Shodmonqul Salom. Alifbodan ham avval & Alpomish. O’zbek xalq dostoni

Ashampoo_Snap_2016.12.23_14h27m59s_003_.png 23 декабрь — Шоир Шодмонқул Салом таваллуд топган кун

   Адабиётда туйғулар ёш танлайди. Шоир, Носир, Ваъзгўй, Арзгўй… туйғулар бор. Бу туйғулар қачон келиб, қачон руҳимизни тарк этишни биздан сўрамайди. “Уй-жой, шароит қилиб олай, кейин бемалол ижод қиламан” деган режаларни адабиёт рад этади (Шодмонқул Саломнинг «Сурхон ёшлари» газетаси анкетаси саволларига берган жавобларидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

 

Шодмонқул САЛОМ
АЛИФБОДАН ҲАМ АВВАЛ
011

  Расм-183x275.jpg Шодмонқул Салом 1980 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқурғон туманида тугилган. 2003 йилда Термиз Давлат университетининг кимё факультетини тамомлаган. “Туркистон”, “Чағониён”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати ”газеталари, “Саодат” журналида мухбир, бўлим мудири, “Китоб дунёси” газетасида бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби ”, “Борлигини билганлар” шеьрий тўпламлари муаллифи. Муаллифнинг “Сурхонда тўй”, “Сирли Дўрмон”, “Олтин зина”, “Улкан бобо гурунглари” сингари эсселари ҳам бор.

011

2e_a.jpgҚишнинг сумалак “пишириб” қўядиган тонгги тарновлари менга бегона бўлиб қолди. Сигирнинг силлиқланиб кетган ем тоғорасида қийқириб тепадан пастга учишлардан кутилмаганда маҳрум бўлдим. Оқ-сариқдан келган, қўллари чайир ва қаттиқ (нақ қулоқни узиб оламан дейди) опамнинг хаёлига қаёқдан ҳам келди билмайман, ҳарқалай ўзига хос, ҳеч бир таълим услубида қўлланмаган сабоқ бошланиб кетди. Опам кечқурун дарс қилади, менга эса китоб ўқиб берадиган бўлди. Хуллас менинг одатий оромим йўқолди, ўз ихтиёри билан мен учун уйдаги муаллимга айланиб қолди Турдихол пучуқ. У еттинчида ўқийди. Ҳар кечқурун керосин чироқ ёруғида унинг дарс қилиб бўлишини юрагим пўкиллаб кутиб ўтираман. Менга “Алпомиш” ўқиб беради, ҳар оқшом ўн беш бет. Эртасига айни шу маҳалда айтганини айтгандай қайтаришим керак. Ҳеч бўлмаганда мазмунини. Талаби жуда адолатсиз: худди ўзи каби, интоннатсияда, ролга кириб, тасвирларни жонлантириб айтишим керак. “Алпомиш ўн олти ботмон ёйни олиб Асқартоғ томонга бетини бурди, сўнг “Ё, Добонбий алп бобомнинг қўли”, деб наъра тортди…” Кейинчи? “Кейин… кейин… наъра тортди…”.

Ана шунда опам томонга қарашга ботинмай қоламан. Нафасиданоқ аччиғланаётганини сезиб тураман. Ва тағин айтганимдай бўлади… Бир маҳал мўъжаз дарсхонага онам мўралайди.

Ўқир чоқда ўзи ўқиб кетади, баччани уриб хиёл қип тайлама-да, – онамнинг бу гапидан сўнг опам мени энди қийнамас дегандай секингина юзига қарайман. Қаёқда…

Э, шунингиз ўқигандаям гўр бўмайди, – опам онамга қарамай асабий жавоб қилади. Онам эса икки кўзини баравар юмиб-очиб менга далда бергандек, пастки лабини тишлаб опамга имо қилиб қўяди ва эшикни сиртидан ёпади. “Ўқибгина қутуласан мундан” дегани бўлади бу. Тағин латтам сувга тушиб, мунғайиб қоламан. Энди ўйласам, онам ҳам опамнинг шаддот, қайсар феълидан бироз ҳайиқаркан. Аммо Турдихол опам китобни чиндан ҳам яхши ўқийди. Ўқиётганининг мазмунини худди кўз билан кўраётгандек, шеърли жойларини шеър қилиб оҳанг билан ўқийди. Унинг товушидаги қандайдир титроқ, йиғиними, ҳайратними ёдга солувчи сеҳрли сас кейин ҳам йўқолмади. Шу туфайли ҳам айтганлари калламда қолгандир. Лекин ҳақиқат шулки, камбағали минг-минг гала ҳайдаган, гўппон чўпонлари қағоноққа тўйиб ётган ўн минг уйли Қўнғиротиниям, Зил тоғида, чоҳ тубида серканинг суягидан чанқовуз ясаб ётган Алпомишниям, “Эганг бордай олчанглайсан, бесойиб” деб туя боқиб юрган қоранордай Бойбўриниям… жуда ёмон кўриб қолдим. Лекин ёд қилиб юбордим. Меҳр билан бўлмаса-да, қўрқув билан шууримга кирди бу достон. Мириқиб тинглаган, эртанги оқшомда нима бўлар экан деб, тушларимда ғижирлатиб сувлуқ чайнаётган Бойчиборни ҳам кўрган кечаларим бўлди.

Шу зайл, саксон бешинчи йилнинг киришида, қиш бўйи мен “Алпомиш”ни “ўқиб” чиқдим. Адоғига етдим. Баҳор келди. Қўзигуллар очилган бир ажаб сайлда, қўзичоқларнинг қулоғига эн солиниб, нозик, қонли тери қийқимларини қатиқли косачаларга ташлаб, итга искатмай тепаликларга кўмиб келаётган бир матал кунларда қишлоқда тўй товуши эшитилди. “Алимардон Ҳимматовникига суннат тўйига! Кўпкари-олиши бор. Тошкандан Олмахон Ҳайитова келади.” Элга жон кирди. Менга ҳамиша улуғ ёшли туюлувчи бобом шундай хитоб қилди: Сахий бой шундай вақтда, жилик узилганда элга ош беради, отангга раҳамат Алмардон сариқ калла!

Барваста, сариқдан келган колхоз раиси Ҳимматовнинг Кетмончидаги лақаби шундай эди.

Тўйга Шоберди бахши келди. Қурда, одамлар қуршовида достон куйлади бахши. Аввал терма айтди, сўнг тўй эгаю тўйерманнинг таърифини қилди. Кейин достон айтди. Аста-секин эриётган тоғ қоридай бўлиб булкиллаб ўтирган чоллар, маюсланиб, чуқур хўрсиниб ўтирган одамлар бариси бир зайлда бош ирғаб, жони дўмбиранинг торига осилиб қолгандек жим, ҳиқиллашиб ўтиради. У тарафда кўпчилик курашга чиқиб кетишган бўлса керак, бахшили давра қандайдир осойишта. Ана шунда менинг ичимга бир бало кирди! Пориллаб, шувиллаб, ёритиб, ёндириб бир тўфон юрагимга бостириб келди. Ва мангу қолиб кетди! Сўзни сўзга улаб бораётган бахшининг товуши гўё менинг бўғзимдан чиқаётгандай бўлди. Қувончданми, аччиқданми, бўғзимнинг куюгиданми кўзимга ёш келганини анча вақт идрок ҳам этмадим. Теграмдаги одамлар ҳам мени қўлимдан ушлабгина, бахши овозини эшитмаса-да бош чайқаб ўтирган отам ҳам хуллас, ҳеч ким билмайдиган сир менга аён эди. Аммо ичимдаги шовур бахшига ғайир эди. Негаки у менинг достонимни айтаётган эди. Алам қилаётгани у зўр айтарди:

Ипакдай эшилган оқ билаклар-а
Қора тупроққа ботганда-а…

Тағин алам қилаётгани у айтаётганни мен ҳам билардим, одамлар эса менинг билишимни билмас эди. Ҳатто отам ҳам. Нима бўлса юракнинг тўрида бўлиб ўтди! Уйга томонга югуриб бораяпман. Ҳозир ҳам сариқ-ола беқасам чопончамнинг оёғимга ўралиб бораётганини ҳис этаман. Бахшининг нолавор товуши ичимда мен билан бирга бораётибди:

“Шундайлар дўстлар ҳам бўлама-я
Отангдан мени-я сўнг айтдинг!
Шундайлар дўстлар ҳам бўлама-я,
Энангдан мени-я сўнг айтдинг!…

Икки зўрдинг ўртасида бир арқоннинг нима жони бор шарт узилди-кетди…
Ҳўв, дўстим! Кўнглинг ирик экан, арқонинг чирик экан…”

Ана шу югуришда уйдаги олд муқовасигина сақланиб қолган “Алпомиш” турган токчагача югурдим. Олиб ўқишга тутинганда эса бир содда ҳақиқат юзага чиқди. Менда ҳали савод йўқ экан. Энтикиб, хўрсиниб расмларини томоша қилиб ўтиравердим. То дераза ойнасига қўлларини қўйиб, уй ичига қараганча қишдан бери биринчи марта менга жилмайиб қараб турган опамни кўргунимча. У мактабидан қайтган, чамаси мени анчадан бери кузатиб турган эди.

Бир ҳафтада, тўрт ярим ёшимда менинг саводим чиқди. “Алифбе”даги рангли, “Нон деганда Н” деганга ўхшаш тайёр китобдан бир ҳарфни бир мартагина сўрардим. Сўнг сўз тузар эдим: Алпомиш деганда “А”! Лекин расми йўқ…

Нега аввалроқ шу китобни олиб келмаган экан. Бу саволга опамда ҳам жавоб йўқ. Шарт ҳам эмас.

Шу менинг илк кўрган, ўқиган китобим. Ичимдаги ўша ёғду эса ҳамон ҳаракатда, тўлқиндай чайқалиб, қалбим қирғоғига урилаверади. Юракни ҳашамлаб, зеб бериб, туйғуларнинг ғуборини артиб, қалбни юксалтириб туради бу тўлқин. Чироғи ўчадиган ўша қишки кечалар, ўша токчадаги менга тирикдай туюлувчи китоб ва кейинги кунларимнинг равишлари барчаси менга опамдай азиз. Қулоқларим қизиди, юрагим юксалди. Тилим шоир бўлиб чиқди! Дунё чанқовуз чалаверди… худди шу кундан бошлаб.

Китоб ўқиш ижоддир! Қалб донолиги китобдандир! Ато этилган, ботинда “жим” ётган фазилатлар мутолаадан тўкис камолга етади. интернет отли соҳилсиз дарёда оқиб бораётган ўсмирлик ва ёшлик сафари китоб кемасида бехатар ва истиқболлидир. Бироқ қани буни бугун тан олишса, тан олсак…

Китобхон болаликда тез ўтиб кетмайдиган поклик ва муҳаббат бор! Бунинг учун бўйи баланд болалик керак! Баъзан токчаларга бўйи етмаётган, дангаса болаликларни кўрсам, оёғимга чопоним ўралиб чопгим келади. Улардан узоққа, узоқроққа…

Шодмонқул Салом «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида:
Шодмонқул Салом. «Кўзимни яшнатса рубобий ранглар…»
Шодмонқул Салом. Мижмардаги чўғ.
Шодмонқул Салом. «Чаппи».
Шодмонқул Салом. Болаликнинг сўнгги куни
Шодмонқул Салом: Одамга ишонаман,ҳаётни севаман!
Шодмонқул Салом. Шамол най чалаяпти
Шодмонқул Салом. Кўнгил обидасига йўл
Шодмонқул Салом. Қатра ва бадиалар
Шодмонқул Салом. Халажи
Шодмонқул Салом. Баҳорги мажлислар
Шодмонқул Салом. Шеърлар
Шодмонқул Салом. Ойни отга тақа қилган тунларим

Shodmonqul SALOM
ALIFBODAN HAM AVVAL
011

     Shodmonqul Salom 1980 yil 23 dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqurg‘on tumanida tugilgan. 2003 yilda Termiz Davlat universitetining kimyo fakultetini tamomlagan. “Turkiston”, “Chag‘oniyon”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati ”gazetalari, “Saodat” jurnalida muxbir, bo‘lim mudiri, “Kitob dunyosi” gazetasida bosh muharrir vazifalarida ishlagan. “Yurak iqlimi”, “Ko‘ngil kitobi ”, “Borligini bilganlar” sheriy to‘plamlari muallifi. Muallifning “Surxonda to‘y”, “Sirli Do‘rmon”, “Oltin zina”, “Ulkan bobo gurunglari” singari esselari ham bor.

011

Ashampoo_Snap_2016.12.23_14h27m59s_003_a.pngQishning sumalak “pishirib” qo‘yadigan tonggi tarnovlari menga begona bo‘lib qoldi. Sigirning silliqlanib ketgan yem tog‘orasida qiyqirib tepadan pastga uchishlardan kutilmaganda mahrum bo‘ldim. Oq-sariqdan kelgan, qo‘llari chayir va qattiq (naq quloqni uzib olaman deydi) opamning xayoliga qayoqdan ham keldi bilmayman, harqalay o‘ziga xos, hech bir ta’lim uslubida qo‘llanmagan saboq boshlanib ketdi. Opam kechqurun dars qiladi, menga esa kitob o‘qib beradigan bo‘ldi. Xullas mening odatiy oromim yo‘qoldi, o‘z ixtiyori bilan men uchun uydagi muallimga aylanib qoldi Turdixol puchuq. U yettinchida o‘qiydi. Har kechqurun kerosin chiroq yorug‘ida uning dars qilib bo‘lishini yuragim po‘killab kutib o‘tiraman. Menga “Alpomish” o‘qib beradi, har oqshom o‘n besh bet. Ertasiga ayni shu mahalda aytganini aytganday qaytarishim kerak. Hech bo‘lmaganda mazmunini. Talabi juda adolatsiz: xuddi o‘zi kabi, intonnatsiyada, rolga kirib, tasvirlarni jonlantirib aytishim kerak. “Alpomish o‘n olti botmon yoyni olib Asqartog‘ tomonga betini burdi, so‘ng “Yo, Dobonbiy alp bobomning qo‘li”, deb na’ra tortdi…” Keyinchi? “Keyin… keyin… na’ra tortdi…”.

Ana shunda opam tomonga qarashga botinmay qolaman. Nafasidanoq achchig‘lanayotganini sezib turaman. Va tag‘in aytganimday bo‘ladi… Bir mahal mo‘’jaz darsxonaga onam mo‘ralaydi.

O‘qir choqda o‘zi o‘qib ketadi, bachchani urib xiyol qip taylama-da, – onamning bu gapidan so‘ng opam meni endi qiynamas deganday sekingina yuziga qarayman. Qayoqda…

E, shuningiz o‘qigandayam go‘r bo‘maydi, – opam onamga qaramay asabiy javob qiladi. Onam esa ikki ko‘zini baravar yumib-ochib menga dalda bergandek, pastki labini tishlab opamga imo qilib qo‘yadi va eshikni sirtidan yopadi. “O‘qibgina qutulasan mundan” degani bo‘ladi bu. Tag‘in lattam suvga tushib, mung‘ayib qolaman. Endi o‘ylasam, onam ham opamning shaddot, qaysar fe’lidan biroz hayiqarkan. Ammo Turdixol opam kitobni chindan ham yaxshi o‘qiydi. O‘qiyotganining mazmunini xuddi ko‘z bilan ko‘rayotgandek, she’rli joylarini she’r qilib ohang bilan o‘qiydi. Uning tovushidagi qandaydir titroq, yig‘inimi, hayratnimi yodga soluvchi sehrli sas keyin ham yo‘qolmadi. Shu tufayli ham aytganlari kallamda qolgandir. Lekin haqiqat shulki, kambag‘ali ming-ming gala haydagan, go‘ppon cho‘ponlari qag‘onoqqa to‘yib yotgan o‘n ming uyli Qo‘ng‘irotiniyam, Zil tog‘ida, choh tubida serkaning suyagidan chanqovuz yasab yotgan Alpomishniyam, “Egang borday olchanglaysan, besoyib” deb tuya boqib yurgan qoranorday Boybo‘riniyam… juda yomon ko‘rib qoldim. Lekin yod qilib yubordim. Mehr bilan bo‘lmasa-da, qo‘rquv bilan shuurimga kirdi bu doston. Miriqib tinglagan, ertangi oqshomda nima bo‘lar ekan deb, tushlarimda g‘ijirlatib suvluq chaynayotgan Boychiborni ham ko‘rgan kechalarim bo‘ldi.

Shu zayl, sakson beshinchi yilning kirishida, qish bo‘yi men “Alpomish”ni “o‘qib” chiqdim. Adog‘iga yetdim. Bahor keldi. Qo‘zigullar ochilgan bir ajab saylda, qo‘zichoqlarning qulog‘iga en solinib, nozik, qonli teri qiyqimlarini qatiqli kosachalarga tashlab, itga iskatmay tepaliklarga ko‘mib kelayotgan bir matal kunlarda qishloqda to‘y tovushi eshitildi. “Alimardon Himmatovnikiga sunnat to‘yiga! Ko‘pkari-olishi bor. Toshkandan Olmaxon Hayitova keladi.” Elga jon kirdi. Menga hamisha ulug‘ yoshli tuyuluvchi bobom shunday xitob qildi: Saxiy boy shunday vaqtda, jilik uzilganda elga osh beradi, otangga rahamat Almardon sariq kalla!

Barvasta, sariqdan kelgan kolxoz raisi Himmatovning Ketmonchidagi laqabi shunday edi.

To‘yga Shoberdi baxshi keldi. Qurda, odamlar qurshovida doston kuyladi baxshi. Avval terma aytdi, so‘ng to‘y egayu to‘yermanning ta’rifini qildi. Keyin doston aytdi. Asta-sekin eriyotgan tog‘ qoriday bo‘lib bulkillab o‘tirgan chollar, mayuslanib, chuqur xo‘rsinib o‘tirgan odamlar barisi bir zaylda bosh irg‘ab, joni do‘mbiraning toriga osilib qolgandek jim, hiqillashib o‘tiradi. U tarafda ko‘pchilik kurashga chiqib ketishgan bo‘lsa kerak, baxshili davra qandaydir osoyishta. Ana shunda mening ichimga bir balo kirdi! Porillab, shuvillab, yoritib, yondirib bir to‘fon yuragimga bostirib keldi. Va mangu qolib ketdi! So‘zni so‘zga ulab borayotgan baxshining tovushi go‘yo mening bo‘g‘zimdan chiqayotganday bo‘ldi. Quvonchdanmi, achchiqdanmi, bo‘g‘zimning kuyugidanmi ko‘zimga yosh kelganini ancha vaqt idrok ham etmadim. Tegramdagi odamlar ham meni qo‘limdan ushlabgina, baxshi ovozini eshitmasa-da bosh chayqab o‘tirgan otam ham xullas, hech kim bilmaydigan sir menga ayon edi. Ammo ichimdagi shovur baxshiga g‘ayir edi. Negaki u mening dostonimni aytayotgan edi. Alam qilayotgani u zo‘r aytardi:

Ipakday eshilgan oq bilaklar-a
Qora tuproqqa botganda-a…

Tag‘in alam qilayotgani u aytayotganni men ham bilardim, odamlar esa mening bilishimni bilmas edi. Hatto otam ham. Nima bo‘lsa yurakning to‘rida bo‘lib o‘tdi! Uyga tomonga yugurib borayapman. Hozir ham sariq-ola beqasam choponchamning oyog‘imga o‘ralib borayotganini his etaman. Baxshining nolavor tovushi ichimda men bilan birga borayotibdi:

“Shundaylar do‘stlar ham bo‘lama-ya
Otangdan meni-ya so‘ng aytding!
Shundaylar do‘stlar ham bo‘lama-ya,
Enangdan meni-ya so‘ng aytding!…

Ikki zo‘rding o‘rtasida bir arqonning nima joni bor shart uzildi-ketdi…
Ho‘v, do‘stim! Ko‘ngling irik ekan, arqoning chirik ekan…”

Ana shu yugurishda uydagi old muqovasigina saqlanib qolgan “Alpomish” turgan tokchagacha yugurdim. Olib o‘qishga tutinganda esa bir sodda haqiqat yuzaga chiqdi. Menda hali savod yo‘q ekan. Entikib, xo‘rsinib rasmlarini tomosha qilib o‘tiraverdim. To deraza oynasiga qo‘llarini qo‘yib, uy ichiga qaragancha qishdan beri birinchi marta menga jilmayib qarab turgan opamni ko‘rgunimcha. U maktabidan qaytgan, chamasi meni anchadan beri kuzatib turgan edi.

Bir haftada, to‘rt yarim yoshimda mening savodim chiqdi. “Alifbe”dagi rangli, “Non deganda N” deganga o‘xshash tayyor kitobdan bir harfni bir martagina so‘rardim. So‘ng so‘z tuzar edim: Alpomish deganda “A”! Lekin rasmi yo‘q…

Nega avvalroq shu kitobni olib kelmagan ekan. Bu savolga opamda ham javob yo‘q. Shart ham emas.

Shu mening ilk ko‘rgan, o‘qigan kitobim. Ichimdagi o‘sha yog‘du esa hamon harakatda, to‘lqinday chayqalib, qalbim qirg‘og‘iga urilaveradi. Yurakni hashamlab, zeb berib, tuyg‘ularning g‘uborini artib, qalbni yuksaltirib turadi bu to‘lqin. Chirog‘i o‘chadigan o‘sha qishki kechalar, o‘sha tokchadagi menga tirikday tuyuluvchi kitob va keyingi kunlarimning ravishlari barchasi menga opamday aziz. Quloqlarim qizidi, yuragim yuksaldi. Tilim shoir bo‘lib chiqdi! Dunyo chanqovuz chalaverdi… xuddi shu kundan boshlab.

Kitob o‘qish ijoddir! Qalb donoligi kitobdandir! Ato etilgan, botinda “jim” yotgan fazilatlar mutolaadan to‘kis kamolga yetadi. internet otli sohilsiz daryoda oqib borayotgan o‘smirlik va yoshlik safari kitob kemasida bexatar va istiqbollidir. Biroq qani buni bugun tan olishsa, tan olsak…

Kitobxon bolalikda tez o‘tib ketmaydigan poklik va muhabbat bor! Buning uchun bo‘yi baland bolalik kerak! Ba’zan tokchalarga bo‘yi yetmayotgan, dangasa bolaliklarni ko‘rsam, oyog‘imga choponim o‘ralib chopgim keladi. Ulardan uzoqqa, uzoqroqqa…

Shodmonqul Salom “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifalarida:
Shodmonqul Salom. «Ko‘zimni yashnatsa rubobiy ranglar…»
Shodmonqul Salom. Mijmardagi cho‘g‘.
Shodmonqul Salom. «Chappi».
Shodmonqul Salom. Bolalikning so‘nggi kuni
Shodmonqul Salom: Odamga ishonaman,hayotni sevaman!
Shodmonqul Salom. Shamol nay chalayapti
Shodmonqul Salom. Ko‘ngil obidasiga yo‘l
Shodmonqul Salom. Qatra va badialar
Shodmonqul Salom. Xalaji
Shodmonqul Salom. Bahorgi majlislar
Shodmonqul Salom. She’rlar
Shodmonqul Salom. Oyni otga taqa qilgan tunlarim

Alpomish. O’zbek xalq dostoni. 1-Qism. Aytuvchi: Fozil Yo’ldosh o’g’li by Khurshid Davron on Scribd

Alpomish. O’zbek xalq dostoni. 2-Qism. Aytuvchi: Fozil Yo’ldosh o’g’li by Khurshid Davron on Scribd

011

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring