Muhammadjon Xolbekov. Badiiy adabiyotda modernizm tavsifi

модерн
Модернизм XX аср ғарб адабиёти ва санъатининг умумий тавсифи тарзида бир неча ўлчовларда мавжуд бўлиб, бизнингча уларни қуйидаги мазмунда хулосалаш мумкин. Биринчидан, модернизм – бу замонлар оралиғидаги тафовутни, «эскилик» ва «янгилик» ўртасидаги ихтилофларни ўз ғоявий қарашлари бош мезони қилиб олган юз йилликнинг маънавий қиёфасидир. Унинг ортида Ф.Ницшенинг «худолар ўлими» фалсафаси, Европа харитасини қайта тузган сиёсий инқилоблар ва илмий кашфиётлар, тоталитар тузумга асосланган диктатуралар, хунрезлик урушлари, информацион портлашлар, цивилизациянинг коинотга чиқиши каби глобал ўзгаришлар ётибди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг ортида «марказсиз дунё» (У.Б.Йейтс)нинг юзага келишига сабаб бўлган объектив борлиқ қонуниятларининг инсоният тарихида чуқур илдиз отолмаганлиги, мустаҳкам ўрнашиб ололмагани, эпистемологик дудмоллиги ҳамда муайян шаклга келтирилган утопик (илмга асосланмаган, амалга ошмайдиган, хомхаёл) орзу-умидлар билан шаклсиз, ноаниқ антиутопик воқелик ўртасидаги ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятларнинг мавжуд эканлигида эди.

333

Муҳаммаджон Холбеков
БАДИИЙ АДАБИЁТДА МОДЕРНИЗМ ТАВСИФИ

Сўнгги йиллар ўзбек адабий танқидчилигида модернизм ва модерн адабиёти ҳақида кўп ёзишаяпти, баҳс-мунозаралар билдирилмоқда. Аслида, ўтган аср Ғарбий Европа ва Америка адабиёти ва санъатида етакчи оқим саналган модернизм танқидий реализм, хусусан социалистик реализм ақидаларига қарама-қарши позицияда турган адабий оқим бўлиб, асрнинг олтмишинчи йилларида ўз умрини яшаб бўлди ва ўрнини постмодернизм деб аталувчи янги оқимга бўшатиб берди. XX асрнинг охирига келиб постмодернизм ҳам инқирозга юз тутди. Эндиликда жаҳон адабиётидаги авангард доиралар яна янгича услубларни кашф этишга уринмоқдалар.
Модернизм XX аср ғарб адабиёти ва санъатининг умумий тавсифи тарзида бир неча ўлчовларда мавжуд бўлиб, бизнингча уларни қуйидаги мазмунда хулосалаш мумкин. Биринчидан, модернизм – бу замонлар оралиғидаги тафовутни, «эскилик» ва «янгилик» ўртасидаги ихтилофларни ўз ғоявий қарашлари бош мезони қилиб олган юз йилликнинг маънавий қиёфасидир. Унинг ортида Ф.Ницшенинг «худолар ўлими» фалсафаси, Европа харитасини қайта тузган сиёсий инқилоблар ва илмий кашфиётлар, тоталитар тузумга асосланган диктатуралар, хунрезлик урушлари, информацион портлашлар, цивилизациянинг коинотга чиқиши каби глобал ўзгаришлар ётибди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг ортида «марказсиз дунё» (У.Б.Йейтс)нинг юзага келишига сабаб бўлган объектив борлиқ қонуниятларининг инсоният тарихида чуқур илдиз отолмаганлиги, мустаҳкам ўрнашиб ололмагани, эпистемологик дудмоллиги ҳамда муайян шаклга келтирилган утопик (илмга асосланмаган, амалга ошмайдиган, хомхаёл) орзу-умидлар билан шаклсиз, ноаниқ антиутопик воқелик ўртасидаги ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятларнинг мавжуд эканлигида эди.
Даставвал башариятни очарчилик ва қашшоқликни енгишга даъват қилган йигирманчи аср вақт ўтиб ўзининг инсонпарварлик, юксалишга интилиш, жамоатчиликка таяниш, илмий-техника тараққиётининг чексиз ривожланишига хайрихоҳ бўлиш каби тамойилларига қарши турди, амалда «эскирган» бўлиб чиқди. Айни пайтда, умуминсоний тамойилларнинг ғайриинсоний тузум қонунлари олдида эрксизлиги, воқеликнинг ҳардамхаёллиги, сиёсий ёлғон сафсаталар, жамиятнинг ҳаддан ташқари ҳимоясизлиги ва ҳаттоки беъманилиги рўпарасида тизилган одамларнинг фожеавий ёлғизлиги замони бўлиб қолди.
