Nodira. Devon & Iqboloy Adizova. Yuksak kamolot kuychisi.

0021
31 май – Ўзбек шоираси Нодира (Моҳларойим) (1792-1842) таваллуд топган кун.

Етук шоира, ноёб истеъдод соҳибаси Нодирабегимдан ўн минг мисрага яқин шеърий мерос қолиб, девонларининг бир неча қўлёзма нусхалари орқали бизгача етиб келган. Нодира – зуллисонайн шоира. У ўз асарларини икки тилда, ўзбек ва форс-тожик тилларида яратган.

06
ЮКСАК КАМОЛОТ КУЙЧИСИ
Иқболой Адизова
07

03Етук шоира, ноёб истеъдод соҳибаси Нодирабегим 1792 йилда Андижон ҳокими Раҳмонқулибий оиласида дунёга келди. Асл исми Моҳларойим. Қўқон хони амир Умархонга турмушга чиқиб, 1810 йилдан бошлаб Қўқонда умр кечиради. Халқ орасида уларнинг ибратли ҳаёти, ижодкорлар оиласи сифатидаги юксак маънавий муносабатлари ҳақида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган.

1822 йилда амир Умархон – шоиранинг Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган турмуш ўртоғи вафот этгач, у 14 ёшли ўғли Муҳаммадалихон билан биргаликда Қўқон хонлигини бошқара бошлайди. Нодира оқила, доно ва тадбиркор аёл эди. Мадраса, масжид, ҳаммом, карвонсаройлар қурдиради. Илм аҳлига раҳнамолик, фақирларга ҳомийлик қилади. Жамият тараққиётида адабиёт, санъат, илм ва маданиятнинг ўрнини тўғри белгилайди. Кўплаб ноёб китобларни кўчиртириб, омманинг маънавий дунёсини бойитишга эътибор қаратади. Шоиранинг бу борадаги хизматлари беқиёс.

Нодиранинг сиёсий ва адабий фаолиятига ўзига замондош алломалар юксак баҳо беришган. Жуда кўплаб тарихий, бадиий асарларда у ҳақда маълумотлар етиб келган. Айниқса, Увайсийнинг “Воқеоти Муҳаммадалихон” ва Нодирнинг “Ҳафт гулшан” номли достонларида шоиранинг ижодкор, давлат арбоби ва оддий ўзбек аёли сифатидаги қиёфаси қисқагина парчадаёқ муфассал ёритиб берилган:

Ҳама бошдин аёғи эрди идрок,
Жаҳон ичра анингдек келмагай пок.

Агар ҳар ишни ул этса ирода,
Карам бобида юз эрдин зиёда.

Анингдек келмагай даҳр ичра ойим,
Анинг кўнгли саховат ичра доим.

Жаҳон гулзорида андоғ сифатлик,
Топилмас хотун ичра оқибатлик.

Нодирадан ўн минг мисрага яқин шеърий мерос қолиб, девонларининг бир неча қўлёзма нусхалари орқали бизгача етиб келган. Нодира – зуллисонайн шоира. У ўз асарларини икки тилда, ўзбек ва форс-тожик тилларида яратган.

Шоира мумтоз адабиётимиздаги ғазал, мухаммас, рубоий, фард каби кўплаб жанрларда ижод қилган. Навоий, Фузулий, Бедилни ўзига устоз деб билган. Уларнинг асарларидан таъсирланган, ижод сирларини ўрганган. Асарларига кўплаб мухаммаслар боғлаб, устозлари фикру ғояларини ривожлантирган.Нодира умр йўлдоши Амир Умархонни ҳам ўзига устоз деб билган. Камтаринлик билан шеър ёзиш сиру услубини ундан ўрганиб, назм салтанатига қадам қўйганлигини эътироф этади: “Мен ҳам алар мутобаатида назм услубидин баҳра топиб “Ас- суҳбату муассиратун” натижаси бирла кам-кам шеър қонунидин хабардор бўлур, гоҳо бирор мисра ва гоҳо бирор байт тақлид бирла айтур эрдим”.

Нодира – ишқ ва вафо куйчиси. Ҳамфикр устози Умархоннинг фожиали вафоти шоира кўнглига, ҳаётига катта зарба бўлди. Унинг шеъриятида маҳзунлик кучайди. Шеърлари ғамгин изтироблар, мунгли наволар ифодасига айланди. Аммо Нодира шеъриятини фақат Саййид Умархондан айрилиқ изҳорлари деб баҳоласак, бирёқлама тушунган бўламиз. Чунки шоира шеъриятининг илдизи чуқур. Маъно-моҳияти жуда теран.

Фироқ ғамида ёлғизланган кўнгил бир ғамгусорга эҳтиёж сезади. Ана шу эҳтиёж шоира шеъриятини тафаккурнинг юқори босқичига кўтаради. Яъни, ҳаётий заминдаги ошиқлик илоҳий ишқ сари юксалиб боради. Нодира замонасида мажозий ишқни куйлаш ҳам, ҳақиқий муҳаббатни васф этиш ҳам аёл киши учун осон бўлмаган. Мана бу оташин байт шундан нишона:

Манъи муҳаббат на қилурсан менга,
Рамзи ҳақиқат эрур ишқи мажоз.

Шоира юраги турли маломатлардан куюниб, “эй замондош, менга муҳаббат навосини маън этма. Ахир, Ҳақ ишқини куйлашим учун бу дунё ишқи фақат рамзу тимсолдир, холос”, дея надомат чекади.

Шоира наздида илоҳий ишқ инсонни камолотга етаклайди. Ундан бехабарлик эса тубанликка элтади. Эзгу фазилатлардан маҳрум этади:

Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,
Гар одамсан – муҳаббат ихтиёр эт.

Нодира ижодида, айниқса, юксак эътиқод ифодасининг мукаммал тасвирига дуч келамиз. У шариат талаблари ва амалиётига шоирона теран тафаккур мезонидан туриб муносабатда бўлади:

Кўнгилни хоби ғафлатдин даме бе дор қил, ё раб,
Оқорғон кўзларимни маҳрами дийдор қил, ё раб.

Инсон ҳаёти ҳамиша қарама- қаршиликлар исканжасида кечади. Кўнгил хоҳишлари, мақсадлари турлича бўлган кишиларнинг дунёқараши ўзаро тўқнашади. Нодира шеъриятида ҳам бепарво, такаббур замондошлари зарбаларидан захмдор дил нолалари эшитилади. Шоира лоқайд, ошиқликнинг файзосор муждаларидан бебаҳра, бепарво кимсалар мавжудлигидан таассуфлар чекади. Бундайлар билан ҳамқадам бўлиш туйғуларни ўлдириши, руҳни қашшоқ этишидан куйинади:

Бевафолар меҳрини тарк айла, эй шайдо кўнгул,
Йўқса бу йўлда алингда ҳар на вор алдин кетар.

Нодира ана шундай замондошлари кўнглига дунё, ҳаётнинг моҳияти борасидаги ўзи англаб етган ҳақиқатларни сингдиришга эҳтиёж сезади. Уларни ҳаёт неъматларини ғанимат билишга, ундан баҳраманд бўлишга даъват этади. Олам ва одамнинг мазмуни, бир-бирига муносабати хусусидаги фалсафий хулосаларни ошкор этади. Натижада, асарлари теран мазмунли ирфоний мактаб даражасига кўтарилади.

Қадим-қадимдан намозга ўзликни ва кўнгилни покловчи муқаддас восита сифатида эҳтиром билан қаралган. Нодира бир ғазалида намоз туфайли муқаддас мартабага эришишни орзулаган эди:

Нодира, жоми муҳаббатни лабо-лаб ичибон,
Мастлиқ бирла қилай ишқ намозини адо.

“Жоми муҳаббатни ичиш ва мастлик билан ишқ намозини адо этиш…” Бу ўз вужудини, ўзлигини буткул унутиб, бехудлик ва сархушлик ила Оллоҳ билан суҳбат қуриш мартабасини орзулашдир.

Тасаввуф – бу инсоннинг ўзини таниши орқали Оллоҳни таниш ва севиш илмидир. У “Инсоннинг ички олами, яъни ботинини тадқиқ этувчи илмдир”*. Инсон умри тадрижи икки қарама-қарши қутб – эзгулик ва ёвузликнинг курашидан иборат. Тасаввуф таълимотининг моҳияти одамзодга ўз вужудида мавжуд нафсоний интилишларни фош этиш, уларни енгиш йўлларини кўрсатиш, руҳидаги илоҳий фазилатларни уйғотиш, тараққий топтиришдан иборатдир. Чунки инсоннинг яшашдан бош мақсади илоҳийлашиш, асл моҳиятга етишдир. Бунинг йўли эса битта – ўзини енгиш, ўзидан ўтиш ва ўзига етиш.

Бу борада “Насойим ул-муҳаббат”да келтирилган Боязид Бистомийнинг хулосаси ибратлидир: “…Боязид дедики, Оллоҳ таолони туш кўрдум, сўрдумки, бор худоё, йўл санга не навъдур? Дедиким, ўзунгдин ўттунг, еттинг”**.

Нодиранинг ҳам висолга етиш йўли борасидаги қарашлари ана шундай улуғ алломалар нуқтаи назарига мутаносиб:

Васлин топмоғи ўзлук била не мумкиндур,
Етмагай анга, агар кимса ўзин гум қилмаса.

Нодира шеъриятидан кўринадики, шоиранинг фалсафий дунёқараши ва эътиқоди асарларидаги ирфоний, маърифий хулосаларига, тасаввуфий ғояларнинг равнақига асос бўлган. Шоира меросидаги ахлоқий-фалсафий хулосаларнинг маърифий аҳамиятини таъминлаган. Унинг донишманд, ориф бир сиймо даражасига кўтарилишига ҳаётий замин яратган.

Нодира шеърияти мазмун жиҳатдан ҳам, бадиийлик жиҳатидан ҳам баркамол асарлардир. У қарашларини ўзига хос янгича топилмалар, қиёслар билан ифодалайди. Кузатишларига аёлларга хос нозиклик ва синчковлик билан муқоясалар топа олади. Натижада, тазод, тажоҳул ул-ориф, талмеҳ, ҳусни таълил, ташбеҳ каби бадиий санъатлар билан музайян янгича талқинлар, янгича образлар, янгича ифодалар яратишга эришади.
Кўринадики, Нодира лирик қаҳрамони ислом софлиги ва тасаввуф равнақи йўлида жонфидолик кўрсатган. Миллат, ватан тақдири, келажаги учун қайғурган. Шунинг учун унинг самимий туйғулар тасвиридан иборат асарлари бугунги кунимиз учун ҳам ардоқли ва муҳимдир.

——————————————
* Н.Комилов. Тасаввуф 2-китоб. Т., 1999, 194-б.
** Алишер Навоий. Асарлар, 15 томлик, 15-том, 79-б.

Манба: “Жаҳон адабиёти”, 2013, № 12

015
Нодира
ҒАЗАЛЛАР
09

* * *

Васл ўйин обод қилдим, бузди ҳижрон оқибат
Сели ғамдин бу иморат бўлди вайрон оқибат

Қилди чоки пираҳан доғи дилимни ошкор,
Қолмади кўнглимда захми ишқ пинҳон оқибат.

Аҳду паймонлар қилиб эрди, вафо қилғум дебои,
Айлади тарки вафо ул аҳди ялғон оқибат.

Орзу қилдим тутармен деб висоли доманин,
Пора бўлди ҳажр илгида гирибон оқибат.

