Umar Sayfiddin. Ikki hikoya: Yakkama-yakka & Qashlagich

08

Саҳифамиз  атоқли турк адиби Умар Сайфиддин таваллудининг 130 йиллигига бағишланади.

    Босния беги билан Семендире* бегининг аскарлари мана неча ҳафтадир “Яйча”ни* ўраб олган, қўмондонларининг келишини кутардилар. Тинмас ёмғирларнинг, бўронларнинг ура-ура йўсинлатган кулранг девори буюк қалъа қувватига ишонарди. На эшигида, на устида биров кўринарди. Бурчакларида ҳилпираган байроқлар бўлмаса бўм-бош бир қоя деб саналиши мумкин эди.

Умар Сайфиддин
ИККИ ҲИКОЯ
099

Турк ҳикоячилигининг мумтоз вакили Умар Сайфиддин 1884 йилнинг 11 мартида Туркиянинг Беликесир шаҳрида дунёга келди. Аввал Усмония мактабида, сўнгра ҳарбий билим юртларида ўқиган Умарнинг илк асари 1900 йили “Мажмуаи адабийя”да чоп этилди. 1906 йили Измирдаги жандарм мактабига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Шу йилларда Измирда чоп этиладиган “Себат”, “Хизмат”, “Сарбаст” каби газеталарга мақолалар ёзди.
omer-sayfettin Умар Сайфиддин ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаркан, ижодни ҳам тарк этмади. 1911 йили “Ёш қаламкашлар” журналида унинг “Янги лисон” номли мақоласи имзосиз чоп этилди. Мақолада миллий тилни асраб қолиш, бошқа тиллардан сўз олгандан кўра, унинг миллий муқобилларини топиш, адабиётни халқ тилига яқинлаштириш каби жиддий масалалар кўтарилган эди.
Умар Сайфиддин 1912 йилда Болқон урушида қатнашди ва Яня яқинида юнон армиясига асирга тушди. Бир йиллик асирликдан сўнг, 1913 йили Истанбулга қайтди ва ҳарбий хизматни ташлаб, “Турк сўзи” журналига муҳаррирлик қила бошлади. 1914 йилдан умрининг охиригача Кабаташ мактабида адабиётдан дарс берди.
Умар Сайфиддин 1920 йили 36 ёшида қанд касалидан вафот этди.
Умар Сайфиддиннинг “Тарих азалий такрордир” (1910), “Ҳарам” (1918), “Эфруз Бей” (1919), “Қаҳрамонлар”, “Бомба”, “Ҳарам”, “Узун пошналар”, “Ҳалоллик”, “Ёлғиз баҳодир”, “Исканжа”, “Ишқ тўлқини”, “Оқ Лола”, “Сирли амалиёт”, “Форса”, “Бадал”, “Пушти дурли ёқа” каби асарлари машҳур.

021

ЯККАМА-ЯККА

“…Турклар оз сўзлаб, кўп иш қиладилар.”
Мақтул Ибраҳим Паша*

Босния беги билан Семендире* бегининг аскарлари мана неча ҳафтадир “Яйча”ни* ўраб олган, қўмондонларининг келишини кутардилар. Тинмас ёмғирларнинг, бўронларнинг ура-ура йўсинлатган кулранг девори буюк қалъа қувватига ишонарди. На эшигида, на устида биров кўринарди. Бурчакларида ҳилпираган байроқлар бўлмаса бўм-бош бир қоя деб саналиши мумкин эди.

Икки отим нарида қурилган оқ чодирларнинг олдидаги ерга тўшалган қора тери ёпинчиқларда ўтирган ёш войводалар, кекса бир аскарнинг гапириб бераётларини тинглашарди. Ҳаво худди ёз тонгидай гўзал эди. Атрофда навбатчи гуруҳлар узун найзалари билан чавгон ўйнаётгандай югиришар, ёруғликдан асабланган отлар кўкка сапчиб тўрт оёқлаб олдинга чопишарди. Гўё, бутун ҳарбий лагерда тўрт кундир қуёшни кўрсатмаган ҳўл тутуннинг ҳибсга олган нашъаси бирикиб, жонлангандай эди. Мошгуруч қалин мўйловларини бурнининг учига қараб, икки қўли билан буккан кекса зобит:
— Менинг катта отам бу ерда шаҳид бўлди, деди.
— Ўтган сафар ўраб олингани маҳалми?
— Қанақасига ўтган сафар бўлсин?
— Ёш боламисизлар-ей? Мен олтмишга кирдим. Катта отам неча ёшда бўлиши керак?
Суҳбатни тинглаганлар кулишди:
— Ҳарҳолда сендан катта бўлиши керак, дедилар.
— Табиийки анча катта. Ҳаммага маълумки аскар кеч уйланади. Эҳтимол менга ўхшаб қирқидан кейин уйлангандир. Мен юзини кўрмадим. Фақат ҳикоясини эшитдим. Бу қалъанинг қўмондони эмиш…
— “Яйчанингми”?, деб ҳайрон бўлдилар.
— Ҳа, албатта?
Ўнг тарафида ўтирган йирик, қорамағиз йигит сўради:
— Бўлмаса нимага шаҳид бўлди, деяпсан?
— Бошқа нима деяй?
— “Отилди, ўлди» де.
— Нима учун?..

Қорамағиз йигит тилининг учига келган сўзни айтмади. Ютинди. Қуролдошларининг ёнида совуқ бир гап айтгиси келмади. Насроний бўлиб ўлган кишига “Шаҳид бўлди” дейиладими? Кекса зобитнинг атрофида оёқларини қовуштириб ўтирган йўлдошлари, нариги войводалар, “нима учун, нима учун?” деб юзига боқар эдилар. Жим турса бу сукунат янада оғирлашар, ўзи яна ҳам мушкул вазиятда қолиши мумкин эди. Қизарди. Ўйламасдан оғзидан чиқариб юборган эътирозига пушаймон бўлди. Аммо ортиқ ҳеч бир қочиш йўли йўқ эди. Сиқилган ҳолда:
— Отангнинг оти нима эди, деди.
— Сунгур…
— Вой.. Туркмийди?
— Ҳа, бутун сулоласи билан…
— Насронийларнинг гўшинида аскармиди?
— Йўқ, бизнинг қўшинимизда.
— У ҳолда қандай қилиб Яйчада қўмондон бўлибди?
— Яйча бизнинг қалъамиз эди ахир.

Ёш, жасур, қаҳрамон воеводалар ҳайрон бўлиб қолдилар. Булар том маънода ҳарб одамлари эди. Фақат олган буйруқлари билан қиладиган ишларини билар эдилар. Санъатлари ичида шунчалар ғарқ бўлган эдиларки, содир бўлаётган воқеаларга ҳеч аҳаммият бермасдилар. Узоқ, яқин тарихни эмас, ҳатто ўзларининг қилган ишларини билмас, вайрон этган қасабаларнинг, яғмо қилган шаҳарларнинг исмларини ҳам унутардилар. Унутмаган нарсалари истиқболга оид бўлиб: “Қизил олмага”* борилажак эди. Бу ҳужумлар, бу муҳосараларнинг ҳаммаси у ерга йўл оши учун эди. У ер дунёдаги жаннат эди! Бутун дунёнинг зафари, шони, саодати, ғанимати у ерда эди. Кекса зобит қалин мўйловларига қаради. Бироз ўйланиб туриб кейин бошини чайқади. Қалин томирлари кўринган қилли, буғдойранг қўлини қалъага қараб узатди:
— Бу ер икки йил бизда қолди.
— Қачон?, — деб сўрадилар.
— Фотиҳ Ғозий* замонида…

Кекса зобит ёш жангчиларга бу икки саналик ҳокимият ҳақида гапира бошлади. Бобоси билан келган Туркманлар қалъа ичидаги инсонларнинг жонларини бағишлаган эдилар. На жонларига, на молларига тегилган эди. Ҳатто улар асир олинмаган эдилар. Маҳаллий кишининг ҳокимлардан фарқи йўқ эди. Шу даражадаки бир ёрту куни* бозор майдонида тўполон қилган сарҳўш насронийни урганлари учун икки сарсари кишининг калласи кесилган эди. Далаларида, тижоратларида ишлаган Яйчаликларни худди “адолат” қутиртирган эди. Халқидан амин бўлган Усмонлиларнинг ҳаммаси жума куни жомеъга тўпланиб намоз ўқир эдилар. Кўрган яхшиликларининг интиқомини олмоқчи бўлган маҳаллийлар тўпланиб жомеъни босишади. Сунгур Алп билан одамларини бир онда ўлдирадилар. Бурчакларда қолганларни эса асир этадилар. Ана шунақа….
— Мана етмиш йил бўлибтики “Яйча” яна уларда…, — деб ҳикоясини битирган қария қаддини тиклади. Қъолларини тиззасига тираб бирдан ҳайқирди:
— Аммо бу сафар қалъани мутлақо оламиз.
— Мутлақо…
— Аввало беклар келишсин бир.
— Фурсат келиб қолса бекларни ҳам кутмаймиз.
-…
— Бир ҳужум.
— Аммо ҳали аскар келади…
— …

Қария бундан олдинги қуршовда ҳам қатнашган эди. У сафаргиси қанчалар қўрқинч фалокат эди. Фарҳод Бейни тузоққа тушириб қирқ байроқ билан бирга бошини олган жангчи попни топиш учун Вурюзен*, Манастир*, Семендире беклари майдонга отилган эдилар. Ҳусрав Бей, Синан Бей, Бали Бей-Фран Трийбан конту машҳур жангчи Кристоф ўн олти минг киши билан ёрдамга келгунча Яйчани қуршовга олган эдилар. Қария бирдан жим қолди. Юзини буриштирди:
— Оҳ бечора Жем…, — деди. Кўзлари ёшга тўлди.
— …
— Дунёда бу Жемнинг тушган аҳволи қадар юрагимни парчалаган бошқа бир алам йўқ. Қанчалар жасур, қанчалар қувватли, қанчалар баҳодир йигит эди! Зобит йиғларди. Ўтирганлар сўрашди:
— Ҳозир қаерда?
— ….
— Ўлдими?
— Кошки ўлса эди…
— Нима бўлди бўлмаса?
— Ярим ўлик бўлиб қолди.
— ?
— Ҳа ярим ўлик. Бир аскар учун ҳаётда бўлиб туриб уришолмаслик “ярим ўлик” деганидир. Жем уруш учун яратилган эди. Ўтган сафарги қуршовда бир куни яна худди шу ерда ўртоқларимиз билан суҳбатлашиб ўтиргандик. Жем дедики: “Менинг юрагим сиқиляпди. Уришмоқчиман.” Сўнгра “Қани келинглар, душманнинг бош жангчисини яккама-якка уришга чақирай. Қабул қилса кўнгилхушлик қиламиз.”, деди. Мен, мақсадимиз ўз кучимизни, қувватимизни кўрсатиш эмаслигини айтдим. Мақсадимиз ҳаммамиз бирга бўлиб қалъани олиш эди. Фикридан қайтаришга ҳаракат қилдим. Гапимга қулоқ солмади. Ўрнимиздан туриб орқасидан бордик. Қалъага яқинлашганда Жем отини ўйнатиб ”Ичларингдан ўзига ишонган бор бўлса мана майдон…Яккама-якка уришамиз.”, деб ҳайқирди. Қалъадан “бор, бор” деб бақирдилар. Бироз кейин қалъанинг эшиги очилиб, бир отлиқ чиқди. Бу мудофаачиларнинг бошлиғи “Блас Шери” эди. Бошдан оёг зирҳ кийган эди. Оти ҳам зирҳли эди. Жем қиличини чиқармаган, қўлида айзасини тебратарди. Бир-бирларига ҳужум қила бошладилар.
— Блас Шери нима билан ҳужум қиларди?
— Қилич..
— Найзага қарши қилич бўладими?
— У пайт биз ҳам бунга ҳайрон бўлдик. Бу одам ғоят йирик, ғоят қувватли бир жангчи эди. Аммо Жем ундан ҳам йирик, янада ёш ва чаққон эди.
— Жемнинг зирҳи йўқмиди?
— Бор эди аммо фақат кўкрак қисмида. Икки соатгача бир-бирларини яралаёлмадилар. Отлари чарчади.

Қалъанинг тўсиқлари томошабинлар билан тўлган эди. Бизнинг аскарлар ҳам тизилиб узоқдан бу ҳаяжонли курашни томоша қилардилар. Баробарга қолишадиганди. Су пайт қандай содир бўлди, кўролмай қолдик. “Қарс” деган овоз эшитилди ва Жемнинг найзаси синди. Қличини қинидан суғуришга фурсат тополмади. Блас Шери тиззасига қиличини шундай айлантириб солди-ки…
— Оҳ қандай сўзлайин. Шу онда чап оёғи этиги билан бирга ерга тушди. Биз унга қараб югирдик. Отининг бошини ушлаб уни пастга туширдик. Блас Шери ”Урра, урра” деб уни олқишлаган қалъага кирди. Жем бечоранинг юзи сап-сариқ эди. Ердаги узилган оёғига қарар: ”Худо ҳаққи мени ўлдиринглар!”, — дерди. Қучоғимизда чодирга олиб келдик… Жарроҳ шовиллаб оққан қонни тўхтатди.

Қария йиғлаб Жемнинг эски қаҳрамонликларини айтиб берди. Бунақа мард зобитни ҳали гўшин кўрмаган эди. Энди эса бечора ким билади Онадўлининг* қайси шаҳарида, қўлтиқ таёқлари билан кезиб, чегаранинг ҳаёли билан оҳ чекаётгандир. Бир жангчи учун жангдан узоқ яшаш қадар аччиқ алам йўқ. Ўлмоқ,ёш чоғида ногирон қолишидан яхши эди. Ўлган жангчи шон-шараф ичида абадий истироҳатга ўтар, қўлсиз, оёқсиз қолган қаҳрамон эса ҳарб ҳасрати ичида ҳаёти бўйича бир жаҳаннам азоби билан тўлғонарди. Кекса зобит жасур Жемнинг ногирон қолганидан кейинги умидсизлигини, ҳирсини, ололмаган интиқомининг руҳида очган ярани аччиқ-аччиқ англатди. Тинглаганларнинг ичидан бири тезлда ўрнидан турди. Чодирнинг орқасида турган аскарларга:
— Менинг отим билан найзамни олиб келинглар…, — деб ҳайқирди.
Бу Қосим Войвода эди!…
Ўтирганлар:
— Нима қиласан?, — деб сўрашди.
“Ҳеч нарса” дегандай елкасини учирди. Қўллари орқасида, олдинга қараб юра бошлади. Ҳар жангда, ҳар ҳужумда қўшиннинг бошларида бўлган бу қисқа бўйли, озғин ёш йигит жуда кам гапирар, фақат эшитарди. Кийимидан қуввати унчалик билинмасди. Заиф бўлгани учун зирҳи вужудига катта келар, баланд довулғасидан ингичка мўйловли нозик юзи кичкинагина кўринарди. Оти келиши билан устига сакраб, найзасини қўлига олди. Жиякли қора ёпинчиқларда ўтирганлар ҳам ўринларидан турдилар. Қария йўлдошларига:
— Яккама-якка уришишга кетяпди, — деди. Зирҳини кийсайди кошки…
Ўртоқлари: “Қосим, зирҳингни кий!”, — дедилар. У ҳеч жавоб бермай яна елкасини силтади. Майдонга қараб отини чоптирди. Қалъанинг эшигига борганда яккама-якка курашиш учун бир жангчи истади.
Қалъадан ҳеч ким жавоб бермади.
Войводалар, зобитлар, яёв ҳолда томоша учун орқасидан югурган эдилар. Қосим белидан қиличини чиқариб узоққа отди. Отидан сакраб тушди, отининг сонига найзаси билан урди. От қароргоҳга қараб чопди.
— Ҳай, ўша сизни қўрқоқлар!, — деб ҳайқирди. Мана отимдан тушдим. Қиличимни отдим. Орқамда зирҳим, қўлимда қалқоним йўқ. Ичингизда мен билан яккама-якка курашадиган эркак йўқми?
Қалъанинг тўсиқларидан қараб турганлар:
— Кимни ҳоҳлайсан?, — дедилар.
— Блас Шерини…
— У бу ерда йўқ….
— Ундан ҳам устун биронтасини хоҳлайман!…
— Ундай бўлса кут!
— …
Қалъанинг олдида Қосим Войвода оғир темир найзасини ерга қадади. Юмалоқ соясини эзиб кутар, сабрсизланарди. Йўлдошлари узоқдан унга боқардилар. Қилган иши ҳам аҳмоқлик эди. Чунки, қиличсиз, қалқонсиз, отсиз, зирҳсиз ҳеч жанг қилиб бўладими? Аммо унга гап уқтиришнинг имкони йўқ, чунки жуда қайсар эди. Қарор берган нарсасидан қаршисида ўлим кўрса ҳам қайтмасди. Қалъа эшигининг ғижирлаши эшитилди. Қора зирҳли от устида қора зирҳли бир дев кўринди. Ёнида оғир бир қилич осилган, қўлида қалин бир найза тутарди. Бу дев, Жан Ҳоборданский эди. Душман қўшинида унинг қадар қувватли, унинг қадар ҳайбатли, унинг қадар йирик жангчи ҳали йўқ эди. Яккама-якка курашларда ҳеч кимса унинг қаршисига чиқа олмасди. Отини жиловлади ва уни Қосим Войводанинг устига қараб солди. Бу отсиз, қиличсиз, зирҳсиз Туркни отига эздирмоқчи бўлди. Қосим бирдан найзасини суғуриб орқасига тисарилди. Ҳоборданскийнинг оти устига келар экан эгилди. От эса унинг устидан сакради. Ҳоборданский отини орқага қайтариб устига қараб такрор ҳайдар экан Қосим Войвода ўрнидан сакраб турди ва найзаси билан униг кўкрагига шундай санчдики…бир онда бу ҳарб деви зирҳларини шаққиллаб ерга думалади. Қалқони бир тарафга, найзаси бир тарафга учди. Бу йиқилишнинг даҳшатидан ҳурккан от шаталоқ отиб қочди. Қосим Войвода ерда ётган қўтосга ташланган чаққон қоплон боласидай рақибининг утсига ташланди. Дубулғасини тепасидан ушлади. Узоқдан:”Яша, яша!” дея бақирган йўлдошлари:
— Калласини кес, калласини кес!.. — дейишарди.

Қосим жавоб бермади яна елкасини силтади. Ҳоборданскийнинг темир зирҳли кенг елкасини ўнг тиззаси билан бостириб, қалин қўлларини орқага букди… Жигарини мўлжаллаб бир нечта мушт туширди. Ҳар мушт тушишида найза зарбаси билан кўкрак суяклари эзилган беҳуш Ҳоборданский “Аҳ, аҳ” деб инграрди. Оғзидан тарновдан келгандай қуюқ қон отиларди. Инграши кесилиши билан Қосим Войвода ҳеч нарса қилмагандай совуққонлик билан ўрнидан турди. Ердан қиличини, найзасини олди. Ўртогларига қараб юра бошлади. Қалъадан чиққанлар Ҳоборданскийнинг жасадига қараб югурдилар. Кекса зобит:
— Ҳай Қосим! Нимага бу одамнинг калласини кесмадинг?, — деб елкасини силади.
Нариги Войводалар ҳам атрофини ўрадилар:
— Нимага кесмадинг-а, нимага кесмадинг?, — дер эдилар.
Қосим кулимсиради. Қарияга қаради. Тамбал лабларини зўрға қимирлатиб:
— Йигит майдонида ўлишга у лойиқмики… — деди.
Сўнгра ўртоқларига бурилиб илова қилди:
— Ортиқ яшаган муддатича қўли қурол тутолмайди. Уни ётоққа кўмдим. Дунёда ётоқдан янада азобли бир мозор борми?
Ҳақиқатан Жан Ҳоборданский бошқа жанг қилолмади. Йиллаб ётоқда тўлғонди….Ўрнидан турган замон у эски мудҳиш, қувватли жангчи эмас, ҳаста, мағрур бир сиёсатчи эди. Истамбулга душман тарафидан илк маротаба у элчи бўлиб келди. Вазирларнинг анчагина юрагини сиқди. Ниҳоят…йигит майдонида ҳам ўлмади. Султон Сулаймоннинг Венгрияга қирол таъйин қилган Яношни ўлдирмоқ учун бир кун яширинча Будапештга кирмоқчи бўлганида ушланди ва қопга солиниб Туна дарёсига улоқтирилди…

____________
* Мақтул Ибраҳим Паша — Машҳур турк генерали
* Семендире — Сербиядаги шаҳар.
* Яйча — Босниядаги машҳур қалъа.
* “Қизил олма” — Усмонлилар тарафидан Рим ва Австрияга берилган ном.
* Фотиҳ Ғозий — Фотиҳ Султон Муҳаммад, ВИИ. Усмонли подишоҳи.
* Ёрту куни — Насронийларнинг Ҳаз. Исо билан боғлиқ байрамлари.
* Вурюзен — Сербиядаги тарихий ер.
* Манастир — Македонядаги шаҳар.
* Онадўли — Туркиянинг Осиё қитъасида жойлашган қисми.

Турк тилидан Замира Ҳамидова таржимаси

 

ҚАШЛАГИЧ

Оғил ёнида ўйнаганимизда, пастда, кумуш ранг толнинг тагида кўринмай оқаётган сойнинг маҳзун шилдирашини эшитиб турардик. Уйимиз ички ҳовлининг улкан каштан дарахтлари ортида кўринмай кетарди. Онам Истамбулга кетганлари учун мендан бир ёш кичик укам Ҳасан билан иккимиз Дадаруҳнинг ёнидан кетмас эдик. Дадаруҳ дадамнинг отбоқари, қари киши эди. Отларни яхши кўрганимиз учун саҳарда уйғонишимиз биланоқ оғилга чопардик. Дадаруҳнинг ёнида бўлиб, отларни суғориб келиш, уларни миниш завқ бағишларди. Ҳасан бўлса қўрқар, ёлғиз минолмасди. Дадаруҳ отга миниб уни олдига ўтқазиб оларди. Халталарга арпа солиш, ем тўрваларни ўтга тўлдириш, оғилни тозалаш, гўнг ташиш — энг қизиқ ўйиндан ҳам ортиқ, бизнинг жону дилимиз эди. Отларни қашлашни айтмайсизми? Энг завқлиси шу эди! Дадаруҳ қўлига қашлағични олиб, соат товушидай қитирлата бошлаши билан, тамом, жойимда туролмас, «Мен ҳам қашлай» деб ҳоли жонига қўймасдим. Шунда Дадаруҳ мени Тўсин исмли отга миндириб, қўлимга қашлағични берар ва «Қани қашла!» дерди.

Бу темир асбобни йилқининг терисига қиртишлаган бўлардим, бироқ ўшандай қитирлаган товушни маромига етказиб чиқаролмасдим.
— Қуйруғини ликиллатяптими?
— Ҳа ликиллатяпти.
— Қани бир кўрай…
Бўй чўзиб қарасам ҳам отнинг сағрисидан думи кўринмасди. Ҳар куни эрталаб оғилга келишим билан «Дадаруҳ, мен қашлай», деб ялинардим.
— Йўқ, уддалай олмайсан.
— Нима учун?
— Ҳали ёшсан, шунинг учун!
— Эплай оламан!
— Катта бўлгин, кейин…
— Э, қачон!
— Бўйинг отга етганида!

* * *

Оғил юмушларидан фақат отни қашлашни эплолмасдим. Бўйим отнинг қорнига ҳам етмасди-да! Ҳолбуки, энг завқли, энг зўр нарса шу эди. Қашлағичдан чиқаётган қитирлаган товуш Тўсинга ёқаётгандай қулоқларини қимирлатар, думини шокиладай ликиллатарди. Қашлашни тугатай деб қолганда эса гўё, жаҳли чиқар, ўшандай пайтда Дадаруҳ «хўйт» деб сағрисига енгил тарсаки туширарди ва бошқа отни қашлай бошларди.
Бир куни уйда ёлғиз қолдим. Ҳасан билан Дадаруҳ сой ёқасига тушиб кетишган. Отни қашлаш истаги ҳеч тинчлик бермасди менга. Қашлағични қидириб тополмадим. Оғил бурчагида Дадаруҳнинг дарчасиз кулбаси бўларди. Кулбага кириб токчани титкилай бошладим. Эгарларнинг орасини ҳам қарадим. Йўқ. Ҳеч қаерда йўқ. Ётоғининг тагида яшил тахтали сандиқ турган экан. Уни ҳам очдим. Ниҳоят… Севинчдан ҳайқираёздим. Онамнинг бир ҳафта бурун Истанбулдан юборган совғалари орасида факфон қашлағичи ял-ял ёниб турарди. Қашлағични олдиму Тўсиннинг ёнига югурдим ва қорнига ишқай бшладим. Тўсин негадир тоқатсизлана бошлади. «Оғрияпти чоғи» деб ўйладим.

Кумушдай товланаётган бу чиройли қашлағичнинг тишларига узоқ тикилдим. Кўринишдан жуда ўткир. Тишларини бироз ўтмас қилиш мақсадида девор тошига ишқалай бошладим. Тишлари ўтмас бўлиб қолганидан сўнг қашлағични яна синаб кўрмоқчи бўлдим. Барибир, отлар тинч туролмай безовта бўларди. Тутоқиб кетдим. Аламимни қашлағичдан олмоқчи бўлиб, нарироқдаги булоқ оғзига югурдим. Қашлағични ялоқ тошга қўйдиму ердан тош олиб, ура бошладим. Истанбулдан юборилган, афтидан, Дадаруҳ ишлатишга кўзи қиймай, асраб юрган бу чиройли қашлағични эзиб, ялоқнинг ичига ташлаб юбордим.

Эрталаблари отам ташқарига чиққанида оғилга кириб у ер-бу ерни кўздан кечирарди. Мен оғилда ёлғиз эдим. Ҳасан эса уйда, хизматчимизнинг ёнида эди. Отам булоқни томоша қилаётиб ялоқ ичидаги синган қашлағични кўриб қолди ва Дадаруҳга қараб бақирди.
— Буёққа кел!
Нафасим тиқилиб, қўрқиб кетдим.
Отам синган қашлағични илкига тутиб, буни ким қилди, дея Дадаруҳдан сўради. Дадаруҳ таажжубланиб:
— Билмадим, — деб жавоб қилди.
Отамнинг кўзи менга тушиши билан, ҳали сўраб улгурмаган ҳам эди мен:
— Ҳасан, — дедим.
— Ҳасанми?
— Ҳа, кеча Дадаруҳ ухлаётганда хонасига кириб, сандиғидан қашлағични олди-да, ялоқнинг тошида эзди.
— Нега Дадаруҳни чақирмадинг?
— Ухлаётган эди.
— Қани, Ҳасанни чақир!

Ички ҳовлининг эшигидан кириб, ихчам йўлкадан уй томон чопдим, Ҳасанни чақирдим. Ҳеч гапдан хабари йўқ Ҳасан орқамдан югуриб келди.
Дадам қаттиққўл эдилар, жаҳл билан қарасалар юрагимиз ёрилаёзарди. Ҳасанга қараб:
— Ёлғон гапирсанг, таёқ ейсан! — дедилар.
— Ёлғон гапирмайман.
— Яхши, қашлағични нега синдирдинг?

Ҳасан Дадаруҳнинг қўлидаги ускунага ҳайрон бўлиб қаради. Кейин малларанг сочини ўйнатиб:
— Мен синдирганим йўқ, — деди.
— Ёлғон гапирма деяпман.
— Йўқ, мен синдирмадим.
Дадам яна такрорлади.
— Тўғрисини айтсанг, уришмайман, ёлғон гапириш ёмон одат.
Ҳасан ўжарлик қилиб, йўқ деб туриб олди. Дадамнинг ғазаби қайнаб, Ҳасан томон шайланиб борди-да, уятсиз, ёлғончи, деб тарсаки тортиб юборди. — «Буни кўзимдан даф қил, бу ерга йўламасин, фақат Парвин билан ўтирсин», дея ўшқирди.
Дадаруҳ йиғлаётган укамни бағрига босиб, ичкарига олиб кетди.

Ўшандан буён оғилда ёлғиз ўйнайдиган бўлдим. Ҳасан эса уйдан чиқмасликка маҳкум қилинганди. Онам Истанбулдан қайтганларидан кейин ҳам дадам Ҳасанни кечирмадилар. Унга кўзлари тушса, ёлғончи, деб қўярдилар. Ҳасан еган тарсакисини эслаб йиғлаб юборар, кейин ўзини зўрға босиб оларди. Бечора онам менинг туҳмат қилганимни хаёлига ҳам келтирмас ва «ахмоқ Дадаруҳ қашлағични отларнинг тагида эздирган бўлмасин тағин?», деб қўярди.

Келаси йили ёзда онам яна Истанбулга кетдилар. Биз яна ёлғиз қолдик. Ҳасаннинг оғилга бориши ҳануз ман этилганди. Кечалари ётганимизда отларнинг аҳволини, тойларнинг катта бўлган, бўлмаганини мендан сўраб турарди. Бир куни Ҳасан дабдурустдан касал бўлиб қолди. Доктор олиб келиш учун шаҳарчага одам жўнатилди. Доктор укамни текшириб, юқумли касалга чалинганини айтди. Буни эшитган фермадаги хотинлар уйимизга келиб, бир нечта парранданинг бошини олиб, укамнинг бўйнига боғлаб қўйишди. Айтишларича, бундай эскича иримни қилса, тузалиб кетармиш.

Дадам укамнинг ёнидан сира кетолмадилар. Дадаруҳ ҳам ғамгин бўлиб қолди. Парвин эса ҳўнг-ҳўнг йиғлагани-йиғлаган.
— Нега йиғлаяпсиз? — деб сўрадим.
— Уканг касал-ку…
— Тузалиб кетади.
— Тузалмайди.
— Тузалмаса нима бўлади?
— Уканг ўлади.
— Ўладими?

* * *

Мен ҳам йиғлай бошладим. Укам касал бўлганидан бери мени Парвиннинг хонасига кўчиришди. Ўша кеча ҳеч ухлолмай чиқдим. Хаёлга чўмишим билан Ҳасан кўз ўнгимда «Туҳматчи! Туҳматчи!», дея йиғлаётгандай бўлаверарди.
Парвинни уйғотдим.
— Ҳасаннинг ёнига бораман, — дедим.
— Нега?
— Дадамга айтадиган гапим бор.
— Нима гапинг бор?
— Қашлағични мен синдирган эдим, шуни айтмоқчиман.
— Қайси қашлағични?
— Ўтган йилги. Ҳасанга тўнкаган эдим…

Сўзимни тугатаолмадим. Ичимдан келаётган туғёнлар нафасимни бўғиб қўйди. Йиғлай-йиғлай бўлган воқеани Парвинга гапириб бердим. Ҳозир буни дадамга айтсам, Ҳасан ҳам эшитиб, балки мени кечирар?
— Эртага айтасан,— деди Парвин.
—Йўқ, ҳозир бораман.
— Ҳозир даданг ухлаяпти, эртага эрталаб айтасан. Ҳасан ҳам уйқуда. Эртага уни қучоқлаб, ўпиб, кечирим сўрасанг,кечиради.
— Хўп, яхши.
— Қани энди, ухла!
Тонггача кўзимга уйқу келмади. Тонг оқара бошлаганида Парвинни уйғотдим. Ўрнимиздан турдик. Ичимни қийнаётган азобдан бўшалиш учун шошиб борардим… Лекин, минг афсус, бу кеча бечора, гуноҳсиз укамнинг жони узилган экан.
Айвонда қишлоқнинг имоми билан Дадаруҳ кўзда ёш билан, дадамнинг ташқарига чиқишини кутиб турардилар.

Туркчадан Лола Аминова таржимаси

033

Umar Sayfiddin
IKKI HIKOYA
099

Turk hikoyachiligining mumtoz vakili Umar Sayfiddin 1884 yilning 11 martida Turkiyaning Belikesir shahrida dunyoga keldi. Avval Usmoniya maktabida, so’ngra harbiy bilim yurtlarida o’qigan Umarning ilk asari 1900 yili “Majmuai adabiyya”da chop etildi. 1906 yili Izmirdagi jandarm maktabiga o’qituvchi bo’lib ishga kirdi. Shu yillarda Izmirda chop etiladigan “Sebat”, “Xizmat”, “Sarbast” kabi gazetalarga maqolalar yozdi.
Umar Sayfiddin harbiy harakatlarda ishtirok etarkan, ijodni ham tark etmadi. 1911 yili “Yosh qalamkashlar” jurnalida uning “Yangi lison” nomli maqolasi imzosiz chop etildi. Maqolada milliy tilni asrab qolish, boshqa tillardan so’z olgandan ko’ra, uning milliy muqobillarini topish, adabiyotni xalq tiliga yaqinlashtirish kabi jiddiy masalalar ko’tarilgan edi. Umar Sayfiddin 1912 yilda Bolqon urushida qatnashdi va Yanya yaqinida yunon armiyasiga asirga tushdi. Bir yillik asirlikdan so’ng, 1913 yili Istanbulga qaytdi va harbiy xizmatni tashlab, “Turk so’zi” jurnaliga muharrirlik qila boshladi. 1914 yildan umrining oxirigacha Kabatash maktabida adabiyotdan dars berdi.
Umar Sayfiddin 1920 yili 36 yoshida qand kasalidan vafot etdi.
Umar Sayfiddinning “Tarix azaliy takrordir” (1910), “Haram” (1918), “Efruz Bey” (1919), “Qahramonlar”, “Bomba”, “Haram”, “Uzun poshnalar”, “Halollik”, “Yolg’iz bahodir”, “Iskanja”, “Ishq to’lqini”, “Oq Lola”, “Sirli amaliyot”, “Forsa”, “Badal”, “Pushti durli yoqa” kabi asarlari mashhur.

021

YAKKAMA-YAKKA

“…Turklar oz so’zlab, ko’p ish qiladilar.”
Maqtul Ibrahim Pasha*.

Bosniya begi bilan Semendire* begining askarlari mana necha haftadir “Yaycha”ni* o’rab olgan, qo’mondonlarining kelishini kutardilar. Tinmas yomg’irlarning, bo’ronlarning ura-ura yo’sinlatgan kulrang devori buyuk qal’a quvvatiga ishonardi. Na eshigida, na ustida birov ko’rinardi. Burchaklarida hilpiragan bayroqlar bo’lmasa bo’m-bosh bir qoya deb sanalishi mumkin edi.
Ikki otim narida qurilgan oq chodirlarning oldidagi yerga to’shalgan qora teri yopinchiqlarda o’tirgan yosh voyvodalar, keksa bir askarning gapirib berayotlarini tinglashardi. Havo xuddi yoz tongiday go’zal edi. Atrofda navbatchi guruhlar uzun nayzalari bilan chavgon o’ynayotganday yugirishar, yorug’likdan asablangan otlar ko’kka sapchib to’rt oyoqlab oldinga chopishardi. Go’yo, butun harbiy lagerda to’rt kundir quyoshni ko’rsatmagan ho’l tutunning hibsga olgan nash’asi birikib, jonlanganday edi. Moshguruch qalin mo’ylovlarini burnining uchiga qarab, ikki qo’li bilan bukkan keksa zobit:
— Mening katta otam bu yerda shahid bo’ldi, dedi.
— O’tgan safar o’rab olingani mahalmi?
— Qanaqasiga o’tgan safar bo’lsin?
— Yosh bolamisizlar-ey? Men oltmishga kirdim. Katta otam necha yoshda bo’lishi kerak?
Suhbatni tinglaganlar kulishdi:
— Harholda sendan katta bo’lishi kerak, dedilar.
— Tabiiyki ancha katta. Hammaga ma’lumki askar kech uylanadi. Ehtimol menga o’xshab qirqidan keyin uylangandir. Men yuzini ko’rmadim. Faqat hikoyasini eshitdim. Bu qal’aning qo’mondoni emish…
— “Yaychaningmi”?, deb hayron bo’ldilar.
— Ha, albatta?
O’ng tarafida o’tirgan yirik, qoramag’iz yigit so’radi:
— Bo’lmasa nimaga shahid bo’ldi, deyapsan?
— Boshqa nima deyay?
— “Otildi, o’ldi’ de.
— Nima uchun?..
Qoramag’iz yigit tilining uchiga kelgan so’zni aytmadi. Yutindi. Quroldoshlarining yonida sovuq bir gap aytgisi kelmadi. Nasroniy bo’lib o’lgan kishiga “Shahid bo’ldi” deyiladimi? Keksa zobitning atrofida oyoqlarini qovushtirib o’tirgan yo’ldoshlari, narigi voyvodalar, “nima uchun, nima uchun?” deb yuziga boqar edilar. Jim tursa bu sukunat yanada og’irlashar, o’zi yana ham mushkul vaziyatda qolishi mumkin edi. Qizardi. O’ylamasdan og’zidan chiqarib yuborgan e’tiroziga pushaymon bo’ldi. Ammo ortiq hech bir qochish yo’li yo’q edi. Siqilgan holda:
— Otangning oti nima edi, dedi.
— Sungur…
— Voy.. Turkmiydi?
— Ha, butun sulolasi bilan…
— Nasroniylarning go’shinida askarmidi?
— Yo’q, bizning qo’shinimizda.
— U holda qanday qilib “Yaycha”da qo’mondon bo’libdi?
— “Yaycha” bizning qalamiz edi axir.
Yosh, jasur, qahramon voyvodalar hayron bo’lib qoldilar. Bular tom ma’noda harb odamlari edi. Faqat olgan buyruqlari bilan qiladigan ishlarini bilar edilar. San’atlari ichida shunchalar g’arq bo’lgan edilarki, sodir bo’layotgan voqealarga hech ahammiyat bermasdilar. Uzoq, yaqin tarixni emas, hatto o’zlarining qilgan ishlarini bilmas, vayron etgan qasabalarning, yag’mo qilgan shaharlarning ismlarini ham unutardilar. Unutmagan narsalari istiqbolga oid bo’lib: “Qizil olmaga”* borilajak edi. Bu hujumlar, bu muhosaralarning hammasi u yerga yo’l oshi uchun edi. U yer dunyodagi jannat edi! Butun dunyoning zafari, shoni, saodati, g’animati u yerda edi. Keksa zobit qalin mo’ylovlariga qaradi. Biroz o’ylanib turib keyin boshini chayqadi. Qalin tomirlari ko’ringan qilli, bug’doyrang qo’lini qal’aga qarab uzatdi:
— Bu yer ikki yil bizda qoldi.
— Qachon?, — deb so’radilar.
— Fotih G’oziy* zamonida…
Keksa zobit yosh jangchilarga bu ikki sanalik hokimiyat haqida gapira boshladi. Bobosi bilan kelgan Turkmanlar qal’a ichidagi insonlarning jonlarini bag’ishlagan edilar. Na jonlariga, na mollariga tegilgan edi. Hatto ular asir olinmagan edilar. Mahalliy kishining hokimlardan farqi yo’q edi. Shu darajadaki bir yortu kuni* bozor maydonida to’polon qilgan sarho’sh nasroniyni urganlari uchun ikki sarsari kishining kallasi kesilgan edi. Dalalarida, tijoratlarida ishlagan Yaychaliklarni xuddi “adolat” qutirtirgan edi. Xalqidan amin bo’lgan Usmonlilarning hammasi juma kuni jome’ga to’planib namoz o’qir edilar. Ko’rgan yaxshiliklarining intiqomini olmoqchi bo’lgan mahalliylar to’planib jome’ni bosishadi. Sungur Alp bilan odamlarini bir onda o’ldiradilar. Burchaklarda qolganlarni esa asir etadilar. Ana shunaqa….
— Mana yetmish yil bo’libtiki “Yaycha” yana ularda…, — deb hikoyasini bitirgan qariya qaddini tikladi. Q’ollarini tizzasiga tirab birdan hayqirdi:
— Ammo bu safar qal’ani mutlaqo olamiz.
— Mutlaqo…
— Avvalo beklar kelishsin bir.
— Fursat kelib qolsa beklarni ham kutmaymiz.
-…
— Bir hujum.
— Ammo hali askar keladi…
— …
Qariya bundan oldingi qurshovda ham qatnashgan edi. U safargisi qanchalar qo’rqinch falokat edi. Farhod Beyni tuzoqqa tushirib qirq bayroq bilan birga boshini olgan jangchi popni topish uchun Vuryuzen*, Manastir*, Semendire beklari maydonga otilgan edilar. Husrav Bey, Sinan Bey, Bali Bey-Fran Triyban kontu mashhur jangchi Kristof o’n olti ming kishi bilan yordamga kelguncha Yaychani qurshovga olgan edilar. Qariya birdan jim qoldi. Yuzini burishtirdi:
— Oh bechora Jem…, — dedi. Ko’zlari yoshga to’ldi.
— …
— Dunyoda bu Jemning tushgan ahvoli qadar yuragimni parchalagan boshqa bir alam yo’q. Qanchalar jasur, qanchalar quvvatli, qanchalar bahodir yigit edi! Zobit yig’lardi. O’tirganlar so’rashdi:
— Hozir qayerda?
— ….
— O’ldimi?
— Koshki o’lsa edi…
— Nima bo’ldi bo’lmasa?
— Yarim o’lik bo’lib qoldi.
— ?
— Ha yarim o’lik. Bir askar uchun hayotda bo’lib turib urisholmaslik “yarim o’lik” deganidir. Jem urush uchun yaratilgan edi. O’tgan safargi qurshovda bir kuni yana xuddi shu yerda o’rtoqlarimiz bilan suhbatlashib o’tirgandik. Jem dediki: “Mening yuragim siqilyapdi. Urishmoqchiman.” So’ngra “Qani kelinglar, dushmanning bosh jangchisini yakkama-yakka urishga chaqiray. Qabul qilsa ko’ngilxushlik qilamiz.”, dedi. Men, maqsadimiz o’z kuchimizni, quvvatimizni ko’rsatish emasligini aytdim. Maqsadimiz hammamiz birga bo’lib qal’ani olish edi. Fikridan qaytarishga harakat qildim. Gapimga quloq solmadi. O’rnimizdan turib orqasidan bordik. Qal’aga yaqinlashganda Jem otini o’ynatib ”Ichlaringdan o’ziga ishongan bor bo’lsa mana maydon…Yakkama-yakka urishamiz.”, deb hayqirdi. Qal’adan “bor, bor” deb baqirdilar. Biroz keyin qal’aning eshigi ochilib, bir otliq chiqdi. Bu mudofaachilarning boshlig’i “Blas Sheri” edi. Boshdan oyog zirh kiygan edi. Oti ham zirhli edi. Jem qilichini chiqarmagan, qo’lida ayzasini tebratardi. Bir-birlariga hujum qila boshladilar.
— Blas Sheri nima bilan hujum qilardi?
— Qilich..
— Nayzaga qarshi qilich bo’ladimi?
— U payt biz ham bunga hayron bo’ldik. Bu odam g’oyat yirik, g’oyat quvvatli bir jangchi edi. Ammo Jem undan ham yirik, yanada yosh va chaqqon edi.
— Jemning zirhi yo’qmidi?
— Bor edi ammo faqat ko’krak qismida. Ikki soatgacha bir-birlarini yaralayolmadilar. Otlari charchadi. Qal’aning to’siqlari tomoshabinlar bilan to’lgan edi. Bizning askarlar ham tizilib uzoqdan bu hayajonli kurashni tomosha qilardilar. Barobarga qolishadigandi. Su payt qanday sodir bo’ldi, ko’rolmay qoldik. “Qars” degan ovoz eshitildi va Jemning nayzasi sindi. Qlichini qinidan sug’urishga fursat topolmadi. Blas Sheri tizzasiga qilichini shunday aylantirib soldi-ki…
— Oh qanday so’zlayin. Shu onda chap oyog’i etigi bilan birga yerga tushdi. Biz unga qarab yugirdik. Otining boshini ushlab uni pastga tushirdik. Blas Sheri ”Urra, urra” deb uni olqishlagan qal’aga kirdi. Jem bechoraning yuzi sap-sariq edi. Yerdagi uzilgan oyog’iga qarar: ”Xudo haqqi meni o’ldiringlar!”, — derdi. Quchog’imizda chodirga olib keldik… Jarroh shovillab oqqan qonni to’xtatdi.
Qariya yig’lab Jemning eski qahramonliklarini aytib berdi. Bunaqa mard zobitni hali go’shin ko’rmagan edi. Endi esa bechora kim biladi Onado’lining* qaysi shaharida, qo’ltiq tayoqlari bilan kezib, chegaraning hayoli bilan oh chekayotgandir. Bir jangchi uchun jangdan uzoq yashash qadar achchiq alam yo’q. O’lmoq,yosh chog’ida nogiron qolishidan yaxshi edi. O’lgan jangchi shon-sharaf ichida abadiy istirohatga o’tar, qo’lsiz, oyoqsiz qolgan qahramon esa harb hasrati ichida hayoti bo’yicha bir jahannam azobi bilan to’lg’onardi. Keksa zobit jasur Jemning nogiron qolganidan keyingi umidsizligini, hirsini, ololmagan intiqomining ruhida ochgan yarani achchiq-achchiq anglatdi. Tinglaganlarning ichidan biri tezlda o’rnidan turdi. Chodirning orqasida turgan askarlarga:
— Mening otim bilan nayzamni olib kelinglar…, — deb hayqirdi.
Bu Qosim Voyvoda edi!…
O’tirganlar:
— Nima qilasan?, — deb so’rashdi.
“Hech narsa” deganday yelkasini uchirdi. Qo’llari orqasida, oldinga qarab yura boshladi. Har jangda, har hujumda qo’shinning boshlarida bo’lgan bu qisqa bo’yli, ozg’in yosh yigit juda kam gapirar, faqat eshitardi. Kiyimidan quvvati unchalik bilinmasdi. Zaif bo’lgani uchun zirhi vujudiga katta kelar, baland dovulg’asidan ingichka mo’ylovli nozik yuzi kichkinagina ko’rinardi. Oti kelishi bilan ustiga sakrab, nayzasini qo’liga oldi. Jiyakli qora yopinchiqlarda o’tirganlar ham o’rinlaridan turdilar. Qariya yo’ldoshlariga:
— Yakkama-yakka urishishga ketyapdi, — dedi. Zirhini kiysaydi koshki…
O’rtoqlari: “Qosim, zirhingni kiy!”, — dedilar. U hech javob bermay yana yelkasini siltadi. Maydonga qarab otini choptirdi. Qal’aning eshigiga borganda yakkama-yakka kurashish uchun bir jangchi istadi.
Qal’adan hech kim javob bermadi.
Voyvodalar, zobitlar, yayov holda tomosha uchun orqasidan yugurgan edilar. Qosim belidan qilichini chiqarib uzoqqa otdi. Otidan sakrab tushdi, otining soniga nayzasi bilan urdi. Ot qarorgohga qarab chopdi.
— Hay, o’sha sizni qo’rqoqlar!, — deb hayqirdi. Mana otimdan tushdim. Qilichimni otdim. Orqamda zirhim, qo’limda qalqonim yo’q. Ichingizda men bilan yakkama-yakka kurashadigan erkak yo’qmi?
Qal’aning to’siqlaridan qarab turganlar:
— Kimni hohlaysan?, — dedilar.
— Blas Sherini…
— U bu yerda yo’q….
— Undan ham ustun birontasini xohlayman!…
— Unday bo’lsa kut!
— …
Qal’aning oldida Qosim Voyvoda og’ir temir nayzasini yerga qadadi. Yumaloq soyasini ezib kutar, sabrsizlanardi. Yo’ldoshlari uzoqdan unga boqardilar. Qilgan ishi ham ahmoqlik edi. Chunki, qilichsiz, qalqonsiz, otsiz, zirhsiz hech jang qilib bo’ladimi? Ammo unga gap uqtirishning imkoni yo’q, chunki juda qaysar edi. Qaror bergan narsasidan qarshisida o’lim ko’rsa ham qaytmasdi. Qal’a eshigining g’ijirlashi eshitildi. Qora zirhli ot ustida qora zirhli bir dev ko’rindi. Yonida og’ir bir qilich osilgan, qo’lida qalin bir nayza tutardi. Bu dev, Jan Hobordanskiy edi. Dushman qo’shinida uning qadar quvvatli, uning qadar haybatli, uning qadar yirik jangchi hali yo’q edi. Yakkama-yakka kurashlarda hech kimsa uning qarshisiga chiqa olmasdi. Otini jilovladi va uni Qosim Voyvodaning ustiga qarab soldi. Bu otsiz, qilichsiz, zirhsiz Turkni otiga ezdirmoqchi bo’ldi. Qosim birdan nayzasini sug’urib orqasiga tisarildi. Hobordanskiyning oti ustiga kelar ekan egildi. Ot esa uning ustidan sakradi. Hobordanskiy otini orqaga qaytarib ustiga qarab takror haydar ekan Qosim Voyvoda o’rnidan sakrab turdi va nayzasi bilan unig ko’kragiga shunday sanchdiki…bir onda bu harb devi zirhlarini shaqqillab yerga dumaladi. Qalqoni bir tarafga, nayzasi bir tarafga uchdi. Bu yiqilishning dahshatidan hurkkan ot shataloq otib qochdi. Qosim Voyvoda yerda yotgan qo’tosga tashlangan chaqqon qoplon bolasiday raqibining utsiga tashlandi. Dubulg’asini tepasidan ushladi. Uzoqdan:”Yasha, yasha!” deya baqirgan yo’ldoshlari:
— Kallasini kes, kallasini kes!.. — deyishardi.
Qosim javob bermadi yana yelkasini siltadi. Hobordanskiyning temir zirhli keng yelkasini o’ng tizzasi bilan bostirib, qalin qo’llarini orqaga bukdi… Jigarini mo’ljallab bir nechta musht tushirdi. Har musht tushishida nayza zarbasi bilan ko’krak suyaklari ezilgan behush Hobordanskiy “Ah, ah” deb ingrardi. Og’zidan tarnovdan kelganday quyuq qon otilardi. Ingrashi kesilishi bilan Qosim Voyvoda hech narsa qilmaganday sovuqqonlik bilan o’rnidan turdi. Yerdan qilichini, nayzasini oldi. O’rtoglariga qarab yura boshladi. Qal’adan chiqqanlar Hobordanskiyning jasadiga qarab yugurdilar. Keksa zobit:
— Hay Qosim! Nimaga bu odamning kallasini kesmading?, — deb yelkasini siladi.
Narigi Voyvodalar ham atrofini o’radilar:
— Nimaga kesmading-a, nimaga kesmading?, — der edilar.
Qosim kulimsiradi. Qariyaga qaradi. Tambal lablarini zo’rg’a qimirlatib:
— Yigit maydonida o’lishga u loyiqmiki… — dedi.
So’ngra o’rtoqlariga burilib ilova qildi:
— Ortiq yashagan muddaticha qo’li qurol tutolmaydi. Uni yotoqqa ko’mdim. Dunyoda yotoqdan yanada azobli bir mozor bormi?
Haqiqatan Jan Hobordanskiy boshqa jang qilolmadi. Yillab yotoqda to’lg’ondi….O’rnidan turgan zamon u eski mudhish, quvvatli jangchi emas, hasta, mag’rur bir siyosatchi edi. Istambulga dushman tarafidan ilk marotaba u elchi bo’lib keldi. Vazirlarning anchagina yuragini siqdi. Nihoyat…yigit maydonida ham o’lmadi. Sulton Sulaymonning Vengriyaga qirol ta’yin qilgan Yanoshni o’ldirmoq uchun bir kun yashirincha Budapeshtga kirmoqchi bo’lganida ushlandi va qopga solinib Tuna daryosiga uloqtirildi…

Turk tilidan Zamira Hamidova tarjimasi

____________
* Maqtul Ibrahim Pasha — Mashhur turk generali
* Semendire — Serbiyadagi shahar.
* Yaycha — Bosniyadagi mashhur qal’a.
* “Qizil olma” — Usmonlilar tarafidan Rim va Avstriyaga berilgan nom.
* Fotih G’oziy — Fotih Sulton Muhammad, VII. Usmonli podishohi.
* Yortu kuni — Nasroniylarning Haz. Iso bilan bog’liq bayramlari.
* Vuryuzen — Serbiyadagi tarixiy yer.
* Manastir — Makedonyadagi shahar.
* Onado’li — Turkiyaning Osiyo qit’asida joylashgan qismi.

QASHLANG’ICH

Og‘il yonida o‘ynaganimizda, pastda, kumush rang tolning tagida ko‘rinmay oqayotgan soyning mahzun shildirashini eshitib turardik. Uyimiz ichki hovlining ulkan kashtan daraxtlari ortida ko‘rinmay ketardi. Onam Istambulga ketganlari uchun mendan bir yosh kichik ukam Hasan bilan ikkimiz Dadaruhning yonidan ketmas edik. Dadaruh dadamning otboqari, qari kishi edi. Otlarni yaxshi ko‘rganimiz uchun saharda uyg‘onishimiz bilanoq og‘ilga chopardik. Dadaruhning yonida bo‘lib, otlarni sug‘orib kelish, ularni minish zavq bag‘ishlardi. Hasan bo‘lsa qo‘rqar, yolg‘iz minolmasdi. Dadaruh otga minib uni oldiga o‘tqazib olardi. Xaltalarga arpa solish, yem to‘rvalarni o‘tga to‘ldirish, og‘ilni tozalash, go‘ng tashish — eng qiziq o‘yindan ham ortiq, bizning jonu dilimiz edi. Otlarni qashlashni aytmaysizmi? Eng zavqlisi shu edi! Dadaruh qo‘liga qashlag‘ichni olib, soat tovushiday qitirlata boshlashi bilan, tamom, joyimda turolmas, «Men ham qashlay» deb holi joniga qo‘ymasdim. Shunda Dadaruh meni To‘sin ismli otga mindirib, qo‘limga qashlag‘ichni berar va «Qani qashla!» derdi.
Bu temir asbobni yilqining terisiga qirtishlagan bo‘lardim, biroq o‘shanday qitirlagan tovushni maromiga yetkazib chiqarolmasdim.
— Quyrug‘ini likillatyaptimi?
— Ha likillatyapti.
— Qani bir ko‘ray…
Bo‘y cho‘zib qarasam ham otning sag‘risidan dumi ko‘rinmasdi. Har kuni ertalab og‘ilga kelishim bilan «Dadaruh, men qashlay», deb yalinardim.
— Yo‘q, uddalay olmaysan.
— Nima uchun?
— Hali yoshsan, shuning uchun!
— Eplay olaman!
— Katta bo‘lgin, keyin…
— E, qachon!
— Bo‘ying otga yetganida!

* * *

Og‘il yumushlaridan faqat otni qashlashni eplolmasdim. Bo‘yim otning qorniga ham yetmasdi-da! Holbuki, eng zavqli, eng zo‘r narsa shu edi. Qashlag‘ichdan chiqayotgan qitirlagan tovush To‘singa yoqayotganday quloqlarini qimirlatar, dumini shokiladay likillatardi. Qashlashni tugatay deb qolganda esa go‘yo, jahli chiqar, o‘shanday paytda Dadaruh «xo‘yt» deb sag‘risiga yengil tarsaki tushirardi va boshqa otni qashlay boshlardi.
Bir kuni uyda yolg‘iz qoldim. Hasan bilan Dadaruh soy yoqasiga tushib ketishgan. Otni qashlash istagi hech tinchlik bermasdi menga. Qashlag‘ichni qidirib topolmadim. Og‘il burchagida Dadaruhning darchasiz kulbasi bo‘lardi. Kulbaga kirib tokchani titkilay boshladim. Egarlarning orasini ham qaradim. Yo‘q. Hech qayerda yo‘q. Yotog‘ining tagida yashil taxtali sandiq turgan ekan. Uni ham ochdim. Nihoyat… Sevinchdan hayqirayozdim. Onamning bir hafta burun Istanbuldan yuborgan sovg‘alari orasida fakfon qashlag‘ichi yal-yal yonib turardi. Qashlag‘ichni oldimu To‘sinning yoniga yugurdim va qorniga ishqay bshladim. To‘sin negadir toqatsizlana boshladi. «Og‘riyapti chog‘i» deb o‘yladim. Kumushday tovlanayotgan bu chiroyli qashlag‘ichning tishlariga uzoq tikildim. Ko‘rinishdan juda o‘tkir. Tishlarini biroz o‘tmas qilish maqsadida devor toshiga ishqalay boshladim. Tishlari o‘tmas bo‘lib qolganidan so‘ng qashlag‘ichni yana sinab ko‘rmoqchi bo‘ldim. Baribir, otlar tinch turolmay bezovta bo‘lardi. Tutoqib ketdim. Alamimni qashlag‘ichdan olmoqchi bo‘lib, nariroqdagi buloq og‘ziga yugurdim. Qashlag‘ichni yaloq toshga qo‘ydimu yerdan tosh olib, ura boshladim. Istanbuldan yuborilgan, aftidan, Dadaruh ishlatishga ko‘zi qiymay, asrab yurgan bu chiroyli qashlag‘ichni ezib, yaloqning ichiga tashlab yubordim.
Ertalablari otam tashqariga chiqqanida og‘ilga kirib u yer-bu yerni ko‘zdan kechirardi. Men og‘ilda yolg‘iz edim. Hasan esa uyda, xizmatchimizning yonida edi. Otam buloqni tomosha qilayotib yaloq ichidagi singan qashlag‘ichni ko‘rib qoldi va Dadaruhga qarab baqirdi.
— Buyoqqa kel!
Nafasim tiqilib, qo‘rqib ketdim.
Otam singan qashlag‘ichni ilkiga tutib, buni kim qildi, deya Dadaruhdan so‘radi. Dadaruh taajjublanib:
— Bilmadim, — deb javob qildi.
Otamning ko‘zi menga tushishi bilan, hali so‘rab ulgurmagan ham edi men:
— Hasan, — dedim.
— Hasanmi?
— Ha, kecha Dadaruh uxlayotganda xonasiga kirib, sandig‘idan qashlag‘ichni oldi-da, yaloqning toshida ezdi.
— Nega Dadaruhni chaqirmading?
— Uxlayotgan edi.
— Qani, Hasanni chaqir!
Ichki hovlining eshigidan kirib, ixcham yo‘lkadan uy tomon chopdim, Hasanni chaqirdim. Hech gapdan xabari yo‘q Hasan orqamdan yugurib keldi.
Dadam qattiqqo‘l edilar, jahl bilan qarasalar yuragimiz yorilayozardi. Hasanga qarab:
— Yolg‘on gapirsang, tayoq yeysan! — dedilar.
— Yolg‘on gapirmayman.
— Yaxshi, qashlag‘ichni nega sindirding?
Hasan Dadaruhning qo‘lidagi uskunaga hayron bo‘lib qaradi. Keyin mallarang sochini o‘ynatib:
— Men sindirganim yo‘q, — dedi.
— Yolg‘on gapirma deyapman.
— Yo‘q, men sindirmadim.
Dadam yana takrorladi.
— To‘g‘risini aytsang, urishmayman, yolg‘on gapirish yomon odat.
Hasan o‘jarlik qilib, yo‘q deb turib oldi. Dadamning g‘azabi qaynab, Hasan tomon shaylanib bordi-da, uyatsiz, yolg‘onchi, deb tarsaki tortib yubordi. — «Buni ko‘zimdan daf qil, bu yerga yo‘lamasin, faqat Parvin bilan o‘tirsin», deya o‘shqirdi.
Dadaruh yig‘layotgan ukamni bag‘riga bosib, ichkariga olib ketdi.
O‘shandan buyon og‘ilda yolg‘iz o‘ynaydigan bo‘ldim. Hasan esa uydan chiqmaslikka mahkum qilingandi. Onam Istanbuldan qaytganlaridan keyin ham dadam Hasanni kechirmadilar. Unga ko‘zlari tushsa, yolg‘onchi, deb qo‘yardilar. Hasan yegan tarsakisini eslab yig‘lab yuborar, keyin o‘zini zo‘rg‘a bosib olardi. Bechora onam mening tuhmat qilganimni xayoliga ham keltirmas va «axmoq Dadaruh qashlag‘ichni otlarning tagida ezdirgan bo‘lmasin tag‘in?», deb qo‘yardi.
Kelasi yili yozda onam yana Istanbulga ketdilar. Biz yana yolg‘iz qoldik. Hasanning og‘ilga borishi hanuz man etilgandi. Kechalari yotganimizda otlarning ahvolini, toylarning katta bo‘lgan, bo‘lmaganini mendan so‘rab turardi. Bir kuni Hasan dabdurustdan kasal bo‘lib qoldi. Doktor olib kelish uchun shaharchaga odam jo‘natildi. Doktor ukamni tekshirib, yuqumli kasalga chalinganini aytdi. Buni eshitgan fermadagi xotinlar uyimizga kelib, bir nechta parrandaning boshini olib, ukamning bo‘yniga bog‘lab qo‘yishdi. Aytishlaricha, bunday eskicha irimni qilsa, tuzalib ketarmish.
Dadam ukamning yonidan sira ketolmadilar. Dadaruh ham g‘amgin bo‘lib qoldi. Parvin esa ho‘ng-ho‘ng yig‘lagani-yig‘lagan.
— Nega yig‘layapsiz? — deb so‘radim.
— Ukang kasal-ku…
— Tuzalib ketadi.
— Tuzalmaydi.
— Tuzalmasa nima bo‘ladi?
— Ukang o‘ladi.
— O‘ladimi?

* * *

Men ham yig‘lay boshladim. Ukam kasal bo‘lganidan beri meni Parvinning xonasiga ko‘chirishdi. O‘sha kecha hech uxlolmay chiqdim. Xayolga cho‘mishim bilan Hasan ko‘z o‘ngimda «Tuhmatchi! Tuhmatchi!», deya yig‘layotganday bo‘laverardi.
Parvinni uyg‘otdim.
— Hasanning yoniga boraman, — dedim.
— Nega?
— Dadamga aytadigan gapim bor.
— Nima gaping bor?
— Qashlag‘ichni men sindirgan edim, shuni aytmoqchiman.
— Qaysi qashlag‘ichni?
— O‘tgan yilgi. Hasanga to‘nkagan edim…
So‘zimni tugataolmadim. Ichimdan kelayotgan tug‘yonlar nafasimni bo‘g‘ib qo‘ydi. Yig‘lay-yig‘lay bo‘lgan voqeani Parvinga gapirib berdim. Hozir buni dadamga aytsam, Hasan ham eshitib, balki meni kechirar?
— Ertaga aytasan,— dedi Parvin.
—Yo‘q, hozir boraman.
— Hozir dadang uxlayapti, ertaga ertalab aytasan. Hasan ham uyquda. Ertaga uni quchoqlab, o‘pib, kechirim so‘rasang,kechiradi.
— Xo‘p, yaxshi.
— Qani endi, uxla!
Tonggacha ko‘zimga uyqu kelmadi. Tong oqara boshlaganida Parvinni uyg‘otdim. O‘rnimizdan turdik. Ichimni qiynayotgan azobdan bo‘shalish uchun shoshib borardim… Lekin, ming afsus, bu kecha bechora, gunohsiz ukamning joni uzilgan ekan.
Ayvonda qishloqning imomi bilan Dadaruh ko‘zda yosh bilan, dadamning tashqariga chiqishini kutib turardilar.

Turkchadan Lola Aminova tarjimasi.

Umar Sayfiddinnig «Badal» kitobini mutolaa qiling
09

хдк

(Tashriflar: umumiy 52, bugungi 1)

Izoh qoldiring