Taniqli bolalar yozuvchisi Latif Mahmudov 80 yoshga to’ldi.

022

Латиф Маҳмудов 1933 йилнинг 1 июль куни Тошкент шаҳар Миробод маҳалласида, хизматчи оиласида таваллуд топган. 1951 йили Мирободдаги Темир йўл қарамоғидаги 40-мактабни тамомлаб, собиқ Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Миллий университет) филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга киради.
Уни 1956 йилда муваффақиятли битиргач, Республика радиосида меҳнат фаолиятини бошлайди. 1958 йили болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар Бош таҳририяти ташкил этилади ва унга Бош муҳаррир этиб тайинланади. Латиф Маҳмудов бу вазифада қарийб йигирма йил фаолият кўрсатиб, 1979 йилдан собиқ «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида болалар адабиёти бўлимини бошқаради.
Латиф Маҳмудовнинг ижодий фаолияти 1956 йиллардан бошланган бўлиб, у асосан, болалар ва ўсмирлар учун ҳикоя, қисса, пьеса ҳамда киносценарийлар яратди.
Шу кунгача адибнинг ўттиздан ортиқ китоблари нашр этилган.Булар орасида «Қадрдон кўзлар» (1961), «Чинор» (1961) каби китоблари илк ижод намуналари сифатида қадрлидир. Шундан сўнг муаллифнинг «Икки ўртоқ» (1963), «Вафо» (1963), «Чинор» (1964), «Қирғий» (1965), «Шўх дарёнинг сири» (1966), «Болалар шодлиги» (1968), «Икки дангаса саргузашти» (1970), «Сирли хат» (1974), «Жасур болалар» (1971), «Қонга яширинган одам» (1979), «Эски дутор сирлари» (1980) каби ҳикоялар тўпламлари, қисса ва романлари талабчан болалар ҳамда ўсмирларнинг диди, руҳига мос келади. Латиф Маҳмудов драматург сифатида «Қирғий олиб қочган бола», «Али-Вали», «Муҳим топшириқ», «Сирли хат» каби бир қатор пьесалар яратган. Улар Ёш томошабинлар театрлари саҳналарида ҳамон ўйналиб келинади. Айни чоғда унинг болалар ва ўсмирлар ҳаётидан олиб ёзилган асарлари асосида бир қатор кинофильмлар яратилган.

Латиф Маҳмудов яратган сара асарлар рус, украин, белорус, латиш, эстон, грузин, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик тилларига ҳам таржима бўлган.

Адибнинг «Тоғдаги лолалар» китоби 1984 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги мукофотига сазовор бўлган. 1977 йилда унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» деган юксак унвон берилган. 2000 йилда «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган.

калам

Латиф Маҳмудов
НОК
Ҳикоя

Бу ерга келганимизга уч-тўрт ой бўлди. Мен ҳам, ойим билан дадам ҳам янги уйга, қўни-қўшниларга аллақачон ўрганиб кетдик. Бироқ бувим эса, худди бирон нарсани йўқотиб қўйган одамдек, туриб-туриб эски ҳовлини қўмсаб қолади-ю ўзини қўйгани жой тополмай:
— Ҳой, болам, — дейди ялиниб, — эски маҳаллага бир бориб келсакчи-а?
Бу гап менга ёқмайди.
— Қизиқсиз-а, буви, — дейман, — эски маҳалла қолдими?
Шунда бувим бирдан бўшашиб:
— Эшикнинг олдидаги нок турганмикин, а? — дейди ва нима деб жавоб беришимни олдиндан билгани учун гапимни ҳам эшитмай, уйга хомуш кириб кетади. Бувимга ҳайронман. Кўчаётганимизда бошқа нарсалар қолиб нокка ачинган. Мен-ку, нокни эсласам юрагим ғаш бўлади. Кесилиб кетсин деб юраман. Бироқ кесилганми, йўқми, кўзим билан кўрай десам, эски маҳаллага ҳеч йўлим тушмайди. Бувимнинг хомушлиги баҳона бўлди-ю кийиндим, бувимнинг олдига кириб:
— Қани, юринг, — дедим.
Шу топда бечора бувимнинг ёш боладек қувониб кетганини бир кўрсангиз эди.
Мана, иккаламиз автобусда эски маҳаллага кетяпмиз. Бувим ўз-ўзидан жилмаяди, ойнадан бош чиқаради, илҳақ бўлиб ниманидир қидиради. Мен эса қани энди, нок кесилиб тўнка-пўнкасини ҳам булдозер қўпориб ташлаган бўлса, деб боряпман. Мен сизга айтсам, бундай дейишимнинг сабаби бор.
Эшигимиз олдида бир туп нок бор эди. Шохлари девор оша ҳовлимизнинг ярмини эгаллаб, қуюқ соя ташлаб турарди. Дадам чилангарликдан атайлаб темирдан сўри ясатиб, остига қўйиб берган эди. Доим ўша ерда овқатланардик. Мен бўлсам бутун ёз маза қилиб нокнинг тагида ётардим. Айни нок пишиғи эди. Мактабимизда ёзувчи Ҳаким Назирнинг „Чиранма ғоз…“ песасини саҳналаштирмоқчи эдик. Мурод ролини мен ўйнайдиган бўлдим. Ўн беш кун деганда песани тайёрладик. Мактабимизга ота-оналарни, ёзувчини ҳам таклиф қилдик. Эртага томоша деган куни аллавақтгача ухлаёлмай юлдузларга қараб ётдим. Тонгга яқин кўзим илинган экан, пешанамга тушган аллақандай муштдан додлаб ўрнимдан туриб кетдим. Қарасам, ёстиғимнинг устида бир дона нок думалаб ётибди.
Энг ёмони шу бўлдики, ҳаш-паш дегунча чап кўзим кўкариб, қовоқларим шишиб чиқди. Бунақа башара билан саҳнага эмас, кўчага ҳам чиқиб бўлмас эди. Ўша куни ҳеч қаёққа бормай, аламимдан думалаб ётдим. Виқор билан кўкка бўй чўзган нокнинг „бопладимми“ дегандек шивиллашига чидаёлмай, деворга чиқдим-у каттакон бир шохини арралаб ташладим. Шох кесилиб қарсиллаб ерга тушганда, уйдан бувим югуриб чиқди.
— Нима қилдинг, болам, — деди титраб-қақшаб ва секин остонага ўтирди.
…Ўша куни дадамнинг койиганини ҳисобга олмаганда бутунлай аламимдан чиққан эдим-у, мана, ҳозир жуда олисда чайқалиб турган нокни кўриб, кўзимга оғриқ киргандай бўлди, бувим эса қадрдон ҳамроҳини қайта топгандай:
— Қара, болам, — деди мамнун илжайиб, — турибди-я, турибди.
Автобусдан тушдик.
Жин кўчалардан, пахса деворлардан ном-нишон қолмаган. Қатор-қатор янги уйлар, баъзилари битган, баъзилари иккинчи- учинчи қаватгача кўтарилган. Тумшуғи ҳавога санчилган
кўтарма кранлар тақа-тақ тўхтаган, ҳамма овқатдан сўнг нокнинг қуюқ соясида ҳордиқ чиқарар эди.
Биз ҳам бувим билан бир чеккада ўтириб дам олдик.
Ишчилардан бири ботинкасини ечиб, шимини тиззагача қайирди. Шипиллаб нокнинг устига чиқиб силкитган эди, нок дув этиб тўкилди. Қий-чув, кулги билан қизлар нокни териб ўртага қўйишди. Мен ҳам олдимга тушганларини чўнтакка урдим. Нок қоққан киши пастга қараб:
— Бўлдими, — деди.
— Ҳа, — чувирлашишди қизлар. — Эртага ҳам қолсин.
У оҳиста туша бошлади ва худди мен кесиб ташлаган жойга келганда назаримда беихтиёр тўхтагандек бўлди. Мен ўзимни алланечук сездим. У эса, дарахтнинг кесилган ерига қараб, пешанасини тириштирди, нимадир деб бошини чайқади, ғала- ғовурдан эшитолмадим, сўнг сирғалиб пастга тушди. Бувимга билдирмай секин нокка қарадим. Ўзим ҳам энг чиройли шохини олиб ташлаган эканман, шу топда нок бир қаноти цинган бургутни эслатарди! Ўша воқеа бувимнинг эсига тушиб қолишидан чўчиб:
— Буви, — дедим нок чайнаб, — нега шу нокни яхши кўрасиз-а?
Бувим эса ҳадеганда жавоб бермади. Кўзлари ярим юмуқ, алланарсаларни эслаб илжаяди, ўз-ўзидан лаблари пичирлайди.
— Буни, — деди ниҳоят хаёл билан, — буни… раҳматли буванг эккан. Одамларга эккан. Ана шу тагида ўтирган одамларга эккан, болам.
Мен нима дейишимни, нима қилишимни ва қаерга қочишимни билмай қолдим!
Азим туп нок эса жазирамадан одамларни бағрига чорлаб, гўё бувимнинг гапларини тасдиқлагандек, тепамизда сирли шовуллар эди!

Манба: www.ziyouz.uz

(Tashriflar: umumiy 288, bugungi 1)

Izoh qoldiring