Tanikava Syuntaro. She’rlar (02)

011

1931 йилнинг 15 декабрида туғилган таниқли япон шоири Таникава Сюнтаро ҳаёт ва ижод ҳақида шундай ёзади: “Биз шеър ёзиш учун яшамаймиз. Биз яшаётганимиз учун шеър ёзамиз. Асл шоир шеърларини эмас,ҳаётни суяди. Мен сўз қидириб эмас,ҳаёт моҳиятини қидириб ижод қиламан”.

011
Таникава Сюнтаро
ШЕЪРЛАР
Хуршид Даврон таржималари
08

08Таниқли япон шоири, гэндайси — янги замон япон шеъриятининг ёрқин намояндаси, қўшиқнавис, таржимон ва болаларга мўлжалланган рангли китоблари билан шуҳрат қозонган Таникава Сюнтаро ( 谷川 俊太郎) 1931 йилнинг 15 декабрида Токио шаҳрида файласуф Тэтсудзо Таникава оиласида туғилган. Болалигидан шеър машқ қилган ва илк шеърлари 1948 йилда чоп этилган. Йигирма бир ёшли шоирнинг илк китоби “Икки миллиард ёлғизлик йили билан ўлчанган ёлғизлик” номи билан 1952 йилда нашрдан чиққан. ХХ асрнинг иккинчи ярмида япон адабиётшунослари таъкидлаганидек, шоир Япониянинг энг машҳур шоирига айланди. Бугунгача унинг 70 дан ортиқ китоби чоп этилган. Шеърлари йигирмадан ортиқ давлатда таржима қилинган. Таникава Сюнтаро ҳаёт ва ижод ҳақида шундай ёзади: “Биз шеър ёзиш учун яшамаймиз.Биз яшаётганимиз учун шеър ёзамиз.Асл шоир шеърларини эмас,ҳаётни суяди.Мен сўз қидириб эмас,ҳаёт моҳиятини қидириб ижод қиламан”.

08

* * *

Гоҳи эркалаб, гоҳида олиб қасос —
Мени аҳли жаҳон севгани учун —
Ёлғиз қолмоқни мен уддалайман соз.

Ҳаттоки у билан менинг ўртамда
Пайдо бўлганда ҳам бирор париваш,
Жаҳон билан бирга олганман нафас.

Ахир, менга атаб яратилган-ку —
Бу улкан жаҳону унинг ранглари,
Унинг оддий ғами, қувончлари ҳам.
Мен ҳам — уникиман танҳо, абадий.

Самовот, одамлар, яшил дарахтлар —
Уларни қучоқлаб, бахтга тўлгайман.
Мени бошқаларга бериб кўринглар,
Дунё сўлиб қолар, мен ҳам бўлмайман.

ДОВУЛ ТУРГАНДА

Назаримда кўкка учган варракка
Ўхшаб қолар замин довул турганда.
Ой осилиб қолгач зулмат устида —
Тун кирди деб ўйлай бошлаймиз.

Шамолнинг сўзи йўқ, бўрон соқовдир,
Аммо, бўрон учса қўзғалар титроқ.
Олис юлдузларнинг шамоли борми?
Дўст бўлармикан улар бизларга?

Заминда тун кечар. Яна тонг отар,
Нима қилар юлдуз тун ва тонг аро?
Жим туришар… ёйилишар… Қандай чидарлар?

Осмон кундуз алдар! Тунда сўйлар чин —
Биз эса уҳлаймиз… Саҳарда эса
Бари тушга кирган дея ўйлаймиз.

ИККИ МИЛЛИАРД ЁРУҒЛИК ЙИЛИ ВА ЁЛҒИЗЛИК

Ерликлар кичкина сайёрада
Ухлашар, ишлашар, кулишар
Ва гоҳи олис Марсдан ҳам
Дўст топмоқни орзу қилишар.

Марсликлар нима билан машғул — буни билмайман.
Улар ҳам ишларми?
Қувонарми улар ҳам?
Қувонарми?
Фақат бир нарсага мен ишонаман —
Гоҳи улар ҳам Ер билан
Дўстлашмоқни орзу қилишар.

Бутун жаҳон тортилиш кучи —
Ёлғизликни
Тартнбга соладиган куч.

Космос қийшайиб кетса —
Оғир ташвишларга тўламиз.
Ёруғлик йили ҳисоби билан
Икки миллиард йиллик ёлғизлик.

Ўзим билмай аксириб юбордим.

БЎСА

Киприкларим бирлашиб секин,
Нигоҳимга солганда парда,
Дунё чўкар қоронғиликка
Ва менинг бағримни тўлдирар
Назокатнинг ширин қайғуси.

Сукунат айланар, ваъда мисоли —
Бизларни ўраган сокин кечага.
Кеча —
Шундоққина тўрт
ёқдан ўраб
Келаётган нозик йироқлик
Ва шунда тақдирнинг ўйини ила
Жуда ёлғиз қолар юракларимиз.

Ахтарамиз бир-биримизни —
Ўзимизни йўқотиб қўйгач
Кашфиётлар қила бошлаймиз.

О, мен қандай хоҳлардим олис сафардан
Қайтган назокатни сезмоқни.
Топ-тоза сукунатда йўқолган сўзлар —
Фақат буза олар тун сукунатин сенинг нафасинг.

«Дарҳақиқат, ҳаётнинг ўзисан!..»

Ҳатто бу сўзлар ҳам жазога лойиқ,
Назокат тўлдиргач бутун дунёни —
Бу дунёда яшай олишимни
Англайману
Мен жимгина тизим букаман.

ТАСВИР

Сузиб ўтолмасам керак дарёни,
Ошиб ўтолмасам керак тоғниям.
Менимча, тоғ пойида уммон,
Уммон қирғоғида эса шаҳар бор.

Осмонда қоп-қора булутлар юзар…

Оқ рангли чорчўпда жойлашган дунё
Ҳақида хом хаёл сургим келмоқда.

ЁМҒИРЛАР МАВСУМИ

Ёмғир ёғиб қора тортди
Дарахту осмон,
Қора тортди юрак ҳам.

Булутларнинг четида
Минг рангли ёғду,
Боғда эса жўякларда
Қизармоқда қулупнай.

Вақт ўтмоқда —
Булутлар кетмас.
Фақат бир маромда
Томчилар томар.

Ёмғир ёғиб ювинди осмон,
Ювинди япроқлар,
Ювинди диллар.

НЭРО

Вафодор итимга бағишланади

033

Нэро,
Ёз кечиб ўтди яна.
Сенинг тилинг,
Кўзларинг,
Сенинг пешин чоғи
Мудраб ётишинг
Яна кўз ўнгимда
Бўлур намоён.

Сен бор-йўғи икки ёзни кўрдинг,
Мен бўлсам кўрганман — ўн саккпз марта.
Шу сабабдан турли йилларнинг
Ёзлари ёдимда тирилар баъзан:
Лафитто пансионатидаги ёз,
Вильямсберг кўпригининг устидаги ёз,
Орандаги ёз… ва бошқа ёзлар.
Мен баъзан ҳайрон қолиб ўйлайман:
Одам ҳам шунча ёзни
Бир ўзи яшайдими?

Нэро,
Яна ёз фасли кечди,
Аммо бу сен яшаган ёзмас,
Бу бошқа ёз…
Бутунлай бошка…
Янги ёз фасли кечди —
Яна қанча янгиси келгай!
Гўзалликни, хунукликни кўраман яна,
Кўраман қувончлар келтирган ёзни,
Қайғуга қалбимни чўмдирганин ҳам.
Нима бўлар?
Нега шундай бўлар?
Сабаби борми бунинг?!

Нэро,
Энди сен йўқсан —
Сен йўқликка кетгансан,
Кетгансан, гўё ҳеч кимса
Танимаган ёлғизлар каби…
Овозинг,
Ҳисларинг,
Тағин-да кайфиятинг
Яна вужудимда
Бўлур намоён.

Нэро,
Яна ёз фасли кечди.
Кечди тўкин, янги ёз.
Мен ҳам сайрга чиқиб
Янги ёзни кутарман,
Кутарман янги кузни,
Янги баҳор, янги қишниям.
Янги баҳорниям кутиб бўлганимдан сўнг
Яна янги ёзни кутаман —
Унинг янгилигин туймоқ учун,
Бутун гўзаллигин англамоқ учун,
У менинг олдимга кўндаланг қўйган
Жумбоқларни ечмоғим учун
Яна янги ёзни кутаман.

ДАРЁ

Тошқин суви қирғоқни
Босгандек, ўтмиш кунлар
Хаёли босди мени…
Мен дарёга айландим.

Нотаниш хотиралар
Тунни ачитдилар
Ва мен хавотир билан
Оқиб кира бошладим тунга.

(Аммо менинг бир ўзим
Дунё қудуғини тўлдиролмасман,
Булутларга айланолмасман,
Ҳатто шабнам бўлмоғим қийин.)

УМР

Уч ёшимда
Ўтмишим йўқ эди ҳали.
Беш ёшимда
Кеча – бўлди ўтмишим.

Еттига тўлганда
Самурайлар асри ўтиб бўлди.
Ўн бир ёшимда
Ўтмишга айланди динозаврлар.

Ўн тўртда эса
Ўтмиш китобда ёзилгандек бўлиб қолди.
Ўн олти ёшимда –
Қўрқувга тўлиб боқдим
Ўтмиш харобаларига.

Ўн саккиз ёшимда –
Қандай замон эди,билмайман.

ИНСОНПАРВАРЛИК

Ким душман?
Душман – одам.
Дўст-чи,ким?
Дўст ҳам одам.
Қотил ким?
Одам – қотил.
Ким ўлди?
Одам ўлди.
Ким одам?
Одам – бу дўст.
Эҳ,қандай оғир
Олий одамлару…
Маймунлар аро.

УЙ ВАЗИФАСИ

Кўзни қисиб қарасанг –
Худо бордек туюлар.
Кўзингни бироз очсанг –
Туюлар худо йўқдек.
Агар кўзни катта очсанг –
Худони кўрасанми,йўқми?
Мана шуни билиб кел.

БАҲОР КЕЛГАНДА

Гуллар узра
Оппоқ булутлар.
Булутлар узра
Осмон – чексиз,мовийранг.
Гуллар узра,
Булутлар узра,
Осмон узра
Учсайдим дейман!
Баҳор келганда
Худди шу тарзда
Суҳбат қурдим
Мен худо билан.

ЁМҒИР МАВСУМИ

Ёмғир ёғиб қора тортди
Дарахту осмон,
Қора тортди юрак ҳам.

Булутларнинг четида
Минг рангли ёғду,
Боғда эса жўякларда
Қизармоқда қулупнай.

Вақт ўтмоқда –
Булутлар кетмас.
Фақат бир маромда
Томчилайди томчилар.

Ёмғир ёғиб ювинди осмон,
Ювинди япроқлар,
Ювинди диллар.

ТУНГИ ЁМҒИР ШИВИРИ ОСТИДА

Мангу ўтирай дейман
Деразамнинг олдида,
Қўрқинчу хотиралар
Дилни тарк этар экан,
Худога ишонмасдан
Илоҳий ифорларни
Ичимга ютарканман,
Олисдаги пойтахтлар
Аро ерга тўкилган
Хазонни терарканман,
Ўзимни топшираркан
Тунги денгиз майлига,
Ўзимни ўзим севиб
Мангу ўтирай дейман

098

Tanikava Syuntaro
SHE’RLAR
Xurshid Davron tarjimalari
08

Taniqli yapon shoiri, gendaysi — yangi zamon yapon she’riyatining yorqin namoyandasi, qo’shiqnavis, tarjimon va bolalarga mo’ljallangan rangli kitoblari bilan dovruq qozongan adib Tanikava Syuntaro ( Tanikava Syuntaro) 1931 yilning 15 dekabrida Tokio shahrida faylasuf Tetsudzo Tanikava oilasida tug’ilgan. Bolaligidan she’r mashq qilgan va ilk she’rlari 1948 yilda chop etilgan. Yigirma bir yoshli shoirning ilk kitobi “Ikki milliard yolg’izlik yili bilan o’lchangan yolg’izlik” nomi bilan 1952 yilda nashrdan chiqqan. XX asrning ikkinchi yarmida yapon adabiyotshunoslari ta’kidlaganidek, shoir Yaponiyaning eng mashhur shoiriga aylandi. Bugungacha uning 70 dan ortiq kitobi chop etilgan. She’rlari yigirmadan ortiq davlatda tarjima qilingan. Tanikava Syuntaro hayot va ijod haqida shunday yozadi: “Biz she’r yozish uchun yashamaymiz.Biz yashayotganimiz uchun she’r yozamiz.Asl shoir she’rlarini emas,hayotni suyadi.Men so’z qidirib emas,hayot mohiyatini qidirib ijod qilaman”.

021

* * *

Gohi erkalab, gohida olib qasos —
Meni ahli jahon sevgani uchun —
Yolg’iz qolmoqni men uddalayman soz.

Hattoki u bilan mening o’rtamda
Paydo bo’lganda ham biror parivash,
Jahon bilan birga olganman nafas.

Axir, menga atab yaratilgan-ku —
Bu ulkan jahonu uning ranglari,
Uning oddiy g’ami, quvonchlari ham.
Men ham — unikiman tanho, abadiy.

Samovot, odamlar, yashil daraxtlar —
Ularni quchoqlab, baxtga to’lgayman.
Meni boshqalarga berib ko’ringlar,
Dunyo so’lib qolar, men ham bo’lmayman.

DOVUL TURGANDA

Nazarimda ko’kka uchgan varrakka
O’xshab qolar zamin dovul turganda.
Oy osilib qolgach zulmat ustida —
Tun kirdi deb o’ylay boshlaymiz.

Shamolning so’zi yo’q, bo’ron soqovdir,
Ammo, bo’ron uchsa qo’zg’alar titroq.
Olis yulduzlarning shamoli bormi?
Do’st bo’larmikan ular bizlarga?

Zaminda tun kechar. Yana tong otar,
Nima qilar yulduz tun va tong aro?
Jim turishar… yoyilishar… Qanday chidarlar?

Osmon kunduz aldar! Tunda so’ylar chin —
Biz esa uhlaymiz… Saharda esa
Bari tushga kirgan deya o’ylaymiz.

IKKI MILLIARD YORUG’LIK YILI VA YOLG’IZLIK

Yerliklar kichkina sayyorada
Uxlashar, ishlashar, kulishar
Va gohi olis Marsdan ham
Do’st topmoqni orzu qilishar.

Marsliklar nima bilan mashg’ul — buni bilmayman.
Ular ham ishlarmi?
Quvonarmi ular ham?
Quvonarmi?
Faqat bir narsaga men ishonaman —
Gohi ular ham Yer bilan
Do’stlashmoqni orzu qilishar.

Butun jahon tortilish kuchi —
Yolg’izlikni
Tartnbga soladigan kuch.

Kosmos qiyshayib ketsa —
Og’ir tashvishlarga to’lamiz.
Yorug’lik yili hisobi bilan
Ikki milliard yillik yolg’izlik.

O’zim bilmay aksirib yubordim.

BO’SA

Kipriklarim birlashib sekin,
Nigohimga solganda parda,
Dunyo cho’kar qorong’ilikka
Va mening bag’rimni to’ldirar
Nazokatning shirin qayg’usi.

Sukunat aylanar, va’da misoli —
Bizlarni o’ragan sokin kechaga.
Kecha —
Shundoqqina to’rt
yoqdan o’rab
Kelayotgan nozik yiroqlik
Va shunda taqdirning o’yini ila
Juda yolg’iz qolar yuraklarimiz.

Axtaramiz bir-birimizni —
O’zimizni yo’qotib qo’ygach
Kashfiyotlar qila boshlaymiz.

O, men qanday xohlardim olis safardan
Qaytgan nazokatni sezmoqni.
Top-toza sukunatda yo’qolgan so’zlar —
Faqat buza olar tun sukunatin sening nafasing.

«Darhaqiqat, hayotning o’zisan!..»

Hatto bu so’zlar ham jazoga loyiq,
Nazokat to’ldirgach butun dunyoni —
Bu dunyoda yashay olishimni
Anglaymanu
Men jimgina tizim bukaman.

TASVIR

Suzib o’tolmasam kerak daryoni,
Oshib o’tolmasam kerak tog’niyam.
Menimcha, tog’ poyida ummon,
Ummon qirg’og’ida esa shahar bor.

Osmonda qop-qora bulutlar yuzar…

Oq rangli chorcho’pda joylashgan dunyo
Haqida xom xayol surgim kelmoqda.

YOMG’IRLAR MAVSUMI

Yomg’ir yog’ib qora tortdi
Daraxtu osmon,
Qora tortdi yurak ham.

Bulutlarning chetida
Ming rangli yog’du,
Bog’da esa jo’yaklarda
Qizarmoqda qulupnay.

Vaqt o’tmoqda —
Bulutlar ketmas.
Faqat bir maromda
Tomchilar tomar.

Yomg’ir yog’ib yuvindi osmon,
Yuvindi yaproqlar,
Yuvindi dillar.

NERO

Vafodor itimga bag’ishlanadi

Nero,
Yoz kechib o’tdi yana.
Sening tiling,
Ko’zlaring,
Sening peshin chog’i
Mudrab yotishing
Yana ko’z o’ngimda
Bo’lur namoyon.

Sen bor-yo’g’i ikki yozni ko’rding,
Men bo’lsam ko’rganman — o’n sakkpz marta.
Shu sababdan turli yillarning
Yozlari yodimda tirilar ba’zan:
Lafitto pansionatidagi yoz,
Vil`yamsberg ko’prigining ustidagi yoz,
Orandagi yoz… va boshqa yozlar.
Men ba’zan hayron qolib o’ylayman:
Odam ham shuncha yozni
Bir o’zi yashaydimi?

Nero,
Yana yoz fasli kechdi,
Ammo bu sen yashagan yozmas,
Bu boshqa yoz…
Butunlay boshka…
Yangi yoz fasli kechdi —
Yana qancha yangisi kelgay!
Go’zallikni, xunuklikni ko’raman yana,
Ko’raman quvonchlar keltirgan yozni,
Qayg’uga qalbimni cho’mdirganin ham.
Nima bo’lar?
Nega shunday bo’lar?
Sababi bormi buning?!

Nero,
Endi sen yo’qsan —
Sen yo’qlikka ketgansan,
Ketgansan, go’yo hech kimsa
Tanimagan yolg’izlar kabi…
Ovozing,
Hislaring,
Tag’in-da kayfiyating
Yana vujudimda
Bo’lur namoyon.

Nero,
Yana yoz fasli kechdi.
Kechdi to’kin, yangi yoz.
Men ham sayrga chiqib
Yangi yozni kutarman,
Kutarman yangi kuzni,
Yangi bahor, yangi qishniyam.
Yangi bahorniyam kutib bo’lganimdan so’ng
Yana yangi yozni kutaman —
Uning yangiligin tuymoq uchun,
Butun go’zalligin anglamoq uchun,
U mening oldimga ko’ndalang qo’ygan
Jumboqlarni yechmog’im uchun
Yana yangi yozni kutaman.

DARYO

Toshqin suvi qirg’oqni
Bosgandek, o’tmish kunlar
Xayoli bosdi meni…
Men daryoga aylandim.

Notanish xotiralar
Tunni achitdilar
Va men xavotir bilan
Oqib kira boshladim tunga.

(Ammo mening bir o’zim
Dunyo qudug’ini to’ldirolmasman,
Bulutlarga aylanolmasman,
Hatto shabnam bo’lmog’im qiyin.)

UMR

Uch yoshimda
O’tmishim yo’q edi hali.
Besh yoshimda
Kecha – bo’ldi o’tmishim.

Yettiga to’lganda
Samuraylar asri o’tib bo’ldi.
O’n bir yoshimda
O’tmishga aylandi dinozavrlar.

O’n to’rtda esa
O’tmish kitobda yozilgandek bo’lib qoldi.
O’n olti yoshimda –
Dahshatga to’lib boqdim
O’tmish xarobalariga.

O’n sakkiz yoshimda –
Qanday zamon edi,bilmayman.

INSONPARVARLIK

022

Kim dushman?
Dushman – odam.
Do’st-chi,kim?
Do’st ham odam.
Qotil kim?
Odam – qotil.
Kim o’ldi?
Odam o’ldi.
Kim odam?
Odam – bu do’st.
Eh,qanday og’ir
Oliy odamlaru…
Maymunlar aro.

UY VAZIFASI

Ko’zni qisib qarasang –
Xudo bordek tuyular.
Ko’zingni biroz ochsang –
Tuyular xudo yo’qdek.
Agar ko’zni katta ochsang –
Xudoni ko’rasanmi,yo’qmi?
Mana shuni bilib kel.

BAHOR KELGANDA

Gullar uzra
Oppoq bulutlar.
Bulutlar uzra
Osmon – cheksiz,moviyrang.
Gullar uzra,
Bulutlar uzra,
Osmon uzra
Uchsaydim deyman!
Bahor kelganda
Xuddi shu tarzda
Suhbat qurdim
Men xudo bilan.

YOMG’IR MAVSUMI

Yomg’ir yog’ib qora tortdi
Daraxtu osmon,
Qora tortdi yurak ham.

Bulutlarning chetida
Mingrangli yog’du,
Bog’da esa jo’yaklarda
Qizarmoqda qulupnay.

Vaqt o’tmoqda –
Bulutlar ketmas.
Faqat bir maromda
Tomchilaydi tomchilar.

Yomg’ir yog’ib yuvindi osmon,
Yuvindi yaproqlar,
Yuvindi dillar.

TUNGI YOMG’IR SHIVIRI OSTIDA

Mangu o’tiray deyman
Derazamning oldida,
Qo’rqinchu xotiralar
Dilni tark etar ekan,
Xudoga ishonmasdan
Ilohiy iforlarni ichimga yutarkanman,
Olisdagi poytaxtlar
Aro yerga to’kilgan
Xazonni terarkanman,
O’zimni topshirarkan
Tungi dengiz mayliga,
O’zimni o’zim sevib
Mangu o’tiray deyman
Derazaning oldida.

Manba: «Dengiz yaproqlari» (Mumtoz va zamonaviy yapon she’riyatidan. Xurshid Davron tarjimalari). Toshkent, «Yosh gvardiya» nashriyoti, 1987

09

(Tashriflar: umumiy 757, bugungi 1)

Izoh qoldiring