Omon Matjon. Alla haqida rivoyat

alla

20 октябрь — Хива кун

     Қиз кетди. Кичикроқ тўй ҳам қилиб беришди шўрлик ота-она. Кетиши олдидан она Розияни бағрига босиб қизиқ бир илтимос қилди. “Жон болам, соғ бўл, саломат бўл. бахтли бўл. Битта ўтинчим: Бола кўрсанг уларнинг ҳеч бирига алла айтма! Айтсанг, бутун умр норози кетаман…”  Розия хўп деб ойисини ишонтирди ва йўлга равона бўлди. Нима бўпти алла айтмаса?!  Ҳеч нима!


Омон МАТЖОН
АЛЛА ҲАҚИДА РИВОЯТ
034

Алла! Сени илк бор дунёда қайси бир она айтди экан?! Сўзларингни ёзган сенинг қайси бир шоир, бастакоринг қайси замона?! Онанинг сени узун тунлар куйлаб чиқишидан мақсади фақат гўдагини ухлатишми?!  Ё болакайига эзгу олий тилаклар тилаяптими? Дунёда гўдак туғилган хонадон борки, беихтиёр муқаддас бурч адо этила бошланади ва бола ҳам, она ҳам, табиатнинг ўзи ҳам ширин, осойишта орзулар сукунатига сингийди. Аллани беихтиёр катта ёшдаги одам эшитиб қолса, хаёлга чўмади, лекин уни уйқу элитмайди, аксинча, хотирида ўчиб бораёзган таассуротлар, ухлаб бораётган, унутилай деб қолган туйғулар, умрининг жонли лавҳалари, болалиги эсига тушади.

Аллада биз ҳатто хаёлимизга келтирмаган бошқа бир мўжиза, муқаддас қудрат бор.

Розия, Робия, Гулжон. Уч ажралмас дугона, чиқон, ўртоқ. Уч дўст, уч сирдош, уч тенгдош. Уларнинг қизалоқлик пайтлари бирга кечди. Болаликнинг турли ўйин-эрмакларини бирга тўқиб-чатишди. Дейлик, Гулжон бирон эрмакни – қўғирчоқ ўйнашни таклиф қилса, Робия дарҳол эски-туски латталардан “гўдак” ясар, Розия эса уни қўлига олиб алла айтишга тушар эди. Гўдакнинг “туғилиш” тўйини ҳам улар катталардан кўрганларидек ўтказишарди. Робия аллани, албатта, онасининг укаларига айтганидан ёдлаб айтарди. Лекин барибир ўзидан ҳам нималарнидир қўшар эди:

Олмадандир бешиги,
Олсин энди опаси.
Алла.

Жийдадандир бешиги
Жийранмасин опаси,
Алла.

Ўрикдандир бешиги,
Ўртанмасин опаси.
Алла.

Қўғирчоқ ўйини дарров уларни зериктиради. Қарабсизки, бир неча лаҳза ўтмай, тут  боғда ёки ўрик боғда шохлар орасида юришади. Ҳатто ўғил болаларга қўшилиб бекинмачоқ ўйнашгаям киришиб кетадилар. Сўнг эса ҳаммаси Амударёдан оқиб келадиган Хизрелиёпнинг лойқа-бўтана сувида шаталоқ отишади. Кечқурун эса улар юз-кўзларида лойқа сув излари билан биронтасининг уйида қандайдир маросимда халфа кампирнинг сирли лаҳжасини — ярим қўшиқ, ярим сўз-айтимларини тинглаб ўтиришади. Хотинлар бошларидаги оқ пахта рўмоллари кўзига тушиб, чайқалиб, кўзлари ёшланиб тинглашади. Қизалоқлар ҳам халфанинг гаплари қайғули эканини сезгандай, анча жим ўтириб, кейин ҳар бири ўз ойисига бош қўйганча ухлаб қолишади. Фақат халфа бир маромда давом этади:

Ман ўлсам, э жамии маҳрами роз,
Мани ўзга ўлукдек қилманг эъзоз.
Кўзингиздан чиқарманг қатраи ёш,
Жанозам орқасидан отингиз тош…

