Nusrat Rahmat. Farzandga o’gitlar & Mirsharif Xo’jayev. Sarkash

045Таниқли ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳматни   75  ёшга тўлгани билан чин дилдан қутлаймиз

Ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳматнинг қўлингиздаги «Фарзандга ўгитлар» китоби олдин «Ўгитнома» номи билан нашр этилган ва кейинчалик ҳам бир неча марта чоп этилган асар ҳар сафар ўқувчилар томонидан илиқ қаршиланди.

Миршариф ХЎЖАЕВ
САРКАШ
045

Йигирманчи асрнинг 70-80-йилларида қўйларни сунъий қочириш ва ҳар бир совлиқдан иккитадан қўзи олиш амали ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган бир шароитда газетада бу усулнинг зарари ва у давом эттирилса, қоракўлчилик издан чиқиши мумкинлиги тўғрисида таҳлилий мақола босилди. Муаллифи Нусрат Раҳмат эди. Мақола ўта журъат билан ёзилганлиги ва цензура томонидан ўтказиб юборилганлигидан ҳайратландим. (Охир-оқибат журналистнинг фикри тўғри чиқди ва бу усулдан воз кечилди).

Атроф-жавонибни ҳимоя қилиш ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ўша замонларда матбуотда Нусрат Раҳматнинг экологик муаммолар хусусидаги ўта долзарб мақолалари чиқа бошлади. Журналист тағин ҳақ эканлигига, йиллар ўтиб, гувоҳ бўлдик ва бугун мазкур муаммо ҳар бир кишининг оғзида.

1988 йилда шу муаллифнинг Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тошкент яқинидаги «Ядро физикаси институти керакми?» деган муаммоли мақоласи эълон қилинди. Ўшанда кўпчилик ҳайратлангани эсимда. Орадан йигирма саккиз йил ўтгандан кейин, яъни 2016 йил майида мазкур институт тугатилди.

Бу нима? Фол очишми? Ёки муаммо илдизини теран англаш орқали хулоса чиқаришми? Ўзингиз ўйлаб кўраверинг.

Ниҳоят, Н. Раҳматнинг ўзбек журналистикасида ҳали ҳеч ким тил тегизмаган лўлилар муаммолари тўғрисидаги мақолаларини ўқиб, муаллифнинг кимлиги билан қизиқдим. Самарқанд вилоят газетаси – «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») мухбири, мутахассислиги бўйича олим-агроном экан. Республика «Қишлоқ ҳақиқати» газетасининг Самарқанд ва Бухоро вилоятлари бўйиа махсус мухбири, «Меҳнат» нашриёти муҳаррири, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бўлим мудири бўлган. Олим-агрономнинг менман деган журналистларга ёзиш нималигини кўрсатаётганлигидан тағин ҳайратландим.

Шу-шу олим-агрономнинг ҳар бир чиқишини интиқлик билан кутадиган бўлдим. Бундай журналистларни, одатда, новатор – янгилик яратувчи деб олқайдилар. Н. Раҳматнинг «Мен редакцияданман» номли илк китоби эса, ўша йилларда, катта шов-шувга сабаб бўлди. «Фарзандга ўгитлар», «Сабоқлар ва сўқмоқлар» асарлари, кейинчалик «Жадид» романи ҳам ўқувчилар томонидан илиқ қаршиланди.
Н. Раҳматнинг «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чиқарилган «Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги» ҳикоялардан иборат романи яна ўйлашга мажбур қилди. Гап шундаки, асар жанри роман деб белгиланган ва у конкрет шахслар ҳаётидан ёзилган ҳужжатли ҳикоялардир.

Бадиий адабиёт, журналистика ва, умуман, филология фанида бундай асар жанри роман эмас, «бадиий публицистика» дейилади. Бадиий публицистика шу пайтгача атама (атама – маълум тушунчани аниқ тавсифлаш) сифатида тан олинмаган. Хўш, бадиий публицистика деганда нима англанади? Тадқиқотчилар мазкур жанрга «бадиий-илмий матн» ва «ифодали тасвир журналистикаси» дея икки хил таъриф беришади. Журналистика назарияси эса бадиий публицистикани журналистиканинг ўзига хос алоҳида жанри сифатида баҳолайди. Умуман, публицистика инсон илмий ва образли фикрлаш усулларининг бир бўғини сифатида майдонга келади. Яъни, конкрет шахс фаолияти ҳақидаги ёзувда публицистик ғоя сусайганида ҳикоя матнида ҳужжатлилик белгилари йўқолади ва ҳаёт ҳақиқатининг типик тасвири (бадиий-публицистик матннинг бадиий матнга айланиши) бошланади.

Фан илмий атамалар ёрдамида фикрласа, санъат ва адабиёт образлар кўмагида яралади. Демак, публицистикага илмий жанр деб қараладиган бўлса, образлилик унга ётдир. Публицистика бадиий адабиёт намунаси дейилса, назариётчилар фикрича, унинг ҳужжатлилиги бунга монелик қилади.

Бадиий публицистика тадқиқотчилари бу жанрда образ яратиб бўлмайди, мабодо яратилганида ҳам, у муаллифнинг тўқимаси, дейдилар. Нафсиламрини айтганда, бадиий адабиётда яратиладиган типик образлар ҳам муаллифнинг тўқималари. Масала моҳиятини қанча чуқур идрок этмоқчи бўлсангиз, шунча кўп чигалликка дуч келасиз?

Романни аллақандай илмий ёки техник адабиётлар нашриёти эмас, мамлакатнинг энг нуфузли нашриёт-матбаа компанияси чоп этган ва бадиий публицистик жанрни «роман» деб атаган. Ўзбек адабиёти тарихида эса шу пайтгача ҳужжатли роман ёзилганини камина билмайман.

Бу ҳодисада кўзга яққол ташланадиган зиддият бор. Яъни, назариётчи ва тадқиқотчилар бадиий публицистика ёрдамида образ яратиб бўлмайди, дейишларига қарамай, нашриёт бош таҳририяти, бу ақидага атайлаб терс боргандек, битикларни бадиий асар деб атаган. Демак, нашриёт даъвосига кўра, бадиий публицистика ёрдамида типик бадиий образ яратиш мумкин.

Бу назарий гапларни айтишдан мақсад, Нусрат Раҳматнинг «Буни ҳаёт дебдилар» романи адабиётшунослар ва журналистика тадқиқотчилари олдига яна бир жумбоқ қўйганлигини таъкидлашдир. Бу, бир қарашда, адабиётшунослик ва публицистика назарияси талабларига тескари бориш, тан олинган русумларга нисбатан саркашлик қилишдир. Яна новаторлик демасдан иложинг йўқ.

Юқорида бадиий публицистика ҳали атама сифатида тан олинмаган, дедик. Мазкур соҳадаги тадқиқотлар ХХ асрнинг ўрталарида бошланганига қарамай, бу бадиий тасвир йўналишининг ўзбек адабиётида пайдо бўлганига олти юз йилдан ошди. Жумладан, Саккокийнинг Мирзо Улуғбек вафотига бағишлаб қасида ёзганига олти аср бўлди. Шоир ўша асарида:

Фалак минг эврилиб, илкига келтирмас,
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони,

дея ёзганида конкрет шахс – Мирзо Улуғбек образини назарда тутган. Бу бадиий публицистиканинг ўзбек мумтоз адабиётидаги илк намуналаридан бири.

Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», Бобурнинг «Бобурнома», Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома» сингари асарлари ва бошқалар ҳам, ҳозирги замон ибораси билан айтганда, бадиий публицистика намуналаридир. Бундан чиқди, Н.Раҳмат эски анъанани давом эттирган ва конкрет шахслар ҳаёти тасвири орқали роман ёзиб, ўзига хос янгилик яратган, холос.

Шу ўринда «Буни ҳаёт дебдилар» романида тасвирланган айрим образларни кўздан кечирамиз. Асарнинг «Совчиликда» деб аталган ҳикоясида бош қаҳрамон – Улуғбек амакисига қаллиғ излаётган бувисига эргашиб, бир оилага ташриф буюришади. Кампир куёв бўлгич ўғлини, авлод-аждодларини мезбонларга, қаҳрамон тили билан айтганда, чину ёлғон қўшиб, роса мақтайди. Уй соҳиблари «қизимизнинг инон-ихтиёри бобосида», дея, уйга қарияни таклиф этишади. Чол (асардан парча келтирилмоқда): «Бурчакка ўтириб олиб, кўзини ерга тикканича сўради.

–Сизни танимай турибман. Кимнинг қизисиз?

–Асли қўшмачитликман, – бувим ҳам, бошларини кўтармай, жавобга ўтдилар, – бадаллик Раҳматжон деганнинг аёли бўламан. Хўжайиним «Сталиноборон», «Қизиласкар» колхозларида ҳосилот шўро, шофер бўлиб ишлаган… Отам – Истамбек, бобом – Искандарбек. Икковлари ҳам катта заминдор бўлишган…

Сукут сақлаб ўтирган мўйсафид вазмингина гап бошлади.
–Бобонгиз бек эди. Яхши отлари кўп эди, аммо сургун бўлмайин деб отларини ҳукуматга топширди, қизини қаролига бериб, уни ишбоши қилиб қўйди. Ҳай-ҳай!

Йиллар ўта елкага тушган бу дашном бувимга қаттиқ ботган бўлсаҳамки, меҳмондорчилик таомилларига озор етказмай, аввалги оҳангда давом этдилар.
–Ҳа, энди бир ҳовуч тупроғим мусофир юртларда қолиб кетмасин, деганлар-да…

Чол индамади… Кейин уни олиб чиқишди. Бир неча дақиқадан кейин кирган уй бекаси оиланинг сўнгги қарорини аён қилди.
–Ойтимулло, дилингизга қаттиқ олманг, бобоси рози бўлмадилар. Насибаси ўзга ерга сочилган эканми…

Ташқарига чиқиб, йўлга тушгач, бувим ҳалиги чолни лаънатладилар.
–Дийдоринг қурсин, сан босмачини!».

Бир қарашда, кундалик ҳаётда тез-тез учрайдиган воқеа тасвирлангандек. Аммо чуқурроқ ўйласангиз, жамиятда илгари содир бўлган ижтимоий-сиёсий зиддият – қулоқлаштириш ва босмачилик ҳаракатининг орадан ярим аср ўтгандан кейин ҳам жиддий асоратлари сезилиб турганлиги, кишилар ҳалигача бир-бирларининг сиёсий қарашларини кечира олмаётгани шу қисқа саҳнада устакорлик билан тасвирланган. Муаллиф икки оила бир пайтлар ғоявий курашнинг икки томонида бўлишган, улар бир-бирларига душман эдилар, демасдан, кампирнинг «Дийдоринг қурсин, сан босмачини!», деган биргина ибораси билан катта ижтимоий зиддиятни очиб берган.

Мазкур тафсилот бадиий публицистика жанрида шу тарзда ишончли ва образли қилиб берилганини кўрдик. Хўш, уни бадиий асарда ҳам шу тахлитда тасвирласа бўладими? Бўлади, албатта. Демак, бадиий публицистикадаги ҳужжатлилик образлиликка монелик қилмаяпти-ку? Бу ҳолатда муаллифнинг тўқимаси йўқ.

Адабиёт назариясида бадиий образ эстетиканинг ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаш ва уни ўзгартиришнинг фақат санъатга хос бўлган асосий категорияларидан бири дея таърифланади. Шунингдек, бадиий асарда ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг муаллиф томонидан ижодкорлик билан тасвирланиши ҳам образ деб аталади. Кўриб турганингиздек, юқорида келтирилган парчада муаллиф ҳаёт ҳақиқатини «ижодкорлик билан тасвирлаб» бера олган. Шундай экан, тадқиқотчиларнинг бадиий публицистикада образ яратиб бўлмайди, деган даъволарига қандай қараш керак?

Асардаги «Лўли момо» ҳикоясига диққатингизни тортмоқчиман. Бош қаҳрамон хонадонларига Лўли момонинг ойда бир ёки икки марта келиб туриши, қиш фаслида камнамо бўлиши ҳақида гапиради. «Мен ҳар гал бир нарсадан жуда ажабланаман: уйимиздагиларнинг бу аёлга бўлган муносабатларида киборларча нописандлик яққол сезилиб туради. Масалан, уйимизга балонли газ тарқатадиган киши келиб қолса, ўзларини қўйишга жой топишолмайди. Тўрдан ўрин кўрсатиб, қуюқ илтифотлар қилишади. Бувим унга пул берадилар, дуо қиладилар. Дадам ҳам у билан ҳисоблашадилар. Солиқ йиғадиган Конторчи амаки ҳам ҳовлимизда ўзини ҳокимдай тутади. Ҳар гал томорқамизни ўлчаш зарурлигини шаъма қилиб қўяди. Шунда бувим нолиб қоладилар, ўғилларига иморат қуриш учун ер зарурлигини айтиб, зорлангандай бўладилар, қимматчилик йиллари колхозда ишлаганликларини ҳам гап орасига қистириб ўтадилар.

Лўли момо масаласида эса … айтмай қўяқолай. Ўринларидан ҳам туришмайди, калондимоғлар. Худди шундай бўлиши керакдай, Лўли момо ҳам пойгакроқда ўтириб олади. Бувим каравот устидан туриб саломлашиб қўяқоладилар», дейди болакай Улуғбек ва Лўли момо билан бувиси суҳбатини батафсил келтиради. Кампирлар гурунги асносида бувининг Лўлига беписандлик билан муносабатда бўлганлиги сезилиб туради.

Парча:
«…Бир кун у киши (Лўли момо) анча башанг кийиниб келдилар.
–Кенжа ўғлимни уйлантиряпман, – дедилар тантанавор оҳангда, – Сизларни тўйга айтгани келдим. Ахир, қирқ йилдан бери даргоҳларингга кириб-чиқаман. Хабар қилмасаларинг ҳамки, бирорта тўй-маъракаларингдан қолганим йўқ».

Лўли момонинг хабар қилинмаган тўй-маъраклардан қолмаслиги инсон боласининг бундан ортиқ таҳқирланиши мумкин эмаслигини кўрсатувчи далилдир. Шунча гапдан кейин ҳам бош қаҳрамон бувиси лўлилар тўйига боришдан ор қилади. Ўғли (асар муаллифи) тўйга боргани учун аёлдан қаттиқ дашном эшитади ва ҳоказо.

Воқеа советлар тузуми даврида содир бўлган ва бу ҳикоя ўша замонда матбуотда ҳам эълон қилинган эди. Гап шундаки, Лўли момо шу юрт фарзанди, ўзини тенгсиз деб баҳолаган Совет давлати фуқароси. Аммо жамиятда хўрланган ва таҳқирланган.

Буви эса манфаат унадиган кишиларга илтифот кўрсатиб, шундай ҳам хўрланган Лўли момога беписанд муносабатда бўлади. Қаҳрамон (муаллиф) бувининг иккиюзламачилигини ишончли деталлар орқали очиб беради. Улуғбекнинг болаларга хос самимияти ва ҳақгўйлигидан ўқувчи қалби ҳаприқиб кетади. Ваҳоланки, ҳикоя бадиий тўқима эмас. Иштирокчиларнинг барчаси конкрет шахслар ва асар бадиий публицистика жанрига тегишли. Буни бадиий образ демасликнинг иложи борми?

«Лўли қиз» ҳикоясида ҳам ўзбек йигитининг лўли қизни севиб қолганлиги ва муродига етолмаганлиги тасвирланади. Бу муаммо ҳам ўша замонда ҳали бирор ёзувчи ёки журналист томонидан кўтарилмаган эди. Асардаги бошқа образлар хусусида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдириш мумкин.

Бадиий образ тасвири ва ҳужжатлилик муаммосига ечим топиш мақсадида жаҳон адабиёти тарихидан мисоллар изладим. Александр Генис «Қалб фотографияси (Филологик роман теварагида)» номли мақоласида бундай деб ёзади: «Бадиий тўқима бадиий ўғрилик бўлиб қолди, унинг муваффақияти китобхон ёки муаллифнинг нодонлик даражасига боғлиқ.

Бир хиллик, якранглик кишини зериктиради. Бу, муқаррар тарзда, оригиналликкка иштиёқ туғдиради. Янги воқеаларга муштоқлик белгидир. Янги замон белгиси. Санъат ўз ҳаётининг катта қисмида эски, одатда, жуда эски воқеаларга – Инжил воқеаларига (Шарқ мумтоз адабиётида Қуръон воқеаларига. М.Х.) қаноат қилиб ўтган. Ҳаммага таниш универсал сюжетларни муаллиф тўқимасига алмаштириб, адабиёт одамлар орасида шу қадар шуҳрат топдики, бир неча аср мобайнида воқеаларнинг чекланган захирасини тамом қилиб бўлди. Китоб босадиган машинкаларнинг даъватига жавобан модернизм вужудга келди. Агар реалист воқеаларни ҳикоя қилиб берса, модерн санъаткор воқеаларни қандай ҳикоя қилиб бераётганини ҳикоя қилиб берарди…

Бадиий тўқимага асосланган адабиёт тугаб-битгани ҳақида унинг буюк вакиллариёқ гапира бошлаган эдилар. Лев Толстой Лесковга зорланган эди: «Ўзи йўқ одамлар ҳақида ёзсанг виждонинг қийналиб кетади. Улар сен тасвирлаётган ишларнинг ҳеч қайсисини қилган эмас. Нечукдир бўлмағур ишлар қиляпмиз. Билмадим, бадиий шакл тугаб битганми ёки қиссанинг умри битдими ёхуд мен ўзим тугаб битяпманми?»…». («Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида». Озод Шарафиддинов таржимаси. Тошкент, «Маънаият» нашриёти, 2010 йил).

Маълумки, бадиий адабиётда, жумладан, роман ёки қиссада, бош қаҳрамон образини ижобий шахс сифатида тасвирлаш азалий анъанага айланган. Адабиётда қонуният даражасига кўтарилган бу удумни дастлаб бузганлардан бири Франц Кафка эди ва у модернизм йўналишининг асосчиларидан деб тан олинди. Унинг издоши Альбер Камю «Кафка ижодида илинж ва бемаънилик» деб номланган эссесида ижодкор асарлари таҳлилига уларнинг мазмунидан кўра шаклига ва иборасидан кўра тасвирига баҳо бериш орқали ёндашади. Муаллифнинг ўзи ҳам Кафка усулини қўллаб ёзган «Бегона» романи бош қаҳрамони Мерсо образини, одатдагидек, ижобий шахс сифатида эмас, ХХ аср ўрталарида ғарбда шаклланган экзистенциализм фалсафаси (инсон мавжудлигининг мутлақ ноёб ҳодиса эаканлигини, ҳаёт мазмуни муаммолари, инсонннинг ўлимга муносабати ва яралишнинг бемаънилигини устувор даражага қўювчи фалсафий оқим) тарафдори, яъни жамиятдан мутлақо ажралиб қолган, бефарқ киши сифатида тасвирлайди. Шу боис асарни «Бегона» деб номлайди.

Бадиий асарда бош қаҳрамон образини бу тарзда яратиш ўз даври учун ижодий жасорат эди. Шу сабабли ҳам асар Нобель совринига сазовор бўлди ва жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бири сифатида тан олинди.

Бадиий тўқима «бадиий ўғрилик» даражасига етган замонда Нусрат Раҳматнинг конкрет шахслар ҳаётидан қилган ҳикояларига роман деб жанр белгилаш бадиий тўқимага асосланган адабиёт «тугаб-битганини» ва оригиналликкка иштиёқнинг ортиб бораётганини исботловчи яна бир далилдир балки.

Бу мисол билан бадиий адабиёт ва бадиий публицистика жанрлари ҳақида адабиётшунослик ва журналистика тадқиқотчилари ўртасида шаклланган бир қолипдаги қарашга Нусрат Раҳматнинг ҳам терс борганлигини таъкидламоқчиман, холос. Бадиий асар яратишдаги бу ҳаракатнинг тўғри ёки саҳвул-қалам эканлигини, романдаги сюжет яхлитлиги, кулминация, образ яратишдаги ютуқ ва камчиликлар сингари адабиётшуносликка дахлдор масалаларни профессионал таҳлил қилиш адабиёт танқидчилари ҳамда публицистика тадқиқотчиларига ҳавола.

Муаллифнинг «Фожиа» номли ҳикоялар тўплами ҳам кенг китобхонлар орасида шов-шувга сабаб бўлди. Камина яқинда кичик таҳлил уюштирдим. Фейсбукда журналист Давронбек Тожиалиевнинг бадиий адабиёт намуналарини тарғиб қилувчи портали бор. Унда ўзбек тилида ижод қилган мумтоз адабиёт вакилларидан тортиб замонавий ижодкорларнинг деярли барчаси асарлари намуналари мавжуд. Шу портални очиб, ўзбек тилида ижод қилган ва қилаётган қайси муаллифлар асарларига қизиқувчилар сони кўплигини ҳисобладим. Ишонасизми, Нусрат Раҳмат сайтига кирувчилар энг кўп экан. Бунинг сабабини тушунолмадим ва тушунтиришим ҳам қийин. Мазкур далил Н.Раҳматнинг ҳаммадан кучли ёзувчи эканлигини кўрсатмайди, албатта. Интернет порталига кирувчиларнинг асосий кўпчилиги ёшлар бўлганлиги ва уларнинг Алишер Навоий, Бобур ва бошқа алломалар асарлари тилига «тишлари ўтмаслиги» натижасида замонавий тилда ёзилган ҳикояларга кўпроқ қизиқиши табиий. Аммо замондош ёзувчи-шоирлар орасида ҳам Нусрат Раҳматнинг, асосан, «Фожиа» ҳикоялар тўплами саҳифаларини очувчилар (ўқиши ёки ўқимаслигини аниқлаш қийин) сони кўплиги қизиқ. Инонмасангиз, ўша сайтни очиб, текширинг. Бу ҳолат Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Нусрат Раҳматнинг жиддий адабиётшунослик бефарқроқ қараётган асарларидан ўқувчилар нималарнидир топаётганлигини кўрсатади.

Нусрат Раҳматнинг журналистик ва бадиий ижоди ҳақида мушоҳада юритиб, турмуш тарзини зимдан кузатиб, бу шахс феъли ҳамда битиклари намуналарида жамият ҳаётига ўта синчковлик, адабий удумларга аллақандай «беписандлик», баъзи расму ойинларга нисбатан саркашликка ўхшаш хусусиятларни туйдим. «Бегона» романи қаҳрамони Мерсо жамият аъзоларининг у ҳақда қандай фикр юритишларига мутлақо бефарқ бўлганидек, Нусрат Раҳматдаги «саркашлик»да ҳам жамият маломатларидан холи ҳур шахс феълини кўрдим. Негаки, маломату ғийбатлардан устун турган киши ҳурдир.
Бугун 75 ёшини нишонлаётган қаҳрамонимиз умр бўйи бировлар юрган сўқмоқлардан ўтишни истамади, журналистикада ҳам, адабиётда ҳам ўз ёлғизоёқ йўлини излади ва уни топди. Бу сўқмоқдан бошқаларни ҳам эргаштириши табиий. Муҳтарам ижодкорни барча мухлислари номидан қутлуғ ёш билан муборакбод этамиз!

2016 йил 3 июль.

НУСРАТ РАҲМАТ
«ФАРЗАНДГА ЎГИТЛАР» КИТОБИДАН
045

055    Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган. «Ленин йўли” газетасида ишлаган, «Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлган. Кейинчалик Тошкентда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, » Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилган.
«Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилди. Кейин «Чанқовуз”, «Олис-олис сўқмоқлар”, «Дашт”, «Замондош ўйлари”, » Селекция муъжизаси”, «Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган. «Тақдимот” шеърлар, «Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, шунингдек, «Мен мухбирман”, «Мен редакцияданман”, «Энг ашаддий каллакесар», «Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва Интернет сайтларида, ўзбек ёзувчилари орасида бармоқ билан санарли биринчилар қаторида очган ўз шахсий веб-саҳифаси((www.nusratrahmat.blogspot.com))  саҳифаларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган.
У 2004 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.

045

ДЕБОЧА

Кунлардан бирида мукка тушиб, насиҳатнома ёзаётганимда, танқидчи дўстим, одатдагидек мийиғида кулиб, заҳарханда қилди.

— Энди ҳамма панду насиҳатларни Кайковус билан Навоий битиб кетган, чамамда…

— Фақат Мир Алишер Навоий билан Кайковус эмас, Рўдакий билан Юсуф Хос Ҳожиб, Ибн Сино билан Махтумқули ҳам ўгитномалар битишган.

— Шундай бузрук алломалардан ҳам қолиб кетган гаплар бор эканми-а,— чимчилаб олмоқчи бўлди у.

— Бор ! — зарда билан жавоб қайтардим,— масалан, бу даҳолар қул ёки хизматкор сотиб олиш; подшолик, вазирлик таомиллари хусусида роса йўл-йўриқ кўрсатишган-у, табиатни муҳофаза қилиш, миллатни қадрлашдек заруратлар ҳақида лом-мим дейишмаган.
— Уларнинг замонида …

— Ҳа, баракалла, энди ўзингга келдинг,— унинг каломини лабларидан юлиб олдим,— модомики, замонлар ўзгариши билан насиҳатларнинг мазмун-моҳияти ҳам дигаргун бўлар экан, кимдир янги ўгитлар битмоғи керак-ку!

— Бунинг учун ўша донишмандлардай нуроний ва закий бўлмоқ зарурми, деб ўйлайман-да…

— Йўқ, улар сен ўйлагандек, жуда мункайиб қолгандан кейин қалам учидаги гапларини коғозга туширишмаган — аксариятлари айнан менинг ёшимда ўта қимтиниш ва камтаринлик билан ўз ўғиллари номига йўриқномалар битишган…

— Ва бу қомусий насиҳатлар инсониятнинг дастурил-амалига айланган!

— Бу — бир, иккинчидан, каминанинг улардай зукко ва ашраф эмаслигимни юзимга солишинг ҳам ножоиз. Модомики, ул сухан пешволари даражасига етмаган эканман, демак, кам насиҳат тинглабман. Зеро, келажак авлод ҳам мендек ношуд бўлиб қолмаслиги учун уларга насиҳатнома битмоғим керак!

Монологимни тутатиб, «бопладимми » деган маънода рақибимга кўз ташладим. У эса кесатиш ва совуққонлик билан давом еттирди:

— Энди насиҳат одамларнинг жонига жуда тегиб кетган! Буни бирор жойда босиб чиқаришларига ҳам кўзим етмай турибди. Ҳомий топиш ҳам жўн иш эмас.

— Одамларнинг бадига пуч ва варсоқи пандлар тегиб кетган. Насиб бўлса, мен унақа бемантиқ, саёз йўриқномалар битмайман! Тағин: бобокалонларимиз ҳам «босиб чиқаришларига кўзлари етмай» ёки ҳомий топишдан хавотир тортиб, қўлларини қўлтиқларига қистириб ўтиришганда, инсоният «Қобуснома», «Зафарнома», «Саодатнома», «Гулистон», «Бўстон» сингари жавоҳир хазиналаридан бебаҳра қолган бўлур эди!

  Шу тариқа ўзимникини тантанавор маъқуллаб, ёзишда давом этдим. Марҳамат, қувваи ҳофизам даражасида битганларим ҳукмингизга ҳавола. У сизга ўтиришадими ёки ёқмайдими — бунинг мен учун аҳамияти камроқ. Лекин фарзандингиз ундан, Мавлоно Саъдий таъкидлаганларидек, бирор вароғини олиб кетса ва ўқиб, ўртоғига берса, шунинг ўзи кифоя!

НАВҚИРОНЛИК ВА НАВЖУВОНЛИК ХУСУСИДА

Эй азамат ўғлим, меҳрибон қизим!

Мана, сизлар ўн саккиз ёшнинг эшигини қоқяпсизлар. Шу дамгача бақамти ўтириб, босиқлик билан сизларга насиҳат берганимни хотирлолмайман. Дашном бердим, койидим,уришдим, чунки бола едиларинг-да у пайтда. Энди насиҳатга ўтсам бўлар . Ўгитнинг қадрига борадиган ёшга этдиларинг. Узоқ йиллар — камида менинг ёшимга етгунча панду насиҳат тинглашларингга тўғри келади.

Илк ўгитим, насиҳатга нисбатан ҳеч қачон беписанд ва бепарво бўлманглар; ёши ва мартабаси ўзларингдан улуғлар, доноларнинг пандларига шарқона бир эҳтиром билан қулоқ тутишга одатланинглар. Ўқиш билан уқиш ўзга бўлгани янглиғ, тинглаш билан англаш ҳам ғайри тушунчалардир. Деҳқон не- не меҳнатлар ила сомон орасидан донни ажратиб олганидек, яхшиларнинг маслаҳатларидан энг зарурларини топиб олиш ва ҳаётга тадбиқ этиш пайида бўлинглар.

Эй ўғлим! Йигитчиликнинг талай таомиллари борки, уларга амал қилмоқ умр йўлини белгилаб олмоқ демакдир. Энг зукко ва маъруф одам ҳам, айниқса, навқиронлик палласида талайгина нуқсонларга, бемаъни майлларга йўл қўяди. Жамият буни ҳис қилади ва баркамол бўғин нуқсонларини авф этади. Лекин камчиликларини, энг аввало, ҳаётга қадам қўйган кимсанинг ўзи чуқуррок ҳис этмас ва сабоқ чиқармас экан, охир-оқибат гумроҳликка йўл қўйиши муқаррар!

Ёшликнинг тағин бир муҳим шарти, унинг ўткинчи эканлигини эътироф этмоқликдир. Навқиронлик йиллари сени тез тарк етиб, доғда қолдиришини унутмаслигинг керак.

ҲИКОЯТ

Муштлашиш бўйича жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Руфъат Рисқиев ҳар гал рингга чиққанида зал қарсак ва ҳайқиришлардан ёрилгудай бўлиб кетарди. Унинг мансур ва мағрур қоматини ҳатто экранда кўриш ҳам дилимизга завқу шавқ ато этарди.

Руфъат бу эҳтирому шарифликка осонликча эришмаганди, албатта.

Ўн йиллар давомида не-не қалтис майдонларга тушиб, довруғи оламга кетган баҳодирларни ҳолдан тойдиргани, ҳар гал мақсад йўлида улкан сабот билан курашгани эвазига шундай эҳтиром эгаси бўлганди у. Ҳа, бу йигитнинг муштлашишини томоша қилиш мароқли, ҳаяжонли эди. Даврага тушганда, ортиқча эҳтиросга берилмас, ҳудудсиз олқишлар, унга тикилган фото ва телекамераларга бепарвогина қарарди. Биринчи раунддаёқ рўпарасидаги рақибнинг ожиз ўринларини илғаб олар, сўнг бирин-кетин сабот ва шиддат билан мушт туширарди. Унинг мўлжали аниқ, зарбалари ларзакор бўларди ҳар гал. Бундан ман-ман деган ғаним ҳам гангиб қолар, ўзини қайта тиклашга имкон тополмасди. Ҳар бир раунд бетакрор спектаклни эслатарди. Яна ҳам рамзийроқ қилиб айтсам, биринчи раунд комедияга, иккинчиси драмага, учинчиси фожеага ўхшарди. Дастлабки дақиқаларда Руфъат ринг бўйлаб шундай ҳамоҳанг ҳаракатлар қилардики, йигит рақсига ўҳшаб кетарди у. Орқага, ёнга қараб чекиниши; боши, элкасини кўз илғамас шиддат билан олиб қочиши, рақибига имконлар бериб, тағин уни ҳолдан тойдиришини кузатиш мароқли эди. Иккинчи раундда вазият ўзгача тус оларди: Руфъат босиқлиқ, ишонч билан ҳужумга ўтарди. Кутилмаганда унинг чўқмор муштлари рақибни гандираклатиб ташларди. Одатда ўйин тақдири ана шу раундда ҳал бўларди, лекин Руфъат зоҳирий бир мардлик билан рақибини авайлар ва учинчи учрашувга ҳам ўрин қолдирарди. Оҳирги раунд эса кўп ҳолларда поёнига етмаёқ рақиб қўлини кўтарарди.

Кинорежиссёрларимиз унинг баҳодир қоматини қайта– қайта суратга олишар, шоирларимиз уни миллатнинг фахри деб мадҳ этишарди. Машраб Бобоевнинг Руфъатга бағишланган «Юрак» деган шеърини ёдлаб юборгандик.

Мен асли қўлга шеър битишим керак….
Қорачўғимда — олис Гавана.
Кўксимиз — ринг.
Асаб системамиз,—
Юксак волтли электр тармоғи.
Симлар-ку салқиндан таранглашади,
Асабимиз симлари эса!—
Юксак ҳароратдан таранг.
Шу қадар тарангки,
Салгина хатога йўл қўйилса — бас!
Катта ёнғин чиқиб кетади.
Мен асли қўлга шеър битишим керак…
Кўксимиз — ринг,
Рингда жанг борар.
Жанг қуроли — мушт.
Лекин мушт муштдай бўлмаса:
Бош бармоқда новокаин;
Ўрта бармоқда новокаин;
Холис бармоқда…
Чимчалоқда…
Энди бунинг аҳамияти йўқ…
Мушт — мушт эмас,
Поролон қўлпоқ бўлса…
Унда нима билан жанг қилинади?
Мен асли қўлга шеър битишим керак….
Лекин қўлда соғлом мушт бўлмаса,
Нима билан жанг қилади боксчи?
Нима билан енгади рақибини?
Нима билан?
Мен асли қўлга шеър битишим керак…
Лекин ана…
Муштдайгина бир нарса жанг қилмоқда
Шу муштдайгина нарса туфайли
Поролондай юмшоқ мушт
Чўқморга айланган.
Мен гарчи қўлга шеър битишим керак,
Лекин юракка атадим шеърни
Чунки асосий гап — юракда.
Чунки ҳамма гап — юракда!
Аммо…
Надоматлар бўлсинким…

Бу нохуш ҳол бир неча йил муқаддсам АҚШда рўй берди. Паҳлавонимиз бу гал ана шу мамлакат чемпиони Стивенсон билан майдонга тушди. Америка бор овоз билан ҳайқириб, ўз чемпионини олқишларди, байроқлар ҳавода бетиним селпинар; прожекторлар , обективлар батамом кураш майдонига қаратилганди.

Мен Стивенсонни кўрдим-у, унга зоҳиран ачиндим, чунки у Руфъатга нисбатан ёш ва жуссасиз эди. Жаҳон чемпиони бояқишни бир зарб билан мажруҳ қилиб ташлайдигандай эди назаримда.

«Бокс!» ҳитоб қилди ҳакам.

«Ё, Жамшид!» илтижо қилиб қолдик биз.

Ғалабага ташна рақиблар бир-бирларига ташланишди. Муштлашиш таомилларини сув қилиб ичган ҳамзаминимиз ўзига хос босиқлик билан мушт тушира бошлади. Йўқ, у дастлаб чекинган бўлиб, одатига кўра рақибига имкон берди, душман  қалъанинг омонат жойларини излагандек, унинг ожиз томонларини » пайпаслаб» кўрди.

Ҳа, Стивенсон аксарият ёшлардек қизиққон ва тажрибасиз эди. У ўзини аямай жаҳон чемпионига ташланар , лекин бунинг эвазига мушт егани қоларди. Шўрлик шундай шошқалоқлик қилардики, кўп ҳолларда Руфъатни қучоқлаб олар ва улар шу тариқа ҳам бир-бирларини дўппослашар; судя уларни бир азобда ажратиб қўярди.

Биринчи зангдан сўнг Руфъатга таъриф беришди.

«Жаҳон чемпиони , тўрт марта мамлакат чемпиони, олий даражадаги фалон ва фалон муштлашишларнинг мутлақ ғолиби».

«Бокс!»

Рақиблар жамики қувват ва ғазабларини темир муштларига тўплаб, ҳамлага ўтдилар. Тағин қий-чув, ҳаяжонлар… Стивенсон дегани эса негадир биз интиқ бўлиб кутгандай чекинмас, узала тушиб йиқилмас, баръакс тағин ҳам шиддатлироқ бўлиб, оҳудай сакрар, чақиндай ялтирарди. Руфъатнинг муштлари падарқусурни ҳолдан тойдириш ўрнига унга куч-қувват ато этаёттанга ўхшаб кетар ва бундан биз дилтанг-у дилғаш бўлардик.

Океан ортидаги қита ҳамовоз ва ҳамдард бўлиб бақиришни авж олдирар, Стивенсонни олқишларди. Йўқ, Руфъат ҳам ёлғиз эмасди: бутун Ўзбекистон, эҳтимолки бутун мусулмон олами тақдирдан унга омадлар тиларди.

Биз Руфъатнинг арқонлар билан чоркунжак қилиб ўралган кафтдек жойдаги ҳудудсиз жасоратини ҳамиша умид ва қониқиш билан томоша қилардик. Ўша куни биринчи бор дилимизга ўт тушди, ҳавотирландик. Чунки ҳамюртимиз муҳофазага ўтиб олгани, мускулларидаги қувватни ҳасисона тежаётганига гувоҳ бўлдик. Начора, энергияни ортиқча сарфлаб ҳам бўлмасди: олдинда учинчи раунд бор эди.

Муштлашиш давом этарди.

Руфъат чарчай бошлади. Тажрибалари ва яшириб қўйган сўнгги ҳийлаларини ишга солиб, Стивенсонга устма-уст мушт туширди. У эса бунга жавобан рақибини бурчакка қисиб олиб, беаёв дўппослашга киришди.

Ҳар қалай шу пайт нажоткор занг янгради. Ҳа, нажоткор эди у. Боксчилар нафасларини, томошабинлар ҳаяжонларини саранжомлаб олишларига имкон берадиган садо эди у. Сўнг Стивенсонни таништиришди. У Руфъатдан анча ёш, кўпчиликка таниш бўлмаган боксчи экан. Лекин баччағар, ногаҳонда қўлга тушган балиқдай типирчилар, курашга ташналигини намоён этарди.

Учинчи раунд кўп давом этмади. Лаънати Стивенсон ногаҳонда чақмоқдек отилиб, Руфъатга мушт туширди. Аммо — лекин ёмон урди, бераҳм!

Руфъат Рисқиев йиқилди!

У билан бизнинг умидларимиз ҳам чилпарчин бўлгандай эди. Ҳа, бутун планетанинг кўз ўнгида йиқилиб ётган шунчаки боксчи эмас, гўёки менинг миллатим, ватаним, шон-шуҳратим, номусим эди. Кўзимдан ёш тирқираб кетди!

Бир! Икки! Уч! Тўрт!….ҳакам бармоқларини бирин-кетин букиб санар ва ҳар бир рақам бошимга тўқмоқ бўлиб уриларди. Етти! Саккиз!…. Ниҳоят, Руфъат ўрнидан турди. Йўқ, у энди аввалги девқомат ва шиддаткор Рисқиев эмасди; баракс ноумид ва пажмурдароқ бир вужуд эди. Шу пайт операторлар Стивенсонни ҳам кўрсатишди — у ҳамон курашга талпинарди.

Мен ҳамзаминимиз қаршисида енгилмас ва ҳамиша ғолиб НАВҚИРОНЛИК турганини кўрдим. Буни Руфъат ҳам ҳис этди ва мардларча рақибининг пешонасидан ўпиб, унга омадлар тилади.

Ўғлим! Навқиронлик, ғолиблик демакдир. Диалектик материализмнинг инкорни-инкор деб аталадиган шафқатсиз  қонуни рингда яққол намоён бўлади. Бизни доғда қолдирган Стивенсон ҳам эртами-кечми бу майдондан ана шундай ноумид бўлиб, шалвираб чиқиб кетади.Чунки балокаш дунёда омад дегани кўп ҳолларда навқирон одамларнинг эшигини қоқади. Буни ҳамиша ёдда тут ва шунга қараб иш кўр.

Бир чапани одамдан шундай нақл эшитгандим:  ўн—қўй, йигирма — бўри, ўттиз — арслон, қирқ — қилич, эллик- пахта, олтмиш — ахта, етмиш — нўхта, саксон — тахта.

Бу мақолни шарҳлаб ўтирмайман— ўзинг хулоса чиқариб ол! Йигитга ўлим йўқ — ўзини тиққа уради, дейишади, Азиз ўғлим! Сенга етказилган зарофат, энг аввало менга етказилган жароҳат эканлигини унутма. Агар билсанг, амбразурага кўксини қўйган жангчи жасоратидан кўра яшаш учун курашган, дон сепган, ниҳол ўтқазган, китоб ёзган хокисор кишининг  жасоратини устун қўярдим!

Ҳа, энг катта жасорат яшаш, зурриёт ва эзгулик қолдиришдир! Ўзга юртларнинг манфаатлари учун жон берган йигитларга жуда ачинаман. Уларни ана шу ўлимга сафарбар этганларга қирон келсин дейман.

Уруш ва жанжалларни ҳамиша ёмон одамлар бошлайди ва унда яхши одамлар нобуд ёки мажруҳ бўлишади! Буни унутма.

Ичкиликка берилма, чекма, аблаҳ одамлар билан ҳамтовоқ бўлма, балодан ҳазар қил, десам мени эзмаликда айблама. Тўғри, бу ўгитларни бобокалонларимиз жуда ибратомуз қилиб ёзганлар, муаллимлар ва яхши одамлар неча бор қулоғингга қуйишган. Лекин гоҳида, мулло бўлсанг, такрор қил, деган нақлни ҳам унутмаслик керак.

Меҳрибон қизим!  Алломалар ўз ўгитномаларини нуқул: «Эй писар!» яъни эй ўғил, деб бошлашган. Улар нечундир қизларига мурожаат этишмаган. Эҳтимол ўша замонларда бу таомилга кирмагандир?! Балки уларнинг кўнгиллари қизларидан  тўқ бўлгандир — бусиз ҳам одобли бўлишига ишонишгандир.

Мен ҳам сенинг одобли ва шоҳиста бўлишингга ишонаман. Аммо бизнинг ушбу нохуш муҳитимизда эзгуликнинг мунаввар йўлидан андак бўлса ҳам чалғиб кетишингдан хавотир тортаман.

Ҳа, бизнинг замонда аёл бўлиб туғилиш осон эмас. Болаларни вояга етказиш; эр ва бошлиққа бўйсуниб яшаш, фақат фарзандларнигина эмас, уларни (эр ва бошлиқни) ҳам тарбиялаш, билсанг — оғир қисмат! Аммо аёл қалби бу қудратга қодир! Фақат катта, жуда катта мақсадлар керак!

Сенинг баҳорий вужудингни кўриб, ич-ичимдан қувонишим, фахрланишим ва зоҳирий хавотирга тушишимга энди ишонгандирсан. Жоҳиллар ва ярамас одамлар номинга доғ теккизишларидан, руҳан озор етказишларидан; ўзингга боғлик бўлмаган фалокатлар қаддингни букиб қўйишидан чўчиб яшайман! Сенга кўз тиккан балолар, майли менга тега қолсин, дейман! Чунки мен кўпроқ умр кўрганман ва сендан кўра бардошлироқман!

Биламан, сен авлодимизни улуғлаш учун курашасан, оилангни эъзозлайсан, лекин фақат рўзғоринг учун яшамайсан одамларга наф келтиришни, энг зарур дақиқаларда уларга қўл чўзишни одат қиласан.

ҲИКОЯТ

У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина «Виллис» зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи  тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа – сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.

Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.

Худди шу пайтда кутилмаган ҳол рўй берди: қаршимизда бир отлиқ пайдо бўлди ва қамчисини ўйнатганича қўл силкиб бизни аллақандай нохушликдан воқиф қила бошлади. Иккаламиз ҳам ҳушёр тортиб, дилтанглик билан уни кутдик: масофа яқинлашгач, разм солсам, балоғат ёшидаги қиз (эҳтимол, жувондир) экан. У яшин тезлигида бизга яқинлашди ва бор овоз билан огоҳлантирди: «Қочинглар, сел келаяпти!»

Ҳадемай тўриқ ортида енгилгина чанг қолди, холос. Биз жон талвасасида ўзимизни кабинага урдик; шукурларким, мотор дарҳол ўт олди. Андак илгарилаганимиздан кейин эса ажалнинг комига қараб бораётганимизни эсладик: бу тор дараларда орқага бурилиб олиш ҳам унчалик жўн иш эмасди. Ҳадемай улкан харсангларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўладиган ваҳимали овозлар қулоғимизга чалинди, гувиллаган ёввойи овоз кучая бошлади. Кабинадан шаҳт билан тушиб, иккаламиз (негадир икки томонга қараб) қоча бошладик. Мен қояга рўпара бўлганимдан кейингина шошқалоқлик қилганимни тушундим: соҳил тик ва қалтис эди. Нари томонга қараб, шеригим барра ўтлоқлар бўйлаб юқорига ўрлаб кетаётганини кўрдим. Шу тобда орқага қайтиш ҳам аждаҳо билан юзма-юз бўлишдек ваҳимали бўлиб туюлди. Шунинг учун ҳам чапдастлик билан чақиртошларга тирмашиб юқори чиқа бошладим, харсанглар орасидаги аллақандай бута илдизига, сўнг баданини тикан қоплаган ёввойи бодомчага осилиб, юқори кўтарилдим. Уёғи ясси ёнбағир эди: Тағин анча юқорилагач, бўтана сув энди таъқиб этолмаслигига ишонч ҳосил қилдим-у, тин олиб, пастликка боқдим. Бешикдай-бешикдай тошлар бир -бирига урилиб, пастликка отилар, лойқа сел дуч келган нарсани комига тортиб борарди. Илдизи билан қўпорилган бир терак машинамизга келиб урилди ва уни ағдарди; сўнг ўнгариб олиб, болалар ўйинчоғидай лопиллатиб суриб кетди. Зум ўтмай сув бетон симёғочнинг белига чиқди ва уни ҳам қулатди. Мен табиатнинг бунақа ногаҳоний ва қалтис қилмишини ҳеч кўрмаган эдим. Даҳшатли ҳайқириқ тобора кўтарилиб борар, сел шиддати дунёни босгудай эди. Мен бебош ва бешафқат қудратга узоқ тикилиб, беихтиёр инсоннинг ожизлигини ўйладим ва негадир ўксиб кетдим.

Алламаҳалдан кейин сувнинг кучи кесилди, унинг сатҳи пасая бошлаши билан мен ҳам ортимга қайтдим.

Икки-уч кунгача хаёлим ана шу табиий тўфон билан банд бўлиб юрди: даҳшатли овоз қулоғимга чалиниб тургандай, ҳамлакор тўлқинлар пастга отилаётгадай бўларди. Сўнг эса булар бари иккинчи ўринга чекинди ва мен одамларни огоҳлантириб ўтган ўша ногаҳоний қизни кўпроқ эслайдиган бўлдим: ким бўлди экан у — менинг халоскорим?! Қай бир бахтли отанинг фарзанди экан?! Кейин уни беҳудуд бир дард билан қўмсайдиган бўлдим ва беихтиёр Омонқўтон сари йўл олдим.

Одамлар ногаҳоний фалокат хусусида ҳамон энтикиш билан ҳикоя қилишар, офат кўлами ва қудратидан хабар беришга шошилишарди. Ҳа, анча-мунча нохушликлар бўлибди. Жумладан, мен кўрмоқчи бўлган ўша бинолардан ном-нишон қолмабди. Талай қорамоллар, қўй-эчкилар аспаласопинга равона  бўлибди. Булар садқаисар-куя одамлар ҳам қурбон бўлишганини айтишди. Пастки қишлоқда бир аёл нон ёпиш илинжида тандирга уннаётган экан. Сувора қиз хитоб бериб ўтганда боши тандирда бўлгани учун эшитмай қолибди, болакайлари тоққа қараб қочишибди-ю ўзи… Тағин бир киши маст экан.

Жон ваҳимасида ўрмалаб чиқиб кетганим — ўша қоя қаршисида бир зум тўхтаб қолдим. Шу ердан алпинистдай чирмашиб чиққанимни айтган эдим, ҳамроҳлар ишонишмади. Ҳақлигимни исботлаш учун қайтадан чиқмоқчи бўлдим-у аммо уддалолмадим, ғалати.

Хуллас, кўзларидан ўт чақнаган ўша қизни излаб, аввал юқори қишлоқда чиқдим, аммо бу ерда қизнинг кимлигини ҳеч ким айтиб беролмади. Бошқа қишлоқдагилар ҳам уни танишмади. Суриштираверганимдан кейин турфа тахминларни айтишди: юқорида геологлар, биология факултетининг амалиётга келган қизлари, туристлар, йўловчилар дегандай. Қисса кўтоҳ, мен уни тополмадим. Аммо орадан йиллар ўтган сари ҳалоскоримнинг баркамол ва дуркун қомати, бесарамжон нигоҳлари, ногаҳоний шиддати кўз ўнгимда тиниқлашиб, улуғланиб, муқаддаслашиб бораверди.

МЕҲРИБОН ҚИЗИМ! Қизлик ва навжувонлик фасли кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Мен ўша отлиқ қизни ички бир энтикиш билан қўмсагандай одамлар сени ҳам эзгу туйғулар билан эслашларини орзу қиламан. Сершавқат ва раҳмдил бўл, болакайларни бағрингга бос, пешонасидан ўп; дилшикаста аёлларнинг кўз ёшларини артиб қўй, жониворларни золимлардан ҳимоя қил!

Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид шарқ тупроғидан узилиб кетмасин! Урф-одатларимиз, анъаналаримиз , диний эътиқодларимизга беписанд бўлиш — ота-онага, боболарга ҳурматсизлик эканлигини унутма!

Худо кўрсатмасин, бошингга оғир кунлар, ногаҳоний мусибатлар тушганда руҳинг тушиб, қаддинг букилиб қолмасин!

Олдингда ҳали шуълакор ва мунаввар кунлар кўплигини ёддан чиқарма!

БИЛИМ ОЛМОҚ, ҲУНАР ЎРГАНМОҚ ВА  ЗАКОВАТГА ЭРИШМОҚ ХУСУСИДА

Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор бениҳоя ориф ва камсухан инсон бўлганликларини таъкидлаб ўтишим керак. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига у киши бош муҳаррир бўлганларида мен бўлимда ишлардим; кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.

Муҳтарам зот билан қурган суҳбатларимнинг бири бу турур:

Дедим:

— Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини бирма-бир очадиган калит недур?

Дедилар:

— Илм, ҳунар ва заковат.

Дедим:

— Миллатни камолот сари етаклайдиган кишилар кимлар?

Дедилар:

— Билимли, ҳунарли ва ақлли кишилар.

Дедим:

— Бу хислатларга қандай қилиб эришмоқ керак?

Дедилар:

— Катта мақсад ва иштиёқ билан, андак мадад ва раҳнамолик билан.

Дедим:

— Инсон бир бор дунёга келади, уни ҳам билим ва ҳунар йўлидаги машаққатга сарфлаши жоизми?

Дедилар:

— Киши камолот сари интилмас экан, у жаҳолат ботқоғига ботиб қолаверади; жаҳолат эса жаъми иллатларнинг бошидир.

Дедим:

— Фарзандлар ва шогирдларни не илму ҳунарларга даъват этардингиз?

Дедилар:

— Ўғилларни заминга меҳр қўйишга, келажак касби бўлмиш ЭҲМ, компютерлар ва илмий-техника тараққиёти уфқларини эгаллашларига хоҳишманд эдим.

Дедим:
— Ахир, ерга ишлаш билан илмий-техника тараққиёти кутбнинг икки томони-ку!

Дедилар:

— Келажакда уларни бирлаштирган, уйгунлаштирган йигитларнинг қўли баланд бўлади. Зеро, Беҳбудий ҳазратлари таъкидлайдилар: «Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун ишлайлик!»

Дедим:

— Қиз болаларга истакларингиз?

Дедилар:

— Лоақал умр ва қувватларининг ярмини рўзғорга сарфлашга имкон берадиган соҳага сафарбар этардим.

Дедим:
— Фарзандлар ва шогирдлар ўзга йўлни мақбул топишса-чи?

Дедилар:

— Уларга омад тилардим, кўмак кўрсатардим.

Дедим:
— Айрим фарзандлар, шогирдларнинг андишасизлиги, лоқайдлиги, шуурсизлиги нимадан?

Дедилар:

— Ота-она ва устозларнинг бебурдлиги, беғамлиги, бетутуруқлигидан.
Дедим:

— Фарзандлар ва шогирдларга тағин тилакларингиз?

Дедилар:

— Касбу корига — садоқат, қавмларга — меҳр, табиатга-муҳаббат!
Дедим:

— Бунга қандай эришмоқ керак?

Дедилар:
— Садоқатга — эҳтиром, меҳрга — самимият, муҳаббатга шафқат ҳамда эминлик туфайли.

Дедим:

— Зиддиятларнинг боиси недур?

Дедилар:
— Икки дорвоз бир дорда ўйнолмаслиги, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслиги.

Дедим:

— Исённинг сабаби недур?

Дедилар:

— Зулм.

Дедим:
— Зулмнинг боиси-чи?

Дедилар:

— Жаҳолат!

Дедим:

— Хасислик ва шуҳратпарастликдан қочмоқ учун нима қилиш керак?

Дедилар:

— Бот-бот пул ва мукофотдан воз кечмоқ керак.

Дедим:
— Бировнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик учун-чи?

Дедилар:

— Оқибат ва оҳиратни ўйламоқ керак. Дедим:

— Атрофда таъбингга ўтиришмайдиган биқсиқ ва ипирисқи кимсалар кўпайиб, дилинг ғуссага тўлганда, нима қилиш керак?

Дедилар:

— Мавлоно Муқимийнинг тўртлигини ёдга олмоқ керак:

Шерсиз эмасдур бешалар,
Бордур саховатпешалар.
Қилманг ёмон андешалар,
Яхшилари ҳам бор экан!

Дедим:

— Сиз қайта дунёга келсангиз, тағин шу умр йўлини танлармидингиз?

Дедилар:

— Ҳа, шу йўлдан борардим, аммо ҳатоларимни такрорламаслик пайида бўлардим.

Дедим:

— Хатоларингиз кўпми, сирми?

Дедилар:

— Умрим давомида кам билим олганим, кўпроқ ҳунар ўрганмаганим менинг хатоларимдир.
Дедим:

— Демак, инсон фарзанди учун энг муҳими — билим ва ҳунар экан-да?

Дедилар:

— Энг муҳими — ақл!

Дедим:

— Наҳотки, билим ва ҳунардан, истеъдод ва тажрибадан ҳам ақл бирламчи ва устун бўлса?!

Дедилар:

— Илло, шундай!

Дедим:

— Энди ақлга эришиш йўлларини айтинг.

Дедилар:

— Табиат ва жамият ҳар бир кишига озми кўпми заковат уруғини ато этади. Уни авайлаб ундириш, вояга этказиш бандасининг ўзига вобастадир.

Дедим:

— Ақллиликнинг бош белгилари недур?

Дедилар:
— Киши ақлли бўла борган сари одамлардаги бу хислатни кўпроқ илғайди ва қадрлайди. Ҳамма нарсага ақли етган киши ҳамма нарсани кечиради.

Дедим:

— Тағинчи?

Дедилар:
— Хокисор ва камтарин бўлади.

Дедим:

— Хокисорлик ўз қадрини ерга уриш эмасми?

Дедилар:

— Фақат кибор ва беписандлар наздида шундай.

Дедим:
— Ғурурга ўхшаш жоҳиллик недур?

Дедилар:

— Жаҳл!

Дедим:

— Баландликка ўхшаш пастлик недур?

Дедилар:

— Беписандлик.

Дедим:
— Ожизлик аломати недур?

Дедилар:

— Миллатчилик, маҳаллийчилик.

Дедим:

— Ақллиликнинг тағин қанақа нишоналари бор?

— Дедилар:

— Улар мантиқий оқибатни билиб иш тутадилар.

Дедим:

— Тағинчи?

Дедилар:

— Улар кам гапириб, кўп тинглайдилар!

ЖУФТИ ҲАЛОЛ ВА ЗУРРИЁТ  ХУСУСИДА

Азиз ўғлим ва қизим! Қалқиб турган бу серғалва дунёда ҳар  кимнинг ўзига муносиб, меҳрибон умр йўлдоши топиши, борлиғини унга бахшида этиши, фарзандлар кўриб, уларни вояга этказиши унча жўн иш эмас ва яна шу некбахтлик ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Оила куришдек бағоят масъулиятли тадбирни амалга ошириш юзасидан, афсуски ҳеч ким аниқ кўрсатма ва тавсиянома беролмайди, чунки жуфти ҳалол танлаш — бағоят назокатли кўнгил иши. Аммо шунга қарамай бор инъом-ихтиёрни ўзларингга ташлаб қўйсам унча тўғри бўлмас. Бир масъул ва жонсўз ота сифатида маслаҳатлар бермоқчиман ҳамда улар асқотади, деб умид қиламан.

Аслида донишманд халқ бу борада энг мумтоз пандларни айтиб қўйган:

Бошинг икки бўлмагунча
Молинг икки бўлмайди.

Тағин:

Хотинсиз рўзғор — чўл,
Хотинли рўзғор — гул.

Тағин:

Тенгини топсанг — текин бер.

Тағин:

Ақлли хотин — уй кўрки.

Ўғлим! Буни умр савдоси дебдилар. Шунинг учун уйланишга унча шошилмаслигингни маслаҳат бераман. Ўсмирнинг андак улғайиб, никоҳ ёшига этишиш, баркамол маънодаги балоғатдан далолат эмас. Турмуш қуриш учун маънавий, иқтисодий жиҳатлардан ҳам тайёр ёки қарийб тайёр бўлмоқ керак. Иложи бўлса, ўқишни битириб, бирор юмушнинг бошини тутгач ва тағин, тўйнинг айрим саруполари, заруратларини харид қилгач, тараддуд бошласанг ўринли бўлур эди. Аммо, сўққа бошлик ҳам чўзилиб кетавергани сари киши инжиқ, ўта нозиктаъб, ҳатто андай беписанд бўла боришини назардан қочирмаслик керак.

Гап турмушнинг муқаддас қўрғонини тиклаш хусусида кетар экан, ундан олдин севги деб аталган устувор туйғу ҳақида тўхталиб ўтмасам, ошиқлар мени жоҳилликда айблашлари ҳеч гап эмас.

Эрамиздан аввал яшаб ўтган қадимги юнон донишмандидан тортиб кечагина мактабни битирган ёш шоир ҳам бу хусусда тўлиб-тошиб афсона-ю ашъорлар ёзишган. Уларга қўшимча қилиб, бирор тоза фикр айтишим мушкул. Фақат шуни таъкидлаб ва тайинлаб айтишим керакки, бу беҳудуд завқ бетакрор маънавий кудратдан бебаҳра қолиш каттагина йўқотишдир.

Она юраги ҳақидаги афсонани эшитган чиқарсиз. Уни талай шоирлар шеърга солишган. Мен ҳам бир вақтлар қаламимни синаб кўргандим.

Ҳайҳот! Ҳайҳот! Ҳайҳот!
Сен она эмассан. Жаллодсан – ҳаёт!

Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?

Уларга тутқазиб, гоҳ ханжар , гоҳ гул,
Қисматнинг қаърига отасан буткул!

Қаламга олганим жўн бир афсона,
Афсонада зоҳир – сабоқ, фасона

Ўғлон севиб қолди, дарди беҳудуд ,
Кўзидан, сўзидан ўт чақнар бедуд.

Одамлар! Чекининг, ана маст келди!
Ишқ шаробин ичган ғўр сармаст келди!

Ишқи тушган санам, о дилдор эди,
Чечан-у, шоҳиста ва кибор эди.

Моҳтобни эслатар хушрўй юзлари,
Руҳингни эркалар сузук кўзлари

Пойларига қўйиб бошини такрор?
Йигит зорланарди – ашки шашқатор:

«Дилингни менга бер, Берақол, жоним,
Зулматга отмагил жону жаҳоним.

Не шартинг бор, сўйла, борлиғим нисор,
Жоним-у, жаҳоним, имоним нисор…»

«Чиранма, қоплоним, кўз сузди дилдор,
Агар жўмард бўлсанг, қалтис шартим бор…

Майли, юраккинам сенга бахшида…
 (Ошиққа умидбахш ваъда яхши-да)

Унинг эвазига келтиргил лочин,
Онанг юрагини!
Сўзинг бўлса чин!»

Нима бу?
Макрми, сир-у синоат,
Даҳшатли ҳазилми ёки хиёнат?

Ёлғиз ўғил эди, ёлғиз онага.
Саросар қайтди у уйга – хонага.

Онанинг кўзлари йўлга зор эди.
Ўғил қўйнида-чи ханжар бор эди…

Девонавор эди унинг кўзлари,
Сарбасар, мастона айтган сўзлари.

Она ёйган эди мўъжаз дастурхон,
Ҳадемай нон ўзра сачраб кетди қон!

Кафтда серхун юрак урарди ҳамон.
Ўғил манзил сари отилди чаққон

Ва остона ўзра қоқиниб тушди ,
Онанинг юраги нарига учди…

Водариғ,
Водариғ, тилга кирди у,
Дарду изтиробли бир ҳол эди бу,

Дедики: «Тойчоғим, бу не фалокат?
Етмадими сенга зарбу зарофат?

Турақол, чироғим, дардингни олай,
Йўл қалтис, огоҳ бўл қурбонинг бўлай…

Ҳайҳот! Ҳайҳот! Ҳайҳот!
Сен она эмассан, Жаллодсан ҳаёт!

Ошиқи зорларга изтироб нечун?
 Маъшуқлар пойида не боис мажнун?

 Кечир, мунгли бўлди Нусратнинг сўзи,
Хулоса яcасин ҳар кимнинг ўзи…

Муҳаббат — бир-бирига етишгунча оловланиб сўнг сўниб қоладиган туйғу, деган экан бир файласуф. Дастлаб бу афоризм менга жуда ёқиб тушганди, кейин эса ҳаётда бунинг аксини кўп кўрдим: тўйгача бир-бирини танимаган, кейин эса мажнунона севиб, суяниб қолган, борлиғини бир- бирига бахшида этган талай эр-хотинларни учратдим; уларга ҳавасим келди.

Эй фарзанд! Чироққа лампамой, ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидай, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат талаб қилишини унутма.

Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайдику! Яхши кўрадиган кишингнинг кўнглини топиш воситаларини ўзинг ўйла; балки бир даста гул, эҳтимол, ярашиқ либос ёхуд андак ҳамду сано, табассум…
Зеро, шоир айтганидек:

Инсонга жуда кўп нарса керакмас,
Уйда уни кимдир кутиб турса — бас !

Қизим! Бизнинг гоҳ, турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб турадиган нохуш ҳол, бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси, оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, тирик етим қолдириш — гуноҳи азим.

Қисматнинг бўёқлари оз эмас: биров қайнона-қайнотаси билан келишмайди, бошқа бир келин пулсизлик ва уйсизликка қарши бош кўтаради, яна бир бебахтнинг эри гиёҳвандликка, ичкиликка ёки қиморбозликка берилади. Сен қизим, бундай ногаҳоний зарбаларга ҳамиша тайёр бўл, ҳар қандай иллатнинг ғовлаб кетишига йўл қўймай, унинг олдини олишни ўрган. Қайнона ёки қайнотангдан ҳасрат қилишдан олдин бир ҳақиқатни ақл тарозусига солиб, мушоҳада юритиб кўп: улар ўзга бир даврда яшашди, сен бошқа замон одамисан. Модомики шундай экан, йиллар орасидаги фарқ дунёқарашлардаги, нуқтаи назардаги фарқ демакдир. Рўзғор деган қалъанинг ҳар қандай омонат жойини мустаҳкамлаб бориш; бунинг учун бир-бирини кечиришни билиш, гоҳида хокисорлик таомилларига амал қилиш, миллий удумларни қадрлаш сингари бир талай шартларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Оила муносабатларидаги кичик зиддиятларга беписанд бўлмагин — катта жиддиятлар ана шу кичик зиддиятлардан бошланади.

Тағин шуни ёдда тутгинки, эркак зоти ҳамиша ўз имкониятларидан каттароқ гапирадиган, ваъда бериб қўядиган бўлади. Начора, эркакчилик. Зеро, шундай экан, бу ҳолдан ортиқча қаҳрга минишга ҳожат йўқ. Конститусия эркак ва аёлга тенг ҳуқуқ берган бўлса-да, мусулмончиликнинг ҳеч қаерда қайд этилмаган қонунлари оилада, қариндошлар, дўстлар даврасида  сардор мавқеи андак сарбаланд бўлишини тақозо этади. Муҳаббат ва садоқат шунчаки китобий гаплар эмас, оила ҳам эркак ёки шаҳвоний зарурат учун қурилмайди.

ҲИКОЯТ

Самарқанд тумани Қозиқўрғон қишлоғида Жўрақул сибир деган отахон яшайдилар. Пиру бадавлат мўйсафид: икки ўғил, икки қиз, невара, чевара дегандай.

Ҳозир (2002 йил) саксондан ошган отахон умрларининг ўн бир йилини Сибирдаги авахтахоналарда ўтказганлар. Машъум қатағон йиллари у кишига «колхоз тузимининг душмани», деб айб қўйилган. Келинлик либосидаги умр йўлдоши чирқиллаб қолаверган.

Эри қамалган, қамалаётган аёллар… Тақдирдан уларга тоқатлар тилагиси келади кишининг. Қисматнинг ушбу ногаҳоний зарбаси бировни қулатади, бировни мажруҳ этади.

Ғуссадан биров устига бензин сепса, бошқаси қаддини мағрур тутиб, қисматга қасдма-қасд кураш бошлайди.

Хуллас, Шарифа опа умр йўлдошини нақд бир йил кутади. Ундан ном-нишон бўлмагач, дараклашга киришади ва Жўрақул Сибир томонларга сургун қилинганини, у ерда дарахт кесаётганлигини, эшитиб қолади.

Сибир! Cарҳадсиз совуқ ўлка! Офтоб деган табаррук мўъжиза қадрини ўша изғирин ялангликларда лоақал бир бор бўлган кишигина дилдан ҳис этмоғи мумкин. Унинг ҳатто баҳори оний бўлиб, олис ҳамда нохуш хотираларга ўхшаб кетади. Бу сарҳадсиз ҳудудга Овруподаги бир неча мамлакатларни жойлаштириш мумкин.

Мазлумлар авахтахонаси бўлиб қолган бу ўрмонзорлардан бир маҳбусни дараклаш чексиз коинотдан учар тарелкаларни излашдек гап. Аммо ноумид — шайтон дейдилар. Инсон эса эса  хамиша ишонч билан яшайди. Шарифа ана шу қаҳратон ўлкадан умр йўлдошини топишга азму қарор қилиб йўлга чиқади. Братск шаҳрига тушгач, бошқа мусофирлардек, аввало меҳмонхонани даракламай, қамоқхоналарни суриштиради. Кейин эса ана шу ҳибсхоналар атрофида арвоҳдай кеза бошлайди. Баджаҳл соқчилар маҳбусларни эрталаб ишга олиб чиқаётганда, кечқурун қутурган кўппаклар воситасида тиканли симлар ортига ҳайдаб кираётганда бу пажмурда гавдалар орасидан эрини излайди. Эҳ-эҳ этикдўз Жугашвилининг ўғли томонидан Енисей бўйларида қурилган не-не авахтахоналарда бўлмайди у?!

Эй, садоқатли ҳотинлар! Дунёнинг энг улкан шаҳарларида ҳашамдор ҳайкал ўрнатиш керак сизларга! Токи одамлар муҳаббат ва садоқат олдида бош эгиб пойингизга гуллар қўйишсин!

Шу кўйи бир ярим йил изғийди у. Мусофирчилик ва ҳору зорликнинг беҳад уқубатларини бошидан кечирадики, бу саргардонликларнинг ўзи бир китобга сиққуликдир. Шу сарсонликлар сабаб бўлиб, тил ўрганади, ҳушёрлиги ортади. Алқисса, бир ҳарбий грузин унинг жасоратига тан берадими ёки раҳм қиладими — ҳар ҳолда кўмаклашишга бел боғлайди. Шарифа опа бир неча ойгача умид билан унинг уйида яшаб, касалванд хотинига, болаларига қарашади. Грузин ҳам ўз сўзининг устидан чиқиб, бир куни Шарифа опани дарё бўйидаги ўрмонзорга эргаштириб боради. Худди шу ерда у умр йўлдошини топиб олади!

Бу жараёнлар биз баён қилгандек жўн кечган эмас, албатта. Масалан, сиз киноларда башараси cовуқ ҳарбий соқчиларни бир неча бор кўргансиз , албатта. Улар зарур бўлганда, қўлларидаги автомат тепкисини босиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас. Ҳа, гарчанд бағритош бўлишса ҳамки Шарифа опанинг садоқати олдида бош эгиб, эр-хотиннинг бир-бирига қараб ҳудудсиз меҳр билан талпинишларига монелик қилишмайди.

Эртаси ҳам, индини ҳам учрашадилар улар…

Шарифа опа аввал шу ердаги мактабда фаррошлик қилади. Унга бир хоначани жиҳозлаб берадилар. Шундай қилиб, ўз ишини ихлос билан бажарган ҳолда ҳар куни овқат пишириб, Жўрақул сибирга олиб боришни канда қилмайди. Шу тариқа мактабдагиларнинг ҳам, маҳбусларнинг ҳам яқин кишисига айланиб қолади. Чунки унинг қалбидаги шафқат ва меҳр одамларни лоқайд қолдиролмасди-да! Фақат умр йўлдошининггина эмас, ўзгаларнинг ҳам кийимларини ямаб беради, беморлар, бечораларга ёрдам қўлини чўзади.

Хуллас, хотини сабаб бўлиб Жўрақул сибирга ҳам анча-мунча озодлик эпкини тегиб қолади: бошлиқлар кечқурунлари оиласи билан бўлишга рухсат беришади унга. Ватандан жуда олис, совуқ бир юртда эр-хотин бир-бирига таяниб, далда бериб умргузаронлик қила бошлайдилар.

1955 йили улар Сибирдан бир машинада кўч-кўлон, икки ўғил, икки қиз билан қайтиб келишади.

Надоматлар бўлсинким, Шарифа опа бундан беш йилча муқаддам ҳаётдан қуз юмдилар.

Эй, фарзанд! Оила жамият бешиги бўлса, фарзанд белнинг қуввати, зурриётнинг давомчиси, чироғимизни ёқиб қолувчи ирсиятимиздир!

Шуни билки, болакайлар шовқини эгалламаган хонадонни аста-секинлик билан зоҳирий ваҳима шарпаси эгаллай боради.

Тағин шуни билгинки, бу дунёда соғлом фарзандини кўтариб турган жувондан гўзал, жозибали санам ҳеч ерда йўқ ва бўлмайди ҳам!

Баски, шундай экан, фарзандлар мўл, соғлом, ақлли, ўқимишли бўлишига эришмоқ керак. Шундай иш тутмоқ зарурки, болаларимиз, фақат умримиз давомчиси бўлиб қолишмасин, балки биздан ҳам устунликларга эришсин. Фан номзодининг ўғли, масалан, камида фан доктори бўлмаса, авлод  тараққкиётга эришолмай қолади-ку! Сен фараз қилайлик, уч тилни биладиган бўлсанг, боланг камида беш-олти забонда бурро бўлмоғи лозим.

Афсуски, ҳаётда ноқобил одамлар оз эмас. Қотиллар ва сотқинлар, гиёҳвандлар ва фоҳишалар, безорилар ва қаллоблар…

Эҳ, улар кўп! Бу одамларнинг бирортаси ҳам ёмон бўлиб туғилмаган. Оилавий тарбиянинг қўпол нуқсонлари сабаб бўлиб, ана шундай нобоп йўлларга чалғиб кетишган улар.

Биологик жиҳатдан кичик ҳарф билан ёзиладиган инсон сут эмизувчилар оиласидаги hoмo саpиенс турига мансуб бўлса ҳамки, катта ҳарф билан битиладиган Инсон — кўзларида нури мунаввар, қалбида эзгулик шамчироғи, ниятида устуворлик, сўзида эминлик бўлган олий зотдир!

Ота-она ўз фарзандларининг қилмишлари учун бутун жамият ва тарих олдида жавоб бериши кераклигини бир дақиқа бўлса ҳам ёддан чиқарманглар!

Фарзандларнинг мурғак қалбларига зарифлик, закийлик ва шафқат уруғини кўпроқ, сепинглар; уларни зукко тарбиячи, шоҳиста муаллимлар қўлига топширинглар, токи келажакда фақат ўз оиласигагина эмас, миллати, халқи, ватанига ҳам шарифликлар келтирсин!

ҲИКОЯТ

Антон Павлович Чеховнинг «Помешчик қўрғонида» деган ҳикояси бор. Унда оқсуяк Павел Ильич Решевичнинг паст табақали кишиларга ҳаддан ташқари беписандлиги; худбин, инжиқ бўлгани сабаб одамлар уни хушламасликлари тасвирланган.

Помешчикнинг бўйга этган икки қизи бор. Уездга яқинда ишга келган терговчи Мейер Решевичнинг катта қизи билан танишиб қолади ва уларникига меҳмон бўлиб келади. Бу даргоҳга ҳеч ким оёқ, босмай қўйганидан бўлса керак, оила, жумладан, Решевич ҳам ана шу ҳолдан беҳад қувонади. Аммо помешчик ўз одатига кўра тағин ўша эски дийдиёсини бошлаб, мешчан фалсафасини давом эттиради.

«Оқсуякнинг табиий ва тарихий важ ҳамда далиллари бор, азизим, ва буни инкор этмоқлик, менимча, кийикнинг шохи йўқ, дейишга ўхшаш номаъқул бир гап. Агар мен исқиртга, малайваччага қўл бермас эканман, бунинг маъниси, оламдаги энг яхши нарсаларни ҳимоя этганим, бизни камолот сари элтувчи она табиатнинг энг юксак йўл-йўриқларидан бирига амал қилганим бўлади. Биз ҳам энди худди Ғарб рисарлари мўғуллар ҳужумини қайтарганидек, вақтни ўтказмасдан, дарҳол  қўзғалмоғимиз ва бир ёқадан бош чиқариб, душманга зарба бермоғимиз лозим. Қачонгача уларга кўнгилчанлик қиламиз?! Бас энди! Ҳаммамиз гапни бир жойга қўйиб, исқиртлар яқинимизга келди дегунча нафратимиз қўзғаб, ифлос башарасига қарата: «Йўқол, бу ердан қўнғиз, сенинг тенгинг – тўнғиз» дейдиган бўлайлик….»

«Мен ундай қилолмайман,» деди зўрғатдан Мейер ва юзини ўгирди.

«Нега энди, сўради Решевич. У ғалати суҳбат, узоқ мубоҳаса ва талашувлар бўлишини кўзлаб жони кирган эди. — Нима учун?»

«Чунки, мен ўзим пастки табақаданман.» Бу иқрордан Мейернинг ўзи қизариб кетди, ҳаттоки бўйин томирлари шишиб, кўзида ёш пайдо бўлди.»

Эй фарзанд! Биламан, сен одамларни табақаларга ажратмайсан. Аммо беандишалик қилиб, миллатга ажратишингдан ҳавотирдаман. Янги танишинг, суҳбатдошинг ёки даврадошлар қайси миллатга мансублигини билмай, унинг нозик туйғуларига тегиб қўйиш, гумроҳликнинг ўзгинасидир.

Турфа давраларда у ёки бу миллатнинг шаънига тегадиган латифалар айтиб юриш ҳам вайсақиликдан ўзга нарса эмас!

Устоз Асқад Мухтор билан бу мавзуда ҳам суҳбатлар қурганимиз ёдимда. Хотирамда қолганларини қоғозга туширишга саъй ҳаракат қиламан.

Дедим:

— Айтингчи устоз, киши сухандон, хушхат ва боэҳтиром бўлганда нималарга эришади?

Дедилар:

— Омад уларга икки қўлини чўзган гўдакдек талпинади.

Дедим:

— Сиз бундай кишиларга не мурувват ва саховатларни раво кўрардингиз?

Дедилар:

— Ихтиёр менда бўлса, меҳримни қуёшга қўшиб берардим.

Дедим:

— Минбарга кўтарилаётган кишига нима дейишни истардингиз?

Дедилар:

— Сен роҳиб эмассан, нотиқсан — юрагингни оч!

Дедим:
— Хатнависларга нималарни ёзишни маслаҳат берардингиз?

Дедилар:

— Ҳақиқатни!

Дедим:
— Миллатчилик нималарга олиб келади?

Дедилар:
— Миллий адоватга.

Дедим:
— Миллий адоватчи?

Дедилар:

— Хунрезликка!

ИТОАТ ЭТТИРМОК, ВА БЎЙСУНМОҚ ХУСУСИДА

Аср довонидан ошган, тер ва кўз ёши таъмини етарлича татиб кўрган бир мўйсафидга савол берибдилар: «Қандай қилиб, бунча умр кўрдингиз?» Отахон дебди: «Умр бўйи ҳеч кимга бўйсунмадим ва ҳеч кимни бўйсундирмай яшадим:

Эй фарзанд! Билки, биз кимларгадир тобемиз ва аллакимлар бизнинг қаршимизда бош эгиб туришга маҳкум этилган. «Бўйин суниш деган каломнинг андак ўзгарган мазмун, шакли ва моҳиятига эътибор бер. Шунинг учун итоаткорлик ҳам, итоатгўйлик ҳам умрнинг эговидир.

– Майли, мени ур, аммо гапимга қулоқ сол,  — деган эди афиналик Спартак ўз хўжасига.

Яна шуни билиб қўйгинки, кишилар аксарият ҳолларда бошлиққа ишонадилар, эътиқод қўядилар, аммо амалдорлар қўл остидаги одамлардан шубҳаланиб юрадилар.

Модомики дунё шунақа қурилган экан, бунга қарши бош кўтармоқ ножоиздур. Ҳамма замонлар, жамиятлар ва тузумларда ҳам шундай бўлиб келган: ҳокимлар, амирлар, ижроқўм раислари, саркотибларнинг, кўп ҳолларда идеаллари тузук бўлса ҳамки, ўзлари бошқа нарсаларга интилганлар; улар Қуръони Каримга ҳам хиёнат қилишдан тойишмаган. Замонлар ўтган сари бўйсунувчи кишилар талабчан, ҳақгўй ва андак беандиша бўлиб боргани сингари, мансабдорлар ҳам чечан, маккор ва бешафқат бўлиб бораверганлар.

Ҳар ҳолда раҳбар билан амалдорнинг фарқи йўқ эмас! Лекин инсоф билан айтганда, бизнинг замонда бошлиқ  бўлиш унчалик жўн иш эмас. Асабларнинг доимий таранглигидан бўлса керак, уларнинг аксарияти пенсия ёшига этмай инфаркт, инсулт, қон босими сингари дардларга мубтало бўлишади. Баски шундай экан, жамият адолатли раҳбарларни қадрламоғи керак. Кимга кўп ҳуқуқ берилган бўлса, ундан шунча кўп талаб қилинишини унутишга ҳаққимиз йўқ! Бошлиққа итоат этмай, уни беписанд қилишни ғурур деб билмоқ хато, албатта! Эй фарзанд! ҳар қандай мансаб соҳиби бўлганингда ҳам одамлар безиб кетадиган даражада қаттиққул ёки оёқости қилиб ўтадиган ҳолатда лакалов бўлма! Шундай иш юритмоғинг керакки, мабодо вақти келиб, амал курсисидан ажралиб қолсанг, танишларинг юз ўгиришмасин. Бунинг учун қавмларга меҳрибонлик кўрсатиб турсанг, маҳалланинг тўй-маъракаларидан ўзингни четга олмасанг, анъаналарга бефарқ бўлмасанг, кишиларнинг яхши кунларида қўлларини қисиб қўйсанг, мушкул дақиқаларида пешоналарини силасанг — кифоя!

Мансаб поғоналарига қараб иш юритиш таомиллари ҳам такомиллашиб боради. Аммо ҳар қандай курсини тавсия этишганда, обдан ўйлаб ол: билиминг, қобилиятинг , тажрибанг етарлими; аввалги раҳбардан ошириброқ иш юрита оласанми?! Мабодо дилингга ўтиришмаса, юрагингни жизиллатмаса назокат билан рад эт. Мардликнинг таомили шунақа. Куч-қувватинг, имкониятинг даражасидан ташқари бўлган зўриқиш сени маънавий жиҳатдангина эмас, жисмоний жиҳатдан ҳам мажруҳ қилиб қўйиши мумкин. Аҳир сен ота-она, фарзандлар, жамият учун соғлом бўлишинг, кўпроқ яшашинг керак-ку!

Ҳар қандай касбу ҳунар сингари раҳбарлик ҳам сенга завқу шавқ ато этса; илҳом, иштиёқ билан ишласанг татийди. Шундай иш тутгинки, дўсту қариндошлар, кексалар ва мажруҳлар, аёллар ва жабрдийдалар ҳузурингга киролмай, азият чекишмасин. Инчунин, журналистлар, юристлар, собиқ мансабдорлар жаҳлга миниб қайтишмасин: бу тоифадагилар кўп ҳолларда кек сақлайдиган бўлишади.

Энди ўринбосар хусусида. Буюк Кайковус ёзади: «Барча ишни вазирга таслим қилмағил, унинг раъйига ҳамиша муҳтож бўлмагил.» Вазир ҳар одам ҳақида сўз айтса эшитгил, валек дарҳол қабул қилмагил. Анга дегинки: «Ўйлаб кўрурман, агар маъқул топсам, бу юмушни санга топширурман. Агар ҳоҳ қари, ҳоҳ йигитликда подшоҳ бўлсанг, қари кишини вазир қилгил.»

Бу қомусий ўгитларга бирор фикр қўшиш мушкул. Фақат шуни айтиб ўтишни истардимки, ўринбосарнинг кексароғи, шофёр ва котибанинг ёшроғи афзал. Улар ҳалол, садоқатли, шу билан бирга ҳушёр, зукко кишилар бўлишсин.

Қонунлар бизни ҳимоя қилиши керак бўлганидек, биз ҳам қонунларга беписанд бўлмайлик. Айниқса, раҳбар бу масалада нодонликка йўл қўйса, бебурд бўлиб қолиши ҳеч гап эмас!

Сен раҳбар бўлган даврда сиёсат-у вазиятлар ўзгариб қолиши мумкин. Бундай пайтда узоқни кўзлаб, ақл билан иш юрит. Таъна маломатларга, иккиюзламачиларга нисбатан вазмин бўл. Ҳар эҳтимолга қарши ўзга ерлардан ўзингга ва яқин кишиларингга иш дараклаб қўй!

Вазифасидан ноҳақ бўшатилган айрим тадбиркор, доно раҳбарлар ҳеч ўксимай кичик ва ўрта бизнесга қўл уриб, янада устувор шуҳратларга эришганини биламан. Назаримда, улар тўғри йўл тутишди.

Мансабдан ажралишни сира ҳам баҳтсизлик деб билма!

Эй фарзанд! Сенга тобе бўлган уддабурро кишиларни эъзозла! Айрим иллатлари учун уларнинг дилларини хуфтон қилма. Агар билсанг, жамиятнинг етакчи кучлари — ана шу уддабурро одамлардир. Ўттиз -қирк, йилда етишиб чиқкан ишчан раҳбарнинг оёғига болта уриш — эндигина ғарқ ҳосилга кирган дарахтни қулатишдек увол иш!

Бировни бўйсундиришдек итоат этиш ҳам мураккаб жараён. Ҳар ҳолда бошлиқнинг ишончига сазовор бўлмоқ керак. Бу тадбирни ҳамкасб дўстларни кўпайтириш , уларнинг кўнглини топиш билан бирга олиб боришни ўрган. Ишхонада иккиюзламачилар, ғийбатчилар ва турли… чилар бўлиши мумкин. Сен улардан устун туришнинг тадбирини қил ва атрофдагиларга нисбатан ҳушёрликни сусайтирма.

Жамоада гуруҳлар пайдо бўлганда ( начора — ҳаёт. Бу ҳам истисно эмас) адолат ва ҳақиқат томонда бўл. Бу курашда мағлуб бўлсанг ҳам заррача ўксима! Аммо ҳар қандай шароитда ҳам интизом, ишчанлик, жамоага ғамхўрлик сақланмоғи керак!

ҲИКОЯТ

Бир маҳаллар чумолиларнинг ҳаёт тарзини кузатганим ёдимда. Унгача дунёда асалари оиласидек интизомли ва меҳнаткаш уюшма бўлмаса керак, деб ўйлардим. Қарасам, чумоли ҳам ундан қолишмас экан.

Бу ўлкан рўзғорда катта ва кичик лавозимдаги бошлиқлар (уларни қанотидан аниқлаш мумкин) бўлиб, қолганлари умр бўйи меҳнат қилишга маҳкум этилган жониворлардир. Ишчи чумолилар тухумдан чиққан заҳоти рузғорнинг темир интизоми, табиатнинг инстинкт деган қонунига буйсуниб ишга киришади. Аввал йўлакларни, омборларни тозалайди, чиқиндиларни олиб кетади. Сўнг қиш ташвиши…

Чумолилар одамлардай йиғилишлар ўтказишмайди; уларда маҳаллий қўмита ҳам йўқ. Аммо метин интизом, ҳалол ва фидойи меҳнат бор. Бу жамоада дангасалар ва бадмастлар, ғийбатчилар ва лаганбардорлар, нигилистлар ва экстремистлар, ҳоинлар ва аблаҳлар йўқ. Меҳнат ҳамма учун биринчи зарурат, интизом ҳамма учун қонун! Уларнинг бир-бирига, оилага ғамхўрлиги ҳақида ўнлаб илмий ва бадиий асарлар битиш мумкин. Масалан, оила аъзоларидан бирортаси яраланиб ёки хасталаниб қолгудай бўлса, галалашиб унга гиргитгон бўлишади. Жаъми жониворлардан фарқли ўлароқ, нобуд бўлган шерикларини чиқариб кўмишади. Бирор фалокат рўй берганда, масалан, инлари бузилганда ёки уни сув босганда энг аввало тухумлари, палапонлари, ярадорларини олиб қочишади.
Ваҳоланки улар — чумолилар!

Асарни тўлиқ ҳолда саҳифа қуйисида мутолаа қилинг

09Taniqli yozuvchi va jurnalist Nusrat Rahmatni   75 shga to’llgani bilan chin dildan qutlaymiz
 

Mirsharif XO’JAEV
SARKASH
045

Yigirmanchi asrning 70-80-yillarida qo’ylarni sun’iy qochirish va har bir sovliqdan ikkitadan qo’zi olish amali hukumat tomonidan qo’llab-quvvatlanayotgan bir sharoitda gazetada bu usulning zarari va u davom ettirilsa, qorako’lchilik izdan chiqishi mumkinligi to’g’risida tahliliy maqola bosildi. Muallifi Nusrat Rahmat edi. Maqola o’ta jur’at bilan yozilganligi va senzura tomonidan o’tkazib yuborilganligidan hayratlandim. (Oxir-oqibat jurnalistning fikri to’g’ri chiqdi va bu usuldan voz kechildi).

Atrof-javonibni himoya qilish hali hech kimning xayoliga kelmagan o’sha zamonlarda matbuotda Nusrat Rahmatning ekologik muammolar xususidagi o’ta dolzarb maqolalari chiqa boshladi.
Jurnalist tag’in haq ekanligiga, yillar o’tib, guvoh bo’ldik va bugun mazkur muammo har bir kishining og’zida.

1988 yilda shu muallifning O’zbekiston Fanlar akademiyasining Toshkent yaqinidagi «Yadro fizikasi instituti kerakmi?» degan muammoli maqolasi e’lon qilindi. O’shanda ko’pchilik hayratlangani esimda. Oradan yigirma sakkiz yil o’tgandan keyin, ya’ni 2016 yil mayida mazkur institut tugatildi.