Зоҳидо, ишқу муҳаббат аҳлини маъзур тут,
Ёр кўйида на бўлди шайх Санъон оқибат.

Баски қон бўлди юрогим гавҳари ашк ўрниға,
Қатра-қатра кўзларимдин томди маржон оқибат.

Оҳким бўлди яна субҳи нашотим шоми ғам,
Чеҳра пинҳон этти ул хуршиди тобон оқибат.

Гарчи бор эрди мусаххар девлар фармонида,
Поймоли хайли мўр ўлди Сулаймон оқибат.

Нодира, булбул каби то нола иншо айладим,

ТУШИМДА КЎРСАМ ЭДИ

Нигори гулбаданимни тушумда кўрсам эди,
Лаби шакаршиканимни тушумда кўрсам эди.

Кўз очмайин ғамида рўзғорим ўтқучидур,
Ки ёри сиймтанимни тушумда кўрсам эди.

Чу даври роҳатим ўтти зиҳи саодат эди,
Муроди жону танимни тушумда кўрсам эди.

Ғамида шона каби чок-чокдур кўнглим,
Ки, кокили Хўтанимни тушумда кўрсам эди.

Юзи гулу қади шамшод, кўзлари наргис,
Баҳори ёсуманимни тушумда кўрсам эди.

Жафои ҳажр била кўксуми нигор қилай,
Нигоҳи сеҳр фанимни тушумда кўрсам эди.

Лабимға келди анинг васлини тилаб жоним,
Бало ўти фиганимни тушумда кўрсам эди.

Ҳамиша булбули табъим фиғону зор этар,
Ки,орази чаманимни тушумда кўрсам эди.

Фироқи Нодира кўнглумға доғлар қўйди,
Амири сафшиканимни тушумда кўрсам эди

* * *

Фарҳод агар урса менга лофи муҳаббат,
Бир оҳ ила айларман уни доғи хижолат.

Ҳарчандки бемори ғами ишқ эди Мажнун,
Дардимни кўриб тишлади ангишти надомат.

Фарҳодда бўлсайди менинг ғайрати ишқим,
Бир оҳ ила айлар эди ул тоғни ғорат.

Мажнунда агар бўлса эди сабру таҳаммул,
Қилмасму эди мен каби шаҳр ичра иқомат.

Гар бўлса Зулайхода менинг заррача ишқим,
Қолмас эди Юсуфни фироқида саломат.

Ишқ офатига тоғ таҳаммул қила олмас,
Ман манки қилурман бу ғаму дардиға тоқат.

Дарду аламу ғуссаки ҳажрида чекарман
Бу меҳнату ғам кимдадур, эй аҳли муҳаббат.

Юздин бири Мажнунда агар бўлса ғамимни,
Бир оҳ ила оламға солур шўри қиёмат.

Ҳар ҳолда, эй Нодира, шукр айла худоға,
Ким берди сенга ишқу муҳаббат ила давлат.

* * *

Баҳор келди кўзим гулга боқмади асло,
Надинки, гулшан аро гулрухим эмас пайдо.

Юзимга бўлди юзинг муқтарин, биҳамдиллоҳ,
Очилди меҳру вафо боғида гули раъно.

Сариғ юзимда қизил ашкими таровати бор,
Нучукки, соғари заррин аро майи ҳумро.

Лабидин айру менга бода тутма, эй соқий,
Хумор кулфатиға мониъ ўлмади саҳбо.

Бу жони хастаки, васлингни орзу айлар,
Хаёл туррасидин бошида узун савдо.

Фироқ лашкари туғёнидин маозаллоҳ,
Ки қилди сабру таҳаммул диёрини яғмо.

Юзинг назораси ушшоқларни фирдавси,
Ҳарими даргоҳинг аҳбоба жаннат-ул-маъно.

Сенинг салосили зулфингга мубталодурман,
Ки бўлди аҳли хирад қушлариға доми бало.

