Nazar Eshonqul. Men nima uchun yozaman? & » Mendan «Men»gacha» to’plamidan

Ashampoo_Snap_2017.06.14_00h13m38s_002_.pngЁзувчи Назар Эшонқулни  55 ёши  чин юракдан табриклаймиз

     Биз ҳар бир нарсадан – ўзимизни ўраб турган борлиқдан тортиб, бизга, ҳаётимизга дахлдор бўлган барча нарсадан ненидир излаймиз. Бу «не»дир асли ўзимиздан ўзга нарса эмас. Худди кўзгуга қарагандай ўзга аксларда ўзимизни кўрамиз, таъсирланамиз, хулоса қиламиз. Бизни ўраб турган олам бизга кўзгудир. Бизнинг қаршимизда турган одам бизга кўзгудир. Ёнимиздан оқиб ўтаётган издиҳом бизга кўзгудир. Ёнимизда юз бераётган воқеалар бизга кўзгудир. Биз ўқиётган китоблар бизга кўзгудир.

Назар ЭШОНҚУЛ
МЕН НИМА УЧУН ЁЗАМАН?
Шермурод Субҳон ёзиб олди
02

Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ», «Гўрўғли», «Мендан «Мен»гача» ва бошқа китоблари нашр этилган. Хуан Карлос Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

02

1. Ижод ўзи нима?  Бир қарашда, ижодни, ижодкорликни таърифлаш осондай туюлади. Аммо бу саволга Аристотелдан бошлаб, ҳатто ундан олдин ҳам жавоб изланган бўлса-да, ҳозиргача қониқтирадиган фикр айтилгани йўқ. Бу ҳақдаги ҳар бир фикр, қарашлар тўғри ва айни пайтда тўлиқ эмасдай. Шу сабабли менинг бу борадаги фикрларим ҳам фақат хусусий аҳамиятга эга. Менимча, сиз назарда тутаётган катта маънодаги ижод, ижодкорлик — ўзини ўраб турган олам, атрофдаги одамлар, воқеалар, ҳодисаларни ва ўзини ўзи ўқий олиш салоҳиятидир. Бунақа салоҳият ҳаммага берилавермайди. Ўзини ўраб турган оламни ҳамма кўради, воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлади, ўзини ҳар куни кўзгуга солади. Лекин нари борса, у ташқаридаги рангларни, фасллар алмашишини, ўзининг танасидаги ўзгаришларни кўриши, воқеликни миш-миш ё чўпчак шаклида қабул қилиши мумкин, лекин ўзига, ўша арзимасдай кўринган воқеа-ҳодисаларга яширинган ёки ҳар куни кўриб ўрганган кўз олдидаги дунёга битилган ҳикматларни, бадиийликни, маънони ўқий олмайди.

06Аслида бизни ўраб турган олам ҳам, биз билан бирга яшаётган одамлар ҳам ва ўзимиз ҳам яшаш, хулоса қилиш, сабоқ олиш, англаш ва ҳушёр тортиш учун абадият лаҳзаларига битилган бир китобмиз: бу китобни, унинг ичини ўқиш, англаш, ҳис этиш ва ўқиганларини бошқаларга етказиш эса фақат ижодкорнинг, санъаткорнинг қўлидан келади («санъаткор» деганда тўйга, оммавий томошаларга хизмат қилаётганларни назарда тутмадим). Ижодкорлик ана шу улкан ва абад-азал ёзувлари муҳрланган китобни ўқий олиш, ўқиганларини бошқаларга етказа олиш дегани. «Ўқиганларини» рассом бўёклар билан, бастакор оҳанг билан, шоир ва ёзувчи сўз билан етказади. Қанчалик баландпарвоздай туюлмасин, ижодкорликни мен шундай тушунаман.

Ўзини гарчи ижодкор санаса-да, кимки, ана шу китобни ўқишга қодир эмас экан, у ижодкор эмас, у шунчаки ижодкорга тақпидчи. У ўзини асл Маънони ўқиётгандай қилиб кўрсатаётган тақлидчи. Ижодкорлик  асл Маънони уқий олиш ва оошқаларга етказа олиш дегани. Айнан шунинг учун ҳам ижод илоҳиятга дахлдорликдир.

Ижодкор ўзини ўраб турган оламдан, ўзи яшаётган муҳитдан, атрофидаги одамлардан, ўзининг кўнглидан, руҳидан «ўқиган»ларини бошқаларга етказиш учун ёзади. Сиз айтган «қўлга қалам тутқазиш омили» ана шу деб ўйлайман.

Ҳар бир даврнинг ўз битиги бор. Уни ўқиш, уқиш ва ёзиш ижодкорликдир. Кийимлар, қуроллар, бадиий воситалар, шиорлар, одатлар, урфлар даврлар ўтиши билан эскиради, аммо эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва хунуклик, улуғлик ва тубанлик, яъни дастлабки бадиий асарлар таърифлаган Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги кураш мавзуси эскирмайди. Бу кураш жараёни шаклини, қиёфасини ўзгартириб, даврга мослашиб, давр талаб қилган кўринишларга ўтиб туради, холос. Инсон кўнглида эзгуликка, гўзалликка, яратувчанликка, шафқатга, меҳрга, муҳаббатга эҳтиёж турар экан ва буларга қарши хавф-хатар бор экан, ижодкорга иш топилади.

Биринчиси каби охирги ижод намунаси ҳам худди Раҳмон ва Шайтон ҳақида бўлади деб ўйлайман…

2. Асар битиш ижодкор учун ўз кўнглида дунёни, оламни қайта яратишдай машаққатли жараён. Эҳтимол, Парвардигори олам дунёни, тирикликни, коинотни яратишдаги қудратни, улуғворликни, машаққат ва залворни, мақсад ва завқни, тугаллик ва мукаммалликни инсон озгина бўлса ҳам туйсин деб унинг руҳига ижодкорликни киритиб қўйгандир? Ҳар қалай, ижодкорлик мен учун илоҳ билан боғланиш, уни туйиш, завқ олиш ва унга томон юксалиб, мукаммалликка интилиш, Яратганнинг яратганларига тақлид қилиш бўлиб туюлади. Асар битиш ана шу ҳисларни бошдан кечириш дегани. Унинг машаққати ҳам, завқи ҳам шу ерда. Шу сабабли «менда шундай содир бўлади» дейиш менга эриш туюлади. Ёзиш жараёни қандай кечганини ҳар бир асарнинг ўзи айтиб туради. Асар қандай ёзилганини билиш учун асарнинг ўзини синчиклаб ўқиш кифоя. Дўконлардаги айрим оммабоп «асарлар»ни бир кўздан кечиринг, икки саҳифа ўқимасдан, қандай ёзилганини, неча пулга арзишини билиб оласиз. Бундай асарларга қизиқиш айримларимизнинг китобхонлик савиямизни кўрсатиб турибди.

З.Ҳюго ҳақ: ҳар бир ижодкор асарда, энг аввало, ўзини акс эттиради. Чунки олам ҳам, одам ҳам ижодкорнинг ўзида аксланади. Ижодкор ана шу ўзида аксланаётган дунёни ўзининг билими, савияси, мақсадидан келиб чиқиб, бошқаларга ҳам етказади.

Ғоявий-бадиий миссия барибир ижодкорнинг савияси, диди, мақсадининг ҳосиласи ўлароқ намоён бўлади. Лекин шундай бўлса-да, ижодкорнинг битта миссияси бор: у ҳам бўлса, эзгуликни, гўзалликни, шафқатни, меҳрни, инсоннинг кўнглини ҳимоя қилишдир. Унга шу вазифа юкланган ва у буларни ҳимоя қилишга мажбур. Эзгулик ва гуманизмга ёт бўлган барча ғоялар, миссиялар, ёзувлар, битиклар ижодкорлик эмас, ижод намунаси эмас. Ижод ҳисси, ижод завқи инсонга инсонни, эзгуликни, имонни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, камол топтириш учун берилган. Ижод номи билан бошқа мақсадга хизмат қилиш — ижодкорликка хиёнат қилишдан бошқа нарса эмас.

Ҳар қандай асарда ижодкорнинг ўзи, «мени» бўй кўрсатиб туради. Ижодкорлик шундай кўзгуки, айрим ҳолларда муаллиф ёзганларини қанчалик бежамасин, жимжималаштирмасин, ҳар хил бадиий ўйинлар ортига яширмасин, қай мақсадда дунёга келганини, ортида нима мақсад турганини, ҳатго қаламкашнинг арзимас ғарази-ю, адабий сатанглигигача, савия-саводи-ю, ўзида йўқ нарсани кўрсатаман деб чиранишигача асарнинг ўзи айтиб, фош қилиб туради. Хоҳлаган асарни синчиклаб ўқинг, унда ижодкорнинг ўзини, қиёфасини, яширин ботинини кўрасиз. Адабий асар фақат бошқаларни эмас, уни дунёга келтирган шахснинг ўзини ҳам фош қилувчи адабий ҳужжатдир.

Назар  ЭШОНҚУЛ
«МЕНДАН «МЕН»ГАЧА»
тўпламидан
07

Биз ҳар бир нарсадан – ўзимизни ўраб турган борлиқдан тортиб, бизга, ҳаётимизга дахлдор бўлган барча нарсадан ненидир излаймиз. Бу «не»дир асли ўзимиздан ўзга нарса эмас. Худди кўзгуга қарагандай ўзга аксларда ўзимизни кўрамиз, таъсирланамиз, хулоса қиламиз. Бизни ўраб турган олам бизга кўзгудир. Бизнинг қаршимизда турган одам бизга кўзгудир. Ёнимиздан оқиб ўтаётган издиҳом бизга кўзгудир. Ёнимизда юз бераётган воқеалар бизга кўзгудир. Биз ўқиётган китоблар бизга кўзгудир. Биз ўзгадан ва ўзгалардан ўзимизни излаймиз. Ташлаб кетаётганимиз-ўзимиз. Бораётганимиз ҳам ўзимиз. Биз билан хайрлашувчи ҳам ўзимиз, кутиб турган ҳам ўзимиз. Ўқиганимиз ҳам, ўқитганимиз ҳам ўзимиз. Биз ўзимиздан қочиб ўзимизга борамиз. Бизнинг ҳаётимиз, фикримиз ана шу ўзликлар орасида шаклланади, ўзликлар орасида кечади ва сарф бўлади. Биз ботиндан ва зоҳирдан ўзимизни излаб юрамиз. Улар орасидаги масофа жуда яқин ва жуда узоқ, чунки у мендан менгача бўлган бепоёнликни қамраб олади…

011

…Гўзалликни қабул қилиш, завқланиш ҳар қандай ҳайрати сўнмаган одамнинг қўлидан келади, гўзаллик ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, бироқ уни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Гўзаллик ва «мен» ўртасидаги муносабат воқеликни тасвир этиш даражаси билан эмас, воқеликни ўзгартириш, уни ўзига ва ўз идеалига мослаштириш, ундаги инсон ва дунё ҳақидаги изтироблар даражаси билан ўлчанади. Воқеликни тасвир этиш қобилият эмас, воқеликни яратиш қобилиятдир.

Ёзувчи қобилияти ва маҳорати унинг қанча ёзгани билан ўлчанмайди. Қобилият ўзига хос дунё ярата олиш санъатидир. Ҳақиқий ёзувчининг адабий дунёси ўз «мени» каби тугал, тўлақонли бўлади. Ёзувчи дунёси билан «мен»ни қўпол қиёслаганда тана ва юракка ўхшатиш мумкин. Бироқ бу ўхшатиш ҳам тугал эмас.
«Мен» фақат юрак эмас, у бўй кўрсатаётган дунёнинг асосчиси ва маънавий ҳокими ҳамдир. Ташқи муҳит, ташқи олам «мен»га таъсир қилиб, унда аксланади. Аммо «мен» яратган дунё – бу ташқи оламнинг шунчаки инъикоси эмас, у қайта ишланган, қайта яратилган дунёдир. Ташқи оламни ўзига қабул қилган «мен» уни ўз идеали қадар индивидуаллаштиради, ўзига бўйсундиради, унга ўз изтиробидан, азоб-уқубатидан замин яратади, ташқи оламдан ўзгача, бошқа бир дунё пайдо қилади. Ташқи олам ва бу «дунё» ўртасидаги фарқ ёзувчи маҳорати, савияси, мақсади ва идеали билан ўлчанади.

Бугун Шахсга нисбат беришга қурбимиз етадими? Шахснинг қандай фазилатлари бор ва уни биологик инсондан қандай фарқлаш мумкин? Илғор адабиётларда бу ҳақда баҳс аср бошларидаёқ тўхтаган, гарчи ҳозир ҳам олисдан келаётган қўнғироқ сасидек ўша баҳсларнинг садоси эшитилиб қолса ҳам, кўпгина адабиётларда бу ҳақда аллақачон баҳс юритмай қўйишган. Зеро, маълум нарса ҳақида баҳс қилиш вайсақиликдан бошқа нарса эмас.

011

Чўлпондан сўнгги адабиётда бизни ўзига «Мен»ининг кучлилиги ва қатъияти билан ром қилган, ҳурмат уйғотган асар ва шахсни орзу қилдик. Адабий шахслар – булар ўз давр тафаккури ва эътиқодининг инъикосларидир. «Чинакам ёзувчи қандай бўлиши керак?» деган савол бизни ҳалигача тарк этмаяпти. Балки худбиндирмиз, бор нарсаларни тан олишни истамаётгандирмиз? Гап қайсидир ёзувчи ёки шоирнинг тан олиниши ҳақида эмас. Гап ижодкор қандай шахс бўлиши кераклиги устида….

Ўтган шўро даври адабиёти ҳақида баҳс қилиш мумкин бўлган мавзу шунчалик кўпки, баҳслашаверсангиз, қизиқишингиз сўниб қолиши турган гап. Аммо бу давр фожиаси сўз санъати, адабиёт пайдо бўлган кундан бошлаб сўзнинг бош ва мангу интилиши бўлиб келган олий ҳақиқатдан – инсонни таҳлил қилишдан юз ўгирганида бўлди. Ғарб файласуфлари ва олимларининг аниқлашича, одамдаги энг заиф туйғу унинг адолатпарастлигидир. Жамиятда адолат ва тенглик ўрнатиш учун одамларни табақаларга, ижобий-салбийларга бўлиш учун асарлар ёзилди. Лекин охир-оқибат бу асарларнинг аксарияти ўқувчилар савиясини туширдигина эмас, айнан адолатсизликка ва тенгсизликка хизмат қилди, натижада А.Рюноскэнинг «Жаҳаннам» ҳикоясидаги рассом чол ҳолига тушилди (ҳикояда каҳрамон ўтда ёнаётган ва ўзи суратини чизаётган қиз ўзининг қизи эканлигини кейин англаб етади). Ўтмиш совет адабиётининг моҳияти шундай бўлганлигини бугун кўплар тан олади, тўғри, эътирофлар ҳам тўлиқ самимий эмас. Лекин, ҳарқалай, шундай бўлса-да, бу даврда чинакам адабиёт яратиш ғоятда оғир бўлгани ва унга имкон берилмаганлигини онда-сонда бўлса ҳам ўзимизга ўзимиз эслатиб қўйяпмиз.

011

Франц Кафка аср бошида сиёсий алғов-далғовлар, ҳокимият талашишлар, инсоннинг қадри бўлмаган қонунлар, инсонни ҳақорат қилишга қурилган матбуот, қулликка асосланган система, инсондан махлуқ яратадиган мафкурадан қочиб, бир умр ёлғизликда, деярли узлатда яшади. Фолкнер ўзининг ички «Мен»ини сақлаб қолиш, жамиятга хос бўлган тубанликлардан, сўздаги ва эътиқоддаги фаҳшдан ўзини ҳимоя қилиш учун умрини отлар, ҳайвонлар, табиат билан бирга ўтказди. Пруст ташқи шовқинлардан ҳоли бўлиш учун уйини қалин пардалар-у, деворлар билан ўраб олди. Сартр, Камю… ўз қалблари, шуурларига, ички «Мен»ларига ёлғонни киритмадилар. Зеро чинакам ёзувчи ёлғонни фош этиш учун, ундан инсонни ва унинг қалбини асраб қолиш учун ўз умрини сарфлайди. Ёзувчи қалби бекорга юнон нотиқлари тилида «илоҳият нури тушган қалб» деб аталмаган. Бу илоҳий қалб озгина нопоклик, озгина хиёнат, озгина адолатсизлик, озгина алдов юз бериши билан титраб кетади ва ўзининг изтироб рамзи бўлган сўзлари билан бузилган, алданган дунёни поклашга киришади. Шунинг учун ҳам, Фолкнер «Ёзувчининг орзуси – унинг озодлигидир», – деган эди. Бу орзуни худди Исо ўз эътиқодини ҳаётга алмашмаганидек, ҳеч нарсага алмашмайди.

Қодирий ва Чўлпонда ҳам ҳеч нарсага алмашмайдиган нималардир бор эди. Улар қаттол коммунистик мафкура тазйиқида турланиб, тусланишдан воз кечдилар. Шахсларини таназзулдан асраб қололдилар.
Биз уйғониш пирлари билан фахрланамиз. Эҳтимол вақти келиб улар таъсирида эндиги замонларнинг улкан «Мен»лари пайдо бўлар – бу орзумизга бугунги озодлик замин яратмадими?

Ҳаёт ва адабиёт биздан чинакам истеъдодларни ва «Мен»ларни талаб қилмоқда. Чунки у бизнинг «Мен»имизга қараб эртанги кунини яратади. «Мен»га ва шахсга ташналик бугун – ўз ичимизни тозалаш, поклаш даражасига етди. Бу кураш абадийдир. «Мен» ички дунёнинг тўлиқлигидир. Фақат бўш идишгагина хоҳлаган нарсани солишингиз мумкин. Ички бўшлиқ – маънавий таназзулнинг майдони. Ичкариси бўш одам – жуда хатарли. Унинг ичига кириб оладиган ва «идишини» тўлдирадиган нарса қайси рангда тусланишини олдиндан билолмаймиз. Бу шахс шаклланмаганлиги оқибати.

Ўз кучига ва ўзига ишонмасликдан заифлик пайдо бўлади. «Мен» шу маънода ўзига ишонч ҳамдир.
Ўзига ишонмаган одам ёхуд «Мен»и шаклланмаган одам – ичкариси забт этилган, ҳеч бўлмаса забт этилиши арафасидаги одамдир. Ички дунёнинг мустамлакаси қулликнинг, нари борса мутеликнинг ички кўринишидир. Шунинг учун «Мен» ва мустамлака, «Мен» ва тоталитаризм, «Мен» ва ёлғон келиша олмайди. Фақат мустаҳкам «Мен»гина миллат ва ватан учун бугун ва эртага ҳам ўқиладиган, куйланадаган, шарафланадиган Сўз ярата олади, кўз олдидаги воқеликни ижодкор олами билан боғлай олади. Юзакиликка ўрганган тасаввурларни ёриб ўтиб, ўзининг эътиқод, гўзаллик дунёсини яратади. Дард ва изтиробдан, инсонга бўлган шафқатдан юзага келган бу ижод дунёси янги адабиётга, янгиланажак адабиётга хос дунёдир. Янги дунёда «Менлар» янгиланган сайин Сўз ҳам, Адабиёт ҳам, Одамлар ҳам янгиланиб боради.

Янгиланаётган дунё – покланаётган дунёдир. Янги адабиёт – янги сўз, янги тил деганигина эмас, балки янги дунё, янги изтироб, янги тафаккур, янги юксаклик дегани ҳамдир.

011

Анъаналар ва миллий қадриятлар ҳар бир миллатнинг юзи, қиёфаси, сарчашмасидир. Умуман олганда, дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар қандай анъана, қадрият миллатга қувват берса, уни ўзини намойиш этишга куч берса, яшаб қолади. Ана шундай қадриятлар миллий қувватнинг манбалари бўлади. Қадрият ва анъаналарга шунчаки экспонат сифатида қараш керакмас. Улар ўзларида халқнинг ташаббуси, ижодий салоҳиятини яшириб ётади. Агар мазкур қадриятлар тўғри ташвиқ қилинса, миллатнинг ижодий салоҳияти янаям ошади, ўз замонига маҳсулотлар бера бошлайди. Биз ҳаммамиз буни кўриб, билиб турибмиз.

Тасаввуфга оид кўплаб мақола ва китобларда тадқиқотчилар Баҳоуддин Нақшбанднинг: «Қўлинг ишда, қалбинг илоҳда бўлсин», – деган ҳикматли гапини тез-тез тилга олишади ва ҳайратга тушганларича турлича шарҳлашади. Мен тасаввуфшунос эмасман, шу сабабли бу шарҳларга бирон-бир эътироз билдиролмайман. Лекин қўлнинг ишда-ю, кўнгилнинг Парвардигорда бўлиши мени унчалик ажаблантирмайди. Образли қилиб айтсак, агар художўй заргар иймонли бўлса, қўлидаги узукдан олтин уриб қолишдан қўрқади. Бинобарин, тақводор, эътиқодли заргар ҳам аслида иш жараёнида қўли ишда, қалби Яратганда бўлганлардан ҳисобланади. Бундай иймонли одамлар эса дунёда кўп. Нақшбанд ҳикматининг асл маъноси фақат бу эмас. Хўш, иймонли заргар билан Нақшбанд туйган завқ ўртасида қандай фарқ бор? Нега биринчиси кишида қизиқиш уйғотмайди, иккинчиси бизга завқ ва фикр беради? Бу икки меҳнатдаги фарқ нимада? Ғоят қизиқ савол. Менимча, бу фалсафа ва тафаккурнинг муҳим саволи. Нима учун Абдулла Қаҳҳор: «Адабиёт косибчилик эмас», – деган. Нимага косиб битта маҳсини яхшилаб тикса, кейин минглаб маҳсини шундай тикавериши мумкин? Нега бир марта буюк асар ёзган ижодкор қайтиб бундай асар ёзолмаслиги ҳам ҳеч гап эмас. Ажаб, нега 2500 йил олдин Софокл: «Завқ ўлса, инсон ҳам ўлади», – деган. Нега завқ ўлса, инсон ҳам ўлади?

011

«Ўткан кунлар» романини гўзал ахлоқий асар деб биламан. Ота-онага, муҳаббатга муносабат борасида у тенги йўқ ахлоқий асар. Бу ахлоқни тинимсиз ўзимизга сингдираверишимиз керак. Шу нуқтаи назардан телевидение бугун ўша деворни мустаҳкамлайдиган тарғибот кўрсатувларини бериб бориши лозим.

Миллатнинг эстетик савияси, диди давлат чегараси каби қаттиқ ҳимоя қилиниши шарт бўлган ҳудуд деб ўйлайман. Шу жумладан, бугунги китобхоннинг ҳам дидини ўлдирмаслик, уни бестселлерга ўргатмаслик, эрмак учун ўқийдиган китобхонга айлантирмаслик лозим. Олди-қочди китоблар тижорат адабиёти ҳисобланади, яъни улар бугун учун ёзилган, эртага йўқолиб кетадиган асарлар. Санъат эса оммавийликдан биқиқлашиб, чекланиб бораверади. ХIХ асрда француз адабиёти вакиллари санъатнинг оммавиймаслигини уқтиришганди. Айтиш мумкинки, санъат бир ҳовуч закий, яъни зеҳни ва диди ўткир одамлар учун экани тан олинган. Бу санъатдан заковатли одамларгина завқ олиши мумкин. Бундай инсонлар қул бўлмайдилар. Аксинча, ўзининг кимлигини билмайдиган ва бу ҳақда фикр қилмайдиган киши қулдир. Аммо мазкур ҳолга объектив ёндашиш керак. Масалан, Америкада Фолъкнерни мутлақо билмайдиган одамлар 70 – 80 фоизни ташкил этади. Кафкани вақтида ҳеч ким танимаган, кейинчалик, анча йиллар ўтиб унинг даҳо ёзувчи эканини билишди. Жеймс Жойсга ҳам шундай муносабатда бўлишган. Машҳур «Улисс» романини дастлаб минг нусхада чоп этишиб, шуям асар бўлдими дея қайтариб беришган. Қисқаси, бундай ҳоллар кўп. Миллатнинг эртанги тақдирини омма эмас, бир гуруҳ зиёлилар белгилайди. Шуни унутмаслигимиз, ўзимиздаги китобхонлик руҳини тарбиялашимиз муҳим. Афсуски, техника тараққиёти одамларда тафаккурга бўлган эҳтиёжни сўндириб ташлаяпти, ёшларни фикрий дангасага айлантиряпти.

011

003 Дэвид Зельцернинг «Аломат» («Знамение») повестини, гарчи мистика бўлса ҳам, мен бугунги дунё, олам, тараққиёт, бугунги кун қиёфаси, манзаралари, энг муҳими, Шайтон ва Раҳмон ўртасидаги азалий ва абадий курашни акс эттиргани, бугунги одамзотни яна бир бор ўзи ҳақида ўйлаб кўришга, атрофга, босаётган ҳар бир қадамига ҳушёр боқишга ундаши билан ўқилиши, фикр қилиниши керак бўлган асарлардан деб ҳисоблайман.

…Асар бизга иблис ичимизда экани, уни маҳв этиш ва ақл-идрок ғалабасини таъминлаш ўз қўлимиздалигини яна бир бор эслатади. Бу фақат мистика эмас, руҳият, инсон иродаси ҳақидаги асардир. Аввал ўзини поклаган одамгина дунёни поклай олади. Пок ва диёнатли одамларгина дунёни қутқара билади. Гарчи асар Исо таълимоти ҳақида бўлса-да, унинг мазмуни христиан дини чегараларидан чиқиб, умумбашарий тус олади – бу фақат Исо ҳақидамас, Аллоҳнинг улуғлиги ва фақат у юборган таълимот-ваҳийгина инсонни чинакам бут қилиши мумкинлиги ҳақидадир.

«Аломат» бизни фикрлашга, теварак-атрофимизга назар солишга, мушоҳадага, ўзимизни, ўз ички дунёмизни таҳлил қилишга ва санъатни тушунишга ўргатади. Ичингизга боқиб кўринг. Роман сизни ҳамиша ҳушёрликка чақириб туради, ичингизга, маънавий дунёингизга назар солади, сизни ўз ичкарингизнинг, «мен»инингизнинг хўжасига айлантиради, ақл-идрокингизни чархлаб, ўзингизга ўзингизни масъул қилиб қўяди. Ўз-ўзига масъуллик маънавий дунёнгизни адашишдан асрайди.

011

Адабиётсиз жамият бўлиши мумкинми? Бўлиши мумкин. 1933 – 1945 йилларда шундай жамият бўлган. Ўзини чинакам санъаткор деб билганлар мамлакатни ташлаб чиқиб кетган. Мамлакатда санъат ўлган. Бу жамиятни Гитлер Ҳерманияси деб аташарди. Бу даврдаги немис санъати Ҳерманиядан узоқда яратилди… Бу шунчаки мисол эмас. Ўйлаб кўриладиган мисол. Санъат – миллатнинг қалби, руҳи, кўнгли. Санъатга эътиборсизлик, уни менсимаслик – айнан шу нарсаларни – миллат кўнглини менсимаслик дегани. Мен чинакам санъат ҳақида гапиряпман. Битта олди-қочди китоб ёзиб ёки уч-тўртта чучмал қўшиқ айтиб, ўзини санъаткор деб юрганларга бу гапнинг алоқаси йўқ.

Умуман, «бадиият» деган сўзни эҳтиёт бўлиб қўллаш керак. Йигирманчи асрда минглаб номда, миллионлаб нусхада «бадиий асарлар» чоп этилди. Хўш, бугун қайси бири даврнинг синовига дош бериб, сизу бизга эстетик завқ бероляпти? Бармоғимизнинг ҳаммасини очиб ўтирмайлик, барибир ортиб қолади.

