Xurshid Do’stmuhammad. Qoyalardan balandda

0778 январь — таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад   туғилган кун

       Қоя тошнинг камгак еридан қуёшнинг беозор тилларанг нури кўринди-ю, ҳаво совиб кетди. Қуёш ўзидан совуқ пуркаётгандек бўлди, ундан таралаётган заррин изғирин қоя тошни ёнлаб-ялаб ўтиб, қоя ёқасида турган бургутнинг қанотига, бўйнига қадалаётган эди. Бургутнинг оёғи остида ғўдир тошга тегай-тегай деб осилиб қолган қўнғир қаноти елпиғичдай оҳиста тебранди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ҚОЯЛАРДАН БАЛАНДДА

023

045 Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
Рюноскэ Акутагаванинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

023

Калхат қариб, тамом ҳолдан тойган
ва шу боис рўпарадан эсаётган шамолга қарама-қарши парвоз этолмас,
шамолга чап бериш ва уни доғда қолдириш учун ўзини четга олар,
бироқ барча уринишлари зое кетар эди…

Темур Пўлатов, «Мулк».

09    Қоя тошнинг камгак еридан қуёшнинг беозор тилларанг нури кўринди-ю, ҳаво совиб кетди. Қуёш ўзидан совуқ пуркаётгандек бўлди, ундан таралаётган заррин изғирин қоя тошни ёнлаб-ялаб ўтиб, қоя ёқасида турган бургутнинг қанотига, бўйнига қадалаётган эди. Бургутнинг оёғи остида ғўдир тошга тегай-тегай деб осилиб қолган қўнғир қаноти елпиғичдай оҳиста тебранди. Совуқ шамол қанотларининг остидан йўл топиб, унинг майин пар қоплаган юмшоқ биқинини изиллатди. Бургут бўйнини вазмин буриб, шамол эсаётган томонга қаради.

Қоя тош емирилаверганидан унинг биқинида чуқур ўйиқ — камгак ҳосил бўлган, ҳозир шамол забтига олгани сайин ўша жойдан тош зарралари тирналиб-тирналиб кўчиб тушарди. Қўнғир бургут қум зарраларининг тошдан кўчишига, ерга қўниб-қўнмай шамол аралаш ҳаволаб келиб тумшуғига, қарийб жонсиз қанотига урилаётганини кузатди. Бошини тескари бурди. Бир сакраса етгулик жойда — уя ёнида турган жуфтига, унинг кифтидаги оқиш хол-хол тангачаларга қаради. Унга орқа қилиб турган жуфти бўйнини чўзиб узоқ-узоқларга аланглади. Қўнғир бургут шеригининг думидаги булутдек оппоқ бир тутам патидан кўз узмай қолди. Оқ думли бургут дам ёнидаги тошдевор ортида тумшуғини каппа-каппа очиб тинимсиз чағиллаётган полапонларга, дам олис-олисларга қаранди. Қўнғир бургут ҳам бошини ўша ёқларга бурди, бирор хавфдан таҳликага тушгандек шошқич сузиб бораётган булут уюрларини, дарахтзорни, бепоён дашту далани ўткир назаридан ўтказди. Зум ўтмай қуёш бош кўтаради — юмронқозиқ, тошбақа, типратиканлар ининига кириб кетади, қуёнлар ғойиб бўлади.

…Қўнғир бургут одатда айни шу дамда овга отланар, офтоб чиқиб, олам баногоҳ чароғонлашиб кетишини сезмай, ғафлатда қолган жониворларни осонликча чангалига туширарди. Агар улар бирон ўлжа ёхуд емишга чалғиган бўлса яна яхши — жониворларнинг ўзи қўнғир бургут тажовузига гирифтор бўларди. Тонг ғира-шира ёришиб, қуёш қоядан кўтарилгунга қадар қўнғир бургут икки қайта овга бориб қайтар, мўлжаллаб туриб ерга бамисоли тошдек отилиши бесамар кетмас, у овдан ўлжасиз қайтиш нималигини билмасди…

Оқ думли бургут тўшини тошга босиб чоғланди-чоғланди-да, енгил сакраб қанотини ёйганича қоядан пастга шўнғиди. Қўнғир бургут бўйнини қисиб, ҳурпайди, кўзини юмди. Шамолнинг зўридан танаси чайқалиб, қайрилма тумшуғи тошга тарақлаб тегди. У кўзини очиб панжаларига, ўсиқ орқа тирноғига қаради — тошни чангаллади.

Полапонлар бехосдан қаттиқ чағиллади. Қўнғир бургут ҳуркиб уяга қаради. Полапонларининг калта, сарғиш тумшуғи, бесабр қоқилаёттан заиф қанотчаларининг учлари кўринди. Уя шамол йўналишидан чеккада — совуқ оқимдан панада эди.

Оқ думли бургут қанот қоқмай дашту дарахтзор тепасида айлана бошлади, қўнғир бургут эса… кўзларини юмди… Ҳарчанд уринмасин қанотларини йиға олмади — у қалтираётган эди…

Қоя тош — баҳайбат, у на шамол, на иссиқ-совуқни писанд қилмай ғўдайиб турар, биқинининг остидан зарра-зарра бўлиб емирилаётганига ҳам бепарво эди. Қўнғир бургут билан қоя тош оралиғидаги яйдоқ бўз ерда бир неча тош дўнгликлар ер бағирлаб туртиб чиққан — бу, аллазамонлар шу ерларда залворли харсанглар бўлганидан, улар вақтнинг бешафқат ва мутлақ ҳукмига — тинимсиз шамол, иссиқ-совукларга дош беролмай емирилиб-емирилиб зарра-ю тўзонларга айланганидан, ҳу-у жаҳаннам узра тўзииб-тўзииб кетганидан далолат берарди… Энди баҳайбат қоя тош ҳам йўқлик сари сафар бошлаган, унинг зарралари шамол аралаш қўнғир бургутга урилаётган, патлари, парлари орасида илашиб-улоқиб силласини қуритаётган, лаҳза сайин мажолсизлантириб адои тамом қилаётган… тириклик дунёсидаги насибаси одош бўлганидан дарак бераётган эди…

…вақт-бевақт қоялар тепасида шамол жазавага тушар, залворли тоғ ўркачларини онтариб ташламоқчидек увиллар, шунда қоя тош ҳам дош беролмайдигандек, бир юмалаб тубсиз жарликка ағдарилиб кетадигандек туюлаверар, уясини паноҳ тутган қўнғир бургут эса асов бўрон билан юзма-юз олишмоқчидек қанот ёйиб унга қарши борар, шамол уни дам ўнг, дам сўл тарафга итқитиб ташлар, лекин бургут бўш келмасди. Жуфти ҳалолининг шўхлигидан саросимага тушган оқ думли бургут унинг ёнига отилиб борар, таҳликали «қъеқ-қъеқ»лаб уяга қайтар — уни уяга чорлар… қўнғир бургут эса шамолга бас келмоқчидек унга қарши учаверар-учаверар, толиқиш нелигини билмасди…

Қўнғир бургут ўзини шамолдан четга олиш учун панжасини тошдан узди, узди-ю, мункиб кетди, қанотига тиралиб, ҳурпайди. Титроқ қанотидан панжаларига, ундан тирноқларига кўчди. Пўсти тоб ташлагандек қават-қаватлашиб қотган панжалари, қайрилма тирноқлари оёғининг остидаги харсанг тошдек сарғайиб кетган, гўё тирнокдари тошга илдиз отгандек ёхуд оёклари тошдан ўсиб чиққандек ҳаракатсиз, жонсиз эди. Шу алфоз тошдан тўшини узолмаса, бошини кўтаролмаса, вассалом — қайтиб қаддини тутолмаслиги, ҳатто, ҳу-у жаҳаннамга ағдарилиши ҳеч гап эмасди. Лекин шу пайт қанотларининг ости… биқини… шу қадар совқотдики, бутун танаси музга айланаётгандек бўлди, қаттиқ ҳуркиди. Ҳали муз танасига тарқаб улгурмай кўзини очди, бўйнини чўзди. Қанотларини йиғди. Жон сақлаш сезими зўр келиб, уя томон оғир ва оҳиста сурилди.

У шу ҳурпайган кўйи икки кун уя ёнида тош қотиб турди. Дам-бадам бўйнини чўзиб бесабр полапонларига узоқ термулар, аллақаёкдарга учиб тўсатдан қайтган оқ думли бургутга тахдидли ва умидвор қарар, у эса чангалидаги ўлжани уяга ташлагач, дарҳол қайтиб чиқар ва «тўп-тўп» этиб сакраб қўнғир бургутга яқинлашар, атрофида айланар, айланаётиб қаноти билан уни беозор туртиб қўярди. Дастлабки куни қўнғир бургут ўзининг бемажол туришидан, оқ думли бургутнинг ғалати қилиғидан ғашланди, ҳатто, бир сафар унинг бўйнидан қаттиқ чўқиди. Қўнғир бургут танасида, қанотларидан тортиб панжалари, тирноқларигача қандайдир номаълум, лекин қандайдир қўрқинчли ўзгариш юз бераётганини пайқамаган, зотан, доимо куч-қувват, шиддат-шижоат билан яшаган мавжудот учун бундай ҳолат бегона ва мавҳум эди.

Иккинчи куни у тонг отишини сарбсизланиб кутди, осмон олачалпоқ ёриша бошлаганда учишга чоғланди-ю, уяда полапонларини бағрига босиб ётган оқ думли бургутни кўриб тайсалланди. Оқ думли бургут аллақандай нохушликни сезгандек безовта, беҳаловат ётар — у синовчан, айни чоғда ишончсиз бир назар билан қўнғир бургутни кузатаётган эди. Қўнғир бургут одатдагидек парвоз қилишга, бепоён дашт узра чарх уриб ўлжа излашга андек фурсат борлигини чамалади — осмонга бемаврид кўтарилиб, беҳуда мадор сарфлашдан ўзини тийди.
.

..У шу чоғгача ҳеч қачон, ҳеч нарсадан ўзини тийган эмасди. Вужудида парвоз майли уйғониб, бу майл  тўла истакка айланиб улгурмасиданоқ бир сапчишда қоядан шўнғир, қанотларини даст ёйиб осмони фалакка кўтарилар, вазмин ва салобат билан сузиб борар экан шамол оқимлари, булут уюрлари, қуёш нурларини тумшуғи, кўзи, бўйни ва парларида, эту суякларида ҳис қилар, худди шундай масрурлик ўзга бирор жонзотга насиб этмаслигини билгандек виқор-ла учаверар, учаверар, учаверарди…

Энди эса ўлжа излаш учун пича фурсат борлигини чамалади, беҳуда куч сарфлашдан ўзини тийди. Шундагина у қанотида нотайин оғирлик пайдо бўлганини сезди. Оғирлик хали оғриққа айланиб улгурмаган эса- да, шу ўзгаришнинг ўзиёқ парвоздан тийилишга ундаб улгурган, шунинг ўзиёқ қари бургутнинг шаштини қирқиб қўйганди.

Қўнғир бургут емиш келтириш умидида икки қайта парвоз қилди, тоғ этаклари, дашту далалар узра айланди, ҳар бир дарахт, бута остини ўткир нигоҳидан ўтказди, ҳар бир дўнглик, сойликда, ўнгирда қимирлаган жон излади. Омад чопмади.

Янаги сафар ўлжа тополмагани етмагандай учишдан толиқди, баногоҳ қанотларидан мадор кетди — икки ёнига даст ёйилган кенг ва ҳайбатли қанотлари бегонадек туюлди ўзига — алҳол узокда кўриниб турган қоядаги ошиёнини қора тортиб изига қайтди. Қайтар чоғида бир туп юлғун панасида чўнқайиб ўтирган кулранг қуённи кўрди. Кўрган заҳоти қанотидаги оғриқни унутди… Ҳозир биргина ўшандай лаҳза учун жонидан кечишга тайёр эди…

…у осмонга кўтарилгач, еру кўкнинг мутлақ соҳибқиронидек қанотларини тек тутиб салобат билан, катта-катта айлана ясаб парвоз этар, уяси жойлашган қоядан аллақайларга олислаб кетаверарди. Аксари юқорига йўл солар, юқорилагани сайин ер, дарахтзор, сўнг тоғлар, қоялар ҳам кўринмай кетар, шунда қудратли қанотларида, боши ва бўйнида офтобнинг ёқимли ҳароратини туяр, тўши, биқини эса аксинча — муздек шабададан беадад ҳузур топарди. У шамол оқимлари билан ўйнашгани-ўйнашган эди — илиқ шамол қатламида учиб бора туриб тўсатдан тиккасига кўтарилар ёхуд пастга шўнғир — баданига совуқ ҳаво урилиши ҳамоно бир текис сузишга тушар, ҳозиргина илиқ ҳароратдан яйраган бадани энди совуқ оқимдан ҳадсиз ҳузурланарди.

