Chorsha’m. G’azallar & Orziqul Ergash. Do’stim haqidagi o’ylarim

05Ажойиб инсон ва шоир Чоршаъм Рўзиевни 60 ёшга тўлиши билан қутлаймиз! 

      Инсон қанча йил яшагани билан эмас, қандай яшаганига қараб қадр топади. Шу маънода олиб қараганда дўстимиз Чоршамъ Рўзиев ҳавас қилса арзигулик ҳаёт йўлини босиб келмоқда. Унинг “Шарқий қутб”, “Маҳак тош”, “Афанди алдамайди”, “Айро йўллар”, “Севгини соғиндим”, “Ошиқлик” каби мажмуаларидан ва “Сайланма”масидан жой олган асарлари ҳам нозиктаъб шеърият мухлислари, адабий жамоатчиликнинг эътирофи ва эҳтиромини қозониб келмоқда.

ДЎСТИМ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИМ
Орзиқул Эргаш
012

Шеър —  шоирнинг фарзанди, дейишади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас-да, ахир у юрак қонидан, қалб қўридан яралади. Фарзанд ўз ота-онаси сурату сийратини мерос қилиб олгани каби, шеърда ҳам ўз яратувчисининг маънавий қиёфаси тажассум топади. Машҳур файласуф Франсуа Вольтер бу ҳодисани хиёл бошқача таърифлайди: “Ҳар қандай ижод намунаси ижодкор тўғрисида гувоҳлик беради”, дейди у. Мен шу тобда қадрли дўстим Чоршамънинг “Сайланма”сини варақлаб ўтириб, худди шу нарсага қайта-қайта амин бўлиб боряпман.

Танингда бор экан жонинг, авайлаб-асра кўнгилни,
Куйиб кетмай хонумонинг, авайлаб-асра кўнгилни.

Сени обод этай деб, у келибдур арши-аълодан,
Саломат бўлсин иймонинг, авайлаб-асра кўнгилни.

Кўнгил асли ҳаётингдур, қанотингдур, нажотингдур,
Саратонда соябонинг, авайлаб-асра кўнгилни.

Шоир сизу бизга насиҳат қилмаяпти, балки ўзига мурожаат этмоқда. Уни яқиндан билган киши сифатида айтишим мумкинки, Чоршамъ том маънода кўнгил одами. Мана қирқ йиллар нари-берисида салом-алигимиз бўлса, Республика радиосида биринчи дафъа учратганим – юз-кўзида самимият балқиб турган, очиқ чеҳрали, кўнгилчан, жонсўз, содда, ишонувчан йигитча, бугун олтмиш ёшга кирибдики, ҳамон ўша-ўша мен билган Чоршамъ. Гап-сўзи, ҳаракатчанлиги, беғубор кулгуси… (ана борингки, бошдаги дўпписи ҳам) барча-барчаси заҳа емай сақланган. Беихтиёр ҳавасингиз келади.

Уни шаффоф тутар бўлсанг, сени шодмон этур доим,
Қиёматли қадрдонинг, авайлаб-асра кўнгилни.

Ҳа, кўнгилни асрашда гап кўп экан. “Кўнгил, бу – ўзлигинг” деб бекорга айтишмаган. Айниқса, ижодкор учун бу жуда муҳим. Яхшиликка ишониш, яхши ният, яхши амаллар, некбинлик, ҳар қандай хуш, нохуш ҳодисадан ҳикмат излаш, ҳожатбарорлик… булар бари кўнгилни асраш демакдир.

“Чоршамъ ака бировнинг боши оғриб турганини кўрса, ўз бошини боғлаб олишдан ҳам қайтмайди”. Бу истеъдодли ижодкор Алишер Назар эътирофи. Дарҳақиқат, шундай. У ҳеч қачон бировнинг дардига бефарқ қараб туролмайди, бўлишгиси келади.

Сир эмас, улғайганинг сари ўз оиланг, бола-чақанг ташвиши билан ўралишиб, ёру дўстлар билан борди-келдинг камайиб боради. Лекин, у ҳамиша вақт топади. Дўсти Фарғонада, ё олис Хоразмда бўлсин, уни чорлабдими, албатта етиб боради. Иссиқ-совуқ маъракаси, ё бошқа бир тадбири борми, унинг ёнида туради, хизматида бўлади. Унинг учун муҳими – дўст кўнглини топиш.

Бир кун водиллик полвон Турсун Али ака билан Навоий кўчасида учрашиб қолдик. Салом-аликдан сўнг “Кўп бўлди кўришмаганимизга, кечқурун ўтинг, бир гурунг қурайлик”, деди. “Хўп, ўтаман, қайси меҳмонхонадасиз”, десам, полвон кулди: “Чоршамънинг меҳмонхонасида”. Кейин билсам, Турсун Али Муҳаммад қачон Тошкентга гастролга келмасин, Чоршамъникида қўнаркан. Бир ойми, икки ойми унинг меҳмони бўларкан. Худди шунингдек, вилоятлардаги собиқ курсдошлари борми, Ғулом Фатҳиддин, раҳматли Жамол Сирожиддин (Хумий) каби шоир оғайнилари борми Тошкентга йўли тушса, тўғридан-тўғри Чоршамъ бормисан, деб унинг эшигини тақиллатиб келишаверади. Чунки, ҳамма ерда ҳам бунингдек, кулбаси тор бўлса ҳам кенгбағир меҳмоннавоз дўстни, тонготаргача давом этгувчи дилкаш суҳбату дарвишона шеърхонликларни топишолмайди-да…

