To’ra Mirzayev Ergash Ochilov. Iste’dod va mas’ullik .

0033
Навоийшунос ва тасаввуфшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг 65 ёшлиги олдидан.

Ўзига хос йўли, мустақил фикрига эга олим сифатида Иброҳим Ҳаққул ўтган йиллар мобайнида истеъдодининг янгидан-янги қирраларини намоён этиб, бир пайтнинг ўзида ҳам мумтоз сўз санъати, тасаввуф шеърияти, ҳам замонавий адабиёт масалалари билан фаол шуғулланиб, “Увайсий шеърияти” (1982), “Бадиий сўз шукуҳи” (1987), “Занжирбанд шер қошида” (1989), “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Тасаввуф сабоқлари” (2000), “Аҳмад Яссавий” (2001), “Ким нимага таянади?” (2006), “Эътиқод ва ижод” (2007), “Навоийга қайтиш” (2007), “Тақдир ва тафаккур” (2007), “Мерос ва моҳият” (2008), “Ижод иқлими” (2009) каби йигирмадан зиёд китоблар, 300 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди. Қатор мақолалари рус, турк, уйғур ва тожик тилларига таржима қилиниб, Москва, Истанбул, Урумчи ва Душанбедаги нуфузли нашрларда босилиб чиқди.

0011
Тўра Мирзаев, Эргаш Очилов
ИСТЕЪДОД ВА МАСЪУЛЛИК
Мазкур мақола олимнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан 2009 йилда ёзилган

0011Илмий-адабий жамоатчиликнинг эътиборига тушиш ва бу эътиборни йиллар давомида ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Эришилган нуқтада тўхтаб қолмай, муттасил илгарилаш ҳам осон эмас. Бу тинимсиз ўқиш-ўрганиш, интилиш-изланиш деганики, фақат ижодни қисмат деб билган кишигина бу узлуксиз меҳнатга, машаққатга бардош бериши, айни пайтда, кўнглида ҳаловат, руҳида қониқиш ҳис қилиши мумкин. Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул ана шундай заҳматкаш адабиётшуносларимиздан.

Иброҳим Ҳаққул кўнглида адабиётга муҳаббат жуда эрта уйғонди. Бувисидан Аҳмад Яссавий ва Сўфи Оллоёр ҳикматларини, Алишер Навоийнинг дилўртар ғазалларини эшитиб улғайди. Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирда университет) ўзбек филологияси факултетида таҳсил кўрди, “Шофиркон ҳақиқати” газетасида ишлади. Унинг “Дарё каби ҳамиша уйғоқ…”, “Қалби дарё шоир”, “Мавлоно Ашраф”, “Шуҳратли адиб”, “Эъзозли дўстлик”, “Довруқдор бахши” каби илк адабий мақолалари шу йиллари туман газетасида босилиб чиқди. 1973 йилдан ўзининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти билан боғлади — оддий лаборантликдан бўлим мудирлигигача бўлган илмий-ижодий йўлни босиб ўтди. 1975 йили у “Ўзбек мумтоз адабиётида рубоий” мавзуида номзодлик, 1995 йили “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” мавзуида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Ўзига хос йўли, мустақил фикрига эга олим сифатида Иброҳим Ҳаққул ўтган йиллар мобайнида истеъдодининг янгидан-янги қирраларини намоён этиб, бир пайтнинг ўзида ҳам мумтоз сўз санъати, тасаввуф шеърияти, ҳам замонавий адабиёт масалалари билан фаол шуғулланиб, “Увайсий шеърияти” (1982), “Бадиий сўз шукуҳи” (1987), “Занжирбанд шер қошида” (1989), “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Тасаввуф сабоқлари” (2000), “Аҳмад Яссавий” (2001), “Ким нимага таянади?” (2006), “Эътиқод ва ижод” (2007), “Навоийга қайтиш” (2007), “Тақдир ва тафаккур” (2007), “Мерос ва моҳият” (2008), “Ижод иқлими” (2009) каби йигирмадан зиёд китоблар, 300 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди. Қатор мақолалари рус, турк, уйғур ва тожик тилларига таржима қилиниб, Москва, Истанбул, Урумчи ва Душанбедаги нуфузли нашрларда босилиб чиқди.

Иброҳим Ҳаққул мақоладан мақолага, китобдан китобга ўсиб, адабиёт ҳақидаги муҳокама ва мулоҳазалари тобора теранлашиб борди, мумтоз шеъриятимиз намояндалари ижодининг янгидан-янги қирраларини кашф эта олди. Шунинг учун унинг ҳар бир мақоласи, ҳар бир китоби адабий жараёнда илиқ кутиб олинади, кўпчиликда фикр-мулоҳаза уйғотади. Унинг “Ўзбек адабиётида рубоий” номли илк монографиясиёқ Шарқ адабиётида машҳур рубоий жанрининг тарихи, генезиси ва поэтикасига бағишланган нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга молик тадқиқот сифатида баҳоланган. “Занжирбанд шер қошида” китоби Алишер Навоий бадиий оламига кириш учун ўзига хос очқич сифатида эътироф этилиб, қўлма-қўл бўлиб ўқилгани маълум. “Тасаввуф ва шеърият” китобида Шарқ ижтимоий-фалсафий, адабий-маънавий тафаккур тараққиётида муҳим ўрин тутган мазкур таълимотнинг келиб чиқиши ва ривожланиш йўллари, маданият ва адабиётга таъсири, тасаввуф шеъриятининг образлар олами ва истилоҳ-тушунчалари хусусида кенг фикр-мушоҳада юритилган. У янги факт ва маълумотлар, теран таҳлиллар ва нозик кузатишларга бой.

Олимнинг қизиқиш доираси кенг, мақолаларининг мавзу кўлами ранг-баранг: мумтоз сўз санъати, замонавий адабиёт, тасаввуф фалсафаси, халқ оғзаки ижоди, маънавият масалалари, миллий мусиқамиз муаммолари… Айтайлик, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Аҳмад Югнакий, Атойи, Лутфий, Гадоий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Увайсий, Муҳаммадризо Огаҳий, Аваз Ўтар сингари ўзбек мумтоз сўз санъатининг забардаст намояндалари, Рудакий, Фаридиддин Аттор, Юнус Эмро, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Фузулий, Махтумқули, Аҳмад Дониш, Робиндранат Тагор каби Шарқ адабиётининг машҳур шоирлари ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳам Иброҳим Ҳаққул салмоқли мақолалар ёзди. Мансур Ҳаллож, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанддек йирик тасаввуф вакиллари хусусида қизиқарли тадқиқотлар яратди. ХХ аср адабиётининг Садриддин Айний, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мухтор Авезов, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Жамол Камол, Шукур Холмирзаев, Неъмат Амин каби забардаст намояндаларидан тортиб, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Миразиз Аъзам, Хуршид Даврон, Тилак Жўра, Назар Эшонқул, Шодмон Сулаймон каби ўз овозига эга шоир-ёзувчилари ижоди ҳам унинг тадқиқ доирасидан четда қолмади.

Вилям Шекспирнинг Жамол Камол таржимасидаги уч жилдли “Сайланма”сига ёзган салмоқли сўзбошиси унинг буюк инглиз драматурги бадиий оламига қанчалик чуқур кириб боргани, маҳорати сирларини қанчалик ҳассослик билан очганининг ёрқин далилидир. Ёки Лев Толстой ва Фёдор Достоевский ижоди, Оноре де Бальзак, Чарльз Диккенс романлари ҳақида юритган асосли мулоҳазалари унинг ғарбнинг етук романнавислари ижодидан ҳам бебаҳра эмаслигини кўрсатади. Умуман, мақолаларидаги теран мулоҳазалар, оҳорли фикрлар, асосли хулосалардан унинг нафақат Шарқу Ғарб шеърияти, балки насри, тарихи, илми, маданияти ва фалсафасидан ҳам етарли даражада хабардор эканлиги маълум бўлади.

Иброҳим Ҳаққул аксарият шоирлар ижодини Навоийга қиёсан текширади — Навоий шоирнинг шоирлиги, адабиётдаги ўрни, асарлари бадиияти ва умрбоқийлигини ўлчайдиган ўзига хос юксак мезон. Бу билан кифояланиб қолмай, у ўзбек адабиёти тарихини, хусусан, маҳорат масалаларини фақат шу адабиёт доирасида эмас, балки жаҳон адабиёти контекстида, адабий алоқалар ва ўзаро таъсир йўналишида, ўрни келганда замонавий адабиёт билан ёнма-ён қўйиб текширади, адабий меросга умуминсоний бойлик сифатида қараб, изчил равишда унинг тарихий ва ҳаётий ҳақиқатларга, гўзалликларга йўл очувчи маёқларидан бири эканини исботлашга интилади. Шу нуқтаи назардан унинг ўзбек адабиёти намуналарининг айрим фактларини гоҳ форс-тожик, гоҳ Европа, гоҳ рус адабиётидаги факт ва ҳолатлар билан ёнма-ён қўйиб, қиёслаб, улар ҳақида кенг кўламда фикр-мулоҳаза юритиши ижобий ҳодисадир.

Иброҳим Ҳаққулнинг мумтоз адабиётга доир тадқиқотларига хос икки муҳим жиҳат эътиборга молик; биринчидан, у аждодларимиз меросига улкан муҳаббат билан ёндашиб, шоирлар руҳиятига чуқурроқ кириб боришга интилади, иккинчидан, мавзуга бугуннинг талаби, даврнинг нигоҳи билан қарайди. У ўтмиш меросидан замонга ҳамоҳанг садолар ахтаради, мумтоз сўз санъаткорлари ва тасаввуф намояндалари ижодини ҳам даврга хизмат қилдиради, уларнинг асарларини бугунги кун билан бевосита боғлаб таҳлил қилади.
Иброҳим Ҳаққул тадқиқотларини ўқиган киши уларда ўзига тўла ишонч билан гапираётган қатъиятли, теран билим ва катта тажриба билан мушоҳада юритаётган етук олим, фикр-мулоҳазаларини ширали тил ва ҳассос руҳда ифодалайдиган шоирона қалб соҳибининг овозини эшитади.

Албатта, адабиётшунослик ҳам илм. Бинобарин, адабиётшунослик йўналишидаги тадқиқотлар ҳам назарий фикрларни илмий терминлар билан ифодалаган ҳолда академик услубда ёзилиши керак. Иброҳим Ҳаққул мақолаларини ўқиганда эса, тафаккур кучи билан бирга ёниқ қалб ҳароратини ҳам ҳис қилиб турасиз. Зеро, унинг ёзганлари фақат ақл ва билим маҳсули эмас, уларга қалб қўри ва руҳ қуввати ҳам омухта қилиб юборилган. Олимнинг мақолалари масалага янгича ва ўзига хос ёндашув, теран, нозик ва кутилмаган мушоҳадаларга бойлиги билангина эмас, балки кучли эҳтиросга йўғрилганлиги, шиддатли ритми билан ҳам ўқувчини ўзига тортади. Айни жиҳатдан уни адабиётшуносларнинг шоири, дейиш мумкин. Чунки унинг шоирона илҳом ва эҳтирос, олимона шиддат ва қатъият билан ёзган поэтик жозибага бой таъсирчан мақолалари худди бадиий асардай ўқилади.

012

Кейинги йилларда Иброҳим Ҳаққул “Аҳмад Калла”, “Шайтон нега йиғлаган?”, “Илмни ким воситаи жоҳ этар…”, “Навоийшунос қотили ким?” каби салмоқли эсселарини эълон қилди. Айтиш мумкинки, бу жанр адабиётшунос истеъдодининг янги қирралари, имкониятларини очган — уларда муаллиф қатор фанларнинг натижаларидан хабардор кенг қамровли ижодкор сифатида намоён бўлади. Шу ўринда Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги эссеси адабий жараёнда акс садо бергани-ю, таниқли мунаққид Озод Шарафиддиновнинг унга очиқ хат билан мурожаат қилганини эслаш кифоя.

Мумтоз адабиёт тадқиқи билан шуғулланадиган олим у ёки бу даражада матншунос бўлмаслиги мумкин эмас. Иброҳим Ҳаққул ҳам бу борада эътиборга молик ишларни амалга оширди. У биринчи бўлиб таниқли турк олими Камол Эраслан 1983 йилда Туркияда чоп этган “Девони ҳикматдан сочмалар” тўплами ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган Аҳмад Яссавий ҳикматлари нусхалари асосида улуғ тариқат пири ва мутасаввиф шоирнинг “Ҳикматлар” девонини нашр эттирди. Бу адабий-маданий ҳаётимиздаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Мазкур нашр 1995 йили Истанбулда ҳам босилиб чиқди. 2006 йили у шогирди Нодирхон Ҳасан билан ҳамкорликда девоннинг тузатилган ва тўлдирилган янги нашрини эълон қилди. Шунингдек, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддин билан биргаликда Сулаймон Боқирғонийнинг “Боқирғон китоби” ҳамда “Меърожнома” асарларини нашрга тайёрлади.

Иброҳим Ҳаққул илм ва амалиётни маҳорат билан қўшиб олиб бораётган олимларимиздан бири. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ўзбекистон радиосида у йўлга қўйган ва ўзи олиб борган мумтоз сўз санъаткорлари ҳаёти ва ижодига бағишланган “Сайқал” эшиттириши ўша даврда кучли акс садо бергани, кенг аҳоли қатламлари орасига кириб боргани, зиёлилар эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлгани кўпчиликка маълум. Мустақиллик йилларида эса Ўзбекистон телевидениесида ўн йилга яқин вақт давомида “Ғазал соғинчи” кўрсатувини олиб борди.

Жисмоний ва ақлий меҳнат кишилари ўртасидаги фарқ шундаки, аввалгиси йиллар тўфонида кучдан қолиб борса, кейингиси ёши ўтган сари ақлан тўлишиб, фикри тиниқлашиб, қуюқлашиб боради. Ёшлигини илм таҳсили ва тажриба орттиришга сарфлаган илму ижод аҳли ўрта ва кекса ёшда кўп маҳсулот бериши сир эмас. Иброҳим Ҳаққулнинг ўзи ҳам кейинги йилларда фавқулодда фаоллашгани ҳар йили китоблар чиқараётгани, бир неча ўнлаб мақолалар ёзаётгани, оммавий ахборот воситаларида муттасил чиқишлар қилаётгани, илмий анжуманларда қизғин иштирок этаётгани, Бухоро, Самарқанд, Термиздаги олий ўқув юртларида талабаларга ўзбек мумтоз адабиёти ва тасаввуф фалсафасидан сабоқлар бераётганида яққол кўриниб турибди. Шулардан маълум бўладики, олим айни етуклик ёшида. Бинобарин, биз уни қутлуғ олтмиш ёши билан қизғин муборакбод этар эканмиз, ўзбек адабиётшунослик илмини янгидан-янги қизиқарли ва салмоқли тадқиқотлар, мамлакат фанини кўпдан-кўп истеъдодли шогирдлар билан бойитишда куч-қувват тилаб қоламиз.

01

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ustoz Ibrohim aka Haqqulovning 65 yilligi muborak bo’lsin. O’zbekning baxtiga domla doimo sog’ bolsin!

Izoh qoldiring