Сўнг пастлашарди, нафс ва жиғилдон майли уни осмону фалақдан пастлашишга, ўткир кўзларини ерга қадашга, ўлжани мўлжалга олиб, қоядан узилган тошдек шўнғишга ва найзадек панжаларини қуённинг, юмронқозиқнинг ёки бирор парранданинг баданига жахд билан санчишга чоғланар… унинг ҳамласига дучор бўлган ҳеч бир жондор омон қолмасди…

Бир туп юлғун панасидаги қуённи кўрди-ю, ана шундай хуш сезимлардан танасидаги қон гупурди — қанотларига, панжаларига куч қуйилиб, кўзлари йиртқич истакдан чўғланди. Қанотларини йиғиб, панжаларини қорнига тортди — шўнғиди!..

…шу қабилдаги ҳамлада у қуюндек елиб бораётган қуённи, кавакдан тумшуғини чиқарган юмронқозиқни илиб кетарди…

Бу сафар қўнғир бургут — ҳали юлғунга етиб боришга аллақанча бор эди — туйқусдан қаттиқ ҳуркиди, шу қадар ҳуркидики, қаноти танасига ёпишганча қотиб қолгандек, у қайтиб ёйилмайдигандек туюлди — жон ҳалписида қанотларини ёйиб юборди — сузи-иб ке-ет-ди… қуённи қайтиб кўрмади, қояга — уясига аранг етиб келди… Орадан икки кун ўтди…

Оқ думли бургут чалажон паррандани келтириб уяга ташлади. Полапонлар жон таслим қилиб улгурмаган ўлжани хомталаш қила бошлади. Қўнғир бургут тамшаниб тумшуқ тақиллатди. Оқ думли бургут икки ҳатлаб қўнғир бургутга яқинлашди ва унинг теварагида асабий айланаётиб қанотини типирлатди. «Қъеқ- қъ-еқ, қъеқ-қъ-еқ»лай туриб жуфтини туртиб юборди. Қўнғир бургут ёнбошига ағдарилай деганда қанотига суялди. Бошини кўтармай оёққа турди. Оқ думли бургут яна устма-уст келиб урилишини у кутмаганди — кейинги зарбдан бояги — совуқ шамол гуриллаб эсаётган яйдоқ ялангликка бориб қолди. Қўнғир бургут қаршилик кўрсатмади, полапонлар ёнига қайтган жуфтига қарамади ҳам — бошини қанотининг орасига яшириб ҳурпайди — яна қалтирай бошлади. Шу туришида у қорамтир-сарғиш дўнгликка ўхшар эди…

…аслида… оқ думли бургут қоянинг чеккасига келиб бирдан парвоз этар, қўнғир бургут ҳаялламай унинг ортидан изма-из қанот қоқарди… оқ думли бургут тобора тезлашар, қўнғир бургут орқада қолмас, оқ думли бургутдан ўзиб кетар — қайтар, ўзиб кетар — яна қайтар, шунда гоҳ тепасидан, гоҳ остидан, гоҳ ёнидан яқинлашиб қанотининг учлари билан шеригини силаб-сийпаб ўтарди… оппоқ-мовий булутлардан ҳам тепада қўнғир бургут тўсатдан узоқлашар — баҳорнинг илмилиқ шамоллари билан шодон ўйинга тушар, шунда қанотларига, думига ёмғир томчилари томишидан ҳузурланар — жуфти ҳалоли тобора ўзи томон яқинлашаётганидан маст бўларди… оқ думли бургут етиб келаёзганда у ён-бу ёнга лапанглаб учар — қўнғир бургутга ҳамла қилаётгандек ташланар — четлаб ўтар — олислаб кетар — ҳарчанд олислаб кетмасин қўнғир бургут унинг оқ думини назардан қочирмас — қувиб етар, чексиз ва поёнсиз самонинг бу икки эрка жондори дам мўъжаз, дам катта-катта айланалар ясаб бир- бирларига яқинлашар, яқинлашар… висол рақси айни забтига чиққан чоғ оқ думли бургут қоя томон йўл солар… уларнинг жуфтлиги осмоннинг мовий гумбазидан гўзалроқ, қоялардан, дашту далалардан боқийроқ кўринарди…

Шамол тинди. Қўнғир бургутнинг қалтираши қолди. У бошини қаноти остидан чиқарди. Офтоб қоя тошдан юқорида — энди ундан изғирин эмас, балки баданни яйратувчи нур таралаётган эди.

Қўнғир бургутнинг қанотларига жон югурди, оҳиста кўтарилди, лекин улар ярим-ёрти ёйилиб улгурмай, тўхтади. Бургут бошини солинтирган кўйи тўғрига — қоя тошга қаради. Тош боя унинг устига ағдарилиб тушаётгандек бўлса, энди у узоқлашган — гўё тобора тиккага кўтарилаётган қуёш ўз нури билан қоя тошни бургутдан нарига суриб қўяётгандек эди. Бироқ қўнғир бургут қоя тошдан кўз узмади, унга узоқ термилиб тургач, таҳликага тушиб, бўйнини у ён-бу ёнга бурди — ён-вери, оёғининг ости, уянинг деворлари — ҳаммаёқ тош, тош… қўнғир бургутнинг қанотлари ҳам тошга айланиб бораётган эди.

…у офтобрўяда тоблангани сайин қанотлари кучга тўлгандан-тўлар, турган жойида қанотларини елпиғичдек ёйиб, солланиб юрар, ички бир майлга бўйсуниб қуёш тиккага кўтарилгунга қадар унинг ҳароратидан баҳраманд бўлар…

Ҳозир эса аксинча — офтоб тафти унинг қанотларини қимирламайдиган қилиб қотираётган, жонини суғуриб олаётгандек эди.

Бири олиб бири қўйиб чуғурлашаётган полапонлар қўнғир бургут турган жойдан кўринмади, у тобора тиккага кўтарилаётган қуёшга қаради — сояси кичраяёттан қоя тош томон яқинлашди. Шу пайт орқада — уя деворида турган шеригининг қанот қоққан шарпаси эшитилди. Қўнғир бургут ўша томонга бошини бурди — полапонларнинг сап-сариқ, учли тумшуғини кўрди. У қанотининг симиллаб зирқираётганини унутди. Қоя тошнинг ғўдир дўнгликларидан оғир ва базўр кўтарилгани сайин полапонларининг қўнғир-қорамтир боши, тийрак ва бежо кўзлари, пати ниш уриб қота бошлаган қанотлари — ҳаммаси кўринаверди…

…шундай паллада у ўлжани уя ичига ташламай тош деворга босиб турар, ебтўймас полапонлари чуғурлаб дунёни бошига кўтарар, қанот қоқиб ўлжага бўй чўзар, чўзаверар… сапчиб деворга тармашар, унинг устига чиқиб оларди ҳам. Қўнғир бургут ёнига чиқолган полапонининг қанотларини беозоргина чўқилагач, ўлжани унинг ихтиёрига қўяр, лекин бирор луқма ютиб улгурар-улгурмас уни тўши билан туртиб ташқарига тушириб юборарди. Саросимада қолган полапон ёруғ дунёга ўгирилиб қарамас, балки қўнғир бургут оёғининг остидаги емиш илинжида яна тошдеворга тармашар, талпинар, талпинаверар… тош деворга қанот ёзиб чиқар… учирма фасли шундай бошланарди…

Тобора зўриқаётган оғриқ қўнғир бургутнинг танасига ёқа бошлади, оғриқ унинг ўз мулкига айланганди. У қоя тошнинг янада тепароғига чиқишни кўзлади, тараддудланмай-нетмай майлига изн берди — турган жойидан сапчиб, қанотини ёзди — учди!.. ҳавога кўтарилди!.. ва… қанотлари қоядан думалаган тошлардек қарсиллаб кетди! — ўзи қаттиқ чайқалди, жон ҳолатда панжаларини ёйиб юборди!.. кўзлари олайди — оғирлигини кўтаролмай тўнкарилаётган лаҳзада  уясидаги полапонлари бирдан қаттиқ чийиллаб юборгани, бўйинларини чўзганча жим қотиб қолганини кўрди — ўзи қоя тошга келиб урилди… У сўнгги мадорини оёқларига жамлаб қоя тошга канадек тармашди. Баҳайбат танасини панжалари, думи тутиб турар, боши, танаси оғирлик қилиб пастга осилиб қолганди. Энди унинг тошни қўйиб юборишга, панжаларини бўшаштириб шундайгина ялангликка сакраб тушишга ҳам юраги бетламас — қўрқув ҳали ожизликка айланиб улгурмаган бўлса-да, тақдиру қисматга маҳкумлик ундаги ўжар бардошу туганмасдек кўринган куч-қувватни паймонасига етказмокда эди…

Қўнғир бургут қоя тош қирраларига ботгудек чангаллаган тирноқларини, панжаларини бирма-бир кузатди — шу алфоз яна қанча фурсат тура олишини чамалади. Кўзидан нур аримаган бўлса-да, олис-олисларда майсазордек ястаниб ётган қуюқ дарахтзорга, тоғ этаклари, дашту далаларга, ҳатто, паға-паға булутлар сузиб юрган осмонга қарамас, қанот остларига, оёқларига, тош чангакка айлангандек қотиб қолган панжаларига узоқ-узоқ термулар, қандай ҳодиса юз бераётганини ҳамон тўла англаб етмаган, етмаган эса- да… уясини, ўзидан кўз узмаётган полапонларини интиҳосиз мунгли бир нигоҳ билан кузатарди…

У бирдан шабада эсганини, илиқ ҳаво қанотининг остига ёқимли урилганини илғамади — панжасига қўнган заррага қаради. Бу зарра шамолда емирилаётган қоя тош заррасидан йирикроқ, ҳатто… жонлироқ эди. Қўнғир бургут панжасидаги зарранинг ўрмалаб тирноқлари остига яширинаётганини кўрди. Яна шабада эсди, энди бургутнинг панжасида, тирноқларида ўрмалаётган зарралар кўпайди. Қўнғир бургут уларни чўқиб териб ташламоқчи эди, лекин ўзи аранг тармашиб турганидан бунга журъат этолмади. Фақат шабада эсгани сайин тирноқлари, оёғининг момиқ пар қоплаган этигача зарралар зичлашаётганини, улар тобора жонлироқ ғимирлаётганини кўриб таҳликаси ошди. Ўрмаловчи зарралар қанотининг ораларида, биқинида урчиётганини, дув-дув тўкилаётган бу қумурсқаларни чўқиб адо қилиб бўлмаслигини у кейин сезди… Қўнғир бургут шу топда энг майда қумурсқадан ҳам ожизроқ эди… У зўр бир илтижо ва алам билан қуёшга қаради. Қуёш тиккада, атроф чароғон, еру осмон, тоғу тош қизигандан-қизир, ёлғиз қўнғир бургутгина совуққотаётган эди. Шу чоғгача унинг баданига, вужуд-вужудига ҳарорат бағишлаган офтоб энди бир умр ҳадя этган тафту роҳатларини қайтариб олаётгандек, оқибатда унинг ич-эти лаҳза сайин қаҳратонга айланаётгандек эди… Қуёш чарақлаб нур сочар, қўнғир бургут унга аламнок боқарди…

Олам жимжит бўлиб қолди… Жимликни полапон — жўжаларнинг дам-бадам ва якка-якка чағиллаши бузмоқда… Қўнғир бургут сапчиб бош кўтарди… уяга қаради… Оқиш бошли жўжа тошдеворга мингашиб учишга талпинаётганини, икки қўнғир жўжа тошдеворга тармашаётганини кўрди… учишни қўмсади…

…қўнғир бургут осмонга кўтарилар, учишга талпиниб ўзини кузатаётган жўжаларига қанот силкиш, чарх уриш, шўнғиш ва пастлашиш машқларини намойиш этар, учаверар, қоялар ортида кўздан йўқолар, бундан таҳликада чуғурлай бошлаган учирмалари ёнида тўсатдан пайдо бўлиб қолар, уларни эркалаб чўқилаб қўяр… Ҳозир айни шундай учирма палласи эди…

Қўнғир бургут учирма полапонларининг кўз ўнгида лоақал бир қур осмонга кўтарилгиси, доира ясаб учгиси, қоялардан баландларда чарх ургиси келди. Чоғланди, чоғланди, чоғланди…

1986

0778 YANVAR — TANIQLI YOZUVCHI XURSHID DOʻSTMUHAMMAD TUGʻILGAN KUN

Qoya toshning kamgak yeridan quyoshning beozor tillarang nuri koʻrindi-yu, havo sovib ketdi. Quyosh oʻzidan sovuq purkayotgandek boʻldi, undan taralayotgan zarrin izgʻirin qoya toshni yonlab-yalab oʻtib, qoya yoqasida turgan burgutning qanotiga, boʻyniga qadalayotgan edi. Burgutning oyogʻi ostida gʻoʻdir toshga tegay-tegay deb osilib qolgan qoʻngʻir qanoti yelpigʻichday ohista tebrandi.