Чоршамънинг ардоқли шоиримиз Рауф Парфига бўлган садоқати алоҳида таҳсинга лойиқ. Устози ҳаётлигида қилган хизматларини қўя турайлик-да, унинг вафотидан кейинги жонкуярликлари, маъракаларига камарбаста бўлиб туриши, китоблари нашри учун елиб-югурганлари ва яна дам бадам Минор қабристонига бориб, шоирнинг қабри атрофини супуриб-сидириб келиши, эрта баҳорданоқ қабрга гуллар экиб, обод қилиб қўйиши… Рауф аканинг шогирдлари кўп эди, бироқ ҳаммаси ҳам Чоршамъ каби садоқатли бўла олди дейишимиз қийин…

Бу сатрларга кўзи тушгудай бўлса, оғайним қаттиқ хижолат чекиши, ҳатто эътироз билдиришини ҳам сезиб турибман. “Элга шоён қилиш шартмиди шу гапларни”, дейиши аниқ. Тўғри, бу каби хайротлар биров кўрсин учун қилинмайди. Аммо, бировнинг кўриши, ибрат олиши учун ҳам бу гаплар фойдадан холи бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Ҳар кўнгилнинг ҳиммати йўллар билан ўлчанмагай,
Ҳам вужуднинг қуввати ғуллар билан ўлчанмагай.

Ёшим юзга етди деб сиз жон учун туйманг ғурур,
Ҳар умрнинг қиймати йиллар билан ўлчанмагай…

Ҳа, шундай, инсон қанча йил яшагани билан эмас, қандай яшаганига қараб қадр топади. Шу маънода олиб қараганда дўстимиз Чоршамъ Рўзиев ҳавас қилса арзигулик ҳаёт йўлини босиб келмоқда. У кўп йиллардан бери Ўзбекистон Миллий телерадикомпаниясида самарали хизмат қилади. “Ватандош” радиостанциясида она Ватан, унинг ўтмиши, бугуни, фидойи ватандошлари олиб бораётган ишлар хусусидаги туркум эшиттиришлари, Ўзбекистон телеканали орқали эфирга берилган “Туркий қавмлар” каби қатор туркум кўрсатувлари, “Ўзбектелефильм” студиясидаги фаолияти давомида миллий сериалларимиз ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида айтиб ўтишимиз лозим. Чоршамънинг “Шарқий қутб”, “Маҳак тош”, “Афанди алдамайди”, “Айро йўллар”, “Севгини соғиндим”, “Ошиқлик” каби мажмуаларидан ва “Сайланма”масидан жой олган асарлари ҳам нозиктаъб шеърият мухлислари, адабий жамоатчиликнинг эътирофи ва эҳтиромини қозониб келмоқда. Таниқли мунаққид Улуғбек Ҳамдам бу ҳақда шундай ёзади: “Чоршамънинг “Танланган асарлари” биринчи жилди ҳам эълон қилинди. У ғазаллар, мухаммаслар ва шеърлардан таркиб топган. Айниқса, шоирнинг тирик ва самимий туйғулари акс этган ғазаллари маънавий ташна ўқувчи чанқоғини бир қадар қондиради. Унинг «Бизга баҳор бегонадур борган сари” деб бошланувчи ҳаётий ва фалсафий қамровга кўра ғоят тотли ғазали ажойиб қўшиқ бўлиб, халқ мулкига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди”.

Чоршамъ ижодидаги муҳим бир йўналиш, бу унинг мумтоз йўналишдаги изланишларидир. Маълумки, арузда ёзиш ижодий жасорат саналади. Ҳайратли томони шундаки, Чоршамъ нафақат ғазаллар ёзяпти, балки, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Фузулий, Машраб, Ҳувайдо, Муқимий каби алломалар ғазалларига мухаммаслар ҳам боғлашга журъат этмоқдаки, бу эса улуғлар “панжасига панжа урмоқ” билан баробардир.

Ғазал битсам радиф, вазну туроқ дардида йиғларман,
Юракка жуфтлашиб қолган сўроқ дардида йиғларман,
Туни мубҳам ёқиб чор шамъ илоҳ дардида йиғларман,
Манам Машраб кеча-кундуз фироқ дардида йиғларман
Магар маъшуқ юзин кўрмоқ бу дунёда раво бўлмас…

“Кексалик – аҳмоқ учун оғир юк, нодон учун қиш, илм-фан кишиси учун ҳосил фасли”, деган эди ўша донишманд Вольтер. Албатта, олтмиш ёш бизнинг замондошлар, хусусан Чоршамъ биродаримиз каби болалик беғуборлиги, ёшлик завқ-шавқини асраб қололган кишилар учун кексалик ҳисобланмайди. Шу билан бирга ҳар ҳолда у табаррук бир ёш, “ҳосил фасли” ҳам саналади. Шундай экан, дўстимиз, касбдошимиз, севимли шоиримизни табаррук ёши билан қутлаймиз. Бундан кейинги ижодига янада равнақ, кўтарадиган ҳосилига баракотлар тилаймиз.

ЧОРШАЪМ
… ИҚБОЛИ ИШҚ ИСТАБМАНО
08

Чоршаъм 1955 йил 8 декабрда туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Унинг “Шарқий қутб”, “Маҳак тош”, “Афанди алдамайди”, “Айро йўллар”, “Севгини соғиндим”, “Ошиқлик”, “Сайланма”  ва бошқа китоблари чоп этилган.

057

* * *

004

Булбулим учди боғдан, қайга қўнар билмасман,
Мен ҳам ошиқи доғман, нолиши ҳеч тинмасман.

Наволаридан айро, боғу баҳор нораво,
Зоғу зағонни асло, назаримга илмасман.

Гул ишқида фасона, бўлибдур-эй мастона,
Сиғмайин бу даврона, шарораман, кулмасман.

Кўзёшим тўлиб бўлди, ким мени айтар энди
На Жайхуну, на Сайхун, на Зарафшон, Нилмасман?

Гул баргида шабнамлар, солар дилга аламлар,
Синиб қўлда қаламлар, ўтсам-да Бедилмасман.

Қайта қол-эй, булбулим, сўлмай боғимда гулим,
Сайрагил-эй, нозулим, сайри само қилмасман.

Бедорингман субҳидам, битмайди оҳу нолам,
Булбулигўё Чоршамъ, сози сира синмасман.

* * *

Элни эл билмас кишиким, элга ҳеч эл бўлмағай,
То қиёмат кечмиши фозили феъл бўлмағай.

Кофиру мўминни қасдида тугар охир замон,
Бир-бирин бошига етмакдин бўлак йўл бўлмағай.

Қотилу жоҳилга тўлғайму эди дунё эса,
Заррае инсон десанг, оҳ, бунчалар гўл бўлмағай.

Дониши ҳам дош беролмайди бу даврон чархига,
Бормадим ҳеч фарқига — қай бир ёқа ҳўл бўлмағай?

Теграсида ёздиғини қатма-қат этсанг баён,
Бағритош одамники бағрида ҳеч ел бўлмағай.

Дард бўлур, дардманд бўлур, бу дардли дунёда, вале,
Дод демай, фарёд демай, ҳеч бир кўнгил сел бўлмағай.

Ҳар замонлар шарҳидур бу — кўҳна туроб устина,
Ботири уйғоқ улуснинг кўзёши кўл бўлмағай.

Кўп куйинма, Чоршамъ-эй, қолдим-ку деб ёлғизланиб
Ой ёритган кечанинг зулматлари мўл бўлмағай.

* * *

Дилда ҳақ топди қарор, дилга гуноҳкор ўлмадим,
Элга деб ёқдим шарор, элга шармсор ўлмадим.

То тўзим топгунчалик кечди баҳор, ёз, кузларим,
Қишларимдин ҳушларим учганда ночор ўлмадим.

Кулбаларда куйманиб ўтдим дағи ҳаддим била,
Кенгга кенг эрдим, торларга ҳеч тор ўлмадим.

Зоҳиримда кўз юмиб юрдим балолардин нари,
Ботинимни минг сифат ўлдирса-да ор ўлмадим.

Зор келиб, бемор кетиб бормоқ умрда бор экан,
Довларидин дод дедим, давримга даркор ўлмадим.

Билмадим, қайда битилгай номаи аъмолларим,
Сижжийнму* Иллийюн** саҳфида ошкор ўлмадим.

Гул каби, булбул каби иқболи ишқ истабмано,
Кўргулик эркан, ёронлар, ёрима ёр ўлмадим.

Бу жаҳондин безиниб турмоқда не мақсуд деманг,
Сақлади қасди қалам — бир қатра ашъор, ўлмадим.

Тун қаро эрди нетай, Чоршамъ эсам-да, бирубор,
Хор ўлиб, хоксор ўлиб, бор ичра бир бор ўлмадим.

* Етти қават ер остида кофирларнинг номаи аъмоллари битиладиган китоб.
** Еттинчи осмонда мўминларнинг номаи аъмоллари битиб қўйиладиган китоб.

* * *

Сўзим деб-ку жаҳонда ҳеч, ўзимга жой тополмасман,
Ўзим деб ҳам замонда ҳеч, сўзимга жой тополмасман.

Қарай десам томонлар кўп, рангу рўйи сомонлар кўп,
Баридан ҳам ёмонлар кўп, кўзимга жой тополмасман.

Қароғим қаърида қайғу, қаён бормай келур қутқу,
Бағирларга босолмай чу, юзимга жой тополмасман.

Нияти холисидирман, манзили олисидирман,
Йўлимда қолғусидирман, изимга жой тополмасман.

На топдим асли оламда, суянчим деб то қаламға,
Жойин топганда жоламға, тузимга жой тополмасман.

Туним танҳо, дилим додхоҳ, чекурман оҳ ила вайло,
Басе Чоршамъману аммо, Рўзимга жой тополмасман.

* * *

Сиғди жон жисмимға, лекин, жонга оҳим сиғмағай,
Саҳ савоб истаб, заминга бор гуноҳим сиғмағай.

Бир паноҳ топмоқ ўлиб бедор умрға бўйласам,
Кун-бакун кундузга тун, тунга сабоҳим сиғмағай.

Кўкка кўп термулмагим, боисидир, ҳақдин нажот,
Қанчалар боққан билан кўкка нигоҳим сиғмағай.

Бош олиб кетмоғ эсам дайри-фано аҳли томон,
Манзилим нотинчсимон кўнгулга роҳим сиғмағай.

Ёрни-ку ҳар лаҳза додимга шафиқ дилдор дедим,
Бунча хор эркан бу тегра анга моҳим сиғмағай.

Шуълаи ишқ ўйида куймоқ на қисмат Чоршамъ-эй,
Кулбаи-аҳзонима то шамъи жоҳим сиғмағай.

* * *

Қирқта ўрим сочли қизни кўриш амри-маҳол бўлди,
Қайда ўшал сулувлар деб, хаёлим бехаёл бўлди.