Агар китоб дўконларини айлансангиз, дидимиз қаёққа қараб илдиз отаётганига ўзинигиз гувоҳ бўласиз. Аксарият ўқувчи Навоийни, Бобурни, жилла қурса, «Жаҳон адабиёти» журналинимас, олди-қочдиларни, бир аёлнинг алданиб қолиш тарихини, фоҳишанинг бошидан кечирганларини, ўғри ёки мафиянинг саргузаштларини талашиб сотиб олишяпти. Шунинг учун айнан шундай китоблар нашри дўконларнинг олд қаторларидан жой олиб, ўзларини кўз-кўз қилиб турибди. Улар иқтисодий маънода ўзини оқлаб, ноширга фойда келтиряпти, бошқа томондан эса, миллий дидни саёзлаштиришга хизмат қиляпти. Ўша китобларнинг айримларида ўзбек тилининг ҳам авра-астари чиқариб ташланган. Тил жозибаси умуман йўқ. Фожиалироқ тусда айтганда, агар уни ўқиётган ўқувчи шу асарларнинг тилидан ўрнак олса, эртага тил соҳасидаги ташвишларимизни тасаввур қилаверинг. Умуман, бугун бор гапни айтиш керак: биз кенг ўқувчилар оммасининг дидини шундай асарларга бериб қўйдик. Бу сўзни муқаддас билган барча адабиётчилар учун хавотирли ҳолдир. Бадиий сўз соҳиблари майдонни шундай асарларга бериб қўйгани учун, аввало, уларнинг ўзлари айбдор. Бу соҳада ташвишимиз анча катта. Хусусан, қўшиқчилигимиз. Энг ачинарлиси, қўшиқнинг оммавийлик эҳтиёжи катта. Лекин бугун эшитаётган қўшиқларимизнинг ярмини эшитмасак ҳам, ҳеч нарса йўқотмаймиз. Аксинча, жилла қурса, шу ярим қўшиқлар дидимизни пасайтирмай туради.

Бир куни қайсидир радиодан қўшиқ берилди. Тахминан шундай: «Лабингдан ўпай, сочингни силай, сен билан бўлай» ва ҳоказо. Шу байтни ўзиям ўн марталар такрорланди-ёв. Бунинг нимаси қўшиқ? Бу ерда санъат қани? Бунақа қўшиқлар ҳам, шу даражадаги асарлар ҳам дидиминиз ўтмаслаштиришга хизмат қилади. Сабаби биз чинакам адабиётни тарғиб қилолмаётганимизда. Биз ҳамиша ўқувчиларга тижорат адабиёти билан ҳақиқий адабиётнинг фарқини тинимсиз тушунтириб туришимиз керак, чоғи.

Навоийхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик, ғазалхонлик, бахшихонлик қилган оталаримиз диди билан бундай асарларни ёпирилиб ўқиётган ўқувчилар диди ўртасидаги фарқни тасаввур қилиб кўринг. Бедилнинг битта рубоийси ҳақида бугун бир катта фалсафий шарҳ ёзса бўлади. Лекин тижорат асарларининг ўнтасини жамласангиз, ҳатто бир варақ ҳам эстетик аҳамиятли фикр ёзолмайсиз. Чунки бундай асарлар дидгамас, кўпроқ сотишга мўлжалланган. Бу бутун дунёга, айниқса, ривожланган мамлакатларга ҳам хос муаммо. Дейлик, Фолькнерни Америкада жуда кам одам ўқийди. Кам одам билади. Кам нусхада чоп этилади. Лекин уни Америка энциклопедиясида «Америка маданиятининг бир қисми, Америка адабиёти фахри» деб ёзиб қўйишган. Ҳақиқий адабиётга баҳо берилаётганда тижоарт асарларидан фарқлаб турувчи мезонга ҳамиша амал қилинади. Асарлари миллион нусхада босилаётган тижорат ёзувчисига ҳеч қачон ҳақиқий ёзувчига бериладиган нисбат берилмайди. Мана шунинг ўзи тарғибот.

011

Бугун ёзувчининг ўрни йўқолгани йўқ. Фақат шўроча имтиёзлар, шўроча эътибор йўқолди. Жамият ўзгарди. Сиғиниб келинган эътиқодлар синди, шу эътиқодга бағишланган асарлар ўлди. Шу асарни ёзганлар эса ҳалигача ўзларига келгани йўқ. Чунки улар мақтовларга, имтиёзларга, ҳар бир тадбирда ўзларининг номлари тилга олинишига, ўзларига жамиятнинг алоҳида кишилари сифатида қарашларига ўрганиб қолишган эди. Ҳаммаси ўзгаргач, уларниг аксари нима ёзишни ҳам билмай қолишди. Чунки мавзуни ҳам шўро сиёсати белгилаб берарди. Аммо бу довдирашни бугунги адабиётдаги сокинлик билан боғлаб бўлмайди. Бугунги сокинликда ёзувчининг ўзига, ўз дунёсига қайтиши, ўзи билан ўзи қолиши, ўзини англаш жараёни деб тушуниш керак. Бугун ҳақиқий истеъдодлар ўзлари билан ўзлари қолишди, ўзлари билан ўзлари курашаяпти, ўзлари билан ўзлари қолиб, кўнгил танлаган мавзуни танлашаяпти. Бу сокинлик ҳали эртага катта асарлар беради. Адабиётни кўтар-кўтар қилишлар даври ўтди. Аммо бу сокинлик тўхтаб қолишни билдирмайди. Адабиёт сокинлик билан ўзини ўзи саралаяпти, муолажа қилаяпти.

Адабиётнинг бош вазифаси ҳақида баҳслар ҳамма даврда бўлган. Агар шўро даври адабиётнинг вазифасини ўргатиш, намуна бўлиш, «тарбия воситаси» деб билган бўлса, бу шўро кашф этган ёки адабиётга коммунистлар юклаган вазифа эмас. Буни адабиётнинг илк асарини ёзганлар кашф этган ва шунинг учун ҳам адабиёт бу адаб ўргатиш деб ҳисоблаганлар. Агар шўро тузумига қасд қилиб, адабиётдан бу вазифани бутунлай олиб ташласак, унда адабиётнинг жамиятда ҳеч қандай роли қолмайди. Адабиёт, барибир, бевосита ҳам, билвосита ҳам инсонни «тарбиялай»ди. Унинг дидини, дунёқарашини, савиясини, инсонга, миллатга, дунёга, эзгулик ва ёвузликка бўлган муносабатини тарбиялайди.

Мен Кафкани ўқисам, демак, унинг қарашлари менга бевосита «юқади», унинг жамият ва инсон ҳақидаги хулосалари менинг савиямга таъсир қилади, эҳтимол, шакллантирар ҳам. Кафканинг ўрнига ҳақиқий истеъдод эгаси бўлган хоҳлаган ёзувчини қўйиб шундай дейишимиз мумкин. Эртак болага қандай таъсир қилади? Нега эртак айтамиз болаларга? Алла қандай таъсир қилади? Алла ёки эртакнинг вазифаси нимадан иборат? Китобнинг вазифаси ҳам шундай. Кимнинг асарини ўқиманг, асарнинг вазифаси, агар у ҳақиқий адабиёт намунаси бўлса, шундай. ХIХ аср рус прозаси ХХ аср рус ақлини, рус тафаккурини, рус зиёлисини тарбиялаб берган. Бу инкор этиб бўлмас факт. Шундай экан адабиётнинг вазифасини торайтириб, у фақат адабиёт учун хизмат қилади дейишга мен унчалик қўшилмайман. Бироқ масала шундаки, адабиётга вазифа юклаб, шуни қиласан деб буюришнинг ўзиёқ бу вазифани сохталаштиради, сунъийлаштиради, адабиётнинг вазифасини йўқ қилади. Шўро адабиёт вазифасини сунъийлаштиргани учун ҳам у даврдаги адабиёт сунъийлашди. Адабиётга олдиндан вазифа бериш ҳамиша шўро тузуми тажрибасини ёдга солади. Адабиётга вазифа тайинлаб бўлмайди, у пайдо бўлган куниёқ ўз вазифасини ўзи танлаб бўлган. У истеъдодлар орқали қарашларни, тафаккурни, туйғуларни, муносабатларни янгилайди, яъни дидни ва савияни тарбиялашда давом этаверади. Унинг олий вазифасидан ким чекинтирмоқчи бўлса, бошига шўро куни тушаверади.

Бугунги баъзи «билимдонлар» адабиётнинг вазифаси йўқ» деган қарашни тинимсиз сингдирмоқда. Гўё шу билан адабиётни ижтимоий ҳаётдан узиб олиб, уни ўз ҳолича ривож топадиган, ўз ҳолича яшайдиган бир соҳа деб таъкидлашади. Бугун Навоийни тушунадиган одамнинг камлиги ёки уни ўқийдиган, завқланадиган ўқувчи озлиги – бу ҳали адабиётнинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолганини кўрсатмайди, аксинча, бизнинг адабиётдан узилиб қолганимизни кўрсатади. Бугунги техник асрда китоб ўрнини, адабиёт ўрнини маълум маънода техника ютуқлари, ахборот технологиялари (ТВ, интернет) қоплаётгандай, адабиётга ўрин йўқдек таассурот пайдо бўлди. Аммо алал-оқибат бу технологияларниг ҳеч бири адабиёт ва санъат ўрнини босолмайди. Булар бугуннинг ахборот ва тарғибот имкониятлари, воситалари, холос. Адабиётнинг вазифаси ҳақида гап кетганда, Борхеснинг бир гапи эсимга тушади. «Проза миллат тафаккурини тарбиялайди, шеърият туйғусини». Оддий ва жўн, аммо инкор этиб бўлмас изоҳ. Фақат бу ерга бугунги аҳволимиздан келиб чиқиб, «тижорат прозаси ва таъма шеърияти эмас» деб қўшиб қўйиш керакка ўхшайди.

Адабиёт ўз мавзусини ўзи топади. У шунга маҳкум қилинган. У мавзуни топиш учун шу мавзу билан оғриши ва илҳомланиши керак. Адабиёт миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда содир бўлаётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши керак. Ана шу англаш жараёни турлича кечади. Дейлик, Кафканинг асарларини, яъни ёзувчи ўз даврида кўрган фожиаларини унинг замондошлари кўрмаган, шу сабабли унинг асарлари замон эътирофига сазовар ҳам бўлмаган. Аммо кейинчалик у эътироф этилди. Ёзувчи ўз даврининг фожиасини ёки унинг қаёққа қараб кетаётганини ўз замондошларидан олдинроқ кўрган бўлса-ю, уни замондошлари тушунмаган бўлса, бу асарларга адабиётнинг вазифасидан четга чиққан деб баҳо бериб ҳам бўлмайди. 20-йилларда абсурд оқими катта ёзувчиларнинг ҳам кулгусини қистатган. Аммо кейинчалик бу асарлардаги метофаралар ХХ аср одами тафаккури ва ички дунёсининг иниъкоси эканини англашди. Шуни айтиш керакки, адабиётни англаш хос ҳолатга, хос тушунчага айланиб бормоқда. Оммавий маданият ва оммавий тафаккур тарзи адабиётни туб вазифалардан, туб моҳиятдан чалғитишга уриняпти. Бу ҳолат бутун дунёга хос.

Ҳақиқий санъат ўрнини шоу-бизнес тафаккур тарзи эгаллаб олди. Енгил-елпиликка асосланган, савиясиз оломонга мўлжалланган, кўпроқ пул тўплашдан бошқа ҳеч қандай нияти бўлмаган бу «маданият» шу пайтгача шаклланган, аждодларимиз зеб берган дидимизни хатар остига қўяётгани ҳам рост. Навоийни ўқиш бугун ноёб воқеага айланиб бораётган экан, оммавийбозлик бизнинг ичимизга ҳам кириб улгургани белгиси бу. Бугун болаларимиз Навоийнинг битта тўртлигини билмаса-да қаёқдаги тутуриқсиз бир репни бошдан оёқ ёд билиши ҳам – бизнинг фожиамиз.

Савияси кўча гапига тенг бўлган қўшиқлар ва кинолар, сериаллар, сариқ матбуотдаги кўнгилни айнитадиган, эрмак учун ёзилган «роману ҳикоялар» ана шу хатарнинг яққол белгиларидир. Яқинда бир газетачи ноширнинг бир ёзувчи билан гаплашаётгани устидан чиқдим. Ношир ёзувчига ур-йиқит, қон тўкишдан иборат ўткир сюжетли дитектив ёки ишқий можаралар очиқ ифодаланган асар буюртма бераётган эди. Шунда газетанинг адади кўтарилар экан, эвазига эса ёзувчига катта қалам ҳақи тўларкан. Бу хил шартномалар адади катта газеталарда ҳар куни тузилиб турибди.

Ноширлар бизнес нуқтаи назардан миллат дидини Навоийдан ва Қодирийдан совутиб, олди-қочдига бураётгани, шу билан ўзларини тадбиркор деб билаётгани бугун сир эмас. Аммо ноширларни ҳам айблаб бўлмайди. Улар бизнес одамлари. Бозорда нима ўтса, ўшани сотишади. Ҳамма айб дидда! Агар менинг дидим ўша нашрдаги роман ва ҳикояларни, олди-қочдини ҳазм қиладиган даражада пастлашган ва тубанлашган экан, бунинг учун ноширни, замонни айблаб ўтириш гуноҳ. Айб ўзимда. Мен дидимни шу даражада тубанлаштириб қўйганим учун айб ўзимда. Агар менинг ва ҳамманинг диди бу «олди-қочдилар»га йўл бермаганда бунақа асарлар ҳам пайдо бўлмасди. Ҳамма гап дидда! Ҳамма айб ўзимизда.

Бошқа томондан олганда, одамлар, ҳар қалай, қандай бўлса ҳам мутолаа қилишяпти. Шунинг ўзи қувонтиради. Аммо, барибир, булар ҳали адабиёт дегани эмас. Булар адабиётнинг кўпиклари, лойқалари. Ночора, шу бугунги дидимиз шу лойқа сувни ичишга маҳкум экан, унда ичаверамиз. Лойқа тагида тиниқ ва мусоффа сув борлигини билмагунимизча ичаверамиз. Шу сабабли ҳам ўзини ҳурмат қилган, адабиётни муқаддас деб билган адиб ўзини четга олди, бу талотумга қўшилгиси келмади. Улар шунинг учун сокинликка, сукунатга чўмгандай туюляпти.

Умуман олганда, азалий тажрибалар, азалий эврилишлар шуни кўрсатганки, адабиётнинг ўрнини олди-қочдилар, таъмагирлар, мадҳиябозлар, сохта туйғулар, сохта муносабатлар, тижорат эгаллаганда, токи шу ҳолат ўзини фош этиб, авра-астари чиқмагунча ҳақиқий адабий туйғулар четга чиқиб, жараённи кузатиб турган. У фош бўлгандан кейин яна ўз ўрнига қайтган. Бу тарихда неча бор исботланган. Шунга қарамасдан мен адабиёт инсон дарди ва орзуси билан яшаши керак деб биламан. Унинг бош қаҳрамони ҳам бугунги қайғураётган, орзу қилаётган, алам чекаётган, кулаётган, ўйланаётган, изланаётган, изтироб чекаётган, йўл ахтараётган ИНСОНдир. Ёзувчи фақат ўша инсонни замон талотўплари ичидан топа олиши керак. Замон қаҳрамони ҳам ўша ИНСОНдир! Биз у инсонни топдикми? Менимча, йўқ. Агар топганимизда, китоб бозори жилови сариқ матбуотнинг эмас, адибларнинг қўлида бўларди. Бугунги одам бизнинг асарларда ўзини кўролмаётгани учун ҳам, эҳтимол, олди-қочдига оғиб кетгандир? Яна ким билади…

011

004 Фариддин Аттор талқинига кўра Мансур Халлож ҳам тасаввуф йўлида худди шундай шахсдир. У одамларнинг ишонч-эътиқоди – Аллоҳга бўлган ишончлари учун ўзини қурбон қилди. Чунки уни Аллоҳ номидан, шариат номидан қатл этдилар – Аллоҳнинг суҳуфлари асосида шаклланган шариат номидан қатл этилаётган Халлож ўлимни кулиб, бахтиёрларча кутиб олди – чунки Аллоҳ йўлида у қурбонлик қилинган эди. Бу мажозий эмас, балки чинакам қурбонлик эди – чунки Аллоҳнинг бандасини, Аллоҳ ишқида ёнган одамни Аллоҳ шариати номидан – гарчи айни пайтда шариат мутаассиб тусида бўлса-да – қатл этишаётган эди. Мутлақ ҳақ ҳузурига жўнатишаётган эди – айрилиқ, мусибат, жабру-ситамдан сўнг Висол бошланаётган эди. Шу сабабли Халлож ўлимни кулиб қарши олди. У илоҳиётга қайтди. Унинг вужуди илоҳий завқни англаб қолгандан кейин бесабрликка берилди. Унинг фожиаси ҳам, улуғлиги ҳам шунда.

Тасаввуф истилоҳларисиз Аттор ижодини тушуниш, англаш жуда қийин. Унинг «Тазкират ул-авлиё»дан ташқари барча асарлари деярли шеърий йўлда ёзилган бўлиб, у асарларни англаш учун тасаввуфдан бохабарлик талаб қилинади. Тасаввуф фақат нафсни тийиш ёхуд кунига беш юз ракаат намоз ўқишнинг ўзи эмас. Нафсни тийиш, ибодат, шариатни тан олиш – бу фақат тасаввуфнинг зоҳири. Унинг ботини тавҳид, яъни дунёвий ва дунёга хос «мен»ни йўқ қилиш, «ўз»ни йўқ қилиш эвазига асосий жавҳар билан бирлашиш, ўзини Олий руҳнинг ичига сингдириб юборишдир.

Олий Руҳ билан уйғунлашиш учун одамда бир қанча тўсиқлар, пардалар мавжуд. Аттор алломалар ҳаётидан нақллар мисолида ана шу пардани кўтариб берди. Аввало, шуни айтиш керакки, пардани кўтариш – бу фош қилиш эмас, балки кашф этишдир. Ғарб адабиётида хаос, бўшлиқ деган тушунчалар бор. Ғарб адабиёти намоёндалари бу ҳақида кўп ёзишган. Аттор шеърлари, асарлари ҳам хаос, бўшлиқ ҳақида. Бироқ бу хаос номсиз эмас – бу хаос Олий Руҳ билан қўшилиб кетиш, уйғунлашиш, инсоннинг илоҳиётга дахлдорлигини ҳис этиши ва шу ишққа ўзини бағишлай олишидир. Инсондан ташқари ва инсон ақли етмайдиган нарсалар Инсон тасаввурида бўшлиқ бўлиб туюлади. Сўфий учун эса бу бўшлиқ ҳудудсизликни қамраб олган Олий руҳдир. Чунки инсон ақлининг ҳудуди бор, бироқ олий Руҳ ҳудудсиздир. У ҳар жойда бор ва мавжуд. Агар одам ўз ақли ҳудудини ёриб ўтолса, ана шу ҳудудсизликка дуч келади.
Ғарб адабиётида бу ҳудудсизлик – умидсизлик, маънавий қашшоқлик тимсолидир. Камю: «Ақл қамрови тугаган жойдан абсурд бошланади», – дейди. Ақл қамрови тугаган жойдан қўрқув-хаос бошланади. Атторда эса бу ҳудудсизлик яратганнинг тимсолидир, юксалиш, англаш, асл ўзликка яқинлашиш тимсолидир. Чунки инсон ақли қамрови тугаган жойдан Руҳ – Мутлақ Руҳ ихтиёрига, Мутлақ Руҳ ҳимоятига ўтади. Бу тавҳиддир. Тавҳид томчининг денгизга қўшилиши кабидир. Денгизга қўшилган томчи энди томчи эмас, денгиздир.

011

….Муҳаббат йўқ жойда тубанликка йўл очиқ, жаҳолат севги дарахтида эмас, адоват бутоғида етишади. Адоват одам борлиғини парчалаб ташлайди. Муҳаббат охир-оқибатда ҳатто хунхор кучларни бирлаштиради. Бир-бирларини кўрарга кўзи йўқ Лайли ва Мажнун, қабиладошлари икки ошиқ қалб садоқати қаршисида лол қолиб, низони унутадилар. Шунда Арасту сўзлари эсга тушади: муҳаббат бирикув, адоват, нифоқ сабабчисидир.
Данте сотқин одамни тириклигида иккига бўлиб, руҳини дўзахда, иблисий вужудини тириклар орасида қолдираркан, гўё вужудга алданманг, баъзан унда одаммас, иблис макон этган бўлиши мумкин дейди. Яна у сотқин ўзи сотган одамни ёки ҳақиқатнимас, авваламбор, ўзини жазолайди, ёмонлик ўзига ўзи ихтиёрий жабрдир деб таъкидлайди. Инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан адашган сайин ўз вужудини дўзахга шунчалик яқинлаштиради, унинг руҳи тириклигидаёқ жаҳаннам азобига дучор бўлади.

Дантенинг «Комедияси»да шарқона фалсафа, шарқона оҳанг, шарқона мушоҳада кезиб юришининг сабабларидан бири, таниқли олимлар Нажмиддин Комилов ва Фозил Сулаймонов ёзганидек, унинг ижоди Шарқ уйғониш ва Шарқ фалсафаси таъсирида камол топганидадир. Зеро, унинг ижодида Ибн Сино фалсафасининг таъсири катта бўлгани бугун илм аҳлига сир эмас. Данте ва Навоий фалсафаларидаги ўхшашликлар, бир томондан ана шу нарса билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, уларнинг доҳиёна хаёлий ва ақлий қудратларига боғлиқдир. Данте ўз жамиятининг, ўзи яшаган тузумнинг разолат ботқоғига ботганини кўрсатар экан, инсониятни Навоий каби фақат ишқ қутқаради дейди.

«Лайли ва Мажнун» Шарқнинг қайғули ишқ достони, «Ромео ва Жульетта» Ғарбнинг фожиали муҳаббат қиссасидир. Бу асарларнинг сюжет йўналишлари Навоий ва Шекспирдан анча олдин пайдо бўлган эса-да, икки даҳо мазкур сюжетга янгича ўлмас руҳ бахш этдиларки, бу асарлар инсониятни ҳамон сеҳр жозибасида тутиб келмоқда. Мазкур икки асарни солиштириш жуда қизиқ ва чуқур илмий кашфиёт ва хулосаларга олиб келиши мумкин. Энг аввало, бу достонда Шарқ ва Ғарб бадиий тафаккуридаги фарқ – уларнинг тасвир принципидаги фарқ кўзга ташланади.

«Ромео ва Жульетта»даги кўп жиҳатлар 130 йил олдин ёзилган «Лайли ва Мажнун» достонига жуда ўхшайди. Гарчи «Лайли ва Мажнун» афсонаси сюжети XVI асрда Европага маълум бўлган ва шу афсона таъсирида ўнлаб Европа халқларининг севги афсоналари вужудга келгани ҳақидаги тадқиқотлар мавжуд эса-да, биз илмга ҳурмат нуқтаи назаридан Шекспир асари Лайли ва Мажнун афсонасининг Ғарбча варианти, Шекспир Шарқ афсонасини европалаштирган деган хулосадан ўзимизни тиямиз. Бироқ Ромео ва Жульеттадаги нафақат умумий сюжет линияси, балки қаҳрамонлар ҳам, характерлар ҳам, асар қурилиши ҳам «Лайли ва Мажнун» асарининг айнан ўзидир. «Лайли ва Мажнун» достонида Навоий «Фироқнома» деб атаган асар сўнгида Лайли жон таслим қилади. Буни эшитган Мажнун Лайли ётган уйга учиб кириб, унинг ёнида жон беради.

«Ромео ва Жульетта» асарида Ромео Жульеттани ўлди деб ўйлаб, у ётган сағана бошида турганча заҳар ичади.
Алишер Навоий ҳам ҳақиқатнинг шу жиҳатини очади. Ҳазратга кўра, агар инсон ошиқ бўлса, ошиқлик кенг маънода, яъни Яратганга ошиқликкача, унинг руҳи пок бўлиб, ўзи қалби пок руҳлар билан топишади, бирлашади, яъни роҳатда яшайди. Нопок вужуд эса ҳатто ўз руҳини тутиб туролмайди.

….Аллоҳнинг биз англаган энг улуғ мўъжизаларидан бири, балки биринчиси – бутун коинот тузилиши билан одам вужуди ва қалбининг ўхшаш, мос қилиб яратилганидир. Бу нарса физик ва биологик кашфиётларда ҳам қайд этилган.

Оламни ҳаракатга келтирувчи куч, ҳазрат Навоий наздида, ишқдир. Одам зотига шундай улуғворлик бахш этгувчи ишқ Дантенинг севги маъбудаси Амур каби бутун коинотни юргизиб турса не ажаб! Ҳазрат Навоий «Лайли ва Мажнун»нинг юқорида тилга олинган бобида ишқи мажозий ва ишқи ҳақиқий ҳақида фикр юрита туриб мубориз бир хулосага келади: «Аввалгисида киши тозаланиб, иккинчисига ўтса, йўқ-йўқ, уруғини экса ҳам, уни бутунлай тарож этиб, унинг рамзий шаклидан асар қолмаса, кўринадиган жойдан кўринмасдан мақсадга сингиб кетса, ҳаёт ва коинотнинг яратилишига мақсад шудир». Насрий баён хулосани ҳазратнинг ўз сўзларида келтирайлик.

Мақсад будур, ҳаётдин бу,
Бил хилқати коинотдин бу.

Ишқ буюк Навоий талқинида ҳаёт ва коинот яратилишининг мақсади сифатида қўйиларкан, худди шу нуқтада у буюк Данте ва Шекспир билан муштаракликка эришади.
Данте, Навоий ва Шекспирнинг юксак бадиий тафаккурлари – фазодаги учрашув ана шу тарзда воқе бўлади.

011

….Гегел, Ницшеларнинг юнон космогонияси, Фрейднинг «Шоҳ Эдип» драмаси, Э.Фроммнинг(7) оддий «Қизил қалпоқча» эртаги талқинларига бағишланган шарҳлари бизни ҳайратга солган ва ана шундай шарҳлар, талқинлар бизда ҳам бўлишини орзу қилганмиз. Буни ҳам табиий тушуниш керак. Ҳар бир авлод фақат ҳаётдан эмас, балки адабий-фалсафий, эстетик қарашлардан ҳам ўзига мос янгилик ва янгича изоҳ излайди. Янгича талқин ва тасаввур, янгича йўналиш, ёзма адабиётдаги юксалишлар, аввало, халқ оғзаки ижоди намуналарига ўзгача ёндашув ва таҳлиллардан бошланади. Бу хил тадқиқотлар инсоннинг коинотдаги ўрни, миссиясини англашга бағишланади. Асотирлар бу ҳақда ўзига хос талқин ва тасаввур беради, инсон ботинининг асл моҳиятини тушунтиришга уринади. Шу сабабли инсонни тадқиқ қилишга киришган адабиёт учун бу хил тадқиқотлар сув билан ҳаводек зарур. Бундай эҳтиёж ҳар бир адабиётда бўлади ва ҳис этилади.

Аслини олганда, асотирлардаги ҳикматларда келтирилгандек, инсон уч олам маҳсули сифатида қачон ўзида ана шу учликни мужассам эта олса, ўзи ҳам янгиланади, тафаккурида эврилишлар юз беради. Бу бани олам тафаккур қонунияти. Зеро, оламнинг ўз қонун-қоидалари бор; улар бизга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган, бизни ҳам ўзига бўйсундирган ҳолда давом этаверади. Бу қонуниятлар инсоният тарихида кўплаб из қолдирган, аммо уни яққол кўриб бўлмайди. Чунки у ўзини рамзларга яширган. Бу рамзлар ва тимсоллар эса мифларда, халқ оғзаки ижоди намуналарида яшириниб ётади.