Bu nima? Fol ochishmi? Yoki muammo ildizini teran anglash orqali xulosa chiqarishmi? O’zingiz o’ylab ko’ravering.

Nihoyat, N. Rahmatning o’zbek jurnalistikasida hali hech kim til tegizmagan lo’lilar muammolari to’g’risidagi maqolalarini o’qib, muallifning kimligi bilan qiziqdim. Samarqand viloyat gazetasi – «Lenin yo’li» (hozirgi «Zarafshon») muxbiri, mutaxassisligi bo’yicha olim-agronom ekan. Respublika «Qishloq haqiqati» gazetasining Samarqand va Buxoro viloyatlari bo’yia maxsus muxbiri, «Mehnat» nashriyoti muharriri, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasi bo’lim mudiri bo’lgan. Olim-agronomning menman degan jurnalistlarga yozish nimaligini ko’rsatayotganligidan tag’in hayratlandim.

Shu-shu olim-agronomning har bir chiqishini intiqlik bilan kutadigan bo’ldim. Bunday jurnalistlarni, odatda, novator – yangilik yaratuvchi deb olqaydilar. N. Rahmatning «Men redaktsiyadanman» nomli ilk kitobi esa, o’sha yillarda, katta shov-shuvga sabab bo’ldi. «Farzandga o’gitlar», «Saboqlar va so’qmoqlar» asarlari, keyinchalik «Jadid» romani ham o’quvchilar tomonidan iliq qarshilandi.
N. Rahmatning «Sharq» nashriyot-matbaa aktsiyadorlik kompaniyasi bosh tahririyati tomonidan chiqarilgan «Buni hayot debdilar yoki o’g’lim Ulug’bekning kundaligi» hikoyalardan iborat romani yana o’ylashga majbur qildi. Gap shundaki, asar janri roman deb belgilangan va u konkret shaxslar hayotidan yozilgan hujjatli hikoyalardir.

Badiiy adabiyot, jurnalistika va, umuman, filologiya fanida bunday asar janri roman emas, «badiiy publitsistika» deyiladi. Badiiy publitsistika shu paytgacha atama (atama – ma’lum tushunchani aniq tavsiflash) sifatida tan olinmagan. Xo’sh, badiiy publitsistika deganda nima anglanadi? Tadqiqotchilar mazkur janrga «badiiy-ilmiy matn» va «ifodali tasvir jurnalistikasi» deya ikki xil ta’rif berishadi. Jurnalistika nazariyasi esa badiiy publitsistikani jurnalistikaning o’ziga xos alohida janri sifatida baholaydi. Umuman, publitsistika inson ilmiy va obrazli fikrlash usullarining bir bo’g’ini sifatida maydonga keladi. Ya’ni, konkret shaxs faoliyati haqidagi yozuvda publitsistik g’oya susayganida hikoya matnida hujjatlilik belgilari yo’qoladi va hayot haqiqatining tipik tasviri (badiiy-publitsistik matnning badiiy matnga aylanishi) boshlanadi.

Fan ilmiy atamalar yordamida fikrlasa, san’at va adabiyot obrazlar ko’magida yaraladi. Demak, publitsistikaga ilmiy janr deb qaraladigan bo’lsa, obrazlilik unga yotdir. Publitsistika badiiy adabiyot namunasi deyilsa, nazariyotchilar fikricha, uning hujjatliligi bunga monelik qiladi.

Badiiy publitsistika tadqiqotchilari bu janrda obraz yaratib bo’lmaydi, mabodo yaratilganida ham, u muallifning to’qimasi, deydilar. Nafsilamrini aytganda, badiiy adabiyotda yaratiladigan tipik obrazlar ham muallifning to’qimalari. Masala mohiyatini qancha chuqur idrok etmoqchi bo’lsangiz, shuncha ko’p chigallikka duch kelasiz?

Romanni allaqanday ilmiy yoki texnik adabiyotlar nashriyoti emas, mamlakatning eng nufuzli nashriyot-matbaa kompaniyasi chop etgan va badiiy publitsistik janrni «roman» deb atagan. O’zbek adabiyoti tarixida esa shu paytgacha hujjatli roman yozilganini kamina bilmayman.

Bu hodisada ko’zga yaqqol tashlanadigan ziddiyat bor. Ya’ni, nazariyotchi va tadqiqotchilar badiiy publitsistika yordamida obraz yaratib bo’lmaydi, deyishlariga qaramay, nashriyot bosh tahririyati, bu aqidaga ataylab ters borgandek, bitiklarni badiiy asar deb atagan. Demak, nashriyot da’vosiga ko’ra, badiiy publitsistika yordamida tipik badiiy obraz yaratish mumkin.

Bu nazariy gaplarni aytishdan maqsad, Nusrat Rahmatning «Buni hayot debdilar» romani adabiyotshunoslar va jurnalistika tadqiqotchilari oldiga yana bir jumboq qo’yganligini ta’kidlashdir. Bu, bir qarashda, adabiyotshunoslik va publitsistika nazariyasi talablariga teskari borish, tan olingan rusumlarga nisbatan sarkashlik qilishdir. Yana novatorlik demasdan ilojing yo’q.

Yuqorida badiiy publitsistika hali atama sifatida tan olinmagan, dedik. Mazkur sohadagi tadqiqotlar XX asrning o’rtalarida boshlanganiga qaramay, bu badiiy tasvir yo’nalishining o’zbek adabiyotida paydo bo’lganiga olti yuz yildan oshdi. Jumladan, Sakkokiyning Mirzo Ulug’bek vafotiga bag’ishlab qasida yozganiga olti asr bo’ldi. Shoir o’sha asarida:

Falak ming evrilib, ilkiga keltirmas,
Meningdek shoiri turku seningdek shohi dononi,

deya yozganida konkret shaxs – Mirzo Ulug’bek obrazini nazarda tutgan. Bu badiiy publitsistikaning o’zbek mumtoz adabiyotidagi ilk namunalaridan biri.

Alisher Navoiyning «Majolis un-nafois», «Holoti Sayyid Hasan Ardasher», Boburning «Boburnoma», Muhammad Solihning «Shayboniynoma» singari asarlari va boshqalar ham, hozirgi zamon iborasi bilan aytganda, badiiy publitsistika namunalaridir. Bundan chiqdi, N.Rahmat eski an’anani davom ettirgan va konkret shaxslar hayoti tasviri orqali roman yozib, o’ziga xos yangilik yaratgan, xolos.

Shu o’rinda «Buni hayot debdilar» romanida tasvirlangan ayrim obrazlarni ko’zdan kechiramiz. Asarning «Sovchilikda» deb atalgan hikoyasida bosh qahramon – Ulug’bek amakisiga qallig’ izlayotgan buvisiga ergashib, bir oilaga tashrif buyurishadi. Kampir kuyov bo’lgich o’g’lini, avlod-ajdodlarini mezbonlarga, qahramon tili bilan aytganda, chinu yolg’on qo’shib, rosa maqtaydi. Uy sohiblari «qizimizning inon-ixtiyori bobosida», deya, uyga qariyani taklif etishadi. Chol (asardan parcha keltirilmoqda): «Burchakka o’tirib olib, ko’zini yerga tikkanicha so’radi.

–Sizni tanimay turibman. Kimning qizisiz?

–Asli qo’shmachitlikman, – buvim ham, boshlarini ko’tarmay, javobga o’tdilar, – badallik Rahmatjon deganning ayoli bo’laman. Xo’jayinim «Stalinoboron», «Qizilaskar» kolxozlarida hosilot sho’ro, shofer bo’lib ishlagan… Otam – Istambek, bobom – Iskandarbek. Ikkovlari ham katta zamindor bo’lishgan…

Sukut saqlab o’tirgan mo’ysafid vazmingina gap boshladi.
–Bobongiz bek edi. Yaxshi otlari ko’p edi, ammo surgun bo’lmayin deb otlarini hukumatga topshirdi, qizini qaroliga berib, uni ishboshi qilib qo’ydi. Hay-hay!

Yillar o’ta yelkaga tushgan bu dashnom buvimga qattiq botgan bo’lsahamki, mehmondorchilik taomillariga ozor yetkazmay, avvalgi ohangda davom etdilar.
–Ha, endi bir hovuch tuprog’im musofir yurtlarda qolib ketmasin, deganlar-da…

Chol indamadi… Keyin uni olib chiqishdi. Bir necha daqiqadan keyin kirgan uy bekasi oilaning so’nggi qarorini ayon qildi.
–Oytimullo, dilingizga qattiq olmang, bobosi rozi bo’lmadilar. Nasibasi o’zga yerga sochilgan ekanmi…

Tashqariga chiqib, yo’lga tushgach, buvim haligi cholni la’natladilar.
–Diydoring qursin, san bosmachini!».

Bir qarashda, kundalik hayotda tez-tez uchraydigan voqea tasvirlangandek. Ammo chuqurroq o’ylasangiz, jamiyatda ilgari sodir bo’lgan ijtimoiy-siyosiy ziddiyat – quloqlashtirish va bosmachilik harakatining oradan yarim asr o’tgandan keyin ham jiddiy asoratlari sezilib turganligi, kishilar haligacha bir-birlarining siyosiy qarashlarini kechira olmayotgani shu qisqa sahnada ustakorlik bilan tasvirlangan. Muallif ikki oila bir paytlar g’oyaviy kurashning ikki tomonida bo’lishgan, ular bir-birlariga dushman edilar, demasdan, kampirning «Diydoring qursin, san bosmachini!», degan birgina iborasi bilan katta ijtimoiy ziddiyatni ochib bergan.

Mazkur tafsilot badiiy publitsistika janrida shu tarzda ishonchli va obrazli qilib berilganini ko’rdik. Xo’sh, uni badiiy asarda ham shu taxlitda tasvirlasa bo’ladimi? Bo’ladi, albatta. Demak, badiiy publitsistikadagi hujjatlilik obrazlilikka monelik qilmayapti-ku? Bu holatda muallifning to’qimasi yo’q.

Adabiyot nazariyasida badiiy obraz estetikaning hayot haqiqatini tasvirlash va uni o’zgartirishning faqat san’atga xos bo’lgan asosiy kategoriyalaridan biri deya ta’riflanadi. Shuningdek, badiiy asarda har qanday voqea-hodisaning muallif tomonidan ijodkorlik bilan tasvirlanishi ham obraz deb ataladi. Ko’rib turganingizdek, yuqorida keltirilgan parchada muallif hayot haqiqatini «ijodkorlik bilan tasvirlab» bera olgan. Shunday ekan, tadqiqotchilarning badiiy publitsistikada obraz yaratib bo’lmaydi, degan da’volariga qanday qarash kerak?

Asardagi «Lo’li momo» hikoyasiga diqqatingizni tortmoqchiman. Bosh qahramon xonadonlariga Lo’li momoning oyda bir yoki ikki marta kelib turishi, qish faslida kamnamo bo’lishi haqida gapiradi. «Men har gal bir narsadan juda ajablanaman: uyimizdagilarning bu ayolga bo’lgan munosabatlarida kiborlarcha nopisandlik yaqqol sezilib turadi. Masalan, uyimizga balonli gaz tarqatadigan kishi kelib qolsa, o’zlarini qo’yishga joy topisholmaydi. To’rdan o’rin ko’rsatib, quyuq iltifotlar qilishadi. Buvim unga pul beradilar, duo qiladilar. Dadam ham u bilan hisoblashadilar. Soliq yig’adigan Kontorchi amaki ham hovlimizda o’zini hokimday tutadi. Har gal tomorqamizni o’lchash zarurligini sha’ma qilib qo’yadi. Shunda buvim nolib qoladilar, o’g’illariga imorat qurish uchun yer zarurligini aytib, zorlanganday bo’ladilar, qimmatchilik yillari kolxozda ishlaganliklarini ham gap orasiga qistirib o’tadilar.

Lo’li momo masalasida esa … aytmay qo’yaqolay. O’rinlaridan ham turishmaydi, kalondimog’lar. Xuddi shunday bo’lishi kerakday, Lo’li momo ham poygakroqda o’tirib oladi. Buvim karavot ustidan turib salomlashib qo’yaqoladilar», deydi bolakay Ulug’bek va Lo’li momo bilan buvisi suhbatini batafsil keltiradi. Kampirlar gurungi asnosida buvining Lo’liga bepisandlik bilan munosabatda bo’lganligi sezilib turadi.

Parcha:
«…Bir kun u kishi (Lo’li momo) ancha bashang kiyinib keldilar.
–Kenja o’g’limni uylantiryapman, – dedilar tantanavor ohangda, – Sizlarni to’yga aytgani keldim. Axir, qirq yildan beri dargohlaringga kirib-chiqaman. Xabar qilmasalaring hamki, birorta to’y-ma’rakalaringdan qolganim yo’q».

Lo’li momoning xabar qilinmagan to’y-ma’raklardan qolmasligi inson bolasining bundan ortiq tahqirlanishi mumkin emasligini ko’rsatuvchi dalildir. Shuncha gapdan keyin ham bosh qahramon buvisi lo’lilar to’yiga borishdan or qiladi. O’g’li (asar muallifi) to’yga borgani uchun ayoldan qattiq dashnom eshitadi va hokazo.

Voqea sovetlar tuzumi davrida sodir bo’lgan va bu hikoya o’sha zamonda matbuotda ham e’lon qilingan edi. Gap shundaki, Lo’li momo shu yurt farzandi, o’zini tengsiz deb baholagan Sovet davlati fuqarosi. Ammo jamiyatda xo’rlangan va tahqirlangan.

Buvi esa manfaat unadigan kishilarga iltifot ko’rsatib, shunday ham xo’rlangan Lo’li momoga bepisand munosabatda bo’ladi. Qahramon (muallif) buvining ikkiyuzlamachiligini ishonchli detallar orqali ochib beradi. Ulug’bekning bolalarga xos samimiyati va haqgo’yligidan o’quvchi qalbi hapriqib ketadi. Vaholanki, hikoya badiiy to’qima emas. Ishtirokchilarning barchasi konkret shaxslar va asar badiiy publitsistika janriga tegishli. Buni badiiy obraz demaslikning iloji bormi?

«Lo’li qiz» hikoyasida ham o’zbek yigitining lo’li qizni sevib qolganligi va murodiga yetolmaganligi tasvirlanadi. Bu muammo ham o’sha zamonda hali biror yozuvchi yoki jurnalist tomonidan ko’tarilmagan edi. Asardagi boshqa obrazlar xususida ham shunga o’xshash fikrlar bildirish mumkin.

Badiiy obraz tasviri va hujjatlilik muammosiga yechim topish maqsadida jahon adabiyoti tarixidan misollar izladim. Aleksandr Genis «Qalb fotografiyasi (Filologik roman tevaragida)» nomli maqolasida bunday deb yozadi: «Badiiy to’qima badiiy o’g’rilik bo’lib qoldi, uning muvaffaqiyati kitobxon yoki muallifning nodonlik darajasiga bog’liq.

Bir xillik, yakranglik kishini zeriktiradi. Bu, muqarrar tarzda, originallikkka ishtiyoq tug’diradi. Yangi voqealarga mushtoqlik belgidir. Yangi zamon belgisi. San’at o’z hayotining katta qismida eski, odatda, juda eski voqealarga – Injil voqealariga (Sharq mumtoz adabiyotida Qur’on voqealariga. M.X.) qanoat qilib o’tgan. Hammaga tanish universal syujetlarni muallif to’qimasiga almashtirib, adabiyot odamlar orasida shu qadar shuhrat topdiki, bir necha asr mobaynida voqealarning cheklangan zaxirasini tamom qilib bo’ldi. Kitob bosadigan mashinkalarning da’vatiga javoban modernizm vujudga keldi. Agar realist voqealarni hikoya qilib bersa, modern san’atkor voqealarni qanday hikoya qilib berayotganini hikoya qilib berardi…

Badiiy to’qimaga asoslangan adabiyot tugab-bitgani haqida uning buyuk vakillariyoq gapira boshlagan edilar. Lev Tolstoy Leskovga zorlangan edi: «O’zi yo’q odamlar haqida yozsang vijdoning qiynalib ketadi. Ular sen tasvirlayotgan ishlarning hech qaysisini qilgan emas. Nechukdir bo’lmag’ur ishlar qilyapmiz. Bilmadim, badiiy shakl tugab bitganmi yoki qissaning umri bitdimi yoxud men o’zim tugab bityapmanmi?»…». («Jahon adiblari adabiyot haqida». Ozod Sharafiddinov tarjimasi. Toshkent, «Ma’naiyat» nashriyoti, 2010 yil).

Ma’lumki, badiiy adabiyotda, jumladan, roman yoki qissada, bosh qahramon obrazini ijobiy shaxs sifatida tasvirlash azaliy an’anaga aylangan. Adabiyotda qonuniyat darajasiga ko’tarilgan bu udumni dastlab buzganlardan biri Frants Kafka edi va u modernizm yo’nalishining asoschilaridan deb tan olindi. Uning izdoshi Al`ber Kamyu «Kafka ijodida ilinj va bema’nilik» deb nomlangan essesida ijodkor asarlari tahliliga ularning mazmunidan ko’ra shakliga va iborasidan ko’ra tasviriga baho berish orqali yondashadi. Muallifning o’zi ham Kafka usulini qo’llab yozgan «Begona» romani bosh qahramoni Merso obrazini, odatdagidek, ijobiy shaxs sifatida emas, XX asr o’rtalarida g’arbda shakllangan ekzistentsializm falsafasi (inson mavjudligining mutlaq noyob hodisa eakanligini, hayot mazmuni muammolari, insonnning o’limga munosabati va yaralishning bema’niligini ustuvor darajaga qo’yuvchi falsafiy oqim) tarafdori, ya’ni jamiyatdan mutlaqo ajralib qolgan, befarq kishi sifatida tasvirlaydi. Shu bois asarni «Begona» deb nomlaydi.

Badiiy asarda bosh qahramon obrazini bu tarzda yaratish o’z davri uchun ijodiy jasorat edi. Shu sababli ham asar Nobel` sovriniga sazovor bo’ldi va jahon adabiyotining durdonalaridan biri sifatida tan olindi.

Badiiy to’qima «badiiy o’g’rilik» darajasiga yetgan zamonda Nusrat Rahmatning konkret shaxslar hayotidan qilgan hikoyalariga roman deb janr belgilash badiiy to’qimaga asoslangan adabiyot «tugab-bitganini» va originallikkka ishtiyoqning ortib borayotganini isbotlovchi yana bir dalildir balki.

Bu misol bilan badiiy adabiyot va badiiy publitsistika janrlari haqida adabiyotshunoslik va jurnalistika tadqiqotchilari o’rtasida shakllangan bir qolipdagi qarashga Nusrat Rahmatning ham ters borganligini ta’kidlamoqchiman, xolos. Badiiy asar yaratishdagi bu harakatning to’g’ri yoki sahvul-qalam ekanligini, romandagi syujet yaxlitligi, kulminatsiya, obraz yaratishdagi yutuq va kamchiliklar singari adabiyotshunoslikka daxldor masalalarni professional tahlil qilish adabiyot tanqidchilari hamda publitsistika tadqiqotchilariga havola.

Muallifning «Fojia» nomli hikoyalar to’plami ham keng kitobxonlar orasida shov-shuvga sabab bo’ldi. Kamina yaqinda kichik tahlil uyushtirdim. Feysbukda jurnalist Davronbek Tojialievning badiiy adabiyot namunalarini targ’ib qiluvchi portali bor. Unda o’zbek tilida ijod qilgan mumtoz adabiyot vakillaridan tortib zamonaviy ijodkorlarning deyarli barchasi asarlari namunalari mavjud. Shu portalni ochib, o’zbek tilida ijod qilgan va qilayotgan qaysi mualliflar asarlariga qiziquvchilar soni ko’pligini hisobladim. Ishonasizmi, Nusrat Rahmat saytiga kiruvchilar eng ko’p ekan. Buning sababini tushunolmadim va tushuntirishim ham qiyin. Mazkur dalil N.Rahmatning hammadan kuchli yozuvchi ekanligini ko’rsatmaydi, albatta. Internet portaliga kiruvchilarning asosiy ko’pchiligi yoshlar bo’lganligi va ularning Alisher Navoiy, Bobur va boshqa allomalar asarlari tiliga «tishlari o’tmasligi» natijasida zamonaviy tilda yozilgan hikoyalarga ko’proq qiziqishi tabiiy. Ammo zamondosh yozuvchi-shoirlar orasida ham Nusrat Rahmatning, asosan, «Fojia» hikoyalar to’plami sahifalarini ochuvchilar (o’qishi yoki o’qimasligini aniqlash qiyin) soni ko’pligi qiziq. Inonmasangiz, o’sha saytni ochib, tekshiring. Bu holat O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist, yozuvchi Nusrat Rahmatning jiddiy adabiyotshunoslik befarqroq qarayotgan asarlaridan o’quvchilar nimalarnidir topayotganligini ko’rsatadi.

Nusrat Rahmatning jurnalistik va badiiy ijodi haqida mushohada yuritib, turmush tarzini zimdan kuzatib, bu shaxs fe’li hamda bitiklari namunalarida jamiyat hayotiga o’ta sinchkovlik, adabiy udumlarga allaqanday «bepisandlik», ba’zi rasmu oyinlarga nisbatan sarkashlikka o’xshash xususiyatlarni tuydim. «Begona» romani qahramoni Merso jamiyat a’zolarining u haqda qanday fikr yuritishlariga mutlaqo befarq bo’lganidek, Nusrat Rahmatdagi «sarkashlik»da ham jamiyat malomatlaridan xoli hur shaxs fe’lini ko’rdim. Negaki, malomatu g’iybatlardan ustun turgan kishi hurdir.
Bugun 75 yoshini nishonlayotgan qahramonimiz umr bo’yi birovlar yurgan so’qmoqlardan o’tishni istamadi, jurnalistikada ham, adabiyotda ham o’z yolg’izoyoq yo’lini izladi va uni topdi. Bu so’qmoqdan boshqalarni ham ergashtirishi tabiiy. Muhtaram ijodkorni barcha muxlislari nomidan qutlug’ yosh bilan muborakbod etamiz!

2016 yil 3 iyul.

