Taniqli adabiyotshunos olim Naim Karimov bilan suhbat.

наим ака
Ўзбек адабиётшуноси, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкентда зиёли оиласида туғилган. Наим ака отаси Фотиҳ Каримий мактабда физика ўқитувчиси бўлса ҳам, шеърият ва адабиётга ошно инсон бўлганини, ўзидаги китобга қизиқиш ҳам аввало оиладаги муҳитда бошланганини айтади.
У 1955 йилда САГУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетини тамомлайди. Университетни битиргач, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига ишга киради.
Ярим асрлик ижодий ва илмий фаолияти ушбу даргоҳ билан узвий боғланган олим ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар яратди, матншунослик соҳасига катта ҳисса қўшди.XX асрдаги ўзбек ёзувчиларининг, жумладан Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ҳамза Ҳакимзоданинг кўп жилдлик асарлар тўпламларини тайёрлаб, нашр қилдиришда қатнашди.
Домла ўзининг ёрқин илмий фаолияти учун Беруний номидаги республика давлат мукофоти билан такдирланган.
1990 йиллардан бошлаб, Наим Каримов Шўро замонидаги оммавий қатағон мавзусида адабиёт билан боғлиқ жиҳатларини ёритишга ва Ўзбекистоннинг яқин тарихининг ўқилмай қолган, шунингдек нотўғри ёритиб келинган саҳифаларини қайта тиклашга ҳаракат қилди.1991 йилдан Беҳбудий, Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир каби қатағон қурбонларининг ижоди ҳақида кенг кўламли иш бошлаб, улар ҳақида айтилмаган маълумотлар ошкор этилди.
Наим Каримов дастлаб матбуотда эълон қилинган «Наркомпрос иши», «Чўлпон учун кишан», «Ассалому алайкум, дорнинг оғочи», «Қодирийнинг боши — Янги йил совғаси», «Тош экан бу бошим» каби мақолаларидан сўнг, улар ҳақида йиғилган маълумотларни жам қилиб, китоб ҳолида чоп эттирди.
Наим Каримов кўп йилдан бери мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш қўмитасининг раиси сифатида ишлаб келмокда. Унинг айниқса, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуини бунёд этишда, шунингдек, «Қатағон курбонлари хотираси» музейини ташкил этишда кўп хизматлари сингган.
Наим Каримов хизматлари ҳукумат томонидан баҳоланиб, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
80 ёшни қаршилаган Наим Каримов ҳозир ҳам ижоддан тингани йўқ.

микрофон

ТАНИҚЛИ АДАБИЁТШУНОС ОЛИМ,ПРОФЕССОР НАМИМ КАРИМОВ БИЛАН СУҲБАТ
Суҳбат BBC радиоси ўзбек хизмати томонидан тайёрланган

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Наим Каримовнинг «Би-би-си меҳмони» ўқувчи ва тингловчилари саволларига жавоблари

Би-би-си: Ассалому алайкум! Домла, дастуримизга хуш келибсиз!

Наим Каримов: Ваалайкум Ассалом! Хушвақт бўлинг.

Би-би-си: Болалик хотиралари тиниқ бўлади. Академик Азиз Қаюмов болаликларида дадалари китоб ўқиб берганларида йиғлаганларини ҳикоя қилгандилар. Сизнинг хотирангизда қандай воқеалар муҳрланиб қолган? Қандай бола бўлгансиз?