Жавобимни тополмасман на қишлоғу шаҳарларда,
Кезиб кўрсам гузарларда баҳорим ҳам завол бўлди.

Тушумми ёки ўйимда кулиб тургай суманбарлар,
Қачон ўнгимда бўлғайлар, дея минг бор савол бўлди?!

Тақим ўпса зулфайн ҳам, очилгай бор жамолингиз,
Кўрармиз деб висолингиз дилим ошуфтаҳол бўлди.

Қулингиз бўлайин дерман, қулингизни хароб этманг,
Бу Чоршамъ умри ҳам зулфдай увол бўлди, увол бўлди.

* * *

Бўлсам эрди майлига қўлида қурбон бу кеча,
Хоҳи қул этсин мени, хоҳики султон бу кеча.

Ёнида турсам қани косагул-у  улфат бўлиб,
Май ичиб шод бўлса у лаьли-бадахшон бу кеча.

Нозу истиғно ила рақси самолар айласа
Куй чалиб берсам дутор, танбурда хушхон бу кеча.

Яйрасак дарду алам тўлган кўнгилларни ёзиб
Жўр овоз бўлса биза булбул ғазалхон бу кеча.

Ишқ ила маст бўлсагу  дунё унут бўлса тамом
Ким билур ким ошиғу  кимларки нодон бу кеча.

Асло парво этмасак элга кетиб овозамиз
Эртага эл ичида бўлса-да достон бу кеча.

Неки бўлса розидир Чоршамъ мунаввар тонггача
Ёр ила боқий бўлиб қолгай қадрдон бу кеча.

* * *

Руҳни озод этгил бало-қазолардан,
Йироқ юргил ғийбат, фитна, низолардан.

Ғофил банда умри ўтар ҳасад ила
Баланд тургил бундай ожиз казолардан.

Меҳр қўйгил ҳатто қурту  қумурсқага,
Ор этмагил қўли очиқ гадолардан.

Отаверма фақат ерга томирингни
Умрингга боқ гоҳо олис фазолардан.

Ҳар нарсани қадр айла, зое этма,
Эзгу иш деб воз кеч кайфу сафолардан.

Шодон яша, шарафли бил ҳаётингни,
Ибрат олгил донишлардан, даҳолардан.

Амал қилмас экансан бу шартга , Чоршамъ,
Қутулмассан у дунёда жазолардан.

* * *

Дунёни ҳис этурман туйғуларим етгунча,
Дарду алам чекурман қайғуларим етгунча.

Кўнгил деган неъматнинг сир-асрори беадад,
Қаърига кўз тикурман сезгиларим етгунча.

Етишмаса ҳаётда омад, бахту саодат,
Ҳаю ҳавас этурман орзуларим етгунча.

Тушларимга кирар гоҳ ўнгимда кўрмаганим,
Уйғонмайин ётурман уйқуларим етгунча.

Мени тушунмагувчи ғофил, жоҳил, бемурод,
Одамлардан кулурман кулгуларим етгунча.

Бандасидан умидим қолмади бу жаҳонда,
Худога дод этурман ҳу-ҳуларим етгунча.

Зулмат қўйнида гарчи ҳаёти жаводоним
Чоршамъ бўлиб ўтурман ёғдуларим етгунча.

* * *

Боримни берардим гул пари учун,
Унинг бир меҳрли назари учун.

Бу назар мен учун шифои нурдир,
Нечун ўртанмайин ҳар зари учун.

Зарларки, руҳимни обод айлагай
Ва ҳаёт бахш этур мен ғариб учун.

Шодланиб юрарман, завқлар туярман
Кўнглимнинг ул шамсу қамари учун.

Ғазаллар тўқигум, шеърлар ўқигум
Булбулнинг тонгги хуш хабари учун.

Ёр йўлин мен томон бурса ажабмас,
Шод этай деб берган кадари учун.

Чоршамъ, ишқ бобида лоф урмай, жон бер,
Фарғонанинг гўзал гавҳари учун.

* * *

Назар ташла, назар топсин назарлар,
Чекинсин ғам, алам, қайғу, кадарлар.

Хижолат айласин осмон-фалакка
Чиқолмай кўшкидан шамсу-қамарлар.

Лабинг босгин атиргуллар лабига,
Уялсин ор этиб булбули зорлар.

Йиқилсин пойинг остига эгиб бош,
Неча ошиқ бўлиб зеру забарлар.

Сабр-тоқат этолмасдан фироқда
Чаманда қолмасин кўнгли дигарлар.

Муҳаббат ўтида куйдим, фақирга
Писанд эрмас энди хавфу хатарлар.

Висолга чиқди ёр деб тонг-саҳарда
Ғариб Чоршамъга етсин хуш хабарлар.

* * *

Келди жоним бўғзима қадди расонинг дастидан,
Дамба-дам тўлғонаман нозик адонинг дастидан.

На кўнгул очгай манга, на бир кўнгилга бўйлагай,
Телбадек ёлвораман жабру жафонинг дастидан.

Суҳбати ширин қуриб ўткан азиз дам қайдадур,
Эсланиб кўнгил қора кўзи қаронинг дастидан.

Келса умрим яшнатиб оламни равшан айлагай,
Келмаса бўлгум адо ҳар не балонинг дастидан.

Дарди йўқ жанон сени ҳолингни қайдин билғуси,
Мунча кўп ўксима дил ул маҳлиқонинг дастидан.

Сал йироқ кетсам унут бўлгайму деб ҳижронлари,
Ҳар кеча чоғланаман оҳу нидонинг дастидан.