Воқеалар қадимги Гурланда кечаётганини эслатиб ўтаман. Узун қиш кечаларини хотин-халаж шундай ўтказишади. Баҳорда ҳамманинг ташвиши кўпаяди. Уч дугона ҳам шубҳасиз анча улғайган. Хотинлар сумалак солиш билан овора. Эрлар хўкизларнинг шоҳларини ёғлаб, ўтизга чиқиб кетишган. Кечаси билан ўт ёнади қирқ қулоқли қозон остида. Кечаси билан байт, топишмоқ айтишлар, гоҳ қувноқ, гоҳ қайғули қўшиқлар. Аёллар тунда қандайдир мард бўлиб кетадилар қизлар назарида.
Бири шундай бошлайди:

Осмонга қарасам ойнинг боласи,
Орқамга қарасам Гурлан қалъаси.
Умидимга еткизмади чиқинжон,
Ҳаром ўлсин улли бойнинг боласи.

Иккинчиси:

Осмонда ой эдим айланиб турган,
Долонда той эдим бойланиб турган.
Севганимга тезроқ ета қолсам деб,
Қизларнинг ичинда шайланиб турган.

Учинчиси:

Осон эмас денгизнинг
Топмоқ оппоқ тошини.
Яна қийинроқ экан
Топмоқ дил йўлдошини.

Одамларнинг аслида йилларнинг ўтиши эмас, юртнинг урф-одатлари улғайтиради. Қизлар шу тариқа катта бўлишмоқда эди. Кузда қизил шоли пишганда яна хотинлар йиғилишиб келиб шоли оқлашга тушадилар. Яна қўшиқ, байтлар, тез айтишлар, эртаклар…

Ҳайит баҳорга тўғри келса яна қизларнинг куни туққани. Ё гужум, ё қорамон, ё ўрикка арқон ташлаб, арғимчоқ солишади. Икки-уч жойда ёнма-ён ва басма-басига учишлар… Яна қўшиқ айтишлар…

Тўйлар қизлар учун катта байрам. Дугонасини узатишга бирга боришади. От аравада ойдин кеча ёр-ёр айтиб йўл юриш, куёвникига кираверишда катта саҳнда ёнаётган гулхандан ўтиш, сочқи сочаётган хотинларнинг қўполлиги, юз-кўзга урилган қанд, новвот, парварда парчалари, куёвнинг белбоғини ечиш маросимлари… ҳамма-ҳаммаси янги бир олам, юракда янгича зарблар…

Розия, Робия, Гулжон. Учаласининг бўйи бараварига етилди. Энди улар атрофидаги ҳаётга эмас, балки бошқа бир шоҳга тобе, фуқаролигини қабул этгандай эдилар. Муҳаббат кирган эди уларнинг юрагига. Робия билан Гулжон севги домига тез тушиб, ўз йигитлари билан қатъий ваъдалар олишиб, тўй умиди билан яшай бошладилар. Лекин нимагадир Розия шошилмас, ҳалиям ўз болалигидан ажралгиси келмаётгандай, ҳамма нарсага бепарводай эди.

Юртда ҳаёт ҳамон ўз эски йўсинида. Ҳаёт навбаҳорга тўғри келган йили Амударё бўйига одам сиғмай кетди. Айтишларича, бу сайлга тўқсон юртдан ҳофиз, дорбоз, савдогар, меҳмон келган. Кўрсатилмаган томоша, пиширилмаган таом, айтилмаган қўшиқ, сўз қолмаган. Бу сайлда қизларда катта ўзгариш бўлиб, учовига қорама-қора Робия билан Гулжоннинг йигитлари ҳам юришарди. Розияга бу бир оз алам қилгандек ҳам бўлди. Иккала дугонаси унга йигитлари борлиги билан мақтанаётгандек туюларди. Фақат болаликдаги дўстликнинг интиқ ипларигина ўртада жиддий бир гап чиқишидан сақлаб турарди. Лекин воқеалар бирданига бошқача тус олиб кетди. Савдогарлар растасини улар негадир Розиянинг тазйиғи билан уч марта айланиб чиқишди ва тўртинчи сафарида Розия хорижлик ёш ва кўркам йигитнинг матосига харидор бўлди. Йигит эса ўйланмасдан молини, шундоқ, бепул тутқазди қўйди Розияга! Қизиқ-ку! Қизлар лол. Хорижлик йигит эсанкираган. Розия эса мағрур!

Сайл ўтиб кетди. Лекин воқеа давом этди. Савдогар йигит ўзи билан келган ҳамроҳлари билан хайрлашди. Гурлан карвонсаройида мустаҳкам жойлашиб Розияларнинг кўчасидан кунда бир марта ўтадиган бўлди. Ўртада ғалати бир муҳаббат пайдо бўлгани аниқ эди. Ғалати деганимизнинг сабаби, қиз бошқа миллатдан, устига, хориждан келган бировни яхши кўриб қолиб, масала турмуш қуриш даражасигача тақалиб қолса, биз томонларда бугун ҳам кўпчилик таажжуб ила ёқа тутади.

Иш жиддий, Розия ўзининг ғалати севгисидан карахт ва гаранг. На дугоналарининг, на қариндошларининг ўгит-маслаҳатлари ва на отасининг дуоибад қиламан деб дўқ қилишлари бир наф берди. Она касалланиб ётиб қолди. Лекин Розиянинг ўз билгани билган, хорижлик билан кетишга қатъий жазм қилган эди. Йўлимни тўсманглар, ўзимни ўзим ўлдираман ва йигитим ўлигимни бўлсаям олиб кетади, деб дўқ ҳам ура бошлади.

… Ҳар бир юртда донишманд оқсақоллар бўлади. О, Гурланда катхудолар ҳамма замонларда истаганча топилган. Розия воқеасига улар аралашишди. Олдинига улар ҳам Розияни “Узоқ эл, борсанг, энди ҳеч қачон қайтиб келолмайсан, у ёқ-бу ёқ…” қабилида қайтариб кўришди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Шунда улар қизнинг отаси билан онасини бир амаллаб оқ фотиҳа беришга кўндиришди. Оҳ, қандай донишманд, оқкўнгил, саховатли донишмандлар яшайди Гурланда!

Қиз кетди. Кичикроқ тўй ҳам қилиб беришди шўрлик ота-она. Кетиши олдидан она Розияни бағрига босиб қизиқ бир илтимос қилди. “Жон болам, соғ бўл, саломат бўл. бахтли бўл. Битта ўтинчим: Бола кўрсанг уларнинг ҳеч бирига алла айтма! Айтсанг, бутун умр норози кетаман…”  Розия хўп деб ойисини ишонтирди ва йўлга равона бўлди. Нима бўпти алла айтмаса?!  Ҳеч нима! Чиқонлари Робия билан Гулжон ети чақирим жойгача араванинг панжарасига ёпишиб, хайрлашиб йиғлаб келишди ва охир улар ҳам, укалари ҳам, қизиқсиниб эргашган одамлар ҳам қолиб кетишди. Гурлан қолиб кетди. Амударё, тўқайлар, қум саҳроси… Кўп нарса ортда қолиб кетди…

Хуллас, улар йигитнинг юртига етиб келиб, тўй-маърака қилиб биринчи фарзанд кўрганларида орадан етти-саккиз йил вақт ўтиб кетган эди. Розия бой-бадавлат яшар, турмушнинг ҳеч нарсасини ўйламас, фақат хизматкорлар қуршовида ўз гўдаги билан овора эди холос. Уни гоҳ олисдаги отасига ўхшатар, гоҳ ойисига, гоҳ укаларига менгзатиб, соғинчини босиб, ўзини овутар эди. Онаси илтижоси эсидан чиққани йўқ, боласига сира алла айтмади. Лекин кунларнинг бирида ўғил қандайдир касалга чалиниб, тезгина оламдан ўтди. Розиянинг қайғуси еру осмонга сиғмади, фақат иккинчи ўғил тугилиб, мийиғида куладиган бўлгандагина биринчи дард, йўқотиш бир оз енгиллашди. Лекин бу фарзанди ҳам кўп турмади. Розия қора кийди. Хизматкорлар хўжайинига хотининг болага меҳр қўймайдиган тоифадан экан, аввалги иккитасига ҳам бирон марта алла айтганини кўрмадик деган гапларни албатта етказишган эди. Учинчи ўғил туғилгаида ҳамма енгил нафас олди. Розия энди уни еру кўкка ишонмас, эрининг унга бўлган муҳаббати энди шу гўдакнинг тақдири билан боғланиб қолганини Розиянинг ўзи ҳам сезиб турар эди.

Ё фалак! Ногаҳон эрка ўғилча касалланиб қолди. Розия, эри ўзини ҳар томонга уришди, узоқ-яқиндан келган табиблар сарсон-наф йўқ… Мана, неча кеча бола йиғидан тинмайди. Розия ўзини йўқотар даражада. Тонг олдида эри даҳшатли қиёфада ҳайқирди:
— Қандай онасан ўзи?!  Меҳр деган нарса борми сенда ҳам?!   Бир алла айтиб бағрингга боссанг-чи шўрликни?!  Алла айт…

Розия лол. Эрининг бу ғалати важоҳатиданми ё онасига берган ваъдаси учунми, узоқ вақт бирон нима деёлмади. Боланинг аҳволи оғирлашгандан оғирлашиб, бир аҳвол бўлганда, бирдан болани кўкрагига босиб даст ўрнидан турди ва йиғими, ўтинчга ўхшаш бир овоз билан алла айта бошлади…

Гўдак инграниб-инграниб, ахир тинч уйқуга кирди. Биринчи, иккинчи, учинчи кеча алла айтди… Бола тузала бошлади… Розия энди онасига берган сўзини унутган, соат сайин тўлишаётган гўдагига маҳлиё, алла айтар, кўнглига қувонч ва умид ина бошлаган эди.

Бола бутунлай тузалиб кетди. Лекин барибир то алла айтмагунча ухлай олмас эди. Бир куни кечаси алла айтиб, мудраб ўтириб тўсатдан Розиянинг кўнгли тўлишиб кетди, кўзлари иссиқ ёшга тўлди. У аллани гўё ўзи учун айтаётгандай, ёшликда дугоналари ясаган қўғирчоққа айтаётгандай туюлди. Рост!  Дугоналари ҳозир қандай экан-а? онаси-чи? Шўрлик, қариб қолгандир?! Ё… Худо кўрсатмасин, касалванд эди, оламдан ўтган бўлса-я… “Онажон!  Дод, ойижоним!”

Розия фарёд солиб ўрнидан турди. Чинқириққа хизматкорлар, эри кириб келишди. Розия ўзини босди, босинқирабман, деди.  Лекин ётиб уйқуси келмади. “Укаларим катта бўлиб кетишгандир. Отам-чи?! Бечора отагинам. Биргина кўрсам сизларни армоним йўқ эди! Биргина кўрсам! Робия! Гулжон! Кўраманми сизларни энди?!” Робиянинг кўз ўнгидан болалик хотиралари – Хизрелиёп лойқа сувлари, ғарқ пишган оқ тутлар, ўрикларга осилган арғимчоқлар, қўшиқ айтиб қизил шоли туяётган хушчақчақ хотинлар бирма-бир тизилиб ўта бошлади.

Шу кечадан бошлаб, тинчи буткул йўқолди. Шўрликнинг уйини кўргиси келди. Онасини… Юртини… Охири эри ҳам сезди унинг аҳволини. Розиянинг кўнглини олди. Лекин Хоразмга боришнинг ҳеч-ҳеч иложи йўқ эди. Биринчидан, йўл бениҳоя узоқ ва машаққатли, иккинчидан, ўртадаги мамлакатлар бир-бирлари билан катта уруш қилар, кўп қонлар тўкилиб, карвонлар қатнови тамом тиниб қолганди…

Розия қийноқда қолди. Ўғли катта бўлиб, тенгқурлари билан ўйинга чиқиб кетганида, ўзига ўзи алла айтади, йиғлайди. Болалигида эшитган қўшиқлари узуқ-юлуқ бўлиб бўғзига тиқилади:

Осмонга қарасам ойнинг боласи,
Орқамга қарасам Гурлан қалъаси…
Гурланнинг йўллари олисдан-олис,
Гурланнинг йўлинда ёнади фонус…

Гурланнинг йўллари йўл бўлғонмикан,
Эгнида оқ кўйнак кир бўлғонмикан?!
Манов турган бизни ёрнинг ҳовлиси,
Шамол билан келар Гурланнинг иси…

Хуллас, Розия онаси қилган илтимосига энди тушунгандай бўлди. Лекин у алла шунчаки яқин кишиларни, қариндош-дўстларни эсга солиб, юракни сиқар экан, деб ўйлади. Лекин у бу соғинч, бу интилишнинг туб замини қаердан эканини англаб етгани йўқ!

Аллада биз хаёлимизга келтирмаган бошқа бир мўжиза, муқаддас қудрат, сеҳр бор деган эдик. Алла- онадан ўтган мерос эмас, бизга у – оналаримиздан ҳам катта она бўлган Она тупроқдан келаётган садо!

