Munojot Yo’lchiyeva. Suhbat & Qo’shiq (Derman -Mashrab g’azali).

01
Асл нарса доимо бебаҳо ҳисобланади. Бизнинг мақом намуналаримиз, мумтоз наволаримиз инсонни руҳан поклайди, юксалтиради. Тинг­ловчининг қалби ва онггида олижаноблик, ирода, сабр-қаноат, ҳалоллик сингари эзгу фазилатларни шакл­лантиришга хизмат қилади. Ўзбекистонга келган сайёҳ бу ажиб диёрнинг бой тарихи, маънавий мероси, санъати ва маданиятига, албатта, мафтун бўлиб қолади.

099

Муножот Йўлчиева:
«БУ – БИЗНИНГ ҚУДРАТИМИЗ ҚИРРАЛАРИ»
Дилдора ҚАРШИБОЕВА суҳбатлашди

Эл ардоғидаги хонанда, ўзбек миллий мусиқа санъатининг етук намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳибаси Муножат Йўлчиева оилангиз даврасида.
Юртимизда Муножат Йўлчиеванинг қўшиқлари кириб бормаган хонадон йўқ, десак муболаға бўлмайди. Унинг ноёб овози, туйғуларга бой ижроси, юракдан куйлаш услуби нафақат мамлакатимиз, балки кўплаб хорижлик ихлосмандларни ҳам ўзига ром этиб келади.
Муножат Йўлчиева миллий мумтоз қўшиқларимизни, мақомлар, катта ашулаларни маромига етказиб куйлайди. Хонанданинг ўнлаб ашулалари жаҳон классик мусиқа дурдоналари қаторида туради.
Севимли хонандамиз билан бугунги фаолияти, ижоди, миллий мусиқа санъатимиз ҳақидаги ўй-фикрлари хусусида суҳбатлашиш мақсадида қўнғироқ қилганимизда Муножатхон опа уйларига таклиф этди. Тўғриси, бироз ноқулай туюлди. Бироқ хонанданинг оиласи билан ҳам танишиш имкони юзага келганидан фойдаланиб, бордик.

033

033


Бизни кечки таом учун паловга уннаётган хонадон бекаси қарши олди. Эгнида хонатлас, бошида рўмол —оддий ўзбек аёли. Ҳа, бу Ўзбекистон халқ артисти  Муножат Йўлчиева эди.

— Ижоддан вақт ажратиб, рўзғор юмушларига ҳам улгурар экансиз-да?

— Албатта. Аёл учун энг асосийси оила, деб ўйлайман. Мен, аввало, уй ишларимни саранжомлайман, ундан сўнг хотиржам ижод билан машғул бўламан. Оилам, фарзандларимдан кўнглим тўқ бўлсагина, кўнглимдагидек ижод қиламан. Ҳаммасига улгуриш, ҳаммасини эплаш мумкин. Фақат буни чин дилдан исташ керак. Оиламга, фарзандларимга қанча меҳримни ажратсам, яратаётган ҳар бир қўшиҚимга бўлган меҳрим ҳам ундан кам эмас.

— Сиз ҳақингизда гап кетса, кўпчилик: «Муножат Йўлчиева саҳна оламида илк бор қандай кўринган бўлса, ҳали ҳам ўшандай — дид билан, миллий кийинади» дейишади. Мана, ҳатто уйингизда ҳам бунга гувоҳ бўлиб турибман. Бунинг боиси нимада?

— Ёшлигимдан қимматбаҳо, шоҳона либосларга қизиқмайман. Биринчи марта саҳнага чиққанимда нима ки­йишни билмай бошим қотган. Онам сандиғини кавлаб бир кийимлик атлас топиб берганлар. Шуни холамга тиктириб, саҳнага кийиб чиққанман. Оддий, содда, бежирим…

Устозим Шавкат Мирзаев «Янги кўйлак кийишга ҳаракат қилмагин, дабдабали бўлиши ҳам шарт эмас. Озода, дазмол урилган, чиройли бўлса — бўлди. Дид билан кийингин» деган эдилар. Шу сўзларга доимо амал қиламан.

Яна бир гап. 1998 йил эди. Марокко шаҳрига борганмиз. Қўшиқ айтганман. Эгнимда беқасам матодан тикилган либос, зебигардон, бирон-бир тақинчоқ тақмаганман, оддий ўзбекона кўйлак. Йиғилганлар ҳайрат билан қарашган, суратга туширишган. Атлас кийиб хорижга сафарга чиқинг, сўрамасдан ҳам ўзбек эканингизни билишади.

Атлас ўзбек аёлларининг кўрки. Сўнгги урфда ҳамма ҳам кийиниши мумкин, лекин бизнинг либосларимизни бутун дунё танийди ва ҳавас қилади. Миллий либосимиз ҳам қадриятимиз, ўзлигимизнинг бир бўлагидир.

— Муножат Йўлчиеванинг ижоди нафақат халқимиз, балки халқаро миқёсда ҳам миллионлаб инсонларни ўзига мафтун этиб келмоқда.

— Биз, гарчанд сўзларини тушунмасак-да, жаҳон дурдона ашулаларини мириқиб эшитганимиз каби, ўзга миллат одамлари ҳам бизнинг миллий мусиқа меросимизга катта ҳурмат билан қарашади ва севиб тинглашади. Асл нарса доимо бебаҳо ҳисобланади. Бизнинг мақом намуналаримиз, мумтоз наволаримиз инсонни руҳан поклайди, юксалтиради. Тинг­ловчининг қалби ва онггида олижаноблик, ирода, сабр-қаноат, ҳалоллик сингари эзгу фазилатларни шакл­лантиришга хизмат қилади. Ўзбекистонга келган сайёҳ бу ажиб диёрнинг бой тарихи, маънавий мероси, санъати ва маданиятига, албатта, мафтун бўлиб қолади.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари саҳналарида кон­церт­лар берган бўлсам-да, она диёримнинг, халқимнинг меҳри барибир бўлакча.

— Хориж мамлакатларида кўп бўлгансиз. У ёқдаги аёллар билан ўзбек аёлларини ҳеч қиёслаб кўрганмисиз?

— Ҳ-ҳў… кўп маротаба солиштирганман. Ҳеч бир мамлакат аёлларини бизникига тенглаштириб бўлмайди. Бизнинг аёлларимиз, аввало она, севикли ёр, меҳрибон қайнона, ота-онасини ҳурмат қиладиган муслима қиз. Бундай тушунчалар бошқа миллат аёлларида ҳам бору бизникичалик бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Аёлларимиз учун оила муқаддас. Улар умр йўлдошини қадрлайди, фарзандини бебаҳо неъмат ҳисоблайди. Оиласининг шаъни учун керак бўлса тош ютади, ўзбек аёли. Мана, бизнинг қудратимизнинг қир­ралари.

— Аёл гўзаллигининг сири нимада, деб ўйлайсиз?

— Хўш… (бироз ўйланиб). Дастурхон атрофида, фарзандлари, умр йўлдоши ёнида, юзида табассум билан ўтирган аёл — энг гўзал аёлдир. Унинг бахти шундаки, оила аталмиш муқаддас маъвоси бор. Бу маконнинг пойдевори ишончдан, устунлари вафодан қурилган. Аёл мана шу саройни сақлаб қола олиши керак.

— Халқимиз бунёдкорлигининг ифодаси — пойтахтимиз марказида қад ростлаган Ўзбекистон хал­қаро анжуманлар саройида энг биринчи бўлиб концерт бердингиз.

— Бу муҳташам саройда концерт беришимни Президентимизнинг миллий мусиқа санъатига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратаётган улкан эътибори, рағбати, деб биламан. Санъатимизни юксалтириш, қолаверса, ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш йўлида ташкил этилган ўша концерт дастури мен учун, санъатимиз аҳли учун катта шараф.

— Мақомчилик йўналишида мактаб очган экансиз. Айни пайтда унинг фаолиятида қандай янгиликлар бўлмоқда?

— Биласизми, қўшиқчилик — жуда нозик санъат. Ўз-ўзидан шаклланмайди, бунга йиллар керак бўлади, изланиш, меҳнат талаб қилади. Пойтахтимизда, шаҳар, туман ва қишлоқларимизда истеъдодли ёшлар жуда кўп. Уларни бир жойга жамлаган ҳолда, ўзимизнинг миллий наволаримизни ўргатаяпмиз. Энг истеъдодлилари санъат оламига дадил кириб келмоқда. Улар жаҳон саҳналарига чиқиб, юртимизни қўшиқларга солиб мадҳ этишяпти.

— Сиз профессионал қўшиқчисиз. Қандай йў­налишдаги қўшиқни куйлай олмайман, деб ўй­лайсиз?

— Инсон қилган ишни, инсон қила олади. Ҳар қандай ашулани ижро этиш мумкин.

— Ижодингизда асосий мезон нима?

— Иқтидор аввало, Оллоҳ томонидан берилади. Менга шундай неъмат берилибдими, демак, бундан фойдаланишим керак. Яъни, миллий меросимизга айланган дурдона наволарни тиклаш, юзага чиқариш, келгуси авлодга етказиш бизнинг вазифамиз. Бу халқимиз, эл-юрт олдидаги бурчимиздир.

Буюк аждодларимизга бешик бўлган шу табаррук Ватанни куйлаш, унинг саховатли, меҳридарё, самимий, покиза қалбли халқига хизмат қилиш ҳар бир санъаткор учун саодатдир.

— Муножат опа, маш­ҳурликнинг юки нимада?

— Машҳурликнинг юки — аввало шунга муносиб бўлиш, уни кўтара олишда. «Мен юлдузман», дейдиган одам маш­ҳурликни кўтара олмайди. Санъаткор халқнинг орасида бўлиши керак. Ўзини тенги йўқ деб ҳисоблаган санъаткор узоққа бормайди. Меъёрни билиши керак. Майли, юқорига интилсин аммо, оёғи ерда эканини унутмасин.

— Сиз халқ меҳрини қозонган санъаткорсиз. Давлатимизнинг кўплаб юксак унвон ва мукофотларига сазовор бўлгансиз. Жоиз бўлса сўрай, сиз учун эришилмаган натижа, забт этилмаган чўққи борми?

— Мен учун чўққининг аҳамия­ти йўқ. Мен нимаки қилган бўлсам, санъатимиз, унинг ривожи учун қилганман. Санъат­ — менинг ҳаётим. Қўшиқ айтмасам туролмайман.

Тинч ва фаровон, одамлари ҳаётидан рози бўлиб яшаётган юртда санъат равнақ топади. Демак, мен халқим учун куйлашга ҳамиша бурчлиман.

Манба: «Оила даврасида» газетаси

(Tashriflar: umumiy 632, bugungi 1)

1 izoh

  1. Аллох муродингизни берсин Муножатхон! Хамиша соғ-саломат бўлинг.

Izoh qoldiring