XX асрнинг ҳалокатга юз тутиши муаллифнинг “метафизикага иштиёқини» кучайтирган, якка тартибда ижод қилишга ундаган бўлса, ушбу идеализмнинг дарду ғамини ҳам шу алфозда белгилаб берди. Бундай муҳитда «шеъриятга ўрин йўқлиги»(Г.Адамович)ни жаҳон урушларида ҳалок бўлган, тоталитар тузум тарафидан отиб юборилган ёки сургун этилган, ақлдан озиб ўз ҳаётига суиқасд қилган, аламзада ҳолатда ижоддан воз кечган қатор қаламкашларнинг фожиали қисматидан, деб тушунмоқ лозим бўлади. Асрнинг шу каби руҳини немис файласуфи Т.Адорно қуйидагича таърифланганди: «Освенцимдан кейин шеър ёзиш – бу бадавийлик (варварлик) ҳисобланади…» (Minima Моraliа. Мажруҳ ҳаёт ҳақида ўйлар, 1951).
Иккинчидан, ўтган йигирманчи юз йилликда кечган адабий жараён кўпгина раддияларга қарамасдан модернизмни инкор этиб, бир четга суриб ташлагани йўқ, аксинча, уни инкор қилиш орқали янада давом этишига ёрдам берди ва ўз доирасига «модернизмдан ташқаридаги модернистлар» дея ҳисоблаган муаллифлар. С.Кьеркегор, Ҳ.Ибсен, Г.Мелвилл, Ш.Бодлер, А.Рембо, С.Малларме, Ф.Ницше, Ф.Достоевский, Г.Жеймс, А.Стриндберг, Ж.Конрад ва бошқаларнинг асар¬ларини оғдириб олди. Аксинча, айрим буюк номлар (В.Скотт, В. Гюго, А.де Виньи, Ч.Диккенс, А.Теннисон, Г.Лонгфелло)нинг бадиий ижоддаги қадр-қиммати пасайтирилди, бошқалари (Г.Флобер, Э.Золя, Ж.Эллиот, У.Уитмен, П.Верлен) эса асос-исботсиз жаҳон адабиёти пешсаҳнасига чиқариб қўйилди. Энг муҳими, модернизм XX асрнинг асосий ижодий кашфиёти – субъективликни тадқиқ қилишда давом этди ва тезис-антитезис, «модернизм»-«контрмодернизм» воситасида индивидуал услубнинг стилистик имкониятларини амалга тадбиқ қилди. Постмодернизм даврига келиб у услубдан кўра кўпроқ сифат кўринишига эга бўлди.
Учинчидан, модернизм – аслида бу бир-бири билан кураш олиб борган, ўзича мустақил ҳаракат қилган алоҳида модернистик уюшмалар, манифестлар, дастурлар (масалан Лотин Аме-рикасида символизм ўзича модернизм номини олганди) мажмуасидир. Модернизмнинг бир жабҳаси авангардизмга, яъни лингвистика нуқтаи назаридан илмий тажрибалар ўтказишга, санъатлар ва дискурслар синтезига, полистилистика (футуризм, дадаизм, сюрреализм, имажинизм, вортицизм, француз «антиромани», Лотин Америкаси «сеҳрли реализм»)га мойиллик билдирган бўлса, бошқа бир кўриниши экспрессионизм тарафдорларини барокко ва романтизм анъаналари билан, инглиз-америка модернизмини (Ж. Жойс, В.Вулф, Э.Паунд, Т.С.Эллиот, У.Стивенс) символизм билан, Ж-П.Сатр ва А.Камю прозасини экзистенциализм фалсафаси билан яқинлаштиришга интилди. Бизнингча, фақат модернизм ва унинг тараққиёти контекстида у инкор этган «реализм», «социалистик реализм» (А.Барбюс, Л.Арагон, И.Р.Бехер, М.Андерсен-Нексьё, А.Зегерс) ва постмодернизм феноменлари адекват баҳоланиши мумкин, халос. Айни пайтда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, модернизм адабиёти матни ўзининг стилистикаси жиҳатдан ҳам кўп қиёфалидир. Бир жиҳатдан, у XIX аср адабий оқимлари (романтизм, натурализм, символизм ва ҳоказо) дан узоқлашган бўлса, иккинчидан уларга янги урғу ва оҳанглар (Ж.Ромен, Ж.Дюамель) олиб кирди, натуралистик, яъни воқеликни тасвирлашда маиший тафсилотлар, икир-чикирлар билан чекланиб, умумлашмалардан қочадиган тасвирий услуб (Ж.-П.Сартр)ни сингдирди, зарурат туғилганда эса, бироз тўғрилаб натурализмни (Р.Мартен дю Гар, Ж.Стейнбек) янада сайқаллаштирди. Шу тахлит традиционализм (анъанавийлик)нинг турли кўринишлари модернизм билан олиб борган баҳсида модернизмга зарардан кўра кўпроқ фойда келтирди, шунингдек ундаги структуравий ўлчовлар: “классика” ва “романтика”, “реализм” ва “абстракция”, “миллий” ва “байналмилал”, “шимолий” ва “жанубий” каби тамойилларнинг мавжудлигига диққат-эътиборни қаратди.
Тўртинчидан, модернизм – бу Ж.Жойс ва Г.Стайн, Ф.Кафка ва Г.Кайзер, Л.Пиранделло ва Ю.О’Нил, Т.Манн ва У.Фолкнер, А.Дёблин ва Ж.Дос Посос, Б.Брехт ва Э.Ионеско, Х.Л.Борхес ва Г.Г.Маркес, А.Мёрдок ва Г.Грассларнинг модернизм руҳидаги матнларидан иборатдир. Уларнинг барчаси модернизм нуқтаи назаридан ўзига хос, бошқаларга ўхшамайдиган, уларнинг ҳар бири алоҳида ёндашишни, модернизмнинг бутун типологиясига, терминологик ва стилистик тавсифларига аниқлик киритишни тақозо этади. Ж.Жойс қаламига мансуб «Улисс» романи ҳам символизм, ҳам авангард, ҳам «юксак модерн», ҳам «постмодерн» қолипидаги асардек ўқилиши мумкин. Шунга яраша мазкур романнинг адабий жараёндаги мавқеи ва тутган ўрни унга ҳамоҳанг ўзгариб бориши ҳам муқаррардир.
Алҳосил, бешинчидан, модернизм – бу параллел равишда мавжуд бўлган матнларнинг полифонияси (кўповозлилиги)дир. Ушбу инкор этишлар ва тас¬диқларнинг ўта мураккабли майдони ноклассик бўлган масофани ҳосил қилади, ўз маконига оид чегараларини доим аниқлаб турувчи қандайдир бир ўзига хос адабий жараёнга ўхшайди. Уни шартли равишда субъективликдан узил-кесил озод этувчи, марказдан қочирадиган куч, яъни гирдибод билан қиёслаш мумкин. Жамиятнинг барқарор мувозанатдан чиққанлиги, ундаги субъект ва объектнинг бир-бирига мос келмаслиги, ҳис-туйғулар таъсирида яшаётган шундай рамзий фаолликнинг дастлабки кўтарилиб тушиши француз адабиётининг XIX аср охирига тўғри келади. Аслида миллий адабиётлар наздида мавжуд бўла туриб, маълум маънода уларнинг ҳал қилувчи, муҳим воқеа ва ҳодисаларини ўзаро қориштириб юборадиган ушбу «тўлқин» ўзини гоҳ XX аср бошларидаги немис экспрессионизми, гоҳ 20-йиллар инглиз-америка модернизми, гоҳ 1930-1940-йиллар француз экзистенциализми андозасидаги проза, гоҳ 1950-йиллар «абсурд театри» орқали намойиш қилиб, 1960-йилларда Лотин Америкасигача етиб борди-да, ўша ерда инқирозга юз тутиб, ўз кучини йўқотди.
Модернизм йўриқларининг «кўтарилиши» ва «пасайиши» каби ҳолатларни ўзида жамлаган бу каби инқилобий ҳаракатнинг даврларга бўлиниши ўта даражада шартлидир. Қолаверса, модернизм тахминан уч ижодий муҳит билан вобаста кечди. Булар: постсимволизм ва авангардизм (1910-1940 й.); экзистенциализм (1940-1960 й.) ва постмодернизм (1980-2000 й.)дир. Уларнинг ҳар бирида ўз типологик белгиларининг ўзаро уйғун бирикмасини, ўз фаоллари ва мушоҳада қилувчиларини, ошкор ва ноошкор «модернист»ларини, «модернизм» замондошлари ва «контрмодернист»ларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
XX аср адабиётида модернизмдан устун турувчи яна бирор ижодий оқим мавжудмиди, деган саволнинг бўлиши табиий. Бу саволга ижобий ёки салбий маънода жавоб топиш осондек туюлса-да, фикримизча, модернизм адабиётни ўрганиш доирасидан чиқиб кетди. Аслида модернизмнинг ўзи ва унинг қонун-қоидалари аниқ кашф қилинмаган бир ҳолатда XX аср қаламкашларининг қарийб барчаси у ёки бу тақлидда “модерн касали”га мубтало бўлдилар.
Нафсиламр, бадиий адабиёт 1930-йилларда инсон интеллектуал ҳаётидаги бўш вақт устидан юз йиллаб давом қилган ўз ҳукмронлигини кинематографияга бўшатиб бера бошлади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг китоб эгаллаб келган ижтимоий ўринга техник санъат турлари: телевидение, масс-медиаларнинг турли шакллари даъвогар бўлиб чиқди. Аср охирига келиб эса бунга компьютер ҳам қўшилди. Эндиликда гап жиддий мафкуравий давлат танглиги ҳақида эмас, ўз манфаатлари йўлида бадиий қадриятлар билан ҳийла ва найранг қилаётган мафкуралар танглиги ҳақида эмас, борган сари эклектизмга асосланаётган, мутахассисларга, университет профессор-ўқитувчиларига, гуманитар факультет талабаларига мўлжалланган жиддий мазмунли адабиёт ҳақида эмас, балки адресат танглиги, китоб билан шахсий муносабат тажрибасини йўқотаётган китобхон инқирози хусусида бормоқда. Шунингдек, адабий жараёнда чинакам информацион босим, яъни мажбурий плюрализм ва релятивизм (лот. relativus — нисбийлик) ўтакетган замонавийлик оқибатида пайдо бўлаётган хирахондон ҳиссиётлар остида қолиб бораётган китобхон танқислиги юзага келмоқда.
Ахборот коммуникацияларининг қудратли кучи хусусида 1960-йиллардаёқ америкалик танқидчилар қайд қилганидек, эндиликда энг топқир ёзувчининг ҳам газетада босилган, телевидениеда берилган, интернет орқали узатилган ахборот билан беллашишга қурби етмайди, бу унинг кўлидан ҳам келмайди. Газета, телевидение ва интернет хабарлари исталган тўқима ва уйдирмадан иборат бўлса-да «шубҳасиз тўғри», «моҳирона ишланган», одамларда «кучли таассурот қолдирадиган» янгилик бўлиб бормоқда.
Дарвоқе, XX аср охирлашиб қолган бир пайтда унинг яна ўз бошига қайтганидан дарак берувчи аломатлар сезила бошлаганди. Яъни юз йил бурун айтилган «Ғарб цивилизациясининг поёнига етганлиги» мавзусига яна қайтилди. Француз шоири Шарль Бодлернинг «Биз ҳаммамиз гўёки абадий дафн маросимида қатнашаётгандекмиз» мазмунидаги ҳикматли сўзларини англаб олишга, мағзини чақишга қайтганлигимиз билиниб қолди. Айримлари, Ж.Папини қаламига мансуб «Охирги одам», О.Шпенглернинг «Европа заволи», А.Блокнинг «Гуманизм ҳалокати», П.Валерининг «Руҳ танглиги», Э.Гуссерлнинг «Европа одами ва фалсафасининг танглиги» бошқа номлар, яъни Романо Гвардини қаламига мансуб «Янги замон охири», Даниэл Беллнинг «Мафкура интиҳоси», Ролан Бартнинг «Муаллиф ўлими», Ихаб Хасаннинг «Орфей ҳалокати», Ф.Фукуяманинг «Тарих хотимаси ва охирги одам», Сэмюел Хантингтоннинг «Цивилизациялар тўқнашуви» билан алмашди. Барибир ҳам, Зигмунд Фрейд айтганидек, шартли равишда «маданият қаноатланганлиги» деб ном олган тамойил ўзгармасдан эскича ҳолида қолаверди. Гап шундаки, илғор ғарб маданияти ўзи¬нинг либерализм руҳидаги идеалларига содиқ қолиб, келажак лойиҳаларини тузишни, тарихнинг у ёки бу «хато»ларини тузатишни давом эттиргани билан, айни вақтнинг ўзида, инсон эркинлиги муаммоси билан боғлиқ зиддиятлар ҳал қилинмаганлиги туфайли, барибир орқага қайтишга мажбур бўлди.
Шундай қилиб, XX аср модернизм адабиёти ҳам худди XIX аср романтизм адабиёти сингари маданий маъно доирасига айланди, унинг ичида ғарб дунёси қадриятлари танқидий жиҳатдан текширувдан ўтказилди. Улар жаҳон адабиёти тарихида яшаб қолишга, XX аср адабиётида яловбардор бўлишга лойиқми ёки йўқми – буни келажак кўрсатади.

Манбаъ: «Ёшлик» журнали,№ 4 (245) 2011

333

Muhammadjon Xolbekov
BADIIY ADABIYOTDA MODERNIZM TAVSIFI

So’nggi yillar o’zbek adabiy tanqidchiligida modernizm va modern adabiyoti haqida ko’p yozishayapti, bahs-munozaralar bildirilmoqda. Aslida, o’tgan asr G’arbiy Yevropa va Amerika adabiyoti va san’atida yetakchi oqim sanalgan modernizm tanqidiy realizm, xususan sotsialistik realizm aqidalariga qarama-qarshi pozitsiyada turgan adabiy oqim bo’lib, asrning oltmishinchi yillarida o’z umrini yashab bo’ldi va o’rnini postmodernizm deb ataluvchi yangi oqimga bo’shatib berdi. XX asrning oxiriga kelib postmodernizm ham inqirozga yuz tutdi. Endilikda jahon adabiyotidagi avangard doiralar yana yangicha uslublarni kashf etishga urinmoqdalar.
Modernizm XX asr g’arb adabiyoti va san’atining umumiy tavsifi tarzida bir necha o’lchovlarda mavjud bo’lib, bizningcha ularni quyidagi mazmunda xulosalash mumkin.
Birinchidan, modernizm – bu zamonlar ora¬lig’idagi tafovutni, «eskilik» va «yangilik» o’rtasidagi ixtiloflarni o’z g’oyaviy qarashlari bosh mezoni qilib olgan yuz yillikning ma’naviy qiyofasidir. Uning ortida F.Nitsshening «xudolar o’limi» falsafasi, Yevropa xaritasini qayta tuzgan siyosiy inqiloblar va ilmiy kashfiyotlar, totalitar tuzumga asoslangan diktaturalar, xunrezlik urushlari, informatsion portlashlar, sivilizatsiyaning koinotga chiqishi kabi global
o’zgarishlar yotibdi. Yanada aniqroq qilib aytadigan bo’lsak, uning ortida «markazsiz dunyo» (U.B.Yeyts)ning yuzaga kelishiga sabab bo’lgan ob’ektiv borliq qonuniyatlarining insoniyat tarixida chuqur ildiz otolmaganligi, mustahkam o’rnashib ololmagani, epistemologik dudmolligi hamda muayyan shaklga keltirilgan utopik (ilmga asoslanmagan, amalga oshmaydigan, xomxayol) orzu-umidlar bilan shaklsiz, noaniq antiutopik voqelik o’rtasidagi hal qilib bo’lmaydigan
ziddiyatlarning mavjud ekanligida edi.
Dastavval bashariyatni ocharchilik va qashshoqlikni yengishga da’vat qilgan yigirmanchi asr vaqt o’tib o’zining insonparvarlik, yuksalishga intilish, jamoatchilikka tayanish, ilmiy-texnika taraqqiyotining cheksiz ri¬vojlanishiga xayrixoh bo’lish kabi tamoyillariga qarshi turdi, amalda «eskirgan» bo’lib chiqdi. Ayni paytda, umuminsoniy tamoyillarning g’ayriinsoniy tuzum qonunlari oldida erksizligi, voqelikning hardamxayolligi, siyosiy yolg’on safsatalar, jamiyatning haddan tashqari himoyasizligi va hattoki be’maniligi ro’parasida tizilgan odamlarning fojeaviy yolg’izligi zamoni bo’lib qoldi.
XX asrning halokatga yuz tutishi muallifning “metafizikaga ishtiyoqini» kuchaytirgan, yakka tartibda ijod qilishga undagan bo’lsa, ushbu idealizmning dardu g’amini ham shu alfozda belgilab berdi. Bunday muhitda «she’riyatga o’rin yo’qligi»(G.Adamovich)ni jahon urushlarida halok bo’lgan, totalitar tuzum tarafidan otib yuborilgan yoki surgun etilgan, aqldan ozib o’z hayotiga suiqasd qilgan, alamzada holatda ijoddan voz kechgan qator qalamkashlarning fojiali qismatidan,
deb tushunmoq lozim bo’ladi. Asrning shu kabi ruhini nemis faylasufi T.Adorno quyidagicha ta’riflangandi: «Osventsimdan keyin she’r yozish – bu badaviylik (varvarlik) hisoblanadi…» (Minima Moralia. Majruh hayot haqida o’ylar, 1951).
