Tohir Malik. Dezdemonaning sotkasi.

011
Тоҳир Малик 1946 йилнинг 27 декабр куни Тошкентда зиёли оиласида дунёга келди. Дастлабки ҳикояси 1960 йилда “Гулхан” журналида чоп этилади. 1963 йилда Тоҳир Малик Тошкент Давлат универитетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошлайди.Тоҳир Малик 1966 йилдан эътиборан матбуот соҳасида ишлайди. “Ленин учқуни” (Ҳозир “Тонг юлдузи” деб номланади), Ўзбекистон радиосида, Ғафур Ғулом номидаги ва “Чўлпон” нашриётларида, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида ишлади.
Тоҳир Малик ўзининг “Фалак”, “Сомон йўли элчилари”, “Тириклик суви”, “Захарли ғубор” (“Васваса” номи билан қайта ишланган), “Чорраҳада қолган одамлар” (“Девона” номи билан қайта ишланган) ва бошқа фантастик, “Чархпалак”, “Қалдирғоч” (“Савоҳил” номи билан қайта ишланган), “Бир кўча, бир кеча”, “Сўнгги ўқ”, “Шайтанат”, “Ов”, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Иблис девори”, “Меҳмон туйғулар”, “Жиноятнинг узун йўли”, “Одамийлик мулки” сингари детектив ва маърифий асарлари билан танилган ва китобхонларнинг севимли адибига айланган ижодкордир.
Ёзувчининг ижодий фаолияти ҳукумат мукофотлари ва турли адабий мукофотлар билан тақдирланган. 2000 йилда “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилган.

099

Тоҳир Малик
ДЕЗДЕМОНАНИНГ СОТКАСИ

     Режиссёр Остонақулов анчадан бери «Отелло» спектаклини саҳналаштиришни орзу қилиб юрарди. Охири раҳбарият айтдики: «Пулдор ҳомий топсанг, саҳнага қўявер. Истасанг «Отелло»ни қўй, истасанг «Уйда чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир»ни қўй», дейишди. Остонақулов бировга «ака» деб борди, бошқасининг эшигини «тоға» деб қоқди. Охири ҳомийлар топилди. Томошани саҳнага қўйишга етадиган пул топилгандай бўлди. Бундан қувонганича ишни бошлаб юборди. Биринчи галда энг истеъдодли актёрларни танлаб, ролларни бўлиб берди. Дастлабки машқлар бошланганида ҳомийлардан бири телефон қилиб қолди:

— Дездемона ролига бир қизимиз бор, ўшани ўйнатасиз, — деди.
Режиссёр Остонақулов Ҳолсизова деган артист аёлни эшитмаган экан, ҳомийнинг ўзи мушкулини осон қилди:

— Гўшт бозорига бориб, паттачи Юмалабтортаровни топасиз, у сизни Ҳолсизовага рўпара қилади.

Режиссёр ноилож янги Дездемонасини кўргани борди. Аввал паттачини топди. Паттачи эса Ҳолсизовани. Унгача паттачи «қиз»ни таърифлаб берди. «Қиз» деб таърифланган Ҳолсизова унча қари эмас, пенсияга чиққанига ҳали беш йил тўлмабди.

«Ёшликда берган кўнгил айрилмас бало бўлур» деганларидек, паттачи акаси бир марҳамат кўрсатадиган бўлибди-да!

Табиийки, Ҳолсизова режиссёрга ёқмади. Юмалабтортаровга Дездемонанинг ёши, ташқи кўриниши қандай бўлишини тушунтирмоқчи эди, паттачи гапни калта қилиб қўя қолди:

— Агар шу қиз Дездемона бўлмаса, пул ҳам бўлмайди!

Ўша кеча Остонақулов ухламай чиқди. Эрталаб эса Дездемона ролига тайёрланаётган қизга рухсат бериб, Ҳолсизовани чақирди. Икки кундан кейин иккинчи ҳомий қўнғироқ қилиб, Отелло ролига аммасининг ўғлини тавсия қилди. Остонақулов ўша ку-ниёқ уни кўриб:

— Бўлмайди, оқсар экан, — деди.

— Бўлади, — деди ҳомий, — Отелло урушда яраланиб, чў-лоқланиб қолган, дейсиз, шунга ҳам ақлингиз етмайдими?

— Кўзлари ҳам сал… ғилайроқ экан…

— Кўзига урушда «осколка» теккан…

Хуллас, олтмишдан ошган гўзал Дездемонага чўлоқ ва ғилай Отелло насиб этди.

Учинчи ҳомий савдолашиб ўтирмай, Яго ролини талаб қилди. Талаб қилганда ҳам бировни тавсия этмай, ўзи ўйнайдиган бўлди. «Дўст бор, душман бор, бизни ҳам бир саҳнада кўриб қўйишсин». Яго бояқишнинг бўйи бир ярим, эни, қоринга қўшиб ҳисоблаганда, икки қулоч келарди. Бу ҳомийни Отелло билан Дездемона бағоят ҳурмат қилишаркан, бирга ўйнашга рози бўлишди.

Тўртинчи ҳомийнинг жияни соқов бўлгани билан театрни яхши кўраркан. Хуллас, соқов Кассио билан бош­қалар имо-ишора орқали гаплашадиган бўлишди.

Роллар шу тариқа тақсимланиб, иш бошланганида асосий бош ҳомий йўқлаб қолди:

— Шекспирингиз кимлигини билмайману аммо ёзганини менга айтиб беришувди, унга қойил қолмадим. Ҳаётни билмас экан. Битта рўмолча деб хотинни бўғадими? Қаранг, бозор тўла рўмолча. Шу битта рўмолчани деб одамларни икки соат лақиллатиб ушлаб ўтирмоқчимисиз? Йўқ, мен бунақа бекорчи томошага пул бермайман, — деди у.

— Рўмолча ёқмаётган бўлса… Дездемона нимани йўқотади? — деди режиссёр ажабланиб.

— Масалан… агар Дездемонангиз културний чувиха бўлса, сотка телефонини йўқотсин. Шунда Отелло бола пақир «Рўмолча!» деб лалаймайди. «Сотка! Сотка телефон қани?» деса ҳамма ишонади. Минг долларли соткани йўқотган хотинни бўғса, арзийди. Хотини ўйнаши билан соткада гаплашаётганда шартта босиши керак, энг яхшиси шу, укам!

Ночор қолган Остонақулов бунга ҳам кўнди. Ҳомийлар санъатсевар халқ экан, яна кўп зарурий ўзгартишлар киритилди. Шекспирнинг номи бошқачароқ бўлди: Шекс Пиров, Отелло — Отаулла, Дездемона — Дили Рабо, Яго — Яҳёга айланди. «Отелло — крутой йигит» деган хулосага келган бош ҳомийнинг талаби билан Отелло Дездемонани ўлдириш учун ёлланма қотил ёллайдиган бўлди.

Иш шу ерга келганда ўша ёлланган қотилни ўйнайдиган актёр топилмай турибди. Актёр-ку бор-а… унга ҳомий йўқ. И-е, ана, ҳомий ҳам топилди. У айтган актёр ҳам таклиф қилинди. Ана халос, мерганни ўйнайдиган бу одамнинг икки кўзи ожиз экан-ку? Ҳа, майли, бу ҳам муаммо эмас, милтиқни бир кўзни юмиб отадими ё иккаласиними — фарқсиз, барибир милтиқнинг ўқи йўқ-ку?

«Оила даврасида» газетасидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 146, bugungi 1)

1 izoh

  1. Анвар Намозов:
    Устоз узоқ умр кўрсинлар, ижодий парвозлар тилайман.

    Bashorat Eshova:
    Umirlari ziyoda bulsin .

    Умида Турсунова:
    Тохир акага менинг табригимни хам етказсангиз Уларга узок умр ,ижодларига барака тилайман ФарМИ да учрашув уюштирганимни куп хамкасбларим халигача марок билан эслашади…

    Gulchehra Axmedova Muxlislarini baxtiga sog’ bo’lsin !

Izoh qoldiring