Muhammad Yusuf. Qora quyosh. Doston

tn-mini-chernoe-solntse-znachenie-650x250-1435914464.jpg1938 йилнинг 4-7 октябрида миллатимизнинг улуғ зиёлилари қатл этилган эди

    Маҳбус адиб унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олдию гуриллаб ёниб турган печканинг ичига отди… У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди…У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чиқиб кетгунча ураверди!..Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлпонми? Ёки Усмон Носирми?!.

Муҳаммад ЮСУФ
ҚОРА ҚУЁШ
Достон
007

«Жондан азиз синглим Қумри!
Мактубингга жавоб ёзаман. Шунинг учун ёзаманки, кечаси соат тўртда эслаб хат ёзганинг учун ёзаман, яна шунинг учунки, ёш қалбингни бахтсиз маҳбус учун эзиб, ширин уйқунгни бемаъни саргузаштим билан бузганим учун ёзаман. Кўнглингни паришон қилиб, уйқусиз тонг оттирганинг учун ёзаман…

Хат ёзмаганимга сабаб умидсизлик эмас, аксинча умидим порлоқ ва юксак. Очиғини айтсам, аччиқ турмушнинг аламли азобидан куйловчи мактубим садоси билан сен каби меҳрибонларим кўнглини йиғлатишдан сақланиш мақсадида хат ёзишдан кечдим…

Юракни тош қилиб бўлса-да унутишларизни сўрайман. Разил ҳаётга кўникиб қолганимда ширин турмушни эслатмасангиз эди. Мен учун тўккан кўз ёшларингизни эслар эканман, қалбим сиқилади, бахтсизлигим гавдаланиб кўз олдим қоронғулашади-да, туғилганимга қасам ичиб, бор дунёдан кечгим келади…

Қумри, раҳминг келса яна қайта сўрайманки, мени эсдан чиқар, ортиқ мени қийнаб юрагимни эзма…

Эҳтимол, тез кунда кўришармиз. 51-йилга ҳам кўп қолмади. Ўзини менга яқин тутган қариндош ва ёр-дўстларга олдинги хатимда охирги саломимни қўндирган эдим. Яна қайтаришга ўрин йўқ. Опангга айтгинки, мени илтимосимни унутмасин! Чор-ночор хайрлашиб қолувчи:

Акмал»
Боенгол. 22.XII.46.

МУАЛЛИФДАН: Бу хатни мен тасодифан топиб олдим. Шу ҳолида, имлоларини тузатмай, сизга ҳавола этдим.

Эҳтимол, бу мактуб Қумри исмли муштипар аёлга акасидан ёлғиз ёдгордир. Агар шундай бўлса, мен уни эгасига қайтараётганимдан хурсандман.

— Умр нима, эй одам?0 19.jpg
— Умр йўлдир бир қулоч.
— Армон нима, эй одам?

— Армон ҳам бир эҳтиёж.
— Омад нима, эй одам?
— Айвондаги қалдирғоч.

— Орзу нима, эй одам?
— Бўлди, менинг қорним оч…
— Ёлғон нима, эй одам?

— Ёлғон — ўт ўсмас дала.
— Ҳақ нимадир, эй одам?
— Ҳақиқат — етим бола…

— Севги нима, эй одам?
— Севгига йўқ ҳафсала.

— Бахт нимадир, эй одам?
— Бахт — бир коса атала…
Толкосада атала…

— Толкоса нима, эй одам?
— Толкоса ҳаёт, жўра.
— Атала нима, эй одам?

— Сталин бобонгдан сўра!..

* * *

Соқовни қамашди,
Соқов «душман»ни,
Сиёсий саводсиз,
Анқов душманни…

Қамашди,
Бир кунда,
Пайсалга солмай.
Айби аниқ эди,
Айби маълум эди,

У доҳий отини
Тўғри айтолмай,
Ҳамманинг олдида
«Ишталин» деди!

Соқчига мўлтирар Соқов,
Қалтирар,
Ўлдиришар энди,
Уни ўлдирар.
Қолди уй,
Қолди — ғурбатхонаси.
Ғурбатхонасида — Қари онаси.

Яна бир зот кетди,
Шундай қилиб —
Соқовнинг бошига
Етди ўз тили…

Ўрмонда отишди,
Қор эди қалин.
Йиқилди.
Ҳайқириб:
Яшаш-шин Ишта-лин!

Соқовни отишди,
Анқовлиги учун.
Тўғрироғи —
Туғма Соқовлиги учун.

Қирқ йил бўлди бунга.
Эллик йил бўлди-ёв.
Мана энди, Соқовнинг онаси —
Ҳақиқий соқов!..

Соқов дудуқ эди
Мундай олганда.
Тиллашса бўларди
Ўлмай қолганда.

* * *

«Сибирдаги саргардонлик йилларим бир ҳамюртим билан учрашиб қолдим. Йиғлаб кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Мен уни ҳам ўзимга ўхшаб беайб бадарға бўлганлардан бири эканлигини сезиб турсам ҳам сўрадим:

— Сизни нега камадилар, биродар?
— Сулаймон Азимовнинг «думи»сан, деб!
— Кимнинг-кимнинг?

— Айтдим-ку, Азимовнинг…

Анчадан кейин бироз ўзимга келиб, секин бориб елкасидан қучдим:
— Уни танийсизми?

— Йўқ, кўрмаганман…
— Унда келинг, танишволайлик, — дедим. — Менман ўша сиз айтган одам!..»

Марказқўмнинг собиқ котиби Сулаймон Азимовнинг хотираларидан.

* * *

Ўттиз еттинчи йил кашфи сизга мана —
Эркакларга алоҳида қамоқхона,
Аёлларга алоҳида қамоқхона,
Болаларга алоҳида қамоқхона…

Ўттиз еттинчи йил кашфи булар бари —
Кўринмасу даҳшат солиб шарпалари,
Келса — яқин келмай, кетса — кетмай нари,
Изғиб юрар Лаврентийнинг лайчалари.

