Xayol kemasida suzar yolg’iz oy…

099

Уни илк таниганим — адабиёт китобимда раҳматли бобом (амакини биз томонларда шундай аташади)ники сингари маънодор йирик-йирик кўзларию дўпписи тагидан чиқиб турган жингалак сочлари, гўштдор юзию жилмайиб турган лаблари эди. Дарслигимдан унинг менга боқиб туришлари нима учун бошқа адибларнинг қарашларига сираям ўхшамаслигини ўша дамларда англаёлмасдим. Кейинчалик у ҳақдаги тасаввурларим бойида: шоир, ёзувчи, академик. У инсон эсланганида ҳар гал ёдимизга «лоп» этиб тушадиган ҳамма учун севимли ўша машҳур шеърининг биринчи бандини мактабда энг ёмон ўқийдиган бола ҳам биларди, сўрасангиз айтиб берарди: «Нафис чайқалади бир туп наъматак…»

024
022
Фозил Фарҳод ўғли
ХАЁЛ КЕМАСИДА КЕЗАР ЁЛҒИЗ ОЙ
Эссе
011

062Уни илк таниганим — адабиёт китобимда раҳматли бобом (амакини биз томонларда шундай аташади)ники сингари маънодор йирик-йирик кўзларию дўпписи тагидан чиқиб турган жингалак сочлари, гўштдор юзию жилмайиб турган лаблари эди. Дарслигимдан унинг менга боқиб туришлари нима учун бошқа адибларнинг қарашларига сираям ўхшамаслигини ўша дамларда англаёлмасдим. Кейинчалик у ҳақдаги тасаввурларим бойиди: шоир, ёзувчи, академик. У инсон эсланганида ҳар гал ёдимизга «лоп» этиб тушадиган ҳамма учун севимли ўша машҳур шеърининг биринчи бандини мактабда энг ёмон ўқийдиган бола ҳам биларди, сўрасангиз айтиб берарди: «Нафис чайқалади бир туп наъматак…» Адабиёт ўқитувчимиз-да, телевизорларда унинг тўғрисида нутқ ирод қилувчи кишилар-да, китобларда у ҳақда хотиралар ёзган замондошлари-да унинг исмига «домла» сифатини қўшиб гапиришарди, ёзишарди. Ҳар тугул Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳақидаги болаликдаги жажжи таассуротим шундай бўлган.

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак
Ва сокин шивирни — оҳангни уқиб,
Ойбекми? Майсами? — деб толсин юрак.

Ардоқли шоирларимиздан бири Хуршид Давроннинг адибга бағишлаган шеъри шундай сатрлар билан бошланади. Гарчи ҳозир юртимизда қиш, ҳали майсалар ердан бош кўтармаган эса-да, мен Ойбек ижодига мурожаат қилдим. Баъзи мисраларини ўзимча таҳлил қилишга уриндим. Бунга мени шоирнинг мазкур мисралари ҳам ундагандек:

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивиллар баҳор…

Хонаси келганда айтишим керак. Мен сизларга унинг фалончи йилда тил ва адабиёт институтидан ҳайдалганлигию фистончи йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилганлиги тўғрисида нималарнидир исботлаш учун қўлимга қалам олмадим. Буларнинг ҳаммаси сўзланган, ёзилган. Мен унинг қувноқ ва шўх, шу билан биргаликда, ғамгин ва маъюс лирикасининг ўзимгагина маълум бўлган қисми ҳамда шоирга бағишланган гўзал сатрлар ҳақида сизлар билан юракдан суҳбатлашмоқчиман, холос.

Ушбуни ёзишни ўйлаганимда дастлаб, тўғриси, қўрқдим: «У ҳақда нимани қоралайман, қандай ёзаман. Уни кўрган катта-катта олимлар, ёзувчилар, шоирлар барини ёзиб бўлишган-ку. Улар ёзганларни такрорлаб қўйсам бўлмас». Барибир аҳдимдан қайтмадим. Ишни унинг уй-музейига боришдан бошладим.

Қор ёғарди. Кун эса илиқ…

Музей билан танишиш Ойбекнинг болалигига бағишланган хонадан бошланади. Унинг болалигига шўнғиш учун, албатта, қайсидир маънода болага айланиб, қалбан ўша олам руҳига сингиш керак. Хона тўрига ўрнатилган «Ойдинда» картинаси ёш шоир шеърлари остига нима учун айнан «Ойбек» дея имзо чекканлигини исботлайди, бола Ойбекнинг руҳиятига кириш учун дарчага айланади. Ўшанда бола Ойбек онасига нима учун ойни олиб беринг, дея хархаша қилганлигини англагандек бўласиз гўё. Хона деворига ойга беқарор бўлган фарзандининг инжиқликларига бепарво онага бағишланган Ойбекнинг шундай сатрлари осилган:

Қаҳратон қиш… Совуқ… Титрар қўлларинг;
Тутолмас игнани… Ўлик бир кеча
Илиқ нафаслари сўнган танчага
Ётқизгач бизларни, очиб китобинг —
Ўқирдинг ичингда… мендан-да уйқу —
Қочарди… Боқардим маъюс, жимгина.
Болалик севгим-ла, олтин севгим-ла…
У онлар кўнглимдан ўчмайди мангу.

Ойбекнинг қалбида адабиётга бўлган қизиқиш уйғонишида онасининг ҳиссаси катта бўлганини у ҳақида ёзилган китобларнинг бирида унинг ўзи шундай дея эслайди:«Онам раҳматлик саводхон эдилар. Навоий, Фузулий, Машрабни кўп ўқир эдилар. Ўша ғазалларнинг жаранги қулоғимда қолган».

Онасидан эшитган ғазалу рубоиийлар айнан совуқ кечаларда тинглангани учун ҳам бу хотиралар Мусонинг қалбида бир умрга муҳрланиб қолгандир. Эҳтимол, шу хотиралар ҳаққи учун ҳам у бир умр бола бўлиб яшагандир. Буни Шукруллонинг унга атаб ёзган мисраларидан ҳам англаса бўлади:

Сени гўдак санашса агар,
Йўқ, улардан, дўстим, ранжима!
Сен учун бу жуда мўътабар,
Маъносини қилсанг таржима.

Гўдак қувмас шуҳрат кетидан,
Таъма билан бермайди салом.
Макр изи бўлмас бетида
Ва ясама қилмас эҳтиром.

Ойбек қалбан бола бўлиб яшаган бўлса-да, бироқ унинг қуйидаги сўзлари ақлан етук, камолотга етган Ойбек тимсолини кўз олдимизда гавдалантиради: «…Шундай бир пайт келиб қолдики, мен энди ё олим-иқтисодчи ва ё ёзувчиликдан бирини танлаб олишим зарурлигини яхши ҳис этдим. Аммо кўнгилда адабиётга, шеъриятга муҳаббат зўр бўлганидан билдимки, менинг чинакам майлим адабиёт томонда». Ўшанда у иқтисодчиликдан воз кечган экан. Бу сўзларга бошқа нуқтадан қарасак унинг адабиётга бўлган садоқатини руй-рост кўринади.

Чўлпоннинг «Гўзал» шеърининг асл маъносида ёр васфи, маъжозий маъносида Ватан куйланганини аксариятимиз биламиз. Авваллари «Наъматак» шеърини мен ҳам фақат наъматак ҳақида, табиат ҳақида деб ўйлардим. Бир қарашда «Наъматак»да тасвир шундайдек туюлади. Адабиёт ўқитувчиларимиз, адабиётшуносларимиз наъматакни «Халқ» ҳам дея таърифлашган. Бироқ мен шеър яратилганига олтмиш олти йил бўлгандан сўнг яна бир маъносини топгандай бўлдим. Эътибор берилса, унинг биринчи тўртлиги бир туп наъматакнинг юксакда, шамолнинг беланчагида чайқалиши, виқор-ла ўшшайган қоя лабида қуёшга бир сават оқ гул кўтариб туриши тасвирланган. Бу ердаги қоянинг ўшшайиши ним салбий бўёққа буялган. Иккинчи тўртликда эса бу бўёқ янада қуюқлашади: «Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун». Сўнгги тўртликда бу янада ойдинлашади: «Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди». Шеър фақат табиат ҳақида бўлганида шоир қояни, ундаги тошларни ваҳший дея таърифламасди. Уни ҳам табиатнинг бир бўлаги санаб, гўзал ташбиҳларга ўраб-чирмаб, «Улуғвор қоялар» дея атади-қўяди.

Шу ўринда Федерико Феллинининг ўша машҳур фикри ёдимга тушди: «Агар мен балиқ ҳақида фильм ишлаганимда ҳам у қисман ўзим ҳақимда бўларди». Бу фикрни Маркеснинг гаплари янада тўлдиради: «Бир инсоннинг умри довомида битта романга етгулик сиёҳи бўлади». Бу фикрлардан маълум бўладики, нафис чайқалаётган бир туп наъматак Ойбекнинг ўзи эди. Адиб замондош-ижодкорлар ичида ёзғиз эди. Унинг оғиртабиат характери нафис чайқалаётган наъматакнинг айнан ўзгинаси. Ижодкорлар, шогирдлар даврасида бўлса-да, унинг ёлғизлигини ўзи ҳам сатрлари орқали билдириб қўяди:

Ёлғизмен, ёлғизмен, шундай ёлғизмен,
Юлдузлар узоқдир, еллар бегона…

Эҳтимол, у ер одами бўлмаганидан ёлғизлангандир. Шовқин-суронли, ғала-ғовурли оламга сингиб, қоришиб кетиш унинг қўлидан келмагандир. У осмон одами, самоники эканини ўзи ҳам таъкидлайди:

Хаёл кемасида сира чарчамай,
Кезаман жимгина мен коинотни…
Сен мени масхара қилма, гўзал ой,
Шоирлар севади шундай ҳаётни.

Ваҳший қоялар, тошлар эса унинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрган ноқобил шогирдларию буқаламун дўстлари эди. Унинг ўзи ҳам улар ҳақида шундай сатрларни битган:

Дўстим, ёмонлардан зинҳор ҳазар қил,
Фирибгар ошнолар зимдан тўсар йўл.
Ҳақиқатни севмас, виждонсиз бахил,
Куйганмен улардан, ёғдирган тош-дўл.

Гарчи унга отилган тошлар бу шеър ёзилгандан кейин содир бўлган эса-да (очиқчасига), бироқ шоир шундай бўлишини олдиндан билган, ҳис қилган бўлса, ажабмас. Сезса-да, сукут сақлагандир (унинг табиатига хос фазилат!). Унинг уй-музейида қайсидир шогирдининг газетада ёзган қораламасию (Ойбекни ёмонлаб) яна бирининг «тазарру» қилиб ундан кечирим сўраганини тасдиқловчи тарихий ҳужжатлар осиғлиқ турибди. Буни эса ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, яшириб бўлмайди. Аммо ўшанда кечирим сўраб келган шогирдларини Ойбек кечирган экан. Мана буни ҳам юксак олижаноблик, наъматакнинг қуёшга бир сават оқ гул тутиши, дейиш мумкин.

Ойбекнинг ўша давр одами эмаслиги, юксакда юриши рост эди. Бироқ унга пастдан туриб тош отувчилар сероб бўлганидан у барисига дош беролмай тўшакка қадалиб қолади. Хаста ётган даврида ёзган бир шеърини ўқиб тўлқинланиб кетасиз. Яқинларим орасида ушбу сатрларни ўқиб йиғлаганлар ҳам бор:

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб —
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур — менга ҳамқадам,
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакман бир кун соғайсам…

Ижодкорнинг дарсликлардаги суратларида лаблари юқорига тортилиб турарса-да, кўзлари кулмасди. Уларнинг маъюс боқаётгани мени доим ўйлантирарди. Мен ўқиган китобларда «оғир хасталикка чалинган» дея лўнда қилиб ёзиларди, холос. Нима касал, қандай чалинганлиги ҳақида эса кейинчалик билдим. Шундан сўнг ўша кўзлардаги «маъюслик калаваси»нинг учини топгандай бўлдим. Бироқ унинг кўзларининг кулганини музейдаги бирор суратда ҳам учратмадим. Бундан англадимки, Ойбекнинг тугалланмай қолган «Бобур», «Темур» достонлари юрагига бир қадар армон, бир қадар ўкинч ҳавосини олиб кирган. Темур ҳақида роман, Бухоронинг 1917 йилга қадар бўғиқ, фожиали ҳаёти, унинг сўнгги амири ҳақида ёзиш шоир учун армон бўлиб қолиб кетди. Қалбингда юксак армон бўла туриб кўзларинг қандай кулиб туриши мумкин.

Ҳар йили 10 январь санасида Ойбекнинг уй-музейида уни билган, таниган, ҳурматлаган, ўзига дўст, устоз деб билганлар, ойбекшунос олимлар йиғилишиб, уни ёд этишади. Музейга келганимнинг навбатдаги кунида бу ерга йиғилганлар шу муносабат билан уни такрор эслашди, руҳини шод этишди. Қўлимдаги «Армуғон» дея номланган жажжи китобнинг кичик тақдимоти ҳам айнан ўша кечада бўлиб ўтди. Тақдимотдан аввалроқ бу китобни варақларканман Ойбек ҳақидаги тасаввурларим янада ортади. Қирқ битта шоирнинг унга бағишлаб ёзилган элликдан ортиқ шеърни ўзида жамлаган жажжи китобчадан Рауф Парфининг унга аталган шундай мисраларини сизларга ҳам илиндим:

Тоғлар аро бир ойдин булоқ,
Атрофида шивирлар ўтлоқ.
Булоқда шаън ва собит чирой.
Нур йўлидек ўйлари йироқ,
Сувда мангуликдек сузар ой…

Бироқ, ҳайҳот, бир қуюн келди…
Ойдин булоқ қайга беркинди?!
Қайдадир шаън ва собит чирой?
Фалакларга қарайман энди,
Фалакларда сузиб юрар ой…

Музейдан чиқиб, у ердан истамайгина узоқлашарканман кун анча совиб, аёз қистаб қолганди. Ичкаридан олган илиқ-илиқ таассуротларим мени иситар, руҳимга тетиклик бағишлар, қадамларим таъсирида ҳосил бўлаётган қорнинг «ғарч-ғурч» товуши ва музей ҳовлисидаги Ойбекка ўрнатилган юксак ҳайкални кўз олдимда жонлантириб, шоирнинг энг яқин кишиси — Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китобидаги қуйидаги хотираларга уланиб кетарди: «Ойбек жуда келишган, кўркам салобатли инсон эди. Юз ва кўзларининг ифодасидан руҳан бойлиги, ички дунёсининг кенглиги, ақл-заковати, гўзаллиги ва софлиги кўриниб турарди. Буни рассомлар ҳам, ҳайкалтарошлар ҳам тўла ифода эта олмадилар. Бу мукаммал чеҳра фақат менинг юрагимда қолган…»

Бугун адибни туғилган кун боҳонасида ёдга олган бўлсак-да, аслида у фақат туғилган кунларидагина эсланадиган ижодкорлар тоифасидан эмас. Ойбекнинг чеҳраси, ички дунёси эҳтимол суратларда, картиналарда, ҳайкалларда мукаммал акс этилмагандир, бироқ унинг «юрак қони билан…» ёзилган шеърларида, достонларида, қиссаю романларида бу қиёфа мангу бўй кўрсатажак. Унинг ҳикояларини илк бора қўлига олган ўқувчи (эҳтимол ойдинда, эҳтимол шам ёруғида) Фонарчи отани, Гулнор опани бир умрга яхши кўриб қолажак. Адиб ижодига такрор мурожаат қилган китобхон мусаввиру ҳақкалтарошга, шоиру ёзувчига айланиб, тасаввурида хаёл кемасида сузиб бораётган Ойбек сиймоси қайта-қайта жонлантиражак. Кўклам келса-келмаса-да, наъматакнинг оқ гулларию ой нурининг майин ёйилган мавжларини қайта-қайта қумсаб қоламиз. У Йўлчи сингари, аввало, ҳақ йўлдан қайтмагани, виждонига, имонига хиёнат қилмагани, эзгуликларга ишониб, уларни қарор топтиришга интилиб яшагани учун ҳам барҳаётдир, унинг ўзи айтганидек, адабиёт оламида абадий «министр» бўлиб қолажак. Сўзимизга ҳозирча, севимли шоирларимиздан бири Усмон Аъзимнинг «Ойбекнинг сўнгги шеъри» номли фахрияси билан хитоб қўймоқчимиз:

Мен дарёга қармоқ ташлайман,
Ана, балиқ — силкир думини.
Мен балиқни озод айлайман,
Кечираман очкўзлигини.

Беданага қўяман тузоқ —
Ҳаялламай қолар илиниб.
«Уч, тез, — дейман, далада озод»,
Кечираман анқовлигини.

Ҳар бир гули — бир эзгу учқун,
Ҳув… чўққида яшнар наъматак.
Қуёшга гул тутгани учун
Тиканига қиламан тоқат.

Гапим тамом… Ҳа, мен ҳам ўтдим!
Уч… икки… бир… Тўхтади юрак…
Балиқ, қўрқмай қармоқни ютгин —
Мен ҳар ҳолда, ўлмасам керак!

Эскартма: ўша давр ёзувчию шоирлари сингари Ойбекнинг ижоди ҳам давр руҳи билан мажбуран суғорилганлиги қалбларимизда бир оғриқли нуқта бўлиб, абадий муҳрланиб қолажак. Буни авлодлар тарих китобларини ўқиб, фильмларни томоша қилиб, музейлардаги қўлёзмалару архив ҳужжатларини кўриб Ойбекни-да, виждони пок, қалби тоза алданган ХХ аср ўзбек адибларни-да қалбан кечиришади. Бунга имоним комил.

2011 йил

022

(Tashriflar: umumiy 156, bugungi 1)

Izoh qoldiring