Tohir Malik. Uch hikoya & Kechinmalar (Tohir Malik bilan suhbat)

Ashampoo_Snap_2016.12.15_00h29m00s_003_.png27 декабр — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик туғилган кун.

    Тоҳир Малик  ўзбек адабиётининг энг ёрқин вакили.Унинг  ижоди  ҳамиша  халқимизнинг  эътиборида ,унинг  китоблари  китобхонлар  қўлидан  тушмайди.

Тоҳир МАЛИК
УЧ ҲИКОЯ
08

Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1969). Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада крлган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машхур.
«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000) ёзувчининг йирик асарларидандир. Асар асосида кўп церияли телефилм яратилган. «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласи, «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами ҳам бор. Унинг «Амир Темур даври адабиёти» (1998), «Варахша», «Унвони инсон» (1999), «Соҳилсиз денгиз» (2000), «Зулмат салтанати» (2001), «Моштабиб» (2002) сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.
Рус ёзувчиси Ф. М. Достоевскийнинг «Маъсума» қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

08

БЕКАТ

Бу ерда кимлар бўлмаган…
Қора мойга беланган шпаллар нималарни эшитмаган…

Оҳ-фарёд, ҳайқириқ, қувонч билан айтилган ҳар бир сўз ҳудди қора мой сингари ана шу йўл, ана шу кўҳна бино бағрига сингиб кетган. Йўл ҳам, бино ҳам жонсиз. Аммо у кўп воқеаларнинг гувоҳи. Даҳшати кишини ларзага келтирувчи ҳар қандай воқеа ҳам улар учун паровоз қичқириғидай оддий бир нарса бўлиб қолган.

Шунинг учун ҳам бу мунғайган бино, қорамойга беланган йўл жим…

Биринчи ҳикоя: 1942 йил.

Асқархўжаникида тўй тарқаши билан Нафиса ўғлига аза очди. “Қўшнимнинг тўйига зомин бўлмайин”, деб қорахатни яшириб, ёниб-куйиб юрган она қалбида йиғилиб қолган дардини энди йиғи билан чиқарарди.

Ҳозиргина тўйхонадан чиққанлар, энди қўшни эшикка азага кирдилар…
Полвон тоға фотиҳага келганларни ўзи кутди. Муборак ҳам Нафисага далда бериб ўтириб, қош қораймай уйига қайтди. Ўнг қўшниникидаги тўй, чап қўшниникидаги аза ташвишлари охирига етди. Шом азони ҳамма нарсага барҳам берди. Одамларнинг қувончлари ҳам киприкдаги ёшдай омонат бўлиб қолган эди. Хурсандчилик ҳеч ерга ўз ҳукмини мутлақ ўтказа олмас, изма-из қувиб юрган ғамга жойини бўшатиб кетишга мажбур бўларди.
-Дунёнинг ишлари шу эканда… ишқилиб, Аллоҳим кўпнинг қаторида Нарзимни ҳам ўз паноҳида асрасин,-деб қўйда Полвон тоға.
-Айтганингиз келсин,-деди Муборак. Кейин кўча эшик томон тикилди:-қаранг-чи, кимдир турганга ўхшаяпти.

Полвон тоға бир йўталиб олиб: “Кимсиз, келовринг”, деб қўйди. Эшик томондан қиз боланинг “менман, Полвон тоға”, деган синиқ овозини эшитиб, “ўзинг қарай қоласанми?” деган маънода аёлига савол назари билан боқди.
-Келовринг, қизим, тортинманг,-деди Муборак ўрнидан тураётиб.
Қиз супага яқинлашиб салом берди-да, кўрпачанинг четига омонатгина ўтирди. Бир вақтлар у Полвон тоғадан ҳайиқарди. Нарзи “дадам кўриб қолмасинлар”, деб ҳадиксирагани ҳадиксираган эди. Фақат бир марта… Нарзи урушга жўнаётгани куни Нозик қўрқмади. Билишса билишар, деб Нарзининг ёнига келди. Келишга келди-ю, лекин уятдан юзлари ёниб, ерга қараб олди. Қариндошлари билан хайрлашаётган Нарзи Нозикдан бир нарса кутгандай унга умидвор кўз билан тез-тез қараб қўйган эди.

Нозик Полвон тоғага ўшандан бери рўпара бўлгани йўқ. “Полвон тоға ўшанда мени кўрганмидилар?… Балки… эсларидан чиқиб кетгандирман…” Нозик шу хаёлда бошини қуйи эгиб ўтирарди.
-Қизим, тинчликми?-деб сўради Полвон тоға, аёли билан кўз уриштириб олгач.
Бир дақиқагина хаёл оғушига шўнғиган Нозик чўчиб, тоғага қаради. Гапни нимадан бошлашни билмай, тараддудланди.
-Тинчлик, тоға… Ҳм… ҳалиги… ўғлингиздан… Назрулла акамдан хат келмадими?

Дабдурустдан берилган бу саволдан ажабланган эр-хотин бир-бирларига қараб олишди.
-Бир ҳафта бўлди шекилли, а, Нарзи?-деб сўради Полвон тоға хотинидан.
-Бир ҳафтадан ошди, саккиз ярим кун бўлди,-деб аниқлик киритди Муборак.
-Нимага сўраяпсиз, қизим, тинчликми?
-Бизга хат келмай қолди.
-Кимдан, Нарзиданми?
-Йўқ… акамдан. Улар урушга бир кунда кетишган эди…
-Сабр қилинглар, келиб қолар. Нарзимдан бир ойча хат олмадик. Ўғлимни Худойим асрабди, қўлини ўқ таталаб ўтганмиш. Айтиб туриб, бировга ёздирибди. Хати бошқа бўлса ҳам., гаплари ўша-ўша.
-Ҳа, менинг ўғлим қизиқ гапларни топишга уста,- Муборак бу чиройли қиз олдида ўғлининг мақтовини келтириб, ошхона томон юрди.

Аёли нари кетиши билан Полвон тоға қизга синовчан тикилди:
-Қизим, ҳавотирингизни кўзингиз айтиб турибди. Яширманг. Бугун айтолмасангиз, эртами- индинми, барибир айтасиз. Нарзи омонми? Холангиз йўғида тўғрисини айтовринг, омма у эшитмасин, юраги чатоқ.
Нозик Полвон тоғага бир қараб олди-да, сўнг нигоҳини узумзорга тикиб, тез-тез гапира бошлади:
-Менга хат ёзибдилар… “Уйга бормайман…” дебдилар.

Нозикнинг овози титради. Полвон тоға унга ҳайрат билан тикилди:
-Нега?
-Кўзлари… кўзлари кўрмаётганмиш…
-Ё, қудратингдан!

Полвон тоға паст овозда бир нималар деди, лекин Нозик эшитмади. Полвон тоға бошини эгиб бир пас жим қолди.
-Мен эртага кетяпман,-деди Нозик.
-Қаёққа?
-Бокуга. Ўша ердаги госпиталда эканлар. Олиб келаман.

Муборак бир чинни косада таом кўтариб қайтди:
-Қизим, тўйдан насиба, олинг.
-Раҳмат холажон, қорним тўқ…
-Бир чимдим бўлса ҳам олинг. Насиба-да. Худойим ҳаммани тўйга етказсин.
…Бурилишда пишқириб паровоз кўринди. Орқадан таниш овоз эшитилди:
-Қизим…
Нозик ўгирилди. Полвон тоға унга тугунча узатди:
-Ўғлимни сизга, сизни Худога топширдим. Нарзига айтинг: кўнгли чўкмасин. Омон қайтса Худога шукурлар қиламиз. Бор бахтимиз ҳам ўша. Бекорчи хаёлларга бориб биз бедаволарни бебахт қилмасин.

Поезд бу бекатда икки дақиқагина тўхтади. Кейин чуқур “уф” тортиб, жўнаб кетди.
“Шундай қиз яхши кўраркан, Нарзи мендан нега яширди? Айтганида урушга кетмай туриб уйлантириб қўярдим-а… Бошимизга бахт қуши қўниб турган экан-у… билмапмиз. Ажаб… Худойим, ўзинг меҳрибонсан, энди бу қушни учириб юбормагин…Нотавон бандаларингга раҳминг келсин…”
…Назруллага зулукдай от беришди. Ҳудди ўзининг қорабайирига ўхшайди. Ман-ман деган чавандозлар ҳам унинг шу отига тан беришган эди. Мана ўша оти. Йўқ, бу эмас, бунинг пешонасида оқ қашқаси йўқ. Оёғи ҳам унча ингичка эмас, аравага қўшилганга ўхшайди, яхши чополмайди. На илож, урушда яхшисини танлашга вақт йўқ. Назрулла чаққонлик билан эгарга ўтирди-ю, отга қамчи босди. Жонивор елдек учди.
-Яхши чопаркан,-деб ўйлади Назрулла.-Лекин совутиш керак. Нима бу? Жарликми? Дирр!
От ҳам Назрулла ҳам пастликка шўнғиди…

Унинг юзларини таниш қўл силади.
-Ким бу?
-Менман…
-Нозик?!

Бу бекат Полвон тоға билан Муборак холани бошқа кўрмади. Нозик билан Назруллани ҳар йили кузатади, кейин кутиб олади. Аввал улар икки киши эдилар, кейин учта бўлишди, сўнг эса тўртта…

Иккинчи ҳикоя: 1961 йил

Бекатдаги сув дўкони икки кундан бери очилмайди. Учинчи куни хизматчилар орасида шивир-шивир тарқалди:
-Лолахон ўлиб қолибди…
-Қачон?
-Икки кун бўлибди…
Бу гап-сўзларга биргина фаррош эътибор бермади.
-Аллоҳнинг қудрати,-деб қўйди.

Пешинга яқин бекат кўчасидан ўн – ўн беш киши тобут кўтариб ўтди. Фаррош оқсоқланиб бориб, тобутнинг бир томонини кўтарди. Пичирлаб дуо ўқиди, кейин тобутни бошқа киши елкасига олгач, сафдан чиқиб, юзига фотиҳа тортди-да, бекат томон юрди.
Тепасига паранжи ташланган тобут ичида ким ётганини у билади.

Ўша йиллари ҳам у фаррош эди. Бекат биноси қад кўтарганидан бери шу хизматда.
Дастлаб сув дўкони очилиб, дуркунгина қиз Лолахон ишга келганида уни кўриб, кўп йигитлар қатори унинг ҳам юраги “жиз” этиб қўйган эди. Лекин… “биздек чўлоққа йўл бўлсин”, деб қизга яқин йўламас, шилқимлик қилмасди. Аввал Сарварга ҳасад билан қараб юрди.Бу йигитнинг бекатда ҳар куни ўралашиб юриши бежиз эмаслигини билди. Бир куни баҳор офтобида мудраб ўтирганида Сарвар унга салом берди. Ёнида ясаниб олган дўсти. Иккови ҳам бир ҳилдаги икки саман отни миниб олишган.
-Мансур ака, тўйга айтиб келдим, бирга бўлинг. Якшанба куни эрталабдан бораверасиз.

Мансур унга бўлган ҳасадини яширишга уриниб, базўр жилмайганича қутлади. От устида мағрур ўтирган елкадор бу йигитга қараб: “бахти кулган экан, бошига дўппи, белига белбоғ ярашаркан”, деб қўйди. Келин боланинг кимлигини сўрамади. Сарварнинг Лолахонга уйланаётганига амин эди. Янглишмади.
Шундан сўнг бу бекатда Сарварни яна икки марта кўрди. У Сарварни авваллари кўп маротаба кўрган бўлса-да, уч учрашув хотирасига муҳрланиб қолган эди. Шулардан бири – от устида кулимсираб ўтирган Сарвар.

Иккинчиси…
Ёзда уруш бошланди.

Кузда Сарвар билан учрашди. Ёнида Лолахон. Кўзлари қизарган. Бошини Сарвар акасининг елкасига қўйиб хомуш турарди. Сарвар Мансурни кўриб негадир жилмайди. Бу от устида ўтириб тўйга айтган йигитнинг жилмайиши эмасди.
Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Мансур секингина ўзини четга олди. Унинг вазифаси йигитларни кузатиш эмас, одамлар тарқалганидан кейин супуриб-тозалаш.

Поезд ўрнидан жилди. Уфқда қуёш – гўё қип-қизил баркаш, осмон этагига омонатгина осилиб турарди. Поезд қуёшни мўлжалга олгандай тўғри ўша томон юрди. Бора-бора қуёш бағрига кириб кетди – кўринмай қолди. Мансур шунча йил бекатда ишлаб, бундай манзарага эътибор бермаган экан.
“Тавба, қуёш ютиб юбордими?”,-деб қўйди у ўзича.
Мансур билан Лолахон ўртасида салом-аликдан бошқа алоқа йўқ эди. Фаррош индамай юргани билан аёлни зимдан кузатарди. Шунинг учун ҳам китель кийган, бақбақаси осилган, беўхшов қорин қўйган кишининг сув дўкони атрофида айланишиб юрганини дарров сезди. Лолахон кўзга яқин, кўркамгина жувон бўлган эди. Унинг ҳаёти, ҳусни айни баҳор палласини бошдан кечираётган эди. Мансурнинг наздида у ўзини асрай олмади: нобоп шамолга учради. Сув дўкони атофида юрган беўхшов семиз киши лобар аёл баҳорини хазон қилгувчи аямажуз эди.
Орадан бир ярим йилча вақт ўтган эди…

Тушга яқин поезд келиб тўхтади. Ҳарбий кийимдаги бир қиз Мансурни чақирди:
-Ҳой амаки! Амаки, дейман, бу ёққа келинг, қарашиб юборинг.
Замбилдаги одам Мансурга таниш кўринди. Юзидаги чандиқларни ҳисобга олмаганда Сарварнинг ўзи эди.
-Мансур ака, ассалому алайкум, танимаяпсизми? Сарварман…
-Сарварбек! Омонмисиз, биродар?..
Мансурнинг кўришмоқ учун узатган қўли ҳавода муаллақ қолди. Сарвар ҳазин жилмайди. Унинг бу жилмайишида қандайдир алам, ўкинч бор эди. Мансур буни сезди. Этлари жимирлашиб кетди.
-Шунақа бўлиб қолди, Мансур ака. Қўл-оёқларни Сталинградга ташлаб келяпмиз.
-Ё алҳазар! Ишқилиб, бошингиз омон экан, шунисига шукур! Мен ҳозир, биродар… ҳозир…

Мансур шундай деб, шох ташлаганича югуриб сув дўконга борди:
-Лолахон, синглим, суюнчи беринг: Сарварбек келдилар!
Лолахон бу хушхабарга ишонқирамай сўради:
-Ким дедингиз?
-Сарварбек, ўртоғингиз…
Сарвар замбилда ётганича, ўша аламли жилмайиш билан хотинини қарши олди. Лолахон бир нарсадан чўчигандай замбил яқинида тўхтади.
-Сарвар ака?..
-Лолахон… мана…

Лолахон аста тиз чўкди. Чойшабнинг бир учини аввалига чўчибгина кўтарди. Кейин қандайдир куч уни мажбур қилгандай, чойшабни буткул очиб юборди-да, даҳшат билан қичқириб, ўрнидан турди. Орқага тисарилди.
-Йўқ, йўқ!- у шундай деб нидо қилганича ҳарбий кийимдаги ҳамширага юзланди:-Эримни қандай олиб кетган бўлсаларинг менга шундай қайтарасанлар.! Йўқ, йўқ! Энди у одам бўлмайди. Э, Худойим, пешонам шунчалар ҳам шўр бўладими, а?!
У ўкраб-ўкраб йиғларди. Мансур ҳам, ҳамшира ҳам унинг овунишини кутиб жим туришарди. Сарвар лабини тишлаб олган, кўз ёшларини тия олмасди. Лола овунмади:шашт билан бурилиб, югуриб кетди. Унинг бу йиғиси Сарвар урушга кетаётгандаги йиғисига сира ўхшамас эди.

Сарварни тиббий машинада қаергадир олиб кетишди.
Мансур уни бошқа кўрмади.
Сув дўкони атрофида турли-туман эркаклар кўп айланишадиган бўлишди.
Мансур Лолахон билан салом-аликни йиғиштирди.

Ўшандан кейин неча марта баҳор келди. Мансурнинг сочига оқ оралади. Соғ оёғидан ҳам қувват кетди. Ишини яримламай туриб оёғи санчиб оғрий бошлади. Супургисини судраб бориб, бекатга кираверишдаги ўриндиққа ўтирди. Шу ерда ўтирган киши унга бир қараб олиб, салом берди.
-Танимадингиз, а?-деб сўради.
-Кўзимга иссиқ кўриняпсиз-у, эслолмаяпман, қаричиликда, биродар…
-Уруш бошланган йили дўстим билан шу ерга келиб сизни тўйга айтган эдик.
-Ким билан?
-Сарвар билан. Келин сув дўконида ишларди, эсладингизми?
-Ҳа, ҳа. ёдимга тушди. Икковинглар саман отда эдинглар. Хўп ярашган эди-я!
-Қойилман, хотирангиз зўр экан.

-Сарварбек… омонмилар? Ҳозир қаердалар?
-Тошкентда. Ҳозир унинг олдига кетяпман. Эртага диссертация ёқлайди.
-А, лаббай?
-Олим бўляпти ошнам.
-Бир ўзига қийиндир?
-Нега бир ўзи бўлади, оиласи бор. Ўғли ҳам катта йигит бўлиб қолган. Биринчи хотини ҳалиям шу ерда ишлайдими?
-Қаерга ҳам борарди…

…Ана шу Лолахон икки кун илгари ўлибди. Мурда икки кун қаровсиз қолибди. Кейин савобталаб қўшнилар уни қабрга қўйиб келишди. Ҳассакаш ҳам йўқ, уйда аза очувчи ҳам йўқ.
Бу воқеага бир одам гўё фарқсиздай…
…бекат биноси ҳам миш-мишларга парво қилмайди. У аввалгидай мунғайиб турибди…

Учинчи ҳикоя: 1985 йил

Олтинчи купенинг эшига ҳалигача ёпилмаган, чироғи ҳам ўчирилмаган эди. Купега кетма-кет кириб келган иккала йўловчи ҳам бош қимирлатиб саломлашганича ҳали бир-бировларига сўз қотишгани йўқ. Вагоноғаси ташлаб кетган чойшаб, сочиқ, ёстиқжилд тахи бузилмай ётибди.
Норбўта аввалига қўлидаги газеталарга кўз югуртирган бўлди. Унинг нигоҳи сатрларда бўлса-да, хаёли бўлак фикрлар билан банд эди:
“Қорайибди, озгина тўлишибди. Ҳусни илгаригидан ҳам очилибди. Мен у билан саломлашдим. У нима учун индамай кетяпти? Гапиришни истамаяпти? Ё ўзим сўз бошлайми? Нима дейман? Силтаб ташласа-чи?..”

Марғуба дераза оша ташқарига тикилиб ўтирибди. Бу ўтириш ўзига ҳам ноқулай туюлдими, ялтироқ қора сумкачасидан китобча чиқариб, ўқишга тутингандай бўлди. Китобчани у ўқиб битирган, аммо ҳозир сатрларга кўз тикиб ўтиришдан ўзга чора тополмаганди.
“Қаёққа кетяпти? Уйигами? “Институтда омади юришмади”, дейишган эди. Шу тўғримикин? Қизиқ, нимага индамаяпти? Атайин қиляптими ё гапиришга юзи чидамаяптими? Ҳеч ўзгармабди. Қишлоғига бораётган бўлса яна саккиз соат юрамиз… Нега гапирмайди?..”

Норбўта жувон нигоҳининг бир саҳифадан узилмай турганини сезди. Енгил йўталиб, ўрнидан турди.
-Жойингизни солиб ётинг, мен йўлакка чиқиб тураман. Чарчаганга ўхшайсиз,-деди.
-Йўқ, йўқ,-деди жувон шошиб,-безовта бўлманг. Мен барибир поездда ухлай олмайман. Сиз бемалол ётаверинг, мен чиқиб тураман.
-Мен ҳам поездда ухлай олмайман…
Яна жойларига ўтиришди. Яна жим қолишди.
-Ҳали ҳам ўша ердамисиз?-деди Норбўта бир зумдан сўнг.
Марғуба “қаердалигимни ростдан билмайсизми?” дегандай унга бир қараб олди. Норбўта биларди, лекин айни дамда гап бошлашга ўзга баҳона топа олмади. Марғуба унинг ҳамма нарсадан бехабар эканига ишонгандай бўлиб жавоб қайтарди:
-Ҳа, ўзингиз билган ўша мактабдаман.
-Директор ҳали ҳам Расул акамилар?

Марғуба энди унга “наҳот билмасангиз?” деган маънода ошкора ажабланиб қаради:
-Йўқ… у киши оламдан ўтдилар…
Норбўта жувоннинг нигоҳига дош беролмай пастга қаради.
“Устозининг тақдирига шунчалар бефарқми?” деб ўйлади Марғуба. Институтда ўқиб юришганида Норбўта Расул акани кўп эслаб: “Устоз бўлмаганларида мен бу ерга ўқишга келолмасдим. Менга руҳсат олиб бераман, деб раис билан аччиқлашиб олишган. Ўқиш битгач, ўзимнинг бағримга келасан, деб оқ фотиҳа бергандилар”, дерди. Алҳол, шу сўзлар йигитнинг ҳам жувоннинг ҳам хаёлидан ўтди.
Норбўта устози билан бўлган сўнгги учрашувни эслади. “Сенга буйруқ беролмайман, сенга менинг ҳукмим ўтмайди. Ўзингга етарли ақлинг бор. Кўнглингга қаер хуш ёқса ўша ерда бўлишинг мумкин. Лекин елкангдаги туз ҳаққини унутишинг мумкин эмас. Сендан ражимайман. Фақат… кўп йиллик умидимнинг юзига тупроқ тортиш менга оғирлик қиляпти…”

Улар сой бўйида, эски кўприкка етмасдан хайрлашишган эди. Кўзлари қисиқроқ, бурни япасқироқ, бироқ истараси иссиқ, сочларига оқ оралаган, оддий деҳқон каби кийиниб олган Расул ака…
Норбўтанинг кўз олдида у энди шу кўринишда сақланиб қолади.
“Умидига мен тупроқ тортган эдимми? Энди барибир эмасми? Ахир ўзлари қоронғу ва зах ер бағридалар-ку?.. “Ўрнимга ўзинг директор бўласан”, дердилар. Қизиқ… ҳозир ким экан?”
-Ўринларига ким бўлди?-деб сўради Норбўта бир неча нафаслик сукутни бузиб.
-Ўғилой опа.
-Илмий мудирами? Унинг ўрнига-чи?
-Мен…

Норбўта буни кутмаган эди. Шунинг учун яна жим қолди. Лекин бу жимлик уни ноқулай аҳволга солиб, суҳбатни давом эттиришга ундади:
-Уйингизга тушувдингизми?
-Йўқ, уйга кириб-чиқишга вақт бўлмади. Москва поездидан тушдиму бунга чиқа қолдим.
Норбўта унга савол назари билан тикилиб, гапининг давомини кутди. Марғуба бу қарашнинг маъносини англаса ҳам кўзини олиб қочиб, индамади. Норбўта қайта сўрамади.

“Москвадан келяптими? Бирорта мажлисга борган шекилли? Ҳозир мактабда иш қайнайдиган пайт. Ўйнагани бормагандир… Севишиб, аҳд-паймон қилган кунларимиз эсидамикин? Ўпич бергани-чи? Эсидадир. Лекин энди бундан нима фойда? Энди у бошқа одам, мен бошқа одамман. Нима учун қишлоқда қолди? Менга ўчакишдими ё ростданам қишлоқ ёқиб қолдими? Ё шаҳарга қайтиб боришга юзи чидамадими? Қайтиб кетмагани учун балки ҳозиргача ўкинар? Нега ўкинади? Бахтли бўлса-чи? Турсун тракторчига теккани ростмикин? Тақдир қизиқ эканда… Унга менинг қишлоғим ёқди. Мен эсам унинг шаҳридан кўнгил узолмадим. Хато қилдимми? Ахир қишлоғига қайтишни истамаганлар озми? “Ҳаробгина ёзги кинотеатр, баҳорда пиллахона, кузда ҳашарчиларга бошпана бўлувчи “клуб” отли бостирма, чойхона… Булар ёшлик сурурига зид эмасми?” деган эдим унга. У эса: “Меҳр-чи” деганди. Қандай меҳрни назарда тутганди? Ота-онам ўлиб кетишган бўлса. Акаларим билан ота меросни бўлишолмай олишиб юришим меҳрга кирармиди? Хайрлашаётган пайтида кўзларида ёш бор эди. Менга ишониб қишлоққа келгани учун хафа эдими ё менинг шаҳарга қайтиб кетишим оғир ботганмиди? “Сиз ҳаммани норизо қилиб кетяпсиз. Қайтишни ўйлаяпсизми? Яна қайтиб келишга юзингиз чидайдими?” девди. “Юзингиз чидайдими…” Бу нима дегани? Ахир мен жиноят қилмадим-ку? Шаҳарда бахтимни синаб қайтдим. Илмда омадим юришмади. Изза чекишга лойиқ иш қилмадим. Фақат… олти йил қишлоғимга келолмадим…”
Марғуба яна китобга тикилди.

“У шон-шуҳратга интилди. Буни мен билмасмидим? Сезардим. Лекин эътибор бермагандим. Бир куни: “Омад эшигингни қоқиб турганда андишани ўйлаб пусиб ётмаслик керак”, деган эди. “Омад” деганда менга ҳам эгалик қилишни назарда тутганмикин? Унга кўнгил қўйишим омад бўлиб туюлгандир балки? У яхши спортчи эди. Дарсга нисбатан мусобақаларга кўпроқ қатнарди. Бунақа ўқишда билим саёз бўлишига ўзининг ақли етмадими? Билмагандир… Билса илмий ишни орзу қилармиди? Мен эсам тўғрисини айтолмадим… Институт раҳбарларига обрў олиб берувчи яхши спортчи керак эди. Спортчининг бутун умри шоҳсупаларда ўтмайди-ку? Пастга тушадиган пайти ҳам бўлади-ку? Унинг пастга тушадиган вақти етдими? Олти йил умрини ҳавога совурди. Хато қилганини энди англадими? Мен-чи? Мен хато қилмадимми? Уни севдим. Уни деб қишлоғига келдим. Ажаб, ўз қишлоғи кўзига хунук кўринди-я! Мен шаҳарга қайтмадим. Хатоим шуми? Йўқ. Мен унга кўнгил қўйиб хато қилган эдим…”
Вагоноғаси кириб унинг хаёлини бўлди:
-Қизим, истасангиз бўш купе бор, бирини очиб берайми?
-Бўш бўлса мен чиқа қолай,-деди Норбўта,-юклари билан овора қилмайлик.
-Шуниси ҳам маъқул. Қизим, сиз бафуржа дам олаверинг. Эрталаб уйғотиб қўяман.
Улар чиқиб кетишди. Марғуба эшикни қулфлаб, тўшакни ёйди-да, ёнбошлади.

Вагоноғаси ваъдасига хилоф қилмай эрталаб эшикни тақиллатганда Марғуба тушишга тайёр турарди. У нарсаларини кўтариб, даҳлизга чиқди. Икки купе нарида турган Норбўтага кўзи тушди. Кўзлар тўқнашди. Бир-биридан сўз кутди. Икковидан садо чиқмади. Норбўта ўзини ичкари олиб, йўл бўшатди. Марғуба ўтиб кетди.
Марғуба вагондан пастга тушиб, атрофга аланглади. Норбўта вагон зинасига оёқ қўйганича ундан кўз узмай қараб қолди. Икки яшар қизчасини кўтариб олган эркак Марғубага яқинлашди. Жувон қизчани бағрига босиб ўпа кетди Норбўтанинг кўкрагини бир нарса куйдириб ўтгандай бўлди.
Бу бекатда поезд икки дақиқагагина тўхтарди. Тепловоз жилиш фурсати етганини маълум қилиб чинқирди. Норбўта пастга тушмай, орқасига қайтди.
-Ўғлим, тушмайсизми?-деб ажабланди вагоноғаси.
-Адашибман,-деди.Кейин қўшиб қўйди:-Ташвишланманг, ҳақини тўлайман.
-Ташвишланаётганим йўқ,-деди вагоноғаси, сўнг ҳазил қилди:-Ҳақини тўлайдиган бўлсангиз истаганингизча адашаверинг.

Поезд аста жилди. Қизчасини бағрига босган Марғуба, юкларини кўтариб олган эркак, мунғайиб турган бекат биноси ортда қолди.Буларнинг барчаси Норбўта учун гўё бегона эди…

***

Кўп сирларни бағрига сингдирган бекат ҳамон ўз ўрнида.
Соғинган юраклар уни кўрганда шодликдан ёнади.
Кимларгадир эса бегона…

ХОТИРА

1

Зуҳрани қарғашди. Султонни лаънатлашди. Икковлари ғам ғазаб тошлари билан тошбўрон қилиндилар. Миш-миш гаплар тупроғига кўмилдилар.

-Улар аввалдан дон олишиб юришар экан, қочиб кетишганмиш…
-Вой ўлмасам, қочиб кетишганмиш-а…
-Ҳа, қочиб кетишибди…
…ким билади, балки тўғридир…
-Ўлиб қўяқолсин, жувон ўлгур, боласини ташлаб кетмай қора ерга кирсин. Битта эр камлик қилибдими?
-Ўлиб қўяқолсин, жувон ўлгур…
-Битта эр камлик қилибдими…
-Болаларини ташлаб, ўйнаши билан қочибдими, а?

…ким билади, балки тўғридир…
-Қорнида бола бўлиб қолган экан, эриданмас, Султонданмиш…
-Султонданмиш…
-Боласини олдирмоқчи эканми?..

…ким билади, балки тўғридир…
Бу гаплар кичкина ишхона доирасидан чиқиб, шаҳарчага тарқалди. Танишлар учраб қолганда суҳбатлари шу “янгилик” билан бошланиб, қўшимча маълумотлар билан тўлдирилган ҳолда якунланарди. Бир ҳафтача шундай бўлди. Эзилиб ёққан ёмғир тинди. Булутлар тарқалди. Қуёш ернинг ҳовурини кўтариб, қиздириб юборди. Одамлар суҳбатининг мавзуи ўзгарди.

2

Туман идорасидан вилоят бошқармасига ишга ўтган Султон Зуҳрани биринчи марта кўрганидаёқ унга маҳлиё бўлиб қолган эди. Оппоққина, дўмбоққина, чарос кўз бўлмаса ҳам жонни олгудай қараши бор… Ёз кечасидаги осмон ҳусни — ҳилолни эслатувчи қоши қоп-қора… Қизга суқланиб қараб турган Султоннинг кўзи бармоғидаги никоҳ узугига тушди-ю, афсусдан нафаси қайтди. Бир хонада ишлагандан кейин истайсанми-истамайсанми кўз-кўзга тушиб туради. Султонга шайтон “эри бўлса нима бўпти, эҳтимол ота-онаси зўрлаб узатгандир, балки эрига кўнгли йўқдир”, деб васваса ҳам қилиб турди. Лекин Зуҳранинг она ҳам эканини билгач, унга суқланиб қарашдан ўзини тийди. Ғойибона ошиқ бўлиб юраверди.Жувонни ҳар кўрганида шайтон васвасасини бошларди-ю, лекин уни мағлуб этишга ожизлик қиларди. Султон енгилтак хаёллари учун ўзини ўзи койий бошлаганда эса шайтон шайтонлаб қоларди.
Кейинги кунлар ичи ҳавонинг авзойи айниди. Бир ёмғир қуяди, бир шамол туриб одамни учириб юборай деди. Баъзан эса офтоб кўриниб одамни ланж қилиб юборади.

Бугун эрталаб ҳаво очиқ эди. Энди майдалаб ёмғир ёғяпти. Бунақа пайтда хонада қоғоз титиб ўтирган ҳам дуруст эди. Укасининг қўнғироғидан сўнг Султон йўлга отланишга мажбур бўлди. Ташқарига чиқиб, машина пешойнасига сачраган лойни артаётганида қўшни бино томондан келаётган Зуҳрага кўзи тушди. Елкасига рўмол ташлаб олган Зуҳра унинг ёнидан ўта туриб, бир нафасга тўхтади:
-Кетяпсизми?-деб сўради.
-Хўжайин йўғидан фойдаланиб Мирзабодга бориб келай,-деди Султон.
-Мирзабодгами?-Шундай деб Зуҳра ўйланиб қолди.-Менам бориб келишим керак эди-я. Дугонам бир ҳафтадан бери касалхонда экан, уйдан ортиб боролмаяпман, уят бўлиб кетди. Битта дори сўратувди, топиб қўювдим. Ишингиз кўп бўлмаса дорини ташлаб ўта оласизми?

-Ташлаб ўтишнинг менга оғирлиги йўқ. Лекин дугонангизни кўргингиз келаётган бўлса, бирга бориб кела қолинг.
-Борсам яхши бўларди-ю, лекин… хўжайинимдан сўрамаганман.
-Юраверинг. Иш вақти тугагунча қайтиб келамиз. Бориб-келишга кўпи билан икки соат вақт кетади. Ярим соат дугонангиз билан хасратлашиб олишга етадими? Унгача мен уйга кириб укамнинг топшириғини бажариб чиқаман.
-Қанақа топшириқ?
-Физикадан тест саволларининг ечимини ишлаб қўювдим. Укам бу йил ўқишга кириши керак. Имтиҳонга тайёрлаш вазифаси менинг елкамда.

Зуҳра бир оз иккиланиб турди-да, Султон таклифни яна такрорлагач, ичкари кириб палтосини кийиб чиқди.

3

Зуҳранинг дугонаси деразадан ташқарига тикилиб турган эди. Унинг машинадан тушиб келганини кўриб “ким у йигит, хушторингми?” деб ҳазиллашиб сўради. Зуҳра жилмайиб, ҳазилга ҳазил билан жавоб берди: “сенга ёқдими, хушторликка арзийдими?”
Йигит ҳақида бошқа гаплашишмади. Зуҳранинг йўқолгани маълум бўлиб, миш-мишлар тарқалгач, дугонаси ўша гапни эслади. “Ҳазиллашмаган эканда…”, деб ўкинди. Аммо дардини бировга билдирмади.

Султон укасига саволларни умумий тарзда тез-тез тушунтирди. Укаси унинг ҳаяжонини сезди.
“Ака, шошиляпсизми?”-деб сўради.
“Шошиляпман”,-деб жавоб берди Султон.
“Қаёққа?”
“Бир қизнинг олдига”, шундай деб жилмайди. Укаси буни ҳазил деб ўйлаб, у ҳам жилмайди.
“Бўлажак янгамизмилар?”
“Балки…”

Укаси унинг шундай деб хўрсиниб қўйганига аҳамият бермаган эди. Акаси йўқолиб, у ҳақда турли миш-мишлар тўқилган кезлари ёдига олди. Аммо дардини бировга билдирмади.

4

Қайтишда аввал баллон тешилиб қолди. Ғилдиракни алмаштиргунча Султон адабини еди. Кейин мотор ҳадеганда ўт олавермади. Султон автомашинани ҳайдашнигина биларди, унинг “касали”га эса ақли етмасди. Жувонга сир бой бермаслик учун ўзича моторни титган бўлди. Кейин ёрдам сўраб йўловчи машиналарга қўл кўтара бошлади. Бунақа ҳавода тўхтаб, бировга кўмак беришни истовчи инсоф эгасининг топилиши осон бўлмайди.

Машина шом қоронғусида йўлга тушди. Хавотир чодирига ўралган Зуҳра миқ этмай ўтирарди, айбига иқрор Султон ҳам жим эди. Фақат “катта йўлга чиқиб олсак, бир пасда етамиз”, деб овунтирмоқчи бўлди. Лекин катта йўлга чиқишганда қуюқ туман бағрига кириб, тезлашишнинг имкони бўлмай қолди.
Шаҳарга борадиган кенг йўлда қатнов сийраклашган. Султоннинг юраги дук-дук уради. Негадир хансирайди. Ичини нимадир ёндираётгандай бўлади. Машинани йўл четига олиб чиқиб тўхтатгиси келади-ю, шайтонга яна бўйин бермайди.
Султон йўлдан кўз узмайди. “Анҳор яқин қолди. Ҳозир кўприк келади. Йўл чапроққа бурилади…”

Султон мўлжалда адашди: кўприкка қанча борлигини билолмай каловланди.
Жувонга қарашга ботинмайди. Қараса, ҳудди даҳшат ичида қолиб кетадигандай туюлади. Зуҳра ҳамон жим. Бошини ойнакка тираб олган: уйга боргач, бўладиган савол-жавобни ўйлаётгандир эҳтимол…
Султон машина тезлигини оширди. Шу имиллаб юриши бўлса ўзини тутолмай қолиши мумкин. Иродаси чидаш бера олмайди. Ўнг оёғи ўзига бўйсунмайди, нуқул тормоз педалини босмоқчи бўлаверади…
Тезликни яна оширди.
Машина бирдан пастликка шўнғиди.
“…оббо, кўприк томонга бурмабман-ку?!”

Султоннинг хаёлига шу фикргина келди… Тормоз ишламади. Машина қаттиқ-қаттиқ силкинди.

5

Ўша куни Зуҳраларнинг уйида чироқ ўчмади. Жажжигина Нафиса “аяжон-аяжон” деб йиғлайвериб ухламади.
Эртасига миш-миш тарқалди.

Шаҳардагилар бу воқеани аста унута бошлашди. Баҳор келинчаклик либосини ечиб, ўрнини ёзга бўшатиб берди. Ёз ҳам ўтди. “Қочоқ”ларнинг дараги чиқавермади. Қуёшнинг тафти кесилиб, шамол қорнинг исини олиб келди. Ана шунда деҳқонлар анҳорни тозалагани ҳашарга чиқишди. Сувни тўхтатишди. Кимдир кўприк яқинида тепаси лой босган бир нарсани кўриб қолди. Қарашса – автомашина. Ҳамма ўша ерга йиғилди. Ичини очишди. Машинанинг ичида одамга ўхшаш, лекин таниб бўлмайдиган икки жасад бор эди.

Машинанинг рақамига қараб, эгаси Султон эканлиги аниқланди.

6

Шаҳарчада яна миш-миш тарқалди:
-Ўликлари анҳордан чиқибди…
-Қочиб кетишаётганда тушиб етишганмикин?
-Ким билади…
-Бечоралар…

ҚАСОС

Номуссизлик гар илашса никоҳ ипига
Аёл қалби шу қадар ҳам қонсирагайки,
Тополмайсиз ер юзидан бунақасини!
(Еврипид. “Медея”. Асқар Қосим таржимаси)

Дугонаси хушхабар айтиб, суюнчи сўради.
Латифа буни эшитиб, қувониши лозим эди. Чунки, шу ҳол юз беришини истаб, Худога неча бор муножот этди. Аллоҳга илтижоларим етиб борармикин, ниятимга етмай ўлиб кетмасмикинман, деб қўрқиб юрган кезлари ҳам бўлди. Ниҳоят… оҳлари Яратганга етиб борибди. Шу ҳол юз берса армоним қолмайди, қувончларим дунёга сиғмай кетади, деб ўйларди.

Хушхабарни эшитиб нимага қувонмади? Вужудига нима учун афсус тўр ёя бошлади? Кўнгилга шодлик бахш этиши лозим бўлган янгиликни етказган дугонасига нима учун жавоб қайтармай, жимиб қолди? Бу ҳолати суюнчилаб телефон қилган дугонасигагина эмас, ҳатто ўзига ҳам номаълум эди.
-Латиф, эшитяпсанми?-дугонаси гўшакнинг гаранг қулоғини очмоқчи бўлгандек, бир-икки қаттиқ пуфлади.
-Эшитяпман,-деди Латифа синиқ овозда.
-Эринг қўл-оёқсиз, шол бўлиб қолибди. Тили ҳам айланмасмиш. Хотини уйига олиб келмай, касалхонадан тўппа-тўғри қариялар уйига олиб бориб ташлабди. Вой тавба-я! Ўттиз беш ёшли йигитни ҳам қариялар уйига олаверишар эканда-а? Эшитяпсанми?

Латифа эшитар, аммо дугонасининг сўзларини дуруст англамас эди. Гўшакни аста жойига қўйди. Бармоқлари титраётганини ўзи сезмади – деразага орқа қилиб ўтирувчи Маъсума сезди. Тўғрида ўтирадиган, Латифага тез-тез ўғринча қараб қўядиган Содиқжон ҳам сезди. Латифа ҳайкал ҳолига кирган эди. Ўзига дам-бадам қараб қўяётган нигоҳларни сезмасди. Уни чуқур ўйга ботди, деб ҳам бўлмайди. У ҳеч нимани ўйламас, боши ғовлаб, бўшаб қолгандай эди. Содиқжон “Аҳволини сўраб, билсангиз-чи?” деган маънода Маъсумага кўз тикди. Маъсума бу қараш замирида қандай мақсад яширинганини сезса-да, сезмагандай ўтирди. У беғамлиги учун семирганми, ё семириб сўнг беғам бўлиб қолганми – буниси Яратганга маълум, ҳар ҳолда ҳеч бир ишда шошилмайди. Мана шу одати баъзан кулгига сабаб бўларди, баъзан эса ҳамхоналарининг юраклари тарс ёрилиб кетай дерди. Содиқжон ҳозир шу ҳолга тушди. Томоғини қириб, яна унга қараб қўйди. Маъсума қоғозларини титиб, нимадир қидирди. Шундан сўнггина Латифага қаради:
-Латифа, олдинги ойнинг ҳисоботидан сизда қолмаганми? Қуриб кетгурни қаёққа қўйганимни билолмаяпман.

Бу савол Латифани карахтлик домидан озод қилди. Лекин Маъсуманинг гапини дарров англай олмади. Маъсума эса унинг аҳволини сезмагандек гапираверди:
-Бугун мудиримиз чап ёни билан турганми, эрталабдан бери менга минғирлайди. Ўтган ой ҳисоботини қайта кўриб чиқинг, дейди. Бир нусҳасини сизга бермабмидим?

Латифа энди унга ажабланиб қаради – эрталаб ҳам шуни сўровди. “Эси оғиб қолганми, нима бало?” деб ўйлади-да, қисқа қилиб: “йўқ”, деди. Маъсума Содиқжонга қаради. Унинг беғам боқувчи кўзларидан: “Фаросатингиз борми, чиқиб турсангиз-чи”, деган маънони уққан Содиқжон қўлига илинган бир варақ қоғозни олиб, ўрнидан турди. У чиқиб кетиши билан Маъсума Латифани саволга тутди:
-Тинчликми, Латифа, ёмон гап эшитмадингизми, ишқилиб?
Латифа унга ялт этиб қаради. “Қандай сезди, бу беғам? Бирдан ўзгариб кетдимми?”
-Тинчлик… дугонам сал ҳовлиқмароқ… Бир танишим касал экан… шунга…
-Ҳа-а… Энди иссиқ жон, бир касал бўлади, бир тузалади. Чойнакни қўйиб юборинг, чой ичадиган вақт бўлди.

Электр улагич китоб жавонининг панасида, Латифанинг шундайгина ён томонида эди. Шу сабабли хонада чойхоначилик вазифасини ҳаммавақт беминнат бажарса-да, бу сафар малол келди. Чойнакни токка улаб, ўрнидан турди-ю, даҳлизга чиқди. Маъсума унинг изидан маънодор қараб қолди.
Даҳлиздаги дераза олдида Содиқжон бир варақ қоғозни буклаб ушлаган ҳолда турарди. Латифанинг чиқишини кутмагани учун нима дейишини билмай, тараддудланди.

Содиқжон билан Латифа тенгдош, институтда бирга ўқишган. Талабалик йилларидаёқ бир-бирларига майллари бўлган, лекин тақдир йўриғи дегандек, турмуш йўллари айри-айри тушди. Улар бир-бирларини ёқтирар эдилар. Аммо бу ёқтириш ота-она истагига қарши исён кўтара олувчи қудратга, аниқроқ айтилса – муҳаббат даржасига етмаган эди. Олдинма-кейин бўлиб ўтган тўйларидан сўнг, айниқса, оилаларида нохушликлар юзага келган дамларда бир-бирларини қўмсардилар. Бироқ, бу қўмсаш капалак умри мисол узоққа етмас эди. Ҳар иккови бир-бирига бўлган муносабатни кўп ўйлашарди: “Уни ёқтирганим ҳолда нима учун ҳамма нарсадан шартта воз кечиб, У билан бирга бўла қолмайман?” деган унча мураккаб бўлмаган саволга қарийб ўн йилдан бери жавоб топиша олмас эдилар. Ёшлик ҳислари аста сўниб, турмуш номли дарахтнинг аччиқ меваларидан тўйиб-тўйиб егач, бу савол чигали ечила бошланади. Ораларидаги туйғу тўшакка етакловчи муҳаббат эмас, балки турмушнинг тиканли йўлларида мадад бергувчи меҳр эканини англаб етадилар. Унга қадар эса бу туйғу нима эканини билмай қийналадилар, атрофдагилар эса уларнинг муносабатларини бошқача талқин қилаверадилар. Тўғри, Латифа эри билан ажралишгач, Содиқжон уни бир-икки марта кинога таклиф қилди. Латифа ўн уч ёшли қизалоқ эмаски, бу таклифларнинг маъносини англаб етмаса. Аввал гапни ҳазилга бурди. Таклиф такрорланавергач:
-Сиз мени эрсираган шалоқ хотин деб ўйлаяпсизми?-деб дангал айтди.

Содиқжон бу жавобни эшитиб, довдиради. Тўғри кўнгилда эканини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлди. Шуниси ортиқча эди. Чунки жувоннинг жавоби таклифга яраша бўлган эди. Содиқжон шундан сўнг ўзини тийди. Лекин: “Рўпарангга қара, бу маҳлиқонинг эри йўқ, ўзи ёшгина бўлса, эрсиз қийналади. Сенга ўша гапини бир айтди-қўйди-да. Унга қараб-қараб, кўзингни узма. Кўзларинг билан уни ўзингга ром қилиб ол!” деб васвасага солувчи шайтонни ҳайдаб юбора олмас эди. Баъзан эса ўйга толарди: “Шунча пайтдан бери эрсиз юриб кўникдими ё битта-яримта билан пинҳона дон олишиб юрганмикин?” Шу фикр уйғонган дамдаёқ томоғига ғазаб ўти бостириб келади. Хаёлидаги ўша мавҳум хушторни бўғиб ўлдиргиси келади. Ўзича “Ким бўлиши мумкин у мараз?” деб, танишларини бир-бир кўз олдига келтиради. Латифа жилмайиб гаплашиб турган эркакларни шубҳа остига олаверади. Хуллас, Латифа эридан ажралишганидан кейин неча йил ўтган бўлса, шунча йил Содиқжон шу ҳолда куяди. Ҳозир даҳлизга чиқиб турганида ҳам хаёли шу томонга бир оғди. Латифага гапиролмай қолгани ҳам шундан. Латифа унинг нима учун чиқиб турганини билса ҳам, ўзини билмаганга олди:

-Чой қўйдим,-деди ҳотиржам овозда.
-Ёмон хабар эшитдингизми?-деди Содиқжон, унинг кўзига тик қараб.
“Ёмон хабармиди?-деб ўзига ўзи савол берди Латифа.-Чиндан ҳам нима бу – ёмон гапми ё хушхабарми? Нима учун ўзгариб кетдим. Ўзгарганимни булар ҳам сезишибди…”
-Нимага ёмон хабар? Шунчаки бир гап,-деди Латифа осойишта оҳангга кўчиб.
-Бирдан ғалати… бўлиб қолдингиз?
-Бошим оғрияпти. Магнит бўрони куни эмасми бугун? Мен кета қолай, чойга ўзингиз қарарсиз.

Латифа шундай деб ичкари кирди-да, столи устини йиғиштиришга ҳам тоқат қилмай, Маъсума билан хайрлашиб, сумкасини олиб чиқди.
Хонага қайтиб кирган Содиқжонни Маъсуманинг маънодор қараши қарши олди.
Латифа хаёлини чалғитиш учун бир оз пиёда юрмоқчи бўлди. Харид қилиш нияти бўлмаса-да, йўлида учраган дўконларга ҳам кириб чиқди. Ёнма-ён юрган эр-хотинни кўрди дегунча, кўз олдида эри гавдаланиб, юраги сиқилаверди. Бундай нохуш ҳолатдан чиқишнинг бирдан бир чораси – уйга бориш эди.
Қўшни иморатларга нисбатан кўркамроқ қилиб солинган, болалиги ўтган, бахт илинжида “ёр-ёр” билан тарк этиб, сўнг икки ўғил билан қайтиб келган уй бу онда кўзига шумшук бўлиб кўринди. Акаси куёвининг харом-харишдан қайтмас одам эканини билиб, уни шарманда ҳолида ўз кўзи билан кўргач, Латифани ўша куниёқ кўчириб келган эди. Ўғлининг каттаси эндигина атак-чечак қилаётган эди. Кичиги туғилиб, туғруқхонадан уйга кетиш учун ижозат теккан кун эди. Куёв бўлмиш Толиб уларни анча куттирди. Келавермагач, акаси, янгаси Латифани уйга бошлаб боришди. Боришди-ю… Толибнинг маишати устидан чиқишди. Латифа остона ҳатлаб ичкари кирмади. Ажрашаётган пайтда суд уч хонали уйнинг икки хонасини унга хатлаб берганда ҳам ҳаққидан воз кечди. Аниқроғи, акаси олдирмади. “Наҳс босган уй ўзига буюрсин”, деди. Ана ўшандан бери Латифа шу уйда. Ўғиллари тоғасини “опоқдада” дейишади. Латифанинг бахтига “адам қанилар?” деб сўрашмайди. Отадан олиши керак бўлган меҳрни тоғадан олгани сабабли сўрамасалар керак. Баъзан Латифа “нега сўрашмайди?” деб аччиқланади. Ҳозир бўлмаса ҳам кейинроқ бориб сўрашларини билади. Орадан йиллар ўтиб, сўрашганида нима деб жавоб беради? “Отанг хотинбоз эди, шалоқ эди, шунинг учун ажрашиб кетганмиз” дейдими?.. Латифа келажакда содир бўлажак мана шу манзарадан қўрқади. Ота-онанинг қилмишига фарзанд бир кунмас-бир кун ҳукм чиқаради. Қандай бўлади бу ҳукм? Ким айбдор деб топилади? Эр-хотин ажралишиб кетаверишади. Униси бошқага уйланади, буниси бошқаси билан турмуш қуради. Бола эса ўзича улғаяверади. Бола улғайиб ким бўлиб етишганидан қатъи назар, ҳукмни ўқийди. Худо ўз жазосини ана шу фарзанд ҳукмига жо қилади. Латифа шу жазодан қўрқади.

Қўрқишига эса сабаб бор. Уларнинг идорасида Зеби кампир деган фаррош бўларди. Четдан қараган киши супургини кўтаролмай йиқилиб тушса керак, деб ўйларди. Зеби кампир қорни очлиги учун эмас, уйдан нарироқ – одамлар орасида юриш учун ҳам ишларди. Бошқа фаррошлар ишларини барвақт бажариб кетишарди. Зеби кампир эса кечгача идорада бўларди. Бир куни Зеби кампир Латифага хасрат дастурхонини очган эди. Унинг биринчи эри мамлакатда қулоқларга қарши кураш бошланганида бола-чақам сарсон бўлмасин менга қўшилиб, деган мақсадда хотинига талоқ хати берган эди. Зеби икки ўғли билан қолган эди ўшанда. Эри дом-дараксиз кетди. Ўлдими ё бошқа оила қурдими, ҳеч ким билмайди. Бу орада очарчилик бошланди. Зеби икки гўдагини боқолмас эди. Очликдан ўлиб қолишмасин, деб уларни етимхонага берди.Сўнг инсофли бир одам билан турмуш қургач, ўғилларини етимхонадан қайтариб олди. Иккинчи эри болаларига ўгайлик қилмади. То урушга кетгунига қадар уларга ола қарамади. Тақдир экан. У ҳам урушда изсиз кетди. Зеби бошқа турмуш қурмади. Аммо “сен бизни етимхонага топширгансан”, деган лаънат тамғаси бир умр кўкрагига урилди. Бу тамға шу кунгача кетмайди. Ўғиллари набира кўришган бўлишса-да, онанинг ўша қилмишини кечиришмайди. Зеби кампирнинг набиралари ҳам унга нисбатан бемеҳр бўлиб улғайишди.
Кампир шундан куяр эди. У хасрат қиларди, аммо ўғилларини айбламасди. Ҳамма айбни ўзига оларди. “Ўшанда аҳмоқлик қилганман. Болаларимнинг ризқини Худонинг ўзи берарди!”-деб ўзига лаънат ўқийди. Зеби кампир тамом кучдан қолгач, идора аҳли бамаслаҳат ҳолда уни қариялар уйига олиб боришди. Кампирнинг ўғиллари бу тадбирга монелик қилмадилар. Ўтган йили Зеби кампирнинг қазоси етганида уни идора аҳли дафн этди. Ўғилларига хабар беришни лозим топишмади.

Латифа Зеби кампирни кўп эслайди. Эслаганда юраги ғалати бўлиб кетади. Дугонаси: “Шундай юраверасанми, ўғилларингни аканг боқмаса, болалар уйига бергину бошқа эрга тег!” деганида танасидан жони чиқиб кетай деди. Бир неча кун давомида юрса ҳам, турса ҳам Зеби кампирнинг мунгли нигоҳи уни таъқиб қилди. Ростдан ҳам болаларини етимхонага топширгандай, ўғиллари чирқиллаб йиғлаётгандай туюлаверди. Тушларига Зеби кампир кириб: “Мен нима учун сенга ўз дардимни айтган эдим? Менинг тақдиримдан ибрат олмадингми?”-деб саволга тутаверади.
Ҳозир уйи остонасига қадам қўяётганида нима учундир яна ўша ҳолни эслади.

Дарвоза очиқ, аммо ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Латифа ҳовли этагидаги олди пешайвон уйга қараб юрди. У эри билан ажралишгач, ота-онамнинг жонлари узилган жой, деб шу уйда яшаш истагини билдирган эди.
Остона ҳатлаб ичкари кириши билан сал енгилроқ тортгандай бўлди. Кийимини алмаштирмаган ҳолда тахмон пойига тўшалган кўрпачага ёнбошлади. “Менга нима бўлди ўзи?-деб ўйлади у.-Унга ачиндимми? У ким менга? Шилтаси чиқиб юра-юра шу тақдирни топибди. Баттар бўлмайдими? Нега ғалати бўлиб кетдим?..”

Латифа бу саволининг жавобини яхши биларди. Билса-да, тилга чиқариш у ёқда турсин, хаёлига келтиришни ҳам истамасди.
Иккинчи ўғлига бошқоронғи бўлиб юрган кезлари эри билан ғижиллашиб, “уйимга кетаман”, деб пўписа қилганида Толиб: “кетсанг кетавер”, деб осонгина жавоб берганди. Латифа тўнғичини олиб, уйига келди. Эрини икки кун кутди. Аразлаб келганини акасидан яширди. “Куёвингиз сафардалар”, деб алдади. Учинчи куни уйига борса, Толиб биттаси билан ҳиринглашиб ўтирибди. “Ўзинг кетдинг, нима, мен пенсионер чолманми индамай ўтираверадиган”, деб айбни Латифанинг ўзига ағдариб қўя қолди.
Латифа аламини йиғидан олди. Дардини совуқ деворларга айтди. Уйига ўт қўйгиси келди. Бир оз овунгач, улар ётган ўрин-кўрпани йиғиштирди. Қўллари нажасга теккандек ирганди. Бу кўрпани онаси раҳматли ўз қўллари билан қавиб берган эди. Шуни булғанишига сира чидай олмади. Ярим тунда кўрпа, чойшаб, ёстиқларни олиб, тўрт қаватли уй этагидаги ахлатхонага олиб бориб, ёқиб юборди. Назарида ўт бутун ифлосликларни куйдириб юборгандай бўлди.

Афсуски, ҳатто оловнинг ҳам бунга қурби етмас экан.
Ана ўшанда дилида бир алам вулқони портлаган эди. Ана ўшанда илк марта Яратганга ялинган эди: “Э Худойим, харомдан қайтмаган бу балойингнинг қўл-оёқларини шол қилиб қўйгин. Ана ўшанда мен бир эркакни бошлаб келайинда, унинг шундайгина кўз ўнгида гуноҳларга ботайин. Бу гуноҳим учун кейин қандай жазо берсанг ҳам розиман!” деб эди. Алам устида хаёлига келган бу нидони эслаганида баъзан ўзидан ўзи уялади, баъзан эса нафратланади. “У паст кетса, мен ҳам паст кетайинми?” деб ўйлайди. Лекин бу қасос нидосидан бутунлай воз кечкиси ҳам келмайди.
Мана, ниҳоят, у шол бўлибди. Энди нима қилади? Қасамини амалга оширадими?
Шу фикр хаёлига урилиб, вужуди кирланиб кетгандай бўлди. Худди ўша ўрин-кўрпани йиғаётганда иргангандай ўзидан ўзи ирганди. Қаддини кўтариб, ўтириб олди. Қулоқлари шанғиллади. Икки чаккасига кафтларини босиб, кўзларини юмди.
-Латифагинам, сенга нима бўлди?

Овозни эшитиши билан юраги қинидан чиқиб кетай деди. Кўзларини шарт очиб, деразага тақаб қўйилган каравотга қаради. Онаси то жони узилгунига қадар ўша ерда ётарди. Бу каравот ҳозир Латифанинг ётар жойи. Онаси уни эркалаганида “Латифагинам” дерди. Латифа ота уйига қайтиб келганидан бери онаси билан тез-тез гаплашади. Хаёлан бўладиган бу суҳбатлар баъзан тонготаргача давом этади. Бу суҳбат мазмуни фақат ўзига-ю, Яратганга аён. Баъзан тўнғич ўғли уйғониб қолганида ўзи ерда ўтириб, бошини каравотдаги ёстиққа қўйиб олган онасига ажабланиб қараб туради. Бир-икки марта чўчибгина “ойижон”, деб чақирганида Латифа индамагач, “шунақа ўтириб ухлашни яхши кўрадилар”, деган тўхтамга келиб, эътибор бермай қўйган.
-Латифагинам, сенга нима бўлди?

Латифа беихтиёр равишда каравот сари сурилиб келди. Бошини ёстиққа астагина қўйди худди онасининг юзларига юзини қўйгандай бўлди. Дераза дарчасидан уфурган ел сочларига урилди – худди онаси сочларини силагандай бўлди.
-Нима бўлганини ўзим ҳам билмайман. Анавини… қарғаган эдим… қарғишим урибди – шол бўлиб қолибди.
Латифа шундай деб пичирлади-да, жим бўлди.
-Юрагингдаги гапни айтмаяпсан?
-Юрагимдагини… Мен қасам ичганман, биласиз. Энди қасос олишим керак.
-“Ал қасосул минал Ҳақ!” Қасос –Ҳақдандир. Худо уриб қўйибди-ку? Шунинг ўзи кифоя унга.
-Йўқ, етмайди, ойижон. Ҳозир унинг жисми оғриқда. Руҳи-чи? Қилган ишларидан пушаймон еяптими? Емайди. Тавба қилишга унинг фаҳми етмайди. Фаҳми етганида болалари туғилган уйга ифлосларни бошлаб келмас эди. Мен унинг руҳига ханжар санчишим керак. Ойижон, қийналиб кетдим. Агар шундай қилмасам, ё жинни бўламан ё юрагим ёрилиб ўламан.

-Нима қилмоқчисан?
-Олдига бораман.
-Кейин-чи?
-Содиқжон билан бирга бораман. У мени яхши кўради. Нима десам шуни қилади.

-Содиқжоннинг оиласини бузмоқчимисан? Ўзингнинг етимларинг камми? Йўқ, болам, мени тинч ётсин, десанг…
-Оиласини бузмайман. Фақат бир марта. Кейин ишдан бўшаб кетаман. У билан умуман кўришмай қўяман. Содиқжон билан бирга бўлганимни у кўрсин. Аламдан ёнсин, куйсин. Кўриб туриб ўлиб қолса ҳам майли. Ойижон, буни фақат уч киши билади: мен, Содиқжон ва у…
-Худо-чи?
-Худо ялинишимни бажарди, мен учун уни шу ҳолга солди, энди бу ишимни ҳам кечиради.
-Кечирмайди, болам, кечирмайди.
-Жон ойи, йўлимни тўсманг. Ҳаётимда бир мартагина ўзим учун қасос олай. Кейин одамга ўхшаб яшай…

Онаси жавоб бермади. Оғир хўрсинди. Латифанинг назарида тепасида қора булут тўпланаётгандай туюлди. Булут уни аста бағрига ола бошлади…
“Ҳозироқ Содиқжонга телефон қиламан. Қариялар уйига бориб турсин. Кейин бирга кирамиз унинг олдига…” деб ўйлади.
…булут уни гирдобига чирмайверди, чирмайверди…

Агар ҳозир телефон қилмаса, аҳдидан қайтиб қолиши мумкин эди. Иши ўнгидан келди – телефонни Содиқжоннинг ўз кўтарди. “Ҳозирнинг ўзида қариялар уйига кела оласизми?”деб сўради. Содиқжон “хўп”, деди, “нимага?” деб ланжлик қилмади. Унинг шу одати яхши. Латифа нима деса кўнади.
Латифа енгсиз ҳарир кўйлагини кийди. Лабларини бўяди. Кўзларига сурма тортди. Кам ишлатадиган ўткир ҳидли атирни сепди. Ўзини оёғи енгил аёл кепатасига келтиришга ҳаракат қилди. Тошойнага қараб, ўзидан ўзи нафратланди. Сўнг: “Шундай бўлгани яхши. У ҳам мени кўриб нафратлансин, ёнсин, куйсин!” деб ўзига ўзи тасалли берди.

Содиқжон уни танимагандай, ажабланиб кутиб олди.
-Мендан ҳеч нарса сўраманг. Ёрдам беринг менга. Кейин сўз беринг, йўқ, қасам ичинг: бугунги ишни дарров унутасиз. Худди туш кўргандай бўласиз.
-Озгина бўлса ҳам тушунтиринг.
-Тушунтира олмайман. Мен нима десам шуни қиласиз. Биз… эр-хотин бўлишимиз керак… Фақат бир одам гувоҳ бўлади бунга.
-Тушунмадим?
-Тушунмасангиз ҳам сабабини сўраманг. Яна сўрайдагин бўлсангиз… кета қолинг…

Содиқжон “иложим қанча” дегандай елка қисди. Латифа уни қўлтиғидан олиб, қариялар уйига бошлади. Толибни дарров топишди: бир кишилик хонада экан – айни муддао! Бош томони кўтариб қўйилган каравотда Толиб шифтга тикилиб ётибди. Эшикнинг ғижирлашини эшитдими ё Латифадан таралаётган атир ҳиди димоғига урилдими, бошини буриб қарашга ҳаракат қилди.
Латифа Содиқжоннинг қўлидан ушлаб, унинг рўпарасига ўтди. Уларни кўргач, Толибнинг кўзлари пирпиради. Сўнг мижжаларидан ёш сизиб чиқди. Нимадир демоқчи бўлди – тили айланмади. Унга Латифанинг раҳми келди. Қасос олишдан воз кечиб, чиқиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аммо қандайдир куч уни ушлаб қолди. Толибга тикилиб туриб, бошини Содиқжоннинг елкасига қўйди. Кейин уни иягидан оҳистагина ўпди-да, “Мени қучоқланг”, деб шивирлади. Содиқжон уни қучишга кўпдан бери орзуманд бўлса-да, бу амрни бажаришга дарров журъат эта олмади. Буни сезган Латифа: “Ишни бузиб қўймаса эди”, деган ўйда унинг пинжига кириб, лабига лаб қўйди. Толиб ўкириққа ўхшаш бир овоз чиқарди. Латифа сумкасидан рўмолчасини чиқариб, Содиқжоннинг лаббўёқдан қизарган лабини артди…
…Толиб худди бўғизланаётган буқадек ўкира бошлади…
…мана шу ўкириқ Латифани чирмаб турган қора булутни ҳайдади.
Латифа гаранг ҳолда бошини кўтарди: қўшни ҳовлида оч қолган буқа яна ўкирди.

“Ухладимми? Туш кўрдимми?” деб ажабланди Латифа. Сўнг ўрнидан туриб, беихтиёр телефон ёнига келди. Бармоқлар таниш рақамларни терди. Гўшакдан Маъсуманинг “алё” деган беғам овози келди. Латифа гўшакни жойига қўйиб, уф тортди.
Кечки овқат пайтида акаси унга савол назари билан қараб-қараб қўйди. Болалар телевизор кўргани меҳмонхонага кириб кетишгач: “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Латифа яшириб ўтирмади: Толибга нима бўлганини айтди.
-Баттар бўлсин,-деди акаси.-Қариялар уйидан ҳам чиқариб ташлаш керак. Ахлатхоналарда ётиб, итдек хароб бўлиб, ўлиб кетишлари керак бунақалар…
-Вой, қўйинг адаси,-деди янга.-Бировга бунақа ўлим тиламанг. У ҳам Худонинг бир бечора бандаси…
-Сен гапирма! Бунақа бандага минг лаънат бўлсин!-Акаси шундай деди-да, аччиқланиб, ўрнидан туриб кетди. Латифа ҳам ўрнидан туриб, уйига чиқди. Дам ўтмай изидан акаси кирди. Янгаси қисқа муддатли одоб дарсини ўтганми, ҳар ҳолда акасининг шашти бир мунча паст эди.
-Изтироб чекаётганингга қараганда, уни бориб кўрмоқчига ўхшайсан. Ўзингни тут. Сенга маслаҳатим – борма. Энди нима кўргилиги бўлса кўраверади. Нимани эккан бўлса, ўшани ўриб олаверсин…

Латифа тунда ухлай олмади. Гўё катта гулханнинг сўниб улгурмаган чўғлари узра оёқяланг зир югургандек бўлди. Эрталаб болаларини акаси боғчага олиб кетди. Кейин янгаси эшикни қия очиб, ичкарига қаради:
-Латифа, мен кетяпман, гапингиз йўқми?
Янга Латифага ғоят меҳрибон бўлса-да, бундай дейиш одати йўқ эди. Латифа ҳозир уни янада яхши кўриб кетди.
-Кеннайи… бориб келмасам бўлмайди. Ҳар ҳолда… шу болаларнинг отаси…
-Майли, боринг, кейин армон бўлиб қолмасин.
-Бирга борайлик…-деди Латифа ялинган оҳангда.

Янгаси кўнди. У қайинсинглисининг одатини яхши билгани учун ҳам ишга кетишдан аввал уйига мўралаган эди.
Улар қариялар уйига бориб, кўп асабийлашганидан юзларини ажин босиб, тиришиб кетган эллик беш ёшлардаги бошлиққа рўпара бўлишди.
-Унинг ҳеч кими йўқ, дейишган эди-ку?-деди бошлиқ, тажанглик билан.
-Ҳа, шунақароқ,-деди янга.
-“Шунақароқ” деганингиз нимаси?
-Шунақароқ деганимки… қариндошлари билан борди-келдини узиб юборган.
-Сиз кимисиз унда?
-Бу синглим унинг биринчи хотини бўладилар.

Бошлиқ “ҳм” деб Латифага қовоқ уйиб қаради.
-Ташлашга ташлаб кетиб, энди эсларига келдими?
Бу гап Латифанинг бошига гурзи бўлиб урилиб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Яхшиямки янгаси билан бирга келгани, бўлмаса, ҳоли нима кечарди – номаълум.
-Бу нима деганингиз, сал ўйлаброқ гапиринг гапингизни. Ким кимни ташлаганини аввал билинг. Одамгарчиликнинг кўчасидан ўтганмисиз ўзингиз?

Бошлиқ стол устига шапатилаб уриб қўйди.
-Бўпти, бораверинглар. Ўн еттинчи хонада у. Олиб кетмоқчи бўлсангиз яна ўзимга учрашарсиз.
Хонадан чиқиш пайтида янга орқасига ўгирилди:
-Раҳмат, хайр, сизга учрашадиган бошқа ишимиз йўқ.
-Сиз бирпас қолинг, гапим бор, — деди бошлиқ уни тўхтатиб. Латифа нари кетгач, ўрнидан турди-да, янгага яқинлашиб паст овозда деди:-Олиб кетганингиз яхши. Врач узоқ яшамайди. деяпти.

Янга унга жавоб бермади.
Латифа “бошлиқ нима деди?” деб сўрамади.
У қариялар уйига уч ой қатнади.
Сўнг… қора кийди.

27 dekabr — O’zbekiston xalq yozuvchisi Tohir Malik tug’ilgan kun.  

    Tohir Malik  o’zbek adabiyotining eng yorqin vakili.Uning  ijodi  hamisha  xalqimizning  e’tiborida ,uning  kitoblari  kitobxonlar  qo’lidan  tushmaydi..

Tohir MALIK
UCH HIKOYA

08

Ashampoo_Snap_2016.12.15_00h29m00s_003_a.pngTohir Malik (Hobilov Tohir Abdumalikovich) 1946 yil 27 dekabrda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (2000). O’zbek fantastikasining asoschilaridan biri. Toshkent universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan (1969). Birinchi yirik asari — «Hikmat afandining o’limi» (1972). «Zaharli g’ubor» (1974), «Falak» (1975), «Somon yo’li elchilari» (1978), «Chorrahada krlgan odamlar» (1982), «Bir ko’cha, bir kecha» (1983), «Alvido, bolalik» (1989), «So’nggi o’q» (1990), «Ov» (1995) kabi ilmiy-fantastik, sarguzasht qissalari mashxur.
«Shaytanat» romani (1-kitob, 1992; 2-kitob, 1995; 3-kitob, 1997; 4-kitob, 2000) yozuvchining yirik asarlaridandir. Asar asosida ko’p seriyali telefilm yaratilgan. «Jinoyatning uzun yo’li» (2004) ilmiy-tahliliy risolasi, «Mehmon tuyg’ular» (2003) nomli xotira, yodnoma, adabiy maqolalar to’plami ham bor. Uning «Amir Temur davri adabiyoti» (1998), «Varaxsha», «Unvoni inson» (1999), «Sohilsiz dengiz» (2000), «Zulmat saltanati» (2001), «Moshtabib» (2002) stsenariylari asosida hujjatli fil`mlar ishlangan.
Rus yozuvchisi F. M. Dostoevskiyning «Ma’suma» qissasini, shuningdek, jahon adabiyoti namoyandalarining ayrim asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

08

BЕKAT

Bu yerda kimlar bo‘lmagan…
Qora moyga belangan shpallar nimalarni eshitmagan…

Oh-faryod, hayqiriq, quvonch bilan aytilgan har bir so‘z huddi qora moy singari ana shu yo‘l, ana shu ko‘hna bino bag‘riga singib ketgan. Yo‘l ham, bino ham jonsiz. Ammo u ko‘p voqealarning guvohi. Dahshati kishini larzaga keltiruvchi har qanday voqea ham ular uchun parovoz qichqirig‘iday oddiy bir narsa bo‘lib qolgan.

Shuning uchun ham bu mung‘aygan bino, qoramoyga belangan yo‘l jim…

Birinchi hikoya: 1942 yil.

Asqarxo‘janikida to‘y tarqashi bilan Nafisa o‘g‘liga aza ochdi. “Qo‘shnimning to‘yiga zomin bo‘lmayin”, deb qoraxatni yashirib, yonib-kuyib yurgan ona qalbida yig‘ilib qolgan dardini endi yig‘i bilan chiqarardi.

Hozirgina to‘yxonadan chiqqanlar, endi qo‘shni eshikka azaga kirdilar…
Polvon tog‘a fotihaga kelganlarni o‘zi kutdi. Muborak ham Nafisaga dalda berib o‘tirib, qosh qoraymay uyiga qaytdi. O‘ng qo‘shninikidagi to‘y, chap qo‘shninikidagi aza tashvishlari oxiriga yetdi. Shom azoni hamma narsaga barham berdi. Odamlarning quvonchlari ham kiprikdagi yoshday omonat bo‘lib qolgan edi. Xursandchilik hech yerga o‘z hukmini mutlaq o‘tkaza olmas, izma-iz quvib yurgan g‘amga joyini bo‘shatib ketishga majbur bo‘lardi.
-Dunyoning ishlari shu ekanda… ishqilib, Allohim ko‘pning qatorida Narzimni ham o‘z panohida asrasin,-deb qo‘yda Polvon tog‘a.
-Aytganingiz kelsin,-dedi Muborak. Keyin ko‘cha eshik tomon tikildi:-qarang-chi, kimdir turganga o‘xshayapti.

Polvon tog‘a bir yo‘talib olib: “Kimsiz, kelovring”, deb qo‘ydi. Eshik tomondan qiz bolaning “menman, Polvon tog‘a”, degan siniq ovozini eshitib, “o‘zing qaray qolasanmi?” degan ma’noda ayoliga savol nazari bilan boqdi.
-Kelovring, qizim, tortinmang,-dedi Muborak o‘rnidan turayotib.
Qiz supaga yaqinlashib salom berdi-da, ko‘rpachaning chetiga omonatgina o‘tirdi. Bir vaqtlar u Polvon tog‘adan hayiqardi. Narzi “dadam ko‘rib qolmasinlar”, deb hadiksiragani hadiksiragan edi. Faqat bir marta… Narzi urushga jo‘nayotgani kuni Nozik qo‘rqmadi. Bilishsa bilishar, deb Narzining yoniga keldi. Kelishga keldi-yu, lekin uyatdan yuzlari yonib, yerga qarab oldi. Qarindoshlari bilan xayrlashayotgan Narzi Nozikdan bir narsa kutganday unga umidvor ko‘z bilan tez-tez qarab qo‘ygan edi.

Nozik Polvon tog‘aga o‘shandan beri ro‘para bo‘lgani yo‘q. “Polvon tog‘a o‘shanda meni ko‘rganmidilar?… Balki… eslaridan chiqib ketgandirman…” Nozik shu xayolda boshini quyi egib o‘tirardi.
-Qizim, tinchlikmi?-deb so‘radi Polvon tog‘a, ayoli bilan ko‘z urishtirib olgach.
Bir daqiqagina xayol og‘ushiga sho‘ng‘igan Nozik cho‘chib, tog‘aga qaradi. Gapni nimadan boshlashni bilmay, taraddudlandi.
-Tinchlik, tog‘a… Hm… haligi… o‘g‘lingizdan… Nazrulla akamdan xat kelmadimi?

Dabdurustdan berilgan bu savoldan ajablangan er-xotin bir-birlariga qarab olishdi.
-Bir hafta bo‘ldi shekilli, a, Narzi?-deb so‘radi Polvon tog‘a xotinidan.
-Bir haftadan oshdi, sakkiz yarim kun bo‘ldi,-deb aniqlik kiritdi Muborak.
-Nimaga so‘rayapsiz, qizim, tinchlikmi?
-Bizga xat kelmay qoldi.
-Kimdan, Narzidanmi?
-Yo‘q… akamdan. Ular urushga bir kunda ketishgan edi…
-Sabr qilinglar, kelib qolar. Narzimdan bir oycha xat olmadik. O‘g‘limni Xudoyim asrabdi, qo‘lini o‘q tatalab o‘tganmish. Aytib turib, birovga yozdiribdi. Xati boshqa bo‘lsa ham., gaplari o‘sha-o‘sha.
-Ha, mening o‘g‘lim qiziq gaplarni topishga usta,- Muborak bu chiroyli qiz oldida o‘g‘lining maqtovini keltirib, oshxona tomon yurdi.

Ayoli nari ketishi bilan Polvon tog‘a qizga sinovchan tikildi:
-Qizim, havotiringizni ko‘zingiz aytib turibdi. Yashirmang. Bugun aytolmasangiz, ertami- indinmi, baribir aytasiz. Narzi omonmi? Xolangiz yo‘g‘ida to‘g‘risini aytovring, omma u eshitmasin, yuragi chatoq.
Nozik Polvon tog‘aga bir qarab oldi-da, so‘ng nigohini uzumzorga tikib, tez-tez gapira boshladi:
-Menga xat yozibdilar… “Uyga bormayman…” debdilar.

Nozikning ovozi titradi. Polvon tog‘a unga hayrat bilan tikildi:
-Nega?
-Ko‘zlari… ko‘zlari ko‘rmayotganmish…
-Yo, qudratingdan!

Polvon tog‘a past ovozda bir nimalar dedi, lekin Nozik eshitmadi. Polvon tog‘a boshini egib bir pas jim qoldi.
-Men ertaga ketyapman,-dedi Nozik.
-Qayoqqa?
-Bokuga. O‘sha yerdagi gospitalda ekanlar. Olib kelaman.

Muborak bir chinni kosada taom ko‘tarib qaytdi:
-Qizim, to‘ydan nasiba, oling.
-Rahmat xolajon, qornim to‘q…
-Bir chimdim bo‘lsa ham oling. Nasiba-da. Xudoyim hammani to‘yga yetkazsin.
…Burilishda pishqirib parovoz ko‘rindi. Orqadan tanish ovoz eshitildi:
-Qizim…
Nozik o‘girildi. Polvon tog‘a unga tuguncha uzatdi:
-O‘g‘limni sizga, sizni Xudoga topshirdim. Narziga ayting: ko‘ngli cho‘kmasin. Omon qaytsa Xudoga shukurlar qilamiz. Bor baxtimiz ham o‘sha. Bekorchi xayollarga borib biz bedavolarni bebaxt qilmasin.

Poyezd bu bekatda ikki daqiqagina to‘xtadi. Keyin chuqur “uf” tortib, jo‘nab ketdi.
“Shunday qiz yaxshi ko‘rarkan, Narzi mendan nega yashirdi? Aytganida urushga ketmay turib uylantirib qo‘yardim-a… Boshimizga baxt qushi qo‘nib turgan ekan-u… bilmapmiz. Ajab… Xudoyim, o‘zing mehribonsan, endi bu qushni uchirib yubormagin…Notavon bandalaringga rahming kelsin…”
…Nazrullaga zulukday ot berishdi. Huddi o‘zining qorabayiriga o‘xshaydi. Man-man degan chavandozlar ham uning shu otiga tan berishgan edi. Mana o‘sha oti. Yo‘q, bu emas, buning peshonasida oq qashqasi yo‘q. Oyog‘i ham uncha ingichka emas, aravaga qo‘shilganga o‘xshaydi, yaxshi chopolmaydi. Na iloj, urushda yaxshisini tanlashga vaqt yo‘q. Nazrulla chaqqonlik bilan egarga o‘tirdi-yu, otga qamchi bosdi. Jonivor yeldek uchdi.
-Yaxshi choparkan,-deb o‘yladi Nazrulla.-Lekin sovutish kerak. Nima bu? Jarlikmi? Dirr!
Ot ham Nazrulla ham pastlikka sho‘ng‘idi…

Uning yuzlarini tanish qo‘l siladi.
-Kim bu?
-Menman…
-Nozik?!

Bu bekat Polvon tog‘a bilan Muborak xolani boshqa ko‘rmadi. Nozik bilan Nazrullani har yili kuzatadi, keyin kutib oladi. Avval ular ikki kishi edilar, keyin uchta bo‘lishdi, so‘ng esa to‘rtta…

Ikkinchi hikoya: 1961 yil

Bekatdagi suv do‘koni ikki kundan beri ochilmaydi. Uchinchi kuni xizmatchilar orasida shivir-shivir tarqaldi:
-Lolaxon o‘lib qolibdi…
-Qachon?
-Ikki kun bo‘libdi…
Bu gap-so‘zlarga birgina farrosh e’tibor bermadi.
-Allohning qudrati,-deb qo‘ydi.

Peshinga yaqin bekat ko‘chasidan o‘n – o‘n besh kishi tobut ko‘tarib o‘tdi. Farrosh oqsoqlanib borib, tobutning bir tomonini ko‘tardi. Pichirlab duo o‘qidi, keyin tobutni boshqa kishi yelkasiga olgach, safdan chiqib, yuziga fotiha tortdi-da, bekat tomon yurdi.
Tepasiga paranji tashlangan tobut ichida kim yotganini u biladi.

O‘sha yillari ham u farrosh edi. Bekat binosi qad ko‘targanidan beri shu xizmatda.
Dastlab suv do‘koni ochilib, durkungina qiz Lolaxon ishga kelganida uni ko‘rib, ko‘p yigitlar qatori uning ham yuragi “jiz” etib qo‘ygan edi. Lekin… “bizdek cho‘loqqa yo‘l bo‘lsin”, deb qizga yaqin yo‘lamas, shilqimlik qilmasdi. Avval Sarvarga hasad bilan qarab yurdi.Bu yigitning bekatda har kuni o‘ralashib yurishi bejiz emasligini bildi. Bir kuni bahor oftobida mudrab o‘tirganida Sarvar unga salom berdi. Yonida yasanib olgan do‘sti. Ikkovi ham bir hildagi ikki saman otni minib olishgan.
-Mansur aka, to‘yga aytib keldim, birga bo‘ling. Yakshanba kuni ertalabdan boraverasiz.

Mansur unga bo‘lgan hasadini yashirishga urinib, bazo‘r jilmayganicha qutladi. Ot ustida mag‘rur o‘tirgan yelkador bu yigitga qarab: “baxti kulgan ekan, boshiga do‘ppi, beliga belbog‘ yarasharkan”, deb qo‘ydi. Kelin bolaning kimligini so‘ramadi. Sarvarning Lolaxonga uylanayotganiga amin edi. Yanglishmadi.
Shundan so‘ng bu bekatda Sarvarni yana ikki marta ko‘rdi. U Sarvarni avvallari ko‘p marotaba ko‘rgan bo‘lsa-da, uch uchrashuv xotirasiga muhrlanib qolgan edi. Shulardan biri – ot ustida kulimsirab o‘tirgan Sarvar.

Ikkinchisi…
Yozda urush boshlandi.

Kuzda Sarvar bilan uchrashdi. Yonida Lolaxon. Ko‘zlari qizargan. Boshini Sarvar akasining yelkasiga qo‘yib xomush turardi. Sarvar Mansurni ko‘rib negadir jilmaydi. Bu ot ustida o‘tirib to‘yga aytgan yigitning jilmayishi emasdi.
Hamma o‘zi bilan o‘zi ovora edi. Mansur sekingina o‘zini chetga oldi. Uning vazifasi yigitlarni kuzatish emas, odamlar tarqalganidan keyin supurib-tozalash.

Poyezd o‘rnidan jildi. Ufqda quyosh – go‘yo qip-qizil barkash, osmon etagiga omonatgina osilib turardi. Poyezd quyoshni mo‘ljalga olganday to‘g‘ri o‘sha tomon yurdi. Bora-bora quyosh bag‘riga kirib ketdi – ko‘rinmay qoldi. Mansur shuncha yil bekatda ishlab, bunday manzaraga e’tibor bermagan ekan.
“Tavba, quyosh yutib yubordimi?”,-deb qo‘ydi u o‘zicha.
Mansur bilan Lolaxon o‘rtasida salom-alikdan boshqa aloqa yo‘q edi. Farrosh indamay yurgani bilan ayolni zimdan kuzatardi. Shuning uchun ham kitel kiygan, baqbaqasi osilgan, beo‘xshov qorin qo‘ygan kishining suv do‘koni atrofida aylanishib yurganini darrov sezdi. Lolaxon ko‘zga yaqin, ko‘rkamgina juvon bo‘lgan edi. Uning hayoti, husni ayni bahor pallasini boshdan kechirayotgan edi. Mansurning nazdida u o‘zini asray olmadi: nobop shamolga uchradi. Suv do‘koni atofida yurgan beo‘xshov semiz kishi lobar ayol bahorini xazon qilguvchi ayamajuz edi.
Oradan bir yarim yilcha vaqt o‘tgan edi…

Tushga yaqin poyezd kelib to‘xtadi. Harbiy kiyimdagi bir qiz Mansurni chaqirdi:
-Hoy amaki! Amaki, deyman, bu yoqqa keling, qarashib yuboring.
Zambildagi odam Mansurga tanish ko‘rindi. Yuzidagi chandiqlarni hisobga olmaganda Sarvarning o‘zi edi.
-Mansur aka, assalomu alaykum, tanimayapsizmi? Sarvarman…
-Sarvarbek! Omonmisiz, birodar?..
Mansurning ko‘rishmoq uchun uzatgan qo‘li havoda muallaq qoldi. Sarvar hazin jilmaydi. Uning bu jilmayishida qandaydir alam, o‘kinch bor edi. Mansur buni sezdi. Etlari jimirlashib ketdi.
-Shunaqa bo‘lib qoldi, Mansur aka. Qo‘l-oyoqlarni Stalingradga tashlab kelyapmiz.
-Yo alhazar! Ishqilib, boshingiz omon ekan, shunisiga shukur! Men hozir, birodar… hozir…

Mansur shunday deb, shox tashlaganicha yugurib suv do‘konga bordi:
-Lolaxon, singlim, suyunchi bering: Sarvarbek keldilar!
Lolaxon bu xushxabarga ishonqiramay so‘radi:
-Kim dedingiz?
-Sarvarbek, o‘rtog‘ingiz…
Sarvar zambilda yotganicha, o‘sha alamli jilmayish bilan xotinini qarshi oldi. Lolaxon bir narsadan cho‘chiganday zambil yaqinida to‘xtadi.
-Sarvar aka?..
-Lolaxon… mana…

Lolaxon asta tiz cho‘kdi. Choyshabning bir uchini avvaliga cho‘chibgina ko‘tardi. Keyin qandaydir kuch uni majbur qilganday, choyshabni butkul ochib yubordi-da, dahshat bilan qichqirib, o‘rnidan turdi. Orqaga tisarildi.
-Yo‘q, yo‘q!- u shunday deb nido qilganicha harbiy kiyimdagi hamshiraga yuzlandi:-Erimni qanday olib ketgan bo‘lsalaring menga shunday qaytarasanlar.! Yo‘q, yo‘q! Endi u odam bo‘lmaydi. E, Xudoyim, peshonam shunchalar ham sho‘r bo‘ladimi, a?!
U o‘krab-o‘krab yig‘lardi. Mansur ham, hamshira ham uning ovunishini kutib jim turishardi. Sarvar labini tishlab olgan, ko‘z yoshlarini tiya olmasdi. Lola ovunmadi:shasht bilan burilib, yugurib ketdi. Uning bu yig‘isi Sarvar urushga ketayotgandagi yig‘isiga sira o‘xshamas edi.

Sarvarni tibbiy mashinada qayergadir olib ketishdi.
Mansur uni boshqa ko‘rmadi.
Suv do‘koni atrofida turli-tuman erkaklar ko‘p aylanishadigan bo‘lishdi.
Mansur Lolaxon bilan salom-alikni yig‘ishtirdi.

O‘shandan keyin necha marta bahor keldi. Mansurning sochiga oq oraladi. Sog‘ oyog‘idan ham quvvat ketdi. Ishini yarimlamay turib oyog‘i sanchib og‘riy boshladi. Supurgisini sudrab borib, bekatga kiraverishdagi o‘rindiqqa o‘tirdi. Shu yerda o‘tirgan kishi unga bir qarab olib, salom berdi.
-Tanimadingiz, a?-deb so‘radi.
-Ko‘zimga issiq ko‘rinyapsiz-u, eslolmayapman, qarichilikda, birodar…
-Urush boshlangan yili do‘stim bilan shu yerga kelib sizni to‘yga aytgan edik.
-Kim bilan?
-Sarvar bilan. Kelin suv do‘konida ishlardi, esladingizmi?
-Ha, ha. yodimga tushdi. Ikkovinglar saman otda edinglar. Xo‘p yarashgan edi-ya!
-Qoyilman, xotirangiz zo‘r ekan.

-Sarvarbek… omonmilar? Hozir qayerdalar?
-Toshkentda. Hozir uning oldiga ketyapman. Ertaga dissertatsiya yoqlaydi.
-A, labbay?
-Olim bo‘lyapti oshnam.
-Bir o‘ziga qiyindir?
-Nega bir o‘zi bo‘ladi, oilasi bor. O‘g‘li ham katta yigit bo‘lib qolgan. Birinchi xotini haliyam shu yerda ishlaydimi?
-Qayerga ham borardi…

…Ana shu Lolaxon ikki kun ilgari o‘libdi. Murda ikki kun qarovsiz qolibdi. Keyin savobtalab qo‘shnilar uni qabrga qo‘yib kelishdi. Hassakash ham yo‘q, uyda aza ochuvchi ham yo‘q.
Bu voqeaga bir odam go‘yo farqsizday…
…bekat binosi ham mish-mishlarga parvo qilmaydi. U avvalgiday mung‘ayib turibdi…

Uchinchi hikoya: 1985 yil

Oltinchi kupening eshiga haligacha yopilmagan, chirog‘i ham o‘chirilmagan edi. Kupega ketma-ket kirib kelgan ikkala yo‘lovchi ham bosh qimirlatib salomlashganicha hali bir-birovlariga so‘z qotishgani yo‘q. Vagonog‘asi tashlab ketgan choyshab, sochiq, yostiqjild taxi buzilmay yotibdi.
Norbo‘ta avvaliga qo‘lidagi gazetalarga ko‘z yugurtirgan bo‘ldi. Uning nigohi satrlarda bo‘lsa-da, xayoli bo‘lak fikrlar bilan band edi:
“Qorayibdi, ozgina to‘lishibdi. Husni ilgarigidan ham ochilibdi. Men u bilan salomlashdim. U nima uchun indamay ketyapti? Gapirishni istamayapti? Yo o‘zim so‘z boshlaymi? Nima deyman? Siltab tashlasa-chi?..”

Marg‘uba deraza osha tashqariga tikilib o‘tiribdi. Bu o‘tirish o‘ziga ham noqulay tuyuldimi, yaltiroq qora sumkachasidan kitobcha chiqarib, o‘qishga tutinganday bo‘ldi. Kitobchani u o‘qib bitirgan, ammo hozir satrlarga ko‘z tikib o‘tirishdan o‘zga chora topolmagandi.
“Qayoqqa ketyapti? Uyigami? “Institutda omadi yurishmadi”, deyishgan edi. Shu to‘g‘rimikin? Qiziq, nimaga indamayapti? Atayin qilyaptimi yo gapirishga yuzi chidamayaptimi? Hech o‘zgarmabdi. Qishlog‘iga borayotgan bo‘lsa yana sakkiz soat yuramiz… Nega gapirmaydi?..”

Norbo‘ta juvon nigohining bir sahifadan uzilmay turganini sezdi. Yengil yo‘talib, o‘rnidan turdi.
-Joyingizni solib yoting, men yo‘lakka chiqib turaman. Charchaganga o‘xshaysiz,-dedi.
-Yo‘q, yo‘q,-dedi juvon shoshib,-bezovta bo‘lmang. Men baribir poyezdda uxlay olmayman. Siz bemalol yotavering, men chiqib turaman.
-Men ham poyezdda uxlay olmayman…
Yana joylariga o‘tirishdi. Yana jim qolishdi.
-Hali ham o‘sha yerdamisiz?-dedi Norbo‘ta bir zumdan so‘ng.
Marg‘uba “qayerdaligimni rostdan bilmaysizmi?” deganday unga bir qarab oldi. Norbo‘ta bilardi, lekin ayni damda gap boshlashga o‘zga bahona topa olmadi. Marg‘uba uning hamma narsadan bexabar ekaniga ishonganday bo‘lib javob qaytardi:
-Ha, o‘zingiz bilgan o‘sha maktabdaman.
-Direktor hali ham Rasul akamilar?

Marg‘uba endi unga “nahot bilmasangiz?” degan ma’noda oshkora ajablanib qaradi:
-Yo‘q… u kishi olamdan o‘tdilar…
Norbo‘ta juvonning nigohiga dosh berolmay pastga qaradi.
“Ustozining taqdiriga shunchalar befarqmi?” deb o‘yladi Marg‘uba. Institutda o‘qib yurishganida Norbo‘ta Rasul akani ko‘p eslab: “Ustoz bo‘lmaganlarida men bu yerga o‘qishga kelolmasdim. Menga ruhsat olib beraman, deb rais bilan achchiqlashib olishgan. O‘qish bitgach, o‘zimning bag‘rimga kelasan, deb oq fotiha bergandilar”, derdi. Alhol, shu so‘zlar yigitning ham juvonning ham xayolidan o‘tdi.
Norbo‘ta ustozi bilan bo‘lgan so‘nggi uchrashuvni esladi. “Senga buyruq berolmayman, senga mening hukmim o‘tmaydi. O‘zingga yetarli aqling bor. Ko‘nglingga qayer xush yoqsa o‘sha yerda bo‘lishing mumkin. Lekin yelkangdagi tuz haqqini unutishing mumkin emas. Sendan rajimayman. Faqat… ko‘p yillik umidimning yuziga tuproq tortish menga og‘irlik qilyapti…”

Ular soy bo‘yida, eski ko‘prikka yetmasdan xayrlashishgan edi. Ko‘zlari qisiqroq, burni yapasqiroq, biroq istarasi issiq, sochlariga oq oralagan, oddiy dehqon kabi kiyinib olgan Rasul aka…
Norbo‘taning ko‘z oldida u endi shu ko‘rinishda saqlanib qoladi.
“Umidiga men tuproq tortgan edimmi? Endi baribir emasmi? Axir o‘zlari qorong‘u va zax yer bag‘ridalar-ku?.. “O‘rnimga o‘zing direktor bo‘lasan”, derdilar. Qiziq… hozir kim ekan?”
-O‘rinlariga kim bo‘ldi?-deb so‘radi Norbo‘ta bir necha nafaslik sukutni buzib.
-O‘g‘iloy opa.
-Ilmiy mudirami? Uning o‘rniga-chi?
-Men…

Norbo‘ta buni kutmagan edi. Shuning uchun yana jim qoldi. Lekin bu jimlik uni noqulay ahvolga solib, suhbatni davom ettirishga undadi:
-Uyingizga tushuvdingizmi?
-Yo‘q, uyga kirib-chiqishga vaqt bo‘lmadi. Moskva poyezdidan tushdimu bunga chiqa qoldim.
Norbo‘ta unga savol nazari bilan tikilib, gapining davomini kutdi. Marg‘uba bu qarashning ma’nosini anglasa ham ko‘zini olib qochib, indamadi. Norbo‘ta qayta so‘ramadi.

“Moskvadan kelyaptimi? Birorta majlisga borgan shekilli? Hozir maktabda ish qaynaydigan payt. O‘ynagani bormagandir… Sevishib, ahd-paymon qilgan kunlarimiz esidamikin? O‘pich bergani-chi? Esidadir. Lekin endi bundan nima foyda? Endi u boshqa odam, men boshqa odamman. Nima uchun qishloqda qoldi? Menga o‘chakishdimi yo rostdanam qishloq yoqib qoldimi? Yo shaharga qaytib borishga yuzi chidamadimi? Qaytib ketmagani uchun balki hozirgacha o‘kinar? Nega o‘kinadi? Baxtli bo‘lsa-chi? Tursun traktorchiga tekkani rostmikin? Taqdir qiziq ekanda… Unga mening qishlog‘im yoqdi. Men esam uning shahridan ko‘ngil uzolmadim. Xato qildimmi? Axir qishlog‘iga qaytishni istamaganlar ozmi? “Harobgina yozgi kinoteatr, bahorda pillaxona, kuzda hasharchilarga boshpana bo‘luvchi “klub” otli bostirma, choyxona… Bular yoshlik sururiga zid emasmi?” degan edim unga. U esa: “Mehr-chi” degandi. Qanday mehrni nazarda tutgandi? Ota-onam o‘lib ketishgan bo‘lsa. Akalarim bilan ota merosni bo‘lisholmay olishib yurishim mehrga kirarmidi? Xayrlashayotgan paytida ko‘zlarida yosh bor edi. Menga ishonib qishloqqa kelgani uchun xafa edimi yo mening shaharga qaytib ketishim og‘ir botganmidi? “Siz hammani norizo qilib ketyapsiz. Qaytishni o‘ylayapsizmi? Yana qaytib kelishga yuzingiz chidaydimi?” devdi. “Yuzingiz chidaydimi…” Bu nima degani? Axir men jinoyat qilmadim-ku? Shaharda baxtimni sinab qaytdim. Ilmda omadim yurishmadi. Izza chekishga loyiq ish qilmadim. Faqat… olti yil qishlog‘imga kelolmadim…”
Marg‘uba yana kitobga tikildi.

“U shon-shuhratga intildi. Buni men bilmasmidim? Sezardim. Lekin e’tibor bermagandim. Bir kuni: “Omad eshigingni qoqib turganda andishani o‘ylab pusib yotmaslik kerak”, degan edi. “Omad” deganda menga ham egalik qilishni nazarda tutganmikin? Unga ko‘ngil qo‘yishim omad bo‘lib tuyulgandir balki? U yaxshi sportchi edi. Darsga nisbatan musobaqalarga ko‘proq qatnardi. Bunaqa o‘qishda bilim sayoz bo‘lishiga o‘zining aqli yetmadimi? Bilmagandir… Bilsa ilmiy ishni orzu qilarmidi? Men esam to‘g‘risini aytolmadim… Institut rahbarlariga obro‘ olib beruvchi yaxshi sportchi kerak edi. Sportchining butun umri shohsupalarda o‘tmaydi-ku? Pastga tushadigan payti ham bo‘ladi-ku? Uning pastga tushadigan vaqti yetdimi? Olti yil umrini havoga sovurdi. Xato qilganini endi angladimi? Men-chi? Men xato qilmadimmi? Uni sevdim. Uni deb qishlog‘iga keldim. Ajab, o‘z qishlog‘i ko‘ziga xunuk ko‘rindi-ya! Men shaharga qaytmadim. Xatoim shumi? Yo‘q. Men unga ko‘ngil qo‘yib xato qilgan edim…”
Vagonog‘asi kirib uning xayolini bo‘ldi:
-Qizim, istasangiz bo‘sh kupe bor, birini ochib beraymi?
-Bo‘sh bo‘lsa men chiqa qolay,-dedi Norbo‘ta,-yuklari bilan ovora qilmaylik.
-Shunisi ham ma’qul. Qizim, siz bafurja dam olavering. Ertalab uyg‘otib qo‘yaman.
Ular chiqib ketishdi. Marg‘uba eshikni qulflab, to‘shakni yoydi-da, yonboshladi.

Vagonog‘asi va’dasiga xilof qilmay ertalab eshikni taqillatganda Marg‘uba tushishga tayyor turardi. U narsalarini ko‘tarib, dahlizga chiqdi. Ikki kupe narida turgan Norbo‘taga ko‘zi tushdi. Ko‘zlar to‘qnashdi. Bir-biridan so‘z kutdi. Ikkovidan sado chiqmadi. Norbo‘ta o‘zini ichkari olib, yo‘l bo‘shatdi. Marg‘uba o‘tib ketdi.
Marg‘uba vagondan pastga tushib, atrofga alangladi. Norbo‘ta vagon zinasiga oyoq qo‘yganicha undan ko‘z uzmay qarab qoldi. Ikki yashar qizchasini ko‘tarib olgan erkak Marg‘ubaga yaqinlashdi. Juvon qizchani bag‘riga bosib o‘pa ketdi Norbo‘taning ko‘kragini bir narsa kuydirib o‘tganday bo‘ldi.
Bu bekatda poyezd ikki daqiqagagina to‘xtardi. Teplovoz jilish fursati yetganini ma’lum qilib chinqirdi. Norbo‘ta pastga tushmay, orqasiga qaytdi.
-O‘g‘lim, tushmaysizmi?-deb ajablandi vagonog‘asi.
-Adashibman,-dedi.Keyin qo‘shib qo‘ydi:-Tashvishlanmang, haqini to‘layman.
-Tashvishlanayotganim yo‘q,-dedi vagonog‘asi, so‘ng hazil qildi:-Haqini to‘laydigan bo‘lsangiz istaganingizcha adashavering.

Poyezd asta jildi. Qizchasini bag‘riga bosgan Marg‘uba, yuklarini ko‘tarib olgan erkak, mung‘ayib turgan bekat binosi ortda qoldi.Bularning barchasi Norbo‘ta uchun go‘yo begona edi…

***

Ko‘p sirlarni bag‘riga singdirgan bekat hamon o‘z o‘rnida.
Sog‘ingan yuraklar uni ko‘rganda shodlikdan yonadi.
Kimlargadir esa begona…

XOTIRA

1

Zuhrani qarg‘ashdi. Sultonni la’natlashdi. Ikkovlari g‘am g‘azab toshlari bilan toshbo‘ron qilindilar. Mish-mish gaplar tuprog‘iga ko‘mildilar.

-Ular avvaldan don olishib yurishar ekan, qochib ketishganmish…
-Voy o‘lmasam, qochib ketishganmish-a…
-Ha, qochib ketishibdi…
…kim biladi, balki to‘g‘ridir…
-O‘lib qo‘yaqolsin, juvon o‘lgur, bolasini tashlab ketmay qora yerga kirsin. Bitta er kamlik qilibdimi?
-O‘lib qo‘yaqolsin, juvon o‘lgur…
-Bitta er kamlik qilibdimi…
-Bolalarini tashlab, o‘ynashi bilan qochibdimi, a?

…kim biladi, balki to‘g‘ridir…
-Qornida bola bo‘lib qolgan ekan, eridanmas, Sultondanmish…
-Sultondanmish…
-Bolasini oldirmoqchi ekanmi?..

…kim biladi, balki to‘g‘ridir…
Bu gaplar kichkina ishxona doirasidan chiqib, shaharchaga tarqaldi. Tanishlar uchrab qolganda suhbatlari shu “yangilik” bilan boshlanib, qo‘shimcha ma’lumotlar bilan to‘ldirilgan holda yakunlanardi. Bir haftacha shunday bo‘ldi. Ezilib yoqqan yomg‘ir tindi. Bulutlar tarqaldi. Quyosh yerning hovurini ko‘tarib, qizdirib yubordi. Odamlar suhbatining mavzui o‘zgardi.

2

Tuman idorasidan viloyat boshqarmasiga ishga o‘tgan Sulton Zuhrani birinchi marta ko‘rganidayoq unga mahliyo bo‘lib qolgan edi. Oppoqqina, do‘mboqqina, charos ko‘z bo‘lmasa ham jonni olguday qarashi bor… Yoz kechasidagi osmon husni — hilolni eslatuvchi qoshi qop-qora… Qizga suqlanib qarab turgan Sultonning ko‘zi barmog‘idagi nikoh uzugiga tushdi-yu, afsusdan nafasi qaytdi. Bir xonada ishlagandan keyin istaysanmi-istamaysanmi ko‘z-ko‘zga tushib turadi. Sultonga shayton “eri bo‘lsa nima bo‘pti, ehtimol ota-onasi zo‘rlab uzatgandir, balki eriga ko‘ngli yo‘qdir”, deb vasvasa ham qilib turdi. Lekin Zuhraning ona ham ekanini bilgach, unga suqlanib qarashdan o‘zini tiydi. G‘oyibona oshiq bo‘lib yuraverdi.Juvonni har ko‘rganida shayton vasvasasini boshlardi-yu, lekin uni mag‘lub etishga ojizlik qilardi. Sulton yengiltak xayollari uchun o‘zini o‘zi koyiy boshlaganda esa shayton shaytonlab qolardi.
Keyingi kunlar ichi havoning avzoyi aynidi. Bir yomg‘ir quyadi, bir shamol turib odamni uchirib yuboray dedi. Ba’zan esa oftob ko‘rinib odamni lanj qilib yuboradi.

Bugun ertalab havo ochiq edi. Endi maydalab yomg‘ir yog‘yapti. Bunaqa paytda xonada qog‘oz titib o‘tirgan ham durust edi. Ukasining qo‘ng‘irog‘idan so‘ng Sulton yo‘lga otlanishga majbur bo‘ldi. Tashqariga chiqib, mashina peshoynasiga sachragan loyni artayotganida qo‘shni bino tomondan kelayotgan Zuhraga ko‘zi tushdi. Yelkasiga ro‘mol tashlab olgan Zuhra uning yonidan o‘ta turib, bir nafasga to‘xtadi:
-Ketyapsizmi?-deb so‘radi.
-Xo‘jayin yo‘g‘idan foydalanib Mirzabodga borib kelay,-dedi Sulton.
-Mirzabodgami?-Shunday deb Zuhra o‘ylanib qoldi.-Menam borib kelishim kerak edi-ya. Dugonam bir haftadan beri kasalxonda ekan, uydan ortib borolmayapman, uyat bo‘lib ketdi. Bitta dori so‘ratuvdi, topib qo‘yuvdim. Ishingiz ko‘p bo‘lmasa dorini tashlab o‘ta olasizmi?

-Tashlab o‘tishning menga og‘irligi yo‘q. Lekin dugonangizni ko‘rgingiz kelayotgan bo‘lsa, birga borib kela qoling.
-Borsam yaxshi bo‘lardi-yu, lekin… xo‘jayinimdan so‘ramaganman.
-Yuravering. Ish vaqti tugaguncha qaytib kelamiz. Borib-kelishga ko‘pi bilan ikki soat vaqt ketadi. Yarim soat dugonangiz bilan xasratlashib olishga yetadimi? Ungacha men uyga kirib ukamning topshirig‘ini bajarib chiqaman.
-Qanaqa topshiriq?
-Fizikadan test savollarining yechimini ishlab qo‘yuvdim. Ukam bu yil o‘qishga kirishi kerak. Imtihonga tayyorlash vazifasi mening yelkamda.

Zuhra bir oz ikkilanib turdi-da, Sulton taklifni yana takrorlagach, ichkari kirib paltosini kiyib chiqdi.

3

Zuhraning dugonasi derazadan tashqariga tikilib turgan edi. Uning mashinadan tushib kelganini ko‘rib “kim u yigit, xushtoringmi?” deb hazillashib so‘radi. Zuhra jilmayib, hazilga hazil bilan javob berdi: “senga yoqdimi, xushtorlikka arziydimi?”
Yigit haqida boshqa gaplashishmadi. Zuhraning yo‘qolgani ma’lum bo‘lib, mish-mishlar tarqalgach, dugonasi o‘sha gapni esladi. “Hazillashmagan ekanda…”, deb o‘kindi. Ammo dardini birovga bildirmadi.

Sulton ukasiga savollarni umumiy tarzda tez-tez tushuntirdi. Ukasi uning hayajonini sezdi.
“Aka, shoshilyapsizmi?”-deb so‘radi.
“Shoshilyapman”,-deb javob berdi Sulton.
“Qayoqqa?”
“Bir qizning oldiga”, shunday deb jilmaydi. Ukasi buni hazil deb o‘ylab, u ham jilmaydi.
“Bo‘lajak yangamizmilar?”
“Balki…”

Ukasi uning shunday deb xo‘rsinib qo‘yganiga ahamiyat bermagan edi. Akasi yo‘qolib, u haqda turli mish-mishlar to‘qilgan kezlari yodiga oldi. Ammo dardini birovga bildirmadi.

4

Qaytishda avval ballon teshilib qoldi. G‘ildirakni almashtirguncha Sulton adabini yedi. Keyin motor hadeganda o‘t olavermadi. Sulton avtomashinani haydashnigina bilardi, uning “kasali”ga esa aqli yetmasdi. Juvonga sir boy bermaslik uchun o‘zicha motorni titgan bo‘ldi. Keyin yordam so‘rab yo‘lovchi mashinalarga qo‘l ko‘tara boshladi. Bunaqa havoda to‘xtab, birovga ko‘mak berishni istovchi insof egasining topilishi oson bo‘lmaydi.

Mashina shom qorong‘usida yo‘lga tushdi. Xavotir chodiriga o‘ralgan Zuhra miq etmay o‘tirardi, aybiga iqror Sulton ham jim edi. Faqat “katta yo‘lga chiqib olsak, bir pasda yetamiz”, deb ovuntirmoqchi bo‘ldi. Lekin katta yo‘lga chiqishganda quyuq tuman bag‘riga kirib, tezlashishning imkoni bo‘lmay qoldi.
Shaharga boradigan keng yo‘lda qatnov siyraklashgan. Sultonning yuragi duk-duk uradi. Negadir xansiraydi. Ichini nimadir yondirayotganday bo‘ladi. Mashinani yo‘l chetiga olib chiqib to‘xtatgisi keladi-yu, shaytonga yana bo‘yin bermaydi.
Sulton yo‘ldan ko‘z uzmaydi. “Anhor yaqin qoldi. Hozir ko‘prik keladi. Yo‘l chaproqqa buriladi…”

Sulton mo‘ljalda adashdi: ko‘prikka qancha borligini bilolmay kalovlandi.
Juvonga qarashga botinmaydi. Qarasa, huddi dahshat ichida qolib ketadiganday tuyuladi. Zuhra hamon jim. Boshini oynakka tirab olgan: uyga borgach, bo‘ladigan savol-javobni o‘ylayotgandir ehtimol…
Sulton mashina tezligini oshirdi. Shu imillab yurishi bo‘lsa o‘zini tutolmay qolishi mumkin. Irodasi chidash bera olmaydi. O‘ng oyog‘i o‘ziga bo‘ysunmaydi, nuqul tormoz pedalini bosmoqchi bo‘laveradi…
Tezlikni yana oshirdi.
Mashina birdan pastlikka sho‘ng‘idi.
“…obbo, ko‘prik tomonga burmabman-ku?!”

Sultonning xayoliga shu fikrgina keldi… Tormoz ishlamadi. Mashina qattiq-qattiq silkindi.

5

O‘sha kuni Zuhralarning uyida chiroq o‘chmadi. Jajjigina Nafisa “ayajon-ayajon” deb yig‘layverib uxlamadi.
Ertasiga mish-mish tarqaldi.

Shahardagilar bu voqeani asta unuta boshlashdi. Bahor kelinchaklik libosini yechib, o‘rnini yozga bo‘shatib berdi. Yoz ham o‘tdi. “Qochoq”larning daragi chiqavermadi. Quyoshning tafti kesilib, shamol qorning isini olib keldi. Ana shunda dehqonlar anhorni tozalagani hasharga chiqishdi. Suvni to‘xtatishdi. Kimdir ko‘prik yaqinida tepasi loy bosgan bir narsani ko‘rib qoldi. Qarashsa – avtomashina. Hamma o‘sha yerga yig‘ildi. Ichini ochishdi. Mashinaning ichida odamga o‘xshash, lekin tanib bo‘lmaydigan ikki jasad bor edi.

Mashinaning raqamiga qarab, egasi Sulton ekanligi aniqlandi.

6

Shaharchada yana mish-mish tarqaldi:
-O‘liklari anhordan chiqibdi…
-Qochib ketishayotganda tushib yetishganmikin?
-Kim biladi…
-Bechoralar…

QASOS

Nomussizlik gar ilashsa nikoh ipiga
Ayol qalbi shu qadar ham qonsiragayki,
Topolmaysiz yer yuzidan bunaqasini!
(Yevripid. “Medeya”. Asqar Qosim tarjimasi)

Dugonasi xushxabar aytib, suyunchi so‘radi.
Latifa buni eshitib, quvonishi lozim edi. Chunki, shu hol yuz berishini istab, Xudoga necha bor munojot etdi. Allohga iltijolarim yetib borarmikin, niyatimga yetmay o‘lib ketmasmikinman, deb qo‘rqib yurgan kezlari ham bo‘ldi. Nihoyat… ohlari Yaratganga yetib boribdi. Shu hol yuz bersa armonim qolmaydi, quvonchlarim dunyoga sig‘may ketadi, deb o‘ylardi.

Xushxabarni eshitib nimaga quvonmadi? Vujudiga nima uchun afsus to‘r yoya boshladi? Ko‘ngilga shodlik baxsh etishi lozim bo‘lgan yangilikni yetkazgan dugonasiga nima uchun javob qaytarmay, jimib qoldi? Bu holati suyunchilab telefon qilgan dugonasigagina emas, hatto o‘ziga ham noma’lum edi.
-Latif, eshityapsanmi?-dugonasi go‘shakning garang qulog‘ini ochmoqchi bo‘lgandek, bir-ikki qattiq pufladi.
-Eshityapman,-dedi Latifa siniq ovozda.
-Ering qo‘l-oyoqsiz, shol bo‘lib qolibdi. Tili ham aylanmasmish. Xotini uyiga olib kelmay, kasalxonadan to‘ppa-to‘g‘ri qariyalar uyiga olib borib tashlabdi. Voy tavba-ya! O‘ttiz besh yoshli yigitni ham qariyalar uyiga olaverishar ekanda-a? Eshityapsanmi?

Latifa eshitar, ammo dugonasining so‘zlarini durust anglamas edi. Go‘shakni asta joyiga qo‘ydi. Barmoqlari titrayotganini o‘zi sezmadi – derazaga orqa qilib o‘tiruvchi Ma’suma sezdi. To‘g‘rida o‘tiradigan, Latifaga tez-tez o‘g‘rincha qarab qo‘yadigan Sodiqjon ham sezdi. Latifa haykal holiga kirgan edi. O‘ziga dam-badam qarab qo‘yayotgan nigohlarni sezmasdi. Uni chuqur o‘yga botdi, deb ham bo‘lmaydi. U hech nimani o‘ylamas, boshi g‘ovlab, bo‘shab qolganday edi. Sodiqjon “Ahvolini so‘rab, bilsangiz-chi?” degan ma’noda Ma’sumaga ko‘z tikdi. Ma’suma bu qarash zamirida qanday maqsad yashiringanini sezsa-da, sezmaganday o‘tirdi. U beg‘amligi uchun semirganmi, yo semirib so‘ng beg‘am bo‘lib qolganmi – bunisi Yaratganga ma’lum, har holda hech bir ishda shoshilmaydi. Mana shu odati ba’zan kulgiga sabab bo‘lardi, ba’zan esa hamxonalarining yuraklari tars yorilib ketay derdi. Sodiqjon hozir shu holga tushdi. Tomog‘ini qirib, yana unga qarab qo‘ydi. Ma’suma qog‘ozlarini titib, nimadir qidirdi. Shundan so‘nggina Latifaga qaradi:
-Latifa, oldingi oyning hisobotidan sizda qolmaganmi? Qurib ketgurni qayoqqa qo‘yganimni bilolmayapman.

Bu savol Latifani karaxtlik domidan ozod qildi. Lekin Ma’sumaning gapini darrov anglay olmadi. Ma’suma esa uning ahvolini sezmagandek gapiraverdi:
-Bugun mudirimiz chap yoni bilan turganmi, ertalabdan beri menga ming‘irlaydi. O‘tgan oy hisobotini qayta ko‘rib chiqing, deydi. Bir nus’hasini sizga bermabmidim?

Latifa endi unga ajablanib qaradi – ertalab ham shuni so‘rovdi. “Esi og‘ib qolganmi, nima balo?” deb o‘yladi-da, qisqa qilib: “yo‘q”, dedi. Ma’suma Sodiqjonga qaradi. Uning beg‘am boquvchi ko‘zlaridan: “Farosatingiz bormi, chiqib tursangiz-chi”, degan ma’noni uqqan Sodiqjon qo‘liga ilingan bir varaq qog‘ozni olib, o‘rnidan turdi. U chiqib ketishi bilan Ma’suma Latifani savolga tutdi:
-Tinchlikmi, Latifa, yomon gap eshitmadingizmi, ishqilib?
Latifa unga yalt etib qaradi. “Qanday sezdi, bu beg‘am? Birdan o‘zgarib ketdimmi?”
-Tinchlik… dugonam sal hovliqmaroq… Bir tanishim kasal ekan… shunga…
-Ha-a… Endi issiq jon, bir kasal bo‘ladi, bir tuzaladi. Choynakni qo‘yib yuboring, choy ichadigan vaqt bo‘ldi.

Elektr ulagich kitob javonining panasida, Latifaning shundaygina yon tomonida edi. Shu sababli xonada choyxonachilik vazifasini hammavaqt beminnat bajarsa-da, bu safar malol keldi. Choynakni tokka ulab, o‘rnidan turdi-yu, dahlizga chiqdi. Ma’suma uning izidan ma’nodor qarab qoldi.
Dahlizdagi deraza oldida Sodiqjon bir varaq qog‘ozni buklab ushlagan holda turardi. Latifaning chiqishini kutmagani uchun nima deyishini bilmay, taraddudlandi.

Sodiqjon bilan Latifa tengdosh, institutda birga o‘qishgan. Talabalik yillaridayoq bir-birlariga mayllari bo‘lgan, lekin taqdir yo‘rig‘i degandek, turmush yo‘llari ayri-ayri tushdi. Ular bir-birlarini yoqtirar edilar. Ammo bu yoqtirish ota-ona istagiga qarshi isyon ko‘tara oluvchi qudratga, aniqroq aytilsa – muhabbat darjasiga yetmagan edi. Oldinma-keyin bo‘lib o‘tgan to‘ylaridan so‘ng, ayniqsa, oilalarida noxushliklar yuzaga kelgan damlarda bir-birlarini qo‘msardilar. Biroq, bu qo‘msash kapalak umri misol uzoqqa yetmas edi. Har ikkovi bir-biriga bo‘lgan munosabatni ko‘p o‘ylashardi: “Uni yoqtirganim holda nima uchun hamma narsadan shartta voz kechib, U bilan birga bo‘la qolmayman?” degan uncha murakkab bo‘lmagan savolga qariyb o‘n yildan beri javob topisha olmas edilar. Yoshlik hislari asta so‘nib, turmush nomli daraxtning achchiq mevalaridan to‘yib-to‘yib yegach, bu savol chigali yechila boshlanadi. Oralaridagi tuyg‘u to‘shakka yetaklovchi muhabbat emas, balki turmushning tikanli yo‘llarida madad berguvchi mehr ekanini anglab yetadilar. Unga qadar esa bu tuyg‘u nima ekanini bilmay qiynaladilar, atrofdagilar esa ularning munosabatlarini boshqacha talqin qilaveradilar. To‘g‘ri, Latifa eri bilan ajralishgach, Sodiqjon uni bir-ikki marta kinoga taklif qildi. Latifa o‘n uch yoshli qizaloq emaski, bu takliflarning ma’nosini anglab yetmasa. Avval gapni hazilga burdi. Taklif takrorlanavergach:
-Siz meni ersiragan shaloq xotin deb o‘ylayapsizmi?-deb dangal aytdi.

Sodiqjon bu javobni eshitib, dovdiradi. To‘g‘ri ko‘ngilda ekanini aytib, o‘zini oqlamoqchi bo‘ldi. Shunisi ortiqcha edi. Chunki juvonning javobi taklifga yarasha bo‘lgan edi. Sodiqjon shundan so‘ng o‘zini tiydi. Lekin: “Ro‘parangga qara, bu mahliqoning eri yo‘q, o‘zi yoshgina bo‘lsa, ersiz qiynaladi. Senga o‘sha gapini bir aytdi-qo‘ydi-da. Unga qarab-qarab, ko‘zingni uzma. Ko‘zlaring bilan uni o‘zingga rom qilib ol!” deb vasvasaga soluvchi shaytonni haydab yubora olmas edi. Ba’zan esa o‘yga tolardi: “Shuncha paytdan beri ersiz yurib ko‘nikdimi yo bitta-yarimta bilan pinhona don olishib yurganmikin?” Shu fikr uyg‘ongan damdayoq tomog‘iga g‘azab o‘ti bostirib keladi. Xayolidagi o‘sha mavhum xushtorni bo‘g‘ib o‘ldirgisi keladi. O‘zicha “Kim bo‘lishi mumkin u maraz?” deb, tanishlarini bir-bir ko‘z oldiga keltiradi. Latifa jilmayib gaplashib turgan erkaklarni shubha ostiga olaveradi. Xullas, Latifa eridan ajralishganidan keyin necha yil o‘tgan bo‘lsa, shuncha yil Sodiqjon shu holda kuyadi. Hozir dahlizga chiqib turganida ham xayoli shu tomonga bir og‘di. Latifaga gapirolmay qolgani ham shundan. Latifa uning nima uchun chiqib turganini bilsa ham, o‘zini bilmaganga oldi:

-Choy qo‘ydim,-dedi hotirjam ovozda.
-Yomon xabar eshitdingizmi?-dedi Sodiqjon, uning ko‘ziga tik qarab.
“Yomon xabarmidi?-deb o‘ziga o‘zi savol berdi Latifa.-Chindan ham nima bu – yomon gapmi yo xushxabarmi? Nima uchun o‘zgarib ketdim. O‘zgarganimni bular ham sezishibdi…”
-Nimaga yomon xabar? Shunchaki bir gap,-dedi Latifa osoyishta ohangga ko‘chib.
-Birdan g‘alati… bo‘lib qoldingiz?
-Boshim og‘riyapti. Magnit bo‘roni kuni emasmi bugun? Men keta qolay, choyga o‘zingiz qararsiz.

Latifa shunday deb ichkari kirdi-da, stoli ustini yig‘ishtirishga ham toqat qilmay, Ma’suma bilan xayrlashib, sumkasini olib chiqdi.
Xonaga qaytib kirgan Sodiqjonni Ma’sumaning ma’nodor qarashi qarshi oldi.
Latifa xayolini chalg‘itish uchun bir oz piyoda yurmoqchi bo‘ldi. Xarid qilish niyati bo‘lmasa-da, yo‘lida uchragan do‘konlarga ham kirib chiqdi. Yonma-yon yurgan er-xotinni ko‘rdi deguncha, ko‘z oldida eri gavdalanib, yuragi siqilaverdi. Bunday noxush holatdan chiqishning birdan bir chorasi – uyga borish edi.
Qo‘shni imoratlarga nisbatan ko‘rkamroq qilib solingan, bolaligi o‘tgan, baxt ilinjida “yor-yor” bilan tark etib, so‘ng ikki o‘g‘il bilan qaytib kelgan uy bu onda ko‘ziga shumshuk bo‘lib ko‘rindi. Akasi kuyovining xarom-xarishdan qaytmas odam ekanini bilib, uni sharmanda holida o‘z ko‘zi bilan ko‘rgach, Latifani o‘sha kuniyoq ko‘chirib kelgan edi. O‘g‘lining kattasi endigina atak-chechak qilayotgan edi. Kichigi tug‘ilib, tug‘ruqxonadan uyga ketish uchun ijozat tekkan kun edi. Kuyov bo‘lmish Tolib ularni ancha kuttirdi. Kelavermagach, akasi, yangasi Latifani uyga boshlab borishdi. Borishdi-yu… Tolibning maishati ustidan chiqishdi. Latifa ostona hatlab ichkari kirmadi. Ajrashayotgan paytda sud uch xonali uyning ikki xonasini unga xatlab berganda ham haqqidan voz kechdi. Aniqrog‘i, akasi oldirmadi. “Nahs bosgan uy o‘ziga buyursin”, dedi. Ana o‘shandan beri Latifa shu uyda. O‘g‘illari tog‘asini “opoqdada” deyishadi. Latifaning baxtiga “adam qanilar?” deb so‘rashmaydi. Otadan olishi kerak bo‘lgan mehrni tog‘adan olgani sababli so‘ramasalar kerak. Ba’zan Latifa “nega so‘rashmaydi?” deb achchiqlanadi. Hozir bo‘lmasa ham keyinroq borib so‘rashlarini biladi. Oradan yillar o‘tib, so‘rashganida nima deb javob beradi? “Otang xotinboz edi, shaloq edi, shuning uchun ajrashib ketganmiz” deydimi?.. Latifa kelajakda sodir bo‘lajak mana shu manzaradan qo‘rqadi. Ota-onaning qilmishiga farzand bir kunmas-bir kun hukm chiqaradi. Qanday bo‘ladi bu hukm? Kim aybdor deb topiladi? Er-xotin ajralishib ketaverishadi. Unisi boshqaga uylanadi, bunisi boshqasi bilan turmush quradi. Bola esa o‘zicha ulg‘ayaveradi. Bola ulg‘ayib kim bo‘lib yetishganidan qat’i nazar, hukmni o‘qiydi. Xudo o‘z jazosini ana shu farzand hukmiga jo qiladi. Latifa shu jazodan qo‘rqadi.

Qo‘rqishiga esa sabab bor. Ularning idorasida Zebi kampir degan farrosh bo‘lardi. Chetdan qaragan kishi supurgini ko‘tarolmay yiqilib tushsa kerak, deb o‘ylardi. Zebi kampir qorni ochligi uchun emas, uydan nariroq – odamlar orasida yurish uchun ham ishlardi. Boshqa farroshlar ishlarini barvaqt bajarib ketishardi. Zebi kampir esa kechgacha idorada bo‘lardi. Bir kuni Zebi kampir Latifaga xasrat dasturxonini ochgan edi. Uning birinchi eri mamlakatda quloqlarga qarshi kurash boshlanganida bola-chaqam sarson bo‘lmasin menga qo‘shilib, degan maqsadda xotiniga taloq xati bergan edi. Zebi ikki o‘g‘li bilan qolgan edi o‘shanda. Eri dom-daraksiz ketdi. O‘ldimi yo boshqa oila qurdimi, hech kim bilmaydi. Bu orada ocharchilik boshlandi. Zebi ikki go‘dagini boqolmas edi. Ochlikdan o‘lib qolishmasin, deb ularni yetimxonaga berdi.So‘ng insofli bir odam bilan turmush qurgach, o‘g‘illarini yetimxonadan qaytarib oldi. Ikkinchi eri bolalariga o‘gaylik qilmadi. To urushga ketguniga qadar ularga ola qaramadi. Taqdir ekan. U ham urushda izsiz ketdi. Zebi boshqa turmush qurmadi. Ammo “sen bizni yetimxonaga topshirgansan”, degan la’nat tamg‘asi bir umr ko‘kragiga urildi. Bu tamg‘a shu kungacha ketmaydi. O‘g‘illari nabira ko‘rishgan bo‘lishsa-da, onaning o‘sha qilmishini kechirishmaydi. Zebi kampirning nabiralari ham unga nisbatan bemehr bo‘lib ulg‘ayishdi.

Kampir shundan kuyar edi. U xasrat qilardi, ammo o‘g‘illarini ayblamasdi. Hamma aybni o‘ziga olardi. “O‘shanda ahmoqlik qilganman. Bolalarimning rizqini Xudoning o‘zi berardi!”-deb o‘ziga la’nat o‘qiydi. Zebi kampir tamom kuchdan qolgach, idora ahli bamaslahat holda uni qariyalar uyiga olib borishdi. Kampirning o‘g‘illari bu tadbirga monelik qilmadilar. O‘tgan yili Zebi kampirning qazosi yetganida uni idora ahli dafn etdi. O‘g‘illariga xabar berishni lozim topishmadi.

Latifa Zebi kampirni ko‘p eslaydi. Eslaganda yuragi g‘alati bo‘lib ketadi. Dugonasi: “Shunday yuraverasanmi, o‘g‘illaringni akang boqmasa, bolalar uyiga berginu boshqa erga teg!” deganida tanasidan joni chiqib ketay dedi. Bir necha kun davomida yursa ham, tursa ham Zebi kampirning mungli nigohi uni ta’qib qildi. Rostdan ham bolalarini yetimxonaga topshirganday, o‘g‘illari chirqillab yig‘layotganday tuyulaverdi. Tushlariga Zebi kampir kirib: “Men nima uchun senga o‘z dardimni aytgan edim? Mening taqdirimdan ibrat olmadingmi?”-deb savolga tutaveradi.
Hozir uyi ostonasiga qadam qo‘yayotganida nima uchundir yana o‘sha holni esladi.

Darvoza ochiq, ammo hovlida hech kim yo‘q edi. Latifa hovli etagidagi oldi peshayvon uyga qarab yurdi. U eri bilan ajralishgach, ota-onamning jonlari uzilgan joy, deb shu uyda yashash istagini bildirgan edi.
Ostona hatlab ichkari kirishi bilan sal yengilroq tortganday bo‘ldi. Kiyimini almashtirmagan holda taxmon poyiga to‘shalgan ko‘rpachaga yonboshladi. “Menga nima bo‘ldi o‘zi?-deb o‘yladi u.-Unga achindimmi? U kim menga? Shiltasi chiqib yura-yura shu taqdirni topibdi. Battar bo‘lmaydimi? Nega g‘alati bo‘lib ketdim?..”

Latifa bu savolining javobini yaxshi bilardi. Bilsa-da, tilga chiqarish u yoqda tursin, xayoliga keltirishni ham istamasdi.
Ikkinchi o‘g‘liga boshqorong‘i bo‘lib yurgan kezlari eri bilan g‘ijillashib, “uyimga ketaman”, deb po‘pisa qilganida Tolib: “ketsang ketaver”, deb osongina javob bergandi. Latifa to‘ng‘ichini olib, uyiga keldi. Erini ikki kun kutdi. Arazlab kelganini akasidan yashirdi. “Kuyovingiz safardalar”, deb aldadi. Uchinchi kuni uyiga borsa, Tolib bittasi bilan hiringlashib o‘tiribdi. “O‘zing ketding, nima, men pensioner cholmanmi indamay o‘tiraveradigan”, deb aybni Latifaning o‘ziga ag‘darib qo‘ya qoldi.
Latifa alamini yig‘idan oldi. Dardini sovuq devorlarga aytdi. Uyiga o‘t qo‘ygisi keldi. Bir oz ovungach, ular yotgan o‘rin-ko‘rpani yig‘ishtirdi. Qo‘llari najasga tekkandek irgandi. Bu ko‘rpani onasi rahmatli o‘z qo‘llari bilan qavib bergan edi. Shuni bulg‘anishiga sira chiday olmadi. Yarim tunda ko‘rpa, choyshab, yostiqlarni olib, to‘rt qavatli uy etagidagi axlatxonaga olib borib, yoqib yubordi. Nazarida o‘t butun iflosliklarni kuydirib yuborganday bo‘ldi.

Afsuski, hatto olovning ham bunga qurbi yetmas ekan.
Ana o‘shanda dilida bir alam vulqoni portlagan edi. Ana o‘shanda ilk marta Yaratganga yalingan edi: “E Xudoyim, xaromdan qaytmagan bu baloyingning qo‘l-oyoqlarini shol qilib qo‘ygin. Ana o‘shanda men bir erkakni boshlab kelayinda, uning shundaygina ko‘z o‘ngida gunohlarga botayin. Bu gunohim uchun keyin qanday jazo bersang ham roziman!” deb edi. Alam ustida xayoliga kelgan bu nidoni eslaganida ba’zan o‘zidan o‘zi uyaladi, ba’zan esa nafratlanadi. “U past ketsa, men ham past ketayinmi?” deb o‘ylaydi. Lekin bu qasos nidosidan butunlay voz kechkisi ham kelmaydi.
Mana, nihoyat, u shol bo‘libdi. Endi nima qiladi? Qasamini amalga oshiradimi?
Shu fikr xayoliga urilib, vujudi kirlanib ketganday bo‘ldi. Xuddi o‘sha o‘rin-ko‘rpani yig‘ayotganda irganganday o‘zidan o‘zi irgandi. Qaddini ko‘tarib, o‘tirib oldi. Quloqlari shang‘illadi. Ikki chakkasiga kaftlarini bosib, ko‘zlarini yumdi.
-Latifaginam, senga nima bo‘ldi?

Ovozni eshitishi bilan yuragi qinidan chiqib ketay dedi. Ko‘zlarini shart ochib, derazaga taqab qo‘yilgan karavotga qaradi. Onasi to joni uzilguniga qadar o‘sha yerda yotardi. Bu karavot hozir Latifaning yotar joyi. Onasi uni erkalaganida “Latifaginam” derdi. Latifa ota uyiga qaytib kelganidan beri onasi bilan tez-tez gaplashadi. Xayolan bo‘ladigan bu suhbatlar ba’zan tongotargacha davom etadi. Bu suhbat mazmuni faqat o‘ziga-yu, Yaratganga ayon. Ba’zan to‘ng‘ich o‘g‘li uyg‘onib qolganida o‘zi yerda o‘tirib, boshini karavotdagi yostiqqa qo‘yib olgan onasiga ajablanib qarab turadi. Bir-ikki marta cho‘chibgina “oyijon”, deb chaqirganida Latifa indamagach, “shunaqa o‘tirib uxlashni yaxshi ko‘radilar”, degan to‘xtamga kelib, e’tibor bermay qo‘ygan.
-Latifaginam, senga nima bo‘ldi?

Latifa beixtiyor ravishda karavot sari surilib keldi. Boshini yostiqqa astagina qo‘ydi xuddi onasining yuzlariga yuzini qo‘yganday bo‘ldi. Deraza darchasidan ufurgan yel sochlariga urildi – xuddi onasi sochlarini silaganday bo‘ldi.
-Nima bo‘lganini o‘zim ham bilmayman. Anavini… qarg‘agan edim… qarg‘ishim uribdi – shol bo‘lib qolibdi.
Latifa shunday deb pichirladi-da, jim bo‘ldi.
-Yuragingdagi gapni aytmayapsan?
-Yuragimdagini… Men qasam ichganman, bilasiz. Endi qasos olishim kerak.
-“Al qasosul minal Haq!” Qasos –Haqdandir. Xudo urib qo‘yibdi-ku? Shuning o‘zi kifoya unga.
-Yo‘q, yetmaydi, oyijon. Hozir uning jismi og‘riqda. Ruhi-chi? Qilgan ishlaridan pushaymon yeyaptimi? Yemaydi. Tavba qilishga uning fahmi yetmaydi. Fahmi yetganida bolalari tug‘ilgan uyga ifloslarni boshlab kelmas edi. Men uning ruhiga xanjar sanchishim kerak. Oyijon, qiynalib ketdim. Agar shunday qilmasam, yo jinni bo‘laman yo yuragim yorilib o‘laman.

-Nima qilmoqchisan?
-Oldiga boraman.
-Keyin-chi?
-Sodiqjon bilan birga boraman. U meni yaxshi ko‘radi. Nima desam shuni qiladi.

-Sodiqjonning oilasini buzmoqchimisan? O‘zingning yetimlaring kammi? Yo‘q, bolam, meni tinch yotsin, desang…
-Oilasini buzmayman. Faqat bir marta. Keyin ishdan bo‘shab ketaman. U bilan umuman ko‘rishmay qo‘yaman. Sodiqjon bilan birga bo‘lganimni u ko‘rsin. Alamdan yonsin, kuysin. Ko‘rib turib o‘lib qolsa ham mayli. Oyijon, buni faqat uch kishi biladi: men, Sodiqjon va u…
-Xudo-chi?
-Xudo yalinishimni bajardi, men uchun uni shu holga soldi, endi bu ishimni ham kechiradi.
-Kechirmaydi, bolam, kechirmaydi.
-Jon oyi, yo‘limni to‘smang. Hayotimda bir martagina o‘zim uchun qasos olay. Keyin odamga o‘xshab yashay…

Onasi javob bermadi. Og‘ir xo‘rsindi. Latifaning nazarida tepasida qora bulut to‘planayotganday tuyuldi. Bulut uni asta bag‘riga ola boshladi…
“Hoziroq Sodiqjonga telefon qilaman. Qariyalar uyiga borib tursin. Keyin birga kiramiz uning oldiga…” deb o‘yladi.
…bulut uni girdobiga chirmayverdi, chirmayverdi…

Agar hozir telefon qilmasa, ahdidan qaytib qolishi mumkin edi. Ishi o‘ngidan keldi – telefonni Sodiqjonning o‘z ko‘tardi. “Hozirning o‘zida qariyalar uyiga kela olasizmi?”deb so‘radi. Sodiqjon “xo‘p”, dedi, “nimaga?” deb lanjlik qilmadi. Uning shu odati yaxshi. Latifa nima desa ko‘nadi.
Latifa yengsiz harir ko‘ylagini kiydi. Lablarini bo‘yadi. Ko‘zlariga surma tortdi. Kam ishlatadigan o‘tkir hidli atirni sepdi. O‘zini oyog‘i yengil ayol kepatasiga keltirishga harakat qildi. Toshoynaga qarab, o‘zidan o‘zi nafratlandi. So‘ng: “Shunday bo‘lgani yaxshi. U ham meni ko‘rib nafratlansin, yonsin, kuysin!” deb o‘ziga o‘zi tasalli berdi.

Sodiqjon uni tanimaganday, ajablanib kutib oldi.
-Mendan hech narsa so‘ramang. Yordam bering menga. Keyin so‘z bering, yo‘q, qasam iching: bugungi ishni darrov unutasiz. Xuddi tush ko‘rganday bo‘lasiz.
-Ozgina bo‘lsa ham tushuntiring.
-Tushuntira olmayman. Men nima desam shuni qilasiz. Biz… er-xotin bo‘lishimiz kerak… Faqat bir odam guvoh bo‘ladi bunga.
-Tushunmadim?
-Tushunmasangiz ham sababini so‘ramang. Yana so‘raydagin bo‘lsangiz… keta qoling…

Sodiqjon “ilojim qancha” deganday yelka qisdi. Latifa uni qo‘ltig‘idan olib, qariyalar uyiga boshladi. Tolibni darrov topishdi: bir kishilik xonada ekan – ayni muddao! Bosh tomoni ko‘tarib qo‘yilgan karavotda Tolib shiftga tikilib yotibdi. Eshikning g‘ijirlashini eshitdimi yo Latifadan taralayotgan atir hidi dimog‘iga urildimi, boshini burib qarashga harakat qildi.
Latifa Sodiqjonning qo‘lidan ushlab, uning ro‘parasiga o‘tdi. Ularni ko‘rgach, Tolibning ko‘zlari pirpiradi. So‘ng mijjalaridan yosh sizib chiqdi. Nimadir demoqchi bo‘ldi – tili aylanmadi. Unga Latifaning rahmi keldi. Qasos olishdan voz kechib, chiqib ketmoqchi ham bo‘ldi. Ammo qandaydir kuch uni ushlab qoldi. Tolibga tikilib turib, boshini Sodiqjonning yelkasiga qo‘ydi. Keyin uni iyagidan ohistagina o‘pdi-da, “Meni quchoqlang”, deb shivirladi. Sodiqjon uni quchishga ko‘pdan beri orzumand bo‘lsa-da, bu amrni bajarishga darrov jur’at eta olmadi. Buni sezgan Latifa: “Ishni buzib qo‘ymasa edi”, degan o‘yda uning pinjiga kirib, labiga lab qo‘ydi. Tolib o‘kiriqqa o‘xshash bir ovoz chiqardi. Latifa sumkasidan ro‘molchasini chiqarib, Sodiqjonning labbo‘yoqdan qizargan labini artdi…
…Tolib xuddi bo‘g‘izlanayotgan buqadek o‘kira boshladi…
…mana shu o‘kiriq Latifani chirmab turgan qora bulutni haydadi.
Latifa garang holda boshini ko‘tardi: qo‘shni hovlida och qolgan buqa yana o‘kirdi.

“Uxladimmi? Tush ko‘rdimmi?” deb ajablandi Latifa. So‘ng o‘rnidan turib, beixtiyor telefon yoniga keldi. Barmoqlar tanish raqamlarni terdi. Go‘shakdan Ma’sumaning “alyo” degan beg‘am ovozi keldi. Latifa go‘shakni joyiga qo‘yib, uf tortdi.
Kechki ovqat paytida akasi unga savol nazari bilan qarab-qarab qo‘ydi. Bolalar televizor ko‘rgani mehmonxonaga kirib ketishgach: “Senga nima bo‘ldi?” deb so‘radi. Latifa yashirib o‘tirmadi: Tolibga nima bo‘lganini aytdi.
-Battar bo‘lsin,-dedi akasi.-Qariyalar uyidan ham chiqarib tashlash kerak. Axlatxonalarda yotib, itdek xarob bo‘lib, o‘lib ketishlari kerak bunaqalar…
-Voy, qo‘ying adasi,-dedi yanga.-Birovga bunaqa o‘lim tilamang. U ham Xudoning bir bechora bandasi…
-Sen gapirma! Bunaqa bandaga ming la’nat bo‘lsin!-Akasi shunday dedi-da, achchiqlanib, o‘rnidan turib ketdi. Latifa ham o‘rnidan turib, uyiga chiqdi. Dam o‘tmay izidan akasi kirdi. Yangasi qisqa muddatli odob darsini o‘tganmi, har holda akasining shashti bir muncha past edi.
-Iztirob chekayotganingga qaraganda, uni borib ko‘rmoqchiga o‘xshaysan. O‘zingni tut. Senga maslahatim – borma. Endi nima ko‘rgiligi bo‘lsa ko‘raveradi. Nimani ekkan bo‘lsa, o‘shani o‘rib olaversin…

Latifa tunda uxlay olmadi. Go‘yo katta gulxanning so‘nib ulgurmagan cho‘g‘lari uzra oyoqyalang zir yugurgandek bo‘ldi. Ertalab bolalarini akasi bog‘chaga olib ketdi. Keyin yangasi eshikni qiya ochib, ichkariga qaradi:
-Latifa, men ketyapman, gapingiz yo‘qmi?
Yanga Latifaga g‘oyat mehribon bo‘lsa-da, bunday deyish odati yo‘q edi. Latifa hozir uni yanada yaxshi ko‘rib ketdi.
-Kennayi… borib kelmasam bo‘lmaydi. Har holda… shu bolalarning otasi…
-Mayli, boring, keyin armon bo‘lib qolmasin.
-Birga boraylik…-dedi Latifa yalingan ohangda.

Yangasi ko‘ndi. U qayinsinglisining odatini yaxshi bilgani uchun ham ishga ketishdan avval uyiga mo‘ralagan edi.
Ular qariyalar uyiga borib, ko‘p asabiylashganidan yuzlarini ajin bosib, tirishib ketgan ellik besh yoshlardagi boshliqqa ro‘para bo‘lishdi.
-Uning hech kimi yo‘q, deyishgan edi-ku?-dedi boshliq, tajanglik bilan.
-Ha, shunaqaroq,-dedi yanga.
-“Shunaqaroq” deganingiz nimasi?
-Shunaqaroq deganimki… qarindoshlari bilan bordi-keldini uzib yuborgan.
-Siz kimisiz unda?
-Bu singlim uning birinchi xotini bo‘ladilar.

Boshliq “hm” deb Latifaga qovoq uyib qaradi.
-Tashlashga tashlab ketib, endi eslariga keldimi?
Bu gap Latifaning boshiga gurzi bo‘lib urilib, ko‘z oldi qorong‘ilashib ketdi. Yaxshiyamki yangasi bilan birga kelgani, bo‘lmasa, holi nima kechardi – noma’lum.
-Bu nima deganingiz, sal o‘ylabroq gapiring gapingizni. Kim kimni tashlaganini avval biling. Odamgarchilikning ko‘chasidan o‘tganmisiz o‘zingiz?

Boshliq stol ustiga shapatilab urib qo‘ydi.
-Bo‘pti, boraveringlar. O‘n yettinchi xonada u. Olib ketmoqchi bo‘lsangiz yana o‘zimga uchrasharsiz.
Xonadan chiqish paytida yanga orqasiga o‘girildi:
-Rahmat, xayr, sizga uchrashadigan boshqa ishimiz yo‘q.
-Siz birpas qoling, gapim bor, — dedi boshliq uni to‘xtatib. Latifa nari ketgach, o‘rnidan turdi-da, yangaga yaqinlashib past ovozda dedi:-Olib ketganingiz yaxshi. Vrach uzoq yashamaydi. deyapti.

Yanga unga javob bermadi.
Latifa “boshliq nima dedi?” deb so‘ramadi.
U qariyalar uyiga uch oy qatnadi.
So‘ng… qora kiydi.

007

(Tashriflar: umumiy 9 191, bugungi 1)

Izoh qoldiring