Наим Каримов: Болалигим уруш пайтига тўғри келган. Биз Тошкентнинг Эски шаҳаридаги Каллахона деган маҳалласи атрофида яшар эдик. Кесакқўрғон деган маҳаллада катта бир мадраса бўлган. Ўша мадрасада жадид маърифатпарварларидан Сидқий Хондайлиқий таҳсил олган экан. Додамиз бизнинг маҳалла, мадрасамиздан машҳур бир кишилар, шоирлар етишиб чиққан, деб кўпинча Сидқий Хондайлиқийни тилга олар эдилар. Лекин болалик пайтларимизда бу мадрасаларнинг ҳаммаси мусулмон одамлардан тортиб олиниб, Россиядан уруш пайти келган одамларга ётоқхона қилиб берилган эди. Шунинг учун у ерларда камдан-кам катта маросимлар бўларди. Уруш, аҳвол оғир, Тошкентда бир қанча мактабларда ўқиганман. Ўн йиллик мактабга ўтганимизда фронтдан кетма-кет ярадорлардан иборат эшелонлар келган. Бизнинг мактабларимиз госпиталларга айлантирилган. Кейин кўп қишлоқ мактаблари ўқитувчисиз қолгани учун шаҳардаги мактаблардан ўқитувчилар олиб борилган. Дадам Тошкентдаги Ўнқўрғон деган қишлоқда бир йилча ишлаганлар. Колхоз ер берган ўша ерда у-бу нарса экиб, тирикчилик қилганмиз. Бола бўлганим учун қишлоқ болалари билан яйловларга чиқардик, қўй боқиб далаларда юрганмиз. Отамиз Фотиҳ Каримий физика ўқитувчиси бўлганлар. У кишининг акалари Обид Каримий олий ўқув юртларида математикадан дарс берардилар. Бизни отамиз ўша пайтдаги Тошкентдаги Ишчилар факультетларига, мактабларга, техникумларга физика ўқитувчиси кам бўлса керак, шунинг учун эртадан-кечгача ишлар эдилар. Лекин ўша пайтнинг зиёлилари физика ўқитувчиси бўладими, инженерми, врачми, ҳаммаси адабиётга, санъатга ниҳоятда, юракдан берилган кишилар эди. Бизнинг уйда физика китобларидан ташқари, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний ва бошқаларнинг ўша 20-йилларда чиқарилган араб, лотин ёзувларидаги китоблари бўларди. Биз улардан фойдаланганмиз. Амакимиз Бокуда ўқиб келганлари учун математик бўлганларига қарамасдан, озарбайжон адабиётига бошқача меҳр қўйган эдилар. Фузулийни кўп ўқирдилар, менга ҳам ўқишни тавсия қилардилар. Ҳар ҳолда оиламизда адабиётга, санъатга бўлган меҳр ўткинчи бўлган эмас эди. Отамиз Халқ Таълими вазирлигига ишга ўтганларидан сўнг, бошқа имкониятлар пайдо бўлган. Ҳамза театрида спектакл премьераларига мени албатта етаклаб олиб борар эдилар. Горький рус театрига, баъзида Алишер Навоий театрига ҳам олиб борганлар. Шуларни хотирлаб юраман. Бизнинг ота-боболаримиз 20 йилларда дунёга келган ўзбек зиёлиларининг, Фитрат, Чўлпон, Мунавварқорилардан кейин иккинчи авлод эди. Шунинг учун улар ҳам бизни санъат-адабиётга меҳр руҳида, ватанпарварлик, халқпарварлик руҳини сингдиришга ҳаракат қилишарди. Ўша пайтда «Отанг боласи бўлма, Одам боласи бўл!» деган шиор ҳам бор эди.
Мана ҳозир ўзимизнинг оиламиз бор. Икки ўғлим бор. Турмуш ўртоғим Архитектура институтида кимё ўқитувчиси. Ўғилларим бири энергетик, бири врач. Невараларим бор. Лекин ҳаммаси китобни яхши кўришади.

Тошкентдан Набира: Қатағон этилган ёзувчи ва шоирларнинг ижоди, ҳаётини ўрганиш фикри сизда қачон ва нима сабабдан пайдо бўлган эди. Кейинчалик уларнинг фожеали тақдирини ўрганиш жараёнида сизни қийнаган ёки ларзага солган жойлари бўлдими?

Наим Каримов: Биз қатағон этилган ёзувчиларимизнинг номини Сталин вафот этгунига қадар тилга олишга қўрқар эдик. Уйимизда ҳам Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи ва бошқа бир нечта асарларини дадамиз сақлаб қўйган эканлар, лекин бизга кўрсатмаганлар. У ёзувчилар оқланганидан кейин биз уларнинг асарларини қўлимизга ушлашга, кўришга муваффақ бўлдик. Ўша асарлар ҳозир «Қатағон қурбонлари музейи»дан ўрин олган. Сталин ўлимига яқин, 20 — съезддан кейин собиқ Совет жамиятида анчайин ҳаво ўзгара бошлаган эди. Мен ўша пайтда Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетида ўқиб юрардим. Кейинчалик университетдан сўнг Москвага, Қозонга илмий сафарлар билан бориш имкониятлари пайдо бўлди. Биз у ерларда қатағон қурбонларининг Тошкентда бўлмаган асарларидан нусха олиб келишга ҳаракат қилар эдик. Кейин фалакнинг гардиши билан 1999 йил мустамлака даври қурбонларининг хотирасини абадийлаштириш қўмитаси тузилди. Ва мен шу қўмитага раис этиб тайинландим. Кейин «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи тузилди. Мен буларга ҳам раҳбарлик қила бошладим. Сабаби ўша пайтда аввал КГБ, ҳозирги Миллий Хавфсизлик хизмати архивлари эндигина очилган пайтда, биз кириб Қатағон қурбонларининг делолари билан танишиш имконига эга бўлганмиз. Ўша пайтда бир қанча мақолалар, Усмон Носирга бағишланган иккита китоб эълон қилган эдим. Чўлпон ҳақидаги китобим чиққан. Раҳбарият шу соҳадаги фаолиятимни инобатга олиб, шу масъул ишларга тайинлашган. Қатағон қурбонларининг ҳаёти, ёзганлари, қаерда ўқиганлари нафақат биз учун, уларнинг қариндош-уруғлари учун ҳам қоронғу эди. Архив устида ишлагач, уларнинг ҳаётларини ёритадиган фактларни топиш имконига эга бўлдик. Энди архивда ишлаш осон эмас. Тергов матнларини ўқиганимизда, уларга аъзоси бўлмаган аксилинқилобий ташкилотларга аъзо бўлгансан, қўл қўй, деган жойларда уларнинг кўз ёшларидан доғлар қолгани кўриниб турарди. Биз уларнинг қийнаганларидан сўнг йиғлаб қўл қўйганларини сезиб турардик. Биз комиссияларнинг турли диндорлар бўйича, давлат арбоблари бўйича, адабиёт-санъат арбоблари бўйича гуруҳларини тузгандик. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад диндорлар бўйича қўмита раиси эди. Бир кун ишлаб, иккинчи кун архив материалларини ўқиб ўтириб, кўзида ёшларни оқизиб «Наим ака, мен бу шароида ишлолмайман, бу мен учун азоб экан», деб узр сўраб чиқиб кетган. Биз тишимизни-тишимизга қўйиб, кўз ёшларимизни бир-биримиздан яшириб, жиноий ишлар ёзилган ҳужжатлар устида ишлаганмиз.