Xurshid DO’STMUHAMMAD
QOYALARDAN BALANDDA

023

045 Xurshid Do’stmuhammad 1951 yil 8 yanvarda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). Dastlabki kitobi — «Hovli etagidagi uy» (1989). Shundan keyin yoauvchining «Panoh», «Oromkursi». «So’roq». «Sof o’zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug’anniy», «Yolg’izim — Siz», «Ko’z qorachig’idagi uy», «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalar to’plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan. «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, «Chayongul» (2000) kinostsenariysi muallifi.
Ryunoske Akutagavaning «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, Temur Po’latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg’u-alam» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

023

Kalxat qarib, tamom holdan toygan
va shu bois ro’paradan esayotgan shamolga qarama-qarshi parvoz etolmas,
shamolga chap berish va uni dog’da qoldirish uchun o’zini chetga olar,
biroq barcha urinishlari zoe ketar edi…

Temur Po’latov, «Mulk».

Qoya toshning kamgak yeridan quyoshning beozor tillarang nuri ko’rindi-yu, havo sovib ketdi. Quyosh o’zidan sovuq purkayotgandek bo’ldi, undan taralayotgan zarrin izg’irin qoya toshni yonlab-yalab o’tib, qoya yoqasida turgan burgutning qanotiga, bo’yniga qadalayotgan edi. Burgutning oyog’i ostida g’o’dir toshga tegay-tegay deb osilib qolgan qo’ng’ir qanoti yelpig’ichday ohista tebrandi. Sovuq shamol qanotlarining ostidan yo’l topib, uning mayin par qoplagan yumshoq biqinini izillatdi. Burgut bo’ynini vazmin burib, shamol esayotgan tomonga qaradi.

Qoya tosh yemirilaverganidan uning biqinida chuqur o’yiq — kamgak hosil bo’lgan, hozir shamol zabtiga olgani sayin o’sha joydan tosh zarralari tirnalib-tirnalib ko’chib tushardi. Qo’ng’ir burgut qum zarralarining toshdan ko’chishiga, yerga qo’nib-qo’nmay shamol aralash havolab kelib tumshug’iga, qariyb jonsiz qanotiga urilayotganini kuzatdi. Boshini teskari burdi. Bir sakrasa yetgulik joyda — uya yonida turgan juftiga, uning kiftidagi oqish xol-xol tangachalarga qaradi. Unga orqa qilib turgan jufti bo’ynini cho’zib uzoq-uzoqlarga alangladi. Qo’ng’ir burgut sherigining dumidagi bulutdek oppoq bir tutam patidan ko’z uzmay qoldi. Oq dumli burgut dam yonidagi toshdevor ortida tumshug’ini kappa-kappa ochib tinimsiz chag’illayotgan polaponlarga, dam olis-olislarga qarandi. Qo’ng’ir burgut ham boshini o’sha yoqlarga burdi, biror xavfdan tahlikaga tushgandek shoshqich suzib borayotgan bulut uyurlarini, daraxtzorni, bepoyon dashtu dalani o’tkir nazaridan o’tkazdi. Zum o’tmay quyosh bosh ko’taradi — yumronqoziq, toshbaqa, tipratikanlar ininiga kirib ketadi, quyonlar g’oyib bo’ladi.

…Qo’ng’ir burgut odatda ayni shu damda ovga otlanar, oftob chiqib, olam banogoh charog’onlashib ketishini sezmay, g’aflatda qolgan jonivorlarni osonlikcha changaliga tushirardi. Agar ular biron o’lja yoxud yemishga chalg’igan bo’lsa yana yaxshi — jonivorlarning o’zi qo’ng’ir burgut tajovuziga giriftor bo’lardi. Tong g’ira-shira yorishib, quyosh qoyadan ko’tarilgunga qadar qo’ng’ir burgut ikki qayta ovga borib qaytar, mo’ljallab turib yerga bamisoli toshdek otilishi besamar ketmas, u ovdan o’ljasiz qaytish nimaligini bilmasdi…

Oq dumli burgut to’shini toshga bosib chog’landi-chog’landi-da, yengil sakrab qanotini yoyganicha qoyadan pastga sho’ng’idi. Qo’ng’ir burgut bo’ynini qisib, hurpaydi, ko’zini yumdi. Shamolning zo’ridan tanasi chayqalib, qayrilma tumshug’i toshga taraqlab tegdi. U ko’zini ochib panjalariga, o’siq orqa tirnog’iga qaradi — toshni changalladi.

Polaponlar bexosdan qattiq chag’illadi. Qo’ng’ir burgut hurkib uyaga qaradi. Polaponlarining kalta, sarg’ish tumshug’i, besabr qoqilayottan zaif qanotchalarining uchlari ko’rindi. Uya shamol yo’nalishidan chekkada — sovuq oqimdan panada edi.

Oq dumli burgut qanot qoqmay dashtu daraxtzor tepasida aylana boshladi, qo’ng’ir burgut esa… ko’zlarini yumdi… Harchand urinmasin qanotlarini yig’a olmadi — u qaltirayotgan edi…

Qoya tosh — bahaybat, u na shamol, na issiq-sovuqni pisand qilmay g’o’dayib turar, biqinining ostidan zarra-zarra bo’lib yemirilayotganiga ham beparvo edi. Qo’ng’ir burgut bilan qoya tosh oralig’idagi yaydoq bo’z yerda bir necha tosh do’ngliklar yer bag’irlab turtib chiqqan — bu, allazamonlar shu yerlarda zalvorli xarsanglar bo’lganidan, ular vaqtning beshafqat va mutlaq hukmiga — tinimsiz shamol, issiq-sovuklarga dosh berolmay yemirilib-yemirilib zarra-yu to’zonlarga aylanganidan, hu-u jahannam uzra to’ziib-to’ziib ketganidan dalolat berardi… Endi bahaybat qoya tosh ham yo’qlik sari safar boshlagan, uning zarralari shamol aralash qo’ng’ir burgutga urilayotgan, patlari, parlari orasida ilashib-uloqib sillasini quritayotgan, lahza sayin majolsizlantirib adoi tamom qilayotgan… tiriklik dunyosidagi nasibasi odosh bo’lganidan darak berayotgan edi…

…vaqt-bevaqt qoyalar tepasida shamol jazavaga tushar, zalvorli tog’ o’rkachlarini ontarib tashlamoqchidek uvillar, shunda qoya tosh ham dosh berolmaydigandek, bir yumalab tubsiz jarlikka ag’darilib ketadigandek tuyulaverar, uyasini panoh tutgan qo’ng’ir burgut esa asov bo’ron bilan yuzma-yuz olishmoqchidek qanot yoyib unga qarshi borar, shamol uni dam o’ng, dam so’l tarafga itqitib tashlar, lekin burgut bo’sh kelmasdi. Jufti halolining sho’xligidan sarosimaga tushgan oq dumli burgut uning yoniga otilib borar, tahlikali «q’eq-q’eq»lab uyaga qaytar — uni uyaga chorlar… qo’ng’ir burgut esa shamolga bas kelmoqchidek unga qarshi uchaverar-uchaverar, toliqish neligini bilmasdi…

Qo’ng’ir burgut o’zini shamoldan chetga olish uchun panjasini toshdan uzdi, uzdi-yu, munkib ketdi, qanotiga tiralib, hurpaydi. Titroq qanotidan panjalariga, undan tirnoqlariga ko’chdi. Po’sti tob tashlagandek qavat-qavatlashib qotgan panjalari, qayrilma tirnoqlari oyog’ining ostidagi xarsang toshdek sarg’ayib ketgan, go’yo tirnokdari toshga ildiz otgandek yoxud oyoklari toshdan o’sib chiqqandek harakatsiz, jonsiz edi. Shu alfoz toshdan to’shini uzolmasa, boshini ko’tarolmasa, vassalom — qaytib qaddini tutolmasligi, hatto, hu-u jahannamga ag’darilishi hech gap emasdi. Lekin shu payt qanotlarining osti… biqini… shu qadar sovqotdiki, butun tanasi muzga aylanayotgandek bo’ldi, qattiq hurkidi. Hali muz tanasiga tarqab ulgurmay ko’zini ochdi, bo’ynini cho’zdi. Qanotlarini yig’di. Jon saqlash sezimi zo’r kelib, uya tomon og’ir va ohista surildi.

U shu hurpaygan ko’yi ikki kun uya yonida tosh qotib turdi. Dam-badam bo’ynini cho’zib besabr polaponlariga uzoq termular, allaqayokdarga uchib to’satdan qaytgan oq dumli burgutga taxdidli va umidvor qarar, u esa changalidagi o’ljani uyaga tashlagach, darhol qaytib chiqar va «to’p-to’p» etib sakrab qo’ng’ir burgutga yaqinlashar, atrofida aylanar, aylanayotib qanoti bilan uni beozor turtib qo’yardi. Dastlabki kuni qo’ng’ir burgut o’zining bemajol turishidan, oq dumli burgutning g’alati qilig’idan g’ashlandi, hatto, bir safar uning bo’ynidan qattiq cho’qidi. Qo’ng’ir burgut tanasida, qanotlaridan tortib panjalari, tirnoqlarigacha qandaydir noma’lum, lekin qandaydir qo’rqinchli o’zgarish yuz berayotganini payqamagan, zotan, doimo kuch-quvvat, shiddat-shijoat bilan yashagan mavjudot uchun bunday holat begona va mavhum edi.

Ikkinchi kuni u tong otishini sarbsizlanib kutdi, osmon olachalpoq yorisha boshlaganda uchishga chog’landi-yu, uyada polaponlarini bag’riga bosib yotgan oq dumli burgutni ko’rib taysallandi. Oq dumli burgut allaqanday noxushlikni sezgandek bezovta, behalovat yotar — u sinovchan, ayni chog’da ishonchsiz bir nazar bilan qo’ng’ir burgutni kuzatayotgan edi. Qo’ng’ir burgut odatdagidek parvoz qilishga, bepoyon dasht uzra charx urib o’lja izlashga andek fursat borligini chamaladi — osmonga bemavrid ko’tarilib, behuda mador sarflashdan o’zini tiydi.
.

..U shu chog’gacha hech qachon, hech narsadan o’zini tiygan emasdi. Vujudida parvoz mayli uyg’onib, bu mayl to’la istakka aylanib ulgurmasidanoq bir sapchishda qoyadan sho’ng’ir, qanotlarini dast yoyib osmoni falakka ko’tarilar, vazmin va salobat bilan suzib borar ekan shamol oqimlari, bulut uyurlari, quyosh nurlarini tumshug’i, ko’zi, bo’yni va parlarida, etu suyaklarida his qilar, xuddi shunday masrurlik o’zga biror jonzotga nasib etmasligini bilgandek viqor-la uchaverar, uchaverar, uchaverardi…

Endi esa o’lja izlash uchun picha fursat borligini chamaladi, behuda kuch sarflashdan o’zini tiydi. Shundagina u qanotida notayin og’irlik paydo bo’lganini sezdi. Og’irlik xali og’riqqa aylanib ulgurmagan esa- da, shu o’zgarishning o’ziyoq parvozdan tiyilishga undab ulgurgan, shuning o’ziyoq qari burgutning shashtini qirqib qo’ygandi.

Qo’ng’ir burgut yemish keltirish umidida ikki qayta parvoz qildi, tog’ etaklari, dashtu dalalar uzra aylandi, har bir daraxt, buta ostini o’tkir nigohidan o’tkazdi, har bir do’nglik, soylikda, o’ngirda qimirlagan jon izladi. Omad chopmadi.

Yanagi safar o’lja topolmagani yetmaganday uchishdan toliqdi, banogoh qanotlaridan mador ketdi — ikki yoniga dast yoyilgan keng va haybatli qanotlari begonadek tuyuldi o’ziga — alhol uzokda ko’rinib turgan qoyadagi oshiyonini qora tortib iziga qaytdi. Qaytar chog’ida bir tup yulg’un panasida cho’nqayib o’tirgan kulrang quyonni ko’rdi. Ko’rgan zahoti qanotidagi og’riqni unutdi… Hozir birgina o’shanday lahza uchun jonidan kechishga tayyor edi…

…u osmonga ko’tarilgach, yeru ko’kning mutlaq sohibqironidek qanotlarini tek tutib salobat bilan, katta-katta aylana yasab parvoz etar, uyasi joylashgan qoyadan allaqaylarga olislab ketaverardi. Aksari yuqoriga yo’l solar, yuqorilagani sayin yer, daraxtzor, so’ng tog’lar, qoyalar ham ko’rinmay ketar, shunda qudratli qanotlarida, boshi va bo’ynida oftobning yoqimli haroratini tuyar, to’shi, biqini esa aksincha — muzdek shabadadan beadad huzur topardi. U shamol oqimlari bilan o’ynashgani-o’ynashgan edi — iliq shamol qatlamida uchib bora turib to’satdan tikkasiga ko’tarilar yoxud pastga sho’ng’ir — badaniga sovuq havo urilishi hamono bir tekis suzishga tushar, hozirgina iliq haroratdan yayragan badani endi sovuq oqimdan hadsiz huzurlanardi.

So’ng pastlashardi, nafs va jig’ildon mayli uni osmonu falaqdan pastlashishga, o’tkir ko’zlarini yerga qadashga, o’ljani mo’ljalga olib, qoyadan uzilgan toshdek sho’ng’ishga va nayzadek panjalarini quyonning, yumronqoziqning yoki biror parrandaning badaniga jaxd bilan sanchishga chog’lanar… uning hamlasiga duchor bo’lgan hech bir jondor omon qolmasdi…

Bir tup yulg’un panasidagi quyonni ko’rdi-yu, ana shunday xush sezimlardan tanasidagi qon gupurdi — qanotlariga, panjalariga kuch quyilib, ko’zlari yirtqich istakdan cho’g’landi. Qanotlarini yig’ib, panjalarini qorniga tortdi — sho’ng’idi!..

…shu qabildagi hamlada u quyundek yelib borayotgan quyonni, kavakdan tumshug’ini chiqargan yumronqoziqni ilib ketardi…

Bu safar qo’ng’ir burgut — hali yulg’unga yetib borishga allaqancha bor edi — tuyqusdan qattiq hurkidi, shu qadar hurkidiki, qanoti tanasiga yopishgancha qotib qolgandek, u qaytib yoyilmaydigandek tuyuldi — jon halpisida qanotlarini yoyib yubordi — suzi-ib ke-yet-di… quyonni qaytib ko’rmadi, qoyaga — uyasiga arang yetib keldi… Oradan ikki kun o’tdi…

Oq dumli burgut chalajon parrandani keltirib uyaga tashladi. Polaponlar jon taslim qilib ulgurmagan o’ljani xomtalash qila boshladi. Qo’ng’ir burgut tamshanib tumshuq taqillatdi. Oq dumli burgut ikki hatlab qo’ng’ir burgutga yaqinlashdi va uning tevaragida asabiy aylanayotib qanotini tipirlatdi. «Q’eq- q’-yeq, q’eq-q’-yeq»lay turib juftini turtib yubordi. Qo’ng’ir burgut yonboshiga ag’darilay deganda qanotiga suyaldi. Boshini ko’tarmay oyoqqa turdi. Oq dumli burgut yana ustma-ust kelib urilishini u kutmagandi — keyingi zarbdan boyagi — sovuq shamol gurillab esayotgan yaydoq yalanglikka borib qoldi. Qo’ng’ir burgut qarshilik ko’rsatmadi, polaponlar yoniga qaytgan juftiga qaramadi ham — boshini qanotining orasiga yashirib hurpaydi — yana qaltiray boshladi. Shu turishida u qoramtir-sarg’ish do’nglikka o’xshar edi…

…aslida… oq dumli burgut qoyaning chekkasiga kelib birdan parvoz etar, qo’ng’ir burgut hayallamay uning ortidan izma-iz qanot qoqardi… oq dumli burgut tobora tezlashar, qo’ng’ir burgut orqada qolmas, oq dumli burgutdan o’zib ketar — qaytar, o’zib ketar — yana qaytar, shunda goh tepasidan, goh ostidan, goh yonidan yaqinlashib qanotining uchlari bilan sherigini silab-siypab o’tardi… oppoq-moviy bulutlardan ham tepada qo’ng’ir burgut to’satdan uzoqlashar — bahorning ilmiliq shamollari bilan shodon o’yinga tushar, shunda qanotlariga, dumiga yomg’ir tomchilari tomishidan huzurlanar — jufti haloli tobora o’zi tomon yaqinlashayotganidan mast bo’lardi… oq dumli burgut yetib kelayozganda u yon-bu yonga lapanglab uchar — qo’ng’ir burgutga hamla qilayotgandek tashlanar — chetlab o’tar — olislab ketar — harchand olislab ketmasin qo’ng’ir burgut uning oq dumini nazardan qochirmas — quvib yetar, cheksiz va poyonsiz samoning bu ikki erka jondori dam mo»jaz, dam katta-katta aylanalar yasab bir- birlariga yaqinlashar, yaqinlashar… visol raqsi ayni zabtiga chiqqan chog’ oq dumli burgut qoya tomon yo’l solar… ularning juftligi osmonning moviy gumbazidan go’zalroq, qoyalardan, dashtu dalalardan boqiyroq ko’rinardi…

Shamol tindi. Qo’ng’ir burgutning qaltirashi qoldi. U boshini qanoti ostidan chiqardi. Oftob qoya toshdan yuqorida — endi undan izg’irin emas, balki badanni yayratuvchi nur taralayotgan edi.

Qo’ng’ir burgutning qanotlariga jon yugurdi, ohista ko’tarildi, lekin ular yarim-yorti yoyilib ulgurmay, to’xtadi. Burgut boshini solintirgan ko’yi to’g’riga — qoya toshga qaradi. Tosh boya uning ustiga ag’darilib tushayotgandek bo’lsa, endi u uzoqlashgan — go’yo tobora tikkaga ko’tarilayotgan quyosh o’z nuri bilan qoya toshni burgutdan nariga surib qo’yayotgandek edi. Biroq qo’ng’ir burgut qoya toshdan ko’z uzmadi, unga uzoq termilib turgach, tahlikaga tushib, bo’ynini u yon-bu yonga burdi — yon-veri, oyog’ining osti, uyaning devorlari — hammayoq tosh, tosh… qo’ng’ir burgutning qanotlari ham toshga aylanib borayotgan edi.

…u oftobro’yada toblangani sayin qanotlari kuchga to’lgandan-to’lar, turgan joyida qanotlarini yelpig’ichdek yoyib, sollanib yurar, ichki bir maylga bo’ysunib quyosh tikkaga ko’tarilgunga qadar uning haroratidan bahramand bo’lar…

Hozir esa aksincha — oftob tafti uning qanotlarini qimirlamaydigan qilib qotirayotgan, jonini sug’urib olayotgandek edi.