045


Omon MATJON
ALLA HAQIDA RIVOYAT
034

Alla! Seni ilk bor dunyoda qaysi bir ona aytdi ekan?! So’zlaringni yozgan sening qaysi bir shoir, bastakoring qaysi zamona?! Onaning seni uzun tunlar kuylab chiqishidan maqsadi faqat go’dagini uxlatishmi?! Yo bolakayiga ezgu oliy tilaklar tilayaptimi? Dunyoda go’dak tug’ilgan xonadon borki, beixtiyor muqaddas burch ado etila boshlanadi va bola ham, ona ham, tabiatning o’zi ham shirin, osoyishta orzular sukunatiga singiydi. Allani beixtiyor katta yoshdagi odam eshitib qolsa, xayolga cho’madi, lekin uni uyqu elitmaydi, aksincha, xotirida o’chib borayozgan taassurotlar, uxlab borayotgan, unutilay deb qolgan tuyg’ular, umrining jonli lavhalari, bolaligi esiga tushadi.
Allada biz hatto xayolimizga keltirmagan boshqa bir mo’jiza, muqaddas qudrat bor.

Roziya, Robiya, Guljon. Uch ajralmas dugona, chiqon, o’rtoq. Uch do’st, uch sirdosh, uch tengdosh. Ularning qizaloqlik paytlari birga kechdi. Bolalikning turli o’yin-ermaklarini birga to’qib-chatishdi. Deylik, Guljon biron ermakni – qo’g’irchoq o’ynashni taklif qilsa, Robiya darhol eski-tuski lattalardan “go’dak” yasar, Roziya esa uni qo’liga olib alla aytishga tushar edi. Go’dakning “tug’ilish” to’yini ham ular kattalardan ko’rganlaridek o’tkazishardi. Robiya allani, albatta, onasining ukalariga aytganidan yodlab aytardi. Lekin baribir o’zidan ham nimalarnidir qo’shar edi:

Olmadandir beshigi,
Olsin endi opasi.
Alla.
Jiydadandir beshigi
Jiyranmasin opasi,
Alla.

O’rikdandir beshigi,
O’rtanmasin opasi.
Alla.

Qo’g’irchoq o’yini darrov ularni zeriktiradi. Qarabsizki, bir necha lahza o’tmay, tut bog’da yoki o’rik bog’da shoxlar orasida yurishadi. Hatto o’g’il bolalarga qo’shilib bekinmachoq o’ynashgayam kirishib ketadilar. So’ng esa hammasi Amudaryodan oqib keladigan Xizreliyopning loyqa-bo’tana suvida shataloq otishadi. Kechqurun esa ular yuz-ko’zlarida loyqa suv izlari bilan birontasining uyida qandaydir marosimda xalfa kampirning sirli lahjasini- yarim qo’shiq, yarim so’z-aytimlarini tinglab o’tirishadi. Xotinlar boshlaridagi oq paxta ro’mollari ko’ziga tushib, chayqalib, ko’zlari yoshlanib tinglashadi. Qizaloqlar ham xalfaning gaplari qayg’uli ekanini sezganday, ancha jim o’tirib, keyin har biri o’z oyisiga bosh qo’ygancha uxlab qolishadi. Faqat xalfa bir maromda davom etadi:

Man o’lsam, e jamii mahrami roz,
Mani o’zga o’lukdek qilmang e’zoz.
Ko’zingizdan chiqarmang qatrai yosh,
Janozam orqasidan otingiz tosh…

Voqealar qadimgi Gurlanda kechayotganini eslatib o’taman. Uzun qish kechalarini xotin-xalaj shunday o’tkazishadi. Bahorda hammaning tashvishi ko’payadi. Uch dugona ham shubhasiz ancha ulg’aygan. Xotinlar sumalak solish bilan ovora. Erlar xo’kizlarning shohlarini yog’lab, o’tizga chiqib ketishgan. Kechasi bilan o’t yonadi qirq quloqli qozon ostida. Kechasi bilan bayt, topishmoq aytishlar, goh quvnoq, goh qayg’uli qo’shiqlar. Ayollar tunda qandaydir mard bo’lib ketadilar qizlar nazarida.
Biri shunday boshlaydi:

Osmonga qarasam oyning bolasi,
Orqamga qarasam Gurlan qal’asi.
Umidimga yetkizmadi chiqinjon,
Harom o’lsin ulli boyning bolasi.

Ikkinchisi:

Osmonda oy edim aylanib turgan,
Dolonda toy edim boylanib turgan.
Sevganimga tezroq yeta qolsam deb,
Qizlarning ichinda shaylanib turgan.

Uchinchisi:

Oson emas dengizning
Topmoq oppoq toshini.
Yana qiyinroq ekan
Topmoq dil yo’ldoshini.

Odamlarning aslida yillarning o’tishi emas, yurtning urf-odatlari ulg’aytiradi. Qizlar shu tariqa katta bo’lishmoqda edi. Kuzda qizil sholi pishganda yana xotinlar yig’ilishib kelib sholi oqlashga tushadilar. Yana qo’shiq, baytlar, tez aytishlar, ertaklar…
Hayit bahorga to’g’ri kelsa yana qizlarning kuni tuqqani. Yo gujum, yo qoramon, yo o’rikka arqon tashlab, arg’imchoq solishadi. Ikki-uch joyda yonma-yon va basma-basiga uchishlar… Yana qo’shiq aytishlar…
To’ylar qizlar uchun katta bayram. Dugonasini uzatishga birga borishadi. Ot aravada oydin kecha yor-yor aytib yo’l yurish, kuyovnikiga kiraverishda katta sahnda yonayotgan gulxandan o’tish, sochqi sochayotgan xotinlarning qo’polligi, yuz-ko’zga urilgan qand, novvot, parvarda parchalari, kuyovning belbog’ini yechish marosimlari… hamma-hammasi yangi bir olam, yurakda yangicha zarblar…
Roziya, Robiya, Guljon. Uchalasining bo’yi baravariga yetildi. Endi ular atrofidagi hayotga emas, balki boshqa bir shohga tobe, fuqaroligini qabul etganday edilar. Muhabbat kirgan edi ularning yuragiga. Robiya bilan Guljon sevgi domiga tez tushib, o’z yigitlari bilan qat’iy va’dalar olishib, to’y umidi bilan yashay boshladilar. Lekin nimagadir Roziya shoshilmas, haliyam o’z bolaligidan ajralgisi kelmayotganday, hamma narsaga beparvoday edi.
Yurtda hayot hamon o’z eski yo’sinida. Hayot navbahorga to’g’ri kelgan yili Amudaryo bo’yiga odam sig’may ketdi. Aytishlaricha, bu saylga to’qson yurtdan hofiz, dorboz, savdogar, mehmon kelgan. Ko’rsatilmagan tomosha, pishirilmagan taom, aytilmagan qo’shiq, so’z qolmagan. Bu saylda qizlarda katta o’zgarish bo’lib, uchoviga qorama-qora Robiya bilan Guljonning yigitlari ham yurishardi. Roziyaga bu bir oz alam qilgandek ham bo’ldi. Ikkala dugonasi unga yigitlari borligi bilan maqtanayotgandek tuyulardi. Faqat bolalikdagi do’stlikning intiq iplarigina o’rtada jiddiy bir gap chiqishidan saqlab turardi. Lekin voqealar birdaniga boshqacha tus olib ketdi. Savdogarlar rastasini ular negadir Roziyaning tazyig’i bilan uch marta aylanib chiqishdi va to’rtinchi safarida Roziya xorijlik yosh va ko’rkam yigitning matosiga xaridor bo’ldi. Yigit esa o’ylanmasdan molini, shundoq, bepul tutqazdi qo’ydi Roziyaga! Qiziq-ku! Qizlar lol. Xorijlik yigit esankiragan. Roziya esa mag’rur!
Sayl o’tib ketdi. Lekin voqea davom etdi. Savdogar yigit o’zi bilan kelgan hamrohlari bilan xayrlashdi. Gurlan karvonsaroyida mustahkam joylashib Roziyalarning ko’chasidan kunda bir marta o’tadigan bo’ldi. O’rtada g’alati bir muhabbat paydo bo’lgani aniq edi. G’alati deganimizning sababi, qiz boshqa millatdan, ustiga, xorijdan kelgan birovni yaxshi ko’rib qolib, masala turmush qurish darajasigacha taqalib qolsa, biz tomonlarda bugun ham ko’pchilik taajjub ila yoqa tutadi.
Ish jiddiy, Roziya o’zining g’alati sevgisidan karaxt va garang. Na dugonalarining, na qarindoshlarining o’git-maslahatlari va na otasining duoibad qilaman deb do’q qilishlari bir naf berdi. Ona kasallanib yotib qoldi. Lekin Roziyaning o’z bilgani bilgan, xorijlik bilan ketishga qat’iy jazm qilgan edi. Yo’limni to’smanglar, o’zimni o’zim o’ldiraman va yigitim o’ligimni bo’lsayam olib ketadi, deb do’q ham ura boshladi.
… Har bir yurtda donishmand oqsaqollar bo’ladi. O, Gurlanda katxudolar hamma zamonlarda istagancha topilgan. Roziya voqeasiga ular aralashishdi. Oldiniga ular ham Roziyani “Uzoq el, borsang, endi hech qachon qaytib kelolmaysan, u yoq-bu yoq…” qabilida qaytarib ko’rishdi. Lekin hech narsa o’zgarmadi. Shunda ular qizning otasi bilan onasini bir amallab oq fotiha berishga ko’ndirishdi. Oh, qanday donishmand, oqko’ngil, saxovatli donishmandlar yashaydi Gurlanda!