Би-би-си: Домла сиз Усмон Носир сургун қилинган жойдаги қамоқхонани кўриб келишга муваффақ бўлгандингиз. Бу ҳам осон кечмаган бўлса керак?

Наим Каримов: Ҳа, Усмон Носир билан Қўқонда бир маҳаллада ўсиб, кейин Тошкентда ҳам унча-мунча кўришиб турган одамлардан бири Иброҳим ака деган кишини кўрганимизда Усмон Носир ҳақида ҳар хил саволлар берганмиз, у киши «Усмон Носир Магаданда ўлган. Мен ўз қўлим билан кўмганман», дегандилар. Кемеровога бориб иш билан танишганимда кўпгина айтиб келинган гаплар нотўғри эканлигига амин бўлдим. Албатта уларни кўриш осон бўлмади. Делоларни Тошкентга сўраттирганимизда беришмади. Кейин Москвадаги идоралардан алоҳида рухсат олиб Кемеровага борганмиз. Лагер жойлашган жойга фақат кунлар исигач, уч ой муддат ичида бориш мумкин экан. Бошқа пайтлар йўллар ёпилиб қолар экан қор билан. Биз Усмон Носир ва бошқа миллатдошларимизнинг қабрларини зиёрат қилганмиз, сўнгра Кемерово Ички Ишлар бўлими архивида Усмон Носир делоси билан танишганман. У ўша пайтда 10 мингдан ортиқ бетдан иборат бўлган экан. Бизга ёрдам берган Кемерово обкомининг котибаси «Сизлар яхшиси бу иш билан танишманглар. Усмон Носир ҳақида сизларда катта ҳурмат бор ҳозир. У жуда қийин шароитларда яшаган. Буларни ўрганишларинг сизлардаги кўтаринкиликни парчалаб ташлайди», деган. Лекин тадқиқотчи албатта ҳар бир нарсанинг тагига етиши керак. Мен ўша делолар қанчалик қийин бўлишига қарамасдан, Усмон Носирнинг туғилганидан бошлаб, қамоқхонадаги ҳаётини ойма-ой, ёки ҳеч бўлмаганда йилма-йил тиклашга ҳаракат қилганман ва ўшани китобларимда акс эттирганман.

Швециядан Доно: Қатағон этилганларнинг кўпчилиги рус-тузем мактабларида ўқишган, замонавий мактаб, санъат-маданиятни тарғиб қилишган. Баъзилари сургундан қайтиб келгач, барибир қатл этилган. Уларнинг қайси жиҳатлари Совет ҳукуматини бу қадар хавотирга солиб қўрқитган?

Наим Каримов: Энди қатағон этилганларнинг кўпчилиги рус-тузем мактабларида ўқиган, дейишимиз унчалик тўғри эмас. Чунки минглаб одамлар қатағон этилган, рус-тузем мактабларида эса саноқли одамларгина ўқишган. Албатта рус-тузем мактабида ўқиганларнинг маълум бир қисми ҳам қатағон этилган. Совет давлати маълум бир одамларни биринчи категорияга солиб, отиб ташлаган. Иккинчи категория бўйича ўн йилга қамаш мумкин эди. Учинчи тоифа беш йилга қамалган. Энди 1952 йилда биринчи тоифа бўйича отувга ҳукм қилинган. Иккинчи тоифа 25 йилга қамалган. 37 йилда ўн йилга қамалганларнинг бир қисми Москва-Волга канали, Беломор каналининг қурилишида иштирок этиб, яхши ишлаган бўлса, уларга имтиёз тарзида муддатидан олдин озодликка чиқарилган. Лекин озод бўлиб уйга келиши билан, яна қамоққа олинган. Бунинг сабаби шундаки, Совет давлати лагерларда одамларга нисбатан қанақа ваҳшиёна муносабати бўлганини яширишга уринган. Қамоққа олинганлар озод қилингандан сўнг улардан тилхат олинган: Бу ерда кўрган-билганларингни бирортасини айтадиган бўлсанг, сени яна қамоққа оламиз, деб. Шунинг учун улар қамоқдаги ҳаётларидан бир оғиз ҳам гап атмай ўлиб кетишган. Иккинчи сабаби, Совет давлатини зулмдан иборат давлат эканини, ўзини гарчи инсонпарвар давлат қилиб атаган бўлса ҳам, ғайриинсоний давлат эканини ўз кўзи билан кўрган. Шунинг учун улар бу ерга келганларидан сўнг Совет давлатини олқишлаб бир ишлар қила олмас эди. Фарзандларини Совет давлатига муҳаббат руҳида тарбиялаши қийин эди. Улар Совет давлатига нафрат билан қайтишган. Шу сабабли улар беш ой, уч ой, бир ой ичида яна бошқа айбловлар билан қамоққа олиниб, йўқ қилинган. Совет давлатида қатағон этилган одам ўзининг уйига қайтиб келиши керак эмас эди.

