Murod Muhammad Do’st. Ne’mat Aminov teatri haqida.2 qism.

099
Расулий домланинг юзи чувак, лунжлари андак ичга ботган, жуссаси ориқ. Бақрайган кўзлари катта-катта, мисоли узукдай дум-думалоқ. Ва лекин юздаги барча аломатларни ортда қолдириб олға чиққан ўркачли баҳайбат бурни ҳам бор эдики, Расулий домланинг қиёфасини бир бор кўрган одам умрбод эсдан чиқармасди.
…Ишчи-шоир Расулий домланинг ғазалларидан биргина байти эсимда қолганки, унда муаллиф шоир зотига хос бўлмаган камтарлик намоён этиб, сизу биздан орамизда яшаб юргани учун узр сўрайди:

Ўзимни кўрмагайдурсиз, Ватаннинг булбулидурмен,
Мани ёмон деманг, дўстлар, одамнинг бир туридурмен.

калам

Мурод Муҳаммад Дўст
«ЗАРБУЛМАСАЛ» ВА БОШҚА МАСАЛАЛАР
Ёзувчи Неъмат Аминов театри

(Давоми. Биринчи қисмини мана бу саҳифада ўқинг)

Яна бир манзара борки, мен уни енгилроқ бир фильмга сал ўзгартиб киритганман. Лекин асли қизиқроқ, айниқса — Неъмат Аминов «театру» қилиб кўрсатганида.

…Кунлардан бирида раис Тошкентдан келган меҳмонни вилоятнинг четроқ районига олиб чиқади. Йўл-йўлакай қариндошларникига ташлаб ўтарман деб, қари онасини ҳам мошинага миндиради. Кампир — олдинда, ҳайдовчи ёнида, раис билан меҳмон — орқа ўриндиқда («ўриндиқ» сўзида сал қозоқча оҳанг сезилади, қарангки, аввал ҳеч эътибор бермаган эканман — ММД). Тошкентлик меҳмон ўртоқ Музаффаровга ўхшаган сипороқ киши, чурқ этмайди, шу сабаб, мезбоннинг ўзи хонаки гурунг бошлайди:

-Ана бу онахон — бизни онабиз, меҳмон, — деб, олдинда бир бурдагина бўлиб ўтирган кампирга ишора қилади раис. — Сиз бизни онабизни ёшлигини кўрмагансиз, меҳмон, онабиз ёшликларида жудоям хушрўй бўлгон, юзлари ширмойи нондай… сочлари тақимларига тушгон… Энди, меҳмон, онабизни кўкраклари… мана мундой бўлгон! — раис қўлларини сал олдинга чўзиб, иккита тарвуз палласини «тасвир» этади. — Онабиз ана шундой зўр бўлгон, меҳмон. Тўғреме, она?

— Тўғре-e-e… — деган нимжонгина овоз келади олдинги ўриндиқдан.

Неъмат ака, довдир раис портрети учун шунинг ўзи кифоя, деб ўйларди чоғи, латифанинг айни жойига келганда уч нуқта қўярди.

Саид Аҳмад домла ўзидан қўшиб тўлдирган бошқа ижрода раиси тушмагур, «…ёшликда онабизни сонлари ана бундой бўлгон» деб, бўлиқ сонларнинг недир афсонавий «размер»ини кўрсатарди ва, табиийки, қари-чури кампирдан «тўғре-e-e…» деган жавоб оларди.

Неъмат Аминовнинг «Муштум»даги хонасидан одам аримасди. Бир куни кирсам, хона четига тартиб билан терилган курсилардан бирида қоп-қора, жуссаси кичик бир киши омонатгина ўтирган экан. Мени кўриб, ўрнидан турдию росмана таъзим қилди. Кейин яна жойига чўкиб, хоксорона бош ҳам эгди. Таъзимга ўрганмаган пайтларим, Неъмат акага ҳайрон бўлиб қарадим.

-Танишинг, укажон, — деди Неъмат ака, — бу киши — ишчи-шоир Расулий бўладилар.

Ишчи-шоир ўрнидан қўзғолиб, яна таъзим бажо келтирди.

-Бу киши ҳам ишчи, ҳам шоир, — деди Неъмат ака.

Ишчи-шоир истеҳзони сезмади, яна ўрнидан қўзғолди, бу гал Неъмат акага таъзим қилди.

-Масал ёзадиларми? — деб сўрадим.

-Масал, ғазал… ҳаммасидан ёзадилар, — деди Неъмат ака.

Расулий домланинг юзи чувак, лунжлари андак ичга ботган, жуссаси ориқ. Бақрайган кўзлари катта-катта, мисоли узукдай дум-думалоқ. Ва лекин юздаги барча аломатларни ортда қолдириб олға чиққан ўркачли баҳайбат бурни ҳам бор эдики, Расулий домланинг қиёфасини бир бор кўрган одам умрбод эсдан чиқармасди.

Неъмат ака Расулий домлани кўп таърифлади. У киши асли Неъмат аканинг юртдоши — ромитанлик бўлиб, бугун Тошкентда умргузаронлик қилар экан. Иш жойи — пастдаги босмахона.
Кейин Расулий домланинг ашъоридан намуналар ҳам ўқиб берди. Орасида масалсимон нарсалар ҳам бордай эди. Ишчи-шоир Неъмат аканинг озгина ажива қилаётганини сезмади, аксинча, минг муридга ҳам етиб-ортадиган ихлос билан қараб турди, ихлос баробарида ўқилаётган ғазал оҳангларига мослаб ирғалиб туришни ҳам унутмади.
Ишчи-шоир Расулий домланинг ғазалларидан биргина байти эсимда қолганки, унда муаллиф шоир зотига хос бўлмаган камтарлик намоён этиб, сизу биздан орамизда яшаб юргани учун узр сўрайди:

Ўзимни кўрмагайдурсиз, Ватаннинг булбулидурмен,
Мани ёмон деманг, дўстлар, одамнинг бир туридурмен.

Умуман, ашъор деганлари — тузатиб бўлмайдиган дард. Унга подшо ҳам, қул ҳам баробар чалиниши мумкин. Шароф Рашидов шеър ёзган. Мелисаларнинг каттаси Ҳайдар Яҳъёев — бир қўлда тўппонча, бир қўлда қалам, — роса шеър ёзган.

Бухоро вилояти ижроқўмига бир неча йил раислик қилган Нишон Бозоров деган киши ҳам гулу булбул ҳақида ашъор битар, лекин негадир шеърларига ўз исмини қўйишдан ийманар экан. Неъмат акадан маслаҳат сўрабдики, ўртоқ Аминўф, сиз адабиёт илмининг дўнгу нишабини яхшироқ биласиз, бо яна бизни мансаб нозик эканини ҳам биласиз, энди бизга битта тахаллус топиб берсангиз…

Ижроқўм раиси маслаҳатга амал қилган-қилмаганини билмайман, лекин Неъмат Аминов Нишон Бозоровга тавсия қилган «Б.Нишон» деган тахаллус халқ орасида «Бенишон» деган лақабга айланиб кетгани рост.

Фарғонанинг собиқ ҳокими Мирзажон Исломов шеър ёзарди, деб эшитганман.

Тўғриси, кейинги пайтларда иқтисод ва иқтисодчилар олд сафларга чиқиб, мансабдор шоирлар сони кескин камайиб кетди. Чет-чақаларда пахтазор ёнида ўтириб қалам тебратадиган майдароқ ҳокимлар бўлса эҳтимол, лекин уларнинг ҳам бугун шеър билан минбарга чиқадиган замон эмасига ақли етади.

Шоирлик шараф саналган даврларда бухоролик Шариф Нурхон ҳақида кўп афсона кезиб юрарди. Айтишардики, нақ минг кишилик машваратда чироқ ўчиб қолганида Шариф Нурхон зулмат ичида бир соатми, кўпроқми, ишқилиб, яна чироқ ёнгунича муттасил ғазал ўқиган экан. Ёруғда қарашса, ҳамма ўз жойида, ғазал оҳангларига мос тебраниб ўтирган эмиш…

Яна айтишардики, Шароф Рашидов Бухоро вилоятига сафар қилганида, маҳаллий бошлиқлар Шариф Нурхонга пайғамбар кийса ҳам ярашадиган оқ ва озода либослар кийдириб, Самарқандга чегарадош районда катта йўл четига чиқариб қўйишаркан. Юрт эгаси Шариф Нурхонни танимагани тайин, лекин, — ана сизга ўзбекчилик! — йўл четида одоб билан тавозе қилиб турган нуроний чолнинг ёнидан саломсиз ўтиб кетолмаган, мошинани «сақлаган», ҳол-аҳвол сўраган, сўз — сўзга, гап гапга уланиб, ахийри уловига таклиф қилган. Бири катта раҳбар, бири оддий боғбон, иккиси ҳам таъби назм, суҳбатлари соз тушиб, йўл дегани унгандан униб, қандай қилиб Бухорои шарифга етиб борганларини ҳам сезмай қолишган. Табиийки, Шароф Рашидов суҳбат билан овора бўлиб, йўл четидаги сув босган далаларни ҳам, қаровсиз ғовлаб кетган ғўзаларни ҳам кўрмаган…

-Чол Шароф ака билан қилган суҳбатига вилоят катталаридан «гонорар» олган бўлиши керак, — деб тусмол қиларди Неъмат ака. — Пухта-пишиққина эди, нафини биларди… Бухорода эканимда Иттифоқ комсомолининг нечанчидир ўн йиллигини нишонладик. Шариф ота радиога ғазал кўтариб келдилар. Ебилийга шеър ёзибидик, Нейматжон, дедилар, биз ҳам пеш сафда аъзо бўлибидик… Отахон «комсомол» сўзининг не тарзда талаффуз этилишини ҳам билмайди, «комсомон»ми, «камсомон»ми… хуллас, ўзларининг тилида ғазал ўқиб, биздан гонорар олиб кетдилар. Сал ўтмай, Иттифоқ пионер ташкилотининг ҳам байрами нишонланди. Шариф ота яна ғазал кўтариб келдилар. Нейматжон, дедилар, кашшофлик давримизни ёзибидик… Э, домлажон, дедим, куни кеча биринчи комсомол бўлиб шеър ўқидингиз, бугун келиб… қанақасига ҳам комсомол, ҳам кашшоф бўласиз, ахир, икки ташкилот бир вақтда тузилган эмасми? Тўғриси, укажон, комсомолининг ҳам, пионерининг ҳам қай замон тузилганидан хабарим йўқ, лекин Шарифий домлага лалми дўқ қилиш учун аниқ санани билиш унчалик шарт эмасди.

Неъмат Аминовнинг саволидан Шариф Нурхон андак шошиб қолади. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмайди. Ердан кўз узиб, Неъмат акага ялиниброқ қарайди:

-Қаддибиз пастроқ эди-да, Нейматжон… Қаддибиз пастлиги учун ҳам у тараф ва ҳам бу тарафга тобин топиб, иккисига ҳам баробар қабул қилдилар…

Бухоро шарифда Тошпўлат Ҳамид деган акахонимиз бўларди. У киши, яна Неъмат Аминов таърифи билан айтадиган бўлсак, ҳам шоир, ҳам амалдор эди. Лекин каттагина амалдор бўлса-да, адабий давралардан оёғи узилмаган, пастдаги ишчию деҳқон шоирларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни ўзига бурч деб биладиган олижаноб инсон эди.
Бир куни, кичикроқ қурилиш бошлаган эканми, боғбон-шоир Шариф Нурхон амалдор-шоир Тошпўлат Ҳамидга телефон қилади:

-Алиё, Тошпўлоджон…

Тошпўлат ака унинг овозини дарров танийди:

-Э, Шариф ота, ўзингизми?

-Топдигиз, Тошпўлоджон, топдигиз, ман — Шариф отагиз… — дея пихиллаб кулади чол. — Ихчамроқ бир устройка бошлабидик, шунга биргина кўба тахта зарур бўлибиди, агар дилигизга малол келмаса…

-Э, малоли бор эканми, Шариф ота, — дея хитоб қилади Тошпўлат Ҳамид. -Сиздай отахон сўрайди-ю, биз йўқ деймизми! Уста-пуста керак эмасми?

-Йў-йў, Тошпўлоджон, тахта бўлса кифоя, уста — биз ўзибиз…

Эртаси куни Шариф Нурхоннинг ҳовлисига бир кубометр силлиқ рандаланган тахта бориб тушади. Ўртоқ Ҳамидўф юбордилар, дейди шопир. Шариф Нурхон хурсанд бўлиб, ўртоқ Ҳамидўфни бетўхтов дуо қилганча, мўмайгина тахтани тушириб олади.

Қиш арафасида Тошпўлат Ҳамиднинг кабинетида яна телефон жиринглаб, яна ўша таниш овоз келади:

-Тошпўлоджон, бо ман — Шариф отагиз…

-Э, Шариф ота, саломат бормисиз, — деб сўрашади Тошпўлат Ҳамид, — янги ғазаллар ёзиляптими?

-Ғазал ёзишга мажол йўқ, Тошпўлоджон, — деб иҳранади Шариф Нурхон, — Билсагиз, аёқда андак бодибиз бор…

-Дўхтир керакми, Шариф ота?

-Йў-йў, Тошпўлоджон, дўхтир — биз ўзибиз… Йиборган тахтагизни олдим, энди… бу ёқи — қиш, биргина кўба кўмир керак бўлибиди…

-Кўмир кубда эмас, тоннада ўлчанади, Шариф ота, — деб тушунтиради Тошпўлат Ҳамид чолнинг соддалигидан кулиб. — Неча тонна бўлсин, икки тонна камлик қилмайдими?

-Хай, ҳимматигиз-да, Тошпўлоджон…

Хуллас, Тошпўлат Ҳамид чолнинг уйига бир мошина кўмир жўнатади. Шариф Нурхон, сийловдан бағоят мутаассир, йиғламоқдан бери бўлиб телефон қилади:

— Ассалому алайкум, Тошпўлоджон, бу ман фақир… Шариф отагиз бўламан…

-Ваалайкум ассалом, Шариф ота! Чопқиллабгина юрибсизми?

-Баҳарнав, Тошпўлоджон, туфроқди ташидабиз… Йиборган кўмиригиз учун ҳазор маротаба раҳмат, Тошпулоджон…

-Энди, сиз илтимос қиласиз-у, биз йўқ деймизми? Баъдаз ҳеч тортинмай ўзимга телефон қилаверинг.

Симнинг нариги учида Шариф Нурхон жимиб қолади. Сукут чўзилавергач, Тошпўлат Ҳамид трубкага бир-икки пуфлайди:

-Алё, Шариф ота, алё, алё…

-Ман сиздан кўмир сўрамаб эдим, Тошпўлоджон… — ботинмайроқ сўзлайди чол.

-Э, Шариф ота, куни кеча телефон қилиб кўмир сўрадингиз-ку?

-Ман кўмир сўрамаб эдим, — дейди Шариф Нурхон. — Кўмиригизни қайтариб юборайми, Тошпўлоджон?..

-Э, кўмир садқаи сар, Шариф ота, — дейди Тошпўлат Ҳамид. — Тушунмай қолдим, Шариф ота, баҳорда телефон қилиб бир куба тахта сўрадингиз… шундайми?

-Йўқ, Тошпўлоджон, тахтани олдим, лекин ман тахта ҳам сўрамаб эдим.

-Сиз сўрамасангиз, яна ким сўрайди, Шариф ота? — дейди Тошпўлат Ҳамид баттар боши қотиб.

Орага яна сукунат чўкади. Хийла ўтиб, телефондан Шариф Нурхоннинг қиқирлаган овози келади:

-Нейматжон акагиз ҳазиллашган кўринади, Тошпўлоджон…

Неъмат Аминовнинг Шариф Нурхон номидан қилган ҳазиллари Тошпўлат акани бир куб тахтаю икки тонна кўмир харжига туширгани билан чекланмайди.

Шариф Нурхон домла Шарифий тахаллуси билан шевада шеър ўқиганин радиода кўп эшитардик. Кейинроқ маълум бўлдики, шеър шоирнинг ўзиники, овоз ҳам айни ўзиники, лекин ижро… Неъмат Аминовники экан.

Узоқ Бухорода яшайдиган чол сафар азобидан чўчиганми ёинки йўлкирага пул топмаганми, ишқилиб, Тошканди азимда истиқомат қиладиган синашта қадрдони Неъмат Аминовга битган ғазалларини почтада жўнатиб, мактуб охирида «авозини ўзигиз тахласангиз», дея илтимос қилган. Неъмат ака — ҳожатбарор одам, боз устига — эски радиочи, бечора диктор ўзини кулгидан зўрғатийиб: «Микрофонимиз олдида бухоролик боғбон-шоир Шариф Нурхон», деб эълон қилса бас, «боғбон-шоир»нинг овозини ўзи «тахлаб» ташлаган:

Қилишиб турли туҳматлар Шарифийни шишурдилар,

Қамишдек ҳар бўғимидин оловли бир садо чиқди.

Албатта, айни иқтибос имло талабларига мослаб келтирилди. Асли эса шева жилваларига бойроқ: «Қилишеб турле туҳматлар, Шарефийни шишурделар, Қамешдек ҳар бўғемедин аловли бир садо чиғде…»

Неъмат Аминов Шариф Нурхон ҳақида соатлаб ҳикоя қиларди. Ўзимизча, мавзуни оғзаки пишитяпти, китоб қилиб ёзса керак, деб ўйлардик. Афсуски, Шариф Нурхон қиссаси ёзилмасдан қолди.

Умуман, Неъмат ака ўзи билган кўп воқеаларни ёзишга улгурмади. У билган нарсалар эса нақ бир дунё эди…

Узуқ-юлуқ эсда қолгани шуки, Шариф Нурхон ота-онадан эрта етим қолиб, қайсидир бойнинг эшигида қароллик қилиб юради. Бойдан кўп ситам кўради. Дарвешу девоналардан эшитган оҳангларини эслаб, кўрган жафоларидан недир оғзаки байтлар тизади. Амирликнинг охирги йилларида, Ўрусия тарафларда инқилоб бўлган эмиш, Ленин деган одам йўқсилларга эрк берган эмиш, деган узунқулоқ гапларни эшитиб, ҳовлиққанидан «Лелин, кел», деган радифда ғазал тўқийди…

Хўжайин қаролининг саркашлигидан хабар топиб, уни қамчилаб сўроққа тутади:

-«Лелин, кел», деб сан ёзиб эдингми, Шарифча?

-Ман ёзибидим, — дея тан олади бечора қарол.

-Лелин онангнинг эри эдими, Шарифча, начун сан бадбахт уни Бухорога чақирасан?

-Камбағалпарвар деб эшитиб эдим, бой ота, шунга ёзибидим…

Бой баттар дарғазаб бўлиб, қамчини нарига отиб юборади. Қаролни оёқлари остига олиб тепа бошлайди.

Неъмат ака ҳикояни Шариф Нурхоннинг овозида давом эттирарди:

-Тепопте, тепопте, тепопте… Оғзи-бурнимдан шаррос қон келди ҳамки, у киши мани тепопте… Хайриятки, худойим бир ўлимдан асради, бойни ёнига бир ақрабоси бор эди, мани ажратиб олди, айтдики, э, ако, энди Шарифча минбаъд бу номаъқулни емайду, қаранг, охи, писарнинг оғзидан Лелини келди-ку!..

Қарол неча кундир қон қусиб ётади. Кейин сал ўнгланади, девор суяниб юра бошлайди. Лекин бойнинг остонасидан этак қоқиб кетолмайди. Кетар ҳам эди, лекин бойнинг қизи Сафияни яхши кўради. Ўнгида ҳам, тушида ҳам — Сафия. Ўзи қарол бўлса ҳам, эсли-ҳушли йигит, гаплари жўяли, байт айтарга ҳам уста. Бойнинг қизи ҳам қаролнинг мунгли қарашларига узоқ чидолмайди, недир иболи имо билан ўзининг-да кўнгли борлигини англатади. Шарифчанинг дилида умид уйғонади. Узоқ тунлар худога нола қиладики, карамингни кенгроқ қил, мен сўққабош етимнинг ҳам йўлимни ўнгла…

Бой қизини недир бойваччага эрга бериб юборади.

Қарол ортиқ унинг уйида қололмайди, узоқларга бош олиб кетади.

Ё худо ишқдин хабарсиз, ё у ҳам ўлганмикин…

Айтишларича, айни сатрни Шариф Нурхон, дунё кўзига қоронғи, «ёҳу» тортиб тентираб юриб, недир бир лаҳза куфр кетганида тўқиган. Бу сатри учун раҳматли домлани даҳрийликда айблаш шарт эмас. Худо билан у суйган бандаси ўртасида бундай аччиқ-тиззиқ гаплар бўлиб туради.

Қолаверса, Шариф Нурхон домла лаҳзалик куфрини тавба билан ювган бўлиши тайин. Лекин, қарангки, ўша даҳриёна (ва озгина доҳиёна) сатрини бари бир эслаб қолган.

Кейин у дунё найрангларига батамом кўниккан. Шу қадар кўникканки, ҳатто комсомолу пионер ҳақида назмбозлик қилишдан ҳам тортинмаган.

Неъмат ака оқкўнгил, ўта самимий одам эди. Катта думалоқ кўзларида беозор табассум аралаш недир хайрихоҳлик балқиб турарди. Жўн гапида ҳам кўп нарсани кўравериб чарчаган одамларга хос енгил истеҳзо бўларди.

Баъзида, азбаройи адолат тақдири ўртага тушган чоқларда, истеҳзоси ошкора кинояга айланарди. Ёдимда, ёзувчилар уюшмасида бир масалчи акамизнинг юбилейи бўлди. Ҳамма уни жўровоз бўлиб мақтади. Ўша пайтда Неъмат Аминов «Муштум»да адабий котиб бўлиб ишлар эди. Мажлис раиси, ҳажвий журнал вакили масалчига яқин бўлиши шарт, деб ўйларди чоғи, кутилмаганда Неъмат акага сўз бериб қолди. Неъмат ака раиснинг сазасини ўлдирмади, минбарга чиқди:

-Дўстимиз — катта ва сермаҳсул масалчи, — деди у жиддий туриб. — Масалан, Гулханий домла атиги битта «Зарбулмасал»ни ёзган, дўстимиз эса… бир замбил ғазал ёзган.

Ҳамшаҳарларидан Омон Мухторни, Тилак Жўрани, Саид Равшанни ўзига яқин тутарди.

Иккиси ҳам дунёдан ўтиб кетди — Омон Мухтор билан Тилак Жўра кўнгилни хуноб қиладиган даражада камтар одамлар эдики, беихтиёр, энди, бу ғирром дунёда бунчалар яхши бўлиш шартми, деб айтинг келарди.

Неъмат ака айниқса Омон Мухторни яхши кўрар, лекин кези келганда уни ҳам аяб ўтирмас эди. Омон аканинг ўзига хўб ёқадиган, каттаю кичик гурунгларда, учрашувларда қайта-қайта ўқийдиган шеъри бўларди:

Бир ўқ билан отдилар — ўлмадим,

вовайло, вовайло,

Икки ўқдан ўлмадим,

вовайло, вовайло…

Иттифоқо, шундай учрашувлардан бирида Неъмат ака ҳам қатнашади. Омон ака яна ўша шеърини ўқийди. «Бир ўқ… икки ўқ… Уч ўқдан ўлмадим, вовайло, вовайло» деган сўзларга етганида Неъмат ака чидаб туролмайди, ҳамма эшитадиган қилиб сўрайди:

-Тўнғиз ўққа тобингиз қалай, Омонжон?..

Омон Мухтор унга жавобан синиқ илжаяди, холос. У Неъмат Аминовни туғишган акасидай ҳурмат қиларди, аччиқроқ ҳазилларини ҳам кўнглига оғир олмас, кўпинча ўзи ҳам унга қўшилиб, болаларча қиқирлаб куларди.

Неъмат Аминов қочириқларига энг кўп нишон бўлган одам Саид Равшан эди. Рости, аксар чоқларда Саид аканинг ўзи бунга айбдор бўларди. У киши Неъмат акани қора тортиб, Бухородан Тошкентга кўчиб келди. Бошқа ҳамма жанрлар эгали эканини сездими, енгилроқ детектив қиссалар ёзишга ружу қўйди. Адашмасам, акамиз ёзган биринчи «дефектив» (Неъмат Аминов ибораси — ММД) қисса қаҳрамони газчи эди. Бугун аниқ ёдимда йўқ, агар тафсилотда адашмасам, саҳрода газ магистрали ётқизилаётганда бир тўда ёмон газчи ёлғизгина яхши газчини йўғон қувур ичига тиқиб, устидан кавшарлаб ташларди.

Албатта, осмонида зоғ ҳам учмайдиган овлоқ саҳро, ғанимларини осонгина ўлдириб, бирорта саксовул тагига кўмиб қўяверишса ҳам бўлаверарди. Лекин яхши газчи, яъники бош қаҳрамон Саид акага тириклай керак. Энди у муаллиф иродаси билан бўш қувур ичида уч-тўрт кун эмаклашга, минг хил умидсиз ўйларни ўйлашга, лекин бари бир ўлимга таслим бўлмасликка маҳкум…

Саид ака классик детектив анъаналарига амал қилиб, жиноятчи қаҳрамонларнинг ҳар бирига алоҳида лақаб қўйиб чиққан эди. Дейлик, бири — Қулоқ, эркак ўғри. Яна бири — Саъва, урғочи ўғри.

