Sirojiddin Ahmad. Nafosat olamining zahmatkashi & Nabijon Soliev. Bilgich olim va tarjimon

011
Саҳифамиз таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Тўхтасин Жалолов таваллудининг 105 йиллигига бағишланади.

Олимнинг сермаҳсул ижод даври эллигинчи йилларнинг ўрталаридан бошланади. У муҳаррир, илмий ходим, адабий ходим лавозимларида фаолият юритиб, турли мавзудаги мақолалари билан жамоатчилик назарига тушади, Миртемир таъбири билан айтганда “билгич олим ва таржимон” сифатида ном чиқарди. Бирин-кетин нашр этилган “Ўзбек шоиралари”, “Хамса” талқинлари”, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Бону”, “Яшасин, табассум”, “Нафосат оламида”, “Гўзаллик оламида”, “Қизлар қасидаси” каби рисолалари эл-юрт меҳр-муҳаббатини қозонди, ўзига мухлислар орттирди.

Тўхтасин Жалолов булардан ташқари ҳинд халқ китоби “Тўтинома” ва “ҳинд эртаклари”ни, машҳур тожик ёзувчиси Сотим Улуғзоданинг “Ёшлигимиз тонги”, “Восеъ” романларини, “Гавҳари шамчироқ” комедиясини, Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”ини, рус адибаси В.Смирнова-Ракитинанинг “Абу Али ибн Сино қиссаси” асарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Айниқса, улуғ ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор ижодидан қилинган таржималар ўзбек бадиий таржима санъатида янги саҳифа очди.

033
БИЛГИЧ ОЛИМ ВА ТАРЖИМОН
Набижон Солиев
02

Йигирманчи аср ўзбек адабиётшунослигига салмоқли ҳисса қўшган заҳматкаш олим ва адиб Тўхтасин Жалолов «Гўзаллик оламида» китобида: “Отам Мулла Жалол Қоратепанинг тубжой аҳолисидан бўлиб, онам Хайринисо Шаҳрихон районининг Яккатут маҳалласидан бу ерга тушган экан. Отам мадрасада таҳсил кўрган, хатимкарда мулла бўлса ҳам, ота мерос ерларида деҳқончилик, боғдорчилик қилар эди. Тўғри, у кишининг мактабдорлик қилган йиллари ҳам бор, мен ўзим ҳам, беш ёшимда, биринчи сабоқни отамдан олганман, худди шу маънода у киши мен учун “Устози аввал”, албатта”, деб ёзган эди.

Бўлажак олим 1914 — 1918 йилларда эски усулдаги маҳаллий мактабларда, 1917 йилги октябр тўнтаришидан сўнг Фарғона шаҳридаги икки йиллик муаллимлар тайёрлаш курси(педкурс)да таҳсил олади. 1926 йилдан 1930 йилга қадар Шаҳрихон туманида ўқитувчи бўлиб ишлаб, Самарқанддаги Педагогик академияда ўқий бошлайди. Ёз ва куз ойларида бериладиган таътил чоғларида ўқитувчилик касби билан шуғулланади.

Одатда, ҳар бир инсон ҳаётида унинг келажагини белгилайдиган, тақдир йўлларини бошқа ўзанларга буриб юборадиган таъсири билан бир умр ёдда қоладиган кунлар, ҳодисалар бўлади. 1936 йил Тўхтасин Жалолов учун ана шундай қутлуғ йил бўлди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Маориф комиссарлиги уни Шаҳрихондан Тошкентга чақиртириб олади. Тошкентда у дастлаб қишлоқ хўжалик олий мактабида, кейинроқ республика маориф уйида ва ҳуқуқ институтида дарс бера бошлади. Пойтахтдаги нуфузли ўқув даргоҳларида муаллимлик қилиш билан бирга, педагогика институтига кириб ўқиди. У ерда йирик адабиётшунос олимлар — профессор Ҳамид Сулаймон ва Олим Шарафиддинов билан яқиндан танишди, уларнинг ўзбек адабиёти, антик дунё адабиёти, ўрта асрлар ва ғарб адабиётлари тарихидан ўқиган маърузаларидан катта маънавий озиқ олди. Институтни имтиёзли диплом билан тугатиб, илмий кенгаш қарорига кўра, шарқ адабиёти муаллими лавозимида ишлашга тавсия этилди.

Ана шу йилларда ўзбек халқининг улуғ фарзанди, давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган куннинг 500 йиллик тўйи тантаналарига тайёргарлик ишлари бошланиб кетган эди. Алқисса, ана шу тўйга тайёргарлик чоғларида Олим Шарафиддинов Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида салмоқли рисола яратди. Мазкур рисола катта шов-шувларга сабаб бўлди, чунки бу рисола эълон қилингунга қадар шоир шахсига турлича баҳо бериб келинар эди.

Олим Шарафиддинов рисоласи Алишер Навоий ҳақидаги тор, бирёқлама қарашларни рад этди, улуғ шоир асарларини кенг ташвиқ қилиш, ижодини чуқурроқ ўрганиш каби жиддий масалаларни кун тартибига қўйди. Ёш тадқиқотчи Тўхтасин Жалолов устози Олим Шарафиддинов мадади ва кўмагига таяниб ҳамда маслаҳатларидан илҳом олиб, улуғ шоирнинг шоҳ асари — “Хамса” бўйича тадқиқот ишлари олиб борди. Бу изланишларнинг маҳсули ўлароқ юзага келган “Хамса” талқинлари” илмий асари адабиётшунослик майдонига ўзига хос истеъдод кириб келганидан дарак берди.

“Хамса” талқинлари” ёш олимнинг дастлабки жиддий тадқиқоти, ҳам эътиборга лойиқ салмоқли асарларидан бири бўлиб қолди. Йиллар ўтди. Бу қалдирғоч тадқиқот юзлаб, эҳтимол минглаб ёш адабиётшунослар қалбига ўт солди, уларда мумтоз адабиётимизга, Навоий ҳазратлари ижодига меҳр-муҳаббат уйғотди. Асарнинг 1968 йилдаги нашрига муаллиф мўъжаз кириш сўз ёзишни лозим топади ва унинг ниҳоясида жумладан шундай сатрларни битади: “Хамса” талқинлари” менинг адабиёт соҳасидаги биринчи қадамимдир. Мен бу даргоҳга улуғ бобомиз Навоийнинг муборак қўлларини ўпиб кирганман”.

Рисолада муаллиф “Хамса” эпопеясидаги ҳар бир достонни алоҳида-алоҳида таҳлил қилиш йўлини танлайди. Беш достонни батафсил таҳлил қилгач, “Хамса”нинг тилини ва бадиий хусусиятларини таҳлил қилишга ўтади, ғоявий-бадиий хусусиятларига эътибор қаратади, достонлар яратишда Навоий олдида турган мақсад ва вазифаларни ойдинлаштиришга интилади. Характерли жойи шундаки, шу муносабат билан ўша даврда тилга олиш ғоят хавфли бўлган Амир Темур шахсига ижобий муносабат билдиради.

Бу йиллар Тўхтасин акани илмий-адабий жамоатчиликка қалами ўткир журналист сифатида ҳам танитди. Олим дастлаб “Қизил Ўзбекистон”(ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида санъат-адабиёт бўлими мудири лавозимида ишлади ва Алишер Навоий юбилейига тайёргарлик ишларига бош-қош бўлди, Навоий даври адабий муҳити, бебаҳо асарлари тўғрисида мақолалар эълон қилди, шу билан бирга, олий таълим муаммоларига доир масалалар билан ҳам шуғулланди. Жумладан, 1939 — 1940 йилларда педагогика институтлари учун “Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси (VIII — XV асрлар)”ни тузиб, нашр эттирди. Бу хрестоматия ўша йиллари ҳам, ундан кейинги йилларда ҳам мумтоз адабиётимизни ўрганишга қулайлик туғдирувчи манбалардан бўлиб қолди.

Бироқ шахсга сиғиниш даврининг ёвуз шамоллари Тўхтасин Жалоловни четлаб ўтмади, уни 1941 йил 6 июл куни қамоққа олишди ва роппа-роса 14 йил олим Сибир ва Узоқ Шарқдаги турмаларда, лагерларда, сургунларда сарсон-саргардон ҳаёт кечирди. Оғир уқубатли кунларни, азобу хўрланишларни бошдан кечирди. Юрмаган йўли, қилмаган иши қолмади.

Сталин ўлимидан бир ярим йил ўтгач, 1954 йил октябр ойида уни оқлаб, озодликка чиқаришади. Шундай қилиб, сарсон-саргардонликда ўтган 14 йилдан сўнг 1955 йил январида Т.Жалолов Тошкентга қайтиб келади. Бироқ мустабид ҳукмдор ўрнатган маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ёзилмаган қонун-қоидаларига кўра, қамоқдан қайтган ва ҳатто оқланган бўлса ҳам, “собиқ сиёсий маҳбус”га нисбатан ишончсизлик кўзи билан қараш, масъул лавозимларга яқин йўлатмаслик кайфияти сақланиб қолган эди. Узоқ сансалорликлардан кейин, ниҳоят 1955 йил июнида уни «Ўзбекистон» давлат нашриётига ишга қабул қилишади.

Олимнинг сермаҳсул ижод даври эллигинчи йилларнинг ўрталаридан бошланади. У муҳаррир, илмий ходим, адабий ходим лавозимларида фаолият юритиб, турли мавзудаги мақолалари билан жамоатчилик назарига тушади, Миртемир таъбири билан айтганда “билгич олим ва таржимон” сифатида ном чиқарди. Бирин-кетин нашр этилган “Ўзбек шоиралари”, “Хамса” талқинлари”, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Бону”, “Яшасин, табассум”, “Нафосат оламида”, “Гўзаллик оламида”, “Қизлар қасидаси” каби рисолалари эл-юрт меҳр-муҳаббатини қозонди, ўзига мухлислар орттирди.

Олим, аввало, янги давр навоийшунослигига улкан ҳисса қўшди. Иккинчидан, адабиётимиздаги аёл шоиралар ижодини ўрганиш ва тадқиқ этишга киришиб, муҳим натижаларга эришди. Кейинчалик яна шу мавзуни давом эттириб, замондош шоиралар ижодини ўрганишни бошлаб берди, янги истеъдодларни кашф этди. Учинчидан, жаҳон адабиёти ва қардош халқлар адабиётидан таржималар қилиб, ўзбек китобхонини мумтоз сўз санъати намуналари билан таништиришди .

Чинакам олим салафлари очган сўқмоқлардан илм-фан чўққилари сари юқори кўтарилишни ўзига эп кўрмайди, балки қийналиб бўлса-да, синалмаган сўқмоқлар очишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу йўлда дуч келадиган машаққатларни енгиб ўтишда жасорат намуналарини кўрсатади, учрайдиган тўсиқларни енгиб ўтишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билади. Тўхтасин Жалолов фаолиятини кўздан кечирганда курашчанлик туйғуларини туйгандек бўлдик. Зеро, рубоий жанрида Умар Ҳайём билан бўйлаша оладиган Паҳлавон Маҳмудни, сеҳрли ғазаллар ва “Лайли ва Мажнун” достонини яратиб, устози Навоий билан ижодий мусобақа қилишга журъат этган озар Фузулийни кашф этиш, уларнинг назмий меросидан халқимизни баҳраманд этишга жаҳд этиш ҳамма тадқиқотчининг қўлидан келавермас эди. Тўхтасин Жалолов булардан ташқари ҳинд халқ китоби “Тўтинома” ва “ҳинд эртаклари”ни, машҳур тожик ёзувчиси Сотим Улуғзоданинг “Ёшлигимиз тонги”, “Восеъ” романларини, “Гавҳари шамчироқ” комедиясини, Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”ини, рус адибаси В.Смирнова-Ракитинанинг “Абу Али ибн Сино қиссаси” асарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Айниқса, улуғ ҳинд мутафаккири Робиндранат Тагор ижодидан қилинган таржималар ўзбек бадиий таржима санъатида янги саҳифа очди.

Булардан ташқари, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб, кўп йиллар давомида “Олой маликаси” тарихий романи устида иш олиб борди, “Олтин қафас”, “Асл айнимас” номли автобиографик қиссалар ёзди, Алишер Навоий дунёқараши хусусида баҳс юритувчи “Фалсафий талқинлар” номли рисола тайёрлади.
Бу йил ( 2009 йил) атоқли олим Тўхтасин Жалолов таваллудига юз йил тўлди. Афсуски, умр деганлари ўткинчи ва бебақодир. Тасалли берадигани шуки, олимдан сермазмун рисола ва китоблар қолди. Бу китоблар яна юзлаб таъби назм шогирдларни тарбиялаб вояга етказди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.

04

Жалолов Тўхтасин (1909.21.7, Фарғона тумани — 1984.13.4, Тошкент) — ёзувчи, адабиётшунос ва таржимон. Фарғонадаги пед. курсини тугатгач (1925), Шаҳрихонда ўқитувчилик қилган. Самарқанд пед. институтида ўқиган (1931—33). Тошкентдаги кечки педагогика институтини тугатиб (1938), шу институтда, «Қизил
Ўзбекистон» газ.да (1938— 41) ишлаган. Қатағон қилиниб, Сибир ва Узоқ Шарқдаги қамоқ лагерларида ва сургунда бўлган (1941 й. июл — 1955 й. январ). 1955 й.да оқлангач, Ўзбекистон давлат нашриётида ва Бадиий адабиёт нашриётида (1955—61), Ўзбекистон ФА нинг Тил ва адабиёт институтида (1961), «Шарқ юлдузи» жур.да (1962— 63) ишлаган. Адабиётшунослик фаолиятида Навоий ижодини тахлил қилиш («Хамса талқинлари», 1960, 1968), ўзбек шоиралари меросини тўплаш ва тадқиқ этиш («Ўзбек шоиралари», 1959, 1970, 1980; «Бону» 1963; «Қизлар қасидаси», 1976) ҳамда ўзбек адабиёти, хусусан шеърияти масалалари бўйича тадқиқотлар («Яшасин табассум», 1965; «Нафосат оламида», 1974) асосий ўрин тутади. «Паҳлавон Маҳмуд»(1961) илмий асарини ёзган, «Ўзбек адабиёти тарихи» хрестоматияси 1-жилдини (1941) тузган. «Олтин қафас»(1962) қиссаси муҳаббат мавзуига бағишланган. Асарда моддий бой, аммо маънавий қашшоқ инсонлар оилавий ҳаётда ҳеч қачон бахтли бўлолмайдилар, деган фикр олға сурилган. Р. Тагор, С. Айний, Паҳлавон Маҳмуд, Лоҳутий, В. Смирнова Ракитина ва б. ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

04

05
НАФОСАТ ОЛАМИНИНГ ЗАҲМАТКАШИ
Сирожиддин Аҳмад
09

20-йилларнинг охири, 30-йилларнинг бошларида, бевосита шўро тарбиясини олиб вояга етган зиёлилардан бир гуруҳи 40-50 йилларда асоссиз равишда қамоққа олинди.

Сабаби… Ўша даврдаги Ўзбекистон республикаси Ички Ишлар Халқ Комиссари (НКВД) Амаяк Кобулов ўз акаси — Масковда шу соҳа бўйича раҳбарнинг ўринбосари Б. Кобуловга ишониб, кўнглига сиққан жиноятларни амалга оширади. У ўзининг ёрдамчилари билан режалаштирган жиноятлардан бири Ўзбекистоннинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари Муҳаммаджон Йўлдошев ва Тошмуҳаммад Қори-Ниёзийни қамаш ва ўзбек халқини улар раҳбарлиги остида Ўзбекистонни шўролар ҳукуматидан ажратиб олиб, буржуа республикаси қуришда айблаб, жаҳон халқлари кўз олдида очиқдан очиқ жиноятчига айлантириб, каттакон репрессив жараённи бошлаш, “халқлар доҳийси”нинг эътиборини ўзларига жалб этиш эди.

Ана шу афсона — туҳматни тасдиқлатиб олиш учун Ўзбекистон фирқа Марказқўмининг учинчи котиби С. Азимов, марказқўм ходими С. Ҳусаинов, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг ходимлари — Ю. Латиф, Ғ. Расулов, Т. Жалолов, “Ёш куч” журналининг масъул котиби О. Одилий каби ўзбек матбуотининг таниқли вакиллари қамоққа олинадилар.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси шўролар ҳукуматига сидқидил берилган, халқ, давлат ва адабиёт манфаатига хизмат қилган кишилар. Ёш адабиётшунос, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг “Адабиёт ва санъат” бўлими мудири Тўхтасин Жалолов (1909-1984) ҳам бундан истисно эмас.

Тўхтасин Жалолов тергов материалларига қараганда, шаҳрихонлик, аммо ўзининг ёзиши бўйича Марғилонга қарашли Қоратепа қишлоғида Мулла Жалол ва Хайринисо Муҳаммад Ишоқ қизи оиласида дунёга келган. Вояга етгач, 1914-1918 йилгача эски усулдаги мактабда ўқийди, сўнг Фарғонага келиб 1924-1925 йилларда педкурсни тугаллаб, билимини ошириш мақсадида 1930-1933 йилларда Самарқандга бориб, педакдемияда таҳсил ола бошлайди. Аммо 1933 йили отаси вафот этиб, оиласи оғир аҳволга тушгач, Шаҳрихонга қайтиб, 1934-1936 йилларда ўқитувчилик билан шуғулланади. Кейин Тошкентга келиб, кечки педагогика институтида таҳсил олади (1936-1938) ҳамда қишлоқ хўжалик олий мактабида, ҳуқуқ институтида тил муаллими бўлиб ишлайди, институтни тугатгач, шарқ адабиёти муаллими сифатида ишда қолдирилади.

Институтда ўқиш чоғида шоир Юнус Латиф билан танишиб, дўстлашади. “Мен 1938 йилда Педагогика институти раҳбариятига ўқув программасини тузишда ёрдам беришларини сўраб бордим, — дейди Юнус Латифий 1942 йил 4 февралда ўтказилган сўроқда. — Раҳбарият менга Тўхтасин Жалолов раҳбарлигида ўн нафар юқори курс талабаларини ажратди. Программани ишлаб Маориф комиссарлигига топширдик. Шунда мен ва И. Маҳсумов Т. Жалоловга ўқитувчиликни ташлаб, редактсияга ишга ўтишни таклиф қилдик”.

Тўхтасин Жалолов газетага келгач, матбуот ходимлари билан танишади. Улар бир-бирларининг уйида 1940 йил ноябр-декабр, 1941 йил январ, март, июн ойларида учрашиб, гурунглашадилар. Суҳбат чоғида Навоий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийнинг ман этилган асарлари ўқилади. Уларнинг бадиий маҳорати таҳлил қилинади. Бу суҳбатни аллакимдир тескари талқинда тегишли жойга етказади.

Рус адабиётида “пасквил” деган жанр бор. Бу инсонни, жамиятни ҳажв қилувчи эмас, балки таҳқир қилувчи мазахдан баттар нарсадир. А. Қобулов раҳбарлиги остида олиб борилган жиноий ишни биз бир сўз билан “пасквил”, ўзбекчасига “қабоҳат” деймиз.

А. Қобулов 1941 йилда Ўзбекистон НКВДсига бошлиқ бўлиб келгач, ўзини кўрсатиш учун кутилмаган жойдан, суриштирилмаган, текширилмаган, енгил-елпи хабарлардан, туҳматлардан хулоса қилиб, йўқни йўндирувчи ходимлари ёрдамида ажал тегирмонини ишга солади. Улар республиканинг етакчи раҳбарларини қамашни режалаштирган бўлсалар-да, аммо бу ишни амалга ошириш учун қўлларида ваколат ҳам, бирорта айбловчи далил ҳам йўқ эди. Улар қамашмоқчи бўлган мансабдор кишиларни ҳибсга олиш учун Масков рухсат бермас эди. Шунга қарамай “Ўзбекистонда шўролар ҳукуматини ағдариб, буржуа республикаси қурмоқчи бўлган аксил­шўровий, исёнчи ташкилот” борлиги, унга Қори-Ниёзий, М. Йўлдошев, С. Ҳусаинов, С. Азимов раҳбар деб режа тузилади. Ана шу режага мувофиқ С. Ҳусаинов, С. Азимов, Ю. Латиф,
Ғ. Расулов, О. Одилий, А. Ҳошимов (Сталинобод вилоят, Шаҳринавлик ўқитувчи), С. Эминов (Тошкентдаги “Тароқчи” артели ошпази), Т. Жалолов жами саккиз киши 1941 йил июл-октябр ойларида қамоққа олинадилар. Ҳаммаларига бир айб қўйилади.

Ўзбекистон Марказқўмининг учинчи котиби Сулаймон Азимов сохта протоколларга мажбуран қўл қўйдирилганига, хўрликларга чидай олмайди. Юқорига ёзган хатида: “Инсон мўътадил уйқу билан тирик. Менга узоқ вақт мобайнида уйқу беришмади. Бошимни тута олмайман, ўзидан ўзи кўз юмилиб бош осилиб кетаверади, шунда назоратчи темир эшикни тақиллатади. Потпул нақ тсемент­дан иборат. Мен тирикманми, ёки ўликманми, ўзим ҳам фар­қига бора олмай қолдим. Менинг иродам, қалбим, фаҳмим, бирор нарсани фарқлайдиган қобилиятим тамом ўлдирилган. Мен ўзимни одамми ёхуд бош­қа бир ҳайвонми фарқига бормай чайнаб ташлайдиган оч бўрининг панжасида тургандек сезардим. У яъни (терговчи — С.А.) мени ажал даҳшати остида Жалолов ва Латипов кўрсатмасини тасдиқлаш учун зўрларди: “Уларга рози бўл, бўлмаса тирик қолмайсан”.

Номлари зикр этилганларнинг оила аъзоларидан, хусусан, С. Азимовдан тушган аризалар маълум ташкилотларни тебратиб, ишни бошқатдан кўриб чиқишга мажбур қилади. Ўша вақтдаги Ўзбекистон Ички Ишлар министри А. Бизов собиқ Иттифоқ Ички Ишлар министрининг ўринбосари К. Лунев номига мутлақо махфий хат йўллайди: “Сизга илгари тақдим этилган СССР Ички ишлар Комиссарининг собиқ ўринбосари Б. З. Кобуловнинг А. З. Кобулов номига ёзган хатига қараганда, С. Азимов ва бошқаларнинг тергов иши ўша даврдаёқ шубҳа уйғотган.

А. З. Кобулов даврида Ўзбекистон НКВДсида ишлаган ходимларнинг гапига қараганда, бу ишни текшириш учун Тошкентга СССР Ички Ишлар минис­тр­лиги СПУ бошлиғининг ўринбосари
И. Илюшин раҳбарлигида келганлар ҳам бу иш материаллари ҳақиқатга тўғри келишига шубҳа билан қараганлар.

Кейинчалик бу иш масаласида Тошкентга СССР Ички Ишлар министрлигининг махсус ишлар бўйича тергов бўлимининг ходими (ҳозир Абакумов иши билан ҳибсга олинган) Швартсман келган бўлиб, у Меркулов номига С. Азимов ва бошқаларнинг айблов иши бўйича Махсус Кенгашнинг икки кишини отув ва қолган айбдорларни турли муддатга ҳукм қилинганликлари ҳақидаги “Рапорт” берган.

Оқибатда ушбу иш бўйича ҳибсга олинганлар (Тўхтасин Жалолов мустасно) ўз кўрсатмаларидан воз кечдилар, улар кўрсатмалар терговчилар томонидан мажбурий равишда олинганини маълум қилдилар”.

1942 йилда С. Ҳусаинов, С. Азимов ва бошқалар ишини текширган Л. Швартс­ман 1954 йил 18 февралда берган сўроқда нима учун Т. Жалолов “айбига иқрор”лигича қолганини аниқ шарҳлаб бера олмаса-да, аммо баъзи нарсаларга ойдинлик киритади: “Ўша пайтда СССР НКВДси раҳбарлигида мавжуд бўлган ўзаро қариндошчилик ва қўллаб-қувватлаш одатига кўра А. Кобуловнинг айбини четлаб ўтдим. Чунки мени сафарга унинг акаси Б. Кобулов юборган эди”. Аммо Швартсман Кобуловнинг айбини пана қилиш, Т. Жалолов оғзидан “Тушунинг, ягона ниятим, энди ўзимнинг барча жиноятларим тўғрисида гапириб, алоқаларимни тутиб беришдир…” деган жумлани юлиб олиш билан чекланди. Бу гапларни маҳбус қайдан олиб гапиряпти, терговчилар тазйиқ ўтказганми, у сўроқ қилаётган киши самимий гапиряптими-йўқми, иши йўқ, қозон ёпиқлигича қолаверади.

Тўхтасин Жалолов бошига тушган савдолар 1954 йил июл ойида Магадан ички ишлар терговчиси Пуляев томонидан ўтказилган сўроқларда ҳам ўз кучида қолаверади. Сабаби, ёлғондан, аёвсиз калтаклардан ва қабоҳатдан чарчаган адиб ҳеч кимга ишонмай қўйган, бу тузумни ҳақ ва ҳақиқатни билишни истайдиган ёки эшитишни хоҳлайдиган текширувига ҳам аҳамиятсиз қарашга мажбур эди. Аммо атроф муҳитда бўлаётган ўзгаришлар, айрим маҳбусларнинг нажот топаётганларини эшитиши унинг қалбида ҳам бир умид ҳосил қилади. У иродасини тўплаб таваккалига ишонч ҳосил қилади:

СССР Министрлар совети
қошидаги давлат хавфсизлик қўмитаси раиси генерал-полковник
ўртоқ Серовга

Ариза

Менинг Сулаймон Азимов, профессор Қори-Ниёзий ва бошқаларга ҳамда ўзимга нисбатан берган кўрсатмаларим бошдан оёқ ғирт ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Сўроқ пайтида мени калтаклашди, таҳқ­ирлашди. Мен, на мен ўзим ва на менинг дўстларим айбдор эмасликларини тушунтиришимга қарамай нарком Кобулов менга таъкидларди: беш-олти киши деб ташкилотлар номини булғамайман.

Кобуловнинг гапига қараганда, бизнинг қамалишимизни давлат манфаатлари талаб қилган. Мен кўрсатма беришдан қатъиян бош тортган пайтимда Кобуловнинг буйруғи билан терговчи Сухолазов мени ҳушимдан кетгунимча калтаклади, бир неча сутка мобайнида тик оёқда туришга мажбур қилди, оқибатда оёқларим бир неча марта шишиб кетди. Ниҳоят, мен Кобуловдан сўрадим: ўзи мендан сизларга нима керак? Ўшанда у терговда нима гапиришимни айтди. Аслида сўроқ протоколи аввалдан тайёрлаб қўйилган бўлиб, мени имзо қўйишга зўрлашар эди. Улар бир неча бор мени ўзбек тилида айтиб турганларини ёзишга мажбур қилишди, кейин бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмаларни сўроқ тарзида рус тилига таржима қилиб, менга мажбурият остида қўл қўйдиришарди.

Мен билан бирга қамалган Расулов мен билан бир лагерда эди. У менга Кобулов калтаклаганини, ёлғон кўрсатмалар беришни талаб қилганини гапирган эди. Расулов калтакланиш оқибатида лагерда вафот этди.

Мен Азимовни биллурдек мусаффо ва тўғри фуқаро ва кўммунист деб билардим. Бизда ҳеч қандай миллатчилик ташкилоти йўқ ва Азимов ҳеч қанақа ғайрисовет, миллатчи гапларни гапирмаган. У мени ва таҳририят ходимларини ҳалол кўмминист сифатида тарбиялаган. Кобуловнинг босими остида мен ўзимга ва Азимовга бўҳтон қилишга мажбур бўлдим.

Азимовнинг уйида бўлган ғайрисовет йиғилишга келсак, бу Кобуловнинг диктовкаси билан ёзилган. Бу кўрсатмада гўё Йўлдошевнинг ғайрисовет, миллатчилик фаолияти ҳақида гап кетади. Мен бу кишини билмайман ва у билан таниш эмасман, мен терговчининг айтиб туриши остида кўрсатма бердим.

Кобулов мени ҳалол совет профессори Қори-Ниёзийга бўҳтон қилишга мажбур этди. Мен билан бирга бир иш бўйича қамалган бошқа кишилар ҳеч қачон ғайрисовет миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлмаганлар. Уларга оид барча протоколлар Кобуловнинг қўрқитиши остида ёздим.

Мени сўроқ қилишингизни илтимос қиламан, мен сўроқда нима учун ҳалол одамларга бўҳтон қилишга мажбур бўлганимни батафсил айтиб бераман.

13 октябр 1954 й., Москва.
Жалолов”

Мазкур “ариза” собиқ Иттифоқ минис­тр­лар совети қошидаги давлат хавфсизлик қўмитаси тергов бошқармаси биринчи бўлимининг катта терговчиси маёр Булигин томонидан текширилади. Т. Жалолов 1954 йил 14 ва 16 октябр кунлари жиддий тергов қилинади.

Ушбу аризани ўқиган киши Жалолов бўҳтонни ёзган экан-да, деб ажабланиши мумкин. Аммо синчковлаб эътибор берилса, уларнинг бирортасини у ёзган эмас, балки тайёр кўрсатмаларга зўрлаб имзо чектирилган. Келинг, яхшиси, тергов манзарасига назар ташлайлик. Т. Жалолов терговга чақирилгач, ундан танишлари кимлар эканлиги суриштирилади. Соддадил қаламкаш ўзи билган ёнверидаги кишиларнинг номини айтади. Ҳеч нарсадан ҳадиксирамайди. Терговчи эса аста секин улардан ўз билганича ва хоҳлаганича фойдаланади. 1954 йил 14 октябр кўрсатмасидан:

“Мен ҳибсга олингач, ёлғизхонага жойлаштирилдим ва у ерда лагерга, сургунга жўнатилгунимча ушлаб турилдим. Дастлаб сўроқни терговчи Сухолазов олиб борди. У менга тошкентдаги танишларимнинг фамилиясини ва ишлайдиган мансабларини айтишимни сўради. Мен Сухолазовга иш бўйича газета редактсияси туфайли боғлиқ бўлган кўп кишиларнинг фамилиясини айтдим.

… Шундан кейин Сухолазов мен айтган кишиларни миллатчи ва ғайрисовет иш олиб бораётган кишилар деб айтишни талаб қилди. Мен кўрсатма беришдан қатъиян бош тортдим. Мен сўроқ пайтида тилга олган Сулаймон Азимов, Юнус Латипов, Ғафуржон Расулов, Омил Одилов, Ориф Юнус, Ҳошим Ғуломов, Сотти Ҳусаиновнинг фақат ижобий томонларини билишимни, уларнинг гўё ғайрисовет фаолиятлари ҳақида менга ҳеч нарса маълум эмаслигини айтдим. Шундан кейин мени Ўзбекистоннинг собиқ НКВД бошлиғи Кобулов сўроқ қила бошлади. У терговчи ва мени олдимда, сенинг ўз уйингда ва бошқаларникида бўлганинг ҳақидаги гаплар ҳеч нарса эмас. Менга янги-янги кишиларни ёллаётган ва ўз олдига Ўзбекистонни СССРдан айириб, буржуа республикасини ўрнатишни мақсад қилган ғайрисовет, миллатчилик ташкилоти Ўзбекистонда мавжудлиги ҳақида кўрсатма бер деди. Мен бундай кўрсатма беришдан бош торт­дим. Шундан кейин Кобулов мени калтаклай бошлади, аввал юзим ва қорнимга мушт туширди, кейин табуреткадан ерга ётқизиб урди…

… Кейинги протоколларда менинг кўрсатмаларим амалан йўқ. Бу протоколлар мен терговчининг хонасига келгунимча тайёрланган. Мен аввал обдон калтакланар кейин софдил одамларга туҳмат қилиб терговчи ёзган протоколга имзо чектирилар эдим.

Мен қатъий равишда маълум қиламанки, ҳеч қачон танишларим ва ҳамкасбларим орасида ҳеч қандай ғайрисовет ташкилоти ҳақида гапирган эмасман. Мен таҳририятда ҳалол ишладим ва терговчи айбдор қилган нарсалар менинг хаёлимга ҳам келган эмас.

Терговга қатъий маълум қиламанки, Азимовнинг уйида ҳеч қандай ғайрисовет йиғилиш бўлмаган, мен у касал вақтида редактсия ходимлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг ҳурматли кишиси сифатида бир марта бориб кўрганман”.

“Швартсман сўроққа чақириш олдидан Сухолазов мени протоколда ёзилганларни қайтаришимни таъкидлаб, калтакламасликка ваъда бермади, аммо айтдики, Швартсман бугун шу ерда, кечқурун Масковга учиб кетади. Бу билан агар мен кўрсатмалардан воз кечсам, аҳвол ёмон бўлишини сездириб қўйди. Швартсман мен билан нарком кабинетида, Кобулов, Сухолазов ва наркоматнинг бошқа ходимлари олдида гаплашарди. Мен Кобулов ва Сухолазовнинг ваҳший эканликларини ўз тажрибамда билганим учун Швартсманга ҳақиқатни айтишдан қўрқар эдим. У билан ёлғиз гаплашишга имконият беришмади.

Юзлаштириш вақтида ҳам худди шундай бўлганини айтишим керак. Бошқа маҳбуслар билан юзлаштириш мен ўша вақтда ёмон билган рус тилида олиб бориларди. Юзлаштиришдан аввал нима ҳақида гапиришим тўғрисида терговчи тушунтириш ўтказар, такрор-такрор огоҳлантирилар эдим. Шундан кейин маҳбус олиб кирилар эди. Мен юзлаштиришда амалий ҳеч нарса демас эдим. Терговчи ўқиб бераётган нарсани унинг ортидан такрорлардим ва … биз имзолар эдик…

Очиғини айтишим керакки (Пуляев билан ўтган сўроқ назарда тутилмоқда — С. А.), мен қўрқдим. Мен яна калтаклашларидан ва жавобда изчил бўлишни талаб қилишларидан қўрқдим. 1941-1942 йилларда бошимдан кечирган оғир маънавий таҳқирланиш хотирамда ўчмас из қолдирган. Мен Москвага ҳақиқатни гапириш учун аҳд қилиб келдим”.

Тўхтасин Жалолов 1954 йил 16 октябрда ўтказилган сўроқда айтишича, агар у Кобуловнинг талабини қондирмаса, у калтаклар ва “ўйлаб кўр”ишни буюрарди. “Ўйлаб кўриш” учун эса “Мен сўроқдан ярим қоронғу хонага олиб борилар ва терговчи Сухолазов томонидан ваҳшиёна тарзда калтакланар эдим, кейин мени яна Кобулов олдига олиб боришар ва мен азобга чидай олмай Кобулов хоҳлаган нарсаларни гапирар эдим. Терговчи Мелников ёзар эди. Ўзимдан кетиб, йиқилиш даражасида қийноққа солинганим ва хўрланганим учун фақат бир нарса — терговнинг тезроқ тугашини хоҳлардим. Энди менга ҳамма нарса бефарқ эди”.

Ваҳшиёна азобни кўриш, бошдан ўтказиш бир азоб, уни хотирадан ўтказиш ўн азоб, дейдилар собиқ маҳбуслар. Тўхтасин Жалолов жисмоний, руҳий-маънавий жиҳатдан ниҳоятда оғир бўлса-да, Кобулов раҳбарлигида олиб борилган барча ёвузликларни мардонавор очиб ташлайди; ўзи ва лагерда, сургун манзилларида машаққатли ҳаёт кечираётган ҳамкасбларининг ҳам озодликка чиқишига йўл очади.

Адиб ва унинг дўстлари “Аксинқилобий жиноятлари учун ҳукм қилинган ва СССР Ички ишлар министрлигига қарашли лагерларда, колонияларда, қамоқхоналарда ҳамда сургунгоҳларда яшаётганларнинг жиноий ишини кўриб чиқиш Марказий комиссия”нинг 1954 йил 15 ноябр йиғилиши хулосасига мувофиқ сургундан озод этиладилар. Уларнинг жиноий ишлари ҳаракатдан тўхтатилади.

Тўхтасин Жалолов 1955 йил бо-шида ёруғ юз билан ватанига қайтиб келади. Шу йилдан эътиборан то 1961 йилгача Ўзбекистон давлат нашриётида, Давлат бадиий нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон тил ва адабиёт инс­титутида илмий ходим, 1962-1963 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим бўлиб ишлади. У бутун фаолияти давомида 30 га яқин китобга муҳаррирлик қилди, 60 дан ортиқ турли мавзуларда мақола эълон қилди, хал­қимизга “Ўзбек шоирлари”, “Қизлар дафтари”, “Хамса талқинлари”, “Бону”, “Яшасун табассум” китобларини, Паҳлавон Маҳмуд рубоиётини, Р. Тагорнинг “Ҳалокат”, “Кўзга тушган чўп”, “Бибҳа соҳили”, “Донишманд рожа” роман ва талайгина ҳикояларини, С. Улуғзода,
С. Айний асарларини, В. Смирнов-Ракитинанинг “Абу Али ибн Сино” романларини муаллифона бир услубда таржима қилиб берди. Афсуски, “Олой маликаси” романини тугата олмади. У 1984 йил март ойида 76 ёшида оламдан ўтди.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.

04
Тўхтасин Жалоловнинг «Ўзбек шоиралари» китобини мутолаа қилинг ёки юклаб олинг.
06

хдк

(Tashriflar: umumiy 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring