Ne’mat Aminov. «Bir asr hikoyati»dan

01117 июль – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов таваллуд топган кун

  Бухоронинг олис Ромитан туманида туғилиб, темирчи отаси билан навбатма-навбат сандонга болға урган бу болада истеъдод қайдан пайдо бўлди? Шу пайтгача китобларимизга кирмаган турли-туман қиёфаларни у қайда кўрган? Улар тилидан айтиладиган, ҳалигача биз билмаган ибораларни у кимлардан эшитган?
Уста Аминнинг дўкони олди жуда гавжум бўларди. Узоқ қишлоқлардан отига, эшагига тақа қоқтиргани, ўроқ, кетмон, капгир, теша харид қилгани келадиганларнинг кети узилмасди. Илондек вишиллаб ёнаётган кўм- кўк аланга тепасига осиб қўйилган, эртаю кеч вақирлаб қайнаб турадиган қумғон чойига мазахўрак бўлганлар дўкон олдида давра қуриб, гурунг қилардилар. Тақа қоқтириш ва ёки ўроқ харид қилиш баҳонаю, асли ниятлари доно Уста бобо ҳикояларини тинглаш эди. Уста бобо болғанинг бирини шогирдига, бирини ўғли Неъматга бериб ўзи даврага келиб қўшиларди.

“Тарақа-туруқ, жаранг-журунг» товушлари остида бир гурунг бўларди денг. Уста бобо хат танимаган, китоб кўрмаган бўлса ҳам шундай ривоятларни айтардики, мадраса кўрганлар ҳам бу билағон чолга ҳайрат билан қарардилар.  Унинг ҳикоялари афсона эмас, эртак ҳам эмас. Узоқ умр кўрган кишининг ўзи кўрган, бошидан ўтказган воқелар эди. Унинг ҳар бир ҳикояси қисса ёки романга тенг эди.| Бу гаплар муболаға эмас, айни ҳақиқатдир.

Генетика деган фан бор. У наслдан-наслга ўтувчи хусусиятларни текширади. Неъмат Аминовга ҳам ижодкорлик хусусиятлари отасидан ўтгани шубҳасиздир.  (Саид Аҳмаднинг «3001 — суварак» номли мақоласидан).

 

НЕЪМАТ АМИНОВ
БИР АСР ҲИКОЯТИ
ЁКИ ТЕМИРЧИДАН ҚОЛГАН ТИЛЛОЛАР

05

079Ҳажвий адабиётимизнинг йирик ва истеъдодли вакили Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида, темирчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил кўрган (1954-1959).  Меҳнат фаолиятини Бухоро вилояти радиоэшиттириш қўмитасида мухбирликдан бошлаган. 1973 йилда Тошкентда – «Муштум» журналига (Адибнинг дастлабки ҳажвияси 1965 йилда «Устоз, аълам» номи билан айни шу журналда босилиб чиққан) ишга таклиф этилади ва 1985 йилгача шу журналда масъул котиб бўлиб ишлайди. 1989 йилда «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажаради, сўнг «Муштум» журналига бошчилик қилади, республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик марказини бошқаради.
Адибнинг биринчи ҳикоялар тўплами – «Икки пуллик обрў», кейин эса «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1977), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама ёрим» (1988), «Чол боланинг эртаклари» (1990) китоблари босилиб чиқди.
Неъмат Аминов ҳақида гапирганда, унинг «Ёлғончи фаришталар» (1976-1984) деб номланган йирик сатирик асари биринчи бўлиб тилга олинади. Асар яхлит бир мақсадга қаратилган «Елвизак» ва «Суварак» қиссаларидан иборат. Неъмат Аминов «Ёлғончи фаришталар» китоби учун 1987 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофотига сазовор бўлган.
Унинг сўнгги «Бир аср ҳикояти» асари ўзининг ибратомуз ҳикоятлари билан замондошлар дунёқарашини шакллантиришда, маънавиятини кўтаришда аҳамият касб этади. Неъмат Аминовнинг ҳикоялари поляк, болгар, румин, чех, рус, украин, белорус, тожик, туркман, озарбойжон, грузин, қолмиқ, шунингдек, мўғул, афғон, уйғур, урду тилларида ҳам босилган. Адиб ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари учун «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонига сазовор бўлган (1992).
Неъмат Аминов 2005 йил 18 октябрда вафот этган.

05

—  Отахон, мана, тўқсон олти ёшга кирибсиз, сизнингча, узоқ яшашнинг сири нимада?
—  Нима дейди?
—  Узоқ яшашнинг сири нимада, деб сўраяптилар.
—  Ҳа-а… сирини билмайман. Парвардигор мани йўқ жойдан бунёд этди: қўл берди, оёқ берди, кўз берди, қулоқ берди, ризқу рўз берди, покдомон хотин насиб этди, ақли комил фарзандларни берди. Бир умр шукр қилиб яшадим. Узоқ умр берди, унинг сирини ҳам ўзи билади-да, мухбир бачам. Энг олий сирдон Яратганнинг ўзи.

* * *

Тўқсон олтига кирдим. Кўзим хира, қулоғим эшитмайди, оёкларимда дармон йўқ. Билмадим, бир куни қарисам, нима бўларканман?

* * *

— Неъмат!
— Лаббай, ота?
— Нечага кирдинг?
— Эллик бешга.

— Она қорни билан эллик олтига-да? Демак, камида эллик йиллик гапни ақлинг олса керак. Энди айт-чи, мани бирор марта арақ ичганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Ёмон йўлга юрганимни ёки бировни ҳақини еганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Унда нега арақ ичасан?

— Кўп ичмайман-ку, ота… Энди, кеча меҳмонлар билан жиндай…
— Худою пайғамбар ҳаром қилган нарсани нега ичасан? Ахир, арақнинг ўзи кўзачага қамалган жин-ку! Яна жиндай дейди-я…

* * *

Бодом гуллади, шафтолию зардоли гуллади, олма гуллаб ҳосил тугди, сан қачон гуллайсан, Болта? Ахир, сан тенгиларнинг кўпчилиги бола етаклаб юрибди…

* * *

Эсингда бўлсин, кўпам «Э, худо», «Э, Оллоҳ» дейишга одатланма. «Э» да иддао бор. Парвардигорга зурна қилмоқчи бўлсанг «Ё, худо!», «Ё, Оллоҳ!» де. Шуниси тузукроқ…

* * *

Бу дунёга келиб, уч нарсадан ҳазар қилдим: биринчиси — тилло, иккинчиси—милтиғу таппонча, учунчиси—қадаҳ. Шу учаласини қўлимга олмадим.

* * *

Темирчи бўлиб пичоқ ясамадим, қурол ясамадим. Ўроғу кашкорд ясадим— одамлар буғдой ўрсин деб. Кетмону бел пешладим — деҳқонлар ариқ қазиб, сув тарасин деб. Кў-ўп капгир ясадим. Яна-чи, асов отларни тақаладим — жониворларнинг туёққиналари оғримасин, деб.

* * *

— Усто бобо, қулоғингиз оғирми, дейман?
— Йўқ, жўра, кар!

* * *

Бир бола йиғлаб турган эди, бориб юпатмоқчи бўлдим.
— Ҳа,нима бўлди?
— Онам урди!
— Тўхта, қаёққа кетаяпсан?
— Онамга! — деди бола.
Кўрдингларми, урсаям, сўксаям, бу дунёда ҳар кимнинг онаси бўлсин экан.

* * *

— Неъмат, бу, сан гапирган кишилар қўл остингда, а ишлайдими?
— Ҳа.
— Санга бир гапни айтаман. Эсингда тут. Бошлиқ деган ўз жамоасининг кўрпаси бўлиши керак. Яхшисини ҳам, ёмонини ҳам кўрпа бўлиб устини ёпсин. Наинки ҳаммага достон қилиб юрса?

* * *

— Командирофкага нима иш билан келдинг?
— Шофирконда уч хотинли бир киши бор эмиш, шу ҳақида фельетон ёзиш керак экан.
— Ёзма! Нима қиласан у шўрликни яна шарманда қилиб? Худо ўзи жазосини бериб қўйибди-ку! Ўйлаёпсанми уч хотиннинг ғиш-ғишасини…

* * *

Тавба, тиш бўлганда гўшт бўлмаса, гўшт бўлганда — тиш.

* * *

Ҳаво булут бўлса, икки киши гуноҳкор бўларкан.Чунки биттаси: «Ёмғир ёғади», деса, иккинчиси: Йўқ, ёмғир ёғмайди», дейди. Гумроҳ бандалар-да, «Худо билади”,деса-ку бўлади.

* * *

Юзма-юз келганда сандан аттайи салом кутган такаббур кишига албатта салом бер, бир еринг камайиб қолмайди.

* * *

Зинҳор бу ёлғончи дунёда ўликдан жон, гадойдан садақа, хасисдан насиба, товуқдан сут сўраманглар.