Бу ўлкада энди норғул йигитлар йўқ,
Бойқушлар бор, калхатлар бор — бургутлар йўқ,
Не-не Сулаймонлар, Абдулҳамидлар йўқ,
Қайтармикин?
Қайтмоғига умидлар йўқ…

Бедарак йўқолди қанча одам, эсиз,
Сўроқларда ўлди қанча одам, эсиз,
Қийноқларда ўлди қанча одам, эсиз,
Сиртмоқларда қолди қанча одам, эсиз…

* * *

…Унинг учун қамоқхонада энг тансиқ нарса қоғоз эди. У ҳамма жойдан фақат қоғоз қидирарди. Бир дақиқа сайрга олиб чиқишса, деворлар тагида сарғайиб, ғижим бўлиб ётган бир парча қоғоз топиб олиб, боши осмонда, яна зах хонага қайтарди. Тергов пайтида ҳам илинжи шу. Овқат пайти ҳам.

Ана шундай минг машаққатлар билан йиққан қоғозлари бир куни қўлёзмага айланди. Энди уни нима қилиб бўлса ҳам ташқарига, одамларга етказиш зарур эди. Лекин қандай қилиб?

У турма бошлиғига мурожаат қилди. Мени қабул қилишингизни сўрайман, деб қайта-қайта сўрайверди. Ниҳоят бошлиқ зерикди. Қаҳратон қиш кунларининг бирида бошлиқ иссиқ печка олдида, оёқларини чалиштириб ўтириб, унинг арзини тинглади.

— Сиздан ўтиниб сўрайман. Шу қўлёзмани одамлар ўқисин. Майли, кейинроқ, оқланиб кетсам ёки…
— Бу ёққа бер, — деди бошлиқ ўрнидан турмай.

Соддадил адиб, унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олдию гуриллаб ёниб турган печканинг ичига отди… У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди. «Бу аблаҳнинг олдига мени ким бошлаб борди? Оёқларимми? Мен уларни ҳозироқ кесиб ташлайман. Наҳот шунча хўрликларни кўриб ҳам кўзим очилмади! Наҳот, бу бошда зарра ақл бўлмаса! Наҳотки, у мени жаллоддан ёрдам сўраб боришга ундади! Ҳозир… Ҳозир!…» У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чиқиб кетгунча ураверди!..

Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлпонми? Ёки Усмон Носирми?!.

* * *

Қисқагина умр кўриб, узоқ яшаб келаётган зотларга қаранг…

Аҳмад Югнакий

Тушимга киради Қодирий бобом,
Бемадор, бемажол, беҳол, беором.0 4-.jpg
Эгнига эски бир тўн кийиб олган,
(Шинелдир балки у, кимдандир қолган).

Ўша тўн эгнида похол ҳам бордай,
Бобомнинг юзлари оқарган қордай.
Йўқ, юзи сомонга ўхшайди унинг,
Чарақлаб тургувчи кўзи тўла мунг…

Тушимга киради Қодирий бобом:
Тур дейди, мунча кўп ухладинг, болам.
Боқ, бу дам айланиб жўхоризоринг,
Ўроғин қайрайди онаизоринг.

У ўриб бўлгунча ризқу зарингни,
Ўйнатиб тур чиқиб, укаларингни.
Ва менинг саломим айт, дер уларга —
Бобосин соғинган мусичаларга…

Тушимга киради Абдулло бобом.
Оҳ олтин бобом-а, воҳ тилло бобом.
Қаро ер қаърида қон йиғлаб қолган
Акмал Икром бобом, Файзулло бобом!

II

Ўлган ўлди-кетди.
Ҳеч ким қайтмайди. Нега?
Нима учун?

Бу ҳам муаммо. Тарих соқов кампир,
Дардин айтмайди, Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас аммо.

Мана, Қодирийни қилишар сўроқ:
«Ўтган кунлар» деган шеър сизникими?
— Ҳа.

Аммо у шеър эмас…
— Жим бўлинг, ахир.
Шеърми ё бошқами, автори сиз-да.
Тамом.
Бошқа гапга қолмайди ҳожат.

Терговчи — пайғамбар,
Терговчи — худо.
Темир зотдан келган буйруқ — ижозат,
Ўзбек яна битта ўғлидан жудо.

Айби шуки…
Айби…

Ким билсин буни,
Балки, жуда ноёб истеъдодидир.
Отишдимикин ё осишди уни?
Балки, хукм ижрочиси жодидир.

Жоди деганларин билишмас ёшлар,
Билмагани маъқул бундан кейин ҳам.
Жоди орасига тушганда бошлар
Одам…

Кўзимга ёш тўлар мана шу ерда.
Қўйнимга тош тўлар мана шу ерда.
Кўзимга тор бўлиб қолади олам,
Оҳ, олтин бобом-а, воҳ тилло бобом…

Ўтган кунинг қурсин, Абдулло бобом!

* * *

Ўй ёмон.
Ўй ёмон қийнар одамни.
Илондек юракни кемирар малъун.

Урушдан чалажон қайтган отамнинг
Қирқ йилки, тилидан тушмас Сталин…

Ота, Қўйинг, дейман.
Отажон, қўйинг.

Умрингиз ўтмоқда кимга ишониб?
Темир косов билан кўзимни ўйинг,
Фақат бир илтимос,
Гапирманг ўшани!..

Ер эса айланар,
Юмуши мўл Ер.
Оқар юзларидан
Маржон-маржон тер…

Ўйлайман,
Заминда энг бахтиёр зот —
Ёки академик,
Ёки бесавод.
Бири ўқиганин таҳлилин сўрмас,
Бири ўқишга ҳам уриниб кўрмас…

Ўй ёмон, ўй бу — жар,
Бу жар қоронғу.
«Қайт болам!..»
Отамнинг сўзларимикин?
Бу зулмат қаърида ёнган не ёғду,
Файзулло бобомнинг кўзларимикин?

«Сен нима биласан, Фарзанди нодон,
Урушда юртингни асраб қолди ким?..»
Ишонч қандай унвон, Ишонч қандай шон,
Ул бузрукворимга нима ҳам дердим.

Ўлган ўлди-кетди. Энди қайтмайди. Нега?
Нима учун?
Бу ҳам бир жумбоқ.

Ота хатосини ўғил айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас бироқ…

* * *

Йиллар ҳам кўчманчи қалдирғочлардек,
Келар,
Кетаверар,
Миқ этмай, беун.
Дунёда мен ёлғиз сиғинган одам
Элимдир маҳзун.

Ўйлайман.
Уфқлар ортидан бир кун,
У аста бўйлару Кўз тушар кўзга:
Бегуноҳ узлатга кетганлар учун
Ким жавоб беради, ўртоқлар бизга?..

Мен нима дегандим, Нима дегандим,
Неларни қилгандим у кун васият?
Ҳурматли юртдошлар,
Азиз бошингизга,
Сталин — ўзингиз топган мусибат!..

Ўлган ўлди-кетди.
Ҳеч ким қайтмайди.
Нега,
Нима учун,
Бу энди жумбоқ.
Тарих — соқов кампир,
Дардин айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас аммо.

* * *

IMG_2248.jpg

— Отанг қани, болам-ов?
— Отам Сибирга кетган.
— Онанг қани, болам-ов?
— Онам ҳам бирга кетган…

— Аканг қани, болам-ов?
— У дунёда ухлайдир.
— Уканг қани, болам-ов?
— Кўкрак сўраб йиғлайдир…

— Синглинг қани, болам-ов?
— Синглим ётар чалажон.
— Ўғлим бўлгин, болам-ов,
— Нониз борми, онажон?!

— Укамни не қиламиз?
— Эчки сути берамиз.
— Синглимни не қиламиз?
— Тутмайиз териб берамиз…

— Чолингиз қайда, энажон?
— Чолим Сибирга кетган.
— Ўғлингиз қайда, энажон?
— Ўғлим ҳам бирга кетган.

— Энажоним, энам-ов,
Энди нима қиламиз?
— Энанг ўлсин болам-ов,
Бир кунимиз кўрамиз!..

* * *

«Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб, нарсаларимни ол. Мадамин Давроннинг уйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор. Кетадиганга ўхшайман…»

Тошкент қамоқхонаси. 1937 йил. Усмон Носир.

Ватан гар дилга жо бўлса,
Не истар у бажо бўлса,
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Менинг жоним фидо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир..

Бахил бўйин эгмиш қачон,
Оқилга кун тегмиш қачон?
Ким билсин,
Ким билсин агар.
Ёмонга ҳам жазо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.

Ғаним ҳар кимда бор, ғаним,
Ғанимда йўқ гапим маним.
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Дўсту ёрда вафо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.

Жонингдан айланай, юртим,
Шоиринг кўп экан, кўрдим,
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Улардан бир садо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.

ФАЙЗУЛЛА ХЎЖАЕВ МАРСИЯСИ

Қадим Бухорога лайлаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Ривоятлар келди, эртаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?..

Биз-ку эртакни ҳам сургаймиз кўзга,
Муштоқмиз хабарга, муштоқмиз сўзга,
Ҳаммадан ҳам кўпроқ муштоқмиз сизга
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?

Бобоюрт боғлари сиздан хотира,
Чақнар чироқлари сиздан хотира,
Кўзёш булоқлари сиздан хотира,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?

Қўймадик жойига эъзозингизни,
Айтмай кетдингиз-ку дил розингизни,
Тинглаб юрармизу овозингизни,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?

Йиғлар Самарқандга сирдош Бухоро,
Минорида ухлар қуёш Бухоро,
Ибн Синолари талош Бухоро,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?

Тупроқнинг инсонга тортиқлари кўп,
Тортиғидан жонга оғриқлари кўп,
Гуллаган воҳанинг нотиқлари кўп,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?..

Қадим Бухорога лайлаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Ривоятлар келди, эртаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?!

* * *

«Одамлар тақдири оддий тушлик ёки кечки овқат пайтидаёқ ҳал бўларди. Суҳбат орасида кимларнингдир номлари тилга олинарди. Бирдан Сталин: «Лаврентий, чора кўр», деб қоларди. Берия эса бошқа хонага ўтиб, қайгадир қўнғироқ қиларди. У номларини айтган одамлар шу кечасиёқ қамоққа тушарди…»

Маршал Жуков хотираларидан.

Эй ғамдан букчайган уйлари ёғоч,
Ярми қамоқхона, Ярми яланғоч
Мамлакат, қизларинг яшир олтинсоч —
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда!..

Байрамга қўйилган балиқдек тузлаб,
Қотиб тур жойингда, вужудинг музлаб,
Қурбонлар устига қурбонлар излаб,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.

Бир-бирларин суяб, Тик туриб ухлаб,
Вагон тўла боланг кетмоқда йиғлаб,
Паравозлар қайга элтмоқда йиғлаб?..
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.

Уларни кутади майдон тўла дор,
Бу дорлар остида барча миллат бор,
Жаллод — кўзойнакли илондек маккор,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.

Кутмоқда ишқорлар қуйилган жомлар,
Бу дўзах жомида ҳар қора шомлар,
Эриб кетди не-не Акмал Икромлар…
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.

Юзин бир кўрмоққа тополмай илож,
Ким отага муҳтож, Ким ёрга муҳтож.
Ким ёлғиз ўғли-ла дийдорга муҳтож,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда…

Эй, ғамдан букчайган уйлари ёғоч,
Ярми қамоқхона,
Ярми яланғоч
Мамлакат, қизларинг яшир олтинсоч —
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.

* * *

«…Қизим Зоряни НКВД ходимлари автомобилда Малая Лубянкага олиб кетган экан. Буни биз кейин билдик. Москванинг бу бурчагида 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қамоқхонаси жойлашганди. Ундаги режим катталарникидан фарқ қилмас, болалар саҳарда уйғотилар, йигирма минутлик сайрдан сўнг эса сўроққа — терговчи ҳузурига олиб кетиларди…»

Галина Серебрякова, ёзувчи.
(«Семья» газетаси, 1988 йил март сони).

Қушлар ҳам уйқудан уйғонмай ҳали,
Жовдираб бир сафга тизилар бари.
Мудраб йўлга тушар терговчи сари —
Икки яшар «халқ душманлари».

Уларнинг гапи йўқ бўрсилдоқларда,
Уларнинг хаёли — ўйинчоқларда…
Ўхшайди қоракўл қўзичоқларга —
Икки яшар «халқ душманлари».

Қўлчаларини қўйиб оёқчасига,
Ўлтирар келишгандек боқчасига,
Мўлтирар терговчи таёқчасига —
Икки яшар «халқ душманлари».

Терговчи ҳам асли кимгадир ота,
Терговчида жуда тажриба катта.
Йўқ айбига иқрор бўлар, албатта,
Икки яшар «халқ душманлари».

Йўқ айбига иқрор бўлар ҳаммаси,
Элнинг суюк болаларин боласи,
Элнинг буюк болаларин боласи,
Икки яшар «халқ душманлари»…

Қушлар уйқусидан уйғонмай ҳали,
Жовдираб бир сафга тизилар бари,
Мудраб йўлга тушар терговчи сари —
Икки яшар «халқ душманлари».

* * *

Тухачевскийни Ворошилов ёмон кўрарди. Унга ҳасад қилар эди. Жуда кўп буюк саркардаларнинг ўлимида унинг қўли бор… Бир куни ўша қишлоқларимиз ғоят ғариб аҳволда эканлигини айтиб, Хрушчёвга билдиришини сўраганимда у кўнмади. Айтолмайман, мени Қизил майдонга дафн этишларини истайман, деди.

Маршал Жуков хотираларидан.

Россиянинг ярми хилват ўтлоқлар,
Майли, бизга бўлсин узлат ўтлоқлар,
Бизга бўлаверар Фақат, ўртоқлар,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга!..

Кўрган куни озор бўлган Россия,
Ўрмонлари мозор бўлган Россия,
Мозорлардан безор бўлган Россия,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.

Ҳаммамиздан кўпроқ «жанг» қилган ўша,
Душманлар ҳолини танг қилган ўша,
Бундай иззат учун туғилган ўша —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга…

Хитойда ўлмаган Блюхер қани,
Қийма-қийма бўлиб чопилди тани.
Фақат удир асраб қолган Москвани —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.

Қайси айби учун отилди Якир
Нонушта устида сотилди Якир,
Буни ёлғиз ўша билади, ахир —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.

Климентни кўминглар Қизил Майдонга
Тупроқда ўзига қолди жой етмай.
Устига тош қалаб, йиғламай-нетмай,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга!

37-ЙИЛ ЙИҒИСИ

Олов эди, шўх эди ўғлим,
Шамол эди, ўқ эди ўғлим,
Уйимда нон йўқ эди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?

Майли изинг қолсайди, ўғлим,
Ўғил-қизинг бўлсайди, ўғлим,
Кўриб кўнглим тўлсайди, ўғлим.
Энди менинг холим не кечар?

Тўлишган ой, тўлин ой, ўғлим,
Кетган еринг қайси жой, ўғлим?
Тилаб олган Турсунбой ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?

Ёниб кетсанг майлийди, ўғлим,
Чўкиб кетсанг қанийди, ўғлим.
Айбли бўлсанг қанийди, ўғлим
Энди менинг ҳолим не кечар?..

Деҳқон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим
Чўпон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим,
Ёмон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим…
Энди менинг ҳолим не кечар?

Ўқимай ўл, унмай ўл, ўғлим,
Ўқиб олим бўлмай ўл, ўғлим,
Олти тилни билмай ўл, ўғлим!..
Энди менинг ҳолим не кечар?

* * *

Менга қадрдондир унинг сиймоси
Тилим тебранмас ҳеч ёмон дейишга.2-70.jpg
У шундай буюкки,
Йўқдир қиёси,
Қанча буюк бўлса,
Тубандир шунча…

У — ёруғ дунёда Тенги йўқ инсон,
Қадрдон бегона.
Ёвуз меҳрибон.
Унинг бир қўли гул юрагигача,
Унинг бир қўли қон билагигача!..

Ким ёлғиз боласин тополмай гўрин,
Қонлар йиғлаб ўтган бўлса доғида,
Ўша муштипардан сўраш лозим бу —
Буюк инсон, Буюк жаллод ҳақида.

Сўранг, Омоч сурган болакайлардан,
Чиллак оёқларин судрашиб аранг.
Қирқ биринчи йилда,
Милтиқ етишмай,
Асирларга тушган
Аскардан сўранг.

Шунда Аён бўлар унинг сиймоси,
У ярмин қамаган, Ярмини қирган.
Ярмини қўйгану дорларга осиб,
Қолган ярми билан
Жангларга кирган!..

Унинг бутун умри
Жумбоқдан иборат,
У айни адолат,
У айни ғорат.
У оқил бузғунчи,
У моҳир меъмор —
Инсон суягидан солган иморат…

У халқлар қотили,
Халқлар отаси,
Тилим тебранмайди
Ёмон дейишга.
У шундай улуғки,
Йўқдир қиёси,
Қанча улуғ бўлса,
Тубандир шунча.

Йўқса, айтинг, Ким у?
Йўқса айтинг, ким?
Ярим халқ қарғару
Ярим халқ йиғлар.
Менинг саволимга
Энг тўғри жавоб —
Бера олгувчининг ҳаммаси ухлар!..

Менга жуда азиз
Унинг сиймоси,
Бир қарасам,
Йўқдек сира қиёси.
У бир бағри дарё,
Бир бағритошдир,
У бир қуёш
Аммо — Қора қуёшдир!