Олмония, Дасселдорф, Муродбек: Boymirza Hayit 1992 yil O’zbekistonga borganida bir oy o’tmay quvilgandi. Ammo boshqa Turkiston Legioni a’zolari, masalan Ergash Shermat, Ro’zi Nazar, Husan Ikrom va boshqalar izzat-hurmatda kutib olinib, ularga ko’p iltifotlar ko’rsatilgan edi. Bunga sabab nimaligini aytib berolmaysizmi? Umuman, nima uchun Turkiston Legionini boshqa O’rta Osiyo davlatlarida keng o’rganilyapti, ammo O’zbekistonda hali ham ilmiy o’rganilmagan tabu mavzular qatorida turibdi? Rahmat!

Наим Каримов: Туркистон Легиони тўғрисида балки Германия архивларида маълум бир материаллар бордир. Мен бир неча йил илгари Берлинда икки ой бўлиш имконига эга бўлдим. Шунда бу мавзу билан кетишимга яқин қизиқдим. Немис қизларидан бири ўша Туркистон Легионидаги одамлар тақдири билан шуғулланаётган экан. Ўшандан сўраб, у одамларга боғлиқ архив борлигини билган эдим. Бироқ бу архив немис тилида бўлгани ва мен немис тилини билмаганим учун танишишнинг имкон бўлмаган. Бизда бўлса, Туркистон Легионида қатнашганлардан танийдиганларим жудаям оз, бармоқ билан санагулик. Борлари ҳам паришонхотир бўлиб қолишган. Улар ўзларининг қандай қилиб Германияга асир тушгани ва Германияга ўтиб кетганини аниқ тушунтириб бера олмайди. Уларнинг гапларига қараб адабиётчилар ҳам, тарихчилар ҳам бирор нарсани ёзиши қийин. Ҳар ҳолда Туркистон Легионини архив ҳужжатлари асосида мукаммал ўргангандан кейингина бу ҳақда баҳо бериш ва уни чуқурроқ ўрганиш имконияти бўлади. Лекин Туркистон Легионида қатнашган одамлар бизнинг халқимиз фарзандлари, ватанимиз одамлари. Улар ўз ватанига қарши қандай жиноятлар қилган, мен буни билмадим. Бир хиллари албатта мажбур бўлган аъзо бўлгандан кейин асирга тушишга. Баъзи бирлари ўз ҳоҳишига кўра асирга тушгандир. Лекин уларнинг тақдири анчагина ўрганишни тақозо қилади. Афсуски бизда архивларни, хотираларни объектив кўриш имкони бўлмагани учун бу масала анчагина оқсоқланиб турибди. Қўшни Қозоғистон, Украина, Озарбайжонда Легионнинг аъзолари билан боғлиқ илмий ишлар, китоблар ёзилаётганидан хабарим бор. Балки бизнинг тарихчиларимиз ҳам яқин орада бу муҳим мавзуга мурожаат этсалар ажаб эмас.

Тошкентдан Ҳожиаҳмад: Домла, сизнинг Совет Иттифоқининг хунрезлиги ҳақидаги кўпгина илмий оммабоп китобларингиз мухлисиман. Айтингчи, собиқ СССРни фақат ёмон томонини эслашимиз қанчалик тўғри? Ахир биз шу тузумда катта бўлиб улғайдикку…

Наим Каримов: Албатта энди биз тенги одамлар ҳам, биздан катта ва кейинроқ туғилганлар ҳам Совет даврида туғилганмиз, совет мактабларида ўқиганмиз, ўша совет дарининг ижобий томонларини ўз тақдиримиздан ўтказганмиз. Совет тузумининг ҳамма қилган ишларини хато деб айтиш — бу бутунлай нотўғри бўлар эди. Совет давлатида яхши мактаб тизими, яхши олий таълим, яхши сиҳат-саломатлик тизими ишлаб чиқилган эди. Меҳнаткашларнинг дам олиши, сиҳат-саломатлигини тиклаши учун яхши имкониятлар яратилган эди. Бундан кўз юмиш манимча инсофдан эмас. Лекин биз кейинги пайтда Совет ҳукуматининг қатағон сиёсатига эътибор қаратганимиз сабаби — бу тўғрида илгари гапиришнинг иложи йўқ эди. Кейин биз Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларнинг фожеали тақдирини ўрганганимиздан кейин биз бундан шундай ларзага тушдикки, ҳали ҳам бу оғир таассуротдан чиқиб кетолганимиз йўқ.
Совет ҳукумати гарчан мактаблар очган бўлса ҳам, театр, музика, санъатнинг бошқа турларига катта эътибор бўлган бўлса ҳам, шу нарсаларнинг эгаси халқ деб турган пайтда унинг энг пешқадам вакилларини қиличдан ўтказса, буни қандай қилиб оқлаш мумкин энди?! Халқимизнинг энг улуғ фарзандларига қилган зулмларига ва шу зулмларнинг орқасида халқда, тингловчилар мени тўғри тушунишсин, мунофиқлашиш жараёни бошланган. Ўша пайтда рост гапни айтиш имкониятига эга бўлмаган. Одамлар ёмонни ҳам яхши дейишган мажбур. Халқда ҳадиксираш, мунофиқлашиш бошланган. Мана шуларни ҳисобга олиб биз Совет тузумининг қусурли, ёмон томонларига эътибор қаратганмизки, кошки мана шу нарсалар бундан кейин такрорланмаса. Мана шу тарихда содир бўлган ёмон воқеалардан, ёмон ишлардан доим сабоқ олиб турилса, деган мақсадда биз кўпинча ўша масалаларни тилга олиб келдик.

Туркиядан Абдуллоҳ: Ойбек домла ва у кишининг оилалари билан яқин мулоқотда бўлгансиз деб ўқиганман. Ойбек домланинг буюклиги нимада эди? Нега шундай буюк инсонни ҳамкасблари сиғдиришмади? у кишининг аёллари ҳақида ҳам гапирсангиз, раҳмат!

Наим Каримов: У киши Тошкентдаги камбағал оилалардан бирида дунёга келиб, мактабда, Навоий номидаги таълим-тарбия техникумида ўқиган. Ўша пайтда мамлакатга аниқ фанлардан мутахассислар керак эди. Биринчи навбатда Ўзбекистон республикасининг иқтисодий салоҳиятини кучайтиришга ёрдам берадиган одамлар керак эди. Шунинг учун Ойбек домла ўша пайтда Ўрта Осиё университетининг ижтимоий фанлар факультетининг сиёсий иқтисод бўлимига кирган. У маълум вақт мобайнида иқтисод билан шуғулланган, иқтисоддан дарс берган. Айни пайтда Ойбек қалбида адабиётга катта меҳр борлиги, Чўлпоннинг шогирди бўлгани, Абдулла Қодирий ва бошқа буюкларга қалбида катта меҳр балқиб тургани учун кейинчалик ҳаётини адабиётга бағишлади. Ойбек домланинг буюклиги шунда эдики, Қодирий ва Чўлпонлар қатағон этилган ва уларнинг асарларини ўқиш мумкин бўлмаган пайтда энди туғила бошлаган роман жанри ўлиши мумкин эди. Реалистик назр жанрлари, реалистик шеърият йўқолиши мумкин эди. Ойбек домла уларнинг йўқлигини билдирмаслик учун ўзи яхши шоир бўлишига қарамасдан, прозага ўтди. «Қутлуғ қон», «Навоий» романларини ёзиб, Қодирий, Чўлпонлар бошлаб берган жанрни янги чўққига кўтариб берди. Кейин Ойбек домла учун ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиш керак эди. Ойбек умрининг сўнгги 17 йилини хасталикда ўтказган. 1951 йили инсульт хасталигига дучор бўлганидан кейин, Ойбек домланинг тили аниқ гапира олмаган, қўли ёзолмаган. Шунга қарамасдан рафиқалари Қишлоқ хўжалиги институтида ишлайдиган Зарифа опа ишдан қайтгач, кечқурунлари диктовка қилиш орқали икки роман, достонлар, мақолаларни ёздики, бу ҳам Ойбек домланинг гражданлик жасорати, буюклигини белгилайдиган омиллардан бири эди. Бошқа одам бўлганда тўшакдан турмай ётиши мумкин эди бу ҳолатда. Шу билан бирга ўткинчи нарсаларни ёзмасдан, халқни етаклаши, катта маърифат бериши, жамият ҳаётига таъсир қилиши мумкин бўлган одамларни ўз асарларига бош қаҳрамон қилиб олди. Бу Алишер Навоий бўладиган бўлса, умрларининг охирларида Амир Темур ва Бобур тўғрисида ҳам асарларни хаёлида пишитиб юрган экан. Энди Ойбек домланинг рафиқалари Зарифа опанинг оталари Туркистон мухторияти тузилганда Саидносирбой Миржалилов унинг хазиначиси қилиб тайинланган. Ундан олдин Германияга ўқишга борган талабаларга стипендиялар юбориб кўмак берган. Кўп китобларни нашр этилишига ҳомийлик қилган тадбиркор, зиёли, олижаноб киши бўлган. Зарифа опа ота-онасидан ўрганган ўгитларини оиласига жорий этади. Зарифа опанинг оталари уч қизларига алоҳида дафтар тузиб, бутун етти авлоди ҳақида ёзиб қолдирган экан. Ойбек домла ўзининг ишқий лирикасининг энг дурдоналарини рафиқасига бағишлаб ёзган. Уч ўғил, бир қиз фарзанд кўришган. Афсуски, ҳозир фақат биттаси ҳаёт. Фарзанд, неваралари орасида кинорежиссёрлар, шарқшунослар, давлатнинг турли идораларида ишлаётган ажойиб инсонлар бор.
Энди одамзодда ҳасад деган бир ёмон иллат бор. Мана шу ҳасад кўпинча одамзодни шайтон измидан юришга мажбур этади. Ойбек домланинг даврасида у кишига ҳасад қиладиган шоир-ёзувчилар оз бўлмаган бўлса керак. Ойбек ўша пайтлар ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Фанлар Академиясининг гуманитар бўлими бошлиғи, академик, Сталин мукофоти соҳиби, СССР Олий Советининг депутати сингари бир қанча мартабаларга эришган. «Шарқ юлдузи», «Звезда востока» журналларининг муҳаррири, хуллас обрўси бошқа қаламкаш дўстларига нисбатан баланд эди. Энди ҳасадгўй дўстлар зимдан иш кўришади. НКВДнинг одамлари 30- йилларнинг қатағонида ҳам, 50-йилларнинг қатағонида ҳам мана шу ҳасадчилардан фойдаланишга ҳаракат қилишган. Улар бу қаламкашларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, «сани масалан Ойбекдан қаеринг кам, сен ҳам ундан зўр бўлишинг мумкин» каби гапларни айтган бўлиши шубҳасиз. Кейин Ёзувчилар уюшмасида НКВДга ёлланган бир қанча одамлар бўлган энди. Бир хиллари ўз ихтиёри билан қўшилган, бошқалари мажбур қилинган, қўрқитилган. Одамлардаги қўрқув ва ҳадик НКВД ва унга ўхшаган ташкилотларнинг қуроли бўлган. Хуллас, Ойбек домлага қарши кенг кўламли ҳуружлар бошланади. Ўша пайтда илк маротаба чиққан «Ўзбек совет поэзияси антологияси»деган китобда кириш сўз ёзиб, ўз ташаббуслари билан чоп эттиради, дарсликлар чиқаради. Шундай ибрат бўладиган ишлардан айб ахтариб топишади. «Навоий»романи Сталин мукофотини олган. Уни танқид қилиш мумкин эмас эди. НКВД бунинг учун Тожикистонда олимларни ёллаб романда тожик миллати нотўғри кўрсатилган, деб Ойбекка «миллатчи» деб туҳмат уюштирган. Тошкентда ҳам Ойбек домладан хато ахтарилган, мақолалар ёзилган. Мақсад Ойбекни ўлдириш ёки қатағон қилдириш бўлган. Ойбек домла уларнинг ниятига қарши тирик қолди, лекин соғлигини жиддий йўқотди. Овозсиз, қўли ҳаракатсиз қолди. Лукин шунга қарамасдан, ўша ҳасадчилардан кўра минг марта яхши ижод қолди, халқда порлоқ хотира қолдирди. Китобларини кўзга суриб ўқиймиз, ўзини авлиёдек ҳурмат билан тилга оламиз.

Канададан Уммон: Усмон Носир ва Шавкат Раҳмон шеърларини ўқиганимда бир-бирига руҳан яқинлик сезаман. Сизнинг бу ҳақдаги фикрларингизни билмоқчи эдим.

Наим Каримов: Бир қанча шоирлар борки, уларнинг қалбида бошқача бир туғён бўладиган бўлса, бу туғён уларнинг шеърларидан ёруғ нурга ўхшаб таралиб туради. Энди Усмон Носирнинг шеърияти бу туғёнли шеърият. Унинг шеърларида ўз даврига ва ундан олдинга ҳам нисбатан туғёнли кайфият бўртиб туради. Шавкат Раҳмоннинг шеъриятида бошқа оҳанглар ҳам бор. Лекин Шавкат Раҳмоннинг шаклланишида менинг назаримда испан шоири Гарсиа Лорканинг катта таъсири бор. Менимча ундаги туғён Усмон Носирдан кўра, Лоркадан ўтган туғёндир. Шавкат Раҳмон Лоркани шу қадар севиб қолган эдики, унинг шеърларидаги туғённи испан тилида қандай жаранглаганини тинглаш учун испан тилини ўрганган, уни юрагига сиғдиришга ҳаракат қилган. Энди бундай туғёнлар бошқа шоирларда ҳам масалан, Эркин Воҳидовнинг «Покистон» шеърида ҳам бор. Кимга Аллоҳ томонидан катта истеъдод берилган бўлса, унинг тагида туғённинг алангалари ётади. Бу одамзоднинг адолатсизликка, ҳақсизликка қарши унинг юрагида пайдо бўлган туғённинг табиий бир кўриниши. Шавкат Раҳмон балки Усмон Носирдан таъсирлангандир, балки Лоркадан, лекин бу туғён унинг ўз туғёни, ўзи яшаган тарихий шароит билан боғлиқ замин ҳисобланади.

Урумчидан Шариф Султоний: 20 аср адабиётига катта баҳо бергансиз. Тадқиқотларингизнинг асоси ҳам шу давр ҳақида. Ҳозирги адабиётнинг қайси асарларини бундан 100 йил кейин ҳам эсланади, деб ўйлайсиз. Ўзингиз нималар билан бандсиз?

Наим Каримов: Адабиётчилар Алишер Навоий яшаган 15-асрни ўзбек адабиётининг олтин даври, деб ҳисоблаймиз. Энди 20-асрда ўзбек адабиёти шундай катта кўтарилишларга, янгиланиш жараёнларига эришдики, катта асарлар яратилдики, шунинг учун биз ўзбек адабиётидаги иккинчи олтин аср- бу 20-аср адабиёти деб айта оламиз. Энди секин-аста 21- аср адабиёти ҳам бошланди. Баъзи асарлар бўладики, ўз даврида аниқ баҳосини олмайди. Масалан, Умар Ҳайёмнинг рубоийлари жуда кенг омманинг эътиборини тортган эмас. Бир қанча вақтлардан кейин улар жаҳон адабиётининг дурдоналари сифатида эътироф этилди. Мен масалан, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек юлдузи» асарини шундай буюк асарлар сирасига киритган бўлардим. Балки ҳозир ҳам шундай асарлар яратилаётгандир. Энди албатта 20 — асрда эришган ютуқларни 21 — асрда яшаётган қўлига қалам олган дўстларимиз, укаларимиз давом эттиришади. Мен ҳозир ўз асарлари билан яхши таассуротлар уйғотаётган дўстларимизнинг ижодларини кузатиб бораман. Энди ўзим анча ёшга бориб қолдим. Мўлжаллаган ишларим анчагина. 20 — асрда шундай буюк адиблар яшашдики, улар тўғрисида француз адабиётшуноси ва ёзувчиси Андре Маруа қанақа биографик асарлар ёзган бўлса, биз ҳам 20 — асрда яшаган ўзбек ёзувчилари тўғрисида мана шундай ҳаяжонга келтирадиган, ларзага соладиган биографик романлар ёзишимиз керак, деб орзу қиламан. Мен архивлар билан озми-кўпми ишлаб, шу йўлда қалам тебратишга ҳаракат қиляпман. Мана ҳозир Фитрат, Чўлпон асарларини тайёрлаяпмиз. Ҳар ҳолда, 20 — аср адабиёти тарихини, бу даврда яшаган улуғ ёзувчиларимизнинг улуғ меросини халққа тақдим этишда четда турмасам керак.

Би-би-си: Домла, мана ҳозир классик ва замонавий адабиётнинг кўп намуналарини интернетдан ўқиш мумкин. Китобхонлик интернет орқали давом этишига муносабатингиз қандай, у қанчалик самарали? Сиз ўзингиз ҳам интернетга мурожаат этасизми?

Наим Каримов: Афсуски, мен ёшим анчага етиб қолгани, кўзим ҳам хиралашиб қолгани учун вақтимни бошқа мақсадларда кўпроқ фойдаланаман. Интернетдан фойдаланиш керак бўлса, фарзандларим, хизматдошларим менга ёрдам кўрсатишади. Лекин ҳозир интернетдан ўзимизда эълон қилинмаган, бошқа мамлакатда чиққан китобларни топиб ўқишда фойдаланиш мумкин менинг назаримда. Ўзимизда бор китобларни интернет орқали ўқиш менимча адабиётнинг табиатини билмасликдан келиб чиқадиган ҳодиса бўлади. Китобни қўлга олиб, якка ўзингиз шу китобда баён этилаётган ҳодисаларнинг ич-ичига кирган одам сифатида ўқиганингизда унда бошқача бир таассуротга бериласиз энди. У китобдан бошқача бир руҳий озиқ оласиз. Бу ҳолатни интернет орқали ўқиганда манимча таъсири кўнгилдагидек бўлмаса керак.

Ўшдан Одилжон Маҳдумий: O’zbek adabiyotida birinchi romanchilik janriga asos solgan deb Mirmuhsin Shermuhammedovning «Befarzand Ochildiboy» romani e’tirof etiladimi yoki Abdulla Qodiriyning «O’tgan kunlari» romanimi?

Наим Каримов: Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийдан олдин Мирмуҳсин Шермуҳаммедовнинг «Бефарзанд Очилдибой» деган асари пайдо бўлган. Кейин Ҳамзанинг «Янги саодат» деган асари пайдо бўлган. Ҳамзаники албатта қўлёзма ҳолида қолган. «Бефарзанд Очилдибой» ҳам тугалланмаган, битта ёки иккита бобдан иборат бўлган кичкина бир асар энди. Ўша пайтда романни бошлаймиз, деб бошлашгану муаллифнинг кучи етмай қолган унга. Ҳамзанинг ҳам, Мирмуҳсин Шермуҳаммедовнинг ҳам кучи етмаган тугатишга. Шунинг учун улар роман деб аталадиган асарларнинг қаторига кўтарила олмади. Абдулла Қодирий улардан кейин бошлаган бўлса ҳам, бу энди том маънодаги роман жанрининг барча талабларига жавоб берадиган асар ёзган. У олинган мавзуси ва қаҳрамонлари жиҳатидан ҳам, роман ичидаги конфликтнинг муҳим бир ҳаётий заминга эгалиги билан ҳам ҳақли равишда романчиликка асос солган биринчи ўзбек романи сифатида тан олинган. Шу билан бирга унинг таъсирида қозоқ, туркман ва бошқа адабиётларда ҳам роман жанри пайдо бўлди. У асарларнинг муаллифлари Абдулла Қодирийни ўз устозлари деб санашган.

Одилжон Маҳдумий: O’zbek adabiyotida «O’tgan kunlar» romanidan keyin turadigan, ma’naviy merosimiz durdonalaridan bo’lgan Abdulhamid Cho’lponnig «Kecha va Kunduz» romanining «Kunduz» qismini topilishidan umid bormi?

Наим Каримов: Йўқ, ҳеч қанақа умид йўқ. «Кеча ва кундуз» романининг иккинчи китоби ёзиб тугаллангани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Мен Чўлпоннинг илгариги КГБ, ҳозирги Миллий Хавфсизлик архивида сақланган ҳужжатлари орасида битта нарсага эътибор қаратганман. Бу- тинтув пайтида олиб кетилган нарсаларнинг рўйхати. Мана шу ерда роман тугалланмаган қўлёзма, дейилган. «Кеча ва Кундуз»нинг биринчи китоби тугалланган қўлёзма сифатида нашриётга берилган. 1937 йилда Чўлпон ҳибсга олинганда у қўлёзмалар олиб кетилган. Кейин мен бунинг тақдири билан қизиқдим. Афсуски, кейин буни айтиб беришди, уруш йилларида КГБнинг хоналари жуда совуқ бўлгани учун жуда кўп китобларни ёқиш эвазига иситишган. Шунда айтишгандики, Чўлпоннинг иккинчи китоби қўлёзмаси ҳам печкаларга ўтин сифатида ёниб кетган бўлса керак, деб. Чунки биз архивларни ўрганиш жараёнида кўп илтимослар қилганмиз улар топиб беришолмаган. Шунинг учун ўша «ёқиб юборилган», деган тахмин ҳақиқатга кўпроқ мос келади.

Одилжон Маҳдумий: Jahon adabiyotining ulkan namoyandalaridan biri, odob namunalari va umuminsoniy qadriyatlar mohiyatini o’z asarlarida mohirona ochib bergan alloma Muslihiddin Sa’diy Sheroziy hazratlarining o’z taxalluslarini aynan «Sa’diy» deb tanlashida nimaga yoki kimga nisbat bergan?

Наим Каримов: Энди мен замонавий ўзбек адабиёти бўйича мутахассисман. Муслиҳиддин Саъдий эса форс адабиётининг буюк намояндаси. Форс адабиётининг намояндаси тўғрисида замонавий ўзбек адабиётининг мутахассиси бирор гап айтиши уятли бўлса керак. Мен унинг тахаллусини нима сабабдан, ким туфайли олгани тўғрисида фикр юритишим бу энди одобдан бўлмайди. Одам ўзини худди бошқа кўчага кириб қолгандек ҳис этиши мумкин. Шунинг учун дўстимиз бу савол билан Азиз Пўлатовичга ёки тожикистонлик форс адабиёти билан шуғулланаётган олимларга мурожаат этса, манимча ўринли бўлади.

Чимкентдан Рустам: Домла, сиз ўзбек адабиёти ва театри, шунингдек кино санъатидан яхши хабардорсиз. Саволим ўзбек киноси ҳақида. Нега хорижда, хусусан Россияда тан олинган «Паризод» каби филмлар Ўзбекистонда ўтказилган йиллик тақдимотда ҳатто эсланмай, «Энди дадам бўйдоқ» деган енгил кинолар йилнинг энг яхши киноси деб тан олинади. Бу ўзбек киноси учун ярашадими?

Наим Каримов: Ҳозир энди бир қанча танловлар, конкурслар бор, ҳар хил мукофотлар жорий этилган. Йилнинг энг яхши асари деб бир муассаса бир асарни кўрсатадиган бўлса, бошқа ижодий гуруҳ бошқа асарни кўрсатиши мумкин. «Энг яхши филми «, «Энг яхши спектакл» ва ҳоказолар буларнинг барчаси нисбий. Яъни маълум бир гуруҳнинг эстетик талабларига жавоб берадиган асарлар бўлади улар. Энди яна шундайки, яхши филмларни катта кинофестивалларга асрашади. Масалан, Канн, Вена, Оскар фестиваллари бор. Кичикроқ доираларда тан олинадиган асарларни «энг яхши» деб айтиш бу шунчаки нисбий баҳо.

Қўқондан Раҳимжон Раҳмат: Naim aka! Siz kabi zahmatkash adabiyotchi olim borligini bilmayman. Ham millat uchun foydali mehnat qilasiz. Sizga allaqachon akademik ilmiy darajasini berishlari kerak edi. Balki yuz yoshga kirganingizda yuqoridagilar buyuk olim ekanligingizni idrok qilishar. Bir o’zingiz bitta ilmiy institutga tengsiz. Savolim yo’q, tilagim bor. Naim aka, yuz yoshga kiring. Qadr-qimmatingizni biz bilamiz.

Наим Каримов: Раҳмат яхши гаплар, тилаклар учун.

Би-би-си: Мазмунли суҳбатингиз учун сизга ҳам катта раҳмат!

Наим Каримов: Энди мен берилган саволлардан хурсанд бўлдим. Ҳарҳолда ҳам собиқ Совет мамлакатида яшаётган, хорижда яшаётган ватандошларимиз, миллатдошларимиз ўзбек адабиёти билан, унинг тақдири, тарихи билан қизиқишар экан. Мана шу қизиқиш уларнинг Ўзбек ватанига бўлган қизиқиш ҳисобланади. Мен мана шу муҳаббатларини кўриб, сезиб ниҳоятда хурсанд бўлиб турибман. Улар қаерда яшаётган бўлсалар ўзбек адабиётини бундан кейин ҳам кузатиб, яхши асарлардан хурсанд бўлиб, пастроқ асарларни ўқиганларида кўнгиллари бузилмаслиги керак. Чунки адабиёт бу доим тўлқин. Адабиётимизда доим ана шу тўлқин кўтариб турадиган асарлар яратилсин. Бизнинг одамларимизга руҳий оламига озиқ берсин, ҳаётларини чароғон этишга ёрдам берадиган омил бўлсин.

Манбаъ: www.bbc.co.uk/uzbek/

(Tashriflar: umumiy 599, bugungi 1)

Izoh qoldiring