045

    Buxoroning olis Romitan tumanida tug’ilib, temirchi otasi bilan navbatma-navbat sandonga bolg’a urgan bu bolada is te’dod qaydan paydo bo’ldi? Shu paytgacha kitoblarimizga kirmagan turli-tuman qiyofalarni u qayda ko’rgan? Ular tilidan aytiladigan, haligacha biz bilmagan iboralarni u kimlardan eshitgan?
Usta Aminning do’koni oldi juda gavjum bo’lardiUzoq qishloqlardan otiga, eshagiga taqa qoqgirgani, o’roq, ketmon, kapgir, tesha xarid qilgani keladiganlarning keti uzilmasdi. Ilondek vishillab yonayotgan ko’m- ko’k alanga tepasiga osib qo’yilgan, ertayu kech vaqirlab qaynab turadigan qumg’on choyiga mazaxo’rak bo’lganlar do’kon oldida davra qurib, gurung qilardilar. Taqa qoqtirish va yoki o’roq xarid qilish bahonayu, asli niyatlari dono Usta bobo hikoyalarini tinglash edi. Usta bobo bolg’aning birini shogirdiga, birini o’g’li Ne’matga berib o’zi davraga kelib qo’shilardi.
“Taraqa-turuq, jarang-jurung» tovushlari ostida bir gurung bo’lardi deng. Usta bobo xat tanimagan, kitob ko’rmagan bo’lsa ham shunday rivoyatlarni aytardiki, madrasa ko’rganlar ham bu bilag’on cholga hayrat bilan qarardilar.Uning hikoyalari afsona emas, ertak ham emas. Uzoq umr ko’rgan kishining o’zi ko’rgan, boshidan o’tkazgan voqelar edi. Uning har bir hikoyasi qissa yoki romanga teng edi.| Bu gaplar mubolag’a emas, ayni haqiqatdir.
Genetika degan fan bor. U nasldan-naslga o’tuvchi xususiyatlarni tekshiradi. Ne’mat Aminovga ham ijodkorlik xususiyatlari otasidan o’tgani shubhasizdir.(Said Ahmadning «3001 — suvarak» nomli maqolasidan).

 

NE’MAT AMINOV
BIR ASR HIKOYATI
YOKI TEMIRCHIDAN QOLGAN TILLOLAR

07

011Hajviy adabiyotimizning yirik va iste’dodli vakili Ne’mat Aminov 1937 yil 17 iyulda Buxoro viloyatining Romitan tumanida, temirchi oilasida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatgandan so’ng Fayzulla Xo’jaev nomidagi Buxoro pedagogika institutining tarix-filologiya fakul`tetida tahsil ko’rgan (1954-1959). Mehnat faoliyatini Buxoro viloyati radioeshittirish qo’mitasida muxbirlikdan boshlagan. 1973 yilda Toshkentda – «Mushtum» jurnaliga (Adibning dastlabki hajviyasi 1965 yilda «Ustoz, a’lam» nomi bilan ayni shu jurnalda bosilib chiqqan) ishga taklif etiladi va 1985 yilgacha shu jurnalda mas’ul kotib bo’lib ishlaydi. 1989 yilda «Sharq yulduzi» jurnalida bosh muharrir o’rinbosari vazifasini bajaradi, so’ng «Mushtum» jurnaliga boshchilik qiladi, respublika «Ma’naviyat va ma’rifat» jamoatchilik markazini boshqaradi.
Adibning birinchi hikoyalar to’plami – «Ikki pullik obro’», keyin esa «Qirq uchinchi pochcha» (1970), «Labihovuz xandalari» (1977), «Chinorlar qo’shig’i» (1984), «Yelkasiz polvon» (1986), «O’g’ri mushukcha» (1987), «Qahqaha» (1987), «Yallama yorim» (1988), «Chol bolaning ertaklari» (1990) kitoblari bosilib chiqdi.Ne’mat Aminov haqida gapirganda, uning «Yolg’onchi farishtalar» (1976-1984) deb nomlangan yirik satirik asari birinchi bo’lib tilga olinadi. Asar yaxlit bir maqsadga qaratilgan «Yelvizak» va «Suvarak» qissalaridan iborat. Ne’mat Aminov «Yolg’onchi farishtalar» kitobi uchun 1987 yilda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Oybek nomidagi yillik mukofotiga sazovor bo’lgan.Uning so’nggi «Bir asr hikoyati» asari o’zining ibratomuz hikoyatlari bilan zamondoshlar dunyoqarashini shakllantirishda, ma’naviyatini ko’tarishda ahamiyat kasb etadi. Ne’mat Aminovning hikoyalari polyak, bolgar, rumin, chex, rus, ukrain, belorus, tojik, turkman, ozarboyjon, gruzin, qolmiq, shuningdek, mo’g’ul, afg’on,
uyg’ur, urdu tillarida ham bosilgan. Adib o’zbek adabiyotini rivojlantirishdagi xizmatlari uchun «O’zbekiston xalq yozuvchisi» unvoniga sazovor bo’lgan (1992).
Ne’mat Aminov 2005 yil 18 oktyabrda vafot etgan.

07

— Otaxon, mana, to’qson olti yoshga kiribsiz, sizningcha, uzoq yashashning siri nimada?
— Nima deydi?
— Uzoq yashashning siri nimada, deb so’rayaptilar.
— Ha-a… sirini bilmayman. Parvardigor mani yo’q joydan bunyod etdi: qo’l berdi, oyoq berdi, ko’z berdi, quloq berdi, rizqu ro’z berdi, pokdomon xotin nasib etdi, aqli komil farzandlarni berdi. Bir umr shukr qilib yashadim. Uzoq umr berdi, uning sirini ham o’zi biladi-da, muxbir bacham. Eng oliy sirdon Yaratganning o’zi.

* * *

To’qson oltiga kirdim. Ko’zim xira, qulog’im eshitmaydi, oyoklarimda darmon yo’q. Bilmadim, bir kuni qarisam, nima bo’larkanman?

* * *

— Ne’mat!
— Labbay, ota?
— Nechaga kirding?
— Ellik beshga.
— Ona qorni bilan ellik oltiga-da? Demak, kamida ellik yillik gapni aqling olsa kerak. Endi ayt-chi, mani biror marta araq ichganimni ko’rganmisan?
— Yo’q.
— Yomon yo’lga yurganimni yoki birovni haqini yeganimni ko’rganmisan?
— Yo’q.
— Unda nega araq ichasan?
— Ko’p ichmayman-ku, ota… Endi, kecha mehmonlar bilan jinday…
— Xudoyu payg’ambar harom qilgan narsani nega ichasan? Axir, araqning o’zi ko’zachaga qamalgan jin-ku! Yana jinday deydi-ya…

* * *

Bodom gulladi, shaftoliyu zardoli gulladi, olma gullab hosil tugdi, san qachon gullaysan, Bolta? Axir, san tengilarning ko’pchiligi bola yetaklab yuribdi…

* * *

Esingda bo’lsin, ko’pam «E, xudo», «E, Olloh» deyishga odatlanma. «E» da iddao bor. Parvardigorga zurna qilmoqchi bo’lsang «YO, xudo!», «YO, Olloh!» de. Shunisi tuzukroq…

* * *

Bu dunyoga kelib, uch narsadan hazar qildim: birinchisi — tillo, ikkinchisi—miltig’u tapponcha, uchunchisi—qadah. Shu uchalasini qo’limga olmadim.

* * *

Temirchi bo’lib pichoq yasamadim, qurol yasamadim. O’rog’u kashkord yasadim— odamlar bug’doy o’rsin deb. Ketmonu bel peshladim — dehqonlar ariq qazib, suv tarasin deb. Ko’-o’p kapgir yasadim. Yana-chi, asov otlarni taqaladim — jonivorlarning tuyoqqinalari og’rimasin, deb.

* * *

— Usto bobo, qulog’ingiz og’irmi, deyman?
— Yo’q, jo’ra, kar!

* * *

Bir bola yig’lab turgan edi, borib yupatmoqchi bo’ldim.
— Ha,nima bo’ldi?
— Onam urdi!
— To’xta, qayoqqa ketayapsan?
— Onamga! — dedi bola.
Ko’rdinglarmi, ursayam, so’ksayam, bu dunyoda har kimning onasi bo’lsin ekan.

* * *

— Ne’mat, bu, san gapirgan kishilar qo’l ostingda, a ishlaydimi?
— Ha.
— Sanga bir gapni aytaman. Esingda tut. Boshliq degan o’z jamoasining ko’rpasi bo’lishi kerak. Yaxshisini ham, yomonini ham ko’rpa bo’lib ustini yopsin. Nainki hammaga doston qilib yursa?

* * *

— Komandirofkaga nima ish bilan kelding?
— Shofirkonda uch xotinli bir kishi bor emish, shu haqida fel`eton yozish kerak ekan.
— Yozma! Nima qilasan u sho’rlikni yana sharmanda qilib? Xudo o’zi jazosini berib qo’yibdi-ku! O’ylayopsanmi uch xotinning g’ish-g’ishasini…

* * *

Tavba, tish bo’lganda go’sht bo’lmasa, go’sht bo’lganda — tish.

* * *

Havo bulut bo’lsa, ikki kishi gunohkor bo’larkan.Chunki bittasi: «Yomg’ir yog’adi», desa, ikkinchisi: Yo’q, yomg’ir yog’maydi», deydi. Gumroh bandalar-da, «Xudo biladi”,desa-ku bo’ladi.

* * *

Yuzma-yuz kelganda sandan attayi salom kutgan takabbur kishiga albatta salom ber, bir yering kamayib qolmaydi.

* * *

Zinhor bu yolg’onchi dunyoda o’likdan jon, gadoydan sadaqa, xasisdan nasiba, tovuqdan sut so’ramanglar.

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 619, bugungi 1)

Izoh qoldiring