Oybek. Adabiyot to’g’risida

022

Бугун таваллуд кунининг 110 йиллиги нишонланаётган Ойбекнинг бутун ҳаёти ва ижодиёти, қалби ва қалами сизга бағишланган эди. Атоқли адиб ўзининг ўлмас асарларини ижод этар экан, у қандай адабий фикр-ўйлар оғушида яшагани, қандай ижодий мезонлар ва эстетик принципларга амал қилгани, умуман у нафис сўз санъати тўғрисида, бу сеҳрли, бу ғаройиб, бу ажойиб олам тўғрисида қандай фикрда бўлганини сизга тақдим этилаётган фикр ва мулоҳазаларини ўқиб, билиб оласиз. Ҳассос ижодкорнинг адабиёт тўғрисидаги қимматли фикр- ўйлари ҳам олтин манбалардан нур олгандек жило бериб туради.

01
ОЛТИН МАНБАЛАРДАН НУРЛАНГАН СЎЗЛАР
НАИМ КАРИМОВ
02

07йбек табиатан шоир эди. У ўтмишга, тарихга, ҳаётга, воқеликка, кишилар ва ҳодисаларга шоир нигоҳи билан боқарди. Аммо унинг нигоҳи шу қадар ўткир ва теран эдики, бирор кимса, бирор ҳодиса ё бирор буюмнинг майда тафсилотлари ҳам унинг эътиборидан четда қолмас эди. Худди шу нарса кейинчалик уни бадиий насрнинг бепоён водийси сари етаклаб келди.

Шоир ва носир Ойбек ижодида бирор адабий жанр ва тур йўқки, у бу жанр ва турларда мардона ва алпона меҳнат қилмаган бўлсин. У, эҳтимол кенг китобхонлар оммасига номаълум бўлса керак, драматургияда ҳам ўз кучини қайта-қайта синаб кўрди. Бадиий таржима соҳасида эса у бутун умри бўйи самарали ижод қилиб келди.

Атоқли ижодкор 30-йилларнинг ўрталарида ижод билан шуғулланибгина қолмай, Тил ва адабиёт институтида ўзбек классик ва совет адабиёти тарихи бўйича ҳам қизғин иш олиб борди. У бутун ижодий ҳаёти давомида адабиётшунослик ва адабий танқиднинг долзарб масалалари билан мунтазам равишда қизиқиб, ўнлаб йирик тадқиқотлар яратди, ўзбек адабиётшунослиги ва унинг муҳим тармоқларидан бири — навоийшуносликнинг фан сифатида шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.

Адабиётшунос аллома Ойбекнинг қизиқиш доираси бениҳоя кенг. У минг йиллик ўзбек адабиёти тарихини барча нозик жилвалари билан билади. Шунингдек, у ижодкор, мунаққид ва адабий ҳаётнинг ташкилотчиси сифатида янги ўзбек адабиётининг шаклланиш ва тараққиёт хусусиятларини теран ҳис этади. Бундан ташқари, у забардаст ва заҳматкаш таржимон бўлиб, рус ва жаҳон адабиёти классикларининг бой бадиий тажрибаларини ҳам пухта эгаллаган эди. Шунинг учун ҳам унинг адабий-танқидий асарлари ва эстетик қарашлари ана шу мўътабар манбалардан сўнмас нур ва ҳарорат олгандир.

Севимли адиб ва шоир А. С. Пушкинга ба- ғишланган гўзал шеърларининг бирида бундай ёзган эди:

Нур тўла қадаҳинг ичаркан диллар,
Ҳислар ғунчалайди ва очилади!
Ёрқин илҳоминг-ла қайнар насллар,
Асрдан-асрга нур сочилади.

Ўқиркан, севгинг-ла ёнади кўзлар,
Дилларни тўлдирар баҳор нафаси.
Олтин манбалардан нурланган сўзлар —
Қуйма мисраларнинг жонли нашъаси.

Назаримизда, бу ўтли сўзлар Ойбекнинг ўзига ҳам — ажойиб шеър, достон ва романлар муаллифига ҳам қаратилгандек.

025
ОЙБЕК
АДАБИЁТ ТЎҒРИСИДА
02

ҲАЁТ ВА АДАБИЁТ
04

02дабиёт — фикр оммаси, қалб ҳислари билан доимо сайқалланадиган, тўхташни билмайдиган, борган сари, ҳамиша нурланиши, чақнаши ошиб борадиган бир соҳа.

* * *

Адабиётнинг специфик хусусияти образларда фикр юритишдадир. Образли формадан ташқарида санъат йўҳ.

