Shoyim Bo’tayev. Tog’lar olisdan ayon ko’rinadi.

02524 март — атоқли адиб Шукур Холмирзаев таваллуд топган кун

   Шукур Холмирзаевнинг барча асарлари умумтурк адабиётининг юксак намуналари эканига шубҳа йўқ. Фақат бу асарлар туркий тилда сўзлашувчи дунё хал­қ­ларига ҳали етиб бормади, етиб борса, улар ёзувчи яратган қаҳрамонлар орқали ўз уруғларини, яқинларини, қондошларини дарҳол таниб, топиб оладилар. Шукур Холмирзаев феномени ҳали қўриқлигича очилмай турибди.

077
Шойим Бўтаев
ТОҒЛАР ОЛИСДАН АЁН КЎРИНАДИ
022

Кўз илғамас беқиёс адирлар, юксак тоғлар, сўқмоқлар, тупроқ кўчалар,айниқса, ёшлик чоғларингизда қалбингиздан жой олган бўлса, билингки, энди умр бўйи уларнинг ёди ҳам сизни тарк этмайди. Ҳаёт ташвиш-таҳликалари аро бешик бўлиб улғайтирган қадрдон гўшаларни унутгудек бўлсангиз, энди улар тушларингизда намоён бўлиб, гоҳ ҳазин, гоҳ дилхуш ҳис-туйғуларга сизни ғарқ этади.

Бу нима бўлсайкин?

Бу саволга ҳар ким турлича, ўз бошидан кечирган ҳис-туйғуларига суянган ҳолда жавоб бергани маъқул. Фақат қиёсламоқчи бўлганим шуки, чин маънода улуғ бўла олган айрим ёзувчиларнинггина асарлари ҳам сизни абадул-абад тарк этмайдиган ҳодисалар сирасига киради, уларга қайта-қайта қайтганингиз сари қайтгингиз келаверади ва улар жозибасининг сир-синоати нимада эканини яна ҳар ким ўз бошидан кечирган ҳис-туйғуларга суянган ҳолда ахтариб кўради. Шунда узоқлашгандек туюлган нарсалар яна сизга яқинлашади, абадийлик касб этади…

055 Шукур Холмирзаев насри деганда кўз ўнгимдан ана шундай манзара ўтади. Бу ёзувчининг “Олис юлдузлар остида” деган китобини ўқиганимизда ҳали мактаб ўқувчиси эдик ва ўқиётганларимиз шундоққина дераза ортида содир бўлаётгандек туюлиб, бизни кўчага талпинтириб-ошиқтирар эди. Бу китоб саҳифаларида тасвирланаётган воқеа-ҳодисаларни мактаб партасида эмас, қандайдир тепаликларга чиқволиб, боғ-роғлар қўйнида, дарахтлар остида, шувоқ ҳиди анқиган даштлар бағрида чулдираган тўрғайлар навосига қулоқ тутган ҳолда мутолаа қилиш керакдек туюлган, йўқса, увол бўлиб қоладигандек эди.

Бунинг устига, мана шу ўқиётганларимиз туфайли бизга ўзимиз яшаётган муҳитнинг барча гўзалликлари энди юз кўрсата бошлаган, уларни нима учун аввалроқ кўрмаганимизга ҳайрон бўлар эдик.У қандайдир ўзигагина аён бўлган сеҳр билан бизга яқинлашган, ўзининг бегона эмаслигини биргина имоси билан англатиб қўйган эди.Чунки унинг “Тупроқ кўчалар”ида ҳар куни биз тенг-тўш болалар бир-биримизнинг қадам изларимизни ўлчаб оёқяланг юрар эдик.Чунки унинг “От эгаси” билан ҳар куни учрашардик, ҳикоя қаҳрамони Инод ҳам бегона эмас эди-ю…фақат, исми бўлакча, ўзи ҳақида ҳикоя яратилганини ҳам билмас, оти ҳам ўша от эди, мактаб ҳам ўша мактаб эди. Чунки биз ҳам турналар карвони ортида қолиб, ҳатто қулаб тушган “Чўлоқ турна”нинг аҳволини кузатган эдик. Бироқ, табиат қонуни жамият ҳақидаги тасаввурларни тўғри йўналишга солишини ҳали билмасдик.

Ҳаёт курашдан иборат, деган сабоқларни тинглагандик-у, кучсизларни табиат ҳам, жамият ҳам бирдек рад қилиши ҳали бизга номаълум эди. Энди биз ҳам унга яқинлашишни истар эдик. Шу сабабли бу яқинлик талабалик йилларимиздаям, ундан кейин ҳам йўқолмади, аксинча, тобора мустаҳкамланиб, қадрдонлашди. Шукур Холмирзаевнинг “Ҳаёт абадий” деган машҳур ҳикоя­си бор. Ҳикоя қаҳрамони совхознинг бош агрономи Нодир Рўзиқулов мажлисдан қаттиқ танқид еб чиқади-ю, мана шу битта кўнгилсизлик бошқа кўнгилсизликларни келтириб чиқаради: қайнонасига қаттиқ гапирган эди, у қизини олиб кетади, ўзини қопмоқчи бўлган қўшнининг кучугини ҳам аяб ўтирмай қўшнисидан гап эшитиб олади…У охир-оқибатда бўшашиб йиқилади… ва гўёки ўлиб қолади! Шунда унинг теварак-атрофида нима ўзгаради? Ҳеч нима! Ҳаёт Нодирсиз ҳам давом этаверади…

“Ўша кечаги серюлдуз осмон ҳам, оппоқ юлдузлар ҳам ўз ўрнида… Дарахтлар, ёмғир… Шабада. ”Нодир чўчиб ўзига келади ва яна ўрнидан туриб кетиб бу ҳаётдаги ўз ишини давом эттиришга киришади. Ҳикоя чуқур ижтимоий мазмунни ўзида ифода этганидан ташқари, ҳар қандай ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди: ахир, кунлардан бир куни, борди-ю, ўлиб-нетиб кетсанг сен билан боғлиқ бу дунёда ҳам нимадир ўзгариши керак-ку, ахир, бу дунё ҳам сени йўқотгач ниманидир йўқотиши керак-ку?! Жилла қурса, фалончи ўлибди, деган садо чиқиши керак-ку?! Ўлик-тириги билинмай яшаган инсон учунгина икки дунёнинг фарқи бўлмаслиги мумкин, лекин, ор, номус ҳикоя қаҳрамонининг шунчаки ўлиб кетишига изн бермайди.

Ёзувчининг “Қария” ҳикоясидаги Қўзивой деган касби бетайин ёлғиз чол бозор кунларидагина жарчилик қилиб кун кечиради. Шу қария бўлса ўлимлигига асраб қўйган пулини Қобил деган таниш қассобга омонат сақлаб туриш учун беради. Мабодо қазом етса, кўмасан, дейди. Қассоб ҳам пулни олади-ю, феъли айнийди, омонатга хиёнат қилади. Кунлардан бир куни Қўзивой чол пулини сўраб қолганида у пулни олганидан тонади. Қўзивой чол бундан анча азият чекади, бироқ, у ҳам хиёнатдан ор, номус орқали қасос олади: “У жимжит уйда, палос устида чўзилиб ётиб, шу фикрга келди: “Бу аҳволда мен қандоқ қилиб ўламан? Асти мумкин эмас, сираям…

Мен яна меҳнат қилишим керак. Ҳалол пул топишим керак. Ўлимлик қилишим керак… Ундан кейин ўлсам, бошқа гап…”У қўшни чиқарган овқатни зўрлаб еди. Ярим кечада туриб, гўшт қовурди. Саҳар уйғониб, сойга тушди. Ювинди. Тетикланиб, кўчага йўл олди…Қўзибой чол аввалгидек бўлиб кетди.” Бу ҳикоялар инсонни яшашга, яшагандаям ҳалол, покиза яшашга ундайди, ҳаётга кўзгу тутиб, чиркин нарсалардан нафратлантира олади.

Яшаш фақатгина шу ҳаётдами? Шу ор, шу номус ҳам фақат бу ҳаётда яшаб қолиш учун зарурми? Энди “Табассум” ҳикоясини ўқий бошлайсиз…Жалил ака, одамлар айтишича, Жалил ота карахт тортиб қолган, у ўсма, яъни рак билан оғриб қопти. Бундоқ ўйлаб қараса, ўзиям ёшини яшаб бўлган, қурдошларидан ҳамма кетиб бўпти, ўзидан икки-уч ёш катта Нормат қопти, холос. “Юраги бутун экан-да! Ҳа, унинг юраги бутун, — Жалил ота юраги ғашланиб ўйлай бошлади. — У бошқача. Ёмонга, номардга ўлим йўқ дейдилар-ку! Ҳа-э, майли. Уям яшасин. Барибир дунёга устун бўлмайди. Бировга ўлим тилагандан…

У ўзининг рак экани, яъни ўсма касалига мубтало бўлганини эслаб аянчли жилмайди.Кунлар ўтди, ой ўтди”. Шундай кунларнинг бирида унинг ҳовлисида югур-югур бўлиб қолади, сабаби аён — невараси Садафга совчилар келган. Уни Норматнинг неварасига беришмоқчи… Тўй бўлиши керак, ҳаммаям Жалил отанинг кўзи очиқлигида тўйни ўтказиб олсам дейди. Буни Жалил ака истармиди? Энди ҳикоя якунига қулоқ тутинг: “Чол бугунги кун ҳам овқат емади. Кейинги кун ҳам. Ундан кейин… Ўрмалаб бориб, обрезга тўкади. Қўлини ювган бўлиб, устидан сув қўяди. У… ҳолдан тойиб, ўрнидан қимирлолмай қолди. Шунда ҳам туз тотмади. Энди келган овқатни тўшаги ёнида нос тупуриш учун қазиб қўйилган чуқурчага ағдаради. У карахт бўлиб қолди. Кейин ўғли, келини ва Садаф тепасида кўзёши қилиб турганда, кетди. Ҳаммани даҳшатга солган нарса — унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди.Тўй қолди”. Ҳикоя тугади. Давоми-чи? Ор, номус… ўқувчи қалбини ғалаёнга солган ҳис-туй­ғуларнинг адоғи бормикан? Ҳаётда шундай вазиятларда ким қандай йўл тутади? Ёзувчининг шафқатсиз кўзгусидан ким ўзининг башарасини яшира олади?

Шукур Холмирзаев ўзи севган адиблардан бири Эрнест Хемингуэйнинг “Инсонни енгиб бўлмайди” деган сўзларини бот-бот такрорлаб тургувчи эди. Миллати, ирқи ва ҳаттоки динидан қатъи назар, инсон мустаҳкам ҳилқат сифатида ҳар иккала Устанинг ижодида турли кўринишларда намоён бўлар эди.Шукур Холмирзаев Ғафур Ғуломнинг “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…” деган машҳур сатрини сарлавҳага чиқариб ажойиб бир ҳикоя ёзган эди. Бир маҳаллар, ҳали матбуот юзини кўрмасидан аввал менга ҳикоя сюжетини сўзлаб бериб, шунақа ном қўймоқчи эканини айтувди…Бу ҳақда кейинроқ…Энди эса мен адиб билан бўлиб ўтган учрашувларимизнинг айримларини хотирларканман, қулоғим остида унинг воқеликни бўямасдан-бежамасдан шундайлигича тасвирлаш ҳақидаги ўгитлари янграб тургандай бўлди.Унинг қиёфаси кўз ўнгимдан нари кетмади.Шукур ака ўзига хос жиддийлик билан “Бўларини айтинг…” деб тургандай эди…

1

Армиядан қайтиб келиб, “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”)болалар газетасига ишга кирдим-у, Шукур Холмирзаев билан Ватан мавзусида суҳбат қилмоқчи бўлдим. Чунки унинг “Ёввойи гул”, “От эгаси”, “Ота юрт” цингари кўплаб ҳикояларида бу мавзу бошқаларга ўхшамаган ҳолда, ўзига хос тарзда ифода этилган деб ҳисоблардим (бу фикр йиллар ўтган сайин янаям мустаҳкамланиб бормоқда).

Газетамиз адабиёт бўлими мудири, ажойиб болалар шоири Ҳамза Имомбердиев билан бир хонада ўтирардик. Мен Ҳамза акадан Шукур Холмирзаевнинг телефон рақамини топиб беролмайсизми, деб сўрадим. Ҳамза ака менга ҳам ажабсиниш, ҳам ҳайрат билан қараб туриб, болаларча самимият билан:— Ў-ҳу, сўраган одамингизни-ю… Бизда унақа катта одамларнинг телефон рақамлари қаёқдан ҳам бўлсин… У киши тирик классик-ку, тирик классик… — деди.— Шу классик билан газетамизга Ватан ҳақида суҳбат қилиб бермоқчи эдим, — дедим. Бу таклиф Ҳамза акага ниҳоятда маъқул келиб: — Қанийди-ку… — деди ва у ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилиб, дарҳол Шукур аканинг уйининг телефон рақамини топиб берди.

Мен Шукур акага телефон қилиб, мақсадимни тушунтирган эдим, у киши:— Уйга келинг, — деди калта қилиб ва истиқомат манзилини тушунтирди: “Болалар дунёси” дўкони орқасидаги асосан ижодкорлар яшайдиган кўп қаватли уй. — Хўп, — дедим-да, дарҳол саволлар ёзилган қоғозни олиб йўлга тушдим. Уй эшигини Шукур аканинг ўзи очди. Салом-аликдан сўнг мен тузган саволларга анча вақт жиддийлик билан тикилиб қолиб:— Ватан сўзини кўп ишлатиб юборибсиз, — деб қўйди. Нима деяримни билмадим. Назаримда, мен тузган саволларга у киши шу заҳотиёқ шариллатиб жавоб айтиб юборадигандек бўлиб туюлган эди. Лекин аксинча бўлиб чиқди.— Мен аввал бир ўйлаб кўрай, — деди Шукур ака ўша-ўша жиддийлик билан, — кейин хабарлашармиз…

Мен хайрлашиб, чиқиб кетдим. Қайтиб борсам, Ҳамза ака катта қизиқиш билан нима бўлганини сўраб қолди. Бўлган воқеани айтиб бердим. У киши кўнглимни кўтармоқчи бўлгандек, уч-тўрт кун ўтиб яна бир эсларига солиб қўйинг, ҳозир бирорта жиддийроқ иш билан банд бўлсалар керак-да, деб қўйди. Мен Ҳамза аканинг гапларини маъқулладим, лекин Шукур ака билан бошқа хабарлашмадим. Саволлар у кишига маъқул бўлмади, деган ўйда эдим. Кунлардан бир куни ҳеч кутилмаганда ўша ҳаммага таниш бўлган машҳур шляпада Шукур ака хонамиз эшиги остонасида пайдо бўлди.

Ҳамза ака мен суҳбат қурмоқчи бўлган “тирик классик”нинг ўз оёғи билан кириб келганига ишониб-ишонмай, Шукур акага илтифот кўрсатиб, у киши билан қуюқ саломлашди-да, бизга шароит яратиб бериш учун бўлса керак, ўзи хонани тарк этди. Шукур ака дераза ёнидаги курсига чўкиб, бироз кўчага қараганча нималарнидир ўйлаб хаёл суриб турди. Кейин мен томон ўгирилиб: — Чексам бўладими? — деб сўради. Шундай улуғ одамнинг рухсат сўраётгани мени хижолатга солиб, зўр-базўр бош ирғаб қўйдим.

У киши сигарет тутатиб сўз бошлади: — Яқинда Бойсунда бўлиб қайтдим… — мен томонга илкис қараб қўйиб, — сиз анави саволларингизни ташлаб кетганингиздан кейин, — дея давом этди, — тепаликнинг қир учида бир гужум бўлар эди, болалигимизда шу гужум остида ўйнар эдик, — Шукур ака хўрсиниб қўйгач, негадир менга уқтирмоқчи бўлаётгандек қаттиқроқ товушда яна улай кетди, — шу-у борганимда ҳам улфатчилиг-у, меҳмондорчиликлардан қочиб ўша гужумни қидириб кетдим… Анча қарибди… Ёлғиз ўзим эдим. Қушлар ҳамон илгаригидек сайраб турипти. Сигарет тутатиб, гужум остида ўтираверибман, ён-атрофимдан чуғур-чуғур болаликдаги овоз-шов­қинлар келиб тургандек бўлди. Кун пешиндан оғаётганда борган эдим, ҳамон чекиб ўтираверибман, кеч кирибди, қуёш ботиб қоронғилик чўкибди, мен эса ҳамон ўтираверибман…

Бир маҳал жунжикиб кетиб мундо-оқ ўзимга келиб қарасам, ҳаммаёқ қоп-қоронғи… Беихтиёр осмонга қарадим: юлдузлар ғуж-ғуж, шу қадар яқин… билмай қолибман, кўзимдан ёш оқиб турган экан…Шукур ака шу сўзларни айтгач, қўлидаги сигаретдан яна бир-икки чуқур-чуқур тортиб, ҳавога тутун пуркади-да, ўрнидан туриб менга қўл узатди:— Хайр, — деди мен у кишининг кафтига кафтимни қўйганимда. Нима дейишни ҳам билмас эдим.

Йўлаккача кузатиб чиқдим. У киши кетаётиб, бир-икки қадамдан сўнг ортга бурилди-да:— Кечирасиз… — деди хижолат чекаётгандек, — саволларингизни қаёққадир қўйган эдим, ёдимдан кўтарилиб йўқотиб қўйибман, — кейин оҳиста қўшиб қўйди: — Менимча, шунинг ўзи етарли бўлса керак…

Кейин кетди. Мен Шукур ака қаторлаштириб тузган саволларимга яхлит қилиб жавоб бериб кетганини англадим. Кейинчалик Ҳамза аканинг, суҳбат қачон тайёр бўлади, дея қанчалик қисталанг қилиб сўраб-суриштиришлари фойда бермади, бунақа энг қисқа суҳбатни болалар газетасига беришнинг иложи йўқ эди.

2

Бир маҳаллар уй-жойдан қийналган, ижарада яшаётган ёш ижодкорлар учун ҳам Дўрмондаги ёзувчилар боғи дурустгина паноҳ бўла олар эди. Нега деганда, уюшманинг ҳар бир аъзосига бир йилда бу боққа бир ойга яқин текин йўлланма берилар, бу йўлланмадан фойдаланмайдиган “катта ижодкорлар” ёшларга уларни ҳадя қилиб юборишарди. Ўшанда ўзбек адабиётининг барча дарғаларини ўша боғда учратиш мумкин бўлар эди. — Шу ерга келиб ёза бошласам ишларим юришади-да, — дея катта-ю, кичик бирдек эътироф этиб, бунинг бежиз эмаслигини, бу ерда улуғ ижодкорлар адабиёт тарихида белгили ўринни эгаллаган катта асарлар яратишганини, шунинг учун бу муқаддас жойда ҳамиша ижодий руҳ барқарор эканини гурунг қилишарди.Биз эса ижара пулини тежаш учун иложи борича имкониятдан фойдаланиб, ўша ерда тунаб ишга қатнардик.

077 Шукур Холмирзаев у ернинг муқимбойларидан эди. Ошхонада у киши ёлғиз ўзи бир столни банд қилиб ўтирарди. Бир гал кечки овқат маҳали одатдагидек фақатгина бош ирғаб қўйганча саломлашиб кириб келди-да, жойига ўтиргач:— Шунча йиллик меҳнатим ҳаромга чиқиб кетди, — деб қолди ўзига-ўзи сўзлаётгандек. Столларимиз ёнма-ён бўлгани учун мен у кишининг гапларини эшитиб ҳайрон бўлганимча сўрашга журъат этдим: — Нимани айтаяпсиз, Шукур ака? — Романни… — деди. — Журналда босилгач билдим, бу менинг асарим эмас экан…Сўз “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Йўловчи” романи хусусида бораётган экан.

Ўша маҳал мен ҳам бу асарни ўқиган эдим, гарчи муаллифнинг ўзи энди тан олгиси келмай турган бўлса-да, асар барибир заргарона ишланган, Устанинг қўли сезилиб турарди. Бироқ, бирон нима деб у кишининг кўнглини кўтаришга сўз топа олмадим. Ахир, нима ҳам дейиш мумкин эди? Унақа эмас, бунақа деган билан Шукур акани ўз фикридан қайтариб бўлмайди, қолаверса, бунинг фойдаси ҳам йўқ.

Назаримда, Шукур Холмирзаев аксарият тенгқурларида бўлгани каби “ҳалол”, ”ҳаром” тушунчаларига жиддий қарар эди. Бирор киши ҳақида сўз кетиб, уни мақтамоқчи бўлса ҳам энг аввало: — Ҳа, унга ҳали ҳаром аралашмаган, — деб қўярди “ҳали” сўзига алоҳида урғу берганча. Ёки аксинча бўлиб, бировнинг олижанобликлари-ю, яхши ишлар қилиши, билимдонлиги-ю, ўзига хос салоҳиятларини қанчалик осмонга кўтарманг, Шукур ака иягини ушлаганича жиддий тарзда туриб:— Унга ҳаром аралашган, — дейиши билан барча ижобий фазилатларни бир лаҳзада йўққа чиқариб юбора оларди.

У ҳаромдан шу қадар жирканиб, уни ҳаёт-мамот масаласи даражасида кўргани учун сўнгги лаҳзага қадар ёзишни қўймади, қалам ушлаш учун ҳам қалб ва қўл тозалиги лозимлигини чуқур ҳис қилган ҳолда ижод қилди. Мана, энди ўз асари ҳақида гапираётганда ҳам шу сўзни ишлатаяптими, демак, бу ерда жиддий бир гап борлиги аниқ. Шу чоқ:— Ассалому алайкум, — дея залда ўтирган ўн-ўн беш кишининг барчасига бир-бир бош ирғаганча ёзувчи Жонрид Абдуллахонов кириб келди.Жонрид ака билан столимиз бир эди.

У киши менинг қаршимга ўтираяпти-ю, икки кўзи Шукур акада. Шукур ака биз томонга илкис қараб қўйганида Жонрид ака у киши билан қуюқ сўраша кетиб қаноат ҳосил қилгач,кейин мен томонга ўгирилиб сўради:— Қалай бўлаяпти энди? Шукур ака одатда тезгина овқатланиб бўлиб, чой дамланган чойнакни кўтарганча чиқиб кетарди. Бу гал негадир туришга шошилмасди. Бунинг сабаби кейинроқ маълум бўлди. Шукур ака биздан иккита наридаги столга ҳаммадан кеч келиб ўтирган овчи ёзувчи Мавлон Икромдан ниманидир сўрамоқчи бўлиб, унинг овқатланиб бўлишини кутиб ўтирган экан.

Бу орада Жонрид ака овқатланиб бўлиб, бир қўлида орасига икки бўлак сариёғ солинган икки бурда нон, иккинчи қўлида бир стакан қатиқни олиб:— Чойни хонада қўямиз, — деганича ўрнидан тура бошлади. Менинг ҳазиллашгим келиб: — Жонрид ака, хурданаш-ку хурданаш, бурданаш чизе, — дедим. Жонрид ака ҳайрон бўлиб:— Тожиклар нима деяпти? — деб сўради.— Тожиклар «Еганинг-ку майли, қўлда кўтариб олиб кетганинг нимаси» деяпти, — дедим. — Ўзимиздаям гап бор-ку, боргин-келгин, қолиб кетма, егин-ичгин, олиб кетма, деган. Жонрид ака қаҳ-қаҳ уриб кулди. Мен ҳам кулдим.

Сўнгра Шукур акага институтни Хўжандда битирганимни, тожиклар билан ёнма-ён яшаганимизни, тожик филологияси факультети ҳам қўшни бўлганини, тожиклар орасида ҳар хил қизиқ-қизиқ гаплар борлигини, ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Бобурнома” асарида бунақа теша тегмаган ибораларни жуда кўплаб қўллаганини айтиб бера бошлагандим, у киши сўзимни бўлиб:— Биламан, — деди. Бироз хижолат бўлганча жимидим.

Орада бироз ноқулай жимлик чўкканди, Шукур аканинг ўзи бу сукунатни бузиб:— Пиримқул ака сизлар томондан-а? — дея сўради мендан.
— Ҳа, у кишининг қишлоқларини Кенгкўл дейишади, — дедим. — Биз ораси кўп узоқ бўлмаган қишлоқларда яшаймиз, Пиримқул аканинг Кўчкина деган қишлоқда тоғалари бор…барчаси туркий қавмлар…
— Биламан, биламан, — дея жонланиб қолди Шукур ака. — Ахир, бу Туркистон тизма тоғларининг этаклари-да?..— Шунақа.— Қадимда у ерлар Усрушона дейилган, у ерларда истиқомат қилувчиларни усрушонлар деб аташган, — дея ўз кўзи билан кўргандек давом этди Шукур ака, — ахир, ўша ерда Александр Македонскийнинг ҳам ўлиб кетишига бир баҳя қолган-да, унинг қаттиқ қаршиликка учраган жойи айнан сиз айтаётган ҳозирги Туркистон тизмаларида яшаётган аҳолидан келган…Э, яшанг…

— Сиз буларни қаердан ўқигансиз, Шукур ака? — деганча қизиқиб сўрайман.
— Қадимги юнон тарихчилари бизнинг ўлкамиз ҳақида жуда кўп ёзишган…Геродот деймиз…унинг тўртинчи китоби бошдан-оёқ биз ҳақимизда…анави Страбон, Плиний, Плутарх…ўша замонлардаям четдагилар яхши билишган бизни… Кейин-кейин ҳар хил ишлар бўлиб кетган-да. Бухоро амирлиги деймиз, Хива хонлиги деймиз…Хива хонлигиниям ҳудудлари жуда улкан бўлган…э-ҳе…Чўқаев ёзган-ку Оқмачитга ўрис етиб келганда Худоёрхоннинг нималар деганини…Бурунлари остидан нарини кўришолмаган-да…

Шукур ака тарих мавзусида алоҳида иштиёқ билан қизишиб гапирарди. Бақтрия, Мар­ғиёна ҳудудлари, қадимда ҳукмдорлик қилган шахслар, уларнинг диний эътиқодлари… барча-барчаси ҳақида Шукур акадан соатлаб сабоқ олиш мумкин бўлар еди.

Ҳозир ҳам катта қизиқиш билан сўзлаб турганида беихтиёр Мавлон аканинг ўрнидан тураётганига кўзи тушиб қолиб:
— Мавлон ака, тўхтанг, — деди.
Мавлон ака шошилмай биз томонга ўгирилди.
Залда учаламиз қолгандик, холос.
— Сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, — деди Шукур ака.
— Сўранг, — деди Мавлон ака, бу гапдан қандайдир ғурурлангандай бўлиб.
— Чўчқанинг урғочисини нима деб аташади?

Мен ҳайрон қолдим. Қандайдир жиддийроқ гап бўлса керак, деб ўйлагандим. Кейин миямда бу саволга жавоб топишга урина бошладим, қурғур ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман-а, қанча уринганим билан бу ҳаракатнинг фойдасизлигини сездим.
Мавлон ака ҳам ўзига хослик билан:
— Об-бо!.. — деди қироат қилаётгандек.
“Мавлон ака ҳам билмайди, шекилли”, деб ўйладим.
Мавлон ака яна:
— Ёввойисиними ё… — дея сўз бошлаётганида Шукур ака у кишининг нима савол бермоқчи бўлаётганини фаҳм­лаб:
— Ёввойисини, ёввойисини, — дея такрорлади.

Энди Мавлон ака ҳам қизиқиб:
— Табиат ҳақида яна бирон нарса ёзаяпсизми? — деб сўради.
— Ҳа-да! — деди Шукур ака. — Шунга сўраяпман-да, шунга келганда тақалиб қолди-да.
— Ҳикоями?
— Билмадим… кейин маълум бўлади.
— Ёзиб бўлганингиздан кейин менга ҳам бир ўқитиб олинг.
— Хўп, айтганингизни қиламан…
— Унда айтаман,Шукурвой, ёввойи чўчқанинг урғочисини ёзсангиз урғочи деб юрманг, мегажин дея қолинг…
— Во-о! — деб юборди Шукур ака.

— Баъзилар сигирнинг боласи, еркак эшак, аёл эчки дегандай палапартиш бўлмағур сўзларни бемалол исшлатиб юборишаверади, — деди куюнгандай бўлиб Мавлон ака. — Мана, сиз катта ёзувчи бўла туриб ҳам сўрашдан ор қилмайсиз. Бундан буён ҳам парранда-даррандалар ҳақида, ҳайвонотга оид бирон бир савол туғилгудек бўлса, бемалол сўрайверинг, Шукурвой. Сиздан гонорар талаб қилмаймиз, — дея ҳазиллашиб Мавлон ака залдан чиқа бошлади. Биз у кишига ергасҳдик.

3

Бир гал ярим тунда, соат бир-иккилар бўлса керак, хонамнинг эшигини кимдир оҳиста тиқиллатди. Кўзим енди уйқуга илинган еди, туриб бориб эшикни очиб қарасам — Шукур ака!
— Ухламадингизми? — деди оҳиста жилмайиб.
Шоша-пиша кўзларимни уқалаб:
— Йўқ, — дедим.
— Менинг хонамга чиқинг.
— Хўп.

Шукур ака кетди. Мен бўлсам, турли ўйларга борганча кийиниб чиқдим. Илҳом париларининг осудалигини бузмаслик учун бўлса керак, йўлакда на тиқ етган товуш эшитилар, на хоналарда йилт етган нур кўринар, барча уйқу оғушида еди.
Шукур аканинг хонаси тепа қаватнинг энг охирида эди. Мен ҳам илҳом париларининг осудалигини бузмаслик учун оҳиста қадам босганча Шукур аканинг хонасига етдим. Хона ешиги қия очиқ еди. Секингина тиқиллатдим.

Ичкаридан Шукур аканинг:
— Кираверинг, — деган ўктам овози эшитилди.
Кириб борсам, одатдагидек саранжом-саришта хона. Ўртадаги стол усти ораста жиҳозланган, мева-чева, егуликлар қўйилган… нима десамикан, ярмидан озроғи ичилган ароқ бутилкаси ҳам бу нозу неъматлар ўртасида кўриниб-кўринмайроқ турарди.

Шукур ака сигаретни обдон бурқситиб, ўткиридан — “Аст­ра” деган фильтрсизидан чекарди, фильтрли сигаретларни ҳам писанд қилмаётгандек фильтрини тиши билан узиб ташлаб чекарди, бу ҳаракати билан ҳам гуёки олифтагарчиликни ёқтирмаслигини пеш қилаётгандек бўлиб туюларди. Шу сабабли бўлса керак, деразалар ланг очиқ, хонага этни сал-пал жунжиктирувчи бўлса-да, туннинг ёқимли ҳавоси ташқаридан уфуриб турарди.
— Ўтиринг, — деди Шукур ака менга жой кўрсатиб.
Мен унинг айтганини қилдим.

Лекин ҳамон бу бемаврид таклифнинг сабабини билмасдим.
— Бугун Паркентдан университетда бирга ўқиган бир акамиз келувди… Асом ака деган, — сўз бошлади Шукур ака қандайдир бегона нарсалар ҳақида гапираётгандек ўта хотиржамлик билан. — Сиз у кишини танисангиз керак… болалар учун шеърлар ҳам ёзади… Шу-у… ёшлари биздан катта бўлса-да, ҳозиргача ҳурматимизни қилиб юради, оқибатли одам… Бирга ўтириб талабалик йилларимизни еслашдик, — Шукур ака столга исҳора қилиб қўйиб, — қиттай-қиттай ҳам қилдик… Бир маҳал ешик тақиллаб сизларнинг қаватдаги шоир оғамиз келиб қолди-ку, — Шукур ака ўрнидан туриб дераза рафидаги гулдонни кўтариб келди, гулдонга гул ўрнига ҳар хил дашт ўтлари, бута шохчаларидан солиб қўйган, улар қуриб-қовжирай бошлагани билан ўз ифорини йўқотмаганди.

Шукур ака улар орасидан бинафшаранг баргчалари қуврай бошлаган кичкина шохчани кўрсатиб:
— Сиз бунинг номини биласизми? — деб сўради.
Бу тошлоқларда, сойларда ўсадиган абрўк деган ҳиди ўткир бутанинг шохчаси еди.
— Абрўк, — дедим.
— Яшанг, — Шукур ака суюнди, — чойга озгина гулини майдалаб қўшиб юборгандим, ҳалиги шоир оғамиз бу гулобми деб сўради. Шукур ака қаҳ-қаҳ уриб кулди: — гулобни қаердан биларкан, ҳайронман… Кейин шу абрўкни кўрсатсам ҳайрон бўлди, ҳиди зўр екан деди, лекин абрўклигини билмади… Буни-ку қўя туринг, бир маҳал нима дейди денг… Айтадики, шу-у Қодирийни ўқияпман, айтганларича бор экан-да, зўр ёзувчи экан-да, дейди… Э, омон бўлинг-э, оға, олтмишга кирганда шу нарсани кашф қилган бўлсангиз, энди Шолоховни ҳам ўқишингиз керак экан, дедим… У киши бўлса: “Шукуржон, мободо сизда Шолоховнинг китоблари бўлса, бериб туринг, ўқиб бўлиб қайтиб бераман”, — дейди, киноямни тушунмабди. Ана сизга!

— Асом ака абрўкни таниган бўлсалар керак? — деб сўрадим Шукур ака эринмай гулдонни яна ўз жойига олиб бориб қўяётганида.
— Ҳа, албатта, Паркентдаям ўсади-да, Асом ака табиатни севадиган одам, билиб юради. Шу-у… ўзи болалар шоирлари табиатга кўпроқ яқин бўлишадими дейман-да, мен Қуддус Муҳаммадийни ҳам яхши кўраман, тоза одам-да. Шунақа қилиб, ҳалиги шоир оғамиз Шолоховни топиб албатта ўқишим керак экан, деганича бир-икки соат ўтириб кетди, бошқа ҳеч ким безовта қилмади, Асом ака билан гурунглашиб ўтираверибмиз-да, ҳализамон кетди-да. “Қолинг” деб шунча қистасам ҳам унамади, пастга кузатиб тушим. Қарангки, у машинада келган экан, ҳайдовчиси кимлигини суриштириб ўтирмадим-у, аммо, унинг Асом акага содиқлигига қойил қолдим. Шунча вақт кутибди. Кейин ҳам уйқум келмади. Сизни безовта қилганим шундан, — Шукур ака бутилкага ишора қилиб, — энди оз-оздан қуйсангиз, гаплашиб ўтирибмиз-да, —деди.
Эртаси дам олиш куни эди.

Шукур аканинг айтганини қилиб, ишора берган маҳалида оз-озгина қўйиб сўзлашиб ўтираверибмиз.
Бир маҳал дераза орти ёришиб келаётганини пайқадик.
Шукур ака ўрнидан туриб дераза олдига борди. Қия очиқ деразаларнинг пардасини бир четга суриб, уларни ланг очиб юборди.Ташқарига тикилганича гап-сўзсиз ўз ўй-хаёлларига берилиб узоқ вақт туриб қолди.
Тонгга қадар Шукур ака ҳаёт, адабиёт, кўрган-кечирганлари, сафарлари, дилига яқин одамлар… борингки, турли мавзуларда жуда қизиқарли нарсаларни айтиб берганди.
Энди бўлса дераза олдида оқаришиб келаётган тонгга чуқур ўй-хаёллар оғушида термулганича теварак-атрофни унутиб қўйгандек бир ҳолда турибди.

Балки бугунги учрашувлар, суҳбатлар таассуротида нималардир эсига тушиб қолиб, ёзажак бирон асарининг ғояси туғилаётгандир? Балки яна бир тонг ортда қолаётганини, инсон умри югурик сувдек ўтиб кетаётгани унинг хаёлидан кечаётгандир? Балки у ўз ҳаётига назар ташлаётгандир?

Буни биз билмаймиз.
Аммо биз адибнинг сермашаққат меҳнати эвазига тикланган муҳташам асарларини биламиз, бу асарларнинг қаҳрамонлари нақадар танти ва мард эканликларидан қойил қоламиз. У ўзига хос адабий аҳоли яратиб, ўзбек характерининг бетимсоллигини намоён етгани учун ғурурланамиз, у сохта шон-шуҳрат, обрў-иззат талаб қилмасдан олдига улуғвор вазифа қўйганча, мана шунақа бўлади, дея ўзлигини кўрсата олганидан, шундай фарзандни берган халқ боқийлигидан кўксимиз кўтарилади.

4

Боғда истиқомат қилаётганлар кўпинча эрталаблари спортчилардек кийиниб югуришар, спорт машқларини бажаришар, овқатдан кейин ҳам бир-бир айланиб келишни канда қилишмасди. Аммо Шукур ака учун бунақа нарсалар ёт еди. У киши ташқарига чиқсаям кўп узоқламай, боққа кираверишдаги улкан арғувон остига бориб тик турганча бирпас хаёл суриб сигарет чекиб турарди-да, кейин дарҳол тез-тез юриб хонасига кириб кетарди.
Арғувон гуллаган пайтда одатдагидан кўра кўпроқ чиқарди.

Бир гал кечки овқатдан кейин Шукур ака одатдагидек чой дамланган чойнакни кўтариб хонасига чиқиб кетаркан:
— Ҳозир тушаман, — деди.
Мен у кишининг гапини кутиб туринг, мазмунида тушуниб, кута бошладим.
Уста кўп куттирмай қайтиб тушди.
— Юринг, — деди.
Ўзи йўл бошлади.
Мен эргашдим.
Шукур аканинг қаерга бормоқчи бўлганини, мақсади нималигини сўраб ҳам ўтирмадим — нима бўлса, кўраверамиз-да.

У одатига хилоф равишда боғдаги алоҳида коттежлар ёнидан ўтадиган йўлдан юра бошлади. Уч-тўрт коттеж олдидан индамай ўтди-да, ичкарида чироқ ёниб турган биттасининг олдида тўхтаб:
— Иброҳим ака уйдалар, шекилли, — деди оқсоқол ёзувчи Иброҳим Раҳим ҳақида сўз бошлаб. — Сиз у кишининг асарларини ўқиганмисиз?
— Ҳа… айримларини.

— Мен ўқимаганман, тўғриси ўқиёлмаганман, — деди Шукур ака энди бу ҳақда мулоҳаза юритиб ўтирмайлик дегандек, — лекин, бу одам улуғ одам, — деб қўшиб қўйди.
— Инсон сифатида демоқчисиз-да?
— Инсон сифатида ҳам баҳоси йўқ. Мен “Гулистон” журналида шу одамнинг қўлида ишлаганман, — деди Шукур ака нималарнидир хотирлаётгандек, — бош муҳарриримиз эди… Жасоратига қойил қолганман. Мана, ҳозир ҳамма бирдек унақа жафо кўрганман, бунақа ишлар қиворгим келган деб айюҳаннос кўтаришади. “Ёв қочгач, ботир кўпаяди”, дейишади-ку. Аммо бу киши бир оғиз ҳам миннат қилмади-я. Йўқса, ўшанда, ҳали шўронинг тазйиқи энг кучайган кезларда қўрқмасдан шарт­та “Темур тузуклари”ни журналда бердиртириб юборувди. Биз ҳам қанақа бўларкин деб турганмиз, ўзим жавоб бераман, тайёрланглар деган-а…

Расул Гамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асариям шу кишининг далдаси билан чиқиб кетган. Униям чиқаришга ўша пайтларда анча-мунча одамнинг юраги бетламасди, — Шукур ака яна уйга қараб қўйиб. — Ҳозир кириб борсак, жуда қувониб кетса керак. Жуда меҳмондўст-да Иброҳим ака, — деб қолди.
— Эшикни тақиллатайми? — дедим.
— Йўқ, бошқа сафар… бирон кун кундуз куни келамиз… — деди Шукур ака яна йўл бошлаб.
Саранжом-саришта бир коттеж олдида тўхтаб:
— Бу ерда сизнинг ҳамсшаҳарингиз Пиримқул ака яшайди, — деди.
— Биламан.
— Шу-у… Пиримқул аканинг меҳнаткашлигига қойил қоламан-да, — деди Шукур ака сўзни энди Пиримқул Қодиров томонга буриб, — мана шу коттежларда ҳаммаям ижарада туради, лекин, Пиримқул ака ҳовлига астойдил қараб, гуллатиб ўтиради, ана-а қаранг, йўл четларига ҳам бир нималарни экиб, кўкартириб қўйган, — Шукур ака сигарет тутатиб олиб, давом этди, — мен Пиримқул акани жуда мулойим, бировга қаттиқ гапирмаган одам деб ўйлаб юрардим…
— Ҳақиқатдан ҳам шнақа-да.

— Шу кишининг бир гал қаттиқ жаҳли чиққанини кўрганман, — деди Шукур ака, — унинг “Юлдузли тунлар” романини катта бир йиғинда катта бир олим (Шукур ака унинг исм-шарифини айтган эди,айрим мулоҳазаларга борган ҳолда бу ерда келтиришни лозим топмадим — Ш.Б.) юқорининг топшириғи билан асоссиз танқид қилиб қолди-ку… Яна ўша эски гаплар, Бобур шоҳ бўлган, уни қанақа қилиб мақташ мумкин дегандай гаплар… Тепада ўтирганлар ҳам пастда ўтирганлар ҳам у нима учун бунақа деяётганини билиб турибди. У олим ҳам ўзининг гапини айтаётгани йўқ. У ерда ҳар хил гаплар бўлди, майли уларни айтиб ўтирмай. Охирини эшитинг, йиғин тугади, ҳалиги олим ҳам топшириқ асосида танқидининг асоссиз еканини билганми, ишқилиб, ҳамма ташқарига чиқаётганда у Пиримқул аканинг қаршисига келиб кўришиш учун қўлини узатса бўладими? Вой тавба, жуда ғалати халқмиз-да, а? Пиримқул ака унга ғазаб билан бир қараб қўйди-да, бор-э, дея жеркиганича яхшигина сўз айтиб сўкинди-да, унинг қўлини қайириб ташлади. Пиримқул аканинг сўкинганини шунда биринчи ва охирги марта эшитганман. Бошқа одам бўлганда пазор бўлиб ерга кириб кетарди. Қарасам ҳалиги олим ҳеч нима бўлмагандек кетиб бораяпти. Вей, қизиқ одамлар-да… Пирим­қул аканинг жасоратига ўшанда қойил қолганман, ичимда мақтаб, ўзимча яшанг, деб қўйганман.

— Пиримқул аканикига кириш ниятингиз йўқми? — деб ҳазиллашдим.
— Йўқ, йўқ, юринг, — дея у яна йўл бошлади.
Шукур ака шу тариқа у уйнинг олдида ҳам, бу уйнинг олдида ҳам тўхтаб ижодкорлар ҳақида бўлиб ўтган ҳар хил гапларни айтиб берарди. Баъзиларини ўзи ҳам танқид қилиб қўярди. Лекин, барибир, Шукур аканинг ҳикоя йўсинидан шу нарса сезилардики, у ўзи мансуб бўлган катта ўзбек адабиётининг тараққиётига ижоди биланми, ижтимоий фаолияти биланми ҳисса қўшганларни ич-ичидан ҳурмат қилар, уларнинг қадрини билар, улуғлар эди.
Биз шҳу тариқа айланиб юриб, бир маҳал Ўлмас Умарбеков яшаётган уйнинг олдига келиб қолдик.

Шукур ака бўйнини чўзиб ҳовлига мўралади-да:
— Умарбеков уйда, — деди.
— Кирамизми?
— Ҳа, — Шукур ака бир зум ниманидир мулоҳаза қилиб ўйланиб қолди-да, сўнгра, — сиз шу ерда қимирламай туринг, мен ҳозир, — деганича шахдам юриб кетди.
У беш-ўн дақиқадан сўнг қайтиб келди.
Қўлида қоғозга ўроғлик нимадир бор эди.
Шукур ака уни кўрсатиб:
— Умарбековда ҳар хил вискилар борлиги аниқ, — деди. — Лекин бунақаси бор-йўқлигини билмайман… Кейин у ҳозир ичмасаям керак, ўзимиз майдалаймиз, —деди.

Ўлмас Умарбеков ташқарида стол қўйиб ўтирган экан.
Узун-қисқа бўлиб кириб бораётганимизни кўриб у дар­ҳол ўрнидан турди-да, бизга пешвоз кела бошлади.
Икки адиб минг йил кўришмаган қадрдонлардек бир-бирини обдон бағрига босишиб кўришишди.
Мен шу чоққача Ўлмас Умарбеков билан ҳеч юзма-юз бўлмаган эдим.

Шукур ака билан кўришиб бўлгач у менга ҳам қучоқ очди. Иккаламиз қучоқлашиб кўришиб турганимизда Шукур ака бизни таништириб қўйишга ҳам улгурди.
Ўлмас ака оиласидагиларга ишора берганди, дарҳол стол устига дастурхон ёзилди. У томоғини ўраб боғлаб олган, овози чиқмас, фикрини имо-ишоралар билан анг­латар эди. Унинг юз-кўзларида бизнинг кириб келганимиздан ниҳоятда хурсанд бўлганини билдирувчи ифодалар барқ уриб турарди.
Дастурхонга чиройли каржланган тарвуз келтирилди.

— Шу бўлади, — деди Шукур ака ва кейин ўзи бутилканинг қопқоғини очиб Ўлмас акага, ичасизми, дегандек ишора қилди. Ўлмас ака қўлини кўксига қўйганча, раҳмат, ишорасини қилди. Кейин яна имо-ишоралар билан сизлар бемалол, дегандай дастурхонга пешма-пеш келтириб қўйилаётган ноз-неъматлардан олиб ўтиришга қистарди. Шукур ака кириб келиши билан бу хонадонда ўзгача хатти-ҳаракатлар бошланиб қолганидан сездимки, Ўлмас Умарбеков ва унинг оила аъзолари Шукур Холмирзаевнинг ҳурматини жойига қўйишга интилишар, уни жуда эъзозлагилари келар экан.

Шукур ака баланд-баланд товушда сўзлар, Ўлмас ака майин табассум ила уни диққат билан тинглар, ўрни келганда ўзи ҳам имо-ишоралар қилар, биз унинг нима демоқчи бўлганини дарҳол фаҳмлаб олар эдик. Шу тариқа вақт алламаҳал бўлгунча ўзига хос адабий гурунг давом этди. Ахийри, биз кетишга изн сўрадик.

Ўлмас ака имо-ишоралар билан «Узоқлашиб кетманглар, мен шу ердаман, хоҳлаган вақтларингизда келаверинглар», дея бизни ташқарига кузатиб чиқди. Шу учрашув асносида пайқадимки, Шукур Холмирзаев билан Ўлмас Умарбеков ҳавас қилгулик дўст бўлишган экан. Улар бир-бирларининг ҳурматини жойига қўйишар екан.
Бу икки катта ижодкор дўстлигининг замирида адабиётга муҳаббат, инсоний сифатларни улуғлаш, бир авлод вакиллари сифатида бир-бирининг қадрини жуда яхши билиш, бир-бирини тўғри тушуна олиш ҳис-туйғулари бўлгани шубҳасиздир.

Ўлмас Умарбековнинг асарлари билан таниш эсам-да, Шукур аканинг шарофати туфайли ўшанда унинг ўзи билан илк марта юзма-юз кўришган эдим. Афсуски, сўнггиси ҳаму шу бўлган экан.

5

Ўзбекистон радиоси бош режиссёри Раҳмат Жумаев шинаванда, адабиётни яхши биладиган, шоир-ёзувчиларни кўрса, авлиёни кўргандек қувониб кетадиган ижодкорлардан эди. Ҳозирга қадар радионинг олтин захирасида Раҳмат Жумаевнинг замонавий ва мумтоз ўзбек адабиётидан, жаҳон адабиётидан ўнлаб радиоинссенировкалари, радиопьесалари сақланади, вақти-вақти билан эфирга узатиб турилади. Шу кишининг ҳам Шукур акага меҳри бўлакча, унинг янги асар ёзишини кутиб юрар, ҳали сиёҳи қуримасдан қўлга киритар ва хурсанд ҳолда бизнинг адабиёт ва радиотеатр деб аталган муҳарририятимизга кириб келиб:
— Шукур акадан янги асар ундирдим, — деб суюнчи олар эди.

Ўшанда мен бош муҳаррир эдим. Бизга қўйиладиган ўзига хос талабларни назарда тутиб:
— Қани, аввал бир ўқиб кўрайлик, — десам, Раҳмат ака шошқалоқлик билан:
— Биласиз-ку, Шукур ака ёмон ёзолмайди, режага киритаверинг, мен ишни бошлаверай, кейин ўқийверасиз, — дерди.
Муаллиф бўлса қорасиниям кўрсатмас, Раҳмат ака унинг радиодаги мухтор вакили каби иш юритарди. Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой” ҳикоясини ҳам Раҳмат Жумаев шу тариқа ундириб келди. Ҳикоя барчага ёқди.

Раҳмат Жумаев шга киришиб кетди. У актёрларни хонасига чақириб олиб, соатлаб репетиция ўтказар, овоз режиссёри борми, бастакор борми — барчасини аввалдан белгилаб, асарни ўқиб чиқишга мажбур қилар, асар ҳақида улар билан баҳслашар, кўнгли тўлгач, студияга буюртма бериб магнит тасмасига ёзиб олишга киришар эди.

Раҳмат Жумаев бир куни:
— Бўлди! — деди.
Бошқа ташвишлар билан юрганим учунми, ёдимдан кўтарилган экан:
— Нима бўлди? — деб сўрадим.
— Э, омон бўлинг-э?! — деди Раҳмат ака хафалангандек. — Мен бир ойдан ортиқ кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаб ётсам-у, сиз бўлсангиз…

Миямга дарҳол “Булут тўсган ой” урилди.
— Муаллифнинг ўзиниям хабардор қилдингизми? — деб сўрадим ўзимни унинг гинасини эштмаганга олиб.
— Шукур ака эртага келади, менинг хонамда аввал учаламиз эшитиб кўрайлик-а, фикрлар бўлса, айтарсизлар, кейин бадиий кенгашга топширамиз, — деди Раҳмат ака.
Мен унинг фикрини маъқулладим.

Раҳмат Жумаевнинг ҳамиша антиквар нарса-буюмларни йиғиб юрадиган одати бор эди. Бирон жойда шунақа нарсаларни кўрсаям беихтиёр кўзи ёнар, иложи бўлса қўлга киритиш пайида бўларди.
Айтилган вақтда унинг хонасига бордим.
Шукур ака шу ерда экан.
Кўришдик.
Раҳмат Жумаев илтифот билан антиквар чинни идишчаларга антиквар кумуш қошиқчалар солиб ҳаммамиз учун қаҳва тайёрлаб, олдимизга қўяркан:
— Хитой чиннисидан, — деб қўйди.

Шукур ака унга бир қаради-ю, индамади, лекин қаҳвага ҳам қўл узатмади.
Раҳмат ака магнитофон клавишини “бисмилло” деб босди.
Магнитофондан дикторнинг ўктам овози эшитилди: “Тошкентдан гапирамиз! “Бугун радиотеатрда” туркумидаги адабий-бадиий эшиттиришимизни бошлаймиз. Сизларни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой” ҳикояси асосида тайёрланган радиопостановкани тинглашга таклиф этамиз…”
Шундан сўнг асар воқеалари бошланишидан олдин озгина мусиқа янграй бошлаганида Шукур ака у ёқ-бу ёққа аланглаб:
— Чексам бўладими? — деб сўради.

Раҳмат Жумаев унинг олдига антиквар биллур кулдон қўяётиб:
— Фақат сизгагина рухсат, — дея мен томонга қия қараб қўйди.
Мен ўзимни унинг сўзини эшитмаганга олдим.
Раҳмат Жумаев қимматбаҳо антиквар сигаретнинг ялтироқ қутисини очиб, қутининг ортига чертганди, икки-учта сигаретнинг бошчалари “ростлан” буйруғини эшитган аскарлардай қутидан чиқиб келди.
Раҳмат ака қутини Шукур ака томонга узатиб:
— Марҳамат, — деди.

Шукур ака бир Раҳмат акага, бир унинг қўлидаги сигарет қутисига қараб қўйди-да, пальтоси чўнтагидан ўзининг “Астра” сигаретининг қутисини чиқараркан:
— Раҳмат, — деди ва битта сигарет чиқазиб лабига қистирди.
Антиквар сигарети рад этилган Раҳмат Жумаев энди дарҳол антиквар чақмоғини Шукур аканинг тумшуғи остида ёқишга ошиқди. Чирс этган нозиккина товуш эшитилди-ю, чақмоқдан аланга кўтарилди, хайрият, Шукур ака бу гал рад этмай ундан сигаретини тутатиб олди.

Шу маҳал мусиқа тугаб, таниқли актёрлар ижросидаги “Булут тўсган ой” ҳикояси асосидаги радиопостановканинг асосий қисми бошланди. Икки соат давомида Шукур ака миқ этмай иягини ушлаганича диққат билан қулоқ солиб ўтирди. У аҳён-аҳёнда стол устида ётган “Астра” қутисига қўл чўзар, шунда Раҳмат Жумаев ҳам чаққонлик билан антиквар чақмоғини Шукур аканинг тумшуғи остига келтириб нозиккина чирсиллаган овоз чиқаздириб алангалатарди.
Асар якунланаётганда Шукур ака қаҳвадан бир-икки ҳўплаб қўйди.
Ниҳоят, радиопостановкани эшитиб бўлдик.

Раҳмат Жумаев ўзига ишонган режиссёр бўлса-да, қандайдир ҳаяжонланаётганини ҳам билдириб қўймоқда эди.
Унинг икки кўзи Шукур акада: қани, нима деркин?
Шукур ака индамай ўрнидан турди.
“Астра” қутисини оҳиста чўнтагига соларкан:
— Мен радиодаги ишларни кўпам тушунавермайман, — деди.
Ия, бу ёғи қандай бўлди?

Қанчадан-қанча асарлари радиолаштирилган ёзувчи бу билан нима демоқчи?
Раҳмат ака менга, мен Раҳмат акага қарадик.
— Телеведениенинг ишлариниям кўп тушунмайман, — деди Шукур ака.
Назаримда, у бир нима демоқчи-ю, гапни узоқдан бошлаётганга ўхшаб кўринди.
— Лекин битта нарсани биламан, — деди Шукур ака. — Антик даврда ҳам зўр асарлар саҳнада қўйилган… Булар ҳам замонавий саҳналар-да, ўзимга бунчалик таъсир қилади деб ўйламовдим, — Шукур ака Раҳмат аканинг елкасига оҳиста қўл ташлаб, — Эплабсиз, — деб қўйди.
Раҳмат Жумаевга шунинг ўзи кифоя эди.

У ҳикоянинг ўзи зўр ёзилганини, унда янгича муносабатлар ифодаланганини гапира бошлаганди, Шукур ака бу гапларни ўзига яқинлаштиришни истамаётгандек қўлини чўзиб:
— Хайр, — деди.
— Э, нималар деяпсиз? — деди Раҳмат ака қўрқиб кетгандек. — Сизни кузатиб қўйишга имкон топамиз… Шундай катта ёзувчи радиога келади-ю, катта режиссёр кузатиб қўймайдими?
Раҳмат аканинг бу гапидан Шукур аканинг юз-кўзига табассум югурди.
— Хўп, — деди қаршилик қилмай.
Раҳмат Жумаев ва Шукур ака билан қуйи қаватга тушиб, ташқарига чиқдим.
Улар иккаласи бир томонга кетишди.
Мениям таклиф этишганди, баъзи бир зарурроқдек кўринган юмушларимни баҳона қилиб, узр сўрадим.
Ортга қайтаётсам, радиога кираверишдаги эшик оғзида кимдир мени чақиргандай бўлди.
Ўгирилиб қарадим.

Уч-тўрт одим нарида Жўрабек ака деган танишимиз, шошманг, дегандек қўлини силкитиб, мен томонга тез-тез юриб келмоқда эди.
Мен тўхтадим.
Жўрабек ака етиб келди.
Қуюқ сўрашдик.
Жўрабек ака боши билан Шукур ака ва Раҳмат ака кетган томонга ишора қилиб:
— Шукур Холмирзаевмиди? — деб сўради.

— Ҳа, Шукур Холмирзаев эди.
— Сиз у кишини яхши танийсизми?
— Анча-мунча.
— Сўзингиз ўтадими?
Сал-пал ғашим келди.

— Энди у киши устоз ёзувчи бўлса, — дедим, —менинг сўзимга эмас, ўзининг фикрига суянади.
— Йўқ-йўқ, сиз нотўғри тушунманг, — деди Жўрабек ака шоша-пиша. — Мен айтмоқчийдимки… шу кишининг суҳбатларини бир олсак… бир пиёла чойга таклиф қилсак.
— Э, шунақа демайсизми?
— Шу-да.
— Чойга қаерга таклиф қилмоқчисиз?
— Уйга-да… болалар ҳам кўришсин, кейин фахрланиб юришади.
— Майли, айтиб кўраман.
— У киши нима десалар шу, — деди Жўрабек ака қувонганча.
Эртаси куни қўнғироқ қилиб Жўрабек аканинг таклифини айтгандим, Шукур ака бироз ўйлаб туриб:
— Врач дедингиз-а, — дея қайталаб сўради.
— Ҳа, врач, — дедим Шукур аканинг тўсатдан, йўқ боролмайман, деган гапининг олдини олиш учун, —сизнинг астойдил мухлисингиз ҳам, — деб қўшиб қўйдим.
Назаримда, Шукур ака кейинги гапимга унчалик эътибор бермади.
— Ўзингиз ҳам борасизми? — деб сўради.

— Албатта.
— Қачонга?
— Вақтини сиз белгилайсиз.
— Индинга соат бешда, бўладими?
— Хўп.
Жўрабек акага қўнғироқ қилиб, Шукур акани рози қилганим ҳақида суюнчи сўрадим.
— Машина юборайми? — деди Жўрабек ака ҳам қувонганича. — Меҳмоннинг ёнига яна кимларни чақирай? Ўн беш-йигирма кишига жой қилсам бўладими?
— Вой-бў… тўй қилаяпсизми? Кўпчиликни йиғманг, Шукур ака хокисорликни ёқтирадиган одам.
— Майли-майли, барибир беш-ўн одам йиғилади-да, — деди ҳамон ўзиникини маъқуллаб Жўрабек ака. — Демак, бешда чиқсаларингиз беш яримларда етиб келарсизлар-да. Биз Чилонзор томонда турамиз, сизларда ишлайдиган Абдуқаюм уйимизни билади, айтиб қўяман, ташкил қилиб олиб келади.
— Хўп, келишдик.

Шукур ака ваъдасини аниқ бажарадиган одам эди. Ўша куни ўн дақиқа кам бешда хонамга қўнғироқ қилиб:
— Мен келдим, — деди.
Дарҳол ишни йиғиштириб пастга тушдим.
Абдуқаюм ҳам хонанда Рустам Абдуллаевнинг “Комби” деган машинасида етиб келди.
— Рустам акага торниям олинг дедим, — деди Абдуқаюм. — Зарур бўлиб қолса бир-иккита қўшиқ ҳам даврага зеб беради-да.
— Бир ўқ билан икки қуённи урибсиз-да, — дедим Рустам аканинг ҳайдовчи бўлиб келганини назарда тутиб.
Абдуқаюм қиқирлаб кулди.
Шукур акани олдинга ўтказдик.

Абдуқаюм билан мен орқада. Абдуқаюм бўйнини Рустам ака томонга чўзганча йўл кўрсатиб борди.
Жўрабек ака элбурутдан башорат қилганидек роппа-роса соат беш яримда у яшайдиган кўп қаватли уйнинг подЪездига етиб келдик.
Биз машинадан тушдик.
Жўрабек ака лапанглаганича бизга пешвоз югуриб келди.
У ҳаммамиз билан бир-бир қучоқлашиб кўриша кетди. Менинг қулоғим остига эса нуқул:
— Раҳмат, раҳмат, — дер эди.
Унинг қаттиқ ҳаяжонланаётганини пайқадим.

Кенггина зал ўртасида ёнма-ён қўйилган хонтахталарга умумий қилиб дастурхон тўшалган, дастурхон устида йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди, бир сўз билан айтганда, дастурхон жуда тўкис безатилган эди.
Шукур аканинг ҳурмати учун унинг ёнига чақирилган қўни-қўшни, таниш-билиш меҳмонлар сипо бўлиб туришарди.
Улар, ўтинг, ўтинг дейишиб, Шукур акани энг тўрга ўтказишди. Шукур акани йиғилганларга таништиришнинг ҳожати бўлмади, қолганлар аста-секин бир-бирлари билан танишиб олаверишди.
Оз-оздан ароқ ҳам қўйилди.

— Айланайин, сиз Қашқадарёдан-а? — деб сўраб қолди Шукур ака бир маҳал Жўрабек акадан.
Мезбон сифатида пойгакда чўк тушиб ўтирган Жўрабек ака саволга жавоб бериш учун “дик” этиб ўрнидан тураётганди, Шукур ака қўли билан ишора қилиб:
— Э, ўтираверинг, — деди.
Жўрабек ака негадир терлаб-пишиб жойига ўтираркан:
— Ҳа, — деганича Шукур аканинг саволига калта жавоб қайтарди.
— Врачман денг?
— Шунақа… кардиология бўйича.
— Чехов ҳам врач бўлган, Булгаков ҳам врач бўлган, — деди Шукур ака нималарнидир эслагандек бўлиб. — Чехов — зўр ёзувчи. Бу беҳуда эмасдир, а? Объект барибир инсон-да. Санъат йўлида Леонарда да Винчи пластик анотомияга ҳам асос солганидан хабарингиз борми?

— Ҳа, — деди Жўрабек ака мураккаб савол тушиб қолишидан қўрққан талабадек бошини эгиб.
— У йигирма саккизта ўликни ёриб, инсон танасидаги толаларни ўрганганидан шундай фан келиб чиққан, — давом этди Шукур ака. — Демак, санъатда ҳам аниқлик лозим экан. Толстой бобо, ҳатто, санъатда фандагидан кўра кўпроқ аниқлик керак, деб айтган. Иннайкейин, у мусиқага ҳам жиддий қараган. Қадимги Хитойда ҳар қандай одамнинг қўлига мусиқа асбобини тутқазиш ман этилган деган, санъат турлари ичида мусиқа одамни тезда йўлдан чиқаради деган…

Рустам Абдуллаев бу гапларни дарҳол ўзига олиб:
— Шукур ака, бу гапларни мумтоз мусиқага нисбатан ҳам қўллаш мумкинми? — дея илмоқли савол ташлади.
Шукур ака Рустам акага бир муддат синовчан назар ташлаб турди-да:
— “Шоҳнома”да Борбад афсонаси борлигини биласиз-а? — деб сўради.
— Биламан, — деди ишонч билан Рустам ака. — У тарихий шахс бўлган, мусиқа асбоби яратган.
— Яшанг, — дея уни мақтади Шукур ака. — Шу Борбад ҳам ўша ясаган асбобини ўнглаб чалса тингловчилар йиғлашган-а, тескарисини чалганда тингловчилар қаҳ-қаҳ отиб кулаверишган-а… Шунақамиди ёки тескарисимиди?
— Ишқилиб, шунақа-да, — деди Рустам ака майда-чуйдаларига эътибор бериб ўтирмайлик дегандек.
— Ҳа, яшанг, — деди Шукур ака. — Кўраяпсизми, ўша Борбад деганингиз ҳам ўзи ясаган асбобини унақасига чалсаям, бунақасига чалсаям тингловчини экстаз ҳолатга олиб кираяпти… Бу яхшими? Ўйлаб кўриш керак.
— Меъёрида бўлса-чи? — деб сўради энди Рустам ака ўзини оқламоқчи бўлгандек.
— Албатта, меъёрида бўлгани дуруст, — деди Шукур ака. — Халқ ўзига зарурини олиши керак, лекин ўзига зарурини олар экан деб унга дуч келганини тиқиштирмаслик керак.

Шукур Холмирзаевнинг барча асарлари умумтурк адабиётининг юксак намуналари эканига шубҳа йўқ. Фақат бу асарлар туркий тилда сўзлашувчи дунё хал­қ­ларига ҳали етиб бормади, етиб борса, улар ёзувчи яратган қаҳрамонлар орқали ўз уруғларини, яқинларини, қондошларини дарҳол таниб, топиб оладилар.
Шукур Холмирзаев феномени ҳали қўриқлигича очилмай турибди.

Гап унинг асарлари ҳақида илмий ишлар ёзиш-у, илмий унвонлар ёқлаб олишда ҳам эмас. Ҳамма гап уни Шахс ва Ижодкор сифатида идрок эта олишда: шундагина уни барпо этган Муҳит ва уни мутассил тўлғоққа солган Дард сир-асрорлари намоён бўлади. Унинг нималар қилганини кўпчилик билади ёки жилла қурса, шуни биламан, деб ўйлашади, лекин, энди унинг бизга нималар берганини ўйлашимиз ва мис­қол-мисқоллаб ўлчаб олаверишимиз керак. Шунда у қолдирган хазинадан қўни-қўнжимиз тўлиб-тошиб кетади, бу бойлик онгу тафаккуримизни ўзгартиради, қалбимизни янгилайди, турмуш ташвишларидан эгик қаддимизни кўтаради, елкаларимизни юксалтиради — у сахий, унинг қолдирган мероси барчага етади, фақат хазина ёнидан билмай ўтиб кетиб қолмасангиз,бас.

Шукур Холмирзаев қолдирган улкан хазинанинг эшик-дарвозалари ҳам сон-саноқсиздир. Шундай эшиклардан бирининг тепасига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган “Ўзбек характери” деган ёзувни ўқидим. Эшик ортида дунёларга тенгсиз зумраду забаржадлар, олмос-у, ёқутлар борлигини айтишди.
Ботир чўпон бир оғиз сўз айтса, улар дувва-дувва тўкилар экан.
Ботир чўпоннинг хотини бир оғиз бир нима деса, улар тинимсиз ёғилар экан.
Чунки уларнинг бағрида чексиз дунё бор экан…

Бу эшикдан кирганларнинг қулоғига гуё олис-олислардан келаётгандек туюлса-да, бироқ, яқингинадан шундай сўзлар уриларкан, уларни ҳайқириб айтса ҳам бўларкан, уларни шивирлаб айтса ҳам бўларкан.
Бу абадий барҳаёт инсоннинг сўзлари, бу Шукур аканинг овози эди:
“Хўш, бу ерда нимани кўрдинг, нима хулосага келдинг, деб сўрарсиз?
Мен бу ерда…оддий-жайдари, содда ўзбекнинг кенг­лиги, тўпорилигини кўрдим.
Ишонасизми, автобусга ўтирганимдан кейин совуқ ойнадан лайлакқорга қараб йиғлар эдим: ана шу ўзбекларнинг бағрикенглиги учун не-не қийинчиликларга, фақирликка қарамай, феъли тор бўлмаган, ажиб-афсонавий меҳмондўстлиги инстинкт каби мавжуд қолгани учун…ичимда, ич-ичимдан қувониб йиғлардим”.

Инсоният олға интилмоқда.
Дунё олға интилмоқда.
“Дон Кихот”ни ҳамон фахрланиб қўлтиқлаб юрган оврўполик талаба космос орбитасига ўзининг мўъжаз кемасини юбориб, тафаккурнинг янги босқичларига кўтариларкан,бунинг учун тасаввурини бойитган бояқиш ламанчлик Идальгодан чексиз миннатдор бўлаётганини яшириб ўтирмай дунёга жар солади.
Келажак уфқларига порлоқ кўзларини қадаб қувонаётган бизнинг бахтиёр талабамиз ҳам фақат олға боқмасдан, бир-бир ортга назар ташласа, адиб қолдирган хазинанинг сон-саноқсиз эшикларига нигоҳи тушади. У ҳам астойдил истаса бу эшиклар ортида Идальгоникидан кам бўлмаган сир-синоатлар яширинганига гувоҳ бўлса, ажабмас.
Бу хазинанинг бошқача дафиналардан фарқи шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, ўзбек деган миллат бор экан, ҳамиша — йиллар ва асрлар оша ҳам унга бўлган эҳтиёж тобора ошгандан-ошаверади.
Жўрабек аканикида зиёфат алламаҳалгача давом этди.

040

077
Shoyim Bo’taev
TOG’LAR OLISDAN AYON KO’RINADI
022

Ko’z ilg’amas beqiyos adirlar, yuksak tog’lar, so’qmoqlar, tuproq ko’chalar,ayniqsa, yoshlik chog’laringizda qalbingizdan joy olgan bo’lsa, bilingki, endi umr bo’yi ularning yodi ham sizni tark etmaydi. Hayot tashvish-tahlikalari aro beshik bo’lib ulg’aytirgan qadrdon go’shalarni unutgudek bo’lsangiz, endi ular tushlaringizda namoyon bo’lib, goh hazin, goh dilxush his-tuyg’ularga sizni g’arq etadi.

Bu nima bo’lsaykin?

Bu savolga har kim turlicha, o’z boshidan kechirgan his-tuyg’ulariga suyangan holda javob bergani ma’qul. Faqat qiyoslamoqchi bo’lganim shuki, chin ma’noda ulug’ bo’la olgan ayrim yozuvchilarninggina asarlari ham sizni abadul-abad tark etmaydigan hodisalar sirasiga kiradi, ularga qayta-qayta qaytganingiz sari qaytgingiz kelaveradi va ular jozibasining sir-sinoati nimada ekanini yana har kim o’z boshidan kechirgan his-tuyg’ularga suyangan holda axtarib ko’radi. Shunda uzoqlashgandek tuyulgan narsalar yana sizga yaqinlashadi, abadiylik kasb etadi…

Shukur Xolmirzaev nasri deganda ko’z o’ngimdan ana shunday manzara o’tadi. Bu yozuvchining “Olis yulduzlar ostida” degan kitobini o’qiganimizda hali maktab o’quvchisi edik va o’qiyotganlarimiz shundoqqina deraza ortida sodir bo’layotgandek tuyulib, bizni ko’chaga talpintirib-oshiqtirar edi. Bu kitob sahifalarida tasvirlanayotgan voqea-hodisalarni maktab partasida emas, qandaydir tepaliklarga chiqvolib, bog’-rog’lar qo’ynida, daraxtlar ostida, shuvoq hidi anqigan dashtlar bag’rida chuldiragan to’rg’aylar navosiga quloq tutgan holda mutolaa qilish kerakdek tuyulgan, yo’qsa, uvol bo’lib qoladigandek edi.

Buning ustiga, mana shu o’qiyotganlarimiz tufayli bizga o’zimiz yashayotgan muhitning barcha go’zalliklari endi yuz ko’rsata boshlagan, ularni nima uchun avvalroq ko’rmaganimizga hayron bo’lar edik.U qandaydir o’zigagina ayon bo’lgan sehr bilan bizga yaqinlashgan, o’zining begona emasligini birgina imosi bilan anglatib qo’ygan edi.Chunki uning “Tuproq ko’chalar”ida har kuni biz teng-to’sh bolalar bir-birimizning qadam izlarimizni o’lchab oyoqyalang yurar edik.Chunki uning “Ot
egasi” bilan har kuni uchrashardik, hikoya qahramoni Inod ham begona emas edi-yu…faqat, ismi bo’lakcha, o’zi haqida hikoya yaratilganini ham bilmas, oti ham o’sha ot edi, maktab ham o’sha maktab edi. Chunki biz ham turnalar karvoni ortida qolib, hatto qulab tushgan “Cho’loq turna”ning ahvolini kuzatgan edik. Biroq, tabiat qonuni jamiyat haqidagi tasavvurlarni to’g’ri yo’nalishga solishini hali bilmasdik.

Hayot kurashdan iborat, degan saboqlarni tinglagandik-u, kuchsizlarni tabiat ham, jamiyat ham birdek rad qilishi hali bizga noma’lum edi. Endi biz ham unga yaqinlashishni istar edik. Shu sababli bu yaqinlik talabalik yillarimizdayam, undan keyin ham yo’qolmadi, aksincha, tobora mustahkamlanib, qadrdonlashdi. Shukur Xolmirzaevning “Hayot abadiy” degan mashhur hikoya­si bor. Hikoya qahramoni sovxozning bosh agronomi Nodir Ro’ziqulov majlisdan qattiq tanqid yeb chiqadi-yu, mana shu bitta ko’ngilsizlik boshqa ko’ngilsizliklarni keltirib chiqaradi: qaynonasiga qattiq gapirgan edi, u qizini olib ketadi, o’zini qopmoqchi bo’lgan qo’shnining kuchugini ham ayab o’tirmay qo’shnisidan gap eshitib oladi…U oxir-oqibatda bo’shashib yiqiladi… va go’yoki o’lib qoladi! Shunda uning tevarak-atrofida nima o’zgaradi? Hech nima! Hayot Nodirsiz ham davom etaveradi…

“O’sha kechagi seryulduz osmon ham, oppoq yulduzlar ham o’z o’rnida… Daraxtlar, yomg’ir… Shabada. ”Nodir cho’chib o’ziga keladi va yana o’rnidan turib ketib bu hayotdagi o’z ishini davom ettirishga kirishadi. Hikoya chuqur ijtimoiy mazmunni o’zida ifoda etganidan tashqari, har qanday o’quvchini o’ylashga, fikrlashga undaydi: axir, kunlardan bir kuni, bordi-yu, o’lib-netib ketsang sen bilan bog’liq bu dunyoda ham nimadir o’zgarishi kerak-ku, axir, bu dunyo ham seni yo’qotgach nimanidir yo’qotishi kerak-ku?! Jilla qursa, falonchi o’libdi, degan sado chiqishi kerak-ku?! O’lik-tirigi bilinmay yashagan inson uchungina ikki dunyoning farqi bo’lmasligi mumkin, lekin, or, nomus hikoya qahramonining shunchaki o’lib ketishiga izn bermaydi.

Yozuvchining “Qariya” hikoyasidagi Qo’zivoy degan kasbi betayin yolg’iz chol bozor kunlaridagina jarchilik qilib kun kechiradi. Shu qariya bo’lsa o’limligiga asrab qo’ygan pulini Qobil degan tanish qassobga omonat saqlab turish uchun beradi. Mabodo qazom yetsa, ko’masan, deydi. Qassob ham pulni oladi-yu, fe’li ayniydi, omonatga xiyonat qiladi. Kunlardan bir kuni Qo’zivoy chol pulini so’rab qolganida u pulni olganidan tonadi. Qo’zivoy chol bundan ancha aziyat chekadi, biroq, u ham
xiyonatdan or, nomus orqali qasos oladi: “U jimjit uyda, palos ustida cho’zilib yotib, shu fikrga keldi: “Bu ahvolda men qandoq qilib o’laman? Asti mumkin emas, sirayam…

Men yana mehnat qilishim kerak. Halol pul topishim kerak. O’limlik qilishim kerak… Undan keyin o’lsam, boshqa gap…”U qo’shni chiqargan ovqatni zo’rlab yedi. Yarim kechada turib, go’sht qovurdi. Sahar uyg’onib, soyga tushdi. Yuvindi. Tetiklanib, ko’chaga yo’l oldi…Qo’ziboy chol avvalgidek bo’lib ketdi.” Bu hikoyalar insonni yashashga, yashagandayam halol, pokiza yashashga undaydi, hayotga ko’zgu tutib, chirkin narsalardan nafratlantira oladi.

Yashash faqatgina shu hayotdami? Shu or, shu nomus ham faqat bu hayotda yashab qolish uchun zarurmi? Endi “Tabassum” hikoyasini o’qiy boshlaysiz…Jalil aka, odamlar aytishicha, Jalil ota karaxt tortib qolgan, u o’sma, ya’ni rak bilan og’rib qopti. Bundoq o’ylab qarasa, o’ziyam yoshini yashab bo’lgan, qurdoshlaridan hamma ketib bo’pti, o’zidan ikki-uch yosh katta Normat qopti, xolos. “Yuragi butun ekan-da! Ha, uning yuragi butun, — Jalil ota yuragi g’ashlanib o’ylay boshladi. — U boshqacha. Yomonga, nomardga o’lim yo’q deydilar-ku! Ha-e, mayli. Uyam yashasin. Baribir dunyoga ustun bo’lmaydi. Birovga o’lim tilagandan…

U o’zining rak ekani, ya’ni o’sma kasaliga mubtalo bo’lganini eslab ayanchli jilmaydi.Kunlar o’tdi, oy o’tdi”. Shunday kunlarning birida uning hovlisida yugur-yugur bo’lib qoladi, sababi ayon — nevarasi Sadafga sovchilar kelgan. Uni Normatning nevarasiga berishmoqchi… To’y bo’lishi kerak, hammayam Jalil otaning ko’zi ochiqligida to’yni o’tkazib olsam deydi. Buni Jalil aka istarmidi? Endi hikoya yakuniga quloq tuting: “Chol bugungi kun ham ovqat yemadi. Keyingi kun ham. Undan keyin… O’rmalab borib, obrezga to’kadi. Qo’lini yuvgan bo’lib, ustidan suv qo’yadi. U… holdan toyib, o’rnidan qimirlolmay qoldi. Shunda ham tuz totmadi. Endi kelgan ovqatni to’shagi yonida nos tupurish uchun qazib qo’yilgan chuqurchaga ag’daradi. U karaxt bo’lib qoldi. Keyin o’g’li, kelini va Sadaf tepasida ko’zyoshi qilib
turganda, ketdi. Hammani dahshatga solgan narsa — uning yuzida qotib qolgan tabassum bo’ldi.To’y qoldi”. Hikoya tugadi. Davomi-chi? Or, nomus… o’quvchi qalbini g’alayonga solgan his-tuy­g’ularning adog’i bormikan? Hayotda shunday vaziyatlarda kim qanday yo’l tutadi? Yozuvchining shafqatsiz ko’zgusidan kim o’zining basharasini yashira oladi?

Shukur Xolmirzaev o’zi sevgan adiblardan biri Ernest Xemingueyning “Insonni yengib bo’lmaydi” degan so’zlarini bot-bot takrorlab turguvchi edi. Millati, irqi va hattoki dinidan qat’i nazar, inson mustahkam hilqat sifatida har ikkala Ustaning ijodida turli ko’rinishlarda namoyon bo’lar edi.Shukur Xolmirzaev G’afur G’ulomning “Quyosh-ku falakda kezib yuribdi…” degan mashhur satrini sarlavhaga chiqarib ajoyib bir hikoya yozgan edi. Bir mahallar, hali matbuot yuzini ko’rmasidan avval menga hikoya syujetini so’zlab berib, shunaqa nom qo’ymoqchi ekanini aytuvdi…Bu haqda keyinroq…Endi esa men adib bilan bo’lib o’tgan
uchrashuvlarimizning ayrimlarini xotirlarkanman, qulog’im ostida uning voqelikni bo’yamasdan-bejamasdan shundayligicha tasvirlash haqidagi o’gitlari yangrab turganday bo’ldi.Uning qiyofasi ko’z o’ngimdan nari ketmadi.Shukur aka o’ziga xos jiddiylik bilan “Bo’larini ayting…” deb turganday edi…

1

Armiyadan qaytib kelib, “Lenin uchquni” (hozirgi “Tong yulduzi”)bolalar gazetasiga ishga kirdim-u, Shukur Xolmirzaev bilan Vatan mavzusida suhbat qilmoqchi bo’ldim. Chunki uning “Yovvoyi gul”, “Ot egasi”, “Ota yurt” singari ko’plab hikoyalarida bu mavzu boshqalarga o’xshamagan holda, o’ziga xos tarzda ifoda etilgan deb hisoblardim (bu fikr yillar o’tgan sayin yanayam mustahkamlanib bormoqda).

Gazetamiz adabiyot bo’limi mudiri, ajoyib bolalar shoiri Hamza Imomberdiev bilan bir xonada o’tirardik. Men Hamza akadan Shukur Xolmirzaevning telefon raqamini topib berolmaysizmi, deb so’radim. Hamza aka menga ham ajabsinish, ham hayrat bilan qarab turib, bolalarcha samimiyat bilan:— O’-hu, so’ragan
odamingizni-yu… Bizda unaqa katta odamlarning telefon raqamlari qayoqdan ham bo’lsin… U kishi tirik klassik-ku, tirik klassik… — dedi.— Shu klassik bilan gazetamizga Vatan haqida suhbat qilib bermoqchi edim, — dedim. Bu taklif Hamza akaga nihoyatda ma’qul kelib: — Qaniydi-ku… — dedi va u yoq-bu yoqqa qo’ng’iroq qilib, darhol Shukur akaning uyining telefon raqamini topib berdi.

Men Shukur akaga telefon qilib, maqsadimni tushuntirgan edim, u kishi:— Uyga keling, — dedi kalta qilib va istiqomat manzilini tushuntirdi: “Bolalar dunyosi” do’koni orqasidagi asosan ijodkorlar yashaydigan ko’p qavatli uy. — Xo’p, — dedim-da, darhol savollar yozilgan qog’ozni olib yo’lga tushdim. Uy eshigini Shukur akaning o’zi ochdi. Salom-alikdan so’ng men tuzgan savollarga ancha vaqt jiddiylik bilan tikilib qolib:— Vatan so’zini ko’p ishlatib yuboribsiz, — deb qo’ydi. Nima deyarimni bilmadim. Nazarimda, men tuzgan savollarga u kishi shu zahotiyoq sharillatib javob aytib yuboradigandek bo’lib tuyulgan edi. Lekin aksincha bo’lib chiqdi.— Men avval bir o’ylab ko’ray, — dedi Shukur aka o’sha-o’sha jiddiylik bilan, — keyin xabarlasharmiz…

Men xayrlashib, chiqib ketdim. Qaytib borsam, Hamza aka katta qiziqish bilan nima bo’lganini so’rab qoldi. Bo’lgan voqeani aytib berdim. U kishi ko’nglimni ko’tarmoqchi bo’lgandek, uch-to’rt kun o’tib yana bir eslariga solib qo’ying, hozir birorta jiddiyroq ish bilan band bo’lsalar kerak-da, deb qo’ydi. Men Hamza akaning gaplarini ma’qulladim, lekin Shukur aka bilan boshqa xabarlashmadim. Savollar u kishiga ma’qul bo’lmadi, degan o’yda edim. Kunlardan bir kuni hech kutilmaganda o’sha hammaga tanish bo’lgan mashhur shlyapada Shukur aka xonamiz eshigi ostonasida paydo bo’ldi.

Hamza aka men suhbat qurmoqchi bo’lgan “tirik klassik”ning o’z oyog’i bilan kirib kelganiga ishonib-ishonmay, Shukur akaga iltifot ko’rsatib, u kishi bilan quyuq salomlashdi-da, bizga sharoit yaratib berish uchun bo’lsa kerak, o’zi xonani tark etdi. Shukur aka deraza yonidagi kursiga cho’kib, biroz ko’chaga qaragancha nimalarnidir o’ylab xayol surib turdi. Keyin men tomon o’girilib: — Cheksam bo’ladimi? — deb so’radi. Shunday ulug’ odamning ruxsat so’rayotgani meni xijolatga solib, zo’r-bazo’r bosh irg’ab qo’ydim.

054 U kishi sigaret tutatib so’z boshladi: — Yaqinda Boysunda bo’lib qaytdim… — men tomonga ilkis qarab qo’yib, — siz anavi savollaringizni tashlab ketganingizdan keyin, — deya davom etdi, — tepalikning qir uchida bir gujum bo’lar edi, bolaligimizda shu gujum ostida o’ynar edik, — Shukur aka xo’rsinib qo’ygach, negadir menga uqtirmoqchi bo’layotgandek qattiqroq tovushda yana ulay ketdi, — shu-u borganimda ham ulfatchilig-u, mehmondorchiliklardan qochib o’sha gujumni qidirib ketdim… Ancha qaribdi… Yolg’iz o’zim edim. Qushlar hamon ilgarigidek sayrab turipti. Sigaret tutatib, gujum ostida o’tiraveribman, yon-atrofimdan chug’ur-chug’ur bolalikdagi ovoz-shov­qinlar kelib turgandek bo’ldi. Kun peshindan og’ayotganda borgan edim, hamon chekib o’tiraveribman, kech kiribdi, quyosh botib qorong’ilik cho’kibdi, men esa hamon o’tiraveribman…

Bir mahal junjikib ketib mundo-oq o’zimga kelib qarasam, hammayoq qop-qorong’i… Beixtiyor osmonga qaradim: yulduzlar g’uj-g’uj, shu qadar yaqin… bilmay qolibman, ko’zimdan yosh oqib turgan ekan…Shukur aka shu so’zlarni aytgach, qo’lidagi sigaretdan yana bir-ikki chuqur-chuqur tortib, havoga tutun purkadi-da, o’rnidan turib menga qo’l uzatdi:— Xayr, — dedi men u kishining kaftiga kaftimni qo’yganimda. Nima deyishni ham bilmas edim.

Yo’lakkacha kuzatib chiqdim. U kishi ketayotib, bir-ikki qadamdan so’ng ortga burildi-da:— Kechirasiz… — dedi xijolat chekayotgandek, — savollaringizni qayoqqadir qo’ygan edim, yodimdan ko’tarilib yo’qotib qo’yibman, — keyin ohista qo’shib qo’ydi: — Menimcha, shuning o’zi yetarli bo’lsa kerak…

Keyin ketdi. Men Shukur aka qatorlashtirib tuzgan savollarimga yaxlit qilib javob berib ketganini angladim. Keyinchalik Hamza akaning, suhbat qachon tayyor bo’ladi, deya qanchalik qistalang qilib so’rab-surishtirishlari foyda bermadi, bunaqa eng qisqa suhbatni bolalar gazetasiga berishning iloji yo’q edi.

2

Bir mahallar uy-joydan qiynalgan, ijarada yashayotgan yosh ijodkorlar uchun ham Do’rmondagi yozuvchilar bog’i durustgina panoh bo’la olar edi. Nega deganda, uyushmaning har bir a’zosiga bir yilda bu boqqa bir oyga yaqin tekin yo’llanma berilar, bu yo’llanmadan foydalanmaydigan “katta ijodkorlar” yoshlarga ularni
hadya qilib yuborishardi. O’shanda o’zbek adabiyotining barcha darg’alarini o’sha bog’da uchratish mumkin bo’lar edi. — Shu yerga kelib yoza boshlasam ishlarim yurishadi-da, — deya katta-yu, kichik birdek e’tirof etib, buning bejiz emasligini, bu yerda ulug’ ijodkorlar adabiyot tarixida belgili o’rinni egallagan katta asarlar yaratishganini, shuning uchun bu muqaddas joyda hamisha ijodiy ruh barqaror ekanini gurung qilishardi.Biz esa ijara pulini tejash uchun iloji boricha imkoniyatdan foydalanib, o’sha yerda tunab ishga qatnardik.

Shukur Xolmirzaev u yerning muqimboylaridan edi. Oshxonada u kishi yolg’iz o’zi bir stolni band qilib o’tirardi. Bir gal kechki ovqat mahali odatdagidek faqatgina bosh irg’ab qo’ygancha salomlashib kirib keldi-da, joyiga o’tirgach:— Shuncha yillik mehnatim haromga chiqib ketdi, — deb qoldi o’ziga-o’zi so’zlayotgandek. Stollarimiz yonma-yon bo’lgani uchun men u kishining gaplarini eshitib hayron bo’lganimcha so’rashga jur’at etdim: — Nimani aytayapsiz, Shukur aka? — Romanni… — dedi. — Jurnalda bosilgach bildim, bu mening asarim emas ekan…So’z “Sharq yulduzi” jurnalida chop etilgan “Yo’lovchi” romani xususida borayotgan ekan.

O’sha mahal men ham bu asarni o’qigan edim, garchi muallifning o’zi endi tan olgisi kelmay turgan bo’lsa-da, asar baribir zargarona ishlangan, Ustaning qo’li sezilib turardi. Biroq, biron nima deb u kishining ko’nglini ko’tarishga so’z topa olmadim. Axir, nima ham deyish mumkin edi? Unaqa emas, bunaqa degan bilan Shukur akani o’z fikridan qaytarib bo’lmaydi, qolaversa, buning foydasi ham yo’q.

Nazarimda, Shukur Xolmirzaev aksariyat tengqurlarida bo’lgani kabi “halol”, ”harom” tushunchalariga jiddiy qarar edi. Biror kishi haqida so’z ketib, uni maqtamoqchi bo’lsa ham eng avvalo: — Ha, unga hali harom aralashmagan, — deb qo’yardi “hali” so’ziga alohida urg’u bergancha. Yoki aksincha bo’lib, birovning olijanobliklari-yu, yaxshi ishlar qilishi, bilimdonligi-yu, o’ziga xos salohiyatlarini qanchalik osmonga ko’tarmang, Shukur aka iyagini ushlaganicha jiddiy tarzda turib:— Unga harom aralashgan, — deyishi bilan barcha ijobiy fazilatlarni bir lahzada yo’qqa chiqarib yubora olardi.

U haromdan shu qadar jirkanib, uni hayot-mamot masalasi darajasida ko’rgani uchun so’nggi lahzaga qadar yozishni qo’ymadi, qalam ushlash uchun ham qalb va qo’l tozaligi lozimligini chuqur his qilgan holda ijod qildi. Mana, endi o’z asari haqida gapirayotganda ham shu so’zni ishlatayaptimi, demak, bu yerda jiddiy bir gap borligi aniq. Shu choq:— Assalomu alaykum, — deya zalda o’tirgan o’n-o’n besh kishining barchasiga bir-bir bosh irg’agancha yozuvchi Jonrid Abdullaxonov kirib keldi.Jonrid aka bilan stolimiz bir edi.

U kishi mening qarshimga o’tirayapti-yu, ikki ko’zi Shukur akada. Shukur aka biz tomonga ilkis qarab qo’yganida Jonrid aka u kishi bilan quyuq so’rasha ketib qanoat hosil qilgach,keyin men tomonga o’girilib so’radi:— Qalay bo’layapti endi? Shukur aka odatda tezgina ovqatlanib bo’lib, choy damlangan choynakni ko’targancha chiqib ketardi. Bu gal negadir turishga shoshilmasdi. Buning sababi keyinroq ma’lum bo’ldi. Shukur aka bizdan ikkita naridagi stolga hammadan kech kelib o’tirgan ovchi yozuvchi Mavlon Ikromdan nimanidir so’ramoqchi bo’lib, uning ovqatlanib bo’lishini kutib o’tirgan ekan.

Bu orada Jonrid aka ovqatlanib bo’lib, bir qo’lida orasiga ikki bo’lak sariyog’ solingan ikki burda non, ikkinchi qo’lida bir stakan qatiqni olib:— Choyni xonada qo’yamiz, — deganicha o’rnidan tura boshladi. Mening hazillashgim kelib: — Jonrid aka, xurdanash-ku xurdanash, burdanash chize, — dedim. Jonrid aka hayron bo’lib:— Tojiklar nima deyapti? — deb so’radi.— Tojiklar «Yeganing-ku mayli, qo’lda ko’tarib olib ketganing nimasi» deyapti, — dedim. — O’zimizdayam gap bor-ku, borgin-kelgin, qolib ketma, yegin-ichgin, olib ketma, degan. Jonrid aka qah-qah urib kuldi. Men ham kuldim.

So’ngra Shukur akaga institutni Xo’jandda bitirganimni, tojiklar bilan yonma-yon yashaganimizni, tojik filologiyasi fakul`teti ham qo’shni bo’lganini, tojiklar orasida har xil qiziq-qiziq gaplar borligini, hatto Zahiriddin Muhammad Bobur ham “Boburnoma” asarida bunaqa tesha tegmagan iboralarni juda ko’plab
qo’llaganini aytib bera boshlagandim, u kishi so’zimni bo’lib:— Bilaman, — dedi. Biroz xijolat bo’lgancha jimidim.

Orada biroz noqulay jimlik cho’kkandi, Shukur akaning o’zi bu sukunatni buzib:— Pirimqul aka sizlar tomondan-a? — deya so’radi mendan.
— Ha, u kishining qishloqlarini Kengko’l deyishadi, — dedim. — Biz orasi ko’p uzoq bo’lmagan qishloqlarda yashaymiz, Pirimqul akaning Ko’chkina degan qishloqda tog’alari bor…barchasi turkiy qavmlar…
— Bilaman, bilaman, — deya jonlanib qoldi Shukur aka. — Axir, bu Turkiston tizma tog’larining etaklari-da?..— Shunaqa.— Qadimda u yerlar Usrushona deyilgan, u yerlarda istiqomat qiluvchilarni usrushonlar deb atashgan, — deya o’z ko’zi bilan ko’rgandek davom etdi Shukur aka, — axir, o’sha yerda Aleksandr Makedonskiyning ham o’lib ketishiga bir bahya qolgan-da, uning qattiq qarshilikka uchragan joyi aynan siz aytayotgan hozirgi Turkiston tizmalarida yashayotgan aholidan kelgan…E, yashang…

— Siz bularni qaerdan o’qigansiz, Shukur aka? — degancha qiziqib so’rayman.
— Qadimgi yunon tarixchilari bizning o’lkamiz haqida juda ko’p yozishgan…Gerodot deymiz…uning to’rtinchi kitobi boshdan-oyoq biz haqimizda…anavi Strabon, Pliniy, Plutarx…o’sha zamonlardayam chetdagilar yaxshi bilishgan bizni… Keyin-keyin har xil ishlar bo’lib ketgan-da. Buxoro amirligi deymiz, Xiva xonligi deymiz…Xiva xonliginiyam hududlari juda ulkan bo’lgan…e-he…Cho’qaev yozgan-ku Oqmachitga o’ris yetib kelganda Xudoyorxonning nimalar deganini…Burunlari ostidan narini ko’risholmagan-da…

Shukur aka tarix mavzusida alohida ishtiyoq bilan qizishib gapirardi. Baqtriya, Mar­g’iyona hududlari, qadimda hukmdorlik qilgan shaxslar, ularning diniy e’tiqodlari… barcha-barchasi haqida Shukur akadan soatlab saboq olish mumkin bo’lar yedi.

Hozir ham katta qiziqish bilan so’zlab turganida beixtiyor Mavlon akaning o’rnidan turayotganiga ko’zi tushib qolib:
— Mavlon aka, to’xtang, — dedi.
Mavlon aka shoshilmay biz tomonga o’girildi.
Zalda uchalamiz qolgandik, xolos.
— Sizdan bir narsani so’ramoqchiydim, — dedi Shukur aka.
— So’rang, — dedi Mavlon aka, bu gapdan qandaydir g’ururlanganday bo’lib.
— Cho’chqaning urg’ochisini nima deb atashadi?

Men hayron qoldim. Qandaydir jiddiyroq gap bo’lsa kerak, deb o’ylagandim. Keyin miyamda bu savolga javob topishga urina boshladim, qurg’ur hech o’ylab ko’rmagan ekanman-a, qancha uringanim bilan bu harakatning foydasizligini sezdim.
Mavlon aka ham o’ziga xoslik bilan:
— Ob-bo!.. — dedi qiroat qilayotgandek.
“Mavlon aka ham bilmaydi, shekilli”, deb o’yladim.
Mavlon aka yana:
— Yovvoyisinimi yo… — deya so’z boshlayotganida Shukur aka u kishining nima savol bermoqchi bo’layotganini fahm­lab:
— Yovvoyisini, yovvoyisini, — deya takrorladi.

Endi Mavlon aka ham qiziqib:
— Tabiat haqida yana biron narsa yozayapsizmi? — deb so’radi.
— Ha-da! — dedi Shukur aka. — Shunga so’rayapman-da, shunga kelganda taqalib qoldi-da.
— Hikoyami?
— Bilmadim… keyin ma’lum bo’ladi.
— Yozib bo’lganingizdan keyin menga ham bir o’qitib oling.
— Xo’p, aytganingizni qilaman…
— Unda aytaman,Shukurvoy, yovvoyi cho’chqaning urg’ochisini yozsangiz urg’ochi deb yurmang, megajin deya qoling…
— Vo-o! — deb yubordi Shukur aka.

— Ba’zilar sigirning bolasi, yerkak eshak, ayol echki deganday palapartish bo’lmag’ur so’zlarni bemalol isshlatib yuborishaveradi, — dedi kuyunganday bo’lib Mavlon aka. — Mana, siz katta yozuvchi bo’la turib ham so’rashdan or qilmaysiz. Bundan buyon ham parranda-darrandalar haqida, hayvonotga oid biron bir savol tug’ilgudek bo’lsa, bemalol so’rayvering, Shukurvoy. Sizdan gonorar talab qilmaymiz, — deya hazillashib Mavlon aka zaldan chiqa boshladi. Biz u kishiga yergas’hdik.

3

Bir gal yarim tunda, soat bir-ikkilar bo’lsa kerak, xonamning eshigini kimdir ohista tiqillatdi. Ko’zim yendi uyquga ilingan yedi, turib borib eshikni ochib qarasam — Shukur aka!
— Uxlamadingizmi? — dedi ohista jilmayib.
Shosha-pisha ko’zlarimni uqalab:
— Yo’q, — dedim.
— Mening xonamga chiqing.
— Xo’p.

Shukur aka ketdi. Men bo’lsam, turli o’ylarga borgancha kiyinib chiqdim. Ilhom parilarining osudaligini buzmaslik uchun bo’lsa kerak, yo’lakda na tiq yetgan tovush eshitilar, na xonalarda yilt yetgan nur ko’rinar, barcha uyqu og’ushida yedi.Shukur akaning xonasi tepa qavatning eng oxirida edi. Men ham ilhom parilarining osudaligini buzmaslik uchun ohista qadam bosgancha Shukur akaning xonasiga yetdim. Xona yeshigi qiya ochiq yedi. Sekingina tiqillatdim.

Ichkaridan Shukur akaning:
— Kiravering, — degan o’ktam ovozi eshitildi.
Kirib borsam, odatdagidek saranjom-sarishta xona. O’rtadagi stol usti orasta jihozlangan, meva-cheva, yeguliklar qo’yilgan… nima desamikan, yarmidan ozrog’i ichilgan aroq butilkasi ham bu nozu ne’matlar o’rtasida ko’rinib-ko’rinmayroq turardi.

Shukur aka sigaretni obdon burqsitib, o’tkiridan — “Ast­ra” degan fil`trsizidan chekardi, fil`trli sigaretlarni ham pisand qilmayotgandek fil`trini tishi bilan uzib tashlab chekardi, bu harakati bilan ham guyoki oliftagarchilikni yoqtirmasligini pesh qilayotgandek bo’lib tuyulardi. Shu sababli bo’lsa kerak, derazalar lang ochiq, xonaga etni sal-pal junjiktiruvchi bo’lsa-da, tunning yoqimli havosi tashqaridan ufurib turardi.
— O’tiring, — dedi Shukur aka menga joy ko’rsatib.
Men uning aytganini qildim.

Lekin hamon bu bemavrid taklifning sababini bilmasdim.
— Bugun Parkentdan universitetda birga o’qigan bir akamiz keluvdi… Asom aka degan, — so’z boshladi Shukur aka qandaydir begona narsalar haqida gapirayotgandek o’ta xotirjamlik bilan. — Siz u kishini tanisangiz kerak… bolalar uchun she’rlar ham yozadi… Shu-u… yoshlari bizdan katta bo’lsa-da, hozirgacha hurmatimizni qilib yuradi, oqibatli odam… Birga o’tirib talabalik yillarimizni yeslashdik, — Shukur aka stolga is’hora qilib qo’yib, — qittay-qittay ham qildik… Bir mahal yeshik taqillab sizlarning qavatdagi shoir og’amiz kelib qoldi-ku, — Shukur aka o’rnidan turib deraza rafidagi guldonni ko’tarib keldi, guldonga gul o’rniga har xil dasht o’tlari, buta shoxchalaridan solib qo’ygan, ular qurib-qovjiray boshlagani bilan o’z iforini yo’qotmagandi.

Shukur aka ular orasidan binafsharang bargchalari quvray boshlagan kichkina shoxchani ko’rsatib:
— Siz buning nomini bilasizmi? — deb so’radi.
Bu toshloqlarda, soylarda o’sadigan abro’k degan hidi o’tkir butaning shoxchasi yedi.
— Abro’k, — dedim.
— Yashang, — Shukur aka suyundi, — choyga ozgina gulini maydalab qo’shib yuborgandim, haligi shoir og’amiz bu gulobmi deb so’radi. Shukur aka qah-qah urib kuldi: — gulobni qaerdan bilarkan, hayronman… Keyin shu abro’kni ko’rsatsam hayron bo’ldi, hidi zo’r yekan dedi, lekin abro’kligini bilmadi… Buni-ku qo’ya turing, bir mahal nima deydi deng… Aytadiki, shu-u Qodiriyni o’qiyapman, aytganlaricha bor ekan-da, zo’r yozuvchi ekan-da, deydi… E, omon bo’ling-e, og’a, oltmishga kirganda shu narsani kashf qilgan bo’lsangiz, endi Sholoxovni ham o’qishingiz kerak ekan, dedim… U kishi bo’lsa: “Shukurjon, mobodo sizda Sholoxovning kitoblari bo’lsa, berib turing, o’qib bo’lib qaytib beraman”, — deydi, kinoyamni tushunmabdi. Ana sizga!

— Asom aka abro’kni tanigan bo’lsalar kerak? — deb so’radim Shukur aka erinmay guldonni yana o’z joyiga olib borib qo’yayotganida.
— Ha, albatta, Parkentdayam o’sadi-da, Asom aka tabiatni sevadigan odam, bilib yuradi. Shu-u… o’zi bolalar shoirlari tabiatga ko’proq yaqin bo’lishadimi deyman-da, men Quddus Muhammadiyni ham yaxshi ko’raman, toza odam-da. Shunaqa qilib, haligi shoir og’amiz Sholoxovni topib albatta o’qishim kerak ekan, deganicha bir-ikki soat o’tirib ketdi, boshqa hech kim bezovta qilmadi, Asom aka bilan gurunglashib o’tiraveribmiz-da, halizamon ketdi-da. “Qoling” deb shuncha qistasam ham unamadi, pastga kuzatib tushim. Qarangki, u mashinada kelgan ekan, haydovchisi kimligini surishtirib o’tirmadim-u, ammo, uning Asom akaga sodiqligiga qoyil qoldim. Shuncha vaqt kutibdi. Keyin ham uyqum kelmadi. Sizni bezovta qilganim shundan, — Shukur aka butilkaga ishora qilib, — endi oz-ozdan quysangiz, gaplashib o’tiribmiz-da, —dedi.
Ertasi dam olish kuni edi.

Shukur akaning aytganini qilib, ishora bergan mahalida oz-ozgina qo’yib so’zlashib o’tiraveribmiz.
Bir mahal deraza orti yorishib kelayotganini payqadik.Shukur aka o’rnidan turib deraza oldiga bordi. Qiya ochiq derazalarning pardasini bir chetga surib, ularni lang ochib yubordi.Tashqariga tikilganicha gap-so’zsiz o’z o’y-xayollariga berilib uzoq vaqt turib qoldi.
Tongga qadar Shukur aka hayot, adabiyot, ko’rgan-kechirganlari, safarlari, diliga yaqin odamlar… boringki, turli mavzularda juda qiziqarli narsalarni aytib bergandi. Endi bo’lsa deraza oldida oqarishib kelayotgan tongga chuqur o’y-xayollar og’ushida termulganicha tevarak-atrofni unutib qo’ygandek bir holda turibdi.

Balki bugungi uchrashuvlar, suhbatlar taassurotida nimalardir esiga tushib qolib, yozajak biron asarining g’oyasi tug’ilayotgandir? Balki yana bir tong ortda qolayotganini, inson umri yugurik suvdek o’tib ketayotgani uning xayolidan kechayotgandir? Balki u o’z hayotiga nazar tashlayotgandir?

Buni biz bilmaymiz.
Ammo biz adibning sermashaqqat mehnati evaziga tiklangan muhtasham asarlarini bilamiz, bu asarlarning qahramonlari naqadar tanti va mard ekanliklaridan qoyil qolamiz. U o’ziga xos adabiy aholi yaratib, o’zbek xarakterining betimsolligini namoyon yetgani uchun g’ururlanamiz, u soxta shon-shuhrat,obro’-izzat talab qilmasdan oldiga ulug’vor vazifa qo’ygancha, mana shunaqa bo’ladi, deya o’zligini ko’rsata olganidan, shunday farzandni bergan xalq boqiyligidan ko’ksimiz ko’tariladi.

4

Bog’da istiqomat qilayotganlar ko’pincha ertalablari sportchilardek kiyinib yugurishar, sport mashqlarini bajarishar, ovqatdan keyin ham bir-bir aylanib kelishni kanda qilishmasdi. Ammo Shukur aka uchun bunaqa narsalar yot yedi. U kishi tashqariga chiqsayam ko’p uzoqlamay, boqqa kiraverishdagi ulkan arg’uvon ostiga borib tik turgancha birpas xayol surib sigaret chekib turardi-da, keyin darhol tez-tez yurib xonasiga kirib ketardi.Arg’uvon gullagan paytda odatdagidan ko’ra ko’proq chiqardi.

Bir gal kechki ovqatdan keyin Shukur aka odatdagidek choy damlangan choynakni ko’tarib xonasiga chiqib ketarkan:
— Hozir tushaman, — dedi.
Men u kishining gapini kutib turing, mazmunida tushunib, kuta boshladim.Usta ko’p kuttirmay qaytib tushdi.
— Yuring, — dedi.
O’zi yo’l boshladi.
Men ergashdim.
Shukur akaning qaerga bormoqchi bo’lganini, maqsadi nimaligini so’rab ham o’tirmadim — nima bo’lsa, ko’raveramiz-da.

U odatiga xilof ravishda bog’dagi alohida kottejlar yonidan o’tadigan yo’ldan yura boshladi. Uch-to’rt kottej oldidan indamay o’tdi-da, ichkarida chiroq yonib turgan bittasining oldida to’xtab:
— Ibrohim aka uydalar, shekilli, — dedi oqsoqol yozuvchi Ibrohim Rahim haqida so’z boshlab. — Siz u kishining asarlarini o’qiganmisiz?
— Ha… ayrimlarini.

— Men o’qimaganman, to’g’risi o’qiyolmaganman, — dedi Shukur aka endi bu haqda mulohaza yuritib o’tirmaylik degandek, — lekin, bu odam ulug’ odam, — deb qo’shib qo’ydi.
— Inson sifatida demoqchisiz-da?
— Inson sifatida ham bahosi yo’q. Men “Guliston” jurnalida shu odamning qo’lida ishlaganman, — dedi Shukur aka nimalarnidir xotirlayotgandek, — bosh muharririmiz edi… Jasoratiga qoyil qolganman. Mana, hozir hamma birdek unaqa jafo ko’rganman, bunaqa ishlar qivorgim kelgan deb ayyuhannos ko’tarishadi. “Yov
qochgach, botir ko’payadi”, deyishadi-ku. Ammo bu kishi bir og’iz ham minnat qilmadi-ya. Yo’qsa, o’shanda, hali sho’roning tazyiqi eng kuchaygan kezlarda qo’rqmasdan shart­ta “Temur tuzuklari”ni jurnalda berdirtirib yuboruvdi. Biz ham qanaqa bo’larkin deb turganmiz, o’zim javob beraman, tayyorlanglar degan-a…

Rasul Gamzatovning “Mening Dog’istonim” asariyam shu kishining daldasi bilan chiqib ketgan. Uniyam chiqarishga o’sha paytlarda ancha-muncha odamning yuragi betlamasdi, — Shukur aka yana uyga qarab qo’yib. — Hozir kirib borsak, juda quvonib ketsa kerak. Juda mehmondo’st-da Ibrohim aka, — deb qoldi.
— Eshikni taqillataymi? — dedim.
— Yo’q, boshqa safar… biron kun kunduz kuni kelamiz… — dedi Shukur aka yana yo’l boshlab.
Saranjom-sarishta bir kottej oldida to’xtab:
— Bu yerda sizning hamsshaharingiz Pirimqul aka yashaydi, — dedi.
— Bilaman.
— Shu-u… Pirimqul akaning mehnatkashligiga qoyil qolaman-da, — dedi Shukur aka so’zni endi Pirimqul Qodirov tomonga burib, — mana shu kottejlarda hammayam ijarada turadi, lekin, Pirimqul aka hovliga astoydil qarab, gullatib o’tiradi, ana-a qarang, yo’l chetlariga ham bir nimalarni ekib, ko’kartirib qo’ygan, — Shukur aka sigaret tutatib olib, davom etdi, — men Pirimqul akani juda muloyim, birovga qattiq gapirmagan odam deb o’ylab yurardim…
— Haqiqatdan ham shnaqa-da.

— Shu kishining bir gal qattiq jahli chiqqanini ko’rganman, — dedi Shukur aka, — uning “Yulduzli tunlar” romanini katta bir yig’inda katta bir olim (Shukur aka uning ism-sharifini aytgan edi,ayrim mulohazalarga borgan holda bu yerda keltirishni lozim topmadim — SH.B.) yuqorining topshirig’i bilan asossiz tanqid qilib qoldi-ku… Yana o’sha eski gaplar, Bobur shoh bo’lgan, uni qanaqa qilib maqtash mumkin deganday gaplar… Tepada o’tirganlar ham pastda o’tirganlar ham u nima uchun bunaqa deyayotganini bilib turibdi. U olim ham o’zining gapini aytayotgani yo’q. U yerda har xil gaplar bo’ldi, mayli ularni aytib o’tirmay. Oxirini eshiting, yig’in tugadi, haligi olim ham topshiriq asosida tanqidining asossiz yekanini bilganmi, ishqilib, hamma tashqariga chiqayotganda u Pirimqul akaning qarshisiga kelib ko’rishish uchun qo’lini uzatsa bo’ladimi? Voy tavba, juda g’alati xalqmiz-da, a? Pirimqul aka unga g’azab bilan bir qarab qo’ydi-da, bor-e, deya jerkiganicha yaxshigina so’z aytib so’kindi-da, uning qo’lini qayirib tashladi. Pirimqul akaning so’kinganini shunda birinchi va oxirgi marta eshitganman. Boshqa odam bo’lganda pazor
bo’lib yerga kirib ketardi. Qarasam haligi olim hech nima bo’lmagandek ketib borayapti. Vey, qiziq odamlar-da… Pirim­qul akaning jasoratiga o’shanda qoyil qolganman, ichimda maqtab, o’zimcha yashang, deb qo’yganman.

— Pirimqul akanikiga kirish niyatingiz yo’qmi? — deb hazillashdim.
— Yo’q, yo’q, yuring, — deya u yana yo’l boshladi.
Shukur aka shu tariqa u uyning oldida ham, bu uyning oldida ham to’xtab ijodkorlar haqida bo’lib o’tgan har xil gaplarni aytib berardi. Ba’zilarini o’zi ham tanqid qilib qo’yardi. Lekin, baribir, Shukur akaning hikoya yo’sinidan shu narsa sezilardiki, u o’zi mansub bo’lgan katta o’zbek adabiyotining taraqqiyotiga ijodi bilanmi, ijtimoiy faoliyati bilanmi hissa qo’shganlarni ich-ichidan hurmat qilar, ularning qadrini bilar, ulug’lar edi. Biz shhu tariqa aylanib yurib, bir mahal O’lmas Umarbekov yashayotgan uyning oldiga kelib qoldik.

Shukur aka bo’ynini cho’zib hovliga mo’raladi-da:
— Umarbekov uyda, — dedi.
— Kiramizmi?
— Ha, — Shukur aka bir zum nimanidir mulohaza qilib o’ylanib qoldi-da, so’ngra, — siz shu yerda qimirlamay turing, men hozir, — deganicha shaxdam yurib ketdi.
U besh-o’n daqiqadan so’ng qaytib keldi.
Qo’lida qog’ozga o’rog’lik nimadir bor edi.
Shukur aka uni ko’rsatib:
— Umarbekovda har xil viskilar borligi aniq, — dedi. — Lekin bunaqasi bor-yo’qligini bilmayman… Keyin u hozir ichmasayam kerak, o’zimiz maydalaymiz, —dedi.

O’lmas Umarbekov tashqarida stol qo’yib o’tirgan ekan.Uzun-qisqa bo’lib kirib borayotganimizni ko’rib u dar­hol o’rnidan turdi-da, bizga peshvoz kela boshladi.Ikki adib ming yil ko’rishmagan qadrdonlardek bir-birini obdon bag’riga bosishib ko’rishishdi.Men shu choqqacha O’lmas Umarbekov bilan hech yuzma-yuz bo’lmagan edim.

Shukur aka bilan ko’rishib bo’lgach u menga ham quchoq ochdi. Ikkalamiz quchoqlashib ko’rishib turganimizda Shukur aka bizni tanishtirib qo’yishga ham ulgurdi.O’lmas aka oilasidagilarga ishora bergandi, darhol stol ustiga dasturxon yozildi. U tomog’ini o’rab bog’lab olgan, ovozi chiqmas, fikrini imo-ishoralar bilan ang­latar edi. Uning yuz-ko’zlarida bizning kirib kelganimizdan nihoyatda xursand bo’lganini bildiruvchi ifodalar barq urib turardi.Dasturxonga chiroyli karjlangan tarvuz keltirildi.

— Shu bo’ladi, — dedi Shukur aka va keyin o’zi butilkaning qopqog’ini ochib O’lmas akaga, ichasizmi, degandek ishora qildi. O’lmas aka qo’lini ko’ksiga qo’ygancha, rahmat, ishorasini qildi. Keyin yana imo-ishoralar bilan sizlar bemalol, deganday dasturxonga peshma-pesh keltirib qo’yilayotgan noz-ne’matlardan olib o’tirishga qistardi. Shukur aka kirib kelishi bilan bu xonadonda o’zgacha xatti-harakatlar boshlanib qolganidan sezdimki, O’lmas Umarbekov va uning oila a’zolari Shukur Xolmirzaevning hurmatini joyiga qo’yishga intilishar, uni juda e’zozlagilari kelar ekan.

Shukur aka baland-baland tovushda so’zlar, O’lmas aka mayin tabassum ila uni diqqat bilan tinglar, o’rni kelganda o’zi ham imo-ishoralar qilar, biz uning nima demoqchi bo’lganini darhol fahmlab olar edik. Shu tariqa vaqt allamahal bo’lguncha o’ziga xos adabiy gurung davom etdi. Axiyri, biz ketishga izn so’radik.

O’lmas aka imo-ishoralar bilan «Uzoqlashib ketmanglar, men shu yerdaman, xohlagan vaqtlaringizda kelaveringlar», deya bizni tashqariga kuzatib chiqdi. Shu uchrashuv asnosida payqadimki, Shukur Xolmirzaev bilan O’lmas Umarbekov havas qilgulik do’st bo’lishgan ekan. Ular bir-birlarining hurmatini joyiga qo’yishar yekan.Bu ikki katta ijodkor do’stligining zamirida adabiyotga muhabbat, insoniy sifatlarni ulug’lash, bir avlod vakillari sifatida bir-birining qadrini juda yaxshi bilish, bir-birini to’g’ri tushuna olish his-tuyg’ulari bo’lgani shubhasizdir.

O’lmas Umarbekovning asarlari bilan tanish esam-da, Shukur akaning sharofati tufayli o’shanda uning o’zi bilan ilk marta yuzma-yuz ko’rishgan edim. Afsuski, so’nggisi hamu shu bo’lgan ekan.

5

O’zbekiston radiosi bosh rejissyori Rahmat Jumaev shinavanda, adabiyotni yaxshi biladigan, shoir-yozuvchilarni ko’rsa, avliyoni ko’rgandek quvonib ketadigan ijodkorlardan edi. Hozirga qadar radioning oltin zaxirasida Rahmat Jumaevning zamonaviy va mumtoz o’zbek adabiyotidan, jahon adabiyotidan o’nlab
radioinssenirovkalari, radiop`esalari saqlanadi, vaqti-vaqti bilan efirga uzatib turiladi. Shu kishining ham Shukur akaga mehri bo’lakcha, uning yangi asar yozishini kutib yurar, hali siyohi qurimasdan qo’lga kiritar va xursand holda bizning adabiyot va radioteatr deb atalgan muharririyatimizga kirib kelib:
— Shukur akadan yangi asar undirdim, — deb suyunchi olar edi.

O’shanda men bosh muharrir edim. Bizga qo’yiladigan o’ziga xos talablarni nazarda tutib:
— Qani, avval bir o’qib ko’raylik, — desam, Rahmat aka shoshqaloqlik bilan:
— Bilasiz-ku, Shukur aka yomon yozolmaydi, rejaga kiritavering, men ishni boshlaveray, keyin o’qiyverasiz, — derdi.
Muallif bo’lsa qorasiniyam ko’rsatmas, Rahmat aka uning radiodagi muxtor vakili kabi ish yuritardi. Shukur Xolmirzaevning “Bulut to’sgan oy” hikoyasini ham Rahmat Jumaev shu tariqa undirib keldi. Hikoya barchaga yoqdi.

Rahmat Jumaev shga kirishib ketdi. U aktyorlarni xonasiga chaqirib olib, soatlab repetitsiya o’tkazar, ovoz rejissyori bormi, bastakor bormi — barchasini avvaldan belgilab, asarni o’qib chiqishga majbur qilar, asar haqida ular bilan bahslashar, ko’ngli to’lgach, studiyaga buyurtma berib magnit tasmasiga yozib olishga kirishar edi.

Rahmat Jumaev bir kuni:
— Bo’ldi! — dedi.
Boshqa tashvishlar bilan yurganim uchunmi, yodimdan ko’tarilgan ekan:
— Nima bo’ldi? — deb so’radim.
— E, omon bo’ling-e?! — dedi Rahmat aka xafalangandek. — Men bir oydan ortiq kechani kecha, kunduzni kunduz demay ishlab yotsam-u, siz bo’lsangiz…

Miyamga darhol “Bulut to’sgan oy” urildi.
— Muallifning o’ziniyam xabardor qildingizmi? — deb so’radim o’zimni uning ginasini eshtmaganga olib.
— Shukur aka ertaga keladi, mening xonamda avval uchalamiz eshitib ko’raylik-a, fikrlar bo’lsa, aytarsizlar, keyin badiiy kengashga topshiramiz, — dedi Rahmat aka.
Men uning fikrini ma’qulladim.

Rahmat Jumaevning hamisha antikvar narsa-buyumlarni yig’ib yuradigan odati bor edi. Biron joyda shunaqa narsalarni ko’rsayam beixtiyor ko’zi yonar, iloji bo’lsa qo’lga kiritish payida bo’lardi.
Aytilgan vaqtda uning xonasiga bordim.
Shukur aka shu yerda ekan.
Ko’rishdik.
Rahmat Jumaev iltifot bilan antikvar chinni idishchalarga antikvar kumush qoshiqchalar solib hammamiz uchun qahva tayyorlab, oldimizga qo’yarkan:
— Xitoy chinnisidan, — deb qo’ydi.

Shukur aka unga bir qaradi-yu, indamadi, lekin qahvaga ham qo’l uzatmadi.
Rahmat aka magnitofon klavishini “bismillo” deb bosdi.
Magnitofondan diktorning o’ktam ovozi eshitildi: “Toshkentdan gapiramiz! “Bugun radioteatrda” turkumidagi adabiy-badiiy eshittirishimizni boshlaymiz.
Sizlarni O’zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzaevning “Bulut to’sgan oy” hikoyasi asosida tayyorlangan radiopostanovkani tinglashga taklif etamiz…”
Shundan so’ng asar voqealari boshlanishidan oldin ozgina musiqa yangray boshlaganida Shukur aka u yoq-bu yoqqa alanglab:
— Cheksam bo’ladimi? — deb so’radi.

Rahmat Jumaev uning oldiga antikvar billur kuldon qo’yayotib:
— Faqat sizgagina ruxsat, — deya men tomonga qiya qarab qo’ydi.
Men o’zimni uning so’zini eshitmaganga oldim.
Rahmat Jumaev qimmatbaho antikvar sigaretning yaltiroq qutisini ochib, qutining ortiga chertgandi, ikki-uchta sigaretning boshchalari “rostlan” buyrug’ini eshitgan askarlarday qutidan chiqib keldi.
Rahmat aka qutini Shukur aka tomonga uzatib:
— Marhamat, — dedi.

Shukur aka bir Rahmat akaga, bir uning qo’lidagi sigaret qutisiga qarab qo’ydi-da, pal`tosi cho’ntagidan o’zining “Astra” sigaretining qutisini chiqararkan:
— Rahmat, — dedi va bitta sigaret chiqazib labiga qistirdi.
Antikvar sigareti rad etilgan Rahmat Jumaev endi darhol antikvar chaqmog’ini Shukur akaning tumshug’i ostida yoqishga oshiqdi. Chirs etgan nozikkina tovush eshitildi-yu, chaqmoqdan alanga ko’tarildi, xayriyat, Shukur aka bu gal rad etmay undan sigaretini tutatib oldi.

Shu mahal musiqa tugab, taniqli aktyorlar ijrosidagi “Bulut to’sgan oy” hikoyasi asosidagi radiopostanovkaning asosiy qismi boshlandi. Ikki soat davomida Shukur aka miq etmay iyagini ushlaganicha diqqat bilan quloq solib o’tirdi. U ahyon-ahyonda stol ustida yotgan “Astra” qutisiga qo’l cho’zar, shunda Rahmat Jumaev ham chaqqonlik bilan antikvar chaqmog’ini Shukur akaning tumshug’i ostiga keltirib nozikkina chirsillagan ovoz chiqazdirib alangalatardi.
Asar yakunlanayotganda Shukur aka qahvadan bir-ikki ho’plab qo’ydi.
Nihoyat, radiopostanovkani eshitib bo’ldik.

Rahmat Jumaev o’ziga ishongan rejissyor bo’lsa-da, qandaydir hayajonlanayotganini ham bildirib qo’ymoqda edi. Uning ikki ko’zi Shukur akada: qani, nima derkin?
Shukur aka indamay o’rnidan turdi.
“Astra” qutisini ohista cho’ntagiga solarkan:
— Men radiodagi ishlarni ko’pam tushunavermayman, — dedi.
Iya, bu yog’i qanday bo’ldi?

Qanchadan-qancha asarlari radiolashtirilgan yozuvchi bu bilan nima demoqchi?
Rahmat aka menga, men Rahmat akaga qaradik.
— Televedeniening ishlariniyam ko’p tushunmayman, — dedi Shukur aka.
Nazarimda, u bir nima demoqchi-yu, gapni uzoqdan boshlayotganga o’xshab ko’rindi.
— Lekin bitta narsani bilaman, — dedi Shukur aka. — Antik davrda ham zo’r asarlar sahnada qo’yilgan… Bular ham zamonaviy sahnalar-da, o’zimga bunchalik ta’sir qiladi deb o’ylamovdim, — Shukur aka Rahmat akaning yelkasiga ohista qo’l tashlab, — Eplabsiz, — deb qo’ydi.
Rahmat Jumaevga shuning o’zi kifoya edi.

U hikoyaning o’zi zo’r yozilganini, unda yangicha munosabatlar ifodalanganini gapira boshlagandi, Shukur aka bu gaplarni o’ziga yaqinlashtirishni istamayotgandek qo’lini cho’zib:
— Xayr, — dedi.
— E, nimalar deyapsiz? — dedi Rahmat aka qo’rqib ketgandek. — Sizni kuzatib qo’yishga imkon topamiz… Shunday katta yozuvchi radioga keladi-yu, katta rejissyor kuzatib qo’ymaydimi?
Rahmat akaning bu gapidan Shukur akaning yuz-ko’ziga tabassum yugurdi.
— Xo’p, — dedi qarshilik qilmay.
Rahmat Jumaev va Shukur aka bilan quyi qavatga tushib, tashqariga chiqdim. Ular ikkalasi bir tomonga ketishdi. Meniyam taklif etishgandi, ba’zi bir zarurroqdek ko’ringan yumushlarimni bahona qilib, uzr so’radim. Ortga qaytayotsam, radioga kiraverishdagi eshik og’zida kimdir meni chaqirganday bo’ldi.
O’girilib qaradim.

Uch-to’rt odim narida Jo’rabek aka degan tanishimiz, shoshmang, degandek qo’lini silkitib, men tomonga tez-tez yurib kelmoqda edi.
Men to’xtadim.
Jo’rabek aka yetib keldi.
Quyuq so’rashdik.
Jo’rabek aka boshi bilan Shukur aka va Rahmat aka ketgan tomonga ishora qilib:
— Shukur Xolmirzaevmidi? — deb so’radi.

— Ha, Shukur Xolmirzaev edi.
— Siz u kishini yaxshi taniysizmi?
— Ancha-muncha.
— So’zingiz o’tadimi?
Sal-pal g’ashim keldi.

— Endi u kishi ustoz yozuvchi bo’lsa, — dedim, —mening so’zimga emas, o’zining fikriga suyanadi.
— Yo’q-yo’q, siz noto’g’ri tushunmang, — dedi Jo’rabek aka shosha-pisha. — Men aytmoqchiydimki… shu kishining suhbatlarini bir olsak… bir piyola choyga taklif qilsak.
— E, shunaqa demaysizmi?
— Shu-da.
— Choyga qaerga taklif qilmoqchisiz?
— Uyga-da… bolalar ham ko’rishsin, keyin faxrlanib yurishadi.
— Mayli, aytib ko’raman.
— U kishi nima desalar shu, — dedi Jo’rabek aka quvongancha.
Ertasi kuni qo’ng’iroq qilib Jo’rabek akaning taklifini aytgandim, Shukur aka biroz o’ylab turib:
— Vrach dedingiz-a, — deya qaytalab so’radi.
— Ha, vrach, — dedim Shukur akaning to’satdan, yo’q borolmayman, degan gapining oldini olish uchun, —sizning astoydil muxlisingiz ham, — deb qo’shib qo’ydim.
Nazarimda, Shukur aka keyingi gapimga unchalik e’tibor bermadi.
— O’zingiz ham borasizmi? — deb so’radi.

— Albatta.
— Qachonga?
— Vaqtini siz belgilaysiz.
— Indinga soat beshda, bo’ladimi?
— Xo’p.
Jo’rabek akaga qo’ng’iroq qilib, Shukur akani rozi qilganim haqida suyunchi so’radim.
— Mashina yuboraymi? — dedi Jo’rabek aka ham quvonganicha. — Mehmonning yoniga yana kimlarni chaqiray? O’n besh-yigirma kishiga joy qilsam bo’ladimi?
— Voy-bo’… to’y qilayapsizmi? Ko’pchilikni yig’mang, Shukur aka xokisorlikni yoqtiradigan odam.
— Mayli-mayli, baribir besh-o’n odam yig’iladi-da, — dedi hamon o’zinikini ma’qullab Jo’rabek aka. — Demak, beshda chiqsalaringiz besh yarimlarda yetib kelarsizlar-da. Biz Chilonzor tomonda turamiz, sizlarda ishlaydigan Abduqayum uyimizni biladi, aytib qo’yaman, tashkil qilib olib keladi.
— Xo’p, kelishdik.

Shukur aka va’dasini aniq bajaradigan odam edi. O’sha kuni o’n daqiqa kam beshda xonamga qo’ng’iroq qilib:
— Men keldim, — dedi.
Darhol ishni yig’ishtirib pastga tushdim.
Abduqayum ham xonanda Rustam Abdullaevning “Kombi” degan mashinasida yetib keldi.
— Rustam akaga torniyam oling dedim, — dedi Abduqayum. — Zarur bo’lib qolsa bir-ikkita qo’shiq ham davraga zeb beradi-da.
— Bir o’q bilan ikki quyonni uribsiz-da, — dedim Rustam akaning haydovchi bo’lib kelganini nazarda tutib.
Abduqayum qiqirlab kuldi.
Shukur akani oldinga o’tkazdik.

Abduqayum bilan men orqada. Abduqayum bo’ynini Rustam aka tomonga cho’zgancha yo’l ko’rsatib bordi.
Jo’rabek aka elburutdan bashorat qilganidek roppa-rosa soat besh yarimda u yashaydigan ko’p qavatli uyning pod’ezdiga yetib keldik.
Biz mashinadan tushdik.
Jo’rabek aka lapanglaganicha bizga peshvoz yugurib keldi.
U hammamiz bilan bir-bir quchoqlashib ko’risha ketdi. Mening qulog’im ostiga esa nuqul:
— Rahmat, rahmat, — der edi.
Uning qattiq hayajonlanayotganini payqadim.

Kenggina zal o’rtasida yonma-yon qo’yilgan xontaxtalarga umumiy qilib dasturxon to’shalgan, dasturxon ustida yo’q narsaning o’zi yo’q edi, bir so’z bilan aytganda, dasturxon juda to’kis bezatilgan edi.
Shukur akaning hurmati uchun uning yoniga chaqirilgan qo’ni-qo’shni, tanish-bilish mehmonlar sipo bo’lib turishardi. Ular, o’ting, o’ting deyishib, Shukur akani eng to’rga o’tkazishdi. Shukur akani yig’ilganlarga tanishtirishning hojati bo’lmadi, qolganlar asta-sekin bir-birlari bilan tanishib olaverishdi.
Oz-ozdan aroq ham qo’yildi.

— Aylanayin, siz Qashqadaryodan-a? — deb so’rab qoldi Shukur aka bir mahal Jo’rabek akadan.
Mezbon sifatida poygakda cho’k tushib o’tirgan Jo’rabek aka savolga javob berish uchun “dik” etib o’rnidan turayotgandi, Shukur aka qo’li bilan ishora qilib:
— E, o’tiravering, — dedi.
Jo’rabek aka negadir terlab-pishib joyiga o’tirarkan:
— Ha, — deganicha Shukur akaning savoliga kalta javob qaytardi.
— Vrachman deng?
— Shunaqa… kardiologiya bo’yicha.
— Chexov ham vrach bo’lgan, Bulgakov ham vrach bo’lgan, — dedi Shukur aka nimalarnidir eslagandek bo’lib. — Chexov — zo’r yozuvchi. Bu behuda emasdir, a? Ob’ekt baribir inson-da. San’at yo’lida Leonarda da Vinchi plastik anotomiyaga ham asos solganidan xabaringiz bormi?

— Ha, — dedi Jo’rabek aka murakkab savol tushib qolishidan qo’rqqan talabadek boshini egib.
— U yigirma sakkizta o’likni yorib, inson tanasidagi tolalarni o’rganganidan shunday fan kelib chiqqan, — davom etdi Shukur aka. — Demak, san’atda ham aniqlik lozim ekan. Tolstoy bobo, hatto, san’atda fandagidan ko’ra ko’proq aniqlik kerak, deb aytgan. Innaykeyin, u musiqaga ham jiddiy qaragan. Qadimgi Xitoyda har
qanday odamning qo’liga musiqa asbobini tutqazish man etilgan degan, san’at turlari ichida musiqa odamni tezda yo’ldan chiqaradi degan…

Rustam Abdullaev bu gaplarni darhol o’ziga olib:
— Shukur aka, bu gaplarni mumtoz musiqaga nisbatan ham qo’llash mumkinmi? — deya ilmoqli savol tashladi.
Shukur aka Rustam akaga bir muddat sinovchan nazar tashlab turdi-da:
— “Shohnoma”da Borbad afsonasi borligini bilasiz-a? — deb so’radi.
— Bilaman, — dedi ishonch bilan Rustam aka. — U tarixiy shaxs bo’lgan, musiqa asbobi yaratgan.
— Yashang, — deya uni maqtadi Shukur aka. — Shu Borbad ham o’sha yasagan asbobini o’nglab chalsa tinglovchilar yig’lashgan-a, teskarisini chalganda tinglovchilar qah-qah otib kulaverishgan-a… Shunaqamidi yoki teskarisimidi?
— Ishqilib, shunaqa-da, — dedi Rustam aka mayda-chuydalariga e’tibor berib o’tirmaylik degandek.
— Ha, yashang, — dedi Shukur aka. — Ko’rayapsizmi, o’sha Borbad deganingiz ham o’zi yasagan asbobini unaqasiga chalsayam, bunaqasiga chalsayam tinglovchini ekstaz holatga olib kirayapti… Bu yaxshimi? O’ylab ko’rish kerak.
— Me’yorida bo’lsa-chi? — deb so’radi endi Rustam aka o’zini oqlamoqchi bo’lgandek.
— Albatta, me’yorida bo’lgani durust, — dedi Shukur aka. — Xalq o’ziga zarurini olishi kerak, lekin o’ziga zarurini olar ekan deb unga duch kelganini
tiqishtirmaslik kerak.

Shukur Xolmirzaevning barcha asarlari umumturk adabiyotining yuksak namunalari ekaniga shubha yo’q. Faqat bu asarlar turkiy tilda so’zlashuvchi dunyo xal­q­lariga hali yetib bormadi, yetib borsa, ular yozuvchi yaratgan qahramonlar orqali o’z urug’larini, yaqinlarini, qondoshlarini darhol tanib, topib oladilar.

Shukur Xolmirzaev fenomeni hali qo’riqligicha ochilmay turibdi.

Gap uning asarlari haqida ilmiy ishlar yozish-u, ilmiy unvonlar yoqlab olishda ham emas. Hamma gap uni Shaxs va Ijodkor sifatida idrok eta olishda: shundagina uni barpo etgan Muhit va uni mutassil to’lg’oqqa solgan Dard sir-asrorlari namoyon bo’ladi. Uning nimalar qilganini ko’pchilik biladi yoki jilla qursa, shuni bilaman, deb o’ylashadi, lekin, endi uning bizga nimalar berganini o’ylashimiz va mis­qol-misqollab o’lchab olaverishimiz kerak. Shunda u qoldirgan xazinadan qo’ni-qo’njimiz to’lib-toshib ketadi, bu boylik ongu tafakkurimizni o’zgartiradi, qalbimizni yangilaydi, turmush tashvishlaridan egik qaddimizni ko’taradi, yelkalarimizni yuksaltiradi — u saxiy, uning qoldirgan merosi barchaga yetadi, faqat xazina yonidan bilmay o’tib ketib qolmasangiz,bas.

Shukur Xolmirzaev qoldirgan ulkan xazinaning eshik-darvozalari ham son-sanoqsizdir. Shunday eshiklardan birining tepasiga zarhal harflar bilan yozilgan “O’zbek xarakteri” degan yozuvni o’qidim. Eshik ortida dunyolarga tengsiz zumradu zabarjadlar, olmos-u, yoqutlar borligini aytishdi.
Botir cho’pon bir og’iz so’z aytsa, ular duvva-duvva to’kilar ekan.
Botir cho’ponning xotini bir og’iz bir nima desa, ular tinimsiz yog’ilar ekan.
Chunki ularning bag’rida cheksiz dunyo bor ekan…

Bu eshikdan kirganlarning qulog’iga guyo olis-olislardan kelayotgandek tuyulsa-da, biroq, yaqinginadan shunday so’zlar urilarkan, ularni hayqirib aytsa ham bo’larkan, ularni shivirlab aytsa ham bo’larkan.
Bu abadiy barhayot insonning so’zlari, bu Shukur akaning ovozi edi:
“Xo’sh, bu yerda nimani ko’rding, nima xulosaga kelding, deb so’rarsiz?
Men bu yerda…oddiy-jaydari, sodda o’zbekning keng­ligi, to’poriligini ko’rdim.
Ishonasizmi, avtobusga o’tirganimdan keyin sovuq oynadan laylakqorga qarab yig’lar edim: ana shu o’zbeklarning bag’rikengligi uchun ne-ne qiyinchiliklarga, faqirlikka qaramay, fe’li tor bo’lmagan, ajib-afsonaviy mehmondo’stligi instinkt kabi mavjud qolgani uchun…ichimda, ich-ichimdan quvonib yig’lardim”.

Insoniyat olg’a intilmoqda.
Dunyo olg’a intilmoqda.
“Don Kixot”ni hamon faxrlanib qo’ltiqlab yurgan ovro’polik talaba kosmos orbitasiga o’zining mo»jaz kemasini yuborib, tafakkurning yangi bosqichlariga ko’tarilarkan,buning uchun tasavvurini boyitgan boyaqish lamanchlik Idal`godan cheksiz minnatdor bo’layotganini yashirib o’tirmay dunyoga jar soladi.
Kelajak ufqlariga porloq ko’zlarini qadab quvonayotgan bizning baxtiyor talabamiz ham faqat olg’a boqmasdan, bir-bir ortga nazar tashlasa, adib qoldirgan xazinaning son-sanoqsiz eshiklariga nigohi tushadi. U ham astoydil istasa bu eshiklar ortida Idal`gonikidan kam bo’lmagan sir-sinoatlar yashiringaniga guvoh bo’lsa, ajabmas.
Bu xazinaning boshqacha dafinalardan farqi shundaki, u hech qachon tugamaydi, o’zbek degan millat bor ekan, hamisha — yillar va asrlar osha ham unga bo’lgan ehtiyoj tobora oshgandan-oshaveradi.
Jo’rabek akanikida ziyofat allamahalgacha davom etdi.

09

(Tashriflar: umumiy 267, bugungi 1)

Izoh qoldiring