0 kurgazma_3_2.jpg1938 yilning 4-7 oktyabrida millatimizning ulug’ ziyolilari qatl etilgan edi

Muhammad YUSUF
QORA QUYOSH
Doston
007

«Jondan aziz singlim Qumri!
Maktubingga javob yozaman. Shuning uchun yozamanki, kechasi soat to’rtda eslab xat yozganing uchun yozaman, yana shuning uchunki, yosh qalbingni baxtsiz mahbus uchun ezib, shirin uyqungni bema’ni sarguzashtim bilan
buzganim uchun yozaman. Ko’nglingni parishon qilib, uyqusiz tong ottirganing uchun yozaman…

Xat yozmaganimga sabab umidsizlik emas, aksincha umidim porloq va yuksak. Ochig’ini aytsam, achchiq turmushning alamli azobidan kuylovchi maktubim sadosi bilan sen kabi mehribonlarim ko’nglini yig’latishdan saqlanish maqsadida xat yozishdan kechdim…

Yurakni tosh qilib bo’lsa-da unutishlarizni so’rayman. Razil hayotga ko’nikib qolganimda shirin turmushni eslatmasangiz edi. Men uchun to’kkan ko’z yoshlaringizni eslar ekanman, qalbim siqiladi, baxtsizligim gavdalanib ko’z oldim qorong’ulashadi-da, tug’ilganimga qasam ichib, bor dunyodan kechgim keladi…

Qumri, rahming kelsa yana qayta so’raymanki, meni esdan chiqar, ortiq meni qiynab yuragimni ezma…

Ehtimol, tez kunda ko’risharmiz. 51-yilga ham ko’p qolmadi. O’zini menga yaqin tutgan qarindosh va yor-do’stlarga oldingi xatimda oxirgi salomimni qo’ndirgan edim. Yana qaytarishga o’rin yo’q. Opangga aytginki, meni iltimosimni unutmasin! Chor-nochor xayrlashib qoluvchi:

Akmal»
Boengol. 22.XII.46.

MUALLIFDAN: Bu xatni men tasodifan topib oldim. Shu holida, imlolarini tuzatmay, sizga havola etdim.

Ehtimol, bu maktub Qumri ismli mushtipar ayolga akasidan yolg’iz yodgordir. Agar shunday bo’lsa, men uni egasiga qaytarayotganimdan xursandman.

— Umr nima, ey odam?
— Umr yo’ldir bir quloch.
— Armon nima, ey odam?

— Armon ham bir ehtiyoj.
— Omad nima, ey odam?
— Ayvondagi qaldirg’och.

— Orzu nima, ey odam?
— Bo’ldi, mening qornim och…
— Yolg’on nima, ey odam?

— Yolg’on — o’t o’smas dala.
— Haq nimadir, ey odam?
— Haqiqat — yetim bola…

— Sevgi nima, ey odam?
— Sevgiga yo’q hafsala.

— Baxt nimadir, ey odam?
— Baxt — bir kosa atala…
Tolkosada atala…

— Tolkosa nima, ey odam?
— Tolkosa hayot, jo’ra.
— Atala nima, ey odam?

— Stalin bobongdan so’ra!..

* * *

Soqovni qamashdi,Обмороженный узбек.jpg
Soqov «dushman»ni,
Siyosiy savodsiz,
Anqov dushmanni…

Qamashdi,
Bir kunda,
Paysalga solmay.
Aybi aniq edi,
Aybi ma’lum edi,

U dohiy otini
To’g’ri aytolmay,
Hammaning oldida
«Ishtalin» dedi!

Soqchiga mo’ltirar Soqov,
Qaltirar,
O’ldirishar endi,
Uni o’ldirar.
Qoldi uy,
Qoldi — g’urbatxonasi.
G’urbatxonasida — Qari onasi.

Yana bir zot ketdi,
Shunday qilib —
Soqovning boshiga
Yetdi o’z tili…

O’rmonda otishdi,
Qor edi qalin.
Yiqildi.
Hayqirib:
Yashash-shin Ishta-lin!

Soqovni otishdi,
Anqovligi uchun.
To’g’rirog’i —
Tug’ma Soqovligi uchun.

Qirq yil bo’ldi bunga.
Ellik yil bo’ldi-yov.
Mana endi, Soqovning onasi —
Haqiqiy soqov!..

Soqov duduq edi
Munday olganda.
Tillashsa bo’lardi
O’lmay qolganda.

* * *

«Sibirdagi sargardonlik yillarim bir hamyurtim bilan uchrashib qoldim. Yig’lab ko’rishdik. Hol-ahvol so’rashdik. Men uni ham o’zimga o’xshab beayb badarg’a bo’lganlardan biri ekanligini sezib tursam ham so’radim:

— Sizni nega kamadilar, birodar?
— Sulaymon Azimovning «dumi»san, deb!
— Kimning-kimning?

— Aytdim-ku, Azimovning…

Anchadan keyin biroz o’zimga kelib, sekin borib yelkasidan quchdim:
— Uni taniysizmi?

— Yo’q, ko’rmaganman…
— Unda keling, tanishvolaylik, — dedim. — Menman o’sha siz aytgan odam!..»

Markazqo’mning sobiq kotibi Sulaymon Azimovning xotiralaridan.

* * *

O’ttiz yettinchi yil kashfi sizga mana —
Erkaklarga alohida qamoqxona,
Ayollarga alohida qamoqxona,
Bolalarga alohida qamoqxona…

O’ttiz yettinchi yil kashfi bular bari —
Ko’rinmasu dahshat solib sharpalari,
Kelsa — yaqin kelmay, ketsa — ketmay nari,
Izg’ib yurar Lavrentiyning laychalari.

Bu o’lkada endi norg’ul yigitlar yo’q,
Boyqushlar bor, kalxatlar bor — burgutlar yo’q,
Ne-ne Sulaymonlar, Abdulhamidlar yo’q,
Qaytarmikin?
Qaytmog’iga umidlar yo’q…

Bedarak yo’qoldi qancha odam, esiz,
So’roqlarda o’ldi qancha odam, esiz,
Qiynoqlarda o’ldi qancha odam, esiz,
Sirtmoqlarda qoldi qancha odam, esiz…

* * *

…Uning uchun qamoqxonada eng tansiq narsa qog’oz edi. U hamma joydan faqat qog’oz qidirardi. Bir daqiqa sayrga olib chiqishsa, devorlar tagida sarg’ayib, g’ijim bo’lib yotgan bir parcha qog’oz topib olib, boshi osmonda, yana zax xonaga qaytardi. Tergov paytida ham ilinji shu. Ovqat payti ham.

Ana shunday ming mashaqqatlar bilan yiqqan qog’ozlari bir kuni qo’lyozmaga aylandi. Endi uni nima qilib bo’lsa ham tashqariga, odamlarga yetkazish zarur edi. Lekin qanday qilib?

U turma boshlig’iga murojaat qildi. Meni qabul qilishingizni so’rayman, deb qayta-qayta so’rayverdi. Nihoyat boshliq zerikdi. Qahraton qish kunlarining birida boshliq issiq pechka oldida, oyoqlarini chalishtirib o’tirib, uning arzini tingladi.

— Sizdan o’tinib so’rayman. Shu qo’lyozmani odamlar o’qisin. Mayli, keyinroq, oqlanib ketsam yoki…
— Bu yoqqa ber, — dedi boshliq o’rnidan turmay.

Soddadil adib, unga qo’lyozmani uzatdi. Boshliq qo’lyozmani oldiyu gurillab yonib turgan pechkaning ichiga otdi… U yana o’sha zax va qorong’i xonada o’ziga keldi. «Bu ablahning oldiga meni kim boshlab bordi? Oyoqlarimmi? Men ularni hoziroq kesib tashlayman. Nahot shuncha xo’rliklarni ko’rib ham ko’zim ochilmadi! Nahot, bu boshda zarra aql bo’lmasa! Nahotki, u meni jalloddan yordam so’rab borishga undadi! Hozir… Hozir!…» U dast o’rnidan turib, yugurib borib, zarb bilan boshini devorga urdi. Urdi va yana uraverdi. Joni chiqib ketguncha uraverdi!..

Kim edi bu adib? Qodiriymi?.. Cho’lponmi? Yoki Usmon Nosirmi?!.

* * *

Qisqagina umr ko’rib, uzoq yashab kelayotgan zotlarga qarang…

Ahmad Yugnakiy

2-qodiriy_.jpg

Tushimga kiradi Qodiriy bobom,
Bemador, bemajol, behol, beorom.
Egniga eski bir to’n kiyib olgan,
(Shineldir balki u, kimdandir qolgan).

O’sha to’n egnida poxol ham borday,
Bobomning yuzlari oqargan qorday.
Yo’q, yuzi somonga o’xshaydi uning,
Charaqlab turguvchi ko’zi to’la mung…

Tushimga kiradi Qodiriy bobom:
Tur deydi, muncha ko’p uxlading, bolam.
Boq, bu dam aylanib jo’xorizoring,
O’rog’in qayraydi onaizoring.

U o’rib bo’lguncha rizqu zaringni,
O’ynatib tur chiqib, ukalaringni.
Va mening salomim ayt, der ularga —
Bobosin sog’ingan musichalarga…

Tushimga kiradi Abdullo bobom.
Oh oltin bobom-a, voh tillo bobom.
Qaro yer qa’rida qon yig’lab qolgan
Akmal Ikrom bobom, Fayzullo bobom!

II

O’lgan o’ldi-ketdi.
Hech kim qaytmaydi. Nega?IMG_2253-.jpg
Nima uchun?

Bu ham muammo. Tarix soqov kampir,
Dardin aytmaydi, Aytolmas,
Unutib ham bo’lmas ammo.

Mana, Qodiriyni qilishar so’roq:
«O’tgan kunlar» degan she’r siznikimi?
— Ha.

Ammo u she’r emas…
— Jim bo’ling, axir.
She’rmi yo boshqami, avtori siz-da.
Tamom.
Boshqa gapga qolmaydi hojat.

Tergovchi — payg’ambar,
Tergovchi — xudo.
Temir zotdan kelgan buyruq — ijozat,
O’zbek yana bitta o’g’lidan judo.

Aybi shuki…
Aybi…

Kim bilsin buni,
Balki, juda noyob iste’dodidir.
Otishdimikin yo osishdi uni?
Balki, xukm ijrochisi jodidir.

Jodi deganlarin bilishmas yoshlar,
Bilmagani ma’qul bundan keyin ham.
Jodi orasiga tushganda boshlar
Odam…

Ko’zimga yosh to’lar mana shu yerda.
Qo’ynimga tosh to’lar mana shu yerda.
Ko’zimga tor bo’lib qoladi olam,
Oh, oltin bobom-a, voh tillo bobom…

O’tgan kuning qursin, Abdullo bobom!

* * *

O’y yomon.
O’y yomon qiynar odamni.
Ilondek yurakni kemirar mal’un.

Urushdan chalajon qaytgan otamning
Qirq yilki, tilidan tushmas Stalin…

Ota, Qo’ying, deyman.
Otajon, qo’ying.

Umringiz o’tmoqda kimga ishonib?
Temir kosov bilan ko’zimni o’ying,
Faqat bir iltimos,
Gapirmang o’shani!..

Yer esa aylanar,
Yumushi mo’l Yer.
Oqar yuzlaridan
Marjon-marjon ter…

O’ylayman,
Zaminda eng baxtiyor zot —
Yoki akademik,
Yoki besavod.
Biri o’qiganin tahlilin so’rmas,
Biri o’qishga ham urinib ko’rmas…

O’y yomon, o’y bu — jar,
Bu jar qorong’u.
«Qayt bolam!..»
Otamning so’zlarimikin?
Bu zulmat qa’rida yongan ne yog’du,
Fayzullo bobomning ko’zlarimikin?

«Sen nima bilasan, Farzandi nodon,
Urushda yurtingni asrab qoldi kim?..»
Ishonch qanday unvon, Ishonch qanday shon,
Ul buzrukvorimga nima ham derdim.

O’lgan o’ldi-ketdi. Endi qaytmaydi. Nega?
Nima uchun?
Bu ham bir jumboq.

Ota xatosini o’g’il aytmaydi,
Aytolmas,
Unutib ham bo’lmas biroq…

* * *

Yillar ham ko’chmanchi qaldirg’ochlardek,
Kelar,
Ketaverar,
Miq etmay, beun.
Dunyoda men yolg’iz sig’ingan odam
Elimdir mahzun.

O’ylayman.
Ufqlar ortidan bir kun,
U asta bo’ylaru Ko’z tushar ko’zga:
Begunoh uzlatga ketganlar uchun
Kim javob beradi, o’rtoqlar bizga?..

Men nima degandim, Nima degandim,
Nelarni qilgandim u kun vasiyat?
Hurmatli yurtdoshlar,
Aziz boshingizga,
Stalin — o’zingiz topgan musibat!..

O’lgan o’ldi-ketdi.
Hech kim qaytmaydi.
Nega,
Nima uchun,
Bu endi jumboq.
Tarix — soqov kampir,
Dardin aytmaydi,
Aytolmas,
Unutib ham bo’lmas ammo.

* * *

— Otang qani, bolam-ov?
— Otam Sibirga ketgan.
— Onang qani, bolam-ov?
— Onam ham birga ketgan…

— Akang qani, bolam-ov?
— U dunyoda uxlaydir.
— Ukang qani, bolam-ov?
— Ko’krak so’rab yig’laydir…

— Singling qani, bolam-ov?
— Singlim yotar chalajon.
— O’g’lim bo’lgin, bolam-ov,
— Noniz bormi, onajon?!

— Ukamni ne qilamiz?
— Echki suti beramiz.
— Singlimni ne qilamiz?
— Tutmayiz terib beramiz…

— Cholingiz qayda, enajon?
— Cholim Sibirga ketgan.
— O’g’lingiz qayda, enajon?
— O’g’lim ham birga ketgan.

— Enajonim, enam-ov,
Endi nima qilamiz?
— Enang o’lsin bolam-ov,
Bir kunimiz ko’ramiz!..

* * *

«Singlim Rohatxon! Uyg’unnikiga borib, narsalarimni ol. Madamin Davronning uyida pal`tom bor. Ibrohim Nazirnikida etigim ham. Shularni olib kelib, menga kirgizib yubor. Ketadiganga o’xshayman…»

Toshkent qamoqxonasi. 1937 yil. Usmon Nosir.

Vatan gar dilga jo bo’lsa,
Ne istar u bajo bo’lsa,
Kim bilsin,
Kim bilsin agar,
Mening jonim fido bo’lsa,
Tirik yurgaymidi hozir,
Usmon Nosir, Usmon Nosir..

Baxil bo’yin egmish qachon,
Oqilga kun tegmish qachon?
Kim bilsin,
Kim bilsin agar.
Yomonga ham jazo bo’lsa,
Tirik yurgaymidi hozir,
Usmon Nosir, Usmon Nosir.

G’anim har kimda bor, g’anim,
G’animda yo’q gapim manim.
Kim bilsin,
Kim bilsin agar,
Do’stu yorda vafo bo’lsa,
Tirik yurgaymidi hozir,
Usmon Nosir, Usmon Nosir.

Joningdan aylanay, yurtim,
Shoiring ko’p ekan, ko’rdim,
Kim bilsin,
Kim bilsin agar,
Ulardan bir sado bo’lsa,
Tirik yurgaymidi hozir,
Usmon Nosir, Usmon Nosir.

FAYZULLA XO’JAEV MARSIYASI

Qadim Buxoroga laylaklar keldi,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?IMG_22511.jpg
Rivoyatlar keldi, ertaklar keldi,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?..

Biz-ku ertakni ham surgaymiz ko’zga,
Mushtoqmiz xabarga, mushtoqmiz so’zga,
Hammadan ham ko’proq mushtoqmiz sizga
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?

Boboyurt bog’lari sizdan xotira,
Chaqnar chiroqlari sizdan xotira,
Ko’zyosh buloqlari sizdan xotira,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?

Qo’ymadik joyiga e’zozingizni,
Aytmay ketdingiz-ku dil rozingizni,
Tinglab yurarmizu ovozingizni,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?

Yig’lar Samarqandga sirdosh Buxoro,
Minorida uxlar quyosh Buxoro,
Ibn Sinolari talosh Buxoro,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?

Tuproqning insonga tortiqlari ko’p,
Tortig’idan jonga og’riqlari ko’p,
Gullagan vohaning notiqlari ko’p,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?..

Qadim Buxoroga laylaklar keldi,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?
Rivoyatlar keldi, ertaklar keldi,
O’zingiz qaydasiz, Fayzullo bobo?!

* * *

«Odamlar taqdiri oddiy tushlik yoki kechki ovqat paytidayoq hal bo’lardi. Suhbat orasida kimlarningdir nomlari tilga olinardi. Birdan Stalin: «Lavrentiy, chora ko’r», deb qolardi. Beriya esa boshqa xonaga o’tib, qaygadir qo’ng’iroq qilardi. U nomlarini aytgan odamlar shu kechasiyoq qamoqqa tushardi…»

Marshal Jukov xotiralaridan.

Ey g’amdan bukchaygan uylari yog’och,
Yarmi qamoqxona, Yarmi yalang’och
Mamlakat, qizlaring yashir oltinsoch —
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda!..

Bayramga qo’yilgan baliqdek tuzlab,
Qotib tur joyingda, vujuding muzlab,
Qurbonlar ustiga qurbonlar izlab,
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda.

Bir-birlarin suyab, Tik turib uxlab,
Vagon to’la bolang ketmoqda yig’lab,
Paravozlar qayga eltmoqda yig’lab?..
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda.

Ularni kutadi maydon to’la dor,
Bu dorlar ostida barcha millat bor,
Jallod — ko’zoynakli ilondek makkor,
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda.

Kutmoqda ishqorlar quyilgan jomlar,
Bu do’zax jomida har qora shomlar,
Erib ketdi ne-ne Akmal Ikromlar…
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda.

Yuzin bir ko’rmoqqa topolmay iloj,
Kim otaga muhtoj, Kim yorga muhtoj.
Kim yolg’iz o’g’li-la diydorga muhtoj,
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda…

Ey, g’amdan bukchaygan uylari yog’och,
Yarmi qamoqxona,
Yarmi yalang’och
Mamlakat, qizlaring yashir oltinsoch —
Lavrentiy Pavlovich sayr qilmoqda.

* * *

«…Qizim Zoryani NKVD xodimlari avtomobilda Malaya Lubyankaga olib ketgan ekan. Buni biz keyin bildik. Moskvaning bu burchagida 2 yoshdan 16 yoshgacha bo’lgan bolalar qamoqxonasi
joylashgandi. Undagi rejim kattalarnikidan farq qilmas, bolalar saharda uyg’otilar, yigirma minutlik sayrdan so’ng esa so’roqqa — tergovchi huzuriga olib ketilardi…»

Galina Serebryakova, yozuvchi.
(«Sem`ya» gazetasi, 1988 yil mart soni).

Qushlar ham uyqudan uyg’onmay hali,
Jovdirab bir safga tizilar bari.
Mudrab yo’lga tushar tergovchi sari —
Ikki yashar «xalq dushmanlari».

Ularning gapi yo’q bo’rsildoqlarda,
Ularning xayoli — o’yinchoqlarda…
O’xshaydi qorako’l qo’zichoqlarga —
Ikki yashar «xalq dushmanlari».

Qo’lchalarini qo’yib oyoqchasiga,
O’ltirar kelishgandek boqchasiga,
Mo’ltirar tergovchi tayoqchasiga —
Ikki yashar «xalq dushmanlari».

Tergovchi ham asli kimgadir ota,
Tergovchida juda tajriba katta.
Yo’q aybiga iqror bo’lar, albatta,
Ikki yashar «xalq dushmanlari».

Yo’q aybiga iqror bo’lar hammasi,
Elning suyuk bolalarin bolasi,
Elning buyuk bolalarin bolasi,
Ikki yashar «xalq dushmanlari»…

Qushlar uyqusidan uyg’onmay hali,
Jovdirab bir safga tizilar bari,
Mudrab yo’lga tushar tergovchi sari —
Ikki yashar «xalq dushmanlari».

* * *

Tuxachevskiyni Voroshilov yomon ko’rardi. Unga hasad qilar edi. Juda ko’p buyuk sarkardalarning o’limida uning qo’li bor… Bir kuni o’sha qishloqlarimiz g’oyat g’arib ahvolda ekanligini aytib, Xrushchyovga bildirishini so’raganimda u ko’nmadi. Aytolmayman, meni Qizil maydonga dafn etishlarini istayman, dedi.

Marshal Jukov xotiralaridan.

Rossiyaning yarmi xilvat o’tloqlar,
Mayli, bizga bo’lsin uzlat o’tloqlar,
Bizga bo’laverar Faqat, o’rtoqlar,
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga!..

Ko’rgan kuni ozor bo’lgan Rossiya,
O’rmonlari mozor bo’lgan Rossiya,
Mozorlardan bezor bo’lgan Rossiya,
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga.

Hammamizdan ko’proq «jang» qilgan o’sha,
Dushmanlar holini tang qilgan o’sha,
Bunday izzat uchun tug’ilgan o’sha —
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga…

Xitoyda o’lmagan Blyuxer qani,
Qiyma-qiyma bo’lib chopildi tani.
Faqat udir asrab qolgan Moskvani —
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga.

Qaysi aybi uchun otildi Yakir
Nonushta ustida sotildi Yakir,
Buni yolg’iz o’sha biladi, axir —
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga.

Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga
Tuproqda o’ziga qoldi joy yetmay.
Ustiga tosh qalab, yig’lamay-netmay,
Klimentni ko’minglar Qizil Maydonga!

37-YIL YIG’ISI

Olov edi, sho’x edi o’g’lim,mental-500x500.jpg
Shamol edi, o’q edi o’g’lim,
Uyimda non yo’q edi, o’g’lim,
Endi mening holim ne kechar?

Mayli izing qolsaydi, o’g’lim,
O’g’il-qizing bo’lsaydi, o’g’lim,
Ko’rib ko’nglim to’lsaydi, o’g’lim.
Endi mening xolim ne kechar?

To’lishgan oy, to’lin oy, o’g’lim,
Ketgan yering qaysi joy, o’g’lim?
Tilab olgan Tursunboy o’g’lim,
Endi mening holim ne kechar?

Yonib ketsang mayliydi, o’g’lim,
Cho’kib ketsang qaniydi, o’g’lim.
Aybli bo’lsang qaniydi, o’g’lim
Endi mening holim ne kechar?..

Dehqon bo’lsang o’lmasding, o’g’lim
Cho’pon bo’lsang o’lmasding, o’g’lim,
Yomon bo’lsang o’lmasding, o’g’lim…
Endi mening holim ne kechar?

O’qimay o’l, unmay o’l, o’g’lim,
O’qib olim bo’lmay o’l, o’g’lim,
Olti tilni bilmay o’l, o’g’lim!..
Endi mening holim ne kechar?

* * *

Menga qadrdondir uning siymosi
Tilim tebranmas hech yomon deyishga.
U shunday buyukki,
Yo’qdir qiyosi,
Qancha buyuk bo’lsa,
Tubandir shuncha…

U — yorug’ dunyoda Tengi yo’q inson,
Qadrdon begona.
Yovuz mehribon.
Uning bir qo’li gul yuragigacha,
Uning bir qo’li qon bilagigacha!..

Kim yolg’iz bolasin topolmay go’rin,
Qonlar yig’lab o’tgan bo’lsa dog’ida,
O’sha mushtipardan so’rash lozim bu —
Buyuk inson, Buyuk jallod haqida.

So’rang, Omoch surgan bolakaylardan,
Chillak oyoqlarin sudrashib arang.
Qirq birinchi yilda,
Miltiq yetishmay,
Asirlarga tushgan
Askardan so’rang.

Shunda Ayon bo’lar uning siymosi,
U yarmin qamagan, Yarmini qirgan.
Yarmini qo’yganu dorlarga osib,
Qolgan yarmi bilan
Janglarga kirgan!..

Uning butun umri
Jumboqdan iborat,
U ayni adolat,
U ayni g’orat.
U oqil buzg’unchi,
U mohir me’mor —
Inson suyagidan solgan imorat…

U xalqlar qotili,
Xalqlar otasi,
Tilim tebranmaydi
Yomon deyishga.
U shunday ulug’ki,
Yo’qdir qiyosi,
Qancha ulug’ bo’lsa,
Tubandir shuncha.

Yo’qsa, ayting, Kim u?
Yo’qsa ayting, kim?
Yarim xalq qarg’aru
Yarim xalq yig’lar.
Mening savolimga
Eng to’g’ri javob —
Bera olguvchining hammasi uxlar!..

Menga juda aziz
Uning siymosi,
Bir qarasam,
Yo’qdek sira qiyosi.
U bir bag’ri daryo,
Bir bag’ritoshdir,
U bir quyosh
Ammo — Qora quyoshdir!

07

(Tashriflar: umumiy 19 695, bugungi 19)

3 izoh

Izoh qoldiring