NUSRAT RAHMAT
«FARZANDGA O’GITLAR» KITOBIDAN
045

055 Nusrat Rahmat 1941 yilning 3 iyul kuni Samarqand tumanidagi Qo’shmachit qishlog’ida tug’ilgan. «Lenin yo’li” gazetasida ishlagan, «Qishloq haqiqati” gazetasining Samarqand, Buxoro viloyatlari bo’yicha muxbiri bo’lgan. Keyin Toshkentga ko’chib «O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, » Mehnat” nashriyoti, O’zbekiston tabiatni muhofaza qilish qo’mitasida xizmat qilgan.
«Agar tabiatni sevsangiz” degan ilk kitobchasi 1975 yili nashr etildi. Keyin «Chanqovuz”, «Olis-olis so’qmoqlar”, «Dasht”, «Zamondosh o’ylari”, » Selektsiya mu’jizasi”, «So’qmoqlar va saboqlar” singari yigirmadan ko’proq hikoya va ocherklardan iborat kitob va kitobchalari bosilgan. «Taqdimot” she’rlar, «Fojia” deb nomlangan hikoyalar to’plami, shuningdek, «Men muxbirman”, «Men redaktsiyadanman”, «Eng ashaddiy kallakesar», «Asqad Muxtor dedilar” singari kitoblari; gazeta, jurnal va Internet saytlarida, o’zbek yozuvchilari orasida barmoq bilan sanarli birinchilar qatorida ochgan o’z shaxsiy veb-sahifasi((www.nusratrahmat.blogspot.com)) sahifalarida yuzdan ortiq maqolalari chop etilgan.
U 2004 yilda «O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan jurnalist” unvonini olgan.

045

DEBOCHA

Kunlardan birida mukka tushib, nasihatnoma yozayotganimda, tanqidchi do’stim, odatdagidek miyig’ida kulib, zaharxanda qildi.

— Endi hamma pandu nasihatlarni Kaykovus bilan Navoiy bitib ketgan, chamamda…

— Faqat Mir Alisher Navoiy bilan Kaykovus emas, Ro’dakiy bilan Yusuf Xos Hojib, Ibn Sino bilan Maxtumquli ham o’gitnomalar bitishgan.

— Shunday buzruk allomalardan ham qolib ketgan gaplar bor ekanmi-a,— chimchilab olmoqchi bo’ldi u.

— Bor ! — zarda bilan javob qaytardim,— masalan, bu daholar qul yoki xizmatkor sotib olish; podsholik, vazirlik taomillari xususida rosa yo’l-yo’riq ko’rsatishgan-u, tabiatni muhofaza qilish, millatni qadrlashdek zaruratlar haqida lom-mim deyishmagan.
— Ularning zamonida …

— Ha, barakalla, endi o’zingga kelding,— uning kalomini lablaridan yulib oldim,— modomiki, zamonlar o’zgarishi bilan nasihatlarning mazmun-mohiyati ham digargun bo’lar ekan, kimdir yangi o’gitlar bitmog’i kerak-ku!

— Buning uchun o’sha donishmandlarday nuroniy va zakiy bo’lmoq zarurmi, deb o’ylayman-da…

— Yo’q, ular sen o’ylagandek, juda munkayib qolgandan keyin qalam uchidagi gaplarini kog’ozga tushirishmagan — aksariyatlari aynan mening yoshimda o’ta qimtinish va kamtarinlik bilan o’z o’g’illari nomiga yo’riqnomalar bitishgan…

— Va bu qomusiy nasihatlar insoniyatning dasturil-amaliga aylangan!

— Bu — bir, ikkinchidan, kaminaning ularday zukko va ashraf emasligimni yuzimga solishing ham nojoiz. Modomiki, ul suxan peshvolari darajasiga yetmagan ekanman, demak, kam nasihat tinglabman. Zero, kelajak avlod ham mendek noshud bo’lib qolmasligi uchun ularga nasihatnoma bitmog’im kerak!

Monologimni tutatib, «bopladimmi » degan ma’noda raqibimga ko’z tashladim. U esa kesatish va sovuqqonlik bilan davom yettirdi:

— Endi nasihat odamlarning joniga juda tegib ketgan! Buni biror joyda bosib chiqarishlariga ham ko’zim yetmay turibdi. Homiy topish ham jo’n ish emas.

— Odamlarning badiga puch va varsoqi pandlar tegib ketgan. Nasib bo’lsa, men unaqa bemantiq, sayoz yo’riqnomalar bitmayman! Tag’in: bobokalonlarimiz ham «bosib chiqarishlariga ko’zlari yetmay» yoki homiy topishdan xavotir tortib, qo’llarini qo’ltiqlariga qistirib o’tirishganda, insoniyat «Qobusnoma», «Zafarnoma», «Saodatnoma», «Guliston», «Bo’ston» singari javohir xazinalaridan bebahra qolgan bo’lur edi!

Shu tariqa o’zimnikini tantanavor ma’qullab, yozishda davom etdim. Marhamat, quvvai hofizam darajasida bitganlarim hukmingizga havola. U sizga o’tirishadimi yoki yoqmaydimi — buning men uchun ahamiyati kamroq. Lekin farzandingiz undan, Mavlono Sa’diy ta’kidlaganlaridek, biror varog’ini olib ketsa va o’qib, o’rtog’iga bersa, shuning o’zi kifoya!

NAVQIRONLIK VA NAVJUVONLIK XUSUSIDA

Ey azamat o’g’lim, mehribon qizim!

Mana, sizlar o’n sakkiz yoshning eshigini qoqyapsizlar. Shu damgacha baqamti o’tirib, bosiqlik bilan sizlarga nasihat berganimni xotirlolmayman. Dashnom berdim, koyidim,urishdim, chunki bola yedilaring-da u paytda. Endi nasihatga o’tsam bo’lar . O’gitning qadriga boradigan yoshga etdilaring. Uzoq yillar — kamida mening yoshimga yetguncha pandu nasihat tinglashlaringga to’g’ri keladi.

Ilk o’gitim, nasihatga nisbatan hech qachon bepisand va beparvo bo’lmanglar; yoshi va martabasi o’zlaringdan ulug’lar, donolarning pandlariga sharqona bir ehtirom bilan quloq tutishga odatlaninglar. O’qish bilan uqish o’zga bo’lgani yanglig’, tinglash bilan anglash ham g’ayri tushunchalardir. Dehqon ne- ne mehnatlar ila somon orasidan donni ajratib olganidek, yaxshilarning maslahatlaridan eng zarurlarini topib olish va hayotga tadbiq etish payida bo’linglar.

Ey o’g’lim! Yigitchilikning talay taomillari borki, ularga amal qilmoq umr yo’lini belgilab olmoq demakdir. Eng zukko va ma’ruf odam ham, ayniqsa, navqironlik pallasida talaygina nuqsonlarga, bema’ni mayllarga yo’l qo’yadi. Jamiyat buni his qiladi va barkamol bo’g’in nuqsonlarini avf etadi. Lekin kamchiliklarini, eng avvalo, hayotga qadam qo’ygan kimsaning o’zi chuqurrok his etmas va saboq chiqarmas ekan, oxir-oqibat gumrohlikka yo’l qo’yishi muqarrar!

Yoshlikning tag’in bir muhim sharti, uning o’tkinchi ekanligini e’tirof etmoqlikdir. Navqironlik yillari seni tez tark yetib, dog’da qoldirishini unutmasliging kerak.

HIKOYAT

Mushtlashish bo’yicha jahon chempioni, hamyurtimiz Ruf’at Risqiev har gal ringga chiqqanida zal qarsak va hayqirishlardan yorilguday bo’lib ketardi. Uning mansur va mag’rur qomatini hatto ekranda ko’rish ham dilimizga zavqu shavq ato etardi.

Ruf’at bu ehtiromu shariflikka osonlikcha erishmagandi, albatta.

O’n yillar davomida ne-ne qaltis maydonlarga tushib, dovrug’i olamga ketgan bahodirlarni holdan toydirgani, har gal maqsad yo’lida ulkan sabot bilan kurashgani evaziga shunday ehtirom egasi bo’lgandi u. Ha, bu yigitning mushtlashishini tomosha qilish maroqli, hayajonli edi. Davraga tushganda, ortiqcha ehtirosga berilmas, hududsiz olqishlar, unga tikilgan foto va telekameralarga beparvogina qarardi. Birinchi raunddayoq ro’parasidagi raqibning ojiz o’rinlarini ilg’ab olar, so’ng birin-ketin sabot va shiddat bilan musht tushirardi. Uning mo’ljali aniq, zarbalari larzakor bo’lardi har gal. Bundan man-man degan g’anim ham gangib qolar, o’zini qayta tiklashga imkon topolmasdi. Har bir raund betakror spektaklni eslatardi. Yana ham ramziyroq qilib aytsam, birinchi raund komediyaga, ikkinchisi dramaga, uchinchisi fojeaga o’xshardi. Dastlabki daqiqalarda Ruf’at ring bo’ylab shunday hamohang harakatlar qilardiki, yigit raqsiga o’hshab ketardi u. Orqaga, yonga qarab chekinishi; boshi, elkasini ko’z ilg’amas shiddat bilan olib qochishi, raqibiga imkonlar berib, tag’in uni holdan toydirishini kuzatish maroqli edi. Ikkinchi raundda vaziyat o’zgacha tus olardi: Ruf’at bosiqliq, ishonch bilan hujumga o’tardi. Kutilmaganda uning cho’qmor mushtlari raqibni gandiraklatib tashlardi. Odatda o’yin taqdiri ana shu raundda hal bo’lardi, lekin Ruf’at zohiriy bir mardlik bilan raqibini avaylar va uchinchi uchrashuvga ham o’rin qoldirardi. Ohirgi raund esa ko’p hollarda poyoniga yetmayoq raqib qo’lini ko’tarardi.

Kinorejissyorlarimiz uning bahodir qomatini qayta– qayta suratga olishar, shoirlarimiz uni millatning faxri deb madh etishardi. Mashrab Boboevning Ruf’atga bag’ishlangan «Yurak» degan she’rini yodlab yuborgandik.

Men asli qo’lga she’r bitishim kerak….
Qoracho’g’imda — olis Gavana.
Ko’ksimiz — ring.
Asab sistemamiz,—
Yuksak voltli elektr tarmog’i.
Simlar-ku salqindan taranglashadi,
Asabimiz simlari esa!—
Yuksak haroratdan tarang.
Shu qadar tarangki,
Salgina xatoga yo’l qo’yilsa — bas!
Katta yong’in chiqib ketadi.
Men asli qo’lga she’r bitishim kerak…
Ko’ksimiz — ring,
Ringda jang borar.
Jang quroli — musht.
Lekin musht mushtday bo’lmasa:
Bosh barmoqda novokain;
O’rta barmoqda novokain;
Xolis barmoqda…
Chimchaloqda…
Endi buning ahamiyati yo’q…
Musht — musht emas,
Porolon qo’lpoq bo’lsa…
Unda nima bilan jang qilinadi?
Men asli qo’lga she’r bitishim kerak….
Lekin qo’lda sog’lom musht bo’lmasa,
Nima bilan jang qiladi bokschi?
Nima bilan yengadi raqibini?
Nima bilan?
Men asli qo’lga she’r bitishim kerak…
Lekin ana…
Mushtdaygina bir narsa jang qilmoqda
Shu mushtdaygina narsa tufayli
Porolonday yumshoq musht
Cho’qmorga aylangan.
Men garchi qo’lga she’r bitishim kerak,
Lekin yurakka atadim she’rni
Chunki asosiy gap — yurakda.
Chunki hamma gap — yurakda!
Ammo…
Nadomatlar bo’lsinkim…

Bu noxush hol bir necha yil muqaddsam AQShda ro’y berdi. Pahlavonimiz bu gal ana shu mamlakat chempioni Stivenson bilan maydonga tushdi. Amerika bor ovoz bilan hayqirib, o’z chempionini olqishlardi, bayroqlar havoda betinim selpinar; projektorlar , obektivlar batamom kurash maydoniga qaratilgandi.

Men Stivensonni ko’rdim-u, unga zohiran achindim, chunki u Ruf’atga nisbatan yosh va jussasiz edi. Jahon chempioni boyaqishni bir zarb bilan majruh qilib tashlaydiganday edi nazarimda.

«Boks!» hitob qildi hakam.

«YO, Jamshid!» iltijo qilib qoldik biz.

G’alabaga tashna raqiblar bir-birlariga tashlanishdi. Mushtlashish taomillarini suv qilib ichgan hamzaminimiz o’ziga xos bosiqlik bilan musht tushira boshladi. Yo’q, u dastlab chekingan bo’lib, odatiga ko’ra raqibiga imkon berdi, dushman qal’aning omonat joylarini izlagandek, uning ojiz tomonlarini » paypaslab» ko’rdi.

Ha, Stivenson aksariyat yoshlardek qiziqqon va tajribasiz edi. U o’zini ayamay jahon chempioniga tashlanar , lekin buning evaziga musht yegani qolardi. Sho’rlik shunday shoshqaloqlik qilardiki, ko’p hollarda Ruf’atni quchoqlab olar va ular shu tariqa ham bir-birlarini do’pposlashar; sudya ularni bir azobda ajratib qo’yardi.

Birinchi zangdan so’ng Ruf’atga ta’rif berishdi.

«Jahon chempioni , to’rt marta mamlakat chempioni, oliy darajadagi falon va falon mushtlashishlarning mutlaq g’olibi».

«Boks!»

Raqiblar jamiki quvvat va g’azablarini temir mushtlariga to’plab, hamlaga o’tdilar. Tag’in qiy-chuv, hayajonlar… Stivenson degani esa negadir biz intiq bo’lib kutganday chekinmas, uzala tushib yiqilmas, bar’aks tag’in ham shiddatliroq bo’lib, ohuday sakrar, chaqinday yaltirardi. Ruf’atning mushtlari padarqusurni holdan toydirish o’rniga unga kuch-quvvat ato etayottanga o’xshab ketar va bundan biz diltang-u dilg’ash bo’lardik.

Okean ortidagi qita hamovoz va hamdard bo’lib baqirishni avj oldirar, Stivensonni olqishlardi. Yo’q, Ruf’at ham yolg’iz emasdi: butun O’zbekiston, ehtimolki butun musulmon olami taqdirdan unga omadlar tilardi.

Biz Ruf’atning arqonlar bilan chorkunjak qilib o’ralgan kaftdek joydagi hududsiz jasoratini hamisha umid va qoniqish bilan tomosha qilardik. O’sha kuni birinchi bor dilimizga o’t tushdi, havotirlandik. Chunki hamyurtimiz muhofazaga o’tib olgani, muskullaridagi quvvatni hasisona tejayotganiga guvoh bo’ldik. Nachora, energiyani ortiqcha sarflab ham bo’lmasdi: oldinda uchinchi raund bor edi.

Mushtlashish davom etardi.

Ruf’at charchay boshladi. Tajribalari va yashirib qo’ygan so’nggi hiylalarini ishga solib, Stivensonga ustma-ust musht tushirdi. U esa bunga javoban raqibini burchakka qisib olib, beayov do’pposlashga kirishdi.

Har qalay shu payt najotkor zang yangradi. Ha, najotkor edi u. Bokschilar nafaslarini, tomoshabinlar hayajonlarini saranjomlab olishlariga imkon beradigan sado edi u. So’ng Stivensonni tanishtirishdi. U Ruf’atdan ancha yosh, ko’pchilikka tanish bo’lmagan bokschi ekan. Lekin bachchag’ar, nogahonda qo’lga tushgan baliqday tipirchilar, kurashga tashnaligini namoyon etardi.

Uchinchi raund ko’p davom etmadi. La’nati Stivenson nogahonda chaqmoqdek otilib, Ruf’atga musht tushirdi. Ammo — lekin yomon urdi, berahm!

Ruf’at Risqiev yiqildi!

U bilan bizning umidlarimiz ham chilparchin bo’lganday edi. Ha, butun planetaning ko’z o’ngida yiqilib yotgan shunchaki bokschi emas, go’yoki mening millatim, vatanim, shon-shuhratim, nomusim edi. Ko’zimdan yosh tirqirab ketdi!

Bir! Ikki! Uch! To’rt!….hakam barmoqlarini birin-ketin bukib sanar va har bir raqam boshimga to’qmoq bo’lib urilardi. Yetti! Sakkiz!…. Nihoyat, Ruf’at o’rnidan turdi. Yo’q, u endi avvalgi devqomat va shiddatkor Risqiev emasdi; baraks noumid va pajmurdaroq bir vujud edi. Shu payt operatorlar Stivensonni ham ko’rsatishdi — u hamon kurashga talpinardi.

Men hamzaminimiz qarshisida yengilmas va hamisha g’olib NAVQIRONLIK turganini ko’rdim. Buni Ruf’at ham his etdi va mardlarcha raqibining peshonasidan o’pib, unga omadlar tiladi.

O’g’lim! Navqironlik, g’oliblik demakdir. Dialektik materializmning inkorni-inkor deb ataladigan shafqatsiz qonuni ringda yaqqol namoyon bo’ladi. Bizni dog’da qoldirgan Stivenson ham ertami-kechmi bu maydondan ana shunday noumid bo’lib, shalvirab chiqib ketadi.Chunki balokash dunyoda omad degani ko’p hollarda navqiron odamlarning eshigini qoqadi. Buni hamisha yodda tut va shunga qarab ish ko’r.

Bir chapani odamdan shunday naql eshitgandim: o’n—qo’y, yigirma — bo’ri, o’ttiz — arslon, qirq — qilich, ellik- paxta, oltmish — axta, yetmish — no’xta, sakson — taxta.

Bu maqolni sharhlab o’tirmayman— o’zing xulosa chiqarib ol! Yigitga o’lim yo’q — o’zini tiqqa uradi, deyishadi, Aziz o’g’lim! Senga yetkazilgan zarofat, eng avvalo menga yetkazilgan jarohat ekanligini unutma. Agar bilsang, ambrazuraga ko’ksini qo’ygan jangchi jasoratidan ko’ra yashash uchun kurashgan, don sepgan, nihol o’tqazgan, kitob yozgan xokisor kishining jasoratini ustun qo’yardim!

Ha, eng katta jasorat yashash, zurriyot va ezgulik qoldirishdir! O’zga yurtlarning manfaatlari uchun jon bergan yigitlarga juda achinaman. Ularni ana shu o’limga safarbar etganlarga qiron kelsin deyman.

Urush va janjallarni hamisha yomon odamlar boshlaydi va unda yaxshi odamlar nobud yoki majruh bo’lishadi! Buni unutma.

Ichkilikka berilma, chekma, ablah odamlar bilan hamtovoq bo’lma, balodan hazar qil, desam meni ezmalikda ayblama. To’g’ri, bu o’gitlarni bobokalonlarimiz juda ibratomuz qilib yozganlar, muallimlar va yaxshi odamlar necha bor qulog’ingga quyishgan. Lekin gohida, mullo bo’lsang, takror qil, degan naqlni ham unutmaslik kerak.

Mehribon qizim! Allomalar o’z o’gitnomalarini nuqul: «Ey pisar!» ya’ni ey o’g’il, deb boshlashgan. Ular nechundir qizlariga murojaat etishmagan. Ehtimol o’sha zamonlarda bu taomilga kirmagandir?! Balki ularning ko’ngillari qizlaridan to’q bo’lgandir — busiz ham odobli bo’lishiga ishonishgandir.

Men ham sening odobli va shohista bo’lishingga ishonaman. Ammo bizning ushbu noxush muhitimizda ezgulikning munavvar yo’lidan andak bo’lsa ham chalg’ib ketishingdan xavotir tortaman.

Ha, bizning zamonda ayol bo’lib tug’ilish oson emas. Bolalarni voyaga yetkazish; er va boshliqqa bo’ysunib yashash, faqat farzandlarnigina emas, ularni (er va boshliqni) ham tarbiyalash, bilsang — og’ir qismat! Ammo ayol qalbi bu qudratga qodir! Faqat katta, juda katta maqsadlar kerak!

Sening bahoriy vujudingni ko’rib, ich-ichimdan quvonishim, faxrlanishim va zohiriy xavotirga tushishimga endi ishongandirsan. Johillar va yaramas odamlar nominga dog’ tekkizishlaridan, ruhan ozor yetkazishlaridan; o’zingga bog’lik bo’lmagan falokatlar qaddingni bukib qo’yishidan cho’chib yashayman! Senga ko’z tikkan balolar, mayli menga tega qolsin, deyman! Chunki men ko’proq umr ko’rganman va sendan ko’ra bardoshliroqman!

Bilaman, sen avlodimizni ulug’lash uchun kurashasan, oilangni e’zozlaysan, lekin faqat ro’zg’oring uchun yashamaysan odamlarga naf keltirishni, eng zarur daqiqalarda ularga qo’l cho’zishni odat qilasan.

HIKOYAT

U paytlar respublika gazetasining Samarqand, Buxoro viloyatlari bo’yicha muxbiri bo’lib ishlardim. Bahor edi. Urgut qishloq xo’jaligi boshqarmasi vakili bilan Omonqo’ton qishlog’idagi yangi qurilishlarni ko’rgani borayotgandik. Katta ko’cha toqqa borib qadalgan joyda biz chap tomondagi soylikka burildik. Ikki tomonda baland tog’, o’rtada daryo, uning sohilida esa bir mashina arang sig’adigan yo’l. Bu yo’l ham gohida daryoni kesib o’ng yoki so’l tomonga o’tib turadi. Eskigina «Villis» zo’r berib yuqoriga o’rmalaydi, gohida kabina ichi tutunga to’ladi. Sherigim ana shu soylikda kurilgan zamonaviy pillaxona, maishiy xizmat uyi haqida, ularning loyiha – smetalarini hal qilishda shaxsan kattaning xizmati xususida hikoya qiladi. Men esa qarshimdagi cho’qqiga bostirib qo’yilgan beo’xshov telpakka o’xshash qop–qora bulutning g’ayri-tabiiy quyuqligidan ajablanaman. Ufqda chaqmoq yaltiraganini ko’raman, momoqaldiroq ovozini eshitish ilinjida sukut saqlayman.

Motorning zo’riqqanini sezdi, shekilli, hamrohim mashinaga tormoz berdi, so’ng erinmay tushib, radiatorga suv sepa boshladi.

Xuddi shu paytda kutilmagan hol ro’y berdi: qarshimizda bir otliq paydo bo’ldi va qamchisini o’ynatganicha qo’l silkib bizni allaqanday noxushlikdan voqif qila boshladi. Ikkalamiz ham hushyor tortib, diltanglik bilan uni kutdik: masofa yaqinlashgach, razm solsam, balog’at yoshidagi qiz (ehtimol, juvondir) ekan. U yashin tezligida bizga yaqinlashdi va bor ovoz bilan ogohlantirdi: «Qochinglar, sel kelayapti!»

Hademay to’riq ortida yengilgina chang qoldi, xolos. Biz jon talvasasida o’zimizni kabinaga urdik; shukurlarkim, motor darhol o’t oldi. Andak ilgarilaganimizdan keyin esa ajalning komiga qarab borayotganimizni esladik: bu tor daralarda orqaga burilib olish ham unchalik jo’n ish emasdi. Hademay ulkan xarsanglarning bir-biriga urilishidan hosil bo’ladigan vahimali ovozlar qulog’imizga chalindi, guvillagan yovvoyi ovoz kuchaya boshladi. Kabinadan shaht bilan tushib, ikkalamiz (negadir ikki tomonga qarab) qocha boshladik. Men qoyaga ro’para bo’lganimdan keyingina shoshqaloqlik qilganimni tushundim: sohil tik va qaltis edi. Nari tomonga qarab, sherigim barra o’tloqlar bo’ylab yuqoriga o’rlab ketayotganini ko’rdim. Shu tobda orqaga qaytish ham ajdaho bilan yuzma-yuz bo’lishdek vahimali bo’lib tuyuldi. Shuning uchun ham chapdastlik bilan chaqirtoshlarga tirmashib yuqori chiqa boshladim, xarsanglar orasidagi allaqanday buta ildiziga, so’ng badanini tikan qoplagan yovvoyi bodomchaga osilib, yuqori ko’tarildim. Uyog’i yassi yonbag’ir edi: Tag’in ancha yuqorilagach, bo’tana suv endi ta’qib etolmasligiga ishonch hosil qildim-u, tin olib, pastlikka boqdim. Beshikday-beshikday toshlar bir -biriga urilib, pastlikka otilar, loyqa sel duch kelgan narsani komiga tortib borardi. Ildizi bilan qo’porilgan bir terak mashinamizga kelib urildi va uni ag’dardi; so’ng o’ngarib olib, bolalar o’yinchog’iday lopillatib surib ketdi. Zum o’tmay suv beton simyog’ochning beliga chiqdi va uni ham qulatdi. Men tabiatning bunaqa nogahoniy va qaltis qilmishini hech ko’rmagan edim. Dahshatli hayqiriq tobora ko’tarilib borar, sel shiddati dunyoni bosguday edi. Men bebosh va beshafqat qudratga uzoq tikilib, beixtiyor insonning ojizligini o’yladim va negadir o’ksib ketdim.

Allamahaldan keyin suvning kuchi kesildi, uning sathi pasaya boshlashi bilan men ham ortimga qaytdim.

Ikki-uch kungacha xayolim ana shu tabiiy to’fon bilan band bo’lib yurdi: dahshatli ovoz qulog’imga chalinib turganday, hamlakor to’lqinlar pastga otilayotgaday bo’lardi. So’ng esa bular bari ikkinchi o’ringa chekindi va men odamlarni ogohlantirib o’tgan o’sha nogahoniy qizni ko’proq eslaydigan bo’ldim: kim bo’ldi ekan u — mening xaloskorim?! Qay bir baxtli otaning farzandi ekan?! Keyin uni behudud bir dard bilan qo’msaydigan bo’ldim va beixtiyor Omonqo’ton sari yo’l oldim.

Odamlar nogahoniy falokat xususida hamon entikish bilan hikoya qilishar, ofat ko’lami va qudratidan xabar berishga shoshilishardi. Ha, ancha-muncha noxushliklar bo’libdi. Jumladan, men ko’rmoqchi bo’lgan o’sha binolardan nom-nishon qolmabdi. Talay qoramollar, qo’y-echkilar aspalasopinga ravona bo’libdi. Bular sadqaisar-kuya odamlar ham qurbon bo’lishganini aytishdi. Pastki qishloqda bir ayol non yopish ilinjida tandirga unnayotgan ekan. Suvora qiz xitob berib o’tganda boshi tandirda bo’lgani uchun eshitmay qolibdi, bolakaylari toqqa qarab qochishibdi-yu o’zi… Tag’in bir kishi mast ekan.

Jon vahimasida o’rmalab chiqib ketganim — o’sha qoya qarshisida bir zum to’xtab qoldim. Shu yerdan alpinistday chirmashib chiqqanimni aytgan edim, hamrohlar ishonishmadi. Haqligimni isbotlash uchun qaytadan chiqmoqchi bo’ldim-u ammo uddalolmadim, g’alati.

Xullas, ko’zlaridan o’t chaqnagan o’sha qizni izlab, avval yuqori qishloqda chiqdim, ammo bu yerda qizning kimligini hech kim aytib berolmadi. Boshqa qishloqdagilar ham uni tanishmadi. Surishtiraverganimdan keyin turfa taxminlarni aytishdi: yuqorida geologlar, biologiya fakultetining amaliyotga kelgan qizlari, turistlar, yo’lovchilar deganday. Qissa ko’toh, men uni topolmadim. Ammo oradan yillar o’tgan sari haloskorimning barkamol va durkun qomati, besaramjon nigohlari, nogahoniy shiddati ko’z o’ngimda tiniqlashib, ulug’lanib, muqaddaslashib boraverdi.

MEHRIBON QIZIM! Qizlik va navjuvonlik fasli ko’z ochib yumguncha o’tib ketadi. Men o’sha otliq qizni ichki bir entikish bilan qo’msaganday odamlar seni ham ezgu tuyg’ular bilan eslashlarini orzu qilaman. Sershavqat va rahmdil bo’l, bolakaylarni bag’ringga bos, peshonasidan o’p; dilshikasta ayollarning ko’z yoshlarini artib qo’y, jonivorlarni zolimlardan himoya qil!

Mayli, yoshligingdayoq Ovrupo va g’arb adabiyoti, madaniyatiga mehr qo’y, ammo oyog’ing mo’ysafid sharq tuprog’idan uzilib ketmasin! Urf-odatlarimiz, an’analarimiz , diniy e’tiqodlarimizga bepisand bo’lish — ota-onaga, bobolarga hurmatsizlik ekanligini unutma!

Xudo ko’rsatmasin, boshingga og’ir kunlar, nogahoniy musibatlar tushganda ruhing tushib, qadding bukilib qolmasin!

Oldingda hali shu’lakor va munavvar kunlar ko’pligini yoddan chiqarma!

BILIM OLMOQ, HUNAR O’RGANMOQ VA ZAKOVATGA ERISHMOQ XUSUSIDA

Bag’oyat ma’ruf ustozim, taniqli adib Asqad Muxtor benihoya orif va kamsuxan inson bo’lganliklarini ta’kidlab o’tishim kerak. «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasiga u kishi bosh muharrir bo’lganlarida men bo’limda ishlardim; kayfiyatlari xurram damlarda xonalariga kirardim va u kishining mumtoz suhbatlaridan bahramand bo’lardim.
Muhtaram zot bilan qurgan suhbatlarimning biri bu turur:

Dedim:

— Ja’mi jumboqlar va istiqbollar eshigini birma-bir ochadigan kalit nedur?

Dedilar:

— Ilm, hunar va zakovat.

Dedim:

— Millatni kamolot sari yetaklaydigan kishilar kimlar?

Dedilar:

— Bilimli, hunarli va aqlli kishilar.

Dedim:

— Bu xislatlarga qanday qilib erishmoq kerak?

Dedilar:

— Katta maqsad va ishtiyoq bilan, andak madad va rahnamolik bilan.

Dedim:

— Inson bir bor dunyoga keladi, uni ham bilim va hunar yo’lidagi mashaqqatga sarflashi joizmi?

Dedilar:

— Kishi kamolot sari intilmas ekan, u jaholat botqog’iga botib qolaveradi; jaholat esa ja’mi illatlarning boshidir.

Dedim:

— Farzandlar va shogirdlarni ne ilmu hunarlarga da’vat etardingiz?

Dedilar:

— O’g’illarni zaminga mehr qo’yishga, kelajak kasbi bo’lmish EHM, kompyuterlar va ilmiy-texnika taraqqiyoti ufqlarini egallashlariga xohishmand edim.

Dedim:
— Axir, yerga ishlash bilan ilmiy-texnika taraqqiyoti kutbning ikki tomoni-ku!

Dedilar:

— Kelajakda ularni birlashtirgan, uygunlashtirgan yigitlarning qo’li baland bo’ladi. Zero, Behbudiy hazratlari ta’kidlaydilar: «O’tgan zamon uchun emas, kelajak zamon uchun ishlaylik!»

Dedim:

— Qiz bolalarga istaklaringiz?

Dedilar:

— Loaqal umr va quvvatlarining yarmini ro’zg’orga sarflashga imkon beradigan sohaga safarbar etardim.

Dedim:
— Farzandlar va shogirdlar o’zga yo’lni maqbul topishsa-chi?

Dedilar:

— Ularga omad tilardim, ko’mak ko’rsatardim.

Dedim:
— Ayrim farzandlar, shogirdlarning andishasizligi, loqaydligi, shuursizligi nimadan?

Dedilar:

— Ota-ona va ustozlarning beburdligi, beg’amligi, betuturuqligidan.
Dedim:

— Farzandlar va shogirdlarga tag’in tilaklaringiz?

Dedilar:

— Kasbu koriga — sadoqat, qavmlarga — mehr, tabiatga-muhabbat!
Dedim:

— Bunga qanday erishmoq kerak?

Dedilar:
— Sadoqatga — ehtirom, mehrga — samimiyat, muhabbatga shafqat hamda eminlik tufayli.

Dedim:

— Ziddiyatlarning boisi nedur?

Dedilar:
— Ikki dorvoz bir dorda o’ynolmasligi, ikki qo’chqorning boshi bir qozonda qaynamasligi.

Dedim:

— Isyonning sababi nedur?

Dedilar:

— Zulm.

Dedim:
— Zulmning boisi-chi?

Dedilar:

— Jaholat!

Dedim:

— Xasislik va shuhratparastlikdan qochmoq uchun nima qilish kerak?

Dedilar:

— Bot-bot pul va mukofotdan voz kechmoq kerak.

Dedim:
— Birovning haqiga hiyonat qilmaslik uchun-chi?

Dedilar:

— Oqibat va ohiratni o’ylamoq kerak. Dedim:

— Atrofda ta’bingga o’tirishmaydigan biqsiq va ipirisqi kimsalar ko’payib, diling g’ussaga to’lganda, nima qilish kerak?

Dedilar:

— Mavlono Muqimiyning to’rtligini yodga olmoq kerak:

Shersiz emasdur beshalar,
Bordur saxovatpeshalar.
Qilmang yomon andeshalar,
Yaxshilari ham bor ekan!

Dedim:

— Siz qayta dunyoga kelsangiz, tag’in shu umr yo’lini tanlarmidingiz?

Dedilar:

— Ha, shu yo’ldan borardim, ammo hatolarimni takrorlamaslik payida bo’lardim.

Dedim:

— Xatolaringiz ko’pmi, sirmi?

Dedilar:

— Umrim davomida kam bilim olganim, ko’proq hunar o’rganmaganim mening xatolarimdir.
Dedim:

— Demak, inson farzandi uchun eng muhimi — bilim va hunar ekan-da?

Dedilar:

— Eng muhimi — aql!

Dedim:

— Nahotki, bilim va hunardan, iste’dod va tajribadan ham aql birlamchi va ustun bo’lsa?!

Dedilar:

— Illo, shunday!

Dedim:

— Endi aqlga erishish yo’llarini ayting.

Dedilar:

— Tabiat va jamiyat har bir kishiga ozmi ko’pmi zakovat urug’ini ato etadi. Uni avaylab undirish, voyaga etkazish bandasining o’ziga vobastadir.

Dedim:

— Aqllilikning bosh belgilari nedur?

Dedilar:
— Kishi aqlli bo’la borgan sari odamlardagi bu xislatni ko’proq ilg’aydi va qadrlaydi. Hamma narsaga aqli yetgan kishi hamma narsani kechiradi.

Dedim:

— Tag’inchi?

Dedilar:
— Xokisor va kamtarin bo’ladi.

Dedim:

— Xokisorlik o’z qadrini yerga urish emasmi?

Dedilar:

— Faqat kibor va bepisandlar nazdida shunday.

Dedim:
— G’ururga o’xshash johillik nedur?

Dedilar:

— Jahl!

Dedim:

— Balandlikka o’xshash pastlik nedur?

Dedilar:

— Bepisandlik.

Dedim:
— Ojizlik alomati nedur?

Dedilar:

— Millatchilik, mahalliychilik.

Dedim:

— Aqllilikning tag’in qanaqa nishonalari bor?

— Dedilar:

— Ular mantiqiy oqibatni bilib ish tutadilar.

Dedim:

— Tag’inchi?

Dedilar:

— Ular kam gapirib, ko’p tinglaydilar!

JUFTI HALOL VA ZURRIYOT XUSUSIDA

Aziz o’g’lim va qizim! Qalqib turgan bu serg’alva dunyoda har kimning o’ziga munosib, mehribon umr yo’ldoshi topishi, borlig’ini unga baxshida etishi, farzandlar ko’rib, ularni voyaga etkazishi uncha jo’n ish emas va yana shu nekbaxtlik hammaga ham nasib etavermaydi. Oila kurishdek bag’oyat mas’uliyatli tadbirni amalga oshirish yuzasidan, afsuski hech kim aniq ko’rsatma va tavsiyanoma berolmaydi, chunki jufti halol tanlash — bag’oyat nazokatli ko’ngil ishi. Ammo shunga qaramay bor in’om-ixtiyorni o’zlaringga tashlab qo’ysam uncha to’g’ri bo’lmas. Bir mas’ul va jonso’z ota sifatida maslahatlar bermoqchiman hamda ular asqotadi, deb umid qilaman.

Aslida donishmand xalq bu borada eng mumtoz pandlarni aytib qo’ygan:

Boshing ikki bo’lmaguncha
Moling ikki bo’lmaydi.

Tag’in:

Xotinsiz ro’zg’or — cho’l,
Xotinli ro’zg’or — gul.

Tag’in:

Tengini topsang — tekin ber.

Tag’in:

Aqlli xotin — uy ko’rki.

O’g’lim! Buni umr savdosi debdilar. Shuning uchun uylanishga uncha shoshilmasligingni maslahat beraman. O’smirning andak ulg’ayib, nikoh yoshiga etishish, barkamol ma’nodagi balog’atdan dalolat emas. Turmush qurish uchun ma’naviy, iqtisodiy jihatlardan ham tayyor yoki qariyb tayyor bo’lmoq kerak. Iloji bo’lsa, o’qishni bitirib, biror yumushning boshini tutgach va tag’in, to’yning ayrim sarupolari, zaruratlarini xarid qilgach, taraddud boshlasang o’rinli bo’lur edi. Ammo, so’qqa boshlik ham cho’zilib ketavergani sari kishi injiq, o’ta nozikta’b, hatto anday bepisand bo’la borishini nazardan qochirmaslik kerak.

Gap turmushning muqaddas qo’rg’onini tiklash xususida ketar ekan, undan oldin sevgi deb atalgan ustuvor tuyg’u haqida to’xtalib o’tmasam, oshiqlar meni johillikda ayblashlari hech gap emas.

Eramizdan avval yashab o’tgan qadimgi yunon donishmandidan tortib kechagina maktabni bitirgan yosh shoir ham bu xususda to’lib-toshib afsona-yu ash’orlar yozishgan. Ularga qo’shimcha qilib, biror toza fikr aytishim mushkul. Faqat shuni ta’kidlab va tayinlab aytishim kerakki, bu behudud zavq betakror ma’naviy kudratdan bebahra qolish kattagina yo’qotishdir.

Ona yuragi haqidagi afsonani eshitgan chiqarsiz. Uni talay shoirlar she’rga solishgan. Men ham bir vaqtlar qalamimni sinab ko’rgandim.

Hayhot! Hayhot! Hayhot!
Sen ona emassan. Jallodsan – hayot!

Oshiqi zorlarga iztirob nechun?
Ma’shuqlar poyida ne bois majnun?

Ularga tutqazib, goh xanjar , goh gul,
Qismatning qa’riga otasan butkul!

Qalamga olganim jo’n bir afsona,
Afsonada zohir – saboq, fasona

O’g’lon sevib qoldi, dardi behudud ,
Ko’zidan, so’zidan o’t chaqnar bedud.

Odamlar! Chekining, ana mast keldi!
Ishq sharobin ichgan g’o’r sarmast keldi!

Ishqi tushgan sanam, o dildor edi,
Chechan-u, shohista va kibor edi.

Mohtobni eslatar xushro’y yuzlari,
Ruhingni erkalar suzuk ko’zlari

Poylariga qo’yib boshini takror?
Yigit zorlanardi – ashki shashqator:

«Dilingni menga ber, Beraqol, jonim,
Zulmatga otmagil jonu jahonim.

Ne sharting bor, so’yla, borlig’im nisor,
Jonim-u, jahonim, imonim nisor…»

«Chiranma, qoplonim, ko’z suzdi dildor,
Agar jo’mard bo’lsang, qaltis shartim bor…

Mayli, yurakkinam senga baxshida…
(Oshiqqa umidbaxsh va’da yaxshi-da)

Uning evaziga keltirgil lochin,
Onang yuragini!
So’zing bo’lsa chin!»

Nima bu?
Makrmi, sir-u sinoat,
Dahshatli hazilmi yoki xiyonat?

Yolg’iz o’g’il edi, yolg’iz onaga.
Sarosar qaytdi u uyga – xonaga.

Onaning ko’zlari yo’lga zor edi.
O’g’il qo’ynida-chi xanjar bor edi…

Devonavor edi uning ko’zlari,
Sarbasar, mastona aytgan so’zlari.

Ona yoygan edi mo»jaz dasturxon,
Hademay non o’zra sachrab ketdi qon!

Kaftda serxun yurak urardi hamon.
O’g’il manzil sari otildi chaqqon

Va ostona o’zra qoqinib tushdi ,
Onaning yuragi nariga uchdi…

Vodarig’,
Vodarig’, tilga kirdi u,
Dardu iztirobli bir hol edi bu,

Dediki: «Toychog’im, bu ne falokat?
Yetmadimi senga zarbu zarofat?

Turaqol, chirog’im, dardingni olay,
Yo’l qaltis, ogoh bo’l qurboning bo’lay…

Hayhot! Hayhot! Hayhot!
Sen ona emassan, Jallodsan hayot!

Oshiqi zorlarga iztirob nechun?
Ma’shuqlar poyida ne bois majnun?

Kechir, mungli bo’ldi Nusratning so’zi,
Xulosa yacasin har kimning o’zi…

Muhabbat — bir-biriga yetishguncha olovlanib so’ng so’nib qoladigan tuyg’u, degan ekan bir faylasuf. Dastlab bu aforizm menga juda yoqib tushgandi, keyin esa hayotda buning aksini ko’p ko’rdim: to’ygacha bir-birini tanimagan, keyin esa majnunona sevib, suyanib qolgan, borlig’ini bir- biriga baxshida etgan talay er-xotinlarni uchratdim; ularga havasim keldi.

Ey farzand! Chiroqqa lampamoy, niholga suv, qushga don kerak bo’lganiday, muhabbat ham ma’naviy va moddiy rag’bat talab qilishini unutma.

Axir, faqat ehtiroslar bilan yashab bo’lmaydiku! Yaxshi ko’radigan kishingning ko’nglini topish vositalarini o’zing o’yla; balki bir dasta gul, ehtimol, yarashiq libos yoxud andak hamdu sano, tabassum…
Zero, shoir aytganidek:

Insonga juda ko’p narsa kerakmas,
Uyda uni kimdir kutib tursa — bas !

Qizim! Bizning goh, turg’un, goh sershiddat zamonamizda kelin bilan kuyovning ajralib ketishi bot-bot ro’y berib turadigan noxush hol, buning sabablari bisyor, lekin eng avvalgisi, oila deb ataladigan muqaddas uyushmani saqlab qolish uchun kurashmaslik, unga bepisand qarashdir. Agar bilsang, beva bo’lib qolish, farzandlar dunyoga kelgan bo’lsa, tirik yetim qoldirish — gunohi azim.

Qismatning bo’yoqlari oz emas: birov qaynona-qaynotasi bilan kelishmaydi, boshqa bir kelin pulsizlik va uysizlikka qarshi bosh ko’taradi, yana bir bebaxtning eri giyohvandlikka, ichkilikka yoki qimorbozlikka beriladi. Sen qizim, bunday nogahoniy zarbalarga hamisha tayyor bo’l, har qanday illatning g’ovlab ketishiga yo’l qo’ymay, uning oldini olishni o’rgan. Qaynona yoki qaynotangdan hasrat qilishdan oldin bir haqiqatni aql tarozusiga solib, mushohada yuritib ko’p: ular o’zga bir davrda yashashdi, sen boshqa zamon odamisan. Modomiki shunday ekan, yillar orasidagi farq dunyoqarashlardagi, nuqtai nazardagi farq demakdir. Ro’zg’or degan qal’aning har qanday omonat joyini mustahkamlab borish; buning uchun bir-birini kechirishni bilish, gohida xokisorlik taomillariga amal qilish, milliy udumlarni qadrlash singari bir talay shartlarni e’tibordan chetda qoldirmaslik kerak. Oila munosabatlaridagi kichik ziddiyatlarga bepisand bo’lmagin — katta jiddiyatlar ana shu kichik ziddiyatlardan boshlanadi.

Tag’in shuni yodda tutginki, erkak zoti hamisha o’z imkoniyatlaridan kattaroq gapiradigan, va’da berib qo’yadigan bo’ladi. Nachora, erkakchilik. Zero, shunday ekan, bu holdan ortiqcha qahrga minishga hojat yo’q. Konstitusiya erkak va ayolga teng huquq bergan bo’lsa-da, musulmonchilikning hech qaerda qayd etilmagan qonunlari oilada, qarindoshlar, do’stlar davrasida sardor mavqei andak sarbaland bo’lishini taqozo etadi. Muhabbat va sadoqat shunchaki kitobiy gaplar emas, oila ham erkak yoki shahvoniy zarurat uchun qurilmaydi.

HIKOYAT

Samarqand tumani Qoziqo’rg’on qishlog’ida Jo’raqul sibir degan otaxon yashaydilar. Piru badavlat mo’ysafid: ikki o’g’il, ikki qiz, nevara, chevara deganday.

Hozir (2002 yil) saksondan oshgan otaxon umrlarining o’n bir yilini Sibirdagi avaxtaxonalarda o’tkazganlar. Mash’um qatag’on yillari u kishiga «kolxoz tuzimining dushmani», deb ayb qo’yilgan. Kelinlik libosidagi umr yo’ldoshi chirqillab qolavergan.

Eri qamalgan, qamalayotgan ayollar… Taqdirdan ularga toqatlar tilagisi keladi kishining. Qismatning ushbu nogahoniy zarbasi birovni qulatadi, birovni majruh etadi.

G’ussadan birov ustiga benzin sepsa, boshqasi qaddini mag’rur tutib, qismatga qasdma-qasd kurash boshlaydi.

Xullas, Sharifa opa umr yo’ldoshini naqd bir yil kutadi. Undan nom-nishon bo’lmagach, daraklashga kirishadi va Jo’raqul Sibir tomonlarga surgun qilinganini, u yerda daraxt kesayotganligini, eshitib qoladi.

Sibir! Carhadsiz sovuq o’lka! Oftob degan tabarruk mo»jiza qadrini o’sha izg’irin yalangliklarda loaqal bir bor bo’lgan kishigina dildan his etmog’i mumkin. Uning hatto bahori oniy bo’lib, olis hamda noxush xotiralarga o’xshab ketadi. Bu sarhadsiz hududga Ovrupodagi bir necha mamlakatlarni joylashtirish mumkin.

Mazlumlar avaxtaxonasi bo’lib qolgan bu o’rmonzorlardan bir mahbusni daraklash cheksiz koinotdan uchar tarelkalarni izlashdek gap. Ammo noumid — shayton deydilar. Inson esa esa xamisha ishonch bilan yashaydi. Sharifa ana shu qahraton o’lkadan umr yo’ldoshini topishga azmu qaror qilib yo’lga chiqadi. Bratsk shahriga tushgach, boshqa musofirlardek, avvalo mehmonxonani daraklamay, qamoqxonalarni surishtiradi. Keyin esa ana shu hibsxonalar atrofida arvohday keza boshlaydi. Badjahl soqchilar mahbuslarni ertalab ishga olib chiqayotganda, kechqurun quturgan ko’ppaklar vositasida tikanli simlar ortiga haydab kirayotganda bu pajmurda gavdalar orasidan erini izlaydi. Eh-eh etikdo’z Jugashvilining o’g’li tomonidan Yenisey bo’ylarida qurilgan ne-ne avaxtaxonalarda bo’lmaydi u?!

Ey, sadoqatli hotinlar! Dunyoning eng ulkan shaharlarida hashamdor haykal o’rnatish kerak sizlarga! Toki odamlar muhabbat va sadoqat oldida bosh egib poyingizga gullar qo’yishsin!

Shu ko’yi bir yarim yil izg’iydi u. Musofirchilik va horu zorlikning behad uqubatlarini boshidan kechiradiki, bu sargardonliklarning o’zi bir kitobga siqqulikdir. Shu sarsonliklar sabab bo’lib, til o’rganadi, hushyorligi ortadi. Alqissa, bir harbiy gruzin uning jasoratiga tan beradimi yoki rahm qiladimi — har holda ko’maklashishga bel bog’laydi. Sharifa opa bir necha oygacha umid bilan uning uyida yashab, kasalvand xotiniga, bolalariga qarashadi. Gruzin ham o’z so’zining ustidan chiqib, bir kuni Sharifa opani daryo bo’yidagi o’rmonzorga ergashtirib boradi. Xuddi shu yerda u umr yo’ldoshini topib oladi!

Bu jarayonlar biz bayon qilgandek jo’n kechgan emas, albatta. Masalan, siz kinolarda basharasi covuq harbiy soqchilarni bir necha bor ko’rgansiz , albatta. Ular zarur bo’lganda, qo’llaridagi avtomat tepkisini bosib yuborishlari ham hech gap emas. Ha, garchand bag’ritosh bo’lishsa hamki Sharifa opaning sadoqati oldida bosh egib, er-xotinning bir-biriga qarab hududsiz mehr bilan talpinishlariga monelik qilishmaydi.

Ertasi ham, indini ham uchrashadilar ular…

Sharifa opa avval shu yerdagi maktabda farroshlik qiladi. Unga bir xonachani jihozlab beradilar. Shunday qilib, o’z ishini ixlos bilan bajargan holda har kuni ovqat pishirib, Jo’raqul sibirga olib borishni kanda qilmaydi. Shu tariqa maktabdagilarning ham, mahbuslarning ham yaqin kishisiga aylanib qoladi. Chunki uning qalbidagi shafqat va mehr odamlarni loqayd qoldirolmasdi-da! Faqat umr yo’ldoshininggina emas, o’zgalarning ham kiyimlarini yamab beradi, bemorlar, bechoralarga yordam qo’lini cho’zadi.

Xullas, xotini sabab bo’lib Jo’raqul sibirga ham ancha-muncha ozodlik epkini tegib qoladi: boshliqlar kechqurunlari oilasi bilan bo’lishga ruxsat berishadi unga. Vatandan juda olis, sovuq bir yurtda er-xotin bir-biriga tayanib, dalda berib umrguzaronlik qila boshlaydilar.

1955 yili ular Sibirdan bir mashinada ko’ch-ko’lon, ikki o’g’il, ikki qiz bilan qaytib kelishadi.

Nadomatlar bo’lsinkim, Sharifa opa bundan besh yilcha muqaddam hayotdan quz yumdilar.

Ey, farzand! Oila jamiyat beshigi bo’lsa, farzand belning quvvati, zurriyotning davomchisi, chirog’imizni yoqib qoluvchi irsiyatimizdir!

Shuni bilki, bolakaylar shovqini egallamagan xonadonni asta-sekinlik bilan zohiriy vahima sharpasi egallay boradi.

Tag’in shuni bilginki, bu dunyoda sog’lom farzandini ko’tarib turgan juvondan go’zal, jozibali sanam hech yerda yo’q va bo’lmaydi ham!

Baski, shunday ekan, farzandlar mo’l, sog’lom, aqlli, o’qimishli bo’lishiga erishmoq kerak. Shunday ish tutmoq zarurki, bolalarimiz, faqat umrimiz davomchisi bo’lib qolishmasin, balki bizdan ham ustunliklarga erishsin. Fan nomzodining o’g’li, masalan, kamida fan doktori bo’lmasa, avlod taraqqkiyotga erisholmay qoladi-ku! Sen faraz qilaylik, uch tilni biladigan bo’lsang, bolang kamida besh-olti zabonda burro bo’lmog’i lozim.

Afsuski, hayotda noqobil odamlar oz emas. Qotillar va sotqinlar, giyohvandlar va fohishalar, bezorilar va qalloblar…

Eh, ular ko’p! Bu odamlarning birortasi ham yomon bo’lib tug’ilmagan. Oilaviy tarbiyaning qo’pol nuqsonlari sabab bo’lib, ana shunday nobop yo’llarga chalg’ib ketishgan ular.

Biologik jihatdan kichik harf bilan yoziladigan inson sut emizuvchilar oilasidagi homo sapiens turiga mansub bo’lsa hamki, katta harf bilan bitiladigan Inson — ko’zlarida nuri munavvar, qalbida ezgulik shamchirog’i, niyatida ustuvorlik, so’zida eminlik bo’lgan oliy zotdir!

Ota-ona o’z farzandlarining qilmishlari uchun butun jamiyat va tarix oldida javob berishi kerakligini bir daqiqa bo’lsa ham yoddan chiqarmanglar!

Farzandlarning murg’ak qalblariga zariflik, zakiylik va shafqat urug’ini ko’proq, sepinglar; ularni zukko tarbiyachi, shohista muallimlar qo’liga topshiringlar, toki kelajakda faqat o’z oilasigagina emas, millati, xalqi, vataniga ham sharifliklar keltirsin!

HIKOYAT

Anton Pavlovich Chexovning «Pomeshchik qo’rg’onida» degan hikoyasi bor. Unda oqsuyak Pavel Il`ich Reshevichning past tabaqali kishilarga haddan tashqari bepisandligi; xudbin, injiq bo’lgani sabab odamlar uni xushlamasliklari tasvirlangan.

Pomeshchikning bo’yga etgan ikki qizi bor. Uezdga yaqinda ishga kelgan tergovchi Meyer Reshevichning katta qizi bilan tanishib qoladi va ularnikiga mehmon bo’lib keladi. Bu dargohga hech kim oyoq, bosmay qo’yganidan bo’lsa kerak, oila, jumladan, Reshevich ham ana shu holdan behad quvonadi. Ammo pomeshchik o’z odatiga ko’ra tag’in o’sha eski diydiyosini boshlab, meshchan falsafasini davom ettiradi.

«Oqsuyakning tabiiy va tarixiy vaj hamda dalillari bor, azizim, va buni inkor etmoqlik, menimcha, kiyikning shoxi yo’q, deyishga o’xshash noma’qul bir gap. Agar men isqirtga, malayvachchaga qo’l bermas ekanman, buning ma’nisi, olamdagi eng yaxshi narsalarni himoya etganim, bizni kamolot sari eltuvchi ona tabiatning eng yuksak yo’l-yo’riqlaridan biriga amal qilganim bo’ladi. Biz ham endi xuddi G’arb risarlari mo’g’ullar hujumini qaytarganidek, vaqtni o’tkazmasdan, darhol qo’zg’almog’imiz va bir yoqadan bosh chiqarib, dushmanga zarba bermog’imiz lozim. Qachongacha ularga ko’ngilchanlik qilamiz?! Bas endi! Hammamiz gapni bir joyga qo’yib, isqirtlar yaqinimizga keldi deguncha nafratimiz qo’zg’ab, iflos basharasiga qarata: «Yo’qol, bu yerdan qo’ng’iz, sening tenging – to’ng’iz» deydigan bo’laylik….»

«Men unday qilolmayman,» dedi zo’rg’atdan Meyer va yuzini o’girdi.

«Nega endi, so’radi Reshevich. U g’alati suhbat, uzoq mubohasa va talashuvlar bo’lishini ko’zlab joni kirgan edi. — Nima uchun?»

«Chunki, men o’zim pastki tabaqadanman.» Bu iqrordan Meyerning o’zi qizarib ketdi, hattoki bo’yin tomirlari shishib, ko’zida yosh paydo bo’ldi.»

Ey farzand! Bilaman, sen odamlarni tabaqalarga ajratmaysan. Ammo beandishalik qilib, millatga ajratishingdan havotirdaman. Yangi tanishing, suhbatdoshing yoki davradoshlar qaysi millatga mansubligini bilmay, uning nozik tuyg’ulariga tegib qo’yish, gumrohlikning o’zginasidir.

Turfa davralarda u yoki bu millatning sha’niga tegadigan latifalar aytib yurish ham vaysaqilikdan o’zga narsa emas!

Ustoz Asqad Muxtor bilan bu mavzuda ham suhbatlar qurganimiz yodimda. Xotiramda qolganlarini qog’ozga tushirishga sa’y harakat qilaman.

Dedim:

— Aytingchi ustoz, kishi suxandon, xushxat va boehtirom bo’lganda nimalarga erishadi?

Dedilar:

— Omad ularga ikki qo’lini cho’zgan go’dakdek talpinadi.

Dedim:

— Siz bunday kishilarga ne muruvvat va saxovatlarni ravo ko’rardingiz?

Dedilar:

— Ixtiyor menda bo’lsa, mehrimni quyoshga qo’shib berardim.

Dedim:

— Minbarga ko’tarilayotgan kishiga nima deyishni istardingiz?

Dedilar:

— Sen rohib emassan, notiqsan — yuragingni och!

Dedim:
— Xatnavislarga nimalarni yozishni maslahat berardingiz?

Dedilar:

— Haqiqatni!

Dedim:
— Millatchilik nimalarga olib keladi?

Dedilar:
— Milliy adovatga.

Dedim:
— Milliy adovatchi?

Dedilar:

— Xunrezlikka!

ITOAT ETTIRMOK, VA BO’YSUNMOQ XUSUSIDA

Asr dovonidan oshgan, ter va ko’z yoshi ta’mini yetarlicha tatib ko’rgan bir mo’ysafidga savol beribdilar: «Qanday qilib, buncha umr ko’rdingiz?» Otaxon debdi: «Umr bo’yi hech kimga bo’ysunmadim va hech kimni bo’ysundirmay yashadim:

Ey farzand! Bilki, biz kimlargadir tobemiz va allakimlar bizning qarshimizda bosh egib turishga mahkum etilgan. «Bo’yin sunish degan kalomning andak o’zgargan mazmun, shakli va mohiyatiga e’tibor ber. Shuning uchun itoatkorlik ham, itoatgo’ylik ham umrning egovidir.

– Mayli, meni ur, ammo gapimga quloq sol, — degan edi afinalik Spartak o’z xo’jasiga.

Yana shuni bilib qo’yginki, kishilar aksariyat hollarda boshliqqa ishonadilar, e’tiqod qo’yadilar, ammo amaldorlar qo’l ostidagi odamlardan shubhalanib yuradilar.

Modomiki dunyo shunaqa qurilgan ekan, bunga qarshi bosh ko’tarmoq nojoizdur. Hamma zamonlar, jamiyatlar va tuzumlarda ham shunday bo’lib kelgan: hokimlar, amirlar, ijroqo’m raislari, sarkotiblarning, ko’p hollarda ideallari tuzuk bo’lsa hamki, o’zlari boshqa narsalarga intilganlar; ular Qur’oni Karimga ham xiyonat qilishdan toyishmagan. Zamonlar o’tgan sari bo’ysunuvchi kishilar talabchan, haqgo’y va andak beandisha bo’lib borgani singari, mansabdorlar ham chechan, makkor va beshafqat bo’lib boraverganlar.

Har holda rahbar bilan amaldorning farqi yo’q emas! Lekin insof bilan aytganda, bizning zamonda boshliq bo’lish unchalik jo’n ish emas. Asablarning doimiy tarangligidan bo’lsa kerak, ularning aksariyati pensiya yoshiga etmay infarkt, insult, qon bosimi singari dardlarga mubtalo bo’lishadi. Baski shunday ekan, jamiyat adolatli rahbarlarni qadrlamog’i kerak. Kimga ko’p huquq berilgan bo’lsa, undan shuncha ko’p talab qilinishini unutishga haqqimiz yo’q! Boshliqqa itoat etmay, uni bepisand qilishni g’urur deb bilmoq xato, albatta! Ey farzand! har qanday mansab sohibi bo’lganingda ham odamlar bezib ketadigan darajada qattiqqul yoki oyoqosti qilib o’tadigan holatda lakalov bo’lma! Shunday ish yuritmog’ing kerakki, mabodo vaqti kelib, amal kursisidan ajralib qolsang, tanishlaring yuz o’girishmasin. Buning uchun qavmlarga mehribonlik ko’rsatib tursang, mahallaning to’y-ma’rakalaridan o’zingni chetga olmasang, an’analarga befarq bo’lmasang, kishilarning yaxshi kunlarida qo’llarini qisib qo’ysang, mushkul daqiqalarida peshonalarini silasang — kifoya!

Mansab pog’onalariga qarab ish yuritish taomillari ham takomillashib boradi. Ammo har qanday kursini tavsiya etishganda, obdan o’ylab ol: biliming, qobiliyating , tajribang yetarlimi; avvalgi rahbardan oshiribroq ish yurita olasanmi?! Mabodo dilingga o’tirishmasa, yuragingni jizillatmasa nazokat bilan rad et. Mardlikning taomili shunaqa. Kuch-quvvating, imkoniyating darajasidan tashqari bo’lgan zo’riqish seni ma’naviy jihatdangina emas, jismoniy jihatdan ham majruh qilib qo’yishi mumkin. Ahir sen ota-ona, farzandlar, jamiyat uchun sog’lom bo’lishing, ko’proq yashashing kerak-ku!

Har qanday kasbu hunar singari rahbarlik ham senga zavqu shavq ato etsa; ilhom, ishtiyoq bilan ishlasang tatiydi. Shunday ish tutginki, do’stu qarindoshlar, keksalar va majruhlar, ayollar va jabrdiydalar huzuringga kirolmay, aziyat chekishmasin. Inchunin, jurnalistlar, yuristlar, sobiq mansabdorlar jahlga minib qaytishmasin: bu toifadagilar ko’p hollarda kek saqlaydigan bo’lishadi.

Endi o’rinbosar xususida. Buyuk Kaykovus yozadi: «Barcha ishni vazirga taslim qilmag’il, uning ra’yiga hamisha muhtoj bo’lmagil.» Vazir har odam haqida so’z aytsa eshitgil, valek darhol qabul qilmagil. Anga deginki: «O’ylab ko’rurman, agar ma’qul topsam, bu yumushni sanga topshirurman. Agar hoh qari, hoh yigitlikda podshoh bo’lsang, qari kishini vazir qilgil.»

Bu qomusiy o’gitlarga biror fikr qo’shish mushkul. Faqat shuni aytib o’tishni istardimki, o’rinbosarning keksarog’i, shofyor va kotibaning yoshrog’i afzal. Ular halol, sadoqatli, shu bilan birga hushyor, zukko kishilar bo’lishsin.

Qonunlar bizni himoya qilishi kerak bo’lganidek, biz ham qonunlarga bepisand bo’lmaylik. Ayniqsa, rahbar bu masalada nodonlikka yo’l qo’ysa, beburd bo’lib qolishi hech gap emas!

Sen rahbar bo’lgan davrda siyosat-u vaziyatlar o’zgarib qolishi mumkin. Bunday paytda uzoqni ko’zlab, aql bilan ish yurit. Ta’na malomatlarga, ikkiyuzlamachilarga nisbatan vazmin bo’l. Har ehtimolga qarshi o’zga yerlardan o’zingga va yaqin kishilaringga ish daraklab qo’y!

Vazifasidan nohaq bo’shatilgan ayrim tadbirkor, dono rahbarlar hech o’ksimay kichik va o’rta biznesga qo’l urib, yanada ustuvor shuhratlarga erishganini bilaman. Nazarimda, ular to’g’ri yo’l tutishdi.

Mansabdan ajralishni sira ham bahtsizlik deb bilma!

Ey farzand! Senga tobe bo’lgan uddaburro kishilarni e’zozla! Ayrim illatlari uchun ularning dillarini xufton qilma. Agar bilsang, jamiyatning yetakchi kuchlari — ana shu uddaburro odamlardir. O’ttiz -qirk, yilda yetishib chiqkan ishchan rahbarning oyog’iga bolta urish — endigina g’arq hosilga kirgan daraxtni qulatishdek uvol ish!

Birovni bo’ysundirishdek itoat etish ham murakkab jarayon. Har holda boshliqning ishonchiga sazovor bo’lmoq kerak. Bu tadbirni hamkasb do’stlarni ko’paytirish , ularning ko’nglini topish bilan birga olib borishni o’rgan. Ishxonada ikkiyuzlamachilar, g’iybatchilar va turli… chilar bo’lishi mumkin. Sen ulardan ustun turishning tadbirini qil va atrofdagilarga nisbatan hushyorlikni susaytirma.

Jamoada guruhlar paydo bo’lganda ( nachora — hayot. Bu ham istisno emas) adolat va haqiqat tomonda bo’l. Bu kurashda mag’lub bo’lsang ham zarracha o’ksima! Ammo har qanday sharoitda ham intizom, ishchanlik, jamoaga g’amxo’rlik saqlanmog’i kerak!

HIKOYAT

Bir mahallar chumolilarning hayot tarzini kuzatganim yodimda. Ungacha dunyoda asalari oilasidek intizomli va mehnatkash uyushma bo’lmasa kerak, deb o’ylardim. Qarasam, chumoli ham undan qolishmas ekan.

Bu o’lkan ro’zg’orda katta va kichik lavozimdagi boshliqlar (ularni qanotidan aniqlash mumkin) bo’lib, qolganlari umr bo’yi mehnat qilishga mahkum etilgan jonivorlardir. Ishchi chumolilar tuxumdan chiqqan zahoti ruzg’orning temir intizomi, tabiatning instinkt degan qonuniga buysunib ishga kirishadi. Avval yo’laklarni, omborlarni tozalaydi, chiqindilarni olib ketadi. So’ng qish tashvishi…

Chumolilar odamlarday yig’ilishlar o’tkazishmaydi; ularda mahalliy qo’mita ham yo’q. Ammo metin intizom, halol va fidoyi mehnat bor. Bu jamoada dangasalar va badmastlar, g’iybatchilar va laganbardorlar, nigilistlar va ekstremistlar, hoinlar va ablahlar yo’q. Mehnat hamma uchun birinchi zarurat, intizom hamma uchun qonun! Ularning bir-biriga, oilaga g’amxo’rligi haqida o’nlab ilmiy va badiiy asarlar bitish mumkin. Masalan, oila a’zolaridan birortasi yaralanib yoki xastalanib qolguday bo’lsa, galalashib unga girgitgon bo’lishadi. Ja’mi jonivorlardan farqli o’laroq, nobud bo’lgan sheriklarini chiqarib ko’mishadi. Biror falokat ro’y berganda, masalan, inlari buzilganda yoki uni suv bosganda eng avvalo tuxumlari, palaponlari, yaradorlarini olib qochishadi.
Vaholanki ular — chumolilar!

Nusrat Rahmat. Farzandga o’gitlar

03

(Tashriflar: umumiy 673, bugungi 2)

Izoh qoldiring