* * *

Шоир юксақ эстетик завққа эга, шеъриятда юксак шакл, нозик мусиқийликни теран ҳис қила оладиган, бой, рангдор тилимизни тўла ўрганган бўлиши керак. Шоир илм-урфон булоғини қониб шимирган, санъат-адабиётнинг ошиғи, халқ юрагини равшан, яхши, чуқур ҳис қила оладиган зўр уста бўлмоғи шарт. Давримизни қамраган шоҳ асарлар яратиш, халқ тарбиясига оид бадиий асарлар устида ишлаш зарурдир.

* * *

Илҳом манбаидан, шеър булоғидан гавҳарларни тера билиш ҳазилакам иш эмас. Адиблик ва шоирлик мушкул, оғир нарса, сохта, пишмаган асарлар яратишдан қочиш керак. Шеър — юксак санъат, юракдан айтиладиган сўз, юрақ оташи, фикрнинг гули, нафаси, ёлқини.

* * *

Китоблар инсон тафаккурининг жавоҳирларини йиғиб, авлодларга мерос қолдиради.

* * *
Мавзулар ниҳоят бисёр, замон, вақт дарёдай оқиб кетаверади, аммо чин, юксак асарлар абадий қолади, чунки у халқнинг абадий бойлигидир, инсониятнинг мангу хазинасидир.

* * *

Инсон ўз ишини севиши керак, бу ҳар бир касбнинг қонунидир. Бироқ санъат кишиси учун бундай муҳаббатнинг ўзи кифоя қилмайди… Яширишнинг нима кераги бор, бизнинг машаққатли касбимиз ширии дамлар ҳам бахш этади. Гап ҳатто шуҳрат деб аталган нарса, яъни номинг минг марталаб тилга олинишида ҳам эмас. Каллангда туғилган, ўзинг тузган ва айтган жумлани қандайин баҳолашларидан қатъи назар,

* * *

Сюжет яратиш енгил иш эмас, оригинал сюжет яратиш учун катта усталик керак. Ёзувчининг идеялари сюжетда амалга ошади. Воқеаларнинг бошланиши, қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг очилиши, ўсиш плани бадиий асарнинг сюжетини ташкил этади. Бадиий асарда кўрсатилган воқеликнинг ўсиш, ўзгариш процессини ёзувчи маълум бир структурада беради. Сюжёт деганда кўп ёзувчилар асарни мроқли, қизиқ қиладиган моментларни тушунадилар. Тўғри, асарни мароқли қилиш приёмларидан ҳамма ёзувчилар фойдаланадилар. Лекин бу ҳали сюжет эмас, масала одам муносабатлари, уларнинг боғланиши, одамнинг қилмишлари, амалиётларини акс эттиришдадир.
Тавсиф — бошқа, образ, характер — бошқа. Воқеалар, образлардагина конкрет тажассумга, типик чизгиларга эга бўла оладилар.

* * *

Шеьрда ҳам, прозада ҳам мастер бўлиш керак. Ижодий балоғат, етуклик мастерликдадир. Мастерлик ҳеч вақт ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Бунга ўқиш-ўрганиш, оғир ва чидамли меҳнат билан муяссар бўлиш мумкин.

* * *

Шарқ классик адабиётининг бой хазинасидан, албатта, фойдаланиш керак… Лекин айрим шоирлар фақат уларга тақлид қиладилар, яна энг яхши намуналарига эмас, паст, жўн, асрлар мобайнида ортиқ даражада шаблонлашган шаклларга эргашадилар. Бу ҳол халқ завқини ўстиришга эмас, аксинча, орқага, эскиликка ундайди. Классик Шарқ адабиётидан фойдаланиш ҳозирги адабиётга органик боғлиқ бўла олса, бойита олса — шундагина катта аҳамиятга эга бўлади.

* * *

Муҳим ва мураккаб нарсалар ҳақида соддагина қилиб сўз айтиш мумкин. Қалбни забт этган ҳис-туйғуларни, чуқур лиризмни ифода этмоқ учун дабдабали шакл шарт эмас. Ахир кўнгил қўйган қизга «севаман» деб айтмоқ учун беқасам тўн кийиб келиш зарур эмас-ку. Энг муҳими, кундалик ҳаёт предметлари, одатий нутқ поэтик оламнинг бутун дабдабаси ва жозибасини йўққа чиқариб қўядиган кўринарди. Шунинг учун ҳам тилдаги соддалик, оддий халқ саройга йўлатилмаганидек, поэзияга ҳам йўнатилмасди. Амалда эса чинакам жозибадорлик ана шу соддаликда эди.

Ҳозирда менга жуда ҳам содда туюладиган бу кашфиёт ўша пайтларда ниҳоятда муҳим бўлганидан бир оз вақтгача ўзим мафтун бўлиб келган барча нарсалардан ихлосимни қайтариб қўйди. Эски лириканинг ифода йўллари, поэтик қурилишини тушунмоқ учун улкан адабий тажрибага ва сўз санъатига тарихан ёндошиш уқувига эга бўлмоқ керак. Эски лириканинг ифода йўллари ва поэтик қурилишида одатдаги ҳаёт ва нутқдан йироқлик унга хос ҳодисадир. Бу ҳаёт ва тил тараққиётда уни анча орқада қолдириб кетганидандир. Бу лирика бир вақтлар жонли ва ажойиб ҳодиса, содда ва навқирон бўлгани учун ҳам ҳозирги кунда бамисоли ҳайкал сифатида бизга бирмунча гўзал кўринади.

* * *

Воқеалар, фикр ва туйғуларнинг жонли, тўғри, чуқур ифодаси учун сўзга бой бўлиш керак. Шунда шоир қийналмайди. Катта шоир ва адиблар сўзга бойликлари ва сўз хазиналарини тўлдириш учун қандай метод билан ишлаганликлари маълум. Халқнинг турли табақаларининг тилини ўрганиш, халқ лапарлари, қўшиқлари, достонларини текшириш, тўплаган материал устида жиддий ишлаш орқасида шоир «сўз капитали»ни бойита биладики, бу ишга бизнинг шоирларнинг аксари киришган эмас. Айниқса поэзия тилининг илдизлари халқ ашула, лапарларига томон чўзилиши керак… Шундагина шеърдаги ҳар сўз чўғланади, фикр, туйғуларга кучли таъсир қила билади. Поэзияда сўз фақат маълум бир маънони билдириб қўя қолмайди. У ҳиссий бўёққа ҳам эга бўлади. Поэзиямизда… меҳнаткашлар оммасига яқин, содда, тоза, чиройли тил учун курашмасдан, поэзияни юқори даражага кўтара олмаймиз. Шундай тил яратайликки, шеъримиз ва ҳар бир сўз узукка қўйилган қимматли тош каби порласин, ҳар бир мисрадан катта мазмун барқ уриб турсин.

ЛИРИКАНИНГ РАНГО—РАНГ ОЛАМИ
04

05ирика нима? Қандай асарларга лирик асарлар деймиз?
Лирика, аввало, бир адабий тур (жанр)дир. Ҳар бир синфнинг объектив турмушга муносабати натижасида юзага келган адабий услуби адабий турларда ифодаланади. Лирикага форма — композиция жиҳатидан қарасак, бу турга кичик ўлчовда бўлган фабуласиз шеърий асарлар киради. Лириканинг махсус композиция принциплари бор. Драма ва ривоя (эпос) турлари фабулалидир. Буларда хронологик ва сабабият принципи билан боғлиқ воқеалар, ҳодисалар, фикрлар тасвирланади. Воқеалар тасвири лириканинг зарурий унсури эмас. Лирика кўпинча шоир фикрларини, туйғуларини, орзулари ва кайфиятларини куйлайди. Воқеалар тасвир этилса-да, мақсад маълум бир ҳаяжон уйғотиш учун восита изланишгина бўлиб колади. Лирикада воқеалар ривоядаги характерда эмасдир.

Шунинг билан баравар, ривоя ва драматик асарлар воқеалар, фактлар ила машғул бўлиб, лирика фақат «ички ҳаёт»ни, фикр, туйғуларни тараннум этади, деган натижа чиқариш ҳам тўғри эмас. Гап шундаки, ривоядаги воқеалар, ҳодисалар ва уларнинг очилиши, инкишофи биринчи ўринда туради, лирикада, шеърда субъектив воқеага муносабат, яъни тасвир қилинаётган турмуш воқеаларини кечиниш, ҳис этиш катта роль ўйнайди.

* * *

Кўп кишилар лирикани фақат туйғу, ҳисдан иборат, деб ўйлайдилар. Бу тамоман нотўғри, идеалистча қарашдир. Чунки, улар фикр ила туйғуни механик айириб қўядилар. Ҳақиқатда, фикрий мазмун ила боғланмаган «мустақил» туйғу, ҳис йўқдир. Шоир лирикага фикр ва туйғуларни шундай бириктирадики, натижада лирик юксаклик вужудга келади. Лирик юксаклик асарнинг ҳаяжон кучини оширади.

* * *

Адабий асарларнинг драма ва ривоя турларида қисмлар хронологик ва сабаб боғланиши ила бирикадилар. Лирикада эса фабулага оид мотивлар оз учрайди, аксинча, лирикада аксар статик мотивлар, статик картиналар ифодаланади. Лирикада қисмларнинг табиати, қаторланиши, боғланиши бошқача характерда. Қисмлар кўпинча эмоционал ўхшашлик ёки тазод принципига мувофиқ бирикадилар. Лирикада воқеа, ҳодисалар тасвир қилинса, улар ситуация ва фабула кескинликлари ясамайди. Мавзунинг очилиши, инкишофи, ҳаракати асосий мотивларга янги, ёрдамчи мотивлар юклатиш ила вужудга келади. Лирикада шоир солиштирув, контраст, туйғу параллелизми, аллегориялар, бир- бирига қарши ёки яқиндош картиналар, тескари алиштирув ва бошқа приёмлардан фойдаланади.
Ҳар бир лирик асарни уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмда бош фикр, бош мотив ифодаланади, иккинчи қисмда ёрдамчи янги мотивлар ила мавзу очилар, учинчи қисмда фикр ва туйғулар доираси бекилади. Буни хотима деб атайдилар. Хотимада фикрлар, туйғулар аниқланиб, ўткирланиб, бир фокусга тўпланади.

* * *

Лирик асарларда сўзга парвосиз қаралмайди. Лирикада сўз ритмли, оҳангдош қаторлар ташкил этади. Сўз ёлғиз мазмунни ифода қилиш воситаси эмас, балки маълум товуш, оҳанг комплекси каби, бадиий элемент бўлиб хизмат этади. Шеър, лирика тилининг мусиқийлиги, сўзларнинг қўйилиши, сифатга молик товуш типларининг тартибланиши, уларнинг махсус бирикиши, умуман товуш қонунига бўйсундириш ила вужудга келади.

* * *

Биз янги фикр, туйғуларимизни ифода қилиш учун янги формалар, янги ифода йўллари, янги композиция яратишга чалишувимиз керак. Биз ёт лирик асарларнинг формасини айнан олсак, фикр-туйғуларимизни тўла, мукаммал англатолмаймиз…
Баъзи «назариячилар» лириканинг соҳаси жуда тор, интим ва шахсий мавзулар, деб ўйлайдилар-да, лирик шеърларни инқилобий, ташвиқий, умуман, ижтимоий проблемаларга қарши қўядилар. Бу ҳам нотўғри. …Интим ва шахсий мавзулардан кенг, чуҳур ижтимоий проблемаларга кўчгандагина лирика ўзининг бутун порлоқлиги, бутун юксаклиги, бутун кучига эга бўлади.

* * *

Лириканинг кишиларга бадиий таъсир кучи ўткир ва бадиий чуқурдир. Лириканинг оташин тили, мазмун ва форманинг мукаммаллиги даврнинг улуғлигини, қаҳрамонликларни ва инсонларнинг энг чуқур фикр, туйғулари, эътирозларини куйлашга қобилдир. Лириканинг эмоция воситалари кучли; баъзан узун романдан, фактлар билан тўлган ҳар хил ёзувлардан кўра,кичкина бир шеър кучлироқ, давомлироқ; чуқурроқ таъсир қолдира билади.

* * *

Лирика асарлари оммага яқинроқ, улар оммага ета билади. Чунки мусиқийлик, оҳанг, ритм лирика асарларини юзларча, мингларча киши томонидан куйлашга, сўзларда яширинган маъно ва оҳангни жонлантиришга имконият беради. Омма ҳам ўзининг фикр, туйғуларини аксар лирик қўшиқларда, лирик парчаларда ифода қилади.

Азиз ёш дўстларим!.. Шеърият дунёси, музикасининг сеҳрли куйлари, баҳор шабадаси каби, сизнинг қалбингизга энг гўзал инсон ҳуснини беради, энг нафис завқ бағишлайди. Шеър ва музика дунёсида хулқингиз нозик гўзаллик, чуқур ҳиссиёт кашф этади.

* * *

Халқ, унинг тарихи, ҳаёти, унинг куй-қўшиқлари мен учун битмас-туганмас илҳом булоғи бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади ҳам. Китобларимнинг мавзуи ва қаҳрамонларни омма орасидан қидирдим, халқнинг жўшқин ҳаётидан топдим. Қирқ йиллик ижодий фаолиятимда ўзимнинг бутун ўй-фикрларим, мулоҳазаларимни, қалбимдаги бутун ҳароратни халққа инъом этишга интилдим. Бадиий ижод мен учун катта масъулиятли ва машаққатли меҳнат бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади.

Манба: Ойбек. Адабиёт тўғрисида, «Фан», 1985 (Тўпловчи ва масъул муҳаррир Наим Каримов).

09

(Tashriflar: umumiy 1 356, bugungi 1)

Izoh qoldiring