Vadim Murodxonov. Ikki hikoya

Mas’Ashampoo_Snap_2017.01.04_22h47m17s_003_.png16 январ – Ёзувчи Вадим Муродхоновнинг таваллуд топган куни

    Журналхонлар эътиборига ҳавола қилинаётган Вадим Муродхоновнинг икки ҳикояси ҳам ўзига хос, дастлаб рус китобхонлари сазовор бўлган. Унинг “Уйга қайтиш”(“Приближение к дому”) ҳикояси, бир қарашда, олис юртдан уйига қайтган Темурнинг ички кечинмаларига бағишлангандай. Иккинчи – “Андрей Яновскийнинг бир неча ҳаёти” (“Несколько жизней Андрея Яновского”) ҳикоясида эса ижодкорнинг руҳий олами қаламга олинади…

ВАДИМ МУРОДХОНОВ
ИККИ ҲИКОЯ
Маъсума Аҳмедова таржимаси
09

1404572745_vm.jpgВадим Муродхонов – шоир, ёзувчи ва таржимон. 1974 йили Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида таваллуд топган. 1990 йили оиласи билан Тошкентга кўчиб келган. 1996 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг хорижий филология факультетини тамомлаган. Вадим Муродхоновнинг насрий асарлари “Новый мир”, “Знамя”, “Октябрь”, “Дружба народов”, “Новая юность”;шеърлари “Звезда Востока” ҳамда “Жаҳон адабиёти” журналларида чоп этилган.

Шу ўринда бир гапни айтиш лозим: Вадим Муродхонов ўзбек адабиётининг том маънода катта тарғиботчиси ҳамдир. Унинг таржимасида Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Хуршид Даврон, Вафо Файзуллоҳ, Қутлибека каби шоирларимиз шеърлари рус тилида эълон қилинди. Айниқса, Вадимнинг 2013 йил Москвада босмадан чиққан “Узбекские слова” (“Ўзбекона калом”) китоби адабий давраларда илиқ фикрларга сабаб бўлди. Китобнинг иккинчи қисмига шоирнинг ўзбек шоирлари асарларидан қилган бадиий таржималари киритилган. Шу йил бошида Вадим Муродхонов ва Герман Власов таржимасида Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаси “Тарлан” номи билан “Дружба народов”журналида нашр қилинди.

Журналхонлар эътиборига ҳавола қилинаётган Вадим Муродхоновнинг икки ҳикояси ҳам ўзига хос, дастлаб рус китобхонлари сазовор бўлган. Унинг “Уйга қайтиш”(“Приближение к дому”) ҳикояси, бир қарашда, олис юртдан уйига қайтган Темурнинг ички кечинмаларига бағишлангандай. Болалиги кечган қадрдон уй ҳикоя қаҳрамонини олис хаёлот оламига етаклаб кетади. Жонли хотиралар ҳақиқий воқеликда ҳам қатнашади. Темур хаёли ва ҳаёти аро яшайди, учқур болалик хотиралари жонланади, у хаёллари билан бирга руҳий эркинлик – кўнгил озодлигига эришади.

Муаллифнинг иккинчи – “Андрей Яновскийнинг бир неча ҳаёти” (“Несколько жизней Андрея Яновского”) ҳикоясида эса ижодкорнинг руҳий олами қаламга олинади. Аслида, бир неча ҳаёт билан яшайдиган ҳикоя қаҳрамони Андрейнинг ҳақиқий, ўз ҳаёти, ўз ҳаётини таҳлил қилишга эса журъати, қатъияти йўқ.

Вадим Муродхоновнинг иккала ҳикояси ҳам ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди.

Таржимондан

09

УЙГА ҚАЙТИШ

Ashampoo_Snap_2017.01.04_22h42m15s_002_.png– Агар сен бошдан оёқ таътилингни ўша шумшук уруғларингга бағишлашни ният қилган бўлсанг, нима ҳам дердим… – дея елкасини қисди Валентина.

Темур хотинининг бу гапини эшитиб, бирдан кайфияти бузилди. У ичида Питер сафарига қарши далиллар ҳозирлаб ўтирган эди, лекин айни дамда уларни ўртага ташласа борми, бу ҳол тасодиф бўлиб, вақтинчалик ўчиб турган кўпдан-кўп қисмли оилавий можаро алангасига мой қуйиш билан баробар келарди.

Поезд уч кеча ю уч кундуз юрди. Темур жануб томонга кетадиган йўлни булутлар, лип-лип ўтиб турган манзараларга қараб кузатмоқчи бўлди. Ойнага қараб, об-ҳавонинг беқарорлигини билди, вагон деразаси ортидаги манзара эса фақат оқшомдагина алмашар эди. Онда-сонда учраб турган нимжон буталар, фақат жарликлар ва жилғалар бўйида кўм-кўк бўлиб яшнаб турган тол, жанғил ва cаксовуллар уни бундан ўн бир йил илгари қандай кузатган бўлса, худди шундай лоқайд қарши олаётган эди.

– Мана кўрасан, отам жуда хурсанд бўладилар, – деди Темур юқоридаги ўрнидан осилиб тушаркан. – Бир ҳафтада сенга ҳамма жойларни кўрсатаман, бутун шаҳарни айланамиз.

– Унинг нимасини ҳам айланардик… – уф тортди Валентина бодринг тўғраркан.

Ўзи туғилиб-ўсган қадрдон кўчаси кўзига анча кичрайган ва аллақандай ясама кўринди. У аста қийшайиб қолган тахта тўсиқлар ва анчадан буён оҳак кўрмаган деворлар ёқалаб кетди. Йўлида учраган кир-чир, қорайиб кетган болалар саломига негадир хотинининг олдида хижолат тортиб, унут бўлган тилда: “Ваалайкум салом”, дея алик олди.

Афтидан, ҳаммаси жойида эди, бироқ бу манзара кўзига аллақандай хира тортгандай кўринди. Агар бирор ҳовлининг кўча эшиги ним очиқ бўлса, унинг нигоҳи илгаригидай олазарак бўлмади: кўзи олис болалик чоғларидаги сингари ҳовлидаги сон-саноқсиз буюмлар – арава ю, велосипед рамаси, пластмасса машинка қисмлари сочилиб ётган, дами чиққан, бир ёни пуччайиб қолган резина коптокка тушмади, ҳар жой-ҳар жойи ўйдим-чуқур асфальт йўлдан кетаркан, шундоққина қаршисидаги девор ҳовлисига тош отганлари ёдига келди.

Темур уйларига яқинлашаркан, кўчаларида эски русумдаги “Запорож” ва “Москвич”лар, дўппи, чопон кийган одамлар кўплигидан ажабланди. Баъзилари белига белбоғ бойлаб олганди. Бир одам ўтирган жойидан турди, шунда Темур отасини таниди.

– Телеграммани олдингми? Баракалла, вақтида етиб келдинг. Самолётда келдингларми? Охирги пайтлар Хосият опангнинг мазаси бўлмай қолувди, боёқиш оғир дардга чалинган экан… – отаси шундай деркан, унинг яшил рангли кўзларига тўлган ёш юмалаб, оқ оралаган, соқоли олинмаган юзига оқиб туша бошлади.

Темур тўпланиб турган эркаклар билан сўрашди-да, аста ўтирғичга чўкди. Кимдир унга тўрт букланган дўппи узатди. Дарвоза олдида тўпланганлар жанозага ҳозирланди. Шу пайт Темурнинг назарида бу ерда яшаган вақтларидаги сингари олам бирдан кичрайди, гўё ана шу дунё абадиятни ўзига михлаб қўйгандай осмонга кўтариб очилган кафтларига сиғди ва ёппасига айтилган “Омин!” сўзларига итоат этиб, иссиқ тўлқин билан юзини силади. Орадан бирмунча вақт ўтиб, одамлар орасида машина ана-мана келиб қолади, гўр бўлса, ҳали қазилмапти, деган шивир-шивир қулоғига чалинди.

– Хотининг ичкарига кириб, аёлларга қарашсин, – деди отаси, Валентина индамай ичкарига йўналди.

Темур ҳовлида ака-опаларини учратди. Ажабланарлиси, мана, орадан шунча йил ўтибди-ю, улар кўзига ўша-ўша, бироқ жиддийлашгандай кўринди.

– Салом, Тима! Финални кўрдингми? – сўради Асқар. – Французлар бразилияликларни боплади-я.

У чой қайнатиладиган титан бак ёнида чўккалаб ўтирар, ҳар қўзғалганида бак остида ёниб турган ғўлаларни қимирлатиб юборарди.

“Агар жим ўтириб, қийшайиб кетган темир қопқоқни гулдуратган аланга ҳаётига назар солсанг, олов ўчоқ ичида туриб, вақтни қанчалик сездирмасдан ёндириб юбораётганининг гувоҳи бўласан…” Негадир унинг хаёлига шундай ўй келди. Аланга ғўланинг силлиқ кесигини ялар, чеккаларини шаҳд ва ғазаб билан чўққа айлантириб борарди. Бундай дақиқаларда ҳовлида бирор тантана ёки тўй важидан тўпланган меҳмонлар чой кутар, одамлар буғ пуркаган бак атрофида ўтирар, аксига олгандай, титан жим ва ҳаракатсиз кўринарди. Фақат катталарнинг: “Нима, ҳалиям чойдан дарак йўқми?” деган сўроғигина уни жонсиз ҳолатидан чиқаргандай бўларди.

– Ўшанда шарикни топувдингларми, ишқилиб? – деб сўради Темур теннис, бадминтон коптокчалари, ҳар хил ўйинчоқ аскарчалар, машинкалар уюми, тўғрироғи, мох босиб кетган шифер ёпилган бу ашёларнинг эски “қабристон”ига ишора қилиб.

Асқар тилини тақиллатди, “йўқ” маъносида бош чайқади.

– Тимурчик, салом! – Севара айвон зиналаридан югургилаб тушиб келди. – Ишлар қалай? Хотинингнинг расмини олиб келдингми?
– Унинг ўзи келди.

– Эсингдами, мен сенга қўлда палов ейишни ўргатганим? Ўшанда сен нега кафтимдан ош тўкилиб кетмаяпти, деб ҳайрон бўлгандинг.

Шу пайт ҳовлининг хотинлар юрган томонида Валентина кўринди. У ҳам бу ердаги бошқа аёллар сингари бошига рўмол ўраб олганди. Унинг қўлида тоғора билан чойнак бор эди, хотинининг дадил ҳаракатларига қараганда, у қўлидаги нарсаларини нима қилиш кераклигини яхши биларди.

Кўчадан йиғи овозлари эшитилди. Темур таъзия билдиргани яна бир гуруҳ аёллар келганини фаҳмлади. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас уч кампир, кўп ўтирганидан бўлса керак, қийшайиб кетган, ялтироқ, ғижим, қора маҳси кийган оёқлари билан лапанглаганларича шошилмай ҳовлига кириб келишди, уларнинг қўлларида дастурхонга ўралган тоғора бор эди. Темур ҳозир уларга рўпара келса, димоғида нордон исни туйган ҳолда ҳар бирининг шалвираб қолган ёноқларидан ўпиб қўйиши, ўзбекчалаб сўрашишига тўғри келиши, бу бувилар эса “айланай”, дея уни суйишини тасаввур қилди-ю, ўзини “лип” этиб уйга урди.

Бу ерда, узун хонтахта атрофида аммалари ўтирарди. У аммалари билан бир-бир кифт тутганича кўришаркан, кўзи Хосият опага тушди. Бир сония довдираб қолгандай бўлди, сўнг унга ҳам кифтини тутди.

– Хотинингга қойил қолдим! – дея мақтади Хосият опа. – Барака топкур, ётсирамай бирдай ёрдам беряпти, уриняпти. Ўзбекдан фарқи йўқ, бир келиндай хизмат қиляпти. Ўтир, чой ич. Уёқда онанг қандай, яхши юрибдими? Салом деб қўй. Биз уни унутмаганмиз, доим эслаб турамиз. Мана, поччанг сенга совға бериб юбордилар, – у қўлига тахлоғлиқ кўйлакни олиб, унга узатди. – Ол, кийиб кўр.

Кўйлак унга кичик келди, қаттиқ ёқа остидаги ёрлиғи бўйнини тирнади.

– Ҳечқиси йўқ, худди ўзингга атаб тикилгандай, кийсанг, ташлайди, – дея бошларини ирғади аммалари.

Темур одоб юзасидан аммалари олдида беш дақиқаларча ўтирди-да, сўнг ўрнидан туриб, ҳовлига тушди. Анча нарида, ошхонада қўлларида идиш, хотинлар куймаланиб юрарди. Темур улар орасидан хотинини дарров илғаб ололмади. Отаси ташқарида ўтирғичларни қаёққа қўйиш кераклигини кўрсатаётган эди. У Темурга кўзи тушиб, чақирди:
– Машинани кутиб олиш керак. Фаррух билан чиқинглар, бўлмаса, ҳайдовчи маҳаллада адашиб қолади.
– Хосият опа уёқда… – Темур бошлаган гапини қандай тугатишни билмай, тутилиб қолди.
– У ичкари уйда, – Темурнинг гапини бўлди отаси. – Ҳечқиси йўқ, сўнг акаларинг билан кириб видолашиб чиқасизлар.

– Нега доим, индамай тур, маҳмадоналик қилма, шунда ақлинг киради, дейишаркан-а? – дея гап бошлади Фаррух чорраҳага етганларида. – Баъзан ўзимча ўйлаб қоламан: дунё нега шундай яралган? Яшайсан-яшайсан, ҳамма ишлар ўз ўзанида кетаётгандай бўлади. Лекин мундоқ бошингни қўйиб, ўйлаб кўрсанг, бошқача, таг-замини чуқур бўлади!.. Айтишларича, ҳаммаси коинот билан боғлиқ эмиш, юз берган ҳодисалар бирининг ортидан бири занжирдай уланиб кетганмиш. Яъни ҳеч бир воқеа ўз-ўзидан содир бўлмайди, ҳа, шундай. Йўқ, аслида инсон ақли билан барибир ҳақиқатнинг тубига етиб бўлмайди. Мамардашвилини ўқиганмисан? У ерда озодлик ҳақида шундай… – У бирмунча муддат индамай қолди. – Бизнинг муаммомиз нимада, биласанми? Биз жуда ювош, мўмин-қобилмиз. Катталар нима деса, шуни қиламиз. Ахир, киши ўз ақли билан ҳам иш қилиши керак эмасми? Сен тўғри қилдинг, кетиб, ўзинг уйландинг. Қара, менга ҳалиям қиз қидиришяпти…

Шу пайт машина келиб қолди, улар ким ҳайдовчининг олдида, ким кузовга чиқишини анча талашдилар. Фаррух ахири ён берди, кабинада сен ўтирақол, деди Темурга.
Уйга қайтганларида, Темур ҳовлида юрган хотин-халаж орасида Валентинани кўрмади.

