Tohir Qahhor. Inson hamisha adabiyotga muhtoj. Suhbat va she’rlar.

024

10 май — таниқли шоир Тоҳир Қаҳҳор 60 ёшга тўлди. Қутлаймиз!

Тоҳир Қаҳҳор Наманганнинг Тўрақўргон туманида 1953 йилда туғилган. Унинг илк мақола ва шеъри жуда эрта, ўн беш ёшидаёқ пайдо бўлган, Наманган туманида чиқадиган «Учқун» рўзномасида босилган.
Тошкент дорилфунунида таҳсил олган.Аввал республика телерадиосининг адабий-драматик бўлимида муҳаррирлик қилган. 1979—1986 йилларда «Шарқ юлдузи» ойномасида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмасида бош муҳаррир ўринбосари бугунги кунда «Жаҳон адабиёти» журналида ишлайди.

Дастлабки китоби 1980 йилда «Оқ ўрик» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг унинг«Оқаётган дарё» (1982)., «Осмон кимники?» (1984), «Эшик тақиллаётир» (1984), «Кун кўзи» (1987), «Юлдузлар менинг боғим» (1988), «Око дня» (1990, Москвада, рус тилида), «Тоғнинг парвози» (1990), «Оташгиёҳ» (1992) каби ўнга яқин тўпламлари нашр этилди.

Тоҳир Қаҳҳор истеъдодли шоиргина эмас, айни чоғда етук публитсист, моҳир таржимон ҳамдир. Унинг миллий тарихимиз, маданиятимиз, миллатимиз тақдири ҳақидаги, адабиётимиз ва меросимиз ҳақидаги чуқур илмий тафаккур билан ёзилган ўнлаб мақолалари ўзбек адабиётшунослигининг ютуғи деса бўлади.

Тоҳир Қаҳҳор таржимон сифатида буюк турк шоири Зиё Кўкалпнинг «Эргенўкўн» достони ва қатор шеърларини, форс адабиёти намояндалари Ҳофиз Шерозий ва Абдураҳмон Жомий ғазалларини, араб адабиётининг классиклари Абу Таммом, Ал-Маарий, рус шоирлари А. Фет, Ф. Тютчев шеърларини ва яна кўплаб Шарқ ва Ғарб адабиёти намояндаларининг асарларини ўзбек тилига ағдарди.

Тоҳир Қаҳҳор колумбиялик машҳур адиб Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси»нинг ҳам таржимонидир У фаол адабий хизматлари учун Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими деган шарафга эга.

024

Тоҳир Қаҳҳор
ИНСОН ҲАМИША АДАБИЁТГА МУҲТОЖ
Таниқли адиб Тоҳир Қаҳҳор билан суҳбат
Ориф Толиб суҳбатлашди

– “Шарқ юлдузи” журналининг саксонинчи йиллар охиридаги сонларини ўқир эканман, ўтмиш ҳақиқатлари, ўша пайтдаги тарихимизга бўлган муносабатлар жасорат билан ёритилганлигига гувоҳ бўлдим. Шу рукнни ташкил этишга сиз бошчилик қилган экансиз. Шу ҳақида…

– “Шарқ юлдузи” эллигинчи йиллардан бошлаб ҳар бир зиёли хонадонга кириб борган, ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги, журналистикасининг энг нодир асарларини халқимизга етказган журнал. Ўзбек маданияти, маданий қатлами ривожланишида катта хизматлар қилган. Бу журналда жуда кўп устозларимиз, улар қаторида биз ёшлар ҳам ишлаганмиз. Университетни битириб, бироз радиода, кейин журналда адабий ходим, проза бўлими мудири вазифаларида ишладим. Мен “Шарқ юлдузи”га келган пайтлари Шукур Холмирзаев проза бўлими мудири, Зоҳир Аълам кичик проза бўлими мудири эди. Турсунбой Иброҳимов, Нортўхта Қиличев, Асад Асиловлар билан кўп йиллар бирга ишладик. “Тарихимиздан лавҳалар”, “Жаҳон ҳикоячилиги хазинасидан” рукнларининг пайдо бўлишига ўша пайтдаги муҳит ҳам сабаб бўлган. Чунки қайта қуриш даври бошланган ва жамиятда бироз эркин фикрлашга шароит ҳам бор эди. Бу рукнларнинг очилишига яна бир эҳтиёж сабаб бўлган. Наср бўлими романлар, қиссалар, ҳикоялар ва энг яхши таржималарни берарди. У пайтда таржима журнали йўқ эди, бу нарса орзуйимиз эди. Кейин мана 1997 йилда Москвада чиқадиган “Иностранная литература” журналига ўхшаб “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилди. Халқимизнинг фикрлашига катта йўналиш беряпти. У пайтлари ёзувчилар ўртасидаги рақобат кучли эди. Масалан, ҳар қандай ижодкор роман ёзишни орзу қилади. Лекин кимдир бунинг уддасидан чиқади, кимдир чиқолмайди. Кўпчилик билмайдиган яна бир сир бор. Ўша пайтлари журналимизда босилган роман албатта китоб бўлиб чиқарди. Журналда нашр қилинди дегани бу – китоб бўлишининг кафолат эди. Журналда чиққани ва китоб бўлиб чиқанининг қаламҳақига битта машинани мойи билан миниб кетаверади.

Катта бир роман ёки таржима қилиб қўйган одам ишламай юриш ҳуқуқига эга эди. Чунки у гонорар олади, гонарардан давлатга солиқ тўлайди. Бундай адиблар эркин ижодкор ҳисобланарди. Бунга адабиёт фонди ёрдам берарди. Нашриётларда ҳам катта имконият бор эди. Масалан, сиз бориб нашриёт мудири билан келишардингиз, шартнома тузардингиз, у қаламҳақининг 20-30 фоизини олиб берарди. Масалан, ўн минг бўлса, икки ярим минг олардингиз. Бу ўша пайтда уч минг-тўрт минг доллар дегани эди. Бу билан икки йил оилани боқиб, бемалол яшардингиз. Энг муҳими, бир асар устида йигирма тўрт соат ишлаш имконияти пайдо бўларди. Лекин, ҳали айтганимдай, рақобат кучли эди, яхшининг энг яхшиси чиқарди. Ўша пайтлари “Шарқ юлдузи”да фақат яхши асарлар босилди деб даъво қилмоқчи эмасман, лекин танлаб олиш учун жуда кўп асарлар бўларди. Баъзи асарлар уч йил-беш йиллаб навбатда турарди, навбатда туриб чоп этилмай қолиб кетган асарлар ҳам бор. Чунки ундан яхшироғи бўлса, шуни беришга интилардик.

Шундай пайтлар бўлдики, айрим асарлар “урилиб” чиқмай қолди, айрим ёзувчилар таъқибга учраб, асарлари берилмади. Шуларнинг ўрнини тўлатиш керак эди. Лекин бўш асарни бериб тўлатиб бўлмайди, журналнинг савияси тушиб кетади. Яна бир томони, бўш асарни берсангиз ўшандай нарсаларни ёзган ўнта “ёзувчи” келиб бошингизда данак чақади: “Нега Эшматникини бердинг, меникини бермадинг, уники паст менинг асаримдан”, дейди. Мажбурсиз, ўрнига бадиий қиммати бўлган бир нарсани қўйишга. Шунда ҳалиги икки рукнни очдик.

Мен бир воқеани айтиб берай. Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони” романи муҳокамадан ўтди. Пиримқул ака бир-икки йил қайтадани ишлаб, мана энди босса бўлади деб олиб келди. Ҳатто нашрга тайёр қилиб териб ҳам қўйилди, кейин таъқиб бошланиб кетди, уч сонга мўлжалланган роман тарқатиб юборилди. Унинг ўрнини босадиган асар йўқ, ҳамма ҳам Пиримқул Қодиров бўлолмайди. Шунинг учун фикрий томонга эътибор бердик. Амир Темур, кейинчалик Дукчи Эшон ҳақидаги янги тарихий маълумотларни эълон қилдик.

Жаҳон адабиёти намуналарини бериш ўзбек ҳикоячилигидаги санъат даражасини кўтаради, адабий мактаб бўлади. Одамлар бошқа миллатларнинг ҳаёти, мушоҳада тарзи билан танишади. Ўзининг руҳияти қанақа, қандай яшаяпти – таҳлил-анализ қила бошлайди. Ҳамиша миллий нарсаларни беришга интилардик, шунинг учун тарихга кўп этибор қаратганмиз.

– Жанубий Америкалик машҳур ёзувчи Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” асарини таржима қилгансиз. Бир ўқувчи сифатида айтишим мумкинки, таржима меҳр ва илҳом билан қилинган. Бу хушомад эмас, албатта. Яхши таржима чиқиши учун нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

– Габриэл Маркес саксонинчи йилларда жудаям машҳур эди. “Иностранная литература”да чиққан ўша қиссаси менга жуда маъқул бўлди, кейин яна бошқа русча таржимасини топдим. Икковиниям ўқиб чиқдим — икки хил таржима. Таржима тайёр бўлиб қолай деганди. Ўшанда ёзувчи Хайриддин Султон билан Эркин Аъзам “Ёшлик” журналида ишларди. Овқатлангани чиққанда кўришиб, гаплашиб турардик. Улар таржимани бизга беринг, биз босамиз дейишди. Шундай қилиб таржима биринчи бор “Ёшлик” журналида чиқди. Кейин ижобий тақризлар берилди, Маҳкам Маҳмудов яхши баҳо бериб тақриз ёзди. Алоҳида китоб бўлиб Ғафур Ғулом нашриётида, кейин “Шарқ” нашриётида босилди. Бу асарни таржима қилишимга Габриэл Гарсиа Маркес бир интервьюда айтган гап сабаб бўлган, шундан таъсирланганман. “Энг яхши кўрган асарим “Ошкора қотиллик қиссаси”, чунки ундаги ҳар бир детал бир-бирига занжир каби боғланган”, деганди ёзувчи. Буни ёзувчиликдан яхши хабардор ёки наср санъатини идрок қиладиган одамгина тушуна олади. Асар бошдан охиригача психологизмга қурилган, ўқиб бўлгунингизча сизга сингиб боради. Ҳамма деталлар бир-бирига ҳам шаклий, ҳам фикрий боғланган.

Лекин мен романни мутлақо юксак даражада таржима қилдим деёлмайман. Таржима – санъат, санъатда эса қандайдир етишмовчилик барибир бўлади. Буни ҳар қандай одам кўра олмайди, санъаткорларгина кўра олади. Гўзал экан деб қўя қолади. Дўрмонда устоз таржимонларимиздан Қодир Мирмуҳамедов билан кўп суҳбатлашиб турардик. Қодир ака: “Мен ўқиб чиқдим, Тоҳиржон, яхши, менга ёқди асарингиз. Жуда чиройли таржима қилибсиз, — деб бутун сифатларини айтдилар, кейин, — лекин битта жойи ўтиб кетиб қопти, сизам қарамабсиз, муҳаррирларам. “Чўчқани бўғизлади” бўп кетиб қопти, лекин тасвирдан кўриниб турибди, чўчқани юрагига найза санчилади, бўғизлаш бошқа”, дедилар. Бизнинг менталитет-дунёқарашимиз бошқача. Биз мол қўй сўямиз, “бисмилло” деб сўямиз, “бўғизлади” деган иборага ўрганиб қолганмиз. Ўша ўринда сўйди деб бўлмайди – чунки сўйгани йўқ, ўлдирди деб бўлмайди – чунки ўликни еб бўлмайди. Мен ҳеч қачон чўчқани сўйганларини кўрмаганман, билмаганим учун, нотаниш бўлгани учун мана шу ерда хато кетган. Бундай жойлар яна бўлиши мумкин, мен шунисини биламан.

Бирор асарни ўнта одам таржима қилса, ўн хил чиқади. Бу табиий, мумкин эмас бир хил савияда чиқиши. Ўзимникиниям бир даражадаги асар деб биламан.

– Анча йиллар журналистик соҳаларда ишлагансиз. Санъаткорларнинг одатий гапи бор: халқдан олиб халққа берамиз. Журналист халқдан нима олиб, халққа нима бериши керак?

– Тўғри, журналист ҳам асосий нарсани – воқеа-ҳодисани халқдан олади, лекин бу ибора бунга жуда мос келавермайди. Чунки ҳодиса табиатда, жамиятда бўлади. Ёзувчи шоирлар фикрни, руҳни халқдан олади. Олиш дегани – ўрганиш дегани. Менимча, журналист асосан, халққа нимадир бериши керак. Лекин ҳозир журналист, қўпол қилиб айтганда, халқдан олишга – бир нарсани ундиришга ишқибозроқ бўлиб қолди. Буни ёзинг. Ҳозирги журналистлар халқдан олишга мойил, халқ истаган нарсани беришни қойил қилолмаяпти. Аслида, халқ ҳар доим ҳақиқатни истайди, чунки ҳақиқат – инсоннинг руҳиятига энг керакли емак. Инсоннинг руҳини тик тутадиган устун ҳақиқатга, адолатга бўлган ишонч. Бу ишонч бўлмаса шалвираб қолади – бўш қоп тик турмаганидек. Мана, мустақилликдан кейин имкониятлар катта, қонунлар бор, шуни ҳаётга татбиқ қила билишимиз керак, шунга интилиш керак. Одамнинг руҳи кучли бўлмаса, меҳнатдаям, яшашдаям ғайрат-шижоат бўлмайди. Бўшанглик билан эса ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шунинг учун адабиётнинг ҳам, журналистиканинг ҳам асосий вазифаси халққа руҳ бериш, уни кўтариш. Бунга ёлғон нарсани ёзиш билан эришиб бўлмайди, гап бор-ку: “Эшагини бўяб, отасига от деб сотади”. Ҳақиқат бўяб сотиладиган эшак эмас. Демак, журналистнинг асосий вазифаси ишонч руҳини мустаҳкамлаш.

– Ҳофиз Шерозий ғазалларини таржима қилгансиз. Кўпгина мумтоз адабиёт таржималарини кузатганман. Оригиналдаги қофия, баҳр, ҳижо сақланмаган. Сизнингча шеърни ўзига мослаб таржима қилиш тўғрими? Ахир, таржимани ўз тилида яратилган янги асар деб эътироф этишади-ку?

– Ҳофиздан кўп таржима қилмаганман. Ўн-ўн бешта, таржима қилинмаганларини таржима қилишга интилдим, лекин бир-иккита таржима қилинганларини ҳам ўгирдим. Бу пайтда дўстимиз Шукур Қурбон радиода ишларди. “Ҳофиздан таржималарим бор, “Саодат” журналида чиқяпти”, десам “Менга ҳам бир нусха беринг” деб айтди. Бердим, шеърнинг ичида “Тамом бўлди” ғазали ҳам бор эди. Ўзининг айтишича, кейин обориб Шерали акага берган экан, ҳофиз ўша куниёқ экспромт тарзида бирданига қўшиқ қилиб айтган. Шукур ёзиб олиб радиода берган. Сўнгра бу таржима “Саодат” журналида чиқди, лирика туркумидаги ўзимнинг “Кун кўзи” деган китобимдаям берилди.

Ижодий мусобақа деган нарса бор, лекин бу ерда мен фалончи билан мусобақа ўйнамоқчиман, деган даъво йўқ. Эски таржимонларимиз форс тилини она тилидай билган ёки она тилиси форс тили бўлган… Ҳар даврнинг ўз таржимонлари етишиб чиқади. Мана, дейлик юз йиллар олдинги таржималарни энг классикларимиз қилган бўлсаям, ҳозирги авлод тушунишга қийналади. Бизникиям эллик-юз йилдан кейин шунақа тарзга келади. Чунки тил доимо ўзгариб боради. Айниқса, ХХI асрда янада ривожланиб кетади. Мана, интернет тили деган нарса пайдо бўлди, бу “тил” ниҳоятда қисқаликни, лўндаликни, бўладиган нарсани қўйишни талаб қилади.

Инсон шундай яратиққи, нон билан сувга қандай эҳтиёжи бўлса, адабиётга ҳам, санъатга ҳам шундай эҳтиёж сезади. Шуни ижодкорларимиз ҳис қилган ҳолда ижод қилиши керак. Чунки сув, нон, ҳаво тоза-пок, тўғри-ҳалол бўлсагина, фойдали бўлади.

– Шоирни элга танитадиган нарса – халқоналик, самимийлик. Навоий, Машраб, Муқимий, Ҳамзанинг ана шундай шеърларидан бугун ҳам одамлар камида бир-икки байт ёд билади. Ҳозирда модернизм йўналиши ҳам анча урфга айланган. Лекин ҳар кимнинг йўли ўзига хос. Сизнингча, яхши шеър қандай бўлади?

– Ҳар бир миллатнинг миллий мушоҳада тарзи бор. Мана, масалан, Нобел мукофоти Ясунари Кавабатага япон миллий мушоҳада тарзини ўз асарларида усталик билан акс эттирганлиги учун берилган.

Масалан, Навоий даврида туркий шеърият юксак даражага кўтарилди. Нима учун? Чунки Темур жуда катта империя қурди, жуда катта моддий ва маънавий бойликлар яратилди. Навоий шеърияти шу нарса билан баробар яратилди. Ордан беш юз йил ўтди, лекин туркий шеърият Навоий даражасига чиққани йўқ деб эътироф этиляпти. Демак, ўзбек адабиётида энг яхши шеър Навоий кўтариб қўйган юксакликка интилган шеър. Бошқа бир юксакликка интилиш нотўғри. У бошқалар учун юксакликдир, лекин ўзбекнинг руҳи, руҳининг кўзи йироқ у юксакликдан. Уни кўрмагандан кейин, уни “модернизм” деб атайсизми, бошқа нарса дебми, минг нарса бўлсин, сингмайди. Майли таржима қилинсин, ўқилсин, лекин ўзимизда шеъриятнинг тайёр даражалари туриб, бошқа шеъриятнинг даражаларига интилишнинг нима кераги бор! Мисол учун Навоийдан Ҳамзагача, Ҳамзадан Эркин Воҳидов, Рауф Парфигача бўлган шоирларнинг асарлари сингади. Нима учун? Масалан, Эркин Воҳидов мумтоз шеъриятимиз, ҳозирги ўзбек шеърияти ва қардош халқлар шеъриятини чуқур ўрганган, билган ва шу асосда халққа нима керак – шуни ёза олган. Ёки Рауф Парфини нимага севади? Чунки шоир инсон руҳининг изтиробларини табиат лирикасида ҳам, ишқий лирикада ҳам янгича тарзда бера олди.

Ўзбекнинг ҳақиқий ижтимоий ва руҳий ҳаёти билан бир бутунлик ҳосил қилган шеърни энг яхши шеър деб биламан. Уни ёзиш иккинчи масала. Мен, масалан, ёза олдим деёлмайман. Ким ёза олди деган саволга ҳам жавоб беролмайман. Чунки ҳали кўрмадим бунақа шеърни. Чўлпонда кўрдим, лекин.

Бугунги модерн йўналишидаги шеърлар фақат тақлидга ўхшайди. Агар халқ унда ўзининг дардини кўриб қолганда эди бозорда қидирган нарсасини топиб олган одамдек уни қабул қилган бўларди. Шунинг ўқувчиси жуда кам. Ўзбекда кенг бўл деган гап бор. Бир куни Миразиз ака: “Тоҳир, Чорсуга борайлик, бозор шундай қайнаб ётибди. Минг хил одам чиқади, йўл тирбанд. Шунда йўлнинг ўртасида туриб яхши одам ўтсин, ёмон одам ўтмасин, деб бўладими?” дедилар. Ойбек домланинг машҳур сўзи бор экан: “Бўлсин!” Модернизм ҳам бўлсин, бошқасиям. Фақат халқимизга фойдали бўлсин. Лекин зарарли бўлса, адабиётшунослар унга виждонан баҳо бериши керак. Мисни олтин деб алдаб ўткизмаслик керак, чунки миснинг олтин эмаслиги эртами-кечми барибир маълум бўлади. Мен ҳам замонавий, янги нарсаларни ўрганишга интиламан. Чунки инсон ўрганишдан ҳеч қачон тўхтамаслиги керак. Йўқса, ҳаммадан орқада қолиб кетади.

2007

Манба: Ориф Толиб саҳифаси.

024

ТОҲИР ҚАҲҲОР ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

УМИДСИЗ ОШИҚ

неча кундир кўзим кўрмайдир
кўз ўнгимда бир қоронғулиқ
борлиқсиз бир кир қоронғулиқ

кимса билмас ҳолим сўрмайдир
кўз ўнгимда товушсиз олам
яшамидан хабарсиз яшам

неча кундир кўнглим юрмайдир
хаёлан боқурмен юлдузга
у ўхшар мен йўқотган кўзга

ТАНГРИНИНГ ИПИ

тўғрилар оғир кунда
тўғрига кўмак этар
ҳар ерда ва ҳар ишда
тангри ипидан тутар

кимсага сиғинганлар
борар уни кетидан
талаб зуғум қилишда
қолмас унинг итидан

ҒИР-ҒИР
(ёки «Қараб ўтайин», қўшиқ)

Тонгда эшигингда кўча супурсанг,
Йўл устида бир-бир қараб ўтайин.
Қўшнинг билан яйраб сўзлашиб турсанг,
Сўзлай олмай, зир-зир, қараб ўтайин.

Кўнглим олтин эди, тилаб олдилар,
Талаб бўлмас не бор, талаб олдилар,
Ой юзини итлар ялаб олдилар,
Қарамасам оғир, қараб ўтайин.

Қарғалар тўпида қағ этайинми?
Ўтар кунда вақтим чоғ этайинми?
Икки дунёлигим доғ этайинми?
Четда қушдай, чир-чир, қараб ўтайин.

Кел, гўзал! Шу кўклам боғларин кўтар,
Юрагим босган муз тоғларин кўтар.
Ҳеч не истамасман, шу бори етар,
Шамол бўлиб, ғир-ғир, қараб ўтайин.

ЭСКИ ДЎСТ
(Ҳиротлик ўзбек қўшиғи)

Қайғурурман кўзда ёшим бир булоқ, кел, эски дўст!
Йиғлаганлар товшига солгин қулоқ, кел, эски дўст!

Айрилиб кетди неча жон дўстлару қондош-уруғ,
Қайрилиб боқмас булар, ёвлар иноқ, кел, эски дўст!

Олмайин тўғри сўзим, бир четга сурмишлар ўзим,
Қолмади инсоф, кўпайди кек, нифоқ, кел, эски дўст!

Қайда бахт деб йўлга чиққанлар қайирда ботдилар:
Кўрдилар – кўприк бузуқ, туз, йўл йироқ, кел, эски дўст!

Кўрдилар – шул ҳам одам деб ҳеч бирин сўргувчи йўқ,
Кўқда бўлсанг, ин-да, ҳолим қил сўроқ, кел, эски дўст!

Тушдилар эски қайиққа; эшкаги йўқ ҳам тешик…
Воҳ, қайиқчи чикди қўлсиз! Не синоқ? Кел, эски дўст!

Икки қирғоққа тўлибдир икки дунё ўғриси,
Ҳар қароқчи, мен қўриқчи, дер бироқ, кел, эски дўст!

Эски кунга қайтайин, қил қайтариқ, дер неча кўр,
Не топарлар кундузи ушлаб чироқ?!. Кел, эски дўст!

Шермуҳаммад, Бойқаро, Бобур, Темурлар келмаса,
Кел, Ўғузхон! Тўнюқуқ, кел! Кел, Широқ! Кел, эски дўст!..

ҚИРҒИЯК*
(1918 йил; қўқонлик қўрбошининг қўшиғи)

Қирғиякда, қирғоқларда қирғовуллар қирилдилар,
Қўтонларда қорасондан қорамоллар қирилдилар,
Қораланган қишлоқларда қирқўғиллар қирилдилар,
Қоракўзлар қолди қаттол қорақўлга қарай-қарай.

Қўғайлиқда, қирда қувнар қўш қулунчоқ, қўш қуралай…
Қўй-қўзини қўрқитадир қўшотарлар, қурай-қурай!
Қирғияқда қирғий – қоғон! Қўшинидир қўғай-қўғай,
Қояларда қанот қоқар қўмондони – қўтир қумай.

Қари, қирриқ қурбақалар! Қуриллама! Қуринг қурсин!
Қўри қум-қум қароқчилар! Қўринг қўрсин! Қуринг қурсин!
Қардошинг-ла қурганларинг қон қасридир – қуринг қурсин!
Қутулингиз, қаровчисиз қолган қушлар, қурай-қурай!

Қумтошларни қайнатолмас қоронғуда қора қумғон,
Қорабудун қайғусини қовуради қора қозон,
Қирқ қароқчи! Қозонганинг қора қулдан қорамсиқ қон!
Қирқ қароқчи! Қора қулнинг қонларидай қорай! Қорай!..

Қопқасиз, қоқ қишлоқларда қўйилмишдир қопқонларинг,
Қоп-қоп қонни қоплатгунча қочиб қолар қоплонларинг,
Қашшоқликда қақшатдилар қашқирларинг, қабонпаринг,
Қора қишда қутқарарми қора қулни қора буғдай!..

Қирғиякда қўллаб қўяй қўлсизланган қурдошимни,
Қирқ қароқчи қирмадими қирлардаги қирдошимни?
Қирғинлардан қўрийолсам қанийди қон-қардошимни,
Қўримасам, қирипурман қирқимдаёқ қарий-қарий!..

Қорақурум, Қорақумдан, Қизилқумдан қирқ қаҳрамон,
Қўлларида, қалбларида қирқмингтадан қилич-қалқон!
Қора қуюн қўзғолганда, қутулолмас қора қоғон!
Қавм-қардошим қирганларни қутурай-да қирай-қирай!!!
____________
* Қирғияк – куз боши; қорасон – қорамолларга қирғин келтирадиган касаллик; қулунчоқ – тойчоқ; қумай – ўлаксахўр йиртқич қуш.

(Tashriflar: umumiy 30, bugungi 1)

Izoh qoldiring