Qiz ketdi. Kichikroq to’y ham qilib berishdi sho’rlik ota-ona. Ketishi oldidan ona Roziyani bag’riga bosib qiziq bir iltimos qildi. “Jon bolam, sog’ bo’l, salomat bo’l. baxtli bo’l. Bitta o’tinchim: Bola ko’rsang ularning hech biriga alla aytma! Aytsang, butun umr norozi ketaman…” Roziya xo’p deb oyisini ishontirdi va yo’lga ravona bo’ldi. Nima bo’pti alla aytmasa?! Hech nima! Chiqonlari Robiya bilan Guljon yeti chaqirim joygacha aravaning panjarasiga yopishib, xayrlashib yig’lab kelishdi va oxir ular ham, ukalari ham, qiziqsinib ergashgan odamlar ham qolib ketishdi. Gurlan qolib ketdi. Amudaryo, to’qaylar, qum sahrosi… Ko’p narsa ortda qolib ketdi…
Xullas, ular yigitning yurtiga yetib kelib, to’y-ma’raka qilib birinchi farzand ko’rganlarida oradan yetti-sakkiz yil vaqt o’tib ketgan edi. Roziya boy-badavlat yashar, turmushning hech narsasini o’ylamas, faqat xizmatkorlar qurshovida o’z go’dagi bilan ovora edi xolos. Uni goh olisdagi otasiga o’xshatar, goh oyisiga, goh ukalariga mengzatib, sog’inchini bosib, o’zini ovutar edi. Onasi iltijosi esidan chiqqani yo’q, bolasiga sira alla aytmadi. Lekin kunlarning birida o’g’il qandaydir kasalga chalinib, tezgina olamdan o’tdi. Roziyaning qayg’usi yeru osmonga sig’madi, faqat ikkinchi o’g’il tugilib, miyig’ida kuladigan bo’lgandagina birinchi dard, yo’qotish bir oz yengillashdi. Lekin bu farzandi ham ko’p turmadi. Roziya qora kiydi. Xizmatkorlar xo’jayiniga xotining bolaga mehr qo’ymaydigan toifadan ekan, avvalgi ikkitasiga ham biron marta alla aytganini ko’rmadik degan gaplarni albatta yetkazishgan edi. Uchinchi o’g’il tug’ilgaida hamma yengil nafas oldi. Roziya endi uni yeru ko’kka ishonmas, erining unga bo’lgan muhabbati endi shu go’dakning taqdiri bilan bog’lanib qolganini Roziyaning o’zi ham sezib turar edi.
Yo falak! Nogahon erka o’g’ilcha kasallanib qoldi. Roziya, eri o’zini har tomonga urishdi, uzoq-yaqindan kelgan tabiblar sarson-naf yo’q… Mana, necha kecha bola yig’idan tinmaydi. Roziya o’zini yo’qotar darajada. Tong oldida eri dahshatli qiyofada hayqirdi:
— Qanday onasan o’zi?! Mehr degan narsa bormi senda ham?! Bir alla aytib bag’ringga bossang-chi sho’rlikni?! Alla ayt…
Roziya lol. Erining bu g’alati vajohatidanmi yo onasiga bergan va’dasi uchunmi, uzoq vaqt biron nima deyolmadi. Bolaning ahvoli og’irlashgandan og’irlashib, bir ahvol bo’lganda, birdan bolani ko’kragiga bosib dast o’rnidan turdi va yig’imi, o’tinchga o’xshash bir ovoz bilan alla ayta boshladi…
Go’dak ingranib-ingranib, axir tinch uyquga kirdi. Birinchi, ikkinchi, uchinchi kecha alla aytdi… Bola tuzala boshladi… Roziya endi onasiga bergan so’zini unutgan, soat sayin to’lishayotgan go’dagiga mahliyo, alla aytar, ko’ngliga quvonch va umid ina boshlagan edi.
Bola butunlay tuzalib ketdi. Lekin baribir to alla aytmaguncha uxlay olmas edi. Bir kuni kechasi alla aytib, mudrab o’tirib to’satdan Roziyaning ko’ngli to’lishib ketdi, ko’zlari issiq yoshga to’ldi. U allani go’yo o’zi uchun aytayotganday, yoshlikda dugonalari yasagan qo’g’irchoqqa aytayotganday tuyuldi. Rost! Dugonalari hozir qanday ekan-a? onasi-chi? Sho’rlik, qarib qolgandir?! Yo… Xudo ko’rsatmasin, kasalvand edi, olamdan o’tgan bo’lsa-ya… “Onajon! Dod, oyijonim!”
Roziya faryod solib o’rnidan turdi. Chinqiriqqa xizmatkorlar, eri kirib kelishdi. Roziya o’zini bosdi, bosinqirabman, dedi. Lekin yotib uyqusi kelmadi. “Ukalarim katta bo’lib ketishgandir. Otam-chi?! Bechora otaginam. Birgina ko’rsam sizlarni armonim yo’q edi! Birgina ko’rsam! Robiya! Guljon! Ko’ramanmi sizlarni endi?!” Robiyaning ko’z o’ngidan bolalik xotiralari – Xizreliyop loyqa suvlari, g’arq pishgan oq tutlar, o’riklarga osilgan arg’imchoqlar, qo’shiq aytib qizil sholi tuyayotgan xushchaqchaq xotinlar birma-bir tizilib o’ta boshladi.
Shu kechadan boshlab, tinchi butkul yo’qoldi. Sho’rlikning uyini ko’rgisi keldi. Onasini… Yurtini… Oxiri eri ham sezdi uning ahvolini. Roziyaning ko’nglini oldi. Lekin Xorazmga borishning hech-hech iloji yo’q edi. Birinchidan, yo’l benihoya uzoq va mashaqqatli, ikkinchidan, o’rtadagi mamlakatlar bir-birlari bilan katta urush qilar, ko’p qonlar to’kilib, karvonlar qatnovi tamom tinib qolgandi…
Roziya qiynoqda qoldi. O’g’li katta bo’lib, tengqurlari bilan o’yinga chiqib ketganida, o’ziga o’zi alla aytadi, yig’laydi. Bolaligida eshitgan qo’shiqlari uzuq-yuluq bo’lib bo’g’ziga tiqiladi:

Osmonga qarasam oyning bolasi,
Orqamga qarasam Gurlan qal’asi…
Gurlanning yo’llari olisdan-olis,
Gurlanning yo’linda yonadi fonus…

Gurlanning yo’llari yo’l bo’lg’onmikan,
Egnida oq ko’ynak kir bo’lg’onmikan?!
Manov turgan bizni yorning hovlisi,
Shamol bilan kelar Gurlanning isi…

Xullas, Roziya onasi qilgan iltimosiga endi tushunganday bo’ldi. Lekin u alla shunchaki yaqin kishilarni, qarindosh-do’stlarni esga solib, yurakni siqar ekan, deb o’yladi. Lekin u bu sog’inch, bu intilishning tub zamini qayerdan ekanini anglab yetgani yo’q!
Allada biz xayolimizga keltirmagan boshqa bir mo’jiza, muqaddas qudrat, sehr bor degan edik. Alla- onadan o’tgan meros emas, bizga u – onalarimizdan ham katta ona bo’lgan Ona tuproqdan kelayotgan sado!

090

(Tashriflar: umumiy 724, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bu rivoyatni menga ancha ilgari ayajonim aytib bergandilar. Ayajonimga esa buvijonim so’zlab bergan ekanlar. Menga » qizim bu rivoyatni esingdan chiqarma. Albatta farzandlaringa aytib bergin» degandi ushanda ayam. Ushbu rivoyatni tinglab kirgan olamimga xozir takror sayohat qilgandek bo’ldim.

Izoh qoldiring