Шош қолиб Чоршамъ Самарқанд сори йўлга тушаман,
Ё Бухоро бораман ул бевафонинг дастидан.

07

DO’STIM HAQIDAGI O’YLARIM
Orziqul Ergash
012

She’r — shoirning farzandi, deyishadi. Boshqacha bo’lishi mumkin ham emas-da, axir u yurak qonidan, qalb qo’ridan yaraladi. Farzand o’z ota-onasi suratu siyratini meros qilib olgani kabi, she’rda ham o’z yaratuvchisining ma’naviy qiyofasi tajassum topadi. Mashhur faylasuf Fransua Vol`ter bu hodisani xiyol boshqacha ta’riflaydi: “Har qanday ijod namunasi ijodkor to’g’risida guvohlik beradi”, deydi u. Men shu tobda qadrli do’stim Chorsham’ning “Saylanma”sini varaqlab o’tirib, xuddi shu narsaga qayta-qayta amin bo’lib boryapman.

Taningda bor ekan joning, avaylab-asra ko’ngilni,
Kuyib ketmay xonumoning, avaylab-asra ko’ngilni.

Seni obod etay deb, u kelibdur arshi-a’lodan,
Salomat bo’lsin iymoning, avaylab-asra ko’ngilni.

Ko’ngil asli hayotingdur, qanotingdur, najotingdur,
Saratonda soyaboning, avaylab-asra ko’ngilni.

Shoir sizu bizga nasihat qilmayapti, balki o’ziga murojaat etmoqda. Uni yaqindan bilgan kishi sifatida aytishim mumkinki, Chorsham’ tom ma’noda ko’ngil odami. Mana qirq yillar nari-berisida salom-aligimiz bo’lsa, Respublika radiosida birinchi daf’a uchratganim – yuz-ko’zida samimiyat balqib turgan, ochiq chehrali, ko’ngilchan, jonso’z, sodda, ishonuvchan yigitcha, bugun oltmish yoshga kiribdiki, hamon o’sha-o’sha men bilgan Chorsham’. Gap-so’zi, harakatchanligi, beg’ubor kulgusi… (ana boringki, boshdagi do’ppisi ham) barcha-barchasi zaha yemay saqlangan. Beixtiyor havasingiz keladi.

Uni shaffof tutar bo’lsang, seni shodmon etur doim,
Qiyomatli qadrdoning, avaylab-asra ko’ngilni.

Ha, ko’ngilni asrashda gap ko’p ekan. “Ko’ngil, bu – o’zliging” deb bekorga aytishmagan. Ayniqsa, ijodkor uchun bu juda muhim. Yaxshilikka ishonish, yaxshi niyat, yaxshi amallar, nekbinlik, har qanday xush, noxush hodisadan hikmat izlash, hojatbarorlik… bular bari ko’ngilni asrash demakdir.

“Chorsham’ aka birovning boshi og’rib turganini ko’rsa, o’z boshini bog’lab olishdan ham qaytmaydi”. Bu iste’dodli ijodkor Alisher Nazar e’tirofi. Darhaqiqat, shunday. U hech qachon birovning dardiga befarq qarab turolmaydi, bo’lishgisi keladi.

Sir emas, ulg’ayganing sari o’z oilang, bola-chaqang tashvishi bilan o’ralishib, yoru do’stlar bilan bordi-kelding kamayib boradi. Lekin, u hamisha vaqt topadi. Do’sti Farg’onada, yo olis Xorazmda bo’lsin, uni chorlabdimi, albatta yetib boradi. Issiq-sovuq ma’rakasi, yo boshqa bir tadbiri bormi, uning yonida turadi, xizmatida bo’ladi. Uning uchun muhimi – do’st ko’nglini topish.

Bir kun vodillik polvon Tursun Ali aka bilan Navoiy ko’chasida uchrashib qoldik. Salom-alikdan so’ng “Ko’p bo’ldi ko’rishmaganimizga, kechqurun o’ting, bir gurung quraylik”, dedi. “Xo’p, o’taman, qaysi mehmonxonadasiz”, desam, polvon kuldi: “Chorsham’ning mehmonxonasida”. Keyin bilsam, Tursun Ali Muhammad qachon Toshkentga gastrolga kelmasin, Chorsham’nikida qo’narkan. Bir oymi, ikki oymi uning mehmoni bo’larkan. Xuddi shuningdek, viloyatlardagi sobiq kursdoshlari bormi, G’ulom Fathiddin, rahmatli Jamol Sirojiddin (Xumiy) kabi shoir og’aynilari bormi Toshkentga yo’li tushsa, to’g’ridan-to’g’ri Chorsham’ bormisan, deb uning eshigini taqillatib kelishaveradi. Chunki, hamma yerda ham buningdek, kulbasi tor bo’lsa ham kengbag’ir mehmonnavoz do’stni, tongotargacha davom etguvchi dilkash suhbatu darvishona she’rxonliklarni topisholmaydi-da…

Chorsham’ning ardoqli shoirimiz Rauf Parfiga bo’lgan sadoqati alohida tahsinga loyiq. Ustozi hayotligida qilgan xizmatlarini qo’ya turaylik-da, uning vafotidan keyingi jonkuyarliklari, ma’rakalariga kamarbasta bo’lib turishi, kitoblari nashri uchun yelib-yugurganlari va yana dam badam Minor qabristoniga borib, shoirning qabri atrofini supurib-sidirib kelishi, erta bahordanoq qabrga gullar ekib, obod qilib qo’yishi… Rauf akaning shogirdlari ko’p edi, biroq hammasi ham Chorsham’ kabi sadoqatli bo’la oldi deyishimiz qiyin…

Bu satrlarga ko’zi tushguday bo’lsa, og’aynim qattiq xijolat chekishi, hatto e’tiroz bildirishini ham sezib turibman. “Elga shoyon qilish shartmidi shu gaplarni”, deyishi aniq. To’g’ri, bu kabi xayrotlar birov ko’rsin uchun qilinmaydi. Ammo, birovning ko’rishi, ibrat olishi uchun ham bu gaplar foydadan xoli bo’lmasa kerak, deb o’ylayman.

Har ko’ngilning himmati yo’llar bilan o’lchanmagay,
Ham vujudning quvvati g’ullar bilan o’lchanmagay.

Yoshim yuzga yetdi deb siz jon uchun tuymang g’urur,
Har umrning qiymati yillar bilan o’lchanmagay…

Ha, shunday, inson qancha yil yashagani bilan emas, qanday yashaganiga qarab qadr topadi. Shu ma’noda olib qaraganda do’stimiz Chorsham’ Ro’ziev havas qilsa arzigulik hayot yo’lini bosib kelmoqda. U ko’p yillardan beri O’zbekiston Milliy teleradikompaniyasida samarali xizmat qiladi. “Vatandosh” radiostantsiyasida ona Vatan, uning o’tmishi, buguni, fidoyi vatandoshlari olib borayotgan ishlar xususidagi turkum eshittirishlari, O’zbekiston telekanali orqali efirga berilgan “Turkiy qavmlar” kabi qator turkum ko’rsatuvlari, “O’zbektelefil`m” studiyasidagi faoliyati davomida milliy seriallarimiz rivojiga qo’shgan hissasini alohida aytib o’tishimiz lozim. Chorsham’ning “Sharqiy qutb”, “Mahak tosh”, “Afandi aldamaydi”, “Ayro yo’llar”, “Sevgini sog’indim”, “Oshiqlik” kabi majmualaridan va “Saylanma”masidan joy olgan asarlari ham nozikta’b she’riyat muxlislari, adabiy jamoatchilikning e’tirofi va ehtiromini qozonib kelmoqda. Taniqli munaqqid Ulug’bek Hamdam bu haqda shunday yozadi: “Chorsham’ning “Tanlangan asarlari” birinchi jildi ham e’lon qilindi. U g’azallar, muxammaslar va she’rlardan tarkib topgan. Ayniqsa, shoirning tirik va samimiy tuyg’ulari aks etgan g’azallari ma’naviy tashna o’quvchi chanqog’ini bir qadar qondiradi. Uning «Bizga bahor begonadur borgan sari” deb boshlanuvchi hayotiy va falsafiy qamrovga ko’ra g’oyat totli g’azali ajoyib qo’shiq bo’lib, xalq mulkiga aylanib ulgurdi, desak mubolag’a bo’lmaydi”.

Chorsham’ ijodidagi muhim bir yo’nalish, bu uning mumtoz yo’nalishdagi izlanishlaridir. Ma’lumki, aruzda yozish ijodiy jasorat sanaladi. Hayratli tomoni shundaki, Chorsham’ nafaqat g’azallar yozyapti, balki, Ahmad Yassaviy, Alisher Navoiy, Fuzuliy, Mashrab, Huvaydo, Muqimiy kabi allomalar g’azallariga muxammaslar ham bog’lashga jur’at etmoqdaki, bu esa ulug’lar “panjasiga panja urmoq” bilan barobardir.

G’azal bitsam radif, vaznu turoq dardida yig’larman,
Yurakka juftlashib qolgan so’roq dardida yig’larman,
Tuni mubham yoqib chor sham’ iloh dardida yig’larman,
Manam Mashrab kecha-kunduz firoq dardida yig’larman
Magar ma’shuq yuzin ko’rmoq bu dunyoda ravo bo’lmas…

“Keksalik – ahmoq uchun og’ir yuk, nodon uchun qish, ilm-fan kishisi uchun hosil fasli”, degan edi o’sha donishmand Vol`ter. Albatta, oltmish yosh bizning zamondoshlar, xususan Chorsham’ birodarimiz kabi bolalik beg’uborligi, yoshlik zavq-shavqini asrab qololgan kishilar uchun keksalik hisoblanmaydi. Shu bilan birga har holda u tabarruk bir yosh, “hosil fasli” ham sanaladi. Shunday ekan, do’stimiz, kasbdoshimiz, sevimli shoirimizni tabarruk yoshi bilan qutlaymiz. Bundan keyingi ijodiga yanada ravnaq, ko’taradigan hosiliga barakotlar tilaymiz.

CHORSHA’M
… IQBOLI ISHQ ISTABMANO
08

Chorsha’m 1955 yil 8 dekabrda tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU)ning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. Uning “Sharqiy qutb”, “Mahak tosh”, “Afandi
aldamaydi”, “Ayro yo’llar”, “Sevgini sog’indim”, “Oshiqlik”, “Saylanma” va boshqa kitoblari chop etilgan.

057

* * *

004

Bulbulim uchdi bog’dan, qayga qo’nar bilmasman,
Men ham oshiqi dog’man, nolishi hech tinmasman.

Navolaridan ayro, bog’u bahor noravo,
Zog’u zag’onni aslo, nazarimga ilmasman.

Gul ishqida fasona, bo’libdur-ey mastona,
Sig’mayin bu davrona, sharoraman, kulmasman.