Ikkinchidan, o’tgan yigirmanchi yuz yillikda kechgan adabiy jarayon ko’pgina raddiyalarga qaramasdan modernizmni inkor etib, bir chetga surib tashlagani yo’q, aksincha, uni inkor qilish orqali yanada davom etishiga yordam berdi va o’z doirasiga «modernizmdan tashqaridagi modernistlar» deya hisoblagan mualliflar.
S.K`erkegor, H.Ibsen, G.Melvill, SH.Bodler, A.Rembo, S.Mallarme, F.Nitsshe, F.Dostoevskiy, G.Jeyms, A.Strindberg, J.Konrad va boshqalarning asar¬larini og’dirib oldi. Aksincha, ayrim buyuk nomlar (V.Skott, V. Gyugo, A.de Vin`i, CH.Dikkens, A.Tennison, G.Longfello)ning badiiy ijoddagi qadr-qimmati pasaytirildi, boshqalari (G.Flober, E.Zolya, J.Elliot, U.Uitmen, P.Verlen) esa asos-isbotsiz jahon adabiyoti peshsahnasiga chiqarib qo’yildi. Eng muhimi, modernizm XX asrning asosiy ijodiy kashfiyoti – sub’ektivlikni tadqiq qilishda davom etdi va tezis-antitezis, «modernizm»-«kontrmodernizm» vositasida individual uslubning stilistik imkoniyatlarini amalga tadbiq qildi. Postmodernizm davriga kelib u uslubdan ko’ra ko’proq sifat ko’rinishiga ega bo’ldi.
Uchinchidan, modernizm – aslida bu bir-biri bilan kurash olib borgan, o’zicha mustaqil harakat qilgan alohida modernistik uyushmalar, manifestlar, dasturlar (masalan Lotin Ame-rikasida simvolizm o’zicha modernizm nomini olgandi) majmuasidir. Modernizmning bir jabhasi avangardizmga, ya’ni lingvistika nuqtai nazaridan ilmiy tajribalar o’tkazishga, san’atlar va diskurslar sinteziga, polistilistika (futurizm, dadaizm, syurrealizm, imajinizm, vortitsizm, frantsuz
«antiromani», Lotin Amerikasi «sehrli realizm»)ga moyillik bildirgan bo’lsa, boshqa bir ko’rinishi ekspressionizm tarafdorlarini barokko va romantizm an’analari bilan, ingliz-amerika modernizmini (J. Joys, V.Vulf, E.Paund, T.S.Elliot, U.Stivens) simvolizm bilan, J-P.Satr va A.Kamyu prozasini ekzistentsializm falsafasi bilan yaqinlashtirishga intildi. Bizningcha, faqat modernizm va uning taraqqiyoti kontekstida u inkor etgan «realizm», «sotsialistik
realizm» (A.Barbyus, L.Aragon, I.R.Bexer, M.Andersen-Neks`yo, A.Zegers) va postmodernizm fenomenlari adekvat baholanishi mumkin, xalos. Ayni paytda shuni ham ta’kidlash joizki, modernizm adabiyoti matni o’zining stilistikasi jihatdan ham ko’p qiyofalidir. Bir jihatdan, u XIX asr adabiy oqimlari (romantizm, naturalizm, simvolizm va hokazo) dan uzoqlashgan bo’lsa, ikkinchidan ularga yangi urg’u va ohanglar (J.Romen, J.Dyuamel`) olib kirdi, naturalistik, ya’ni
voqelikni tasvirlashda maishiy tafsilotlar, ikir-chikirlar bilan cheklanib, umumlashmalardan qochadigan tasviriy uslub (J.-P.Sartr)ni singdirdi, zarurat tug’ilganda esa, biroz to’g’rilab naturalizmni (R.Marten dyu Gar, J.Steynbek) yanada sayqallashtirdi. Shu taxlit traditsionalizm (an’anaviylik)ning turli ko’rinishlari modernizm bilan olib borgan bahsida modernizmga zarardan ko’ra ko’proq foyda keltirdi, shuningdek undagi strukturaviy o’lchovlar: “klassika” va
“romantika”, “realizm” va “abstraktsiya”, “milliy” va “baynalmilal”, “shimoliy” va “janubiy” kabi tamoyillarning mavjudligiga diqqat-e’tiborni qaratdi.