011

«Гўрўғли достонининг генезиси ва тадрижий босқичлари» рисоласида «Гўрўғли» туркумлиги фалсафий-мифшунослик мақомида шарҳланганки, айнан шундай шарҳнинг адабиёт ва эстетика учун аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш керак. Тадқиқотда «Гўрўғли» достонлари туркумининг таянч мотивлари, алплик тизими (олим достонларимиздаги алплик тизимига алоҳида эътибор билан ёндашади, хусусан, достонлардаги алплик – бу кўҳна мифлардаги танланган ва вазифа юклатилган мифологик қаҳрамонларнинг бизгача етиб келган кўринишларидир, шу сабабли ҳам достондаги алплар ақл бовар қилмас қаҳрамонликларни амалга оширади, ғайритабиий кучга эга, деган фикрни ўртага ташлайди), ҳомий образ генезиси ва талқини, қаҳрамон шажараси ва тадрижий босқичлари, қуёш туркум мифлари, шу сюжет билан боғлиқ маросимлар, этнос ва эпос уйғунлиги каби масалалар қамраб олиниб, таҳлилига киришилади. Ана шу йўналишлар талқини орқали достонга баҳо беради, шарҳланади.

Қардош халқлар оғзаки ижоди ва бошқа қўшни халқлар фольклоридаги Гўрўғли сюжетига уйғун ҳолатлар таҳлил қилиниб, хилма-хил мотивлар орасидан аслини аниқлашга киришади. Шунингдек, олим монографияда табиат ҳақидаги кўҳна тасаввурлар, маросимлар таҳлили билан мавзуни кенгроқ ва батафсилроқ асослаган. Мавсумий маросимлар билан халқ оғзаки ижоди намуналари, хусусан, «Гўрўғли» достони ўртасида жуда катта уйғунлик бор. Достондаги сюжет қатламларида Наврўз маросимлари билан боғлиқ кўплаб ўхшашликлар мавжудлигини илмий асослаб берган.

….«Гўрўғли» достонининг ядроси, сюжети ва образлар тизимининг мифологик ва тарихий асослари қадим-қадимдан Туркистон кенгликларида яшаб келган аждодларимизнинг тасаввурлари, дунёқарашларига боғлиқ эпик анъаналари асосида эрадан аввалги минг йилликларда яратилиб, босқичма-босқич сайқал топиб, тўлиқ бадиий сатҳга ўтди», – деб ёзади муаллиф. Мазкур фикрнинг исботи сифатида келтирилган далиллар асосли ва ишончлидир.

…Мифлар – асотирлар шуниси билан халқ оғзаки ижодининг бошқа турларидан фарқ қиладики, унда ғайритабиий йўналиш сюжетнинг асосини ташкил қилади. Мифларни қайсидир маънода қадимий инончлар ҳақидаги бадиий тасаввурлар ҳосиласи ҳам дейиш мумкин. Шу маънода муаллиф монографияда биз кутмаган дадил хулосаларга келади. Унинг фикрича, Гўрўғли – бу қуёш туркумидаги мифлар сирасига кирувчи қадимги қуёш маъбуди ҳақидаги мифнинг достон орқали бизгача етиб келган намунасидир. Бу қарашнинг жонлилиги шундаки, қадимда қуёшга сиғинган аждодларимиз унинг чиқиш ва ботишини ўзига хос тасаввур қилганлар. Қуёшни мифик қаҳрамон даражасига кўтарганлар.

Умуман, эпик асарлардаги алпларнинг фавқулодда ғайритабиий кучга ва салоҳиятга эга бўлишлари, Гўрўғли, Авазхон, Нуралининг жанг қилишдаги бир кишининг минглаб жангчиларга қарши кураши, Алпомиш, Гўрўғлининг алплик тасвирларини шунчаки муболаға санъатининг намунаси сифатида қабул қилиш унчалик ҳам тўғри эмас. Бахшининг муболоға салоҳияти бор гап, аммо дастлабки қадим сюжетда, мифологик дунёқарашга кўра, қаҳрамонлар ана шундай ғайритабиий кучга эга деб тасаввур қилинган. Шунинг учун достонлардаги алплик тизими алоҳида таҳлил қилиниши керак бўлган йўналишлардан биридир.

…Дунё фольклоршунослигида мифологик қаҳрамоннинг пайдо бўлишини янги давр, янги қараш, янги тизим билан боғлаб ўрганиш одат тусига кирган. Иккинчи рисолада алпнинг туғилишини янги даврнинг эҳтиёжи ва янги вазифа юклатилган эран – қаҳрамоннинг майдонга чиқиши билан боғланади. Бойсун-Қўнғирот элида шундай бўлади. Алпинбийдан сўнг бу юртда маънавий таназзул бошланади. Бу эса халқнинг бўлиниб кетишга олиб келади. Меҳр-оқибат оёқ ости бўлади. Ана шундай пайтда парчаланиши кутилаётган халқни халос қилиш учун алп жўнатилади. Бу алп Ҳакимбек эди. Эпоснинг янгича талқини адабиётнинг ҳам янгича талқини билан баравар эканини биз жаҳон адабиёт тажрибаларидан биламиз.

011

 

… Акутагаванинг гапи сўз қаршисидаги ҳайратдан туғилган. Бодлер эса сўзнинг қудратини янги поғонага кўтарган шоир эди. Унинг ҳар бир шеърида исён – қалбнинг, руҳнинг, мусибатли юракнинг исёни сезилиб туради. Бодлергача бўлган шеъриятда ижтимоий муносабатларга, тартибларга исён қилинарди. Бодлер инсоннинг моҳиятига, унинг ибтидосига исён қилди.
«Исён инсон моҳиятидадир» деган экзистенциялча фалсафа асли Бодлердан бошланган; унинг қарашларига кўра, инсоннинг ўзи ҳар қандай фалсафанинг, диннинг манбаидир. Бодлер шеърларини ўқиган одам инсониятнинг бўйнидаги жуда катта масъулият бўйинтуруғини аниқ ҳис этади, шу лаҳзада ўқувчига ўзи муҳим деб ҳисоблаб келган ташвишу икир-чикирлар арзимас нарсага айланади. Бодлер шеърияти ижод – исённинг ёрқин намунасидир. Ижод Бодлер назарида инкордир. У ҳамма нарсани инкор қилди. Бодлер инкордан дунё яратди. Сўз одамни маст этади. Акутагаванинг гапи ана шу «мастоналик» кайфиятидир. Буни Шарқда жунун деб ҳам аташади.

011

…Мен ҳозир Фрейд ёки фрейдчиларни муҳокама қилмоқчи эмасман. Лекин улар ХХ аср тафаккурида кескин бурилиш ясадилар. Психоаналитик мактаб туфайли мифга, рамзларга янгича қараш бошланди. Кафка, Т.Манн, Жойс ижоди бевосита шу мактаб билан боғлиқ. Мифлар – халқ руҳиятининг рамзлари. Агар биз шу рамзларни шарҳлай олсак, халқнинг «мен»и томон улкан сўқмоқ очган бўламиз.
007 Мен фақат битта мисол келтириб ўтмоқчиман: «Алпомиш» достонида ғоз образи бор. Шакаман овчи эса тузалмас касалга йўлиққан. У қачон ғозни отса, тузалади, касалига шифо топади. Алпомиш зиндонда ётганда ғоз келиб қўнади, Алпомиш қушни даволаб, тириклиги ҳақидаги хабарни қўнғиротга етказиш учун учириб юборади. Қўнғиротга учиб бораётган ғозни кўриб, Шакаман овчи яна ёй ўқталади: онаси эса ўғлим ғозни отиб қўймасин деб дам олиш учун қўнган қушни яна учириб юборади. Шакаман овчи тузалмас касалга мубтало бўлганча қолаверади. Усмон Азим ўзининг «Ғоз» ҳикоясида шу рамзни ижодий давом эттиради. Ўғлининг касалини тузатиш учун ҳар нарсага тайёр онани тангри ғозга айлантиради ва Шакаман овчи ғозни отиб, касалдан тузалади. Онанинг ғозга айланиш рамзи бу шунчаки чўпчакмас. Туркий халқлар мифологиясида ғоз оналик рамзи. Бир асотирда ер юзи ғознинг тухумидан, бошқасида тумшуғидаги лойдан пайдо бўлган дейилади. Қадимда шомонларнинг ғоз маросими ҳам бўлган. «Авесто»даги муқаддас ваҳийни келтирган Фаришта ҳам ғоз эди. Ғозга боғлиқ қўшиқлар, маросимлар ҳозиргача сақланиб қолган.
Демак, Алпомишнинг тириклик хабарини келтираётган ғоз ҳам илоҳий хабарчи – илоҳий ғоздир. Шакаман овчи айнан шу илоҳийликни – онасини отиб касалдан тузалади. Бу манқурт образининг «Алпомиш» достонидаги бир кўриниши. Бундай рамзлар кўп, саноқсиз. Биз мифлардаги рамзларни ижодий шарҳлай олсаккина халқ тафаккурининг қудратли «мен»ига дуч келамиз, қудратли «мен»ни кашф қиламиз. Мифлар – инсонни кашф қилишнинг, инсон руҳига, уммонига киришнинг бир воситаси. Ҳар қандай мифда халқ ўтмиши, дунёқараши, шахс «мен»и яширинган. «Мен»и йўқ одам, гарчи у улкан ижодкор бўлса ҳам, шахс бўлолмайди.

Мен узоқ кузатган нарса шуки, бугунги ижодкорнинг асари билан унинг шахси бир-бирига мос келмаслиги бизнинг айнан «мен»ни билишга интилишимиз йўқлиги оқибати деб ўйлайман. Шахс ақлий идрок, ижод эса онг ости кечинмалари маҳсули. Бизда жаҳон адабиёти даражасидаги шоирлар кўп, бироқ ижоди каби шахси ҳам улкан шахслар деярли йўқ. Бу биз шахс тушунчасини, яъни ички «мен» тушунчасини таҳлил қилмаганимиз оқибати бўлса керак. Шахсни шакллантириш ҳам аслида илм, аслида ижоддир. Ҳар бир адабиётнинг ўз «мен»и бор. «Мен»сиз адабиёт эшкаксиз кемага ўхшайди.

011

….Машҳур табиблардан бири бемордан сўрабди: «Сиз мўъжизага ишонасизми?!» Бемор ажабланибди: «Мўъжизанинг касалимга нима алоқаси бор?» «Агар мўъжизага ишонмай қўйган бўлсангиз, сизни тузатиб бўлмайди»,– дебди табиб. Ҳайратланмай қўйган одамни ҳам, ҳайратланмай қўйган инсониятни ҳам тузатиш имконсиз. Ҳайрат ҳамма нарсанинг – орзунинг, умиднинг, ижоднинг, илҳомнинг, кашфиётнинг, оддий муҳаббатдан тортиб самовий туйғуларга, самовий ҳисларга мубтало бўлишнинг, дунёни, оламни англашнинг бошланишидир. Ана шу ибтидо бўлмаса, ижод ҳам, равнақ ҳам, юксалиш ҳам, орзу ҳам, завқ ҳам бўлмайди. Ҳайрат ва завқ бизнинг ҳали «машина»га айланмаганимизни билдириб турувчи ягона ҳиссиёт. Ҳатто, гарчи идроки бўлмаса-да, ҳайвон ва жониворлар ҳам ҳайратланади. Фақат роботлар, машиналар ҳайратланмайди. Ҳайрат ва завқсизлик эътиқодсизликнинг дастлабки кўринишидир.

Ҳазрат Нақшбанд «қўлинг ишда, кўнглинг Аллоҳда бўлсин» – деганида шунчаки тақводорликни назарда тутмаган. Балки завқни назарда тутган. Чунки инсон қўли билан нарса яратаётган пайтдаги завқ Аллоҳнинг олам ва нарсаларни яратиш завқи билан уйғунлашсагина бу қониқиш коинот билан уйғунлашади. Мен Нақшбандий ҳикматини шундай тушунаман.

Ҳайратланмай қўйиш нимани билдиради? Бу ўша жамиятда ижод, яратувчилик, адолат, эртанги кунга умид, инсоний ҳиссиётлар ўлганини билдиради. Инсон Яратганнинг яратиқларидан ва ўзи яратганлардан завқ ҳамда ҳайратга тушади. Ана шу завқ ва ҳайрат, айни пайтда, ҳайратланувчига қувват ва куч беради. Ҳайрат ижоднинг бошланиши, яратишнинг бошланишидир. Ҳайратланмай қўйиш билан яратмай қўйиш мен учун айнан бир маънони билдиради. Инсон эса бу дунёга яратиш учун юборилган, вайрон қилиш учунмас. Агар биз ана шу миссиямизни теран англаганимизда эди, инсоният тарихида кўп нарса бошқача кечарди, ўз навбатида, бугунги тараққиёт, тафаккур ҳам бошқача бўларди.

Йигирма уч йил олдин асар қаҳрамонини қийнаган мазкур муаммо бугун ҳам кун тартибида тургандай. Глобаллашган тараққиёт, тезлашган ахборот, маълумот беришдан кўра кўпроқ оммани манипуляцияда ушлаб туришга мўлжалланган ахборотлар бизнинг ичимиздаги ҳайратларни сўндириб қўяётгандай, суғуриб олаётгандай, бизни ҳеч нарсадан ҳайратланмайдиган жониворлар, яъни «биологик машиналар» тўдасига айлантириб қўяётгандай. Бу ташвишли ҳол.

Мени бугун ҳам шу савол қийнайди: биз қалбимиз ва юрагимизни ахборот асрида, телекоммунакация имкониятлари орқали мўр-малахдай бостириб келаётган, қалбимизни, ўзлигимизни, қиёфамизни, ҳайратимизни йўқ этишни мақсад қилган маданият қиёфасидаги маданиятсизликдан сақлаб қололяпмизми? Ундан халос бўлиш имкони, йўли борми? Бор. У ҳам бўлса, Буюк Кулол яратган кулолчилар эканимизга ишонч, асрлар оша ота-боболаримиз ардоқлашни ўргатган меҳр, инсонпарварлик, ўзликдир. Биз ана шу нарсаларни сақлаб тура биларканмиз, ичимизга қора шарпа киролмайди, бир-биримиздан, яратган ижод намуналаримиздан завқ олишда давом этамиз.

011

… Адабиёт журналистика эмас. Унда бирон мавзу етакчилик қиляпти ёки четда қоляпти деб баҳо бериш унинг куч-қувватини, қиёфасини белгиламайди. У кундалик мавзуларни тўла қамраб олиши шарт ҳам эмас. Мавзуларни тез ва долзарб тарзда акс эттиргани эмас, инсонни қай даражада тадқиқ этганига қараб адабиётнинг кўлами белгилаб келинган. Адабиётнинг азалий мавзуси инсон.
Тўғри, у қаҳрамон қилиб олган инсон Замон билан, унинг муаммолари билан юзма-юз турган шахс. Адиб инсонни юзида ва қалбида балқиб турган замон билан яхлит ҳолда, замон билан муносабатга киришган ҳолатда, давр билан маънавий-руҳий типпа-тикликда тасвирласа ҳам, барибир, кундалик мавзуларнинг изидан қувиб юриши шарт эмас. «Замон қаҳрамони» дегани бугунги мавзуларга ўралашиб қолган қаҳрамонмас, балки миллатнинг айни даврдаги дардини, қиёфасини, фазилатларини, оғриқ ва изтиробини, ғурур ва ифтихорини, шаън ва шарафини ўзида мужассам этган қаҳрамондир.
Кундалик мавзулар ҳафта, ой сайин ўзгариб туради, аммо адабиётнинг мавзуси, агар чинакам бадиий ифода этилса, асрлар оша яшайди. Адабиётни мавзу белгиламайди. Уни истеъдод, маҳорат, бадиият белгилайди.

011

… Мени бир ўқувчи, адабиёт ихлосманди сифатида адабий жараёндаги турғун ҳолатдан кўра ана шу муаммолар кўпроқ ташвишга солади. Булардан бири, эҳтимол, кейинги ўн йиллик адабий жараённинг оғриқли ва уятли муаммоси, шубҳасиз, «томликлар чиқариш» васвасаси бўлса керак. Кейинги икки йил ичида қайси китоб дўконига бормай, хоҳ у вилоят бўлсин, хоҳ марказ, адабиётда ҳали номи ҳам чиқиб улгурмаган, адабиёт аҳли тан олмаган адиб ёки шоирнинг бежирим, салмоқли жилдларига кўзим тушади. Ками икки жилдлик. Булар сал камтарроқлари. Уч жилд, тўрт жилд, қалаштириб сайланма чиқарганлар ҳам бор.

«Ё тавба!» – дейсиз. Уларнинг, нари борса, икки босма тобоққа арзийдиган машқлари бор. Аммо у барча ёзганларини – бир тийинга қимматларидан тортиб асар дейишга арзимайдиганларигача қўшиб-чатиб «жилд» қилиб чиқарган. «Том» чиқариш, «сайланма» чоп этиш адабиётда истеъдод сифатида ҳақиқий ўрнига эга бўлмаганлар учун ўзига хос урфга кираяпти. Вилоят китоб дўконларидан тортиб пойтахтимиз дўконларигача бир айланиб, қизиқиб кўринг. У ерда «томлик»лари билан «тирик классик»ларга айланганларни кўрасиз. Гўё шу томликлар орқали улар ўзларига адабий ҳайкал қуришгандек, адабиётда ўринлари йўқлигини ўзлари ҳам билганлари учун ҳам томликлар, семиз китоблар чиқариб, ўрин эгалламоқчидай туюлади.

Битта истеъдоди ўртамиёнадан ҳам паст шоирни биламан. У ўн йиллар олдин пиёзнинг пўстидай китобларини зўрға чиқариб юрарди. У пайтлари нашриётларда адабиётга ҳурмати катта, масъулиятли муҳаррирлар ўтирарди, чоғи, юзлаб шеърдан ўнта-ўн бештасини танлаб нашр этишарди. Икки йилча олдин у менга ўттиз босма тобоқ ҳажмда нашр этилган, нақ «Бобурнома»дай китобини юборибди. Китобнинг оғирлигини чамалаб, адабиёт нақадар эркинлашиб кетибди деб ўйладим.

Гап шундаки, ўша ўттиз босма тобоқдан ўқиса бўладиганлари танланса, пиёз пўсти ҳажмидан ошмайди. Қолганларини ўқиб бўлмайди, китобни семиртириш учун қўшилган, холос. Бугун ҳам баъзи адабиётда ғимирлабгина юрган кимсалардан «…томимни чиқаряпман» деган гапларни эшитиб қоламан. Адабиёт бедарвозадай туюлади. Бу жуда жиддий масала…

Қобилиятсиз ва саводсиз одам барибир саводсиз, қобилиятсиз, энг ёмони, дидсиз бўлиб қолавераркан.

Адабиёт – шафқатсиз. У бағрида томлар битганни эмас, юксак бадиий талабга жавоб берадиган ҳақиқий битта жумла ёзганни ҳам олиб қолади. Адабиёт томлар биланмас, жумлалар билан, сатрлар билан ўлчанади, бойиб, ривожланиб боради. Агар жумла ёки сатр билан адабиёт ривожига ҳисса қўшилмаса, яна юз том чиқарган тақдирда ҳам, адабиёт саҳнида қололмайди. «Фалон ёзувчида мана бундай жумла бор!» – деб айтишнинг ўзиёқ ўша адибнинг адабиётда қолганини, умри беҳуда ўтмаганини билдиради. Буни адабиёт тарихи, бадиият тарихи неча бор исботлаган.
Таассуфки, ХХ асрда адабиётга дахлдор бирорта жумла ҳам ёзиб қолдирмаган адиблар анчагина. Улар жилд-жилд асар ёзишди, лекин биронта ҳам жумласи ёки сатри вақт ва бадиият синовига дош беролмади. Мазкур шафқатсиз хулоса бугун китоб дўконларини жилдларга тўлдириб ташлаётганлар учун сабоқ бўлолмаётгани афсусланарли ҳол. «Жилд»лар ва семиз, салобатли китоблар билан фақат китоб дўконлари тўлиб қолганда, бу гапларни айтиб ўтирмасдик. Бу «жилдпараст»ларнинг ўзларидан кейинги авлодга, хусусан, ёш авлодга адабиёт ва дид ҳақида нотўғри хулоса бериб қўйишлари мумкинлиги одамни ташвишга солади. Чунки улар ўзларини давраларда адабиёт титанларидай тутишади, уларнинг салобатини кўриб ҳазрат Навоий ҳам уялиб кетарди деб ўйлайсиз…

Яна бир муаммо – ёзувчилик виждони. Бу виждон ҳар нарсадан улуғ. У адабиётни муқаддас деб билади. Унга ҳар қандай шилта ёки нохолис мавзуларни, истеъдодсизликни, дидни ўтмаслаштирадиган саёзликни олиб кирмайди. Бу виждон эгаси ўзини, ўзнинг шахсий ҳаётини, умрини сотса ҳам, адабиётни сотмайди, алмашмайди, уни гавҳардай қўриқлаб, пок асраб юради. Унга дахл қилмайди. Ўзи замонабоплик, мавзубозлик қилиши мумкин, аммо адабиётни ўзининг тирикчилигига аралаштирмайди. Бугун туппа-тузук ёзувчилар чўпчакбозликка ўтиб олгани мени оғринтиради.

Номи чиққан, умидли ёзувчиларнинг роман, қиссаларини ўқиб, бу «асар»ларда «сариқ матбуот», «тижорат» руҳи уфуриб турганини кўриб, кўнглим оғрийди. Энг ёмони, мазкур асарларни баъзи адабиётшунослар «адабий воқеа» сифатида баҳолаб, тақриз-мадҳиялар ҳам ёзишяпти. Қодирий, Қаҳҳор, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбекдай забардастлару, Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Дўстмуҳаммад каби адиблар қарийб юз йил оралиғида шакллантирган адабий дидни бу асарлар бир ўқишда йўққа чиқариш хатари пайдо бўлгани анча хавотирли ҳолат.

Адабий диди энди шаклланаётганлар ушбу асарларга ёзилган адабий мақтовлардан сўнг бугунги адабиётимиз «чўққиси»ни белгилаб олмаслигига, айнан шу «чўққи»га қараб интилмаслигига ким кафолат беради? Бу анъана бугун тобора яққол кўзга ташланиб боряпти. Чўпчакбозлик қилиб, бир неча қалин китоб ёзиб ташлаганларни «таниқли», давримизнинг «машҳур» ёзувчиси деб таништиришаётганда оғринасан киши. Чунки бу «ёзувчи»ларнинг ҳазрат Навоий карвонбошчилик қилаётган адабиётга мутлақо алоқаси йўқ. Бунақа ёзувчилар нуфузли, йирик кутубхоналарни ўз тижорат китоблари билан лиқ тўлдириб ташлаганда ҳам, чин адабиётга бегона бўлиб қолаверади.

Аслида, истеъдоди «чўпчакбоз»ликдан нарига кўтарилмайдиган «ёзувчилар» унча хавфли эмас. Маълум муддатдан сўнг, китобларининг сиёҳи қуримай, шоу-бизнес юлдузларига ўхшаб улар унутилади. Улар «кўча» учун ёзишган, «кўча ёзувчилари» бўлиб қолаверади. Аммо истеъдодли ёзувчилар адабиётни «чўпчакбозлик», «тижоратбозлик»ка буришга, иккаласини қўшишга, адабиёт билан тижоратни омухта қилишга интилишаётгани, ҳатто тирикчилик учун ёзилган, яхшилаб қоқсангиз тўкилиб, тирқираб кетадиган «чўпчаклари»га ўзларининг обрўли тахаллусларини қўйиб, адабий эътибор, эътироф кутишаётгани хавфли. Улар шу чўпчакларини адабий асар сифатида талқин қилишга, ўзларини миллий адабиётнинг вакили сифатида тан олдиришга ошкора уринишмоқда. Бу эса адабиёт учун, дид учун хатарли. Бу жуда ёмон анъана. Бу ҳолни оммалашмасдан тўхтатиш керак..

011

Коинотнинг яратилиши – Парвардигорнинг ўз мавжудлигини ифода этиши эди. Ижод эса инсоннинг ўз мавжудлигини ифода этишидир. Шу сабабли ижод – илоҳий.

Инсон ўз мавжудлигини ифода этиш учун шу мавжудликни эътироф этишни истамаган жамики мафкураларга қарши бораверади ва ҳамиша ҳар жойда ўзини тан олишни истамаган, ўзини ифода этишга қарши, мавжудлигини тан этгиси келмаган ғояларга қарама-қарши ўлароқ: «Мен мавжудман», – деб тураверади. Шу сабабли ҳам ижод – бу мавжудлик фалсафаси, мавжудликни тан олдириш фалсафаси. Қачонки, инсонда ўзининг мавжудлигини ифода этишга қурб қолмаса – у ерда инсоннинг қиёфасизлиги, жамиятнинг завқсиз ва файзсиз сукунати бошланади. Шу пайтгача ўтган жамиятларнинг ҳукмрон ғоялари инсоннинг мавжудлигини ифода этиш усулларини йўқ қилишга уриниб келди, бироқ барибир, жаҳаннамий сўқмоқларни бошдан кечириб бўлса-да, инсон охир-оқибат ўзининг мавжудлигини ифода этаверди.

Ижод – инсоннинг ўз мавжудлигини ифода этиш усули бўлса, зўрлик ана шу усулни йўқ қилиш усулидир. Шу сабабли ижод ва зўрлик, ижод ва жаҳолат ҳеч қачон келишган эмас, улар мангу жанг ҳолатидадирлар. Инсондаги ижодкорлик руҳининг ўлдирилиши асли инсонни қул қилишдан бошқа нарса эмас. Ижод ўлган, ижодкорлик ўлган жойда қуллик бошланади. Энсин Ионеско бир асарида барча қаҳрамонларига битта исм қўяди. Аёлу эркак, ёшу қарининг битта исми бор. Зотан, ўзининг мавжудлигини ифода этолмас экан, уларга турли исмларнинг не кераги бор? Фақат қуллардагина битта исм бўлади: қул! Мавжудлигини ифода этадиганлар эса битта исмга сиғмайдилар. Уларнинг исмлари турлича бўлади. Қуллик психологияси ҳукмрон жамиятга исмлар не даркор?!

Барибир барча фуқаро бир иш учун, бир киши учун, битта ғоя учун бир кишининг фикри билан яшайди. Эркинликкина турфа хил бўлиши мумкин. Ижодгина турли бўлиши мумкин. Ижод – инсоннинг чексиз коинот ичра ўз исмини, ўрнини, қадру қимматини англашга бўлган интилиши – исёни. Исён эса бетиним ва узлуксиз янгиланиб туришни талаб қилади ва шунга эҳтиёж сезади.

Ижодда янгиловчи ҳам, янгиланувчи ҳам унинг ўзи – бир ижод тугаган жойдан бошқаси бошланади – турғун ҳолат ижод учун ёт. Ижод зўрликни, тақиқни, буйруқни ёқтирмайди. Шу туфайли ижод одамда ҳур яшаш завқини пайдо қилади. Агар ижод бўлмаганда эди инсоният бу қадар ранг-баранг бўлмасди, аксинча, у ўзининг турғун тақдиридан зерикиб, тарс ёрилиб кетарди. «Санъат, – дейди Ницше, – воқелик бизни ўлдириб қўймаслиги учун берилган»….

011

006… Ҳерман Ҳессе туйғу ва ақл, нур ва соя, ёруғлик ва зулмат, гўзаллик ва хунуклик, эзгулик ва тубанлик ўртасида инсон қалбини забт этиш учун кечадиган курашни мажозлаштирган асарлари билан дунё адабиёти тараққиётига улкан улуш қўшди. Унга «интеллектуал асарлар устаси» деб баҳо беришса-да, бадиий асарларидан ташқари публицистик эсселари ҳам совуқ интеллектнинг маҳсулотлари эмас, аксинча, нафосат ва жозиба билан ёзилган, эҳтирос ва мусиқий оҳангга беланган, кўнгил ҳарорати уфуриб турган ижод намуналаридир.

… Гарчи шундай қараш мавжуд бўлса-да, Ҳерман Ҳессе асарлари ўз даврининг ижтимоий ҳаётидан узилган романтизм маҳсули эмас. Адиб ҳар бир асарини ўз даврининг энг долзарб муаммоларига, қарашларига бағишлади, асарлари орқали уларга ўз муносабатини билдирди, таҳлил қилди ва фош этди. Ҳатто романтик кайфият ва ёшликнинг адабий пафоси билиниб турган дастлабки романларидан бири «Ғилдирак остида» ҳам кайзер Ҳерманиясининг ёш авлодни тарбиялаш тизимига, умуман, ёш авлодни маънавий майиб-мажруҳ қилишга асосланган ҳарбийлашган таълим тизимини тубдан фош қилувчи асарга айланди. Романда улкан машина ғилдираги остида қолиб, ҳалок бўлган бола фожиаси тимсолида кайзер таълим тизимининг моҳияти очиб ташланади: кайзер таълим тизимини шундай қурганки, у урушни, қирғинни, босқинчилик ва дунёга гегемонликни тарғиб қилади, боланинг кўнглидаги табиий ва инсонпарвар туйғуни йўқотиб, ўрнига забт этиш ва зўрвонликни киритиб қўяди. Бу таълим тизими болани босиб, ҳалок қилган улкан машинага ўхшатилади.

…Ҳессе инсониятни халос қиладиган ғояларни Ғарбдан ҳам, романтик таълимотлардан ҳам, утопиялардан ҳам, шу билан бирга, Шарқдан ҳам излаб кўрди, бу таълимотлар асосида инсон моҳиятига разм солди, уни қутқарувчи, ўзлигига қайтарувчи ҳаёт мазмунини асарлари орқали излаб ўтди. Ҳессе назарида ҳаётнинг мазмуни унинг ичида, ботинида, руҳида эди.

Одам ўзини англамас экан, турли ғояларнинг, таълимотларнинг, назарияларнинг, сиёсий мафкураларнинг қули ва қуроли бўлиб қолади. Ўзини англаш эса тафаккур, қалб ва санъат орқали юз беради. Санъатсиз ақл – бу совуқ қурол, санъатга уйғунлашган ақл – бу қалб ва идрокнинг уйғунлиги, демак, ҳаёт ва олам уйғунлигидир. Қаердаки қалб ва ақл уйғунлиги бузилса, ўша ерда ўпирилиш, уруш, қирғин ва гуманизмдан чекиниш юз беради, шахсий, миллий ва давлат миқёсидаги худбинлик бошланади. Ҳессе ўз даврининг мафкуравий манзарасини «давлат миқёсидаги худбинлик» деб атайди.

Ҳар бир давлат, яъни бир-бирига тиш қайраб урушга кирган давлатлар ўзларича давлат миқёсидаги худбинлик ботқоғига ботиб қолишган, шу туфайли уларнинг адашиши ҳали узоқ давом этади, бундай жараён санъатни, китобни, мусиқани, гўзалликни ўлдиради. «Чўл бўриси» романида айнан санъатнинг тубанлашиш жараёни акс этади.

Гўзаллик ва санъатни сақлаб қолиш, уни инсонни халос қилувчи воситага айлантириш – Ҳессе бир умр интилган маёқ эди. Унинг қаҳрамонлари ҳам асарларида санъат ва гўзалликни сақлаб қолиш учун совуқ тамаддун ва ҳиссиётсиз, маъанавиятсиз тараққиётга қарши курашга киришади. Адиб ўз қаҳрамонларини сохта санъатга, сохта маданиятга, сохта гуманизмга қарама-қарши қўяди: ана шундай муҳитда бу қаҳрамонлар ёлғиз, якка, ажралган, жамият ва оломон учун бегоналигича қолади. Бу қаҳрамонлар бир томондан жамият ичидаги «якка бўрилар» бўлса, иккинчи томондан ўзларининг ичидаги «бўри-одам»га қарши курашаётган қаҳрамонлардир. Бу қаҳрамонлар айни пайтда ҳам муҳитга, ҳам ўзига қарши турган, ҳам ўзи, ҳам муҳит билан зиддиятдаги образлардир. Бундай икки томонлама конфликтда турган қаҳрамонлар Ҳессенинг барча асарларига хос. Бу қаҳрамонлар ҳиссиётлари ва инстинктларига таяниб, табиатнинг ёввойи, бетартиб, аммо олам билан уйғунликни сақлаб қолган ақидаларга амал қиладиган, якка ҳолда юрадиган «чўл бўриларига» ўхшашади. Улар айнан дунёни бошқача кўриш истагида бўлишгани учун ҳам ўзларини дунёнинг ва оламнинг устунлари деб билаётган оломондан ажралиб қолган.

Адиб назарида ХХ аср тамаддуни табиий жараёнлар асосида пайдо бўладиган тараққиёт эмас, балки инсон моҳияти ва табиатига зид равишда ривожланиш йўлидан кетаяпти, айни шунинг ўзи тамаддунни жамики табиийликка ва гўзалликка қарма-қарши қилиб қўяди. Маънавиятдан йироқ, техникалашган тараққиёт инсон ва оламнинг табиий мувозанатига путур етказади, инсонни халос қилиш мумкин бўлган гўзалликдан маҳрум қилади. Бундай йўлдан инсониятни қайтариш керак. Инсоният гўзаллик ва қалб билан уйғунлашган равнақ йўлини танлаши керак, ана шунда у халос бўлади.

«Чўл бўриси» романи охирида Гарри Галлернинг сўниб қолган истакларига ҳаёт бағишлаш учун юксак адабиёт ва санъат ёрдамга келади, бошқача айтганда, маънан ўлган қаҳрамонни абадий гўзаллик ва санъат даҳолари Гёте ва Моцартлар ҳаётга қайтаришади: унинг кўнглини санъатга шайдо қилиб, ҳаётий қувват олиб киришади ва уни инсониятни халос қилиш учун, худди қадим алплар каби одамлар ичига жўнатишади. «Чўл бўриси» романидаги ёзувчи Гарри Галлерни тақиқотчилар кўп жиҳатдан Ҳерман Ҳессенинг прототипи деб билишади ва Гаррининг романдаги барча ҳолат ва кечинмалари, қараш ва тушунчалари, аслида, Ҳерман Ҳессенинг ўзиникидир дейишади. Гарчи бу қаҳрамонларнинг аксарияти мукаммал ишланган қудратли машинага – оммавий худбинлик ва оммавий сохталикка енгилсалар-да, уларнинг кураш жараёнидаги ишончлари, эътиқодлари, тушунчалари ўқувчида ўзига ва ақлига, кўнглига ишонч уйғотади, ҳаёт ҳақидаги қарашларини гўзаллаштиради. Ҳерман Ҳессенинг асарларида ўзигача ва ХХ асрнинг 60-йилларигача бўлган авлоднинг ўз «мени»ни, ўзлигини топиш йўлидаги изланиш ва адашиши, топиш ва йўқотиши, тараққиёт ва танззули ўзининг бор бўйи, манзараси билан намоён бўлган. Аммо негадир ўша давр авлоди адиб асарларида ўзларининг маънавий-руҳий дунёлари, ботиний эврилишлари манзарлари мавжудлигини инкор этишди.

20-йилларга келиб, адабиётда Жойс, Кафка, Пруст асарларидан сўнг бошланган янги кўтарилиш даврида Ҳессега ярим шарқона, ярим ғарбона руҳдаги, романтик услубга янгича интеллектуал маъно берган эски ёзувчи сифатида қарашлар бошланди. 20-йилларнинг охиридан токи 40-йилларнинг бошигача Ҳессе деярли унутилди. Унинг асарларида бу авлод ўзини кўрмади. Уруш охири ва урушдан сўнг бирдан Ҳессе асарларига интилиш кучайди. Урушнинг қирғинбаротини кўрган авлод Ҳессе асарлари орқали излаган маънавий озуқага эҳтиёж сеза бошлади. Энди бу авлод қирғин ва уруш, зулм ва зўрлик, тараққиёт ва ақл билан дунёни ўзгартириб бўлмаслигини, инсон маънавиятсиз тарақиётга қанча интилса, шунча таназзулга яқинлашиб, ўзига ва моҳиятига бегоналашиб боришини ҳис эта бошлашди.

… «Бисер ўйини» романи Ҳессе ижодининг чўққиси ва сюрреализм оқимининг мукаммал намунаси саналади. Асар бадиий романдан кўра фалсафий-бадиий эссега яқинроқ туради. Адиб ўзи яшаган даврнинг маънавий-руҳий манзарасини хаёлий-мажозий усулда тасвирлаб, хулосалаб беради.

…Омма маиший ва эрмак маданиятга муккасидан кетган. Жамият эса уларни энг кераксиз, ҳаёт ва гўзалликка, инсоннинг моҳияти ва миссиясига зид ахборотлар билан қарам, муте қилиб туради. Бу давр одамлари бўш қолди дегунча ё олди-қочди ўқишади, ё томоша қилишади. Олис келажакдаги тарихчи-ровийни ҳайратлантириб, турли кроссвордлар, сканвордлар ва бошқа эрмак ўйинлар билан машғул бўлишади, санъат асари деб томоша қиладиганлари, мусиқа деб эшитадиганлари, барчаси шунчаки эрмак, кўнгилхушлик, жазава, кун ўтаказиш воситалари, холос. Бу ўйинларда инсонни маънан бойтадиган, уни тозалайдиган, уни бани олам уйғунлигига, руҳ ва жисм бирлигига, ваҳдатул вужудга ундайдиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар ўзларини иқтисодий ва сиёсий буҳронлардан чалғитиш учун, эртанги кун олдидаги хавотир ва қўрқувларини яшириш, ўзларини алдаш учун шундай фаолият билан машғул бўлишади.

Ҳессе ровий тилидан бундай маданият ва жамият таназзулга маҳкум деб хулоса чиқаради. Ана шундай хулосага келган юксак ақл эгалари, интеллектлар бирлашиб, жамиятни таназзулдан асраб қолиш йўлларини ахтаришади. Ва ўзларича шундай йўлни топишади ҳам. Шу мақсадда ҳар бир ҳаракати, ҳар бир тартиби, йўлаги ва ҳавоси ҳам санъат ва мусиқадан иборат бўлган санъат, ақл-идрок ва мусиқа бошқарадиган Касталия давлатини барпо этишади. Асар ана шу мамлакатнинг тарихчиси тилидан ўтмишни ва Касталия давлати тартибларини ҳикоя қилиб беради. Касталияда вақт ўз моҳиятини йўқотган. Бу ердаги аҳоли эрмак ўйинларга қарама-қарши бўлган ақл, тафаккур, ботин ва зоҳир уйғунлигида пайдо бўладиган тасаввур ўйини – бисер ўйнашади. Бисер ўйини бутун мамлакатда радио ва матбоут орқали кенг ёритилиб туради.

Давлатнинг бош мақсади юксак интеллект эгаларини, бюрократия, расмиятчилик, зўрлик ва зулмдан, таҳдиддан холи озод ва эркин руҳни, эркин иродани, маънавий комил инсонни тарбиялашдан иборат. Касталия мактабларида руҳ ўйини ўйналади, руҳни юксалтириш ўйинлари орқали таълим–тарбия берилади. Бу ерда ҳамма ўйнайдиган тафаккур ўйини – бу дин, фан, фалсафа, музика, санъат яхлитлашган тарзда ўйналадиган бисер ўйини. Масалан, Бахнинг концерти математик формула тарзида ўйналади. Бисер, яъни тафаккур ўйинининг бош мақсади битта: фан, санъат, ҳар хил мушоҳадалар, турлича қараладиган, ёндашиладиган, шарҳланадиган нарсалар, жисмлар ўртасидаги уйғунликни, боғлиқликни, умумий риштани топиш, уларнинг ўзаро мос келадиган шаклларини ва йўлларини излаб топиш. Ўйин абстаркт фомулаларни айтиш билан бошланади ва шу формула асосида тасаввур, интеллект кучи билан абстракт тарзда давом эттирилади. Бу ердаги жамики ҳаёт абстрактга, хаёлга қурилган. Ўйиннинг шакли, кўриниши, қиёфаси, шартлари ҳақида аниқ маълумот асарда йўқ. Аммо ўйиннинг асосчиларидан бири сифатида «санъат ва математикани яхши кўрган, базеллик ҳазилкаш» дея эслатилишига қараганда, Карл Юнг ва унинг тимсоллар таълимотига асосланган бўлиши мумкин. Демак, ўйин замирида тимсол асосида фикр қилиш, завқ олиш, мушоҳада қилиш, англаш ва идрок этиш ётади.

Карл Юнг ўз назариясини «фаол тасаввур» деб баҳолаганидан келиб чиқсак, бу ўйин тасаввур ўйинидир. Бу ўйинни Касталияда барча ўйнайди ва уларнинг биринчи даражали асосий машғулоти ва асосий фаолияти ҳам шу ўйиндир. Бу давлат тизими Платон илгари сурган давлат назариясига том-маънода қарама-қарши тарзда яратилган. Бу ерда ҳокимият олимлар, интеллект эгалари қўлида. Улар бани олам, бани коинот уйғунлиги, олам билан мувозанатда яшаш йўлларини излашади ва бани олам уйғунлигини орзу қилишади. Ана шундай жамиятнинг аслзодаси бўлган Кнехт бир пайтлар маънавий таназзулдан қочиб, яратилган Кастилия қонунлари ҳам бир ёқламалигини, ҳаётдан узилганини англаб етади. Касталияликлар тажрибадан, амалиётдан, фаол ҳаёт тарзидан, табиий ривожланишдан онгли равишда ажратиб қўйилган. Худди ХХ аср маданияти каби бундай бир ёқламалик ҳам Касталияни таназзулга олиб келиши мумкин. Аслида Ҳерман Ҳессе ҳам ХХ аср маданияти, ҳам Касатлияга хос ҳаёт тарзини таҳлил қилиш, кўрсатиш орқали ўз даврининг муаммоларини таҳлил қилади, унга ўз муносабатини билдиради.

… Дунёнинг энг олий адабий мукофоти ҳам Ҳессени ўз узлатидан тортиб чиқаролмади. Худди Борхес каби умрининг охирида унинг ҳам кўзлари бутунлай кўр бўлиб қолди. Аммо у китобдан завқ олишдан тўхтамади. У бутун дунёдаги ихлосмандлари, санъат фидойилар билан хат ёзишиб, турли асарларга, санъатдаги эврилишларга фикр билдириб турди. Адиб умри давомида турли масалада 35 мингдан ошиқ хат ёзгани аниқланган. Ҳерман Ҳессе умрнинг охиригича Швейцариянинг Монтаньолла шаҳарчасида, табиат ва гўзаллик уйғунлашган овлоқ хуторда яшади. 1962 йилда 85 ёшида вафот этди.

011

…Актутагава адабиётга кириб келган паллада бутун япон адабиётида ўзига хос турғунлик ва сохта адабиётбозлик авж олганди. ХIХ аср охирида Япония Европа билан яқинлашди, унинг тараққиёт анъаналарини қабул қилди. Ҳатто оддий бош кийимгача Ғарбдан андоза олиб, бутун мамлакатни бир хил кийинишга ундай бошлашди.

Хитойни, кейин Россияни урушда енггандан сўнг империянинг нафси очилиб кетди: энди бошқа мамлакатларни ҳам босиб олиш учун ўз халқини бетиним урушга тайёрлай бошлади. Бу даврда ўз азалий илдизларидан узилиш, анъаналарни менсимаслик, унга эскилик деб қараш, Европача яшашга интилиш кучайганди. Бундай пайтда адабиёт ҳам ўз бошидан мураккаб ўтиш даврини кечираётган эди.

Бир томондан Европа санъатини япон санъатига тўлиқ татбиқ этиш, эски ифода усулларини сиқиб чиқариш, санъатга европа кўзи билан қараш, баҳо бериш бошланганди. Сеё Цубоути «Роман моҳияти» рисоласида адабиётда япон анъанларидан бутунлай воз кечиб, европача тасвир услубига ўтишни санъатнинг бирдан-бир тараққиёт йўли деб баҳолади ва даъватни аксарият ижодкорлар хайрхоҳлик билан «тонгда урилган бонг» деб қабул қилишди.

Бошқа томондан, Империя япон жангаворлик руҳини, самурайчиликни, ҳарбий қудратни, япон халқининг империя билан бир тан, бир жон эканини тарғиб қилувчи адабиётга буюртма беришга ўтди, умуман, ўзининг босқинчилик мафкурасини улуғловчи асарларга имтиёзлар бера бошлади, шундай асарларни янги давр нашрлари ҳамда танқидчилари «япон адабиётининг юксак намунаси» сифатида эътироф этишга киришди.

Бошқа томондан Ғарб беллетристикасидан таъсирланган туппа-тузук ёзувчилар тижорат изидан қувишга тушди: улар детектив ва кўнгилочар китобларни фабрика каби ишлаб чиқара бошладилар. Юксак идеаллар, туб мақсадлар, нафосат ва гўзаллик, қадрият ва анъаналар сояда қолиб, унут ҳолига келди. Чунки бу пайтда, адабиётга алоқаси йўқ, унинг бош вазифасини тушунмаган, ўзларини ёзувчи, адиб деб билган, асарларини сохта ғоялар билан тўлидирган авлод адабиётнинг бошида турарди.

Европа анъаналарини кўр-кўрона қабул қилишга ўтган бу хил адиблар япон қалбини тушунишдан маҳрум эди, ёзганлари расмий мафкура буюртма берган мавзулар, япон ҳарбий салоҳиятини илоҳийлаштиришдан бошқа нарса эмасди. Қон ичида юрган, қон тўкишни, ўлдиришни шараф деб билган самурайлар, рицарлар, лашкарбошилар, ҳарбийлар ҳақидаги афсоналаштирилган қаҳрамонлар билан тўлиб тошган бу хил асарларнинг бозори чаққон эди. Ана шундай пайтда Акутагаванинг асарлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намунаси сифатида пайдо бўлди.

Акутагава япон халқининг қиёфаси уруш, ҳарбийлик билан эмас, қалби, кўнгли ва ботини билан белгиланишини, адабиёт ҳамиша инсонпарварлик, ҳаётсеварлик ғояларини куйлаши шартлигини бирма-бир босилиб чиқаётган ҳикоялари орқали исботлаб, кўрсатиб берди. У бу ҳикояларни адабиётни енгил-елпи ғоялар, турли манфаатлар қуроли қилиб олганларга қарама-қарши яратаётгандай эди. У айнан ўз халқининг камситилган, таҳқирланган, эскилик қолдиғи сифатида баҳо берилган, четга сурилган фазилат ва анъаналарини кўз-кўз қилиш, улуғлаш билан ўз адабий йўлини мустаҳкамлаб борарди. Бу ҳикояларда бир нарса аниқ кўринарди: довруқ солишаётгандек, Япониянинг қудурати унинг жангаворлигида ҳам, Европа тамаддунини кўр-кўрона қабул қилишида ҳам эмас, балки унинг эзгулик ва гўзаллик билан уйғун яшаётганида, айнан ана шу фазилатларни асрлар давомида ҳаёт тарзларига айлантира олганидадир.

Халқнинг қудурати унинг азалий илдизларида, сарчашмаларидадир. Эҳтимол, айнан шунинг учун адиб 8 – 9-асрларга хос қадим сюжетларни асарларига олиб кирган бўлиши мумкин. Ёзувчи бу сюжетга таянган ҳолда асарларида ўз даврининг ҳикматларини ярата бошлади.

Шу маънода унинг «Дастрўмол» ҳикояси характерлидир. Ҳикоя Токио университети профессорининг ўз хонасида швед ёзувчиси Стриндбергнинг драма назариясига оид мақоласини ўқиб, ҳайратланиб, айни пайтда чуқур мулоҳозага берилиб ўтиргани билан бошланади. Мақоладан мутассир бўлган профессор худди ўша давр янги японлари ҳамда назариячилари каби ўз халқининг тақдири ҳақида чуқур ўйга берилади. Эллик йил олдин бунақа университет қаерда эди, яна ўзининг мутахассислиги – колониал назария қаерда эди. Эллик йил ичида Япония тасаввур қилиб бўлмас даражада ўзгарди. Мана, Цусимида пушкалар ўқ отиб, дунёни ларзага солаяпти, дунё Япония билан ҳисоблашаяпти, унга тан бераяпти. Бундан ғурурланган профессор ҳаммаси Европа билан ҳамкорликда, уларнинг танлаган тараққиёт йўлини танлаганимизда деган хулосага келади. Аммо маънавий жиҳатдан ишлар қониқарли эмас.

Профессорнинг назарида японлар Стриндбергнинг мақоласидаги фикрлардан анча орқада қолгандай, фикр ва маънавияти ўта тарқоқдек туюлади. Профессор халқни тарқоқлик ботқоғидан олиб чиқадиган йўллар ва усуллар ҳақида ўзича мушоҳада ҳам қилади. Шундай йўллардан бири самурайчилик – ҳарбий тартиб, ҳарбий интизом. Ҳарбий интизомгина бу халқни маънавий тарқоқликдан халос қила олади. Ҳарбий интизомгина японларни Европаликларга тенглаштира олади, бу халқни ҳарбий интизом билан тарбиялаш керак деган хулосага келади. Шу пайт унинг қабулига талабасининг онаси келганини хабар қилишади. Аёлни қабул қилган профессор касал талабасининг аҳволини сўрайди. Аёл совуққина қилиб, юз ифодаларини ўзгартирмай, ўғлининг вафот этганини, шуни билдириш учун олдига келганини айтади. Хабарни аёл шу даражада хотиржам, худди оддий гапни айтаётгандек оҳангда билдирадики, профессор таажжубда қолади. Бояги мақола таъсирида у японларнинг қанчалар қолоқ ва маънавий тарқоқ экани ҳақидаги хулосаси тўғри эканига яна бир карра ишонади. Боласининг ўлимини ҳам оддий ҳодисадек қабул қиляпти ва билдиряпти.

Профессор аёлнинг юзига, кўзларига қараб ҳам ҳеч қандай ўзгариш сезмайди. Бу ҳолдан яна бир марта халқнинг маънавиятини ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ўйлайди. Аммо шу пайт қўлидан тушиб кетган елпиғични олиш учун стол тагига эгилади ва тасодифан кўзи аёлнинг икки қўли билан ушлаб турган дастрўмолга тушади: аёл рўмолчани бармоқларига ўраб, шундай таранг тортиб турибди-ки, гўё рўмолчани қўйиб юборса, бирдан портлаб кетадигандек, бармоқлар ички аозобни ушлаб туролмай қалтираб кетмоқда эди. Профессор шу дафъа ҳаммасини тушунади: аёл ёт одамга ўз ожизлигини ошкор қилмаслик учун ўзини рўмолча ёрдамида зўрға ушлаб турибди, айни пайтда ўзини улуғ миллатга хос тарзда ўта улуғвор тутаяпти. Аслида аёлнинг ичида уқубатнинг бўрони айланиб юрибди. Профессор ўзи ўйлаган ҳарбий интизом японларнинг ботинида бор деган хулосага келади. Шу ерда ўз даврининг мафкураси билан халқини баҳолаган профессорнинг бор қиёфаси фош бўлиб қолади. Халқни қайта тарбялашга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Аксинча, ҳар қандай тараққиёт халқ ботинидаги, халқ шууридаги фазилатларни, унинг улуғвор қудуратини, кучини топа олиши шарт ва ўшаларга суяниш керак…

011

… Томас Маннинг «Сеҳрли тоғ» романи айнан шу масалалар, тўғрироғи, Европада пайдо бўлган, ёзувчининг фикрича, уни йўлдан оздираётган таълимотлар, қарашлар ва назариялар ўртасида баҳсга қурилган.

008 Томас Маннинг аксарият асарларида «йўлдан оздирувчи таълимот ва назариялар» иштирок этади ва адиб бу назарияларни аёвсиз қоралайди. «Сеҳрли тоғ» айнан ана шундай ғоялар муҳокама қилинган асардир. Асар ўзида эзгулик ва ёвузлик, нафрат ва муҳаббат, зулмат ва нур курашини тимсоллаштиради. Воқеа қадим Ғарб асотирларида Гуноҳ тоғи ёки «Сеҳрли тоғ» номи билан аталадиган Герзельберг тоғидаги саноторияда содир бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Томас Манн асарларидаги вқоеларнинг аксарияти санаторияларда содир бўлади. Санаторияга аслида шифо истаб келинади. Гўё адиб бу борада ҳам тимсолга ишора қилади. Асарлардаги саноториялар одамлар ўзларининг маънавий касалликларига шифо истаб борган, ечимини излаган макон бўлиб хизмат қилади.

Асарда ҳамма нарса мажозий. «Сеҳрли тоғ» романини адиб дастлаб Рихард Вагнер ёзган шу номдаги операнинг адабий вариантини яратиш мақсадида ёза бошлаганди. Бу роман ҳам шакл, ҳам жанр, ҳам ифода усулига кўра тўла маънода модернистик-мифологик романдир. Асарда адиб ўз даврининг энг муҳим илмий интилиши бўлган — вақтнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилади, шунингдек, тоғдаги бу санотория ХХ аср бошидаги Ғарб интеллектининг тимсоли сифатида намоён бўлади. Шунинг учун бу ерда психоанализ тўгараклари бор, турли фанлар билан шуғулланишади, уларнинг барчаси ақлий машғулот билан банд. Ақллилик балоси ҳаммани ўз гирдобига тортган. Бу ерда вақтнинг қай тариқа ўтиши ҳам номаълум.

Асар қаҳрамони Ганс Касторп ушбу саноторияда муолажа олаётиб, бир-бирини инкор этиб ётган турли қарашдаги фикр одамлари орасига тушиб қолади. Касторп учун барча фикрлар тўғридай туюлади ва уларга эргашади, кейин эса қайси фикр тўғрилигини билмай чалкашиб, адашиб кетади. Аслида ҳеч қанақа сюжети йўқ, воқеалар ривожланмайдиган, қарийб ярми фалсафий баҳс-мунозаралардан иборат романнинг бош мақсади ҳам адиб ўзи яшаётган даврнинг тафакккур, интеллектуал манзарасини кўрсатиш эди.

Бу тафаккур баҳслари шу даражага етадики, ҳар бир таълимот ўзини ҳақ деб билади, ҳар бири ўзининг фикрига қўшилмаганни душман ҳисоблайди. Улар шу пайтгача амал қилиб келинган ҳамма нарсани инкор қилади, инкор қилиш учун ўзларига турли асосларни важ қилиб олишган. Лодовико Сеттембрини ва Нафт, яъни ўз даврининг маънавий-ғоявий устозлари ўртасидаги баҳслар орқали адиб ХХ аср бошига хос ғоялар курашини бермоқчи бўлади. Ғоялар ўртасидаги муросасизлик Сеттембрин ва Нафтнинг бир-бириларини ҳақоратлашларига олиб келади, натижада ақлий конфликтни энди жисмонан ҳал қилишга тўғри келади: иккаласи ўз қарашларини ҳимоя қилиб, дуэлга чиқишади.

Дуэл мажозий бўлиб, таълимотлар ва мафкуралар таъсирида дунёнинг иккига бўлиниб кетишига ишора қилинади. Дуэлдан сўнг ҳақиқатан ҳам жаҳон уруши бошланади ва санториядагиларнинг ҳаммаси шошилинч ўз ватанларига қайтиб кетишади. Асар баҳсу мунозараларда оддий одамлар, оддий халқни ўзида тимсоллаштирган Касторпнинг қўлида милтиқ билан жанг майдонида югуриб кетаётгани билан якунланади. Бошқача айтганда, дунё, одамзот бемаъни баҳслар, тортишувлар қурбонига айланади. Адиб талқинига кўра, урушларнинг, қирғинларнинг бош сабабчиси инсониятни йўлдан оздирувчи ана шу таълимотлар ва назариялар, мафкуралардир. Бу ғоялар инсониятнинг кушандаси, уни адои тамом қилувчи кўзга кўринмас қуроллардир. Интеллект шундай нарсаки, ундан тўғри фойдаланилмаса, ваҳшийлик ва иблиснинг воситасига ҳам айланади.

Ганс Касторп образи маълум маънода ҳам мажозий, ҳам типик қийматга эга. Гап шундаки, Гансни фақат мафкуралар қурбон қилгани йўқ, унинг ўзи ана шу қурбонликка эҳтиёж сезди, унинг ўзи Сеттембрин ва Нафт қарашларини, бошқача айтганда, уларнинг мафкуарсини ичига киритди, демак, унинг ўзи ҳам ўзини қурбонликка тайёрлади. Унинг касаллиги ҳам асарда тимсолий маънога эга. Асарга асос қилиб олинган Вагнер операси қаҳрамони афсонавий Тангейзер ўлим маъбудининг қўлида асир бўлиб қолгани каби Ганс ҳам сирли касалликнинг, бошқача айтганда ўлим руҳининг асири сифатида етти йил қолиб кетади. Бу етти йил ичида ўлим руҳи унинг ичига кириб олади ва уни урушга етаклаб кетади.

Асарнинг талқини бу билан чегараланмайди. Роман мифологик асосидан келиб чиқиб, бошқача талқинларга ҳам кенг имконият беради. Хусусан, асарга қолип қилинган қадим асотирга кўра, бу тоғга йигитлар эрлик мақомини олиш учун келишади ва етти йилда турли хил ғайб ва осмон кучлари тарбиясида бўлишади. Шундан сўнг уйларига қайтишган. Бундай йигитлар эр етган йигитлар саналиб, уларга уйланишга, оила қуришга, авлодларни давом эттиришга рухсат берилган.
Худди асотирдаги каби Касторп ҳам саноторияда етти йил қолиб кетади, устозлари Сеттембрин ва Нафт тарбиясини олади. Шундан сўнг, у «эр етган» йигит сифатида уйига қайтади, бироқ у оила қурмайди, уйланмайди, эр етган бу йигит урушга кириб кетади. Бу ерда адиб ўз даврига аччиқ истеҳзо қилади. Даврнинг эр етган йигитлари ўз авлодини давом эттириш учун эмас, аксинча, инсониятга қирғин келтириш учун урушга киришиб кетади.
Асар ХХ аср модерн адабиётнинг мукаммал намунаси сифатида, бошқа кўплаб модрен асарлардан фарқли равишда ёруғликка, инсонга, ҳаётга ишора билан тугайди: Ганс урушда оддий халқнинг ҳаёт ҳақидаги қўшиғини айта бошлайди. Бу эса инсоннинг кучига, унинг фожиа ва таназзулни енгиб, яна ҳаёт ва гўзаллик билан бирга қолишига, ўзини қайта тиклашига ишора-умид бўлиб янграйди…

011

001 … Кафка адабиётда инсон руҳидаги қўрқув ва хавотирни типиклаштириш даражасига олиб чиққан биринчи ёзувчи ҳисобланади. Унинг барча асарларида воқелик ва муҳит қаршисида қўрқув ҳамда хавотирга тушган қаҳрамонларнинг изтироблари, кечинмалари бор бўйи билан гавдаланади. Бу қўрқув, энг аввало, мавжуд воқеликнинг, муҳитнинг бегоналашувидан, инсонни ўзига маънан тобе ва муте қилишга қаратилган ҳатти-ҳаракатидан пайдо бўлган.

Ёзувчи бегона муҳитдан хатарга тушади, бу хатарни илоҳийлаштиради. Илоҳийлашган бегоналик қаҳрамонни ютиб юбориш даражасида улканлашади, охир оқибат қаҳрамон бу илоҳийлашган бегона хатарнинг беайб қурбонига айланади. Бу хатар дастлаб ўқувчига танишдай, одатдаги ҳаётий чигалликнинг манзарасидай туюлади, аммо асар ўқилган сайин худди алоғ-чалоғ туш каби манзара бегоналашиб, ётлашиб, таҳдидлашиб боради. Бора-бора бу таҳдид ва қўрқув биз кўниккан мантиқ чегараларидан чиқади, энди ўқувчи узун ваҳимали рўё ичида кезиб юргандай бўлади.

Бироқ асар ўқиб бўлинганда идрокли ўқувчининг кўнглида ҳам асардан қолган қўрқув ва хавотир пайдо бўлади. Шундагина ёзувчи хаёлий қўрқув ва хатар ҳақида эмас, биз билан бирга юрган, биз билан бирга яшаётган, аммо биз кўролмаётган, кўришга қурбимиз ҳам, вақтимиз ҳам, ақлимиз ҳам етмаётган, аммо ҳар дақиқада бизга хуруж ва ҳужум қилишга, бизни қул ва қурбон қилишга тайёр турган хатару таҳдид ҳақида ёзаётганини билиб қоламиз. «Жазо калонияси» ҳикоясида бу ҳолат яққол кўринади. Зобит ўзи ясаган жазо машинанинг шайдосига айланган, у шу даражада машинасига мубтало бўлганки, унинг ўзи ҳам машина қурбонига айланиши ҳеч кимни ажаблантирмайди.

«Жазо машинаси» – аслида қаҳрамонни қуршаб турган муҳит. Фақат ҳамма ҳам бу муҳитнинг жазо машинаси эканини англайвермайди. Зобит жазо машинасини шунчалик берилиб, завқ-шавқ билан тавсифлайдики, худди санъат асарини яратгандек, санъат асарига маҳлиё бўлгандек таассурот пайдо бўлади. Аслида ҳам шундай. ХХ аср бошида мафкура ва сиёсат инсонни хўрлаш, жазо беришни санъат даражасига чиқарди ва жазо беришдан, хўрлашдан, зулм қилишдан санъат каби завқ олди. Ҳикоя нашр этилганда ҳеч қандай эътиборга тушгани йўқ. Аммо фашистлар концлагерларидаги жазолаш усуллари дунёга маълум бўлгач, ҳамма бирдан Кафканинг бу ҳикоясини эслаб қолишди, ўшанда бутун дунё ёзувчи қарийб чорак аср олдин бу хатардан одамзотни огоҳлантирганини англашди. Таассуф жойи шундаки, отаси туфайли муносабатлари унчалик илимаган Кафканинг учала синглиси ҳам ёзувчи башорат қилган фашистлар концлагерларининг, адиб тасвирлаган «Жазо машинасининг» қурбонлари бўлишди. Шундан сўнггина инсониятнинг кейинги 25 – 30 йиллик тарихи Кафка асарларида тасвирлаган йўналишда тараққий этганини билиб қолишди.

«Жараён» романида эса бу хавотир эпик кўлам тусини олади. Энди одамни номаълум жараён, тергов, сўроқ, жазо кутади. Негалигини ҳеч ким билмайди, ҳеч ким очиқ изоҳламайди, ҳеч ким аниқ ташхис қўёлмайди, ҳеч ким очиқ айблолмайди, очиқ далилнинг ўзи йўқ, айбнинг ўзи йўқ, аммо ҳамма жойда К.нинг айбдор эканига ишора қилишади, унга жазоланишга мустаҳиқ эканини таъкидлашади. Қайси гуноҳи, қайси айби учун деган саволга жавоб роман охиригача ойдинлашмайди, бу савол ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам, муҳими, маҳкумлик жараёни, жараённинг мавжудлиги. К. учрашган барча мутасадди ва танишлари ўзи билмаган айби учун суд ва жазо муқаррар экани ҳақида гапиришади, айнан шуни муҳокама қилишади.

Айб ёки айбсизлик эмас, маҳкумлик ва жазо мунозарага айланади. Ҳамма ана шу жараёнга таллуқли гапларни айтади. Ҳатто диний аркон – руҳоний ҳам К.ни тақдирга тан беришга, жазони муносиб кутиб олишга ундайди. У ҳам К.нинг қайси айби учун жазо беришаётгани ҳақида лом-мим демайди, охир оқибат қаҳрамонни номаълум айби учун, романнинг сўнгги жумласида К.нинг хаёлидан кечган ибора билан айтганда, «итдай хўрлаб ўлдиришади». Бу жарённинг жазо машинасидан ҳеч қандай фарқи йўқ. Бу ердаги «жараён» ҳам жазо машинаси каби ўз қурбонларини ямламай ютиш билан овора.

«Жазо колонияси» ҳикоясидаги зобитнинг гапи бу ерда яна кўндаланг бўлади: зобит ҳикояда: «… айбсиз одамнинг ўзи йўқ, бу маҳкамага келдими, демак, гуноҳи бор», – дейди. Айбсиз айбдорнинг мустабид тузум қурбони бўлишига ХХ асрда кўп бора гувоҳ бўлинди. Балким шунинг учун бўлса керак, тоталитар шўро тузуми Кафка асарларини 1965 йилгача нашр эттирмади. Балким, бу асарлар тузумнинг моҳиятини очиб ташлашидан қўрққандир?!

011

0047 …«Годони кутишяпти» асари Беккет номини бутун дунёга машҳур қилиб юборди. Асарда ҳеч қандай воқеа йўқ, икки киши катта йўл ёқасида, қуриган дарахт остида ўтиришади, сўнг уларга яна икки киши қўшилади. Годонинг кимлиги ҳам номаълум. Унинг кимлигини ёки нималигини ҳеч ким билмайди. Бироқ ҳаммаси «Ҳозир Годо келади» деб кутиб туришаверади.

Годо саҳна охиригача номаълум бўлиб қолади, у келмайди. Беккет бу асарида Ғарб кишисининг руҳий дунёсини очади, яъни одамнинг ҳаёти номаълум ва ҳеч қачон ташриф буюрмайдиган Годони кутиш каби бемаънидир. Одам ҳаётдан нима кутаётганини ўзи билмайди. Ҳаётлари ҳам ўзлари каби, Годо каби бемаъни кутиш, ёлғон умид билан ўтиб кетади, ҳаётнинг абсурдлиги ана шу ерда дейди адиб. Годо асарда умрнинг тимсоли, инсон ҳаётининг, тўғрироғи, инсон маҳкумлигининг тимсоли.

Бошқа томондан, бу Ғарб кишисининг бўшаб қолган кўнгил ойнаси. Ғарб ақли илоҳий итоатни инкор қилди. Инкор қилинган илоҳ ва ишонч ўрнини сароб эгаллади. Сароб – бу Годо. Саробга қанчалик яқинлашсангиз, шунчалик қочади. Инсон моҳияти ўтган асрнинг бошларидан бери инсониятдан ана шундай қочиб юрибди. Ғарб ақли «Годо» – яъни «маъно» деб билгани сароб бўлиб, энди фақат уни кутиш ва абадий сарсонликка маҳкум этилган. Бу асар ана шу маҳкумликнинг кичик бир кўриниши.

Асарда Беккет Владимир ва Эстрагон образлари орқали моҳиятан ҳеч қандай маънога эга бўлмаган, лекин инсон ўзи учун ясаб олган психологик қолипларни, яъни эзувчи ва эзилувчини, қуллик ва соҳибликни, соддароқ айтганда, қул ва хўжайинни тимсоллаштирган. Қаҳрамонлар шу даражадаки, улар моҳият, яъни асл кимликлари ҳақида ҳатто ўйлагиси ҳам келмайди. Асарда ҳеч нарса содир бўлмайди. Воқеа йўқ. Сюжет йўқ. Годони кутиб-кутиб, яна эртага кутиш учун тарқалишади. Бу абадий маҳкумлик («Годо» сўзи инглиз тилидаги «худо» сўзига маънодош ва шаклдош).

Беккет бу ерда ХХ асрнинг мустабид тузуми инсоннинг жисми тугул хаёли, фикри, ақли, кечинмаларига ҳам кишан солган, уни ҳам мафкурасига қул қилиб олган, инкор қилган худонинг ўрнига мустабиднинг ўзи чиқиб ўтирибди демоқчи бўлгандир? Бу асар тимсолини ҳали-ҳануз шарҳлашяпти, ҳали-ҳануз бир тўхтамга келингани йўқ, ҳали-ҳануз Годони кутишгандай бу асардан маъно излашяпти, инсоният ҳалигача Годонинг кимлигини аниқлагани ва хулоса чиқаргани йўқ….

…Бу асарлар инсоннинг фақат фожиалари ҳақида эмас. Бу асарлар ўзини ўрганаётган, фожиадан қутулиш, халос бўлиш йўлини излаётган, кишанларни ва тафаккурга соя солган зулматни парчалаётган ақл-идрок ҳақидадир. Ўзини ўрганаётган, фожиасини таниётган мавҳумлик ёки мазмунсизлик, аслида, инсоний қиёфасини тиклаётган, ўзини, «мени»ни излаётган, «мени»ни таҳлил қилаётган, уйғона бошлаган идрокдир. Беккет асарлари ақл-идрок ва тафаккурни ҳушёрликка чақирувчи бир чорловдир. Нима бўлганда ҳам, Беккет ХХ аср кишисига ўз асарлари билан кўзгу қўйиб кетди. Бу кўзгуга бот-бот қараб қўйиш ҳеч кимга зиён қилмайди. Қараб қўйганингиздан сўнг ўзингиз ҳақингизда хулоса чиқариб оласиз…

…Фожиа уйғотувчи куч. У тафаккурни уйғотади, теранлаштиради. Фожиа эскирган давомийлик, эскирган узвийликнинг сўнги, охири, янги давомийликнинг бошланиши, чунки фожиа англанган жойдан уни тузатишга интилиш, кураш бошланади. Шу сабабли фожиа курашнинг дарвозасидир. «Шоҳ Эдип» асарида ҳам фожианинг илдизи аниқлангач, узоқ муддатли кураш бошланади.

011

0754 Мифлар, айниқса, Софокл асарлари ХIХ – ХХ асрга келиб яна ҳам кенгроқ ўрганила бошланди. Гегель «Шоҳ Эдип» асарини инсониятнинг матриархатдан патриархга ўтиш жараёнининг ўзига хос рамзи деб баҳолади. ХIХ аср мифшуноси Бахофен ҳам шу фикрни давом эттириб, Эдипнинг фожиаси унинг онасига – матриархатга бўлган муҳаббатидадир деган. Бахофен фикрига кўра, Эдипнинг отасини ўлдиришини тўғридан-тўғри тушунмаслик керак, бу падарқушлик ва ўз онасига уйланиш воқеаси – бор-йўғи материрхат ва патриархат ўртасидаги курашни акс эттирган мажоз, холос.
Эдипнинг фожиаси падаркушлик ва онасига уйланишида эмас, балки эркак бўла туриб матриархат тузум тарафдори бўлганидадир. Уни айнан шунинг учун жазолашди. «Эдип» туркумидаги уч асарда шу нарса кўринадики, Эдип матрирхат, Креонт эса патриархат тимсоли сифатида гавдаланади. Шу сабабли Креонт кўзлари ожиз бўлгач ҳам Эдипни Фивадан бадарға қилади.

ХХ асрнинг йирик файласуфи, руҳшуноси Фрейд эса Софокл асарларидан ўз фалсафий қарашлари концепциясини топди. У ҳатто психоаналитика фанига «Эдип комплекси» деган атамани киритди. «Эдип комплекси» Фрейд таълимотининг асосини ташкил қилади, бу таълимотга кўра, Эдипнинг онасига уйланиши онг ости ҳисларининг намоён бўлишидир.

Шоҳ Эдип асари ҳақида Фрейд шундай ёзади: «Шоҳ Эдип» асари антик дунё юнон томошабинини ларзага солишининг асосий сабаби, эътироф этилаётгандек, тақдири азал билан инсон иродаси ўртасидаги тўқнашув эмас. Эдип каби бизнинг ичимизда ҳам ахлоққа қарши майл-истаклар мавжуд ва бу истак пайти келиши билан асосий истакка айланиши мумкин».

Фрейд «Шоҳ Эдип» асарини ХХ аср кишиси психологияси билан муқояса қиларкан, шундай хулосага келади: мифларни, ахлоқни, динни фақат онг ости кечинмалари, рамзлари нуқтаи назаридан баҳолаш мумкин. «Агар биз ҳам болалигимиздаги онамизга ва отамизга нисбатан миямизда лип этиб пайдо бўлган, кейин ўчган майлимизни хотирлай олсак, ўзимиздан ўзимиз жирканиб кетардик», – дейди.

«Шу сабабли, – дейди Фрейд, – Эдипнинг тақдири – бу илоҳий ҳукм ҳодисаси эмас, патологик ҳодисадир ва бундай фожиа ҳар бир инсонда содир бўлиши мумкин». ХХ асрдаги бошқа файласуфлар ҳам «Шоҳ Эдип» ва Софоклнинг қолган асарлари ҳақида турли қарама-қарши фикрларни баён қилдилар.

ХХ асрнинг машҳур файласуфи Эрих Фромм ўз фалсафий концепциясини асослаш учун кўплаб устоз файласуфлар каби «Шоҳ Эдип» асарига мурожаат этди. Фромм «Шоҳ Эдип» қисматида инсоният тақдирини, туғилиши, юксалиши ва инқирози рамзини кўрди ҳамда асардаги тақдири азал ҳукми Шоҳ Эдипнинг отасини ўлдириб, билмасдан онасига уйланиши воқеасида эмас, балки Шоҳ Эдипнинг ўзида яшириндир деди. Яъни Шоҳ Эдип яшаш учун курашаётган инсон образидир.

«Бу миф, – деб ёзади Фромм, – онасига уйланишнинг тимсоли эмас, балки ўғилнинг патриархат отага ва унинг тартибларига муносабати тимсолидир. Болаликда онасига муҳаббати кучли бўлган боланинг табиат ҳукмига кўра эр бўлиб етишгач, худди отаси каби патриархал тартиб тарафдорига айланганидадир. Яъни бу асар инсон эволюциясини ўзида тимсоллаштиради».

Эдип ва отаси ўртасидаги қарама-қаршилик оқибатида ўғил отани ўлдириш воқеасини тўғридан-тўғри тушунмай, тимсоллар назариясига кўра баҳолаш керак. Бу дегани Эдип онасига – матриархат тузумига бўлган муҳаббати туфайли отасини инкор қилди. Софокл отасига исён қилган Эдип тимсолида она маъбудлар ўрнини эгаллаган ота маъбудларга ва уларнинг мустабид тузуми, тартибларига, умуман, патриархал тузум қиёфасида кириб келаётган инсонни қул қилиш анъанасига қарши курашган озод инсон образини яратди. Озод инсон Эдип отасини енггач, оналик билан бирлашгач, маълум давр ўтиб унинг ўзи мустабидга айланди, оқибатда хилват ва номаълум ибодатхонада ўлим топди, яъни унинг ҳаёти ҳам барча мустабидлар каби йўқликка айланди.

011

 «Шовқин ва ғалаён» романи барча асарлари каби бу романда ҳам ўқувчини ўзига тортиб кетадиган ва хронологик тарзда давом этадиган воқеанинг ўзи йўқ. Асар Америка жануби аристократларининг кўзга кўринган вакили бўлган Компсонлар оиласининг янги ҳаётга мослашолмай, ҳам маънан, ҳам жисмонан таназзулга учраши ҳақида. Бу таназзул ҳеч қаерда баён қилинмайди, воқеаларга қурилмайди, аксинча, асар қаҳрамонларининг (оиланинг 3 та аъзоси Бенжамин, Квентин, Жейсонларнинг) ички кечинмалари, ҳиссиётлари, тасаввурлари орқали очиб берилади ва дунё адабиётида биринчи бўлиб айни шу романда телбанинг, яъни Бенжаминнинг ички монологи – онг ости кечинмалари адабиётга асос, материал қилиб олинади. Бенжамин роман бошланган 1928 йил 7 апрели билан 1898 йилдаги воқеаларни бир-бирига чалкаштириб юборади, унинг учун ҳаётда, вақтда ҳеч қандай хронология йўқ, ўттиз йил олдинги воқеа ҳам унга ҳозиргина бўлаётгандай туюлади ва шундай ўйлайди. Айнан шу Бенжаминнинг вақтдан холи тасаввури орқали хонадоннинг ўттиз йиллик тарихи ва таназзули очиб берилади. Бу асар ҳам шаклан, ҳам мазмунан, нафақат Америка, балки дунё адабиётида янги воқелик эди.

Асар ёзилгандан сўнг 16 йил мабойнида ҳеч қандай эътиборга сазовор бўлмади, бор-йўғи 3000 нусхада чоп этилиб, чанг босиб ётди. 1949 йилда эса олдин Францияда, кейин Европада асар дунё адабиётининг мумтоз намунаси деб эътироф этилди.

Фолькнер қаҳрамонларининг юзларида тирикчилик ва умр ғуборлари қоришиғида кўринмай ётган дардчил ва музтар қалбни кўрамиз. Ёзувчи айнан ана шу инсон қалбини кўрсатиб бериш ва таърифлаш учун асарни ёзганга ўхшаб туюлади.

Аслида ҳам шундай. Фолькнер адабиёт инсон кўнглига ҳамдард бўлиши кераклигини кўп марта таъкидлаган ва шунинг учун ҳам унинг асарлари техникалашган, аниқ ўлчамларга қурилган, маълум қоидаларга бўйсундирилган, ҳиссиёт ва шафқатдан, ҳамдардлик ва ҳамкўнгилликдан холи янги ҳаётга зидма-зид тарзда яратилди.

Бу қаҳрамонлар ўзларининг кичкина, дард ва изтиробга тўла қалбларини замон алғов-далғовларидан яшириб юрган одамларга ўхшайди. Юзлари ва зоҳирларидаги замон ҳамда бешафқат қисматдан яширган ва унут бўлиш даражасига келган, ҳаёт ғуборлари ортида хиралашган кўнгил йўлагини кўриб қоламиз. Бу асарларда воқеалар ҳам изчил ривожланмайди. Одатий сюжет чизиғи ҳам йўқ. Сюжет худди «Шовқин ва ғалаён» романидаги каби бирдан ўтмишга қараб ривожланиб кетиши, биз бугун деб ўйлаётганимиз асли ўтмиш бўлиши ёки ўтмиш деб ўйлаётганимиз худди «Эмил учун атиргул» новелласидаги каби бугунга айланиши, мифлардаги каби ўтмиш қиёфасини бугунга алмаштириши мумкин. Бу асарларда даставвал ўзи билан ўзи конфликтда турган одам ички курашига дуч келамиз. Бошқа асарларда бу конфликт ҳудуди кенгаяди: ўзи билан макон ва замон, ўзи билан ўзини ўраб турган олам конфликтида турган одам таҳлилига ўтилади. Ҳар қайси ҳолатда ҳам биз қаҳрамон ички дунёсининг, инсон қалбининг муфассал чизгиларига гувоҳ бўламиз. Ички конфликт, ички кураш асарнинг ва сюжетнинг асосий пойдеворига айланади. Бу ёзувчининг услубини ҳамма ҳам ҳазм қилавермайди, асарлари ҳаммага ҳам тушунарли эмас.

Узун ва маъносини бирданига илғаб олиб бўлмайдиган жумлалардан тортиб, бадиий деталларгача ўқувчидан диққат ва ҳафсала талаб қилади, буларнинг орасида боғлиқлик йўқдай, гўё бир-бирига мажбуран улангандай туюлаверади, сюжет фабуласидаги нотекисликлар ҳафсалани пир қилади, аммо ҳаммаси кейинчалик асарни ўқиб бўлгач содир бўлади. Узун жумла ҳам, оҳанг ҳам, майда, оддий деталлар ҳам сюжетнинг бир бўлаги, асарнинг мустаҳкам устуни экани, энг майда деталлардан тортиб, майда манзараларагача ҳаммасидан яхлит манзара-ҳикоя пайдо бўлгани аёнлашади.

Бу асарларда деталлар ҳам бошқа ёзувчиларникига ўхшамайди: бу қаҳрамонларнинг ҳеч бирини, гарчи Сатпен каби худбин, ёвуз бўлса ҳам, ёмон кўриб қолмайсиз, ижобий ва салбийга ажратолмайсиз. Ҳаммасида яшаш учун ўзига хос асос ва мантиқ бор. Аммо ҳаммаси ўз ички оламларининг асирларига айланишга, ўзлари тўғри деб билган ва ишонган эътиқодларнинг қурбони бўлишга маҳкум этилганини ҳис этасиз.

011

012 … Жойс ХХ асрнинг оддий мешчани ҳам худди Одиссей каби асарга қаҳрамон бўла олишини, ўзида инсониятнинг барча нуқсону фазилатларини, мағлубияти-ю ютуқларини мужассам эта олишини исботлади. Блум – бу замоновий Одиссейдир. Унинг уйга қайтиш истагида бошдан кечирганларининг маънавий сабоғи Одиссейнинг Троядан қайтишдаги қаҳрамонлик сабоғидан ҳеч кам эмас. Фақат Блумнинг қаҳрамонлигидан истеҳзо уфуриб туради.

Ёзувчи Блумнинг хатти ҳаракатлари орқали инсониятга аччиқ киноя қилади. Блумнинг бор-йўқ қаҳрамонлиги уйга қайтиш учун шаҳар кўчаларида, қаҳвахона, майхоналарда, кўнгилочар жойларда санқиб юришида, ҳеч кимга керак бўлмаган баҳсу мунозарларга берилишда кўринади. Одиссей уйга қайтиш учун қанчалик саргузаштларни бошдан кечирган бўлса, Блум ҳам шунчалик саргузаштларни, фақат ХХ асрнинг тафаккур ва яшаш тарзига, қаҳрамонлик тушунчасига хос саргузаштларни бошдан кечиради.

«Улисс» кўлами жиҳатдан «Завол топган вақт» эпопеясидан кейинги, аммо кенглиги, таҳлил ва талқин чуқурлиги, бадиий стихияси, услубнинг ранг-баранглиги, воқеликнинг қамрови жиҳатдан ва жанрнинг беадад имкониятларини очганлиги билан дунё адабиётида ягона бошқа аналоги йўқ, инсон онгу шуурини худди микроскоп орқали кўраётгандек энг яширин қатламларигача тасвирлаб, акс эттириб бера олган ўзига хос асар.

Гарчи психоаналитик услубни Пруст «Завол топган вақт изидан» асарида асослаб, шакллантириб берган бўлса-да, «Улисс» «ички монологни» энг юқори мақомга олиб чиққани, адабиёт тарихида мавжуд бўлган барча услублар билан уйғунлаштириб, синтезлаштира олгани, воқеани тасвирлашда энг катта тўсиқ бўладиган олмош-шахсларнинг моҳиятини йўқотиб юборганлиги, бир романда барча бадиий жанрни уйғунлаштира олгани билан адабиётнинг фавқулодда ҳодисаси сифатида эътироф этилиши керак бўлган асар саналади.

1904 йил 16 июннинг, яъни эрталаб соат саккиздан токи кечаси икки-икки яримгача бўлган муддатнинг 800 бетлик тафсилотидан иборат роман Блум, унинг хотини Молли ва Стивен Дедалнинг бир кунлик ҳаёти тасвирига қурилган. Бу бир кун дунё санъатида «Блум куни» номи билан тарихга кирди. Ёзувчи ана шу бир кунлик воқеа тимсолида жами инсоният ўтмишини, воқеа содир бўлган макон – Дублин манзараларида эса она замин қиёфасини рамзлаштирмоқчи ҳамда асарда инсониятнинг пайдо бўлгандан буёнги жами маънавий тарихини бир кунлик психологик тасвирларда қамраб олмоқчи бўлди. Бошқача айтганда, Жойс асарда хронологик вақтни 1904 йил 16 июнда тўхтатиб қўйди, замон тушунчасининг чегарасини бузди ва уни асар охиригача, токи бадиий ғоялари ҳамда мақсадини амалга оширмагунча ўзига бўйсундириб турди. Вақт ёзувчининг фойдасига хизмат қила бошлади.

Жойсшунослар бу санани инсониятнинг энг оғир куни деб аташади.

«Нега айнан 1904 йил 16 июнь танланган?» деган савол ҳалигача барча тадқиқотчиларни қизиқтириб келади. Аммо биронта тузук-туруқ жавоб топилмаган. Фақат шу нарса аниқки, Жойс 1904 йил 16 июнь куни бўлажак рафиқаси Нора билан танишади ва шу куни биргаликда Ирландияни ташлаб кетишга қарор қилишади. Эҳтимол, Жойс ватанини ташлаб кетишга қарор қилган санани ҳаётининг энг машъум куни деб билгандир? Айнан шу қарори туфайли она шаҳрини дунёнинг адабий мушоҳадалар марказига айлантиргандир? Бу шунчаки фараз. Ҳақиқий сабаб ҳеч кимга маълум эмас.

Роман Гомернинг «Одиссей» достони билан тузилиши ва сюжет йўналишига кўра ўхшаш. Аслида Жойс бу асарида 20 асрнинг ўзига хос «Одиссея»сини – мифини яратишни мақсад қилган ва асар ичидаги воқеалар антик мифнинг сюжети йўналишига тўлиқ бўйсундирилганди. Учта қисм, 18 бобдан иборат асарнинг ҳар бир воқеасига қадим «Одиссей» достонининг қайсидир боби асос қилиб олинади. Блум – бу Одиссей, Стивен эса Телемах, Молли Блум Пенелопа ва ҳоказо тарзда антик достон бобларига қолиплаштирилди. Шу сабабли асар тўла маънода миф-роман деб аталади. Жойс ХХ аср Ғарб маънавий дунёсини тадқиқ қилиш учун атайлаб ана шу қадим қолипни танлайди.

Бунда иккита урғу бор: антик одамнинг орзу, умиди ва яшаш тарзи, ҳаётдан мақсади Жойс замондошлари ҳаёт тарзи, маънавий дунёси ва орзулари билан солиштирилади. Асарни ўқиганингиз сайин бунга гувоҳ бўлиб борасиз ва Гомер қаҳрамонлари нимани улуғлаб яшаган, бугунги дунё одамлари нимани улуғлаяпти, нимага эътиқод қиляпти, инсоният ўтган минг йилликларда нимани топди, нимани бой берди, муҳаббат, эътиқод, садоқат, ватанпарварлик қандай тушуниляпти? Умуман, мифлар давридан буён инсоннинг онгу шуури ўсдими, мифлар даврида одамзодни қийнаган муаммолар ХХ асрда ҳал бўлдими? Асар ана шу саволларнинг барчасига деярли тўлиқ, истеҳзо билан жавоб беради.

Ёзувчи нигоҳи ҳаётнинг икир-чикирларигача, ҳатто одам товуш чиқариб айтишга уяладиган кечинмаларгача қамраб олади. Жойснинг усули ана шунга имкон беради. Бу усулда «сен», «мен», «у» ўртасида ифода қилиш, баён чегараси бузилиб кетади, гўё асарда қайси шахс ҳикоя қилаяти, қайси шахс ровий, қайси шахс қаҳрамон – англаб олиш анча мушкул.

Набоков бу асарни қалб ё ҳиссиёт билан эмас, мия билан ўқиш керак деб айтганда ҳақ эди. Асар кутилмаган бадиий услублар, приёмлар ва тимсолларга, ғоя ва ҳикматларга, ташбеҳу истилоҳларга шунчалик бойки, жаҳон адабиёти тажрибасида бошқа бундай романни топиб бўлмайди. Блум ҳақида ҳикоя қилаётиб, бирдан «мен»га, кейин «сен», «у» шахсига осонгина ўтиб кетилади, сизни асар жозибаси ва шуури қамраб олади. Асар ичига кирганингиз аста-секин сайин миф билан воқелик, ҳаёт билан хаёл, ровий билан қаҳрамон орасидаги чегара йўқолади. Адибнинг инсон туйғулари ва майлларини худди кўзгудагидек аниқ акс эттириш усули ўқувчини ҳайратга солади.

Бу усул биринчи марта Жойснинг ушбу романида ўзини тўла оқлади. Илгари насрчиликда воқеа шахснинг фақат биттаси тилидан ёки нуқтаи назаридан ҳикоя қилинарди. Бу асарда бир қаҳрамоннинг ўзида учта шахс ифодаси ёнма-ён кетаверади. Мазкур усул шунчаки зўраки тарзда сингдирилмаган. Асарни ўқиётганингизда бу нотабиий туюлмайди. Айни ифода усули Ғарб адабиётидаги «онг ости кечинмалари»ни кенг ва чуқур акс эттириш имконини беради. Жойсда тушунарсиз, маъносиз жумлалар жуда кўп. Газетадаги хабар каби расмий ва қуруқ тилдаги лавҳалар ҳам тез-тез учрайди. Баъзида шеърга ўхшаш сажлар келиб қолади, баъзида тиниш белгиларга бўйсунмаган гаплар тузилиб қолади. Буларнинг ҳаммаси маълум мақсад билан асарга киритилган. Бу инсон ҳаётининг бизга маълум бўлмаган ички дунёси ифодаларидир.

Жойс асарда ўзи ифода этаётган қаҳрамонларнинг ички дунёси шундай тушунарсиз ҳиссиётлар қоришиғидан иборат, бу кечинмаларнинг кўпини ўша кишининг ўзи ҳам билмайди, нималигини сезмайди, аммо бу кечинмалар – онг ости оқими инсонни таҳлил қилиш учун энг муҳим майллар бўлиб қолаверади деб таъкидлайди. Аслида ҳам шундай. Асарда вақт, замон, давр ўз моҳиятини йўқотади. Воқеа инсониятнинг ўтмишида ҳам, ҳозирида ҳам, келажагида ҳам содир бўладигандек туюлади. Буюк Одиссейнинг Троя жангидан уйга қайтиши билан Блумнинг фоҳишахонадан уйга қайтиши саргузаштида инсониятга аччиқ истеҳзо уфуриб туради. «Тарих такрорланаверади, фақат исмлар ўзгаради», – дейди ёзувчининг номидан асарнинг бош қаҳрамони Лео Блум.

011

 …Марсел Пруст романида анъанавий адабиётга ҳурмат ва эҳтиром билан қараган ҳолда унинг тили, тасвир имкониятларини бузади; жанр хусусиятларини ёриб чиқади; тилни фақат тасвир услубига эмас, жозибага, ҳиссиётга, психологик кечинмаларнинг кўзгусига айлантиради. Умуман, жанр деган тушунча нисбий. Ёзувчи қайси шаклда фикрини айта олса, ўша жанрдир.

Пруст худди шахтёрга ўхшайди. Фарқи шуки, шахтёр ер остини тобора чуқурроқ кавлаб боради; Пруст эса инсон қалбини ўз асбоблари – психоаналитик услуб билан – чуқурроқ кавлайди. Пруст инсон қалбини кавлаштиришда ёлғиз шахтёр вазифасини ўтамайди. Бир неча шахтёр сифатида иш кўриб, инсон тафаккурининг қоронғу бурчакларидаги «ашё»ларни қазиб олади. «Завол топган вақт изидан» романи – агар етти китобдан иборат фақат кечинмалар ва ҳислар, кайфият, майллар ва хотираларга қурилган асарни роман дейиш мумкин бўлса – жаҳон адабиётини яна бир поғона юқори кўтарди; унинг тасвир имкониятларини кенгайтирди.

Пруст адабиётни инсон ҳаёти ва фаолияти инъикоси деган қарашни адабиёт инсон майлларини, кечинмаларини ўрганувчи фан ва бу фан инсон ҳақида энг тўғри хулоса бера олади деган тушунча билан бойитди. Унинг асарларида руҳшунослик адабиёт билан жозибали тарзда уйғунлашиб кетди. Шу сабабли Пруст асарларини фақат адабий воқелик эмас, руҳшунослик тадқиқоти сифатида ҳам ўрганишади.

Пруст психологик роман жанрини бошлаб берди, онг оқими услубини адабиётга дадил олиб кирди, уни услуб сифатида шакллантирди: унинг психоаналитик услубини Жойс давом эттирди: сўз фусункорлигини, фикр поэзиясини, сўзнинг жарангига қурилган оҳангни Антуан де Сент Экзюпери ривожлантирди. «Завол топган вақт изидан» асари жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бири бўлиб қолди.

***

 

0045 …Камю эсселари ва асарларида худди Кафка каби ҳаётнинг, дунёнинг абсурд ва маъносиз эканлигини таъкидлайди, ана шу маъносизлик ва абсурдни таҳлил қилишга киришади. Адиб учун ҳаётнинг маъносизлиги, дунёнинг абсурдлиги бор ҳақиқат. Ҳар қандай одам бу ҳақиқатни тан олиши, англаши керак. Бу фалсафанинг биринчи масаласидир. Уни ҳал қилмай туриб, дейди адиб, фалсафанинг бошқа масалаларини ҳал қилиб бўлмайди.

Дунё бошиданоқ абсурд бўлган ва абсурдлигича давом этаяпти. Абсурд шароитида инсоннинг мавжудлиги тан олинмайди, у мавжуд деб ҳисобланмайди. Қисматнинг энг катта адолалтсизлиги ҳам ана шунда. Ҳаёт азалдан шундай қурилган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Сизиф тепаликка тошни думалатиб чиқишга маҳкум этилган. Бу ерда у мавжуд эмас, аксинча унинг пешонасига битилган тақдир битиги мавжуд, холос. Тош яна пастга думалаб тушаверади. Сизиф яна тошни тепага думалатиб чиқаверади. Унинг тошни думалатиб чиқишида ҳеч қандай маъно йўқ. Маъбудлар унинг қисматига ана шу азалий тақдирни абадият қадар битиб қўйишган. Бу думалатишдан маъно излашнинг ўзи маъносизликдир.

Аммо Камюнинг фикрича, абсурдни ана шу хулоса билан тўхтатиб қўйилса, бу абсурд фалсафасининг, дунёни англашнинг нотугаллигини, абсурдга ва тақдирга қул бўлганликни билдиради. Абсурдга бўйсуниш, унга бош эгиш – инсоннинг энг катта фожиасидир. Абсурдни енгиш учун унга исён қилиш, яъни унинг моҳиятини англаш, инсон ўзининг кимлигини англаши керак бўлади.

Камю Сизиф тепаликка тош думалатиб чиқиши тақдири эканини билгач ва уни англагач, абсурднинг энг муҳим босқичи бошланади, Сизифнинг тепаликка тош думалатиб чиқишга маҳкумлигини англаши эса унинг абсурддаги биринчи исёнидир, бу ҳолат ўзининг мавжуд эканини исботлашга ҳозирланишдир дейди. Бу исён одамнинг олам ва ҳаётда тутган ўз ўрнини англашидир. Ана шу англашдан сўнггина энди тошни думалатиб чиқишдан завқ олиш, уни ижодий шавққа ва ҳаётий қувватга тўлдириш, яъни қисмат маънисизлигини маънога, мавжудсизликни мавжудликка айлантириш даври бошланади.

Сизиф ўзининг маҳкумлигини ўзгартиролмайди, унинг учун бошқа йўл йўқ, аммо унда тақдирининг пешонасига битилганига қасдма-қасд ўз хаёл ва тасаввурлари, орзу-умидлари, завқ-шавқлари, мавжудлигини билдиришга уринишлари билан тўлдириш имконияти бор. Сизиф тошни тепага думалатиб чиқар экан, энди унда шу думалатишдан ўзини, менини англаш ва бу думалатишни ўзининг фойдасига ҳал қилиш, Камю тили билан айтганда, маҳкумликни ижодга айлантириш, яъни тошни тепаликка ўзи хоҳлагандай, ўзининг мавжудлигини билдириб, ўзи танлаган усул ва услубда думалатиб чиқиш имкони бор.

Яшаш учун кураш – бу ўзи учун яратилган ҳаётни ва дунёни ақли, тафаккури билан тартибга солиш, ўзининг мавжудлигини исботлаш дегани, мавжудлигини исботлаш эса азалий ҳаёт тартибларига исённи англатади. «Мен мавжудлигимни исботлаш учун исён қиламан!» – дейди Камю. Чунки бу ҳаракат билан инсон қаршисидаги абадий маънисизликни ўзига бўйсундиришга киришади, бошқача айтганда, унга маъно ва мавжудлик бағишлашга ўтади. Абсурдни англаб, уни ўзгартириш, унга ўзгача тартиблар бериш учун қилинган ҳар бир ҳаракат исёндир, исён эса ижоддир дейди адиб.

011

… Бу ерда адиб исён маъносини кескин ажратиб таҳлил қилишга киришади. Адиб назарида шу пайтгача одам одамга, эзилувчи эзувчига қарши қилган исёни, бу ҳақиқий исён эмас, абсурд исён одамга қарши қаратилмайди, бу исёнда одам ўлдиришга давъат қилинмайди. Шу сабабли инсоният бошидан кечирган исёнлар, бугун инқилоб деб аталаётган ҳаракатларнинг абсурд исёнига алоқаси йўқ, булар шунчаки қўзғолон ёки тўнтаришлардир.

Ҳақиқий исён инсоннинг ўз моҳиятини ўзгартириш сари, ўзгартириш йўлида қилган ботиний исёнидир. Шу исён ҳақиқий инқилобдир. Исён деб аташаётганларининг қолган жами хунрезликдан бошқа нарса эмас. Инсон ўз моҳиятини ўзгартиришга, ўз «мени»ни излаб топишга, «мен»ини исботлашга, уни камол топтиришга киришар экан, ўз ҳаётига ва тақдирига маъно кирита бошлаган бўлади, бу эса мавжудлигини исботлашга уриниш ҳамда абсурд моҳиятига исёндир.

Камю эсселарида яшаш бу абсурдни тадқиқ ва таҳлил қилиш, унга қарши курашиш деганидир дея адабий ва фалсафий кредосини қатъийлаштиради. «Мен абсурдни учта ҳолатга – эркимга, исёнимга ва завқимга айлантираман», – дейди Камю. Абсурднинг босимини одам ўз тафаккури, ҳаракати ва ишончи билан енгиши мумкин. Ўзининг абсурд ҳаётидан устун келиб, абсурдни енгганларни адиб «ғолиблар» (музаффарлар) деб атайди. Ўз абсурдидан устун келганлар ва уни енгганлар – ғолиблар Камю учун инсон деган номга ҳар томонлама муносибдир. «Ғолиблар» шуниси билан таҳсинга сазоворки, улар ҳаётларининг маъносизликка маҳкум эканини билишади ва буни яшириб ўтиришмайди, аммо шу маъносизликни эркинлик ва ижодий шавқ манбаига айлантира олади. Бундай одамлар абсурд ҳаётдан баланд кўтарилолган алоҳида шахслардир. «Ўзининг исёнга бўлган ботиний эҳтиёжини қондириш учун у талаб қилаётган бирдан-бир нарса – барча зарурий нарсалар билан бирга пировардида гўзалликка ва тенгликка олиб борадиган турмуш асосларини бунёд қилишдир.

Ҳар қандай тарихни инкор қилиш мумкин, бироқ, барибир, ўша инкор қилинган жойда ўзимиз яшашимизга тўғри келади», – дейди Камю. Адиб бу хил қарашлари билан Шарқ тасаввуф фалсафасига жуда яқин келади ва хулосаларидан талай умумийликлар келиб чиқади. Камюнинг ўз тақдири ва қисматидан ғолиб келган одам тушунчаси тасаввуфдаги комил инсон тушунчасига анча яқин. Тўғри, тасаввуфдаги комиллик илоҳий эътиқод билан боғлиқ. Камю эса абсурдни инсоннинг моҳияти билан боғлайди, аммо хулосада бу икки қараш бир-бирига уйғун келади.

Камюнинг назарида абсурдни енгишнинг, инсон мавжудлигини исботлашнинг энг мақбул йўли ижоддир. Фақат ижодгина абсурднинг – маъносизликнинг қиёфасини ва моҳиятини ўзгартиради, унга маъно бағишлай олади. Ижодда одам мавжуд абсурд дунёга қасдма-қасд тарзда ўзининг дунёсини яратади, унга ўзи истагандай қонунлар киритади, бу дунёдаги тартибларни ўзи битади, танлаш имконига эга бўлади, ҳаётига гўзаллик ва нафосат бағишлай олади. Шу сабабли ҳам абсурд ижод исёнлар ичидаги энг катта ва мукаммал исёндир. Ижод қилиш бу дунёни ўзи истагандай кўриш ва уни ўзи истагандай беками-кўст яратишга, ўзининг мавжудлигини исботлашга уринишдир…

011

0032 …Кортасарнинг биринчи ҳикояси «Забт этилган уй» Борхес бошчилигидаги баёзда босилиб чиқди. Бу ҳикояда реаллик билан фонтасмогория қоришиқ ҳолатда намоён бўлади. Ҳикоя сюжети одатдаги ҳикоялардан кескин фарқ қиларди. Ота-онасидан қолган уйда ака-сингил яшашади. Ҳар бири ўз иши, ташвиши ва дунёси билан овора. Ёшлари қирққа бориб қолган бўлса-да, ака уйланишни, сингил турмуш қуришни хаёлларига келтирмайди, уларга шундай ҳаётлари ёқади, улар шу дунёларини йўқотиб қўйишдан қўрқишади. Аммо каттагина уй номаълум кучлар томонидан забт этила бошланади. Олдин илгари ота-оналари яшаган хоналар, кейин бошқалари.

Ёзувчи бу кучларга, бу кучларнинг шакл-шамойилига батафсил тўхталиб ўтирмайди. Шунчаки улар «шовқин ва ғўнғиллаган» овозлар сифатида берилади. Қайси уйда шу шовқин эшитилса, ака-сингил ўша уйни қулфлаб қўйишади ва у томонга ўтишмайди. Аммо шовқин аста-секин бутун уйни эгаллай бошлайди ва асар охирида бутун уй номаълум товушу сирли шарпалар билан тўлади. Ака-сингил уйни ташлаб кетишга мажбур бўлишади. Бу ерда сюжет фабуласини ривожлантириш эмас, аксинча ҳикоя метофарасини яратишга уриниш Борхеснинг диққатини тортган бўлса керак.

Бу кичкина ҳикоя бирданига кўплаб тадқиқотчиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Бир тоифа тадқиқотчилар ҳикоядаги сирли кучни инсоннинг ёлғизлиги деб таҳлил қилишди. Уларнинг фикрича ёлғизлик уйни, кейин ака-сингилнинг кўнглини ҳам забт этиб олди. Бошқа адабиётчилар бу номаълум кучни ўша даврда Аргентинани зўрлик билан чангалида ушлаб турган ва бутун малакатга қўрқув, ваҳима солаётган хунтанинг тимсоли, уйни эса Аргентина деб тахмин қилишди: уларнинг талқинига кўра ака-сингил қўрқув туфайли ўз уйларини ташлаб кетишди.

«Туташ хиёбонлар» ҳикояси ҳам шу йўналишдаги асарлардан бўлиб, ҳажман жуда кичкина. Ҳикоя қаҳрамони бир неча кунки қўлига тушган китобдан бош кўтармайди. Ҳатто сафарга чиққанда ҳам ўзи билан олиб кетади. Вагонда китобни берилиб ўқийди. Уйга қайтгач, ҳамма ишни йиғиштириб, керакли ва зарур кўрсатмаларни бериб, яна китоб ўқишга тушади.

Қаҳрамон, ҳикояда унинг корчалон, хўжайин эканига ишоралар бор, уйидаги севимли креслосига яхшилаб жойлашиб олиб, романни ўқишга тушади. Унинг уйи хиёбонга туташ эди. Романдаги воқеа ҳам хиёбонга туташ уйда содир бўлаётганди. Роман суюқ оёқ аёлнинг ўйнаши билан бирга қандай қилиб эрини ўлдириши ҳақида бўлиб, ўткир сюжети сабаб хўжайинни батомом ўзига асир қилиб олганди, қўлидаги сигаретни чекишни ҳам унутганча мутолаага берилганди. Асардаги қаҳрамонлар, уларнинг қиёфалари, феъл атворлари, ўзини тутишлари – ҳаммаси унга ўта қизиқ ва жуда яқиндай туюларди.

Роман қаҳрамонлари ҳеч қандай из қолдирмаслик учун жуда пухта режа тузишгани, режа қайси пайт, қандай ва қай тарзда амалга ошиши ҳақидаги аёлнинг кўрсатмалари, умуман, ҳаммасини устамонлик билан амалга оширишаётгани ҳикоя қаҳрамонининг ақлини олиб қўйган эди. Асар сўнгида суюқ оёқ хотин ўйнаши қўлига ханжар беради, ўйнаши, яъни уй хизматкори ханжарни олиб уйга томон йўл олади. У хиёбонни кесиб ўтади ва уйга киради. Хоналарни пусиб-пойлаб бирма-бир кўздан кечиради. Ниҳоят эрни топади. Бу хона ҳикоя қаҳрамони – хўжайин ўтирган хона эди. Хўжайин креслога ўтириб, берилиб китоб ўқир, дунё билан иши йўқ, уни китоб ўз дунёсига олиб кетганди. У шунчалик китобга берилиб кетган эдики, хизматкор ханжар ялонғочлаб кирганини ҳам билмай қолади…

Бу кичкина ҳикоя ҳақидаги талқинлар ҳам хилма хил бўлди. Баъзилар китоб ўқигандан сўнг хўжайинда ўз хотинига, атрофга ва бутун дунёга шубҳа ва ишончсизлик уйғонди, у маънан ўлди деб талқин қилишса, бошқалари ёзувчи бу китобда ёмон китобларни рамзлаштирган, бундай китоблар ўқувчиларни маънан ўлдиради деб хулоса қилишди. Ҳикоя замоновий аҳлоқ фожиасини рамзлаштирган деб ҳисобловчилар ҳам бор. Қандай талқин ёки таҳлил қилинмасин, Кортасар ҳикоялари барча талқинларга бадиий ва рамзий нуқтаи назардан имкон беради.

«Аксолотл» ҳикоясида қаҳрамон аквариумдаги жониворга маҳлиё бўлиб қолади. Эрта-ю кеч шу аксолотл ҳақида ўйлайди. Ҳикоя якуни кутилмаган воқеа билан тугайди: қаҳрамоннинг ўзи ҳам аквариум ичидаги аксолотлга айланади. Ҳикояда хунта билан келишган ва унинг мафкурачисига айланган зиёлиларга истеҳзо уфуриб туради. Хунтанинг хизматини қилаётган зиёлилар ҳам маълум маънода хунтага айланади. Албатта, бу ҳикоя талқинларидан биттаси. Асар ҳақида яна кўплаб талқинлар қилинган ва барча талқинчилар ҳам ҳикояда ўз асосларини топа олган.

…«Катаклар ўйини»ни ўтган асрнинг 60-йилларида танқидчилар «Лотин Америкасининг биринчи улуғ романи» деб аташганди. Бу асарда ёзувчи романга хос бўлган бир чизиқ бўйлаб ривожланадиган фабуладан воз кечди, уни биринчи марта рақамланган фабулага кўчирди.

Романда адиб ўқувчиларни ўзи билан мутолаа ўйинини ўйнашга таклиф қилади ва ҳатто ўйин шартига кўра қайси саҳифани кимлар ўқиши кераклигини ҳам ўзи тузган тавсия-катаклар орқали асар бошидаёқ кўрсатиб беради, ҳаммани ўзи билан ўйнашга чақиради.

Бу ўйинни ҳали ҳануз бутун дунё адабиёт ихлосмандлари ва тадқиқотчилар ўқиб, ўзларича хулоса қилиб ётишибди. Роман номиданоқ ўзининг ўйин эканини алоҳида таъкидлайди. Энди бу кичик эмас, катта, тафаккур ўйини, ҳиссиётлар, идрок ўйинига айланади. Кортасар асарнинг бошидаёқ ўқувчиларни икки тоифага ажратади. Биринчи тоифадагилар асарнинг осон, эҳтиёжи ва дидига мос бобларни ўқиши мумкин, бунақа ўқувчиларни адиб «истеъмолчи ўқувчилар» деб атайди. Иккинчи тоифадагилар эса «Иштирокчи ўқувчилар», улар ёзувчи билан тасаввур ўйинининг барча шартларида иштирок этишади ва ўзлари роман иштирокчиларига айланишади. Кортасар бир умр ўз асарларини ана шундай «иштирокчи ўқувчилар» ўқишини истади ва шундай ўқувчилар учун асарлар ёзди…

011

Бу «Ёлғизликнинг юз йили» романи эди. Роман тўлалигича магик реализм, яъни фусункор реализм, фольклор, эртак, мифологик ва реал услублар қоришиғида ёзилган бўлиб, Маркес номини бирданига дунёнинг машҳур адиблари қаторига қўшиб қўйди.

 Ёлғизлик – бу танҳоликнинг, якка қолишнинг ўзи эмас. Ёлғизлик – ўзига, ўзгаларга, теварак атрофга, жамиятга, инсонга нисбатан ишончнинг йўқолишидир. Ёлғизлик – бу худбинлик, бефарқлик, лоқайдлик, шафқатсизлик, меҳрсизликдир. Ёлғизлик инсоннинг инсондан ётлашиши, бегоналашиши, бир-бирига душман, ёв кўзи билан қарашидир. Ёлғизлик минг йиллик анъаналарнинг путурдан кетиши, аҳлоқсизликнинг гуллаб яшнаши, нигилизм ва инкорнинг равнақ топиши, инсон шаъни ва ғурурининг топталиши, зулм ва зуғумнинг инсон устидан қозонган ғалабасидир. Ёлғизлик кўнгил ва завқнинг сўнишидир.

Роман агар ёлғизлик ҳар бир одамнинг қалбида ғалаба қилса, инсоният абадий таназзулга ғарқ бўлишидан огоҳлантиради. Ёлғизликка қарши бирдан бир чора, бирдан бир восита – бу бирдамлик, аҳиллик, бани башар уйғунлиги, меҳр-муҳаббат, одамнинг одамга масъуллиги ва ғанимат эканлигидир.

Маркес бу романида хаёлий Маконда шаҳри орқали ўзининг қиёмат утопиясини яратди. Бу хаёлий қиёмат эртанги кун одамларини огоҳликка ва бирдамликка чақиришдан умид қилди. Хаёлий утопия орқали одамлар кўрмаётган, кўролмаётган муқаррар фожиаларни кўсатиб, ўзини ва ёлғизликни енгишга, унинг устидан ғалаба қилишга чақирди.

1982 йилда Маркесга Нобел мукофоти беришаётганда у: «…Киши кишига муте бўлмаган, бири иккинчисининг ҳаётига дахл қилмайдиган, ҳар қандай бахтга ва адолатга эриша оладиган, асрий ёлғизликнинг маҳкумлигини енгишга, ҳар бир одам ўзи истагандай яшашга ҳаққи борлигини ўргатадиган ва буни исботлаб берган утопия ярата олган ёзувчи ҳақиқий ижодкордир», – деган эди. Ўзи ана шундай «утопия» – хаёл ва ҳаёт маҳсулини ярата олган адиб даржасига кўтарилди. Нобел мукофотига ҳам айнан шу хислатлари учун муносиб топилганди.

011

… «Ҳайвонлар салтанати» қиссаси Шўро мафкурачиларини чўчитиб юборди, уларни талвасага солиб қўйди. Асарда шўролар раҳбарияти ва мафкураси устидан очиқчасига кулинган эди.

Эгаси ароқхўр бўлиб қолган фермадаги ҳайвонлар тенглик, адолат талаб қилиб қўзғолон кўтаришади. Инқилобнинг бош илҳомчиси — «Майор» лақабли исқирт чўчқа. Майорнинг шогирдлари ва издошлари бўлган чўчқалар бошчилигида фермада инқилоб содир этилади. Инқилобчиларнинг шиорлари жуда оҳанраболи ва мафтункор эди. Саводсиз ҳайвонлар дастлабки ҳарфларни «тенглик, биродарлик, адолат» сўзини ёзиш билан ўрганишади ва бу шиорлар уларнинг ҳаёти мазмунига айланади. Оми ва содда ҳайвонлар ҳақиқатан ҳам тенглик келганига, энди ҳайвонларга ҳеч ким хўжайинлик қилолмаслигига, оламшумул озодликка эришганликларига ишонадилар. Ҳайвонлар ўз давлат тизимини, байроғини, герби ва китобларини яратишади.

Ҳайвонлар фермага қайта хўжайинлик қилишни истаб, ҳужумга ўтган одамлар устидан қозонилган мутлақ ғалабадан сўнг буткул озодликка эришадилар. Доҳий ва йўлбошчилари Майорнинг мавзолейи, ҳайкали очилади.
Бу улуғ ишда уларга қўнғир чўчқа – Наполеон бошчилик қилади. Наполеон тезда атрофига махсус хизмат — жазолаш гуруҳини тўплайди.

Аммо сал ўтгач, молхона ёки ўзларининг тили билан айтганда, “ҳайвонлар салтанати”ни очлик, касаллик, ўлим хуружи қамраб олади. Энг фожиалиси, қўрқув даҳшати эди. Наполеон ва унинг жазо отряди бу салтанат фуқароларини руҳан синдиради, маънан йўқ қилади, расман озод, маънан қуллик даври бошланади. Ўзбошимчалик, диктатура ҳаётни издан чиқарди. Наполеон қўрқув ва ўлим рамзига айланади. Ҳайвонлар эртаю кеч ишлар, лекин бири икки бўлмас, қашшоқликдан бошлари чиқмасди. Натижада эртанги кунга умид сўнади. Махсус колонияларда Наполеон тарбиясини олган ҳайвонларнинг болалари ўз ота-оналарини ўлдиришдан тап тортмайдиган жаллодларга айланадилар.

Ўз атрофида жазо гуруҳини ташкил этиб олган Наполеон тезда ўзини ферманинг доҳийси деб атай бошлайди. Доҳий Наполеон ўз хўжалари яшайдиган уйни қароргоҳ қилиб олади, ҳайвонлар эса ҳамон ўша эски молхонада яшайверадилар. Наполеонўз мақсадига эришгач, ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, сўз, фикр эркинлигини таъқиқлайди ва барча ҳайвонлар учун фақат ўзи фикрлайдиган, ўзи сўрайдиган, ўзи жавоб берадиган бўлади. Унинг ҳар гапи қонун, ҳар бир жумласи шиор бўлиб ёзила бошлади. Фермада Наполеон диктатураси тўлиқ ўрнатилиб, барча ҳайвонлар унга ҳамду санолар ўқий бошлашади.

Молхонада ҳар куни идеологик машина – Наполеоннинг буюклигини таъкидлаб, тасдиқлаб турувчи кинолавҳалар – ўзига хос матбуот ишлаб турарди. Наполеон билан келишмаган барча ҳайвонлар таъқиб ва қатл қилинади. Ферма қатлиом ва қўрқув салтанатига айланади. Бу бир томондан аллегроик — зарбулмасал, иккинчи томондан шафқатсиз реалликни акс эттирган асар эди…

0444 1945 йили мазкур асар эълон қилиниши билан адабиётшунос Артур Кестлер «Янги “Свифт” пайдо бўлди» деб ёзганди. Айнан шу Кестлер 1950 йили Оруэлл қабри устида шундай дейди: «Келажакдаги адабиётшунослар Оруэлл ўз ижодида Свифт ва Кафка услубини бирлаштирганини тан оладилар»…

… “1984” романи ХХ асрнинг нодир антиутопияси сифатида йирик адабий ва маданий ҳодиса саналади. Романдаги воқеа энди дунё цивилизациясининг маркази бўлган Лондонда, 1984 йилда юз беради. Айнан шунинг учун ҳам асарга шу йил рамзий тарзда ном қилиб танланган. Аслида бу сана шунчаки мажозий аҳамият касб этади, бу йилнинг ўрнига келажакни билдирадиган хоҳлаган йилни қўйиб олиш мумкин. Оруэлл роман устида ишлаётганда дунё иккинчи жаҳон урушидан чиқибоқ яна турли лагерларга бўлиниб, келажакдаги урушга тайёргарликни бошлаб юборганди. Иккинчи жаҳон урушидан керакли сабоқ чиқармай яна зимдан янги қирғинга тайёрланаётган давлатлар сиёсатининг келажаги, яъни адиб рамзий тарзда белгилаган 1984 йилда юз бериши мумкин бўлган умумжаҳоний вазият ва бу пайтга келиб, инсоннинг жамиятдаги ўрни, ролини таҳлил қилиш асарнинг бош мақсади эди.

Романда тасвирланган келажакда утопик асарларга хос ёруғлик йўқ. Бу пайтга келиб, дунё учта бир-бирига ёт бўлган лагерга — учта салтанатга — Океания, Остазия, Евразияга бўлиниб бўлган. Бу лагерлар бир-бирларини кўрарга кўзи йўқ, шу сабабли ҳамиша уруш ҳолатида. Ҳар бир салтанат ўзидан бошқа ҳеч қайси мамлакатни, эътиқод ва цивилизацияни тан олмайди, фақат ўзларининг танлаган йўллари ягона, тўғри йўл деб тарғиб қилинади ва ҳар бир салтанатнинг ўз доҳийси — катта оғаси бор. Салтанат иделогиясини ана шу доҳий белгилаб берган. Бу ердаги асосий шиор ”Катта оға сени кузатиб турибди!” деган шиордир. Бу салтанат фуқаролари “худо кузатиб турибди” деб эмас, “катта оға кузатиб турибди” деган руҳда тарбияланган. Катта оға бу салтанатда худо даражасида илоҳийлаштирилади. Юқоридаги шиор тагида фуқаро ҳеч қайси сирини, майлини, ҳиссини ва орзусини доҳийдан, яъни давлатдан яширолмайди. Давлат дегани бу –катта оға дегани, катта оға дегани бу давлат дегани.

Бу салтанатнинг шиорлари ҳам фақат қулликни, мутеликни тарғиб қилади. “Уруш –бу тинчлик дегани!”, “Озодлик – қуллик дегани!”, “Саводсизлик – куч дегани!” Бу — асардаги Океания давлатининг асосий шиорлари. Бу ерда озодлик билан қулликнинг, саводсизлик билан билимнинг, фикр билан фикрсизликнинг, уруш билан тинчликнинг фарқи қолмаган. Бу сўзларнинг моҳияти аллақачон унутилган. Агар ҳокимиятга содиқ хизмат қилишдан бошқача майл-истаклар ҳатто яширин тарзда пайдо бўлса ҳам, бу истаклар ҳали юз кўрсатмай туриб, унинг соҳиби билан қўшиб йўқ қилиб ташланади.

Шу сабабли ҳам учала салтанатда зулм, зўрлик, қатағон, қирғин, айғоқчилик авжига чиққан. Ота болага, бола отага айғоқчи, ҳар куни бир-бирлари ҳақида тегишли хизматга батафсил маълумот бериб туриши шарт. Бошқача айтганда ҳар бир одам бошқа бир фуқорага айғоқчи қилиб қўйилган. Ҳар бир одам шеригининги, қўшнисининг, танишининг, устозисининг, шогирдининг, хотинининг иши, гапи, ўзини тутиши ҳақида маълумот бериб туришга мажбур. Мамлакатда ҳар бир одам бошқаси учун масъул, бошқасининг кузатувчиси, назоратчиси. Агар маълумоти нотўғри бўлса, айғоқчининг ўзи ҳам жазога тортилади, давлатга хиёнатда айбланади. Бутун тизим ана тартибга асосланган. Айғоқчилик давлат ва ҳокимиятга, салтанатга, катта оғага содиқлик белгиси саналади.
Ҳар куни матбуот минглаб ички душманлар фош қилингани ҳақидаги хабарни тарқатади, бу маҳкумларни эса судсиз, сўроқсиз ё қатл этишади ё қайта тарбиялашади. Мамлакатларда эртадан кечгача бир-бирига душманлик руҳидаги ташвиқот машинаси ишлаб туради. Улар душман салтанатнинг “жосусларини” ва бошқача фикрлайдиганларни фош қилиш ва ғоявий инкор қилиш билан шуғулланади.

Ҳар бир салтанат ўз фуқароларини деярли қулга айлантириб бўлган. Бу ерда доҳийдан ва бошқарув тизимидан бошқа ҳеч нарса тан олинмайди. Барча нарса тузум ва ҳокимият учун ишлайди. Албатта, бу ердаги ҳолатлар, манзарларни адиб Гитлер ва Сталин тузумидан олганлиги яққол кўзга ташланади. Айни бу тузумларнинг фуқароларга муносабати, давлат ва бошқарув тизими роман учун асос бўлган. Аммо адиб бу ҳолатни фақат бу икки давлатга нисбат бермайди. Балки, ҳар қандай мамлкатнинг шу кўйга тушиши мумкинлигидан, мустабидларнинг бу хил тартибга мойиллигидан огоҳлантиради.

011

0112 …Жан Пол Сартрнинг фақат ижоди эмас, ҳаёти ва фуқоро, инсон сифатидаги фаолияти ҳам ҳеч бир қолипга солиб бўлмас даражада мураккаб, қарама-қарши ва ранг-барангдир. Унинг номи ХХ аср адабий-фалсафий ислоҳотчилар (исёнчилар) рўйхатининг бошида туради. У ҳаётлигида ҳеч бир адабий усул билан муроса қилмади, ҳеч қайси қарашни ўзининг бош маслаги деб билмади. У ҳар қандай усул ва фикр бетиним янгиланишда, ўсишда, ҳар қандай қараш нисбий ва бир ёқлама деб ҳисоблади.

Сартр фикр билдирмаган, эътироз қилмаган, янгилашни, замонга мослашни истамаган фалсафий қарашнинг ўзи йўқ эди . У худди Камю каби адабиётни фалсафий қарашлар майдони деб биларди. Шу сабабли ҳам адабий асарларидаги образлари адабий қаҳрамондан кўра фалсафий тушунчалар ва қарашларнинг мажози эди. «Сўз» романидан ташқари ҳикояларию пьесаларидаги ва машҳур «Беҳузурлик» романидаги образлар ҳам ҳаётдан олинган қаҳрамонлар эмасди, улар ўзларида фаласафий тимсолларни акс эттиради.

Бу асарларда адабий мақсаддан кўра фалсафий мақсад биринчи ўринга чиқади, образлар ҳаётдаги каби эмас, ёзувчи фалсафий концепциясига кўра ҳаракат қилади, гапиради ва муносабат билдиради. Айни шу сабаблар Сартр асарларини кенг ўқувчилар оммаси қабул қилолмаслигига олиб келади. Зеро, адибнинг ўзи ҳаётни ва инсон тақдирини ҳикмат, фалсафа деб тушунарди, шу сабабли ҳаётнинг ҳар қандай вазиятидан, лаҳзасидан ҳикмат, фалсафа излаб кўрар, ҳар қандай ҳолат ва гап – бу фалсафа деб ҳисобларди.

Сартр учун фалсафа инсон ҳаётини таҳлил қиладиган бутун бошли манба эди. У ҳаётга ва адабий образларга ҳаёт деб эмас, фалсафа деб қарарди. Инсон унинг учун қарашлар ва ғояларнинг «лойиҳа»си эди. Инсон тақдирни пешона битиги деб эмас, «лойиҳа» дея англасагина, ўзининг мавжудлигини исботлашга киришади. Чунки инсонда ана шу лойиҳани амалга оширишдек масъулият турибди. «Лойиҳани» қай тарзда амалга оширганига қараб, унинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса қилиш мумкин. Бироқ «лойиҳа»ни амалга оширишни одам эмас, вазият ҳал қилади. Агар одам амалга ошириш мумкин бўлмаган лойиҳага берилиб, уни рўёбга чиқаролмаса, демак, у вазиятга тўла баҳо беролмаган бўлади. Лойиҳа – бу вазиятдан ва ҳолатдан келиб чиқиб, олдиндан ўзини яратиш ва унга интилиш дегани. Одам ўз кучи ва танаси билан юқори тезликда келаётган машинани тўхтатиб қолишни лойиҳалаштирса, бу ғирт аҳмоқлик ва вазиятни билмаслик бўлади.

Сартр назарда тутган лойиҳани тушунишнинг ва тасаввур қилишнинг энг қулай усули болалик орзусидир. Агар бола ёшлигидан ўзи орзу қилгандай киши бўлишга уринса ва шундай киши бўлиб етишса, демак, у ўз ҳаётини ўзи қурган бўлади. Ички манзара тўлиқ маънода ташқи манзаранинг инъикосидир. Ташқари ичкарида ўз инъкосини, демак, ўзини яратади. Сартр эса одамдан ўзи инъикосчига айланишини, ўзини ўзи инъикос этишини истайди. Бошқача айтганда, одамнинг ичкариси яратилганни қабул қилувчидан яратувчининг ўзига айланиши керак. Инсоннинг онги бугунни эмас, эртанинг лойиҳасини ҳам ўзида акс эттириш имконига эга, айнан шу жиҳати билан келажакни ўз хоҳиши билан яратиш ҳуқуқи бор. Бизнинг ичкаримизни яратаётганлар бизда ҳурмат ва мутелик уйғотади.

Ўзгалар томонидан яратилишимизда ва шаклланишимизда барча масъулият ичкаримизни яратаётганлар зиммасига тушади. Биз ўзимизни ўзимиз ярата бошласаккина, ўзимизни ўзимиз ҳурмат қила бошлаймиз. Ўзимизни ўзимиз ярата бошлашимиз билан ўзимиз ва келажак олдида жавобгарлик зиммамизга тушади. Инсон озод бўлиб туғилган ва озод бўлиб яшаши шарт. Ундан бу ҳуқуқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг, ҳеч қандай ғоянинг, мафкуранинг ҳаққи йўқ. Инсоннинг озодликни танлаш ҳуқуқи барча ижтимоий масалаларнинг ибтидосидир. Қолган барча масалалар шунинг ҳал этилишига қараб хулоса қилинади.

Инсонда озодликни танлаш ҳуқуқи йўқ экан, унинг бошқа ҳуқуқлари ва умуман, бошқа муносабатлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Сартр «инсон озод бўлишга маҳкумдир» деб тушунтиради. Инсоннинг моҳияти ва шу пайтгача содир этилган барча ижтимоий ҳаракатлар унинг айнан озодликка маҳкумлигини тасдиқлайди. Гап озодлик руҳи ҳақида эмас, озодликни танлаш ҳуқуқи ҳақида кетаяпти дейди Сартр. Чунки инсон озодликни танлайдими, маҳкумликними, бу унинг ҳуқуқи, унинг қарори. Қарорига қараб биз унинг кимлигига баҳо бера оламиз. Айнан шу сабабли инсон ўзининг хатти-ҳаракати учун тўлиқ масъул ва жавобгардир. Қайси йўлни танлаши унинг индивид сифатидаги қиёфасини очиб беради, келажагини белгилайди.

Сартр «Экзистециализм – бу инсонпарварлик дегани» номли асарида «Бугунги инсон – келажакнинг лойиҳаси» деб хулоса қилади. Айни шу қарашдан келиб чиқилса, инсон ўзига ўзи келажакдир. Унинг айни пайтдаги танлаши унинг келажагини белгилайди. Демак, инсон танлаш пайтида ўзининг келажагини ҳам танлаётган бўлади. Чунки танлаш – бу келажак дегани. Танлаш учун эса инсонга онг ва билим керак. Англаб танланмаган ҳар қандай «мен» – бу бўшлиқдир.

Инсондаги ёлғиз «мен»ннинг ўзида ҳеч қандай моҳият, маъно йўқ. Маъно унинг англашида, унинг танланишидадир. Англанган ҳолда танланган йўл инсонга тўла маънода мазмун бағишлайди. Англаб танланган «Мен» дунёни ўзгартира олади ва унга моҳият-маъно бағишлайди. Англанмаган «мен» ҳайвоний инстинктдан ўзга нарса эмас. Англаб танланган «мен» бу танлаш ҳуқуқи, танлаш тарозуси орқали ўлчаб, хулоса қилинган «мен»дир. Демак, бундай «мен» дунёни ўзгартиришга, уни ўзининг танловига қараб янгилашга, бўйсундиришга, унга ақл ва тафаккур руҳини бағишлашга, мазмун киритишга қодирдир.

Экзистенция доимий ҳаракат, мунтазам интилиш, ўзини янгилаб, жимликни, сокинликни, турғунликни бузиб туриш, мавжудликни ҳар сонияда исботлаб туриш дегани. Сартрга кўра, дунё ўз ҳолича мазмунсиз, турғун, фақат киши фаолиятигина унга мазмун, ҳаракат бағишлай олади. Инсон ўзининг танлаш ҳуқуқи билан ўз ҳаётига мазмун кирита олади. Озодликни танлаш ҳуқуқи Сартр фалсафасининг бош мезони саналади…

011

0370 …«Ламанчлик Дон Кихот»ни тўлиқ ёзиб бўлгунча Сервантес деярли муваффаққиятсиз чиққан роман, новеллалар ва 20 – 30 пьеса ёзди. Аммо биронта асари ҳам ўзи истагандек унинг тирикчилигини ўнглай олмади. У барибир ёзишдан тўхтамади. Зеро, майиб одамнинг қўлидан бошқа иш ҳам келмасди. Уни бошқа биров ишга ҳам ёллай олмасди. Мигел ўзини ва сингилларини йўқчиликдан қутқариш учун бутун кучини сарфлаб ижодга шўнғиди. 1605 йилда «Ламанчлик Дон Кихотнинг ғаройиб саргузаштлари» романининг биринчи қисми босилиб чиқди.

… «Дон Кихот» романи Навоий «Хамса»си, «Гуливернинг саёҳати», «Гамлет», «Уруш ва тинчлик», «Ака-ука Карамазовлар» каби асарлар билан бир қаторда турадиган, фақат бир қаторда эмас, балки ўзидан кейинги барча романларга, образларга улкан таъсирини кўрсатган, вақт ва замонлар ўтган сайин қиймати ва аҳамияти янада ошиб, инсон ва тириклик ҳақидаги ҳикматлари янада теранлашиб бораверадиган асарлар сирасига киради. «Дон Кихот»дан бошлаб, дунё адабиётида саргузаштлар, мистик-қаҳрамонлик, дидактик руҳда ёзилган асарлар даври тугаб, гуманистик ғояларнинг абадий тантанасини белгилаб бера олган асарлар даври бошланди.

Сервантеснинг Дон Кихоти, гарчи хаёлпараст бўлса-да, реал воқеликдаги реал қаҳрамон. Унда эпик талқинлардаги муболаға, қўшиб чатишлар, ошириб тасвирлашлар, бўрттиришлар йўқ. Ҳатто оти Росинанта ҳам ориқ, рамақижон. У кўнгил қўйган хаёлий Дулсиняси аслида оддий деҳқон аёли. У дев деб курашган нарса ҳам тегирмон парраги. Сервантес ҳаётий қаҳрамонини рицарлик романларининг тўқима воқеалари билан тўқнаштиради ва шу тўқнаштириш орқали бу романларга хос ҳаётдан узилган, ҳеч кимга кераги йўқ, самовий ва афсонавий тамойилларини инкор қилади. Фақат Дон Кихотгина бу тўқимага ишонади, аммо атрофидаги ҳаёт аллақачон у интилган маслак тўқима ва ёлғонлигини билиб бўлган. Айнан шунинг учун Дон Кихот ёнида Санчо юради, ўз хўжасининг ҳар бир ишига халқ номидан ва тасаввуридан баҳо беради.

Дон Кихотнинг хаёлий дунёси ва реал воқелик тўқнашуви охир оқибат реал воқелик ғалабаси билан якунланади. Рицарликнинг ва ўрта аср ҳукмрон мафкурасининг тўқима, ёлғон дунёси инкор қилинади. Бу эса ўз даврининг энг улкан хулосаси эди. Ана шу жиҳатларга асосланиб Белинский: «Европа романи «Дон Кихот»дан бошланди», – дейди. Фақат янги давр романи эмас, адабиётнинг гуманизм тараф юз буриши, инсонпарварликни адабиётнинг бош ғояси сифатида талқин қилиш даври бошланди.

«Дон Кихот» «заиф ва ожизларни, эзилган ва хўрланганларни, топталган ва ҳуқуқсизларни» қўллаб қувватлаш, ёрдам бериш, улар учун курашга ва жангга кириш, уларни ёвузлардан, эзувчилардан, хўрловчилардан, соҳиблар ва тўралар, бошқарувчилар қиёфасидаги «улкан маҳлуқлардан», «жоду ва афсун»лар қиёфасидаги фақат эзувчилар манфаати учун яратилган тартиблар ва муносабатлардан инсонни ва унинг кўнглини ҳимоя қилиш анъанасини бошлаб берди. Дон Кихотнинг телбавор қаҳрамонликлари тагида битта истак – дунёни ёвузлардан, кучсизларни кучлилардан, эзилувчиларни эзувчилардан ҳимоя қилиш истаги ётади. Бошқача айтганда, Сервантес бу асарида диний-қаҳрамонлик билан тўлиб тошган, маслак-мақсади фақат қаҳрамонлик кўрсатиш бўлган рицарлик романларига истеҳзо тарзида инсонпарварликни Дон Кихот орқали ҳимоя қилишга киришади.

Тўғри, Сервантесгача ҳам гуманистик ғоялар адабиётда мавжуд эди. Аммо уларнинг аксарияти дидактик ва романтик характерда бўлиб, реал воқелик, реал одамларни, реал адолатни ҳимоя қилиш, курашда адолат тарафида туриш, эзгулик ва ҳақиқат учун очиқ ва ошкора курашиш анъанаси йўқ эди.

Асарда аниқ одам, аниқ табақани, аниқ воқеликни ҳимоя қилиш билан асар дунё романчилигига гуманизм ғояларини олиб кирди. Таниқли файласуф Хосе Ортега Гассет «Дон Кихот» романи адабиётнинг барча жанрларини ўзида мужассам этганини тадқиқ қилади. Унинг фикрича, асар поэзия, проза, драма, комедия, трагедия, эпос, фантастика ва ҳатто детектив каби жанрларни бир асар қиёфасида мужассам этган. Шунингдек, реализм, мистика, дидактика сингари йўналишларнинг барча талабларига тўлиқ жавоб бера олади. Асар ўзидан икки юз йил кейин яратилган ХIХ аср романларига қўйиладиган гуманистик талабларга ҳам дош бера олади. Уни турлича шарҳловчилар, ҳар хил талқин қилувчилар адабиёт тарихида жуда кўп. Бу асардан христиан, яъни Исо алайҳиссалом билан боғлиқ афсоналар илдизини изловчилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, Дон Кихот ўз қиёфасида Исо пайғамбарни, курашида унинг таълимотини тимсоллаштирган. Унинг заифлар манфаати учун курашга отланиши айнан шу таълимотнинг кўринишидир.

Бошқа бир талқинга кўра асар ўзида Эразм Роттердам ғояларини адабиётга олиб кирган ва Дон Кихот образи орқали бу таълимотни ҳаракатга келтирган. Бунақа шарҳлар бутун дунёда ҳанузгача давом этаяпти, асардан ҳар бир авлод ўзига керакли ғояларни топмоқда. Бундай талқинларнинг ўз асослари бор. Аммо романнинг энг катта ва бирламчи асоси унинг адабиётни том маънода инсонпарварлик томон буриб берганидадир. Аслида романнинг бош ғояси ҳам, ҳар қандай талқинларга қармасдан, гуманизмдир.

Асар ўрта аср романларига хос бўлмаган тарзда қаҳрамонни ҳаётдан, одамларнинг ичидан олди. Бу қаҳрамонлар рицар романлари каби афсонавий, фавқулодда қаҳрамонлар эмас, балки одамлар кўриб, билиб, ёнма-ён яшаётган кишилар эди. Айниқса, Дон Кихотнинг қашшоқ ва камбағаллиги адабиётга муносабатни осмондан одамлар ичига тортиб туширди.

Ўқувчилар биринчи марта романда ўзлари каби ўйлайдиган, ўзлари каби ҳаракат қиладиган, ўзлари каби гапирадиган ва қийналадиган қаҳрамонларни кўришди. Рицарлик романларидаги етиб ва эришиб бўлмас қаҳрамонлар бу асардан бошлаб тўла маънода халқчил тус олди. Бу ҳолат бадииятда ҳаётчан образлар даври бошланганини билдирарди. Дон Кихотнинг қуролбардори Санчо билан мулоқати, уларнинг ўзаро муносабатлари, Санчонинг асардаги ўрни – барчаси бу фикрни тўлиқ асослайди. Гарчи баъзи бир адабиётшунослар Санчо образида гўл, оми, мешчан, саводсиз ва фантазиясиз тўпори одамни кўришсада, бироқ, бизнингча, Сервентес рицарлик романларидаги қуролбардорлардан фақрли ўлароқ Санчо образи орқали дунё адабиётига оддий инсон образини, оддий халқ вакилини олиб кирди ва шу образ орқали том маънодаги инсонпарварлик ғоясини адабиётга етаклаб келди. Санчо аслида Дон Кихотнинг амалий, хаёлдан холи бўлган бошқа қиёфаси. Дон Кихот ва Санчо бир одамнинг икки хил «мен»и. Буни асарни синчиклаб ўқиб, англаб олиш мумкин. Уларнинг ўртасидаги диологлар, суҳбатлар, муносабатлар, булар ҳаммаси ана шу фикрни тасдиқлайди.

Дон Кихот хаёлий, абстракт, ҳаётдан узилган, идеал орзулар билан яшайдиган «мен» бўлса, Санчо ҳаётий амаллар билан яшайдиган, ердан оёғи узилмаган «мен». Айнан шу сабабли ҳам асар бошида икки хил бўлиб кўринган ва икки хил нуқтаи назарга эга бўлган, турлича қарашлари учун бир-бирини масхара қиладиган Дон Кихот ва Санчо асар сўнгида деярли бир хил фикрлайдиган одамларга айланади. Санчо Дон Кихот тарғиб қилган ғоялар даражасига кўтарилади, Дон Кихот эса Санчонинг ҳаётий тажрибаларига суянадиган бўлади. Асарнинг сўнгги саҳналарида Санчо ҳатто Дон Кихотнинг ўзидан ҳам кўра хаёлпараст рицар тарғиб қилган ғояларга содиқ қолади.

Дон Кихот ўлими олдидан ўз ғояларидан воз кечади, Санчо эса воз кечмайди. У асар сўнггида Дон Кихот курашган ғояларни давом эттирувчиси сифатида янада қатъиятли образга айланади. Бошқача айтганда, Сервантес Дон Кихот қиёфасидаги рицарлик романларидан қолган хаёлий орзупарастликдан воз кечиб, Санчо қиёфасидаги амалий гуманизмни бошлаб беради. Айнан шу асардан бошлаб адабиёт дунёни ва ҳаётни башанглар, олифталар, киборлар, рицарлар, хаёлий қаҳрамонлар нигоҳи билан эмас, халқнинг типик вакили бўлган Санчо нуқтаи назари билан таҳлил қилишни ва унинг ўлчами билан баҳо беришни, унинг кўзи билан қарашни ўрганди. Адабиётга халқ вакилининг образи асосий образ бўлиб кириб келди.

Сервантесгача бўлган романларда эпик кўлам катта бўлиб, қаҳрамонлар реал воқеликка деярли аралашмаган. «Дон Кихот» эса ўз асарида ўз даврининг, Филипп учинчи қироллигининг бутун манзарасини очиб ташлайди. Айниқса, Санчонинг Баратария оролига ҳокимлиги орқали қироллик тизимининг чириган, путурдан кетган, ёлғон ва сохта аҳлоққа, ёлғон ва сохта ғояларга қурилган, қуруқ ҳашамдан бошқа бирон нарсага ярамайдиган давлат машинасининг яроқсизлиги аччиқ ва истеҳзоли кулгуга олинади. Айнан юқори табақа ҳаёти, давлат тузуми адиб томонидан халқ ичидан чиққан Санчо нигоҳи орқали таҳлил қилинади, кузатилади. Адиб ўрта аср ўқувчиси дидини эртакмонанд афсонавий-тўқима хаёл дунёсидан оддий реал дунёга, реал ҳаётга тортиб туширади. Айни пайтда Дон Кихот образи ва унинг маслагу мақсади орқали инсоннинг идеал дунёси билан реал воқеликни тўқнаштиради.

Дон Кихотнинг идеали шафқатсиз ва қотиб қолган, уни тушунмаган дунё билан қарама-қарши келади. Бу тўқнашув ўзи истагандай ва маслак қилиб танлагандай яшай олмайдиган, муҳит билан юзма-юз турган инсон фожиасини ўзида мужассамлаштиради. Айнан муҳит билан юзма-юз конфликтда турган инсон образи кейинчалик Ғарб романларининг асосий мавзусига айланди. Романдаги реал ҳаёт манзаралари ўз даврининг нафақат бадиий тасвирлари, балки бор воқеликни бор қиёфаси билан ҳаққоний акс эттирган ҳужжатлар даражасига кўтарилади. Сервантес асирлик пайти Жазоир подшоси қўлида тутуқунликда ётган 15 минг насроний номидан қиролга бир неча марта хат ёзади. Аммо қирол на тутқунлар, на хат билан иши бўлмайди. Асирликдан қайтгандан сўнг Сервантес қироллик жамиятининг ўз фуқораларини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, балки ўз халқини эзиб ётган яроқсиз салтанат эканини ва бу тузум ич-ичидан чириб битганини ҳис этади. Айни шу хулосалар романда гоҳ комедик, гоҳ хаёлий, гоҳ реал саҳналар орқали ўз аксини топади. Тузумни ва реал ҳаётни, муҳитни бу хил тасвирлаш ва фош қилиш тамоийили илгари бошқа романларда учрамаган эди. Асарнинг гуманистик ғояси, унинг инқилобий характери ана шу ҳолатларда яққол кўринади.

Айнан шу хусусиятлари билан «Дон Кихот», Ортега Гассет айтмоқчи, «янги ва эски адабиётлар кесишадиган йўл, икки дунё санъати тўқнашадиган чорраҳадир». Бу чорраҳада адабиётнинг романтик даври поёнига етади ва реалистик давр бош кўтара бошлайди. Бу чорраҳада туриб Ғарб адабиёти қандайдир тўқима, хаёлий қаҳрамонларни эмас, реал муҳитдаги реал одамни, реал воқеликни таҳлил қилишга ўтади…

011

…..Айни шу йиллари ХХ асрнинг энг улуғвор романларидан бири бўлган “Қиёфасиз одам” асарининг биринчи китоблари босилиб чиқди. Роман том маънода янги йўналишдаги психологик роман эди. Музил бу асарида гўё Пруст услуби билан Кафканинг бадиийлаштириш усулини бирлаштирган эди. Роман қиёфасиз одам, бошқача айтганда, қиёфасидан маҳрум этилган инсон ҳақида эди.

0386 Музил Кафка каби одамни шахс деб эмас, маълум бир ҳаракат ёки қарашнинг тимсоли бўлган мавжудот деб қарайди. Одам қайсидир ҳаракатларнинг, қайсидир ғояларнинг, қайсидир қарашларнинг қиёфаси, унинг ўз қиёфаси, ўзлиги бой берилган. Тараққиёт инсонни ўз қиёфасидан маҳрум қилди. Унинг ичи, руҳи, ботини жамиятдаги турли қарашлар, ғоялар, тушунчалар, турланишлар, тусланишлар билан тўлдирилди. Асарда ана шу жиҳат, қиёфасиз инсон таҳлил қилинади. Адиб бу орқали ХХ асрда яшаётган, Музилга замондош бўлган, унинг ёнида ва теварак атрофида юрган одамларда инсон қиёфасини эмас, ижтимоий муносабатлар, мафкураларнинг қиёфасини кўраётганини, яъни инсон яшаш учун ўзига шу қарашларни, шу муносабатларни сингдиришга ва буларни ўз қиёфаси қилиб олишга, жамият тутқазган, таклиф қилган қиёфаларда юришга мажбур эканини тушунтирмоқчи бўлди.

Ана шу жиҳати билан инсон маҳкум қилинган, ижимоий ҳаракат ва қарашларнинг, жамият ва цивилизациянинг қурбонига айланган мавжудотдир. Жамият талаб қилган ниқобни киймасдан инсон яшолмайди, унинг ўз хоҳиши ва ўзлиги билан яшашга имкон берилмайди, қиёфасини сақлаб қолган инсон маданийлашган жамият учун ётдир. Инсон учун иккита йўл бор. Ё ўз қиёфасини сақлаб қолиб, ўзини ўлимга ва ётлашишга маҳкум этади ёки жамият ва ижтимоий ҳаёт тақдим этаётган қиёфа билан юришга мажбур. Одам бор-йўғи, ижтимоий ва оммавий тафаккурнинг, мавжуд аҳлоқнинг, мавжуд ҳаракатнинг ва турли ғояларнинг қиёфасига кириб, яшаб қолиш учун курашади. Унинг асл қиёфаси, асл вазифаси унутилган.

Музил қаҳрамонларининг ҳаммаси ана шундай қиёфасиз, жамият ва ижтимоий муносабатлар истаган қиёфага кириб олишган. Биз қиёфа деб тикилганимиз ва муносабат қилганимиз қайсидир ижтимоий ғоянинг ёки мафкуранинг, муносабатлар, анъаналар, қарашларнинг, умуман, қайсидир ижтимоий тушунчанинг қиёфасидир. Шу сабабли замоновий инсон қиёфасида ўз даври, ўз замони, ўз жамияти балқиб туради. Музил инсон бугунги тараққиёт ва тамуддан даврида ўз қиёфаси билан яшолмайди, ўз шакли билан яшашга ҳаққи йўқ, агар ўз қиёфасига қайтса, ўзини ўзи ўлимга маҳкум қилади, чунки ўзлик билан яшашга имконият ва шароитнинг ўзи йўқ, шу сабабли ижтимоий муноасабтлар ясаб берган, мавжуд жамиятлар ясаб берган қиёфада яшашга маҳкумдир, ана шунинг учун ҳам у қиёфасиздир дейди.

Аслида Музилнинг бу хил қараши ва инсонга бу хил ёндашуви Фрейднинг инсоннинг онгли ва онг ости ҳолатлари таҳлили билан боғлиқ таълимот таъсирида дунёга келганди. Айна шу таълимот таъсирида Музил инсонни иккига, рациод ва норациод тоифаларга бўлади. “Қиёфасиз одам” романи ана шу қарашнинг бадиий ифодасидир.
Асарнинг бош қаҳрамони Ульрихдан тортиб, Австрия императори амалдорларигача, олимлар ва адиблар, зиёлиларгача, ҳаммаси асарда одам қиёфасида эмас, одам шаклидаги маълум бир қарашларнинг, анъаналарнинг, ижтимоий муносабатларнинг қиёфасида гавдаланади ва ҳаракат қилади. Улрих ҳам бу жамиятда яшаш учун ўзлигидан кечиб, улар талаб қилаётган қиёфага киради. Охир-оқибат Улрихни бу хил яшаш зериктиради. У ўзига хос исён қилади: ҳаммасини ташлаб, синглиси Агатанинг дунёсига қайтади. У инсонни холос қиладиган муҳаббатни синглисининг ва ўзининг хаёлидан топади. Унинг чўккан ва зада бўлган кўнглига синглисига бўлган меҳр ва уларнинг муҳаббат ҳақидаги орзу-истаклари малҳам бўлади…

011

…“Ўпқон” Онетти ижодида, қолаверса, бутун Лотин Америка адабиётида янги наср намунаси эди. Бу асарда олдинги ҳикояларда милтиллаб кўринган, ҳали ўз қиёфаси ва мазмунини топмаган “орзуманд одам” образи тўлиқ бўй кўрсатган.
0033 Мавжуд воқелик билан ўзининг хаёллари ҳамда амалга ошмаган орзулар тўқнашуви “Ўпқон”га келиб энди типик тус олади. Қаҳрамон битта кишининг эмас, бутун бошли авлоднинг, жамият яккалаб ташлаган, четга сурган ёки ёлғон, алдов, хиёнат ва икки юзламачиликка қарши исён сифатида ўзини четга олган, ўзини хаёл ўпқонига ташлаган 30-йилларнинг зиёли қатламини тимсоллаштиради. Бу қаҳрамон ўзини ўраб турган, бюрократлашган, сохталашган, табиий ва асл қиёфасини бой берган муҳитга қарши ўзининг ҳаракатсизлиги ва ҳаёт ҳақидаги орзулари билан исён қилади. Хаёл ва ҳаёт тўқнашуви инсон ботини ва воқелик ўртасидаги зиддиятга айланади. Ана шу зиддият натижасида адибнинг бадиий концепсияси шаклланади.

Адабиётшунослар бу асарни Онетти ижодининг марказий асари, дея эътироф этишади. Унинг қолган барча асарлари ана шу қисса, унинг ичидаги мавзулардир. Ҳатто шу асарда олиб кирилган “рад қилинган севги” ва “ идеал маҳбуба”, “орзуманд одам”, “ўз ҳаётидан қониқмаслик”, “муҳитга ётлашув”, шунингдек, ҳаёт синовлари олдидаги мағлубият, азалий анъаналардан узоқлашиш ва бегоналашиш, шахснинг ёлғизлиги каби мажозлар ана шу асарда ўзининг дастлабки чизгиларини намоён қилади ва асар қаҳрамони, хаёллар ва орзулар чоҳига тушиб қолган Эладио Линасеро адибнинг кейинги қаҳрамонларига хос бўлган барча хислат, фазилат, ҳолат, руҳий кечинмаларни ўзида мужассам этади.

Эладио Линасеро Достоевскийнинг “Хилватдаги одам” қиссаси қаҳрамонининг Лотин Америкача талқинидир. Эладио ҳам хилватда, хаёл ва орзулар ўпқонида туриб, ўзини ва ҳаётини таҳлил қилади. У бу қитъа адабиётида биринчи бўлиб, ўзининг ёлғизлигини, муҳитдан бегоналашиши ҳамда ёлғизликка маҳкумлигининг сабабларини чуқур ва “мен” тили билан таҳлил қилган образдир. Ўзининг асл қиёфасидан тобора узоқлашиб, сохталик, ёлғон, механик турмуш тарзига ўрганиб бораётган, ўзлигидан узоқлашаётган муҳитдан қочган, ташқаридан излаганини ўз хаёлларидан топган Линасеро ўзидан қочиб, ўзига беркинади. Бошқача айтганда, ўзининг мавжудлигини реал воқеликда исботлаб беролмайди. Оқибатда у ўз излаганини хаёл ва орзулардан излашга тушади, хаёлий режалар, орзулар олами реалликка муқобил воқелик сифатида бўй кўрсатади.

Камюдан анча йиллар олдин Онетти ушбу асари орқали ўзининг мавжудлигини ижод ва хаёл билан исботлашга уринган, воқелик мустабидлигини орзулар ва ижод билан енгишга киришган янги образни яратган эди. Онетти қисса қаҳрамони тилида ўзининг адабиий услубини шундай изоҳлайди: ”… бошингдан кечган ёки гувоҳи бўлган воқеалар ҳақида эмас, бир кўнгил тарихи ҳақида ёзсанг.”

Онеттининг қаҳрамонлари воқелик қаҳрамонлари эмас, балки кўнгил тарихининг қаҳрамонлари, орзу, хаёл оламининг одамларидир. Шу сабабли ҳам уларнинг деярли ҳаммаси ўзларининг кўнгилларига яширинган қандайдир сир ва дарднинг маҳкумларидир. Инсон бахт ва саодат орзуманди. У ҳаётдан ўз кўнглига муносиб маслак ва завқ излайди, олдида турган барча қийинчиликларни, машаққатларни, дарду ғамларни, ҳасратни, йўқотиш ва бахтсизликларни енгиб, ўзи орзу қилган саодатга эришишни истайди. Яъни Онетти таъбири билан айтганда, инсон ўз қисматига қарши курашга чоғланади, қисматни ўзиники қилишни, бўйсундиришни, бутун инсоният билан дўст бўлишни, уйғун яшашни хоҳлайди. Аммо охир-оқибат барибир енгилади, мағлубиятга учрайди. У муҳит билан кўнгил уйғунлигини тополмайди. Умидлари сўнади. Шунда у ўзини ёлғизликка маҳкум этган муҳит — воқеликдан қочиб, ўз ботинига яширинади. У бу ботинда воқеликка қарама-қарши воқелик яратади. Бу воқелик худди қисса қаҳрамони Эладио Линасеронинг “Ўпқон”даги оламига ўхшайди. У барибир ўзи истаган оламни яратади. Шу билан у ўзининг мавжудлигини исботлайди.

Бу асар ўз даврида ўқувчисини тополмади. Узоқ йиллар бошқа нашр ҳам этилмади. Аммо ўша 500 нусхани ўқиган кам сонли ўқувчилар орасидан кейинчалик Лотин Америкасининг улуғ ёзувчилари етишиб чиқди.

011

… “Чол ва денгиз” асари адибни дунё адабиётининг улкан номаёндаларидан бирига айлантирди. Ҳажман кичиккина бўлган қиссада бутун бир асрга татигулик инсон ҳаёти, матонати, кураши, мағлубияти ва иродаси бадиий тараннум этилган эди.

1278 Адиб дастлаб асар қаҳрамонлари билан кўплаб образлар иштирок этадиган, кўплаб воқеалар юз берадиган йирик роман ёзиш ниятида эди. Аммо кейинчалик бу фикридан қайтди. Асарни Ҳикмат-қиссага — ҳаёт ҳақидаги ҳикматга, ҳикмат-тимсолга айлантиришга уринди ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Асар чинакам ҳикматга айланди. Асар сюжети Библия ҳикматлари билан ҳамоҳанг. Балиқчига шогирд тушган боланинг исми Манолин. Бу исм Библиядаги Эммануэл, яъни Исо пайғамбар исмининг қисқарган ва замонавийлашган шаклидир. Сантяьго исми эса ўз тақдирини яратишга киришган ва шу сабабли ўз пешонасига битилганларга қарши исён қилган Библиядаги Иоковнинг испанча номланишидир.

Қария овга чиқадиган уммон бу – маънавий, руҳий дунёнинг, қолаверса, инсоният яшаётган ва ўз ризқи ҳамда ўрнини топишга уринаётган бепоён оламнинг тимсолидир. Ана шу улкан бўшлиқ ва кенглик ичида одам ўзини, ўзлигини топиши, ўз тақдирини яратиши, ўз орзусига эришиши, бу кенгликни ўзига бўйсундириши, шу ёввойилик, хаос, бўшлиқ, умидсизлик ичида Яратганнинг руҳини, Тангрининг тажассумини топа олиши ва уни ўзиники қилиши керак.

Балиқ образи биринчи қарашда фақат балиқ, аммо ҳикмат нуқтаи назардан олинса, бу образ инсоннинг ичида бўй кўрсатадиган Яратганнинг қиёфаси, Худога бўлган ишонч ва эътиқод тимсолидир. Агар инсон тириклик кенглиги ва уммонида ўзини тополмаса, унда яшашдан ва ҳаётдан ҳеч қандай маъно йўқ. Инсон ана шу бўшлиқдан, ана шу ёввойи қонунлар ҳукм сурадиган уммондан ўз улушини ажратиб олиши, беадад кенглик ва ёввойиликдан маънан, руҳан устун бўлиши, уммонни ўзининг матонати билан енгиши керак.

Сантьягони бошқалар каби майда-чуйда, фақат қорин тўйғизадиган балиқлар – кичкина улушлар қизиқтирмайди. У улкан балиқни, улкан улушни кўзлаб, овга чиққан. У парчаланган шахс бўлишни истамайди, у бутун шахс бўлиш ниятида. Шунинг учун ҳам бошқалар ҳали тутолмаган балиқни тутишга интилади. Асарнинг моҳияти ҳам шунда. Катта шахс бўлиш истаги ва машаққати ҳақида. Ва ўз кучи, матонати билангина катта балиққа – катта шахс, катта инсонга хос улушга эга бўлиш мумкинлиги тўғрисида. Улуш — маънавий уйғониш, эътиқоддаги адашишлар ва узоқ курашишлар, акула қиёфасидаги шайтоний юҳолардан сўнг, шунда ҳам фақат устихон кўринишида Сантьяго, яъни инсон ҳаётида бўй кўрсатади.

Асар бошида Сантяьго Яратганга ишонмаслигини билдиради, аммо чексиз океанда, йиртқичлар қуршовида қолганида у беихтиёр муқаддас китобдан олинган дуони ўқийди, яъни имон келтиради. Сантъго балиқнинг фақат устихонини қирғоққа олиб келади. Бироқ одамларни Яратганга ишонтириш учун шунинг ўзи етарли эди. Балиқ устихонини кўрган Манолин, яъни асардаги Исо образи энди Сантяго билан уммондан ўзликни топиш учун овга бирга чиқишини билдиради. Муҳими ҳам шу — одамнинг ўзига ва Яратганга ишончи эди. Сантьяго рўёлар уммонидан ана шу ишончни, улкан балиқни овлаб келганди. Буёғига энди янги давр бошланади. Океанда янги балиқлар пайдо бўлади, уларни овлаш учун янги авлод келади. Бу янги даврни бола Манолин бошлаб беради. Шу тариқа асарда инсониятнинг кечмиши, эътиқоди, ҳаёти ва вазифаси ҳикматга, тимсолга айланади. “Чол ва денгиз” асари кўплаб шарҳларга, талқинларга изн беради. Бироқ энг муҳими, унинг бадиий кашфиёт ва маънавий ҳикмат асар эканлигидадир.

Иккита жаҳон уруши, қирғинлар, бутун дунёни ларзага ва ваҳимага солган зулм ва зўрликлар, турғунликлар, оммавий қирғин қуроллари, инсон эркини кишанлаб ётган қамоқхоналар, лагерлар – барчаси инсонни хўрлашга, уни букишга, ундан барча нарсани тортиб олишга киришган пайтда инсон иродасига ишонч билан суғорилган бу асар чоп этилади. Ва бир неча ойда дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди ҳамда ХХ асрнинг нодир бадиий намунаси сифатида эътироф этилди.

Гарчи адибнинг ўзи “мен оддий балиқ, оддий денгиз, оддий балиқчи ва оддий бола ҳақида ёздим” деган бўлса-да, асарни турли даврларда, ҳар хил давраларда турлича шарҳлаш бошланди. Сантьяго, балиқ, бола, акула тимсоллари янгидан янги талқинларга сабаб бўлди. …

4_1.jpgNazar ESHONQUL
MЕN NIMA UCHUN YOZAMAN?
Shermurod Subhon yozib oldi
02

Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota kishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so‘ng yozuvchining «Momo ko‘shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo‘lmaydi», «Momo qo‘shiq», «Go‘ro‘g‘li», “Mendan «Men»gacha” va boshqa kitoblari nashr etilgan. Xuan Karlos Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko‘plab dunyo adabiyoti namunalarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

02

002.jpg1. Ijod o‘zi nima? Bir qarashda, ijodni, ijodkorlikni ta’riflash osonday tuyuladi. Ammo bu savolga Aristoteldan boshlab, hatto undan oldin ham javob izlangan bo‘lsa-da, hozirgacha qoniqtiradigan fikr aytilgani yo‘q. Bu haqdagi har bir fikr, qarashlar to‘g‘ri va ayni paytda to‘liq emasday. Shu sababli mening bu boradagi fikrlarim ham faqat xususiy ahamiyatga ega. Menimcha, siz nazarda tutayotgan katta ma’nodagi ijod, ijodkorlik — o‘zini o‘rab turgan olam, atrofdagi odamlar, voqealar, hodisalarni va o‘zini o‘zi o‘qiy olish salohiyatidir. Bunaqa salohiyat hammaga berilavermaydi. O‘zini o‘rab turgan olamni hamma ko‘radi, voqea-hodisalarga guvoh bo‘ladi, o‘zini har kuni ko‘zguga soladi. Lekin nari borsa, u tashqaridagi ranglarni, fasllar almashishini, o‘zining tanasidagi o‘zgarishlarni ko‘rishi, voqelikni mish-mish yo cho‘pchak shaklida qabul qilishi mumkin, lekin o‘ziga, o‘sha arzimasday ko‘ringan voqea-hodisalarga yashiringan yoki har kuni ko‘rib o‘rgangan ko‘z oldidagi dunyoga bitilgan hikmatlarni, badiiylikni, ma’noni o‘qiy olmaydi.

Aslida bizni o‘rab turgan olam ham, biz bilan birga yashayotgan odamlar ham va o‘zimiz ham yashash, xulosa qilish, saboq olish, anglash va hushyor tortish uchun abadiyat lahzalariga bitilgan bir kitobmiz: bu kitobni, uning ichini o‘qish, anglash, his etish va o‘qiganlarini boshqalarga yetkazish esa faqat ijodkorning, san’atkorning qo‘lidan keladi («san’atkor» deganda to‘yga, ommaviy tomoshalarga xizmat qilayotganlarni nazarda tutmadim). Ijodkorlik ana shu ulkan va abad-azal yozuvlari muhrlangan kitobni o‘qiy olish, o‘qiganlarini boshqalarga yetkaza olish degani. «O‘qiganlarini» rassom bo‘yoklar bilan, bastakor ohang bilan, shoir va yozuvchi so‘z bilan yetkazadi. Qanchalik balandparvozday tuyulmasin, ijodkorlikni men shunday tushunaman.

O‘zini garchi ijodkor sanasa-da, kimki, ana shu kitobni o‘qishga qodir emas ekan, u ijodkor emas, u shunchaki ijodkorga taqpidchi. U o‘zini asl Ma’noni o‘qiyotganday qilib ko‘rsatayotgan taqlidchi. Ijodkorlik asl Ma’noni uqiy olish va ooshqalarga yetkaza olish degani. Aynan shuning uchun ham ijod ilohiyatga daxldorlikdir.

Ijodkor o‘zini o‘rab turgan olamdan, o‘zi yashayotgan muhitdan, atrofidagi odamlardan, o‘zining ko‘nglidan, ruhidan «o‘qigan»larini boshqalarga yetkazish uchun yozadi. Siz aytgan «qo‘lga qalam tutqazish omili» ana shu deb o‘ylayman.

Har bir davrning o‘z bitigi bor. Uni o‘qish, uqish va yozish ijodkorlikdir. Kiyimlar, qurollar, badiiy vositalar, shiorlar, odatlar, urflar davrlar o‘tishi bilan eskiradi, ammo ezgulik va yovuzlik, go‘zallik va xunuklik, ulug‘lik va tubanlik, ya’ni dastlabki badiiy asarlar ta’riflagan Rahmon va Shayton o‘rtasidagi kurash mavzusi eskirmaydi. Bu kurash jarayoni shaklini, qiyofasini o‘zgartirib, davrga moslashib, davr talab qilgan ko‘rinishlarga o‘tib turadi, xolos. Inson ko‘nglida ezgulikka, go‘zallikka, yaratuvchanlikka, shafqatga, mehrga, muhabbatga ehtiyoj turar ekan va bularga qarshi xavf-xatar bor ekan, ijodkorga ish topiladi.

Birinchisi kabi oxirgi ijod namunasi ham xuddi Rahmon va Shayton haqida bo‘ladi deb o‘ylayman…

2. Asar bitish ijodkor uchun o‘z ko‘nglida dunyoni, olamni qayta yaratishday mashaqqatli jarayon. Ehtimol, Parvardigori olam dunyoni, tiriklikni, koinotni yaratishdagi qudratni, ulug‘vorlikni, mashaqqat va zalvorni, maqsad va zavqni, tugallik va mukammallikni inson ozgina bo‘lsa ham tuysin deb uning ruhiga ijodkorlikni kiritib qo‘ygandir? Har qalay, ijodkorlik men uchun iloh bilan bog‘lanish, uni tuyish, zavq olish va unga tomon yuksalib, mukammallikka intilish, Yaratganning yaratganlariga taqlid qilish bo‘lib tuyuladi. Asar bitish ana shu hislarni boshdan kechirish degani. Uning mashaqqati ham, zavqi ham shu yerda. Shu sababli «menda shunday sodir bo‘ladi» deyish menga erish tuyuladi. Yozish jarayoni qanday kechganini har bir asarning o‘zi aytib turadi. Asar qanday yozilganini bilish uchun asarning o‘zini sinchiklab o‘qish kifoya. Do‘konlardagi ayrim ommabop «asarlar»ni bir ko‘zdan kechiring, ikki sahifa o‘qimasdan, qanday yozilganini, necha pulga arzishini bilib olasiz. Bunday asarlarga qiziqish ayrimlarimizning kitobxonlik saviyamizni ko‘rsatib turibdi.

Z.Hyugo haq: har bir ijodkor asarda, eng avvalo, o‘zini aks ettiradi. Chunki olam ham, odam ham ijodkorning o‘zida akslanadi. Ijodkor ana shu o‘zida akslanayotgan dunyoni o‘zining bilimi, saviyasi, maqsadidan kelib chiqib, boshqalarga ham yetkazadi.

G‘oyaviy-badiiy missiya baribir ijodkorning saviyasi, didi, maqsadining hosilasi o‘laroq namoyon bo‘ladi. Lekin shunday bo‘lsa-da, ijodkorning bitta missiyasi bor: u ham bo‘lsa, ezgulikni, go‘zallikni, shafqatni, mehrni, insonning ko‘nglini himoya qilishdir. Unga shu vazifa yuklangan va u bularni himoya qilishga majbur. Ezgulik va gumanizmga yot bo‘lgan barcha g‘oyalar, missiyalar, yozuvlar, bitiklar ijodkorlik emas, ijod namunasi emas. Ijod hissi, ijod zavqi insonga insonni, ezgulikni, imonni himoya qilish, asrab-avaylash, kamol toptirish uchun berilgan. Ijod nomi bilan boshqa maqsadga xizmat qilish — ijodkorlikka xiyonat qilishdan boshqa narsa emas.

Har qanday asarda ijodkorning o‘zi, «meni» bo‘y ko‘rsatib turadi. Ijodkorlik shunday ko‘zguki, ayrim hollarda muallif yozganlarini qanchalik bejamasin, jimjimalashtirmasin, har xil badiiy o‘yinlar ortiga yashirmasin, qay maqsadda dunyoga kelganini, ortida nima maqsad turganini, hatgo qalamkashning arzimas g‘arazi-yu, adabiy satangligigacha, saviya-savodi-yu, o‘zida yo‘q narsani ko‘rsataman deb chiranishigacha asarning o‘zi aytib, fosh qilib turadi. Xohlagan asarni sinchiklab o‘qing, unda ijodkorning o‘zini, qiyofasini, yashirin botinini ko‘rasiz. Adabiy asar faqat boshqalarni emas, uni dunyoga keltirgan shaxsning o‘zini ham fosh qiluvchi adabiy hujjatdir.

Nazar Eshonqul. «Mendan ‘Men’gacha» to’plamidan — XDK by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 466, bugungi 1)

4 izoh

  1. Улкан ва қимматли фикрлар учун адибга ташаккур айтаман. Менга, айниқса, Камю ва исён ҳақидагиси ёқди.
    Сарлавҳадаги «ь» белгиси тушиб қолибди, шуни тўғрилаб қўйинглар.

  2. Назар Эшонқулни кучли ёзувчи деб биламан. Аллақандай сирли, сеҳрли ҳикоялари менинг ёдимда қолган. Айниқса, «Шаҳар» деб номланган ҳикояси…
    Ёзувчимизни 60 ёши билан самимий қутлаб, ижодида улкан ютуқлар тилайман.

Izoh qoldiring