Ko’zyoshim to’lib bo’ldi, kim meni aytar endi
Na Jayxunu, na Sayxun, na Zarafshon, Nilmasman?

Gul bargida shabnamlar, solar dilga alamlar,
Sinib qo’lda qalamlar, o’tsam-da Bedilmasman.

Qayta qol-ey, bulbulim, so’lmay bog’imda gulim,
Sayragil-ey, nozulim, sayri samo qilmasman.

Bedoringman subhidam, bitmaydi ohu nolam,
Bulbuligo’yo Chorsham’, sozi sira sinmasman.

* * *

Elni el bilmas kishikim, elga hech el bo’lmag’ay,
To qiyomat kechmishi fozili fe’l bo’lmag’ay.

Kofiru mo’minni qasdida tugar oxir zamon,
Bir-birin boshiga yetmakdin bo’lak yo’l bo’lmag’ay.

Qotilu johilga to’lg’aymu edi dunyo esa,
Zarrae inson desang, oh, bunchalar go’l bo’lmag’ay.

Donishi ham dosh berolmaydi bu davron charxiga,
Bormadim hech farqiga — qay bir yoqa ho’l bo’lmag’ay?

Tegrasida yozdig’ini qatma-qat etsang bayon,
Bag’ritosh odamniki bag’rida hech yel bo’lmag’ay.

Dard bo’lur, dardmand bo’lur, bu dardli dunyoda, vale,
Dod demay, faryod demay, hech bir ko’ngil sel bo’lmag’ay.

Har zamonlar sharhidur bu — ko’hna turob ustina,
Botiri uyg’oq ulusning ko’zyoshi ko’l bo’lmag’ay.

Ko’p kuyinma, Chorsham’-ey, qoldim-ku deb yolg’izlanib
Oy yoritgan kechaning zulmatlari mo’l bo’lmag’ay.

* * *

Dilda haq topdi qaror, dilga gunohkor o’lmadim,
Elga deb yoqdim sharor, elga sharmsor o’lmadim.

To to’zim topgunchalik kechdi bahor, yoz, kuzlarim,
Qishlarimdin hushlarim uchganda nochor o’lmadim.

Kulbalarda kuymanib o’tdim dag’i haddim bila,
Kengga keng erdim, torlarga hech tor o’lmadim.

Zohirimda ko’z yumib yurdim balolardin nari,
Botinimni ming sifat o’ldirsa-da or o’lmadim.

Zor kelib, bemor ketib bormoq umrda bor ekan,
Dovlaridin dod dedim, davrimga darkor o’lmadim.

Bilmadim, qayda bitilgay nomai a’mollarim,
Sijjiynmu* Illiyyun** sahfida oshkor o’lmadim.

Gul kabi, bulbul kabi iqboli ishq istabmano,
Ko’rgulik erkan, yoronlar, yorima yor o’lmadim.

Bu jahondin bezinib turmoqda ne maqsud demang,
Saqladi qasdi qalam — bir qatra ash’or, o’lmadim.

Tun qaro erdi netay, Chorsham’ esam-da, birubor,
Xor o’lib, xoksor o’lib, bor ichra bir bor o’lmadim.

* Yetti qavat yer ostida kofirlarning nomai a’mollari bitiladigan kitob.
** Yettinchi osmonda mo’minlarning nomai a’mollari bitib qo’yiladigan kitob.

* * *

So’zim deb-ku jahonda hech, o’zimga joy topolmasman,
O’zim deb ham zamonda hech, so’zimga joy topolmasman.

Qaray desam tomonlar ko’p, rangu ro’yi somonlar ko’p,
Baridan ham yomonlar ko’p, ko’zimga joy topolmasman.

Qarog’im qa’rida qayg’u, qayon bormay kelur qutqu,
Bag’irlarga bosolmay chu, yuzimga joy topolmasman.

Niyati xolisidirman, manzili olisidirman,
Yo’limda qolg’usidirman, izimga joy topolmasman.

Na topdim asli olamda, suyanchim deb to qalamg’a,
Joyin topganda jolamg’a, tuzimga joy topolmasman.

Tunim tanho, dilim dodxoh, chekurman oh ila vaylo,
Base Chorsham’manu ammo, Ro’zimga joy topolmasman.

* * *

Sig’di jon jismimg’a, lekin, jonga ohim sig’mag’ay,
Sah savob istab, zaminga bor gunohim sig’mag’ay.

Bir panoh topmoq o’lib bedor umrg’a bo’ylasam,
Kun-bakun kunduzga tun, tunga sabohim sig’mag’ay.

Ko’kka ko’p termulmagim, boisidir, haqdin najot,
Qanchalar boqqan bilan ko’kka nigohim sig’mag’ay.

Bosh olib ketmog’ esam dayri-fano ahli tomon,
Manzilim notinchsimon ko’ngulga rohim sig’mag’ay.

Yorni-ku har lahza dodimga shafiq dildor dedim,
Buncha xor erkan bu tegra anga mohim sig’mag’ay.

Shu’lai ishq o’yida kuymoq na qismat Chorsham’-ey,
Kulbai-ahzonima to sham’i johim sig’mag’ay.

* * *

Qirqta o’rim sochli qizni ko’rish amri-mahol bo’ldi,
Qayda o’shal suluvlar deb, xayolim bexayol bo’ldi.

Javobimni topolmasman na qishlog’u shaharlarda,
Kezib ko’rsam guzarlarda bahorim ham zavol bo’ldi.