– Валя қани? – дея юрак ютиб сўради у отасидан.
– Хотинингдан хавотир олма. Сен, яхшиси, укаларинг билан мачитга бор, идиш-товоқ, столларни олиб келасизлар.

Темур маййитнинг юзига қарашга улгуролмади. У келмасиданоқ марҳумани оппоқ кафанга ўраб бўлишган экан. Маййитни машинага олиб чиқаётганларида, Темурга унинг бош томони тегди. Шу дам Темурда кафанни очиб, маййитни кўриш истаги пайдо бўлди. Аммо бир одим босаркан, қулоғига маййитнинг аста инграган нидоси эшитилгандай бўлди, шу он кўнглидаги истак ҳам йўқолди.

Таомилга кўра, марҳума кун ботгунга қадар дафн этилди. Оппоқ “пилла” эҳтиётлаб кенг лаҳадга қўйилди. Шунда Темурнинг хаёлига бир фикр келди: балки инсонга тириклигида бундай эҳтиром кўрсатилмас, лекин у омонатини топширгач, бошқа динлардан кўра ислом дини ўтганларнинг ҳурматини жойига қўяди.

Орадан ярим соат ўтар ўтмас дафн этилган жой ўрнида дўнглик пайдо бўлди, панжарасимон тўсиқда араб ёзувида битиклавҳа осилди.

Сўнг уйда юмуш кўп бўлди. Дастурхонга чой ташилди, палов тортилди, таъзияга келган меҳмонлар кузатилди, стол-стул, идиш-товоқлар келтирилган жойига олиб бориб қўйилди. Темур шу кун ҳам, эртасига ҳам хотини билан кўришолмади. У энди отасидан хотинини сўрашга ботинолмади

Уни вокзалга бутун оила жам бўлиб кузатгани чиқдилар.
– Онангга салом айт, – тайинлади Муқаддас келинойи.
– Кейинги сафар сурат эсингдан чиқмасин, – Севара жилмайганича унга оқ йўл тилади.

АНДРЕЙ ЯНОВСКИЙНИНГ БИР НЕЧА ҲАЁТИ

images.jpg– Тирикчиликдан бошқасини билмайдиган, тор фикрли одамлар жуда жўн ўйлайдилар, ўзларича ҳаётни ўлим йўқдай хаёл қиладилар,– деди Лариса Викторовна, унинг гапини эшитган ўқувчиларнинг юзлари жиддий тортди ва қотиб қолди. – Бу фикр натижаси аниқ фанлар ёрдамида умрни узайтиришда кўринади. Лекин умрга қўшилган ўн беш, йигирма, ҳаттоки ўттиз йилда кўп нарсаларга эришиш мумкинми? Ундан кўра интенсив, жадал йўл мақсадга мувофиқ келади: имкон қадар умрнинг ҳар бир лаҳзасини воқеа-ҳодисалар ва хабарлар билан тўлдириб, унинг доирасини чексизликка қадар узайтириб боравериш керак. Шу тариқа бир киши кунига бир ҳафтани, йилига – ўн йилни, ўзининг қисқа умрида эса бир неча ҳаётни яшаши мумкин.

Андрей Яновский ҳеч қачон хотирасидан шикоят қилмаган. У шеърларини кўпинча йўлда кета туриб ҳам битиб кетаверар, уйга келгач, оқ қоғозга тушириб, таҳрир қиларди, холос.

Ҳозир ҳам у Диляни ошхонада кутиб ўтираркан, бирдан сўнгги шеърига ўзгартириш киритиш кераклиги эсига тушиб қолди. Ўтган куни Диляникида у хаёлида сўнгги мисрани битди. Бироқ уйда шеъри ҳамон эски ҳолатида ётарди.

Идиш-товоқларни ювиш чўзилиб кетди. Андрей диван остидан тарозини олди-да, устига чиқди. Эллик етти. Танянинг тарозисида эллик беш ярим чиқади. Бу тарозиларнинг қайсинисини бўлса ҳам тузатиб қўйиш керак.

Шу пайт Диля келиб қолди ва қўлларини унинг елкаларига қўйганича тарозига чиқди. Тарозининг мили ҳуркиб, силкинганича юзга чиқиб кетди.

Андрей ўзига таниш йўлдан уйига равона бўлди. Шаҳар, республика ва қўшни мамлакатлар ҳам кўм-кўкликка чулғанган эди. Бундай тиниқ осмонни бирор тасодифий булут ҳам босмайди. Ерда эса, ҳар нарса бўлиши мумкин, бу ерда шарт деган тушунчанинг ўзи йўқ. Руҳ худди ёнгинангдан ўтиб кетаётган аравага чиқиб олгани сингари танангга маҳкам ўрнашган.

У йўлда копток ортидан югуриб юрган мактаб ўқувчиларига рўпара келди. Ўқувчилардан бири, Рустамга ўхшаб кетадигани тўхтаб, ундан ниманидир сўради.

– Тушунмадим, – деди Андрей қўлларини икки томонга ёйганича.
– Нима, тилни билмайсизми? – дея ўқувчи орқасига ўгирилди-да, яна чопиб кетди.

Андрей Диля билан эндигина танишган чоғларида Рустамга ранг-баранг пластмасса ҳарфлардан онасининг исмини ясашни ўргатган эди. Диляда диванда, уларга қараб ўтирарди. Шу тарзда Андрей аёлга ўз муҳаббатини изҳор қилган эди.

Рустамнинг Андрейни “дада”, дейиши Дилянинг ғашига тегарди. Шундайки, Диля ўтмишини қалбининг туб-тубида эҳтиёткорлик билан қўриқлаб келарди. Унинг ёшлик чоғларидан қизлигида тушган биргина сурат сақланиб эди. Суратдан Диляга ўхшамайдиган чеҳра, узун қора сочлари ўриб қўйилган қиз ўткир нигоҳини тикиб турарди.

Телебошловчиларнинг ҳовлиққан овозлари билан бирга шомни қарши олди ва Андрей то батамом қоронғи тушгунча ҳикоясини ёзиб тугатишга шошилди.
Шундоқ орқасида чироқ тугмасининг “чиқ” этган овози эшитилди.

– Эсинг жойидами, бунақада кўзингни ишдан чиқарасан-ку, – деди Таня ажабланиб. – Ишхонада ёзсанг бўлмайдими? Шунда озгина дам ҳам олармидинг.

Шу пайт Андрейнинг хаёлига Диляникида бўлган пайтлари ҳикоя ҳақида бирор марта ҳам ўйлаб кўрмаганлиги келди. У дафтарни бир томонга сурди, юзи билан Танянинг қуюқ, малла сочларига кўмилди.

– Менга қара, қачонлардан бери сендан бир нарсани сўрамоқчи бўлиб юрибман… – Диля шундай дея индамай қолди. Сўнг бир ютиниб олиб, гапида давом этди: – Сен мени суйиб айтадиган сўзларингни хотинингга ҳам айтасан-а, тўғрими?

Рустам югуриб хонага кириб келди ва Андрей ҳар доимгидек, жавоб беришдан қочиб, болани қучоғига олди.

Андрей Света ва Марта билан қишда танишган эди. У иситилмаган кабинетини иш вақти тугамасдан тарк этганича, яқин-атрофдаги мавзе оралаб кетди ва тўсатдан номи ҳам нотаниш, бир қаватли уйлардан иборат кичкина кўчадан чиқиб қолди. Андрей кўча бўйлаб мақсадсиз, уйлар тепасига ёзилган, каттариб бораётган сонларни санаганича кетиб борар эди.

Бир вақт бўёғи ўчган ёғоч дарвозага бўр билан: “Уй сотилади” деган ёзувга кўзи тушди. У беихтиёр дарвозани тақиллатди, ичкаридан овоз келавермагач, аста дарчани очди-да, икки туп ўрик қийшиқ ўсган, бетон ётқизилган ҳовлини кесиб ўтди.

– Яхши йигит, бу ерда ишингиз борми? – деган сўроқ билан қарши олди уни тўсатдан ҳовлига кириб келган бегона одамдан чўчимай тўлагина аёл.

– Китоб сотасизми?
– Уйга киринг.

Андрей остона ҳатларкан, димоғига кумушранг “контрамарка”нинг тафти урилди. Стол ортида ҳозир уни қарши олган хотиндан улуғроқ, сочлари оппоқ аёл ўтирарди.

– Мана, харидор келибди, китоб сотасизларми, деяпти, – дея унинг ташрифини изоҳлади биринчи, Света деган аёл.
– Бу йигитнинг исми нима экан?

– Саша, – деди унга жавобан Андрей.
– Ичкарига ўтинг, Саша, Света сизга китобларни кўрсатади.

Андрейнинг ёнида пули йўқ эди, у бу ерда исиниб олди, баданига хуш ёққан иссиқ уйдан чиққиси келмади. У бир нечта китобни ажратди-да, буларни бир чеккага олиб қўйинг, пулини ташлаб кетаман, деб илтимос қилди. Кейин китоб жавонингизни тузатиб берайми, деб уларга ўз ёрдамини таклиф этди.
Шу кундан бошлаб у Света билан Мартаникига тез-тез бориб турадиган бўлди.

Света билан Мартанинг бари қариндошлари аллақачонлар кетиб бўлишган, опа-сингиллар эса гўёки пешоналарига бу заминда яна узоқ муддат қолиш битилгандай, кетишни орқага сурардилар. Аксарият улар ҳовлиларига келган харидорлар билан сира нархини келишолмасдилар.

Андрей Света билан Мартанинг сон-саноқсиз неваралари-ю жиянларини бирма-бир қандай хотирлаб гаплашиб ўтирганлари гувоҳи бўлганди. Ана шу неваралару жиянларнинг энг ёшлари аллақачонлар рус тилини унутган эди.

Баъзан сотилмай қолган буюмлар устида баҳс кетарди.

– Қаранглар-а, тикув машинкасини бир юз элликка беринг, дейди. Бу кулгили-ку, ахир! Калласида ақли бор одам бунақа пул берадими. Зоя жўнаб кетаётганида шундай машинкасини етмишга сотган эди.

– Ҳа, – дея унинг гапини маъқуллади Марта, – лекин Зоя бутун умр шу пулга сотганидан афсусланиб ўтди! Ахир, шошилганда бирор нарсани тузукроқ нархга сотиб бўладими…

Мабодо Андрей аёллар яқин-орада ҳаётларида юз беражак воқеа тафсилотларини муҳокама қилишлари устидан чиқиб қолгудай бўлса, улар кўпинча уёқдан сенга таклифнома жўнатамиз, уйимизга меҳмонга таклиф этамиз, деб ваъда беришарди.

– Саша, сиз уйланишингиз керак, – дея Андрейга маслаҳат берарди улар. – Орадан ўн йиллар ўтса, уйлангингиз ҳам келмай қолади. Қариганда ёлғиз яшаб бўладими.

– Тасаввур қиляпман, беш йиллардан кейин бу ерда нималар бўлишини. Бу ҳали бошланиши. – Таня хонада куймаланиб юрганича сўзланди. – Бари ақлли одамлардай, кўчиб кетиш керак. Ахир, Толик амаким ҳам неча марталаб буёққа келинглар, деб чақирди-я. Ҳа, мен сенинг туйғуларингни тушунаман. Мен ватан нима эканлигини биламан. Таниш-билишлар кетиб, бу ер бегона шаҳарга айланиб бўлди, ўзинг кўрмаяпсанми? Истасанг ҳам, минг изласанг ҳам, таниш қиёфаларни кўрмайсан. Бунинг устига, сенинг истеъдодинг бўлса…

Андрей вақти-вақти билан бошини ирғаб ўтираверарди.

– Cен мени нотўғри тушундинг. Мен унинг олдига атайин бормайман, ахир. Мен учун сен билан Рустам жуда қадрлисизлар. У билан яна бир марта гаплашиб олишим керак…

Андрей қайсидир лаҳзаларда ўзи айтган сўзларни ўзи ҳам англамай қоларди. Назарида номаълум диктор унинг тилидан об-ҳаво ҳақидаги матнни ўқиётганга ўхшарди.

У ҳаракатсиз, бир-бирига қовушган қўлларга, ерга қараган қора кўзларга разм солди ва индамай қолди. “Йигирма тўққиз”, – қийинчиликсиз ёдига келди.

Андрей бутун воқеани биринчи марта айтиб, изоҳлаб берганидан сўнг Таня кун бўйи мум тишлаб юрди. Ниҳоят сўради:
– Ўша хотиннинг ёши нечада?

Андрейнинг фикрлари қоришиб кетди ва ўшанда аёлнинг ҳақиқатан ёши нечада эканлигини эслай олмади.

Поезд саҳро бўйлаб елиб бормоқда. Таня юқоридаги жойида оғзини ним очганича пинакка кетган. Кўксида – саҳифалари пастга эгилиб тушган “ХХ аср сиёсий можаролари” китоби.

Андрей шундоқ ёнгинасидан ўтиб кетаётган шох-бутоқлари ҳар ёққа тарвақайлаган, момиқ попуклари тепага интилган буталарга қаради. У энди бу ўсимликлар номини ҳеч қачон билолмайди.

Баъзан, жўнаб кетиш ўзининг муқаррар маъносини йўқотган вақтлар уни мудроқ босарди.

Андрей ўтирган узун яшилранг поезд Осиё саҳроси бўйлаб елмоқда.
Андрей ака салқин хиёбонда Рустамни қайиқда сайр қилдиришга олиб кетмоқда.

Нотаниш Саша Света билан Мартанинг кўчишларига ёрдам бермоқда, бўм-бўш уйдан сўнгги кўчларни олиб чиқмоқда.

Манба: «Жаҳон адабиёти»  журнали, 2016, ноябр

Py9gUGSSHnMHJAIu2W7GAQ.jpgVADIM MURODXONOV
IKKI HIKOYA
Ma’suma Ahmedova tarjimasi
09

muratkhanov.jpgVadim Murodxonov – shoir, yozuvchi va tarjimon. 1974 yili Qirg‘izistonning Bishkek shahrida tavallud topgan. 1990 yili oilasi bilan Toshkentga ko‘chib kelgan. 1996 yili Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning xorijiy filologiya fakultetini tamomlagan. Vadim Murodxonovning nasriy asarlari “Novыy mir”, “Znamya”, “Oktyabr”, “Drujba narodov”, “Novaya yunost”;she’rlari “Zvezda Vostoka” hamda “Jahon adabiyoti” jurnallarida chop etilgan.

Shu o‘rinda bir gapni aytish lozim: Vadim Murodxonov o‘zbek adabiyotining tom ma’noda katta targ‘ibotchisi hamdir. Uning tarjimasida Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Xurshid Davron, Vafo Fayzulloh, Qutlibeka kabi shoirlarimiz she’rlari rus tilida e’lon qilindi. Ayniqsa, Vadimning 2013 yil Moskvada bosmadan chiqqan “Uzbekskiye slova” (“O‘zbekona kalom”) kitobi adabiy davralarda iliq fikrlarga sabab bo‘ldi. Kitobning ikkinchi qismiga shoirning o‘zbek shoirlari asarlaridan qilgan badiiy tarjimalari kiritilgan. Shu yil boshida Vadim Murodxonov va German Vlasov tarjimasida Tog‘ay Murodning “Ot kishnagan oqshom” qissasi “Tarlan” nomi bilan “Drujba narodov”jurnalida nashr qilindi.

Jurnalxonlar e’tiboriga havola qilinayotgan Vadim Murodxonovning ikki hikoyasi ham o‘ziga xos, dastlab rus kitobxonlari sazovor bo‘lgan. Uning “Uyga qaytish”(“Priblijeniye k domu”) hikoyasi, bir qarashda, olis yurtdan uyiga qaytgan Temurning ichki kechinmalariga bag‘ishlanganday. Bolaligi kechgan qadrdon uy hikoya qahramonini olis xayolot olamiga yetaklab ketadi. Jonli xotiralar haqiqiy voqelikda ham qatnashadi. Temur xayoli va hayoti aro yashaydi, uchqur bolalik xotiralari jonlanadi, u xayollari bilan birga ruhiy erkinlik – ko‘ngil ozodligiga erishadi.

Muallifning ikkinchi – “Andrey Yanovskiyning bir necha hayoti” (“Neskolko jizney Andreya Yanovskogo”) hikoyasida esa ijodkorning ruhiy olami qalamga olinadi. Aslida, bir necha hayot bilan yashaydigan hikoya qahramoni Andreyning haqiqiy, o‘z hayoti, o‘z hayotini tahlil qilishga esa jur’ati, qat’iyati yo‘q.

Vadim Murodxonovning ikkala hikoyasi ham o‘quvchini o‘ylashga, fikrlashga undaydi.

Tarjimondan

09

UYGA QAYTISH

746539.jpg– Agar sen boshdan oyoq ta’tilingni o‘sha shumshuk urug‘laringga bag‘ishlashni niyat qilgan bo‘lsang, nima ham derdim… – deya yelkasini qisdi Valentina.

Temur xotinining bu gapini eshitib, birdan kayfiyati buzildi. U ichida Piter safariga qarshi dalillar hozirlab o‘tirgan edi, lekin ayni damda ularni o‘rtaga tashlasa bormi, bu hol tasodif bo‘lib, vaqtinchalik o‘chib turgan ko‘pdan-ko‘p qismli oilaviy mojaro alangasiga moy quyish bilan barobar kelardi.

Poyezd uch kecha yu uch kunduz yurdi. Temur janub tomonga ketadigan yo‘lni bulutlar, lip-lip o‘tib turgan manzaralarga qarab kuzatmoqchi bo‘ldi. Oynaga qarab, ob-havoning beqarorligini bildi, vagon derazasi ortidagi manzara esa faqat oqshomdagina almashar edi. Onda-sonda uchrab turgan nimjon butalar, faqat jarliklar va jilg‘alar bo‘yida ko‘m-ko‘k bo‘lib yashnab turgan tol, jang‘il va caksovullar uni bundan o‘n bir yil ilgari qanday kuzatgan bo‘lsa, xuddi shunday loqayd qarshi olayotgan edi.

– Mana ko‘rasan, otam juda xursand bo‘ladilar, – dedi Temur yuqoridagi o‘rnidan osilib tusharkan. – Bir haftada senga hamma joylarni ko‘rsataman, butun shaharni aylanamiz.

– Uning nimasini ham aylanardik… – uf tortdi Valentina bodring to‘g‘rarkan.

O‘zi tug‘ilib-o‘sgan qadrdon ko‘chasi ko‘ziga ancha kichraygan va allaqanday yasama ko‘rindi. U asta qiyshayib qolgan taxta to‘siqlar va anchadan buyon ohak ko‘rmagan devorlar yoqalab ketdi. Yo‘lida uchragan kir-chir, qorayib ketgan bolalar salomiga negadir xotinining oldida xijolat tortib, unut bo‘lgan tilda: “Vaalaykum salom”, deya alik oldi.

Aftidan, hammasi joyida edi, biroq bu manzara ko‘ziga allaqanday xira tortganday ko‘rindi. Agar biror hovlining ko‘cha eshigi nim ochiq bo‘lsa, uning nigohi ilgarigiday olazarak bo‘lmadi: ko‘zi olis bolalik chog‘laridagi singari hovlidagi son-sanoqsiz buyumlar – arava yu, velosiped ramasi, plastmassa mashinka qismlari sochilib yotgan, dami chiqqan, bir yoni puchchayib qolgan rezina koptokka tushmadi, har joy-har joyi o‘ydim-chuqur asfalt yo‘ldan ketarkan, shundoqqina qarshisidagi devor hovlisiga tosh otganlari yodiga keldi.

Temur uylariga yaqinlasharkan, ko‘chalarida eski rusumdagi “Zaporoj” va “Moskvich”lar, do‘ppi, chopon kiygan odamlar ko‘pligidan ajablandi. Ba’zilari beliga belbog‘ boylab olgandi. Bir odam o‘tirgan joyidan turdi, shunda Temur otasini tanidi.

– Telegrammani oldingmi? Barakalla, vaqtida yetib kelding. Samolyotda keldinglarmi? Oxirgi paytlar Xosiyat opangning mazasi bo‘lmay qoluvdi, boyoqish og‘ir dardga chalingan ekan… – otasi shunday derkan, uning yashil rangli ko‘zlariga to‘lgan yosh yumalab, oq oralagan, soqoli olinmagan yuziga oqib tusha boshladi.

Temur to‘planib turgan erkaklar bilan so‘rashdi-da, asta o‘tirg‘ichga cho‘kdi. Kimdir unga to‘rt buklangan do‘ppi uzatdi. Darvoza oldida to‘planganlar janozaga hozirlandi. Shu payt Temurning nazarida bu yerda yashagan vaqtlaridagi singari olam birdan kichraydi, go‘yo ana shu dunyo abadiyatni o‘ziga mixlab qo‘yganday osmonga ko‘tarib ochilgan kaftlariga sig‘di va yoppasiga aytilgan “Omin!” so‘zlariga itoat etib, issiq to‘lqin bilan yuzini siladi. Oradan birmuncha vaqt o‘tib, odamlar orasida mashina ana-mana kelib qoladi, go‘r bo‘lsa, hali qazilmapti, degan shivir-shivir qulog‘iga chalindi.

– Xotining ichkariga kirib, ayollarga qarashsin, – dedi otasi, Valentina indamay ichkariga yo‘naldi.

Temur hovlida aka-opalarini uchratdi. Ajablanarlisi, mana, oradan shuncha yil o‘tibdi-yu, ular ko‘ziga o‘sha-o‘sha, biroq jiddiylashganday ko‘rindi.

– Salom, Tima! Finalni ko‘rdingmi? – so‘radi Asqar. – Fransuzlar braziliyaliklarni bopladi-ya.

U choy qaynatiladigan titan bak yonida cho‘kkalab o‘tirar, har qo‘zg‘alganida bak ostida yonib turgan g‘o‘lalarni qimirlatib yuborardi.

“Agar jim o‘tirib, qiyshayib ketgan temir qopqoqni gulduratgan alanga hayotiga nazar solsang, olov o‘choq ichida turib, vaqtni qanchalik sezdirmasdan yondirib yuborayotganining guvohi bo‘lasan…” Negadir uning xayoliga shunday o‘y keldi. Alanga g‘o‘laning silliq kesigini yalar, chekkalarini shahd va g‘azab bilan cho‘qqa aylantirib borardi. Bunday daqiqalarda hovlida biror tantana yoki to‘y vajidan to‘plangan mehmonlar choy kutar, odamlar bug‘ purkagan bak atrofida o‘tirar, aksiga olganday, titan jim va harakatsiz ko‘rinardi. Faqat kattalarning: “Nima, haliyam choydan darak yo‘qmi?” degan so‘rog‘igina uni jonsiz holatidan chiqarganday bo‘lardi.

– O‘shanda sharikni topuvdinglarmi, ishqilib? – deb so‘radi Temur tennis, badminton koptokchalari, har xil o‘yinchoq askarchalar, mashinkalar uyumi, to‘g‘rirog‘i, mox bosib ketgan shifer yopilgan bu ashyolarning eski “qabriston”iga ishora qilib.

Asqar tilini taqillatdi, “yo‘q” ma’nosida bosh chayqadi.

– Timurchik, salom! – Sevara ayvon zinalaridan yugurgilab tushib keldi. – Ishlar qalay? Xotiningning rasmini olib keldingmi?
– Uning o‘zi keldi.

– Esingdami, men senga qo‘lda palov yeyishni o‘rgatganim? O‘shanda sen nega kaftimdan osh to‘kilib ketmayapti, deb hayron bo‘lganding.

Shu payt hovlining xotinlar yurgan tomonida Valentina ko‘rindi. U ham bu yerdagi boshqa ayollar singari boshiga ro‘mol o‘rab olgandi. Uning qo‘lida tog‘ora bilan choynak bor edi, xotinining dadil harakatlariga qaraganda, u qo‘lidagi narsalarini nima qilish kerakligini yaxshi bilardi.

Ko‘chadan yig‘i ovozlari eshitildi. Temur ta’ziya bildirgani yana bir guruh ayollar kelganini fahmladi. Oradan ikki daqiqa o‘tar-o‘tmas uch kampir, ko‘p o‘tirganidan bo‘lsa kerak, qiyshayib ketgan, yaltiroq, g‘ijim, qora mahsi kiygan oyoqlari bilan lapanglaganlaricha shoshilmay hovliga kirib kelishdi, ularning qo‘llarida dasturxonga o‘ralgan tog‘ora bor edi. Temur hozir ularga ro‘para kelsa, dimog‘ida nordon isni tuygan holda har birining shalvirab qolgan yonoqlaridan o‘pib qo‘yishi, o‘zbekchalab so‘rashishiga to‘g‘ri kelishi, bu buvilar esa “aylanay”, deya uni suyishini tasavvur qildi-yu, o‘zini “lip” etib uyga urdi.

Bu yerda, uzun xontaxta atrofida ammalari o‘tirardi. U ammalari bilan bir-bir kift tutganicha ko‘risharkan, ko‘zi Xosiyat opaga tushdi. Bir soniya dovdirab qolganday bo‘ldi, so‘ng unga ham kiftini tutdi.

– Xotiningga qoyil qoldim! – deya maqtadi Xosiyat opa. – Baraka topkur, yotsiramay birday yordam beryapti, urinyapti. O‘zbekdan farqi yo‘q, bir kelinday xizmat qilyapti. O‘tir, choy ich. Uyoqda onang qanday, yaxshi yuribdimi? Salom deb qo‘y. Biz uni unutmaganmiz, doim eslab turamiz. Mana, pochchang senga sovg‘a berib yubordilar, – u qo‘liga taxlog‘liq ko‘ylakni olib, unga uzatdi. – Ol, kiyib ko‘r.

Ko‘ylak unga kichik keldi, qattiq yoqa ostidagi yorlig‘i bo‘ynini tirnadi.

– Hechqisi yo‘q, xuddi o‘zingga atab tikilganday, kiysang, tashlaydi, – deya boshlarini irg‘adi ammalari.

Temur odob yuzasidan ammalari oldida besh daqiqalarcha o‘tirdi-da, so‘ng o‘rnidan turib, hovliga tushdi. Ancha narida, oshxonada qo‘llarida idish, xotinlar kuymalanib yurardi. Temur ular orasidan xotinini darrov ilg‘ab ololmadi. Otasi tashqarida o‘tirg‘ichlarni qayoqqa qo‘yish kerakligini ko‘rsatayotgan edi. U Temurga ko‘zi tushib, chaqirdi:
– Mashinani kutib olish kerak. Farrux bilan chiqinglar, bo‘lmasa, haydovchi mahallada adashib qoladi.
– Xosiyat opa uyoqda… – Temur boshlagan gapini qanday tugatishni bilmay, tutilib qoldi.
– U ichkari uyda, – Temurning gapini bo‘ldi otasi. – Hechqisi yo‘q, so‘ng akalaring bilan kirib vidolashib chiqasizlar.

– Nega doim, indamay tur, mahmadonalik qilma, shunda aqling kiradi, deyisharkan-a? – deya gap boshladi Farrux chorrahaga yetganlarida. – Ba’zan o‘zimcha o‘ylab qolaman: dunyo nega shunday yaralgan? Yashaysan-yashaysan, hamma ishlar o‘z o‘zanida ketayotganday bo‘ladi. Lekin mundoq boshingni qo‘yib, o‘ylab ko‘rsang, boshqacha, tag-zamini chuqur bo‘ladi!.. Aytishlaricha, hammasi koinot bilan bog‘liq emish, yuz bergan hodisalar birining ortidan biri zanjirday ulanib ketganmish. Ya’ni hech bir voqea o‘z-o‘zidan sodir bo‘lmaydi, ha, shunday. Yo‘q, aslida inson aqli bilan baribir haqiqatning tubiga yetib bo‘lmaydi. Mamardashvilini o‘qiganmisan? U yerda ozodlik haqida shunday… – U birmuncha muddat indamay qoldi. – Bizning muammomiz nimada, bilasanmi? Biz juda yuvosh, mo‘min-qobilmiz. Kattalar nima desa, shuni qilamiz. Axir, kishi o‘z aqli bilan ham ish qilishi kerak emasmi? Sen to‘g‘ri qilding, ketib, o‘zing uylanding. Qara, menga haliyam qiz qidirishyapti…

Shu payt mashina kelib qoldi, ular kim haydovchining oldida, kim kuzovga chiqishini ancha talashdilar. Farrux axiri yon berdi, kabinada sen o‘tiraqol, dedi Temurga.
Uyga qaytganlarida, Temur hovlida yurgan xotin-xalaj orasida Valentinani ko‘rmadi.

– Valya qani? – deya yurak yutib so‘radi u otasidan.
– Xotiningdan xavotir olma. Sen, yaxshisi, ukalaring bilan machitga bor, idish-tovoq, stollarni olib kelasizlar.

Temur mayyitning yuziga qarashga ulgurolmadi. U kelmasidanoq marhumani oppoq kafanga o‘rab bo‘lishgan ekan. Mayyitni mashinaga olib chiqayotganlarida, Temurga uning bosh tomoni tegdi. Shu dam Temurda kafanni ochib, mayyitni ko‘rish istagi paydo bo‘ldi. Ammo bir odim bosarkan, qulog‘iga mayyitning asta ingragan nidosi eshitilganday bo‘ldi, shu on ko‘nglidagi istak ham yo‘qoldi.

Taomilga ko‘ra, marhuma kun botgunga qadar dafn etildi. Oppoq “pilla” ehtiyotlab keng lahadga qo‘yildi. Shunda Temurning xayoliga bir fikr keldi: balki insonga tirikligida bunday ehtirom ko‘rsatilmas, lekin u omonatini topshirgach, boshqa dinlardan ko‘ra islom dini o‘tganlarning hurmatini joyiga qo‘yadi.

Oradan yarim soat o‘tar o‘tmas dafn etilgan joy o‘rnida do‘nglik paydo bo‘ldi, panjarasimon to‘siqda arab yozuvida bitiklavha osildi.

So‘ng uyda yumush ko‘p bo‘ldi. Dasturxonga choy tashildi, palov tortildi, ta’ziyaga kelgan mehmonlar kuzatildi, stol-stul, idish-tovoqlar keltirilgan joyiga olib borib qo‘yildi. Temur shu kun ham, ertasiga ham xotini bilan ko‘risholmadi. U endi otasidan xotinini so‘rashga botinolmadi

Uni vokzalga butun oila jam bo‘lib kuzatgani chiqdilar.
– Onangga salom ayt, – tayinladi Muqaddas kelinoyi.
– Keyingi safar surat esingdan chiqmasin, – Sevara jilmayganicha unga oq yo‘l tiladi.

ANDRЕY YANOVSKIYNING BIR NЕCHA HAYOTI

1082.jpg– Tirikchilikdan boshqasini bilmaydigan, tor fikrli odamlar juda jo‘n o‘ylaydilar, o‘zlaricha hayotni o‘lim yo‘qday xayol qiladilar,– dedi Larisa Viktorovna, uning gapini eshitgan o‘quvchilarning yuzlari jiddiy tortdi va qotib qoldi. – Bu fikr natijasi aniq fanlar yordamida umrni uzaytirishda ko‘rinadi. Lekin umrga qo‘shilgan o‘n besh, yigirma, hattoki o‘ttiz yilda ko‘p narsalarga erishish mumkinmi? Undan ko‘ra intensiv, jadal yo‘l maqsadga muvofiq keladi: imkon qadar umrning har bir lahzasini voqea-hodisalar va xabarlar bilan to‘ldirib, uning doirasini cheksizlikka qadar uzaytirib boraverish kerak. Shu tariqa bir kishi kuniga bir haftani, yiliga – o‘n yilni, o‘zining qisqa umrida esa bir necha hayotni yashashi mumkin.

Andrey Yanovskiy hech qachon xotirasidan shikoyat qilmagan. U she’rlarini ko‘pincha yo‘lda keta turib ham bitib ketaverar, uyga kelgach, oq qog‘ozga tushirib, tahrir qilardi, xolos.

Hozir ham u Dilyani oshxonada kutib o‘tirarkan, birdan so‘nggi she’riga o‘zgartirish kiritish kerakligi esiga tushib qoldi. O‘tgan kuni Dilyanikida u xayolida so‘nggi misrani bitdi. Biroq uyda she’ri hamon eski holatida yotardi.

Idish-tovoqlarni yuvish cho‘zilib ketdi. Andrey divan ostidan tarozini oldi-da, ustiga chiqdi. Ellik yetti. Tanyaning tarozisida ellik besh yarim chiqadi. Bu tarozilarning qaysinisini bo‘lsa ham tuzatib qo‘yish kerak.

Shu payt Dilya kelib qoldi va qo‘llarini uning yelkalariga qo‘yganicha taroziga chiqdi. Tarozining mili hurkib, silkinganicha yuzga chiqib ketdi.

Andrey o‘ziga tanish yo‘ldan uyiga ravona bo‘ldi. Shahar, respublika va qo‘shni mamlakatlar ham ko‘m-ko‘klikka chulg‘angan edi. Bunday tiniq osmonni biror tasodifiy bulut ham bosmaydi. Yerda esa, har narsa bo‘lishi mumkin, bu yerda shart degan tushunchaning o‘zi yo‘q. Ruh xuddi yonginangdan o‘tib ketayotgan aravaga chiqib olgani singari tanangga mahkam o‘rnashgan.

U yo‘lda koptok ortidan yugurib yurgan maktab o‘quvchilariga ro‘para keldi. O‘quvchilardan biri, Rustamga o‘xshab ketadigani to‘xtab, undan nimanidir so‘radi.

– Tushunmadim, – dedi Andrey qo‘llarini ikki tomonga yoyganicha.
– Nima, tilni bilmaysizmi? – deya o‘quvchi orqasiga o‘girildi-da, yana chopib ketdi.

Andrey Dilya bilan endigina tanishgan chog‘larida Rustamga rang-barang plastmassa harflardan onasining ismini yasashni o‘rgatgan edi. Dilyada divanda, ularga qarab o‘tirardi. Shu tarzda Andrey ayolga o‘z muhabbatini izhor qilgan edi.

Rustamning Andreyni “dada”, deyishi Dilyaning g‘ashiga tegardi. Shundayki, Dilya o‘tmishini qalbining tub-tubida ehtiyotkorlik bilan qo‘riqlab kelardi. Uning yoshlik chog‘laridan qizligida tushgan birgina surat saqlanib edi. Suratdan Dilyaga o‘xshamaydigan chehra, uzun qora sochlari o‘rib qo‘yilgan qiz o‘tkir nigohini tikib turardi.

Teleboshlovchilarning hovliqqan ovozlari bilan birga shomni qarshi oldi va Andrey to batamom qorong‘i tushguncha hikoyasini yozib tugatishga shoshildi.
Shundoq orqasida chiroq tugmasining “chiq” etgan ovozi eshitildi.

– Esing joyidami, bunaqada ko‘zingni ishdan chiqarasan-ku, – dedi Tanya ajablanib. – Ishxonada yozsang bo‘lmaydimi? Shunda ozgina dam ham olarmiding.

Shu payt Andreyning xayoliga Dilyanikida bo‘lgan paytlari hikoya haqida biror marta ham o‘ylab ko‘rmaganligi keldi. U daftarni bir tomonga surdi, yuzi bilan Tanyaning quyuq, malla sochlariga ko‘mildi.

– Menga qara, qachonlardan beri sendan bir narsani so‘ramoqchi bo‘lib yuribman… – Dilya shunday deya indamay qoldi. So‘ng bir yutinib olib, gapida davom etdi: – Sen meni suyib aytadigan so‘zlaringni xotiningga ham aytasan-a, to‘g‘rimi?

Rustam yugurib xonaga kirib keldi va Andrey har doimgidek, javob berishdan qochib, bolani quchog‘iga oldi.

Andrey Sveta va Marta bilan qishda tanishgan edi. U isitilmagan kabinetini ish vaqti tugamasdan tark etganicha, yaqin-atrofdagi mavze oralab ketdi va to‘satdan nomi ham notanish, bir qavatli uylardan iborat kichkina ko‘chadan chiqib qoldi. Andrey ko‘cha bo‘ylab maqsadsiz, uylar tepasiga yozilgan, kattarib borayotgan sonlarni sanaganicha ketib borar edi.

Bir vaqt bo‘yog‘i o‘chgan yog‘och darvozaga bo‘r bilan: “Uy sotiladi” degan yozuvga ko‘zi tushdi. U beixtiyor darvozani taqillatdi, ichkaridan ovoz kelavermagach, asta darchani ochdi-da, ikki tup o‘rik qiyshiq o‘sgan, beton yotqizilgan hovlini kesib o‘tdi.

– Yaxshi yigit, bu yerda ishingiz bormi? – degan so‘roq bilan qarshi oldi uni to‘satdan hovliga kirib kelgan begona odamdan cho‘chimay to‘lagina ayol.

– Kitob sotasizmi?
– Uyga kiring.

Andrey ostona hatlarkan, dimog‘iga kumushrang “kontramarka”ning tafti urildi. Stol ortida hozir uni qarshi olgan xotindan ulug‘roq, sochlari oppoq ayol o‘tirardi.

– Mana, xaridor kelibdi, kitob sotasizlarmi, deyapti, – deya uning tashrifini izohladi birinchi, Sveta degan ayol.
– Bu yigitning ismi nima ekan?

– Sasha, – dedi unga javoban Andrey.
– Ichkariga o‘ting, Sasha, Sveta sizga kitoblarni ko‘rsatadi.

Andreyning yonida puli yo‘q edi, u bu yerda isinib oldi, badaniga xush yoqqan issiq uydan chiqqisi kelmadi. U bir nechta kitobni ajratdi-da, bularni bir chekkaga olib qo‘ying, pulini tashlab ketaman, deb iltimos qildi. Keyin kitob javoningizni tuzatib beraymi, deb ularga o‘z yordamini taklif etdi.
Shu kundan boshlab u Sveta bilan Martanikiga tez-tez borib turadigan bo‘ldi.

Sveta bilan Martaning bari qarindoshlari allaqachonlar ketib bo‘lishgan, opa-singillar esa go‘yoki peshonalariga bu zaminda yana uzoq muddat qolish bitilganday, ketishni orqaga surardilar. Aksariyat ular hovlilariga kelgan xaridorlar bilan sira narxini kelisholmasdilar.

Andrey Sveta bilan Martaning son-sanoqsiz nevaralari-yu jiyanlarini birma-bir qanday xotirlab gaplashib o‘tirganlari guvohi bo‘lgandi. Ana shu nevaralaru jiyanlarning eng yoshlari allaqachonlar rus tilini unutgan edi.

Ba’zan sotilmay qolgan buyumlar ustida bahs ketardi.

– Qaranglar-a, tikuv mashinkasini bir yuz ellikka bering, deydi. Bu kulgili-ku, axir! Kallasida aqli bor odam bunaqa pul beradimi. Zoya jo‘nab ketayotganida shunday mashinkasini yetmishga sotgan edi.

– Ha, – deya uning gapini ma’qulladi Marta, – lekin Zoya butun umr shu pulga sotganidan afsuslanib o‘tdi! Axir, shoshilganda biror narsani tuzukroq narxga sotib bo‘ladimi…

Mabodo Andrey ayollar yaqin-orada hayotlarida yuz berajak voqea tafsilotlarini muhokama qilishlari ustidan chiqib qolguday bo‘lsa, ular ko‘pincha uyoqdan senga taklifnoma jo‘natamiz, uyimizga mehmonga taklif etamiz, deb va’da berishardi.

– Sasha, siz uylanishingiz kerak, – deya Andreyga maslahat berardi ular. – Oradan o‘n yillar o‘tsa, uylangingiz ham kelmay qoladi. Qariganda yolg‘iz yashab bo‘ladimi.

– Tasavvur qilyapman, besh yillardan keyin bu yerda nimalar bo‘lishini. Bu hali boshlanishi. – Tanya xonada kuymalanib yurganicha so‘zlandi. – Bari aqlli odamlarday, ko‘chib ketish kerak. Axir, Tolik amakim ham necha martalab buyoqqa kelinglar, deb chaqirdi-ya. Ha, men sening tuyg‘ularingni tushunaman. Men vatan nima ekanligini bilaman. Tanish-bilishlar ketib, bu yer begona shaharga aylanib bo‘ldi, o‘zing ko‘rmayapsanmi? Istasang ham, ming izlasang ham, tanish qiyofalarni ko‘rmaysan. Buning ustiga, sening iste’doding bo‘lsa…

Andrey vaqti-vaqti bilan boshini irg‘ab o‘tiraverardi.

– Cen meni noto‘g‘ri tushunding. Men uning oldiga atayin bormayman, axir. Men uchun sen bilan Rustam juda qadrlisizlar. U bilan yana bir marta gaplashib olishim kerak…

Andrey qaysidir lahzalarda o‘zi aytgan so‘zlarni o‘zi ham anglamay qolardi. Nazarida noma’lum diktor uning tilidan ob-havo haqidagi matnni o‘qiyotganga o‘xshardi.
U harakatsiz, bir-biriga qovushgan qo‘llarga, yerga qaragan qora ko‘zlarga razm soldi va indamay qoldi. “Yigirma to‘qqiz”, – qiyinchiliksiz yodiga keldi.
Andrey butun voqeani birinchi marta aytib, izohlab berganidan so‘ng Tanya kun bo‘yi mum tishlab yurdi. Nihoyat so‘radi:
– O‘sha xotinning yoshi nechada?

Andreyning fikrlari qorishib ketdi va o‘shanda ayolning haqiqatan yoshi nechada ekanligini eslay olmadi.

Poyezd sahro bo‘ylab yelib bormoqda. Tanya yuqoridagi joyida og‘zini nim ochganicha pinakka ketgan. Ko‘ksida – sahifalari pastga egilib tushgan “XX asr siyosiy mojarolari” kitobi.

Andrey shundoq yonginasidan o‘tib ketayotgan shox-butoqlari har yoqqa tarvaqaylagan, momiq popuklari tepaga intilgan butalarga qaradi. U endi bu o‘simliklar nomini hech qachon bilolmaydi.

Ba’zan, jo‘nab ketish o‘zining muqarrar ma’nosini yo‘qotgan vaqtlar uni mudroq bosardi.

Andrey o‘tirgan uzun yashilrang poyezd Osiyo sahrosi bo‘ylab yelmoqda.
Andrey aka salqin xiyobonda Rustamni qayiqda sayr qildirishga olib ketmoqda.

Notanish Sasha Sveta bilan Martaning ko‘chishlariga yordam bermoqda, bo‘m-bo‘sh uydan so‘nggi ko‘chlarni olib chiqmoqda.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2016, noyabr

002

(Tashriflar: umumiy 241, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум. Хуршид ака, саломатмисиз. Нима учун поделится қилиб, ФБда улашиб бўлмаяпти. Илгари бемалол ФБда улашар эдик. Шуни яна тиклаб қўйишнинг имкони борми? Раҳмат. Салом билан Абдуҳамид укангиз.

Izoh qoldiring