир мақоласида асосан битта нарсага – инсонни ўзини ўзи ислоҳ қилишга, Навоий етишган хулосалар билан яшашга ундайди. Шу сабабли олимнинг барча асарларини, менинг фаҳмимча, битта истак – ўзини ўзи ислоҳ қилиш даъвати бирлаштириб туради. Ўзини ислоҳ қилиш – бугунги кунда дунё адабиётининг, дунё фалсафасининг, дунё руҳшунослигининг, умуман, инсоншуносликнинг ҳам бош мавзуига айланди. Куни кеча инсоннинг фожелашишини четдан излаганлар бугун унинг ўзидан, ботинидан излай бошлади. Зотан ҳақиқат шундаки, агар қиёматгача ўзлигини, аслини, кўнглидаги эзгуликни, имон ва диёнатни, ўзини ўраб турган кичик ва катта олам билан уйғунликни сақлаб қоламан деса, Инсон ўзини ўзи ислоҳ қилишга мажбур. Шу пайтгача етишган жами донишмандликларнинг, фалсафаларнинг, ҳикматларнинг ягона хулосаси – шу. Буни қанча тез амалга оширса, муқаррар фожиалардан шунчалик тез халос бўлади. Бугунги маънавий ўпирилишлар, маънавий таназзуллар инсон ўзини ўзи ислоҳ қилолмаётганида, ўзини ўзи енга олмаётганида, ўзини, ўзининг миссиясини тан олмаётганида экани кундай равшан бўлиб бормоқда. Навоий нигоҳи, Навоий кўзи ва Навоий ўлчами, Навоий маърифати билан замонга қўйилаётган бу ташхис – Инсоннинг нажоти ўзида эканини англатади. Инсон ўзини ислоҳ қилолмаса, таназзул сари кетаверади. Иброҳим Ҳаққул буни Навоий сабоқлари деб тушунтиради. Ана шу талқинлари билан олим Навоийни, Навоий билан бирга миллатни, бизни янада замонавийлаштиряпти, янада улуғворлаштиряпти, янада башариятлаштиряпти.

Жаббор ЭШОНҚУЛ
ИБРОҲИМ АКАНИНГ ҲАҚИҚАТЛАРИ
01

I

Ҳаёт тасодифларга тўла, бироқ, шу тасодифлар ҳам яратганнинг изни билан қайсидир бир қонуният туфайли юз беради. Бу қонуниятларнинг моҳиятини англашга уринганинг сайин калаванинг учини йўқотиб қўясан. Такрор ва такрор яна айланиб ўша нуқтага келасан: ҳаётда тасодифлар кўп, бироқ, бу тасодифлар ўз-ўзидан юз бермайди, уларнинг ҳам ўз қонунияти бордек.

Адабиётимизнинг зукко билимдони, таниқли навоийшунос олим Иброҳим ака Ҳаққулов ҳақида ўйлаганимда хаёлимга беихтиёр шундай фикрлар келаверади. У киши билан танишишим оддий бир тасодиф бўлган. Мана шу тасодиф менинг кейинги ҳаётимни ўзгартириб юборишини, очиғи, ўшанда сира ҳам ўйламаган, ҳатто, хаёлимга ҳам келмаган. Бугун энди ўйлаяпманки, бу бир тасодиф эмас, тақдир бўлган.

Биз Тошкент Давлат университетининг журналистика факультети талабалари эдик. Ўзимизча “даҳо” ва унча-мунча одамни тан олмасдик. Бироқ Иброҳим Ҳаққул биз учун гўёки осмондаги қўл етиб бўлмас бир юлдуз эди. У киши билан танишиш, суҳбатлашишни ҳатто орзу ҳам қилмаганмиз. Ўша пайтда Иброҳим аканинг кетма-кет китоблари босилган, айниқса, “Занжирбанд шеър қошида”, “Тасаввуф ва шеърият” ва у киши томонидан нашрга тайёрланиб, сўзбоши ёзилган “Аҳмад Яссавий ҳикматлари” қўлма-қўл ўқилаётган, бошқача айтганда ҳамма адабиётга “Иброҳим аканинг кўзи” билан қараётган бир даврлар эди.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига борганимда у киши биринчи қаватда зинапоя тагида уч-тўрт киши даврасида суҳбатлашиб ўтирарди. Даврадагиларни айтаётган гаплари билан ўзига маҳлиё қилиб олганди. Бу ижод ҳакида, адабиёт ҳақида биз эшитмаган, бироқ, доим эшитишни орзу қилган “қанотли” гаплар эди. Бу илк танишув эди. Иброҳим аканинг китобларидан олган таассуротимни хаётда кўрганларим, эшитганларим тасдиқлаётган ва мустаҳкамлаётган эди.

II

Иброҳим Ҳаққулни бугун республикамизда танимайдиган одам йўқ десам, муболаға бўлмас. Уни кўпчилик навоийшунос олим, Шарқ ва Ғарб адабиётининг закий билимдони, замонавий адабиётни ҳам теран ва нозик ҳис ҳис қила оладиган адабиётшунос сифатида яхши билишади. Бу мақому даражага Иброҳим ака осонгина эришмаган. Кўп машаққатларни кўрган, кўп эврилишларни бошидан кечирган.

Иброҳим ака қадим Бухоронинг Шофиркон туманида туғилган. Агар Иброҳим ака Бухорода эмас, бошқа ерда туғилганидан, эҳтимол, характери ҳам, тақдири ҳам бошқа издан бурилиб кетиши мумкин эди, деб ўйлайман.

Инсон тақдирида унинг туғилган жойи нечоғли роль ўйнайди? Буни фан ҳали етарли даражада ўрганганича йўқ, назаримда. Мен устоз Тўра Мирзаев, Иброҳим Ҳаққул ва бошқа ўзим кузатган зиёлилар мисолида айтишим мумкинки, туғилган жой одамнинг келажагини белгилаб беради. Машойихлар айтгандай, тақдири азалда лойинг қайси тупроқдан олингани ҳам муҳим.

Иброҳим ака давраларда момоси ва онасидан эшитган ҳикматли гапларни, мақолларни айтиб беришни хуш кўради. Агар ёш Иброҳим момосидан, онасидан, отасидан бундай ўгитларни эшитмаганда эди, биз бугун бошқа бир шахсни кўрган бўлармидик? Ёшлик чоғларида уйда Сўфи Оллоёр, Яссавий, Навоий, Машраб каби алломаларнинг китоблари ўқилмаганда эди, эҳтимол Иброҳим бошқа касб эгаси бўлиб кетиши мумкин эди.
Агар ота-онаси унга бошқа ном берганида эди, эҳтимол, биз бошқа бир Иброҳим билан юзлашиб турган бўлармидик ёхуд юзлашиш умуман насиб этмасмиди?

Устоз Тўра Мирзаев Иброҳим акани доим “Ҳаққул бобонинг набираси” деб чақиради. Бунда жуда кўп ҳикмат бордай.

Мен Иброҳим акани турли даврлардан, турли ҳолат ва кайфиятларда кўп учратганман. Эҳтимол, четдан қараган одамга Иброҳим ака қўрс, қайсар ва камгап одамга ўхшаб кўринар. Кўпчилик Иброҳим Ҳаққулни осонликча сўзидан қайтмайдиган, қандай вазият бўлишидан қатъи назар ҳар доим ҳақиқатни одамнинг юзига қараб тик айта оладиган ҳақиқатпараст ҳам деб билади. Иброҳим аканинг ҳар доим ҳақиқатни гапириши, вазият ҳам, одам ҳам танлаб ўтирмаслиги бор гап. Бироқ, унинг қайсарлиги, қўрслиги ва камгаплигига уни яқиндан билганлар, дилдан суҳбат қурганлар ҳеч қачон ишонмайди.

Унга яқин борсангиз, унинг нақадар содда, самимий, беғуборлигига, яхши суҳбатдош, ишончли дўст эканига яна бир карра аман бўласиз. Фақат унинг ўз ҳақиқатлари бор. У бу ҳақиқатларига ҳеч қачон хиёнат қилмайди: у хиёнат ва иккиюзламачиликни, турланиш, тусланишни ёмон кўради. Бундайларни у “ўйинчи” дейди: улар билан имкон қадар “масофа” сақлайди. Самимиятни, садоқатни қадрлайди.

III

Болаликдан миллий адабиёт деган улкан бир “ҳудуд”нинг ичида ўсган, ҳавосини симирган, кўпчилик ўнлаб, юзлаб китобларни титкилаб топадиган мантиқни, ҳаётий ва фалсафий хулосаларни бувиси, ота-онасининг жайдари гаплари, ўгитлари асосида ўзига сингдирган ўспирин Иброҳим Бухоро давлат университетида таҳсил олади (1966–1970). Баъзан суҳбатларда Иброҳим ака бу даврларни мароқ билан эслайди. Унинг гапларини тинглаб туриб, мен яна аввалги хаёлимга қайтаман: Иброҳим ака Бухорода эмас, бошқа ерда ўқиганда ҳам шундай ҳаяжон билан эслармиди, ўзининг талабалик даврини? Мен бу савол жавобини билмайман. Ўзидан сўрамаганман ҳам. Бироқ, йўқ, бундай бўлмасди деган жавоб олишим мумкинлигини ҳам биламан. Аслида ҳам шундай. Иброҳим аканинг Бухорага меҳри бўлакча. Ҳар бир хотирасида, ҳар бир ёзган сатрида бу сезилиб, бўртиб туради.

Фақат ватани бўлгани, у ерда таҳсил олгани учун ҳам эмас. Ўзини топгани, бугун ўзи муқаддас деб билган, алқаган ҳаёт қонунлари, ўз ҳақиқатларини англагани учун ҳам, деб ўйлайман.

Бухоро педагогика институтини тугатиб, Иброҳим ака бир муддат “Шофиркон ҳақиқати” номли туман газетасида ишлаган. Устоз Тўра Мирзаев айтгандек, Ҳаққул бобо набирасининг бу газетада ишлаши ҳам менга тасодиф эмасдек туюлади. Тўра ака уни шу газетада ишлаб юрган пайтида кашф этган. Қўлидан тутиб Тошкентга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтининг фольклор бўлимига олиб келган.

Иброҳим аканинг халқ оғзаки ижодининг моҳиятини айрим “фольклоршунос”лардан кўра теранроқ англаши илдизлари болалик чоғида олган таълим билан бирга, устоз Ҳоди Зарифдан қолган улкан мерос ва Тўра аканинг сабоқлари бўлган. Даставвал халқ оғзаки ижоди бўйича илмий иш қилишни режалаштирган Иброҳим Ҳаққул кейинчалик мумтоз адабиёт соҳасига ўтади. Мен шунда ҳам бир ҳикмат кўраман: агар Тўра ака билан танишмаганда эди, Тошкенти азимга келиб, фольклор бўлимида ишламаганда эди, эҳтимол, мен билган Иброҳим ака бўлмасмиди?

Фольклор шунчаки бу сўз санъати намунаси эмас, балки халқнинг боқий тарихи ҳам. У сўз санъати, адабиёт ва санъатининг ибтидосидир. Ёзма адабиёт вакилларининг барчасининг ижоди фольклор билан боғланади. Улар фольклор ҳақида билимга эга бўлгани ёхуд бошқа сабаблар учун эмас. Балки, шу халқнинг фарзанди бўлгани, туғилганидан то умрининг охиригача шу халқ анъаналари ичида яшагани учун ҳам унинг ичида яшайди, азалдан халқнинг удумлари, анъаналари, бобосўзлари тарзида яшаб келаётган оҳанг, рамз, маъно ва мазмун, қатъий тизимни ўзига сингдиради. Бу ҳар бир ижодкорда ўзига хос тарзда намоён бўлади.

Иброҳим ака фольклор бўлимида юриб турли жанрларни, жумладан, мақолларни янада теранрок ўрганган, достонлар, айниқса Эргаш Жуманбулбул ижодига ўзига хос меҳр билан ёндашган.

Иброҳим ака ўзининг ҳақиқатларини англатаётганда кўпроқ фольклор материалларига, айниқса, мақолларга суяниб иш кўришини кўп бор кузатганман.

IV

Иброҳим аканинг Фанлар академияснинг Ўзбек тили ва адабиёти институтида кечган ҳаёти катта бир китоб бўлгулик.

Аввал “Ўзбек мумтоз адабиётида рубоий” мавзуида номзодлик, сўнгра “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” мавзуида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Ўзи орзу қилган илмий даргоҳда оддий бир лаборантликдан, етакчи илмий ходим, “Мумтоз адабиёт бўлими” мудирлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Элга навойшунос олим сифатида танилди. Нафақат юртимизда, балки Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Озарбайжон каби кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам ҳурмат ва эътибор қозонди.

Устозларнинг устозини ҳам, илмни пулга сотувчиларни ҳам, мардни ҳам, номардни ҳам, бир умрлик садоқатлиларни ҳам, баҳор ҳавосига ўхшаш ўзгарувчан ўз тили билан айтганда “ўйинчи”ларнинг зўрини ҳам шу ерда кўрди. Шу ерда яна бир карра ҳаётни таниди, ҳаётда тобланди.

Энг кучли муҳаббатни ҳам, нафратни ҳам шу ерда туйди. Кечагина соясига салом бериб юрганлар вақти келиб ўзини олиб қочганларга ҳам, даврада қучоқ очиб, ортидан ғийбат қилганларга ҳам шу ерда гувоҳ бўлди. Бироқ у ўзининг ҳақиқатларидан ортга чекинмади. Аксинча, янада жасоратли, янада собит бўлишни ўрганди.

V

Бирор бир ижодкорни яхшироқ билишнинг йўлларидан бири унинг китоблари, китобларига берилган номлари ҳамда у ўрганган мавзулар билан танишишдир.

Баъзан китобнинг номиданоқ унинг мазмун-мундарижаси, савияси ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Шу маънода Иброҳим Ҳаққул томонидан чоп этилган китоблар ҳам муаллифнинг даражасини, билим доирасини қизиқиш “географияси”ни билдириб туради.

“Ўзбек адабиётида рубоий” (1981), “Увайсий шеърияти” (1982), “Бадиий сўз шукуҳи” (1987), “Занжирбанд шер қошида” (1989), “Шеърият – руҳий муносабат” (1989), “Абадият фарзандлари” (1990), “Камол эт касбким…” (1991), “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Ғазал гулшани” (Адабий суҳбатлар, 1991), “Хожа Ориф Моҳитобон” (1996), “Ирфон ва идрок” (1998), “Тасаввуф сабоқлари” (2000), “Аҳмад Яссавий” (2001), “Ким нимага таянади?” (2006), “Эътиқод ва ижод” (2007), “Навоийга қайтиш. Биринчи китоб” (2009), “Абдулла Қаҳҳор жасорати” (2009), “Тақдир ва тафаккур” (2007), “Мерос ва моҳият” (2008), “Ижод иқлими” (2009), “Навоийга қайтиш. Иккинчи китоб”, “Навоий. Шоҳбайтлар. Биринчи китоб” , “Навоий. Шоҳ байтлар. Иккинчи китоб”, “Навоийга қайтиш. Учинчи китоб” ва ҳоказо.

Олимнинг 30 дан ошиқ китоб, 400 дан ортиқ мақолалари чоп этилган.

Ҳар бир китоби, ҳар бир мақоласида олим ўзи англаган, ўзи ҳақ деб билган ҳақиқатларни баён қилади.

Олим ўзининг илк китобида мумтоз адабиётдаги рубоий ҳақида фикр юритар экан, ҳар бир жанрда шакл ва мазмун, тизим, бадиият ҳам ўзига хос тарзда, яхлитликда намоён бўлишини урғулайди.

“Инсон бадиий тафаккури қотиб қолган нарса эмас, – деб ёзади олим. – У замон ва даврлар ўтиши билан ўсиб, ўзгариб, янги сифатлар билан бойиб боради. Буларнинг ҳаммаси у ёки бу тарзда шеъриятда ҳам ўз ифодасини топади. Демак, адабий ҳаётда содир бўлган ғоявий-бадиий тенденциялар моҳиятини кўрсатишда жанр ўзига хос бир кўзгу вазифасини ўташи табиий”.

У биргина рубоийни тадқиқ қилмади, балки, мумтоз адабиётда жанрларнинг пайдо бўлиши, тараққий этиш қонуниятлари ҳақида кенг фикр юритди.
Илк тадқиқотиданоқ илмга чуқур назарий билимга эга, мумтоз адабиёт, умуман бадиий сўз санъатига меҳри бўлакча бўлган олим кириб келганини илмий жамоатчилик тўла эътироф этган.

“Яссавийни иймонни сўзлатган, Иймон тили билан муҳаббатни улуғлаган ижодкор деб баҳоласак, хато қилмаган бўламиз, – ёзади Иброҳим Ҳаққул ўзининг “Яссавий ҳикматлари” китобининг сўзбошисида. – Чунки Яссавий ҳикматларини Диёнат зиёси ва Иймон шафқати ичидан нурлантириб туради”.

Эътиқоди бўлмаган миллатнинг, деб ёзади фаранг адибларидан бири, адабиёти ҳам бўлмайди. Афсуски, шўро тузуми даврида бизнинг мумтоз адабий меросимиз фақат бирёқлама, синфийлик нуқтаи назаридан ўрганилди, баҳо берилди.

Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов каби олимлар эса биринчилардан бўлиб тасаввуф адабиётbнинг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилишди. Сўнгги қирқ йиллик навоийшуносликни биз Нажмиддин Комилов ва Иброҳим Ҳаққулсиз тасаввур эта олмаймиз.

Иброҳим Ҳаққулнинг “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” номли докторлик диссертацияси ўз даври, ҳали тасаввуф мавзуидан гумон пардалари тўла кўтарилиб кетмаган замонда дадиллик ва жасорат билан ёзилган илмий тадқиқот эди.

Алишер Навоий ижодини кўплаб олимлар ўрганган. Бироқ, улар орасида, ҳеч шубҳасиз, Иброҳим Ҳаққулнинг изланишлари алоҳида ажралиб туради. Бу Иброҳим аканинг мумтоз адабиёт тарихини ёхуд Навоий ижодини чуқур билгани учунгина эмас, балки, бошқалардан фарқли равишда биз тасаввуримизга сиғдира олмаган ҳакиқат, Навоийда ҳам оддий инсоний дардларни кўра олганлиги, унинг ижодини бугунги кун, бугунги замон дарди билан боғлай олганлигида, деб биламан.

VI

Кўпгина ижодкорлар, хусусан, Уьилям Фолкнер, Хорхе Луис Борхес каби ёзувчилар ўзларини адиб эмас, шоир деб ҳисоблашади. Бу уларнинг бир пайтлар шеър ёзгани, шеърий тўпламлар чоп эттиргани учун эмас, балки дунёни идрок этишда, англашда, уни қайта ифодалашда шоирона ёндашганликлари, шоирона кайфият ҳар битигида устувор бўлгани учун.

Иброҳим ака ҳам қачонлардир шеърлар ёзганидан хабарим бор. Эҳтимол, ҳозир ҳам ёзар? Шеърларини ҳеч қаерда, ҳеч қачон ўқимаганман. Бироқ Иброҳим аканинг шоирлиги унинг ҳар бир мақоласи, изланиши, тадқиқотларидан билиниб туради. Балки шунинг учун назмни жуда нозик ва теран тушунар?!

Олим “Алишер Навоийни туркий сўз лашкарининг мислсиз султони”, “Санъаткорликнинг буюк мактаби. Ҳақиқий мезони”, “Ўзбек адабиётининг пойтахти”, деб атайди. Бу шоирлик эмасми?

“Ҳар қандай шоир тақдири, биринчи навбатда, шахс тақдири. Шоир киши умри давомида ўз шахсини ёзади, ўз қисмати, маънавий-руҳий олами ҳақида гапиради. Бунга амал қилмасдан чинакам шеъриятга эришиш мумкин эмас”, – дейди Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққул Ижодкор ва Шахс тушунчасини бир-биридан ажратмайди. Улар яхлит тушунчалар эканини урғулайди. Шунинг учун қайси бир адиб бўлмасин, бу Рудакийми ёхуд Абу Али ибн Сино, Адиб Собир Термизий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Фузулий, Махтумқули, Аҳмад Дониш, Робиндранат Тагор, Мансур Ҳаллож, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбандми ёхуд Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Рауф Парфи, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон каби ХХ аср ва ҳозирги замон адабиётининг энг етук вакиллари ижодини тадқиқ этадими, барчасига бирдек ана шу мезонидан туриб ёндашади.

VII

Бир гал Иброҳим ака шоир Рауф Парфи ҳақида гапира туриб: “У бир туш эди. Рауф Парфи биз учун туш бўлиб қолди”, – деди. Бу нафақат Рауф Парфига, балки Иброҳим аканинг авлодига берилган баҳодек туюлганди менга. Чунки бу авлод вакиллари, Иброҳим Ҳаққул, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим, Мурод Муҳаммаддўст, Хуршид Давронлар адабиётимизга янги ҳаво, янги нафас олиб кирган, назм, наср ва адабиётшунослик ҳақидаги қарашларимизни ўзгартирган, таъбир жоиз бўлса, ўз даврида адабий жараёнда “инқилоб” қилган авлоддир.

Биз ўзбек адабиётининг кейинги олтмиш йилини бу ижодкорларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уларсиз адабиёт ҳақидаги қарашларимиз кемтик бўлиб қолади. Бу авлоднинг кучи ҳам, ютуғи ҳам аслида бир авлод эканлигида. Бир-бирига куч, фикр бера олганлиги, бири иккинчисини тўлдира олганлигида. Менинг назаримда, шу авлоддан кейин авлод шаклланмади; тўғри, иқтидорли ижодкорлар етишиб чиқди, бироқ бир авлод бўлиб шакллана олмагандек, менинг назаримда.

Бу авлоднинг мавжудлиги, Иброҳим аканинг ўзи айтгандай, худди бир тушдай, одамнинг баъзан ишонгиси келмай қолади. Бу авлод ҳали етарлича ўрганилмади, уларга етарлича баҳо берилмади.

Тақдир олис бир қишлоқнинг мендек боласини олий ўқув юртини битираётиб, Нажмиддин Комиловдек диплом иши раҳбарига, Тилак Жўра ва Иброҳим Ҳаққулдек тақризчиларга дуч қилди. Шундан сўнг Иброҳим ака мени етаклаб Фанлар академияси даргоҳига олиб келган.

Мен бугун агар озгина бўлса-да, бирор нарсага эриша олган бўлсам, бунинг учун момом, ота-онам, акам билан бир қаторда устоз Тўра ака ва Иброҳим акалар туфайлидир. Уларнинг олдида бир умрлик қарздорман.

Ўйлайманки, менга ўхшаб Иброҳим акадек устозларнинг елкасига чиқиб, юлдузни кўзламоқчи бўлган шогирдлар кўп ва бундан кейин янада кўпаяди. Фақат улар бир нарсани – юлдуз ёхуд ой, қуёшга яқинлаб учиб борганида ҳам илдизи, асл макони заминда эканлигини, юрагига куч берган, онгига тафаккур оловини ёққан, кўнглига қўр солганларнинг ёнида эканлигини, агар шу олов бўлмаса, устозларнинг меҳри ва дуоси бўлмаса, аслида ҳеч ким бўлолмаслигини бир умр унутмасликлари керак.

044TANIQLI OLIM IBROHIM HAQQUL TAVALLUDINING 70 YILLIGIGA

Ibrohim Haqqul oʻz fikrlarini va qarashlarini oshkora bildiradigan, mentalitetimizga xos boʻlgan andishabozlikdan bir qarich ustunda turadigan 70-yillar avlodiga mansub. Bu avlod adabiyotda ham, maʼnaviy-ijtimoiy masalalarda oʻzlarining qarashlarini va fikrlarini jurʼat hamda jasorat bilan himoya qildi, oʻzlarining xulosalarini maʼlum maʼnoda ijtimoiy fikrlarga aylantira oldi. Shaxsan men bu avlodning shu fazilatiga – jurʼatiga, yakdilligiga, qatʼiyatliligiga havas bilan qarayman. Ular oʻzlarining avlod ekanini ana shu yakdilligi bilan isbotlab berishdi.

Nazar ESHONQUL
OʻZINI OʻZI ISLOH QILISH – NAJOT YOʻLI
01

044Oʻzi mansub avlod sheʼriyati hamda mumtoz adabiyot haqidagi maqolalarini ilgari oʻqib yurgan boʻlsam ham, Ibrohim Haqqul bilan birinchi marta 1990 yilda, Yozuvchilar uyushmasida tanishganman. U paytlari Ibrohim aka navqiron yoshda edi, shunga yarasha matbuotda yoki ziyolilar orasida boʻlayotgan millatga, adabiyotga daxldor masalalarda murosasiz edi. Ibrohim akani aynan shu holatda, oʻz qarashlarini beting-koʻzing demay himoya qilayotgan, fikrlarini boshqalarga ham singdirishga urinayotgan vaziyatda uchratganman. Umuman, olganda, Ibrohim Haqqul oʻz fikrlarini va qarashlarini oshkora bildiradigan, mentalitetimizga xos boʻlgan andishabozlikdan bir qarich ustunda turadigan 70-yillar avlodiga mansub. Bu avlod adabiyotda ham, maʼnaviy-ijtimoiy masalalarda oʻzlarining qarashlarini va fikrlarini jurʼat hamda jasorat bilan himoya qildi, oʻzlarining xulosalarini maʼlum maʼnoda ijtimoiy fikrlarga aylantira oldi. Shaxsan men bu avlodning shu fazilatiga – jurʼatiga, yakdilligiga, qatʼiyatliligiga havas bilan qarayman. Ular oʻzlarining avlod ekanini ana shu yakdilligi bilan isbotlab berishdi.

Adashmasam Ibrohim akani oʻsha – birinchi koʻrganimda uyushma binosiga kirish joyida, shundoq eshikning oldida turib olgancha “Sharq yulduzi” jurnali boʻlim mudiri, tanqidchi Ortiqboy Abdullayev bilan bahslashib turardi: gazetalarda suratlarini koʻrganim uchun nimalarnidir jon kuydirib tushuntirayotgan kimsa Ibrohim Haqqul ekanini darrov tanigan va bir zum ularning bahsiga quloq solib turgandim. Bahs jurnalda chop etilgan I.Moʻminov haqidagi maqola haqida borardi. Yumshoq feʼlli O.Abdullayev esa menga Ibrohim akaning toʻlib-toshib gapirayotgani uchun oʻzining fikrlarini bildirishga ham iymanayotganday, hatto xijolat boʻlayotganday tuyulgandi. Oʻshanda Ibrohim aka yovga qarshi hayot-mamot jangiga kirgan askarday taassurot qoldirgandi. Saldan soʻng Ibrohim aka ham men kirgan xonaga – uyushmaning Toshkent viloyati boʻlimiga – Ahmad Aʼzamning xonasiga kirib keldi va koʻchadagi bahs endi ichkarida ham davom etdi.

Keyinchalik Ibrohim Haqqul bilan yaqin boʻlib ketdik, bozor davriga, bozor tafakkuriga xos boʻlgan aldov va yolgʻonlarni, xiyonat va olchoqliklarni, shaʼnini va gʻururini sotib kun koʻrganlarni, zohiri xoʻja, botini qullarni, surati odam, siyrati maxluqlarni – xullas, xilma-xil turlanishu tuslanishlarni koʻp koʻrdik. Hamma narsa sotilishi tabiiy boʻlgan ana shunday paytlarda Ibrohim aka, men uchun, insonda sotib boʻlmaydigan narsalar borligini matonat bilan isbotlagan kamdan-kam kishilarning biri sifatida oʻzini namoyon qildi.

Dastlabki yuzma-yuz uchrashganimizdan beri oʻttiz yilcha vaqt oʻtgan boʻlsa-da, Ibrohim Haqqul hanuz adabiyotimiz, maʼnaviyatimiz, umuman, Inson botini haqida murosasiz bahs qilib kelyapti. Buni hurmatli olimning xoh adabiyotga, xoh maʼnaviy masalalarga daxldor boʻlsin, maqolalari, kitoblari, matbuotdagi chiqishlarida guvoh boʻldik. Men bu bahslarda oʻrtaga tashlangan va tashlanayotgan adabiy, maʼnaviy muammolar, ayniqsa, butun umrini bagʻishlagan navoiyshunoslik borasidagi tahlillar, bahslarda kim haq yoki nohaq deya baho berishdan yiroqman, inchunin, men navoiyshunos emasman, shu sababli Ibrohim aka oʻrtaga tashlab muhokama qilgan bahslarga hakamlik qilish, fikr bildirish niyatim yoʻq, lekin men bir narsani allaqachon oʻzim uchun aniqlab, xulosa qilib boʻlganman: Ibrohim Haqqul xoh adabiyotshunoslik, xoh maʼnaviyat boʻlsin, har qanday masalaga adabiyot jonkuyari, millat fidoyisi, eng muhimi, va asosiysi, ayni zamonda juda nayob boʻlib borayotgan oʻz davrining SHAXSi sifatida munosabat bildiradi, qarashlarini bayon qiladi va jamoatchilik eʼtiborini qaratadi.

Umuman olganda, I. Haqqul oʻzi mansub 70-yillar avlodiga xos boʻlgan barcha fazilatlarga ega ziyoli va hatto ushbu avlodning zaif, boʻsh, eʼtibordan chetda qolgan joyini toʻldirib turgan adabiyotshunos ham. Maʼlumki, Abdulla Orif, Erkin Vohid, Shukur Xolmirza, Rauf Parfilar boshlab bergan badiiy tafakkurdagi yangilanish 70-yillar avlodi ijodida toʻlaqonli va xilma-xil shakllarda namoyon boʻla boshladi, adabiyotga shu paytgacha yot deb kelingan avangard ruh kirib keldi. Adabiyotning ifoda, shakl usullari kengaydi, xilma-xillashdi, uslublar rang-baranglashdi, milliy adabiyot dunyo adabiyotining ilgʻor anʼanalari bilan boyiy boshladi. Bunday talotumda – dunyo adabiyotiga mahliyolik paytida, har bir adabiyotda kuzatilgani kabi, bizning adabiyotda ham mumtoz asos eʼtibordan chetda qolishi ham kuzatildi. Ana shu davrda Ibrohim Haqqulning mumtoz adabiyot haqidagi ishlari avangard ruhning oʻz ildizidan uzilib ketmasligini eslatib, yangi avlod adabiyotini, yangi avlod badiiy tafakkurini mumtoz tagzamin bilan bogʻlab turgan tadqiqotlar boʻldi.

Har bir adabiyotning maʼlum bir bosqichlarida nigilistik kayfiyat boʻladi. Bu xil kayfiyat oʻtkinchi boʻlsa-da, baribir, maʼlum bir davrda ommaviy tus oladi. Biz hatto Choʻlponning yangi adabiyot istab yozgan mashhur maqolasida ham shunga oʻxshash kayfiyatni koʻramiz. Aslida bu holat badiiy tafakkur taraqqiyotida tabiiy hol deb qaraladi. Adabiy nigilizm yangi adabiyot, yangi soʻz, yangi ifoda usullari yaratishga zamin yaratadi. Ammo bu xil kayfiyat va yondashuv avangardlikka, yangi shakl, yangi uslub izlashga mukkasidan ketishlar baʼzida maʼlum bir avlodni mumtoz ildizlardan – tagzamindan uzib qoʻyadi. Dunyo adabiyoti bu xil vaziyatlarni koʻp boshidan kechirgan. Bu esa oxir-oqibat, zamonaviy adabiyotni boshi berk koʻchaga kiritib qoʻyadi. Bugun bizga tanish boʻlgan va adabiyot maydonida oʻz oʻrnini topolmay, sahnadan tushib ketgan juda koʻp adabiy “izm”lar shu qismatni boshdan kechirgan. Aynan shuning uchun ham adabiyot mumtoz xulosalarga, mumtoz ruhga, mumtoz talqinga, mumtoz quvvatga ehtiyoj sezadi va har qanday yangi adabiyot oʻzini mumtoz ruh bilan uygʻunlashtira olsagina, mumtoz ruhni zamonaviy tabdillay, mumtoz ruhni zamonaviy nigohga, koʻzga, vositaga aylantira olsagina yangilanayotgan adabiyot oʻzining mustahkam poydevoriga ega boʻladi. Shu maʼnoda adabiyot hamisha yangilanish uchun mumtoz ruhga ehtiyoj sezadi, zotan adabiyotning quvvati, qudrati, zamonaviyligi va milliyligi uni yangilash ishtiyoqidagi qarashlar bilan mumtoz ruhning uygʻunlasha olishida namoyon boʻladi. Buning yorqin istbotini Kafka romanlari, “Uliss”, “Doktor Faustus”, “Muztogʻ”, T.Eliot sheʼr va dostonlari, bugunning adibi boʻlgan Paulo Koelye asarlarida koʻrishimiz mumkin. Men bu masalaga bekorga toʻxtalayotganim yoʻq. Gap shundaki, Ibrohim Haqqul ustoz Najmiddin Komilov kabi adabiyotshunoslar bilan qamarbasta turib, zamonaviy adabiyotimizni, zamonaviy badiiy tafakkurni mumtoz ruh, mumtoz ildiz bilan bogʻlab turgan, boshqacha aytganda, faqat oʻz davrining mahsuli, oʻz davrining obrazlari, oʻz davrining tafakkuri deb talqin qilingan obrazlarning, metoforalarning, kodlarning, majozlarning, ramzlarning zamonaviy tafakkurga quvvat beradigan kalitlarini topib bergan, adabiyotni mumtoz quvvat bilan toʻyintirib kelgan allomalar sirasiga kiradi. Shu maʼnoda bugungi adabiyotdagi yangilanishlarda, maboda yuksalgan boʻlsa, yuksalishlarda, kengaygan boʻlsa, kengayishlarda, umuman, zamonaviy adabiyot taraqqiyotida, zamonaviy badiiy tafakkur rivojida bevosita mumtoz quvvatni zamonaviy quvvatga aylantira olganlarning, shu yoʻlda xizmat qilganlarning, xususan, Ibrohim Haqqulning ham xizmati borligini tan olmaslik nohaqlik boʻladi. Sheʼrdan tortib nasrgacha qamrab olgan, bizga yangi davr adabiyoti, yangi davr badiiy mushohadalari boʻlib koʻrinayotgan majoz, obrazlar, metoforalar, ramzlar, hikmatlar, tagmaʼnolar, soʻz oʻyinlari, ohanglar, falsafiy qatlamlarda, umuman, maza-matrasida ana shu adabiyotshunoslarimiz talqinlarining aks sadolari koʻrinib turadi. N.Komilov va I.Haqqulovning tasavvuf falsafasiga oid tadqiqotlari soʻzga, insonga, ilohga yangi bir badiiy munosabat boshlanishiga turtki berdi deb bemalol ayta olamiz. Tasavvufning zamonaviy talqinchilari boʻlmaganda, tasavvuf bugun uchun qayta kashf etilmaganda, uzoqqa bormaylik, oʻzimning “Bahouddinnning iti” hikoyam ham dunyoga kelmasdi. Bu xil misollarni koʻplab keltirish mumkin. Shunday ekan, Ibrohim Haqqul ijodi, uning mumtoz adabiyotdagi tadqiqotlari faqat navoiyshunoslar va bir hovuch ilm bilan shugʻullandiganlar doirasida qolib ketgani yoʻq, bu tadqiqotlar adabiyotimizni ichdan yangilashga, uni ichdan quvvatlantirishga, unga azal-abad ruhini bagʻishlashga xizmat qildi va qilyapti. Umuman, soʻz sanʼati tarixidan qilingan har bir badiiy kashfiyot, har bir zamonaviy talqin – bu kelajak adabiyotiga qurilgan bitta koʻprikdir: bu koʻprikdan bugun boʻlmasa ertaga albatta oʻtishadi va oʻz davri uchun kerakli boʻlgani oʻz davrining SOʻZini ana shu talqinga – zaminga tayanib aytishadi. Ibrohim Haqqul ana shu sharafli va masʼuliyatli vazifani bajarayotgan davrimizning sanoqli olimlaridan, navoiyshunoslaridan sanaladi.

Ibrohim Haqqul deganda mening koʻz oldimga nafaqat xalqaro doirada tan olingan, zamonaviy hamda mumtoz adabiyot bilimdoni, balki davr ongini betinim Navoiy maʼrifati bilan uygʻotishga, Navoiyni anglashga, Navoiy hikmatlarini kundalik, ijtimoiy va hatto siyosiy faoliyatga tatbiq etishga, Navoiy maqomi bilan oʻzimizni oʻzimiz isloh qilishga undab turgan davr ziyolisi keladi. Bu bejiz emas. Ibrohim Haqqul mumtoz adabiyot, xususan, Navoiy ijodi va hikmatlari haqida gapirar ekan, har bir chiqishida, har bir maqolasida asosan bitta narsaga – insonni oʻzini oʻzi isloh qilishga, Navoiy yetishgan xulosalar bilan yashashga undaydi. Shu sababli olimning barcha asarlarini, mening fahmimcha, bitta istak – oʻzini oʻzi isloh qilish daʼvati birlashtirib turadi. Oʻzini isloh qilish – bugungi kunda dunyo adabiyotining, dunyo falsafasining, dunyo ruhshunosligining, umuman, insonshunoslikning ham bosh mavzuiga aylandi. Kuni kecha insonning fojelashishini chetdan izlaganlar bugun uning oʻzidan, botinidan izlay boshladi. Zotan haqiqat shundaki, agar qiyomatgacha oʻzligini, aslini, koʻnglidagi ezgulikni, imon va diyonatni, oʻzini oʻrab turgan kichik va katta olam bilan uygʻunlikni saqlab qolaman desa, Inson oʻzini oʻzi isloh qilishga majbur. Shu paytgacha yetishgan jami donishmandliklarning, falsafalarning, hikmatlarning yagona xulosasi – shu. Buni qancha tez amalga oshirsa, muqarrar fojialardan shunchalik tez xalos boʻladi. Bugungi maʼnaviy oʻpirilishlar, maʼnaviy tanazzullar inson oʻzini oʻzi isloh qilolmayotganida, oʻzini oʻzi yenga olmayotganida, oʻzini, oʻzining missiyasini tan olmayotganida ekani kunday ravshan boʻlib bormoqda. Navoiy nigohi, Navoiy koʻzi va Navoiy oʻlchami, Navoiy maʼrifati bilan zamonga qoʻyilayotgan bu tashxis – Insonning najoti oʻzida ekanini anglatadi. Inson oʻzini isloh qilolmasa, tanazzul sari ketaveradi. Ibrohim Haqqul buni Navoiy saboqlari deb tushuntiradi. Ana shu talqinlari bilan olim Navoiyni, Navoiy bilan birga millatni, bizni yanada zamonaviylashtiryapti, yanada ulugʻvorlashtiryapti, yanada bashariyatlashtiryapti.

Jabbor ESHONQUL
IBROHIM AKANING HAQIQATLARI
01

I

Hayot tasodiflarga toʻla, biroq, shu tasodiflar ham yaratganning izni bilan qaysidir bir qonuniyat tufayli yuz beradi. Bu qonuniyatlarning mohiyatini anglashga uringaning sayin kalavaning uchini yoʻqotib qoʻyasan. Takror va takror yana aylanib oʻsha nuqtaga kelasan: hayotda tasodiflar koʻp, biroq, bu tasodiflar oʻz-oʻzidan yuz bermaydi, ularning ham oʻz qonuniyati bordek.

Adabiyotimizning zukko bilimdoni, taniqli navoiyshunos olim Ibrohim aka Haqqulov haqida oʻylaganimda xayolimga beixtiyor shunday fikrlar kelaveradi. U kishi bilan tanishishim oddiy bir tasodif boʻlgan. Mana shu tasodif mening keyingi hayotimni oʻzgartirib yuborishini, ochigʻi, oʻshanda sira ham oʻylamagan, hatto, xayolimga ham kelmagan. Bugun endi oʻylayapmanki, bu bir tasodif emas, taqdir boʻlgan.

Biz Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakulteti talabalari edik. Oʻzimizcha “daho” va uncha-muncha odamni tan olmasdik. Biroq Ibrohim Haqqul biz uchun goʻyoki osmondagi qoʻl yetib boʻlmas bir yulduz edi. U kishi bilan tanishish, suhbatlashishni hatto orzu ham qilmaganmiz. Oʻsha paytda Ibrohim akaning ketma-ket kitoblari bosilgan, ayniqsa, “Zanjirband sheʼr qoshida”, “Tasavvuf va sheʼriyat” va u kishi tomonidan nashrga tayyorlanib, soʻzboshi yozilgan “Ahmad Yassaviy hikmatlari” qoʻlma-qoʻl oʻqilayotgan, boshqacha aytganda hamma adabiyotga “Ibrohim akaning koʻzi” bilan qarayotgan bir davrlar edi.

Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasiga borganimda u kishi birinchi qavatda zinapoya tagida uch-toʻrt kishi davrasida suhbatlashib oʻtirardi. Davradagilarni aytayotgan gaplari bilan oʻziga mahliyo qilib olgandi. Bu ijod hakida, adabiyot haqida biz eshitmagan, biroq, doim eshitishni orzu qilgan “qanotli” gaplar edi. Bu ilk tanishuv edi. Ibrohim akaning kitoblaridan olgan taassurotimni xayotda koʻrganlarim, eshitganlarim tasdiqlayotgan va mustahkamlayotgan edi.

II

Ibrohim Haqqulni bugun respublikamizda tanimaydigan odam yoʻq desam, mubolagʻa boʻlmas. Uni koʻpchilik navoiyshunos olim, Sharq va Gʻarb adabiyotining zakiy bilimdoni, zamonaviy adabiyotni ham teran va nozik his his qila oladigan adabiyotshunos sifatida yaxshi bilishadi. Bu maqomu darajaga Ibrohim aka osongina erishmagan. Koʻp mashaqqatlarni koʻrgan, koʻp evrilishlarni boshidan kechirgan.

Ibrohim aka qadim Buxoroning Shofirkon tumanida tugʻilgan. Agar Ibrohim aka Buxoroda emas, boshqa yerda tugʻilganidan, ehtimol, xarakteri ham, taqdiri ham boshqa izdan burilib ketishi mumkin edi, deb oʻylayman.

Inson taqdirida uning tugʻilgan joyi nechogʻli rol oʻynaydi? Buni fan hali yetarli darajada oʻrganganicha yoʻq, nazarimda. Men ustoz Toʻra Mirzayev, Ibrohim Haqqul va boshqa oʻzim kuzatgan ziyolilar misolida aytishim mumkinki, tugʻilgan joy odamning kelajagini belgilab beradi. Mashoyixlar aytganday, taqdiri azalda loying qaysi tuproqdan olingani ham muhim.

Ibrohim aka davralarda momosi va onasidan eshitgan hikmatli gaplarni, maqollarni aytib berishni xush koʻradi. Agar yosh Ibrohim momosidan, onasidan, otasidan bunday oʻgitlarni eshitmaganda edi, biz bugun boshqa bir shaxsni koʻrgan boʻlarmidik? Yoshlik chogʻlarida uyda Soʻfi Olloyor, Yassaviy, Navoiy, Mashrab kabi allomalarning kitoblari oʻqilmaganda edi, ehtimol Ibrohim boshqa kasb egasi boʻlib ketishi mumkin edi.
Agar ota-onasi unga boshqa nom berganida edi, ehtimol, biz boshqa bir Ibrohim bilan yuzlashib turgan boʻlarmidik yoxud yuzlashish umuman nasib etmasmidi?

Ustoz Toʻra Mirzayev Ibrohim akani doim “Haqqul boboning nabirasi” deb chaqiradi. Bunda juda koʻp hikmat borday.

Men Ibrohim akani turli davrlardan, turli holat va kayfiyatlarda koʻp uchratganman. Ehtimol, chetdan qaragan odamga Ibrohim aka qoʻrs, qaysar va kamgap odamga oʻxshab koʻrinar. Koʻpchilik Ibrohim Haqqulni osonlikcha soʻzidan qaytmaydigan, qanday vaziyat boʻlishidan qatʼi nazar har doim haqiqatni odamning yuziga qarab tik ayta oladigan haqiqatparast ham deb biladi. Ibrohim akaning har doim haqiqatni gapirishi, vaziyat ham, odam ham tanlab oʻtirmasligi bor gap. Biroq, uning qaysarligi, qoʻrsligi va kamgapligiga uni yaqindan bilganlar, dildan suhbat qurganlar hech qachon ishonmaydi.

Unga yaqin borsangiz, uning naqadar sodda, samimiy, begʻuborligiga, yaxshi suhbatdosh, ishonchli doʻst ekaniga yana bir karra aman boʻlasiz. Faqat uning oʻz haqiqatlari bor. U bu haqiqatlariga hech qachon xiyonat qilmaydi: u xiyonat va ikkiyuzlamachilikni, turlanish, tuslanishni yomon koʻradi. Bundaylarni u “oʻyinchi” deydi: ular bilan imkon qadar “masofa” saqlaydi. Samimiyatni, sadoqatni qadrlaydi.

III

Bolalikdan milliy adabiyot degan ulkan bir “hudud”ning ichida oʻsgan, havosini simirgan, koʻpchilik oʻnlab, yuzlab kitoblarni titkilab topadigan mantiqni, hayotiy va falsafiy xulosalarni buvisi, ota-onasining jaydari gaplari, oʻgitlari asosida oʻziga singdirgan oʻspirin Ibrohim Buxoro davlat universitetida tahsil oladi (1966–1970). Baʼzan suhbatlarda Ibrohim aka bu davrlarni maroq bilan eslaydi. Uning gaplarini tinglab turib, men yana avvalgi xayolimga qaytaman: Ibrohim aka Buxoroda emas, boshqa yerda oʻqiganda ham shunday hayajon bilan eslarmidi, oʻzining talabalik davrini? Men bu savol javobini bilmayman. Oʻzidan soʻramaganman ham. Biroq, yoʻq, bunday boʻlmasdi degan javob olishim mumkinligini ham bilaman. Aslida ham shunday. Ibrohim akaning Buxoraga mehri boʻlakcha. Har bir xotirasida, har bir yozgan satrida bu sezilib, boʻrtib turadi.

Faqat vatani boʻlgani, u yerda tahsil olgani uchun ham emas. Oʻzini topgani, bugun oʻzi muqaddas deb bilgan, alqagan hayot qonunlari, oʻz haqiqatlarini anglagani uchun ham, deb oʻylayman.

Buxoro pedagogika institutini tugatib, Ibrohim aka bir muddat “Shofirkon haqiqati” nomli tuman gazetasida ishlagan. Ustoz Toʻra Mirzayev aytgandek, Haqqul bobo nabirasining bu gazetada ishlashi ham menga tasodif emasdek tuyuladi. Toʻra aka uni shu gazetada ishlab yurgan paytida kashf etgan. Qoʻlidan tutib Toshkentga, Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Til va adabiyot institutining folklor boʻlimiga olib kelgan.

Ibrohim akaning xalq ogʻzaki ijodining mohiyatini ayrim “folklorshunos”lardan koʻra teranroq anglashi ildizlari bolalik chogʻida olgan taʼlim bilan birga, ustoz Hodi Zarifdan qolgan ulkan meros va Toʻra akaning saboqlari boʻlgan. Dastavval xalq ogʻzaki ijodi boʻyicha ilmiy ish qilishni rejalashtirgan Ibrohim Haqqul keyinchalik mumtoz adabiyot sohasiga oʻtadi. Men shunda ham bir hikmat koʻraman: agar Toʻra aka bilan tanishmaganda edi, Toshkenti azimga kelib, folklor boʻlimida ishlamaganda edi, ehtimol, men bilgan Ibrohim aka boʻlmasmidi?

Folklor shunchaki bu soʻz sanʼati namunasi emas, balki xalqning boqiy tarixi ham. U soʻz sanʼati, adabiyot va sanʼatining ibtidosidir. Yozma adabiyot vakillarining barchasining ijodi folklor bilan bogʻlanadi. Ular folklor haqida bilimga ega boʻlgani yoxud boshqa sabablar uchun emas. Balki, shu xalqning farzandi boʻlgani, tugʻilganidan to umrining oxirigacha shu xalq anʼanalari ichida yashagani uchun ham uning ichida yashaydi, azaldan xalqning udumlari, anʼanalari, bobosoʻzlari tarzida yashab kelayotgan ohang, ramz, maʼno va mazmun, qatʼiy tizimni oʻziga singdiradi. Bu har bir ijodkorda oʻziga xos tarzda namoyon boʻladi.

Ibrohim aka folklor boʻlimida yurib turli janrlarni, jumladan, maqollarni yanada teranrok oʻrgangan, dostonlar, ayniqsa Ergash Jumanbulbul ijodiga oʻziga xos mehr bilan yondashgan.

Ibrohim aka oʻzining haqiqatlarini anglatayotganda koʻproq folklor materiallariga, ayniqsa, maqollarga suyanib ish koʻrishini koʻp bor kuzatganman.

IV

Ibrohim akaning Fanlar akademiyasning Oʻzbek tili va adabiyoti institutida kechgan hayoti katta bir kitob boʻlgulik.

Avval “Oʻzbek mumtoz adabiyotida ruboiy” mavzuida nomzodlik, soʻngra “Oʻzbek tasavvuf sheʼriyatining shakllanishi va taraqqiyoti” mavzuida doktorlik dissertatsiyalarini muvaffaqiyatli himoya qildi.

Oʻzi orzu qilgan ilmiy dargohda oddiy bir laborantlikdan, yetakchi ilmiy xodim, “Mumtoz adabiyot boʻlimi” mudirligigacha boʻlgan yoʻlni bosib oʻtdi. Elga navoyshunos olim sifatida tanildi. Nafaqat yurtimizda, balki Qozogʻiston, Rossiya, Tojikiston, Turkiya, Xitoy, Ozarbayjon kabi koʻplab xorijiy mamlakatlarda ham hurmat va eʼtibor qozondi.

Ustozlarning ustozini ham, ilmni pulga sotuvchilarni ham, mardni ham, nomardni ham, bir umrlik sadoqatlilarni ham, bahor havosiga oʻxshash oʻzgaruvchan oʻz tili bilan aytganda “oʻyinchi”larning zoʻrini ham shu yerda koʻrdi. Shu yerda yana bir karra hayotni tanidi, hayotda toblandi.

Eng kuchli muhabbatni ham, nafratni ham shu yerda tuydi. Kechagina soyasiga salom berib yurganlar vaqti kelib oʻzini olib qochganlarga ham, davrada quchoq ochib, ortidan gʻiybat qilganlarga ham shu yerda guvoh boʻldi. Biroq u oʻzining haqiqatlaridan ortga chekinmadi. Aksincha, yanada jasoratli, yanada sobit boʻlishni oʻrgandi.

V

Biror bir ijodkorni yaxshiroq bilishning yoʻllaridan biri uning kitoblari, kitoblariga berilgan nomlari hamda u oʻrgangan mavzular bilan tanishishdir.

Baʼzan kitobning nomidanoq uning mazmun-mundarijasi, saviyasi haqida tasavvur hosil qilish mumkin. Shu maʼnoda Ibrohim Haqqul tomonidan chop etilgan kitoblar ham muallifning darajasini, bilim doirasini qiziqish “geografiyasi”ni bildirib turadi.

“Oʻzbek adabiyotida ruboiy” (1981), “Uvaysiy sheʼriyati” (1982), “Badiiy soʻz shukuhi” (1987), “Zanjirband sher qoshida” (1989), “Sheʼriyat – ruhiy munosabat” (1989), “Abadiyat farzandlari” (1990), “Kamol et kasbkim…” (1991), “Tasavvuf va sheʼriyat” (1991), “Gʻazal gulshani” (Adabiy suhbatlar, 1991), “Xoja Orif Mohitobon” (1996), “Irfon va idrok” (1998), “Tasavvuf saboqlari” (2000), “Ahmad Yassaviy” (2001), “Kim nimaga tayanadi?” (2006), “Eʼtiqod va ijod” (2007), “Navoiyga qaytish. Birinchi kitob” (2009), “Abdulla Qahhor jasorati” (2009), “Taqdir va tafakkur” (2007), “Meros va mohiyat” (2008), “Ijod iqlimi” (2009), “Navoiyga qaytish. Ikkinchi kitob”, “Navoiy. Shohbaytlar. Birinchi kitob” , “Navoiy. Shoh baytlar. Ikkinchi kitob”, “Navoiyga qaytish. Uchinchi kitob” va hokazo.

Olimning 30 dan oshiq kitob, 400 dan ortiq maqolalari chop etilgan.

Har bir kitobi, har bir maqolasida olim oʻzi anglagan, oʻzi haq deb bilgan haqiqatlarni bayon qiladi.

Olim oʻzining ilk kitobida mumtoz adabiyotdagi ruboiy haqida fikr yuritar ekan, har bir janrda shakl va mazmun, tizim, badiiyat ham oʻziga xos tarzda, yaxlitlikda namoyon boʻlishini urgʻulaydi.

“Inson badiiy tafakkuri qotib qolgan narsa emas, – deb yozadi olim. – U zamon va davrlar oʻtishi bilan oʻsib, oʻzgarib, yangi sifatlar bilan boyib boradi. Bularning hammasi u yoki bu tarzda sheʼriyatda ham oʻz ifodasini topadi. Demak, adabiy hayotda sodir boʻlgan gʻoyaviy-badiiy tendensiyalar mohiyatini koʻrsatishda janr oʻziga xos bir koʻzgu vazifasini oʻtashi tabiiy”.

U birgina ruboiyni tadqiq qilmadi, balki, mumtoz adabiyotda janrlarning paydo boʻlishi, taraqqiy etish qonuniyatlari haqida keng fikr yuritdi.
Ilk tadqiqotidanoq ilmga chuqur nazariy bilimga ega, mumtoz adabiyot, umuman badiiy soʻz sanʼatiga mehri boʻlakcha boʻlgan olim kirib kelganini ilmiy jamoatchilik toʻla eʼtirof etgan.

“Yassaviyni iymonni soʻzlatgan, Iymon tili bilan muhabbatni ulugʻlagan ijodkor deb baholasak, xato qilmagan boʻlamiz, – yozadi Ibrohim Haqqul oʻzining “Yassaviy hikmatlari” kitobining soʻzboshisida. – Chunki Yassaviy hikmatlarini Diyonat ziyosi va Iymon shafqati ichidan nurlantirib turadi”.

Eʼtiqodi boʻlmagan millatning, deb yozadi farang adiblaridan biri, adabiyoti ham boʻlmaydi. Afsuski, shoʻro tuzumi davrida bizning mumtoz adabiy merosimiz faqat biryoqlama, sinfiylik nuqtai nazaridan oʻrganildi, baho berildi.

Najmiddin Komilov, Ibrohim Haqqulov kabi olimlar esa birinchilardan boʻlib tasavvuf adabiyotbning mohiyatini ochib berishga harakat qilishdi. Soʻnggi qirq yillik navoiyshunoslikni biz Najmiddin Komilov va Ibrohim Haqqulsiz tasavvur eta olmaymiz.

Ibrohim Haqqulning “Oʻzbek tasavvuf sheʼriyatining shakllanishi va taraqqiyoti” nomli doktorlik dissertatsiyasi oʻz davri, hali tasavvuf mavzuidan gumon pardalari toʻla koʻtarilib ketmagan zamonda dadillik va jasorat bilan yozilgan ilmiy tadqiqot edi.

Alisher Navoiy ijodini koʻplab olimlar oʻrgangan. Biroq, ular orasida, hech shubhasiz, Ibrohim Haqqulning izlanishlari alohida ajralib turadi. Bu Ibrohim akaning mumtoz adabiyot tarixini yoxud Navoiy ijodini chuqur bilgani uchungina emas, balki, boshqalardan farqli ravishda biz tasavvurimizga sigʻdira olmagan hakiqat, Navoiyda ham oddiy insoniy dardlarni koʻra olganligi, uning ijodini bugungi kun, bugungi zamon dardi bilan bogʻlay olganligida, deb bilaman.

VI

Koʻpgina ijodkorlar, xususan, Uilyam Folkner, Xorxe Luis Borxes kabi yozuvchilar oʻzlarini adib emas, shoir deb hisoblashadi. Bu ularning bir paytlar sheʼr yozgani, sheʼriy toʻplamlar chop ettirgani uchun emas, balki dunyoni idrok etishda, anglashda, uni qayta ifodalashda shoirona yondashganliklari, shoirona kayfiyat har bitigida ustuvor boʻlgani uchun.

Ibrohim aka ham qachonlardir sheʼrlar yozganidan xabarim bor. Ehtimol, hozir ham yozar? Sheʼrlarini hech qayerda, hech qachon oʻqimaganman. Biroq Ibrohim akaning shoirligi uning har bir maqolasi, izlanishi, tadqiqotlaridan bilinib turadi. Balki shuning uchun nazmni juda nozik va teran tushunar?!

Olim “Alisher Navoiyni turkiy soʻz lashkarining mislsiz sultoni”, “Sanʼatkorlikning buyuk maktabi. Haqiqiy mezoni”, “Oʻzbek adabiyotining poytaxti”, deb ataydi. Bu shoirlik emasmi?

“Har qanday shoir taqdiri, birinchi navbatda, shaxs taqdiri. Shoir kishi umri davomida oʻz shaxsini yozadi, oʻz qismati, maʼnaviy-ruhiy olami haqida gapiradi. Bunga amal qilmasdan chinakam sheʼriyatga erishish mumkin emas”, – deydi Ibrohim Haqqul.

Ibrohim Haqqul Ijodkor va Shaxs tushunchasini bir-biridan ajratmaydi. Ular yaxlit tushunchalar ekanini urgʻulaydi. Shuning uchun qaysi bir adib boʻlmasin, bu Rudakiymi yoxud Abu Ali ibn Sino, Adib Sobir Termiziy, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Yunus Emro, Abdurahmon Jomiy, Muhammad Fuzuliy, Maxtumquli, Ahmad Donish, Robindranat Tagor, Mansur Halloj, Abdulxoliq Gʻijduvoniy, Xoja Orif Mohitobon, Najmiddin Kubro, Bahouddin Naqshbandmi yoxud Abdulhamid Choʻlpon, Usmon Nosir, Sadriddin Ayniy, Gʻafur Gʻulom, Oybek, Abdulla Qahhor, Shukur Xolmirzayev, Abdulla Oripov, Jamol Kamol, Rauf Parfi, Usmon Azim, Erkin Aʼzam, Xurshid Davron, Tilak Joʻra, Shavkat Rahmon kabi XX asr va hozirgi zamon adabiyotining eng yetuk vakillari ijodini tadqiq etadimi, barchasiga birdek ana shu mezonidan turib yondashadi.

VII

Bir gal Ibrohim aka shoir Rauf Parfi haqida gapira turib: “U bir tush edi. Rauf Parfi biz uchun tush boʻlib qoldi”, – dedi. Bu nafaqat Rauf Parfiga, balki Ibrohim akaning avlodiga berilgan bahodek tuyulgandi menga. Chunki bu avlod vakillari, Ibrohim Haqqul, Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Erkin Aʼzam, Ahmad Aʼzam, Usmon Azim, Murod Muhammaddoʻst, Xurshid Davronlar adabiyotimizga yangi havo, yangi nafas olib kirgan, nazm, nasr va adabiyotshunoslik haqidagi qarashlarimizni oʻzgartirgan, taʼbir joiz boʻlsa, oʻz davrida adabiy jarayonda “inqilob” qilgan avloddir.

Biz oʻzbek adabiyotining keyingi oltmish yilini bu ijodkorlarsiz tasavvur qila olmaymiz. Ularsiz adabiyot haqidagi qarashlarimiz kemtik boʻlib qoladi. Bu avlodning kuchi ham, yutugʻi ham aslida bir avlod ekanligida. Bir-biriga kuch, fikr bera olganligi, biri ikkinchisini toʻldira olganligida. Mening nazarimda, shu avloddan keyin avlod shakllanmadi; toʻgʻri, iqtidorli ijodkorlar yetishib chiqdi, biroq bir avlod boʻlib shakllana olmagandek, mening nazarimda.

Bu avlodning mavjudligi, Ibrohim akaning oʻzi aytganday, xuddi bir tushday, odamning baʼzan ishongisi kelmay qoladi. Bu avlod hali yetarlicha oʻrganilmadi, ularga yetarlicha baho berilmadi.

Taqdir olis bir qishloqning mendek bolasini oliy oʻquv yurtini bitirayotib, Najmiddin Komilovdek diplom ishi rahbariga, Tilak Joʻra va Ibrohim Haqquldek taqrizchilarga duch qildi. Shundan soʻng Ibrohim aka meni yetaklab Fanlar akademiyasi dargohiga olib kelgan.

Men bugun agar ozgina boʻlsa-da, biror narsaga erisha olgan boʻlsam, buning uchun momom, ota-onam, akam bilan bir qatorda ustoz Toʻra aka va Ibrohim akalar tufaylidir. Ularning oldida bir umrlik qarzdorman.

Oʻylaymanki, menga oʻxshab Ibrohim akadek ustozlarning yelkasiga chiqib, yulduzni koʻzlamoqchi boʻlgan shogirdlar koʻp va bundan keyin yanada koʻpayadi. Faqat ular bir narsani – yulduz yoxud oy, quyoshga yaqinlab uchib borganida ham ildizi, asl makoni zaminda ekanligini, yuragiga kuch bergan, ongiga tafakkur olovini yoqqan, koʻngliga qoʻr solganlarning yonida ekanligini, agar shu olov boʻlmasa, ustozlarning mehri va duosi boʻlmasa, aslida hech kim boʻlolmasligini bir umr unutmasliklari kerak.

02

(Tashriflar: umumiy 183, bugungi 1)

Izoh qoldiring