Usmon Qo’chqor. She’rlar.

02
15 июль — Таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор таваллуд топган кун.

Истеъдодли шоир Усмон Қўчқорнинг кўпчилик шеърлари ёшликнинг беғубор, содда, одамий қалб туйғуларидан ташкил топганлиги билан китобхонни ўзига жалб этади. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилиб, Шарқ ва Ғарб адабиётларининг энг яхши намуналарини ўз она тилига ағдариб, савобли иш қиляпти. Унинг «Чамангул» (1966) номли болалар учун ёзилган шеърий гулдастаси Республика Давлат матбуот қўмитасининг йиллик мукофотига сазовор бўлган.

03
Усмон Қўчқор
ШЕЪРЛАР
06

* * *

Дунёнинг
йўқ биздан
ҳамон парвоси,
Арзирми
дардимиз тўксак
қорларга…
Чорлаб турганида
осмон парвози —
Осилмак истасак
юксак дорларга.
Арзирми
баҳорда қайтган қушларга
Кўзлардан
ёшларни
лайсондай қуйсак.
Юсуф
таъбирини айтган
тушларга
Ишонсак,
бошларни
остонга қўйсак.
Моғор гўшаларга,
арзирми,
ҳабиб,
Ҳур шамол
сингари
ҳур-ҳурлаб борсак.
Адирин
таниган
турналар каби
Заминга тушмай
қур-қурлаб юборсак.
Қора булутларни
яшиндай ёриб
Чаманга тикилмоқ
фарз эмасми, айт.
Умидни
хунбор
кўз ёшинда қориб,
Ватанга
йиқилмоқ
арзимасми,
айт…

* * *

Жулдур булутлардан музтар бир тунда
Пичирлаб баддуо қилади коҳин.
Бузиб юбормоқни истар гардунда
У Ер билан Ойнинг никоҳин.

Булут чоклаб қўшиқ айтар Ой,
Қўлларида тилла жуволдиз:
«Ойқизга уволдир,
Тун ёмон чувалди.
Кўк кўксин яраси
Қон билан сувалди…»

Ер чуқур хўрсиниб қўйди-да, мовий
Бошидан қоп-қора рўёни қувди.
Унинг кўксидаги гулга самовий
Шабнамлар кўз ёшдек тўкилди дув-
дув…

* * *

Бу йўлда ўнг ҳам тор,
Сўл ҳам тор,
Ноўнғай кенгликка тузмоқ қасида.
Бу кеча шу қадар қуюқ,
кўламдор,
Тошиниб чиқади кўз соққасидан.

Мен-кўрман,
кўр тундан қораётирман,
Ёлғиз Тангрим билар мендан кечганин.
Дунёни пайпаслаб бораётирман —
Фарқлаб олмоқ учун Кундан Кечани…

* * *

Томошо шавқи бор эди ройимда
Ўн саккиз минг оламларингни.
Нечун ўрмалатиб қўйдинг пойимда
Чумолидан майда одамларингни.

Бу ўша —
йўлидан ҳамиша озғон,
Деб мени осийга йўйдинг-ку доим.
Эрк десам…
бошимга бу шиша қозон —
Осмонни тўнтариб қўйдинг, Худойим…

* * *

Сайёҳ!
Энди мендан ранжима,
Гоҳ мағлуб,
гоҳ ғолиб келдим мен.
Сўрамайман
сендан ганжина,
Шу жойгача
олиб келдим мен.

Қолганига
омадинг берсин,
Бу сарҳаддан
ўтмасман зинҳор…
Ўзинг кетавергин,
жин урсин,
Ёлғоннинг ҳам…
чегараси бор…

* * *

Ҳисобсиз эмасдир
суви уммоннинг,
Юлдузлар
ҳисобсиз эмасдир,
болам.
Ҳисобда
ҳар қийлу қоли
замоннинг,
Ҳисобда ҳар шодлик,
ўкинч,
ғам-алам.
Борар манзилиму
ўтар кўпригим
Чизилган —
харита каби —
китобда.
Қай лаҳза узилар
қай бир кипригим —
Ҳисобда турибди,
ҳисобда…

* * *

Замин тўзон сочар.
Осмон — аланга…
Қизариб боқади
офтоб ҳам уфқдан.
Қудуқлар кўмилган…
Карвон таланган…
Шом тушар…
Бошланар афтода хуфтон…
Ёлғиз ўзи қолди.
Паноҳ — Худодан.
Омон қолганини
саодат билар.
Саҳрода
қибласин
йўқотган
одам
Дуч келган
томонга
ибодат қилар…

* * *

Кўзёшда буюк бир ҳикмат бор экан,
Тасалли бор экан дардда, йиғида,
Яна мен бу дарддан ёш тўкдим, бекам,
Куйдим кўзларингнинг қорачиғида.

Сен кетдинг… узилиб тушди томчи ёш,
Ҳаракат тўхтади. Ҳаёт тўхтади.
Ҳаттоки фалакда жовидон қуёш,
Энди қотиб қолган қора нуқтадир.

Денгизда ногаҳон тинди пўртана,
Боғларда шамоллар босилиб қолди.
Бандидан узилган япроқлар, ана,
Ҳавода муаллақ осилиб қолди.

Сен кетдинг… бу боғлар хазонга ботди,
Кезмакдан тўхтади — ой тортди хира.
Фалакда юлдузлар нуқтадай қотди,
Муздек қотиб қолди хотира…

Дунё тўхтаб қолди… Дунё — қизиқмас,
Барчасин тўхтатди битта ишорат.
Сен кетдинг… Бу умрим энди чизиқмас,
Қотган нуқталардан иборат…

* * *

Уммоннинг остида
ўсаётир тоғ,
Олисга чўзилган
силсилалари.
Ҳали вулқонлари уйқуда,
бироқ
Титраниб қўяди
зилзилалари.
Эшилиб рақсга тушар
сувўтлар,
Тоғ тинглар
гунг дунё
оҳангларини.
Чиғаноқ келтирар
садаф совутлар,
Чўчиб-чўчиб ҳидлар
наҳанглар уни.
Долғалар гоҳ кўкка
сапчир шодумон,
Гоҳ сокин мавжларга
айлангай яна.
Тоғни
силаб-силаб қўяди уммон —
Нима туғишини
билмаган она…

ДОРБОЗЛАР

Бирида лангарчўп,
Саёғи шердай.
Оёғи дордаю
боши осмонда.
Бирин боши дорда,
оёғи ерда,
Аёли долонда…
Моли талонда…

* * *

Олисдан бир шамол гувлаб эсмоқда,
Ўтмоқда бу боғнинг эмди ёзлари.
Кунма-кун чирмовуқ каби ўсмоқда
Юракда ғуссанинг имтиёзлари.

Меваси сочилиб ётган боғларга
Хазон диёридан келур дараклар.
Бундай андуҳларга, бундай доғларга
Қандайин кўниксин вазмин дарахтлар.

Дунёнинг вужуди борар қувраниб,
Сувин тортаётир жилға, сойлиқлар…
Жулдур камзулига ғамгин ўраниб
Фалакда ой йиғлар…
Кўкда ой йиғлар…

* * *

Ҳаёт ўпқонидан фано аршига
Юксалиб бормоқда мана бу одам.
Кўнгил хуржунидан бор илинжларни
Тўкиб ташламоқда кераксиз тошдай.
Дунё оёғидан тубанга тортар,
Хотин, бола-чақа унга қўшилиб…
Тангрим, сабот бергил ушбу бандангга,
Унинг Сендан бошқа нажоткори йўқ.
Ўчирма дилидан умид шамини,
Қувват бер арқоннинг ҳар толасига…
Енгиллашиб борар юксалган сари,
Ҳар бир нафасини қилур назорат.
Юраги биллурдек тозариб борар,
Юзлари ловуллар ишқ шаробидан.
Оллоҳим, бетакрор Ўз нуринг ила
Унинг нигоҳини ром эт чунонким —
Қулаб тушмаслиги учун ваҳмдан —
Ерга қарамасин, ишқилиб…

* * *

Орзу қилмагандик
бу хор жасадни,
Руҳ ила
кўкларга боғланган эдик.
Тангри
англамабди
бизнинг мақсадни,
Ўзга оламларга
чоғланган эдик.
Оҳ, шўрлик ерликлар…
Ғами аримас,
Тушига сут,
пишлоқ,
урлар киради.
Бизнинг тушларга-чи,
қора ер эмас,
Шуълалар киради,
нурлар киради…

* * *

Қуёшсиз, ҳавосиз ҳаёт йўқ дея
таълим берар эди олимлар.
Яқинда уммоннинг қаърини
Кўрсатишди телевизорда.
Офтоб шуълалари ҳеч қачон
Етиб бормас тубанликларда,
Ҳавоси йўқ совуқ муҳитда,
Фавворадек отилиб ётган
Олтингугурт оғуларида,
Ҳар қандай сув ости кемасин
Пачоқлаб қўйгудек босим остида
Жониворлар ўйнаб юрибди
Бир-бирин қувалаб бемалол.
Демакки,
Қуёшсиз, ҳавосиз мавжуд экан то —
Ислоҳ қилишимиз керакдир балки
Ҳаёт ҳақидаги тушунчамизни…

* * *

Ўн бешинчи асрдан бери
Таназзулга учраган тоғлар,
Қоп-қоронғу юҳо жарликлар,
лашкарларнинг қилич-қалқони
Занглаб тупроқ бўлган адирлар,
Оқсоч тоғни шўр денгизларга
Боғлаб ётган ҳолсиз дарёлар
Узра елиб келган бу шамол
Бугун менинг елкамга қўнди.
Калхат қувган чумчуқ цингари
Потирларди унинг юраги.
Қўрқувданми, хорғинликданми —
Юмилиб-юмилиб кетарди худди
Мунчоқдек бенажот кўзлари.
Муштипар шамолим, дея мен уни
Силамоқчи бўлгандим, ногоҳ
Ҳарир қанотини силкитиб
Учиб кетди ҳуркак бу шамол.
Шу кетганча энди нечанчи
Авлодимнинг елкаларига
Бориб қўнар экан…
билмайман…

* * *

Қоп-қора
зулмоний
бу чангдан
Башарнинг юзига сочди ёвузлик.
Дунёнинг ўзидек
қадим бу жангда
Яна инсоният
қилди ёлғизлик.
Насроний мулзамдир,
ўсал мусулмон,
Ўзга қавмлар ҳам
қунишиб келар.
Ҳаводан
ҳеч қачон
ушалмас армон,
Олинмаган
хун иси келар…

«Ёшлик» журналидан олинди.

04

08Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1975). «Ҳаяжонга кўмилган дунё» (1982), «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), «Чамангул» (1996), «Ширқ» каби шеърий китоблари нашр этилган. «Қувғун» достони ва «Имом Бухорий» шеърий драмасининг муаллифи. Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» ва «Шайх Санъон» драмаларини, Юсуф Самадўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати», Собир Рустамхонлининг «Кўк тангри» романлари, турк ва азарбайжон шоирлари шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.Ҳозир эса «Adib» нашриётида бош муҳаррир лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Usmon Qo’chqor 1953 yil 15 iyulida Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tamomlagan (1975). «Hayajonga ko’milgan dunyo» (1982), «Akssiz sadolar» (1986), «Uyqudagi minora» (1987), «Og’ir karvon» (1991), «Chamangul» (1996), «Shirq» kabi she’riy kitoblari nashr etilgan. «Quvg’un» dostoni va «Imom Buxoriy» she’riy dramasining muallifi. Husayn Jovidning «Amir Temur» va «Shayx San’on» dramalarini, Yusuf Samado’g’lining «Qatl kuni», Anorning «Besh qavatli uyning oltinchi qavati», Sobir Rustamxonlining «Ko’k tangri» romanlari, turk va azarbayjon shoirlari she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.Hozir esa «Adib» nashriyotida bosh muharrir lavozimida faoliyat olib bormoqda.

04

03
Usmon Qo’chqor
SHE’RLAR
06

* * *

Dunyoning
yo‘q bizdan
hamon parvosi,
Arzirmi
dardimiz to‘ksak
qorlarga…
Chorlab turganida
osmon parvozi —
Osilmak istasak
yuksak dorlarga.
Arzirmi
bahorda qaytgan qushlarga
Ko‘zlardan
yoshlarni
laysonday quysak.
Yusuf
ta’birini aytgan
tushlarga
Ishonsak,
boshlarni
ostonga qo‘ysak.
Mog‘or go‘shalarga,
arzirmi,
habib,
Hur shamol
singari
hur-hurlab borsak.
Adirin
tanigan
turnalar kabi
Zaminga tushmay
qur-qurlab yuborsak.
Qora bulutlarni
yashinday yorib
Chamanga tikilmoq
farz emasmi, ayt.
Umidni
xunbor
ko‘z yoshinda qorib,
Vatanga
yiqilmoq
arzimasmi,
ayt…

* * *

Juldur bulutlardan muztar bir tunda
Pichirlab badduo qiladi kohin.
Buzib yubormoqni istar gardunda
U Yer bilan Oyning nikohin.

Bulut choklab qo‘shiq aytar Oy,
Qo‘llarida tilla juvoldiz:
«Oyqizga uvoldir,
Tun yomon chuvaldi.
Ko‘k ko‘ksin yarasi
Qon bilan suvaldi…»

Yer chuqur xo‘rsinib qo‘ydi-da, moviy
Boshidan qop-qora ro‘yoni quvdi.
Uning ko‘ksidagi gulga samoviy
Shabnamlar ko‘z yoshdek to‘kildi duv-
duv…

* * *

Bu yo‘lda o‘ng ham tor,
So‘l ham tor,
Noo‘ng‘ay kenglikka tuzmoq qasida.
Bu kecha shu qadar quyuq,
ko‘lamdor,
Toshinib chiqadi ko‘z soqqasidan.

Men-ko‘rman,
ko‘r tundan qorayotirman,
Yolg‘iz Tangrim bilar mendan kechganin.
Dunyoni paypaslab borayotirman —
Farqlab olmoq uchun Kundan Kechani…

* * *

Tomosho shavqi bor edi royimda
O‘n sakkiz ming olamlaringni.
Nechun o‘rmalatib qo‘yding poyimda
Chumolidan mayda odamlaringni.

Bu o‘sha —
yo‘lidan hamisha ozg‘on,
Deb meni osiyga yo‘yding-ku doim.
Erk desam…
boshimga bu shisha qozon —
Osmonni to‘ntarib qo‘yding, Xudoyim…

* * *

Sayyoh!
Endi mendan ranjima,
Goh mag‘lub,
goh g‘olib keldim men.
So‘ramayman
sendan ganjina,
Shu joygacha
olib keldim men.

Qolganiga
omading bersin,
Bu sarhaddan
o‘tmasman zinhor…
O‘zing ketavergin,
jin ursin,
Yolg‘onning ham…
chegarasi bor…

* * *

Hisobsiz emasdir
suvi ummonning,
Yulduzlar
hisobsiz emasdir,
bolam.
Hisobda
har qiylu qoli
zamonning,
Hisobda har shodlik,
o‘kinch,
g‘am-alam.
Borar manzilimu
o‘tar ko‘prigim
Chizilgan —
xarita kabi —
kitobda.
Qay lahza uzilar
qay bir kiprigim —
Hisobda turibdi,
hisobda…

* * *

Zamin to‘zon sochar.
Osmon — alanga…
Qizarib boqadi
oftob ham ufqdan.
Quduqlar ko‘milgan…
Karvon talangan…
Shom tushar…
Boshlanar aftoda xufton…
Yolg‘iz o‘zi qoldi.
Panoh — Xudodan.
Omon qolganini
saodat bilar.
Sahroda
qiblasin
yo‘qotgan
odam
Duch kelgan
tomonga
ibodat qilar…

* * *

Ko‘zyoshda buyuk bir hikmat bor ekan,
Tasalli bor ekan dardda, yig‘ida,
Yana men bu darddan yosh to‘kdim, bekam,
Kuydim ko‘zlaringning qorachig‘ida.

Sen ketding… uzilib tushdi tomchi yosh,
Harakat to‘xtadi. Hayot to‘xtadi.
Hattoki falakda jovidon quyosh,
Endi qotib qolgan qora nuqtadir.

Dengizda nogahon tindi po‘rtana,
Bog‘larda shamollar bosilib qoldi.
Bandidan uzilgan yaproqlar, ana,
Havoda muallaq osilib qoldi.

Sen ketding… bu bog‘lar xazonga botdi,
Kezmakdan to‘xtadi — oy tortdi xira.
Falakda yulduzlar nuqtaday qotdi,
Muzdek qotib qoldi xotira…

Dunyo to‘xtab qoldi… Dunyo — qiziqmas,
Barchasin to‘xtatdi bitta ishorat.
Sen ketding… Bu umrim endi chiziqmas,
Qotgan nuqtalardan iborat…

* * *

Ummonning ostida
o‘sayotir tog‘,
Olisga cho‘zilgan
silsilalari.
Hali vulqonlari uyquda,
biroq
Titranib qo‘yadi
zilzilalari.
Eshilib raqsga tushar
suvo‘tlar,
Tog‘ tinglar
gung dunyo
ohanglarini.
Chig‘anoq keltirar
sadaf sovutlar,
Cho‘chib-cho‘chib hidlar
nahanglar uni.
Dolg‘alar goh ko‘kka
sapchir shodumon,
Goh sokin mavjlarga
aylangay yana.
Tog‘ni
silab-silab qo‘yadi ummon —
Nima tug‘ishini
bilmagan ona…

DORBOZLAR

Birida langarcho‘p,
Sayog‘i sherday.
Oyog‘i dordayu
boshi osmonda.
Birin boshi dorda,
oyog‘i yerda,
Ayoli dolonda…
Moli talonda…

* * *

Olisdan bir shamol guvlab esmoqda,
O‘tmoqda bu bog‘ning emdi yozlari.
Kunma-kun chirmovuq kabi o‘smoqda
Yurakda g‘ussaning imtiyozlari.

Mevasi sochilib yotgan bog‘larga
Xazon diyoridan kelur daraklar.
Bunday anduhlarga, bunday dog‘larga
Qandayin ko‘niksin vazmin daraxtlar.

Dunyoning vujudi borar quvranib,
Suvin tortayotir jilg‘a, soyliqlar…
Juldur kamzuliga g‘amgin o‘ranib
Falakda oy yig‘lar…
Ko‘kda oy yig‘lar…

* * *

Hayot o‘pqonidan fano arshiga
Yuksalib bormoqda mana bu odam.
Ko‘ngil xurjunidan bor ilinjlarni
To‘kib tashlamoqda keraksiz toshday.
Dunyo oyog‘idan tubanga tortar,
Xotin, bola-chaqa unga qo‘shilib…
Tangrim, sabot bergil ushbu bandangga,
Uning Sendan boshqa najotkori yo‘q.
O‘chirma dilidan umid shamini,
Quvvat ber arqonning har tolasiga…
Yengillashib borar yuksalgan sari,
Har bir nafasini qilur nazorat.
Yuragi billurdek tozarib borar,
Yuzlari lovullar ishq sharobidan.
Ollohim, betakror O‘z nuring ila
Uning nigohini rom et chunonkim —
Qulab tushmasligi uchun vahmdan —
Yerga qaramasin, ishqilib…

* * *

Orzu qilmagandik
bu xor jasadni,
Ruh ila
ko‘klarga bog‘langan edik.
Tangri
anglamabdi
bizning maqsadni,
O‘zga olamlarga
chog‘langan edik.
Oh, sho‘rlik yerliklar…
G‘ami arimas,
Tushiga sut,
pishloq,
urlar kiradi.
Bizning tushlarga-chi,
qora yer emas,
Shu’lalar kiradi,
nurlar kiradi…

* * *

Quyoshsiz, havosiz hayot yo‘q deya
ta’lim berar edi olimlar.
Yaqinda ummonning qa’rini
Ko‘rsatishdi televizorda.
Oftob shu’lalari hech qachon
Yetib bormas tubanliklarda,
Havosi yo‘q sovuq muhitda,
Favvoradek otilib yotgan
Oltingugurt og‘ularida,
Har qanday suv osti kemasin
Pachoqlab qo‘ygudek bosim ostida
Jonivorlar o‘ynab yuribdi
Bir-birin quvalab bemalol.
Demakki,
Quyoshsiz, havosiz mavjud ekan to —
Isloh qilishimiz kerakdir balki
Hayot haqidagi tushunchamizni…

* * *

O‘n beshinchi asrdan beri
Tanazzulga uchragan tog‘lar,
Qop-qorong‘u yuho jarliklar,
lashkarlarning qilich-qalqoni
Zanglab tuproq bo‘lgan adirlar,
Oqsoch tog‘ni sho‘r dengizlarga
Bog‘lab yotgan holsiz daryolar
Uzra yelib kelgan bu shamol
Bugun mening yelkamga qo‘ndi.
Kalxat quvgan chumchuq singari
Potirlardi uning yuragi.
Qo‘rquvdanmi, xorg‘inlikdanmi —
Yumilib-yumilib ketardi xuddi
Munchoqdek benajot ko‘zlari.
Mushtipar shamolim, deya men uni
Silamoqchi bo‘lgandim, nogoh
Harir qanotini silkitib
Uchib ketdi hurkak bu shamol.
Shu ketgancha endi nechanchi
Avlodimning yelkalariga
Borib qo‘nar ekan…
bilmayman…

* * *

Qop-qora
zulmoniy
bu changdan
Basharning yuziga sochdi yovuzlik.
Dunyoning o‘zidek
qadim bu jangda
Yana insoniyat
qildi yolg‘izlik.
Nasroniy mulzamdir,
o‘sal musulmon,
O‘zga qavmlar ham
qunishib kelar.
Havodan
hech qachon
ushalmas armon,
Olinmagan
xun isi kelar…

«Yoshlik» jurnalidan olindi.

044

(Tashriflar: umumiy 63, bugungi 1)

Izoh qoldiring