Usmon Nosir. She’rlar & Abdulla Oripov. Usmon Nosir haqida so’z

Ashampoo_Snap_2016.10.12_22h19m36s_002_.png13-ноябрь — Усмон Носир таваллуд топган кун

    Усмон Носир деганда биз кимни тушунамиз. У шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдиргувчи оловдир. Шоирнинг ғоят қисқа умрига назар солган киши жуда узоқ ўйларга толиши шубҳасиздир. Чунки бу чақмоқдек умрда бениҳоя катта имкониятлар ёниб кетганлигини кўриб ва ҳис қилиб турасиз.

Абдулла ОРИПОВ
УСМОН НОСИР ҲАҚИДА СЎЗ
02

003Аёнки биз тенги авлод Усмон Носирни кўрган эмас. Лекин шоирнинг ижодий йўли, ҳаёти ва тақдири барчамизга яхши маълумдир. Унинг умри ғоят долғали ва шарафли тарихий даврга дуч келди. Мамлакатда социалистик ўзгаришлар батамом қарор топаётган йиллар, ўзига хос қийинчиликлар, энг муҳими, янги замоннинг сурури шоир ва граждан сифатида Усмон Носир авлодини шакллантирган омиллардир. Шоир ҳақида сўз юритишга, энг аввало, унинг ижоди асос бўлади. Замондошларининг хотиралари, турли савиядаги тадқиқотлар, тушунтиришлар ёхуд фаразлар шоир ижодидан келиб чиқадиган бевосита таассуротни сира ўзгартиролмайди. Шу маънода бизнинг қаршимизда Усмон Носирнинг ўзи, унинг ижоди ягона ва асл манба сифатида турибди.

Хўш, шоир ижоди билан танишиб чиққанда бизда уйғонадиган биринчи таассурот нима? Усмон Носир, шубҳасиз, йирик истеъдод эгаси. Шу ўринда умуман шоирлар ҳақида баъзи хулосаларни, муқоясаларни айтиб ўтсак ўринли бўлар. Ҳа, адабиётда ҳамиша икки тоифа ижодкорлар давр суриб келганлар. Улардан биринчиси, таъбир жоиз бўлса, косиблардир. Косиблар кимлар? Улар шеъриятда умуман қандай мақомда намоён бўладилар? Адабиётдаги косиб фақатгина ўз истак ва орзуларига кўра, балки тирикчилик тақозоси туфайли ёхуд ном қозониб яшаш иштиёқида қўлига қалам олади. Баъзилари эса бу соҳага мутлақо тасодиф туфайли аралашиб қолган омадсиз меҳнаткашлар бўлиб чиқади. Нима бўлган тақдирда ҳам, қанчалик яшовчан бўлса-да, адабиётда косиблик унинг соҳибига обрў келтирган эмас. Иккинчи тоифа эса, қалб амри билан ижод қилувчи, ўзи ёққан алангада ўзи қоврилувчи, чексиз машаққатли меҳнатдан ҳузур ва ҳаловат олгувчи, қисқаси, ижодни қисмат деб билгувчи шахслардир. Уларни кўпинча туғма истеъдод эгалари деб ҳам аташади. Туғма истеъдодни, албатта, фақат стихиядан иборат ҳолат деб тушуниш нотўғридир. Ҳақиқий қалб эгаси ўз фуқаролик даражасини, билим ва қувваи ҳофизасини муттасил кенгайтирган ҳолдагина тарих учун зарур санъаткорга айланиши мумкин. Биз бугун сўз юритаётган шоир Усмон Носир табиатнинг бениҳоя муруввати туфайли дунёга келган ана шундай истеъдод эгаси эди.

Усмон Носир деганда биз кимни тушунамиз. У шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдиргувчи оловдир. Шоирнинг ғоят қисқа умрига назар солган киши жуда узоқ ўйларга толиши шубҳасиздир. Чунки бу чақмоқдек умрда бениҳоя катта имкониятлар ёниб кетганлигини кўриб ва ҳис қилиб турасиз. Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир. Унинг шеърлари кўз каби тирик, жонли, тутқич бермас ҳаёт пораларидир.

Боғларга намозгар салқини тушди,
Гуллар нам баргини қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил ўт-шафақ ўчди.

Бу каби сатрлар Усмон Носирнинг умуман шеърий қиёфасини, поэтик оҳангини белгилайди, десак хато бўлмас. Усмон Носир нималарни куйлаб ўтди? Унинг идеали нима эди? Усмон Носир қолдирган адабий мерос бизга шу ҳақда гувоҳлик берадики, у ўз сафдошлари қаторида янги даврга ичдан танқидий қаради. Шеърларида ўксик болалик йилларини ёки кескин курашларда қатнаша олмаганлигини гапириши шоирнинг ижтимоий нуқтаи назари ҳақида тўла тасаввур беради. У ёзади:

Кеч туғилдим, аммо қола олмадим
Икки бўлак йўлнинг
Аросатида.

Ҳар бир сўзим синфий,
Фалсафий фард,
Синфий онг ётади фаросатимда.

Ушбу сатрлар, албатта, шоирнинг иқрорномасидир. Айни пайтда шуни эслатиб ўтмоқ лозимки, ҳаётнинг теран қатламларига эндигина кириб бораётган Усмон Носир ҳали уни батамом тадқиқ этишга улгурмаган эди. Ҳар қандай катга ва ўзига хос истеъдод эгаларида бўлгани каби унинг ҳам бетакрор услуби мавжуд эдики, биз бу услубда бирмунча романтик кайфият устунлигини кузатамиз. Аслида ҳам, ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларни тадқиқ этиш ўша воқеа ва ҳодисаларни шеърхонга такрор айтиб беришдангина иборат эмас. Ҳаёт ҳодисалари қалбимизда уйғотадиган таассуротлар ва кайфиятларни ифодалаш шеъриятда гражданлик маъносини билдиради. Шунга кўра, ҳаёт нечоғли ранг-баранг бўлса, шоирнинг ундан орттирган таассуротлари ҳам шу қадар ранг-барангдир. Агар шоир бир шеърида тирикликнинг чексиз машаққатларидан дили озор топган шикаста зот сифатида кўринса, сира ҳам ажабланмаслик керак. Одам боласи то ҳануз номукаммал экан, то ҳануз ёруғ идеаллар учун кураш олиб борар эканмиз, инсонлар феъл-атворидаги қусурлардан бир лаҳза ҳам кўз юммаслигимиз шарт.

Афсуски, ёвузликнинг шакл-шамойили жуда ҳам турфа, кўриниши ғоят ранг-барангдир. Масалан, биргина ичиқоралик, машъум ҳасад қанчадан-қанча истеъдод эгаларининг бошига кулфат солмаган. Биз бундай ҳолларда нарсаларни ўз номи билан атаб, кулфат учун тарихдан бурун машъум кимсаларни дадил айблашимиз зарур. Усмон Носирнинг латиф ва самимий, гоҳ эса ўйчан, лекин ҳамиша мароқли шеъриятини кўздан кўчирган киши ҳар қалай теран ўйларга чўмади. Шоирга умр вафо қилиб, агар у узоқроқ яшаганда бизга нечоғли қадрли асарлар яратиб бериши мумкин эди, деган фикр хаёлимиздан кечади. Унинг бизга қолдирган ҳозирги мавжуд меросидан ҳам ажиб бир қониқиш ҳосил қиламиз. Усмон Носир шеърларини ўқиганимизда баъзи шоирларнинг мудроқ ва ғализ ижодиёти тарих учун нечоғли нозарур эканлигини пайқаб қоламиз. Бу ҳам Усмон Носир ижодининг авлодлар учун ибратли жиҳатларидан биридир. Биз бугунги кунда Усмон Носирнинг таржимонлик фаолиятини ҳам зўр мамнуният билан тилга оламиз. Улуғ рус адабиётининг иккита энг кўркам достони — “Демон”, “Боғчасарой фантани” унинг таржимасида жаранглаб турибди. Биз Усмон Носирни қадрлаймиз. Чунки у шеъриятнинг табаррук, муқаддас даргоҳида анвойи бир чаманзор, сира хазон бўлмайдиган мўъжаз боғ яратиб кетди.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1983 йил, 18 март.

Усмон Носир
ШЕЪРЛАР
02

ЮРАК

Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.

Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан,
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.

Сен, эй сен — ўйноқи дилбар,
Зафардан изла ёрингни.
Тўлиб қайна, тошиб ўйна,
Тирикман, куйла борингни!

Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам!

ШЕЪРИМ

Сен юрагимнинг чашма суви сен,
Сен кўзларимнинг гавҳар нурлари.
Сенинг баҳонгни ким сўраса, де:
“Баҳом умрингнинг баҳосига тенг!”

1933, Самарқанд

МОНОЛОГ

Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдай тилиб кўксудан,
Ким қалбида қонлар тўкмаган?

Сени яхши биламан, гўзал,
Петраркани ўқиганим бор,
Буюк Римнинг Самфоси азал
Хаёлимни ошиқдай тортар.

Биламанки, Тассо бечора
Роҳат кўрмай ўтган бир умр.
Эй маккора қиз, Леонора,
Номи қора билан ёзилгур!..

Балки, гулдан яралган пари,
Тош кўнгилли Биатриче –
«Гадосан!» деб қочмаса нари
Данте бахтли бўларди пича?!

Балки, Ҳамлет ойдин тунларда
Офелияни эркалатарди,
Балки, узун сочини силаб
Азонгача эртак айтарди.

Агар хиёнатни билмаса,
Эзмаса фожиа юрагин!
Йўқ. Йўқ, шоир! Гар шундай бўлса
Шекспирнинг йўқдир кераги!

Дездемона, гуноҳсиз дилбар,
Жигар қонларингни ичган ким?
Биламан – Отелло, биламан…
Отелло ҳақлими?.. Шоир жим!..

Жим!.. Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Парча–парча куйган шафақлар
Тирқираган қонни эслатди!

Қандай қўрқинч! Қандай қабоҳат!
Мумкин эмас ҳеч қийналмасдан!
Ақлидан озганми муҳаббат?
Мумкин эмас қарши турмасдан!

Мумкин эмас, эй олийжаноб,
Неча юракни айлаб хароб,
Шоҳона тож кийган муҳаббат,
Мумкин эмас! Қандай қабоҳат,

Ки одамнинг ўзингинамас,
Ҳиссини ҳам хароб қилса давр!
Қийналаман!.. Юрагимда ҳовур –
Бу қаршилик! Ён! Гина эмас.
Бу қаршилик! Кўринг тарихни –

Парвонадек қаноти куйган.
Бу қаршилик! Кўринг тарихни –
Умр тепасида мушт туйган…
Қийналаман виждон билан ман –
Мумкин эмас қарши турмасдан

Ўз зиммамга катта иш олдим;
Эҳтимолки, тамом қилмасдан –
Умрим тугар. Аммо бўлмайди
(Кўнглим ўрнига ҳеч тушмайди!)
Сенга қарши бош кўтармасдан,
Асрларни йиғлатган севги!!!

Ҳаёт ҳали менинг олдимда,
Ақлим ўсар, фикрим юксалар.
Аммо кўрганларим ёдимда,
Ҳаммаси ҳам бутунлай қолар.

Ўша пайтда қайсиси кулги,
Қайси бири берар ҳаяжон.
Бу шеъримнинг боиси шулки:
Фикр – бола, бола – ўсувчан!

1934

ЯНА ШЕЪРИМГА
Сонет

Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.

Юрагимнинг дарди — нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.

Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.
Бутун умрим сенинг бўйнингда.

Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен — Мажнунман, шеърим, сен — Лайли!

БОҒИМ

О, у қандай фусункор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим!

Шеърларим янграб қолур —
Бир умрга ўлмайман!
Ҳаётимнинг давоми —
Келажагимга ҳомий,
Ўрнимга боғбон бўлур —
Бир умрга ўлмайман!

О, у қандай давомдор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

ЮРГАНМИСИЗ БИРГА ОЙ БИЛАН

Юрганмисиз бирга ой билан
Оқшом пайти кўм-кўк ўрмонда?
Майсаларга шабнам қўнганда,
Шундай яхши тинч бўлар экан.

Шитир-шитир ўйнар шаббода,
Барглар мусиқаси бир ширин…
Ҳаво гўё тиниқ, соф бода —
Кўнгил сезар ҳаётнинг сирин.

Мен маст бўлиб қолдим бу кеча,
Сил ўпкамни анча яйратдим.
Ухламасдан то тонг отгунча
Дилгинамни роса сайратдим.

ДЕНГИЗ ОЙНА КАБИ

Денгиз ойна каби ялтирар,
Тўлқинларга суқим оқади.
Оққуш мунгли-мунгли оҳ урар,
Ҳазин куйи дилга ёқади.

Ўтираман — кўнглим осуда,
Бошим узра барглар шитрайди.
Соялари лиммо-лим сувда
Танга-танга бўлиб титрайди.

Қандай яхши, кечқурун ёлғиз
Юрсанг, кўнгил асти тўймаса,
Ой гўёки паришонхол қиз,
Сочларини ёзиб ўйнаса…

МОНОЛОГ

Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдай тилиб кўксудан,
Ким қалбида қонлар тўкмаган?

Сени яхши биламан, гўзал
Петраркани ўқиганим бор,
Буюк Римнинг Самфоси азал
Хаёлимни ошиқдай тортар.

Биламанки, Тассо бечора
Роҳат кўрмай ўтган бир умр.
Эй,маккора қиз, Леонора,
Номи қора билан ёзилгур!..

Балки, гулдан яралган пари,
Тош кўнгилли Биатричи —
«Гадосан!» деб қочмаса нари
Данте бахтли бўларди пичи?!

Балки Ҳамлет ойдин тунларда
Офелияни эркалатарди,
Балки узун сочини силаб
Азонгача эртак айтарди.

Агар хиёнатни билмаса,
Ёзмаса фожиа юрагин!
Йўқ, йўқ, шоир! Гар шундай бўлса
Шекспирнинг йўқдир кераги!

Дездемона, гуноҳсиз дилбар,
Жигар қонларингни ичган ким?
Биламан — Отелло, биламан…
Отелло ҳақлими?.. Шоир жим!..

Жим!.. Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Парча-парча куйган шафақлар
Тирқираган қонни эслатди!

Қандай қўрқинч! Қандай қабоҳат!
Мумкин эмас ҳеч қийналмасдан!
Ақлидан озганми муҳаббат?
Мумкин эмас, қарши турмасдан!

Мумкин эмас, эй олий жаноб,
Неча юракни айлаб хароб,
Шоҳона тож кийган муҳаббат,
Мумкин эмас! Қандай қабоҳат,

Ки, одамнинг ўзингинамас,
Ҳиссини ҳам хароб қилса давр!
Қийналаман!.. Юрагимда ҳавр —
Бу қаршилик! Ён! Гина эмас.

Бу қаршилик! Кўринг тарихни —
Парвонадек қаноти куйган.
Бу қаршилик! Кўринг тарихни —
Умр тепасида мушт туйган…

Қийналаман виждон билан ман —
Мумкин эмас қарши турмасдан
Ўз зиммамга катта иш олдим;
Эҳтимолки, тамом қилмасдан —

Умрим тугар. Аммо бўлмайди
(Кўнглим ўрнига ҳеч тушмайди!)
Сенга қарши бош кўтармасдан,
Асрларни йиғлатган севги!

БОҒИМ

О, у қандай фусункор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим!

Шеърларим янграб қолур…
Бир умрга ўлмайман!
Ҳаётимнинг давоми –
Келажагимга ҳомий,
Ўрнимга боғбон бўлур:
Бир умрга ўлмайман!

О, у қандай давомдор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман:
Кўнглимда яшнар баҳор…
Нур билан тўлган бутун.

1935

НАСИМАГА ДЕГАНИМ

Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас,
Кўп ҳали ҳаётдан насибам.
Силлигим безарар, ҳеч гапмас,
Борини кўраман, Насимам,
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас!

Олдимда кутадир имтиҳон –
Мен оғир жангларда бўларман.
Насима! Бу кунги иссиқ қон,
О, балки тўкилур… ўларман…
Олдимда кутадир имтиҳон!

Ўйланиб кўзингга қарасам,
Иккита денгиздай кўринур…
Насима! Ичаман рост қасам,
Оловдек ловуллаб дил ёнур,
Бахтлиман жангларга ярасам!

1935

ЙЎЛЧИ

Йўлчиман, манзилим денгиздан нари,
Ложувард уфқнинг тубига яқин.
Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,
Чайқалар; кўзларим тикилган сари.
О, йўллар!..

Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!
Муродга қасд қилб югурган етур.
Бўронни севмаса, дил нечун тепур?
Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!
Чу, қора йўрғам!

1935

ДЕНГИЗГА

Оқ денгиз, яхши қол! Яхши қол, Шимол!
Кўнглимда ишқингни олиб қайтаман.
Сочимни ўйнайди муздек шўх шамол,
Мен унга дардимни қандай айтаман?

Кечқурун қирғоқда айланиб танҳо
Севдим, севиб қолдим тўлқинларингни.
Ойни чўмилтирган тинч тунларингни
Тушимда кўрганда не қиларман, о?

Ўйнагил сўнг марта, чайқал, эркалан!
Армоним қолмасин кетар олдимда.
Бағрингда балиқдай юзган оқ елкан
Бир умр сайр этгай менинг ёдимда…

Яхши қол, эркин сув! Яхши қол, денгиз!
Тўлқинлар, қўйнимга қиздай кирдингиз…

Оқ денгиз, 1935

БАҒИШЛОВ

(«Нахшон» достонидан)

Боғларга намозгар
Салқини тушди,
Гуллар нам баргини
Қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
Тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил
Ўт шафақ ўчди.

Кўз тутдим
Кўзларим нигорон бўлди;
О, дилбар,
Симбарим, юзлари қирмиз.
Киприги кўксига
Соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди.

Шаббода боларидай
Гулзор узра шўх Ой фонарини
Ёқди — қиз оқшом, Яша!
Сен келдинг,
Севгилим, Нахшон,
Сув қизи — сувсарим,
Киприклари ўқ.
Сен келдинг,
Кўнглимга сув каби окдинг.

Сен келдинг —
Руҳимда яшаш бошланди,
Севинчдан кўзларим
Беҳол ёшланди.
Сен келдинг,
Шеъримга чечаклар тақдинг.
Сен келдинг,
Ваъдага вафодор малак,
Оппоқ қўлингними
Сийпалаб ўпай?
Қора сочингними
Сийпалаб ўрай?
Ваъда этайинми,
Сенга деб фалак?

Арзирди
Фалакни этсам ҳадя,
Афсус…
Фазо менга ҳали қул эмас,
Майли… боримни
Айлай армуғон.
Гарчи у
Ажойиб, асл гул эмас,
Нахшон, эй ёшлигим,
Севгалим, ма, ол!

Ишқимнинг энг олий
Туҳфаси шеърим.
Ўқи!
Лабларингдан тўйиб эмгани,
Шеъримга беркинди
Атайлаб меҳрим.

1934, Ереван – Самарқанд.

Саҳифани безашда (оралиқда) рассом Азиза Маматова чизган Усмон Носир портретидан фойдаландик.

poet_usmon_nasyr_1990g_2.jpg13-noyabr — Usmon Nosir tavallud topgan kun

Abdulla ORIPOV
USMON NOSIR HAQIDA SO’Z
02

003Ayonki biz tengi avlod Usmon Nosirni ko’rgan emas. Lekin shoirning ijodiy yo’li, hayoti va taqdiri barchamizga yaxshi ma’lumdir. Uning umri g’oyat dolg’ali va sharafli tarixiy davrga duch keldi. Mamlakatda sotsialistik o’zgarishlar batamom qaror topayotgan yillar, o’ziga xos qiyinchiliklar, eng muhimi, yangi zamonning sururi shoir va grajdan sifatida Usmon Nosir avlodini shakllantirgan omillardir. Shoir haqida so’z yuritishga, eng avvalo, uning ijodi asos bo’ladi. Zamondoshlarining xotiralari, turli saviyadagi tadqiqotlar, tushuntirishlar yoxud farazlar shoir ijodidan kelib chiqadigan bevosita taassurotni sira o’zgartirolmaydi. Shu ma’noda bizning qarshimizda Usmon Nosirning o’zi, uning ijodi yagona va asl manba sifatida turibdi.

Xo’sh, shoir ijodi bilan tanishib chiqqanda bizda uyg’onadigan birinchi taassurot nima? Usmon Nosir, shubhasiz, yirik iste’dod egasi. Shu o’rinda umuman shoirlar haqida ba’zi xulosalarni, muqoyasalarni aytib o’tsak o’rinli bo’lar. Ha, adabiyotda hamisha ikki toifa ijodkorlar davr surib kelganlar. Ulardan birinchisi, ta’bir joiz bo’lsa, kosiblardir. Kosiblar kimlar? Ular she’riyatda umuman qanday maqomda namoyon bo’ladilar? Adabiyotdagi kosib faqatgina o’z istak va orzulariga ko’ra, balki tirikchilik taqozosi tufayli yoxud nom qozonib yashash ishtiyoqida qo’liga qalam oladi. Ba’zilari esa bu sohaga mutlaqo tasodif tufayli aralashib qolgan omadsiz mehnatkashlar bo’lib chiqadi. Nima bo’lgan taqdirda ham, qanchalik yashovchan bo’lsa-da, adabiyotda kosiblik uning sohibiga obro’ keltirgan emas. Ikkinchi toifa esa, qalb amri bilan ijod qiluvchi, o’zi yoqqan alangada o’zi qovriluvchi, cheksiz mashaqqatli mehnatdan huzur va halovat olguvchi, qisqasi, ijodni qismat deb bilguvchi shaxslardir. Ularni ko’pincha tug’ma iste’dod egalari deb ham atashadi. Tug’ma iste’dodni, albatta, faqat stixiyadan iborat holat deb tushunish noto’g’ridir. Haqiqiy qalb egasi o’z fuqarolik darajasini, bilim va quvvai hofizasini muttasil kengaytirgan holdagina tarix uchun zarur san’atkorga aylanishi mumkin. Biz bugun so’z yuritayotgan shoir Usmon Nosir tabiatning benihoya muruvvati tufayli dunyoga kelgan ana shunday iste’dod egasi edi.

Usmon Nosir deganda biz kimni tushunamiz. U shunday iste’dod egasiki, bamisoli tekkan joyini kuydirguvchi olovdir. Shoirning g’oyat qisqa umriga nazar solgan kishi juda uzoq o’ylarga tolishi shubhasizdir. Chunki bu chaqmoqdek umrda benihoya katta imkoniyatlar yonib ketganligini ko’rib va his qilib turasiz. Usmon Nosir ulug’ va abadiy she’riyatning diydasidan oqib ulgurmagan shabnamdir, u hali qahqahaga aylanmay lablarimizda manguga qotib qolgan nim tabassumdir. Uning she’rlari ko’z kabi tirik, jonli, tutqich bermas hayot poralaridir.

Bog’larga namozgar salqini tushdi,
Gullar nam bargini qayirdi asta.
Oftob ham suv ichar tog’lardan pastda,
Loladek qip-qizil o’t-shafaq o’chdi.

Bu kabi satrlar Usmon Nosirning umuman she’riy qiyofasini, poetik ohangini belgilaydi, desak xato bo’lmas. Usmon Nosir nimalarni kuylab o’tdi? Uning ideali nima edi? Usmon Nosir qoldirgan adabiy meros bizga shu haqda guvohlik beradiki, u o’z safdoshlari qatorida yangi davrga ichdan tanqidiy qaradi. She’rlarida o’ksik bolalik yillarini yoki keskin kurashlarda qatnasha olmaganligini gapirishi shoirning ijtimoiy nuqtai nazari haqida to’la tasavvur beradi. U yozadi:

Kech tug’ildim, ammo qola olmadim
Ikki bo’lak yo’lning
Arosatida.

Har bir so’zim sinfiy,
Falsafiy fard,
Sinfiy ong yotadi farosatimda.

Ushbu satrlar, albatta, shoirning iqrornomasidir. Ayni paytda shuni eslatib o’tmoq lozimki, hayotning teran qatlamlariga endigina kirib borayotgan Usmon Nosir hali uni batamom tadqiq etishga ulgurmagan edi. Har qanday katga va o’ziga xos iste’dod egalarida bo’lgani kabi uning ham betakror uslubi mavjud ediki, biz bu uslubda birmuncha romantik kayfiyat ustunligini kuzatamiz. Aslida ham, hayotdagi voqea va hodisalarni tadqiq etish o’sha voqea va hodisalarni she’rxonga takror aytib berishdangina iborat emas. Hayot hodisalari qalbimizda uyg’otadigan taassurotlar va kayfiyatlarni ifodalash she’riyatda grajdanlik ma’nosini bildiradi. Shunga ko’ra, hayot nechog’li rang-barang bo’lsa, shoirning undan orttirgan taassurotlari ham shu qadar rang-barangdir. Agar shoir bir she’rida tiriklikning cheksiz mashaqqatlaridan dili ozor topgan shikasta zot sifatida ko’rinsa, sira ham ajablanmaslik kerak. Odam bolasi to hanuz nomukammal ekan, to hanuz yorug’ ideallar uchun kurash olib borar ekanmiz, insonlar fe’l-atvoridagi qusurlardan bir lahza ham ko’z yummasligimiz shart.

Afsuski, yovuzlikning shakl-shamoyili juda ham turfa, ko’rinishi g’oyat rang-barangdir. Masalan, birgina ichiqoralik, mash’um hasad qanchadan-qancha iste’dod egalarining boshiga kulfat solmagan. Biz bunday hollarda narsalarni o’z nomi bilan atab, kulfat uchun tarixdan burun mash’um kimsalarni dadil ayblashimiz zarur. Usmon Nosirning latif va samimiy, goh esa o’ychan, lekin hamisha maroqli she’riyatini ko’zdan ko’chirgan kishi har qalay teran o’ylarga cho’madi. Shoirga umr vafo qilib, agar u uzoqroq yashaganda bizga nechog’li qadrli asarlar yaratib berishi mumkin edi, degan fikr xayolimizdan kechadi. Uning bizga qoldirgan hozirgi mavjud merosidan ham ajib bir qoniqish hosil qilamiz. Usmon Nosir she’rlarini o’qiganimizda ba’zi shoirlarning mudroq va g’aliz ijodiyoti tarix uchun nechog’li nozarur ekanligini payqab qolamiz. Bu ham Usmon Nosir ijodining avlodlar uchun ibratli jihatlaridan biridir. Biz bugungi kunda Usmon Nosirning tarjimonlik faoliyatini ham zo’r mamnuniyat bilan tilga olamiz. Ulug’ rus adabiyotining ikkita eng ko’rkam dostoni — “Demon”, “Bog’chasaroy fantani” uning tarjimasida jaranglab turibdi. Biz Usmon Nosirni qadrlaymiz. Chunki u she’riyatning tabarruk, muqaddas dargohida anvoyi bir chamanzor, sira xazon bo’lmaydigan mo»jaz bog’ yaratib ketdi.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 1983 yil, 18 mart.

Usmon Nosir
SHE’RLAR
02

YURAK

Yurak, sensan mening sozim,
Tilimni nayga jo’r etding.
Ko’zimga oyni berkitding,
Yurak, sensan ishqibozim.

Senga tor keldi bu ko’krak,
Sevinching toshdi qirg’oqdan,
Tilim charchar, ajab, gohi
Seni tarjima qilmoqdan.

Sen, ey sen — o’ynoqi dilbar,
Zafardan izla yoringni.
To’lib qayna, toshib o’yna,
Tirikman, kuyla boringni!

Itoat et!
Agar sendan
Vatan rozi emas bo’lsa,
Yoril, chaqmoqqa aylan sen,
Yoril! Mayli, tamom o’lsam!

SHE’RIM

Sen yuragimning chashma suvi sen,
Sen ko’zlarimning gavhar nurlari.
Sening bahongni kim so’rasa, de:
“Bahom umringning bahosiga teng!”

1933, Samarqand

MONOLOG

Sevgi! Sening shirin tilingdan
Kim o’pmagan, kim tishlamagan?
Darding yoyday tilib ko’ksudan,
Kim qalbida qonlar to’kmagan?

Seni yaxshi bilaman, go’zal,
Petrarkani o’qiganim bor,
Buyuk Rimning Samfosi azal
Xayolimni oshiqday tortar.

Bilamanki, Tasso bechora
Rohat ko’rmay o’tgan bir umr.
Ey makkora qiz, Leonora,
Nomi qora bilan yozilgur!..

Balki, guldan yaralgan pari,
Tosh ko’ngilli Biatriche –
«Gadosan!» deb qochmasa nari
Dante baxtli bo’lardi picha?!

Balki, Hamlet oydin tunlarda
Ofeliyani erkalatardi,
Balki, uzun sochini silab
Azongacha ertak aytardi.

Agar xiyonatni bilmasa,
Ezmasa fojia yuragin!
Yo’q. Yo’q, shoir! Gar shunday bo’lsa
Shekspirning yo’qdir keragi!

Dezdemona, gunohsiz dilbar,
Jigar qonlaringni ichgan kim?
Bilaman – Otello, bilaman…
Otello haqlimi?.. Shoir jim!..

Jim!.. Ufqdan botar quyoshni
Shart kesilgan boshga o’xshatdim.
Parcha–parcha kuygan shafaqlar
Tirqiragan qonni eslatdi!

Qanday qo’rqinch! Qanday qabohat!
Mumkin emas hech qiynalmasdan!
Aqlidan ozganmi muhabbat?
Mumkin emas qarshi turmasdan!

Mumkin emas, ey oliyjanob,
Necha yurakni aylab xarob,
Shohona toj kiygan muhabbat,
Mumkin emas! Qanday qabohat,

Ki odamning o’zinginamas,
Hissini ham xarob qilsa davr!
Qiynalaman!.. Yuragimda hovur –
Bu qarshilik! Yon! Gina emas.
Bu qarshilik! Ko’ring tarixni –

Parvonadek qanoti kuygan.
Bu qarshilik! Ko’ring tarixni –
Umr tepasida musht tuygan…
Qiynalaman vijdon bilan man –
Mumkin emas qarshi turmasdan

O’z zimmamga katta ish oldim;
Ehtimolki, tamom qilmasdan –
Umrim tugar. Ammo bo’lmaydi
(Ko’nglim o’rniga hech tushmaydi!)
Senga qarshi bosh ko’tarmasdan,
Asrlarni yig’latgan sevgi!!!

Hayot hali mening oldimda,
Aqlim o’sar, fikrim yuksalar.
Ammo ko’rganlarim yodimda,
Hammasi ham butunlay qolar.

O’sha paytda qaysisi kulgi,
Qaysi biri berar hayajon.
Bu she’rimning boisi shulki:
Fikr – bola, bola – o’suvchan!

1934

YANA SHE’RIMGA
Sonet

She’rim! Yana o’zing yaxshisan,
Boqqa kirsang, gullar sharmanda.
Bir men emas, hayot shaxsisan,
Jonim kabi yashaysan manda.

Yuragimning dardi — naqshisan,
Qilolmayman seni hech kanda!
O’t bo’lurmi ishqi yo’q tanda?
Dardimsanki, she’rim yaxshisan.

Sen orada ko’prik bo’lding-da,
Geyne bilan o’rtoq tutindim.
Lermontovdan ko’mak o’tindim.
Butun umrim sening bo’yningda.

Saharda qon tupursam, mayli.
Men — Majnunman, she’rim, sen — Layli!

BOG’IM

O, u qanday fusunkor!
Nur bilan to’lgan butun.
Gullari chaman-chaman,
Men ularni ichaman:
Ko’nglimda yashnar bahor…
Nur bilan to’lgan butun.

Bargdek uzilib ketsam,
Unutmas meni bog’im:
Ishimni hurmat qilur,
Gullardan haykal qurur.
Ming yillardan keyin ham
Unutmas meni bog’im!

She’rlarim yangrab qolur —
Bir umrga o’lmayman!
Hayotimning davomi —
Kelajagimga homiy,
O’rnimga bog’bon bo’lur —
Bir umrga o’lmayman!

O, u qanday davomdor!
Nur bilan to’lgan butun.
Gullari chaman-chaman,
Men ularni ichaman:
Ko’nglimda yashnar bahor…
Nur bilan to’lgan butun.

YURGANMISIZ BIRGA OY BILAN

Yurganmisiz birga oy bilan
Oqshom payti ko’m-ko’k o’rmonda?
Maysalarga shabnam qo’nganda,
Shunday yaxshi tinch bo’lar ekan.

Shitir-shitir o’ynar shabboda,
Barglar musiqasi bir shirin…
Havo go’yo tiniq, sof boda —
Ko’ngil sezar hayotning sirin.

Men mast bo’lib qoldim bu kecha,
Sil o’pkamni ancha yayratdim.
Uxlamasdan to tong otguncha
Dilginamni rosa sayratdim.

DENGIZ OYNA KABI

Dengiz oyna kabi yaltirar,
To’lqinlarga suqim oqadi.
Oqqush mungli-mungli oh urar,
Hazin kuyi dilga yoqadi.

O’tiraman — ko’nglim osuda,
Boshim uzra barglar shitraydi.
Soyalari limmo-lim suvda
Tanga-tanga bo’lib titraydi.

Qanday yaxshi, kechqurun yolg’iz
Yursang, ko’ngil asti to’ymasa,
Oy go’yoki parishonxol qiz,
Sochlarini yozib o’ynasa…

MONOLOG

Sevgi! Sening shirin tilingdan
Kim o’pmagan, kim tishlamagan?
Darding yoyday tilib ko’ksudan,
Kim qalbida qonlar to’kmagan?

Seni yaxshi bilaman, go’zal
Petrarkani o’qiganim bor,
Buyuk Rimning Samfosi azal
Xayolimni oshiqday tortar.

Bilamanki, Tasso bechora
Rohat ko’rmay o’tgan bir umr.
Ey,makkora qiz, Leonora,
Nomi qora bilan yozilgur!..

Balki, guldan yaralgan pari,
Tosh ko’ngilli Biatrichi —
«Gadosan!» deb qochmasa nari
Dante baxtli bo’lardi pichi?!

Balki Hamlet oydin tunlarda
Ofeliyani erkalatardi,
Balki uzun sochini silab
Azongacha ertak aytardi.

Agar xiyonatni bilmasa,
Yozmasa fojia yuragin!
Yo’q, yo’q, shoir! Gar shunday bo’lsa
Shekspirning yo’qdir keragi!

Dezdemona, gunohsiz dilbar,
Jigar qonlaringni ichgan kim?
Bilaman — Otello, bilaman…
Otello haqlimi?.. Shoir jim!..

Jim!.. Ufqdan botar quyoshni
Shart kesilgan boshga o’xshatdim.
Parcha-parcha kuygan shafaqlar
Tirqiragan qonni eslatdi!

Qanday qo’rqinch! Qanday qabohat!
Mumkin emas hech qiynalmasdan!
Aqlidan ozganmi muhabbat?
Mumkin emas, qarshi turmasdan!

Mumkin emas, ey oliy janob,
Necha yurakni aylab xarob,
Shohona toj kiygan muhabbat,
Mumkin emas! Qanday qabohat,

Ki, odamning o’zinginamas,
Hissini ham xarob qilsa davr!
Qiynalaman!.. Yuragimda havr —
Bu qarshilik! Yon! Gina emas.

Bu qarshilik! Ko’ring tarixni —
Parvonadek qanoti kuygan.
Bu qarshilik! Ko’ring tarixni —
Umr tepasida musht tuygan…

Qiynalaman vijdon bilan man —
Mumkin emas qarshi turmasdan
O’z zimmamga katta ish oldim;
Ehtimolki, tamom qilmasdan —

Umrim tugar. Ammo bo’lmaydi
(Ko’nglim o’rniga hech tushmaydi!)
Senga qarshi bosh ko’tarmasdan,
Asrlarni yig’latgan sevgi!

BOG’IM

O, u qanday fusunkor!
Nur bilan to’lgan butun.
Gullari chaman-chaman,
Men ularni ichaman:
Ko’nglimda yashnar bahor…
Nur bilan to’lgan butun.

Bargdek uzilib ketsam,
Unutmas meni bog’im:
Ishimni hurmat qilur,
Gullardan haykal qurur.
Ming yillardan keyin ham
Unutmas meni bog’im!

She’rlarim yangrab qolur…
Bir umrga o’lmayman!
Hayotimning davomi –
Kelajagimga homiy,
O’rnimga bog’bon bo’lur:
Bir umrga o’lmayman!

O, u qanday davomdor!
Nur bilan to’lgan butun.
Gullari chaman-chaman,
Men ularni ichaman:
Ko’nglimda yashnar bahor…
Nur bilan to’lgan butun.

1935

NASIMAGA DEGANIM

Yo’q, hali hammasi o’tganmas,
Ko’p hali hayotdan nasibam.
Silligim bezarar, hech gapmas,
Borini ko’raman, Nasimam,
Yo’q, hali hammasi o’tganmas!

Oldimda kutadir imtihon –
Men og’ir janglarda bo’larman.
Nasima! Bu kungi issiq qon,
O, balki to’kilur… o’larman…
Oldimda kutadir imtihon!

O’ylanib ko’zingga qarasam,
Ikkita dengizday ko’rinur…
Nasima! Ichaman rost qasam,
Olovdek lovullab dil yonur,
Baxtliman janglarga yarasam!

1935

YO’LCHI

Yo’lchiman, manzilim dengizdan nari,
Lojuvard ufqning tubiga yaqin.
Ko’nglimda dardlarim daryodek oqin,
Chayqalar; ko’zlarim tikilgan sari.
O, yo’llar!..

Chu, qora toychog’im! Chu, qora yo’rg’am!
Murodga qasd qilb yugurgan yetur.
Bo’ronni sevmasa, dil nechun tepur?
Tiriklik ne kerak bemehnat, beg’am?!
Chu, qora yo’rg’am!

1935

DENGIZGA

Oq dengiz, yaxshi qol! Yaxshi qol, Shimol!
Ko’nglimda ishqingni olib qaytaman.
Sochimni o’ynaydi muzdek sho’x shamol,
Men unga dardimni qanday aytaman?

Kechqurun qirg’oqda aylanib tanho
Sevdim, sevib qoldim to’lqinlaringni.
Oyni cho’miltirgan tinch tunlaringni
Tushimda ko’rganda ne qilarman, o?

O’ynagil so’ng marta, chayqal, erkalan!
Armonim qolmasin ketar oldimda.
Bag’ringda baliqday yuzgan oq yelkan
Bir umr sayr etgay mening yodimda…

Yaxshi qol, erkin suv! Yaxshi qol, dengiz!
To’lqinlar, qo’ynimga qizday kirdingiz…

Oq dengiz, 1935

BAG’ISHLOV

(«Naxshon» dostonidan)

Bog’larga namozgar
Salqini tushdi,
Gullar nam bargini
Qayirdi asta.
Oftob ham suv ichar
Tog’lardan pastda,
Loladek qip-qizil
O’t shafaq o’chdi.

Ko’z tutdim
Ko’zlarim nigoron bo’ldi;
O, dilbar,
Simbarim, yuzlari qirmiz.
Kiprigi ko’ksiga
Soya solgan qiz,
Ko’z tutdim,
Yuragim to’la qon bo’ldi.

Shabboda bolariday
Gulzor uzra sho’x Oy fonarini
Yoqdi — qiz oqshom, Yasha!
Sen kelding,
Sevgilim, Naxshon,
Suv qizi — suvsarim,
Kipriklari o’q.
Sen kelding,
Ko’nglimga suv kabi okding.

Sen kelding —
Ruhimda yashash boshlandi,
Sevinchdan ko’zlarim
Behol yoshlandi.
Sen kelding,
She’rimga chechaklar taqding.
Sen kelding,
Va’daga vafodor malak,
Oppoq qo’lingnimi
Siypalab o’pay?
Qora sochingnimi
Siypalab o’ray?
Va’da etayinmi,
Senga deb falak?

Arzirdi
Falakni etsam hadya,
Afsus…
Fazo menga hali qul emas,
Mayli… borimni
Aylay armug’on.
Garchi u
Ajoyib, asl gul emas,
Naxshon, ey yoshligim,
Sevgalim, ma, ol!

Ishqimning eng oliy
Tuhfasi she’rim.
O’qi!
Lablaringdan to’yib emgani,
She’rimga berkindi
Ataylab mehrim.

1934, Yerevan – Samarqand.

Sahifani bezashda (oraliqda) rassom Aziza Mamatova chizgan Usmon Nosir portretidan foydalandik.

Usmon Nosir. Unutmas Meni Bog’Im by Khurshid Davron on Scribd

Usmon Nosir. Tanlangan Asarlar by Khurshid Davron on Scribd

045

(Tashriflar: umumiy 14 828, bugungi 1)

Izoh qoldiring