To’rtinchidan, modernizm – bu J.Joys va G.Stayn, F.Kafka va G.Kayzer, L.Pirandello va YU.O’Nil, T.Mann va U.Folkner, A.Dyoblin va J.Dos Posos, B.Brext va E.Ionesko, X.L.Borxes va G.G.Markes, A.Myordok va G.Grasslarning modernizm ruhidagi matnlaridan iboratdir. Ularning barchasi modernizm nuqtai nazaridan o’ziga xos, boshqalarga o’xshamaydigan, ularning har biri alohida yondashishni, modernizmning butun tipologiyasiga, terminologik va stilistik tavsiflariga aniqlik kiritishni taqozo etadi. J.Joys qalamiga mansub «Uliss» romani ham simvolizm, ham avangard, ham «yuksak modern», ham «postmodern» qolipidagi asardek o’qilishi mumkin. Shunga yarasha mazkur romanning adabiy jarayondagi mavqei va tutgan o’rni unga hamohang o’zgarib borishi ham muqarrardir.
Alhosil, beshinchidan, modernizm – bu parallel ravishda mavjud bo’lgan matnlarning polifoniyasi (ko’povozliligi)dir. Ushbu inkor etishlar va tas¬diqlarning o’ta murakkabli maydoni noklassik bo’l¬gan masofani hosil qiladi, o’z makoniga oid chegaralarini doim aniqlab turuvchi qandaydir bir o’ziga xos adabiy jarayonga o’xshaydi. Uni shartli ravishda sub’ektivlikdan uzil-kesil ozod etuvchi, markazdan qochiradigan kuch, ya’ni girdibod bilan qiyoslash mumkin. Jamiyatning barqaror muvozanatdan chiqqanligi, undagi sub’ekt va ob’ektning bir-biriga mos kelmasligi, his-tuyg’ular ta’sirida yashayotgan shunday ramziy faollikning dastlabki ko’tarilib tushishi frantsuz adabiyotining XIX asr oxiriga to’g’ri keladi. Aslida milliy adabiyotlar nazdida mavjud bo’la turib, ma’lum ma’noda ularning hal qiluvchi, muhim voqea va hodisalarini o’zaro qorishtirib yuboradigan ushbu «to’lqin» o’zini goh XX asr boshlaridagi nemis ekspressionizmi, goh 20-yillar ingliz-amerika modernizmi, goh 1930-1940-yillar frantsuz ekzistentsializmi andozasidagi proza, goh 1950-yillar «absurd teatri» orqali namoyish qilib, 1960-yillarda Lotin Amerikasigacha yetib bordi-da, o’sha yerda inqirozga yuz tutib, o’z kuchini yo’qotdi.
Modernizm yo’riqlarining «ko’tarilishi» va «pasayishi» kabi holatlarni o’zida jamlagan bu kabi inqilobiy harakatning davrlarga bo’linishi o’ta darajada shartlidir. Qolaversa, modernizm taxminan uch ijodiy muhit bilan vobasta kechdi. Bular: postsimvolizm va avangardizm (1910-1940 y.); ekzistentsializm (1940-1960 y.) va postmodernizm (1980-2000 y.)dir. Ularning har birida o’z tipologik belgilarining o’zaro uyg’un birikmasini, o’z faollari va mushohada qiluvchilarini, oshkor va nooshkor «modernist»larini, «modernizm» zamondoshlari va «kontrmodernist»larini alohida ajratib ko’rsatish mumkin.
XX asr adabiyotida modernizmdan ustun turuvchi yana biror ijodiy oqim mavjudmidi, degan savolning bo’lishi tabiiy. Bu savolga ijobiy yoki salbiy ma’noda javob topish osondek tuyulsa-da, fikrimizcha, modernizm adabiyotni o’rganish doirasidan chiqib ketdi. Aslida modernizmning o’zi va uning qonun-qoidalari aniq kashf qilinmagan bir holatda XX asr qalamkashlarining qariyb barchasi u yoki bu taqlidda “modern kasali”ga mubtalo bo’ldilar.
Nafsilamr, badiiy adabiyot 1930-yillarda inson intellektual hayotidagi bo’sh vaqt ustidan yuz yillab davom qilgan o’z hukmronligini kinematografiyaga bo’shatib bera boshladi. Ikkinchi jahon urushidan so’ng kitob egallab kelgan ijtimoiy o’ringa texnik san’at turlari: televidenie, mass-medialarning turli shakllari da’vogar bo’lib chiqdi. Asr oxiriga kelib esa bunga komp`yuter ham qo’shildi. Endilikda gap jiddiy mafkuraviy davlat tangligi haqida emas, o’z manfaatlari
yo’lida badiiy qadriyatlar bilan hiyla va nayrang qilayotgan mafkuralar tangligi haqida emas, borgan sari eklektizmga asoslanayotgan, mutaxassislarga, universitet professor-o’qituvchilariga, gumanitar fakul`tet talabalariga mo’ljallangan jiddiy mazmunli adabiyot haqida emas, balki adresat tangligi, kitob bilan shaxsiy munosabat tajribasini yo’qotayotgan kitobxon inqirozi xususida bormoqda. Shuningdek, adabiy jarayonda chinakam informatsion bosim, ya’ni majburiy plyuralizm va relyativizm (lot. relativus — nisbiylik) o’taketgan zamonaviylik oqibatida paydo bo’layotgan xiraxondon hissiyotlar ostida qolib borayotgan kitobxon tanqisligi yuzaga kelmoqda.
Axborot kommunikatsiyalarining qudratli kuchi xususida 1960-yillardayoq amerikalik tanqidchilar qayd qilganidek, endilikda eng topqir yozuvchining ham gazetada bosilgan, televidenieda berilgan, internet orqali uzatilgan axborot bilan bellashishga qurbi yetmaydi, bu uning ko’lidan ham kelmaydi. Gazeta, televidenie va internet xabarlari istalgan to’qima va uydirmadan iborat bo’lsa-da «shubhasiz to’g’ri», «mohirona ishlangan», odamlarda «kuchli taassurot qoldiradigan» yangilik bo’lib bormoqda.
Darvoqe, XX asr oxirlashib qolgan bir paytda uning yana o’z boshiga qaytganidan darak beruvchi alomatlar sezila boshlagandi. Ya’ni yuz yil burun aytilgan «G’arb sivilizatsiyasining poyoniga yetganligi» mavzusiga yana qaytildi. Frantsuz shoiri Sharl` Bodlerning «Biz hammamiz go’yoki abadiy dafn marosimida qatnashayotgandekmiz» mazmunidagi hikmatli so’zlarini anglab olishga, mag’zini chaqishga qaytganligimiz bilinib qoldi. Ayrimlari, J.Papini qalamiga mansub
«Oxirgi odam», O.Shpenglerning «Yevropa zavoli», A.Blokning «Gumanizm halokati», P.Valerining «Ruh tangligi», E.Gusserlning «Yevropa odami va falsafasining tangligi» boshqa nomlar, ya’ni Romano Gvardini qalamiga mansub «Yangi zamon oxiri», Daniel Bellning «Mafkura intihosi», Rolan Bartning «Muallif o’limi», Ixab Xasanning «Orfey halokati», F.Fukuyamaning «Tarix xotimasi va oxirgi odam», Semyuel Xantingtonning «Sivilizatsiyalar to’qnashuvi» bilan almashdi.
Baribir ham, Zigmund Freyd aytganidek, shartli ravishda «madaniyat qanoatlanganligi» deb nom olgan tamoyil o’zgarmasdan eskicha holida qolaverdi. Gap shundaki, ilg’or g’arb madaniyati o’zi¬ning liberalizm ruhidagi ideallariga sodiq qolib, kelajak loyihalarini tuzishni, tarixning u yoki bu «xato»larini tuzatishni davom ettirgani bilan, ayni vaqtning o’zida, inson erkinligi muammosi bilan bog’liq ziddiyatlar hal qilinmaganligi tufayli, baribir orqaga qaytishga majbur bo’ldi.
Shunday qilib, XX asr modernizm adabiyoti ham xuddi XIX asr romantizm adabiyoti singari madaniy ma’no doirasiga aylandi, uning ichida g’arb dunyosi qadriyatlari tanqidiy jihatdan tekshiruvdan o’tkazildi. Ular jahon adabiyoti tarixida yashab qolishga, XX asr adabiyotida yalovbardor bo’lishga loyiqmi yoki yo’qmi – buni kelajak ko’rsatadi.

Manba’: «Yoshlik» jurnali,№ 4 (245) 2011

(Tashriflar: umumiy 758, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ё Раб, «изм»ларнинг кўплигини қаранг! Уларнинг ҳаммасини тушунадиган, фарқлайдиган одамларга қойил қоламан! Шу адабиёттанувми? Асар танувми? Агар шундай бўлса, мен адабиётни ҳам, бадиий асарни ҳам тушунмайман шекилли! Яхши ҳам сўз эркинлиги бор ва мен ҳам бадиий адабиётга ўзим билганимча ёндашиб асарлар ҳақида нималардир дея оламан, Худога шукур!Билимли ўзбекка қойил қолмай иложи йўқ, муаллифни табриклайман!

Izoh qoldiring