Biri olib biri qo’yib chug’urlashayotgan polaponlar qo’ng’ir burgut turgan joydan ko’rinmadi, u tobora tikkaga ko’tarilayotgan quyoshga qaradi — soyasi kichrayayottan qoya tosh tomon yaqinlashdi. Shu payt orqada — uya devorida turgan sherigining qanot qoqqan sharpasi eshitildi. Qo’ng’ir burgut o’sha tomonga boshini burdi — polaponlarning sap-sariq, uchli tumshug’ini ko’rdi. U qanotining simillab zirqirayotganini unutdi. Qoya toshning g’o’dir do’ngliklaridan og’ir va bazo’r ko’tarilgani sayin polaponlarining qo’ng’ir-qoramtir boshi, tiyrak va bejo ko’zlari, pati nish urib qota boshlagan qanotlari — hammasi ko’rinaverdi…

…shunday pallada u o’ljani uya ichiga tashlamay tosh devorga bosib turar, yebto’ymas polaponlari chug’urlab dunyoni boshiga ko’tarar, qanot qoqib o’ljaga bo’y cho’zar, cho’zaverar… sapchib devorga tarmashar, uning ustiga chiqib olardi ham. Qo’ng’ir burgut yoniga chiqolgan polaponining qanotlarini beozorgina cho’qilagach, o’ljani uning ixtiyoriga qo’yar, lekin biror luqma yutib ulgurar-ulgurmas uni to’shi bilan turtib tashqariga tushirib yuborardi. Sarosimada qolgan polapon yorug’ dunyoga o’girilib qaramas, balki qo’ng’ir burgut oyog’ining ostidagi yemish ilinjida yana toshdevorga tarmashar, talpinar, talpinaverar… tosh devorga qanot yozib chiqar… uchirma fasli shunday boshlanardi…

Tobora zo’riqayotgan og’riq qo’ng’ir burgutning tanasiga yoqa boshladi, og’riq uning o’z mulkiga aylangandi. U qoya toshning yanada teparog’iga chiqishni ko’zladi, taraddudlanmay-netmay mayliga izn berdi — turgan joyidan sapchib, qanotini yozdi — uchdi!.. havoga ko’tarildi!.. va… qanotlari qoyadan dumalagan toshlardek qarsillab ketdi! — o’zi qattiq chayqaldi, jon holatda panjalarini yoyib yubordi!.. ko’zlari olaydi — og’irligini ko’tarolmay to’nkarilayotgan lahzada uyasidagi polaponlari birdan qattiq chiyillab yuborgani, bo’yinlarini cho’zgancha jim qotib qolganini ko’rdi — o’zi qoya toshga kelib urildi… U so’nggi madorini oyoqlariga jamlab qoya toshga kanadek tarmashdi. Bahaybat tanasini panjalari, dumi tutib turar, boshi, tanasi og’irlik qilib pastga osilib qolgandi. Endi uning toshni qo’yib yuborishga, panjalarini bo’shashtirib shundaygina yalanglikka sakrab tushishga ham yuragi betlamas — qo’rquv hali ojizlikka aylanib ulgurmagan bo’lsa-da, taqdiru qismatga mahkumlik undagi o’jar bardoshu tuganmasdek ko’ringan kuch-quvvatni paymonasiga yetkazmokda edi…

Qo’ng’ir burgut qoya tosh qirralariga botgudek changallagan tirnoqlarini, panjalarini birma-bir kuzatdi — shu alfoz yana qancha fursat tura olishini chamaladi. Ko’zidan nur arimagan bo’lsa-da, olis-olislarda maysazordek yastanib yotgan quyuq daraxtzorga, tog’ etaklari, dashtu dalalarga, hatto, pag’a-pag’a bulutlar suzib yurgan osmonga qaramas, qanot ostlariga, oyoqlariga, tosh changakka aylangandek qotib qolgan panjalariga uzoq-uzoq termular, qanday hodisa yuz berayotganini hamon to’la anglab yetmagan, yetmagan esa- da… uyasini, o’zidan ko’z uzmayotgan polaponlarini intihosiz mungli bir nigoh bilan kuzatardi…

09U birdan shabada esganini, iliq havo qanotining ostiga yoqimli urilganini ilg’amadi — panjasiga qo’ngan zarraga qaradi. Bu zarra shamolda yemirilayotgan qoya tosh zarrasidan yirikroq, hatto… jonliroq edi. Qo’ng’ir burgut panjasidagi zarraning o’rmalab tirnoqlari ostiga yashirinayotganini ko’rdi. Yana shabada esdi, endi burgutning panjasida, tirnoqlarida o’rmalayotgan zarralar ko’paydi. Qo’ng’ir burgut ularni cho’qib terib tashlamoqchi edi, lekin o’zi arang tarmashib turganidan bunga jur’at etolmadi. Faqat shabada esgani sayin tirnoqlari, oyog’ining momiq par qoplagan etigacha zarralar zichlashayotganini, ular tobora jonliroq g’imirlayotganini ko’rib tahlikasi oshdi. O’rmalovchi zarralar qanotining oralarida, biqinida urchiyotganini, duv-duv to’kilayotgan bu qumursqalarni cho’qib ado qilib bo’lmasligini u keyin sezdi… Qo’ng’ir burgut shu topda eng mayda qumursqadan ham ojizroq edi… U zo’r bir iltijo va alam bilan quyoshga qaradi. Quyosh tikkada, atrof charog’on, yeru osmon, tog’u tosh qizigandan-qizir, yolg’iz qo’ng’ir burgutgina sovuqqotayotgan edi. Shu chog’gacha uning badaniga, vujud-vujudiga harorat bag’ishlagan oftob endi bir umr hadya etgan taftu rohatlarini qaytarib olayotgandek, oqibatda uning ich-eti lahza sayin qahratonga aylanayotgandek edi… Quyosh charaqlab nur sochar, qo’ng’ir burgut unga alamnok boqardi…

Olam jimjit bo’lib qoldi… Jimlikni polapon — jo’jalarning dam-badam va yakka-yakka chag’illashi buzmoqda… Qo’ng’ir burgut sapchib bosh ko’tardi… uyaga qaradi… Oqish boshli jo’ja toshdevorga mingashib uchishga talpinayotganini, ikki qo’ng’ir jo’ja toshdevorga tarmashayotganini ko’rdi… uchishni qo’msadi…

…qo’ng’ir burgut osmonga ko’tarilar, uchishga talpinib o’zini kuzatayotgan jo’jalariga qanot silkish, charx urish, sho’ng’ish va pastlashish mashqlarini namoyish etar, uchaverar, qoyalar ortida ko’zdan yo’qolar, bundan tahlikada chug’urlay boshlagan uchirmalari yonida to’satdan paydo bo’lib qolar, ularni erkalab cho’qilab qo’yar… Hozir ayni shunday uchirma pallasi edi…

Qo’ng’ir burgut uchirma polaponlarining ko’z o’ngida loaqal bir qur osmonga ko’tarilgisi, doira yasab uchgisi, qoyalardan balandlarda charx urgisi keldi. Chog’landi, chog’landi, chog’landi…

1986

056

(Tashriflar: umumiy 497, bugungi 1)

Izoh qoldiring