Фалакдин ўтди фиғоним, қуёшга етди уним,
Ҳануз, Нодира, кам бўлмади бу оҳу наво.

* * *

Эй сарви сиҳи бўйлуғим, эй қомати зебо,
Келким, кўзим ойнаси муштоқи тамошо.

Ул кунки, висолинг чаманин сайр этар эрдим,
Манзури назар эрди менга ул қади боло.

Айдимки, қачон бўлғуси куйингда маконим,
Ошиққа, деди, ҳожат эмас манзилу маъво.

Куйдурди чаман гулларини рашк ўти бирла
Ул ғунчаи хандон ила ул наргиси шаҳло.

Ул зулфи дил овиз муанбар гириҳидин
Ҳар кимни тушиб бошиға бир ўзгача савдо.

Ҳар сабзаи сунбулки, бу гулшанда чекар бош
Муйи сари Мажнундуру, ё турраи Лайло.

Вайронада оқилға иқомат на муносиб
Сарманзили осойиш эмас арсаи дунё.

Ҳижрон ғамидин ташна лабу, ҳаста жигармен,
Соқий, карам айлаб менга тут соғари саҳбо.

Кўзгу каби ҳайронларингга арзу хаёл эт,
Дийдоринг учун Нодирадур волаи шайдо.

* * *

Фиғонким, гардиши даврон айирди шаҳсуворимдин,
Ғамим кўп, эй кўнгул, сен бехабарсен ҳоли зоримдин.

Ғуборим ишқ водийсида барбод ўлди андоғким,
Биёбонларда Мажнун тўтиё излар ғуборимдин.

Қизил қондур сиришким, заъфарондур чеҳраи зардим,
Мени ким кўрса фарқ этмас, хазон бирла баҳоримдин,

Бузулди рўзгорим, хонаи айшим хароб ўлди,
На роҳат кўргамен эмди бузулғон рўзгоримдин.

Биёбонларни излаб топмадим ёрим сўроғини,
Берурман жон, сабо ногаҳ хабар келтурса ёримдин.

Диёрим аҳли мендин ёрсиз бегона бўлмишлар,
Ки мен ҳам ёрсиз озурдамен ёру диёримдин.

Гаҳи йиртиб яқо, гаҳ қон ютуб, гоҳи фиғон эттим,
Налар ўтди бу ахшом, Нодира, жони фигоримдин.

 

* * *

Ғазаб бирла нигорим ўтди ёнимдин шитоб айлаб,
Юзин кўргунча ўлдурди мени ҳажри азоб айлаб.

Пари янглиғ назардин чеҳра пинҳон этди ул маҳваш,
Фироқу ҳажр жомидин мени масту-хароб айлаб.

Кўнгул шодоб эрди журъаи жоми висолидин,
Солиб ҳижрон ўтиға кетти бағримни кабоб айлаб.

Мурувват айла, жоно, сендин айру тийрадир айшим,
Прут кулбамни бир тун оразингни офтоб айлаб.

Ичармен май дамо-дам ёр лаълини хуморидин,
Мени майхонадин манъ этма зоҳид иҳтисоб айлаб.

Ҳнсоб этмоққа чарх анжумларин бор эҳтимол анда,
Менинг доғи дилимни лек бўлмайдур ҳисоб айлаб.

Лабидин айру қон ютмоқ ишимдур борғил, эй соқий,
Менга беҳуда кулфат берма таклифи шароб айлаб.

Дариғо, кетти охир гавҳари мақсуд илгимдин,
Топиб эрдим сени маҳбублардии интихоб айлаб.

Вафо сарлавҳи узра Нодира мавзун каломини
Ёзар таҳсини шеъри хисрави олий жаноб айлаб.

08
НОДИРА «ДЕВОН»ИНИ ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ЮКЛАБ ОЛИНГ
055

099

(Tashriflar: umumiy 203, bugungi 1)

Izoh qoldiring