Tushummi yoki o’yimda kulib turgay sumanbarlar,
Qachon o’ngimda bo’lg’aylar, deya ming bor savol bo’ldi?!

Taqim o’psa zulfayn ham, ochilgay bor jamolingiz,
Ko’rarmiz deb visolingiz dilim oshuftahol bo’ldi.

Qulingiz bo’layin derman, qulingizni xarob etmang,
Bu Chorsham’ umri ham zulfday uvol bo’ldi, uvol bo’ldi.

* * *

Bo’lsam erdi mayliga qo’lida qurbon bu kecha,
Xohi qul etsin meni, xohiki sulton bu kecha.

Yonida tursam qani kosagul-u ulfat bo’lib,
May ichib shod bo’lsa u la`li-badaxshon bu kecha.

Nozu istig’no ila raqsi samolar aylasa
Kuy chalib bersam dutor, tanburda xushxon bu kecha.

Yayrasak dardu alam to’lgan ko’ngillarni yozib
Jo’r ovoz bo’lsa biza bulbul g’azalxon bu kecha.

Ishq ila mast bo’lsagu dunyo unut bo’lsa tamom
Kim bilur kim oshig’u kimlarki nodon bu kecha.

Aslo parvo etmasak elga ketib ovozamiz
Ertaga el ichida bo’lsa-da doston bu kecha.

Neki bo’lsa rozidir Chorsham’ munavvar tonggacha
Yor ila boqiy bo’lib qolgay qadrdon bu kecha.

* * *

Ruhni ozod etgil balo-qazolardan,
Yiroq yurgil g’iybat, fitna, nizolardan.

G’ofil banda umri o’tar hasad ila
Baland turgil bunday ojiz kazolardan.

Mehr qo’ygil hatto qurtu qumursqaga,
Or etmagil qo’li ochiq gadolardan.

Otaverma faqat yerga tomiringni
Umringga boq goho olis fazolardan.

Har narsani qadr ayla, zoe etma,
Ezgu ish deb voz kech kayfu safolardan.

Shodon yasha, sharafli bil hayotingni,
Ibrat olgil donishlardan, daholardan.

Amal qilmas ekansan bu shartga , Chorsham’,
Qutulmassan u dunyoda jazolardan.

* * *

Dunyoni his eturman tuyg’ularim yetguncha,
Dardu alam chekurman qayg’ularim yetguncha.

Ko’ngil degan ne’matning sir-asrori beadad,
Qa’riga ko’z tikurman sezgilarim yetguncha.

Yetishmasa hayotda omad, baxtu saodat,
Hayu havas eturman orzularim yetguncha.

Tushlarimga kirar goh o’ngimda ko’rmaganim,
Uyg’onmayin yoturman uyqularim yetguncha.

Meni tushunmaguvchi g’ofil, johil, bemurod,
Odamlardan kulurman kulgularim yetguncha.

Bandasidan umidim qolmadi bu jahonda,
Xudoga dod eturman hu-hularim yetguncha.

Zulmat qo’ynida garchi hayoti javodonim
Chorsham’ bo’lib o’turman yog’dularim yetguncha.

* * *

Borimni berardim gul pari uchun,
Uning bir mehrli nazari uchun.

Bu nazar men uchun shifoi nurdir,
Nechun o’rtanmayin har zari uchun.

Zarlarki, ruhimni obod aylagay
Va hayot baxsh etur men g’arib uchun.

Shodlanib yurarman, zavqlar tuyarman
Ko’nglimning ul shamsu qamari uchun.

G’azallar to’qigum, she’rlar o’qigum
Bulbulning tonggi xush xabari uchun.

Yor yo’lin men tomon bursa ajabmas,
Shod etay deb bergan kadari uchun.

Chorsham’, ishq bobida lof urmay, jon ber,
Farg’onaning go’zal gavhari uchun.

* * *

Nazar tashla, nazar topsin nazarlar,
Chekinsin g’am, alam, qayg’u, kadarlar.

Xijolat aylasin osmon-falakka
Chiqolmay ko’shkidan shamsu-qamarlar.

Labing bosgin atirgullar labiga,
Uyalsin or etib bulbuli zorlar.

Yiqilsin poying ostiga egib bosh,
Necha oshiq bo’lib zeru zabarlar.

Sabr-toqat etolmasdan firoqda
Chamanda qolmasin ko’ngli digarlar.

Muhabbat o’tida kuydim, faqirga
Pisand ermas endi xavfu xatarlar.

Visolga chiqdi yor deb tong-saharda
G’arib Chorsham’ga yetsin xush xabarlar.

* * *

Keldi jonim bo’g’zima qaddi rasoning dastidan,
Damba-dam to’lg’onaman nozik adoning dastidan.

Na ko’ngul ochgay manga, na bir ko’ngilga bo’ylagay,
Telbadek yolvoraman jabru jafoning dastidan.

Suhbati shirin qurib o’tkan aziz dam qaydadur,
Eslanib ko’ngil qora ko’zi qaroning dastidan.

Kelsa umrim yashnatib olamni ravshan aylagay,
Kelmasa bo’lgum ado har ne baloning dastidan.

Dardi yo’q janon seni holingni qaydin bilg’usi,
Muncha ko’p o’ksima dil ul mahliqoning dastidan.

Sal yiroq ketsam unut bo’lgaymu deb hijronlari,
Har kecha chog’lanaman ohu nidoning dastidan.

Shosh qolib Chorsham’ Samarqand sori yo’lga tushaman,
YO Buxoro boraman ul bevafoning dastidan.

07

(Tashriflar: umumiy 1 046, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring