Oxunjon Safarov. E’tiqod — hayotining mazmuni edi.

055
15 январ — Таниқли шоир Султон Жўра (1910-1943) таваллуд топган кун.

    Роппа-роса чорак аср аввал (1988 йилда) мана сатрларни ёзган эдим:

Бобур қаламининг учида турган,
Қайғуга ном топган бир томчи сиёҳ,
Эрк учун жанггоҳда Таробий тўккан
Қоннинг томчисидек эрур бебаҳо

Менинг назаримда, қўлига қалам тутган асл шоир Ватаннинг чинакам ҳимоячисидир. Асқад Мухторнинг «Инсонга қуллиқ қиладурмен» қиссасида тасвирланган Амир Темур йўлини тўсган қалъа ҳимоячилари руҳига қувват бериб, бир ҳовуч одамнинг улкан қўшинга басма-бас жанг қилишга ундаган ёш шоирни эсласангиз мен ёзган сўзга ишонасиз. 33 ёшида жангда ҳалок бўлган шоир Султон Жўрани эсласангиз ҳам сўзларимга ишонасиз, деб ўйлайман. Баъзан иккинчи жаҳон уруши майдонларида жон берган, мардона жанг қилган ўзбеклар ҳақида сўз кетганда «Улар она юртини эмас, совет тоталитар тузумини ҳимоя қилиб жанг қилган» деган юзаки гаплар айтилади. Йўқ, ундай эмас! Ватан тушунчасини фақат жўғрофий маънода тушунмаслик керак. Асл инсон учун ҳамма замон ва маконда Эзгулик Ватандай азиз ва муқаддас бўлган. Ўша қонли майдонларда жанг қилган инсонлар, энг аввало, фашизм балосига, демк, жаҳолат ва разолатга қарши жанг қилган. Бор-йўғи ўттиз уч йил умр кўрган, шундан ўн уч йилини адабиётга, шеъриятга бахшида этган Султон Жўра ўзининг «Бруно» достонида буюк мутафаккир Жордано Бруно тимсолида ўзи ишонган Эзгуликни кўрган эди. Айни мана шу Ишонч туфайли шоир жонини Ватанига бахшида этди.

Хуршид Даврон

09
Охунжон Сафаров
ЭЪТИҚОД – ҲАЁТИНИНГ МАЗМУНИ ЭДИ

  06 Жаҳон халқлари тарихида қисқагина умр кўрганига қарамай, жасорат тимсолига айланган  Шандор Петёфи, Мате Залка, Муса Жалил сингари қўлида қалам ва қурол билан Ватан учун курашган инсонлар ўтишган. Таниқли шоир Султон Жўра ҳам шулар қаторидагилардандир.

У ўттиз уч йиллик ҳаёти ва ўн беш йиллик ижодий фаолияти давомида учтагина шеърий тўплам чоп эттирган бўлса-да, кейинчалик унинг ижодий мероси ўнлаб тўпламлар ҳолида китобхонларга қайта-қайта етказилди. Султон Жўранинг инсон, шоир ва жангчи қиёфасидаги бадиий сиймосини яратиш йўлида Хайриддин Салоҳ “Янгроқ ҳаёт” достонини, Омон Мухтор эса “Учқур поездлар” ҳужжатли қиссасини ёзди. Шоир ижодий меросини тўплаш ва бадиий маҳоратини умумлаштириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар қилинди. Натижада филология фанлари докторлари Наби Раҳимовнинг “Султон Жўра” (1954) танқидий биографик очерки ва Ғаффор Мўминовнинг “Оташ қалб адиб” (1970) адабий портрети дунёга келди. Мунаққид Набижон Қобилов эса унинг ижодий меросини ўрганиб, махсус номзодлик диссертациясини ёқлади ва шу асосда “Ватанпарвар шоир” (1961), “Кичкинтойларнинг катта шоири” (1973) номли рисолаларини эълон қилди. Филология фанлари доктори, профессор Саиджон Алиев унинг асарларини тўплаб “Ёмғирдан сўнг” деган ном билан нашр эттирди ва унга “Жангчи шоир” деган сўзбоши ёзди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов ҳам Султон Жўранинг ҳаёт ва ижод йўлига янгича назар билан ёндашиб, “Ҳаёт мангу яшасин…” деб номланувчи умумлашма мақоласини ёзди. Албатта, буларнинг аксарияти шўро мафкурасига тўйинтирилганидан маълум чекланганликларга эга, шунга қарамай, улар қайси даражададир, белорус шоири Дмитрий Ковалев эътироф этгани каби: “Окопларда учса-да ўқ, шеър ёзиб, жанг қилган” ва эл-юрти учун жонини аямаган шоир номининг абадиятга дахлдорлигини исботлайди.

Султон Жўра 1910 йилнинг 15 январида Бухоронинг Қоғолтом қишлоғида камбағал деҳқон оиласида дунёга келди. Ўз таржимаи ҳолида ёзганидек, уч-тўрт яшарлигида ота-онаси ўлиб, қариндошлари қарамоғида қолади. “Ҳамқишлоғи боғбон Абдурауф Душанбоев хонадонида асранди ўғил бўлиб”, унинг хизматини қила туриб, қишлоқ масжиди ҳузуридаги эски мактабда савод олишни ҳам унутмайди. Бу даврда укаси Саидни олис Қазалидаги қариндошлари олиб кетса, опалари Ҳадича, Фотима ва Османурлар бирин-кетин турмушга чиқиб, турли манзилларда яшай бошлашади. Шу зайилда бўлажак шоир оиласи пароканда ҳолда турмуш гирдобига шўнғийди. Султон 14 ёшга тўлгач, Бухоро шаҳрида яшаётган опаси Фотима Жабборовани қора тутиб Бухорога келади. Опасини топгач, бир муддат уникида яшаб, шаҳардаги етти йиллик мактабда ўқий бошлайди. Уни 1927 йилда тугатиб, Бухоро педагогика билим юрти (собиқ халқ маорифи институти – иннарпрос)га ўқишга киради. Бу ердаги жўшқин ҳаёт унинг ғайратига ғайрат қўшади, ижодкорлик салоҳиятини ҳаракатга келтиради. Юлдуз тахаллуси билан билим юрти деворий газетасида дастлабки шеърий машқларини эълон қилиб туради. Билим юртида бирга ўқиган синфдоши Қурбон Бадалийнинг хотирлашича, Султон Жўра “айниқса, шеъриятга, пьессалардаги ролларни ижро этишга қизиқар, шунингдек, мандалинани яхши чертар, ва, ниҳоят, чаққон футболчи ҳам эди”.

Султон Жўра 1930 йилда билим юртини муваффақиятли тугатиб, шаҳардаги учинчи етти йиллик мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Унинг ўша дарсларидан сабоқ олган ва кейинчалик катта тилшунос бўлиб етишган шогирди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Мустақим Мирзаев устозининг сабоқ айтиш маҳоратини хотирлаб шундай деган эди: “Педагог-шоир дарсларни юксак маҳорат билан ташкил этар, ўқувчилар адабиёт ва тилни ундан зўр ҳавас билан ўрганар эдилар. Шахсан менда ҳам тилшунослик иштиёқи ўша дарслардан юққан ва ўша дарслар таъсирида уйғонган эди”. Султон Жўра мактабда ишлаш билан бирга, Бухорода ташкил этилган ишчилар факультети (рабфак)да ҳам муаллимлик қилар, айни чоқда, қизғин ижодий фаолият билан шуғулланарди. Худди шу кезларда унинг шахсий ва ижодкорлик қисматида муҳим аҳамият касб этган икки воқеа юз берди: бири – унинг билим юртидаги сабоқдоши Моҳира Убайдуллина (Жўраева)га уйланиши бўлди. Улар ўн йиллик турмушлари давомида Ботир, Нурия, Румия ва Илҳомия исмли фарзандлар кўришди. Илҳомия отаси урушга кетгач, узоқ хасталикдан сўнг оламдан ўтди…

Иккинчиси – 1932 йили атоқли ўзбек шоири Ғафур Ғулом ва украин адиби Иван Ленинг Бухорога келиши ҳамда Султон Жўранинг улар билан учрашуви бўлди. Бу хусусда Қурбон Бадалий шундай ҳикоя қилади: “Улар бизнинг уйда меҳмон бўлдилар. Султон Жўра ва мен ёзган шеърлар билан танишиб, яхшиларини саралаб олиб кетдилар. 1933 йилда улар “Шеърлар” номи билан тўплам қилиб чиқарилди”. Шундан сўнг Султон Жўра республика матбуотида тез-тез кўринадиган бўлиб қолди. Бинобарин, унинг шоирлик тақдирида Ғафур Ғулом раҳнамо сифатида айрича ўрин тутади. Бу хусусда ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳолида шоир шундай иқрорини келтиради: “Менинг ўсишимга ўртоқ Ғ.Ғулом жуда катта ёрдам қилди. Ўртоқ Ғ.Ғуломнинг ташаббуси билан 1939 йилнинг декабрида Тошкентда бадиий кечам ўтказилди”.

ХХ асрнинг ўттизинчи йиллари сталинча қатағонлар авж олганидан халқ оғир кўргиликлар исканжасида қолганди. Турмушнинг бундай синовлари Султон Жўрани оила қургандан кейин янада оғирроқ ташвишларга дучор этади. Бир ёқдан – рўзғор тебратиш, уй-жой муаммоси, иккинчи ёқдан – кундан-кунга авжлана бошлаган қатағон туфайли Бухоро зиёлиларининг таъқибга олина борилиши, қолаверса, уларнинг турли томонларга кетиб, жон сақлашга интилишлари Султон Жўрани ҳам сергаклантиради. Дастлаб, у назардан холироқ, деган ўйда Ромитан туманидаги Қалъайи Чорбоққа бориб, қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилади. Бироқ, шунда ҳам тинчини тополмайди, шекилли, 1933 йили Андижон вилоятининг Избосган туманида истиқомат қилаётган опаси Фотима ва поччасининг чорлови билан улар ёнига кўчиб борди. Дастлаб 17 мактабда ўқитувчилик қилади. Султон Жўра ўзининг Андижондаги фаолияти ҳақида таржимаи ҳолида қуйидагиларни ёзади: “1938 йил 18 сентябрда Андижонга келиб (бунгача у Избосганда яшаган ва ўқитувчилик қилган, кейин шаҳарга кўчиб ўтган – О.С. изоҳи), хотин-қизлар билим юртига тил ва адабиётдан ўқитувчи бўлиб кирдим. 1934 йилда Андижон кечки пединститутининг география факультетига кириб, 1940 йил январида уни тугатиб чиқдим (чунки у вақтда литфак йўқ эди). Тил ва адабиёт соҳасида мустақил ўз устимда ишлаб, кечки институтда лекторлик қилдим”. Кейинчалик шоир ижодини махсус ўрганиб, номзодлик диссертациясини ёзган Набижон Қобилов, аслида, унинг ана шу маърузаларини тинглаган шогирди эди.

Султон Жўра Андижон хотин-қизлар билим юртида ўқитган яна бир шогирди, кейинчалик таниқли фольклоршунос бўлиб етишган филология фанлари доктори, профессор Ғ.Мусина устози фазилатларини шундай хотирлайди: “Мен Андижон педагогика билим юртида ўқиб юрган вақтимда, ҳурматли Султон Жўра бизга ўзбек тили ва адабиёти фанларидан дарс берар эди. Студентлар ўртасида: “Кимда-ким Султон Жўрадан таълим олса, у, албатта тилчи, адабиётшунос ёки шоир бўлиб етишади”, деган гап юрар эди”. Бу шунчаки гап бўлмай, айни ҳақиқатнинг эътирофи эканлигини, у ўқитган талабалар орасидан М.Мирзаев, Ғ.Мусина, Ҳ.Раззоқов сингари таниқли филолог олимлар етишиб чиққани яққол тасдиқлайди.

Султон Жўра, айни пайтда, адабий-ижодий фаолият билан ҳам шуғулланиб шеърлар, балладалар, эртаклар, достонлар, драматик асарлар ёздики, уларда Ватан ва табиат, меҳнат ва унинг завқи, хотин-қизлар озодлиги ва қувноқ болалик ифодаланган. Айтиш жоизки, бу даврда у ғоят фаол ижодкор сифатида наинки Андижонда, балки республикада ҳам танилди.

Гап шундаки, асарларининг аксарият қисми катта ёшдагиларга мўлжалланган бўлса-да, сўзининг моҳияти болалар ва ўсмирлар оламига қадрдон эди. У турли ёшдаги болалар ва ўсмирлар дунёсини нафис ҳис қила олганлиги сабабли улар характеридаги табиий соддаликни, тиниб-тинчимасликни, айрим ҳолларда ёлғончилигу дангасаликни ёрқин ифода этган “Лола”, “Ой нечта?”, “Чўнтак”, “Маматнинг кечирмиши”, “Ёлғончи”, “Қарздор”, “Кимнинг хати чиройли”, “Яхши” ва “Аъло”нинг мақтови”, “Ҳарфлар паради”, “Тиниш белгиларининг мажлиси” каби болалар шеъриятининг ажойиб намуналарини яратди.

“Лола” ва “Ой нечта?” шеърларининг лирик қаҳрамони ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган кичкинтойлар. Улар аксар ҳолларда, билмаган нарсалари ҳақида ўзларича билағонлик қиладилар. Аслида, билинмаган нарсалар ҳақидаги билағонликдан иборат муносабатдаги номутаносиблик улар феъл-атворида ўзига хос соддаликни юзага келтирадики, бу енгилгина кулгининг келиб чиқишига йўл очади. Чунончи, Лола ҳали етти ёшда бўлса-да, катталарнинг уни “кичкина” деб, кичкинтойларга яраша муомала қилишларини ёқтирмайди, ўзини катталарча тутишни, катталардек фикрлашни, бинобарин, унга ҳам шу йўсинда муомала қилишларини истайди. Шоирнинг “Ой нечта?” шеърида опа-сингил Юлдуз ва Қундузлар ўртасида ойнинг биттами ёки иккиталиги хусусида тортишув кетади:

Юлдуз деди: – Ой битта фақат.
Қундуз деди: – Йўқ, иккита-ку!

Гап шундаки, улар икки жойда туриб, осмондаги ойни кўришган ва шу асосда баҳсга замин яратилган. Қолаверса, ҳар бири ўз сўзида қатъият билан туришибди. Масалани ечиш учун кеч бўлиб, осмонда ой балқишини интиқлик билан кутишади. Ниҳоят:

Ана келди кутган кеча ҳам,
Ёниб чиқди қизил ширмон ой.
Чопиб кетди Юлдуз кўчага,
Қундуз деди: – Ҳовлидан боқай.
Иккови ҳам кўраркан ойни,
Бир-биридан олишди дарак:
– Унда борми?
– Ҳа, биттаси бор.

Ўз сўзларини ўтказиш кайфияти туфайли масала яна ечилмагач, энди, улар катталарга мурожаат қилиб, асл ҳақиқатни билиб оладилар. Шоир опа-сингил баҳсини шу нуқтада якунламайди, балки катталарнинг жавобида келажакка дахлдор янги бир жумбоқни ўртага ташлайди. Ойиси болаларининг “Ой нечта, ойи?” саволига:

Фақат битта осмоннинг ойи!
Катта бўлгач, айланайларим,

Ойнинг ўзин миниб кўрарсиз, – дея жавоб бериши ҳамоно болалар яна унга мурожаат қилишиб:

– Ўшанда-чи, ойижон, бизга
Катта шоти олиб берарсиз,

– дея яна жумбоқли орзуларини билдириб қўядилар. Султон Жўра шу тариқа, болалар хаёлини космос сари йўллай туриб, ўзбек болалар шеъриятига илк бор космосни ўзлаштириш ғоясини олиб киради. Шоирнинг бу башорати орадан чорак аср ўтибоқ реаллашди, инсон қадами ойга етди.

Султон Жўранинг маҳорати шундаки, у “ой” сўзига “и” эгалик қўшимчасини қўшган ҳолда, қадимий туркий сўз саналувчи “ойи” сўзига ўзакдошлигини асослаб, ўзига хос тажнис яратган. Буларгина эмас, ҳар иккала шеърда ҳам болалар хатти-ҳаракати мажмуи ўзига хос воқеабандликни юзага келтирадики, худди шу фазилати билан улар ўқувчи ёдида қолади. Шоир умр бўйи таълим-тарбия ишлари билан шуғулланди, шу боис, болалар феъл-атворини обдон ўрганди.

Ўқув-тарбия ишида фан асосларини ўқувчилар онгига сингдириш, шубҳасиз, бош масала эканини чуқур тушуниб етган шоир бу ғояни изчиллик билан тарғиб қилишга интилди ва шу мақсадда ўз шеърлари учун янгича композицион асослар қидира бошлади. Бунда Корней Чуковский, Ғафур Ғулом анъаналаридан ижодий таъсирланиб, жонсиз нарсаларни жонлантириш асосида воқеабандликни юзага келтириб, “Тиниш белгиларининг мажлиси” номли шеърини ёзди. Шеър учун мажлис ҳолатини қурилма қилиб белгилади. Устози Ғафур Ғулом ҳам “Аҳмад ёмон бола эмас-ку, аммо…” шеърида лирик қаҳрамон тана аъзоларини шундай исёнкор мажлис фонида ўз норозиликларини изҳор қилдирган эди. Султон Жўра эса, тилшуносликнинг таркибий қисми бўлган пунктуациянинг моҳиятини нуқта, вергул, сўроқ, ундов, тире, қўштирноқ ва бошқа тиниш белгилари поэтик образларининг мажлисдаги нутқи орқали тушунтиришни кўзлади.

Шоир аллегорик образлардан моҳирона фойдаланиб, ҳар бир тиниш белгисининг ўзига сўз беради. Улар ўз вазифаларини ғоят аниқ таърифлашади. Муҳими шундаки, шоир тиниш белгилари нутқини уларнинг ишлатилиш қоидаларига мос келувчи мисол-сатрлар шаклида қуради. Айни чоғда, тиниш белгилари ўзларини ўринли ишлата олмайдиганлардан ўпкалаб, уларга таъна-гина қилишади. Бу эса, шоирнинг чаламуллаларга қилган кесатиғи, қочирими бўлиб, шеърнинг енгил юморга уйғунлигини таъминлаган. Шеърда у ёки бу тиниш белгиси ўз вазифасини баён қила туриб, бир йўла ўзлари қўлланадиган қоидага мос келувчи сатр-поэтик нутқ воситасида сўзлайдилар:

– Ўртоқ Раис, энди менга навбат бергин, –
Деб сўз олди кичик тўқмоқ – бизнинг вергул.

– Гар ундалма гапда келса қоқ ўртада,
Унинг икки ёнбошида мен жўрттага.

“Қани энди, ундалмахон, қочиб боқчи”, –
Деб бўлурман, юбормайин, унга соқчи.

Гар ундалма гап сўнгида келса, у чоқ,
Ундан олдин қўйилурман, тушун ўртоқ!

Кўринаётирки, вергулнинг поэтик нутқи ундалма гап бошида келса, ундан кейин, гап ўртасида келса, икки тарафида, гап охирида келса, ундан олдин қўйилиш қоидасига мос қилиб қурилган. Шоирнинг муваффақияти шундаки, нуқта, сўроқ, ундов, қўштирноқ, тире каби тиниш белгилари поэтик нутқларни ҳам қўлланиши қоидаларига мос қилиб қурилган, шу асосда, мажлисга хос тортишув руҳини келтириб чиқарган. Натижада, ҳар бир тиниш белгиси ўзига хос кўримли образ даражасига кўтарилган: ундов – мирзатеракка, нуқта – коптокка, сўроқ – ўроққа, вергул – тўқмоқчага, қўштирноқ – қизиқчига, тире – гугурт чўпига ўхшатилган, ҳатто нуқтанинг грамматик моҳияти “фикрлар станцияси”, вергулники эса “фикрлар разъездига” қиёсланиб, у ёки бу тиниш белгисининг умумлашма бадиий образи яратилган. Бундай образлилик шеър завқини баланд пардага кўтаргани туфайли, ўқувчи ундан ҳам илмий, ҳам эстетик баҳра олиб, тиниш белгиларига оид сабоқларини мукаммаллаштиради, тиниқлаштиради, теранлаштиради. Бу шеър ўз вақтида ёш ўқувчилар қалбини забт этган, шунинг учун ҳам улар ўша шеърни чоп этган собиқ “Ленин учқуни” (“Тонг юлдузи”) газетаси таҳририятига қатор хатлар билан мурожаат қилиб, шоирнинг яна шу хилдаги шеърларини кўпроқ чоп этишларини сўрашган. Натижада, газета таҳририяти 1940 йилнинг 22 апрелдаги сонида шоирга қуйидаги махсус мактубни йўллаб, ёш ўқувчиларнинг ушбу истакларини етказишга мажбур бўлган эди:

“Ҳурматли Султон Жўра!

Сизнинг “Тиниш белгиларининг мажлиси” шеърингизни газетамизда босиб чиқарган эдик. Шундан сўнг, Ўзбекистондаги болалардан бир мунча хат олдик. Бу хатларда шеърларингизнинг яхшилиги ва фойдалилиги айтилган. Болалар сизнинг шеърларингизни газетамизда босиб чиқаришни сўрайдилар. Шунинг учун ўз ваъдангиз бўйича болаларга ёзган шеърларингизни тезда редакциямизга юборишингизни илтимос қиламиз”. Бу мактуб шоир шеъриятининг таъсир кучи катта бўлганини, улар болаларда катта ихлос уйғотганини кўрсатувчи ҳужжат сифатида қимматлидир.

Султон Жўранинг шеърий йўсинда ёзилган “Ёлғончи” достони, “Қалдирғоч”, “Зангори гилам” эртаклари, “Бруно” поэмаси ҳам ўзбек болалар эпик поэзиясида муҳим аҳамиятга молик. Шоир “Ёлғончи” достонида мактабда ёмон ўқийдиган Нўъмонжоннинг ота-онасини алдаши, ўқитувчи эса, уларни мактабга чорлаб, берган хатларини ҳар гал йиртиб ташлаши, ниҳоят, ўқитувчисининг ўзи улар уйига келиб, Нўъмонжон хатти-ҳаракатларини фош этиши ва ўз ёлғонлари оқибатида изза бўлган Нўъмонжоннинг тузалиш сари юз тутиши ифодаланган бўлса, “Қалдирғоч” эртагида юрт соғинчи, “Зангори гилам” эртагида эса эрк учун кураш мотивлари инъикос топган. “Зангори гилам” эртаги шу номдаги халқ эртаги сюжетини замонасозлик руҳида қайта табдил қилиш асосида яратилган. Асар қаҳрамони – Раҳим замон воқелигидан ғафлатда қолган чол сиймосида ҳаракат қилади. Профессор С. Алиев фикрича: “Эртак бошида деҳқон Раҳим отага берилган тавсифга асосланиб, шоир бу типни яратишда ўз отаси Жўра Боқиевни асл нусха (прототип) сифатида кўзда тутган бўлиши мумкин, деб тахмин қилиш мумкин. Қуйидаги мисралар шундай фикрга асос бўла олади:

Бир қари чол яшаркан,
Турмуши кўп ночоркан.

Раҳим номли бу фақир
Кўрган экан кўп таҳқир…

На суви бор, на ери,
На тўяр кўпдан бери.

Фақатгина унда бор
Пастаккина чор девор”.

Умуман эртак замон воқелигини маъқуллаш руҳида бўлиб, шоирнинг юксак савиядаги фольклоризм яратиши эвазига ўзбек болалар эпик поэзиясига янги шакллар ва образлар кирита олганлигидан далолат беради.

“Бруно” поэмаси наинки шоир ижодида, балки, ХХ асрнинг 30-40-йилларидаги ўзбек поэзиясида айрича мавқега эга бўлган асардир. Шоир ижодий мероси тадқиқотчиси Набижон Қобиловнинг айтишича, унда бу асарни ёзиш иштиёқини шоир ҳали Андижон кечки педогогика институтида география факультетида ўқиб юрган кезларида профессор Леоновнинг буюк италян олими Бруно ҳақида ўқиган маърузалари уйғотган. Шундан сўнг Султон Жўра Бруно илмий фаолияти ҳақида хилма-хил материаллар тўплаб ўргана бошлайди, ниҳоят, 1937 йилда “Бруно” поэмасини ёзишга киришиб, тугаган ҳар бир бобини сафдошларига ўқиб бериб, уларнинг фикр-мулоҳазалари асосида яна қайта кўриб, асарни мукаммаллаштиради. 1940 йилда эса уни “Ўзбек адабиёти” (ҳозирги “Шарқ юлдузи”) журналида эълон қилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, поэманинг ғоявий-бадиий мундарижасини белгилашда шўро замони адабиётшунослиги асарга атеистик нуқтаи назардан ёндашиб келди. Чунончи, Наби Раҳимов ёзади: “Асар асосида реал, ҳаётий конфликт ётади. Бу илғор фан вакиллари билан реакцион дин, монархия орасидаги жиддий тўқнашувдир”. Набижон Қобилов ёзади: “Шоир бу асарини фан билан диннинг конфликтидан бошлаб, уни шу фонда ривожлантиради ва фаннинг дин устидан маънавий ғалабаси билан якунлайди”. Яна Ғаффор Мўминов ёзади: “Оламнинг тузилиши ҳақидаги материалистик қарашни илгари суриш, коинот сирларини ўрганиш билан боғлиқ бўлган катта орзулар, дин ва фан ўртасидаги курашни кўрсатиш, дин ақидаларини фош қилиш, илғор фан билан қуролланган инсон ақлининг тантанасини куйлаш поэманинг асосий ғоявий мундарижасини ташкил қилади”. Бундай кўчирмаларни истаганча келтириш мумкин, уларнинг барчасидаги муштарак руҳ, умуман, динни қоралаш бўлиб, шўро мафкурасининг динни ёмонотлиғ қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашдан иборат эди. Достонни синчиклаб ўқиш эса, шуни кўрсатадики, унда шоир ҳамма замонлар учун долзарблик қимматини йўқотмаган фан ва диний фанатизм, фан ва диний ақидапарастлик ўртасидаги кураш мавзусини асос қилиб олгани кўзга ташланади. Достонда, умуман, динни қоралаш кўзланмаган, балки ҳар қанақа зулму таадди, зўравонлик билан реакцион моҳиятини намоён этган диний экстремизм ва унинг қабиҳ тарафдорларини фош этиш руҳи устуворлигини пайқаш қийинмас. Яна унутмайликки, шоир бу муаммони ақл-заковат билан нодонлик, эзгулик билан ёвузлик, ҳақиқат билан ёлғон, ҳур фикрлилик билан ақидапарастлик, эркинлик билан тутқунлик ўртасидаги шафқатсиз кураш асносида ҳал қилишга уринган. Бунда фан ва диний фанатизм ўзига хос ниқоб вазифасини ўтаган.

Султон Жўра ўрта асрларда Европа тарихида кечган воқеликка мурожаат асносида, ўзбек адабиётига янгилик олиб кирди. Шу тариқа италиялик буюк астроном, математик, файласуф олим Брунонинг фожиали қисмати асар сюжетига асос қилиб олинди. У мелодий II асрда яшаб ўтган Птоломей католик черкови асосий ғоявий дастак қилиб олган “Қуёш Ер атрофида айланади”, деган ақидасига қарши чиқиб, уни рад этган Коперникнинг “Ер қуёш атрофидан айланади”, деган илмий исботлаб берилган қарашга тарафдорлик қилганлиги сабаб, реакцион кучлар таъқибига учрайди. Реакцион кучлар уни ҳар қанча таъқиб этиб қийнамасинлар, у ўз сўзидан қайтмайди. Қаерда бўлмасин ўз фикрида собитлик билан оламнинг яратилиши ҳақидаги илмий ҳақиқатларни ташвиқ қилади. Жумладан, Оксфорд университети талабаларига сабоқ бераркан, шуларни сўзлайди:

Ё Бателмус,
Ёки Аристотелча
Эмиш Ер – оламнинг
Танҳо маркази?
Ақл сиғдирарми,
Эмиш Қуёш – қуш
Каби Ер гирдини
Кезар қиш, ёзи?
Йўқ! Ер айланур
Қуёш гирдида.
А кумуш ой унинг
Сайёр йўлдоши.
Ҳам фазода сузар
Ҳали бир тўда
Ерки, юлдузчалар
Унинг қуёши!..

Реакцион руҳдаги черков руҳонийлари Брунодан бу таълимотидан воз кечишини талаб этадилар, лекин Бруно бу фикридан қайтмайди. Ниҳоят, уни зиндонга ташлаб, саккиз йил давомида шу ақидасидан қайтариш мақсадида қийнасалар-да, фанатизм тарафдорлари ўз мақсадларига эришолмайдилар. Охири улар Римнинг Помпей майдонида 1600 йилнинг 7 февралида катта гулханда буюк олимни жисман ёқиб юбориш билан ўз муддаоларига эришмоқчи бўлишади. Лекин Бруно гулханда ёна туриб:

– Майли, ёндирдингиз,
Ёндирдингиз, ёнай,
Ваҳший хуморингиз
Қонсин бир умр!..
Майли, қовжирайин,
Қолсин кул, кўмир.
Бироқ ҳайқираман:
Ўлмас Жордано!
Ҳақиқат ва ўлим
Курашур ҳали!
Бу кун ботган қуёш
Эрта чиққандек.
Аср тонгларида
Ёнур машъалам.
Эмиш “Тавба қилсин”,
Йўқол, тиз чўкиш!
Минг қасамдан аъло
Куйиш гулханда!
Ёқинг, зор бўлсангиз
Чинқиришимга!

Қаҳ-қаҳ уринг, учсин
Ёввойи ханда…
Қалбим кўмир бўлиб,
Сўнар сўзларим.
Бироқ гардишидан
Тўхталарми Ер?
Келар асрдаги
Фикрлардек ҳур –
Сайр этажак ҳамон
Ой, юлдузларим!

– дея ҳақиқатни ёқлайди. Поэма худди шу хусусияти билан ҳамон ўз ғоявий-бадиий қимматини сақлаб келаётир.

Султон Жўра сўзи билан иши бир инсон эди. Шу сабабли иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фашистлар халқимизнинг бошига оламшумул кулфат солганда шоирлигини пеш қилмай, кўнгиллилар сафида жанггоҳга отланди. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов тўғри таъкидлаганидек: “Султон Жўранинг фронтга бормасликка расмий асослари бор эди, бироқ, у бу асосларни рўкач қилгани йўқ. Бир амаллаб фронт орқасида қолиб кетса, унинг шоир сифатида ўн уч йил давомида тарғиб қилган ғояларидан путур кетарди, ўқитувчи сифатида берган сабоқлари салмоқсиз бўлиб қоларди. Шоир ва педогог сифатида ғояларни тарғиб қилиш учун маънавий ҳуқуқдан маҳрум бўларди. Бунга эса, унинг виждони йўл қўймасди. Чунки шеър ҳам, мактабдаги сабоқлари ҳам Султон Жўра учун шунчаки сабаби тирикчилик эмас, балки бутун вужудини бахш этган, бутун эътиқодини ўзида ифодалаган иш эди. Улар Султон Жўра ҳаётининг мазмуни эди. Шунинг учун шоир ҳеч иккиланмай фронтга жўнайди”. Қаламу қурол билан жанг қилади. Отишмалар остида, окопларда “Чавандоз”, “Пулумётчи овози”, “Тўпчи Муҳаммад”, “Найзамиз”, “Соғиниб” сингари иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ҳарбий шеъриятининг намуналарини яратди. Уларда ўзбек жангчиларининг жасоратини куйлаб, ғалабага ишончларини мустаҳкамлади.

Султон Жўра 1943 йилнинг 14 ноябрида Белорусиянинг Гомель вилоятига қарашли Ловеск туманидаги Боршчевка қишлоғида бўлган шиддатли жангда ҳалок бўлди. Шу муносабат билан у хизматни ўтаган ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан оиласига юборилган шошилинчномада, жумладан, шундай сўзлар ёзилган эди:

“Ҳурматли ўртоқ Жўраева!

Сиз жонажон Ватан олдидаги ўз муқаддас бурчини адо қилган эрингиз билан фахрланишга ҳақлисиз. Эрингиз адолатли уруш тарихига шонли саҳифа бўлиб киради ва келгуси авлодларга фахр бўлиб қолади. Биз ҳаммамиз Султоннинг қабри устида туриб, лаънати душмандан унинг Ватанимиз, халқимизга етказган барча ёвузликлари учун, содиқ, севимли, жанговар ўртоғимиз Жўраевнинг ўлими учун қасос олишга қасамёд қилдик”.

Дарҳақиқат, Султон Жўра фашистларга қарши жангга “ал-қасос ул минал ҳақ” деб кирган эди. У бу ниятини қизларининг ўтлиғ соғинч билан “Қачон қайтасиз?” деб ёзган хатларига жавобан битилган “Соғинчли салом” шеърида шундай ифодалаган:

Сезаман ўтган ҳар тун,
Ҳар кун ва ҳафта сайин,
“Дадамиз қачон келар”,
Деб кутмоқдасиз доим.
Соғиниб сиз зор-зор,
Тўғри, ичикмоқ қийин.
Лекин кўришув ҳам бор,
Ҳар соғинувдан кейин…

Лекин дийдор насиб этмади. Шоир болалари билан кўришажагидан умидвор эди. Шоирнинг бу шеъри ҳам ўз вақтида қанчадан-қанча жангчиларга ва фронт орқасида меҳнат қилаётганларга қай даражада маънавий мадад бўлганлигини Хайрихон Топиболдиеванинг шоир умр йўлдошига қуйидаги мактуби яққол тасдиқлайди:

“Ҳурматли Моҳира Жўраева!

Биз “Пахта фронти” газетасида сизнинг эрингиз, ҳурматли шоир Султон Жўранинг ўз азиз болаларига атаб ёзган ҳароратли “Соғинчли салом” шеърини кўзларимизда жиққа ёш билан ўқиб чиқдик. Ёвуз гитлерчи каллакесарларга нисбатан ғазаб ва нафратимиз яна ошиб кетди… Бизнинг ҳам хонадонимизнинг бошлиғи немис фашистлари билан бўлаётган жангда қатнашмоқда. Биз уни ғалаба билан кутиб турибмиз. Болаларининг меҳрибон отаси бўлган шоиримизга минг раҳмат! Бизнинг ушбу миннатдорчилик хатимизни Султон Жўрага ҳам билдириб қўйишингизни илтимос қиламиз”.

Рост, бу шеър шоирнинг ўз фарзандлари – ўғли Ботир, қизлари Нурия, Румия ва Илҳомияларга ёзилган, у шеърий мактуб шаклида бўлиб, шоирнинг энг сўнгги асаридир. Гарчи, шеър сарлавҳасидаги изоҳ ҳам унинг шахсий мактублигини кўрсатиб турса-да, аслида, у шахсийлик чегарасини тан олмайди, унда умуман жангчи оталарнинг ўз жигаргўшаларига самимий меҳри, Ватанни қандай севиш сабоғи булоқдай қайнаб турибди. Шу сабабли, болаларнинг неча авлодига рўпара бўлиб кетаётган шоир – ота:

Эй гули ғунчаларим.
Олтин юлдузчаларим,
Тиллари чучук-чучук,
Бири-биридан кичик
Гиргиттон қизчаларим,
Жон-жон ниначиларим,
Силаб-сийпаб жингалак,
Ипакдай сочингиздан
Айланай деб эркалаб,
Ўпиб кўз-қошингиздан, –

дея эркалаб, суйиб, қучиб, ўпиб “сон-саноғи йўқ салом” билан пешвоз чиқмоқда, шу янги авлод қалбида меҳр ва эзгулик уруғини экиб, ўз мангулигини таъминламоқда. Шундай саодатга бурканиб яшаш Султон Жўранинг руҳига насиб этаверсин.

(Tashriflar: umumiy 852, bugungi 3)

Izoh qoldiring