Қиссанинг бир жумласи ёдимда қолган: «Қулоқ ишини битиргач, Саъва этагини туширди». Билмаган одам, Саид Равшан ҳалигинақа… ёмон гапларни ёзаркан-да, деб ўйлаши ҳам мумкин. Умуман, тилимиз жуда ғаройиб, астойдил ҳаракат қилсанг, энг беозор сўздан ҳам икки-учта тагмаъно чиқариш мумкин. Асли эса ўта жўн. Қулоқ лақабли ёмон эркак ўғирланган пул дасталарини дока рўмол қатига териб, кейин Саъва лақабли ёмон хотиннинг белига белбоғ қилиб боғлайди, кейин аёл… этагини туширади.

Талай «курмак»ларни олиб ташлаб, детектив қиссани бир амаллаб журналда чоп этдик. Номи ҳам жуда ажойиб чиқди — «Чордоқдан отилган ўқ».

Адабиёт тошу тарозисига келганда ўта хасис эмасми, Неъмат Аминов қисса номидаги …»ўқ» сўзининг олдига мудом биргина ундош ҳарф қўшиб айтишдан ўзини тиёлмасди:

-«Чордоқдан отилган …ўқ»ни ўқидингизми, укажон?

Бир куни Неъмат ака Саид Равшаннинг столида ғалати бир рўйхат кўриб қолади. Рўйхат тепасида каттакон сарлавҳаси ҳам бор экан: ЯНГИ ТОПИЛГАН ИСМЛАР.

-Адолат, Арофат, Асал, Барно, Башорат… — дея ёдаки ўқирди Неъмат ака бош сараклаб. — Гулсифат, Гуландом…Зироат… Шарофат, Шафоат… Алифбонинг бошидан охири қадар… ғиж-ғиж қизларнинг оти…

-Балки Саид ака ўзи кўнгил қўйган аёлларнинг рўйхатини тузгандир?

-Йўқ, рўйхат узун, бир одамга кўплик қилади, — деб куларди Неъмат ака. — Саид акангиз атай тер тўкиб, бўлажак хотин қаҳрамонларининг рўйхатини тузган, укажон. Рўйхат — катта, ниятлари буюк кўринади… Начора, чидаймиз энди…

Саид ака билан адабиёт ҳақида гаплашиш жуда қийин эди. У бировнинг гапини тузук-қуруқ эшитмасди, кўпроқ ўзи гапирарди.

-Акангиз жим турсалар бўлмайди, — деб нолирди Неъмат Аминов. — Гапиришлари шарт. Жуда бўлмаса, қўлидаги қаламни кўрсатиб:»Ана бу қаламнинг номи нимайди, Неъматжон?» деб сўрайдилар…

…Айни ёзувлар баҳонасида Неъмат Аминовнинг «Ёлғончи фаришталар» китобини яна ўқиб чиқдим.

Китоб тарихидан озмунча хабарим бор эди. Айниқса, Неъмат ака «Ёшлик» журналига берган матнни Эркин Аъзам билан Хайриддин Султон худди ўзлари ёзгандай хурсанд бўлиб, асраб-авайлаб, кулгили ҳолатлар тасвирини овоз чиқариб ўқиб, завқу шавқ билан таҳрир қилганлари ёдимда қолган.

Бу гал романни атай ҳижжалаб ўқидим. Хаёлда бўлса-да, Баширжон Зайнишевга қўшилиб Бухорои шариф кўчаларини қайта кездим.

Яна маза қилиб кулдим, раҳматли Неъмат акамга яна қойил қолдим. Зайнишев деганлари шунчаки адабий қаҳрамон эмас, абадий қаҳрамон эканига яна бир марта иқрор бўлдим.

Романдаги ўнлаб қаҳрамонлардан фақат биттаси — Зайнишевга атай зид этиб киритилган фирқачи хотин Хўжақулова бутунлай кераксиз бўлиб туюлди.

Лекин шўро замонда ҳар бир катта асарда, айниқса сатирик асарда камида биттадан Хўжақулова бўлиши шарт эди. Хўжақуловаси бўлмаса роман чиқмасди ҳам.

Романда Неъмат аканинг фирқачи хотинга ўта муслимий нисб бериб қилган аччиқ истеҳзосини сезиш қийин эмас: «ўрт-тоқ Хўжақулова».

Кейин, Неъмат ака ўзига, аниқроғи — Баширжон Зайнишевга кўпроқ эрк бериб, янги замонга ҳам ўтказиб юборса роса ғаройиб бўларди, деган ғалатироқ фикр миямга келди.

Кейин Неъмат Аминов ҳар эҳтимолга қарши Баширжон Зайнишевга Ашуржон исмли биргина тирноқ ҳадя этганини эсладим. Ким билсин, балки Ашуржон Зайнишев бу кунда турли оксфорду гарвардлар таҳсилини кўриб, отамерос ғайрат билан, янги шиорларни бош узра байроқ этиб, замонавий қиёмхону қирмизхонлар қуршовида эл аро кезиб юргандир…

Неъмат Аминовнинг менга энг ёқадиган қаҳрамони — Вафо аттор. Сезаманки, Неъмат Аминов ҳам аттор табиатини ҳузур қилиб, чексиз завқ билан ёзган. Чолнинг бухоро шевасида қанчалик бурро сўзлашини бир эслаб кўринг.

Энг қизиғи — Вафо аттор билан Баширжон Зайнишев муносабати. Роман бошида Зайнишев бефарзандликдан кўп ўкиниб яшайди. Хотини неча бор иккиқат бўлган-у, лекин бўйида турмаган. Ахийри, машҳурроқ фолбин кампир аёлга ҳомиладор эканида иккита бўғоз ҳайвон устидан сакрашни буюради, шарти шуки, ҳайвоннинг бири ҳалол ва яна бири ҳаром бўлсин…

Ҳалол мол, бўғоз сигир, қишлоқдаги қариндошнинг қўрасидан топилади. Бечора хотин унинг устидан бир амаллаб сакрайди.

Ҳаром ҳайвон ҳам топилади — Вафо атторнинг бўғоз мода эшаги. Фақат эшаккинанинг ранги тўғри келмайди. Фолбин кампир, илло-билло кўк рангли ҳайвон бўлсин, деб тайинлаган. Вафо аттор бунинг ҳам йўлини топади -хуржунидан кукунли кўк бўёқ чиқариб сувда эритади, модагинани айни тим кўкка бўяйди…

Аёл бечора кўк эшак устидан ҳам сакрайди. Вафо аттор хизмат пулини олиб ўз йўлига кетади.

Муддати етиб, Зайнишевнинг аёли қўчқордай ўғил кўради.

Бошқа ёзувчи бўлса, воқеани шу ерда тугатиб, бошқа мавзуга ўтиб кетарди. Лекин Неъмат Аминов бундай қилолмайди. Вафо аттор бир ёки икки боб оралатиб, яна роман саҳифаларида кўриниш бераверади. Кўриниш ҳам гапми, Баширжон Зайнишевни узлуксиз таъқиб қилиб, тушларига ҳам кириб чиқадиган рўёга айланади.

Маълум бўладики, Зайнишевнинг хотинига йўлиққан жами инсу жинс Вафо атторнинг бўғоз эшагига ёпирилиб ўтиб, мода қорнидаги бегуноҳ хўтик майиб бўлиб туғилган экан.

Шу сабаб, Вафо аттор ҳар ой мунтазам Баширжон Зайнишевга учраб, ундан «курраи ногирон» учун алимент ундириб кетади.

Албатта, бу — шунчаки тўқима, турган-битгани маҳобат, уйдирма. Бунақаси ҳаётда бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас.

Раҳматли Ваҳоб Рўзиматов айтганидек, «биз ҳам, окаси, Дос Пассосни ўқиганмиз», турли уйдирма, абсурд, гротеск деганларидан озмунча хабаримиз бор, лекин майиб хўтик учун алимент ундириш, ўлай агар, Неъмат Аминовдан бошқа бирортамизнинг ҳам хаёлимизга келмаган бўларди…

Manba: BBC O’zbek xizmati

(Tashriflar: umumiy 189, bugungi 1)

Izoh qoldiring