Sirojiddin Ibrohim. Yurak bilan odimlab…

Ashampoo_Snap_2017.03.02_00h01m55s_007_.png  Устознинг ”Одамни армонлар улғайтиради” номли китоби бундан роппа-роса ўн йил бурун нашр қилинган. Балки ўқигандирсиз, Ўшанда асарларга нисбатан ”инжиқ” адибимиз Эркин Аъзамнинг ёзган сўзбошисида шундай эътирофлар бор эди: “…Олис тоғ қишлоғининг кундалик, аммо нимаси биландир абадиятга дохил ҳаёт мароми, содда-дўлвор одамлари, лампа-чироқ шуъласидаги хотиржам оқшом гурунгларидан нақл қилган бир очеркини (Очеркмиди, ҳикоямиди, нима аҳамияти бор? Тайин бир жанрга мансублик шартми?) ўқиб, мен бу муаллифга ихлос қўйганман. Уни ўқиб, бу ғулғула шаҳардан, эришганим озми-кўпми нарсалардан—бари-баридан воз кечиб, ўша ёқларга кетгим келган… ”

Сирожиддин ИБРОҲИМ
ЮРАК БИЛАН ОДИМЛАБ
09

Устоз Маҳмуд Абулфайзнинг 60 ёшига

 d22204109a6508de4fd07bc4c2ccd984.png   Кетаверсанг! Пиёдалаб, шаҳри шовқинзорни тарк этиб… ҳув, шу бобонгга ўхшаб риёзатга чўккан тоғлар томон. Киндик қони тўкилган, тасаввурда дунё илк мунаввар бўлган ота макон томон. Кўнгил билан суҳбатлашиб. Неча йилларнинг бир онини яшолмаганинг-у, бир онни неча йилларга татигулик қилиб яшаганингни ўйлаб. Дунёдан узилиб кетса керак киши. Нима дедингиз устоз? Ўзингиз ёзгансиз-ку:

Оёқ билан юрманг базинҳор,
Юрак билан одимланг аста…

Аннақул ака(Жабборов)га айтдим:
—Кўнгли яқин кишисиз. Бу йил устоз олтмишга тўларкан. Йиллар давомида биргаликда не қувончлар, не қайғулар, не азиз суҳбатларни кечмадингиз, шулардан эсталик, бирор нима ёзасизми?
—Йўғ-е, мен ёзолмайман! Маҳмуд акани яхши кўраман, лекин ёзсам келиштиролмайдигандек, кўп нарса қолиб кетаётгандек ғалати аҳволга тушаман. Ўзинг ёз. Яхши бўлади,—дедилар.

Аннақул акани тушунгандек бўлдим. Ҳатто, феъли билан қиёслаб бу жавобдан қандайдир мамнунлик ҳам туйдим. Ростдан, юракда борини тил таржима қилиб беришга қодир эмас-да! Йўқса, ижоднинг машаққати (балки тоти ҳам) бу қадар бўлмас эди, чоғи. Хуллас, мана бошладим. Аммо нимани ёзаман? “мен устозни ҳурмат қиламан, қадрлайман, ҳеч нимага алишилмас муҳаббатим бор”, дейман. Кейинчи?

Эрталаб ишга келишим билан бир ҳузурига кирмасам бўлмайди. Кўришиб, кайфиятига назар соламан. Истаганимдек, яхши ҳолатни кўрсам, хотиржам бўламан. Йўқ, йўқ… қувонаман. Мустар тортиб турганини кўрсам, бу кайфият менга ҳам кўчади. Ўзи яхши инсонларнинг ва яхши кўрганларингизнинг қайғусига (ҳатто бироз нохушланганига) гувоҳ бўлишдан оғир нарса йўқ кўнгил кишиси учун.

Одамнинг яшашдан муроди нима? Ҳеч кимга зарари-ю фойдаси тегмай, жимгина, Ҳаққа бандачилик қилиб яшаб, ўтиб кетишми? Аслида-ку бундай ҳаётга эришиш ҳам бир бахт. Шуям кўпчиликка насиб қилавермайди. Лекин умрини бошқача яшайдиган одамлар бўлади. Устоз Маҳмуд Абулфайз худди шундай, бошқача одам. Шоён умр йўлчиларидан. Бундай ҳаётга, аввало кўнгилнинг борлигини теранроқ ҳис қилиб туриш билан эришилади. Биродар, бугун кўнгил соҳиб бўлган валломатлар анқонинг уруғига айланиб қолди. Туйғуларни ўлдиришдан роҳатланадиганларни айтмайсизми?.. Қўйинг, яна арзгўйликни бошламайлик. Яхшиси устоз ҳақида сўзлашамиз.

Кўп бўлгани йўқ. Устознинг ”Қаноти қирқилганлар ёхуд парвоз чизиғида турганлар ҳақида” номли бадиҳасини ўқидим.

Унда шундай гаплар бор: ”…Бир куни олдимга лицей талабаси келди. Одатдагидан кўра ўйчан ва маъюс эди. Ҳолбуки, унинг ёшидаги айрим ўсмирлар қочиб бораётган қуённи қувиш билан андармон бўлиб юрибдилар. Талабанинг нимадандир безовта ва дили хира эканлигини, нимадандир қаттиқ ранжиганлигини сездим. Биламан, у еру кўкка сиҚмаганидан, бошқа бирор жойдан таскин тополмаганидан сўнг ҳузуримга келган. Бўлмаса келмасди. Аҳвол сўрадим. Гапимга маҳтал бўлиб турган экан, шекилли, бирданига ”ёрилди”. —Биласизми, ака, учмоқчиман, мен ҳам бошқалардек учишим керак!.. (яна узоқ дил ёради)

Ўсмир анча гапиргач, ҳаяжондан бўғриқиб тўхтади. Мен унинг ”ҳал қилувчи” гапни кутаётганини сезиб турардим. Масалани айлантириб ўтирмадим. Унга кўнглимдагини, аниқроғи, айтилиши лозим бўлган гапни рўй-рост айтдим. —Ука, асло иккиланма, учиш ниятинг борми, унда ҳеч қачон ортга тисланма, сен бир куни барибир ҳам учасан. Кўнглим сезиб турибди, сен иродали ва кучлисан. Жуда баландларга ва узоқларга парвоз қиласан. Учишинг керак, учмасанг ҳеч бўлмайди! Агар менга қолса, умр бўйи кун ўтарга ўрмалаб юрадиганларга қисматдош бўлишингни истамаган бўлардим. Ўрмалаб юришни хаёлингга ҳам келтира кўрма. Айтаётган гапларимнинг холислигига ишонишингнии истайман. Агар сенинг баланд-баландларда парвоз қилган кунларингни кўрсам, бу дунёдан армонсиз кетардим…”.

Бу бўлган воқеа. Ўша ўсмир бугун улғайиб, илк парвозларини бошлаган. Устоз ният қилгандай парвозлари баланд-баланд бўлади иншооллоҳ. Энди сизга эътиборга молик жиҳати—осмонкўнгилнинг эзгу ишини айтайми? Бу—устознинг ўша ўсмирни руҳлантиргани ва айниқса мана бу валломатлигидир: ”Агар сенинг баланд-баландларда парвоз қилган кунларингни кўрсам, бу дунёдан армонсиз кетардим…” Бошингизни оғритиб бошқа нарса қидирманг бундан. Агар қодир бўлсангиз, фақат ҳис қилинг, фанода ҳеч нарса баҳо бўлолмайдиган бу туйғуларни.

* * *

Мактабни битириб, Термиздаги академик лицейга ўқишга киргандим. Шаҳарга илк келган кезларим эди. ”Кўрмаганнинг кўргани қурсин”, деганларидек, газеталарга шундай ташналик билан муносабатда бўлганманки, ҳатто бугун қарасам қолипдан чиққан Қиштдан фарқсиз бўлиб туйиладиган мақолалар билан тўлдирилган саҳифаларни қўлдан қўймай ўқиганман. Кўп ҳолларда энг яхши мақолаларнинг якунида ”Маҳмуд АБУЛФАЙЗ” деган муаллиф номи битилган бўларди. Ўайрон қолардим, бу киши бунча нарсани қаердан ёзади?
Бир куни устознинг сўз ихлосмандлари эҳтиёжини қондирадиган асарларидан илк бор ”Зинадаги умр”ни ўқиган эдим. ”Энди бундай асарларни ўқиса бўлади”, деганман ўзимга ўзим. Йўқ ”ўқиса бўлади” эмас, ўқиш кераклигини, бундан наф топишимни англаганман. Мана улардан бирин-кетин баҳраманд бўлиб келаяпман. Ва алал-оқибат ўзини адабий ”фигура” этиб тақдим этаётган довруқлиларга ўхшамаган, ҳақиқий ижодкорни танидим.

Устознинг ”Одамни армонлар улғайтиради” номли китоби бундан роппа-роса ўн йил бурун нашр қилинган. Балки ўқигандирсиз, Ўшанда асарларга нисбатан ”инжиқ” адибимиз Эркин Аъзамнинг ёзган сўзбошисида шундай эътирофлар бор эди: “…Олис тоғ қишлоғининг кундалик, аммо нимаси биландир абадиятга дохил ҳаёт мароми, содда-дўлвор одамлари, лампа-чироқ шуъласидаги хотиржам оқшом гурунгларидан нақл қилган бир очеркини (Очеркмиди, ҳикоямиди, нима аҳамияти бор? Тайин бир жанрга мансублик шартми?) ўқиб, мен бу муаллифга ихлос қўйганман. Уни ўқиб, бу ғулғула шаҳардан, эришганим озми-кўпми нарсалардан—бари-баридан воз кечиб, ўша ёқларга кетгим келган… Адиблик, ижодкорлик шу эмасми? …Менимча камтарин қаламкашимиз учун бу кам эмас. Манаман деган ”пойтахт адиблари” ҳавас қилгулик ҳол!”.

Бугун устоз олтмишга тўлди. Ортда қирқ йиллик ижодий фаолият. Ўзганлари кўп сонли сўз ихлосмандлари ва оддий ўқувчиларнинг қалбига кириб борди. Чин ижодкор асарлари учун бундан бошқа нарса кутмайди, ўзи…

Устозни ёзишсиз тасаввур қилолмайман. Саёҳат бўладими, ёки суҳбат, ёзиш учун нималардир қидираётгани сезилиб қолади. Бир хаёли доим ёзишда бўлади. Бизни ҳам шунга ундаб туради. Ижодни қадрлашни ўрганиш керак устоздан.

Назаримда устоз катта ёзувчи, ёзувчи бўлганда ҳам дунёнинг тубига етаман деб қалам сурадиган эмас, кўнгилга солганини жавоҳирдек сайқаллаб битадиган ёзувчи бўлиши керак эди. Бир чекиниш қилсак, жаҳон адабиётида ясама ғоя устига қурилган кўп асарлар маълум бир муддат шов-шув бўлади, кейин давр чиғириғидан ўтолмай, эътибордан қолади, танқидга учрайди. Чунки унинг ижодкори ”алломаи охирзамон”лик қилиб, ўзларича ”ғоя” яратишмоқчи бўлади. Аслида инсон учун битта ғоя бор. У таҳлил ҳам этилмайди, ўргатилмайди ҳам. Аллоҳ таоло тақдир этсагина, инсонлар у ғояни англайди. Ва яна У зот истасагина, ижодкорлар қалбига шу ғоянинг ”пардаланган” бир кўринишини соладики, ижодкор ҳеч нарсани ўйламай уни қоғозга туширади… Бунда энг яхшиси ҳаётни ёзиш. ”Ҳаётни ёзиш билан адабиёт бўлмайди”, деганлар бекор айтибди. Қандай ёзишни билиш керак, мана шу истеъдод дейилади. Ёзувчига боғлиқ бўлгани фақат шу. Қолгани айтганимдек кўнгилга солинади ва ижодкорнинг қандайдир ғоя излаб ётишига ҳожат қолмайди. Устоз Маҳмуд Абулфайзнинг ёзганларида эса худди мана шу нарса бор.

Хуллас, устоз кўп яхши асарлар ёзиши керак эди. Аммо тақдир тулпори бошқа томонга йўл солди. Бу ҳам бир томондан хайрли бўлгандир… У кишининг бир суҳбатидан тиллардан тушмаётган баъзи асарлардан кўра кўпроқ ҳикмат, туйғу, ҳолат ва завқ топиш мумкин. Бадиҳалари, новеллалари эса ҳали очилмаган бир қўриқдир. Имкон қилиб ўқиб кўринг, афсусланмайсиз.

* * *

”…Келинг, кўнгил ёрадиган замонлар қошимизда турибди. Шу гурунгни сизга ҳам айтиб берайин. Қарасамки, Сиз ҳам шу ажойиб гурунгга муносиб бир одам кўринасиз. Дунё ўтаётир. Умр ўтиб бормоқда. Воҳким, ададсиз воҳким, умримиз карвони болалик ва ўсмирлик қирғоғидан тобора шиддат билан йироқлашиб бормоқда. Қараб турсам, мени ҳам бу дунёга боғлаб қўйганга ўхшамайди. Келинг, мен ғарибдан сиздек бир валломат дўстга бир сахийлик бўлсин. Бир ёруҚ гурунг эсталик бўлиб қолсин. Нима дедингиз?!”

Мана кўринг, сизга нима учун ўқинг деяпман устознинг ёзганларини… Буларни ўқиган одам бир тўлиқади, тўлиқмаса у одам… Бизнинг Ҳазрат Нақшбанд “тариқат” деб атаган суҳбатларга вақтимиз бўлмаса, “Кўнгил сандиғидаги гурунг”лардан қоғозга жавоҳирдек сочилган битикларга эҳтиёж сезмасак, охири нима бўлади. Усмон Азим айтгандек, “саф-саф бўлиб, ҳайф-ҳайф бўлиб” ўтиб кетаверамизми?!

Баъзан биз шогирдлар хаёлчан кетаётган устознинг ортидан кўнглимиз куз кунларидагидек ғалати нурларга чўлғониб, бехосдан ”Устозни қадрлаш керак!”, деймиз пичирлаб. Шунда устознинг ёнига чопиб боргим, эгнимдагини ерга тўшаб: “Устоз, ўтиринг, биз муҳаббати ғўрларга дунёнинг ўтар-кетаридан би-ир гап айтинг, би-ир сабоқ беринг”, дегим келади.

Ростини айтсам нима ёздим, билмайман. Бу—бир дилнома, кўнгилдагиларидан зарра-зарра сувратланган битиклар… Кетаверсанг! Пиёдалаб, ҳеч нега боқмасдан кўнгилга томон…

Одамлар осмонда яшайди устоз,
Унда, манглайида қуёш ярақлар.
Кўнглини қўлига олишга чўчир,
Меҳнатдан чиқмаган қўли қадоқлар.

Одамзод ҳислару ҳирслар қурбони,
Қуш бўлиб яшашни истаймиз гоҳи.
Не учун севамиз бунча, дунёни,
Ахир уни чоҳ деб айтган Илоҳи.

Киприкни йўл қилмиш ёшлар карвони,
Сояси одамдан бахтли кўринар.
Токай ичилади ахир нур қони,
Токай бу яхшилар хорликда юрар?!

Бироқ, яхши бўлиб, хор бўлиш яхши,
Дарёлар оқади, умр — дарёдир.
Юрак инжалиги одамнинг нақши,
Қолгани рўёдир, ҳақрост рўёдир.

Қалбида энг ширин оғриқ кўтариб,
Одамлар армонда яшайди устоз.

Бори ҳаётининг баҳридан ўтиб,
Одамлар бир онда яшайди устоз.

Севилиб, меҳрнинг ардоғи бўлиб,
Ҳам ўзга бир жонда яшайди устоз.

Хирмон совурганда дон каби қолган,
Энг буюк бир ишқни кўнгилга солган,
Ўздан баланд яшаб, ризолик олган—
Одамлар осмонда яшайди устоз!

 2013

08.jpgSirojiddin IBROHIM
YURAK BILAN ODIMLAB
09

Ustoz Mahmud Abulfayzning 60 yoshiga

79.jpgKetaversang! Piyodalab, shahri shovqinzorni tark etib… huv, shu bobongga o‘xshab riyozatga cho‘kkan tog‘lar tomon. Kindik qoni to‘kilgan, tasavvurda dunyo ilk munavvar bo‘lgan ota makon tomon. Ko‘ngil bilan suhbatlashib. Necha yillarning bir onini yasholmaganing-u, bir onni necha yillarga tatigulik qilib yashaganingni o‘ylab. Dunyodan uzilib ketsa kerak kishi. Nima dedingiz ustoz? O‘zingiz yozgansiz-ku:

Oyoq bilan yurmang bazinhor,
Yurak bilan odimlang asta…

Annaqul aka(Jabborov)ga aytdim:
—Ko‘ngli yaqin kishisiz. Bu yil ustoz oltmishga to‘larkan. Yillar davomida birgalikda ne quvonchlar, ne qayg‘ular, ne aziz suhbatlarni kechmadingiz, shulardan estalik, biror nima yozasizmi?
—Yo‘g‘-ye, men yozolmayman! Mahmud akani yaxshi ko‘raman, lekin yozsam kelishtirolmaydigandek, ko‘p narsa qolib ketayotgandek g‘alati ahvolga tushaman. O‘zing yoz. Yaxshi bo‘ladi,—dedilar.

Annaqul akani tushungandek bo‘ldim. Hatto, fe’li bilan qiyoslab bu javobdan qandaydir mamnunlik ham tuydim. Rostdan, yurakda borini til tarjima qilib berishga qodir emas-da! Yo‘qsa, ijodning mashaqqati (balki toti ham) bu qadar bo‘lmas edi, chog‘i. Xullas, mana boshladim. Ammo nimani yozaman? “men ustozni hurmat qilaman, qadrlayman, hech nimaga alishilmas muhabbatim bor”, deyman. Keyinchi?

Ertalab ishga kelishim bilan bir huzuriga kirmasam bo‘lmaydi. Ko‘rishib, kayfiyatiga nazar solaman. Istaganimdek, yaxshi holatni ko‘rsam, xotirjam bo‘laman. Yo‘q, yo‘q… quvonaman. Mustar tortib turganini ko‘rsam, bu kayfiyat menga ham ko‘chadi. O‘zi yaxshi insonlarning va yaxshi ko‘rganlaringizning qayg‘usiga (hatto biroz noxushlanganiga) guvoh bo‘lishdan og‘ir narsa yo‘q ko‘ngil kishisi uchun.

Odamning yashashdan murodi nima? Hech kimga zarari-yu foydasi tegmay, jimgina, Haqqa bandachilik qilib yashab, o‘tib ketishmi? Aslida-ku bunday hayotga erishish ham bir baxt. Shuyam ko‘pchilikka nasib qilavermaydi. Lekin umrini boshqacha yashaydigan odamlar bo‘ladi. Ustoz Mahmud Abulfayz xuddi shunday, boshqacha odam. Shoyon umr yo‘lchilaridan. Bunday hayotga, avvalo ko‘ngilning borligini teranroq his qilib turish bilan erishiladi. Birodar, bugun ko‘ngil sohib bo‘lgan vallomatlar anqoning urug‘iga aylanib qoldi. Tuyg‘ularni o‘ldirishdan rohatlanadiganlarni aytmaysizmi?.. Qo‘ying, yana arzgo‘ylikni boshlamaylik. Yaxshisi ustoz haqida so‘zlashamiz.

Ko‘p bo‘lgani yo‘q. Ustozning ”Qanoti qirqilganlar yoxud parvoz chizig‘ida turganlar haqida” nomli badihasini o‘qidim.

Unda shunday gaplar bor: ”…Bir kuni oldimga litsey talabasi keldi. Odatdagidan ko‘ra o‘ychan va ma’yus edi. Holbuki, uning yoshidagi ayrim o‘smirlar qochib borayotgan quyonni quvish bilan andarmon bo‘lib yuribdilar. Talabaning nimadandir bezovta va dili xira ekanligini, nimadandir qattiq ranjiganligini sezdim. Bilaman, u yeru ko‘kka siQmaganidan, boshqa biror joydan taskin topolmaganidan so‘ng huzurimga kelgan. Bo‘lmasa kelmasdi. Ahvol so‘radim. Gapimga mahtal bo‘lib turgan ekan, shekilli, birdaniga ”yorildi”. —Bilasizmi, aka, uchmoqchiman, men ham boshqalardek uchishim kerak!.. (yana uzoq dil yoradi)

O‘smir ancha gapirgach, hayajondan bo‘g‘riqib to‘xtadi. Men uning ”hal qiluvchi” gapni kutayotganini sezib turardim. Masalani aylantirib o‘tirmadim. Unga ko‘nglimdagini, aniqrog‘i, aytilishi lozim bo‘lgan gapni ro‘y-rost aytdim. —Uka, aslo ikkilanma, uchish niyating bormi, unda hech qachon ortga tislanma, sen bir kuni baribir ham uchasan. Ko‘nglim sezib turibdi, sen irodali va kuchlisan. Juda balandlarga va uzoqlarga parvoz qilasan. Uchishing kerak, uchmasang hech bo‘lmaydi! Agar menga qolsa, umr bo‘yi kun o‘targa o‘rmalab yuradiganlarga qismatdosh bo‘lishingni istamagan bo‘lardim. O‘rmalab yurishni xayolingga ham keltira ko‘rma. Aytayotgan gaplarimning xolisligiga ishonishingnii istayman. Agar sening baland-balandlarda parvoz qilgan kunlaringni ko‘rsam, bu dunyodan armonsiz ketardim…”.

Bu bo‘lgan voqea. O‘sha o‘smir bugun ulg‘ayib, ilk parvozlarini boshlagan. Ustoz niyat qilganday parvozlari baland-baland bo‘ladi inshoolloh. Endi sizga e’tiborga molik jihati—osmonko‘ngilning ezgu ishini aytaymi? Bu—ustozning o‘sha o‘smirni ruhlantirgani va ayniqsa mana bu vallomatligidir: ”Agar sening baland-balandlarda parvoz qilgan kunlaringni ko‘rsam, bu dunyodan armonsiz ketardim…” Boshingizni og‘ritib boshqa narsa qidirmang bundan. Agar qodir bo‘lsangiz, faqat his qiling, fanoda hech narsa baho bo‘lolmaydigan bu tuyg‘ularni.

* * *

Maktabni bitirib, Termizdagi akademik litseyga o‘qishga kirgandim. Shaharga ilk kelgan kezlarim edi. ”Ko‘rmaganning ko‘rgani qursin”, deganlaridek, gazetalarga shunday tashnalik bilan munosabatda bo‘lganmanki, hatto bugun qarasam qolipdan chiqqan Qishtdan farqsiz bo‘lib tuyiladigan maqolalar bilan to‘ldirilgan sahifalarni qo‘ldan qo‘ymay o‘qiganman. Ko‘p hollarda eng yaxshi maqolalarning yakunida ”Mahmud ABULFAYZ” degan muallif nomi bitilgan bo‘lardi. O‘ayron qolardim, bu kishi buncha narsani qayerdan yozadi?
Bir kuni ustozning so‘z ixlosmandlari ehtiyojini qondiradigan asarlaridan ilk bor ”Zinadagi umr”ni o‘qigan edim. ”Endi bunday asarlarni o‘qisa bo‘ladi”, deganman o‘zimga o‘zim. Yo‘q ”o‘qisa bo‘ladi” emas, o‘qish kerakligini, bundan naf topishimni anglaganman. Mana ulardan birin-ketin bahramand bo‘lib kelayapman. Va alal-oqibat o‘zini adabiy ”figura” etib taqdim etayotgan dovruqlilarga o‘xshamagan, haqiqiy ijodkorni tanidim.

Ustozning ”Odamni armonlar ulg‘aytiradi” nomli kitobi bundan roppa-rosa o‘n yil burun nashr qilingan. Balki o‘qigandirsiz, O‘shanda asarlarga nisbatan ”injiq” adibimiz Erkin A’zamning yozgan so‘zboshisida shunday e’tiroflar bor edi: “…Olis tog‘ qishlog‘ining kundalik, ammo nimasi bilandir abadiyatga doxil hayot maromi, sodda-do‘lvor odamlari, lampa-chiroq shu’lasidagi xotirjam oqshom gurunglaridan naql qilgan bir ocherkini (Ocherkmidi, hikoyamidi, nima ahamiyati bor? Tayin bir janrga mansublik shartmi?) o‘qib, men bu muallifga ixlos qo‘yganman. Uni o‘qib, bu g‘ulg‘ula shahardan, erishganim ozmi-ko‘pmi narsalardan—bari-baridan voz kechib, o‘sha yoqlarga ketgim kelgan… Adiblik, ijodkorlik shu emasmi? …Menimcha kamtarin qalamkashimiz uchun bu kam emas. Manaman degan ”poytaxt adiblari” havas qilgulik hol!”.

Bugun ustoz oltmishga to‘ldi. Ortda qirq yillik ijodiy faoliyat. O‘zganlari ko‘p sonli so‘z ixlosmandlari va oddiy o‘quvchilarning qalbiga kirib bordi. Chin ijodkor asarlari uchun bundan boshqa narsa kutmaydi, o‘zi…

Ustozni yozishsiz tasavvur qilolmayman. Sayohat bo‘ladimi, yoki suhbat, yozish uchun nimalardir qidirayotgani sezilib qoladi. Bir xayoli doim yozishda bo‘ladi. Bizni ham shunga undab turadi. Ijodni qadrlashni o‘rganish kerak ustozdan.

Nazarimda ustoz katta yozuvchi, yozuvchi bo‘lganda ham dunyoning tubiga yetaman deb qalam suradigan emas, ko‘ngilga solganini javohirdek sayqallab bitadigan yozuvchi bo‘lishi kerak edi. Bir chekinish qilsak, jahon adabiyotida yasama g‘oya ustiga qurilgan ko‘p asarlar ma’lum bir muddat shov-shuv bo‘ladi, keyin davr chig‘irig‘idan o‘tolmay, e’tibordan qoladi, tanqidga uchraydi. Chunki uning ijodkori ”allomai oxirzamon”lik qilib, o‘zlaricha ”g‘oya” yaratishmoqchi bo‘ladi. Aslida inson uchun bitta g‘oya bor. U tahlil ham etilmaydi, o‘rgatilmaydi ham. Alloh taolo taqdir etsagina, insonlar u g‘oyani anglaydi. Va yana U zot istasagina, ijodkorlar qalbiga shu g‘oyaning ”pardalangan” bir ko‘rinishini soladiki, ijodkor hech narsani o‘ylamay uni qog‘ozga tushiradi… Bunda eng yaxshisi hayotni yozish. ”Hayotni yozish bilan adabiyot bo‘lmaydi”, deganlar bekor aytibdi. Qanday yozishni bilish kerak, mana shu iste’dod deyiladi. Yozuvchiga bog‘liq bo‘lgani faqat shu. Qolgani aytganimdek ko‘ngilga solinadi va ijodkorning qandaydir g‘oya izlab yotishiga hojat qolmaydi. Ustoz Mahmud Abulfayzning yozganlarida esa xuddi mana shu narsa bor.

Xullas, ustoz ko‘p yaxshi asarlar yozishi kerak edi. Ammo taqdir tulpori boshqa tomonga yo‘l soldi. Bu ham bir tomondan xayrli bo‘lgandir… U kishining bir suhbatidan tillardan tushmayotgan ba’zi asarlardan ko‘ra ko‘proq hikmat, tuyg‘u, holat va zavq topish mumkin. Badihalari, novellalari esa hali ochilmagan bir qo‘riqdir. Imkon qilib o‘qib ko‘ring, afsuslanmaysiz.

* * *

”…Keling, ko‘ngil yoradigan zamonlar qoshimizda turibdi. Shu gurungni sizga ham aytib berayin. Qarasamki, Siz ham shu ajoyib gurungga munosib bir odam ko‘rinasiz. Dunyo o‘tayotir. Umr o‘tib bormoqda. Vohkim, adadsiz vohkim, umrimiz karvoni bolalik va o‘smirlik qirg‘og‘idan tobora shiddat bilan yiroqlashib bormoqda. Qarab tursam, meni ham bu dunyoga bog‘lab qo‘yganga o‘xshamaydi. Keling, men g‘aribdan sizdek bir vallomat do‘stga bir saxiylik bo‘lsin. Bir yoruQ gurung estalik bo‘lib qolsin. Nima dedingiz?!”

Mana ko‘ring, sizga nima uchun o‘qing deyapman ustozning yozganlarini… Bularni o‘qigan odam bir to‘liqadi, to‘liqmasa u odam… Bizning Hazrat Naqshband “tariqat” deb atagan suhbatlarga vaqtimiz bo‘lmasa, “Ko‘ngil sandig‘idagi gurung”lardan qog‘ozga javohirdek sochilgan bitiklarga ehtiyoj sezmasak, oxiri nima bo‘ladi. Usmon Azim aytgandek, “saf-saf bo‘lib, hayf-hayf bo‘lib” o‘tib ketaveramizmi?!

Ba’zan biz shogirdlar xayolchan ketayotgan ustozning ortidan ko‘nglimiz kuz kunlaridagidek g‘alati nurlarga cho‘lg‘onib, bexosdan ”Ustozni qadrlash kerak!”, deymiz pichirlab. Shunda ustozning yoniga chopib borgim, egnimdagini yerga to‘shab: “Ustoz, o‘tiring, biz muhabbati g‘o‘rlarga dunyoning o‘tar-ketaridan bi-ir gap ayting, bi-ir saboq bering”, degim keladi.

Rostini aytsam nima yozdim, bilmayman. Bu—bir dilnoma, ko‘ngildagilaridan zarra-zarra suvratlangan bitiklar… Ketaversang! Piyodalab, hech nega boqmasdan ko‘ngilga tomon…

Odamlar osmonda yashaydi ustoz,
Unda, manglayida quyosh yaraqlar.
Ko‘nglini qo‘liga olishga cho‘chir,
Mehnatdan chiqmagan qo‘li qadoqlar.

Odamzod hislaru hirslar qurboni,
Qush bo‘lib yashashni istaymiz gohi.
Ne uchun sevamiz buncha, dunyoni,
Axir uni choh deb aytgan Ilohi.

Kiprikni yo‘l qilmish yoshlar karvoni,
Soyasi odamdan baxtli ko‘rinar.
Tokay ichiladi axir nur qoni,
Tokay bu yaxshilar xorlikda yurar?!

Biroq, yaxshi bo‘lib, xor bo‘lish yaxshi,
Daryolar oqadi, umr — daryodir.
Yurak injaligi odamning naqshi,
Qolgani ro‘yodir, haqrost ro‘yodir.

Qalbida eng shirin og‘riq ko‘tarib,
Odamlar armonda yashaydi ustoz.

Bori hayotining bahridan o‘tib,
Odamlar bir onda yashaydi ustoz.

Sevilib, mehrning ardog‘i bo‘lib,
Ham o‘zga bir jonda yashaydi ustoz.

Xirmon sovurganda don kabi qolgan,
Eng buyuk bir ishqni ko‘ngilga solgan,
O‘zdan baland yashab, rizolik olgan—
Odamlar osmonda yashaydi ustoz!

2013

045

(Tashriflar: umumiy 56, bugungi 1)

Izoh qoldiring